Туркия туркуми

buri15.“Бўзқуртлар”

1980 йилдан эътиборан дунё матбуоти “бўзқуртлар” ҳақида ёзади.

Бугунга қадар “бўзқуртлар”нинг кимлиги, мақсадлари, ташкилотлари кўпчиликни қизиқтиради. Кейинги пайтда бу савол Туркистон жумҳуриятларида ҳам ўртага чиқиб қолди. Дарҳақиқат, “бўзқуртлар” ким ва улар нима истайдилар?

Яқинда Туркияда таҳсил олаётган талабалар ёзги таътилни Ўзбекистонда ўтказиб, дорулфунунларига қайтдилар. Улар билан суҳбатлашсангиз, таътилда Миллий Хавфсизлик қўмитасига чақиришгани ва сўроққа тутишганини айтишди. Қизиғи шундаки, хоҳ Хоразмда бўлсин, хоҳ Намангонда, ҳамма жойда талабаларга уч савол берилган.

Биринчиси, Туркиядаги “бўзқуртлар”нинг фаолияти, иккинчиси эса Туркиядаги мусулмон ташкилотлари тўғрисида ва учинчиси ўзбекистонлик мухолифат вакиллари ҳақида.

Дарвоқе, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик идорасининг “бўзқуртлар”ни ўрганиши мўъжиза эмас, чунки Совет КГБси ҳам бу масалани доим кун тартибида тутган ва “бўзқуртлар” ҳаракати Ўрта Осиёга ёйилмаслиги чора-тадбирлаини олганди,

Хўш, Миллий Хавфсизлик диққат марказида турган “бўзқуртлар” кимлар? Ғарбда бу саволга жавоб беришар экан, дарров 1980 йилда Маҳмадали Ағжа деган туркнинг Рим Папасига қарши суиқасд ҳодисасини эслашади. Ҳалигача сири очилмаган бу воқеа дунёда “бўзқуртлар”ни суиқасдчилар, дея баҳолашга сабаб бўлмоқда.

Бўзқурт калима ўлароқ “оқ бўри” ва ёки биздаги маъноси билан “она бўри” демакдир. Ривоятларга кўра, турклар адашиб, қоялар орасида йўл тополмай, йўқолиб кетиш таҳликаси билан юзма-юз қолганда, бир она бўри, яъни бўзқурт дарадан чиқиш йўлини кўрсатган экан. Бу афсона “Эргунакондан чиқиш” деб номланади.

“Бўзқурт”лар ўзларини улкучилар ҳам дейдилар. “Улку” калимаси  “узоқ мақсад” ва ёки “ғоя” демакдир, яъни биздаги мафкура.

Туркчилик ҳаракатининг бобокалонларидан бири Ниҳол Отсиз 1947 йил 31-октябрда “Қизил олма” даргисида ёзган сўз бошида “Бир миллатнинг юритувчи қувватига “улку” дейилади. Жамиятдаги инсонларни бир-бирига боғлаган фақат илдиз бирлиги, манфаат ва эҳтиёж эмас, булар билан баробар ва айни пайтда улку ҳамдир,” деганди.

“Бўзқуртлар”нинг мафкураси туркчилик, Улуғ Туркистон, Турончилик ва қизил олма… Туркчилик – миллий устунлик ишончи, миллий анъаналарга садоқат, миллат ва Ватанга севги бўлса, Улуғ Туркистон ғояси – бобоюртга соғинч, бобоюртдагилар билан бирлашиш, бутунлашиш ва метин кучга айланиш истагидир. Турончилик эса, қайтадан Турон заминини дунёнинг қудратли марказига айлантириш, бутун туркларни бир бутун кўриш мақсади. Қизил олма ғояси бўлса, достонлардан олинган умид бўлиб, туркларнинг охир оқибатда буюк ва ягона давлат соҳибига айланиш, тўкинчилик, бахт-саодатда яшашларининг орзусидир.

Хўш, нега бугун “бўзқуртлар”дан, “лкучилардан қўрқишади? Гап шундаки, мафкураси бутун бўлган бир инсон мафкурасиз армиядан кучлидир. “Бўзқуртлар” миллат, Ватан масаласида ўлим билан юзма-юз чиқишга қўрқмаган жасоратли инсонлар деб билинади.

1980 йилда Туркияда коммунистик ҳаракат ривожланар экан, Ватан, миллат хавф остида, уни коммунизмдан қутқазайлик, деган шиор билан “бўзқуртлар” коммунистларга қарши майдонга чиқарилди. Бугунга келиб, ўша пайтнинг ёш коммунистлари бойларга, сўл қарашдаги куч соҳибларига айландилар. “Бўзқуртлар”ни ваҳший ва мафия ўлароқ кўрсатишда бу ҳам қандайдир рол ўйнаса керак.

“Ватан ва миллатни севганлар ҳамма жойда қувғинга учраганидек, “бўзқуртлар”нинг боши дарддан чиқмайди. Қаерда бир воқеа юз берса, албатта у ердан “бўзқурт” бармоғи изланади. Ота-боболаримиз айтганидек, “бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон”. Зотан, биз ҳам бўримиз,” дейишади улар.

Сиёсий майдонда “бўзқуртлар”, улкучилар Миллиятчи Ҳаракат партиясининг ёшлар жабҳаси ҳисобланади. Бугун Туркияда  “бўзқуртлар” ташкилоти ҳисобланмиш “Улку ўжоқлари” нинг бир миллиондан зиёд аъзоси бор. Ўзини “бўзқурт” ва улкучи ҳисоблаганлар эса йигирма миллионга яқин эканлиги айтилади.Бир шоир “Бу тупроқ учун, бу байроқ учун ўлайлик, лекин нега ўлганимизни билайлик,” деб ёзган бўлса, “бўзқуртлар” уни ўзгартириб “Бу тупроқ учун, бу байроқ учун ўлайлик, ўйлаб ўтирмайлик ва да билмайлик,” дейишади.

Туркистонда жадидлик ҳаракатининг асосчиларидан бири Мунаввар Қорининг ўринбосари профессор Заки Валиди Тўғон “Бўзқурт афсонаси” номли таҳлилий мақоласида уч манбадан сўз очади.

Биринчиси, араб тарихчиси Маъсудийдир. У “Бўзқурт турк миллатиинг тутами. Бу туркларни бошқа миллатлардан айирган миллий характернинг ифодасидир. Кушан императорлиги даврида от ва бўри қаҳрамоннинг сафдоши ҳисобланарди,” деб ёзади. Бу Мелоддан аввалги ҳодиса.

Иккинчи манба эса, Мелоддан кейин ўн биринчи асрда Самарқандда яшаган Суръён Метрополити Михаилдир. У урушларда отлиқ аскарлардан аввал йўл кўрсатувчи бўрилар юрганини қайд этади.

Учинчи манба “Ўғизнома”дир. Бу достонда,  сафарга чиқиларкан бўрининг заруратидан сўз юритилади.

Хуллас, “Бўзқуртлар” ким?” деган саволга  қисман жавоб топгандек бўлдик. Аммо бугунга келиб “бўзқуртлар” иккию балкида уч йўл орасида қолган. Бирилари туркчилик дейишса, бирилари исломчилик дейишади. Иккаласини бир каллага сиғдирайлик деганлар ҳам бор. Кимнинг айтгани бўлади? Бу саволнинг жавоби узоқ эмас, яқин келажакнинг кундалигида.(“Озодлик” радиоси, 1997 йил, Октябр).

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: