Нофизийдан нома

ЎКИЛ

Ўлсанг ўкилга нима? Бу гапни энамнинг энасидан эшитганман. Юзга юзлашиб, юзни юмалатган катта момом вакилни “ўкил” дер эди. Никоҳ пайтида гувоҳ бўладиган вакил борку, ўшани!

Дадам бугун замонга қараб (Оқсаройга қараб деб ўқинг) йўрғалайдиганларга “Ўл-е, ўкил” дейдилар. “Ҳа” ҳам ўкилдан, “Йўқ” ҳам ўкилдан. Никоҳ пайтидагина эмас, вақти келганда ҳожатахонада ҳам қозининг гапини маъқуллашади. “Онангни қози севса, қозибачча бўласан” (хочеш, не хочеш) дегани ана шундан!

Ўкиллар 2005 йилгача Урусиятни қоралаш маҳкамасида қозининг айтганига “қарс-қарс” қарсак чалиб келишди. Осмонда юлдуз кўринмaса ҳам Урусият айбдор эди. Бировнинг хотини қисир чиқса ҳам Урусиятдан кўриларди…

2005 йилда қозининг қозони бақирлаб қолди. Тагидан ёқилган ўт қозонни тошириб қўйди. У гўлахини топди. Амриқо!

Энди бутун дунёнинг бутун қилмишларига Амриқо айбдор бўлди.

Бирорта жаллодни йиқитмаса: “Ошнаси!”

Йиқитса: ” Мақсади бор”.

Йиқитиб, уруш бошланиб кетса: “Мазлумларнинг қонини тўкмоқда! Аблаҳ!”

Мафия бензинни яшириб қўйса, Амриқо айбдор! Чунки “Ироқни урмаганда дунёда нефт қиммат бўлмасди”!

Агар биттаси бориб Амриқонинг у ер-бу ерини портлатиб юборса, “ўзи портлатди” дейишади тап тортмай. Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб. Тажриба. Гапни тажриба соҳиби гапирсин!

Ҳозир сўмнинг қадри қолмади. Хазон ундан қимматроқ. Хазонни ҳайвон ейди-да! Бунга доллар айбдор!

-Бизда демократия, истаган одам Оқ уйни сўка олади…
-Бизда ҳам демократия, керак бўлса, Оқ уйни чапараста қилиб сўка оламиз!

Ана шу 30 йил олдинги латифа бугун ҳам эшакда!

“Даракчи”ни олинг, Оқ уйнинг пўстагини чиқариб ётибди. “Халқ сўзи”га қаранг Амриқонинг астарини ағдариб ташлаган. Дилбезорни очинг Амриқонинг башарасини кўрганингиз кўрган!

Оқсаройни сўка олмайсизми, Оқ уйни сўкинг!
Сўмни сўка олмайсизми, долларни сўкинг!
Ўзбекистонни севасизми, Амриқони сўкинг!
Лекин “Грин кард” чиқиб қолса, гариллаймиз! Катта тўй!
Виза бериб қолса, визиллаб учиб кетамиз!

Чиқмадими, бермадими, сўкамиз!
Нима қилайлик?
Ўкилнинг иши шу! Қозининг қовоғига қарайди.

Бирдан қозининг кўзи Роғунга тушди. Ўзи кетараман. Аммо ғамхўрликни қаранг! Келажакни ўйламоқда! Ота-да ота! Ўкил фарзандлар хизматда. Охиргисини “Ишонч” (номини қаранг) деган газетда кўрдим: “Роғун синдроми”. Бу энди БМТ – Қозихонаи калон – текширамиз дегандан кейин.

Юр таёғим, юр таёқ!
Ур таёғим, ур таёқ!
Ўкилларни ўкиртириб,
Тур таёғим, тур таёқ!

Энди “Ўртар” билан ўртаманг! Қозининг ишқи яна Амриқога тушмоқда. Ажралиш куйини қўйинг, Андижон полкасини чалинг! Қайта никоҳ яқин, ўкиллар ўйинга! Шагом марш!

Нофизийнинг котиби
ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: