Ўзбекистонда қайси йил қандай ном қўйилиши ўша йилда ўша соҳада ўпирилишлар юз беришидан дарак бермоқда. (Хабарлар оқимидан).
1988 йилда журналистик сафар билан Афғонистонга бордик. Пулихумри шаҳрида бир тепаликда икки аср олдин қурилган ғарбона саройда тўхтадик. Бино худди тўрт-беш қаватлига ўхшасада, аммо икки қаватли эди. Биринчи қавати асосан кириш жойи׃ кенгиш, мажлислар залига ўхшайди. Иккинчи қаватда эса, ётадиган хоналар. Ҳар бир хонанинг каттагина балкони бўлишига қарамай, яна битта умумий, усти очиқ балкон бўлиб, зиёфатлар шу жойда ўтказилар экан. Маҳаллий аҳоли бу саройни “Ёлғончи шоҳ”нинг саройи дер экан. Журналист халқи қизиқувчан халқ бўлади. Нега бундай дейишганини билиб олмагунча, уйқу келадими? Афғонлардан бири энди ҳикоя бошлаганди тоғ томонда отишма бошланди. Қоп-қоронғу осмон бир зумда худди мушакбозлик қилинаётган каби ёришиб кетди. Ўқларнинг визиллаб учганини кўриб турасиз. Биз дарҳол ўзимизни ичкарига олдик. Аммо афғон йўлдошларимиз жойларида ўтиравердилар.
Ярим соатлардан кейин отишма бир муддатга тинди. Шу орада ривоятни эшитдик.
Бир ёлғончи подшо бор экан. У касал бўлиб, тўшакка михланиб қолганда, ўғлига васият қилибди׃
-Бу халқ тўғри гапни ёмон кўради. “Ҳақиқат”, “ҳақиқат”, дегани билан ҳақиқатни айтсанг, сендан юз буради. Рост гап отангга ҳам ёқмайди, дегани ана шундан. Рост гапирсанг, энг яқин дўстларингдан ҳам айрилиб қоласан. Улар ҳам рост гапни эшитишни истамайдилар. Рост гапни айтган одамни гиначи, иғвогар, туҳматчи, дейдилар. Чунки рост гап уларнинг этагини кўтариб қўйиши мумкин-да! Ёлғон эса, халқнинг ярмига ёқмаса ҳам, ярмига ёқади. Ҳатто гапнинг ёлғонлигини билиб турса ҳам, унга ишонишга ҳаракат қилади. Чунки бу ёлғон унга умид беради, унинг орзуларига мос тушади, унинг ниятларига яқин келади. Лекин ўлимим олдидан бир марта рост гапни айтаман. Биламан, шундан кейин сен мени ёмон кўрасан. Аммо айтмасам, бўлмайди. Мен бир умр ёлғон гапирдим. Ҳатто сени ҳам доим алдаб келдим. Аслида сен менинг ўғлим эмассан, қўшни мамлакатни босиб олганда отанг ва онангни ўлдириб, сени асраб олганман. Ҳозир бу гапни айтишимнинг боиси эса, менинг ўрнимга қоласан, агар мамлакатни ёлғон билан бошқармасанг, халқни алдамасанг, подшолик қила олмайсан! Ўғли жаҳл отига миниб, кўзлари қонга тўлиб, қиличини қинидан чиқарган экан, ёлғончи подшо׃
-Ишондингми, наҳотки мен рост гапирсам, ўлаётиб ҳам сени алдаб кетмоқчи эдим, ўзимнинг белимдан бўлган ўғлимсан-ку, ахир!,-дебди.
Ўғли қиличини қайтариб қинига солган экан, подшо׃
-Кўрдингми ёлғоннинг кучини, керак бўлса, қилични ҳам синдиради!-дея жон берибди.
Бу ривоят. Балки ростдан ҳам Афғонистонда шундай ёлғончи шоҳ ўтган бўлиши мумкин. Чунки шоҳлар азалдан халқни алдаб келганлар ва бугун ҳам бунинг мисолини кўриб турибмиз. Узоқда эмас, ўзимизнинг Ўзбекистонда. Мустақилликдан кейин халқ тарихга, миллийликка ўч эди. Тарихий шахслар номини эшитганда, совуқдан дилдираб ўтирган одам Қуёш чиққанда севинганидек, шод бўларди. Каримов бу туйғуни қўлга олиш учун ҳар йилни тарихий шахслар номи билан атади.
Масалан, 1994 йил-Мирзо Улуғбек йили, 1996 йил Амир Темур йили бўлгани каби. Энди муаммолар кўпайиб кетди. Қолаверса, йилларни тарихий шахслар номи билан аташдан манфаат келмаётганини кўриб, бошқача иш тутди ва йилларга ўзига хос ном бериш билан одамларни алдаш бошланди.
1997 йил-Инсон манфаатлари йили. Ўша йили ўзбек халқи жуда катта манфаатларидан айрилди.
1998 йил-Оила йили. Ўша йили Ўзбекистон бузилган оилалар сони жиҳатидан МДҲда биринчи ўринга чиқди.
1999 йил-Аёллар йили. Аёллар қон қақшатилди.
2000 йил-Соғлом авлод йили. Соғлом авлоддан ном-нишон қолмади.
2001 йил-Оналар ва болалар йили. Оналар ва болалар мардикорга айландилар.
2002 йил-Қарияларни қадрлаш йили. Қариялар ҳам қатағон қурбонига айландилар.
2003 йил-Обод маҳалла йили. Обод маҳалла қолмади. Маҳаллалар ҳукуматнинг“кўз” ва “қулоғи”га айлантирилди.
2004 йил-Меҳр-мурувват йили. Меҳр-мурувват кўрсатиш афсона бўлди.
2005 йил-Сиҳат-саломатлик йили. Тиббиёт даргоҳлари порахўрлик мактабига айланди, “Пул бўлса, сиҳат-саломатлик бўлади” деган бошқарувга ўтилди.
2006 йили-Ҳомийлар ва шифокорларйили. Шоҳнинг оиласига ҳақ бериш ҳомийликка айланди.
Яқин кунларда 2007 йилга ҳам ном берилади. Эсингиздами, юқорида саналган номланишлар эълон қилинганда қанча одамлар ишонишганди. Балки сиз ҳам ишонган бўлишингиз мумкин. Бу сафар ҳам ишонганлар бўлади.
Мана шу ҳақда ўйлар эканман, Каримов халқни алдашда бу сафар калласига келганини эмас, балки узоқ вақт ўйлаб юрганини амалга ошириб, ўзига хос ва ўзига мос йўл топган, деган фикрда тўхталаман. Агар сизда бошқа фикр бўлса, йилларнинг номланишига қараб, шу йилларда шу соҳаларда қилинган ишларни бир сарҳисоб этиб кўринг-чи, ёқангизни ушлаб қолмайсиз-ми!
ЖМ
“Каримовнинг кирдикорлари” китобидан.
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply