Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (9)

aldarkusaОқ теракми, кўк терак?

Илтимос, сиёсат, дин ва севги ҳақида ёзишимни кутманг ҳам, ёз деб қўлимдан тутманг ҳам. Ақли михлар-машойихлар нима деган? Бу учта масалада оғзингни йирма, бекорга гапирма, баҳсга кирма, жунингни қий, тилингни тий! Агар кўрпани сирсанг, баҳсга кирсанг, онангни Пучқўрғондан, отангни Кучқўрғондан кўрсатишади. Хўш, оқ теракми, кўк терак, биздан сизга нима керак?

Ақли михлар-машойихлар аввал кавоб топишган, кейин биргалашиб бунга жавоб топишган.
1.Сиёсатга қарши бош кўтармайсан, ош кўтарасан, фақат бўйинсунасан.
2.Дин ҳақида гап очилса, таппа гунгсан, латта мунгсан, фақат эшитасан.
3.Севги масаласида ими-жимида ҳаракат қиласан, бўлмаса улоқни қулоқ олиб кетади.

Бу минг йиллик гап. Билмаган одамнинг ўзи йўқ, Ўзбекларнинг орасида. Четда билишмас экан. Амриқода кўзларим тинг бўлиб кўрдим, қулоқларим динг бўлиб эшиттим, дин ҳақида баҳслашавериб ҳаммаси диндорга айланиб кетибди.

Сиёсат ҳатто ҳожатхонадаги, эсингиздами, мактаб ҳожатхонасининг деворига ёзилади-ку, ўша ёзувларнинг бош мавзуси. Ҳамма сўкар, ҳамма бирдан чўкар экан, аввал ўй сурар, кейин бўйинсунар экан.

Севги деган нарсанинг “с” ҳарфи ҳам қолмаган. Йигитнинг “Севаман” дегани “деваман” дегани. Девани биласизми, букри-чи, ҳа боракала, туя. Қизнинг “Севаман” дегани “Беваман” дегани.

Уйдаги гап кўчага, биздаги гап Амриқога тўғри келмайди деб ўйлагандим. Аммо “кимчи”дан бошланган гап, нимчага тақалгандек, нимадандир гап очилдию машойихларимизнинг гапларини таржима қилиб юбордим. Ана кулги, мана кулги, кулганда инглизларнинг ҳам кўзидан шапар-шупур ёш оқар экан. Ёппирай!

Жирафага ўхшаб охирида ўзим ҳам уларга қўшилиб, эшилиб кулдим. Сабабини ўлайки тушуна олмадим. Жиппа жиддий гап айтсам, булар шунча кулворишди.

Уйга борганда ошнам тушинтириб берди, биздаги “ҳаракат”нинг оти бу ерда “акшин”, феъли “акт” эмиш. Ана шу “акт” дегани итга “фас” дегани каби кучга эга экан.

Қорақалпоқ биринжни ошлаб келади, гап гапни бошлаб келади, деганлари рост. “Фас” дегани севги қолиб сиёсатни эслатди.

Раҳбар-сахбарлик кайфида сиёсат майдонига кирган одамнинг ёнида камида иккита булдоги бўлиши керак. Майдонда ким унга ола қарадими, “фас” дейди. “Чўк” деса туя ҳам чўкар, “Сўк” деса бия ҳам сўкар. Тамом, булдоглар ўша одамни ғабир-ғубур еб ташлайди. Бу фоҳишахоним Клеопатра деган аёлдан қолган меърос. Лекин “фас”ни “фас-фас”га, узоқ йўлни бир пасга айлантириб юборса майдонда одам-модам қолмайди, булдоглар қонга кўникади. Охирида эгасини еб қўяди. Лекин Клеопатрага ўхшаб ё Цезарнинг остига ётишдан ёки ўзини илонга чақтиришдан булдогларга ем бўлган яхшироқ.

Амриқода Баракбекни ёмонлаб олтмишдан ортиқ, ҳар бири бир ёстиқ китоб чиқибди. Мақола-сақола эмас, нақд китоб. Демак, мақоланинг сони ва саноғи йўқ. Аммо Баракбек биттасига ҳам қарши ёзмабди. Фақат онда-сонда булдогларига “фас” деб қўяркан, тамом. Булдоглар акиллаб рақибнинг оёғига энди тирмашаман, деганда занжирни тортаркан. Баракалла Баракбек! Агар булдоглар тишлаб олса борми, тамом, Баракбекка Оқ уй қора уйга айланаркан. Ўрик ўрикни кўриб оқарар, дейдилар, лекин бизда-чи, ўрик ўрикни кўриб туршакка айланар.

Кўрдингизми, бизга Амриқодан ўрганадиган кўп нарса бор, десам, “Боринг билан бор-е!” деб қўл силтайсиз. “Ит бўлгандан кейин ғажиши керак, булдог бўлгандан кейиб еб битириш керак-да, ўзбекчаси шунақа” дейсиз. Агар ўзбекчасини гапирадиган бўлсак, бизда булдог терисни ёпиниб, булдогдай қопиниб эгасининг ўзи ҳам ҳужумга ўтиб кетади. Овчиликдан овчаркаликка бир қадам. “Лип” этиб раҳбар-сахбарнинг ўзи жанг майдонига киради.

Шунақа, жанг майдонга кириш бор, аммо сиёсат, дин ва севги масаласида баҳсга кириш йўқ. Гумбур гумбур момоқалдироқ, чақмоқ кўрмай бобо қалтироқ.

Нофизий.

2012.

Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.

One Response

  1. Avvalam bor ASSALOMU ALEYKUM. Bu yerga qaysi mavzuda fikr qoldirishga xayronman, bu saytga yaqinda kirishni boshladim, ishlaringizga omad tilayman!

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: