9.Отсиз
Истанбулда бўлиб ўтган Ниҳол Отсизни хотирлаш анжуманида Афғонистон туркларининг лидери Абдурашид Дўстимга Ниҳол Отсиз унвони берилди.
Аввало Ниҳол Отсиз ҳақида. Отсиз 1905 йилда Истанбулда туғилиб, 1975 йилда шу шаҳарда оламдан ўтди. Туркиянинг улуғ шоири, ёзувчиси, публицисти ва жасоратли курашчиси Ниҳол Отсиз умрини турк бирлиги ғоясига бахш этди.
1934 йилдаёқ “Совет Иттифоқи мутлоқ парчаланади. Биз қардошларимиз билан бирлашамиз,” деган ва шу ғояни бот-бот такрорлаган Отсиз, Совет Иттифоқи билан Туркия муносабатларини бузишда ва Туркистон, турончилик ғоясини илгари суришда айбланиб, таъқиб этилди, қайта-қайта қамоққа солинди.
Аммо унинг шеърлари, асарлари қамоқ туйнуклари оша халққа етиб бораверди. Унинг саси маҳкамалар деворлари оша халқ қалбига йўл топди. Ўнлаб ёшлар Отсизнинг шеърларини ёдлаб, асарларидан илҳомланиб мингларга, миллионларга еттилар.
Отсизнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир каломи воқеага айланди. Бугун қамоқ муддатини ўтаб чиқса, эртага янги суд бошланарди. Шунга қарамай у “Ўрхун”, “Ўтикан” журналларини чиқарди, “Бузқуртларнинг ўлими”, “Бузқуртларнинг тирилиши” романларини ёзди. Бугун Отсиз Туркиядаги энг машҳур адиблардан бири, унинг 15 томлик асарлар тўплами нашр этилган.
“Тошкент тутдай тўкилиб, уйлар харобага, тўйлар аъзага, баҳор зимистонга айланган 1966 зилзиласида юрагимиз зардобга, кўзимиз қонга, фикримиз айрилиқ фиғонига тўлди” деб ҳайқирганди Отсиз.
Ўша кезлари бизга бобокалонларимизнинг набиралари, Туркистон авлодлари яшаётган Туркия эшиклари ёпиб қўйилган эди. Биз Туркия деган мамлакат борлигини билардигу лекин у ерда ҳам ота макони – Туркистон учун бўзлаётган қавмимиз борлигини билмасдик. Совет мафкураси бизни бегоналаштирган эди.
Бугун “Ўзбеклар турк эмас” деб аюҳаннос солаётган баъзи кимсалар, мустақил бўлган кунимизда Туркияга боғланамизми, дейдилар. Ваҳоланки, Туркияда яшаётганлар осмондан тушганлари йўқ. Бу заминга айнан Туркистондан келганлар ва буюк бир давлат қуриб, биз йўқотган номни сақлаб қолганлар. Улар ўз дардларига қоришиб қолмасдан, биз ҳаққимизда ҳам қайғурдилар.
Жумладан, Тошкент зилзиласи кунлари Ниҳол Отсиз дардимизни дунёга саслантирганди. Унинг ўша кунлари ёзилган мақоласида шундай сатрлар бор: ”Эй, турк эллари! Ўзбеклар, туркманлар, қорақалпоқлар, қирғизлар, қозоқлар, уйратлар, олтойлар! Эй, Шарқий туркистонликлар, уйғурлар, таранлар! Эй, озарбайжонлилар, каркуклилар, байр-бужоқлилар, қиприсликлар, ғарбий тракиялилар, болқонлилар, гагаузлар! Эй, қримлилар, бошқирдлар, мишерлар, татарлар! Сизнинг изтиробларингиз бизнинг изтиробларимиз! Сизнинг юртингиз бизнинг юртимиздир!”
Бу сатрларни ёзган адиб бобо юртининг озод бўлган кунларига жисмонан етиб келмаган бўлса-да, у фикран шу кунларни олдиндан кўрганди. Ҳар бир асарида Туркистон мутлоқ озод бўлажагини урғу ила таъкидлаган Ниҳол Отсиз Афғонистон турклари ҳам зулмдан, камситилишдан халос бўлажакларини башорат этганди.
Туркияда илк бор Ниҳол Отсиз халқаро унвони 51 жамият томонидан таъсис этилиши ва бу унвон Озарбайжон собиқ президенти Абулфайз Элчибей, Қиприс турклари лидери Рауф Тенгтош ва афғон турклари йўлбошчиси Абдурашид Дўстимга берилди.
Истанбулнинг Тақсим майдони Туркиянинг миллий марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда маданият вазирлигининг Отатурк саройи иншо этилган. Энг йирик анжуманлар ана шу саройда ўтказилади. Абдурашид Дўстимга берилган унвоннинг ёрлиғи Ниҳол Отсизнинг ўғли, профессор Буғра Отсизнинг қўлёзмаси билан ёзилган. Отатурк саройида ўқиб эшиттирилган ёрлиқ Абдурашид Дўстимнинг турк матбуотида эълон қилинган баёноти билан бошланади.
“Туркия менинг энг яқин дўстимдир”, дейилади бу баёнотда. “Туркия менга доим ёрдам қўлини чўзди. Энг оғир шароитларда Туркияни ёнимда кўрдим. Менинг фикримда Туркия каби буюк бир давлат қурмоқ ғояси яшайди. Зотан Шимолий Афғонистонда бу ишга киришдим ҳам…”
Ёрлиқда яна шундай сатрлар бор:”Генерал Дўстим йиллар давомида Афғонистонда учинчи синф фуқароси муомаласига маърўз қолиб ва боши эгик бўлган туркларни бирлаштира олган ўзига хос стратегик даҳо соҳибидир. Афғонистон Советлар томонидан ишғол этилишидан олдин туркларнинг эзилгани, хўрланганига қарши чиқароқ тоғларга йўл солган Дўстим Совет ишғолидан кейин қурилган янги ҳукуматда вазифа олди ва генерал даражасига қадар юксалди. Сўнгра бир армия қуриб, ўз халқининг шарафини ҳимоя қилишга отланди.
Бугун Афғонистонда сиёсий буҳрон давом этаркан, бутун дунёнинг кўзи Абдурашид Дўстимга қадалди. Кечаги душманлари ҳам мадад излаб унинг оёғига келдилар. Генерал Дўстим Туркистон авлодларининг бошларини тик тутишга ундаган ва бунинг устидан чиққан йўлбошчи сифатида тарихимизга кирди. Туркия турклари бугун Дўстим сиймосида Афғонистонда яшаётган Туркистон авлодларидан ғуруланмоқда,” дейилади ёрлиқ сўнгида.
Анжуманда камина бир ўзбек ўлароқ туркларнинг маънавий устозларидан ҳисобланмиш Ниҳол Отсиз ҳақидаги шеъримни ўқиб бердим׃
ОТСИЗ
Бу дунё кимларни кўрмади?
Бири отда, бирови отсиз.
Ким ўлди кимлари ўлмади,
Бири боқий, бирови отсиз.
Қанча фотиҳ, қанча султонлар,
Мот бўлмасдан қолдилар мотсиз.
Салаф салаф кечди карвонлар,
Йилдиримсиз, Темирсиз, зотсиз.
Шафқати йўқ номарддир дунё,
Ўз йўлига солади ётсиз.
Умр кечар, мисли бир рўё,
Ким уятли, кимдир уятсиз.
Милён-милён одамдан асли,
Айри яшаш азобдир, тотсиз.
Отлилардан яшади айри,
Ва ўлмади, шу боис Отсиз!
Хуллас, қиссадан ҳисса шулки, Отсизнинг каломи зулфиқори Турк дунёси бўйлаб кезиб юришга ҳақли.
Чунки унинг каломи зулфиқори минг-минг ёшларнинг шуурларида, қалбларида ўз ерини топсагина Туркистон мужодаласи давом этаётганини ҳис қилиш мумкин. (“Озодлик” радиоси, 1995 йил).
ЖМ.
Filed under: Turkiya turkumi |
Leave a Reply