14.Эваралар эврилиши
Ассамблея мажлиси бошланмасдан олдин эрталаб қозоқсифат бир йигит ёнимизга келди. У Россиянинг Кузбас ўлкасида нашр этилган “Элим” деб номланган китоб билан бирга “Шорсча-Русча ва Русча-Шорсча луғат”ни тақдим этаркан “Биз Жанубий Сибирда яшаймиз,”- деди.
-1897 йилда, яъни бундан юз йил аввал Кемеровада 13 минг шорс яшар эди. Не афсуски, бир асрдан кейин ҳам бу рақам ўзгарган эмас. Бугун шундан ўн минг нафари шорс тилини ўз она тили дегани билан, фақат тўққиз юз ўн тўрт киши бу тилда эркин гаплаша олади. Қолганлар эса рус тилида гаплашадилар. Бизнинг на мактабимиз, на бирор маданият марказимиз бор,- дея ўкинди у.
Россияда яшаган шорсларнинг лидери Тодишчев тақдим этган “Элим” деб номланган китобнинг биринчи саҳифасида шорс алифбоси берилган. Товушлар айнан ўзбек тилидаги сасларнинг ўзи. Луғатни варақласангиз шорс тили ўзбек, қозоқ, қирғиз тилларидан териб олинган калималардан вужудга келган, деб ўйлайсиз. Аслида эса шорслар билан бир оиладанмиз. Фақат замон ва зулм бизни парчалагани, ўртамизда сунъий деворлар қургани учун бугун бир-биримизни танимас ҳолга келдик.
Кечки пайт Ёқутистондан келган, сочлари елкасига қадар тушган Ухан исмли йигит шеър ўқиркан, ҳамма ўрнидан туриб олқишлади. Чунки олис Сибир бағрида яшаган Ухан Истанбул, Боку, Самарқанд, Қашқар ва бошқа масканлар ҳақида соғинчу ҳасрат билан сўз юритарди. У ерларни ҳам ифтихор билан менинг Ватаним, Саха, яъни Ёқутистон ва умуман Олтой замин сизнинг Ватанингиз, дея ҳайқирарди.
Ассамблеянинг очилиш куни Америкадан келган икки кишига олқишлар билан сўз берилди. Улардан бири “Америка Қизил танлилар” жамиятининг раиси Франклин Чи бўлса, иккинчиси Америкада яшаган бир миллионли мелунжонларнинг лидери Бренд Кеннеди эди.
Франклин Чи ўз тарихлари ҳақида сўз юритаркан׃
-Олтой замин йиллар давомида қор, муз остида қолгач, боболаримиз Ёқутистон, Камчатка ва Аляска орқали океаннинг нариги соҳилларида Ватан қурдилар, лекин кейинчалик ана шу Ватанда беватан бўлдилар,-деди.
Бренд Кеннеди эса׃
-Оқ танли инсонлар Америкага оқим-оқим юриш бошлаганларида, Ўрта Ер денгизи соҳилларидан туркларни ишчи сифатида олиб келдилар. Биз ўша туркларнинг авлодимиз. Таниқли илм одамларидан тузилган қирқ беш кишилик ҳайъат нафақат тарихимизни, балки қонимиз, суягимизни ҳам таҳлил қилиб, бу иддаомизни исботлади,-деди.
Сўнгра америкалик ҳар икки лидернинг ўз ташкилотлари номидан Турк Ассамблеясига мурожаатлари ўқиб эшиттирилди. Улар Ассамблеяга аъзо бўлиб кирдилар.
Ассамблея иштирокчиларига назар солар эканман, ораларида мусулмонлар билан бирга, насронийлар, шаманлар, бутпарастлар ўтирганини ҳам кўраман. Лекин ҳеч қандай зиддият йўқ. Аксинча, дарин бир самимият мавжуд. Боболаримиз қон тортади дейдилар. Уларни бир миллатга мансуб бўлиш қони боғлаб, бир маданиятга оид ғурури дўстлик, қардошлик чашмасидан суғориб турарди.
Шу сабабдан ҳам Шарқий Туркистонда яшаган туркларнинг вакили Хитой ҳукумати уюштирган атом бомбаси синовларидан сўнгра туғилган мажруҳ болалар ва яқинда Уримчида ўз озодликларини истаган йигитларни музхоналарда музлатиб қўйилгани акс этган суратларни кўрсатганда, ҳамманинг кўзи бирдек ёшланди.
Кавказда яшаган нўғай халқи Бирлик жамияти регионал ижроқўми раиси Мурод Авезов нўғайларнинг аччиқ қисматидан сўз юритаркан, ҳамманинг вужудини титроқ босди. Қрим турклари лидери Мустафо Жемил ўғли “Биз мустақиллик истаймиз,” дер экан, ҳамма оёққа туриб олқишлади. Ҳа, булар бирбутунлик белгиларидир.
Ассамблея нафақат ҳис-ҳаяжон, нафақат дард-ҳасрат, балки айни пайтда жиддий тадбирлар ва қарорлар машваратига айланди.
Турк Халқлари Ассамблеясининг Измирдаги бу анжумани келажакнинг мақсад ва йўлини уч нуқтада бирлаштирди׃
Биринчидан, туркликни, тил, маданият, тарих анъаналарини яшатиш.
Иккинчидан, демократияни, қаерда, қайси бир мамлакатда бўлмасин инсон ҳақларига соҳиб бўлмоқ, барча демократик унсурларини яшатмоқ.
Учинчидан, эркин бозор экономикасини устивор этмоқ.
Илк мажлиси 1989 йилда Москвада, кейингиси Қозонда, учинчиси Чувашистонда ўтган Ассамблеянинг Тўртинчи Қурултойи якунида келаси йил, бешинчи маротаба Қримда тўпланилажаги келишиб олинди.
Бошқача айтганда, ажралиб кетган ака-укаларнинг эваралари дийдор кўришмоқдалар. (“Озодлик” радиоси, 6-сентябр, 1997 йил).
ЖМ.
Filed under: Turkiya turkumi |
Leave a Reply