Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (1)

aldarkusa1ДЎСТ

Ҳозир Амриқо сафаридаман. Дўстимнинг уйидаги компютердан “Facebook”даги саҳифамга кираман, десам мезмон қаршилик қилди. Жоним ҳалқумимга келди. Меҳмон отангдан улуғ, дўстинг тоғангдан деган гап бор, нега қаршилик қиласан?

Юзига қараб шундай деб юборишим мумкин эди, аммо у ҳам терс-қўрс одам, шартта-шуртта эшикни очиб, заҳрини сочиб кўчани кўрсатса нима қиламан? Тилимни тишладим.

Майли чидаб турай. Уч-тўрт кун ишдан қолиб, мошинасига миндириб у ёқ-бу ёқни томоша қилдирди, ресторанларга олиб борди, яна бир-икки кун долларининг белини синдирайлик, сўнг хайр-хўш, энди мен бўш!

Kетганимдан кейин бир нарсани баҳона қилиб, орани узаман. Ўз номим билан ёзсам оми одамлар “тузини еб тузлигига туфурибди” дейишади. Йўлини топиб буни ясайман.

Ҳали санми “Facebook”даги саҳифамга киришга қаршилик қиладиган?

У авзойимнинг темпратураси чиқа бошлаганини сездида бошқа компютерни олиб келиб берди. Вот, блин, бунинг нечта компютери бор ўзи? Пулни қаттан овотти? СНБнинг одами эмасмикан? Йўғе, мени ўн йилдан бери сотган эмаску? Балки запасга олиб қўйган бўлса-чи?

Серавно унга ишонч йўқ. Бир миллион долларга уй олибди. Қаттан олади бунча пулни? Нима эмиш, Америкада уйларни қарзга берармиш? Латифангни жиянингга айтсанг, ишонмаса, менга айт. Ҳей, сенга ман ишонмайману Америка ишонадими? Сени бировнинг қўли билан тикан юлиб юрганингни тахмин қилган эдим, мана энди кўзим билан кўриб турибман, қўлларинг тилинмаган, қора меҳнатнинг кўчаси нима, сўқмоғидан ҳам юрмагансан!

Хўп, унда ана “БМВ” ва “Мерседес”ларни қаттан олди? Уни ҳам қарзга беришганми? Текин бўлса мих ютади одамлар. Сан ҳам анча-бунча темир таққа ютибсан?

Гапни айлантириб-айлантириб қанча маош олишини сўрадим. Америкада буни айтиш мумкин эмас эмиш. Лағмонни қулоғимдан олиб, башарасига отгандек, бир қочириқ савол бергандим, қулоғимга тепди. Фалон пулмиш. Бекорнинг бештасини айтибсан. Ўзбекка шунча маош берадиган Амриқони ҳали Колуб-Полумб кашф этмаган, сен кашф этасанми?

Эшитганман, ўзбеклар Нью Ёркда 24 соат тинмай ишласа ҳам азгина гадой ҳақи берармиш. Ҳали у ерга борсам, ўз кўзим билан кўрсам, уни ҳам сизга айтиб бераман. Лекин энди мушук ҳам бекорга офтобга чиқмайди, билиб қўйинг, ширафурушнинг шираси бор, ортиш, тортиш кираси бор. Буни ҳам ҳисобга олинг. Мен текинга ашула айтадиган ҳаваскор ҳофиз эмасман. Уйингиздан жой берасиз, камида.

Дўстим деганим эски копютерни ишга солиб, ўзи дўконга кетворди. Коп-котта уйда бир ўзим қолдим. Айланиб чиқдим. Тўртта алоҳида-алоҳида меҳмонлар ўтирадиган жой. Битта яна котта зал. Беш-ўнта ётоқхона. Саунадан тортиб, беш-олти ванна ҳам бор. У уйимни кўриб чиқсин, деб ташлаб кетган ёки ўзига ишонч уйғотмоқчи. Вой аблаҳей, шунча ҳам айёр бўласанми-а?

Қачон қайтишини билганимда-ку ана у янги компютерларини ишлатиб турардим. Одам ҳам шунча хасис бўладими? Ўтирадиган стол-стулига қаранг? Халқимиз нима аҳволдаку бу шоҳона стол-стулларни сотиб олган?

Назаримда уй исиб кетди, нафасим қисиб кетди. Ташқарига чиқмоқчи, хаёлларимни йиқмоқчи бўлдим. Уйига биров кирса тревога бўладиган нарса ўрнатган экан. Уни ўчиришнинг кодини айтиб кетди, лекин ишлатишга қўрқдим. Манимча, у атайлабдан қилган. Адашиб-мадашиб тугмаларни боссин ва полиция келиб ўғри деб ушлаб кетсин, деб шундай қилган. Совунингда ўзинг кир юв!

Хуллас, уйдан чиқмай бўғилиб ўтиргандим ўзи қайтиб келди. Бир машинани тўлдириб, кўзларимни ўлдириб нарса олибди. Итимнинг боғи йўқ, егани қора чаррос бўлсин деганда. Ўзини кўрсатиб қўймоқчи, ғаддор. Ўйлаб ўйим бузилди, асабим асов отга айланди, бошимга, иннанкейин қорнимга оғриқ кирди. Топдим, бу нега бунча нарса олиб келганининг сирини. Қорним оғриб, ичбурма бўлишимни кутаяпти, шекилли? Тағин менга совға ҳам олиб келибди. Ҳали кетаётганимда қўлимга пул ҳам тутқазиб қўйиши мумкин. Оғзимни ёпиш учун взятка беришдан ҳам қайтмайди, бу аблаҳ!

Қорним оғриса ҳам тўрт фаслда пишадиган мевалардан ғабар-ғубур еганимдан кейин у “Facebook”ка кира олдингизми?” деб сўради. Нетолко кира олдим, даже у ерга бир нарсалар ёзиб қўйганимни ҳам айтдим.

Кейин у яна бошқа копютерни олдида “Қани бунда ҳам бир марта очингчи?” деди. Очаман десам қўлимдан тутди ва тепадаги адресига қарашимни айтди. Қарасам, “Facebook” эмас, “Youface.uz” деб ёзиб қўйибди.

“Буниси нима бало эди?”- десам у “Ўзбекистонда ҳозир шунақа сайт очилгани ва “Facebook”нинг копияси” эканлигини айтди.

Адашиб у ерга исмингиз ва паролингизни ёздингизми тамом, кейин “Facebook”даги саҳифангиз “қуда томон”нинг ҳам томорқасига айланар экан. Қойил қолдим. Буни ҳали ҳам онасини эмиб юрган битта боланинг номига аформит қилиб қўйибди. Эс-песим чиқиб кетди. Лекин кейин ўзимни босиб олдим. Бу яна дўстим деб юрганим шу одамнинг иши бўлмасин?

Ҳа, қараб турсин, бу ердан бир кетиб олай, уни шундай боплайманки, туғилганига етти марта пушаймон бўлади.

Нофизий.

2012.

Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: