Шаҳидлар мозори

yodgorobid1Ёдгор Обид:

Жаҳонгир Муҳаммаднинг “Шаҳидлар мозори” китоби тўғрисида фикрлар

Яқинда кўз ўнгимизда Озарбайжонда юз берган тарихий фожеалар ҳақида кўп ёзилди, кўп айтилди, китоблар пайдо бўлди. Аммо яқинда Тошкент босмохоналаридан бирида яширинча чоп этилган Жаҳонгир Муҳаммаднинг “Шаҳидлар мозори” номли китоби мазмуни жиҳатидан ҳам, танланган ифода услуби жиҳатидан ҳам, бадиий қуввати, самимияти жиҳатидан ҳам алоҳида қимматга эга.

Китобга “1993” санаси қўйилган. Бу сана китоб битилган вақтни кўрсатади.  Озарбайжон фожеалари давом этаётган, арман агрессияси кучайган, беҳуда тўкилган қонлар ҳовури пасаймаган пайтлар.

Бу фактнинг ўзи ҳам китобнинг кузатувчи ёки фожеаларни ташқаридан туриб ўрганган, олинган маълумотлар ва материаллардан фойдаланган муаллиф томонидан эмас, балки воқеаларнинг ичида бўлган, бу воқеаларнинг бутун фожеасини ҳис қилиб, кўрган, бошидан кечирган шоир томонидан битилганини кўрсатади.

Ҳажми беш табоқ атрофидаги китобнинг муаллиф қон томиридан силқиб чиққан ҳар бир сатри, ҳар бир мисраси, ҳар бир саҳифаси ўқувчи қалбига туйғулар оқими сингари кириб боради, ҳиссиётлар жунбушига айланади.

Фикр ва туйғулар ифодаси учун танланган услуб, жанр унутилади. Китобхон бевосита муаллиф билан дардлаша бошлайди, самимий суҳбатга киришади, алам билан уҳ тортади, гоҳ умидланади, муаллиф билан баробар Яратганга илтижолар қилади.

Китоб ўн икки бобдан иборат. Боблар саҳифалар деб номланган. Бу ҳам китобнинг шакли ва мазмунига муштараклиги, мос тушганлиги билан унинг фазилатига айланган. Китоб одатий сюжетга эга эмас, ички, кўзга ташланмайдиган сюжет ва сюжетлар асосига қурилган. Ўн икки саҳифанинг ҳар бири мустақил манзара яратади ва шу билаб бирга навбатдаги саҳифанинг очқичи хизматини ўтайди.

Бири бирини очиб, тўлдириб боради. Географик кенглик, тарихий даврлар миқёси, туйғулар теранлигини қамраб боради. Оқибатда яхлит бир армонли дунё – Турк дунёсининг жонли манзараси вужудга келади.

Унда изтиробларнинг барча сифатлари, армонларнинг барча сифатлари, орзуларнинг барча сифатлари қамраб олингандек.

Дарвоқе, китоб жанри, услуби дедик. Асли қай адабий жанрга мансуб бу асар? Сочма шеърлар мажмуасими, шеърий достонми, насрий шеърларми, мансура бармоқ, насрий асарми? Йўқ. Алоҳида-алоҳида буларнинг ҳеч бирининг қолипи билан ўлчаб бўлмайди. Шу билан бирга санаб ўтилган жанрларнинг ҳар бирига мансуб дейиш ҳам мумкин.

Шеърий руҳ, мансураларга хос тизимлар, бадиий наср сифатлари, ўз ўрнида ишлатилган тарихий фактлар, публицистикага хос аниқлик ва бошқалар.

Муаллифнинг дарди, руҳи, ёзувчига хос бадиий тафаккури, публицистга хос – фактларга суянган ҳолда таҳлил қилиш қобилияти асарда ўз аксини топган.

Турк дунёсини кезиб кўрган, унинг дунёсидан яхши хабардор муаллиф – Турк халқлари бошига тушган фалокатлар илдизини, уларнинг бир-бири билан боғлиқлигини билади. Тақдирлари, қулликка мубталоликлари, озодлик учун кураш, унга эришиш йўллари ҳам туташ эканлиги ҳақида образли ифодалар, ишончли далиллар ёрдамида куйиниб айтади.

Мен Жаҳонгир Муҳаммад 1955 йилда Самарқандда туғилдим. Улғайиб, умримнинг ўн етти йилини матбуот ишига сарфладим. Адолат топмоқ истадим,” дейди у китоб сўнгидаги қисқа таржимаи ҳолида. Ўз юртида адолат истаб, адолат тополмагач, китоб сўз бошисида айтганидек, юртидан қувғин бўлади. Адолат ажали бўлган тузум қаҳрига учрайди.

Аммо Туркнинг ватани, адолат ажали бўлган бошлиқлари ўйлаганларидек, бир ўлка чегараси билан белгиланмайди.  Шоир давом этади: “Ватаним нақадар буюк, сарҳадлари чексиз, бағри кенг эканлигини ўз кўзим билан кўрдим. Турк дунёсининг қаерига бормай, бегоналик сезмадим. Зеро, Турк дунёсининг тарихий тобонлари Алпдек мустаҳкам. Аммо унинг адрларини лолақизғалдоқлар каби шаҳидлар мозорлари қоплагани қалбимни ўртаб юборди. Ватан йўлида жон бериш турк учун муқаддас саналган ва шундай бўлиб қолади. Бироқ Ватан олдида хоинлик, хиёнат, сотқинлик қилиш қайдан юқди? Унинг давоси борми? Бу мухтасар китобда шу саволларга жавоб изладим.”

Китобнинг биринчи саҳифасида муаллиф Озарбайжон фожеалари ҳақида куйиб-ёниб, шундай деди:

“Бир халқ, бир миллат шу қадар мусибатга дуч келса, нима қилсин? Замин Она. Уни қўриқламаган ўғил – оқпадар. Лекин замин – ёғий оёқлари остида, Ўғил – шаҳидлар мозорида…

Ватан муқаддас қиблагоҳ – унга қалқон бўлмаган ўғил хоин. Қалқон йигит шаҳидлар мозорида …”

Яна:

“Буларнинг гуноҳлари нима эди? Гуноҳсиз эканликлари гуноҳлари эдими?

Бир дарахт кесилганда оёққа қалққан халқлар бўлган.

Бир ҳайвон сўйилганда …

Бир дарё боғланганда…

Бир ариқ кўмилганда…

Миллат оёққа турган.

Ўғиллари, жугаргўшалари, падар-модарлари, ор-номуслари, виждон-иймонлари топталганда нега жим бу миллат?

Ё Қодир! Мен сени саволга тутаётганим йўқ! Шайтону лайиндан узоқман!

Сенинг қаршингда ўзимни, бир осий бандангни сўроқ қилаяпман.

Таассуфки, сўроғим натижасиз.

Ўз саволимга ўзим жавоб беролмайман. Гуноҳларимни қидираман.

Тарихнинг сарғайган саҳифалари орасидан югуриб келаверади гуноҳларим…”

Жаҳонгир Муҳаммад тарихнинг саҳифаларидан югуриб келаётган гуноҳларга назар ташлайди ва шу жумла, шу фикр, шу образни навбатдаги саҳифа учун очқич сифатида ишга туширади. Озарбайжон фожеалари – ёлғиз Озарбайжон фожеалари эмасдир.

Парча:

 “Фақат Озарбайжонми?

Афғонда…

Босна –Ҳерцогда …

Гуржистонда…

Ўшда…

Тожикистонда…

Паркентда…

Фарғонада.

Ҳузур қилган қаро ер кўксидаги қузғинлар бўлди. Шаҳидлар улар учун текин таом.

Қуқонда ер тишлаган ўғлонлар…

Аввал улар отилдилар, сўнг …

“Ўзбекистон мустақиллиги йўлида қурбон бўлган шаҳидларга.

Ислом Каримов.”

Сўнг тош қўйилди, қора мармар…

Тантана куни Каримовнинг “Ҳасан-Ҳусан”лари Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқовлар хомуш эдилар…

Ўзлари ўлдириб, ўзлари тош қўяётган эдилар…

Ал-Ҳазар!

Бундай худосизликдан Ал-Ҳазар!”

Шоир бундай жаллодлардан, жаллодларга қуллиқ қилганлардан, ўз таъбири билан айтганда “Эркин бўлиб, эркин бўлолмаган, Омон бўлиб, омон бўлолмаган, Ориф бўлиб ориф бўлолмаганлардан, озодлик, мустақиллик дея кўкрагига урган озодлик, мустақиллик курашчиларини қувғин қилинишидан кўз юмган, озодлик, мустақилликни сотишда далол бўлган миллатвакилларидан –Ал-Ҳазар” дейди.

Қорабоғ фожеаси фақат озарбайжонликлар фожеаси эмас. Буни айтган, ҳис қилган ўзбек ижодкорлари, зиёлилари ташаббуси билан “Қорабоғ қўмитаси” тузилди. Давлат раҳбарларининг фикри бошқачароқ эди.

“Тоғли Қорабоғда юз бераётган воқеалар – икки республиканинг ички ишлари. Қолаверса, Озарбайжон республикаси раҳбарлари орасида бугун келишмовчилик  юз берганининг оқибати…”

“Қорабоғ” қўмитаси тузганлар эса, Ўзбекистонда миллатлараро жанжални бошлашга уринувчилардир.Уларнинг пайини қирқиш керак,” деди Ислом Каримов.

Пай қирқиш бошланди. Пай қирқиш давом этмоқда. Қорабоғ қўмитаси тузганларнинггина эмас, ўз инсоний ҳақларини сўзлаш ҳуқуқини, фикрлаш ҳуқуқини, ахборот олиш – ахборот тарқатиш ҳуқуқини, хуллас, яшаш ҳуқуқини талаб қилганларнинг ҳам пайи қирқилмоқда…

Озарбайжонли турклар қирғин қилинаётганда, уларга дардкашлик билдирган туркистонлик турклар пайи қирқилди, қирғин қилинди. Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда Арман тилли мактаб очилди. Унда ўзбек қизлари ҳам ўқиётганини “Правда Востока” газетаси мухаррири Рубен Сафаров (Сафарян) фахр билан ёзди.

Биз яна жимликка қайтдик.

Тоғли Қорабоғда яраланганларга дори-дармон ҳайрияси юборилганда Ислом Каримов Бухорода тўхтатди. Биз яна жим қолдик. Гуманитар ёрдам йўлини тўсиш – бутун дунёда жиноят ҳисобланади. Давлат раҳбари навбатдаги жиноятга йўл қўйди.

“Ислом Каримов тахтга келгандан сўнг Намангонда ўғлонлар ер тишлатилди, Андижон стадиони қонга бўялди, Паркент сойи қонга қоришиб, бўзарди, Тошкент талабалари отилди… Сўзга кирмас мухолифатчилар кўча-куйда уриб, қонга ботирилди.”

Китобнинг  сўнги якунловчи, ўн иккинчи саҳифасини умид саҳифаси дейиш мумкин. Озодликка мадҳия.

Озодликдан умид. Аммо озодлик ўз-ўзидан келмайди. Кураш талаб қилади. Қурбонлар талаб қилади. Қурбонлик хосиятсиз кетмагай.

“Мен бугун Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Хуросон, Қибрисни бир кўрмоқ истадим. Бу озодликнинг бир қадами эмасми?…”

“Лақад насаракуму – Уллоху фи маватина касиратин”, яъни Аллоҳ сизларни кўп мамалакатларда ғалабага келтирди. Бизни ҳам ғалабага келтир Аллоҳ!

 “Мустақил ҳафталик” газетаси, 1(24), 1996 йил, январ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: