Туркия туркуми

Kastamonu hokimi Sulaymon Yujal(o'ngdan birinchi) bilan.

Kastamonu hokimi Sulaymon Yujal, Jahongir Muhammad va Usmon Qrimli.

22.Сургундаги соат

Аввало Кастамону ҳақида қисқача маълумот. Кастамону вилояти Анқарадан 250, Истанбулдан эса 500 километр узоқликдаги жанубий вилоятлардан бири. Вилоятнинг марказида қадимий Кастамону шаҳри жойлашган. Тўрт тарафи тоғлар билан ўралган шаҳар уч цивилизациянинг, яъни уч маданиятнинг меъросларини сийнасида сақлаётир. Бу ерда Ҳитит, Юнон ва Усмонли маданиятининг осори-атиқалари, гўзал обидалари мавжуд.

Шаҳарнинг кун чиқар тарафида Милоддан аввалги Ҳитит маданиятининг кўзгуси бўлмиш ғор уйлар, Ғарбда эса булутларга таянган ва игна баргли дарахтлар оғушида қолган Илгаз тоғлари, Шарқида нариги соҳили Қримга узанган Қора денгизни кўрасиз. Қора денгиз бўйларидаги Жидда, Инабўлу, Абакан каби марказлар сайёҳларнинг севимли гўшаларига айланган.

Шаҳар ва вилоят ҳокими Сулаймон Южал турк дунёсидан келган меҳмонларга тарихий ёдгорликларни кўрсатар экан, сафарни шаҳар четида, тоғ этакларидаги минора-соат ёнидан бошлатди.

-Бу миноранинг ўз ривояти бор,-деди у.-Соат Усмонли салтанатининг муҳим шаҳри Бурсада иншо этилганди. Подишоҳлардан бирининг хоними ҳомиладор экан. Қўққисдан бўйидаги боласини туширганда сарой аҳли подишоҳга, минора-соатнинг бонг уришидан хонимингиз қўрқиб кетдилар, дейишибди. Ўшанда подишоҳ бу соатни Кастамонуга сургун этган экан.

Сургун соат ривоятини тингларканмиз, Олмонияда сургунда яшаётган ва Кастамонуда ўтаётган Турк дунёси кунлари байрамига меҳмон бўлиб келган ўзбек журналисти Анвар Усмонов “Биз фақат одамлар сургун қилинади, деб ўйлардик. Подишоҳлар учун фарқи йўқ экан,” – дея кинояомўз жилмайди.

Меҳмонлар сургун-соат ёнида расмга тушганларидан кейин ҳоким Кастамону қалъаси томон бошлади. Бу қалъа шу қадар юксакда эдики, тепадан боқсангиз шаҳар ичидаги бинолар гугурт қутисига ўхшаб кўринарди.

Инсон жуда ҳам мағрурланиб кетса, бу қалъага чиқсин, ўзининг нақадар зарра эканлигини ҳис этади.

Айни пайтда инсон ўзини нақадар зарра ҳис этса, бу юксакликка чиққанда кўнглини мағрурлик ҳисси тўлдиради.

Бу қалъа Усмонли халифалигининг илк пайтларида Жандар ўғиллари томонидан иншо этилган. Қалъанинг ости эса қоп-қоронғу зиндонлардан иборат. Зах зиндонлар…

Турк дунёси кунлари байрами Кастамону ҳокимлиги, Турон маданият фонди, Хўжа Аҳмад Яссавий ва Авраосиё вақфлари томонидан уюштирилди.

Шаҳарнинг бир томонида қозоқ, қирғиз, ёқут чодирлари ерлаштирилди, бу жойларда фолъклор гуруҳлари концертлар намойиш этишди. Бошқа бир томонда Турк дунёсининг кўзга кўринган олиму фузалолари конференциялар ўтказишди. Яна бир томонда сайил, ўйин-кулгу, қизғин суҳбатлар.

Бу ерда Қрим туркларининг лидери Мустафо Жамилўғлидан тортиб, Бошқирдистон, Чувашистон, Татаристон ва Қиприсдан келган ўнларча миллий лидерларни кўриш мумкин эди.

Кастамонунинг яна бир аҳамияти шундаки, минг йилларча аввал Ўрта Осиёдан кўчиб келган боболаримиз илк ўлароқ ана шу заминга ерлашганлар.

Онадўли(Анатолия)нинг марказий шаҳарлардан ҳисобланган Кастамонуда туркнинг Қайи, Қиниқ қавмлари яшаган қишлоқлар бор.

Маълумки, Ўрта Осиёдан кўчиб келган қайилар Усмонлига асос солишди. Қиниқлар эса Салжуқ императорлигининг асосчиларидан. Умуман, Туркистондан Шимолга қараб юрган 24 турк қавмидан 16 тасининг исмини бугунга қадар яшатган қишлоқларни айланар экансиз, Қора уйли, Жавундир, Чапни, Иғдир, Байиндир, Юрагир каби номлар сизни тарихнинг минг йил аввалги хотираларига етаклайди.

Кастамону қалъаси бу-
Кастамону қоядир.
Қанотларим остидаги
Она Турон доядир,
Кастамону қоядир.

Қўлларим қилич каби
Булутларни кесарди.
Саболар севинч каби
Ошиқ бўлиб эсарди,
Булутларни кесарди.

Қалбимнинг бир бурчида
Лов-лов ёнарди гулхан,
Йўқотганим топгандим
Кастамону ҳам Ватан,
Лов-лов ёнарди гулхан.

Кўзларимга ранг этдим
Боболарнинг изини.
Кастамонуда кўрдим ,
Туркистоннинг юзини,
Боболарнинг изини…

“Озодлик” радиоси, 1997 йил, 24 август.

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: