Бошқа дунё

mehmon 12.Машина савдоси

“Биринчи машинам” бўлимида “Ҳундай” (Hyundai) воқеасига келиб қолгандик. Давом этамиз.

Бундай машиналарни Америкада сотадиган диллершип янги очилгани учун кредит тарихи(харид ва тўлов тарихи)га қарамасдан  қарзга берди. Икки йилга фойиздан озод ҳам қилишди.

Қарзга олдик… қани энди уйқу келса? Энг ёмон кўрганим қарздор бўлиш. Бунинг устига уни майдалаб тўлагунча қиймати қирқта қирдан ошиб кетади. Фойиз оладида. Шунинг учун “Емаймиз, ичмаймиз, қарздан қутуламиз” шиорини ишга солдим. Қисқа вақтда машина ўзимизники бўлди қолди.

Лекин олти кишилик оила битта машина билан  ҳеч нарсага улгурмас экан. Биз турган жойда автобуслар юрмайди. Автобус юрадиган йўлга қадар 2-3 километр. Умуман Америкада топган пулингизнинг анчагина қисмини машина “ейди”. Суғуртаси ҳам “фалакда”. Марказий шаҳарларда жамоат транспорти бор. Аммо  шароит яхши эмас.  Шароити тузукроқ жойга бордингизми, машинангиз бўлмаса ҳаёт йўқ. Бир умр машинага пул тўлайсиз.

Бир кун биз ижарада турган уйнинг соҳиби ўзи машина тузатадиган корхонада “Волга”га ўхшаган “Крайслер”(Crysler, New Yorker, Limited edition)ни сотмоқчи эканини айтиб қолди. Бордик. Жуда гўзал машина экан.  Ҳамма жойи темирдан. Бақувват. Миниб кўрдик. Худди Каспий денгизида сузадиган паром каби юмшоқ юради ва товуши эшитилмайди. Лекин олти цилиндрли бўлгани учун бензинни кўпроқ ер экан.

Савдолашиб-савдолашиб уч мингга олдик. Кўп минилмаган. Яхши машина чиқди. Роса “қувдик”. Худди отга ўхшарди. Турган жойидан сакраб кетган каби ҳаракат қиларди.

Кейинчалик ҳам бу машинани ҳеч сотгим келмади. Оламдан ўтган бир дўстимнинг ўғли келганда унга ҳадя қилиб, бериб юбордим, бошқа штатга миниб кетди…

Радиода доимий ишга қабул қилинганимдан кейин янги машина олиш зарурати туғилди. Уйдан радиогача 50 километр. Саҳар соат тўртда туриб, ишга бориш керак. Қиш кунлари эски машинага “ишониб” бўлмайди. Диллершипларни айландим. Тўрт цилиндрли машиналарни минсам, худди тракторга ўхшаган овоз чиқаргандек туюлаверди. Ўшанда олдинги машина эгасининг бир гапини эсладим:

-Бир марта олти ёки саккиз цилиндрли машина миндингизми, тамом тўртталигини унутасиз,-деганди у.

Ўша кезлари Америкада “Тойота”нинг “Кемри” (Camry) маркали машинаси оғизга тушганди. Бориб гаплашиб кўрсам,  олти цилиндрлиси 27 минг доллар турар экан.

Қишлоғимиздаги Ёдгор бобонинг савдолашиши ёдимга тушди. Бозорда уни кўриб қолиб, “Телпак олиб беринг” десак, 75 сўмлик  нарсани “20 сўмга бер” деб бошлаганди гапни. Мен бунча пасайтиришга ўзимда куч топмадим.

-21 мингга берсанг оламан,-дедим.

Нега 21 минг дедим ўзим ҳам билмайман. Сотувчи у деди, бу деди, лекин айтганимда туриб олдим. Ниҳоят қоғозларни тўлдирди, у ёққа борди, бу ёққа келди, у билан гаплашди, бу билан гаплашди. Рози бўлмади.

-25 минг, охирги нарх шу,-деди.

Бунча пулни қандай тўлайман? Ваҳимаси ҳам бор. Радиодан маош олаётганим билан уйга ҳам кўз тикканман. Умр йўлдошим ҳам ишламоқда. Лекин харажатларимиз ҳам кўп.

Хуллас׃

-Берсанг шу, бермасанг берма,- деб туриб олдим. Бермади. Диллершипдан чиқиб кетаётган эдим, бошлиғи чақириб қолди.

-Қаёққа кетаясан?-деди у.

-Тайсон Корнер (Tyson Corner)га, у ердаги “Тойота” арзонроқ бераман, деб айтганди.

-Арзонроғи қанча экан?

-21 минг…

-Бўлмаган гап, у ерда менинг бир одамим ишлайди, керак бўлса ҳозир телефон қилиб билиб оламиз…

Индамай кетавердим, у орқадан келиб׃

-Майли, сенга бераман шу машинани,- деб қолди.

Молия бўлимига олиб кириб, бир пачка қоғозларга қўл қўйдириб, машинанинг ёғларини ювиб-ялтиратиб, бизни миндириб жўнатди.

Уйга келиб, қоғозларни бирма-бир қарасам машинанинг нархи 27 минг долларга етибди. Жаҳлим чиқиб кетди. Қандай қилиб ўқимасдан қўл қўйдим?

Дарҳол орқага қайтиб келдимда, “Машина ўзингга буюрсин” дегандек ҳалиги одамнинг олдига калитларни ташладим.

У одам диллершипнинг энг каттаси экан, атрофига ўринбосарлари тўпланишди.

-Нима гап?- деди у.

-Биз қанчага келишган эдик?-дедим мен.

-21 минг,- деди у.

-Ҳа, 21 минг, ҳамма нарсаси ичида, дегандим.

-Тўғри,-деди у.

-Лекин бу нима?

У қоғозларни қараб чиқди-да:

-Солиқни ҳам сенга ёзиб юборибди. Бу нотўғри. Солиқни мен тўламоқчи эдим. Мана бу нарсаларни эса ўзинг олгансан. Мана қўл қўйибсан. Булар турли суғурталар, буни молия бўлими ўзи сотади,-деди.

Мен унга қоғозларни ўқимаганимни ва ўқишга фурсат ҳам беришмаганини айтдим. У  молия бўлимига бошлаб борди. У ердаги ҳисобчини озгина койиди. У қоғозларни йиртиб ташладида, ҳаммасини қайтадан ёзишга бошлади. Бу орада бошлиқ қайтиб келиб:

-Эртага машинани олиб кел, бепул сигнализция қўйиб бераман, мендан ҳадя,-деди.

Раҳмат айтдим. Тушундимки, улардан ҳам хато ўтган. Кейин уйга келиб қарасам, ўша сигнализация деган нарсаси 500 доллар турар экан.

Лекин у шу 500 доллар билан менинг диққатимни ҳам сотиб олган экан. Калламда доим “Шулар яхши одам” деган фикр айланаверди. Ҳаммага уларни мақтардим. Ўзим ҳам улардан болалар учун яна  учта машина олдим. Биттаси “Матрикс” (Матрих) ва иккитаси “Королла (Corolla). Лекин бу машиналарни олганда ҳам маҳкам савдолашдим.

Ҳар биридан ёзиб қўйилган нархидан 3-4 минг доллардан тушириб беришган. Савдолашиш керак. Пул сизники. Истасангиз оласиз, истамасангиз бошқа жойдан оласиз.

“Матрикс”ни иккинчи қизим учун олгандим. У ҳам касалхонада ишлаб, ҳам тиббиёт олийгоҳида ўқиётган эди. Роҳилахон билан бориб, машинани савдо қилдик. Мен ўзим қўйган нархдан тепага чиқмай туравердим. Сотувчи машинани ҳам бермайди, бизни кетишга ҳам қўймайди. Охири, ялина бошлади׃

-Ҳеч бўлмаса бир доллар қўшгин, мен сенга бир йиллик сервисни бепул қилиб бераман,-деди.

-Бир доллар эмас, икки доллар қўшаман, лекин бунинг нима қизиғи бор, сен ахир ўрнига қарийб минг долларлик хизматни бепулга бермоқчисан,-дедим.

Сабабини айтмади. Кейин билсам уларнинг ички мусобақаси бор экан. Биз ўша мусобақанинг охирги куни борибмиз ва бу диллершип кўп сотишда сал орқада қолаётган экан. Агар ютиб чиқса, заводнинг бир миллион долларлик мукофотини оларкан. Лекин машинани арзонга сотмаслиги керак. “Бир доллар қўш” деб  ялингани шундан экан. Сервис эса ўзларининг бизнеси. Истаганича бериши мумкин.

Дарвоқе, таътил учун машина олганим ҳам қизиқ бўлган. Ҳар ёзда болаларни олиб, Флоридага боришга қарор қилдик. У томонда океан ҳам бошқача. Қолаверса, дунёнинг замонавий мўъжизаси “Дисней Ворлд” (Disney World) боғлари, ўйингоҳлари, парклари бор. Биздан 14-15 соатлик йўл. Аммо бир нечамизда ҳайдовчи гувоҳномаси бўлгани учун доим ўн-ўн икки соатда етиб оламиз.

Хуллас, ўшанда етти киши минадиган минибус сотиб олмоқчи бўлдим. Бир жойга борсам,  бир йилгина минилган “Форд-Виндстар” (Ford-Windstar) маркали машинани 14 минг долларга сотаётганини кўриб қолдик. Янгиси 30 минг атрофида. Аммо бу ундан қолишмайди. Янги машиналар сотиладиган жойда турибди. Демак, кимдир алмаштирган. Ёнига бориб, атрофини айланиб турсак бир йигит келди. Гаплашдик. Афғонистонлик экан. Машинани мақтай бошлади. Шунақа мақтардики, топган сўзларига ҳайрон қолардингиз.

-Шунча фойда келтирадиган бўлса ўзинг сотиб олмайсанми,-дедим ҳазиллашиб унга.

У жилмайдида׃

-Мен бу ерда сотганимдан ҳақ олиб ишлайман, Афанди ҳам молини мақтайди,-деди.

Гапимиз Насриддин Афандига ўтиб кетди. Анча гаплашдик ва мен ҳам ишни афандичасига қилиб, нархни қоқ белидан кесдим.

-Мана чек, хўп десанг ҳозир ёзиб бераман ва олиб кетаман машинани,-дедим.

У кўнмади ва ҳатто 13 мингга ҳам беролмаслигини айтди. Бошлиғи қўйган нархидан тушмайдиган одам экан. Бўлмаса бўлмасин, деб қайтаётгандик, афғон йигит׃

-Сиз учун бошлиғим билан гаплашдим, беш юз тушаркан,  сизга катта ёрдам қилдим,-деб бир нарсаларни айта бошлади.

Шу пайт ташқаридан бўйинларига қаторлаштириб олтин занжирлар осиб олган бир қора танли бойвачча келиб қолди. Бу уларнинг асл бошлиғи экан. Билмай унинг йўлини тўсиб турган эканман.

-Нима гап?-деди афғон йигитга. У эгилиб-букилиб бўлган воқеани айтиб берди.

-Бунақа харидорлар билан гаплашма, улар барибир олишмайди, оладиган одам маълум бўлади,-деди у.

Унинг бундай муомаласи мутлоқ кутилмаган ҳол эди. Жаҳлим чиқди׃

-Ундай дема!-дедимда эшик томонга қадам ташладим.

-Нима дейишим керак, окоси! Ҳозир айтган нархингга берсам ҳам олмайсан, бекорга вақтимни ўлдирма!-деди у гап оҳангини юмшатмай.

-Нега олмас эканман? Сен қаёқдан биласан!

Қора танли савдогарнинг жаҳли чиқа бошлади׃

-Ол, бердим! -деди.

Шартта чўнтагимдан чекни чиқардимда ёза бошладим.

-Ҳей… ҳей..,-деб қолди у. Қарасам қизариб кетибди, атрофда ҳамманинг кўзи унда. Камида ўн-ўн беш киши бизни кузатиб турган экан. Сўзидан қайтолмади.

