Туркия туркуми

boymirzah12.Хайрли бўлсин

Туркиянинг Измир шаҳридаги қурултойига Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондан, шунингдек, Россия Федерациясидаги Татаристон, Бошқирдистон, Ёқутистон, хуллас, Юнонистоннинг Тракия бўлгасидан тортиб, бу томони Македония у томони Гагаузияга қадар, қаердаки турк халқлари яшасалар, уларнинг вакиллари таклиф этилган.
“Турк давлат ва жамоаларининг дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлиги” шиори остида ўтадиган бу қурултойга 1993 йилнинг 21 март куни Анталияда асос солинганди. Ўшанда Туркии Миллиятчи Халқ партияси ташаббуси билан бошланган бу ишдан кўзланган мақсад мухолифат аъзоларини бир жойга тўплаш, шунингдек Наврўз байрамини Туркияга олиб кириш эди.
Чунки Наврўз Туркияда нишонланмас ва курдларнинг байрами деб ҳисобланарди. Байрам нишонланадиган кун турли ғавғолар чиқиб, қон тўкилгани боис ҳукумат томонидан таъқиқланган.
1993 йилга келиб Наврўзни расман байрам қилиш ҳақида ваъда берган. Хусусан, Ўрта Осиё жумҳуриятларининг таъсирида икки йилдан бери Туркияда Наврўз илмий анжуманлар тарзида нишонланмоқда.
Дарвоқе, 1993 йилда Миллиятчи Ҳаракат партиясининг қурултойига ҳукумат соҳиб чиқди ҳамда мухолифат аъзоларининг ёнига расмий ҳайъатларни ҳам таклиф қилди.
Ўшанда Ўзбекистондан “Эрк” ва “Бирлик” вакиллари таклиф қилингани боис ҳукумат икки нафар депутат ва уч-тўрт ижодкорни юбориш билан чекланди.
Аммо бир йилдан кейин Туркия бу қурултойга мутлоқ расмий тус берди, яъни мухолифат аъзолари таклиф қилинмади. Табиийки, бу Ўрта Осиё жумҳуриятлари ҳукуматларининг талаблари асосида бўлди ва 1994 йилда президентлар Туркияга ўзлари билан катта ҳайъат келтирдилар. Ҳайъат аъзолари Измирга йўл олдилар. Президентлар Истанбулдаги учрашувдан кейин Қурултой очилишига келишлари керак эди. Лекин Борис Елциннинг даъвати билан Москвага кетдилар ва Қурултой “ҳавоси” бирданига ўзгарди. Пантуркизм бош кўтармоқда, деган Россия матбуоти ҳам нима бўлганига тушуна олмай қолди.
Туркия ҳукумати дарров бу анжумандан расмий қўлини тортди.
“ТуДеФ” -Турк давлат ва жамоалари дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик фонди тузилди, гўё бу иш жамоатчиликка ҳавола этилди, аммо назоратда эканлиги дарров маълум бўлди.
Ўрта Осиё жумҳуриятлари ва Озарбайжон мухолифат аъзоларининг бу йилги қурултойга қатнашиш истаклари турли баҳоналар билан рад этилди. Аммо истаги қатъийлар, ўз ҳисобларига бўлсада, Қурултойга келдилар. Бунга жавобан норозилик сифатида баъзи жумҳуриятлар ўз расмий ҳайъатлари сонини кескин қисқартирдилар. Боймирза Ҳайитни таклиф этишгани ҳам Тошкент томонга ёқмади:
-Бизга бегонанинг кераги йўқ. Биз ўз-ўзимизга болта урадиган даражада кучлимиз. Диктаторларимиз бор экан уларнинг болталари бошимизда тураверади. Унинг ёнида эса Оқпошшонинг болғаси… Бизнинг фожиамиз шуки, биз турклигимиздан ҳам зиёд диктаторларни севамиз,-деди Боймирза Ҳайит.
Қизиғи шундаки, Қурултойга келганларнинг кўпчилиги Россиядаги мухтор жумҳуриятлар ва турк жамоаларининг вакилларини ташкил этди. Улар матбуотга бераётган суҳбатларида нафақат Россия, балки Ўрта Осиёдаги демократия аҳволи, инсон ҳақлари манзараларини ҳам гапириб бермоқдалар.
Аммо бирор натижа бўлармикан? Ҳамма гап ана шунда.
Ўтган йили Қурултойда сўзга чиққанлар, бу Қурултой учун Россиядан узр сўраган каби маърўзалар қилишганди ва Қурултой самарали натижалар бермаган бўлсада, Россиянинг ҳушёрлигини орттирганди.
Кўрамиз, бу йилгисидан қандай натижа чиқаркан? Ҳар ҳолда хайрлиси бўлсин!(Би-би-си, 1995 йил, Сентябр).

ЖМ.

Leave a comment