Амриқода “култур шок” деган гап бор экан. Бу дегани орзулар диёрига келган ҳар қандай одам бошқа маданиятнинг тўрига илиниб, шокка тушади. Шокдан комага ўтганлар ҳам тиқилиб ётибди. Лекин бизникилар орасида шокни шокиллатиб тезда амриқолик бўлишга улгурганлари ҳам топилади.
Шундайлардан биттаси катта холамнинг эрига жиян тушадиган, болаликдаги дўстим Қорабойдир. Уни топишим билан ҳазиллашиб номини инглизчага таржима қилиб юбордим. У бир сакраб қўли билан оғзимни ёпди:
-Мумкин эмас, бу сўзни айтиш мумкинмас, жа айтгинг келса “н.” ҳарфи дейишинг мумкин!
-Бизда қора танлиларни…,-деб улгурдим, у яна оғзимни ёпди ва:
-Биламан “н.” дейсизлар, биламан, лекин бу ерда мумкин эмас, билдингми, оғзингни йиртиб орқангга тикиб қўйишади,-деди.
Кейин у менга нима мумкину нима мумкин эмаслигини ўрагата бошлади:
-Биттасини орқаваротдан буралаб сўккинг келса “ф”. деб қўясан.
-Ҳамма сўкишлар битта ҳарфликми? Бир нечта ҳарфликлари йўқми? Масалан уч ҳарф?
-Сизлардаги “уч ҳарф” бу ерда ҳам “уч ҳарф”, фақат уни айтсанг балога қоласан, сени ҳам “уч ҳарф” деб орқангга илиқишади.
-Унда Ниагарани ҳам “н.” дейсизларми?
Гап шундаки, Қорабой билан Ниагара шаршарасига бораётган эдик. Унинг сирли-синоатли ҳарфларини тушунмаганим учун гапни шу томонга буришга уриндим. У кулдида, яна ўз ўзанига тортди:
-Учинчи бармоғингни якка ҳолда кўрсатма!
-Ўрта бармоқми?- Шундай деб унга ўрта бармоғимни кўрсатсам:
-Тушир, биров кўриб қолмасин,-деди. Шимни кийиб, “магазин” очиқ қолиб кетгандек битта машина “ғиз” этиб, бизни қувиб ўтди. “Н.”симон бир аёл бизга нақд учинчи бармоғини якка ҳолда, столба қилиб кўрсатиб кетди.
-Унга мумкину менга мумкин эмасми?- деб шартта қўлимни дерзадан чиқариб орқасидан бармоғимни кўрсатдим.
Қорабой қўлимни тортди:
-Машинани секин ҳайдаганим учун у ҳақорат қилиб кетди,-деди.
-Унда жавобини олди, нега қўлимни тортасан? Иннан кейин, мен ўнг қўлимни ишлатвомман, нега сен чап қўлимни тортасан?
-Э, менинг правам йўқ.
-Праванг бўмаса нега машина ҳайдайсан?
-Қандай бўб кеп қолдинг, қоидани бузмасам биров мушугимни “кишт” демайди.
-Ҳей, амриқолик, “кишт” эмас, “пишт”! Бунинг устига ана тағин биттаси учинчи бармоқни кўрсатиб кетди.
-У ҳам аёл, кўрсатаверсин, ўзида йўқ нарсани менга кўрсатса, осмон узилиб ерга тушмайди-ку?
Хуллас, бир неча соатдан бери йўлдамиз. Белда бел, қоринда ел қолмади.
-Ҳаммаёқ сувку, Ниагарани кўрмасак бўлмайдими?-дедим Қорабойга.
-Бугун тарихий кун. Биттаси 116 йилдан кейин илк бор шаршаранинг устидан тортилган тросда юриб, у мамлакатдан бу мамлакатга ўтади.
-Нимаси тарихий? Ўзимизда бунақа дорбозлар тиқилиб ётибди. Ана, Ўзбек-Қирғиз чегарасига бор. “Н”.сувнинг устидан ўтганларнинг сон-саноғи йўқ. Улар ҳам бу мамлакатдан у мамлакатга ўтишади.
-”Н”. сувинг нимаси?
-Ўзинг айтдингку қоранинг ўрнига “н.” ҳарфини ишлат деб. Қорасув демоқчи эдим, қўрқиб “Н.”сув деб юборибман. Ке, қўй, ошна, ҳалиям қайтайлик, шартми шунча йўлга бориб?
-Ундай бўлса сени музейларга олиб бораман.
-Йў, йў… музей-пузейни кўришга тоқат йўқ. Майли “Н.”га бораверамиз.
-Ниагара деявер.
-Адашиб кетсам нима бўлади?
-Адашиб кетсанг “ф.”!-Негадир унинг жаҳли чиқа бошлади.
-”Ф.” эмас. “Қ.Қ.”,-дедим мен ҳам пас келмай.
-Бу нима нима деганинг? Нега сўкинасан?
-Сўкинмадим, “Қорабойдан қутиламан” деганим. Билганимда келмасдим, ҳали ҳам ўзгармабсан!
-Нега келмасдинг, болаликдан дўст бўлсак.
-Олдин ўқишга бориб, ҳарфларни ўрганардим, кейин келардим.
-Бўпти, Ниагарани кўрайлик, сени Онтариога ташлаб қўяман, кетаверасан у ёғига.
-У ёғи қаёқ?
-Қаёқ бўларди, “ф.” водийси,-деди у росманасига жаҳли чиқиб.
-Бу нима деганинг қишлақи?
-Бу “фалон”лар водийси дегани, билдингми?
-Зўрку, сенинг инглизчанг билан менинг ўзбекчамда ҳам “ф.” битта маънони берар экан,-дедим кесатиқ билан.
-Фалон ҳамма жойда фалонда ташлақи!
Унинг бу гапидан росманасига жаҳлим чиқиб кетди:
-Ундай бўлса нега “ф”. демай “фалон” деяпсан ташлақининг “т.” си!
Қаранг, ўзбек тилида кашфиёт қилиб юбордим. Бундан кейин “ташақ” демасдан “т.” дейишга ўтайлик. Бу маданийроқ.
Қорабой бақириб юборди:
-”Ф”,”ф”,”ф” !
-Вой аблаҳ, вой “т.”, нима девоссан?
-Фалонча фалончининг фалони…
У шундай деб машинани тақа-туқ тўхтатди ва мен томондаги эшикни шақа-шуқ очиб, “тўрт томонинг қибла, кўздан йўқол жибла” дегандек “Туш” деди. Бахтимдан айланай, шу пайт яна битта аёл бизга ўрта бармоғини кўрсатиб ўтди. Мен ҳам унга кўрсатиб-кўрсатиб орқасидан югура бошладим.
Бир пайт қарасам, Қорабой ялиниб – ёлвориб машинасига миндирди. У энди тилини тишлаб, жимгина кетвотти. Менинг эса кулгим кевотти. Бу ”култур шок” дегани “кулдирчоқ” эканми-а?
Култур шокми, кулдирчоқми, ўзингга насиб этсин, Қорабой! ”Ф.” деб гапиришни ўрганмаганим маъқул. Нимагами? Тошканга қайтаман. Қайтишим билан тўхтатишса, адашиб “ф.” деб юборсам, нима бўлади? Бизникиларнинг тухумида – каллахумида битта “ф.” бор. У ҳам бўлса, ҳов тепадаги “фалончи”. Бунга ҳам парво қилмай “ф”. “ф” деб юборсам-чи, фалончининг фармонини назарда тутиб? Дарҳол, электрашок׃
-Қани айт, “ф.” “ф.” дегани нима?
-Фалончининг фармони!-дейман.
-Бекорнинг бештасини айтибсан! Ҳе…
Бошланади׃ “гурс-гурс”, “қарс-қурс”, “шақ-шуқ”, “воҳ-воҳ”, “хўп-хўп”…
Тўтига айланаман, айтганларини қайтараман׃
-“Ф.” “ф.” дегани бу “Фалончига фалоним” дегани!
У ёғини ўзингиз биласиз, ишлар “ф.”- “ф.” бўлади, яъни фан-фара! Даб-дала!
Нофизий.
2012.
Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.
Filed under: Нофизийдан нома, Nofiziy | Tagged: Жаҳонгир Маматов, Сатира, Jahongir Mamatov, Nofiziy, Satira |
davomi bormi?
davomi bo’ladi