-Пулни мен олмайман, бухгалтерия олади,-деди-да, бироз узоқлашди.

Кейин орқага қайтиб қўлини узатдида׃

-Аммо мени ёмон туширдинг, ҳалолинг бўлсин,-деди.

Ҳақиқатдан ҳалол бўлди. Яхши машина чиқди. Американи роса айландик у машинада. Беш йил миниб, саккиз минг нарх қўйиб, кейин ўзимга ўхшаган савдо қиладиган биттасига “Ҳалол бўлсин” деб тўрт мингга бериб юбордим.

Ниҳоят, узоқ вақт миниладиган машина олмоқчи бўлдим. Суриштирсам, “Мерседeс Бенс” (Mersedes Benz) ва “БМВ” (BMW)нинг спорт (SUV-sport utility car) машиналари ишончли ва узоқ “яшайдиган” ҳисобланаркан.

Жияним машина мутахассиси. У:

-“БМВ” ёшлар учун яхши. Қувиб юриб минадиган машина. Сизга эса ҳайдаганда қувсангиз ҳамма ажабланиб қарайдиган  “Мерседес” керак,-деди.

-Нега ҳамма ажабланади?

-Чунки бунақа машинани ўзини босиб олган одамлар минади. Қоидаларни бузмай, вазбинлик билан миниладиган машина. Кексайган пайтда полициянинг қўлига тушиб, жарима тўлаб юриш кайфиятни бузади…

Хуллас, унинг фалсафаси маъқул келди. Лекин машина қиммат экан.

-Бунинг пулига бошқасидан иккита берадику?-дедим.

-Кексалик гаштини сурмоқчи бўлсангиз олаверинг, узоққа борсангиз белни оғритмайди, ҳайдаб чарчамайсиз, аксинча ҳузур қиласиз. Кейин бу машинани анча вақт минишингиз мумкин.

Дарвоқе, худди шундай гапни бундан ўн йил олдин АҚШда яшайдиган Рўзи Назар деган одамдан ҳам эшитган эдим. Унинг  “Мерседеси” бўлиб:

-Буни минаётганимга 20 йилдан ошди, ҳали яна шунча минаман,-деганди.

Бу машина четдан олиб келингани учунми, диллершипи ҳар қадамда йўқ. Биттасиини топиб бордим. Нархлар интернетда кўрганимдан ҳам тепада. Унча-бунча одам ҳам кирмас экан. Салон жуда чиройли қилиб безатилган ва сотувчилар худди президентлардек кийиниб олишган. Бизни кўришлари билан ёнимизга келишди. Шунда спорт кийимида келганимга уялиб қолдим. Улар бунга парво ҳам қилмай, қўярда-қўймай тўрга ўтқазиб, нима ичишимни сўраб-суриштириб, кейин машинадан гап очишди.

“Мерседес” билан “БМВ” савдо бозорида кучли рақобат кетаётганини Интернетда ўқигандим.

Шунинг учун сиёсат қилдим:

-Аслида “БМВ” олмоқчиман, лекин сизларни ҳам бир кўрайин, деб келдим.

Бу гапдан уларнинг ҳафсаласи пир бўлади, десам, аксинча эътиборлари кучайиб кетди:

-Олдин “БМВ” минганмисиз?-деб сўрашди.

Сир бермадим. Ҳамма машиналарни кўриб, биттасини танладим. Лекин мен истаган ранги йўқ экан. Улар бир кунда топиб келишларини айтишди. Уларга ўзим белгилаган нархни айтдим. Кўзлари косасидан чиқиб кетай, деди. Барибир эди. Чунки ҳозир буларда истаган машинам йўқ. Бошқасида бўлса, ўша ерга бориб, арзонроққа оламан, деб ўйладим ва айтган нархим қатъий эканлигини айтдим. Хуллас, улар ўзлари истаганидан 7 минг доллар тушишди ва эртасига бориб, машинани миниб келдим.

Машинага гап йўқ. Жияним айтган каби миндингизми, асабларингиз босилади ва масъулият билан ҳайдайсиз. Одамлар қараб қўйишини, полиция шуни бир ушласам, унча-бунча пулини хазинага ўтказиб юборсам, дегандек кузатишини ҳис қиласиз.

Аммо бу машина ҳамма томондан асабни асраб, бир томондан қайчилар экан. Ҳукумат бу машинага мулк солиғини жуда катта қўйган. Оддий “Тойота” машинасига тўлайдиган солиқни қарийб ўн бараварини оларкан. Шу томонини билмай қолибман. Машинаники фойизсиз қарзга олдим. Лекин солиғини нақд тўлаш керак. Битта эски машинанинг пули. Вақтида тўламасангиз  “осмон узилиб ерга тушади”. Ортга эса йўл йўқ. Сотаман десангиз арзонга кетади.

Шунинг учун бунақа машинани нафақат чўнтагингиз кўтарса, балки асабингиз ҳам чидаса, солиқ учун ортиқча пулингиз бўлса олиш керак. Бўлмаса бунинг пулига бошқа машиналардан иккитасини олиб, “чангитиб” юраверган яхши. Лекин Америкада чанг йўқ…

Хуллас, ҳисоблаб чиқсам олти кишилик оиламиз учун 12 йилда  12 та машина олишга мажбур қолибмиз. Шундан саккизтаси янгисидан олинган ва ҳали ҳам пулини тўлаб юрибмиз. Шунақа, ишлаб-ишлаб топганимизнинг бир қисми қўлимизга етмасдан машиналарнинг “ҳалқумига” кетади.

Хайриятки, ҳар бирида маҳкам туриб тортишганман. Ҳеч қачон улар айтган нархга олганим йўқ. Камида 3-4 минг тушириб олганман. Улар шунда ҳам фойда кўришади. Фойда қилмаса савдо қилмасди.

Машина олишда маслаҳат сўраган укаларимга,  доим харидга тайёргарлик кўрмасдан борманг дейман.  Ой ёки кварталнинг охирида, байрамлар арафасида тужжорлар “эрийдилар”. Борганда вақтингиз бемалол бўлсин, сотувчи билан кўп гаплашмаслик керак. У оиласининг суратларини келтириб қўяди, сизни қаердан эканлигингизни суриштиради,  турли баҳоналар топади ва сиз билан қуюқ суҳбат қуришга интилади. Ишончингизга кириб олса, нима деса ишонаверасиз. Шунинг учун нима деса ҳам индамай эшитиш, у қулоқдан кирганини бу қулоқдан чиқариб юбориш керак. Олдиндан бозорни ўрганиб, нархни белгилаб борсангиз ютасиз. Фойизсиз кредит бериб туришади.  Ўша пайтда олсангиз, майдалаб тўлаб юрасиз. Айтганингизга бермаса индамай чиқиб кетавериш керак. Шунда ҳам фойда қиласиз. Бу кейинги жойдаги савдо учун тажриба бўлади. Юқорида айтилганидек, пул сизники, демак ҳокимлик сизда.

Ота-боболаримиз “Савдолашмай олинган мол-ҳаром” деганлар. Бунинг ортида катта ҳикмат бор. Америкада, айниқса, машина харид қилишга чиққанда, бу ҳикмат олтин эканлигини  яққол ҳис қилиш мумкин.

(Давоми бор).

ЖМ.

Олдинги бўлимлар׃

1.Аэропортдаги “марш-бросок”

2.“Жет лаг”

3.Мерит

4.Пост Меридиан

5.Дуохонлик

6.Тил-туннинг моҳитоби

7.Биринчи машинам

8.Ҳислар туғёни

9.Қарсаклар

10.Ёлғонга ишониш

11.Тангри тарафдори

3 Responses

  1. Зўр машина экан. Ака, меҳнат қилиб олган экансиз, мазза қилиб миниб юринг. Бизга ҳам насиб қилсин. Жуда хурсандман, четга чиқиб ўз меҳнати орқасидан мана шундай юқори мавқега еткан ватандошлар борлиги учун. Бу биз ёшларга яна ҳам қаттиқроқ меҳнат қилишга, яна ҳам яхшироқ ўқишга куч ва ишонч беради. Сабинахоним.

  2. […] 12.Машина савдоси […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: