Яна бир неча йилда Ўзбекистоннинг олтин запаслари тугайди.(Хабарлар оқимидан).
Қадим ўтган замонда, Туронзамин томонда бир Олтинбосган исмли аждарҳо ўтган экан. Олтинбосган жуда ҳам юҳо экан. У бир шаҳарга келиб, катта тепаликнинг устига ўтириб олибди. Ўша ердан халққа ваҳшат сочармиш. Уни ҳайдаймиз дейишса, ҳеч кетмас эмиш. Ўлдирамиз дейишса, ҳеч кимнинг кучи етмас экан. Унинг оғзидан отилган олов бутун шаҳарни ёндириб, кулга айлантирибди. Шунда қўшни шаҳарларда ҳам ваҳима бошланиб, улар бу аждарҳони йўқотишга киришибдилар. Унинг бир бошини кесишса, иккинчи, учинчиси ўсиб чиқарамиш. Ҳар узилган бошдан эса, аждарҳочалар туғилармиш. Улар катта аждарҳонинг атрофини қўрғон қилиб ўраб, уни қўриқлаб ўтирашар ва ҳеч қандай куч уни енголмас экан. Шу зайл йиллар кетидан йиллар ўтиб, бир куни аждарҳо ўз ажали билан ўлибди. Шунда халқ аждарҳочаларни тор-мор қилибди.
Кейин нима гап, нега аждарҳо бу ерни ҳеч тарк этмади, деб тепаликнинг орқасига ўтишса, ҳамма ёқ ўпирилган эмиш. Бунча тупроқ қаёққа кетганига ҳайрон бўлишибди. Ўша жойдан бир бўлакча олтин топишибди. Шундан сўнг тушунишибдики, бу тепалик остида олтин кони бўлган ва аждарҳо ана шу олтинларни топган. Ўлган аждарҳонинг қорнини ёришса, тўла олтин эмиш.
-У олтин еб, бўкиб ўлиб қолган экан-да,-деб ўйлашибди баъзилар.
-Йўқ, у олтинхўр бўлган, олтин тугагандан кейин ўлиб қолган,-дермиш қолганлар.
Шу зайл унинг номи Олтинбосган бўлиб қолибди. Халқ шундан келиб чиқиб, олтин бор жойда илон бор, дер экан.
Илк бор бу эртакани 1990 йилларнинг бошида Каримов Олмалиққа борганда эслагандим. У олтин ёмби(тахтачасимон қуйилма)лар ёнига келиб, кўзлари чарақлаб кетганди. У бирданига ёмбилардан иккитасини икки қўлига кўтармоқчи эди, бир зум эгилиб қолди. Кейин׃
-На бунча оғир?,-деди.
-Ҳар бири 12 килограмм деди,-ёнидаги одам.
Шундан кейин у ёмбиларни икки қўлига кўтариб, севинчини яшираолмай суратга тушди. Бу сурат ўшанда ҳамма газетларда босилди. Телевизордан ҳам кўрсатилди. Кимб илсин-ки ўшандаёқ Каримов ўзини бу олтинларнинг соҳиби деб эълон қилган ва халққа қараб “Кўриб қўй, бу олтинлар меники!” деяётган экан.
Аммо шу нарса аниқ эди-ки, Каримов ўшанда ёмбиларни илк бор кўрганди. Табиийки, совет даврида мана-ман деган одам ҳам фақат олтиннинг тангаси-ю майда-чуйдасини кўрган. Қуйма ёмбиларни эса, КГБ нинг махсус бўлими назоратида Москвага жўнатишган.
1990 йилда Шукрулло Мирсаидов ҳали бош вазир эканлигида ундан׃
-Ўзбекистонда қанча олтин чиқади?-деб сўрагандим.
-Буни ҳатто Ислом акам ҳам билмайдилар,-деб жавоб қилганди у.
Демак, Каримов олтин ёмбиларни ўшанда кашф қилди. Кашф қилдигина эмас, устига ётиб олди.
Совет давридаги маълумотларни фақат Москва билгани аниқ ҳол. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам олтин борасидаги маълумотлар сир сақланмоқда. Каримовнинг ўзи бир нутқида йилига 80 тонна олтин ишлаб чиқарамиз деса, иккинчи нутқида 70, учинчисида 85 деб юборади. Аммо бу олтинлар қаерда ва қаёққа кетди, буни сўрайдиган одам йўқ.
Олтин запаслари ҳақида эса кимдир Ўзбекистоннинг икки минг тонналик олтин запаси бордеса, бошқабиров 3,5 мингт онналик дейди. Аммо шуниси аниқ-қи, Ўзбекистондан қазиб олинадиган олтин жаҳондаги энг юксак сифатли олтин ҳисобланади. Бу борада аниқ маълумот бўлмагани учун турли манбаларга қулоқ тутилади.
Юртбошининг ўнг қўли, унинг барча кирдикорларини билган Зелемхон Ҳайдаровга яқин манбаларга кўра, Каримов 1990 йилларнинг бошида худди Бухоро амири ёки араб қироллари каби Швецария банкида 38 тонна, Франциядаги бир банкда 10 тонна ва Англиядаги яна бир банкда 17 тонна олтинни ўз номига қўйган.
Фақат у Францияга борганда ўн тонна олтинни Ўзбекистонга сармоядорларни жалб этиш ва шунга кафолат сифатида келтирганиниайтган эди.
Эълон қилинмаган бошқа маълумотларга кўра, Каримов даврида 1,5 минг тоннадан зиёд олтин қазибо линган. Каримов бу ишни шу қадар тезлаштиришни талаб қилган-ки, қазиб олинган олтиннинг анчаси чиқиндига қўшилиб кетган. АҚШнинг Нюмонт компанияси ана шу чиқиндидан дунёнинг олтинини ажратиб олди. Бунинг ҳам асосий қисми Каримовнинг ҳисобига ўтиб кетди.
“Америка овози”да ишлаганимда, бир куни Жанубий ва Марказий Осиё бошқармасининг котибиятида бир қиз пайдо бўлди. У қисқа муддатга практикага келган экан. Америкада практикага келадиган талабаларга катта имкониятлар беришади.
Хуллас, иш соатларим ҳақидаги табелни олиб тушсам, у қиз ҳисобчимизнинг ўрнида ўтирган экан. Яхши саломлашди. Аммо исмимни айтишим билан авзойи бузилгандек бўлди. Шундан кейин мени кўрса, юзини бошқа томонга бурадиган бўлди. Ёш қиз, кўнглига келганини қилади, деб индамай қўйдим.
Бир кун бошлиғимиз ҳалиги қиз билан унинг отасини бошлаб келди ва унинг отаси Нюмонт компаниясининг муҳим одами эканлиги ва Ўзбекистонда ишлашини айтди. Табиийки, у аввал раҳбарият ҳузурида бўлган ва уларнинг таклифи билан бизнинг хонамизга ҳам мажбуран ташриф буюргани билиниб турарди. У тумшуғини осиб олди ва саволларимизга ярим-ёрти қилиб жавоб берди. У Каримовдан мамнун эди. Мен унга׃
-Диктаторнинг авзойи бугун яхши, эртага бузуқ, бир кун сизларни ҳам ёндириши мумкин эмасми?-дедим.
У׃
-Сиёсат бошқа, бизнес бошқа, Каримов бизнесни билади,-деди.
Мен бошқа савол бермадим.
Мана бугунга келиб, ўша бизнесни биладиган одам бу ширкатга 40 миллион доллар жарима тортиб ўтирибди. Бу “еганини қорнини тешиб бўлса ҳам қайтариб олиш” дейилади…
Ўзбекистон олтин конларини иккига бўлиш мумкин. Бири аниқланган конлар ва иккинчиси тахмин қилинган конлар. Аниқланган конлардаги олтинларни бугунги тезликда қазиб олинса, 5-6 йилда битиши айтилмоқда. Бу 15 йил давомида эзилган ўзбек халқи учун жуда узоқ, аммо олтинхўр учун жуда қисқа муддат.
ЖМ
“Каримовнинг кирдикорлари” китобидан.
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply