САВОЛ: Сиз Америкага келган жуда кўп ўзбеклар билан учрашиб тураман, деб ёзибсиз. Улар сиз билан учрашишга қўрқмайдиларми?(Гўзал).
ЖАВОБ: Камина ҳам кўплар қатори бир оддий одам, ҳар ҳолда қўрқинчли бўлмасам керак.
Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони шу-ки, халқимга, Ватанимга, инсониятга қарши бирор жиноят қилганим йўқ ва бирор жинояти учун қочиб юрган одам ҳам эмасман.
Бугунга қадар виждонимга қарши ва виждонимни қийнайдиган бирор номақбул ҳаракатга қўл урганим йўқ. Шукур Худойимга! Виждон буюрганини айтганим, халқ ва ватанга яхшилик келадиган йўлга томон одимлаганим учун кимларгадир ёқмадим. Бунинг учун ўксинмайман. Қувғин этишди, туҳмат қилишди, қора чапламоқчи бўлишди. Аммо вақт кўрсатди-ки, жиноят, қабиҳлик, адолатсизлик томонида эмас, балки адолат, ҳақиқат, ростгўйлик томонида турган ва шу йўлдан ҳеч қайтмасдан, иккиланмасдан ўз сўзини айтган одам ажрини шу ҳаётдалигдаёқ оларкан.
Ҳамма вақт одамларга жиноий йўлни эмас, қонуний йўлни тавсия этдим. Ҳамма вақт диктатурани эмас, демократияни ёқладим. Бундан кейин ҳам шундай бўлади ва буни билганларнинг баъзилари учрашишга қўрқадилар, баъзилари қўрқмайдилар. Бу уларнинг ваколатига оид. Шукрки, қўрқмайдиганлар кўпаймоқда.
Илгарилари “Учрашиб қолсак, кейин ҳукумат авлод-аждодимиз билан қуритиб юборади” деб мулоҳазага борганлар бўлган ва бугун ҳам балки бор бордир? Қўрққан ҳатто ўз соясидан ҳам қўрқади. Бир киши доим “Нега ундай қилмайсиз? Нега бундай қилмайсиз?” деб хат ёзади. Аммо ўзи бир нарса ёзиш у ёқда турсин, ҳатто исмини очиқ айтишдан қўрқади. Албатта, бундайлар билан учрашишга ҳам хохиш йўқ.
Биз билан учрашган ўзбекларнинг ҳаммасини терговга тортиш, қувғин қилиш билан шуғулланганда ҳукуматнинг бошқа ишга вақти қолмаган бўларди.
Қолаверса, кейинги пайтда Ўзбекистондан очиқ мактуб ёзаётганлар жуда кўпайиб кетгани ва Америкага келаётган ўзбеклар учрашишга интилишлари одамларда ички қўрқув синмаса ҳам синиш томон бораётганини кўрсатади.
Яқинда бир тележурналист йигит келди. Унинг қайтиб кетгандан кейин ёзган электрон хатидан бир парча келтирмоқчиман, бу кўп нарсани ойдинлаштиради:
“Ватанга яхши етиб келдим. Ҳаммаси жойида. Фақат қайтишим билан бу ердаги муҳитга яна қайта мослашишим жуда қийин бўлди. Чунки Ўзбекистонда айтарли ўзгариш бўлмаган, халқнинг аҳволи аввалгидан-да хароблашган, иқтисодий қийинчиликлар ҳамон давом этяпти. Келиб кўрдимки, одамлар мавжуд тузумдан ниҳоятда норози, сабр косалари тўлиб бораётир. Ҳозирда 2 та одам йиғилса, дарров сиёсатдан гап очилади ва очиқчасига ёзғиришаётганига гувоҳ бўляпман. Оддий қишлоқ одамидан тортиб, манаман деган олим-у зиёлиларгача—ҳамма-ҳамма мавжуд режимдан ниҳоятда норози ва буни яширмайдилар ҳам. Хуллас, вазият тобора издан чиқиб боряпти.
Майли, бу гаплар сиз учун янгилик эмас. Ватандан узоқда бўлсангиз-да буларни мендан яхшироқ биласиз. Сизни яқин келажакда Ватанда кўришни Худодан сўраймиз, барчамиз. Шу жабрдийда халқнинг аҳволини ўз кўзингиз билан кўриш насиб этсин, илойим.
Сиз билан учрашиб, уйингизда меҳмон бўлганим ҳақида дадамга айтдим. Аввалига қўрқиб кетдилар, кейин жудаям хурсанд бўлдилар. Жаҳонгир Маматовдай одам билан учрашибсан, зўр иш бўпти, фақат буни ҳеч кимга айтма, деб қаттиқ тайинладилар. Кейин сиз ҳақингизда гапириб кетдилар. Билдимки, ҳали сизни жуда яхши эсларкан, эслагандаям миннатдор бўлиб, ҳақиқатгўй одам эдилар, деб хотирлашакан.
Мен қаттиқ ишонаманки, вазият шундайлигича қолиб кетмайди. Ҳали ҳақиқий маънодаги дориломон кунлар албатта келади”.
Овмин! Шу муҳтарам, қобилиятли укамизнинг айтгани келсин! Аслида саволга жавоб ҳам шу укамизнинг хатида мужассам.
Жаҳонгир Маматов,
“Зеҳният жумбоғи”(2004) китобидан.
Filed under: Savol-Javob |
Leave a Reply