Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (5)

aldarkusa1Трашкент

Нью Йорк сафаримни давом эттириб, “Эскижува” номини олган Брайтон Бичга бордим. Эскижува бир пайтлар Тошканнинг “юраги” эди. 24 соат тинмасдан “юрарди”, кеча-кундуз гупиллаб турарди.

Брайтон Бич бизникилар урушларсиз босиб олган Бруклиннинг “жигари” экан. Бир жигарки, серроз бўлишига оз қолган. Ҳамма ёғи идраб тўкила бошлаган, ахлатхонага айланган “жигар”, устидан эскириб кетган поездлар тақа-тақа эзиб ўтадиган “жигар”. Самарқандликлар “Жигар жигар аст, дигар дигар аст” деган гапни шу жойда тўқиган бўлишса керак? Ҳамма бир-бирига жигар, ҳамма бирига дигар бу ерда.

Бизга нима? Ҳўкиз бўлсин сут берсин, чинор бўлсин тут берсин.

Битта дўконнинг эшигини шарақи очиб ичкарига кирдим. Одамнинг оласи тугул, боласи ҳам кўринмайди. Худди маскали нинзалар ҳозиргина чиқиб кетгандек сукунат. Бирдан прилавканинг орқасида калла кўринди.
-Хабарю!-дедим.

Амриқода ҳамма бир бирига ё “Хабарю” ёки “Хавдуду” деркан. Калла бирдан гавдага айланди ва ишонасизми йўқми, ўзбекча жавоб қилди:
-Бугун ҳеч қанақа хабар йў! Газит ҳафатада бир чиқади.
Суҳбатимиз қўр олди:
-Ока, ман сизга инглизчалаб гапирсам, сиз ўзимиздан экансиз-ку?
-Бетта бегона йў, ҳаммаси ўзимиздан, ҳатто ўрису жугутлар ҳам ўзимиздан.
-Худога шукур ўрисча жавоб қилмадингиз.
-Ўрисчани энди ўрганвомман. Бетда ўрислар уже ўзбекча гапирвотти.
-Инглизчани сув қиб ичворган бўсаларинг керак?
-Инглизча Америка томонга ўтганда керак.
-Бу ер Америка эмасми?
-Бу ера Брайтон бич, Нью Йорк! Ҳали бетдан чиққанимизча йўқ, вақт бўган эмас.
-Брайтон бичга қачон кегансиз?
-Ўн йил олдин сурворганмиз.
-Бориб кеб турасизми, ватанга?
-Қатта? Бу ерга кириб олиш бор, чиқиш йўқ. Паспорт эскирган, ўзимиз “нелегал” бўб қоганмиз.
-Шу алпозда юраверасизми, ўзингизни “легал” қиб омайсизми?
-Кўпчилик “легал” бўб олди. Манам пойлаб турибман. Беш-олти киши яна қўшилса, ЎЎНни олдига бориб “Ўзбекистонда революция қиламиз!” деб суратга тушиб келамиз. Қолганини адвокатлар “ёпиштиради”.
-Ока, “Ўзбекистонда революция қиламиз!” деб ваъда берсангиз кўп одам ишонади, одамлар шуни кутвотти, уларни алдаб қўйиб, бу вазиятдан қандоқ чиқасиз?
-Просто! Айбни ўзбекистондагиларнинг бўйнига қўямиз. Бизга қўшилмадинг, биз билан бирга курашмадинг, деймиз, вассалом, гап тамом, ишим омон, эшагим ёмон.

Шу пайт бошига айлана дўппи қўйган биттаси келиб, суҳбатдошимга:
-Нега лақиллавоссан, бор ану мусирларни олиб чиқ, трашкентга таша,-деди. Ҳайрон қолдим, булар Тошканни “трашкент” дерканми ёки кўчага шунақа ном қўйганми? Кейин билсам, “трашкан” дегани Тошкан эмас, ахлатқути экан. Фарқи нима? Бир Тошканни бориб кўрсин, ахлат қутисига айланган.

Ўйлаб ўйимга етмасимдан чиралак дўппили менга юзланди:
-Хизмат?
-Ўзим шундоқ.
-Иш керак бўлса эшикнинг олдида эълонлар тахтаси бор, деразанинг ёнида эса реклама газеталари.
-Шунчаки саёҳатга кегандим.
-Ҳамма ҳам саёҳатга келади, мен ҳам, ана улар ҳам саёҳатга кеганмиз, бу ерда ишга кеган одам йўқ.
-Мен ростдан ҳам саёҳатга кеганман, эрта-ндин қайтиб кетаман.
-Ҳа, депорт чиқдими? Проблема! Бирорта ҳаракат-маракат, партия-мартияга қўшилиб олинг, депорт тўхтайди.
-Мен инглизчани билмайман, қолганим билан бирим икки бўмайди.
-Жа қизиқ экансиз, бетта ўзбекча ва русчани билсангиз бас. Америка томонга ўтсангиз “узнглиш” керак.
-Бу нима дегани?
-Бу бор йўғи битта гап: “Но инглиш, ес узбек, Узбекистан… но Пакистан, Узбекистан!” дегани. Шуни билсангиз бўлди. Шуни ҳам уддалай олмасангиз қайтиб кетаверинг. Лекин қарзни ким узади?
-Қайси қарзни?
-Биззи содда деб ўйлавоссизми? Бетга ҳамма қарз билан келади, окам. Дастлабки икки-уч йил қарз узишга кетади. Балки сиз…

У бирдан кийимларимга тикила бошлади. Вокзалда тунаганим учун унга фурсат бермай апал-тапал жавоб қилдим:
-Нофизийман!
-Нима, нофизик?
-Йўқ, физикман, Нобел мукофотини олган физикман!-дедимда чиқиб кетдим. У бақириб қолди:
-Бу нимага кеган ўзи, калбаса олмоқчимиди?

Эшикдан ташқарига чиқсам беш-ўнта ўзбек тўпланиб турибди. Мардикор бозори экан. Биттаси латифа айтиб, қолганлари қанғар-қанғар кулвоти.

-Алиш урусга кўкидан бериб, правани огач, қўшнисининг машинасини ҳайдаб, кичкина бир йўлда машқ қивотган экан. Орқасига полисай “илинибди”. Тез ҳайдаса тез ҳайдармиш, секин ҳайдаса секин. Бир бало қиб ундан қутулмоқчи бўпти. Қараса битта уйнинг олдида жой бор, шартта ўша томонга бурибди.
Орқасидан полисай келиб тўхтабди.
-Бетта нима қивосан?-дебди урусчалаб полисай. Алиш полисай ўзимиздан экан деб хурсанд бўлиб кетибди:
-Братан, работа, знаеш, работа, оттуда суда, эта дом, меники, мой, панимаеш, мой, купил, много, много денга давал, анука захади, чай будем пить!
-Бу сизнинг уйингизми?-дебди полисай ўзбекчалаб.
-Тоза ҳам ўзимиздан экансизку? Окагинам, бу уй ўзимники бўмай котта холамники бўладими? Бироз қимматакан, аммо кўзни ғирт юмиб, ширт овордим.
-Вой, блин, наҳотки хотиним уйни сотди?

Полисай шундай деб ичкарига югурибди. Алиш машинани ҳам ташаб қочвормоқчи эканки, полисай қайтиб чиқибди:
-Худога шукур, уйим сотилмабди, қани икарига, ювамиз,-дебди.

Шундан бери ҳар кун кечқурин Алиш бориб полисайнинг полларини ювиб келаркан.
Бунақасидан ўзинг асра, Худойим, дедимда туёқни шиқиллатиб юбордим.

Нофизий.

2012.

Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s

%d bloggers like this: