Биз томонларда туғилиб, узоқ йиллар давомида шўролар юртида яшаган ва сўнгра Туркияга келган ёзувчи Яшар Пошшо ўз қавмининг мирзосидир.
-Саккиз йил аввал Москвада қўлимга тасодифан Истанбулда чоп этиладиган “Ҳуррият” газетасининг бир сони тушди, дейди Яшар Пошшо.-Мен бу газетани ташналик билан бошидан охирига қадар ўқиб чиқдим. Газета номининг остида Отатуркнинг “Туркия туркларникидир” деган сўзлари ёзилганди. Бу оловли сўзлар қалбимни жунбушга келтирди. Ватан соғинчи билан ёна бошладим.
Агар ҳаётим давомида бир марта бўлсада Туркияга борсам, дунёнинг энг бахтли инсони менман ва бу заминдан такрор қайтмайман, деб уйлардим. Оталаримнинг киндик қони оққан ва мен учун дарвозалари ёпиб қўйилган бу Ватаннинг орзуси билан ухлаб уйғонардим. Бу туйғуларимни “Шарафсиз дунё” номли романимнинг қаҳрамонига ҳам айнан сингдирганман.
Китоб гўзал услубда ёзилган. Роман қаҳрамони худудсиз саҳрода бир томчи сув учун чирпинар экан хаёлидан Истанбулга етиб бориш умиди нари кетмайди. У сувсизликдан лаблари қақраб йиқиларкан, хаёлида Истанбул тайёрагоҳини кўради. Жажжи бир гўдак онаизорини бўзлагани каби қаҳрамон она заминнинг ҳидини олмоқ учун энтикади.
Сўнг эса ҳолсиз бўлсада оёққа қалқиб мовий осмонга термулади, гўё Босфор бўғози устида учган оққушларни тамоша қилаётгандек юзларига қон тепади ва бу руҳ унинг ташналиги, очлигидан устун келади.
-Қаҳрамонимнинг бу ҳолати билан яшаган ярим миллиондан зиёд месхет турклари бор эдию-дейди муаллиф.- Қайта қуриш даврининг бошларида Совет Иттифоқининг “консерва қуттиси” очилган пайтдан эътиборан жуда кўп халқлар чўкаётган кемадан қочгандек, ўзларининг миллий жумҳуриятларига йўл солдилар. Илк ўлароқ келажакдан умидларини кесганлар – ўз ўлкаларига равона бўлганлар яҳудийлар ва олмонлар эди.
Юзлаб месхет турк оилалари Москвадаги Туркия элчихонасига етиб бормоқ учун давлатнинг не-не эшикларига бош суқмадилар. Саккиз йил овораю сарсонгарчиликдан кейин икки юздан зиёд оила расмий йўл билан Туркиянинг Иғдир вилоятига етиб келди. Яна шунча оила эса ғайри расмий йўллар билан Бурса вилоятига жойлашди.
Адиб уларнинг вазияти яхши эмаслигини айтади ва турк мулозимларидан шикоят қилади׃
-Анқарада бир маъмурнинг менга айтганларини ҳеч унута олмайман. У Совет Иттифоқида 60 миллион атрофида турк борлигини ва Туркия уларга қучоқ очган тақдирда яна икки ҳиссага кенгайиши кераклигини айтиб, киноя билан “Туркия балон эмаски, уни чўзсак ва шиширсак,” деганди.
У қозоқлар, ўзбеклар, қирғизлар ва бошқа турк қавмлари бизнинг қардошларимиздир. Аммо қозоқларнинг она ватанлари бор, ўзбекларнинг Ўзбекистони, қирғизларнинг Қирғизистони мавжуд ва бунинг билан улар ҳақли равишда фахрлансалар арзийди. Бизнинг эса боболаримиз Туркия заминида ётибдилар. Биз ҳам бобо заминда нафас олишни истаганимиз учун бу ерга келдик. Дарвоқе, бу заминдан ўз ихтиёримиз билан кетганимиз йўқ, дейди.
Месхет туркларини Туркияда Аҳиска турклари дейишади. Уларнинг ким деб аташларининг фарқи йўқ, охир оқибатда туркдирлар.
Месхет турклари ўз илдизларида уч маротаба айрилганлар.
Илк бор 1829 йилда Чор Россиясининг Усмонли Туркиясидан Аҳиска, Месхет волиятини тортиб олиши туфайли улар Ватандан айро тушганлар.
Иккинчи маротабасида 1944 йил Сталиннинг фармони билан 124 минг месхет турки Калашников автоматининг қундоқлари остида 24 соат ичида Ўрта Осиё жумҳуриятларига кўчирилганини биламиз. Қаҳратон қиш кунларида ярим очиқ вагонларда совуқдан музлаб қолганлар, очликдан ўлганлар сони 16 минг нафарга етганди. Қолганларига ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар қучоқ очдилар.
Учинчи маротаба-1989 йилда Москванинг КГБси месхет турклари ва ўзбеклар орасига олов ташлади. Буни уларнинг ўзлари ҳам эътироф этадилар. Ўшанда юз мингга яқин месхет турки Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Украинага кўчиб кетди.
Хуллас, улар уч марта ҳам рус ўйинларининг қурбони бўлдилар.
Улар Ватандан айро тушгандан буён узоқ йиллар давомида сарсон-саргардон яшаган ва яшаётган сулолаларнинг давомидир.
Айниқса, қонунсизлик ва миллатчилик авж олган Россияда улар яшаб бўлмас шароитдалар.
Бу инсонлар ўқиш, ёзишни биладилар. Ораларида тажрибали докторлар, муҳандислар, ёзувчи ва санъаткорлари бор. Лекин улар ватансиз. Ваҳоланки, ҳар бир инсоннинг ўз азалий юртида яшашга ҳаққи бор.
Яшар пошо каби адибларга қулоқ тутсангиз улар׃
-Биз ана шу оддий ҳаққимиз берилишини, ҳеч бўлмаса бугунги Туркияда кўп қатори меҳнат қила олишни, шу кеча кундузда мактабларга олинмаётган болаларимизни ўқитишни истаймиз,-дейишади.
Асрларнинг қора ўйинлари месхет туркларини ана шу аҳволга туширди. Хуш, бизчи, биз нега ватандан, ўзимиз туғилиб ўсган заминдан айро тушмоқдамиз? (“Озодлик радиоси”, 1995 йил, октябр).
ЖМ.
Filed under: Turkiya turkumi |
Leave a Reply