Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (8)

saylovТЎФОН

Ниагарадан эшакдай ҳориб-сориб қайтарканмиз, ошнам бир дўстиникига бошлади. Тавба қилдим, эшак десам, эшакка йўлиқдим. Эшикнинг бир томонига эшак, иккинчи томонига филнинг сурати илиб қўйилган. Ошнамнинг ошнаси бизни қарши оларкан, эшакка тикилиб қолганимни кўриб, “ҳм” дегандай бош силкитди. Нимадир демоқчи эди, аммо каминангиз ёдимга тушган битта латифани айта бошлади. Айтиб олсам, айтиб олдим. Бўлмаса эсдан чиқиб қолади. Эс халтанинг оғзи очилдими, олтинни олишим керак. Акс ҳолда нинанинг думига айланади. Тополмай юраман..

Ошнамга “Таржима қил”, дедимда латифани қўйиб юбордим:
Бир киши эшакни халачўплаб келаётса, йўлда миршаб тўхтатибди.
“Дакуметингиз?”
“Деҳқонман, манда докунет нима қилади?”
“Биринчидан, докунет эмас, дакумет, иккинчидан, дакумет бўлмаса, жаримани кимга ёзаман, эшакками?”
“Ука, қўйинг шуни эшакка эмас, менга ёзинг, эшак ҳали ёш”
“Бу нима деганингиз?”
“Айтдимку, бу ҳали ёш, дакунетига кир тушмасин, улғайса мелисаликка қўяман”
Шундай деб ваҳаҳалаб кулсам, ошнам ҳам, унинг ошнаси ҳам сувдан чиққан мушукдек бўлиб туришибди.
-Нима гап? Тағин “н.” дейишим керакмиди, ёки “ф.” ми?
-Бу киши демократ…
-Демократ бўлса латифага кулмасин деган қоида борми?
-Тушунмадинг, бу “эшак”, хотини “фил”…
-Одам маймундан пайдо бўган дейишарди, булар эшак ва филнинг авлодларими?
-Э, сенга айтмовмидим, Амриқода демократик партиянинг символи эшак, республикачиларники-фил. Булар эр хотин қарама қарши партияда. Эри укеметда, хотини мухолифиятда.
-Тўппа тўғри, шундай бўлиши керак. Бизда ҳам қайси хонадонга кирманг, шу ҳол, фақат биз “ит-мушук” деймиз, бу ерда “эшак-фил” экан, нармални!
-Аммо булар ҳар куни тилбезорга чиқиб баҳс қиладилар, ўз партияларини ҳимоясига маҳкам турадилар. Бақир-чақир… Кейин қучоқлашиб уйга қайтадилар. Айниқса ҳозир сайлов кампанияси, буларнинг олгани олтин, сотгани кумуш. Вақтлари тиғиз, чойларини ичамизу кетамиз.

Буларнинг чойи муздек бўларкан, музхонада тураркан. Ўлган кунимдан энди ҳўплайман деган эдимки улар ваҳимага тушдилар. Тилбезорнинг ҳамма каналларини “айлантира” бошладилар. Ҳаммасида “ти-ти” деган овоз билан экраннинг остида ва устида нимадир ёзмоқда. Демак, нимадир бўлди? Ёмон гапга ўхшайди.
-Биз ҳам эшитмай қолибмиз, булар ҳам,-деди ошнам.
-Нимани?
-Тўфон келаётган эмиш…

Бирдан ошнамнинг ошнаси ва унинг фан дўхтири унвонли хотини югур-югурлаб подвалга кириб кетишди. Уларнинг орқасидан биз ҳам тушдик. Падвалда бир ҳафталик овқатлар запас қилиб қўйилган экан. Энди ўртага олгандик, жиззахчасига “лип” этиб, свет кетворди. Ўл-а, мақтаган амриқоинг шуми? Сизларда ҳар куни ўчиб туради, деб устимиздан кулишарди, ўзларида ҳам шу аҳвол-ку? Алихўжа Валихўжа, ичган-ичмагани гўжа! Тўфон келади деган гапга свети ўчворди. Агар тўфоннинг ўзи келса нима бўлади?

“Эшак” билан “фил”нинг падвалида генератори бор экан. Тириллатиб юборди, подвалнинг чироқлари ёнди-қолди. Ташқарига чиқмай, миқ этмай ўтирдик. Падвал ҳам падвал экан. Бир томонда тенис столи, иккинчи томонда блиард. Биттасида “эшак”, иккинчисида “фил” ўйнаса керак-да? Бошқа томонда осиладиган турник. Бу “эшак”ники, аммо “фил” ҳам осилиб турса керак? Нарироқда устидан сакрайдиган “эшак”. Олимпийский эшак. Буниси “фил”ники. Хотинидан ўч олиш учун “дик-дик” эшакнинг устидан сакраб туради. Бу нарса уларнинг муомаласидан ҳам сезилмоқда. “Фил” тинмай “эшак”ка қани, қани дегандек “ҳоней, ҳоней” дейди. Бу “их” деганими ёки “иш”ми? Саволимга ошнам тиржайди:
-Галава, бу асалим дегани!
Демак, “эшак”ни асалим дейишади. Қани “эшак” “фил”ни нима дер экан? Кузатдим, у ҳам “асалим” деб қўйди.

Мухолифат билан ҳукумат бир-бирини ғажиб туриши керак эмасми? Топса-топмаса бир-бирига тош, кесак отиш керак. Бизнинг қоидалар бўйича ҳукуматдаги “эшак”, мухолифатдаги “фил”ни аллақачон СНБга сотган ва у бир қамалиб чиқиб, чет элларга қочиб кетган бўлиши шарт. Балки “фил”ни СНБ юбориб, “эшак”нинг қўйнига тиқиб қўйгандир? Шу йўл билан уни назоратга олган бўлса-чи? Бу ёқларда свет ўчмайди дейишарди. Мана ўчаркан? Шундан экан, бу ёқларда ҳам СНБ ишлаши мумкин.

Хуллас, икки дақиқага деб келган жойимизда падвалда тунаб қолдик. Эрталаб турсак, свет ёнибди, аммо минтақада бир миллион одам светсиз экан.

Тилбезорлар ағдарилган дарахтлару йўлларда узилиб ётган электр симларини кўрсатмоқда. Машиналар дабдала, уйлар дабдала, лекин учта штатдан фақат икки кишигина ўлибди. Бизда бўлганда ҳамма нарса жойида қолиб, бир миллион одамнинг дабдаласи чиқарди. Мозор ҳам позор бўларди бунча одамни сиғдира олмай.

Битта нарса диққатимни тортди. Ҳамма хабарларда айни енгил машинани дарахт босиб қолганини қайта-қайта кўрсатмоқда. Сабабини сўрасам, ошнам тушунтириб берди.

Биттаси жуда қимматбаҳо машина харид қилибди. Бечора, булутнинг қадри йўқ ой ёнида, фақирнинг қадри йўқ бой ёнида, деб гердайиб юриш учун қимматидан олган-да! Тўфон келишини эшитиб, машинасини панароқ жойга “тортаман” деса, пақ этиб, дарахт босиб қолибди. Бечора “ғийқ” ҳам деёлмай жон берибди. Камбағaлнинг жон бергани билинмас!

Бўлган бўлди, ўлган ўлди, машинани эса суғурта тиклаб берармиш. Телефон ишламаса ҳам гўшак янги, эр ўлса, тўшак янги! Кеча эри қимматбаҳо машина минган бўлса, энди хотин минади.

Улар ҳам “эшак” ва “фил” бўлсалар керак? Тўфон келишини эшитган “эшак” “фил”ни алдаб-сулдаб ташқира чиқарганов? “Ўлинг-е дадаси, кўтингизни кўтаринг бундоқ, тўфон келаётган эмиш, яп-янги машина ташқарида қоладими? Унга оз пул бердикми? Икки ўғлим икки мамлакатда ишлаб топганини-тутганини тўплаб-тўплаб юборди, дунёнинг пулига шу зормандани олдик, энди тўфоннинг остида қоладими?” Бу ёғи ўзбекча бўлди-а? Лекин бизда суғурта йўқ, борликка бору, аммо йўқда. Оти бор эгари йўқ, кети бор, жигари йўқ.

“Эшак” билан “фил” бизни кузатиб қолар эканлар, мен ҳали ҳам эзилган машина ҳақида ўйлаётган эдим. Ахир, арзонроғидан олганда, эгаси темир-тақа деб ташқарига чиқмаган ва тирик қолган бўларди. Қаранг, Амриқони бунча мақташади, лекин бетта ҳам кўзни қимматига тикиш касали бор экан. Мақтанма жўра, қупқуруқ ўра!

Ўзимиздан фарқи йўқ дейману аммо “эшак” билан “фил”нинг бир уйда яшагани, яшаганда ҳам эр-хотин бўлиб яшагани бизда ҳеч қачон бўлмаслигига гарантия бера оламан! Чунки бизда “эшак” бор, “фил” йўқ.

Нофизий.

2012.

Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: