Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (6)

nargizПИРЁД

Америка ўзимизнинг “Амир ака” деган гапдан келиб чиққанини бугун бутун дунё билади. Билмаганлар билиб қўйсин. Зотан дунёда биринчи ўзбеклар пайдо бўлган, иккинчи ўзбек тили ва қолганларнинг ҳаммаси учинчи. Мен билан тортишмоқчимисиз? Ютқазасиз. Далилларим далаларни босиб ётибди. Нечта керак? Тоқатни тўқиллатиб туринг.

Бундан минг йиллар олдин сафарга чиққан ўзбек гастербайтерлари айланиб-айланиб битта жойга келиб қолишибди. Уларни нимадир чақаверибди. Ҳа, энди бир қарич жойда саккиз киши ётгандан кейин нима бўлади? Кечаси билан ҳамма:
“Бу нима?”, “Бу нима?” деб бақирармиш.

Охири битта ўзбек гастербайтер хурракни кесибдида:
-Шуни ҳам билмайсанларми, гўсалалар, бу ахир кана-ку,-дебди
-Нима?
-Ўл-е, бало, шуни ҳам билмайсанми, нима бўларди, канада!

Буни эшикнинг орқасидан эшитиб турган эскимослар “канада”, “канада” деб югуриб кетишибди. Кўрдингизми, Канадани ҳам ўзимиз кашф қиганмиз, худди Американи очганимиздек.

Битта Американи эмас, бутун Америка қитъасини ўзимиз кашф қиган. “Чилла” деган гапимиз борми? Бор! Мана сизга Чили қаттан келиб чиққан.

Боливиячи? Топдингиз. Ўзимизнинг “бол”дан. Уругвай-чи? Ҳа, яшанг “уруғвой”дан, Панама бўлса, ҳалиги болаларимиз кийиб юрадиган панамкадан. Майли, давлатларни қўйинг, буни ҳамма билади.

Мана бетта Тинч океани бор экан. “Тинч” дегани ўзбекчами? Буни рад қиладиган топилмаса керак. Русчасида “Тихий Дон” бўлиши мумкин. Инглизлар “Ошин” дер экан. Демак, ўзимизнинг “ош”дан олинган. Атлантика-чи? Ҳа, баракалла, топдингиз, “Атла, атла” деймизку сувни кўрганда, ана ўшандан.

Америка қитъасини Беруний бобомиз топганда Колумбнинг иштони орқасига санчоқлаб қўйилганди, деган гапга сиз ишонманг, ман ишондим.

Нью Йоркни айлансам марказини “Манхаттан” дер экан. Битта ўзбек адашиб, ўзининг қаердан келганини унутиб “Манқаттан?”, “Манқаттан?” деб сўравергандан кейин шу ном қолганда. Инглизлар “қ” ҳарфини айтолмас экан. Айтолмагандан кейин нима бўлади? “Манқаттан”, “Манхаттан” бўладида!

Бу ҳам майли, ўзбеклар босиб олган Бруклинчи? Бетга биринчи брук кийиб келган брукли ўзбекнинг номига қўйилган. Ўшанда ҳам ҳамма иштонсиз бўган, битта брукли гастербайтер кеб қоган ва шу билан цивилизация бошланган.

Дунёнинг любой жойини олинг, ҳаммаси ўзбекча. Мана энг катта воқеалар қатта бўвоти? Биринчиси, Мисрда. Битта урус “Бу ном бизнинг “Мусор”дан келиб чиққан, ишонмасанг Таҳрир майдонини бориб кўр, ҳамма ёқ мусор” деб қолди. Шартта оғзига тепдим. Миср дегани “Бу сир” дегани? Далилми? Бор далили. Тахтдаги одам қамоққа, қамоқдаги одам тахтга.. Сирми, ҳа, бу сир!

Суриянинг номи ўзбекча “сур-сур”дан келиб чиққан. Ҳозир Амриқо билан Урусият орасида сур-сур. Доим бу жойлар сур-сур бўб кеган.

Ўзим битта бобойдан эшитганман. Сипоҳилар чегарада ухлаб қолибди. Бобур Мирзо “Турларинг, кундуз, тонг!”, деган экан, элликбошилар “Кундуз, тонг!” деб бақиришибди. Кейин “Кундуз, тонг” маҳаллий шевага аралашиб “Ҳиндистон” бўлиб кетган экан.

Биз бугун ана шу ўзлигимизга, ана шу тарихимизга қайтмоқдамиз. Буни Нью Йоркда ўз кўзим билан кўрдим. Бутун дунё бизники эканлигини тушуниб қолиб, ўша жойларни қайтадан кашф қивоммиз.

Нью Йоркда энди “Ўзбекистон”, “Самарқанд”, “Бухоро”, “Турон”, “Туркистон”, “Тошкент”, “Фарғона”, “Водий”, “Осиё”, “Ипак йўли”, “Амир Темур”, “Наргиз”, (беочеред киролмайсиз, ҳаргиз), “Шаҳло”, “Раъно”, “Муқаддас”… Бу номлар Ўзбекистонда арақ ва виноларга қўйилаётган эди, бетта арақ-винолар ичиладиган ошхоналарнинг тепасига ёзилган. Бутилкага ёзилгандек ошхона пешанасига ёзилгани қизиқ туюлар экан. Шўр пешана ошхона!

Бугун “Наргиз”га бордик. Ана шашлик, мана шашлик, ана лағмон, мана лағмон (қулоққа осиш йўқ)…

Демак, ота-боболаримиз йўлидан олға! Перёд! Тағин урусча сўз ёзибди деманг. Бу “пирёд” дегандан келиб чиққан. Пирларни ёдга олиш дегани-Пирёд!

Нофизий.

2012.

Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: