Туркия туркуми

savollar 6.Авроосиё хаёли

ЭКО иқтисодий ҳамкорлик давлатларидан келган вакиллар Истанбулда Авроосиё масалаларини муҳокама қилдилар. Маълумки,  Қозоғистон лидери Нурсултон Назарбоев томонидан илгари сурилган “Авроосиё Иттифоқи” ғояси билан Туркия президенти Сулаймон Демерал ўртага отган “Авроосиё бирлиги” орасида фарқ бор. Назарбоев сиёсий ҳамкорликни ҳам диққатда тутар экан, Демерал асосан иқтисодий бирлик тарафдори. Замонавий давлатчиликда сиёсат ва иқтисод параллел, айрилмас тушунчалардир.

Ўзбекистон Назарбоев ғоясига қўшилмади. Лекин Демерал томонидан 1994 йил Истанбулда ва 1995 йил Бишкекда илгари сурилган таклифни инкор этмади.

ЭКО иқтисодий ҳамкорлигининг мажлисида диққатлар Қозоғистон вакилларида эди. Улар иқтисодий жиҳатдан “Авроосиё бирлиги” яшаётганини айтдилар. Жумладан, Қозоғистонда уч юз ўн тўққизта турк фирмаси ишламоқда. Улар қирқта йирик лойиҳа атрофида фаолият кўрсатмоқдалар. Ҳозир қозоқ нефтини Туркия орқали Оврўпага олиб чиқиш вариантлари кўрилмоқда. Қозоқ ҳайътига  кўра, Россияни бу ҳамкорликдан четлаб қўйиш хавфлидир. Аксинча, у билан бирга ишламоқ керак.  Акс ҳолда Россия Қора денгиз ҳамкорлиги ташкилоти фаолияти йўлига тўсиқ бўлгани каби, ҳар қандай иттифоққа қарши чиқади ва регионда осойиш бузилади.

Лекин Авроосиё иттифоқини Туркия ва Қозоғистон муносабатлари билангина белгилаш ҳам хато тушунчадир.

Шунингдек, Авроосиё иттифоқи ғоясига Туркистон бирлигини қарши қўйиш ҳам мантиқсиздир. Авроосиё бўладими йўқми, Туркистон ғояси ўлмаслиги керак.

Дарвоқе, маданият, адабиёт, ижтимоий соҳаларда Тошкентда Туркистон ҳаракати қурултойи ўтказилди. Лекин буни Ислом Каримов тор мақсадда, Назарбоевнинг ташаббусига қарши ўтказгани ҳам сир эмас.  Ўзбекистон Истанбулдаги Авроосиё анжуманига вакил юбормагани ўзбек диктаторининг халқ билан эмас, ўз истаги билангина ҳисоблашишини кўрсатади.

Айни пайтда Истанбулда “Туркий жумҳуриятларнинг ижтимойи-иқтисодий муаммолари” мавзуидаги Симпозиум ҳам бўлди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Гагаузия, Қрим, Татаристон, Қибрис, Чувашистондан келган иқтисодчи-социолог олимлар, давлат арбоблари, сиёсатчилар, миллат вакиллари иштирок этдилар.

Турк дўстлик ҳамда Турк дунёси тадқиқотлари фондлари томонидан ўтказилган бу анжуманга қизиқиш  катта бўлди. Лекин яна Ўзбекистон, аниқроғи Ислом Каримов ўзини четга тортди.

Мазкур анжуманда Турк дунёси тадқиқотлари вақфи раиси, профессор Турон Ёзғон “Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон каби айри-айри давлатларни бирлаштирмоқ ва Ғарбий Туркистон дея эълон қилмоқ керак”, деган фикрни ўртага отди. У Туркистон қаврами қўлланимида Хитой сарҳадлари ичида қолган Шарқий Туркистон ва Афғонистонда бўлган Шимолий Туркистонни ҳам назарда тутганини айтди. У ана шу кенгликда ягона алифбо қўлланилиши зарур деркан, Озарбайжон Миллий мажлисининг аъзоси Собир Рустамхонли эса яқинда бўлиб ўтган сайловларда тасдиқланган Озарбайжон Конститутциясидаги ўзгаришларга тўхталди ва Озарбайжон тақдири Россия ва бошқа йирик мамлакат қўлига топшириб қўйилди, дунёнинг бу кучли давлатлари Озарбайжонга манфаат кўзи билан қарамоқдалар, холос, деди.

Рустамхонли янги Конститутцияга Озарбайжонни Туркий жумҳуриятлардан айирмоқ мақсадида ўзгартиришлар киритилгани ва бунда масъулият Ҳайдар Алиев гарданига тушажагини айтди. Бошқача айтганда кимдир олдинга юрайлик деса, кимдир аравани орқага тортмоқда.

Симпозиум дастурида Ўзбекистонлик собиқ давлат арбоби ва иқтисодчи олим Шукрулла Мирсаидов маърўза қилажаги қайд этилганди. Аммо симпозиумга раислик қилувчи – Анқара Ойдинлар Ўчоғи раиси, профессор Шобон Қоратош, Шукрулла Мирсаидовга мухолифатга мансублиги учун деган баҳонада мамлакатдан чиқиш визаси берилмаганини билдирди. У Мирсаидовнинг кучли иқтисодчи олим эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай муносабатидан хурсанд эмасмиз, деди.

Умумфактлар доирасига кирмай қолган ҳолатни тасаввур қилганда Авроосиё иттифоқи борасида яқин келажакда бир амалий нарсани кутиш мушкул.

Албатта, Ўзбекистондан ташқарида умумбирликка интилиш бўлаверади. Лекин Ислом Каримов тахтда турган муддатда Туркистон ғояси ёки Авроосиё иттифоқи хомхаёл сифатида қолаверади. Ўзбекистоннинг бундай вазияти бошқаларга ҳам таъсир қилади ва кўпчилик ўз томорқаси томон бурилиб кетиши ҳам мумкин.(“Би-би-си” радиоси, 1995 йил, Феврал).

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: