Диктатура манзаралари

qamoqДИНИЙ ЧАЛАСАВОД ҚИЛИШ

Ўзбекистонда диний эркинлик йўқ. (АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича йиллик (2006) ҳисоботидан).

Бугун Ўзбекистонда диний экстремизм таҳликаси борми? –БОР!

Диний эркинлик эса, йўқ.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлгунига қадар Ўзбекистонда диний экстремизм таҳликаси бормиди?- ЙЎҚ!

Аммо диний эркинлик бор эди.

Бугун баъзилар 1980 йиллар ўртасида Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетида идеология масалалари бўйича котиб бўлган Раъно Абдуллаевани қаҳрамон деб ёзмоқдалар. Унинг ўзи ҳам ўзини Ислом дини тарафида турган қаҳрамон аёл қилиб кўрсатмоқда. Жумладан, 2006 йил Март ойида “Озодлик” радиосида ана шу ҳақда гапирганини ўзим эшитган ва ёқамни ушлаб қолгандим.

Чунки унинг даврида коммунистлар ва ҳукуматда ишлаганлар ота-оналарининг ўлим маросимида тўн, дўппи кийиб, белларига белбоғ боғлаганлари учун партиядан қувилиб, ишдан олиниб, ҳатто қамалганларининг гувоҳи бўлганман.

Буни бизнинг ёшимиздагилар жуда яхши билишади ва ўша даврда қабристонларда Қуръон тиловати ўрнига коммунистик нутқлар ирод қилишни талаб этишганини ҳам кўпчилик яхши эслайди. Совет давридаги энг қақшатқич йиллардагидан ҳам ёмон бўлган ишнинг бошида бевосита Раъно Абдуллаева тургани кўпчиликка маълум.

У учта-тўртта эркакнинг кучини ўзида мужассам этган бир аёл эди. Ҳамма ундан қўрқарди. У Самарқандга келганда журналист сифатида уни кўп кузатганман. Қишлоқ хўжалик институтида бир талаба қизни “Нега иштон кийдинг, маданиятсиз?” деб койиганини, Самарқанд туман раҳбарлари (Мўмин Шерқулов ва бошқалар)ни бир диний мажмуа қурилишига ғишт олишга рухсат этишгани боис партиядан ўчириб, ишдан ҳайдатганини бевосита биламан. Лекин гап бунда эмас.

Гап шундаки, ана шу аёл кетгандан кейин Ўзбекистоннинг кўксига шамол тегиб, диний эркинликлар йўли очилганди.

Истаган одам истаган мачитига борадиган, хоҳлаган маҳалла хоҳлаган ерида ибодатгоҳ қурадиган, диний мавзуларда исталгани қадар баҳс юритиладиган, китоблар чоп этиладиган бир замон бўлганди.

1990 йилларнинг бошига келиб, мусулмон жамоаларнинг раҳнамолари миллат вакили этиб сайланган, радио ва телевидениеда эркин диний минбарлар ташкил қилинган, ҳатто баъзилар Ислом уйғониш партиясини тузиб, сайловларда қатнашиш истагини ҳам кўрсатишганди.

Эсимда, Каримов ҳокимият тепасига келиши билан демократик ташкилотлар баробарида диний гуруҳларни ҳам қатағонга олди.

У 1990-йилларнинг “Раъно Абдуллаева”сига айланди. Фақат, Раъно Абдуллаева ҳамма нарсани очиқ қилган бўлса, Каримов тилда динни улуғлаб, амалда унга қарши курашди…

Бир кун Бешёғочда демократик ташкилотлар, мухолифат ва диний гуруҳларнинг йўлбошчилари халқаро журналистлар учун матбуот конференцияси ўтказдик. Ўшанда тарихчи-профессор Файзулло Исҳоқов билан бирга бошқарганимиз Демократик ислоҳотлар ташкилотининг раисдоши сифатида қатнашгандим.

Конференцияга Ислом уйғониш партиясининг амири Абдулла Ўтаев ҳам келди.

Ташқарида у билан беш-ўн дақиқа гаплашиб қолдик.

Унга:

-Сайловда қатнашамиз, деб айтдингиз, агар қатнашсангиз, диний партия деб ҳозирги шароитда ростдан ҳам анча-бунча тарафдор тўплашингиз мумкин, ҳатто сайловда ютиб ҳам чиқдингиз, деб фараз қилайлик, лекин Ўзбекистонни ким билан бошқарасиз, қандай режим бўлади, кадрларингиз борми, агар шариат ўрнатадиган бўлсангизлар, дунёда бунинг бир модели мавжудми? Бу режимни халқ истайдими?-дедим.

Чунки ичкарида ҳам худди ана шунга ўхшаш саволлар бўлган ва у аниқ жавоб бера олмаганди. Бу нозик масала дея саволлар ҳам мужмал, жавоблар ҳам мужмал эди.

Шу боис Абдулла Ўтаевдан очиқчасига сўрадим. У׃

-Дунёда тўла шариатга асосланган бирорта мусулмон давлати йўқ. Ўзларини мусулмон давлатлари деб атаганлар ҳам шариатдан узоқдалар. Менимча бундан кейин ҳам шундай бўлади. Мен мана бу ерга келиб демократлар билан бирга юрганимнинг сабаби ҳам биз ўз бошимизга ҳукумат қила олмаслигимизни тушунганимиздандир…,-деди.

У билан анча гаплашдик ва унинг ўзи ҳам дилдан демократларнинг йўлини қўллаётгани сезилиб турарди.

Орадан кўп ўтмай, унинг Мисрга кетгани, қайтишда Қозоғистондан Тошкентга кираверишда қамоққа олинганини эшитдим. Шу билан у дом-дараксиз йўқолиб кетди.

Абдулла Ўтаевдан сўраганимни жуда кўп диний уламолар ва диний гуруҳларнинг лидерларидан ҳам сўраганман. “Америка овози”да ишлаганимда 2000 йилнинг Октябр ойидаги интервюда айни саволни Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бошида турган ва кейинчалик Толибонга қўшилиб, террористик йўлга кирган Тоҳир Йўлдошевга ҳам қаратганман ва ҳатто у ҳам: “Бугун ер юзида Расулуллоҳ алaйҳи ва салламдан қолган ислом модели бугун йўқ”, (Uzbek Islаmic Debats, 2006, USA, Dunwoody press, 432-бет) деб жавоб қилганди.

Демак, ўша даврда аксар исломий гуруҳларнинг Ўзбекистонда шариат давлати қуриш ҳақида аниқ тасаввурлари ҳам бўлмаган.

Шундай экан, улар Каримов режимига унинг дунёвийлиги учун эмас, балки унинг золимлиги учун қарши бўлганлар ва бу режим қулаган тақдирда ҳам ҳокимиятни бошқаришга тажриба, режа ва халқ орасида оммавий дастаклари йўқлиги боис демократик мухолифатга яқин бўлишга интилганлар.

Ҳа, 1990 йилларнинг бошида Каримов муроса қилиш, тил топишиш ва сиёсий йўллар билан уларнинг жамиятдаги ўринларини топиб бериш ўрнига қатағон йўлини танлади.

Таъсир-акс таъсир қонунияти бор. Бир киши ноҳақ қамалса, унинг ортида болалари, қариндошлари адолатсизликка қарши бош кўтарганлари каби диний лидерларнинг қанчадан-қанча яқинлари, шогирдлари режим душманига айландилар.

Дарвоқе, агар улар таҳлика даражасига етмаган бўлсалар, Каримов нега уларни қувғинга олди, деган табиий савол туғилади. Кўпчилик мана шу саволга жавоб беришда Каримовнинг 1991 йилда Наманганда Тоҳир Йўлдошев гуруҳи билан учрашувини бурилиш нуқтаси сифатида кўрсатади.

Менимча, бурилиш нуқтаси Каримов Ҳолландияга боргандан кейин юз берди. Ҳолландияда унга׃

-Сизларда исломий экстремизм борми?-деб савол беришди.

-Бор! Илдизи жуда чуқур ва таҳликали! Биз бунга қарши курашга тайёрмиз ва ёрдамга муҳтожмиз,-деди Каримов.

Унинг бу гапи бутун дунёда акс садо берди. Ҳамма ёқда шу ҳақда баҳслар бошланди. Табиийки, СССР йиқилишидан кейин унинг ўрнида пайдо бўлган давлатларнинг қайси йўлдан кетиши мавзуси кўпчиликни қизиқтирар эди.

Кимдир “Каримов ҳақ гапни айтмоқда” деса, кимдир “У дунёни алдамоқда”, дер эди. Уни қўллаганлар ва ёрдам беришга тайёр бўлганлар ҳам бор эди.

Ўшанда Каримов ҳали кўкармаган ниҳолнинг мевасини сотганди. Бозор чаққон экан. Насияга бўлса ҳам олишди. Ана шу пайтда Каримов дунё диққат марказида туриш учун ўзига йўл танлади. Диний гуруҳлар, жамоалар, лидерлар худди мана шу мақсаддан келиб чиқиб, қувғинга олиндилар.

Бу жараёнда ҳам баъзи халқаро ташкилотлар, давлатлар Каримовни танқид қилсалар, баъзилари уни қўлладилар.

Аста-секин диний гуруҳларнинг норозилиги кескин қаршиликка айлана бошлади. Бугунга келиб эса, ҳукуматнинг қаршисида ўзига ўхшаган “гапга кирмайдиган” гуруҳлар ҳам пайдо бўлди. Буни ҳукуматнинг ўзи туғди ва вояга етказмоқда.

Демак, бугун Ўзбекистонда бир-бирини мутлоқ кўра олмайдиган, бардош ва тоқатдан мутлоқ узоқ бўлган икки жабҳа мавжуд. Буни Каримов ҳам билиб, ҳам билмай яратди. Билгани бу масалада дунёни чалғитиб, ўз диктаторлик ҳокимиятини сақлаш, баҳона кўрсатиш бўлса, билмагани баъзи диний жамоалар бу қадар кучланиб кетиб, Ўзбекистон келажагини таҳлика остига қўйиш даражасига етишлари мумкинлиги эди.

Агар АҚШнинг Афғонистонга ҳужуми юз бермаганда бугун Ўзбекистоннинг вазияти нима бўларди, Худо билади.

Каримов диндорларни иккига бўлди, унинг эълон қилинмаган шиори қуйидагича эди׃

“Худога эмас, фақат менга сиғинганлар – менинг дўстларим!”

Менга эмас, фақат Худога сиғинганлар – менинг душманларим!”

Биринчи гуруҳни икинчи гуруҳга қарши ишлатди ва ишлатмоқда. Отилганлар, қамалганлар, қамалаётган ва йўқолаётганлар ҳақида ҳар куни ўқиб турибмиз. Ўқимаганларимиз ва билмаганларимиз қанча, балки келажакда билармиз?

Шунинг учун ҳам АҚШ давлат депаратаменти ҳар йилги ҳисоботида Ўзбекистонни диний эркинлик бўлмаган давлатлар қаторига қўяди. Лекин 2006 йилги ҳисоботда Каримовнинг диндорларага берган қулайликлари ҳам саналади. Масалан, ҳисоботда Ўзбекистонга 2003 йили қайтган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз диний асарларини нашрдан чиқараётгани, радио орқали ислом ҳақида дастурлар олиб бораётгани, унинг бошчилигида фаолият кўрсатаётган “islam.uz” интернет сайтига тўсиқ қўйилмагани ва унинг Ислом Университетида мударрислик қилаётгани мисол тариқасида келтирилган.

Дунё бозори ана шундай маҳсулотни ҳам олишга иштиёқманд бўлгани учун Каримов бугун ўз томорқасининг бир четига бунақасини ҳам экиб қўйган.

…Туркияга келганимда телевидениеда диний баҳсларни кўриб, оғзим очилиб қолганди. Диндорлар ва дунёвийчилар орасида жуда кескин баҳслар бўлар экан.
Бугунга қадар бу мамлакатда диний тамалдаги партиялар бир неча марта ҳокимиятга келдилар. Аммо мамлакатнинг демократик йўлини ўзгартира олмадилар. Баъзилар буни Туркиядаги ҳарбийлар уларнинг йўлини тўсиб туради, деб изоҳлайди. Менимча, асл сабаб бу ерда диний баҳслар очиқ бўлгани ва ҳамма истаган гапини айта олишидадир. Фақат битта одамнинг оғзига қараб қолган жамият ва жамоаларда ривожланиш бўлмайди.

Туркияда диний партия мансублари парламентда кўпчилик бўлганда ҳам, ҳукумат бошига келганда ҳам ҳеч нарса қила олмадилар. Чунки улар жамиятнинг анчагина қисми демократик тузумни ёқлашини ва шариатнинг ислоҳга муҳтож қоидалари билан бугунги замонда узоққа бора олмасликларини яхши тушунадилар.

Бизда эса, бу мавзуларда гап очган одам кофирга чиқарилади. Каримов режими ҳам, диний жамоалар ҳам бу мавзуни “зиндонбанд” этишган. Катта таҳлика мана шу!

Яқинда ўқувчиларнинг биридан мактуб олдим. У ёзган латифаларимда муллалар кулги қилингани ва диний мавзуларда эҳтиёт бўлишга чақирган.

Нима, Каримовни латифа қаҳрамони қилиш мумкину муллаларни мумкин эмасми?

Ёки муллалар одам эмасми? Одам бўлгандан кейин латифанамо иш қилиши турган гап. Ҳар қандай муҳофаза қилинган нарса ҳам барибир ошкор бўлади. Бу ишлар вақтида бўлса, фойдаси кўпроқ. Кечикдими, кўп нарса кечикади.

Бошқа бир мисол. Каримов даврида 15 йил унинг мафкураси остида яшаб четга чиққан бир кишига мактуб ёздим. Одатда электрон мактубларда қисқартиришлар ишлатаман. Масалан, “Ассалому алайкум” калималарини “АС. АЛ.” деб ёзишга одатланганман. У менга бу муборак калималарни қисқартириб, худбинлик қилганим, ўзи қатнаётган мачитдаги имоми ҳам шу фикрда эканлигини ёзди.

Унга׃

-Бўлмаса, имомингиздан “саллалоҳу алайҳи ва саллам” ўрнига “С.А.В.” деган қисқартириш ҳақида ҳам сўраб беринг-чи!,-деган киноя билан чекландим.

Яқинда Рамазон ҳайити арафасида ундан хат келиб қолди. У мени Рамазон эмас, Қурбон ҳайити билан қутлаганди…

Бугун дунёни қонга ботираётган нарса эса, диний чаласаводликдир! Каримовга ва уники каби режимларга худди ана шу нарса керак.

ЖМ
“Каримовнинг кирдикорлари” китобидан.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: