ОЛТИН ФИКР
Сиёсатга аралашиб кетганим қизиқ бўлган. Бир куни бекатда саломатлиги сарғайиб қолган киши кўнглини ёриб қолди:
-Мухолифатда ўзи бармоқ билан санарли одам эдик. Фалончи, Писмадончи ва Қисмадончи. Ҳаммаси қочиб кетди. Ватанга хоинлик қилишди. Бизга ҳам хоинлик қилишди. Жонларини олиб қочишди. Орқаларини сандалга тиққандек иссиқина жойларда ҳузур қилиб ўтиришибди. Бизники эса ит ётиш-мирза туриш. Нима, бу ватан фақат менинг елкамга йиқилганми? Нима, бу миллат фақат менинг миллатимми?
Раҳмим келиб кетди. Хуллас, ярим соатдан кейин сиёсатга кирдим. Шу одамнинг уйига қатнай бошладим. Қарасам, бир ўзи эмас экан. Атрофида беш-олтита шотирлари ҳам бор. Болалари, жиянлари, ҳатто хотинига қадар ҳам сиёсатнинг қоқ ичида. Ўша қочиб кетганлардан биттаси у қилиб, бу қилиб “кўки”дан юбориб тураркан. Бу камлик қилди. Чунки мен ҳам қўшилдим. Энди у киши элчихоналарга борадиган бўлди. Ҳар биридан 5-10 минг келиб турдир. Кейин чет элларга қатнай бошладилар. Аммо барибир ҳалиги фикрдан қайтмадилар.
“Улар қўрқоқ, улар хоин, курашадиган бўлса, мана шу ерга келиб курашсин”.
“Ватаннинг қамоғи ҳам ватан!”
“Ватаннинг тупроғи ҳам доллар!”
“Ватаннинг тарамвайи ҳам Мерседес!”
“У ерда бир-бирингни ғажигунча бу ерга кел, золимни ғажи”
Ана шундай тарихий гапларни тўпласам, битта китобга сиғмай қолади.
Хуллас, бир кун эшитсам, у киши ҳам эмаклаб бўлсада ўша томонларга етиб олибдилар. Қандларини урсинлар-е! Сабаб-сабил қолган эмас, қоп-қоп. Олдингиларни сўкканлари нима бўлди-ю? Бу ёғи қанчадан тушди?
Бу саволга жавоб тополмай етимчага айланиб қолдим. Эшитсам у кишининг ўзлари “ғажи-ғажи”нинг лидерига айланибдилар. Бизга доллар келмай қўйди. Ирмоғи бошқа томонга бурилибди. Ўша ёққа бош суқдим. Дарров қабул қилишди. Иш йўқ. Сотганимиз гап. Гап бўлганда ҳам хорижга кетганлар ҳақида.
“Аблаҳлар!”
“Хоинлар!”
“Ваттани сотиб кетишди!”
“Нима, бу Ватан фақат бизникими?!”
“Нимадан қўрқасан, мард бўлсанг бу ёққа кел!”
“Ватаннинг қамоғи ҳам ватан!”
“Қамоқдан қўрқсанг мухолифатчиликни йиғиштир”.
Ҳар куни шу ашула. Жўр бўлиб айтамиз. Менга нима, сигир бўлсин, сут берсин. Қўшилиб айтмасам ҳам қўшилиб эшитаман. Уларга айтувчи эмас, эшитувчи керак.
Хуллас, бу киши ҳам кўринмай қолдилар. Хайрни насия қилиб ўша ёққа кетиб қолибдилар.
Пойқадамим ёқмади, шекилли, учинчи ҳолатда ҳам шу такрор бўлди.
Ҳозир энди ўзим ишни қўлга олганман. Ҳар оқшом бўлмаса ҳам уч кунда бир бирорта элчиликда мустақиллик куни ёки қироличанинг таваллуд зиёфати бўлади. Бораман, ёнимда хотинимни ҳам олиб борадиган бўлдим. Казо-казолар келишади. Анча-бунча ишимни битириб қайтаман. Яқинда битта “Шевролет” ҳам олдим. Ўзим ҳайдамасам ҳам кенжатойим суриб юрибди. Доллар келадиган ирмоқларни ҳам билиб олдим. Гувиллаб келиб турибди. Орада бир битта гап айтиб қўяман ёки бирор нарса ёзаман. Уни ҳам “окаларим”га кўрсатиб оламан. Бўлмаса, топганимни тақсимлашга ёки ҳаммасини беришимга тўғри келади.
Лекин хорижга кетганларни сўкмайман. Улар шу ватанни деб ватангадо бўлиб юришибди. Уларга қийин. Ўшалар бор эканки, қозоним қайнаб турибди. Илтимос қилиб, “сўк” десангиз ҳам сўкмайман. Чунки мен айтган гапидан уяладиган одамман. Айтиб бўладими, “лўп этиб” ўзим ҳам ўша томонга кетиб қолишим мумкинда. Тўғриси, “кетсамми” деган гап анчадан бери калламда айланиб турибди.
Шуларни ўйлаб, “Кураш фақат ватанда эмас, хорижда ҳам курашса бўлади” десам кечагина ишга олганим битта йигитча:
-Олтин фикр!-деб юборди.
Маладес! От ўрнини той босар деганлари мана шу!
Нофизийнинг котиби
ЖМ.
Filed under: Нофизийдан нома |
Бу анннча эски ю янгиларидан бусин ака
Эскилар янгиларнинг оталаридир. Уларни ҳам унутмаслик керак.