Туркия туркуми

turkash11.Алпаслон

Туркиянинг пойтахти Анқарада бутун транспорт “ҳаёти” бир кунга тўхтади. Қалин қор ёғишига, изғиринга қарамай миллиондан зиёд одам марказдан Анқаранинг баланд тепалиги – Байроқ қалъага юрди. Ўнларча километр йўлларни тўлдирган бу инсонлар юм-юм йиғлар эдилар. Уларнинг сафларида мамлакатнинг барча сиёсий раҳбарларидан тортиб Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғистон, Туркманистон ва бошқа ўлкалардан келган тамсилчилар ҳам бор эди.

Улар нафақат Туркияда, балки турк дунёсида номи танилган инсонни дафн этиш маросимида қатнашмоқдалар. Туркияни кунлардир йиғлатган бу инсон ким эди?

1917 йилда Кипр, яъни Қиприсда туғилди: исми Ҳусайин, отасининг исми Файзуллоҳ. Кейинчалик муаллими уни Арслон деб атайди. Орадан замон кечиб, у оиласи билан Истанбулга кўчиб келганида, инглиз мустамлакаси бўлган Кипрда олган инглиз паспортини ўзгартирди. У энди Туркия фуқароси ва исми шарифи Алпаслон Туркаш эди.

1933 йилда ҳарбий мактабга ўқишга кирган Алпаслон орадан ўн йил ўтиб турк армияси майори бўлганди. Аммо 1944 йил 19 майда Туркия президенти Исмат Инону уни “Туркиядан ташқарида яшаётган туркларнинг озодлигини ўйлаган хаёлпараст турончи”, деб эълон қилди.

“Айбим Туронни орзу қилганим, Сталин зулми остида эзилаётган Турк жумҳуриятлари озод бўлишини истаганим ва ўз миллатимни севганим эди”. Бу унинг гапи. Уни суд қилишиб Истанбулда “Тобут” номини олган зиндонга ташлайдилар.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Олмаота, хуллас, қаерда турклар яшаса, ўша ерда сенинг одамларинг бор, дея исканжага соладилар. Шу зайл Алпаслон Туркаш Туркия тарихига қийнаб, тирноқлари сўкиб олинган инсон ўлароқ кирди.

У тирноқсиз яшади, лекин Туронсиз яшай олмаслигини очиқ айтди. Маҳкамалар унинг бўйнига бошқа айб қўя олмадилар. У яна ҳарбий хизматга қайтди. Америкада таҳсил олди. НАТО қўшинлари таркибида фаолият кўрсатди ва 1960 йилда Туркия унинг товуши билан уйғонди.

1960 йил 27 май куни ҳарбий хунта давлат тўнтариши қилди. Халққа мурожаатни ўқиш Алпаслон Туркашга топширилди.

Туркиянинг машҳур ёзувчиси Паёми Сафо “Қўрқмайлик, бу ишнинг ичида Туркаш бор,” деб ёзган ўшанда. Нима бўлса ҳам, Туркашнинг номи тарихга иккинчи маротаба хунтанинг полковники ўлароқ кечди. Аммо у бу “ном”дан безовта эди. Шу сабабдан харбий кийимини чиқариб, сиёсатга кирди ва ҳаётининг энг охириги кунларига қадар ҳарбий тўнтаришларга қарши эканлигини сўзлади.

Алпаслан Туркаш митингларда, анжуманларда “Туркистон озод бўлади” дер экан, уни хаёлпараст дер эдилар.

Алпаслан Туркаш “Турк дунёси бутунлашади” дер экан, уни миллатчи ва ирқчи дердилар.

У 30 йил давомида Туркия сиёсатининг энг олдинги қисмида турди. Партияси баъзан ҳукуматда экан, баъзан ҳукуматга кирмаган пайтларда ҳам у билан ҳисоб-китоб қилинарди, чунки турк ёшлари унинг орқасида эдилар.

1980 йилги ҳарбий тўнтаришда у ҳам айбланди ва сургун этилди, бироқ йўлидан қайтмади. Яна партиясини тиклади, курашида давом этди.

Энди уни “Бошбуғ” дейишарди. Бу бош қўмондон ва доҳий калималарининг мужассам англамидир. Партиянинг ишорати эса бўри эди. Бўри туркларнинг достонлар оша бугунга қадар етиб келган севгиси. Она бўри ҳақидаги ривоятларни ҳар биримиз эшитганмиз.

Бошбуғнинг орқасидагиларни бўзқуртлар дейишарди. Дунё бўзқуртлардан қўрқув ва таҳлика ила сўз очиб келди. Уларнинг номи жуда кўп қотилликлар, ижобий-салбий воқеаларга аралашди.

Шундай пайтлар бўлдики, дунёнинг қаерида, қандай бир воқеа бўлмасин, у ерда бўзқуртларнинг бармоқ изларини изладилар. Лекин бу ҳодисалар Турк-Ислом миллиятчилигини синдира олмади.

Совет Иттифоқи йиқилгач, Алпаслон Туркаш бутун Турк дунёсининг ватанпарварларини Анталияга чақирди. Бу анжуманга “Турк Дунёси Қурултойи” номи берилди. Қурултойнинг бешинчиси Истанбулда очилишидан уч кун олдин Алпаслан Туркашни бир миллиондан зиёд инсон елкасида кўтариб, абадиятга узатди, яъни ўлим маросими ҳам Қурултойга айланди.

Туркияда хоҳ сўл қанотда, хоҳ ўнг қанотда бўлмасин, барча партиялар, барча матбуот воситалари уни турк сиёсатининг Бош қўмондони, дея айтдилар ва ёздилар. Унинг партияси у қадар катта эмас эди. Лекин Туркиядаги барча йирик партияларнинг кўзга кўринган сиёсатчилари унинг партиясидан чиққан кадрлардир.

Балки шу сабабдан ҳам Туркиянинг 47 метер баландликка ўрнатилган байроғи ва унинг ёнида турк жумҳуриятларининг байроқлари ҳилпираб турган тепаликда Алпаслон Туркаш ёдгорлиги бунёд этишга, бу ерни Туркаш хиёбони деб аташга қарор берилди?

Тақдир тасодифи ила унинг хиёбони Анқарадаги Амир Темур хиёбони ила ёнма-ён бўлди. Тақдир тасодифи ила унинг байроғи Турк жумҳуриятлари байроқлари билан ёнма-ён.

Уни қаттиқўл ва якаҳоким раҳбар эди деганлар ҳам бор. Балки шундай ҳамдир? Чунки ўлгунича партиясининг бошида турган.

Қизиқ? Тарихда доим яккаҳокимлар ортидан кўз ёш тўкишган. Бу ниманинг аломати? Инсоннинг одамлар онгига соя ташлашими?

Ҳатто Туркашнинг ўлимига бардош бера олмай, ўз жонларига суиқасд қилганлар бўлди. Бу энди инсоннинг биз тушуна олмаган фитратидир.

Балки  адашаётгандирмиз? Бу балки 80 ёшида ҳам бир йигитдек, эрталаб Олмониядан қайтган, тушда мамлакатининг бир  бурчида қурултой ўтказган ва оқшом дўстининг тўйида келиннинг қўлига ҳадя узуги таққан ҳамда ўлганини ҳатто шофёри ҳам сезмай қолган бир бузқурт ортидан тўкилган кўз ёшларидир? Ким билсин? Баҳони келажак беради. (“Озодлик” радиоси, 8 Апрел,1997 йил).

ЖМ.

One Response

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: