Туркияда Ўртакўй билан Бешиктош орасида Чироғон отели бор. Неча юз йиллардан бери бу отелда қироллар, подшоҳлар ва энди президентлар меҳмон бўлишади. Ниҳоятда гўзал қаср. Деразаларидан Истанбул бўғозининг мавжли тўлқинларини тамоша қилишнинг ўзи бир роҳат.
Бироқ гап бу отелда кимлар ётгани ҳақида эмас. Гап отел ёнидаги икки автобусда. Автобусларнинг чархлари ерга ботиб, “бош”ларини хазонлар қоплаган. Ён тарафига “Ҳайвонлар билан дўстлашув дарнагининг хастахонаси” деб ёзилган. Қизиқ … бир тарафда шоҳлар, … иккинчи тарафда итлар ва мушуклар… даргоҳи.
Гап бу рамзий яқинликда ҳам эмас. Гап шундаки, Чироғон отели ёнида доим тиланчи болаларни учратасиз. Аслида тиланчи болалар Ўртакўйда ҳам, Бешиктошда ҳам кўп. Уларнинг аксарияти катта йўл ўртасига чиқиб машинали “амаки”ларга қўл чўзишади. Машинаси, яъни “араба”си (бу ерда машинани “араба” дейишади) борми, демак, хайр-эҳсонга чақаси бор, деб ўйлашади болалар.
“Амаки”лар эса уларни кўришлари билан “араба”ларининг ойналарини бекитиб олиб “Қоч! Қоч!”, дея ишора қиладилар.
“Араба” соҳибларининг аксарияти аёллар. Лабларига сигарет қўндириб олган хонимлар гадой болаларни кўриб жирканишади. Юзи ювиқсиз, сочлари патихган, иштонлари йиртиқ, кўйлаклари кир болалар …югурганча қолишади, қўл узатганча қолишади оч болалар! “Араба”лар ортига боққан унсиз кўзлар …
Дарвоқе, ҳайвонлар хастахонаси ёнида байрам. Бадавлат бир хоним мушукларини назоратдан ўтказишга олиб келибди.
-Нега овора бўлдингиз, ўзимиз борардик, Нарми хоним?
-Эътирозим йўқ. Ташаккур. Ҳар куни ҳаким бориб туради. Лекин мушукларимни сизга кўрсатишдан бошқа мақсадим бор. Жониворларни “Юлдуз боғи”да бир айлантирсам, деган ният билан келдим, – дейди Нарми хоним.
Унга қарсаклар, олқишлар ёғилади. Ҳатто Чироғон отелининг доимий тиланчилари ҳам қарсак чалишади. Фақат кўзларида ҳам ҳавас, ҳам ҳасад бор.
Нега ҳасад қилишмасин?! Нарми хонимнинг қирқ еттита мушуги бор экан. Бир кунда саккиз кило гўшт, ўн кило жигар, уч литр сут истеъмол қилар экан.. ўзи эмас, мушуклари. Қўшнилари мушукларнинг сасларидан норози бўлиб унга эътироз қилишган экан, мушукларимни ҳақорат қилди, дея маҳкамага мурожаат қилибди. Оз эмас, кўп эмас йигирма миллион лира ўндириб олибди.
“Юлдуз боғи” Истанбулнинг энг катта боғларидан. Ҳайвонлар хастахонаси шу боғнинг дарвозаси ёнида. Нарми хонимнинг хизматкорлари мушукларни боққа бошлашди…
Озгина нарида мачит, сенагог ва черков. Ҳар уччаласи ёнма-ён. Дарвоқе, Истанбул шунақа антиқа шаҳар-ҳамма нарса ёнма-ён… (“Би-би-си”, 1996 йил).
ЖМ.
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply