Ўрхон, Ўтикан, Култекин, Билга Ҳоқон, Тунйўқуқ …
Совет Иттифоқи даврларида бу номларни на ўзбек дарсликларида ва на тарих китобларида учратиш мумкин эди. Ҳатто, Ўғизхон достонлари мактаб дарсликларига киритилмаганди. Лекин тарихимизнинг бу олис садолари қулоқларимизга ривоятлардан, эртаклардан ва Туркиядаги бир қатор олимларнинг илмий китобларидан етиб келганди.
Ўрхон битиклари – Бу Анадўлидан ўн икки минг километр олисликда, Туркистоннинг жанубий-ғарбий чегараларига яқин жойда, Мўғилистон пойтахти Улан-Батордан эса икки соатлик йўл узоқликдаги тошларнинг достонидир.
Тўғрироғи, улуғ боболаримиз Култекин, Билга Ҳоқон қурган Кўктурк давлатининг пойтахти – Ўтикандаги тошларга ёзилган ўлкан тарихдир бу.
840 йилда Қирғиз давлатига қўшилгунга қадар Ўтиканда тарих тошларга ёзилди. 552 йилдан 745 йилга қадар, яъни салкам икки юз йил Кўктурк номи билан яшаган давлат сўнгра уйғур хонадонининг қўлига кечди. Ундан кейин қирғизлар бу давлатни идора этдилар.Шарқ томонидан, яъни Манжуриядан келган мўғуллар босиб олганда ҳам турклар бу заминни тарк этмадилар.
Ўрхон обидалари 1300 йилдирки Гобе саҳросидан оқиб келган гармселнинг жазирамаси, қум кўчкилари, қаҳратон қиш қорлари остида ўз достонларини бағрига босиб яшади.
Бу тошлардаги ёзувлар ўзига хос услубда битилган. Бу турк миллатининг илк алифбоси асосида ёзилгандир. Ўрхон обидалари “Туркларнинг ўз алифболари йўқ,” деган иддаоларни пучга чиқарган энг буюк далилдир.
Бугунга келиб обидалардаги ёзувлар ўқий бошланди. Масалан, Кул Текин обидасида шу сатрлар бор “Оч, камбағал миллатни ёнимга тўпладим, уларни бой-бадавлат эттим.” Сўнгра “Бу сўзларимнинг ёлғони борми?” деган савол ёзилади.
Бу сатрлар боболаримиз даврида ижтимоий адолат нақадар кучли эканлигидан далолатдир ва бу сатрлар бизга пайғамбар-алайҳисаломнинг бир хутбада “Ёлғон ёки янглиш сўйлаган бўлсам, юзимга айтинг” деган ҳикматларини эслатади. Орада минг-минг чақирим йўл мавжуд бўлсада, ижтимоий адолат қоидалари яқин ва ҳатто айни эди.
Яна бир обидада хонлар, лидерлар ҳақида сўз боради ва шундай дейилади “Ҳоқони билимли экан, жасур инсон экан, унинг вазирлари ҳам билимли, беклари ва миллати тўғри, бирдам, ҳамфикр эканлар. Хон эса уларга зулм этмасдан, тартибни ва адолатни раво кўраркан.”
Ҳа, халқимиз азалдан давлат одамларидан илм, жасорат ва адолат сифатларини излаган. Бу бизнинг бебаҳо анъаналаримиздан биридир. Ҳеч ким унутмасин, дея тошга уйиб ёзилган васиятдир бу.
Бизга эртаклар, ривоятлар орқали етиб келган яна бир достон Ўрхон обидаларига битилган. У бирлик, баробарлик ҳақидадир. Келинг, яхшиси Ўғизхоннинг тилидан тошга ёзилган бу васиятга назар солайлик׃
“Мен, – дейди Ўғизхон, – катта ўғлимга Тоғ дея ном бердим. Тоғнинг салобатини ҳис этиб турсин, дедим. Иккинчисига Кўк дея исм қўйдим. Осмон кенглигини унутмасин, дедим. Учинчисини Денгиз дея атадим. Денгиз чуқурлигини, теранглигини англаб яшасин, дедим. Тўртинчисини Ойхон дедим ва зулматнинг бағрини ёриб чиқувчи ой каби умид ишиғи бўлсин, дедим. Бешинчисини Кун дея атадим. Қуёш каби миллатнинг бошидан нур сочсин, дедим. Ва кенжатойга Юлдуз деб исм қўйдим, миллатим дунёга юлдузлар каби ёйилсин ва юлдузлар каби боқий бўлсин, дедим.
Бир кун олти ўғлимни ёнимга чақириб, ҳар бирининг қўлига бир донадан камон ўқини бердим ва синдиринг дедим. Синдирдилар. Сўнг эса ҳар бирига олти ўқни бирлаштириб бердим. Бу сафар синдира олишмади. Ва бу менинг уларга васиятимдир: Бу дунёда йўқолиб кетишни истамасангиз, бирликни йўқотманг.”
Ҳа, бу ҳақиқат бизга ривоят ҳолида етиб келган ва ҳар биримиз уни дарҳол эсладик. Қарангки, бу Ўрхон обидаларидан келган сас экан.
Хуллас, бизнинг обидаларимизга, обидаларимизнинг эса бизга қайтиши катта воқеадир. Бугун Туркияда Ўрхон обидаларига оид йирик лойиҳа тайёрлана бошлади. Унга кўра, энг аввало Улан Батор яқинидаги Тўн Йиқиқ ёдгорликлари, сўнг эса Ўтикан обидалари томон асфалт йўл тушалади. Бу ердаги қўрима ва иш юритувчилар учун хизмат бинолари қурилади, обидалар таъмирланади. Ўтиканга яқин истиқомат маскани Қора Қурум деган жойда замонавий меҳмонхоналар ва тайёрагоҳ қурилади.
Бу хайрли ишни кўпчилик қўллаб чиқди ва масрафларини биз бўйнимизга оламиз, дейишди.
Нима бўлганда ҳам боболаримизнинг қадимги тошлардаги саси дилларимизга кириб кела бошлагани бугунимизнинг энг улуғ ҳақиқатларидан биридир. (“Озодлик” радиоси, 1995 йил, Сентябр).
ЖМ.
Filed under: Turkiya turkumi |
Тарихга жуда қизиқаман. Жуда қизиқ экан. Қаранг, ривоят деб билганим тарихимиз экан. Ташаккурлар билан, Ақл Б.