Туркия туркуми

nesin8.Азиз Несин
Туркиянинг Коня шаҳри саросимада. Қўшимча полиция кучлари чақирилган, эҳтиёт чоралари кўрилган, ҳатто Анқара ҳам диққатини Коняга тикканди. Нега?

Бир “Китоб уйи”нинг даъвати билан машҳур ҳажвчи Азиз Несин шаҳарга келганди. Одатда ёзувчилар, таниқли кишилар келишса ўз-ўзидан байрам бошланади. Коняда, яъни диндору динсизни бағрига чорлаган мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси турган шаҳарда Азиз Несинга худосизсан, дея меҳмонлар эшиги ёпилди. Унга бирорта меҳмонхона жой бермади.

Жуссаси кичик, ёши саксондан ошган Азиз Несин ҳар куни бир воқеанинг ўртасида. Газетачи Уғур Мумчини ўлдиришганда мотам маросими куни миллион-миллион одам кўчаларга чиқди. “Бундай тантанани” ҳавас қиламан, деган Азиз Несин яна кун тартибига тушди.

Ҳатто “Мотам маросими яна ҳам татаналироқ бўлсин, дея ўлганимдан кейин жасадимни ёқиб юборинглар деган қарор олдим” деб ёнғинга керосин сепди.
Кейин жасадни ёқмоқдан воз кечди ва “Умумий қабристонлардан узоқда бўламан”, деб ўз ҳовлисидан қабр қаздириб қўйди.

Масала “қайнай-қайнай” Туркия Парламентида ҳам тортишилди.

“Худо йўқ, мен Аллоҳга ишонмайман,” деган Азиз Несин Сивас шаҳрига борганда, у ётган меҳмонхона ёндириб юборилди. Ўнлаб бегуноҳ инсонлар ёниб кетишди, у эса тирик қолди.

Истанбулга қайтиб келар экан, уни олқишлар билан кутиб олганлар ҳам сон-саноқсиз эди.

Азиз Несин эса “Бу халқнинг олтмиш фоизи аҳмоқдир,” дея хитоб қилади.

Яна у кун тартибида. Бу сафар судга беришди уни. Суд ёзувчини жазоламади.
Шундан кейин у телевизиорга чиқиб “Мен бу халқнинг олтмиш фоизи аҳмоқ, деганимда ҳақ эканман, акс ҳолда суд менга жазо берарди,” деди.

Қизиғи шундаки, Азиз Несиннинг бу гапи мақолга ўхшаб қолди. Икки киши тортишса, бас, орага унинг “гап”и тушади “Азизи Несин ҳақ, бизнинг олтмишимиз аҳмоқ,” дейдиган бўлишди.

Бу орада Азиз Несин Салмон Рушдининг китобини таржима қилдириб, чоп этажагини маълум қилиб, асабларни эговлашда давом этти.
Бизнесменлардан бири Азиз Несинни ўлдирган одамга катта миқдорда мукофот беражаги ҳақидаги хабар ёйилди. Ҳукумат Азиз Несинни қўриқлай бошлади. У эса “Мени деб қўриқчилар ўлишини истамайман,” деб қўримадан воз кечди.

Азиз Несин атеист-коммунистлигини ҳам ифтихор билан айтади.

У ўзи фонд очиб, бу ердаги маблағга ота-онасиз болаларни ўқитмоқда. Табиийки, уларга марксизм-ленинизмни ўргатмоқда.

Курдлар масаласида у доим ҳукумат билан мухолифатда эди. Ҳатто Шимолий Ироққа турк аскарлари киришидан безофталигини билдирганди.

Олмония Ташқи ишлар вазири, “Бизнинг қуролимизни Шимолий Ироқда ишлатманг”, дер экан, яна ўртага Азиз Несин чиқди “Нима қуролингизни ўзингизга қарши ишлатайликми, ёки сиз қурол билан бизни кишанламоқчимисиз?”, деди.

Доим Азиз Несиндан норози бўлиб юрган Туркия раҳбарлари бу сафар Азиз Несиннинг жасоратига қойил қолишганини яширишмади.

Дарвоқе, у ҳар куни ҳукуматни осмондан олиб ерга, ердан олиб осмонга уради. Ҳукуматнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзини назоратда тутади ва албатта нуқсонини кўрсатади. Бунга улгуриш учун саксон ёшли Азиз Несин уч соат ухлайди. Саҳар бешда туриб, боғда гулларга ишлов беради, жониворларга қарайди, чунки чорваси ҳам бор. Кейин ижодини бошлайди.

Дарвоқе, Конядаги воқеа ҳақида эди гап. Унга меҳмонхонасидан жой бермаган киши “Ҳотел ёниб кетишидан қўрқдим,” дея Сивас воқеаларига ишора қилди. Кейин эса шундай деди:

“Азиз Несин худосизлигини очиқ айтади. Орамизда эса художўй бўлиб кўринган қанча-қанча худосизлар бор. Улар Несинга нисбатан хавфлидирлар.”

Нима бўлганда ҳам Азиз Несин Туркия заминида турли қарашлар, турли тушунчалар, турли фикрлар борлигининг бир кўринишидир. (“Би-би-си”, 1995 йил).

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: