Совет Иттифоқи йиқилгач, ўз мустақилликларига эришган Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғистон ва Туркманистон жумҳуриятлари жуда кўп муаммолар билан қарама қарши қолдилар. Жумладан, уларнинг Оврўпага ва дунё бозорига чиқиш йўллари ҳар томондан боғлаб қўйилган эди.
Бу йўлларни очиш жуда кўп машаққат, сиёсий ва иқтисодий ҳаракатларни талаб қиларди. Ана шундай шароитда илк бор ўртага чиққан фурсат “Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги” лойиҳаси бўлди. Туркия бу ҳамкорлик доирасида туркий жумҳуриятлар фаол қатнашишларини истади. Аммо “Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги” Россия ва унинг бир қатор шериклари томонидан идора қилина бошлагандан кейин, бу жумҳуриятларнинг Оврўпага чиқиш йўллари яна Россия ёки Эрон чегараларига қадалиб қолди.
Бу шароитда Туркия томонидан “Авроосиё ҳамжамияти ” лойиҳаси илгари сурилди. Шу лойиҳанинг илк одими сифатида Туркий жумҳуриятлар президентларининг доимий учрашувлари анъанага кирди. Ана шу учрашувлар доирасида иқтисодий ва маданий ишларни қовуштирадиган бир қатор кенгашлар вужудга келди.
Шуни айтиш керакки, “Авроосиё ҳамжамияти” қисқа вақт ичида қуриладиган нарса эмас. Бу уфқи кенг ғоя бўлиб, узоқ муддатни талаб этади. Бугун эса унинг илк одимлари отилмоқда. Келажакда “Авроосиё жамияти” фақат туркий жумҳуриятлар билан чегараланиб қолмасдан, Осиё ва Оврўпадаги бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорликни ўз ичига олади. Тўғрироғи, уларнинг ҳам бу жамиятга киришлари ташвиқ этилади.
Маълумки, ҳамжамиятнинг фаолиятидаги энг муҳим муаммоларидан бири алифбо масаласидир. Бир қатор туркий жумҳуриятлар лотин алифбосига ўтдилар. Жумладан, Озарбайжонда мактабларда лотин алифбоси асосида дарс ўтилмоқда. Аммо Ўзбекистонда бу алифбога киритилган жиддий ўзгаришлар бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Ана шу сабаблар инобатга олинган ҳолда туркий жумҳуриятларнинг Бешкек учрашувида унинг тил масалалари билан шуғулланувчи комиссиясига катта масъулият тушганди.
Лекин Турксой деб номланган комиссия турли сабабларга кўра масалани ўртага олиб чиқмади. Мазкур учрашувда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, “Мен албатта қозоқ тилида гапираман”, деб туриб олган бўлса, Ўзбекистон, Қирғисистон ва Туркманистон президентлари эса рус тилида гапирдилар.
Бир-биримиз билан иқтисодий ва маданий алоқалар яна ҳам яхшироқ йўлга қўйилгач , бу каби ҳоллар ўз-ўзидан ўртадан кўтарилади. Ҳозир турк жумҳуриятлари билан банкларимиз узлуксиз ишлаб турибди. Ўрта Осиё жумҳуриятлари Истанбул биржасига аъзо бўлдилар. Ўзбекистон эса халқаро иқтисодий фондга аъзо бўлиш ва унинг талабларини Туркия орқали бажариш ҳақида ариза берди. Авроосиёда иқтисодий бирлик кенгаши – ЭКО фаолият кўрсатмоқда.
“Авроосиё ҳамжамияти”да Туркия Ўрта Осиё жумҳуриятларига оталик ёки акалик қилмоқчи эмаслигини кўрсатиши керак. Чунки уларнинг етмиш йил давомида Россиянинг оталигидан безганлари етади. Қолаверса, Ўрта Осиё жумҳуриятлари мустақил давлатлардир. Шу сабабли Туркия улар билан тенг ҳамкорлар каби муомалада бўлиши керак. Айни пайтда уларга нисбатан кўпроқ масъулиятни ўз елкасига олиши ва уларнинг Оврўпага чиқишларида кўприк ролини ўташи лозим.
“Авроосиё ҳамжамияти”нинг юзага келиши учун зарур бўлган омиллардан бири, бу жумҳуриятларни Оврўпага олиб чиқадиган, Оврўпани эса Ўрта Осиё билан боғлайдиган транспорт йўлини вужудга келтиришдир. Туркия бу борада ҳам тайёргарликни бошлади. “Ипак йўли” деб номланган лойиҳага кўра Оврўпанинг марказидан Хитойга қадар транспорт йўли қурилиши назарда тутилган. Ҳозир бу йўлнинг қайси жойлардан ўтиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Тўққиз минг километрга узанадиган бу йўл Авроосиёнинг шакар томирига, яъни асосий қон томирига айланади.
Лекин сиёсий хатолар қилинса, буларнинг ҳаммаси ярим-ёрти ҳолида қолиши ва умуман кун тартибидан чиқиб кетиши мумкин.
ЖМ.
“Озодлик” радиоси, 1995 йил, сентябрь.
Суратда׃ “Туркия” газетасидаги касбдошлар билан.
Filed under: Turkiya turkumi |
Leave a Reply