САВОЛ: Сизга ёзиш қийин… ёзмаслик осон… Нима учун овозингиз мунгли? (Низомиддин).
ЖАВОБ: Ёзиш қийин. Ёзмаслик осон бўлишига қарамай қийин йўлни танлаганингиз қувонарли ҳол. Баъзан жуда қисқа мактублар ҳам жуда катта маъноларни ташийдилар.
Овоз масаласида: халқимиз ўзининг энг оғир кунларини яшаётган бир пайтда сизга юзланиб, овозингиз мамнуният билан тўла, деса балки ранжиган бўлардингиз. бугун қувонадиган ҳолат оз. Балки кўролмаётгандирмиз. Бир кун келиб овоз мунгдан ажралса не бахт?! Ким ҳам мунгга боғланиб қолишни истайди? Ким ҳам қувонишни истамайди?
Оддий нарсалардан қувониб, оддий нарсалардан ранжиб юриш ҳақида гап бораётгани йўқ. Гап кишининг ўзлигига ранги инувчи улкан дард ҳақида бормоқда. Бу биз ҳам бир парчаси бўлган халқнинг дардидир. Уни кўра олиш, ҳис қила билиш, елкага юклаш, унинг азоблари қўйнида эзилиш не дариғки бизга “насиб” этган экан.
Ниятимиз соф: келажак авлод бу дарддан, бу азобдан фориғ бўлсин!
Ҳа, бизга ёзиш қийин… ёзмаслик осон… Лекин қийин йўлни танлаётганлар сони кўпайиб бормоқда.
Бу эса ёруғ кунларнинг, дарднинг чекинишининг ибтидосидир.
Жаҳонгир Маматов,
“Зеҳният жумбоғи”(2004) китобидан.
Filed under: Savol-Javob |
Leave a Reply