Туркия туркуми

qozoq18.Қозоқлар

Шарқий Туркистонда ҳар томонлама тазйиқ остида қолган қозоқ турклари Ватанларини ортда қолдириб, дунёнинг турли нуқталарига ёйилгандилар. Уларнинг кўпчилиги аста-секин Туркияга кела бошлашди. 50-йилларнинг охирларида Истанбулда бошпана топган қозоқлар 70-йилларга келиб ўз маҳаллаларига эга бўлдилар.

Туркияда яшаётган турк қавмлари орасида қозоқлар жамоаси ўз анъаналарига содиқлиги  билан ажралиб туради.Уларнинг маҳаллаларидаги кўчаларга ҳам қозоқ номлари берилган. 1980 йил 12 сентябрда Туркияда давлат тўнтариши бўлгунга қадар уларнинг маҳаллалари Қозоқкент деб аталар эди. Аскарий ҳукумат бу номни ўзгартирди. Лекин бугун асл ном яна ўз ерига қайтди.

Қозоқ хонадонига кирсангиз, кўзингиз энг аввало девордаги миллий кашта ва гиламларга тушади. Ҳар бир каштанинг, гиламнинг ўз номи бор. Улар фарзандларини тўй қилар эканлар, келин-куёвнинг боши қўйиладиган томонга албатта, ўз оналари тўқиган гиламни осадилар. Шунингдек, қозоқ туркларида йигитга қиз изланар экан, етти авлод узоқлиги ҳисобга олинади, яъни яқин қариндошдан уйланиш таъқиқланган. Мана шу нарса ўзбекларда йўқ. Бу эса турли-туман генетик касалликлар, ногиронликларга йўл очмоқда.

Қозоқ туркларининг кийимлари ҳам ўзига хосдир. Жажжи болаларга кийгизиб қўйиладиган камзулчаю қулоқчиндан тортиб, мўйсафид отахоннинг дўпписига қадар рангли, гулдор, диққат тортар.

Ҳатто уй ичидаги жиҳозлар, стол, стулларга қадар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Буларни қозоқ усталари ўзлари ясашади.

Шарқий Туркистондан келган Ниёзий шундай ҳикоя қилади:

-Оталаримиз чиқиб кетишгандан кейин биз курашни давом эттирдик. Лекин Хитой зулми остида ожиз қолдик. Мен 1954 йилда аввал Тибетга қочдим. Йўл шу қадар оғир эдики, қандай тирик қолганимни ўзим ҳам билмайман. 1958 йилда Хитой Тибетга ҳужум қилгач, биз Ҳиндистонга қочдик. Лекин у ерда бизни ушлаб Хитойга топширмоқчи бўлдилар ва бизни ўлим жазоси кутмоқда эди. Сўнг дақиқаларда аскар машинасидан ўзимизни ташлаб қочдик. Икки ойлик саргардонликдан кейин Саудия Арабистонига бориш имкониятини топдик. Етти йил у ерда қолгандан кейин, 1968 йилда Туркияга кўчиб келдик.

Бу бир қозоқнинг ҳикояси бўлсада, аслида барча қозоқларнинг, ўзбегу уйғурларнинг ҳам тақдирлари ҳам худди ана шундай.

Туркияда қозоқлар асосан теричилик билан шуғулланадилар. Шу боисдан ҳам иқтисодий шароитлари яхши.

Аксарият қозоқлар икки мамлакат фуқаросидирлар, яъни Қозоғистон ҳам уларга фуқаролик берган. Истанбулнинг Зайтунбурни туманида қозоқлар маркази бунёд этилган бўлса, улар ҳашар йўли билан Қозоқкентда етти қаватли замонавий бино тиклаб, Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги илм ва ирфон вақфини очдилар. Бу ерда Қозоғистондан келган қариндош талабаларни ўқитадилар, уларга Яссавий илмидан сабоқ берадилар.

Қозоғистонга бориб келган қозоқлар, мамлакатимиз анча руслашган, биз эса миллийлигимизни, анъаналаримизни сақлаганмиз, вазифамиз буни Қозоғистонда кенг ёйишдир, дейдилар. Шу сабабдан турли илмий, маданий жамиятлар йўли билан ўз анъаналарини Қозоғистонга ташимоқдалар.

-Биз қозоқ, уйғур, қирғиз, ўзбеклар бир дарахтнинг шохларимиз,-дейди Қозоқкентдаги қозоқларнинг лидери Мансур Тойчи.-Бугун дунёнинг қаерида бўлмайлик, ана шу дарахтнинг боқийлиги учун хизмат қилишимиз керак.

Орзунинг боқийлиги орзунинг оқлигида дейишади. Оқ ниятлар боқий бўлсин, деймиз! (“Озодлик” радиоси, 1995 йил, сентябр).

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: