Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (8)

saylovТЎФОН

Ниагарадан эшакдай ҳориб-сориб қайтарканмиз, ошнам бир дўстиникига бошлади. Тавба қилдим, эшак десам, эшакка йўлиқдим. Эшикнинг бир томонига эшак, иккинчи томонига филнинг сурати илиб қўйилган. Ошнамнинг ошнаси бизни қарши оларкан, эшакка тикилиб қолганимни кўриб, “ҳм” дегандай бош силкитди. Нимадир демоқчи эди, аммо каминангиз ёдимга тушган битта латифани айта бошлади. Айтиб олсам, айтиб олдим. Бўлмаса эсдан чиқиб қолади. Эс халтанинг оғзи очилдими, олтинни олишим керак. Акс ҳолда нинанинг думига айланади. Тополмай юраман..

Ошнамга “Таржима қил”, дедимда латифани қўйиб юбордим:
Бир киши эшакни халачўплаб келаётса, йўлда миршаб тўхтатибди.
“Дакуметингиз?”
“Деҳқонман, манда докунет нима қилади?”
“Биринчидан, докунет эмас, дакумет, иккинчидан, дакумет бўлмаса, жаримани кимга ёзаман, эшакками?”
“Ука, қўйинг шуни эшакка эмас, менга ёзинг, эшак ҳали ёш”
“Бу нима деганингиз?”
“Айтдимку, бу ҳали ёш, дакунетига кир тушмасин, улғайса мелисаликка қўяман” Continue reading

Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (7)

mushtumФан-фара

Амриқода “култур шок” деган гап бор экан. Бу дегани орзулар диёрига келган ҳар қандай одам бошқа маданиятнинг тўрига илиниб, шокка тушади. Шокдан комага ўтганлар ҳам тиқилиб ётибди. Лекин бизникилар орасида шокни шокиллатиб тезда амриқолик бўлишга улгурганлари ҳам топилади.

Шундайлардан биттаси катта холамнинг эрига жиян тушадиган, болаликдаги дўстим Қорабойдир. Уни топишим билан ҳазиллашиб номини инглизчага таржима қилиб юбордим. У бир сакраб қўли билан оғзимни ёпди:

-Мумкин эмас, бу сўзни айтиш мумкинмас,  жа айтгинг келса “н.” ҳарфи дейишинг мумкин!

-Бизда қора танлиларни…,-деб улгурдим, у яна оғзимни ёпди ва:

-Биламан “н.” дейсизлар, биламан, лекин бу ерда мумкин эмас, билдингми, оғзингни йиртиб орқангга  тикиб қўйишади,-деди.

Кейин у менга нима мумкину нима мумкин эмаслигини ўрагата бошлади:

-Биттасини орқаваротдан буралаб сўккинг келса “ф”. деб қўясан. Continue reading

Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (6)

nargizПИРЁД

Америка ўзимизнинг “Амир ака” деган гапдан келиб чиққанини бугун бутун дунё билади. Билмаганлар билиб қўйсин. Зотан дунёда биринчи ўзбеклар пайдо бўлган, иккинчи ўзбек тили ва қолганларнинг ҳаммаси учинчи. Мен билан тортишмоқчимисиз? Ютқазасиз. Далилларим далаларни босиб ётибди. Нечта керак? Тоқатни тўқиллатиб туринг.

Бундан минг йиллар олдин сафарга чиққан ўзбек гастербайтерлари айланиб-айланиб битта жойга келиб қолишибди. Уларни нимадир чақаверибди. Ҳа, энди бир қарич жойда саккиз киши ётгандан кейин нима бўлади? Кечаси билан ҳамма:
“Бу нима?”, “Бу нима?” деб бақирармиш. Continue reading

Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (5)

aldarkusa1Трашкент

Нью Йорк сафаримни давом эттириб, “Эскижува” номини олган Брайтон Бичга бордим. Эскижува бир пайтлар Тошканнинг “юраги” эди. 24 соат тинмасдан “юрарди”, кеча-кундуз гупиллаб турарди.

Брайтон Бич бизникилар урушларсиз босиб олган Бруклиннинг “жигари” экан. Бир жигарки, серроз бўлишига оз қолган. Ҳамма ёғи идраб тўкила бошлаган, ахлатхонага айланган “жигар”, устидан эскириб кетган поездлар тақа-тақа эзиб ўтадиган “жигар”. Самарқандликлар “Жигар жигар аст, дигар дигар аст” деган гапни шу жойда тўқиган бўлишса керак? Ҳамма бир-бирига жигар, ҳамма бирига дигар бу ерда.

Бизга нима? Ҳўкиз бўлсин сут берсин, чинор бўлсин тут берсин.

Битта дўконнинг эшигини шарақи очиб ичкарига кирдим. Одамнинг оласи тугул, боласи ҳам кўринмайди. Худди маскали нинзалар ҳозиргина чиқиб кетгандек сукунат. Бирдан прилавканинг орқасида калла кўринди. Continue reading

Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (4)

mushtumКарманизм

Етмиш етти йил қулоғимизга “коммунизм” сўзини вар-вар, тар-тар суқишди. Бу сўз қулоғимиздан ғириллаб ўтиб, калламизга ин қурди. Комютер вирусига ўхшаб калламиздан салламизга, салламиздан ялламизгача ўраб олди. Чирмовиқнинг ичида қолдик. Йўқ, ўргимчак уясида. Лекин “бечорага бекор-а” дегандек йўлини топиб спайдерменга айландик. Томдан-томга шув этиб ўтиб кетамиз. Бугун Тошканда, эртага Нью Йоркда. Ҳамманинг оғзи Атлантика океанидек осмонга очилиб қолган. Бир думалаб янги мафкура – пулни кура-кура йўлини топдик.  Кечирасиз, топдингиз. Топағонсиз-ку! “Коммунизм” ўрнига “карманизм” қурдингиз, Ислом ота! Continue reading

Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (3)

aldarkusa1Гўлахи

Айланиб-сайланиб, автобусда оёқларим ухлаб-мухлаб Нью Йоркка етиб келдим. Биринчи қилган ишим маҳалламиздан бу шаҳарга келиб, ўрнашиб қолган синфдошимни қидириш бўлди. Унга сим қоқдим. Ҳазиллашиб “Тошкандан телефон қивомман” дедим. Одатдагидек унинг жағи шалоп этиб тиззасига тушди:

-Ҳалиям бешинчи трамвайга осилиб Тошканда юрибсанми? Кетмайсанми у пивонинг бўтқаси босган шаҳардан. Мана бу ёққа кел, машина десанг машивотти, уй десанг қалашивотти, овқат десанг ачивоти, есанг олдингда, емасанг ҳам олдингда…

Синфдошим вайсаб турсин, сизга нега “Тошкандан телефон қивомман” деганимнинг сабабини айтай.

У ҳаммомда гўлахи эди. “Гўлахий” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Зўрлари ҳам бор, мана бунақа: Continue reading

Сатира: Нофизий Амриқо сафарида (1)

aldarkusa1ДЎСТ

Ҳозир Амриқо сафаридаман. Дўстимнинг уйидаги компютердан “Facebook”даги саҳифамга кираман, десам мезмон қаршилик қилди. Жоним ҳалқумимга келди. Меҳмон отангдан улуғ, дўстинг тоғангдан деган гап бор, нега қаршилик қиласан?

Юзига қараб шундай деб юборишим мумкин эди, аммо у ҳам терс-қўрс одам, шартта-шуртта эшикни очиб, заҳрини сочиб кўчани кўрсатса нима қиламан? Тилимни тишладим.

Майли чидаб турай. Уч-тўрт кун ишдан қолиб, мошинасига миндириб у ёқ-бу ёқни томоша қилдирди, ресторанларга олиб борди, яна бир-икки кун долларининг белини синдирайлик, сўнг хайр-хўш, энди мен бўш!

Kетганимдан кейин бир нарсани баҳона қилиб, орани узаман. Ўз номим билан ёзсам оми одамлар “тузини еб тузлигига туфурибди” дейишади. Йўлини топиб буни ясайман.

Ҳали санми “Facebook”даги саҳифамга киришга қаршилик қиладиган?

У авзойимнинг темпратураси чиқа бошлаганини сездида бошқа компютерни олиб келиб берди. Вот, блин, бунинг нечта компютери бор ўзи? Пулни қаттан овотти? СНБнинг одами эмасмикан? Йўғе, мени ўн йилдан бери сотган эмаску? Балки запасга олиб қўйган бўлса-чи? Continue reading

Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

МЕМУАР

1. УМИД ёки КИРИШ ЎРНИДА

Бу китобни “Қувғин” романидан олдин қоралай бошлагандим. Лекин бутун воқеаликни ифодалаш ва зулм характерини очиш ҳамда ўқувчига етиб боришини қулайлаштириш мақсадида “Қувғин”да бадиий йўлни танлагандим.

Маълумки, Ўзбекистоннинг Ислом Каримов давридаги асл тарихи устидан қора чапланиб, унинг ўрнига ёлғон тарих ёзилди. Воқеалар мутлоқ бузиб кўрсатилди. Хоинлар қаҳрамонга, қаҳрамонлар хоинга айлантирилди

Шуларни эътиборга олган ҳолда ва бадиий асар четида қолган ҳужжатларни қайта кўздан кечирган вазиятда  “ИАК” ҳужжатли китобни ёздим.

Бу ерда асосан тарихни, яъни бўлган воқеаларни ўз ҳолича келтиришга, тарих ўлмаслигини кўрсатишга, зулмнинг илдизи ва асл қиёфасини бор ҳолича чизишга уриндим. Билмадим, бажара олдимми, йўқми?

Ҳар биримиз ана шундай кўрганларимизни ва билганларимизни ёзсак, тарихни тиклаган бўламиз. Камина бўш қолдирган  жойларни бу воқеаларга гувоҳ бўлганлар тўлдиришар, деган умидим ҳам бор.

2.ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Исми ва шарифи: Ислом Абдуғаниевич Каримов.

Туғилган  вақти: 1938 йил, 30 январ.

Туғилган жойи: Самарқанд шаҳри.

Оилавий аҳволи ва оиласининг таркиби: икки марта уйланган.

Расман эълон этилмаган  маълумотларга кўра  Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан Петр исмли ўғли бор.

Иккинчиси билан, яъни  Татяна Акбаровна Каримова билан яшайди. Қизлари-Гулнора ва Лола. Гулнора Каримова Америка фуқароси  Мансур Мақсудийга турмушга чиққан ва 2002 йилда ажралган. Икки боласи бор: Ислом ва Иймон.

Миллати: аслида тожик,  расмиятда ўзбек.

Она тили: тожик. Лекин рус тилида ҳам она тили каби гаплашади.

Кейинчалик ўрганган тили: ўзбек.

Маълумоти ва мутахассислиги: Ўрта Осиё политехника институтининг инженер-механиклик факултетини 1960 йилда битирган.

Тошкент халқ хўжалиги институтининг иқтисод бўлимини 1967 йилда битиргани ҳақида дипломга эга.

Норасмий маълумотларга кўра бу дипломни ўқимасдан олган. Текширишнинг иложи йўқ, чунки билим даргоҳининг ўша йиллардаги архивига сирли равишда ўт кетган..

Президентлик даврида иқтисод фанлари доктори ва Ўзбекистон фанлар академиясининг ҳамда Россиядаги бир қатор академияларнинг аъзоси бўлган.

Хизмат пиллапоялари:( Расмий эълон қилинган маълумотларга кўра)׃

1960 – Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида мастер ёрдамчиси, мастер, технолог.

1961–1966 – инженер, Тошкент авиасозлик бирлашмасида инженер-конструктор..

1966–1983 – Ўзбекистон ССР давлат планлаштириш қўмитасининг бўлимида  бош мутахассис, қўмита раисининг ёрдамчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, қўмита раисининг биринчи ўринбосари.

1983–1986 – Ўзбекистон ССР Молия вазири.

1986 – Ўзбекистон давлат планлаштириш қўмитасининг раиси, Бош вазир ўринбосари.

1986–1989 –Ўзбекистон Компартияси  Қашқадарё вилоят  қўмитасининг биринчи котиби.

1989–1991 –Ўзбекистон Компартияси МК Биринчи котиби.

1990–1991 – КПСС МК аъзоси, КПСС МК Сиёсий Бюросининг аъзоси.

1990 йил 24 март  –  Ўзбекистон Олий Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон президенти этиб сайланди.

1991 йил 29 декабрда  –  умумхалқ сайловида президент этиб сайланди.

1995 йил 26 март куни президентлик муддати референдум йўли билан 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000  йил 2 январда   такрор президентликка сайланди, деб эълон қилинди.

2002 йилда референдум йўли билан президентлик  даври етти йилга узайтирилди ва унинг 2007 йилга қадар тахтда қолиши кафолатланди.

Мукофотлари: “Меҳнат қизил Байроқ” ордени ва “Халқлар дўстлиги” ордени (СССР пайтида олган),  “Ўзбекистон Қаҳрамони” биринчи рақамли олтин медали билан (Президентлиги даврида таъсис этган ва биринчисини ўзи олган), Мустақиллик ордени  ва Президентлиги даврида таъсис этган ва  ўзи олган орденлари, биринчи даражали Рус православ Черкови ордени  ва бошқа бир қатор хорижий давлатлар мукофотлари, Мисрдаги Ал-Аҳзар университетининг профессори унвонини олган.

Асарлари: 10; 12 томлик тўпламлар. (Бошқалар ёзиб у ўқиб берган нутқлар  ва  бошқалар ёзиб унинг номи билан нашр этилган асарлардан иборат).

Севган спорт тури теннис ўйини.

Бошқарув усули: ленинча коммунистик бошқарув усули.

Бошқарувдаги маҳорат майдони: “Ҳаммани бир-бирига душман қилиб қўй ва бошқар!”, усули.

Истаги:  тарихда иккинчи эмас, биринчи “Амир Темур” бўлиб қолиш.

3. ҲАЙРАТ

Халқнинг бир қисмини алдаш мумкин, яна бир қисмини доим алдаш мумкин, халқнинг ҳаммасини вақтинча алдаш мумкин, лекин бутун ҳалқни ҳамма вақт алдаш мумкин эмас, деганди Америка президентларидан бири.

Чунки ғарбда мамлакатни идора қилишга даъвогар шахсларнинг “етти кўрпасини” ағдариб кўрадилар. Шахснинг ҳалоллиги, ростгўйлиги, диёнатли, иймонли, инсофли, ақл-идрокли ва саломат бўлишига аҳамият берилади.

Америкада сайловлар даврида номзод ёшлигида қимор ўйнагани, қандайдир ҳужжатли филмни хавфсизлик идорасига сотгани, наркотик қўллангани, гўзал бир хонимга кўнгил қўйгани каби ҳолатлар ҳам сув бетига қалқиб чиққан. Чунки Америка халқи фермага мудир эмас, мамлакатга раҳбар, агар мамлакат вужуд бўлса, вужудга бош, агар мамлакат бош бўлса, бошга ақл исташади.

Собиқ Совет иттифоқи даврида эса шахснинг ўзи эмас, ҳужжатлари «тоза» бўлса бас эди. Ҳар қандай ифлосликка булғанган ҳужжатни ҳам пул бир пастда тозаларди. У пайтда шахснинг партияга садоқати, халққа қўрқмай ёлғон сўзлай олиш қобилиятига эътибор бериларди.

Хўш, бугун нега Ўзбекистонда мустақил мамлакатда яшаб, ҳамон  Ленин чизиб берган йўлдан бир қадам ҳам нарига ёки берига одим отилмаяпти? Чунки ҳокимият макрнинг мулкига айланди, макрнинг  домига тушди.

Макр маҳоратдир, деган гап бор. Макрнинг миллион қармоғи бўлади. Биридан қочсанг иккинчисига тутуласан. Макрдан узоқ бўлишнинг йўли иккитадир. Бири уни билиш, иккинчиси уни йўқотиш. Биринчисига эга бўлмай иккинчисига эришиб бўлмайди. Табиатнинг оддий қонуни бу. Шу ниқтаи назардан келиб чиқиб, аввало кутилмаганда ҳокимият тепасига кўтарилган ва тарихнинг бурилиш нуқтасида Ўзбекистонда миллат ҳамда мамлакат тақдирига қора тамға урган шахснинг, яъни макр манбаини ўрганиб кўриш керак.

Ҳокимиятни макр билан қўлга олган ва макр билан бошқарган Ислом Каримовни ҳам яқиндан, ҳам узоқдандан яхши танийман. Тарихнинг бурилиш нуқталарида у билан  кўп марта тўқнаш келдик. Унинг шахси, нимага қодир бўлиб, нимага қодир эмаслиги, қандай қилиб ҳокимиятни бу қадар маҳкам ушлаб олиши, нима сабабдан зулм ва қатағон йўлини танлаши, миллонлаб одамларни бахтсизликка бошлаши сабаблари унинг қиёфасида, маънавиятида “мана-ман” деб тургандай.

Кўпчилик унга ишондими ёки ундан қўрқдими? Ўзбекистонни сақлаб қолиш учун унинг қаттиққўллиги, яккаҳокимлиги керак эдими ёки бу қаттиққўллик, яккаҳокимлик Ўзбекистон келажагини таҳлика остида қолдирдими? Нима сабабдан бугунга қадар халқ унинг кимлигини танимайди ва мамлакатни қандай бошқариши ҳақида  аниқ маълумотга эга эмас? Бу унинг маҳоратими ёки жамиятнинг ожизлигими? Хуллас, бу каби сарҳадсиз саволларга боис бўлган Ислом Каримов ким?

Илк дафъа Ислом Каримовга дуч келганимда орзуларим туғён урди. “Юракдаги бундай ловуллаган олов, куч-ғайрат, фидойилик билан партия идораларида қандай ишлаяпти экан, бу зот?”- деган савол ўртади.

Тасаввур қилинг, собиқ шўролар мамлакатида тўқнашувлар туфайли қуёш чизиғидан чиққан бир пайт. Ҳам фикр, ҳам мушт тўқнашувлари. Озодлик ва қуллик курашмоқда эди. Собиқ комфирқа нима бўлса-да ўзини сақлаб қолиш талвасасида. Бунинг эвазига кўп нарсадан қочмоққа ва кўп нарсани емирмоққа тайёр. Шундай кезда шўролар мамлакати таянган ва ишонган «штаб»лардан бири Ўзбекистон комфирқасининг биринчи котиби Ислом Каримов Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида сайловчилар билан (Ўзбекистон ССР Олий Советига 12-чақириқ сайловлари бошланган пайтда) учрашмоқда. Энди-энди ўзбек тилини ўргана бошлаган «биринчи»нинг сўзларни қўпол тарзда бузиб айтиши, кулгига боис бўладиган иборалар ишлатиши, олди-қочди гаплардан қутула олмаслиги ҳеч кимнинг ғашига тегмас эди. Чунки у курмаклар аро пишиқ гуручлар сочаётганди׃

«Қачонгача еримиз, Ватанимиз, бойликларимизга нарёғдан келганлар хўжайинлик қиладилар?». Қарсаклар.

«Қачонгача ўзбек тили хор булади? Ўз тарихимиз, динимиз, тилимиз, қадриятларимиз қачонгача карам (қарам      демоқчи- Ж.М.) бўлади? Биз озод, мустақил бўлишимиз учун керак бўлса жонимни бераман». Гулдурос қарсаклар.

«Биз фақат пахта, тиллолар эвазига дунёда энг бой яшашимиз мумкинлигини мана шу манбардан (минбардан, демоқчи – Ж.М.) ишонч билан айтаман». Қарсаклар.

“Бу заминдаги ҳамма нарсалар дунё бозорида энг баланд баҳога сотилади. Олтин дейсизми, пилла дейсизми, қаракўл, пахта дейсизми, ҳаммаси жаҳон бозорининг энг чаққон маҳсулотлари, булар ўзимизга қолса, биз дунёнинг  бой давлатларидан бири бўламиз. Манa мен иқтисодчи сифатида бунга гарантия бераман: Ўзбекистоннинг бойликлари ўз халқини боқишга, боққанда ҳам тўлиқ боқишга етиб ортади, мана кўрасизлар!” (Қарсаклар)

«Мен нарёғдан, келинг очиқ айтай, Московдан қўрқадиган ерим йўқ. Сизлар ҳимоя қилсаларинг, бас! Нима дейсизлар?» Гулдурос қарсаклар.

«Фарғона, Бўка, Паркент воқеаларини ким уюштирганини биламан. Очиб ташлаймиз ҳали. Олдингизда тиз чўкиб айтаманки, ҳаммаси жазосини олади». Қарсаклар.

«Сайловлар озод бўлади. Кўппартиявийликка йўл очамиз. Коммунистик партия майдондан чиқади. Московда ухлаб ётган депутатларимизни ишга соламиз, улар ҳақимизни ўндириш учун ишламасалар ким ишлайди?». Қарсаклар.

“Дин эркин бўлади, истаганимизча мачит қурамиз, бизга ресторанлар, қасрлар керак эмас, бизга ибодат қиладиган жой керак”. Қарсаклар.

“Намоз ўқигани учун партиядан ўчирган замонлар ўтди, энди керак бўлса бу юртда намоз қилмайдиган бўлмайди” деган гапни Конституцияга киритиб қўямиз. Диндан бехабар бўлганлар ўргансин, кейин кеч бўлади. Оллоҳга хизмат қилишни ўрганмаган одам менинг дўстим эмас!. Қарсаклар.

«Пахта иши» билан қамалганларни, иншоллоҳ озод қиламиз. Халқимизнинг номини осмонга кўтарамиз». Карсаклар.

«Ерни деҳқонга берамиз, Горбачёв қўлини пештахта (пеш демоқчи-Ж.М.) қилмасин кўп. Сиз қўлласангиз, биз ҳам қўлимизни пештахта қиламиз». Гулдурос қарсаклар.

Қарсак урганлар ва Каримовни қўллаб гапирганлар сафида камина ҳам бор эди. У жуда кўп одамлар ўйлаб юрган гапларни тилга келтирган эди. Унинг айтган кўп гаплари менинг ҳам орзуларим эди.Унинг нутқини ким ёзиб берган бўлса ҳам халқнинг кўнглидагини сатрларга тўкканди ва Каримов уни  вақтида тилга келтирганди.

Ўшанда “Биринчи”, яъни бир республиканинг бошида турган шахс бемалол ёлғон гапириши, халқни алдаши, бугун айтиб эртага сўзидан қайтиши мумкин, деган фикрдан йироқ эдим. Таассуфки, ана шу мен йироқ бўлган фикрлар ҳақиқатнинг ўзгинаси экан. Ҳа, ҳақиқат олис-олисларда, етганлар бор, етмаганлар бор!

4. ҚОВУН ЎҒРИСИ

Кунларнинг бирида қўшнимиз Тамара опа билан баҳслашиб қолдим׃

-Ислом билан бирга ўқиганмиз, – деди у мактаб йилларидаги бир воқеани хотирлаб. –Ислом тўполончи бола эди. Баҳони паст қўйган муаллимнинг шўри қурирди. Кўпинча «Сиёб» колхоз бозоридан қовун ўғирлаб келишарди. «Ўзбакларни доғда қўйиб келдик, «Ҳа, тожик бола», деб қувганди, қовунларининг устидан сакрадим, у ҳам сакрайман, деб оғзи билан ерга қопишди. Қовунлари юмалаб кетди», деганда синфдошларимиздан бири нимадир деди. Ислом қўлидаги пичоқни партанинг устига урди-да, ҳалиги қизнинг юзига тарсаки тортиб юборди. Кейин онаси-ю отасини буғдойзордан олиб арпазорга солди.

-Ҳа, энди болаликда нима бўлмайди?- дея унга  қаршилик қилган бўлдим.

Орадан икки йил кечиб, Россиянинг «Останкино»  ойнаижаҳони «Халқ сайлаган раҳбар» номи билан  Ислом Каримов ҳақида “ҳужжатли” филм намойиш қилди. Кейинчалик билсам, бу филмни руслар Ўзбекистоннинг ўша кунлардаги жуда катта миқдордаги пулига жавобан сифатида суратга олишган ва пулни реклама учун, деб расмийлаштиришган экан. Ўзбекистон ҳукумати “Мамлакатимизни жаҳонга танитиш учун” дея телевидениега катта миқдордаги пулни кўчирган экан. Лекин филм фақат Каримов шахсини улуғлаш ҳақида эди.

«Болаликдан баландга сакрашни яхши кўрардим» деди «халқ суйган» раҳбар ва филмда бу гап такрор-такрор  экранга чиқарилди. Шунда кўз олдимдан Тамара опанинг ҳикояси худди ҳужжатли филм каби ўта бошлади: қовун тўдаси устидан сакраб ўтаётган бола ва  йиқилиб қонталаш бўлган деҳқон бобо!

Орадан кўп ўтмай яна Самарқандга борганимда Тамара опани гапга тутдим. Аммо у очилмади. Мендан шубҳа қилаяпти, деб Каримовнинг одамларга ўтказаётган зуғумларидан айтиб бердим.

Кейин у:

-Синфдошларимизга нимадир бўлаяпти,-деди,- Баъзилари телевизорга чиқиб ёлғон гапириб, Исломни мақташаяпти. Унинг Олтин медал билан мактабни битиргани ҳақида тўқиб-бичиб гапираяптилар. Баъзилари эса Ўзбекистондан кўчиб кетаяптилар…

Янаги борганимда Тамара опа ҳам кўчиб кетган экан. Кимдир “Россияга кетди” деса, яна кимдир “Америкага кетди” дерди.

Хуллас, у  президентнинг болалиги ҳақида билган нарсаларини қаерга бўлса ҳам бошқа синфдошлари каби ўзи билан бирга олиб кетганди.

Бир куни сайловдаги ишончли вакилим Ҳафиз ака Азизов тўйга айтди. Алоҳида уйда Каримовнинг акаси Ибод ака ва оқсоқоллар ўтиришган экан. Ҳафиз ака  ўша хонага бошлади.

-Ибод Абдуғаниевич ён қўшнимиз бўладилар, – дея таништирди Каримовнинг акасини бағри дарё, бировга ёмонлик истамайдиган инсон Ҳафиз Азизов.

-Бизнинг болаларнинг тоғасига ўғил бўладилар бу киши,-деди-да Ҳафиз ака ташқарига чиқди. Биз анча суҳбатлашдик. Ибод ака очилмади. Укаси ҳақида сўз айтмади. Фақат яқинда тўй қилгани, тўйга Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов келганини тожик тилида қистириб ўтди. У узр истаб чиқиб кетгач, дўстлари гап бошлашди. Балки мени тожик тилини тушунмайди, деб уйлашдими, ёки сессияда Каримовга қарши гапирганим учун атайлаб “сурпа”ни очишдими, ҳарқалай тушунолмадим.

-Укаси тўйига келмади. Шундан оғринган бу, – деди оқсоқоллардан бири.

-Исломни билмайдимики, хафа бўлсин, – деди бошқа бир оқсоқол.

-Нариги акаси ўлганда соат тўртгача тобутни кўтаришмади. Бир вақт келди-ю, «комиссия бор» деб орқасига қайтиб кетди.Ўшанда хафа бўлмаган одам, энди ранжийдими?

-Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Қурғур отасини ҳам зор қақшатганди-да…

-Ҳе,отасида ҳам бор эди…

-Отанг гадой бўлса тўрва ушла, дейишган. Уйда отамиз ўтирганда томга чиқармидик? У отасини ҳам, онаси Санобар холани ҳам хўрлади. Охири уйдан қувиб қутилишди шўрликлар…

Бу гапларга ишонмасамда вужудимга совуқ бир титроқ кирди. Титроқ саволларга айланди׃

Наҳотки, она Ўзбекистоннинг пешонасига шундай бир ўғил битган бўлса? Ўзбекистоннинг охирати Абдуғани ота ва Санобар аяларнинг тақдирига ўхшамасмикан?!

Лаънат шайтонга, деб саволларни қувдим. Кейин бу гапларни бот-бот суриштирдим. Ҳатто қамоқдаги укаси Арслон озодликка чиқиб Тошкентга келганида Каримов қабул қилмагач, бу гапларни ошкор қилганини айтишганда ҳам «деди-деди» деб ўйладим. Аммо, ҳақиқат ўлмайди. Барибир ўзини кўрсатади. Каримовнинг энг яқин қариндошлари ҳам буни тасдиқлашди. Улар ҳам унга ишонмас эдилар. Юртга ачинишарди. Лекин кейинчалик президентнинг яқини, деб уларга этибор кучайиб  кетди. Айниқса Арслон мафияни қўлга олди. Балки мафия уни қўлга олгандир?

5. БИРИНЧИ СЕССИЯ

1990 йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Олий кенгаши тўққизинчи чақириқ биринчи сессияси арафасида Вакиллар кенгаши бўлди. Совет даврида ҳар бир мажлисдан олдин шундай тўпланиш ўтказиб ҳаммани яна огоҳлантириб қўйишар экан. Аммо бу сафаргиси олдингиларидан кескин фарқ қиларди.

Аввало шуни айтиш керакки, сайланган депутатларни учга бўлиш мумкин эди.

Биринчиси, коммунстик партия тайёрлаган рўйхат бўйича сайланганлар. Улар кимлиги, маълумоти, миллати, ёши, вазифаси,садоқатига алоҳида эътибор бериб танланган кишилар ва кўпчиликни ташкил этишарди.Уларнинг баъзиларини муқобил сайлов ўйинлари билан сайлашганди.

Иккинчиси, ижтимоий қарашлари билан майдонга чиққанлар ва коммунистик партиянинг рўйхатидан сайланишга рози бўлганлар. Улар ҳеч қандай муқобил номзодларсиз сайланишган. Бошқача айтганда қандайдир келишув асосида. Улар озчиликни ташкил этишарди.

Учинчи гуруҳ эса, халқ томонидан кўрсатилиб, коммунистик партиянинг номзодларини жуда катта қаршиликлар, таҳдидлар, ҳужумларга қарамай енгиб чиққан депутатлар. Улар ҳам кўпчилик эмас, аммо улар қолганларни эргаштириб кетишлари мумкинлигидан чўчишарди..

Ҳар ҳолда Каримов ҳам ўзининг рўйхатидан ташқарида сайланганларни шу йўл билан синаб кўрмоқчи бўлганми, бизни ҳам Вакиллар кенгашига даъват қилишганди. У муҳокама қилинадиган масалаларни санаб бўлгач, қўлимни кўтардим. Каримов исмимни сўраб олди-да, кейин сўз берди.

-Ҳозирча кун тартибига тўртта масалани киритишни сўрайман,-дедим.

Биринчиси, комиссиялар (аввалига “комиссия” дейилган бўлса, кейинчалик “қўмита” деб ўзгартирилди-ЖМ) тузилар экан, Ошокарлик комиссияси ҳам тузилиши керак. Чунки, матбуот эркин бўлмаса, сўз эркинлиги таъмин этилмаса, биз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Бу сензурага, назорат зеҳниятига қарши турадиган қўмита бўлиши керак. Халққа фикр мустақиллигини беришимиз керак ва ундан кейин Ўзбекистон том маънода мустақил бўла олади.

Иккинчиси, биз Москва билан муносабатларимизни ўйлаб кўришимиз керак. Болтиқ бўйи республикаларининг йўли биз учун ҳам кечарли бўлиши ва мустамлакадан қутилишимиз лозим.

Учинчиси эса, “пахта иши” деб қораланган ўзбек халқининг номини оқлашимиз керак. Аввал Рашидов масаласида биз ўз сўзимизни айтайлик.Ўғри бўлса ўғрилигини, тўғри бўлса, тўғрилигини. Қачонгача Гдлянлар айтади сўзни?

Ва ниҳоят Паркент воқеалари бўйича бу ерда гапирган депутатни қўллайман. Олий мажлиснинг махсус комиссиясини тузишимиз ва қонли воқеаларнинг айбдорларини топишимиз керак.

Каримов менга қараб турди-да кейин гапира бошлади:

-Мен Жаҳонгирни яхши танийман. Каттақўрғондаги гаплари эсимда,- деди.-Менинг ҳам айтганларим унинг эсида бўлса керак. Бугун айтган таклифлари менинг ҳам юрагимда ётибди. Ошкоралик комиссияси масаласида уни қўллайман. Матбуотни бошқарадиган битта комиссия тузайлик.

Шу пайт Эркин Воҳидов қўл кўтарди ва Каримов “нима дейсиз” дегандек бош ирғаганидан кейин:

-Мен ҳам бу таклифга қўшиламан ва шу комиссияда ишлашга тайёрман,-деди.

-Мана Эркин ака Воҳидов,- Каримов у кишига маънодор жилмайганча сўзида давом этди,-мен у кишини жуда ҳурмат қиламан, бундай шоирлар юз йилда битта туғилади, янги комиссияга шу кишини раис қилиб таклиф этаман. Паркент масаласида ҳам Жаҳонгирга қўшиламан. Ўйлаб чиқайлик ва бир комиссия тузайлик. Умуман Фарғона воқеаларига баҳо берайлик.

Хурсанд эдим. Таклифларим бу қадар тез амалга ошаётгани кўнглимда ифтихор уйғотаётганди. Каримов эса номимни қайта-қайта такрорлаб гапида давом этарди׃

-Рашидов масаласини менга қўйиб беринг ука, уни коммунистик партия қоралади, бу ишни уларнинг ўзига ҳавола қилайлик. Мана мен шу партиянинг раҳбариман. Қўйинг ўзимиз бир кўриб чиқайлик. “Пахта иши” эса оддий масала эмас, терговнинг, суднинг ишига аралашишимиз керакми, йўқми аввал буни ўйлаб кўрайлик? Ана, Москвада ҳар куни шовқин-сурон қилишмоқда. Лекин натижа йўқ.

Энди бояги қувончим сўниб, кўнглимда бошқа саволлар уйғона бошлади. Бунинг устига Каримов Москва билан муносабатлар масаласида гапирмади. Ўшанда СССР Халқ депутати бўлган Аҳмаджон Мухторов мени ёқлаб гапирди ва керак бўлса биз марказдан ажралишимиз, ўз президентимизни сайлашимиз, ўз йўлимизни танлашимиз керак, деди. Каримов бу гапларга эътибор бермаган бўлди. Аммо Вакиллар мажлисидан кейин Аҳмаджон акани унинг ҳузурига чақиришди ва у қайтиб келиб, “Ислом ака, хурсанд, президентликни қабул қилмоқчи, бу эса мустақилликнинг биринчи қадами, лекин СССРнинг ичида қоламиз, ажралсак бизга пулни ким беради, деяпти” деди.

Аҳмаджон ака фавқулодда истеъдодли журналист. 1981 йилда Тошкентдан Самарқандга борганимда у вилоят “Ленин йўли” газетасининг бош муҳаррири эди. Ўзбекистон радиосида “Табаррук замин” деган дастурни тайёрлаб анча оғизга тушиб қолганимга қарамай, ҳатто қўл бериб кўришмаган, кўзойнагининг тепасидан қараб, “Ука, ҳозир иш йўқ, хабар олиб туринг” деганди.

Мен ундан ранжиб Жомбой туманига ишга кетгандим. Аммо кейин Навоий вилояти ташкил этилди ва газетанинг кўпгина ходимлари кетишди. Бу пайтда Жомбойдан туркум мақолалар ёзиб кўзга ташланиб қолгандим. Аҳмаджон ака икки-уч чақиртирди, бормадим. Сўнг вилоят партия комитетини ишга солиб, мени газетага олиб келди. Аввал Қишлоқ хўжалиги ва кўп ўтмай газетанинг ўша кездаги энг асосий бўлими ҳисобланган Партия турмуши бўлимига мудир этиб тайинлади. Ўзбекистон тарихида коммунист бўлмасдан туриб Партия турмуши бўлимини бошқарган фақат мен бўлсам керак. Аммо бир йилдан кейин партияга олишди.

Аҳмаджон ака билан жуда яқин бўлиб кетдик ва ҳамма бизни “тоға-жиян” деб ўйлар ва менинг ёзганларим, айтганларимнинг орқасида у киши турибди деб билишарди. Ҳатто Каримов ҳам аввалига шу фикрга ишониб қолганди. Шу боис мендан ранжиган пайтда у кишини чақириб гапирарди.

Хуллас, сессия бошланиб Аҳмаджон Мухторов нутқ сўзлаб: “демократик жараёнларни янада ривожлантириш, сиёсий ўзгаришларни чуқурлаштириш, конституциявий тузумни, фуқароларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ва хавфсизликларини мустаҳкамлаш, бошқарув олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш мақсадида президентлик бошқаруви жорий этишни” таклиф қилди. Сессияда қатнашаётган СССР халқ депутатлари бу фикрни қўллаб гапирдилар. Лекин қаршилар ҳам бўлди. Масалан, Тошкент шаҳридан сайланган депутат Тойиба Тўлаганова Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президент “таши” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди. У демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди.

-Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор,- деган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, КПСС МК сиёсий Бюросининг аъзоси Ислом Каримов Тойиба Тўлагановани очиқчасига камситди.

Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга интервю берар экан “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди.

Президентлик лавозими ҳақидаги қарорни қабул қилиш ва Каримовни сайлаш бошланганда қашқадарёлик депутат Шовруқ Рўзимуродов сўз сўради. Лекин дўппини салла қилиб кўрсатиш даражасида устамон бўлган мажлис раиси Мирзаолим Иброҳимов:

-Ука, сиз эмас, ёнингиздаги дўппили одам гапирсин,- деди.

Дўппили одам эса сўз сўрамаганини айтишга хижолат чекар экан, Шовруқ ўрнидан туриб гапира бошлади. Унга микрофон керак эмас эди. Унинг гуриллаган товушини мажлислар залининг ҳар жойидан ҳам эшитса бўларди. Шовруқ:

-Мен бу одамни Қашқдарёдан биламан. Бу одам президентликка лойиқ эмас. Агар президент бўлса ҳаммангиз пушаймон бўлиб қоласиз ҳали…,- деди.

Ҳар ҳолда у кўпроқ гапирди. Лекин ҳамманинг қулоқларини ана шу калималар чатнатди.Чунки Олий мажлис тарихида бундай сўзлар илк бор айтилаётган эди. Шу сабабдан ҳам кўпчилик сукунатга ботди, буни қўрқув ҳам дейиш қийин. Балки қўрқувни ҳам ютиб юборадиган ҳушсизлик каби бир ҳол эди. Бошқача айтганда депутатлар ўзига хос исённинг қаршисида ” шок” бўлган эдилар.

Шовруқ қўли билан минбарга ишора қилиб гапирар экан, Каримов қизариб кетди. Микрофоннни жаҳл билан олдига тортди. Лекин нимадир эсига тушган кишидек, яна микрофонни раиснинг олдига сурди-да׃

-Бас қилинг майнавозчиликни,-деди. Раис дарҳол бас қилди. Музокаралар тўхтатилди, микрофонларнинг ёнида тизилиб турганларга сўз берилмади. Ўшанда бир нарсага пушаймон бўлдим. Мажлис очиларкан, Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг раиси бўлган кекса киши раислик қилди ва унинг ҳамма нарсани қоғоздан ҳижжалаб ўқиб беришига қарши чиқдим. Буни бошқалар ҳам қўллади. Каримов ҳам раиснинг латтачайнарлигини таъкидлаб, Мирзаолим Иброҳимов номзодини илгари сурди. У бир овоздан сайланди. Дарров маълум бўлдики, Каримов имкониятдан фойдаланиб илгаридан тайёрлаб қўйилган номзодини ўтказиб олган ва у “пири”нинг қули экан.

Мирзаолим Иброҳимовнинг мажлисни олиб бориш услубига ҳам қарши чиқиш ва Каримовнинг Тойиба Тўлаганова ҳақидаги гапларига норозилик билдириш мақсадида микрофон олдида тургандим. Президентлик лавозимига қарши чиқиш ҳақида эса узил кесил фикрга келмагандим. Бир томондан бу мустақилликка олиб борадиган йўл деб ўйласам, иккинчи томондан бизнинг шарқда бир кишининг қўлига ҳокимият тушиб қолиши яна подшоликка судрамайдими, деган фикрлар билан олишардим. Қолаверса Каримов ҳақида ҳали салбий фикрим ҳам пайдо бўлмаганди. Аммо Иброҳимов масалани овозга қўйди ва залга қарамасдан ҳам “Бир овоздан” деб юборди. Шу зайл президентлик лавозими ташкил қилинди ва “бир овоздан” Каримов “сайлаб” юборилди. Ваҳоланки, қаторлар орасида микрофонлар ёнида турганлар овоз беришга улгурмадилар.

Ўша куни танаффусда Аҳмаджон Мухторов билан гаплашиб турганимизда Шовруқ олдимизга келди.

-Сиз билиб қўйинг,- деди у Аҳмаджон акага,- Бо одам рафиқини ҳам, рақибини ҳам кечирмайди!

Аҳмаджон аканинг кўзи ёниб кетгандек, бўлди. Дарҳол дафтарига бу сўзларни ёзиб олди. Кейин׃

-Укажон Москавда гдлянчилар билан курашда яккаланиб қолаяпмиз. Депутатлар партиядан қўрқишади. Президентлик ташкил қилинса партиянинг таъсири камайиши мумкин. Мен ҳозир бу одамдан бошқа лидерни кўрмаяпман, кейинчалик балки бошқа кадрлар чиқар,- деди. Аҳмаджон ака ўша кезда Каримовга сидқидилдан ишонарди.

Шовруқ Каримовнинг Қашқадарёда одамларга зулм қилгани, Ўзбекистон Компартиясининг Москвадан юборилган иккинчи котиби Анишчев билан биргаликда кўп одамни қаматиб юборгани, Гдлян тўдаси билан ҳам алоқаси борлигини айтар экан, Аҳамаджон ака:

-Укажон деворнинг ҳам қулоғи бўлади, бу гапларни менга айтдингиз бошқага айтманг, бундай гаплар учун кечирмайди бу бадбахтлар,- деди.

-Халқ бу гапларни айтиш учун мени мажлисга юборган,- деди Шовруқ.

Хуллас, биринчи сессия  Каримовни таниш сари қўйилган илк қадам бўлди ва Тойиба ҳамда Шовруқни танишимга йўл очди.

Биринчи сессия танаффусида Ошкоралик комиссияси тузилар экан, Эркин Воҳидов мени чақириб, Каримовнинг олдига етаклади.

– Бу ишни укамиз билан бирга қилайлик, ташаббус қилган одам жазоланиши керак, рухсатингизни олмоқчимиз,- деди жилмайиб.

-Бу йигитга…-Каримов ўйланиб қолди. Кейин эринган оҳангда.- Ошкоралик экан, деб ҳаммаёқни ошокара қилиб юбориш ҳам яхшиликка олиб келмаслигини ўзингиз тушунтириб қўясиз,- деди Эркин акага. Кейин менга қараб׃

-Сайловдан олдин Москва телевидениесига чиқиб ана у гапларни гапириш керак эдими?-деди.

Ҳайратланиб қолдим. Сайловдан олдин Москва телевидениеси Тошкент билан телекўприк ўтказган ва қувғинга учраётган номзодлардан баъзиларини суҳбатга тортганди. Ўшанда Ўзбекистон қашшоқлар мамлакатига айланиб қолгани, оналар ва болалар ўлими, пахтазор оналар қотили эканлиги, матбуот эркинмаслиги каби масалаларга тўхталган эдим. Ваҳоланки, Каримовнинг ўзи ҳам бу муаммолар мавжудлигини Каттақўрғондаги учрашувда айтган эди. Нега энди бу гапларни ўзбекнинг олис қишлоғида гапириш мумкину Москвадан туриб гапириш мумкин эмас? Каримовнинг самимиятига ишончсизлик илк бор ана шу пайтда бошланди десам хато бўлмас. Ўшанда у яна бир нарсалар деди, аммо қулоғимга кирмади. Кўз олдимда илк бор икки юзли Каримовни кўриб тургандим.

6.ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИ: ЮТҚАЗИШ

СССР халқ депутатлигига жамоат ташкилотларидан ҳам номзодлар кўрсатиш бошланганда, Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси бўлиб ишлаб турган Аҳмаджон Мухторов ҳам даъвогар бўлди. Сайлов кампанияси Тошкентда бошланиб, асосий қисми Москвада давом этди. Аҳмаджон аканинг ишончли вакилларидан бири эдим. “Украина” меҳмонхонасида бир ой яшаб, номзодимизни ўтказиш учун курашдик.

Сайлов СССР Журналистлар уюшмасини “қайнатиб” юборди. Ҳамма республикаларнинг вакиллари ўз номзодларини ўтказишга интилардилар. Бунинг учун сизлар бизга овоз беринг, биз сизга каби “ўйин”лар ҳам бошланганди. Аммо кўп нарса номзоднинг дастури ва учрашувлардаги нутқига боғлиқ эди. Аҳмаджон ака талантли журналистгина бўлиб қолмай, айни пайтда яхши нотиқ ва замон муаммоларини илғаб оладиган сиёсатдон эди. Шу боис ҳам журналистларнинг эътиборини тез қозонди.

Москвадаги ҳаёт билан Тошкентдаги вазиятни солиштириб кўришга уринардим. Ер билан осмон қадар фарқ эди. Ўзбек журналистлари гарчи матбуотда долзарб нарсаларни ёзаётган бўлсаларда, ҳали уюшиб, сиёсий кучга айланмагандилар.

Ўзбекистон Ёзувчулар уюшмаси эса сиёсат қайнаб турган қозон эди. Бу ҳақда Аҳмаджон акага гапирсам у сайловни ўтказиб олайлик, биз ҳам уюшмани оёққа қалқитамиз ва катта кучга айлантирамиз, деган аҳдини ва режаларини айтарди.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси туғилгандаёқ ўлик туғилгандек эди. Чунки илгари ҳам фақат “қоғоз”даги ташкилот бўлиб келган.

…1979 йилда Ўзбекистон радиосида ишлардим. Ёшлардан икки кишини ҳам мазкур уюшманинг қурултойига вакил қилиб сайлаш керак экан. Бизни-ёзувчи Примқул Қодировнинг қизи Гуля (Гуля ўша пайтда радионинг рус тилидаги болалар учун дастурлар бўлимида, мен эса ўзбек тилидаги қишлоқ хўжалик бўлимида ишлардик)ни сайлашди. Журналистлар уюшмасининг раиси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов эди. Қурултойда у нафақат нутқ сўзлади, балки анжуманнинг бошидан охирига қадар қимирламай ўтирди ҳам.

Сайлов бошланди ва варақалар тарқатилди. Гуляга:

-Кимларнинг номини ўчирамиз,- дедим ўзбекчалаб. У ўзбекчани тушунарди, аммо русча гаплашарди.

-Ўчиришнинг фойдаси йўқ, барибир айтишмайди, юз фойиз сайланди, деб айтишади.

-Рашидовнинг номини ўчириб кўрамизми?- дедим пичирлаб. Гулянинг ранги оқарди. Бир зум ўйлаб турдида кулиб:

-Балки Раҳмоновнинг номини ўчирармиз,-деди.

Расул Раҳмонов Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитаси раисининг радио бўйича ўринбосари эди.

-Бизни бу ерга олиб келган шу одам. Кейин биздан шубҳа қилиб қолиши аниқ. Бунинг устига унинг қўмита раиси Иброҳимов билан ораси яхши эмас, раис уни кеткизмоқчи, деган гаплар бор,-дедим.

-Рашидовни ўчирсак, КГБ бизни топиб олиши мукин,-деди Гуля.

-Қандай топади? Исмимиз ёзилмаган бўлса?

-Бармоқ изларидан топиши мумкин. Лекин синаб кўрсак бўлади.

Хуллас, иккаламиз Журналистлар уюшмасининг Марказий кенгаши аъзолари рўйхатидан Рашидов номини ўчирдик.

Саноқ комиссиясининг раиси номздоларни номма-ном санаб, “юз фоиз ёқлаб, қарши йўқ” деб айтар экан, биз жиноят қилган одамлардек миқ этмай ўтирардик. Кўзим Рашидовда эди. У ҳам худди бизга қараб тургандек. эди. Навбат “Р” ҳарфига келганда юрагим гупиллай бошлади. Худди бутун залдагилар юрагимнинг товушини эшитиб менга қараб туришгандек туюлди. Шу пайт “Шароф Рашидов… иккита қарши овоз” деган товушдан сесканиб кетдим. Бошимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Рашидов қизариб кетди. Ундан кўзимни олиб қочдим. Залда жимжитлик ҳукмрон. Шу дамда осмон узилиб тушсайдию нафасим бўғилиб қолсайди, дегандек бир кайфиятда эдим. Аммо ҳеч нарса бўлмади.

Шунга қарамасдан тиззаларимда қалтироқ. Гуля ҳам жим. Унинг ҳам дунёсида нималардир бўлаётганди. Биз индамай уйга кетдик. Ҳар куни КГБ ходимлари кириб келишини кутдим. Кейин билсам Гуля ҳам айни ҳисни яшаган экан. Аммо бирор жойда бу ҳақда бирор киши гапирмади ҳам, эсламади ҳам.

Шу воқеа катта қўрқувни енгишга замин бўлганини кейин англадим. Демак, одамлар қўрқув занжири билан ўраб ташланган ва ҳеч қандай назорат қилмасангиз ҳам улар ўзларини ўзлари назорат қилар эканлар. Режим ана шундай йўқ куч устига қурилганини ҳис қилдим . Демак, агар одамлар истасалар кўп нарса бўлиши мумкин экан.

Москвада Аҳмаджон Мухторовнинг ишончли вакили сифатида юрган кунларимда бошқаларда қўрқув занжири йўқолганини кўрдим. Аммо Ўзбекистонда ҳали бу қўрқув яшаётган ва одамларнинг аксарияти ўз-ўзини назорат қилаётганди. Ана шу масала тинчлик бермас ва нима қилиб бўлса ҳам бу йўқ занжирни узиш керак, деб ўйлардим.

Аҳмаджон ака СССР Халқ депутати бўлганларидан кейин у кишини Москвага Олий кенгашга доимий ишга чақиришди. Шу муносабат билан Тошкентдаги ишларини топширдилар.

-Ўрнингизга ўтиб, бир ўзимни синаб кўрмоқчиман,-дедим Аҳмаджон акага.

-Нима деяпсиз? Олий Кенгашдаги ишингиз бундан ўн марта юқори-ку? Нима қиласиз бу ўлик ташкилотни? Ҳатто битта машинаси ва алоҳида бир биноси ёки хазинасида бир мири пули ҳам йўқ-ку?,-дедилар.

-Лекин бир уринмоқчиман,-дедим.

-Марказий қўмита аллақачон ўз номзодини тасдиқдан ўтказиб қўйган-да.

-Ким экан?- деб қизиқдим .

-Лутфилло Кабиров, илгари рус тилида у-бу нарса ёзиб юрарди. Марказий қўмитада инструктор экан. Ўзбек тилини ҳам яхши билмайди. Ташкилот бугунгисидан ҳам баттар бўлади, энди.

-Сиз қаршилик қилмадингизми?

Аҳмаджон ака бир зум ўйланиб турди-да чуқур уф тортиб, гапира бошлади׃

-Ислом ака мендан хавфа. Ҳатто табрикламади ҳам, “Депутат бўлиш ниятингиз бор экан, ўзимизга айтсангиз ҳам бир жойдан сайлатардик”, деди. Энди Москвада бир гуруҳ тузиб ўзбекистонлик депутатларни бошқариш режаси бор экан. Гдлян ҳақидаги чиқишларим ҳам у кишига ёқмаган. Маслаҳат қилиб, кейин гапиринг, деяпти…

Ошкоралик қўмитасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигига муқобил номзод йўли билан сайлов ўтказиш масаласини кўтардим ва ўз номзодимни ҳам кўрсатишим мумкинлигини айтдим. Журналистлар ташкилоти раислиги ҳозир эгаллаб турган лавозимимдан паст бўлгани учун ҳам кўпчилик ажабланмас эди. Акс ҳолда мансаб учун ўзини урмоқда, дейишлари ҳам мумкин эди.

Лекин бу воқеа коммунистик идора билан Олий кенгаш орасидаги илк ва ҳал қилувчи тўқнашув бўлди. Чунки мажлис қилган кунимизнинг ўзиёқ Марказий Қўмитанинг идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов (асли биолог бўлган ва қўлидан ҳеч иш келмайдиган бу одамни идеология бўйича котиб қилиб қўйишганди. Кейин эшитишимизча у Каримовга камгаплиги билан ёқиб қолган ва “дўсти”га айланган экан)  телефон қилди ва׃

-Нима гап?-юмшоқ оҳангда.

-Кеча мажлисга келмадингиз?- дея мен ҳам юмшоқ оҳангда савол билан жавом қилдим. У Ошкоралик қўмитасининг аъзоси ва кейинги пайтларда мажлисларга келмас эди.

-Сизлар шундай мажлис қилаяпмиз, дея маслаҳат қилдингизлармики, мен борай?-дея у яна савол билан давом этди. Бўш келмасликка уриндим׃

-Нега маслаҳат қилишимиз керак? Мажлис чақириш Ошкоралик қўмитаси раиси ва ўринбосарининг ваколатига кирадику?

-Лекин мажлисда муҳокама қиладиган масалани бизнинг бўлим билан келишиб олдингларми?

-Кечирасиз-у, сиз Олий кенгашни Марказий Қўмитага боғлаб қўймоқчимиз? Халқ вакилларига бу ҳақорат эмасми? Ҳамма ёқда демократия ҳақида гуриллаб гап бўлиб турсаю сиз шундай десангиз уят бўлмайдими?-дедим ўзимни босолмай.

-Сизни чақиртиргандим, келмабсиз, мана энди ўзим телефон қилаяпман, Ислом ака шахсан гаплашиб қўй деганлари учун, Журналистлар уюшмасида нима қилмоқчисиз?

Бу гап асабга тегдими ёки ёшлик ғурури қўзғаб кетдими шарта-шурта жавоб қилиб юбордим׃

-Биринчидан, котибингизга “Ҳамидов жанобларига айтиб қўйинг, аввал ўзлари мажлисга келишни ўрагнсинлар, кейин биз ҳам борамиз”, дегандим. Иккинчидан, депутатлик бурчингизни бажариб кеча мажлисга келганингизда нима қилмоқчи бўлганимизни билиб олардингиз!

-Оҳ-ҳу! Ростдан ҳам сиз билан гаплашиб бўлмас экан-ку,- деб суҳбатни якунлади Ҳамидов.

Жавобларимга ҳайрон бўлиб қараб турган Эркин Воҳидов катталар билан бундай муомила қилиб бўлмаслигини айтиб, анча маслаҳат берди.

Шу пайт қисқа рақамли, ҳукумат телефони яна жиринглади. Бу Ислом Каримов эди.

-Мен чақиртирсам келмабсиз,-деди у.

-Сиз чақирганингиз ҳақида ҳеч ким, ҳеч нарса деган эмас, бўлмаса борган бўлардим,- дея юмшоқ жавоб қилдим Эркин аканинг насиҳатига амал қилиб.

-Агар Марказий Комитетнинг қоровули чақирса ҳам демак мен чақирганим бўлади,- Ислом Каримов товушини баландлатиб гапира бошлади.-Сиз ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз ука? Бу депутатлик вақтинчалик нарса, деб такрор ва такрор айтаяпман. Яқинда ҳаммаси жойига қайтади. Москвадаги гапларга қараб хулоса қилманг. Коммунистик партия доим ҳукмрон бўлиб келган ва бундан кейин ҳам ҳукмрон бўлиб қолади. Унга дишманлик қилаётганлар билан ҳали гаплашиб қўямиз. Сиз эса ақлли йигитсиз. Уларга қўшилманг, бошқаларнинг гапига кирманг. Аҳмаджон Мухторовга ўхшаганлар ўзлари панада туриб сизларни ишга солиш билан овора. Ўзбошимчалар бугун депутат бўлгани билан эртага яна ўз жойига қайтариб қўямиз.

-Ислом ака,- дея унинг гапларига жавоб қилмоқчи эдим, аммо уни тўхтатиш қийин эди.

-Журналистлар уюшмаси раислигига бизнинг ўз номзодимиз бор. Эшак бўлса ҳам бизнинг номзодимиз бўлгани учун у ўтади. Сизга вазифа керак бўлса, мана менга айтинг, қайси вазирликни истайсиз, гапимга қулоқ солиб турсангиз Олий Кенгаш раислигига қадар ҳам олиб бораман.

-Аммо бугун мен эгаллаб турган вазифадан жуда ҳам қуйида бўлган ташкилотни бермаяпсизу…

-Гап ташкилотнинг катта-кичиклигида эмас, гап принсипда. Биз айтдикми, ўша одам бўлади, ука,-деди Каримов.

Бу масала энди яна ҳам жиддий аҳамият касб этди. Журналистлар уюшмаси раислигига номзодимни ташвиқ қилишга киришиб кетдим. Учрашувлар, мажлислар ўтаказа бошладик. Икки уч марта Аҳмаджон ака келиб йўлдан қайтаришга уринди, лекин давом этавердик.

Қурултой куни ўртага учинчи номзод ҳам чиқди. Бу “Бирлик”нинг номзоди, журналист Анвар Усмонов эди. Дастурлар, режалар баён этилди. Мен журналистлар уюшмасини сиёсий ташкилотга, ҳақиқатдан журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, уларни бирлаштирадиган, сўз эркинлигини таъминлайдиган, сензурага қарши турадиган ташкилотга айлантириш ҳақида гапирдим. Лутфилла Кабиров ва Анвар Усмонов ўз дастурларини рус тилида баён этдилар.

Қурултой Ўзбекистоннинг катта воқеасига айланди. Ўзбекситон Компартияси Марказий комитети бюросининг аъзолари келишди. Таклиф қилинмаган ҳолда Олий кенгашдан бир қанча расмийлар ҳам шу ерда эди. Ҳатто журналистикага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Кенгаш котиби Омон Олимжонов, Ўзбекистон Комсомол комитетининг биринчи котиби Азиз Носиров ҳам шу ерда фаол эди. Мухолифат ҳаракатлари ва партияларидан ҳам вакиллар келган ва Матбуот уйининг мажлислар зали ҳақиқий сиёсий кураш майдонига айланганди.

Бу ерда эскилик билан янгиликнинг, зулм билан демократиянинг, яккаҳокимлик билан эркинликнинг кураши бошланганди. Хурсанд бўлдим. Демак, ҳаракатларимиз зое кетмаяпти, деб ўйладим. Қурултойда айтилган гаплар ҳам бундай минбарлардан илк бор айтилаётган, тортишувлар ҳам мисли кўрилмаган эди.

Негадир Аҳмаджон ака жуда хомуш. Унинг ёнига борсам׃

-Ҳали ҳам кеч эмас, ўжарликни ташлаб, номзодингизни олинг,- деди.

-Нима учун? –деб сўрасам, қўл силтаб кетиб қолди.

Овоз бериш давомида Каттақўрғондаги “Зарафшон” газетасининг бош  муҳаррири Асқар Жалилов ёнимга келди. Асқар ака билан Самарқандда вилоят газетасида бирга ишлаган эдик. Ўшанда Аҳмаджон Мухторов муҳарриримиз эди.

-Аҳмаджон акани танимай қолдим, у кишига тушуна олмай қолдим, ҳамманинг ёнига бориб, Жаҳонгирга овоз берманглар, деб ташвиқ қилмоқдалар. У ўжар, менинг гапимга кирмади, ўзига ёмонлик қилмоқда. Унга дўстлик қиламан, десангизлар унга қарши овоз беринглар, деб юрибдилар,-деди у.

Яна Аҳмаджон аканинг ёнига бордим.

-Биласизми, бу принсиплар жанги, агар шу ерда ютқазсак, тамом, ҳеч қачон юта олмаймиз. Кўраяпсиз, демократия ҳамма республикаларга келганда ҳам бизда йўқ. Биз одамлардаги қўрқувни синдиришимиз керак. Агар бугун ютқазсак, мана барибир ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деган фикрлар янада қатъийлашади,- дедим.

-Барибир ҳеч нарса қилиб бўлмайди,-деди Аҳмаджон ака.

-Лекин сизнинг депутат бўлганингиз ва менинг ҳам депутат бўлганим аниқ масала. Йўлимизни тўса олмадилар. Бизга ўхшаб 20-30 киши уларнинг деворини бузиб ўтди. Демак, мумкин экан.

-Гап ана шунда, 20-30 кишимиз. Улар эса бир неча юз киши. Мухолифатмиз, деб юрганларнинг кўпи эса шу йўл билан мансаб олиш ниятида. Мана қурултойда айтганларингизни эшитиб туришди. Аммо ўзларининг номзодини илгари суришди. Агар гап мақсадда бўлса, нега сизни қўллашмади? Бундан кейин ҳам қўллашмайди? Ёлғизланиб қоласиз?-деди Аҳмаджон ака ачинган қиёфада.

-Улардан қўллашларини сўраганим ҳам йўқ. Бу оддий ҳол. Номзод қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу-демократия.

Қозонни қайнатмоқчи эдим, менимча улгурдим шунга.

-Агар демократия бўлса, нега мен билан гаплашиб турибсиз. Мен ҳам демократияга риоа қилиб, ўзим истаган номзодни ташвиқ қилиб юрибман. Сиз эса қаршилк қилаяпмиз? Қозонга келсак, гап унинг қайнашида эмас, гап пишадиган овқатда. Булар аллақачон бир халта тузни ташлаб бўлишди. Энди бу ошни ҳеч кимга едира олмайсиз,- дедида “Қалай мот қилдимми?” дегандек, елкамга уриб қўйди.

Аҳмаджон акадан жуда қаттиқ хафа бўлдим.

-Бу демократия эмас, бу демократия ғояларини сотиш, дегим келдию у кишини жуда ҳурмат қилганим учун айта олмадим.

Саноқ комиссияси ичида журналистлар Исмат Хушев ва Дадахон Ёқубов ҳам бор эди. Бир пайт Дадахон менинг ёнимга келиб,

-Исматга овозлар сонини ўзгартириш юкланган. Менга ҳам, лекин мен буни қилмадим. Ана у Аҳмаджон тоғангиз билан Исмат бир нималарни режалаяптилар,-деди.

-Бу гапингизни қурултойга ҳам айтинг,-дедим.

Дадахон:

-Нима қипти, мени қўрқоқ деб ўйлаяпсизми, қурултойга ҳам айтаман, керак бўлса Ислом аканинг ўзига ҳам айтаман,-деди,-Исмат нимадир қилиб Сиз ва Лутфиллага 75 тадан, Анвар Усмоновга 22 та овоз чиқарди. Кейин Ислом акага телефон қилишди. У кишига ҳақиқатни манa мен айтаман. Аммо Аҳмаджон ака ичкарига кириб, мен Жаҳонгирга овоз бергандим, қайтиб олдим ва Лутфиллага овоз бермоқчиман, шуни ўзгартириб қўйинглар, деди.

Шу пайт Аҳамаджон ака минбарга чиқиб гапира бошлади. Мени анчадан бери билишини ва ўжарлигимни ҳам айтиб, менга овоз бермаганини эълон қилди.

Саноқ комиссияси ҳам Аҳмаджон ака айтгандек қилиб, натижани ўзгартириб айтди. Лекин Дадахон сўзида турди ва қурултойга мурожаат қилиб, орқада бўлган ўйинни айта бошлади. Саноқ комиссиясининг натижасига исён қилган делегатлар зални ташлаб чиқиб кета бошладилар. Дадахоннинг айтганларини кимдир эшитди, кимдир эшитмади. Аммо унинг “Натижалар бузилди” деган гапи қулоқлар остида қолди.

Саноқ комиссиясининг натижаси қурултой томонидан тасдиқлаш учун овозга қўйилмай, қурултой якунланмай қолди. Чунки ҳамма ёқ ғала ғовур бўлиб кетганди. Эртасига газеталарда Лутфилло Кабиров муқобил сайловда Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси этиб сайланди,  у 76 та, Жаҳонгир Маматов 75 та, Анвар Усмонов 22 та овоз олдилар, деган хабар чиқди.

Мени ҳайратга солган эса, Аҳмаджон Мухторовнинг ҳаракатлари бўлди? Нега у бундай йўл тутди? Нега ўз истеъдоди ва қобилиятига қарши иш тутди? Нега мени шогирдим, деб юрган ҳолда оёқлар остига олиб топтади? Бу каби саволларга жавоб топа олмас эдим.

Орадан кўп ўтмай, бир кун Аҳмаджон ака саҳарлаб уйга келди. Ундан хафа бўлганим учун ичкарига таклиф қилиш ёки қилмасликни ҳам билмай қолдим.

-Бугун Москвага қайтаяпман. Сиз хафа бўлманг, сайловда ютқизган бўлсангиз ҳаётингизни қутқазиб қолдингиз. Ислом ака мени ҳам, сизни ҳам ўлдиртириб юборишини айтганди. Шу боис шундай йўл тутдим,- деди.

-Унинг шу гапига ишондингизми?- дедим.

-Сиз ишонмаслигингиз мумкин. Аммо мен ишонаман. Уларнинг қўлидан ҳамма иш келади. Улар кечиришмайди. Кечириш нималигини билишмайди. Сиз эса уларга қарши исён қилдингиз. Улар ўз принсипларини қутқазиб қолиш учун ҳамма йўлга бош урадилар…

-Биз ютганимизда уларнинг “принцип”ларини синдирган бўлардик. Ҳамма нарса биринчи одимга бoғлиқ. Биринчисида ютдингизми, демак йўл очилади.

-Майли укажон, мен сизни ўғлимдек яхши кураман, кўнглимдагини айтдим, қўйдим, аммо у кеча ҳам телефон қилди. Мени қаттиқ ҳақорат қилди, яна, сизни ўлдиртириб юборишини айтди. Ундан эҳтиёт бўлинг, уни яхши танийман. У мафиядан чиққан, бутун мафия унинг орқасида.

Аҳмаджон аканинг кўзида ёш ҳалқаланди… Ҳеч нарса деяолмадим. Барибир ўз фикримда эдим. Агар у киши маҳкам турганда Ислом Каримовнинг малайлари ҳеч нарса қила олмас эди. Ана шу биринчи ютқазиш кейинги одимлар давомида бизга қимматга тушишини ҳис қилардим, аммо бу қай йўсинда бўлишини тассаввур қила олмасдим. Лекин Аҳмаджон аканинг кетаётиб айтган яна бир гапи қувват берди.

-Мен унинг ҳақоратларини жавобсиз қолдирмайман… Агар сизга бирор нарса қилгудек бўлса, ҳаётининг энг катта хатосини қилган бўлади. Унинг ажали  мен бўламан!

Демак, бу одамнинг ҳам қалбида исён бор.У кишига нисбатан хаёлимдан ўтган салбий фикрлар бирдан ғув этиб учиб кетди ва кузатиб қўйиш учун чиқдим. Кетаётганларида:

-Барибир ютишимиз керак эди,-дедим.

-Мен ҳам шу фикрга келдим, аммо кеч…-дедилар.

Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг  қурултойидан эсда қолган яна бир воқеа шуки, мажлисга Бош вазир ўринбосари, шоир Эркин Самандаров раислик қилганди  ва очиқдан-очиқ мени сайламасликларини талаб этганди. Ўшанда хоразмлик ёш бир журналист ўрнидан туриб:

-Ёшулли, катта ишга ўтиб виждонингизни сотиб юборибсизку!- деганди.

Шу нарсага аминманки, бу гапни Эркин Самандаров ҳеч қачон унута олмаган бўлса керак, айниқса Каримовнинг топшириғи билан юқоридаги каби жуда кўп “ҳунар”ларни кўрсатиб,  кейин ишдан  қувиб юборилгач,  айниқса, бу сўзлар бот-бот қулоқлари остида жарангалаган бўлса ажаб эмас?!

7.ИККИНЧИ СЕССИЯ: МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ

Мустақиллик ғояси ҳамма жойда тўлқинланган ва бу тўлқин бирин-кетин соҳиллардаги қояларни йиқитаётганди. Баъзи жумҳуриятларда бу тўлқин қаршисига танклар, турли силоҳлар олиб чиқилса-да, тўхтатишнинг имкони бўлмаётганди. Чунки бу тўлқиннинг орқасида енгиб бўлмас куч – халқ бор эди. Бу тўлқин эстираётган шамол ҳар бир эшикдан ичкарига кираётган ва инсонларнинг қалблари, шуурларини қитиқлаётган эди.

Аммо биз энг орқада бўлмасакда, энг орқадаги ўринлардан бирида эдик. Анашу орқадалик демократ депутатларга тинчлик бермас эди. Мустақиллик ҳар биримизнинг кўнглимиздаги энг улкан орзу эди.

1990 йилнинг 18 июнида бошланадиган Ўзбекистон Олий Кенгаши 12 чақириқ иккинчи сессияси олдидан кун тартибини муҳокама қилиш учун раёсат мажлиси чақирилди. Олий кенгаш раиси, ўринбосарлари ва қўмиталарнинг раислари раёсат аъзоси бўлганлари учун мажлисда ҳал қилувчи овозга эгадирлар. Аммо биз ҳам қатнашсак, бизни чиқариб юбориш ҳуқуқлари йўқ эди. Шу боис бу мажлисга кирдик ва мустақиллик  масаласини кўтардик.

-Бугун бўлажак сессиянинг кун тартибини муҳокама қилаяпсизлар, – дедим раёсатда сўз олиб. – Биламан, раёсатимиз “юқори” билан маслаҳатлашмасдан қарор чиқара олмайди. Лекин бу масала маслаҳатни кутмаслиги учун ҳам уни кун тартибига киритишларингизни сўраймиз. Ёки бугун раёсат бир ҳайъат тузсин ва сессия иш бошлагунга қадар лойиҳаларни кўриб чиқиб, муҳокамага ҳозирласин.

-Тўғри,-дея қўллади Маданият қўмитаси раисининг ўринбосари Алижон Қўчқоров. -Мана мен узоқ йиллар партия марказқўмида ишладим, лекин бугун мустақиллик дея тўлғанаётган йигитларга қўшиламан. Бу бир ёки икки кишининг ташаббуси эмас. Бу бутун халқнинг дарди. Шу сабабдан унга қўшилмасдан ва уни қўллаб-қувватламасдан иложимиз йўқ.

Унинг ёнида Бахтиёр Қодиров деган депутат ўтирганди, у ҳам қўшилди. Кейин мен каби раёсат аъзоси бўлмасада мажлисга кирган бошқа депутатлар ҳам дастаклашди бу фикрни.

Раис Мирзаолим Иброҳимов ҳеч нарсага “йўқ” демас эди. “Хўп” дерди, куларди, лекин ваъда амалга ошмай қолаверарди.

Кутилмаганда Эркин Воҳидов сўз олди׃

-Менимча бу ўйлаб кўрилиши керак бўлган масала. Ҳозир бирдан кун тартибига қўшсак сессияда шошиб қоламиз, тайёр бўлмаган нарсани қандай қилиб муҳокамага олиб чиқиш мумкин? Олдин халқдан сўраб кўрайлик. Қани нима дейди? Шу боис мен бу масала билан шуғулланадиган бир  ҳайъат тузишни таклиф қиламан. Унгача Оқсоқолнинг  фикрларини ҳам биламиз.

Эркин ака ва ҳамқурлари Ислом Каримовни “Оқсоқол”  дейишарди.

-Ҳурматли Ислом акага ўзим тушунтираман. Эркин аканинг таклифлари эса жуда тўғри, мен ўзим Ислом акадан изн олиб бу масалани сессияда муҳокамага қўяман.- деди Мирзаолим Иброҳимов “Оқсоқол”нинг ўрнига “Ислом ака”ни ишлатиб.

-Лекин тавсия қилинадиган кун тартиби қўлингизда, ҳозироқ унга киритиб, қабул қилиш мумкин, – дея луқма ташладим.

-Тушунаман, ёшларнинг қони қайнаб туради. Аммо бу масала жуда ҳам жиддий, уни икки оғиз гап билан ҳал қилиб юбориб бўлмайди, қолаверса таклифингиз рад қилинмади, қабул қилинди деб ҳисоблайверинг, ука, – юмшоқ оҳангда эътироз билдирди раис.

-Бу ерда Мустақиллик Декларацияси матнини тайёрлайдиган гуруҳ тузиш таклиф қилинди, ҳеч бўлмаса буни амалга оширайлик, иш давом этиб турсин, – деди Алижон Қўчқоров.

-Бизга имкон беринг, агар йўлини топсак гуруҳ-пуруҳсиз ҳам бу масалани ҳал қиламиз…,-жавоб қилди раис  бироз зарда билан.

Шундан кейин сессия олдидан “Мустақиллик Декларацияси” деган ном билан иккита ўзбекча матн пайдо бўлди. Биринчиси, “ЭРК” партияси тайёрлаган ва иккинчиси “Бирлик” халқ ҳаракати.

Биринчиси анча мукаммалроқ бўлиб, бир саҳифадан кўпроқ эди. Иккинчиси, эса ярим саҳифа бўлиб, умумий руҳдаги чақириқ каби ёзилганди. Олий Кенгашда ишлайдиган ходимлар “Булар шунчаки оддий қоғозлар” деб қўл силташарди.

Биз Олий Кенгаш идорасида ишлайдиган  демократик руҳдаги депутатлар эса  ҳар иккаласидан ҳам фойдаланган ҳолда янада аниқроқ ва мукаммалроқ лойиҳа тайёрлашни ўйлардик. Яъни унга қонуний тус бериш кераклиги ҳақида бош қотирар эдик. Лекин баъзи қўмита раислари ва ҳайъатдагилар бунга  қарши эдилар. Москвадан ажралиш керак, деган гапни эмас, СССР таркибида қолиб, Иттифоқ Шартномасини имзолаб, кенроқ ваколатлар олиш кераклигини афзал кўришарди.

Чунки ўша кунларда Москвадан шундай бир таклиф юборилган ва қандай ваколатлар исталиши ўрганилаётган эди. Қўмита раислари қуруқ гапдан кўра,  амалий одим тарафдоримиз, Москвадан кўпроқ эркинлик олсак бу фойда деган фикрларини бизга ҳам сингдиришга уринишарди. Каримов ҳам кўпроқ эркинлик билан Иттифоқ таркибида қолиш кераклигини ва айниқса ўзи иқтисодчи бўлгани учун ҳам бунинг афзаллигини тушунишини бот-бот такрорларди. Унинг фақат битта  ўйи борлиги яққол сезилиб турарди: бу ўй нима бўлса ҳам Москва менга тегмасин, қолгани дунёни сув босса ҳам тўпиғимга чиқмайди қабилида эди.

Сессия бошланишидан бир кун олдин кўнглимга бир фикр келди. Нега сессия котибияти аъзолари олдиндан  тайинланиб қўйилади ва сессияда номлари ўқиб бериладию  “тасдиқланди” деб ўтиб кетилаверади? Ваҳоланки бутун сессиянинг тақдири ана шу котибиятнинг қўлида. Агар котибият мустақил бўлса, мажлислар эркин ўтади, кун тартибига исталган нарсани қўшиш мумкин?

Олий кенгашдаги дўстларимга:

-Мажлис очилиши билан котибият эълон қилинар экан, ҳар биримиз биттадан номзод кўрсатайлик. Улар ўн беш номзод кўрсатишса, биз ўн олти кишини кўрсатайлик. Мажбуран овозга қўяди. Ўтгандан кейин бизнинг одамлар котибият мажлисида раис номзодини ўзимиздан кўрсатсин. Чунки мажлиснинг тақдири котибият раисининг қўлида. Бутун рўйхатлар, қарорлар унинг қўлида бўлади. У эса бирортасини ҳам раисга бермайди, сенариясиз сессия ўтказамиз деб эълон қилади. Депутатларнинг талаблари сифатида Мустақиллик Декларацияси муҳокамасини ҳам кун тартибига киритишни сўрайди…,- дедим. Уларга маъқул бўлди бу фикр.

Сессия куни Каримов чет эллик меҳмони билан водийга кетганди. Бу ҳам ишни қулайлаштирди. Котибият аъзолари тасдиғи бошланганда  “Менда таклиф бор” дея ўрнимдан турдим ва  котибият аъзоларини янгидан сайлаш керак деган таклифни айтдим. Мирзаолим Иброҳимов:

-Укам, ҳеч жим ўтирмадингиз. Котибиятга у аъзо бўлди нима, бу аъзо бўлди нима? Шу котибият ўзгаргани билан бир нарсага эришасизми?- дедию қўшимча қилди: -Менда ҳам таклиф бор, Жаҳонгир Маматовнинг ўзи командаси билан секретариатни эгалласин, кўрамиз қани нима бўларкин? Қани рўйхатингизни ўқинг!-деди.

Мен шошиб қолдим, чунки қўлимда рўйхат йўқ эди. Аммо бундай имкониятни бой бермаслик учун чўнтагимдан ён дафтарчамни чиқардим-да, гўё унга исмлар ёзилгандек, аслида эса хаёлдан, янги номзодлар рўйхатини ўқий бошладим. Олий кенгашда биргаликда фаолият кўрсатаётган дўстларимнинг исмлари бор эди бу “рўйхатда”.

Бошқаларга таклиф киритиш учун ҳожат ҳам қолмади. Бир зумда мен таклиф қилган “рўйхат” тасдиқланди ва биз орқадаги хонага ўтиб, котибият мажлисини қилдик. Аслида ўзим “рўйхат”да йўқ эдим. Чунки ўз номимни ўзим таклиф қила олмас эдим. Аммо Мирзаолим Иброҳимовнинг таклифи ўлароқ исмим рўйхатга кирди ва котибиятнинг илк мажлисида  раис этиб сайландим.

Каримов бўлганда бунга йўл бермасди. Мирзаолим Иброҳимов эса ҳаётининг энг катта “хато”сини қилиб қўйганидан бехабар эди.

Бир пайт Каримов кириб келди. У минбарда котибият учун ажратилган жойда ўтирганларни кўриб ҳайрономуз термулди-да, “салом” дегандек менинг елкамга уриб қўйди ва раиснинг ёнига бориб утирди.

Раисдан сўз сўрадим.

-Сўз котибият раисига, – деди Мирзаолим Иброҳимов.

Ўртадаги минбарга чиқдим-да:

-Раёсат таклиф қилган кун тартиби аниқ. Лекин истаган одам кун тартиби бўйича таклиф киритиши мумкин. Котибиятга келган таклифларингизни албатта ошкор этамиз ва овозга қўямиз. Мана бу сўзга чиқувчилар  рўхати эса олдиндан тайёрлаб қўйилган экан, уни йиртамиз.

Шундай деб, қўлимдаги қоғозларни иккига бўлиб, йиртдим.

–Сўзга чиқувчилар ҳам котибиятга таклиф берсинлар, биз рўйхатни таклифларнинг келган соати, дақиқасига қараб тузамиз, – дедим.

Мажлисда жонланиш юз берди. Уйқусираб ўтирадиган тўраларнинг ҳам пайтавасига қурт тушди.

-Мен қайси қоғозга қараб иш юритаман, – дея киноя қилди Мирзаолим Иброҳимов. У Каримовнинг келиб қолганидан ваҳимага тушганди.

-Кун тартибига қараб раислик қилаверасиз, – деб  минбардан тушиб, ўрнимга келиб ўтирдим. Каримов эса ўрнидан турди-да қўл силтаб чиқиб кетди. Унинг нимага келиб, нимага кетганини ҳеч ким тушунмади.

Мирзаолим Иброҳимов нима қилишини билмай қолди. Олдидаги қоғозларнинг аксарияти  бекорга чиқиб қолганди. Котибият аъзолари мажлисга юзма-юз қўйилган жойда ўтириб таклифларни йиға бошладилар ва мен муҳокамага қўйиладаган масалаларнинг номларини  эълон қилиб, сўзга чиқувчилар номини  Мирзаолим Иброҳимовга етказиб  турдим.

Залда Мустақиллик Декларациясини кун тартибига киритиш учун ҳаракат ҳам бошлатилди. Аввалига депутатлар лойиҳаларни тўппа-тўғри Иброҳимовга берибдилар. У  эса олиб, столнинг устида тескари қилиб қўйганича қарамабди ҳам. Шундан кейин қайтадан котибиятга келди. Унда “Мустақиллик Декларацияси кун тартибига киритилиши учун овозга қўйишингизни сўраймиз” дейилган ва 167 депутатнинг имзоси илова қилинган эди.

Шу ўринда котибиятга келган ва архивимда сақланиб қолган мактубларнинг баъзиларини мисол сифатида келтирмоқчиман:

“Секретариат раиси Жаҳонгир Маматовга. Сўзга чиқиш имкониятингиздан фойдаланиб қўйидагиларни депутатларга-сессияга  етказишингизни илтимос қиламан:

1.Олий Кенгаш раиси таклифларни нега танлаб-танлаб овозга қўяди?

Биз кўпчилк депутатларга қўл қўйдириб, “Мустақиллик Декларацияси”ни овозга қўйдиришни сўрагандик. Буни эътиборсиз қолдириш ҳуқуқини М.Иброҳимовга ким берган?

2.Шулар асосида ва икки марта норозилик билдирганим ҳам инобатсиз қолгани  сабаб энди раисга ишончсизлик билдираман.

Ҳамза Эшназараов, 385-сайлов округи”.

“Мен Маржонбулоқ олтин конида ишлайман.Тезроқ Мустақиллик Декларациясини қабул қилайлик. Кеч бўлаяпти, кеч…

Абиёр Баротов, 386- Қўйтош округи”.

“Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Биз 167 халқ депутати “Мустақиллик Декларация”сини муҳокама қилишни талаб этдик. Лекин раислик қилувчи овозга қўймаяпти. Бир депутат талаби ҳам овозга қўйилиши лозим. Конституцияни ҳимоя қилишни сиздан сўраб, ушбу масалани бугун кун тартибига киритиб, сессия охирида қабул қилиш керак….

Сизга ишонч билан

Карим Баҳриев, 327-Қўйқишлоқ сайлов округи”.

Каримов мажлис залига Бош вазир Шукрулло Мирсаидовга баъзи гапларни айтиб қўйиш учун келган экан. Чунки водийдан қайтиб энди Марказий Осиё лидерлари йиғилишида қатнашиш учун Алматига бориши ҳам керак экан.

У орқадаги хонада Мирсаидовни кутиб, ичкарига у ерга улаб қўйилган радиодан мажлисдаги тортишувларни эшитиб қолиб, раисга танбеҳ бериб қўйиш учун сессия бўлаётган жойга чиққан экан. Каримов Иброҳимовни “чимчилаб”  қўйгандан кейин орқа хонага ўтиб,  Мирсаидов билан гаплашиб турганда  мен кириб бордим. Қўлимда бир даста мактуб ва Мустақиллик Декларациясининг матнлари бор эди.

-Нима гап, яна бузғунчилик-ку?- деди Каримов.- Қоғозларни йиртган билан  иш тамом деб ўйлайсизми? Олдингиси дарс бўлмаганга ўхшайди.

У Журналистлар уюшмасида ютқазганимизга шаъма қилаётганди.

-Миллатвакилларининг кўпчилиги Мустақиллик Декларациясини қабул қабул қилишимизни сўрашаяпти, -дея гап бошладим мен.

Аммо Каримов  гапимни охиригача эшитмади.

-Уша миллатвакилларингиз …  қисиб ўтирсин, – дея қўлини мушт қилиб кўрсатди.

Бу гапи қаттиқ ботди. Чунки мен ҳам ўша миллатвакилларидан бири эдим. Шу боис унга жавоб бериш зарур деб ҳисобладим ва:

-Сизни маданиятли одам деб эшитгандим…,- Аслида маданиятсиз калимасини ишлатмоқчи эдим, аммо  тилим бормади.

Каримов яна  сўзимни кесди:

-Бу депутатлигингиз узоққа бормайди, деб неча марта айтдим, тушунасизми ўзи? Қолганларники ҳам. Мустақиллик эса хоинлик.  Орқадан пичоқ уришдир. Гапиришни биласиз ҳаммангиз,  иш эса менга қолган. Мана бу Декларация бир тийинга қиммат қоғоз, буни туалетда ҳам ишлатиб бўлмайди, билдингизми? Шукур Раҳматович керак бўлса шу гапни чиқиб халққа ҳам айтади,- Каримов авзойи бузилиб бақира бошлади.

Шукрулло Мирсаидов вазиятни юмшатмоқчи бўлди, шекилли, гапга аралашди:

-Нима экан ўзи бу лойиҳалар? – деди.

-Мен лойиҳаларни бу ерга олиб келмаслигим мумкин эди, аммо бир юз олтмиш етти миллатвакили бу лойиҳаларнинг остига имзо отган, президентнинг номига мурожаат ёзган. Истасангиз, чўнтагингизга солиб қўйинг, бизда муҳокама қилиш учун бошқа нусхалари бор,- дедим Мирсаидовнинг саволига жавоб берар эканман Каримовга юзланиб. Кейин қўлимдаги қоғозларни Каримовга узатдим. Аммо  у эмас Шукрулло Мирсаидов олди. Каримов эса 167 рақамини эшитиб, бир лаҳза эсанкираб қолди. Сўнг  Бош вазирнинг қўлидан рўйхатни олиб, исм-шарифларга назар ташлади.

-Вой, аблаҳлар, вой нонкурлар,-дер экан, лойиҳаларни ўқиди-да, саккиз сатрлисини менга узатди:

-Мана шунисини мажлис охирида кўриб чиқишсин, – деди.

Каримов ажратиб берган саккиз сатрли лойиҳада ҳеч гап йўқ эди.Чиқиб кетар эканман яна Каримовнинг гаплари қулоғимга чалинди:

-Бу жўжахўрозлар билан ади-бади айтиб ўтиришга ҳолим йўқ. Агар боягини муҳокамага қўйишадиган бўлишса, мустақиллик деган сўзларни “суверенитет” калимаси билан алмаштириб, Москванинг қонунлари ҳудудимизда ўз кучини сақлаб қолади, деган қўшимча билан қабул қилиш мумкин. Ўшанда ҳеч гап бўлмайди. Кейин истасак қайтадан ёзамиз, истасак эълон қилмаймиз. Ўзингиз сўзга чиқиб, бунинг бир парча қоғозлигини тушунтириб беринг, булар ҳали иқтисоднинг “и” ҳарфини билишмайди…Исмоил Ҳакимовичга айтинг, анқайиб ўтирмасдан ана у имзо қўйганлар билан гаплашиб қўйсин…

Каримов бирдан мен томонга қаради ва:

-Яна бирор гапингиз борми?- деди. Уларнинг гапига қулоқ тутиб қолганим одобсизлик эканлигини ҳис қилиб “узр” дедимда  мажлислар зали томон кетдим.

Шу орада Каримов Эркин Воҳидовни чақиртирди. Мен учун унга танбеҳ бера бошладида дея кўнглим хижил бўлди. Мард бўлса гапини ўзимга айтақолмайдими, деб ранжидим. Аммо гап бошқа эканлигини кейин тушундим.

Мустақиллик Декларациясини муҳокамага  қўямиз десак Эркин ака сўз сўради.

-Мустақиллик ҳаётимизнинг энг муҳим ва энг керак масаласи. Шу сабабдан бу ҳақда Декларация қабул қилиш учун махсус ҳайъат тузишимиз керак. Бунга ёзувчилар, шоирлар, ҳуқуқшунослар, олимлар, сиёсат арбоблари, хуллас ҳамма соҳадан вакиллар кирсин. Шундай бир ҳужжат қабул қилайликки, дунё бизга қойил қолсин. Сихни ҳам кабобни ҳам куйдирмасдан иш қилайлик…,- деди у.

Ундан кейин  Аҳмадали Асқаров, Муҳаммад Солиҳ, Ойгул Маматова, Мурод Жўраев ва яна бир неча   киши сўзга чиқиб ўз фикрларини айтдилар. Кўпчилик ҳайъатни шу заҳоти тузиб, Декларацияни мажлис охирида қабул қилиш кераклигини айтди. Мен ҳам сўз олиб иккинчи лойиҳа мукаммаллигини ва уни муҳокама этиб, қўшимчалар билан қабул қилиш кераклигини айтдим.

Муҳокама давом этар экан, Каримов чақиртирди.

-Сиз ука нима қилаясиз, бу ўйинчоқ эмас, катта давлат, нега сиз  менга бошқа нарсани кўрсатиб, мажлисга бошқа гапни айтаяпсиз. Биласизми буни нима дейишади…?,- деб сўкинч гапни ишлатди..

-Бўлмаса сиз ҳам баъзи нарсаларни билиб олинг,- дедим қизишиб.-Биз қабул қилгандан кейин ҳужжатлар имзоланиш учун сизга боради. Фикрингизни ана ўшанда айтасиз. Истасангиз қўл қўймасдан яна бизга қайтарасиз, вето ҳақингиз бор ва биз қайта кўриб чиқамиз. Лекин  президент олдиндан кўриб чиқади, деган гап йўқ. Шунга қарамасдан мен сизга кўрсатдим. Чунки сизнинг номингизга ёзилган мурожаат ҳам бор эди. Депутатлар сизга ишонч билдириб ёзишганди уни. Ўзингиз лойиҳалардан биттасини танлаб менга бердингиз. Мен эса иккинчисини таклиф қилдим, чунки…

Каримовнинг жаҳли чиққан эди, гапимни кесди.

-Менга чунки-мункини гапирманг. Сизлар бир нечта жўжахороз бу ерни ҳам Москвага айлантириб юбормоқчисизлар. Аммо билинглар, бу ерда Горбачевга ўхшаган латтачайнар йўқ. Сизлар чалган мусиқага ўйнаб ўтирадиган одам йўқ бу ерда. Мусиқани мен чаламан. Мен айтдимми, тамом, ҳозирнинг ўзида чиқиб лойиҳанинг иккинчисини қайтиб оласиз ва биринчисини ўртага қўясиз.

-Энди орқага қайтиш мумкин эмас. Қолаверса биринчи лойиҳада ҳеч гап йўқ. Уни эълон қилдигу қилмадик, ҳеч фарқи бўлмайди,-дедим мен.

Каримов мушти билан столга уриб бақирди.

-Мен айтганни бажар деяпман, сенга!

-Мени сенсираманг ва бу оҳангда буйруқ ҳам қилманг! Васвасага тушганингизни ҳозир чиқиб депутатларга эълон қиламан,-дедим.

Каримов энди пешонасига муштлади.

-Ҳаммасига эшшак КГБ айбдор, Мелкумов айбдор!  Санларни бу ерга яқин йўлатмаслик керак,  дегандим. Битта ишни эплолмади аблаҳлар.Тарқатиб юбораман, қайтадан тузаман. Санларга эса алоҳида турма қуриб бераман. Чириб кетасанлар ўша ерда.

-Биз чириб кетадиган нима иш қилдик? Мамлакатимиз мустақил бўлсин десак, бу жиноятми?

-Ҳа жиноят. Мамлакатимиз битта. Совет Иттифоқи. Ўшанда туғилдик ўшанда ўламиз. Ҳозир қулай пайти келган, Москвадан кўпроқ ҳақ олишимиз мумкин. Бюджет тешилиб ётибди. Санлар оёғимга болта ураяпсанлар, билдингми? Москва бизни мустақил бўлишга қўймайди. Оёғимиздан осади. Халқингни ҳам, санларни ҳам қириб ташлайди. Санлар тарихни ҳам билмайсанлар.

-Агар сенсирашда давом этсангиз мен ҳам сизни сенсираб гапираман,- дедим Каримовнинг беписанд оҳангига  қарши.

-Сиз билан ҳали камерада сизлашиб гаплашаман, унда мен гапираман, сиз эшитасиз, чунки жавоб қайтарадиган мана шу тилингиз кесилган бўлади!

– Ҳали қассоблик ҳунарим ҳам бор денг…

Билмаган ҳолда Каримовнинг энг нозик нуқтасига “уриб” қўйибман. Унинг отаси Абдуғани ака Самарқандда қассоб бўлгани, туя гўшти сотиб қўлга тушгани, бу эса Каримовда энди партияга ўта олмайман деган фикр ўйғотгани ва шундан кейин отасини дўппослаб уйдан чиқиб кетганини кейин эшитдим. Ўша кезда отаси ёки бирор яқин кишиси қамалган бўлса, партияга аъзо қилиб олишмас эди. Аммо Каримовнинг омади чопган экан. Отаси ўлиб кетган бўлсада акаси ва укаси қамоқда бўлишига қарамасдан У Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб “сайланган” эди. КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюросининг аъзоси ҳам бўлди.

Каримов бирдан бақириб юборди.

-Шукур! Ўлдираман сани, сан айтгансан буларга. Ман санга қассобликни кўрсатаман, аблаҳ!

У очиқ эшик  томонга қараб сўкина бошлади. Шукрулла Мирсаидов  бизнинг тортишувимиз пайтида қўлидаги сигаретни кўрсатиб ташқарига, яъни кичик хонадан каттароқ  жойга ўтганди. У нима гап, дегандай кириб келганда Каримовнинг оғзидан кўпик сачраб сўкинаётган эди.

Шу пайт Олий Кенгаш қўмиталаридан бирининг раиси Абдуваҳоб Йўлдошевнинг айтган гапи эсимга тушди.

-Бу одамнинг қуянчиғи бор,-деган эди Каримовнинг жаҳли чиқишига шаъма қилиб.

Абдуваҳоб Йўлдошев илгари Тошкент вилоят ижроия қўмитасида раҳбар бўлган. Кейин уни Самарқанд вилоят ижроия қўмитаси раислигига юборишганда танишган эдим. 1988 йилда у киши билан бирга Афғонистонга борган эдик. Кўнгли очиқ, самимий одам. Мени яхши танигани учун ҳам маслаҳат бериб турар, Каримовдан эҳтиёт бўлишга ундарди. Аслида ҳам  ҳали Каримовни яхши билмас эдим, аммо у киши унинг мусиқасини эшитиб кўрган, уни яқиндан танир эди.

У oғир, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган ва  қишлоқ хўжалиги иқтисодини яхши биладиган одам. Олий кенгашнинг Иқтисод қўмитасини бошқарар эди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ишлаган депутат  Эркин Хўжаев эса унга ўринбосар эди. Улар битта хонада ўтирар эдилар. Ўзи ёлгиз бўлсагина анча гаплашардик. Тажрибали, билимли бу одам билан суҳбатлашиш мароқли эди. Кейинчалик билсам, ниҳоятда тарбияли, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган, ўз ишининг билимдони бўлган бу кишини  ҳам  Каримов кўп ҳақоратлаган  экан. Мана энди унинг  “Каримовнинг қуянчиғи бор”  деган гапини эслаб, ростдан ҳам шундай эканми, деб ўйлаб қолдим.

Абдуваҳоб Йўлдошев бундай пайтда йўлини қилиб, ундан узоқ кетиш керак, дер эди. Шу ўгитга амал қилиб, ташқарига чиқдиму сессия бўлаётган томонга ўтиб кетдим. Депутатлар орасидан Нурали Қобул, Муҳаммд Солиҳ, Эркин Воҳидов ва бошқаларни топиб, бўлаётган гапларни айтиб бердим ва уларни орқадаги хонага келишларини сўрадим.

Орадан кўп ўтмай сессияда Шукрулла Мирсаидовга сўз берилди.

-Бу бир парча қоғоз. Ҳамма нарса шу билан ҳал бўлиб қолмайди, -деди у. – Масаланинг иқтисодий томонларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Мен билан ёнма-ён ўтирадиган бир депутат “Боғча қуриш аҳамиятлими, мустақиллик баёнотими?” деб сўради. Ана шу саволнинг ўзи кўрсатаяптики, бу масалани бир ҳайъатга юклашимиз ва бутун таклифларни инобатга олган ҳолда ўртага чиқаришимиз керак. Мана менинг қўлимда иккита лойиҳа бор. Хўш, бунинг қайси бирини қабул қиламиз? Мен мажлисда танаффус эълон қилинишини ва бутун вилоятларнинг вакиллари йиғилиб, бу масалани муҳокама қилишларини таклиф этаман.

Каримов аллақачон  барча вилоят раҳбарларини ичкарига чақирган экан.

Шу орада котибиятга СССР халқ депутати Золотухинни сессияга киритишмаяпти деган хат келди. Мирзаолим акадан сўрасам у киши Марказий қўмита ташкилий ишлар бўлим мудири Ўткир Зокировни кўрсатди. Масалани аниқлаш учун унинг ёнига бордим.

-Сизлар нима қилаяпсизлар ўзи. Охири ёмон бўлади. Бу исён билан баравар,- деди у.

У билан  ҳам ади-бади айтиб ўтиргим келмади. Золотухин ҳақида сўрасам:

-Хомсизлар, дедимку, бундай масалани бошқа одам ҳал қила олмаслигини, фақат ўзлари қарор беришлари мумкинлигини билишингиз керак,-деди у орқа хонага ишора қилиб.

Ичкарида Каримов тўпланган  раҳбарлар билан гаплашаётганди. Кириб борганимни кўриб:

-Яна нима гап?- деди.

-Қонунларимизга кўра СССР халқ депутатлари сессияга киришлари мумкин. Мустақиллик Декларациясини қабул қилганимиздан кейин бу масалани ҳам кўриб чиқамиз. Лекин ҳозирча…

-Биласизми? Сиз эмас биз кўриб чиқамиз.Ўша иплос Золотухин ким? Ҳе, унинг онасини…

Каримов бақир-чақир қилиб ҳали исмини айтиб улгурмаганим Золотухинни сиртдан сўка бошлади. Вилоят раҳбарлари бош эгиб ўтирардилар. Хоразм вилоятининг раҳбари аёл эди. У бир нима демоқчи бўлганди Каримов уни ҳам эркакчасига сўкиб берди.

Мирсаидов ҳеч нарса бўлмагандек масалани Декларация томонга бурди. Базъи раҳбарларга жавоб бериб юборди ва фаол депутатларни чақиртирди. Каримов эса бир четда Эркин Воҳидов, Нурали Қобул ва Муҳаммад Солиҳ билан Декларация ҳақида гаплашаётган эди. Улар нимани гаплашдилар менга қоронғу, лекин Каримов жаҳлидан тушиб, ўзини анча эркин сезиб қолганди. Шу боис биз тўпланган жойга яқин ҳам келмади. Мирсаидов унинг ёнига бориб келди-да:

-Таклифларни инобатга олган ҳолда янги бир матн тайёрлаш учун беш кишилик ҳаъат тузамиз,-деди. Кейин кимларни ҳайътга киритишни сўради. Беш кишини кўрсатишди. “Шукрулло Мирсаидов, Жаҳонгир Маматов, Муҳаммад Солиҳ,  Мурод Жўраев, Ойгул Маматовадан иборат ҳайъат тузилсин” деган қарор олинди.

Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Ҳамма кетиб қолди. Аммо матн эрталабга тайёр бўлиши керак эди. Бу иш Вазирлар маҳкамасининг умумий ишлар бўлими мудири Равил Абдуқодиров билан иккаламизга қолди. Кейин билсам, Каримов матнга СССРнинг барча қонунлари Ўзбекистонда ҳал қилувчи кучга эга, деган моддани киритишни истаган экан.

Биз Равил Абдуқодиров билан шу ернинг ўзида ўтириб матнни қайта ёза бошладик. Равил Абдуқодиров ҳам рус тилида, ҳам ўзбек тилида ҳужжатларни ёзишга жуда уста экан. Қисқа вақтда бир неча вариантни ёзиб қўйди. Ҳар бир вариантни олиб бориб Ефимовга кўрсатиб келишарди. У Коммунистик партия марказий қўмитасининг иккинчи котиби ва матнларни Москва билан келишаётган экан. Хуллас, иш оқшомдан эрталабга қолди ва эртаси куни тушга қaдар давом этди. Тушдан кейинги сессия очилиши билан Мирсаидовгa сўз бердик:

-Кеча ярим тунга қадар лойиҳани кўриб чиқдик,- дея у матнни ўқиб берди ва қабул қилинишини сўради.

Кўпчилик мустақиллик ташнаси эканлиги сезилиб турарди. Мирзаолим Иброҳимов тортишувлардан кейин масалани овозга қўйди ва яна залга қараб ҳам ўтирмасдан “Бир овоздан қабул қилинди” деб эълон этди.. Ҳамма ўрнидан туриб қарсак чаларкан, Ефимов, Ҳамидовлар ҳам бу шиддатли сел каби оқимнинг кучига дош беролмай оёққа қалққандилар. Миллатвакили Насрулло Саййид миллий байроқни ўртага олиб чиқди. “Яшасин мустақиллик!” дея ҳайқирди. Унинг бу ҳайқириши тоғларда акс садо бергандек қатор ораларида такрорлана бошланди… Унга Имом Файзи қўшилди. Ҳатто раис “дўппилик йигит” деган миллатвакили ҳам…”Мустақиллик!” дея ҳайқираётганлар қандайдир ўй – фикрларга эмас, қалбларига қулоқ солаётгандилар.

Мустақиллик декларацияси қабул қилингандан кейин Каримов яна норози бўлди. Чунки матн унинг изнисиз муҳокамага қўйиб юборилишини у кутмаган экан.

-Бу яна нима гап?,- дея бақира бошалди у.

Мустақиллик Декларацияси қабул қилингандан кейин Каримов яна норози бўлди. Чунки матн унинг изнисиз муҳокамага қўйиб юборилишини кутмаган экан.

-Бу яна нима гап?,- дея бақира бошалди.

Шу пайт Мирсаидов келиб, лойиҳалар муҳокама қилингани ва Ефимовга кўрсатилиб деярли қайта ёзиб чиқилганини айтди. Каримов қўлидаги қоғозни унга пеш қилиб бақирар экан, мен чиқиб кетдим, чунки дўстларим кутиб туришганди. Тошкент меҳмонхонасига бориб, у ердаги депутатлар билан ресторанда байрам қилдик, ҳамма бир- бирини қутлаган, шод эди.

Ўшанда биз Олий кенгашда ишлаган депутатлар Вазирлар маҳкамасига қарашли меҳмонхода яшар эдик. Кечқурун телевидениеда сессия ҳақида маълумот берилиб, Декларация ҳақида гап бўлмади. Қўшни хоналарга ўтиб Мели Қобулов, Ойгул Маматова, Ҳамза Эшназаров  ва бошқаларни тўплаб масалани муҳокама қилдик.

Норозилик баёноти ёзиб эълон қиламиз, деган қарорга келдик. Сўнгра Марказий Қўмитанинг телевидениени назорат қилувчи  котиби  Жаҳонгир Ҳамидовга сим қоқдик.

-Биз ҳам шунинг дардида ухламай  ўтирибмиз, – деди Ҳамидов. – Бошқа норозилар ҳам бор, мухолифат митингга чиқмоқчи экан, Ислом акага телефон қилаяпмиз, боғланишнинг иложи бўлмаяпти…

1990 йилнинг 20 Июнида қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси ниҳоят  22 июнда  “Совет Ўзбекистони” газетасида босиб чиқарилди. ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси” эса декларацияни 29 июнда эълон қилди. Декларация Каримов томонидан тузатилган ва ундаги “Ўзбекистон” калимaлари “Ўзбекистон ССР” деб ўзгартирилган ва Москвани қониқтирадиган бир қанча ўзгаришлар киритилганди. Яъни Каримов ўз сўзида “турган” ва  Декларацияни ўзига мослаб эълон қилганди. Масалан, ундаги 12- модда муҳокама қилинганда қуйидагича эди:

“12. Ушбу Декларация мустақил Ўзбекистоннинг янги конституциясини ишлаб чиқиш учун асосдир”.

Каримов томонидан матбуотга берилган матнда эса бу модда қуйидагича эди׃

“12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР нинг янги конституцияси  ҳамда иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асосдир”.

Ўшанда Москва республикаларга Иттифоқ шартномаси тузишни таклиф қилган пайт  бўлгани учун ҳам бунга урғу  берилган бўлса ажаб эмас?!

Қуйида Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясининг 1990 йил 20 июнда қабул қилинган ва Каримов томонидан  ўзгартириб икки кун кейин эълон қилинган матнини келтирмоқчиман.  Қора ҳарфлар билан ёзилган ва  остида чизиқ бўлган калималар Декларация халқ вакиллари томонидан қабул қилингандан сўнг унга  зўравон ҳукумат томонидан қўшилган сўзларадир.

“Мустақиллик Декларацияси

Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ Олий совети:

Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анаъналари,

Ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи,

ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб билган ҳолда,

Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда,

халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб,

Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИнинг давлат мустақиллигини эълон қилади.

1.Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.

2.Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди, чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб ўзгартирилиши мумкин эмас.

3. Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир.

4.СССР Олий Советида қабил қилинадиган қарорлар Ўзбекистон ССР конституциясига мувофиқ Олий Совет томонидан тасдиқлангандан кейингина Ўзбекистон ССР ҳудудида кучга эга бўлади.

(ИЗОҲ:Ислом Каримов бу бандни “СССР Олий Советида қабул қилинадиган қарорлар Ўзбекистон ССР конституциясига мувофиқ Ўзбекистон ССР ҳудудида етакчи кучга эгадир” тарзида таклиф қилган аммо депутатларнинг қаттиқ талаби билан унга “Ўзбекистон Олий Совети томонидан тасдиқлангандан кейингина” деган қўшимча киритилган эди.-ЖМ)

5. Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига Ўзбекистон ССР ички ва ташқи сиёсатига тегишли барча масалалар киради.

6. Ўзбекистон ССР халқаро ҳуқуқнинг асосий принсипларини тан олади ва ҳурмат қилади.

7. Ўзбекистон ССР ИТТИФОҚДОШ РЕСПУБЛИКЛАР  ВА бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларини шартномалар асосида белгилайди ва амалга оширади.

8. Ўзбекистон ССР ўзининг тараққий йўлини,  ЎЗ НОМИНИ ЎЗИ БЕЛГИЛАЙДИ ва давлат белгиларини (Герб, Байроқ, Мадҳия) ўзи таъсис этади.

(ИЗОҲ:Бу банд Ўзбекистон  ўзининг тараққий йўлини ўзи белгилайди ва Ўзбекистон ССР  Ўзбекистон Республикаси деб ўзгартирилганини эълон этади ва Ўзбекистон республикасининг давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади.” тарзида эди-ЖМ).

9.ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН МУХТОР СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИ МУХТОР РЕСПУБЛИКА КОНСТИТУЦИЯСИ ТАЪМИН ЭТАДИ. ЎЗБЕКИСТОН ССР УНИНГ АСОСИЙ ҚОНУНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН ССР КОНСТИТУЦИЯСИ АСОСИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН МССРНИНГ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ.

(ИЗОҲ:Асосий матнда бу банд қуйидагича эди: Қорақалпоғистон келажагини Ўзбекистон қонунлари доирасида бу ҳудудда яшаётган халқларнинг вакиллари ўлароқ бу жумҳуриятнинг олий совети белгилайди”. Бу мазкур минтақа депутатларининг таклифи эди.-ЖМ).

10.Ўзбекистон ССРнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Ўзбекистон ССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади. Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркибини ва қурилишини белгилайди.

11.Ўзбекистон ССР Олий Совети умумхалқ муҳокамаси асосида демократик ҳуқуқий давлат тузишга қарор қилганини билдиради. Ўзбекистон ССРда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қонуний, сиёсий, иқтисодий, этник, маданий ҳуқуқларига ҳамда она тиллари ривожлантирилишига кафиллик беради. (Бу модданинг иккинчи жумласи асл матнда йўқ эди. Билишимизча  русларнинг ва рус тилининг манфаати кўзланган ҳолда бу сатрлар киритилган.-ЖМ)

12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР нинг янги конституцияси  ҲАМДА ИТТИФОҚ ШАРТНОМАСИ ни ишлаб чиқиш учун асосдир”.

Аслида демократик жамиятларда парламент қабул қилган ҳужжатга бундай ўзгартириш киритиш тасаввурга ҳам сиғмайди ва бу  жуда катта жиноятдир.Ўзбекистонда эса барча қабул қилинган  қонунларга сессиядан кейин ҳам қўшимча киритилаверади. Бу эса диктатуранинг жиноят клубидан иборатлигини кўрсатувчи бир далилдир.

Хуллас, бу бўлимга илова қиладиган яна битта нарса бор. Иккинчи сессиядан кейин Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг пленуми чақирилди ва сессияда жиловни депутатларга бериб қўйгани учун Мирзаолим Иброҳимов масаласи муҳокама этилиб, унинг раисликда қолиб қолмаслиги савол остига қўйилди.

Шунча бўлган воқеаларга қарамасдан, Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси халқимизнинг, унинг вакилларининг, мухолифатнинг (“ЭРК” ва “Бирлик” назарда тутилмоқда) азмини ўртага қўйган улкан ҳодисадир.

Ушбу тарихий ҳодисадан кейин орадан бир йилу икки ой ўтиб Каримов қайтaдан Мустақиллик эълон қилар экан, депутатларнинг бепарволиги, ҳатто қарсак чалишмагани бугунга қадар масхара қилинади. Аслида бу уларнинг Каримовга, унинг иккиюзламачилиги, сўзбўямачилигига қарши яна бир исёнлари эди…

8.ТАШАББУС ГУРУҲИ

Биз Олий Кенгашда ишлаётган депутатлар ўз-ўзидан иккига ажралган эдик. Демократик ўзгаришлар тарафдори бўлганлар ва борига шукур қилувчилар. Биринчи гуруҳга асосан ёшлар ва сайловда катта курашлар эвазига ютиб чиққанлар кирганди. Иккинчи гуруҳ эса ҳукумат рўйхатидан ўтганлар ва келажакларини ҳукуматнинг йўлидан юриш, деб билганлар.

Бу бўлиниш аста-секин вилоятлардан Олий мажлис қўмиталарига аъзо бўлганлар орасида ҳам сезилиб қолди. Аммо биринчи гуруҳга кирувчилар бармоқ билан санарли, иккинчи гуруҳдагилар жуда кўпчиликни ташкил этишларига қарамай улар озчилик билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлиб қолаётгандилар. Биз куч сифатида сочилиб кетмаслик ва “бир мушт бўлиш” ҳақида ўйлаб Олий мажлисдаги депутатларнинг гуруҳини тузишга киришдик.

Тойиба Тўлаганова:

-Бу ишни сиз ташкил қилаяпсиз, раислигини ҳам ўзингиз олишингиз керак,-деди.

-Гап раисда эмаску- дедим.- Қолаверса бу ишда фаол қатнашаётганлар ҳам кўп. Ҳатто қўмита раислари орасида ҳам қизиқиш билдирганлар бор.Шунинг учун ҳам раис ҳақида ўйлаш унчалик мантиқли туюлмаяпти.

-Йўқ,- деди Тойиба,-ҳамма нарса раисга боғлиқ ва гуруҳимиз Раёсат билан, Олий мажлис билан юзма-юз тура олиши учун раис кучли бўлиши керак.

-Лекин биз раисни олдиндан белгилаб қўйсак, ҳукуматнинг йўлидан борган бўламиз. Биз демократия тарафдоримиз, шундай экан раис масаласини йиғилишда ҳал қиламиз,-дедим.

Ташаббус гуруҳининг йиғилишини ўтказиш учун Олий кенгаш жойлашган Вазирлар маҳкамаси биносининг биринчи қаватдаги мажлислар хонасига тўпландик. Кутилмаганда мажлисга Муҳаммад Солиҳ кириб келди. Биз ҳайрон бўлдик. Чунки биз аввал Олий мажлисдагилар тўпланиб, бир гаплашиб олмоқчи, кейин четдаги хайрихоҳларни ҳам таклиф қилиб, кенгайтирилган мажлис ўтказиб, гуруҳ тузилганини эълон қилмоқчи эдик. Аммо мажлисни бошламасимиздан олдин Муҳаммад Солиҳ сўз олиб:

-Ҳар қандай ҳаракат раисдан бошланади. Аввал раисни танлаш, кейин биринчи қадамни ташлаш керак. Орамизда раис бўладиган номзодлар кўп. Лекин Абдулҳай Мирсаидов жуда ҳам муҳим номзод. Техника фанлари доктори, Ўзбекистонда бу соҳада бу поғонога чиққан энг ёш олим шу киши. Менимча ҳозирданоқ бу одамни раис этиб белгилашимиз керак. Қаршилар йўқ бўлса керак,-деди.

Муҳаммад Солиҳга нима қилиб бизнинг ишга аралашиб юрибсиз, дея тортишмоқчи бўлдим. Аммо Тойибанинг гапи ёдимга тушди ва бу тортишувим худди раисликни талашаётган каби бўлмасин, дея индамадим. Ҳали кенгайтирилган мажлис ўтказганда раисни демократик йўл билан сайлаб оламиз, дея ўйлаб қўйдим.

Лекин Абдулҳай Мирсаидовнинг раис бўлишига ҳам қарши эмас эдим. Чунки камсуқум, камтар ва елиб югурувчан одам. Муҳаммад Солиҳ дарров уни раис ўтирадиган жойга таклиф қилди. Бу ҳаракатдан баъзилар ранжиди, баъзилар эса эътибор ҳам қилишмади. Чунки гуруҳнинг раиси бўлиш фақат ортиқча ташвиш, дегани эди. Лекин кейинчалик билдимки, биз ўшанда катта хато қилган эканмиз. Раисни ҳаракат чиқариши керак, раис ҳаракатни эмас, дея тушунардим. Бу тушунчам бизнинг жамиятга ёт эканини орадан кўп йиллар ўтиб англадим. Бизда кимдир бир ҳаракат ёки ташкилот тузиб кимларгадир мансаб ёки пул ваъда қилса бас экан, унга эргашиб кетишаверишар экан.

Биз ўшанда Олий Кенгашнинг демократик депутатлар гуруҳини тузиш учун  тўплангандик. Аммо катта йиғилишга қадар бормади ишимиз. Шу боис гуруҳимизнинг номи “Ташаббус” ўлароқ қолди. “Раис”ни ўша куни Каримов чақириб гаплашгани ва орадан кўп ўтмай унинг Каримов билан бирга сафарга бориб-келганини эшитдик. Шундан кейин унинг гуруҳ ишларига қатнашишига ҳафсаласи ҳам қолмади. У ўз-ўзидан четга чиқиб қолди.

Лекин биз тўпланиб, гуруҳнинг мажлисларини ўтказиб, масалаларни муҳокама қилиб олавердик. Ўшанда бу гуруҳ ишини юритишда Тойиба Тўлаганова, Ойгул Маматова, Тошпўлат Жўраев, Ҳамза Эшназаров, Ринат Мирхонов, Воҳид Аъзамов, Бахтиёр Қодиров, Алижон Қўчқоров ва бошқалар фаол эдилар. Гуруҳимизнинг аъзолари 7-сессия арафасида олтмишдан ошиб қолганди. Баъзилар мажлисларимизга келмасалар ҳам бизнинг таклифларимиз, баёнотларимизга қўшилишар ва уларни имзолаб беришарди.

Бир куни Каримов чақириб қолди.

-Бу “Ташаббус” гуруҳи дегани нима ўзи, нима билан бандсизлар?-деди.

-Ҳамма масалалар билан,-дедим.

-Масалан бир-иккитасини мен ҳам билсам бўладими?

-Бўлади,-дедим унинг мақсадини англаб, яъни унинг гуруҳнинг сиёсий йўналишдаги фаолиятидан бохабар бўлишни истаётганини сезиб, гапни бошқа томонга бурдим.- Масалан бизнинг иш шароитимиз. Шу масалани ҳам биргалашиб ҳал қилмоқчимиз.

-Биринчи сессияда ўзингиз чиқиб имтиёзларни бекор қилиш керак деган эдингиз, энди имтиёз излаяпсизларми?,- деди Каримов киноя билан.

-Имтиёз эмас, оддий меҳнат шароити излаяпмиз. Масалан, бизнинг Ошкоралик қўмитаси учун битта кичики хона берилган. Бир томонда раис Эркин Воҳидов, иккинчи томонда мен ўтираман. Қўмита котибаси Тойиба Тўлаганова учун эса ҳатто стол ҳам йўқ. Меҳмонлар учун ажратилган жойда ўтириб ишлайди. Айни ҳолни ҳамма қўмиталарда кўриш мумкин. Бу аҳволда ишлаб бўладими?

-Тойибани кўп ҳам қўмитага яқин йўлатманглар. Ундан ташқари, жой бўлмаса нима қилиш керак? Қандай таклифингиз бор, президентнинг хонасини бўшатиб берайми? Ёки Вице президентнинг хонаси бўш ётибди, шу ерга келиб ишлай қолинглар,- Каримов Тойибанинг номини эшитиб бироз жаҳлга минганди.

-Олий Кенгашнинг ҳам ўз биноси бўлиши керак. Сессияни келиб сизнинг бинонгизда ўтказаяпмиз, қайтиб бориб Вазирлар маҳкамасидаги тор ханаларда ўтириб қонун лойиҳаси тайёрлаяпмиз. Мана Анҳорнинг нариги томонида, кўп қаватли, катта бир иншоот қурилиши қачондан бери тўхтаб қолган. Шуни мослаб, Олий Кенгашнинг биноси қилиш мумкин эмасми?

-Мумкин… бу масалани менга қўйинг. Мен ҳал қиламан,-деди у ва эртасига бир мажлисда дабдурустдан ғамхўрлик қилаётганини намойиш этгандек, “Мен кейинги пайтда депутатларнинг қийин иш шароитини кўриб қийналиб кетаяпман. Бунча катта президент аппарати нима учун керак? Ана у партиянинг биноси-чи? Анҳорнинг нариги томонида баланд бино қурилмай чала ётибди. Шуни Раёсат аъзолари бориб кўрсинлар. Маъқул тушса, тузатиб Олий кенгашга берайлик. Халқнинг вакиллари учун биринчи навбатда ғамхўрлик қилишимиз керак” деб қолди.

Каримовнинг бундай “ҳунари”ни аста-секин ҳамма билиб олди. Шу боис унинг ҳузурига киришганда, “Ислом ака, мана шу ишни сизнинг гапларингиздан келиб чиқиб қилмоқчимиз, шуни ўзингиз бошлаб юборсангиз” дея бир ўқ билан икки қуённи урадиган бўлишди. Биринчидан, Каримов янги ғоя муаллифи ва иккинчидан, ўша иш битиб кетарди. Шу сабабдан ҳам мамлакатдаги ҳамма ишлар унинг номига боғланиб қолди.

Олий мажлисдаги шароитга қайтсак, фақат бино масаласи билан кифояланган эмас эдик. Президент идорасидаги оддий бир ходимга кўрсатиладиган хизматнинг юздан бири ҳам халқнинг вакили бўлган депутатга лозим кўрилмасди. Депутатлар олти ойдирки меҳмонхонада ётиб, кун кечиришарди. Ҳафтада бир марта икки килограммдан гўшт сотиларди. Бунинг учун улар ишдан кейин Вазирлар маҳкамасининг зах ертўласида соатлаб навбатда туришарди. Президент девонидаги оддий ходим эса оиласига керакли нарсани ёзиб берар ва махсус хизмат ходимлари керакли нарсаларни машинада унинг уйига етказишарди. Ҳатто тушлик ошхонасида ҳам депутатлар бегона эдилар. Аввал Вазирлар маҳкамаси ходимлари овқатланишарди, чунки жойлар уларнинг номига беркитиб қўйилганди, улардан қолсагина депутатларга бериларди. Булар имтиёз эмас, оддий иш шароити эканлигини Каримовга тушунтиришга ҳаракат қилдим.

-Депутатларнинг транспорт масаласини ҳам ҳал қилиш,-керак,- дедим охирида.

-Қўмита раисларига яқинда машина берамиз, шуни биргалашиб минишади,- деди Каримов, кейин телефонни олиб Мирсаидовга: -Шукур Раҳматович, ана у машиналар қачон келади? Раисларга “Волга” беринг, қўмитадагилардан баъзиларига “Жигули”, ўз пулларига сотиб олсинлар. Келганингизда шуни ҳам гаплашайлик,-деди.

Кейин яна менга юзланиб,

-Нима масала бўлса келиб айтиб туринг, ўзим ҳал қиламан,-деди- Ана у Нурали билан Эркин акангиз оғиз-бурун ўпишиб юрибдилар. Улардан эҳтиёт бўлинг…

Чиқиб кетарканман, ўша кезда нима учун Каримов бу қадар “ғамхўр” бўлиб қолгани ва охирги гапларининг бизнинг “Ташаббус” гуруҳига нима алоқаси борлигини тушуна олмагандим. Кейинчалик билсам у “Ташаббус” гуруҳи кучланиб бораётганидан чўчиган ва гуруҳнинг ҳар бир аъзоси билан ана шундай алоҳида-алоҳида гаплашиб чиқаётган экан. Олти кишига эса ўз пулига “Жигули” автомашинаси сотиб, кейин уларни вазифасини суиистемол қилганликда айблади. Ўшанда уларга олманглар шу машинасини, десак ҳам, шароитлари қийинлиги, йўл қатновидан безганлари, қолаверса ўз пулларига олишаётганини айтишганди. Аммо бу Каримовнинг тузоғи эди.

“Ташаббус” гуруҳи гарчи бир ташкилотга айлана олмай қолган бўлса ҳам демократ депутатларни бирлаштирувчи марказ эди. Айниқса, 7-сессияга тайёргарлик кўришда бу гуруҳ очиқ кучга айланди.

9.ЮЗМА ЮЗ

Кўп нарсани матбуотнинг кучи билан ҳал этиш мумкин, деб ўйлардим. Шу боис ҳам фаолиятимизни матбуотга эркинлик бериш билан бошлаш керак, деб тушунардим. Бизнинг Ошкоралик қўмитасида тайёрлаётганимиз Матбуот ҳақидаги қонун лойиҳасида ҳам эркинлик масаласига алоҳида эътиборни қаратаётган эдик.

Матбуоти эркин бўлган халқнинг дунёқараши, қадам ташлаши эркин бўлади. Акс ҳолда занглаб қолган дунёқараш билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Қорин овқатга қанчалик эҳтиёж сезса, инсон тафаккури ҳам эркин маълумотга шу қадар иштиёқманд.

Матбуотни бўғиш эса тафаккурнинг манқуртлашувига, келажакнинг зулмат қўйнида қолишига олиб боради.

Бу ҳақда ўйлар эканман, депутат дўстларимга ўз ҳисобимиздан бир мустақил газета чиқариш кераклигини айтдим. Бу нафақат мустақил хабар манбаи ва айни пайтда ҳақиқат истаётганларнинг ҳам минбари бўлар эди. Қолаверса, эркин матбуот учун йўл очиларди бу билан. Шундай мустақил нашрга эҳтиёж жуда катта эди.

Шу боис таклифимни Олий Кенгаш қўмиталаридаги депутатлар қўллашди. Ўн бир нафар миллатвакили ўз маблағимиз ҳисобига “Юзма-юз” номли газета чиқаришга қарор қилдик ва ҳар биримиз ўртага ўша пайтнинг (1990 йил) пули билан етти минг сўмдан маблағ қўйишимиз ҳақида баённома ёздик. Бу ўн ойлик маошимиз миқдорида бўлиб, тўплаганда катта бир газетани чиқаришга етадиган маблағ эди.

Шуни ҳам айтиш керак-ки, баъзи депутатлар шунча пулни қандай топамиз, деб ўйлаганимизда, қўмиталарда ишлаган бошқа сафдошларимиз Каримов билмаган тақдирда қарз бериб туришга рози бўлгандилар. Шу боис ҳам биз Матбуот қўмитасига ана шунча пулимиз борлиги ҳақида кафолатнома ёзгандик. Яъни пулни кўпчилк бериб, масъулиятни ўн бир киши бўйинга олишга қарор қилгандик. Агар газетамиз чиқса, унинг қўлма-қўл бўлиб кетишига ва қарзларимиздан қутулишга ишонардик.

Газета чиқариш ҳақидаги қарорни Олий Кенгаш қўмиталари раисларига бирма-бир олиб кириб, имзолатиб чиқдим. Кўпчилик имзолади. Бу эса Олий Кенгаш Раёсатининг қарори деган гап эди. Шундан кейин уни расмий бўлсин, деган хаёлда почта орқали давлат Матбуот қўмитасига юбордим.

Рўйхатдан ўтказиш чўзилиб кетди. Шунда янги газетанинг ташкилотчиси сифатида давлат Матбуот қўмитасининг раиси (қўмита вазирлик даражасида бўлгани учун қўмита раиси вазир ҳуқуқига эга эди ва оғзаки сўзлашувда уни вазир деб ҳам чақиришарди) Убайдулла Абдураззоқов ҳузурига бордим. У яхши кутиб олди, унга муддат ўтиб кетганини эслатдим. У масала фақат ўзига боғлиқ эмаслигига ишора қилди. Хайрлашар эканмиз, “Маслаҳатлашиб, натижасини сизга айтаман” деди.

“Натижа” эртасигаёқ сув юзига чиқди. Эрталаб ишга келсам, “осмон қулаб тушган”у қўмитамиз раиси Эркин Воҳидов тутиб олгандилар.

-Нима қилиб қўйдингиз? -деди у алом-алик ўрнига.

-Нима қилибман?

-Ука, кимдан-кимдан, Сиздан кутмагандим, вазирни ҳам урасизми?

-Вазирни… қайси вазирни урибман?-ажабландим .

-Нима, бир нечтасини урганмидингиз-ки, қайси бирини деб сўрайсиз?- кесатди Эркин ака.

-Ҳазилни қўйинг, Эркин ака…,-дедим мен.

-Ҳазили борми, дунё тескари бўлиб кетди. Оқсоқол от устида, қамчини маҳкам тутганлар. Соат 10.00 да Раёсат мажлиси бор,-Эркин ака жиддий эди.

-Бирор англашилмовчилик бўлганга ўхшайди,- дедим энди масалани жиддий олиб.

-Кеча ростдан ҳам “Матбуот қўмитаси раиси билан кўришаман” деб чиқиб кетгандингиз. Шу боис оқсоқолга ҳеч нарса дея олмадим,- деди Эркин ака.

-Тўғри, кўришдим, лекин…

Хуллас, суҳбатга аниқлик “аралашмасдан” бизни Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов чақиртирди.

-Ҳа, болам-а, ҳеч тинч юрмадинг-да! – деди у қучоқлаб.

Ҳайрон бўлдим. Нимагадир у хурсанд эди. Нимага? Билолмадим.

-Мен мажлисдан олдин ўзимиз гаплашиб олайлик, деб, сизларни чақиртирдим. Нима бўлганда ҳам бу укамизни қутқариб қолишимиз керак. Ёш, жаҳли чиқиши мумкин. Қолаверса, ўзи ёмон бола эмас, – деди раис Эркин Воҳидовга қараб.

-Тўғри, тўғри…,- дея Эркин ака бошини чайқаб қўйди.

-Лекин ҳеч нарсани тушунмаяпман,- дедим масала жиддийлигидан андиша этиб. Раис гапимни эшитмагандек гапира бошлади.

-Биз ҳам ёш бўлганмиз. Биласанми, дунё комсомол-ёшлари қўмитасига раис бўлганимда сен тенги эдим, -раис ўзига хос енгил кайфиятда гапиришга кўчди.-Адашмасам, Олмонияда эди. Полшадан келган ёшлар раҳбари билан қизишиб қолдик. Шундай уриб юборибманки, шўрлик, ўлиб қолай деганди. Бирдан кимлигим, қаердалигим ёдимга тушди. Қўрқиб кетганимдан дарров уни қучоқлаб олдим. Нима бўлса ҳам, европаликда, узримни қабул қилди. Бизда узрни қабул қилиш бироз оғирроқ. Шундай бўлса-да, вазирдан илтимос қиламиз, укамизнинг узрини қабул қилсин. Аммо масала жиддий. Бундай ҳолларда иш терговга ҳам кетиши мумкин. Ана унда ҳеч нарса қилолмаймиз. Эркин ака, оқсоқол билан ўзингиз бир учрашсангиз. Юраклари кенг, балки кечирарлар.

-Ҳозир олов бўлиб турибдилар…- деди Эркин ака.

-Биласиз-ку, ёнадилару ўчадилар, энди масала ҳам жиддий-да. Депутат вазирни урса… Тўғри, ёш, демократия деб сайлаб қўйдик. Баъзан масъулият ҳам кишини йўлдан чиқаради. Тарбиялашимиз керак,- деди раис.

Сўнг у Эркин Воҳидовга латифа айтиб берди. Менга эса бир пиёла чой узатиб, “Ма, ол, бизнинг қўлдан чой ичиш ҳам табаррук, ҳали эслаб юрасан” деди.

Бу орада раис ўринбосари Бугров ва қўмита раислари кириб кела бошладилар.

-Қарор тайёрми?-деб сўради раис ўринбосаридан русчалаб.

-Тайёр! Фақат Жаҳонгир Маматов “танишдим” деб имзо қўйиши керак!

-Бу қарорга имзо шарт эмас. Мазмунини биз таништирдик ҳисоб. Қолаверса, оқсоқол кутиб ўтирибдилар. Қани бошлайлик бўлмаса. Ҳа, вазир келган бўлса, чақиринг, кирсин! – деди раис ва ўрнидан туриб, костюмининг тугмасини ўтказиб мажлисни очган бўлди. Одатда президум мажлисларини ўтирган жойидан олиб борадиган раис бу сафар ўрнидан тургани ҳам қизиқ эди. Лекин у бир муддатдан кейин яна қайта ўтирди-да енгил йўталиб олиб, сўзида давом этди׃

-Кеча ҳаётимиздаги энг хунук воқеа юз берди. Депуатат Жаҳонгир Маматов ўз масъулияти ва вазифасини суистеъмол қилиб, Матбуот вазирининг хонасига бостириб кириб, уни дўппослади…

Мен вазирга қарадим. У жилмайиб ўтирарди. “Нима гап?” дегандек менга саволомуз бош қимирлатди. “Билмасам” дегандек, бошимни елкамнинг ичига тортдим.

Раис узоқ гапирмади. Сўзни вазирга берди.

-Мен нима гаплигини тушуна олмадим,-деди Убайдулла ака.

-Нега тушуна олмайсиз? Кеча Жаҳонгир сизни урдими?

-Йўқ! Кеча ҳузуримга келди, газета ҳақида сўради, шу…

-Унда оқсоқол қаердан билдилар? Нима у киши ёлғон гапирадиларми? Йўқ! Кўплаб тўғри информация оладиган жойлари бор. Нега ҳақиқатни яширасиз? Биласизми, шу ҳолингизда оқсоқолни ва бизни ноқулай вазиятга туширмоқдасиз. Нима бўлди, ўзи? Қани бир бошдан гапиринг.

-Нима бўлганини айтдим, – деди вазир.

-Оқсоқол “Жаҳонгир Убайни урибди” дедилар-ку!

Абдураззоқов бирдан кулиб юборди:

-Мен Оқсоқолга “Жаҳонгир ёқамдан олаяти, газетани нима қилайлик?” дегандим. Балки шундан….

-Ёқангиздан олибди-ку, ахир!

-Йўғ-е, бу бир ибора, биз газета хусусида жавоб беролмадик. Жаҳонгир Маматов икки марта қўнғироқ қилди, кейин ўзи борди…

Кулгим қистади. Ҳозир ҳамма кулиб юборса керак, деб ўйладим. Чунки Каримовнинг “ҳовлиқмалиги” ва ўзбек тилини яхши билмаслиги катта бир мамлакатнинг Олий кенгаши раҳбарларини масхараомуз вазиятга солиб қўйганди.

-Шуни оқсоқолга айтиш керакмиди? – Иқтисод қўмитаси раиси Абдуваҳоб Йўлдошев кулиш урнига жаҳл билан сўрай бошлади. -Биз имзо чеккандик, нега бизни қора отли қиласиз? Ярим кечаси оқсоқол уйга қўнғироқ қилиб, на отамиз, на онамиз қолмай ҳақоратладилар…

Барча қўмита раислари унга ажабланиб қарадилар. Чунки улар ҳам “пой”ларини олган эканлар. Аммо масалани бу қадар очиш шартмиди, деб Абдуваҳоб акага ажабланиб қараётгандилар. Зотан кўп ўтмай раёсат Иқтисод қўмитаси раисини бошқа ишга “кузатиб” қўйиш учун йиғилди. Ҳозир эса:

-Қаёқдан билай? Газетани оқсоқолнинг маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов тўхтатиб турганди. Мен масалани унга айтдим. У оқсоқолга англатибди. Кейин ўзлари телефон қилдилар-,деди Убай ака.-“Ёқангдан олдими” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедим. Бўлган гап шу!

Мирзаолим Иброҳимов нима қилишини билмай қолди. Пиёладаги чойни ҳўплади-да, Бугровга “Нима қиламиз?” дея бош чайқади. Мирзаолим ака Совет кадри бўлгани учун ўринбосаридан жуда қўрқар эди. Совет даврида ҳамма жойда иккинчи одам Москванинг жосуси бўларди ва бутун масалани ўша ҳал қиларди. Биринчилар эса қўғирчоқ каби рол ўйнаб берардилар. Агар “иккинчи” билан ораларидан мушук ўтса, ёки бирор ҳаракатлари унга ёқмай қолса, тамом ҳолларига маймун йиғларди.

Бугров ўзбек тилини тушунмас эди. У “Менга сўз берилди” дея ўрнидан туриб, русчалаб гапира бошлади:

-Маматов… Олий Кенгашга келган кунларданоқ унинг кимлиги аён эди. Биз уни кузатдик, ўргандик, тартибга чақирдик. Лекин бўлмади, қолган гап қарорда ёзилган. Ижозатингиз билан ўқиб бераман…

-Тўхта-е, сен ҳам хол қўйдинг! – деб юборди Мирзаолим ака ўзбекчалаб, кейин кулгисини тута олмади. Бошқаларнинг ҳам кулгиси қистаб турган экан, унга қўшилишди. Ўринбосарнинг юзи тундлашди.

-Мен эрталаб қарорни ўртоқ Каримовга кўрсатганман. У киши таҳрир қилиб берганлар. Куладиган жойи йўқ!-деди у масхара бўлган одамнинг жаҳли чиққани каби ҳолатда.

Мирзаолим аканинг ранги оқариб кетди. Анча вақт бошини эгиб қолди. Вазиятдан чиқиш ҳақида ўйлаётган эдими ёки аслида ўзим хол қўйдим, энди нима қиламан, деган хаёлда эдими, хуллас билиб бўлмасди. Бошқалар ҳам жим бўлиб қолишди. Бугров эса анқайиб турарди.

Анчадан сўнг Мирзаолим ака масалани русчалаб ўринбосарига тушунтирган бўлди. У рангини ўзгартирмади ва׃

-Барибир қарор қилишимиз керак,-деди,- унинг бузғунчилиги ҳаммага маълум. Ҳали бошимизга кўп иш олиб келмасдан ҳозир имкони борида қутулиш керак. Ислом Абдуғаниевичнинг фикрлари ҳам шундай.

У бу гапини кўпчиликка эшиттириб айтди. Гап сўраб қўл кўтардим.

-Хўп,-деди раис – айбдорни ҳам эшитиб кўрайлик.

-Бугров жаноблари Совет даври битаётганини унутдиларми? Мени президиум эмас, сессия сайлаганини ҳам у кишига эслатиб қўймоқчиман. Бу киши ҳам бориб Маматов ёқамдан олди десин, ана ундан кейин балки масалани сессияга олиб чиқишар,-дедим қизиққонлигимга бориб.

-Бас,-деди раис.-Шунақа совуқ гапинг бошингга етади.  Кейин Бугровга, “Бу гап сессияга чиқса шарманда бўламиз” деди ва жавобини кутмасдан:

-Ўтир, болам,,- деб “гуп” этиб сўнди.-Тилим бор, деб гапираверма. Боя мажлисдан олдин сени нега чақиргандим. Бундай тушунтириб бермайсанми, ўшанда. Ҳа, майли. Бирибир қарор қилишимиз керак. Қарор бундай: вақтини топиб, масалани оқсоқолга етказиб қўйиш менга топширилсин. Бу хусусда Эркин Воҳидов менга ёрдамчи бўлсин. Тамом.

У кафтини-кафтига ишқаб, “қарс” этиб қўлларини бир-бирига урди-да “Келганларингиз учун раҳмат” ишорасини қилди.

Бу телеминиатюралар театри эмас, бутун бошли бир мамлакатнинг Олий кенгашидаги аҳвол. Миллион-миллион одамларнинг, халқнинг тақдири ана шуларнинг қўлида. Шунча воқеадан кейин ҳам улар корридорга чиқиб хахолаб кулишмоқда.

Тирсагимдан кимдир ушлади. Қарасам вазир:

-Дўстим, ҳаётингизни сақлаб қолдим. Мендан қарздорсиз. Ҳозир, ёлғондан бўлса-да бир тарсаки тортиб юборганди, десам, кетдингиз эди…

-Раҳмат, тақсир, -деди

Эртасига эрталаб келсам, “Мирзаолим ака касал бўлиб қолибди” дейишди. Ўшанда эътибор қилмагандим. Кейинчалик эшитдимки, Каримовнинг калтаги унинг бошида синибди. “Имкониятни қўлдан бой бердинг”, деб уни қаттиқ ҳақорат қилибди.

Иш шу билан битмади. Каримовнинг ўзи газета учун пул беришга баённома ёзганларнинг ҳар бирини чақириб гаплашди. Қўмита раислари эса имзо чекканлари учун сиқувга олиндилар. Охирида Каримов мени ҳам чақирди:

-Биласизми, янги қонун бўйича эркин иш қилганларга фақат фойданинг беш фойизи қоладиган бўлади. Бутун пулларингиз давлатга ўтиб кетади. Топган-тутганларингиздан айрилиб қоласизлар.

-Қайси қонун?-деб сўрадим.

-Болалар тайёрлаяпти. Яқинда сессияга олиб чиқамиз,-деди у совуққонлик билан. Сизга газета керак бўлса, мана менга айтинг, мен ҳукуматнинг ҳисобидан очиб бераман.

-Олий Кенгашнинг ўз газетаси бўлиши керак, деб ўйлагандик.

-Бунга қарши эмасман, Олий Кенгашники бўлсин, лекин шахсий пулга чиқадиган газета эмас. Олдин Матбуот ҳақидаги қонунни чиқариб олинглар, кейин ижросини кўрамиз. Бунинг устига Олий Кенгаш ижро билан эмас, балки қонунчилк билан шуғулланиши керак.

Кейин у пўписа қила бошлади:

-Сиз одамлардан эҳтиёт бўлинг. Сизларга пул берамиз деганларни ҳам билиб олдик. Улар дорнинг тагидан қочган ўғри, муттаҳамлардир. Ҳали уларнинг ҳаммасини дорнинг тагига қайтараман. Сиз тўғри йигитсиз. Улардан узоқ туринг. Бўлмаса сояси сизга ҳам тегади. Сайловчиларингиз Маматов етти минг сўмни қаердан топди, деб сўраб қолишлари ёки вазир мени урди деб айтиши ҳам мумкин. Сайловчилар сўрасалар ҳам тўғри қиладилар. Бечора халқ бир сўмга зор бўлиб турганда, сизларнинг ҳар бирингиз газета учун дея ўртага етти минг сўмдан ташласаларингиз, табиийки, савол туғилади. Яхшиси Олий Кенгашнинг газетаси ҳақида ҳужжат тайёрланг, сессияга ўзим олиб чиқиб, тасдиқлатиб бераман …

Хуллас, “Юзма-юз” ўқувчи билан юзма-юз бўлмасдан Каримовнинг зуғумига юзма-юз келди. Бу ҳақда Олий Кенгашда сўз очолмайдиган бўлиб қолдим. “Қўйинг шу гапни” дейдиган бўлишди. Чунки биз эркин матбуот қанчалик кераклигига ишонсак, Каримов ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун эркин матбуотга йўл бермасликка шу қадар тиришарди. Шу боис умидни Олий Кенгашнинг газетасига боғладик. Балки бу газетани мустақил минбарга айлантиришимиз мумкин, деб ана шу мумкинликнинг йўлларини қидира бошладик.

Аслида Каримов бизни қадамба-қадам синдираётган эди.У давлат ишлари билан эмас, кўпроқ ана шундай ишлар билан бевосита ўзи банд бўларди. Бу эса кўпчилкни чўчитиб қўймоқда эди. Бизни қўллаганларнинг аксарияти у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам қаршимиздаги юҳонинг домига тушиб кетилажагини англамадилар. Балки англасаларда ташвишга қўшилиб нима қилдим, энди узоқ турганим яхши дегандек, ўзларини четга торта бошладилар. Уларни ҳам тушуниш мумкин эди. Лекин демократ депутатлар озчилик бўлсакда, ҳали чекинишни хаёлга ҳам келтирмасдик. Бир эшик ёпилса, иккинчисини очишга уринардик.

Тойиба Тўлаганова эса׃

-Газета чиқаришнинг имконини тополмасак, варақа чиқарамиз, фикрларимизни оддий қоғозга ёзиб тарқатамиз- дерди.

10. “ХАЛҚ СЎЗИ”

Ислом Каримов Хоразмга борганда шоир ва айни пайтда вилоят партия қўмитасининг идеология масалалари бўйича котиби бўлган Эркин Самандаров катта йиғилишда унинг шарафига шеър ўқиди. Оз қолсин Каримовни пайғамбар даражасига кўтарадиган шеър эди. Телевизорда Каримовнинг мамнун қиёфасини кўрар эканман, Эркин Самандаров “қушни ургани”нига шубҳа қилмадим. Зотан орадан кўп ўтмай Каримов уни Бош вазирнинг маданият масаласи бўйича ўринбосари этиб тайинлади.

Аввалига кўпчилик хурсанд бўлди. Нима бўлганда ҳам шоир. Адибларни қувонтирадиган гап. Нима бўлганда ҳам қўшиқнавис. Санъаткорларни мамнун этадиган ҳол. Нима бўлганда ҳам журналист. Илгари “Хоразм Ҳақиқати” газетасида ишлаб етишган. Демак, журналистлар учун ҳам умид пайдо бўлди.

Аммо Каримов уста экан, сўядиган ҳўкизини соҳибига сўйдираркан. Феъл-хуйини билади-да. Акс тақдирда шохлаб ёки тепиб юборса ўзига келолмай қолиши мумкин.

Эркин Самандаров тез орада санъаткорларнинг кушандасига айланди. Театрлар, концертлар Каримовни улуғлайдиган саҳнага айланди, озгина мустақил фикр айтишни истаган одам четлаштирилди.

Эркин Самандаровнинг кимлигини “Халқ сўзи ” газетасига қарши қилган ҳунарларидан яхши биламан. Аммо Каримов унинг қўлини қонга ботириб, кейин ҳайдаб юборди. Кимнинг қонига дейсизми?

Каримов Олий Мажлиснинг ўз газетаси бўлишига розилик бергандан кейин шу борада бош қотира бошладик. Ҳали туғилмаган боланинг отаси бўлишни истаганлар кўпайиб кетди. Эркин Воҳидов таниқли ёзувчи ва журналист Нурали Қобулга ваъда бериб қўйибдилар. Йўлини топиб буни Ислом Каримовга ҳам айтибдилар.

Бир куни Каримов менга:

-Жаҳонгир, мана буни қаранг, Эркин акангиз билан Нурали бир…(сўкиш калимасини ишлатди) экан,-деди.

Каримовнинг қўлида Исмат Хушев редакторлик қилаётган “Иқтисод ва ҳаёт” журнали бор эди. Уни менга узатди. Олиб қарасам, Нурали Қобулнинг ҳаёт қийинчиликлари ҳақида мулоҳазалари ёзилган мақоласи. Унинг иқтисодий камчиликлар ҳақидаги жойлари қизил қалам билан чизилган.

-Бу қачондан иқтисодни тушунадиган бўлди? У ҳали менга ақл ўргатадиган бўлдими? Унинг бурнини тошга ишқалаб қўяман, ҳали. Ана у латта акангиз эса менга уни редакторликка тавсия қилиб юрибди. Мен сизнинг илтимосингиз билан бу газетага рози бўлганман ва бу ишни сизга топширганман, бошқаларнинг қўлига бериб қўйманг. Ўзингиз бош муҳаррир бўлинг ёки бирор кишини топинг,- деди кескин оҳангда Каримов.

Аслида бундай газета ҳақида илтимос қилган эмас эдим, биз чиқармоқчи бўлган газетани тўхтатиш учун унинг ўзи ўйлаб топган ва газетани бир идорага бoғлаб, назоратини ушлаб турмоқчи эди. Бош муҳаррир бўлишимга ҳам рози эмас эди. Зотан ё ўзингиз бўлинг, ёки бировни топинг, дейиши шундан.

Журналистлар уюшмаси раислигига сайланишимга тиш тирноғи билан қаршилик қилган, мустақил газеа чиқармоқчи бўлганимиз учун мени жазолашга буюрган, ҳали яқинда номзодимни “Туркистон”(“Ёш ленинчи”) газетаси бош муҳаррирлигига кўрсатишганда ҳам оёқ тираб олган Каримовнинг энди рози бўлишига асло ишонмас эдим.

Ўзбекистон комсомол қўмитасининг раиси Азиз Носиров номзодимга қаршилик қилган экан. “Ёш ленинчи” расмиятан унга қарар эди. У бизнинг Ошкоралик қўмитасининг аъзоси бўлгани учун, четга чақириб, “Ислом ака билан муносабатингизни яхшилаб олинг, сизга қаршилар” деган эди. Ўшанда мени бош муҳаррирликка кўрсатиш таклифи кимдан чиққан ва нега мен хабарсиз бўлганимни кейин тушундим.

Олий Кенгашдан узоқлаштириш учун Раиснинг тавсияси билан Эркин Воҳидов кўрсатган экан. Балки “Халқ сўзи”га номзодлар сонини қисқартириш ҳам назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Лекин бу ёғи менга қоронғу.

Хуллас, агар номзодимга рози бўлганда Каримов шу ишга “сургун” қиларди.

Бир куни “Халқ сўзи”га Ўзбекистон коммунистик партиясининг Марказий комитети Номоз Саъдуллаевнинг номзодини кўрсатмоқчи эканлигини эшитиб қолдим. У Олий Кенгашнинг Халқаро масалалар қўмитасида ишларди. Уни яхши танир эдим. “Совет Ўзбекистони” гезетасида бирга ишлаганмиз. Қўрқоқлиги ва хасдан ҳам ҳуркиши билан редактор ўринбосари бўлган кезда қонимизни “ичган”. Уни “едактор ўйинбосари” деб орқаваротдан масхара қилишарди. Аввал бўлим мудири эди. Қуп-қуруқ, ўн саҳифалик ёзувидан бир гап ҳам эсингизда қолмайдиган технократ журналист эди. Бунинг устига партия идорасининг ишонилган аскари экан, озгина демократия бошлангач ўзи туғилиб ўсган Қўшработ туманидан депутатликка сайланиб олди. Ўша кезда журналистларнинг орасида ўз қишлоғига бориб депутат бўлиб қайтиш модага айланган эди. Шу боис мени ҳам бугунга қадар жомбойлик деб ўйлашади. Лекин Жомбойдан эмас, балки Самарқанд туманиданман.

Олий Кенгашда нима гап бўлса Номоз Саъдуллаев бориб партия идорасига айтади, деб ундан сир сақлашга урунилар эди. Шу боис Каримов шундай номзодни қўллаши турган гап эди. Баъзи миш-мишларга қараганда у ўзини Каримовга қариндош, деб ҳам айтиб юрар экан. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғрилигини билмайман.

Шу боис Каримовнинг ўзи ҳам қаршилик қила олмайдиган ёки у кўрсатган номзоднинг олдида икки калла баланд бўлган одам топиш ҳақида ўйлай бошладик. Узоқ ўйлаб ҳам ўтирмадик. Бу одам Аҳмаджон Мухторов эди. Биринчидан, СССР Халқ депутати, иккинчидан кучли журналист, бир ўзи бир газетани чиқара олиш қобилиятига эга, учинчидан уни демократия томон йўналтириш осон, чунки шунга очиқ одам.

Бу номзод ҳақида дастлаб Тойиба Тўлагановага айтдим.

-Сиздан шу гап чиққанига ҳайронман,- дея қарши бўлди у.-Бир марта хиёнат қилган одам, яна хиёнат қилаверади.

-У киши кейин қилган ишини тушунди, менга устозлик қилган бўлса ҳам кечирим сўради. Москвада сессиялардаги чиқишларини кўраяпсизми? У бугуннинг руҳи билан яшамоқда. Агар биз унинг қаватида турсак, кучли газета ташкил қила оламиз,- дедим ва узоқ тортишувлардан кейин уни кўндирдим.

Қўмитамизнинг қолган аъзолари ҳам рози бўлдилар, чунки Аҳмаджон Мухторов Москвада СССР Олий Кенгашида Гдлян гуруҳига қарши чиқишлари ва “Қишлоқ Ҳақиқати” газетасини ҳеч ким ўқимайдиган рўзномадан қидириб ўқиладиган нашрга айлантирганини яхши билишарди. Лекин унинг номзодини биз кўрсатсак, Каримовнинг ўтказмаслиги ҳам аниқ эди. Шу боис Аҳмаджон аканинг ўзи билан гаплашдим.

-Ўзим ҳам газета ишидан йироқлашиб жуда зерикдим,-деди у киши.

Унинг рози эканлигини ҳис қилиб:

-Шу ишни бошлаб берсангиз мустақил Ўзбекистон парламентининг биринчи газетасига биринчи муҳаррир бўлиб тарихга кирасиз,-дедим,- қолаверса, бошланиши қандай бўлса кейин уни синдириш қийин бўлади ва фақат сиз бу газетани халқ рўзномасига айлантира оласиз, Олий Мажлис, хусусан бизнинг қўмита сизнинг орқангизда туради ва Ўзбекистоннинг эркин матбуотига йўл очилади. Лекин бу масалани Мирзаолим Иброҳимовга айтсангиз, у билан яқинсизлар. У тавсия қилса, балки Каримов ҳам йўқ демайди.

-Ўзимни-ўзим тавсия қила олмайман,- деди Аҳмаджон ака,- бунинг устига Ислом ака менга Москвадаги депутатларга раислик қилишни топширмоқчи.

-Бу яхши имконият,- дедим,- Каримовга сиздан узоқда эмас, сиз билан ёнма-ён ишлайман, дейсиз.

Эртасига у киши Москвага кетди. Орадан икки кун ўтиб телефон қилди ва:

-Мирзаолим ака шу ерда, оғиз очгандим, зўр иш бўлади, дедилар.-Ислом акага ҳам ўзим айтаман, дедилар.

Шу кунлари Каримов бир йиғилишда исмини айтмасдан Нурали Қобулни қатиқ тандиқ қилди. Гап унинг журналда ёзгани ҳақида бораётганини ҳамма тушунди. Чунки у қўлида журнални тутганча гапирган эди. Аслида мақола жуда яхши ва одамларнинг юрагидаги гаплар ёзилган эди.

Нурали Қобул хотини билан айрилгани учун ҳам Каримов уни ёқтирмайди, деган гаплар бор эди.

Маълумки, Жиззах газетасида ишлаб юрган 27-28 ёшлардаги журналист Нурали Қобул Шароф Рашидовнинг жиянига уйлангач, “Ўзбекистон санъати” журналига бош муҳаррир бўлиб келди. Ҳамма унинг куёв бўлгани боис раҳбарликка келди, деса-да, лекин журнал тубдан ўзгариб, одамлар қидириб ўқийдиган бўлиб қолди.

У талантли эди. Унинг газетамизга бош муҳаррир бўлишига қарши эмас эдим. Истеъдоди билан бирга ташкилотчилиги ҳам бор эди. Журналда ишлаб ўзини кўрсатаолган, ҳар турли шубҳаларни енгиб чиққан. Кейинчалик у Рашидовнинг жиянини қўйиб юборди. Унинг “Муҳаббат” деб номлаган шеъри Шерали Жўраев ижросида машҳур бўлиб кетди. Каримовга “Нурали Қобул Рашидовдан фойдаланиб, кейин жиянини ҳайдаб юборди ва Рашидов ўлгач уни ёмонлаб роман ёзди” деб ҳам айтишган экан.

Хуллас, Каримов унга нисбатан тўнини тескари кийиб олганди. Аммо Нурали Қобул бундай булутларни бир зумда тарқатиб юборадиган истеъдодга эга эди. Масалан, муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммд Юсуфни телевидениега олиб чиқиб, Каримовни Аллоҳнинг ердаги сояси дедириб, сайлов олдидан дуо қилдириб юбортирганда кўпчилк ҳайратланиб қолишган. Чунки ўз қарашига эга, деб билинган муфти ўшанда Нурали Қобулнинг “қули” бўлиб кўринган эди. Нурали Қобулни Каримовнинг маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ҳам қўллаб қувватлар эди. Лекин Каримов ҳаммадан ҳам уста “ўйинчи” эканлигини ўша кезда кўпчилк билмасди.

Бир куни Олий мажлис танаффусида Каримовга:

-Ислом ака, газета ҳақида ваъда берган эдингиз, шуни тасдиқлатиб беринг энди,- дедим.

Шу пайт Нурали Қобул келиб қолди. Каримов “Бўпти қарор лойиҳасини ёзинг” деди. Ҳали қоғоз қидургунимча, Нурали Қобул қарор лойиҳасини ёза бошлади. Биргалашиб газетага “Халқ сўзи” деган ном қўйдик ва сессияда дарҳол бу ҳақда қарор қабул қилинди. Каримов Нурали Қобулга хайрироҳдек кўринди, аммо сессиядан чиқиб водийга кетар экан:

-У редактор бўлиши керак эмас, керак бўлса ўзингиз олинг бу ишни,- деди.

Демак, у Нурали Қобулга кулиб қараган билан ичида бошқа нарса ўйлаётган экан.

-Биласизми,-деди у худди хаёлимдан ўтганини уқиб олгандек,- Христос, билмайман, уни сизлар нима дейсизлар, уруслар Христос дейди, душманингга ҳам кулиб қара, деган.

Энди у Нурали Қобулнинг эмас, каминанинг бош муҳаррир бўлишига розидек кўринди. Бизни душманлаштирмоқчи эди.

Каримов коммунистик таълимотни жуда яхши ўқиган. Бир гал Лениннинг “Партия адабиёти ва партия ташкилоти” деган мақоласини эслатганида, инқилоб учун энг аввало газета керак, деган гапни такрорлаганида бунга амин бўлган эдим. Аслида бу гапни Ленин айтган билан бошқалар ҳам шу фикрда бўлганлар, чунки халқни бир йўлга бошлаш учун минбар керак. Энг яхши минбар эса газета, биз ҳам халқни демократияга етаклаш учун газетадан фойдаланишни мақсад қилгандик.

Аммо Каримов бўш келмасди. У жуда моҳир ва талантли. Ана шу моҳирлик ва талант фақат ёмон томонга йўналганди. У мақсадга тўғри йўл билан ҳам бориш мумкинлигига ишонмайдиган шахс.

Айни пайтда ҳаммани аҳмоқ деб, фақат ўзини ақлли ҳисоблар ва шунинг учун ҳам ҳамма билан ўйин ўйнарди. Унинг ўйин ўйнаганини кўплар билиб туришсада, мансабининг ҳурмати боис мусиқасига йўрғалар эдилар.

Бизда умумий кайфият шундай эди. Олий мажлис ёки президент девонининг машинасида ишга келсангиз, милиционер қўлини пешанасига олиб бориб, “чест” беради. Аммо пиёда ўтиб кетсангиз ҳатто қайрилиб ҳам қарамасди. Унинг саждагоҳи темир машина. Кимларгадир мансаб ана шундай. Бу зеҳният бутун қонимизга сингиб кетган. Мансабдаги одамнинг орқасидан югуриш ва у ишдан кетгач, ундан юз буриш халқимизни маънавий ҳалокатга итқитган иллатлардан биридир. Кўпчилик халқ наздидан тушмаслик учун мансабдан айрилмасликка ҳаракат қилади ва ҳар қандай ўйинга мосланади. Буни табиийки Каримов яхши билар эди.

Бизда ҳар ҳолда азалдан сарой найранглари, сарой ўйинлари одат бўлиб қолганди. Бу ердагилар гуруҳларга бўлиниб шоҳнинг фел-атворидан фойдаланиб, ўз ишларини битирар эканлар. Масалан, Каримовга эрталаб бири кириб фалончи ёмон одам, сиз ҳақингизда бўлмағур гапларни айтиб юрибди деса, Каримов бунга ишонмайди. Аммо келишган гуруҳ одамлари бу гапни Каримовга беш томондан етказишади ва кимнингдир хонумони барбод бўлиб кетади. Бошқа гуруҳлар ҳам айни ҳунарни қўллашарди ва ўртада доимий, кўринмас жанг боради.

Бир куни Нурали Қобул:

-Уйда Иштихондан келган яхши қовун бор, бориб емаймизими?-деди.

Унинг иккинчи умр йўлдоши асли иштихонлик бўлган шоира эди. Улар Марказкомнинг уйида яшардилар, ишхонага яқин жойда. Бордик. Қовун ҳақиқатдан ҳам асалдек экан.

Лекин Нурали Қобул:

-Дўстим, сарой ўйинларини билмайсиз, бу ерда бир қанча гуруҳлар бор, улар ҳам Каримовга хизмат қиладилар, ҳам ўзларига,-деди.- Биз ҳам ўз гуруҳимизга эга бўлишимиз керак. Аммо бошқалардан фарқимиз шу бўладики, биз халққа хизмат қиламиз, Каримовни ҳам шунга бўйсундирамиз.

Рози бўлишимни, лекин Каримов бизни қўлланиши мумкинлигини айтдим. У рўйхат тузди ва демократ депутатларни ҳам киритиб, Мавлон Умурзоқов билан гаплашаман, деб ишга киришиб кетди.

Аслида бу фикр Нурали Қобулда илгаридан мавжуд эди. Олдинроқ ҳам Боймирза Ҳайитни ватанга таклиф қилиш ҳақида ёзилган хатга 41 депутат қўл қўйганда у “Шундай нарсалар одамларни саралаб қўяди, Олий Мажлисда бир мушт бўлиб иш қиладиган 41 эркак бор экан, қолганлар товуқдай гап, қўрқоқ” деганди.

Хуллас, Каримовнинг Нурали Қобулга қаршилиги, мен ҳақимда ҳам фикри  бошқалигини ва Номоз Саъдуллаев каби биттасини ўтказиб юборишини билганим учун Мирзаолим аканинг ёнига бориб:

-Ислом ака янги бўладиган газетанинг бош муҳаррирлигини ўзингиз олинг, дедилар. Аммо ёшман. Сиздан илтимос, ўзингиз шу жойга бирор номзод кўрсатинг,- дедим ҳеч нарсани билмагандай.

-Аҳмаджон акангга нима дейсан?-деди у.

-Қарши эмасман,-дедим.

-Ўзинг уни кўндирибсанку,- дея муҳим сирни очгандек мийиғида кулди Мирзаолим ака. Шунда Аҳмаджон аканинг соддадиллиги ёдимга тушди.

Раёсат мажлисида номзодлар масаласи кўрилар экан, Эркин ака Нурали Қобулни айтди. Кимдир менинг номимни айтганди, рад эттим ва Мирзаолим ака:

-Аҳмаджон Мухторовга нима дейсизлар?- деганди ҳамма қўллаб қувватлади. Демак, Каримов рози бўлибди, деб ўйладим. Чунки Каримовдан изн олмасдан Мирзаолим ака бундай “мардлик” қила олмас эди.

Аҳмаджон ака бош муҳаррир этиб тайинланди ва кадрларни ишга олишдан тортиб, газетада қандай мавзулар кўтарилишига қадар Ошкоралик қўмитаси аъзоларининг таклифларини инобатга олиб ишлай бошлади. Газетанинг биринчи сони чиқиши катта воқеага айланди. Тез орада ҳамма “Халқ сўзи”ни ўқийдиган бўлди ва рўзнома чиндан ҳам халқнинг сўзи айтиладиган минбарга айланди.

Аммо газетага қаттиқ босим бошланди. Биринчи сонларида Тошкентдаги Марказий универмаг ёнида турна қатор навбат кутган одамлар ва орқадан навбатсиз нарса олиб чиқиб кетаётганлар ҳақида суратли материал чиққани боис Каримов телефон қилиб, Аҳмаджон акани қаттиқ койиб берибди. Биз унга бош келмаслигини айтиб, қўллаб турдик. Бир куни Аҳмаджон ака кўнглини очиб қолди:

-Бу Эркин Самандаров деган одам нега ишимизга аралашади? Газетанинг бевосита раҳбари бўлган Ошкоралик қўмитаси аралашмайдию ҳукуматнинг вакили нега хўжайинлик қилади? Ахир у Бош вазирнинг маданият масаласи бўйича ўринбосари бўлса? Бизнинг газетамиз Олий Мажлисники? У ҳар кун телефон қилиб эснамни қотирмоқда.

Эркин Воҳидовга айтсам, “Оқсоқолнинг гапи билан аралашаётгандир, ўзича бундай қилмайди” деди.

Эркин Самандаров билан учрашиб, гап нимадалигини сўрадим.

-Ислом акам, бу одамни йўқотиб, ўрнига Абдусаид Кўчимовни қўйишимиз керак, деяптилар,- деди у.

-Бўпти, Ислом ака билан гаплашаман,-дедим унга.

-Менга у киши эмас, у кишининг номидан бошқа одам айтди,- деб қолди у чиқиб кетар эканман.

Аммо шу куни Каримовнинг ўзи телефон қилди:

-Сиз нима учун Бош вазир ўринбосарининг хонасига бостириб кириб, унга дўқ қиласиз? Қачон сизга Кўчимов ҳақида гапирган эдим. Ким ўзи у Кўчимов деганингиз? Ана у ургутлик бола эмасми?- деб қолди.

Эркин Самандаровнинг сув келмасдан ариқнинг олдини боғлаганига “қойил” қолдим. Унинг ҳар турли ўйинларга уста эканлигини кўп эшитгандим, лекин бунчаликка боришини тахмин қилмагандим. Билдимки, Кўчимов ҳақидаги гап ҳам унинг калласидан чиққан экан. Ўша пайт Кўчимов ҳақида яхши гап айтсам, у ҳам бизниинг “одам”га айланарди. Ёмон гап айтсам, Каримовнинг одами бўларди.

Каримовнинг ажиб одати бор. Бир куни Олий Мажлиснинг қабулхонасида жанжал бўлаётганининг устидан чиқиб қолдим. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида ишлайдиган подполковник Урайим Абдуғаниев “Тўмарис” хотин-қизлар ташкилоти аъзоларини ҳақорат қилаётган экан. Келганимда у улардан бирининг кўкрагидан ушлаб олганди. Айтишиб қолдик. Унга ўзининг ҳам онаси борлигини эслатдим. Яқинига борсам, ундан арақ ҳиди анқимоқда.

-Вазифа вақтида ҳам ичиб олганингиздан кейин оналар ҳам кўзингизга душман бўлиб кўринадилар,- дедим унга.

-Сиз ичиб олгансиз,-деди у кўзимга тик қараб,- булар сизларни ҳақорат қилишга келишган, сиз бўлсангиз тарафларини олаясиз?

-Ичиб олганимда балки сиз билан ади-бади айтиб ўтирмаган бўлардим, булар халқ вакиллари билан учрашувга келганлар ва биз уларни эшитишимиз керак.

-Бизга уларни эмчагидан тортиб чиқариб ташлаш буюрилган,- деди у ўзлигини йўқотиб.

Жуда хафа бўлдим. Олий Мажлис котибияти раиси Омон Олимжоновни чақиртириб аёлларни қабул қилдим. Лекин Урайимнинг ҳаракатидан ўзимга кела олмадим.

Эртасига мажлисда сўзга чиққанимда бу воқеани мисол келтириб, бизга ишониб мурожаат қилганларга муносабат ҳақида гапирдим.

Каримов “Маст бўлганимизда ҳамма нарса қўшша кўринади” дея кесатди.

Қизиғи шунда эдики, Каримовга худди мана шунақа гаплар ёқарди. У бундай гапларга ишонарди ва ҳар қанча ўзингизни оқлайман, деб уринишингиз беҳуда эди. Бировни ёмон кўрса, у одам ҳақида фақат ёмон гап эшитишни истарди. Яхши гап айтган одамнинг хонумони куйиб кетарди. Буни билганлар Каримовнинг бу феълидан усталик билан фойдаланишарди. Бунинг устига Каримовнинг биринчи хулосадан воз кечмаслигини ҳам ўрганиб олишганди.

Урайим ҳақидаги гапни бир жойда айтишимни билиб, у ким орқалидир буни Каримовга етказган ва мени маст ҳолда ишимизга аралашди, дегани ҳам унга мойдек ёққан ва мана энди уни ўзимга қарши қўлланди. Ўшанда Каримов Урайимни жазолаш ўрнига уни президент девонига ишга олганди.

Ана шуни билганим учун ҳам баъзан айрим одамлар ҳақида гап очилса, индамай қўя қолардим. Шу боис Абдусаид Кўчимов ҳақида ҳам индамадим.

Абдусаид Кўчимовни “Ленун учқуни” газетасида ишлаганидан биламан. Уни “Машҳур шоирнинг қизига уйланиб, муҳаррир бўлиб олди” деб юришар эди. Болалар шоири эди. Бир куни Самарқандга кетаёганимни айтсам, бирга кетишни истади ва машинада бирга кетдик. Самарқандга етиб боргач, уйда қолдим ва акам уни Ургутга ташлаб қайтди.

-Бу бола узоққа кетади,-деди акам,-лекин ундан эҳтиёт бўл. У дўстини ҳам ўлдириб, норвон қилиб ўтадиганлардан, бир икки савол бериб билиб олдим.

Эътибор қилмадим. Кейинчалик президент девонида ишлаганимда демократ депутатлар билан Каримовнинг ойда бир юзма-юз учрашувини ташкил қилар эканман, бир куни мажлис тугагач, депутатлар Каримовга яна савол бера бошладилар. Абдусаид Кўчимов ҳам бир нарса деган эди, Каримов уни қаттиқ сўкиб юборди. У бошини эгиб, индай тураверди. Шундан билдимки, у Каримовга керак кадрлардан экан.

Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Бир муддат Эркин Самандаровга бўлим мудири, кейин давлат телерадио компаниясида радио бўйича ўринбосар бўлди ва раисликка тайинланди. Бу жойда узоқ ишлаш қийин. Аммо Абдусаид узоқ ишлади. У Каримовнинг оёғини босмаслик учун ҳар қандай ишга тайёрлигини шу йилларда намойиш этди. Халқимизни сиёсий жиҳатдан манқурт бир вазиятга солиш учун у тинмай курашди ва қисман шуни таъминлади ҳам. Хуллас, гап у ҳақда эмас. Гап Самандаровнинг макр-ҳийласи ҳақида.

У Аҳмаджон акани ишдан кетказиш учун чин дилдан курашга киришиб кетди. Бир куни Каримовга бағишланган достонини чоп этиш учун берибди. Аҳмаджон ака уни бизга кўрсатиб, “Нима қиламиз?”, дедилар.

-Жуда катта, газетабоп эмас, “Шарқ юлдузи” журналига боп экан,- дедик.

Лекин Самандаров тўртликлардан иборат мадҳиянома-достонини Каримовга кўрсатиб, “Мухторов маддоҳликни йиғиштиринг, деб отиб юборди” деб айтибди. Каримов бу гапни МХХнинг раисига етказибди. У қўшнимиз эди. Бир куни ишга кетаётсам:

-Аҳмаджон акага айтинг, ҳали ҳам кеч эмас, Самандаровнинг достонини чоп этсинлар, шу билан иш битиши мумкин,-деди.

-Бир тийинга қиммат достон-ку,- десам:

-Лекин Аҳмаджон акага қимматга тушадиганга ўхшаяпти,- деди.

Шу кунларда “Панорама” кинотеатрида Ўзбекистон мусулмонлар жамоасининг сайлов мажлиси бўлди. Шу куни “Халқ сўзи” газетасида ёзувчи Ўктам Ҳакималининг “Оллоҳ” деган мақоласи чиққди. Унда Мусулмонлар идораси Саудия Арабистонидан ҳадяга келган 1 миллионта Қурон китобини одамларга совға қилмасдан пулга сотгани ва пулини ўзлаштиргани қистириб ўтилганди.

Мусулмон делегатларга “Бу газета бандани Худо деб эълон қилди” деб тушунтиришибди. Мақола босилганда Ўктам Ҳакималининг исми юқорида ва сарлавҳа пастроқда бўлгани боис бир қарашда “Ўктам Ҳакимали Худо” деган гап чиқарди. Аслида эса “Халқ сўзи” ҳамма чет муаллифларнинг номини юқоридан берар эди. Қолаверса Худо калимаси катта ҳарфаларда бўлиб, сўзлар бир-биридан узоқда ва ажратилган ҳолда эди.

Хуллас, шу куни Аҳмаджон акадан узр сўрашни талаб қилишди. Эркин Самандаров газета таҳририятига келиб, Аҳмаджон акага “Юринг мусулмонлар талаб қилишмоқда, ўша ерда узр сўрайсиз, оқсоқол шундай дедилар”, деб олиб борибди. У ерда мусулмонларни Аҳмаджон акага қайраб, гапни оз қолсин “У ўлганда жанозасиз кўмилсин” деган фатвога чиқаришга қадар олиб боришган.

Кейин Эркин Самандаров видеотасмани таҳрирдан ўтказиб, Каримовга қўйиб берган ва “Аҳмаджон Мухторовнинг диний жамоа билан алоқаси бор, мана уларнинг йиғилишларида ҳам сўзга чиқиб юрибди” деган. Унинг узр сўраган жойлари кесилиб, бошқа гаплари қолдирилган экан.

Ҳар ҳолда бу амалиёт Эркин Самандаров билан бирга ўша кездаги диний жамао пешволарининг “отаси” бўлган МХХ раиси Ғулом Алиевнинг ҳунари бўлса керак. Шундан кейин Каримов Олий Мажлис раисига (Бу пайтда Иброҳимов ишдан олинган ва ўрнига Шавкат Йўлдошев келтирилган эди) бош муҳаррирни ишдан бўшатиш ва газетани Олий кенгаш билан бирга Вазирлар маҳкамасининг ҳам нашри этиб эълон қилишни топширганди.

Биз бу ҳаракатга қаршилик қилдик. Газета ходимлари иш ташлаш эълон этдилар. Биз депутатлар уларнинг ёнига бориб турдик. Мухолифатдан келиб уч кун шу ерда туришди. Каримов ҳеч биримиз билан гаплашгиси келмас эди.

Иш ташлаш давом этар экан, Аҳмаджон ака ҳали ҳам буларнинг орқасида Эркин Самандаров ва Шавкат Йўлдошев турганига, Ислом Каримовнинг бехабарлигига ишонарди. Ислом Каримов эса ўзини олиб қочиб, ҳеч кўриниш бермас, телефонларга ёрдамчиси “Келсалар айтаман, сафардалар” каби жавоб берарди.

Учинчи кун Каримов Аҳмаджон аканинг хонасига телефон қилди. Аҳмаджон ака Каримовнинг гапини эшитар экан, қизариб кетди ва ўрнидан турди.

-Сўкманг, сўкманг, менинг онам гўрда ётибдилар,- деди, лекин Каримов аллақачон телефон гўшагини қўйган эди. Аҳмаджон ака хўрлиги келган одамдай йиғлаб юборди:

-У онамни ҳақорат қилди,- дея олди фақат.

Шундан кейин иш ташлашларнинг ҳам, бизнинг у ерда туришимизнинг ҳам маъниси қолмади. Аҳмаджон ака ишдан қўлини ювиб, қўлтиғига урди ва уйга қамалиб олди. Кейин ҳам у бу гапни узоқ эсдан чиқара олмади ва фақат онасининг руҳига дуо қилиб, кечирим сўраб юрди. Каримов эса унга оддий иш берилишига ҳам қаршилик қилди. Охир оқибат Ўзбекистоннинг забардаст журналисти мияга қон қуйилишидан ўлди.

Бу Каримовнинг одамларни ўлдириш усулларидан бири. Каримовнинг жаллоди ўлароқ Эркин Самандаровнинг ҳам қўли қонга ботди. У биргина Аҳмаджон аканинг эмас, балки яна кўпларнинг қотилига айланди ва бу ҳақда кейинги бўлимларда тўхталамиз.

Раҳматли Аҳмаджон ака ишсиз юрган кунлари катта дафтарга бошидан ўтганларини мақола тарзида ёзарди. Бир куни кўзим тушиб қолди. Тўрттаси Эркин Самандаров ҳақида экан.

– Яқин орада эмин-эркин замон келади ва буларни чоп этаман,-деганди у. Аммо у ҳаёт бўлган кунлари ундай замон келмади. Балки келар, аммо у етмади шундай кунларга. Унинг ёзганлари қаерда қолди экан? Уни келажак авлод ўқир эканми? Кимдир балки уларни сақлаб қўйгандир?

Шу билан биз орзу қилган “Халқ сўзи” ҳам битди. У энди ҳукуматнинг, тўғрироғи Каримовнинг сўзига айланган эди.

11.”БУ ХАЛҚНИНГ ОНАСИНИ…”

Ошкоралик қўмитаси раиси, шоир Эркин Воҳидов билан Ислом Каримовнинг устидан келган шикоятлар хусусида суҳбатлашиб ўтиргандик. Ҳар ҳолда одамлар демократия, сўз эркинлиги шамолини сезиб қолишганди.

Масалан,  наманганлик санъаткор-журналист Носир Зокир қўмитамизга юборган хатида: “Каримов ухлаётганга ўхшайди. Дунё ошкоралик ҳақида гапириб турган пайтда у ошкораликни бўғмоқда. Биз мустақиллик баёноти билан боғлиқ бўлган гапларни эшитдик. Лекин нега бу гапларни ҳалқ билмайди?” дея ёзганди.

Яна кимдир Ислом Каримов номига ёзган хати ўзи шикоят қилган одамнинг қўлига тушганини билдирган бўлса, бошқа биров Каримов ўзбек олтинларини четга чиқараётгани ҳақидаги миш-мишлар текширилишини сўраган. Бундай хатлар устига қизил белгилар қўйилганди. Уларни Эркин Воҳидов  кўрмагандай қилиб, менга ўтказарди. Устига “ўрганиш, текшириш ёки жавоб ёзиш” деб  бир жумла битарди.

Шу куни Олий кенгаш ҳайаътининг мажлиси бор эди. Эркин ака мажлисга чиқиб кетди.

Сессияга олиб чиқишимиз керак бўлган қонун лойиҳаси устида ишлаётган эдим. Аммо хатлар ҳам тинчлик бермасди. Уларни столим устига қўйиб, бир режа туза бошладим.

Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, дейдилар. Бирдан эшик шиддат билан очилди. Ислом Каримов, Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов, Бош вазир Шукрилла Мирсаидов  кириб келишди. Эшик ёнида иктисодий ислоҳот, саноат, транспорт ва йўл қурилиш қўмиталари раислари ва бошқалар. Орқароқда ҳуқуқ тартибот қўмитаси раси Эркин Халилов жилмайиб қараб турганди.

Каримов салом-аликдан кейин столнинг четига енгилгина “илашиб” ўтирди. Менинг жойимга эса Бош вазир “ёйилди”. Олий Кенгаш раиси Иброҳимов эса, Эркин Воҳидовга яқинроқ жойда қўлини орқасига қилиб турарди. Ҳаммаларининг кайфияти яхши. Бир икки қочириқ гаплар айланди ўртада. Улар нимага киришганини ўйлар эдим. Бир кун аввал ойнаижаҳонда “Депутат минбари” рукни билан бериладиган курсатувда суд тизимини, Олий суд раиси Бобур Маликовни қаттиқ танқид қилгандим. “Пахта иши” бўйича умумий авфга тушганлардан Олий суддагилар катта миқдорда пора олиб, шундан кейингина ҳужжатларини расмийлаштирмоқда”, деган шикоятлар кўп  эди. Шуларни айтиб, Олий судни кескин танқид қилгандим. Каримов телевидениеда бундай гаплар айтилишини ёқтирмасди. Лекин ҳоизр худди  кўнглимдагини ўқигандай:

-Кеча яхши гапирибсиз, телевизорда,-деб қўйди.

Демак, кўрмаган, кимдир қандайдир гап айтган. Хонамизга келишига бу сабаб эмас. Балки у Олий Кенгашдаги иш шароитлари билан танишиш учун келгандир?

Хуллас, саволлар хаёлимдан “ғириллаб” ўтиб турганда, Каримов стол устидаги хатларни қўлига олди.

Аллоҳнинг кудратини қаранг: бу хатларни олиб бориб, “Ўқинг”, деб илтимос қилганда ҳам у қўлига олмасди.  Кутилмаганда ўзи кириб келиб, ўзи ҳақида ёзилган шикоятлар, норозилик хатларини ўқимоқда. Аввалига енгил тортдим. Кейин негадир кўнглим ғашланди. Худди, Каримовнинг устидан ҳужжат тўплаётганга ўхшаб қолдим-ми, деб ўйладим. Чунки унинг қўлидаги барча мактубларда одамлар Ошкоралик қўмитаси фош этади, дея ёзишаётганди, шекилли. Қолаверса, бошқа республикаларда юз бераётган ошкоралик уларни ҳам қитиқлаётгани сезилиб турарди.

Каримовнинг авзойи бузилди. Буни сезган шериклари жим бўлиб қолишди.

-Сизлар шикоят текшириш билан бош қотирманглар! Пастда хатлар бўлими бор, ўша ердан керакли жойга қайтариб жўнатаверсин,- деди у ва ўқишда давом этди.

Икки-уч хатни ўқигандан кейин шартта ўрнидан турди-да:

-Ҳе, бу нонкур халқнинг онасини…! – дея сўкиниб, қўлидаги хатларни ўртасидан йиртиб, ахлат қутисига отиб, чиқиб кетди. Қолганлар ҳам унинг орқасидан ташқарига югурдилар.

Оғир аҳволда қолдик. Каримов ҳалқ баробарида бизни ҳам ҳақорат қилди. Эркин ака тортмасидан асабни сокинлаштирадиган доридан олиб ичди. Сўнг сигарет сўради-да, чиқиб кетди. Шу пайт қўмита котибаси Тойиба кириб келди.

-Нима гап? -деди у.

Индамадим.

-Нега рангингиз оқариб кетган? – деб сўради у.

-Каримов бутун халқни, ҳаммамизни ҳақоратлаб кетди, – дедим.

Кейин бор гапни айтиб бердим.

-Даҳшат-ку! – деди Тойиба, – қандай чидаб ўтирибсизлар?! Бирор чорасини кўриш керак!

-Нима қиламиз? Орқасидан югуриб бориб, жавобан сўкиш керакми?

-Имкониятингиз кўп, ҳалққа маълум қилиш керак!

Халққа қандай қилиб маълум қилишни ўйладик. Ниҳоят, Матбуот конференсияси ўтказиш керак, деган фикрга келдик.

Бир кун олдин Тошкент шаҳар журналистлар уюшмасидан қўнғироқ қилиб, “Ошкоралик қўмитаси раҳбарлари билан қалам аҳлининг учрашувини ташкил қилсак” дейишганди. Қўл келди, дарров уюшмага сим қоқиб, эртага пешин чоғи вақтимиз борлигини маълум қилдик. Кейин ўзимиз бош муҳаррирларга, мухолифат лидерларига, фаолларга, диний идорага ҳам телефон қилиб, вакиллари қатнашишини сўрадик.

Эртасига Эркин ака:

-Саломатлигим ёмон, дўхтирга кўринишим керак эди, сизлар ўтказаверинглар,- деди.

-Сиз бормасангиз бўлмайди, – деб туриб олдик.

Хуллас, “Майли, етиб келаман” деди у.

Учрашувни Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар кенгашининг раиси очди.

Ошкоралик қўмитаси фаолияти ҳақида гапирдим. Сўнг:

-Яқинда раҳбаримиз ишхонамизга келиб, тасодифан шикоят хатларини кўриб қолди. Аксарият хатлар унинг фаолияти ҳақида эди. Шунда хатларни ўқиб, йиртиб, ахлат қутисига отди-да “Бу нонкур халқнинг онасини…!”, – деб ҳақоратлади, – дея воқеани ҳикоя қила бошладим.

Бу гапни эшитган зиёлилар оёққа қалқиб кетади, балки матбуот уйидан Каримовнинг девонига қараб юриш бошлашар, деб ўйлагандим. Умуман бу гапни ошкор қилишга кўп истиола қилгандим. Катта тўс-тўполон бошланади, мухбирлар газетага ёзишади, одамлар оёққа туради, деган хаёлга боргандим. Чунки муштга ёки калтакка чидаш мумкин, лекин “онангни…” деган ҳақоратга чидаш мумкин эмас, деб тушунардим. Шу сабаб, бутун вужудимни масъулият, юз берадиган воқеалар учун масъулият юки босганди. Ҳали гапирадиган гапим охирига етмасдан, ЭРК партияси котиби Абдулҳай Абдумавлонов ўтирган жойидан бақирди:

-Исмини айтинг, қани ошкоралик, нега хаспўшлаб гапирасиз!

Хаёлимдан “ана бошланди” деган гап ўтди.

-Исмини айтмасам ҳам кимлигини сезиб турибсизлар. Ким бўларди, президент Каримов-да, – дедим.

Ўтирганларга қарасам, умумий лоқайдлик руҳи ҳукмрон. Биров ажабланмади ҳам, бировнинг жаҳли чиқмади ҳам. Миллатнинг гуллари – ойдинлар, шоирлар, курашчилар… Уларни бирдан қўрқув босдими? Ёки аввалдан қўрқоқмидилар? Балки қулликларини тан олган қулларми булар? Хуллас, на диндорлар ва на майдонларда халқнинг олдида борадиган фаоллар ҳам бир сўз демадилар. Бақириб савол берган Абдулҳай ҳам негадир жимиб қолди.

Ташқарида воқеанинг бу саҳнаси ўтишини пойлаб ўтирган эканми, бир оздан кейин  Эркин ака кириб келди. Унга “Юртда диктатура бошландими?” деган савол тушди. У диктатура нима эканлигини, бизда эса унинг белгилари ҳали кўринмаётганини тушунтириб берди. Сўнг Тойиба сўзга чиқди. У анча дадил гапирди. Ҳақиқатни очиб ташлади.

-Менга қийин, – деди Эркин ака. – Илгари Жаҳонгир гапирганда унинг сўзларини андавалаб туришга тўғри келарди, энди Тойиба хонимникини ҳам текислашим керак.

Ўринсиз “аския” ва ўринсиз кулги бўлди. Учрашув кечга яқин якунланди. Уй-уйга тарқалдик.

Эрталаб ишга келсам, доим соат 10-11дан кейин кўринадиган Эркин ака ҳали соат тўққиз бўлмасидан хонада сигарет тутатиб ўтирарди. У кашанда эмас, лекин баъзида  тутатиб қоларди. Салом-алик совуқ бўлди.

-Кечқурун оқсоқол уйга телефон қилдилар, – деди у ҳар доимгидек Каримовни “оқсоқол” билан алмаштириб. – Мен унақа гап айтганим йўқ, бундай дегунча ўзимни отмайманми, дедилар. Исмат Хушев бориб ҳамма гапни айтиб берибди. Аллақачон ундан шикоят ҳам ёздириб олишибди. Қаматмасам қўймайман, деяптилар. Наҳотки мажлисда мен келгунга қадар шунча гап бўлди? Хуллас, осмон узилиб ерга тушган, айтганим йўқ, дедилар.

-Ўзингиз эшитдингиз-ку?!-дедим  ҳайратда қолиб.

-Кенгаш раиси бир нарсалар гапириб турувди менга. Ўшанга эшитмай қолган бўлсам керак. Ўзи, ростдан ҳам шундай деганмидилар?-Эркин ака болаларга хос самимият билан тикилиб қолди.

Уйга толдим. Хаёлга ботганимни Эркин ака бошқача тушунди, шекилли:

-Ҳозир нима бўлса ҳам оловни ўчириш керак,-деди.-Бориб оқсоқолга узр, деб қўйиш керак. Бўлмаса, ҳамма нарса тескари айланиб кетади…

Аллақачон, ҳамма нарса тескари айланиб кетганди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қўмитаси “Ислом Каримовнинг шаънини ҳимоя қилиш учун Жаҳонгир Маматовни судга бериш керак”, деган қарорга келганди. Шу куни кечга яқин Марказқўм иккинчи котиби чақираётганини айтишди. Борсам, ташкилий бўлим мудири кутиб олди.

-Олдин иккаламиз суҳбатлашсак, нима бўлганда ҳам ҳамкасбмиз. Кейин у кишига кирасиз, – деди у.

Мудир машинкада ёзилган олти-етти саҳифалик хатни ўқиб, кейин менга савол бера бошлади.

-Бу саволни Исмат Хушевга берасиз, – дедим.

Исмат журналистлар орасида “Каримовнинг айғоқчиси” номини олганди.

-Нега?- деб ажаблангандек сўради мудир.

-Чунки қўлингиздагини у ёзган.

-Қаердан билдингиз у ёзганини?

-Охирги саҳифасини тескари ушлаб қолибсиз, шундан,-дедим аслида Исмат Хушевнинг президентга бориб айтганини  Эркин акадан эшитганимни билдирмай.

-И, и, – у дарров саҳифаларни тўғрилаб олди.

-Аммо, раҳмат, нима бўлганда ҳам ҳамкасбсиз-да, сотқин кимлигини сездириб қўйдингиз, – дедим.

-Бу сотқинлик эмас, бу юртни, Ватанни севиш белгиси.

-Юрт, Ватан фақат Каримовдан иборат бўлса, асло севмадик!

Кейин у мен сайланган Жомбой тумани биринчи котибининг имзоси билан келган шошилинчномани кўрсатди.

-Халқ ҳам сиздан норози,-деди у шошилинчномани ўқиб.

-Бечора халқ телеграмма юборса, бир ойда ҳам етиб келмайди .Буни қуш билан юборишган шекилли, бир кунда қўлингизга тегибди. Топшириғингизни вақтида бажаришибди, – киноя килдим мен.

-Биласизми, мен сизни анчадан бери кузатаман. Илгари доим танқидий мақолалар, фелъетонлар  ёзардингиз. Депуат бўлиб ҳам доим камчилик қидирасиз. Умуман, шундай дунёқарашдаги киши учун бора – бора ҳамма нарса нуқсонли кўринади. Бу ҳам бир хасталик. Шунга иқрор бўлсангиз, даволанишга ёрдам берамиз,  суд ташвишидан ҳам қутуласиз, – деди у.

Кулдим:

-Балки, шундайдир,-дедим.-Сизларнинг кўзларингизга ҳамма нарса яхши бўлиб кўринади. Ҳаммаёқ тўкин – сочин, муаммо йўқ. Бу ҳолда даволашни бу идорадагилардан, жумладан оқсоқолдан, партия раҳбарларингиз ва ўзингиздан бошламоқ керак. Судга келсак, нима қиламиз, осмон қўлингизда, ташлаб юбораверинг!  Лекин Совет давридаги каби  танқид қилганларни руҳий хастахонага тиқиб қўйиш пайти ўтиб кетди,-дедимда мудирнинг эшигини ёпиб чиқиб кетдим-у кўнглим тинчимади. Мудир “юқорига чиқишимиз керак” деганча қолди.

Ташқарига чиқарканман, негадир ўзимни ёлғиз ҳис килдим. Асабларим чатнай бошлаганга ўхшаб туюлди. Уйгача пиёда келдим.

“Воқеа” тафсилоти дарҳол Каримовга етиб борган шекилли, эртасигаёқ Ошкоралик қўмитаси фаолиятини тафтиш қилиш бошланди. Тўғрироғи мен ва Тойибанинг “дафтар, қаламлари”ни текширишга киришилди. Кўп ўтмай Ошкоралик қўмитасининг фавқулодда мажлиси белгиланди. Мажлисдан бир кун олдин депутаталар Каримовнинг ҳузурида “маслаҳат”, “топшириқ” олдилар.

Ўзбекистон радиосининг Москвадаги мухбири Раимжон Султонов билан яна икки киши Каримов қабулидан кейин олдимга келишди.

-Ҳамма билан унинг ўзи алоҳида гаплашмоқда, кимга иш, кимга машина ваъда қилинмоқда. Агар сиз ва Тойибани қувмасак, қўмита ҳам ёпиларкан,- деди Раимжон.

У жасоратли журналист. Адолатсизлик қаршисида чидай олмас эди. Аммо кейинчалик ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган ўғлидан ажралиб қолгач, негадир жамоат ишларидан ҳам узоқлашди. Уни тушуниш мумкин. Бундай кезда одамнинг кўнглига бошқа дард сиғмайди. Хуллас, ўшанда Раимжон ва бошқалар мажлисда маҳкам турадиган бўлишди.

Мажлис куни Олий Кенгаш қўмиталаридаги депутатлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этиш учун тўпланишди. Олий Кенгаш раисининг ўринбосари Бугров уларга “жавоб” бериб, мажлис ёпиқ ўтишини айтди. Баъзи миллатвакиллари қатнашамиз, деб залдан ўрин олишди. Лекин уларни ҳам чиқариб юборишди.

Мажлис “совуқ” бошланди. Бугров мажлисни рус тилида олиб боришни таклиф қилди.

-Бу Ўзбекистоннинг Тил ҳақидаги қонунига зиддир, агар мажлисда қатнашганлардан кўпчилиги рус бўлганда балки буни ўйлаб кўрган бўлардик, лекин, битта рус бор, у ҳам сайланаётган пайтда сессияда  ўзбекча гапирганди,- дедим .

-Энди ўрганаяптилар,-деди Эркин ака.

Хуллас, мажлисни рус тилида ўтказишга йўл бермадик. Қўмитанинг ҳамма соҳага аралашаётгани, умуман Олий мажлис ҳукумат ишларига аралашмаслиги, партияни ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида гапирилди. Узоқ тортишдик. Каримов бир неча бўлакка бўлиниб, бир неча кишининг ичига кириб олган каби бир хил гаплар айтила бошланди. Ўзбекистон Комсомол комитетининг биринчи котиби Азиз Носиров “Ислом Каримов бу халқни севиши ва халқ ҳам уни севганини” айтиб, биз унга туҳмат қилаётганимизга тўхталди.

Компартия Идеология  бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов ҳам шу масалада сўз юритди. Тошлоқ туман  прокурори, шу мажлисдан кейин  кўп ўтмай Тошлоқ туман ҳокими бўлган Қаҳрамон Сотиболдиев ҳам уларнинг сафида эди.

Охирида қўмита раисининг ўринбосари ва қўмита котибини бўшатиш керак, деган масала ўртага қўйилди. Овозга берилганда мен битта овоз кўп олганим учун қолдим. Чунки Эркин ака менга қарши овоз бермади.  Навбат Тойибага келганда ҳам яна қўмита иккига бўлинди. Бугров Эркин акага:

-Агар буларни бўшатмасак, қўмитани ёпамиз,-деди.- Топшириқ шунақа!

Бунга Тойиба дарҳол жавоб қилди:

-Топшириқ қаердан? Яна ўша коммунистик идораданми? Ўлган ўликдан қандай қилиб садо чиқди экан?

Эркин ака шартта ўрнидан турди-да русчалаб:

-Биз учун муқаддас бўлган идорани ҳақорат қилишга ҳеч кимннинг ҳаққи йўқ,-деди. Кейин ўзбекчалаб, – Мен Тойибахоннинг бундай ҳақоратини қабул қила олмайман ва унга қарши овоз бераман,- деди.

Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Эркин ака “ЭРК”нинг 1990 йил Апрел ойидаги қурултойида қатнашиб, партиянинг бош ҳаками этиб сайланганди. Коммунистик партиядан чиқишга сўз берганди. Аммо икки партиянинг аъзоси бўлиб қолаверди.

Кунларнинг бирида эрталаб ҳовлиқиб кириб келди.

-Бу Исмат Хушев деганлари ким ўзи?- деди.

-Нима бўлибди?- деб сўрадим .

-Биттасининг номидан менга қарши мақола ёзибди, журналининг янги сонида чиқаётган экан, шуни  тўхтатиш керак.

-Агар бўҳтон-мўҳтон бўлса сиз ҳам жавоб ёзасиз, лекин Ошкоралик қўмитаси бўла туриб қандай қилиб,  ана у мақолани тўхтат, деб айтамиз? дедим.

Гапим ёқмади, чиқиб кетдилар, кейин билсам Олий Кенгаш раисига кирибдилар, у “Президентга айтиш керак” дебди.

Хуллас, Исмат Хушев бош муҳаррир бўлган “Иқтисод ва ҳаёт” журналидан Эркин ака ҳақида ёзилган нарса олиб ташланибди.

Бир кун  хат келди ва унда “Сизлар қандай қилиб ошкоралик курашчилари бўласизлар?” деб ёзилган ва  журналдан олиб қолинган мақоланинг “Гранкаси”- хомакиси қўшиб юборилганди. Ўқиб кўрсам, мақола ҳам эмас, бир ўқувчининг савол тарзидаги мактуби, унда Эркин Воҳидовнинг ЭРК партияси қурултойидаги ва “Туркистон” рўзномасидаги гапи эслатилиб, КПСС дан қачон чиқадилар, деб сўралган экан. Эркин акага шунга шунча ваҳима қилдингизми, фақат савол экан-ку, десам “Билмасам, журналдаги укалардан бири келиб ваҳима қилганди-да” деб қўя қолдилар.

Бир куни Абдулла Ориповни Компартияни “Нажот қaлъаси”  деб ёзган шеъри учун масхара қилиб гапиргандилар. Мана энди Совет Иттифоқи емирилиб бораётган бир пайтда бу идорани “муқаддас даргоҳ” дея баралла айтмоқдалар.

Эркин ака Тойибага қарши овоз бердим, дейишлари билан у мажлисдан йиғлаб чиқиб кетди. Ҳамманинг кўнгли бузилди ва Бугровнинг “Маматов масаласини қайта овозга қўяйлик” деган гапига Раимжон Султонов “Бу ер болалар боғчаси эмаски, ҳамма нарсани ўйинга айлантирсангизлар” деб жавоб қилди.

Мажлис тугаб, чиқиб кетаётганимизда Раимжон Султоновни Каримов чақираётганини айтишди.

Арбоб арбобда, йўлини топади. Кўп ўтмай қўмитани “қисқартириб” туришга қарор беришди. Жаҳонгир Маматов кетса, қўмитани яна тиклашларини айтиб Эркин акани ишонтиришибди. Шу сабаб қўмита қисқариши масаласига  Эркин ака ҳеч қандай  муносабат билдирмадилар. Қўмита ёпилди.

Бизни жўнатиб, қўмитани қайта очишди. Эркин Воҳидов яна раис,  каминанинг ўрнига Маданият қўмитасидан журналист Карим Баҳриев ва Тойибанинг ўрнига бошқа бир қўмитадан “Каримовнинг айғоқчиси”  номини олган Номоз Саъдуллаев  келтирилди.

12.ОШКОРАЛИК

Нега бизни ғайриқонуний тарзда бўшатишди? Фақат Каримовнинг халқни сўкканини ошкор қилганимиз учунми? Йўқ, бу жаҳлларни чиқарган охирги томчи эди, холос. Унгача ҳам  анчагина “хато”лар қилгандик.

Ким билсин, ҳамма нарсани матбуот, ошкоралик ҳал қилади, деб ўйлар эдим. СССРнинг йиқилишини ҳам ана шу кучдан, деб биламан. Сўнгги президент Михаил Горбачев матбуотга эркинлик бериши билан  оммавий ахборот воситалари халқнинг ошкора фикр айтиш минбарига айланди ва қисман бўлсада эркин сайловларга йўл очилди.

Бошқа жумҳуриятларда матбуот ва миллий ҳаракатлар кучли бўлгани боис эркинликнинг майдони ҳам кенг бўлди. Бизда эса Коммунистик партия жиловга маҳкам ёпишиб олган ва жон бериши амри маҳол эди. Бу ҳол сайловларга ҳам ўз таъсирини урмай қолмади. Аммо бошқа жойлардаги ҳаракатлардан илҳомланган одамлар якка тартибда бўлсада ўз номзодларини илгари суриб, сайловнинг илгаридан белгиланган қоидасини буза бошладилар. Баъзи жойларда халқ жунбушга келган эди. Чунки матбуот ҳам худди ана шундай кўринишда,  баъзилари курашчан ва баъзилари цензуранинг қуюқ соясида қолганди.

Шу боис ҳам сайловдаги дастуримда Ўзбекистонда “Ошкораликка кенг йўл очиш масаласига диққат қаратаман”, деган вазифани олдимга қўйган эдим.

Юқорида айтганимдек, СССРнинг бошқа жойларига нисбатан ошкоралик бизда жуда суст эди. Қаршилик эса жуда кучли. Газеталарда чиққан ҳар бир танқидий мақола халқ орасида воқеага айланса-да айни пайтда унга кўрсатилган қаршилик ҳам катта воқеа эди.

1990 йилда тузилган Ошкоралик қўмитаси  қисқа вақтдаи Олий кенгашнинг энг  етакчи ва айни пайтда Каримовнинг энг бошини оғритган қўмитасига айланди. Қўмита аъзоларининг кўпчилиги мустақил сайланган депутатлардан ташкил топганди. Чунки коммунистик партия рўйхатидан сайланганларни олдиндан турли комиссиялар рўйхатига киритишган ва “ўзбошимчалар” четда қолишганди. Янги қўмита тузилгандан кейин уларга йўл очилганди. Оддий одамлар майли, ҳатто депутатлар ҳам арз додларини шу қўмитага айтадиган бўлишди. Лекин Эркин ака негадир тиш тирноғи билан масалаларни ёпиб юборишга интиларди.

…Фарғоналик депутат, драматург Иномжон Турсуновни Тошкент меҳмонхонасида миршаблар дўппослаганини эшитганимизда дарҳол қўмитанинг мажлисини чақирдик. Аммо Эркин ака:

-Бу масаланинг бизга дахли йўқ, қонунчилик қўмитаси кўриши керак,-дедилар.

-Улар ҳам кўришсин, аммо биз ҳам ўз муносабатимизни билдиришимиз зарур,-дедик.

Қўмита тўпланадиган кун Эркин аканинг умр йўлдоши Гулчеҳра опа телефон қилиб:

-У киши касал бўлиб қолдилар… акангизни эҳтиёт қилинглар,-деди.

Мажлисга раислик қилдим ва матбуот воситаларидан вакиллар чақириб  масалани ёритишни сўрадик. Лекин кечқурун телевидение ҳам, радио ҳам, эртасига газеталар ҳам қўмита мажлиси ўтгани ҳақида хабар берган бўлсаларда Иномжон Турсунов масаласини четлаган эдилар. Радиотелевидение қўмитаси раиси Ганжа Ёқубовга телефон қилдим:

-Эркин акам билан гаплашсангиз бўлармиди, кеча хабарни у кишининг ўзлари таҳрир қилиб берганлар,-деди у.

-Кеча у киши ишга чиққанлари йўк-ку?!-ажабландим мен.

-Бунинг учун ишга чиқишнинг кераги йўқ, уйдан туриб ҳам рухсат бериш мумкин…,- деди Ганжа Ёқубов ва курашимиз осон кечмаслиги ҳақида гапирди ҳамда телевидениеда “Депутат минбари” рукнини ташкил  қилиш ҳақида таклиф қилди. Шундан билдим-ки у одам ҳам ислоҳотлар тарафдори ва  хабарни таҳрир қилиш  унинг ташаббуси эмас…

Бир куни қашқадарёлик депутат Мурод Жўраев хат ташлаб кетди. У Муборак шаҳрида ишлаётган мустақил телевидение ёпиб қўйилгани, ошкоралик бўғилгани ҳақида ёзганди. Текширишга бораман, десам, Эркин ака:

-Бу жуда ҳам муҳим масала экан, оқсоқол билан маслаҳатлашиб, ўзим бориб келаман,-деди.

Лекин доим  бир муаммони рўкач қилиб, масалани орқага ташлайверди. Мурод Жўраев яна келиб кетди. Қўмитанинг бўлажак мажлиси кун тартибига бу масалани киритишни талаб қилдим ва ўзим Муборакка бориб келдим. Эркин ака негадир ҳеч нарса демади. Воқеаларни айтиб бергандимда ачиниш билан тинглади ва тадбир олиш кераклигига ишора қилди. Шундан кейин қўмита мажлиси учун ҳисобот тайёрладим. Аммо муҳокама куни Эркин ака келмай қолди. Уйидан телефон қилишди.

-Қон босимлари ошиб кетган. Нега бунча азоб берасизлар,- деди умр йўлдоши.

Мажлисга Мурод Жўраевнинг ўзини ҳам таклиф қилган эдик. Аммо келмади. Ўша кун депутатларнинг ташаббус гуруҳида ҳам бу масалани қўйгандик. Унга ҳам келмади. Эшитсак,  у саҳарлаб йўлга чиқиши олдидан ётган уйига кимдир милтиқдан ўқ отган ва у ётоқда бўлмагани, йўлга чиқиш учун ҳозирланаётгани боис тирик қолган. Ошкоралик қўмитасининг бу борадаги норозилик баёнотини тайёрладик  ва аксар депутатлар қўл қўйишди. Тағин матбуотда берилмади. Суриштирсак, Эркин акадан изн олишган экан…

Буларга қарамай асосий вақтимни “Матбуот ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашга сарфлар эдим. Болтиқ бўйи жумҳуриятларида қабул қилинган қонунларни ва баъзи Ғарб давлатларининг бу борадаги ҳужжатларини ўрганиб ўзимизнинг лойиҳани тайёрладим. Кейин ўқиб чиқиш учун Эркин Воҳидовга бердим. Лойиҳани у киши доим қўлида олиб юрди. Иш жойида ҳам унга термулиб ўтирарди. Бир куни қайтиб берди. Қарасам, мен ёзган лойиҳа ўрнида мутлақо бошқа нарса:

-Бу нима?-дедим Эркин акага.

-Олий Кенгаш аппаратидаги ҳуқуқшунослар кўриб чиқишди ва амалдаги қонунларга зид бўлмаслиги учун  бироз тузатишди.

-Бу тузатилган эмас,  бутунлай бошқа нарса-ку?!

-Биласизми, қонун ёзишнинг ўз тили бўлади ва ўз мутахассислари бор. Улар ҳам бир вариант тайёрлашган экан, мен шуни қабул қилдим.

-Фақат ўзим ёзганим йўқ, ҳуқуқшунослар, журналистлар ва бошқа экспертларни ҳам жалб қилганимни биласиз-ку?

-Биламан, биламан, лекин эртага лойиҳамиз сессиядаан қайтмаслиги учун уларникини олайлик ва ўшанга тузатишлар киритайлик.

Узоқ тортишдик. Охири икки вариант ҳам қолаверсин, деган нуқтага келдик. Чунки олдинда қўмитамиз мажлиси, қўмита аъзоларининг ва бошқа қўмиталарнинг таклифлари ҳам бор эди. Қўмитамизнинг мажлисида бўлган гапларни айтишимни Эркин акага билдирдим. Шу боисми у киши яна мажлисга келмади.  Биз ўзимиз тайёрлаган лойиҳани қабул қилиб, кенгайтирилган мажлис ўтказиш, унга барча муҳаррирлар, қизиққан журналистлар, мутахассислар ва бошқа қўмиталардан депутатларни таклиф қилиш ҳақида гаплашдик.

Шундан кейин Каримов чақирди.

-Эркин Воҳидов латта чиқиб қолди-ку?- деди у,- доим мажлис ўтказадиган кунларингиз  касал бўлиб қолади.

-Аслида ҳам бироз касалман одам,-дедим .

-Бизнинг болалар бир қонун лойиҳаси тайёрлаган эди, ўзим кўриб чиқиб унга бергандим, лекин негадир уни қолдириб юборишибди-ми?

-Бизга у лойиҳани сиздан эмас, Олий кенгаш аппаратидан келди, деб айтишганди.

-Аппаратдагилар сизларнинг хизматкорингиз. Уларнинг қонун таклиф қилиш ҳаққи йўқ. Бу ҳақ менда  ва сизларда бор.

Иш-ишдан, ғишт қолипдан кўчганини, энди орқага юриб бўлмаслигини айтдим.

-Керак бўлса қонун қабул қилингандан кейин ҳам уни эълон этгунга қадар қайта ёзиб чиқишимиз мумкин, ўшандан кейингина қўл қўяман, буни назарда тутинглар,- деди Каримов.

Аммо Каримов айтганидек бўлмади. Биз маҳкам турдик ва қонун лойиҳасидаги асосий принципларни сақлаб қолдик. Ҳатто ўша илк қонунда “Ўзбекистонда цензура бекор қилинади” деган моддани ҳам сақлаб қолдик. Лекин Каримов қонунни имзолаган бўлсада, унга риоя қилмади, матбуотга эркинлик бермади.

…Бир куни Шовруқ Рўзимуродов кириб келди.

-Менинг устимдан жиноий иш очишибди,-деди у.

-Нега?-деб сўрадик

-Баҳона қилишаяпти, бировга уй олишида ёрдам қилгансан, деб. Агар депутат ёрдам қилмаса ким ёрдам қилади?

Эркин ака Шовруқни диққат билан эшитти. Унинг ҳамма гапларига қўшилди ва керак бўлса Олий Кенгаш ҳайъатида масалани кўтариши, ҳатто Президент билан ҳам гаплашажагини айтди. Шовруқ чиқиб кетгандан кейин:

-Бу биринчи сессияда Президентга қарши чиққан бола эмас-ми? Анчагина саводсиз кўринади-ми?,- деди.

Орадан кўп отмай Шовруқни қамашди ва бир куни Олий Кенгаш ҳайъатига муҳокама қилиш учун олиб келишганда биз депутатни қўлида занжир билан олиб юрилишига қарши исён қилдик. Эркин ака индамай ўтирди. Кейин ранжиганимни сезди шекилли:

-Бефойда, ҳаммаси бефойда, унинг тақдирини ҳал қилиб қўйишган, ёш йигит экан, жувонмарг бўлиб кетмоқда,-деди.

Биз сессияда Шовруқ масаласини кўтарган кунимиз ҳам Эркин Воҳидов миқ этмай ўтирди .У киши ҳаддан зиёд “маданиятли” одам.  Масалан, тушга чиққанимизда, хонага қайтар эканмиз, лифтнинг эшиги очилса:

-Қани, қани, марҳамат!-деб тураверарди ва  уни ҳурмат қилганлар ҳам чекинишарди, шу зайл баъзан лифтнинг эшиги бекилиб у ташқарида қоларди. Лекин Каримов режими пайтида у ташқарида қолмади, доим ичкарида бўлди.

Ошкоралик қўмитаси ишида ҳам у  доим ана шундай  кутиб туриш ва бошқаларни ўтказиб юбориш услубини қўлларди.

Ошкоралик қўмитаси энди оёққа тураётган кунларда Эркин Воҳидов қўмитамизнинг хизмат машинасида кетаётганда, дўрмон йўлида кимдир машинага қарата ўқ узган. Эркин ака дарҳол орқага қайтишни буюриб,  уйига борган. Шофер эса келиб бизга:

-Машинага кимдир ўқ отди,-деди.

Эркин аканинг уйига телефон қилсак, у шундай бўлганини тасдиқлади ва мазаси қочиб қолганини айтди. Шу куни Москвада чиқадиган “Комсомолская правда” газетасида бу ҳақда хабар чиқди.

Биз ошкоралик қўмитасининг мажлисини чақириб,  суиқасд орқасида ким турганини аниқлаш масаласида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат эттик, масалани сессияга олиб чиқиш борасида қарор қабул қилиб, президиумга топширдик.

Эртасига Олий Кенгаш ҳайъатининг ёпиқ йиғилиши бўлди. Унда Каримовнинг ўзи қатнашди ва президиум аъзоларидан бошқа одам киритилмади.

Мажлисда Эркин Воҳидов воқеа ёлғонлигини айтгани, матбуотда чиққан хабар уйдирмалиги ва “миш-миш”ларни тарқатганларга қарши баёнот қабул қилингани, шофернинг иши билан МХХ шуғулланиши ҳақида қарор олинганидан воқиф бўлдик.

Шоферни дарҳол ишдан олиб, қамаб қўйишди. Унинг оиласи ва бола чақаси чинқираб келди, Эркин ака бир нарса қила олмаслигини айтди. Поликлиникада Эркин аканинг умр йўлдошини кўриб қолдим. У бизнинг ҳаракатларимиз учун Эркин акани қийнашаётганини айтиб, бизни тартибга чақирди.

Ўқ отилгани аниқ. машинани дарҳол текширтирганимизда мутахассислар ўқ теккан жойни аниқлашди. Эркин аканинг ўзи ҳам кўпчиликка бу гапни айтди. Кейин нега сўзидан қайтди? Қўрқдими?

Хабарни ёзган журналист қувғинга олингани, шофернинг қамалгани нима бўлди? Агар ўшанда Эркин ака маҳкам турганда ва суиқасд иши очилганда шу воқеадан кейинги йилларда юз берган кўп нарсаларнинг балки олди олинган бўлармиди? Эркин акани қўрқитиб, бошқаларни эса йўқотиб юборишди. Агар у маҳкам турганда уни йўқотишга журъат этишолмасди, унинг обрў эътиборидан қўрқишарди ва бу қолганларни ҳам  қутқарган, Ўзбекистон бугун балки демократик давлат бўлармиди?

Аммо Эркин ака қадамба қадам орқага одимларди. Бир куни:

-Эркин ака, бунинг отини чекиниш дейдилар,  путуримиз кетиб қолади,-дедим.

-Путуримиз кетиб қолмаслигининг олдини олиш учун уриниб келаяпман-да,-деди у киши парво қилмаган ҳолда.

Эркин ака характери жиҳатидан жуда юмшоқ, бировнинг кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиладиган, ҳазилни севадиган, доим кулиб юрадиган одам. Ҳар қандай жиддий масалани ҳам бемалол ҳазилга буриб юбора олади.  Ҳузурига келган ҳар қандай одамни бемалол эшитар, гарчи доимий сигарет чекмаса ҳам улар билан биргалашиб тутатар ва одамларни ўзига маҳлиё эта биларди.

Масалан, мустақиллик тарафдори бўлган бир киши билан бу масалада очиқ гапалаша олса, орадан кўп ўтмай мустақилликни истамаган одам келса, у билан  мустақиллик ҳеч нарса бермаслиги тўғрисида ҳам бемалол гаплашаверарди.

Эркин ака ватан ҳақида йиғлаб шеърлар ёзиши ва ҳаммани ҳайратга солиши мумкин ва амалда ватанни кичик бир манфаатга сотиб юбориши оддий ҳол эди. Ошкоралик қўмитасини қонунга хилоф равишда ёпишганида, “Халқ сўзи” газетасини “синдириш”ганида, демократ депутатларни қамашганда, уларнинг депутатлик ваколатларини тўхтатганларида, ҳатто яқин сафдошларини ўлдирганларида, оилаларини қувғинга олишганида ҳам Эркин ака жимлигини бузмади. Аммо лирик, фалсафий шеърлар ёзишни ҳам тўхтатган эмас. Балки шунинг учун ҳам у қаҳрамондир!  Яъни биз билмаганни билади ва биз қила олмаганни уддалайди.

Хуллас, ошкоралик ана шундай ўлдирилди ва бу ишда энг асосий роллардан бирини Эркин Воҳидов ўйнаб берди. У кейинчалик сессияларда Каримовнинг сиёсатини оқлайдиган мурожаатлар билан чиққанда, 1999 йил воқеларидан сўнг “Сизга отилган ўқ менга тегсин” деб Каримовга бағишлаб шеърлар ёзганда, йилига бир марта орден олганда маълум бўлди. Аммо биз маълум нарсаларга эмас, мавҳум нарсаларга кўпроқ ишонамиз. Ҳали ҳам Эркин Воҳидовни улуғлаймиз, шеърларини ёдлаймиз, қўшиқ қилиб айтамиз… Шунақа  бағри кенг халқмиз…

13.ПАРКЕНТ

Паркент воқеалари Ислом Каримов тарихидаги инкор этиб бўлмас, энг қонли саҳифадир.

Паркентнинг гўзаллиги, жаннатмонанд гўшалиги, одамларининг меҳмондўст, ёрдамсевар эканлигини Ўзбекистон радиосида ишлаган йилларимдан билардим. Радионинг болалар учун дастурлар ҳозирланадиган таҳририятида паркентлик истеъдодли журналист ва яхши шоир Маҳмуд Тоир ишларди. У билан яқин дўстлигимиз бор эди. Қонли воқеалар юз берганда эса у “Паркент тонги” газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишларди.

Бундан олдин ҳам Паркентга, Кумушконга “Тошкент ҳақиқати” вилоят газетасида ишлаганимда бир неча марта борган эдим. Шу сабаб дунёнинг тоғлар билан ўралган кичкина  сўлим бу гўшасида 1990 йилда юз берган воқеалар мени ҳам қизитиқрмасдан қолмасди.

Ўзбекистон расмий матбуоти Бўка, Бекобод туманларидаги воқеалар ҳақида олган видеoфилмида Ислом Каримовнинг отга миниб у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юрганини қайта-қайта кўрсатиб, “қора кучлар” Месхет турклари(уларни Аҳиска турклари ҳам дейишади)ни қувғин қилишгани, бу Фарғона воқеаларининг давоми эканлигини, Ислом Каримов бу жойлар дўзахга айланиб кетишининг олдини олганини таъкидлашдан нарига ўтмас эди.

Халқ орасида юрган гапларда эса СССР йиқилар экан, марказ бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўлди, биринчиси, ана шундай қўзғолонлар чиқариб миллий халқ ҳаракатларини бадном қилиш ва тугатиш бўлса, иккинчиси, йиқилаётган СССРни  сақлаб қолиш учун  жойларда ўз таъсирини кучайтиришдан иборат бўлган, деган гап эди.

Шу боис ҳам 1990 йилнинг бошида  Олий Кенгашнинг биринчи сессияси бошланишидан олдин ўтказилган вакиллар мажлисида бу масалага ойдинлик киритишни талаб қилгандик ва паркентлик бир депутатнинг махсус комиссия тузиш ҳақидаги таклифини қўллаб чиққандик.

Мажлис тугагач, паркентлик депутат билан гаплашиб қолдик:

-Ишончли бир манбадан олинган маълумотга кўра, Паркентда оддий одамларни “Отгин!” деган буйруққа Бош вазир Мираҳмат Мирқосимов имзо чеккан экан,-деди у.

Ишончли манба Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетеининг идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов экан. У ҳатто паркентлик депутатга Мирқосимов имзо чеккан буйруқнинг нусхасини ҳам кўрсатибди.

Нега Ҳамидов бу ҳужжатни унга кўрсатди? Бу савол ўшанда хаёлимизга ҳам келмаган. Ҳукуматнинг тепасидаги одамлар турли ўйинлар билан мамлакатни бошқаришлари, бировни ишдан кетказишлари ва бошқасини тайинлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз.

Сессияда Бош вазир ваколатига эга Вице-президентни тасдиқлаш масаласи ўртага чиққанда  Мирқосимовга савол бердим:

-Паркентда оддий одамларни ўққа тутиш учун ким буйруқ берганди? Қўлингизни кўксингизга қўйиб, виждонингиз олдида ўзингини  оқлаш учун бўлса ҳам ҳақиқатни айтмайсиз-ми? Ахир  ўша машъум буйруқ туфайли ўн гулидан бир гули очилмган 63 йигит ўқдан йиқилди. Ё ҳақиқатни айтинг ёки истеъфо беринг ва биз бу ерда комиссия тузиб масалани ўрганайлик,-дедим.

Мирқосимов жавоб беролмай қолди. Каримов вазиятни қўлга олиб, вице-президент сайловини  демократик, муқобил асосда ўтказиш кераклигини айтди ва Шукрулло Мирсаидов номзоди ҳам илгари сурилди.

Каримов Мирсаидовни “Жасоратли, мард” деб роса мақтади.

Каримовнинг кейинги сессиядаги ибораси билан айтганда “Мирқосимов ҳам мард экан, тўнини елкасига ташлаб, индамай кетди”. Шунинг учун ҳам уни энди Халқ назорати қўмитаси раислигига қўйишди.

Лекин Мирқосимов индамай кетмаган эди. Ўша куни сессия танаффусида рўбарў келиб қолганимизда׃

– Наҳотки бундай нарсаларга мен буйруқ бера олмаслигимни тушунмасангиз?-деди.

-Лекин Ҳамидовнинг қўлида турган қарорда сизнинг имзоингиз бор,-дедим.

У ниманидир тушунган каби индамай қолди ва:

-Ҳа, ўша оқшом Паркент чегарасида эдим, Ҳамидов ҳам ёнимда эди. Мен  ўқ отилмаслиги учун қўлимдан келганини қилдим. Лекин ярим тунда буйруқ бошқа жойдан келди. Мана талабларингиз билан комиссия тузилди, сизни ҳам комисия таркибига қўшишди, ҳақиқатни энди ўзингиз ойдинлатасиз,-деди.

-Лекин сиз айтмасангиз ҳақиқат барибир қора қозоннинг ичида қолаверади.

-Кимга айтаман, шу комиссиягами, ярми Фарғона воқеаларида қатнашган одамларку?!- дея Мираҳмат ака киноя билан кулимсираб кетиб қолди.

Ёдимга  сессияда президентни сайлаш пайтида у ҳақда гапирган Жаҳонгир Ҳамидовнинг сўзлари тушди:

-Ислом акам турли воқеалар юз берганда мижжа қоқмайдиган одам. У кишининг Тошкент вилоятида одамларнинг уйлари ёндирилган бир пайтда отга миниб аҳолини тинчитганларини телевизордан кўрдингиз. Бунақа паҳлавонлик ҳаммага ҳам насиб этмайди. Биз Месхет туркларини Бўка, Бекобод ва умуман шу минтақадан “Кумушкон” санаториясига кўчирганимизда, ярим тунда Ислом акам менга телефон қилдилар. Қаердан телефон қилаяпсиз, десам, ишхонада эканлар. Ҳамма ухлаб ётган пайтда ҳам бу киши ана шундай уйғоқ ва ишлаб ўтирадилар,-деганди.

Бу Мирқосимовнинг гапларига мос тушди.

Паркент воқеаларини ўрганиш комиссиясида ёзувчи Примқул Қодиров, генерал Ботир Парпиев, адлиячи Мирзо Улуғбек Абдусаломов ва бошқалар ҳам бор эди. Биринчи куни комиссия раисини сайлашда Примқул Қодиров “Ислом аканинг позициясини” ўртага қўйди ва йўналишни миллий ҳаракатларни ўрганишга қаратишни таклиф қилди. Биз бунга қарши бўлдик ва ишни ҳукуматдаги манбаларни ўрганишдан бошлаш, жумладан Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик манбаларини текшириш кераклигини айтдик. Примқул Қодировни раис этиб сайлашар экан, қарши бўлган тўрт киши орасидан мени ҳам раисдош этиб кўрсатишди. Кейин воқеалар шундай давом этди-ки, асосий текширувни бошқариш ўзимга қолди.

СССР Ички ишлар вазирлиги қошида генерал Шаталин бошчилигида тўполонларни бостириш армияси тузилган эди. Миллий хавфсизлик хизмати ҳукумат телефонларидаги сўзлашувларни ҳам ёзиб олар экан. Телефон сўзлашувларини матнга туширтирдик.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги манбаларини ҳам текширганимизда Шаталин раҳбарлигидаги армиянинг махсус етиштирилган кучларини Ўзбекистонга  Ислом Каримов бевосита таклиф қилгани ҳақидаги маълумотларни топдик. Унинг СССР Ички ишлар вазирибилан, қплаверса бевосита Шаталиннинг ўзи билан ва кейин тунда Паркент чегарсида бўлган Ҳамидов ва Мирқосимов билан “верхушка” (ҳукумат раҳбарлари қўлланадиган махсус телефон-ЖМ) орқали гаплашган гаплари ҳамма нарсани ойдинлаштириб турганди.

Каримов Месхет туркларини фақат битта кириш йўли бўлган “Кумушкон” санаториясига олиб  боришни буюрган ва Мирқосимовни ҳарбийларга қарши чиққанларни отиш буйруғини берадиган қарорни имзолашга мажбур қилган эди.

Фарғонада 1989 йилнинг май ойида бошланиб ёз бўйи тинмаган воқеaларнинг давоми ўлароқ Тошкент вилоятининг жанубида яшаган Месхет туркларининг  уйлари ёндириб юборилгани ва улар автобусларда Паркентнинг “Кумушкон” дам олиш зонасига олиб борилиши ҳақида планларни топдик.

Бу воқеаларда ҳали подполковник бўлган Зокир Алматов Ислом Каримовнинг ишончини қозонгани маълум бўлди. Ҳар қанча қаршиликларга қарамай Ислом Каримов унга полковник унвонини бериб, вазирликка олиб келди, кейин унга генерал унвонини берди.

Паркент маркази  тоғнинг икки адири орасида жойлашган ва пастдан бир йўл ҳамда сой ўтган. Сойнинг икки томонида тепага қараб уй-жойлар, маъмурий бинолар қуриб борилган. Месхет турклари ана шу  сой бўйидаги йўл орқали “Кумушкон” дам олиш зонасига олиб борилган. Оддий аҳоли “Кумушкон”га Месхет турклари келтирилганини эшитиб, уларга ёрдам тўплай бошлайди, озиқ-овқат юбориб туради.

Планга кўра ишлаганлар Паркентда нотинчлик чиқариш ҳаракатларини бошлашган.

Ўшанда Паркент воқеалари ҳақида алоҳида бир китоб ёзгандим. Қачондир топилиб қолади. Ҳозир масаланинг Ислом Каримовга бориб тақаладиган нуқтаси билан боғлиқ  воқеани эсламоқчиман.

Комиссия қўлга киритган ҳужжатларга кўра Жаҳонгир Ҳамидовнинг топшириғи билан Паркент туманининг барча хўжаликларига  кечқурун телефoнограмма юборилади. Марказкомнинг идеология котиби ўзи мустақил топшириқ бера олмаслиги аниқ, бунинг устига у Ислом Каримовнинг яқин дўсти сифатида бу ишга олиб келингани боис бошқа одамларнинг унга таъсири бўлиши мумкин эмас. Демак у топшириқни бевосита Ислом Каримовнинг ўзидан олган. Телефонограммада ҳар бир хўжалик раҳбари ва партком котиби  эрталаб туман марказига тартибни сақлаш учун 15-20 нафардан ёш йигитни юбориши зарурлиги айтилади.

Эрталаб соат саккизга яқин айтилган одамлар райком биноси ёнига тўплана бошлайдилар. Аммо уларга пастда, сой бўйида тўпланиш айтилади. Тунда эса бу жойга Шаталин армиясининг танклари, зирҳли машиналари ҳам келтирилади. Ёш йигитлар қизиқиб ҳарбий техникани томоша қиладилар. Ажабланадилар.

Тушга яқин улар асабийлаша бошлайдилар, нима учун келганлари, нега овқат беришмаётгани каби саволлар пайдо бўлади. Шу пайт ҳарбийлар ҳаракатга келиб, улардан йўлни бўшатиб қўйиш сўралади. Улар сойликка томон суриладилар. Кимдир гўё ҳарбийларга тош отади (гувоҳларга кўра ҳеч ким танимайдиган, тўн кийиб, соқол қўйиб олган одам) ва ўқлар овози янграй бошлайди. Йигитлар сувга томон суриб борилади. Орқада шариллаб оқаётган сой ва олдинда тиш тирноғи билан қуроллаган армия ва миршаблар. Тепаликда райком биноси ва воқеалар телевизордагидек кўриниб турибди.

Шу пайт яна райком биноси ва Паркентга кириш нуқтасидаги ҳукумат пункти тошириғи билан “Кумушкон”даги Месхет турклари автобусларда Паркент марказига олиб келинади. Агар уларни олиб чиқиб кетишмоқчи бўлишса, сойнинг нарёғидаги йўл тўппа тўғри ташқарига кетади. Аммо автобус колоннасини негадир кўприк орқали, айланиб, йўлни узоқ қилиб, нотинчлик юз берган жойга олиб келишади. Бироз тўхтаб ҳам туришади. Автобусларга сой бўйидаги тошлардан отилади. Ойналари синади. Колонна шундан кейин шаҳардан олиб чиқиб кетилади. Паркент аҳолиси йўлларга чиқиб туркларни йиғлаб кузатади.

Бу томонда эса ўқлар кимларнидир йиқитгани учун ёшлар милиция биносига ҳужум қиладилар, йўлдаги машинларни тўнтариб ташлайдилар. Кўкда вертолетлар пайдо бўлади ва пастдагиларни ўққа тута бошлайди. Кўчама-кўча қочган ёшларни қувиб борган вертолетлар, ҳарбийлар, миршаблар уларни тирқиратиб ота бошлайдилар. Шаҳарнинг бир четида мотам маросими ўтаётган жойда одамлар тўпланиб турибди, деб уларни ҳам ўққа тутишган.

Айни пайтда шаҳарнинг бир неча жойида  “Бирлик” ҳаракати ва бошқа гуруҳлар номидан ёзилган ва Месхет туркларини ўлдиришга, қатлиом этишга чақирилган варақалар топилади. Ҳаракатларнинг маҳаллий ва ҳамда вилоят, республика кенгашлари бу туҳмат эканлигини айтиб чиқишади.

Биз комиссия ишини давом эттирар эканмиз, Примқул Қодиров бир ҳисоботни кўрсатиб, шунга қўл қўйишимизни, масалани битиришимиз керак эканлигини айтди. Ўқиб кўрсак, комиссия “ҳукумат талашиб юрган тўдалар”нинг айби билан қон тўкилгани ва бундай ҳаракатларни таъқиқлаш зарурлиги хулосасига келгани айтилган. Жанжаллашиб қолдик. Мен бошқа ҳисобот ёздим. Аммо кўпчилк Примқул Қодиров тақдим этган ҳисоботга имзо чеккани учун, ўша ҳисоботни олиб, остига қўлим билан унинг ёлғонлигини ва гап нимада эканлигини илова этиб қўшимча ёздим. Қарангки ўша кезда барибир довюраклар топиларди, бу раддиямни қўллаб тўрт киши имзо чекди.

Биз масалани раёсатга олиб чиқдик. Сессияда муҳокама қиламиз, десак, Ислом Каримов мажлисга келиб қолди ва масалани кенгроқ текшириш кераклигини айтиб, кун тартибидан чиқаришни сўради. Қўмита раислари рози бўлдилар.

Биз тўпланган ҳужжатларни уч нусхада кўпайтирган эдик. Уларнинг тўртинчи нусхасини ҳам қилиб, бир ёш журналистга бердим ва:

-Буни олиб бориб, темир қутига солиб, кўмиб қўйинг, келажакда сизни танитадиган манба бу, қолаверса тарих ва халқ олдида улкан хизмат қилган бўласиз,-дедим.

Бизнинг қўлимизга ўта муҳим ҳужжаталар ўтиб қолгани боис Каримов жуда безовталаниб қолди. Паркент комиссияси ҳужжатларининг ҳар уччала нусхаси ҳам менда эди ва бир куни ишга келсам, хонамда мазкур ҳужжатлар турган каттакон сейф “йўқолиб” қолганди. Ҳукумат биноси, миршаблар томонидан қўриқланади. Қолаверса, қаватимизда Олий Кенгаш раисининг хонаси. Шундай ҳолда келиб-келиб Ошкоралик қўмитасида каминага ажратилган сейф йўқолиб қолса-а?  Лекин ўйлантирган жойи шуки, сейфни очишлари мумкин бўлгани ҳолда нега бутунлай кўтариб кетишди? Хайрият-ки, ҳужжатларнинг бир нусхасини олдинроқ бировга бериб юборган эканман. Акс тақдирда Паркент воқеаси ҳам Фарғона фожеаси каби тарихнинг оппоққ саҳифасига айланиб қолар ва уни истаганлари каби талқин этишарди.

Келгусида Паркент комиссияси ҳужжатларини балки ўша журналист нашр этар ва Каримов тарихининг бу қонли саҳифасидан халқ тўла хабардор бўлар?!

14. ЖИГАРИСТОН ёки ДАДАХОННИНГ ҲИКОЯСИ

Хастахонада эдим. Ўша кезлари Каримов билан курашимиз авжига чиққанди. Ҳукумат касалхонасидаги дўхтирлар “Томоғингизни амалиёт қилишимиз керак, ангинангиз юракка таъсир қилмоқда”, деб қўйишмади. Бир ҳафтада ўтиб кетар, деб ўйладим. Аммо 57 кун касалхонада ётдим. Ўшанда негадир амалиёт учун бошқа касалхонага олиб боришди. Амалиёт пайтида томоғимдан қон очилди. Қонни тўхтатамиз, деб пахта босиб қўйишди ва чиқиб кетишди. Умр йўлдошим ва қайнонам қидириб, топиб келишганда, менинг нафасим қайтиб, юзларим қорая бошлаган экан. Амалиёт қилган дўхтир эса кетиб қолган.

Навбатчи келиб томоғимга тиқилиб қолган пахтани олган. Менга амалиётдан олдин қон босимини кўтарадиган дори беришган экан. Ҳамшира “Бу қон босимингизни оширади-ку?”, дея амалиётдан кейин мазкур дорини бермай қўйди. Умр йўлдошим шундан сўнг доим ёнимда турди. Энди тузалиб қолган кунларим эди, ҳамкасбим, таниқли журналист дўстим Дадахон Ёқубов кириб келди. Ранг-рўйида қон йўқ. Гарчи амалиётдан чиққан бўлсам ҳам у ҳол-аҳвол сўрамасдан,

-Мени тепди, – деди.

Дарров англадим. Президент тепган. Чунки дўстим Ислом Каримовга ёрдамчи эди. Аммо амалиётдан чиққаним учун унга дарҳол жавоб бера олмадим.

-Айтинг, нима қилай? Истеъфо ёзай-ми, кетай-ми? – деди у.

-Нима бўлди ўзи? – деб аранг сўрадим.

У билан жуда яқин дўст эдик,бирга ишлаганмиз.Жуда яхши журналист. Кўнгли очиқ йигит.

-Жигаристонга бориб, қишлоқни тупроқ босиб қолишини ўргандим. Мутахассислар бир неча марта юқорига хат ёзиб, хавфдан огоҳ этишган экан. Агар олди олинса, шунча одам ўлиб кетмасди. Президентга кириб, “Жиноятчи шу ерда экан, сиздан хатни яширишган” деганимни биламан. “Жаҳонгирни душман дер эдим, сен етти марта зиёд душман экансан!” деб сўкиб тепа кетди…

Тошкент вилоятининг Жигаристон қишлоғида фожиа юз берганди.Олимлар бир неча йиллардан бери бу ерда тепаликлар кўчиб, қишлоқни босиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган, лекин ҳукумат эътибор бермаган. Ҳатто президентга ҳам бир неча марта мактуб ёзишган экан. Аммо ҳукумат раҳбарлари бу жойга фожиа юз бериб, кўплаб одамлар тупроқ остида қолиб кетгандан кейин боришди. Гўё уларнинг қисматига ачинган бўлишди. Дадахон Ёқубов фожиадан анча олдин мактублар президент девонига келганидан хабар топган. Лекин бу мактублар президентга кўрсатилганидан эса бехабар бўлган.

Дадахон билан бирга “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” деб номланган ва халқ орасида машҳур бўлиб кетган бир неча дастурни биргаликда тайёрлаганмиз. Биргаликда 1990 йилнинг Наврўзида 26 соатлик марафон кўрсатувини уюштирганмиз. У Намангандан депутат бўлиб сайланганда ишончли вакил бўлиб бориб, уни тарғиб қилганман. Шу боис яқин дўстимга президентнинг бундай муносабатидан жуда ранжиганман.

Орадан бир-икки йил ўтиб эшитиб қолдим. Президент Дадахонга бир шикоят хатини бериб Иштихон тумани ҳокими Тўрақул Йўлдошевни текшириб келишни буюрибди. Тўрақул ака Совет давридаёқ телевидениеда пахта масаласини шарҳлаб, танилиб қолган сиёсатчи эди. Одамлар билан қандай муомала қилишини, кимнинг кўнглини қандай топишни биларди. Олий мажлиснинг сессиялар ўтадиган залида ҳамманинг ўз ўрни бор ва менинг ўрним Тўрақул ака билан ёнма-ён тушиб қолгани учун мажлис очилишидан олдин доим ҳангома қилиб ўтирар эдик.

Бизнинг еттинчи сессиядаги тўполонимиздан кейин кимдир Тўрақул Йўлдошев ҳам фитнанинг ичида бор, у ҳам Мирсаидовнинг одами, деган экан, ҳар ҳолда шундай кейин бир шикоят хати уюштирилиб, Дадахонни текширишга юборишган. Дадахон Тўрақул акани ёқлаб ҳисобот ёзиб қайтибди.

Шундан кейин Каримов Тўрақул Йўлдошевнинг ўзини чақирган ва у баъзан Мирсаидов билан ҳам учрашганини тан олган. Бир туман раҳбарининг Бош вазир билан учрашиши табиий нарса. Бунинг устига Тўрақул ака Каримов билан ҳам, Мирсаидов билан ҳам илгари бирга ишлаган. Шундан кейин девондаги “қулоқ”лардан бири Дадахон ундан пора олган, деб айтган экан. Тўрақул ака бу туҳматдан хабардор экан.

Шундан кейин Каримов иккинчи марта Дадахонга қўл кўтарган дейишади. Буни ўша кезда Туроб Тўла кўчасидаги Ёзувчилар союзи биносида ишлаганлар айтиб юришади. Аммо бу қанчалик ҳақиқат билмайман. Балки бир кун Дадхонни учратсам бу ҳақда сўраш имконим бўлади.

Лекин ўшанда Дадахоннинг Жигаристонга бориб келиб, ўтказган тафтиши туфайли Каримовнинг яна бир жинояти ҳақида хабардор бўлгандим.

Дадахон Ёқубов билан ижодий ҳамкорлигимизнинг чўққиси 1990 йилда ўтказилган Наврўз телемарафони бўлганди.

Шуни айтиш керакки, ўша кезларда Дадахон ёнига жуда истеъдодли кишиларни тўплаган эди. Масалан, режиссёрлар Мели Маҳкамов ва Тамара Маҳкамова ўзбек телесанъатининг фавқулодда таланти инсонлари эдилар. Мели ака жуда хушмуомала, топқир, билимли бўлиш билан бирга содда ва кишининг кўнглига жуда тез йўла топадиган одам эди.

“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” дастурларининг ҳам ўқ илдизи шу одам эди, десам, Дадахон асло хафа бўлмаса керак. Мели Маҳкамов Ўзбекистон телевидениесида халқнинг меҳрини қозонган кўплаб асарларга режиссерлик қилган эдилар.

Дадахон ва Мели ака билан гаплашиб телемарафонни 24 соатга мўлжаллаган эдик.

Телемарафон учун асосий хамиртурушни Самарқанддан топгандик. Таъқиқларга қарамай Ургутда халқ байрамни март ойининг ўрталарида бошлаб юборарди. Бизнинг боришимиз билан бу минг-минглаб одам чиққан катта сайлга айланиб кетди. Видео ёзувларни ана шу сайллар давомида тасмага ёзиб олдик.

Ўша кунлари иқтидорли врач Таҳсин Ҳамидов Самарқанддаги Республика болалар маркази-шифохонасида Ойбек деган боланинг аянчли ҳолидан бизни хабардор этиб, агар ёрдам қилинмаса у ҳаётини йўқотиши мумкинлигини айтди.

Бориб кўрдик ва даҳшатга тушдик. Ойбекнинг аҳволини сўз билан тасвирлаш мумкин эмас. Ўшанда видеоёзувларимизни кўрганлар орасида йиғламаган инсон оз бўлса керак.

Кейин ўзига ўт қўйган келинчкаларни бориб кўрдик. Ногиронлик аравачаси ололмаган момолар… Уйлари йиқилиб ётган отахонлар… Шу зайл воқеалар бир -бирига уланиб, катта дастурнинг хамиртуруши ҳозир бўлди. Албатта, бунинг техник жиҳатларини бир нуқтага келтириш учун Дадахон ва Мели акалар бир неча тунларни тонгга уладилар.

Бугунги каби ўша кезда ҳам Наврўзнинг дўстлари қатори душманлари ҳам бор эди. Айниқса, Ўзбекистонда Наврўз расман қатағон қилиниб, ўрнига “Навбаҳор” деган уйдирма байрам қўйилганига ҳали кўп бўлмаган эди.

Наврўз телемарафони икки инқилобни бирдан бажарди.

Биринчиси, Наврўзни ҳамма жойда очиқ халқ сайлига айлантирди. Ўшанда биз билан бирга халқимиз ҳам ухламади. Бутун мамлакат сайлга чиқди.

Иккинчиси, дастурлар аввалдан қоғозларда ёзилиб, цензурадан ўтгандан кейингина экранга чиқарилиши қатъий тартибга айланган Ўзбекистонда биз 36 соат давомида мутлоқ эркин гапирдик, дилимизда нима бўлса тилимизда ҳам шу эди. Цензурасиз ҳам яшаш мумкинлигининг исботи эди бу! Яъни “Халқимиз демократияга тайёр эмас” деганларнинг юзига бир тарсаки тортилганди.

Телемарафон кўпчиликнинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Дадахон, Мели акага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, менга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонини олиб келди бу дастур. Телемарафонда қатнашган бошқа кўплаб ижодкорлар ҳам турли унвонларни олгандилар.

Наврўз Дадахон Ёқубов ҳаётининг катта қисмига айланди. У мазкур марафонда тушган маблағларни ишга солиш учун “Наврўз” фондини очди ва ўзи бошқарди. Жуда кўп одамларга ёрдам қилди.

-Наврўз телемарафони мустақилликнинг шамолини олиб келди,- деган эди ўзбек адибларининг яқин дўсти, самарқандлик сиёсат ва давлат арбоби Тошбўри Қиличев ўшанда.-Биз ҳам ўз сўзимизни ўзимиз гапира олишимиз мумкинлигини кўрсатди бу!

Лекин Ислом Каримов Наврўз байрамини ҳам ўзиники қилиб олди ва байрам катта сиёсий саҳнага айланди.

15. 7-СЕССИЯ: ДЕМОКРАТИЯНИНГ СЎНГИ КУНИ

1991 йил 30 Сентябр… Мустақил Ўзбекистон тарихининг фавқуллодда муҳим куни. Шу куни Ўзбекистон демократия ва зулмни танлаш чорраҳасида эди. Демократияни танлаши учун бир одим қолганди. Аммо яккаҳокимликни, қонунсизликни, мамлакат Конституциясини тан олмасликни, бир сўз билан айтганда зулм йўлини танлади. Нега?

1991 йилнинг 30 Сентябрида иш бошлаган Ўзбекистон Олий Кенгашининг ўн биринчи чақириқ 7-сессияси ҳақида гап очилганда ана шу “Нега?” деган савол ўртага тушади. Ўзбекистон ҳукумати бу сессиянинг барча ёзувларини йўқотиб юборган ва тарих саҳифаларида ҳам бу борада бирор из қолдирмаган. Лекин тарих ҳукуматларга боғланиб қолган эмас.

7-сессиянинг муҳим бир қисми туширилган видеотасмани бизга тақдим этган киши “Ўшанда телевизорни кўриб ўтириб, воқеалар қизий бошлагандан кейин ёзиб олдим, аммо маълум бир жойга келганда узиб қўйишди” деди. Видеотасмада 7-сессиянинг кун тартибини муҳокама қилиш жараёнида қизғин чиқишларнинг бир соатдан кўп, яъни мутлақо муҳим бўлган қисми акс этган. “Америка Овози” радиосида ишлаганимда бу видеотасмани магнит лентасига кўчириб  2003 йилнинг Август ойида махсус радио дастури орқали  эшиттиргандим. Кейин доимийга интернетга ҳам жойлаб қўйдим. Бу ҳужжат 7-сессияга орқаваротдан берилган уч хил баҳонинг нақадар ёлғон, чиркин манфаатлар йўлидаги уйдирма эканлигини ўртага қўйди. Аввало ҳақиқатга назар ташлайлик-да кейин берилган баҳоларга.

Хуллас, бу мириқиб томоша қилинадиган ва ўзига хос тарихий филмни эслатадиган видео ёзув Ўзбекистон Олий кенгаши Қонунчилик қўмитасида ишлаган, Олий Кенгашдаги демократик депутатларнинг “Ташаббус” гуруҳи фаоли, самарқандлик депутат Тошпўлат Жўраевнинг (Эътибор беринг самарқандлик, тошкентлик эмас-Ж.М.) сўзлари билан бошланади.

ЖЎРАЕВ: Ҳақиқатдан ҳам халқимиз қўйдай қилиб тарбиялаб қўйилди. Бу одамга алам қилиб кетар экан, шу қўйдай халқнинг фарзанди бўлганинг. Мен “Ташаббус” гуруҳи номидан Ўзбекистон Конституциясининг 48-моддасига биноан қуйидаги таклифни киритаман. 48-моддада шундай дейилади: “Халқнинг манфаатларига мувофиқ ва социалистик тузумни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ССР гражданларига сўз, матбуот, йиғилишлар, митинглар, кўчаларда намойишлар қилиб юриш эркинлиги кафолатланади.Ўз сиёсий эркинликларини амалга ошириш, меҳнаткашларга ва уларнинг ташкилотларига жамоат бинолари, кўчалар ва майдонларни бериб қўйиш, ахборотни кенг тарқатиш, матбуот ва телевидениедан кенг фойдаланиш имконияталарини бериб қўйиш билан таъминланади”.

Биз бўлсак Конституцияга тескари иш қилиб ўтирибмиз. Бутун ҳуқуқларни Раёсатга бердик. Раёсат мана шу митингларни таъқиқлаш масаласини қўйди ва биз уни тасдиқлаб юбордик. Энди матбуот анжуманларида савол беришганда биз айбдор бўлиб ўтирибмиз. Мен мана шу масала кун тартибига қўйилишини, яъни “Ўзбекистонда митингларни таъқиқилаш” қарорини бекор қилиш масаласи кун тартибига киритилишини талаб қиламан.

Иккинчиси, республикамизда қонунлар бажарилмаяпти. Мана мен қонунчилик комитетида ишлаяман. Лекин бу комитет номидан гапирмаяпман. Айримлар чиқиб мени танқид қиладиган бўлса, шуни ҳисобга олсин, инсон ҳуқуқлари ҳар қадамда поймол қилиняпти бизда. Кичкина бир ҳақиқатни топиш учун кишилар минг деворга бош урмоқдалар. Ҳақиқатни топишни истаб келган одамлар олдида улар ишониб келган одамлар ҳам қийин вазиятга тушмоқдалар. Дардини айта олмагани учун ҳам одамлар ўзлари ҳукм чиқармоқдалар. Русчасига “самосуд” дейди. Ўзбекчаси нима эканлигини билмайман. Мана шундан кейин ўзларига ўт қўймоқдалар, ўзларини осмоқдалар, ёки бировни отаяптилар, дўппослаяптилар, мана шу қусурлар кўплигидан ҳам энди хулоса қилаверсак бўлади.

Ишим юзасидан республиканинг кўзга кўринган ҳуқуқшунослари билан гаплашиб тураман.Уларнинг ва ўз хулосам асосида шуни айтаманки, ҳатто депутат Шовруқ Рўзимуродовга ҳам ноҳақлик бўлди.У жиноят қилган эмас, унинг айби раҳбарларни ҳақорат қилишда. Бу айбнинг жазоси жарима беришга тўғри келади. Мен бир ўзимнинг номимдан эмас, балки депутатларнинг “Ташаббус” гуруҳи номидан таклиф қиламанки, Рўзимуродовни шу ерга олиб келишсин ва айби бўйнига шу ерда муҳокамада қўйилсин, деган масалани киритишни таклиф қиламан. Мен айтган масалаларни кун тартибига киритишни овозга қўйишингизни сўрайман.(Залда “Тўғри” деган ҳайқириқлар ва қарсаклар)…

ИЗOҲ: (Бу ердаги изоҳлар каминага оид-Ж.М.) Мажлисга илгари КПСС Марказий комитетида ишлаган ва 1989 йилдаги Фарғона воқеаларида вилоят партия қўмитасининг иккинчи котиби бўлган, шу воқеaларда қўли қонга ботиб, тили қисиқ бўлиб қолгандан кейин Каримовнинг ташаббуси билан Тошкентга ишга келтирилган, мақтай-мақтай Олий Кенгашга раис этиб қўйилган Шавкат Йўлдошев раҳбарлик қилмоқда эди.

ЙЎЛДОШЕВ: Ўртоқлар яна кимда қандай таклифлар бор…

ЗАЛДАН: Олдин айтилган масалани овозга қўйинг!

ИЗOҲ: Демократик қоидаларга кўра депутатлар киритган ҳар бир таклиф овозга қўйиш йўли билан ё қабул қилиниши ёки рад этилиши керак. Қабул қилинган тақдирда ана ундан кейин муҳокамага қўйилади. Ўша пайтда бу тажриба Михаил Горбачев бошчилигида, жумладан Шавкат Йўлдошев ҳам аъзоси бўлган СССР Олий кенгашида одатга кирганди. Аммо Москвадаги демократик сессияларда қатнашгани билан Шавкат Йўлдошев ўз қонига сингган тобелик, қўрқув ва қулликнинг асоратидан чиқа олмагани учун ўнг тарафида ўтирган Ислом Каримовнинг имоси билан нима бўлса ҳам таклифларни бекор қилишга уринарди. Залдан “таклиф овозга қўйилсин” дея ҳар қанча ҳайқириқлар келмасин, унинг тайинсиз жавоби тайин эди:

ЙЎЛДОШЕВ: Ҳозир, ҳозир аввал ҳаммасини бир кўриб чиқайлик, кейин овозга қўямиз.

ЗАЛДАН: Нега овозга қўймайсиз?

ЙЎЛДОШЕВ: Нимани… Учта таклиф бўлди. Митинглар, Инсон ҳуқуқлари ва Рўзимуродов тўғрисида. Энди Рўзимуродов тўғрисида прокурорнинг бир ахборотини эшитиш керак….

ЙЎЛДОШЕВ: Марҳамат..

ИЗOҲ: Йўлдошев партия номенклатурасининг депутати Тошкент шаҳар 52-сайлов округидан сайланган эмас, сийланган Нажмиддиновга сўз беради.

НАЖМИДДИНОВ:Менда шундай таклиф бор. Сессиядан олдин вакиллар кенгашининг йиғилиши бўлди ва кун тартиби маъқулланди. Олдин шу масала овозга қўйилсин, кейин бошқа гаплар.

ИЗOҲ: Шу ўринда вакиллар кенгаши, деган қурумга қисқа изоҳ бериш керак. Совет даврида партия раҳбарлари бир жойга тўпланиб мана бу кун тартиби ва шу ҳеч қандай гап сўзларсиз ўтишини таъминлайсизлар, дейиладиган мажлис бўларди. Сессиялардан олдин ўтадиган бу мажлис анъанаси бизда ҳам қолган ва у ерда Ислом Каримов вилоят раҳбарларига топшириқлар бериб, кейин сессия бошланарди. Мазкур сессиянинг кун тартиби олдиндан Каримов томонидан кўриб чиқилган, раёсатда тасдиқланиб матбуотда эълон қилинган эди. Лекин сессия бошланишидан аввал Каримов кун тартибига вице-перзидент вазифасини йўқoтиш ва президент сайлови ҳақидаги қонунни қўшиш фикрига келганди. Депутатларнинг таклифлари инобатга олинмаган ҳолда Каримовнинг ҳатто ўзи тузган Раёсатни ҳам четлаши ўша кезда, қайта қуриш ва ошкоралик учун кураш бораётган пайтда ғайриоддий эди.

ЙЎЛДОШЕВ: Жуда тўғри, шундай қилсак тўғри бўлади.Энди мен вакиллар кенгашининг ҳамма таклифини айтиб улгурганим йўқ ўртоқлар. У ерда яна бир таклиф киритилди, президент томонидан. Ислом Абдуғаниевич буни ўзингиз айтасизми ёки мен айтайми?

КАРИМОВ: Ўртоқлар, бугунги кун тартибни, албатта, олдиндан айтишимиз керак эди, чунки бу масала Раёсат мажлисида кўрилган ва кўпчилк бу масалада ўз фикрини билдирган. Менда Раёсатнинг обрўси нуқтаи назарида бир фикр туғилмоқдаки, депутатлар биринчи галда Раёсат қабул қилган масалани кўриб чиқиши керак.

Иккинчидан биз оқсоқоллар, яъни вилоятлардан келган вакиллар билан келишилган кун тартибини ҳам овозга қўйиб келишиб, тасдиқлаб олгандан кейин қўшимча масалалар бўлса, кўриш мумкин. Бу демократия ҳам шуни талаб қилади. Вакиллар кўрган масала қолиб кетиб, бошқа масалаларга ўтиш, уни овозга қўймасдан бошқа масалаларни овозга қўйиш, бу демократияга тўғри келмайди. Манинг фикрим шундайки, олдиндан ҳар томонлама кўриб чиқилган кун тартибини охиригача ўқиб бериб, шу масалаларни асос қилиб олиб, агарки шу борада қўшимчалар бўлса кейинроқ кўрилса, бу кун тартибини бир чизиққа солишга имкон беради.Бу сессиямизни ҳам у ёққа, бу ёққа бурмасдан битта чизиқда олиб борилишини таъминлайди.

ИЗOҲ: Бу очиқ қилиб айтганда умуман таклиф киритилмасин, дегани эди. Лекин ўзлари бундан истесно….

КАРИМОВ: Манинг қўшимча таклифим шу эдики, вакиллар кенгашида келишганимиздек, Президент сайлови ҳақидаги қонунни бугун қабул қилсак, яна битта масала чиқадики, вице-президентлик масаласи ҳам кўриб чиқилиши керак. Шунинг учун менинг таклифим шундайки, вице-президент лавозимини бартараф қилиб, йўқ қилиб, Пример министр лавозимини киритиш. Нима деганда бизлар бир вақт қабул қилган эдикки, вице-президент Вазирлар маҳкамаси ишини юритади деб, ҳозир вазият шундай кескин бўлиб кетаяптики, мана қиш яқин келаяпти, бозордаги, магазиндаги аҳволларни ҳаммамиз кўраяпмиз. Ўзбекистоннинг таъминотининг йил охиригача бўлган баланси тўғри келмаяпти. Янги йилга тайёргарлик кўришимиз керак. Одамлар ваҳимада. Мамлакат аҳволи жуда оғир. Шу нуқтаи назардан, айтайлик, ҳозирги қилаётган ишларимизни танқидий кўз билан қараб, мана Шукур Раҳматович (Вице-президент Мирсаидов-Ж.М.) ҳам вакиллар йиғилишида гапирдилар, жуда камчилигимиз кўп. Шу нуқтаи назардан бу масалани ихчамгина қилиб, вазирлар маҳкамасини бошлиғи қилиб Пример министрни сақласагу, сайласагу шу одам бутунлай иқтисодий ишларни қўлига олиб, мен номзод қилиб шу ўртоқ Мирсаидовни шу лавозимга кўрсатмоқчиман. Демак, иккита масала ўртага чиқади. Вице-президент вазифасини йўқ қилиш, Бош вазир вазифасини ўрнатиш. Кейин Мирсаидовни шу лавозимга сайлаш.

ЙЎЛДОШЕВ: Таклиф киритилди, вакиллар кенгашидаги кун тартибини асос қилиб олиш ва кейин қўшимча таклифларни кўриб чиқиш.

ИЗOҲ: Залдан Каримовнинг қўшимча таклифи ҳам бошқа қўшимча таклифлар билан бир кўз билан кўрилсин, деган гап айтилади. Бунга жавобан:

ЙЎЛДОШЕВ: Вакиллар кенгашида ҳам Ислом Абдиғаниевич бу гапларни айтгандилар. Шунинг учун у кишининг таклифлари билан вакиллар кенгашидаги таклифларни биргаликда қабул қилинсин, деган таклифни киритаман.

ИЗOҲ: Залдан яна нега олдинги таклифларни ҳам қўшиб овозга қўймаймиз, деган ҳайқириқлар эшитилади. Экранда мазкур сессиядан кейин бўҳтонлар билан 22 йилга қамалган, мустақиллик истаб мустақиллик зиндонининг бандига айланган халқ депутати Самандар Қўқонов кун тартиби бўйича гапиради.Унга Йўлдошев жавоб беради:

ЙЎЛДОШЕВ: Сиз гапга қулоқ солинг ўртоқ, мен асос қилиб олишни илтимос қилаяпман

ИЗOҲ: Яна норозилк садолари эшитилади.

ЙЎЛДОШЕВ: Мен вакиллар кенгаши қабул қилган кун тартибини овозга қўяман. Марҳамат овоз беринглар.

ИЗOҲ: Овоз натижалари қуйидагича: Тарафдорлар 365, қаршилар 31, бетарафлар 9 ва овоз бермаганлар 21, жаъми 425.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўшанда ҳукумат овоз берилишини назорат остига олиш учун электрон ускунани ўратган ва унинг тўғри ёки нотўғри ишлаётганини ҳеч ким билмасди. Бaъзан овоз берганлар сони билан қатнашган депутатларнинг сони умумий ҳисобда тўғри келмай қолиши бу машина уста қўл билан бошқарилаётган бўлсада ўзини-ўзи ошкор қилиб қўяётганини кўрсатарди. Бу нарса ҳозир ҳам кўзга ташланди.

ЙЎЛДОШЕВ: Қайта овозга қўяман…

ИЗOҲ: Юқорида овоз берилди, деб эълон қилинди ва энди қайтадан овозга қўйилди. Биринчисида масалага 365 депутат тарафдор бўлган бўлса бир неча сониядан кейин уларнинг сони 122 га тушгани эълон қилинди. Қаршилар олдин 31 эди ва энди 243 бўлди. Бетарафлар 9 дан 13 га чиқди ва овоз бермаганлар 21 дан 45 га. Умумий ҳисобда ҳам фарқ бор эди. Аввал 425 бўлса энди таблода 429 кўринаётганди. Бир сўз билан овозларни кўрсатиш таблоси Афандининг латифасига айланганди. Сен билганингни қил, мен билганимни қиламан дегандай. Демократик депутатлар бу табло ортидаги механизмни ўрганиш учун ҳар қанча уринмасинлар ҳеч нарсага эриша олмагандилар. Мана энди таблодаги антиқа натижалардан ғазабланган депутатлар минбарга қараб юра бошлайдилар. Депутат Бахтиёр Қодиров залда туриб ҳайқира бошлайди. Унга бошқалар ҳам қўшиладилар. Минбар ёнига бухоролик депутат, Фан, халқ таълими қўмитасининг аъзоси Ринат Мирхонов келиб сўз берасиз, деб туриб олади.

ЙЎЛДОШЕВ: Бўпти, демак митинглар масаласини овозга қўяман. Машинани ишлатинглар, бу митингвозликларни яхши билиб турибмиз нима эканлигини.

ИЗOҲ: Овоз бериш натижалари эълон қиланади.Тарафдорлар 383, Қаршилар 10, бетараф 7, овоз бермаганлар 29, Жаъми 429. Қизиғи шундаки, бу масалани кун тартибига киритишни талаб қилиб 63 депутат имзо қўйганди. Таблода эса фақат 9 депутат бу талабни истамоқда, деган натижа. Бу эса яна норозилк уйғотади. Аммо эътирозларни Йўлдошев қайтариб ташлайди ва:

ЙЎЛДОШЕВ: 429 та одам овоз берибди. Бу таклиф қабул қилинмади. Иккинчи…Инсон ҳуқуқлари тўғрисида… шунга ҳам муносабатларингизни билдиришни илтимос қиламан… Ўртоқ Жўраев аниқ бир таклиф киритмади. Инсон ҳуқуқлари йўқ, инсон ҳуқуқлари поймол қилинаяпти, деган гаплар… нимасини буни ман… Шунинг учун ман таклиф киритаман, мана бу ерда бир гуруҳ депутатлар таклиф киритишган, мана бу ерда ёзишган (русча матни ўқийди)

-“Олий кенгаш раисига, сиздан бир гуруҳ депутатларнинг Инсон ҳуқуқлари борасидаги Декларацияни ратификация қилиш масаласини кун тартибига киритиш юзасидан таклифини айтиш учун менга сўз беришингизни сўрайман”

Менимча бу ерда сўз беришга ҳам ҳожат йўқ. Чунки мақсад СССР Халқ депутатларининг навбатдан ташқари 5 сессиясида қабул қилинган Декларацияга қўшилиш ҳақида гап бормоқда. Биз бу масалани қабул қилганда Москвада ишлашнинг ўрнига кўп вақтимиз танаффусга кетган эди. Шуни қабул қилсак қаршилар йўқми?

КАРИМОВ: Энди буни доимий комиссия кўриб чиқиши керакми, йўқми? Ўзбекистон ўзининг қўшимчасини қўшиши керакими, йўқми? Балки мана шу митингларни ҳам шунга қўйиш керакдур? Бир комиссия тузайликда, унга топширайлик, тайёрлаб, қўшимчaларни қўшиб, кейинги сессияга олиб чиқсин.

ИЗOҲ: Залдаги норозилик тўлқинини боса олмаган Йўлдошев микрофон ёнида кутиб турган Ринат Мирхоновга сўз беради. У рус тилида гапиради.

МИРХОНОВ: Ҳурматли депутатлар. Келинглар эслaйлик, СССР олий Кенгашининг 5-сессиясида Ўзбекистондан сайланган депутатлар ҳам қатнашган эдилар, демак, биз мустақил Ўзбекистон ҳам ўз навбатида бу ҳужжатни тасдиқлашимиз керак. Унга ҳеч қандай ўзгартириш киритиш талаб қилинмайди. Бу ҳужжат матбуотда ҳам эълон қилинди ва бизнинг халқимизнинг бутун талабларига мос тушади. Мана биз талабномага қарийб 20 депутат қўл қўйганмиз. Биз сайловчиларимиз билан учрашганда улар мустақил Ўзбекистон ҳам инсон ҳуқуқлари қоидаларига риоя қиладими, йўқми, деб сўрашади. Хўш биз нима, деб жавоб беришимиз керак. Агар биз демократик тараққиёт йўлини танлаган эканмиз, демак инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатишимиз керак. Бошқа томондан биз бу ҳужжатни қабул қилиб, мана шу ердан туриб, дунёдаги мамлакатларга ва БМТга мурожаат қилиб, бизни мустақил Ўзбекистон сифатида тан олишларини талаб қилишимиз мумкин.(Залда қарсаклар) Шу боис ҳам мен сизлардан таклифимизни қўллашингизни ва бу таклифни кун тартибига киритилиб, қабул қилинишини сўраймиз.

ЙЎЛДОШЕВ: Демак иккита таклиф бўлмоқда. Биринчиси, Декларацияни кун тартибига киритиб, қабул қилиш ва иккинчи таклиф ўзимиздан бир гуруҳ одамларга бу Декларацияни кўриб чиқишни топшириш ва ўзгартиришлар билан шундай бир Декларацияни тайёрлаб, кейин уни қабул қилиш. Ман биринчи таклифни овозга қўяман.

ИЗOҲ: Бу ерда Йўлдошев ўзи билмаган ҳолда тўғри йўлга томон адашди. У депутатларнинг таклифини аввал, Каримовнинг таклифини эса кейин овозга қўйишни айтаётганди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, гап Инсон Ҳуқуқлари Умумжаон Декларацияси ҳақида бораётган эди. Бу ҳужжатни СССР Олий кенгаши ҳам ратификация қилган ва ундан келиб чиққан ҳолда қарор қабул этганди. Бошқача айтганда, Декларация матнини ўзгартиришга ҳеч кимда асос йўқ эди. Биринчи таклиф кўпчилик депутатлар томонидан қўллангани ва овозга қўйилиши ҳамон қабул қилинишини сезган Ислом Каримов Йўлдошевнинг нўноқлигига зарда қилиб, яна унинг сўзини кесди.

КАРИМОВ: Шавкат Муҳитдинович, кечирасиз, бўлмаса ҳозир бир комиссия тузайлик ва шу комиссия куннинг охирида ўз таклифини айтсин, агар улгурса қабул қилайлик, улгурмаса агар кейинги сессияга ўтказайлик ёки бир келишиб олайлик, ўртоғимизнинг айтган гапи тўғри, агар биз мана шу қарорни қабул қилсак бутун дунёда бизга бошқа кўз билан қарайдиган бўлишади.Шу нуқтаи назардан албатта қабул қилиш керак. Лекин бир гуруҳ одамларни сайлаб бу ишни уларга топшириб, кун охирида қабул қилсак.

ИЗOҲ: Ислом Каримов гапини тугатар экан Шавкат Йўлдошев бир дақиқа олдинги гапларини унутиб дарҳол сувнинг оқимини президент томонга буриб юборди. Яъни демократия соҳилидан яккаҳокимлик қирғогига сакради.

ЙЎЛДОШЕВ: Демак шуни кун тартибига қўшсак. Шунга овоз берсангизлар. Қабул қилинди. Кун тартибига қўшилди. Энди Рўзимуродов тўғрисида. Буни алоҳида бир комиссия тузиб кейин кўриб чиқишимиз керак. Биз Олий кенгашда бу жиноятчи, бу жиноятчи эмас, деб хулоса чиқаришга қандай ҳаққимиз бор? Бу нима деган гап? Биз ҳуқуқий мамлакат қураяпмиз, деяпмиз. Ҳуқуқ яратувчи, ижро бажарувчи ва қонунни сақлайдиган органлар ҳам бир-бири билан бирга ишлаши керагу, аммо ҳаммаси ўз вазифасини бажариши керак, деяпмиз.

ИЗOҲ: Ўша кезда мамлакатнинг энг олий органи бу Олий кенгаш эди. Президентни сайлаш ҳам бу кенгашнинг зиммасида эди. Лекин ваколатлари жуда кенглигига қарамасдан ҳатто ўзини ҳимоя қила олмайдиган вазиятга туширилмоқда эди. Демократ депутатлар Шовруқ Рўзимуродов масаласини кўтариб чиқар эканлар унинг нима учун қамалганини билар эдилар. Каримовнинг рўйхати билан депутат бўлган тили қисиқлар ҳам буни билишар эди. Каримов Шовруқни қамашни республика ҳуқуқ идораларининг раҳбарларига шахсан топширган ва улар энди ўзларининг қарорларини ёлғон-яшиқ баҳоналар, иккиюзламачилик билан ҳимоя қилишга келганларини ҳам депутатлар яхши билардилар. Каримов демократ депутатларга қарата қаттиқ ҳужум бошлатган ва ўзининг рўйхатига кирмасдан сайланганларни, ёки оддий қилиб айтганда ўзининг йўлига юрмаганларни Шовруқ каби йўқотмоқчи эди.

Мен залдан минбар томон юраман ва сўз берилишини талаб қиламан.

ЙЎЛДОШЕВ: Чиқинг марҳамат.

МАМАТОВ: Муҳтарам дўстлар. 393-сайлов округи, Жомбой. Мана инсон ҳуқуқлари Декларацияси ҳақидаги тортишувнинг ўзи ҳам кўрсатмоқдаки, бизда ҳали инсон ҳуқуқлари жуда кўп поймол қилинади. Ахир, Шовруқ Рўзимуродов бизнинг оила аъзоимиз-ку? Биз шу ерда бир оиламиз-ку? Учта сессия ўтди. Нега бир марта олиб келиб эшитмадик? Қонунда ёзиб қўйибди: агар сизнинг рухсатингиз бўлса ана ундан кейин қамаш мумкин.

Раёсат ортдан рухсат бериб юборди, лекин қарорни олиб келиб, бизга тасдиқлатган эмас. Шунинг ўзи бизга ҳақорат-ку? Нега энди биз ўз шаънимизни ҳимоя қила олмаяпмиз? Эртага шундай ҳолат бошқа одамнинг бошига тушади. Ҳозир бу ерда ҳар бир одамнинг устидан ўнлаб папкаларни тўлдириб туҳмат, бўҳтонлар тайёрлаб қўйилган.

Ахир инсон ҳуқуқлари ҳар қадамда поймол бўлмоқда.

Мана мен сизларга айтай. Ҳали мени ҳеч ким Олий кенгашдаги ишимдан бўшатган эмас. Ҳали мен шу ердан ойлик олаяпман, ишлаяпман. Лекин бир кечада саҳарлаб менинг стол-стулимни олиб чиқиб кетишса, менинг сессияда сўзлайдиган нутқимнинг матнларини олиб чиқиб кетишса, менинг телефонларимни узиб, олиб кетишса мен даъвомни кимга айтишим керак? Кимнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинаяпти? Кеча бу ҳол Шовруқнинг бошига тушди, бугун бу ҳол менинг бошимга тушган бўлса, эртага бошқанинг, сизнинг бошингизга тушади. Мана шу ерда ҳатто инсон ҳуқуқлари Декларациясини қабул қилмайлик, дея овоз бериб зулмни қўллаганларнинг ҳам бошига тушади бу нарса.

Энди ўрганишимиз керак. Инсон ҳуқуқлари бор жойда тараққиёт бўлади, инсон ҳуқуқлари поймол этиладиган жойда ҳеч нарса бўлмайди.

Ислом Абдуғаниевич, сиз бу дунёда устун эмассиз! Ёки Ўзбекистонни сизнинг онангиз яратган эмас! Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушгани йўқ-ку? Ахир мен мажбур бўлдим чет элга кетиш учун ариза ёзишга. Нима учун қувғин қиласиз? Сизга бу ҳақни ким берди?

ИЗOҲ: Мажлисни олиб борувчи сўзингизни тугатинг, дея қўнғироқни чалади.

МАМАТОВ: Қўйинг, Рўзимуродов келсин бу ерга ва уни эшитайлик.(Залда қарсаклар)

ЙЎЛДОШЕВ: Энди ман мажбурман прокурорга сўз бериш учун. Бўритош Мустафоевич тайёрмисиз?

ИЗOҲ: Аслида Ислом Каримов Шовруқ Рўзимуродовни қамашни Бош прокурор Бўритош Мустафоев билан бирга Олий судга ишонган. Демократ депутатларнинг сессиядан олдин ҳам безовта бўлганларини билган президент бу ишни Олий суд мажлисида ҳам тасдиқлатиб улгурганди. Шу боис Бўритош Мустафоев бу масалада менга эмас, саволлар Олий суд раиси Убайдулла Мингбоевга тушади, деб ўйлаган бўлса керакки, ҳатто тайёргарлик ҳам кўрмаган ва ўзининг ҳуқуқ борасидаги чаласаводлигини ошкор қилиб қўйди:

МУСТАФОЕВ: Бу масаладаги талаб қонун талабига асосан Олий совет президиумининг розилиги билан жиноий жавобгарликка тортиш, қамоққа олиш масаласи ҳал қилинган.У тергов бўлиб, суд бўлди, (Шовруқ Рўзимуродов-ЖМ.) суднинг ҳукми билан жазо олди. Шу жазони республика Олий судининг коллегияси ҳам тасдиқлади. Мана шу аудиторияда ўтирган депутатлар қонун чиқариб тергов ва суд органининг қадамини ўлчайдиган ва улар ҳаракатлар қиладиган доираларни кўзда тутган қонунларни бажариб мана шу ҳукм, шу қарор ва шу тўхтамга келинган.

Ҳурматли депутатлар, судланган, жазо ўтаётган кишини шу ерга олиб келиб сўроқ қилиш, ёки юзлаштириш деган талаб қонунда йўқ. Республика олий судининг раиси ҳукм чиққанлиги ҳақида депутатлар диққатига информация тариқасида маълумот бериш учун сессия охирида сўз сўрашга тайёргарлик кўрмоқда.

ИЗOҲ: Лекин Олий Кенгашнинг шундай ҳуқуқи бор эди. Бундан Бош прокурорнинг бехабарлиги эса уни Бош прокурорлик вазифасига тасдиқлаш жараёнида бир депутатнинг “Шундан кўра бир пахтакор бригадирни прокурор қилиб қўйганимиз яхши эмасми?”дея қилган эътирози нақадар тўғрилигини кўрсатарди. Аммо гап Олий кенгашнинг ҳуқуқи ҳақида эмас, балки Олий кенгаш чиқарган қонунга риоя қилинмагани, бу қонун бузилгани ҳақида бораётганди. Республиканинг Бош прокурори эса худди колхоз партия мажлисида гапираётган каби оғзидан чиқаётган гаплардан бехабар.

МУСТАФОЕВ: Суднинг ҳукмини парламент текшира олмайди, суд ҳукмининг устидан парламент қарор чиқара олмайди, ҳаракатдаги қонунни шу парламент қабул қилган ва унинг (Шовруқ Рўзимуродовнинг-ЖМ.) озодлигини талаб қиладиган бўлса, унга қўйилган Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддаларини бугун ё эртага янгитдан ҳолатда киритиб санкциясини бутунлай йўқ қилмагунингизча у ҳукм бу ерда кўришга тегишли масала эмас. Мен буни шу қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш тариқасида эътиборларингизга ҳавола қилмоқчиман.

ИЗOҲ: Залда қўл кўтариб, ўрнимдан туриб минбардаги Бўритош Мустафоевга Ўзбекистон халқ депутати мақоми ҳақидаги қонуннинг 15 моддасини ўқиб бердим. Унда Ўзбекистон Халқ депутати Олий кенгашнинг изни олинмасдан қамалиши мумкин эмас, деб ёзилган ва унинг дахлсизлиги кафолатланган эди. Аммо Бош прокурор Бўритош Мустафоев буни инкор этишга уринади. Гап шундаки, депутатларни безовта қилаётган нарса аслида қонуннинг бузилиши. Қонун бир депутат олий мажлиснинг изни бўлмасдан қамалмаслигини кафолатлар экан, республика Бош прокурори эса ўз чаласаводлигини ҳам яширмасдан, нима бўлганда ҳам масалани четлаштириш учун гапни бошқа томонга бураётган эди. Раёсатга эса фақат оғир оқибатларда, масалан бировни ўлдирганлик, депутатнинг очиқда қолиши жамиятга таҳлика туғдирган ҳолларда уни қамаш учун рухсат бериш, аммо дарҳол бу қарорни Олий кенгаш ҳукмига олиб чиқиш ваколати берилганди.

Шовруқ Рўзимуродов депутат бўлгани ҳолда қамалганидан кейин учта сессия ўтганига қарамасдан унинг масаласи муҳокамага олиб чиқилмаётганди. Унинг айби эса биринчи сессияда “Ислом Каримовни президент қилиб сайласангизлар у Ўзбекистонни зиндонга айлантиради” дегани.

Хуллас, Олий кенгаш раиси масалани овозга қўйиб юбораман, дер экан, залдан яна шовқин кўтарилади. Лекин раис масалани овозга қўяди.

ЙЎЛДОШЕВ: Ўтмади.

ИЗOҲ: Залга кўрсатилган таблода тарафдорлар 149, қаршилар 220, бетарафлар 41, овоз бермаганлар 21, жаъми 431 деган ёзув пайдо бўлади. Бу билан айни пайтда Шовруқ Рўзимуродовнинг ўлимига ҳам ҳукм ўқилганди. Чунки орадан бир неча йил ўтиб у, ҳақиқий маънодаги паҳлавон йигит қамоқда қийноқлардан жон берганди. Шундай кунлар келишини олдиндан сезган каби Тошкент шаҳридаги Куйбишев туман халқ депутатлари кенгашинг раиси Шуҳрат Нусратов сўзга чиқади.

НУСРАТОВ: Салом алайкум ўртоқ депутатлар. Манинг битта айбим бор. Замонанинг фарзандиман. Балки қурбони ҳамдирман. Рус тилини ўзбек тилидан яхшироқ, пухтароқ биламан. Шунинг учун рухсат берсанглар, жуда ҳам муҳим нарсани қўймоқчиман, ўшани рус тилида гапирсам.

ЙЎЛДОШЕВ: Йўқ, кун тартиби бўйичами?

НУСРАТОВ: Кун тартиби бўйича.

Ҳурматли депутатлар, Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари 7-сессияси кун тартибига қуйидаги қўшимча масалаларни киритишни сўрайман.

1.Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 Сентябрда Ўзбекистон Хафсизлик хизмати ташкилотини қайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини бекор қилиш.

Умуман бу фармонни халққа қарши, конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани ва диктаторона бўлгани учун бекор қилиш. Шу фармоннинг 2-моддасини ўқиб бермоқчиман. “Миллий Хавфсизлик хизмати тўпа-тўгри президентга бўйсундирилсин”, дейилади бу моддада ва бундай ҳол бирор демократик давлатда юз бермайди. Ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмайди. Мамлакатнинг разведка, контрразведка бошқармалари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга Олий Кенгаш назоратидан чиқарилиб, бир кишининг қўлига берилмоқда. Бу тасаввур қилиш ва бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаган нарса.Ёки бизни 30-40 йиллар кутмоқдами? Оқибатларни тахмин қилиш мумкин эмас. Айниқса бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан.

2. Мен Рўзимуродов масаласини бошқа жиҳат билан қўймоқчиман. Қашқадарёлик депутат Рўзимуродовнинг дахлсизлик ҳаққи поймол қилингани масаласи кун тартибига киритилсин. Мен унинг айбдор ёки айбдор эмаслиги масаласини очиқ қолдираман. Агар айбдор бўлса жазосини олиши керак. Бу суднинг иши. Ҳозиргача улар бу ишни қойил мақом қилиб қўйганга ўхшайдилар. Олий кенгаш депутатини қамоққа олишни фақат Олий кенгашнинг ўзи ҳал қилади, яъни бизлар. Агар биз бу масалада ўз овозимизни бермасак, эртага бизни ҳам қамашади.(Қарсаклар)

ИЗOҲ: Раислик қилувчи қўнғироқни чалади ва Нусратов кун тартиби белгиланишида регламент йўқлигини айтиб, сўзида давом этади.

НУСРАТОВ:Уч ойдан зиёд вақтдан бери бизнинг сафдошимиз бўлган депутат биз томондан тасдиқланмаган қарор бўйича қонунсиз равишда турмада сақланмоқда. Бу эса президент истаган пайтда бизлардан ҳар биримизни қамоққа олдириши мумкинлигини кўрсатади. Президент хохлаганини биз биламиз. Президент уни қамади. Мен бу масалани кун тартибига киритиб, Рўзимуродовни дарҳол озод қилишни ва бу ерга олиб келишни таклиф қиламан.

ИЗOҲ: Орага яна раислик қилувчи киради. Аммо партия ишида чиниққан Нусратов унга “Халақит қилманг, мен барибир сўзимни давом эттираман”, деб жавоб қилади.

НУСРАТОВ: Мен конституциявий қўмита раиси, академик Ўразаевга мурожаат қиламан. Шавкат Закариевич, бизнинг халқимиз сизга маълумот берди, сизни академик даражасига чиқарди, сиз нимага эга бўлсангиз бунинг учун халқимиз олдида бурчлисиз. Сиз асл халқдан бўлмаганингизга қарамасдан депутатлар байналминаллик кўрсатиб, сизга Конституцияни ҳимоя қилишни ишондилар. Бу ишончни оқланг ва менинг назаримда қонунсиз бўлган бу икки ҳужжатга баҳо беринг, энди. Конституциявий қўмита хулосаси бўлмасдан депутатлар узил-кесил қарор бера олмасликларини биласиз. Агар бу борада Конституция талаблари бузилган бўлса ва Конституциявий қўмита буни тан олса, президент кетиши керак.

Республика КГБ раиси Алиевга мурожаат қиламан. Бош прокурор Бўритош Мустафоевга, Олий кенгаш қонунчилк қўмитаси раиси Эркин Халиловга мурожаат қиламан. Эркин, ҳуқуқшунос сифатида ўз хулосангни айт. Қолганлар ҳам ҳуқуқшунослар сифатида ўз фикрларингзини айтинглар, дарҳол, ҳозир! Сиз тўрталангиз бугун ўз танловингизни қилишингиз керак, депутатлардан менинг таклифимни қўллашларини сўрайман.

Конституциявий суд танаффусда кўриб чиқиб, Рўзимуродовни қамоққа олиш қонуний бўлганми, йўқми, айтсин. Юқорида номлари айтилган ҳуқуқшунослар бу ерга чиқиб ўз фикрларини айтсинлар ва халқ билсин, улар ўз касбларига лойиқми ёки йўқми? Бугун биз бу ерда ўтирганлар ё демократияни ёки диктатурани танлашимиз керак. Ора йўл бўлмайди. Ўртоқ Йўлдошев менинг таклифимни овозга қўйсангиз.

ЙЎЛДОШЕВ: Мен ҳам рус тилида айтаман. Биз ҳаммамиз очиқ эшикка ўзимизни урмоқдамиз. Биз Рўзимуродов ҳақида келишиб олдик. Сессия охирида олий суд раиси информация беради деб. Бунга бошқаларнинг ҳам номи қўшилмоқда. Хўш уларни эшитган билан нима ўзгарарди?

ИЗOҲ: Шу пайт Нусратов яна ўрнидан туриб масалани овозга қўйишни талаб қилади. Залда шовқин кўтарилади.

ЙЎЛДОШЕВ: Биз бу борадаги масалага овоз бериб бўлганмиз.

ИЗOҲ: Яна сўзга Каримов қўшилади.

КАРИМОВ:(Аввалига рус тилида гапиради, кейин ўзбекча давом эттиради) Мен жаноб Нусратовга бироз маълумот беришим керак. Чунки у қизиққонлик билан, ҳаяжон билан гапирди. Кўриниб турибдики, ўртоқлар бугунги сессияга тайёрланганлар ва ўзаро бир-бирини қўллаш сезилиб турибди.Ўзбекча гапирганда, гап шундай бўлаяптики, бугунги кун тартибига, бугунги президент сайловига қаттиқ кимдир тайёргарлик кўриб, шу масалаларни бир-бири билан боғлаб, Рўзимуродов масаласи ва бошқа масалаларни ҳам шунга улаб қўймоқчи.

Лекин шу масалаларнинг ҳаммасини рад қилмасдан, шошилмасдан, ўпкани босиб, келишиб олишимиз керак. Лекин ўртоқ Нусратов КГБ ҳақида гапирдилар, нима учун бундай указ чиққани ҳақида мен сизларга ахборот беришим керак. Лекин менинг шаънимга оғир гапларни айтмасдан ўртоқ Нусратов оддий битта запрос қилса ҳам бўларди. Нима учун шундай бўлдию… олдин мани жавобимни эшитиб, кейин хулоса чиқарса, тўғри бўларди. Нима деганда бўтдаги қарама-қаршилик ҳеч нарсага олиб келмайди, балки жамиятимизни бўлиб, бошқа республикаларда бўлаётган қарама-қаршиликка олиб келади.

Бугун ё демократия, ё ўламиз, деган гаплар, буларни бўтда айтишга ҳожат йўқ. Ҳамма гапларни у демократияга тегишли бўлса ҳам бизар жуда чуқур ўйлаб бир-биримизни шахсимизга тегмасдан кўриб чиқишимиз зарур. Шунинг учун КГБ тўғрисида гапирсак, кўпчиликнинг эътиборига бу масала янги эмас, мамлакатда КГБ бутунлай, ҳозир, тўкилиб кетаяпти. Қарорлар чиқаяптики, мана шу КГБ СССР бўйича эртага, мутлақо бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Украина яқинда бир қарор қабул қилди. Ўртоқ Нусратов шу қарорни ҳам ўқиб чиқиши керак эди.Шу қарорда, ўртоқ Нусратов, ёзилганки ука, шу қарорда айтилганки, шу КГБни ҳозирча президент сайлови бўлгунча, вақтинча Олий кенгаш раисига бўйсиндириш, уни КГБ эмас, ҳозир номи бошқарма дедик, хизмат ҳам дейиш мумкин.

Буни Украинанинг президенти 1-декабрда сайлангунча, эътибор беринглар, сайлагунча уни Олий кенгашнинг раисига қараш тўғрисида қарор қабул қилди.Шунинг учун ман Каримов бўлиб, Ўзбекистон жумҳурияти президенти бўлиб, ҳеч қанақа ўзбошимчалик қилганим йўқ ва айтайлик, демократияга хилоф нарса қилганим йўқ. Ман ўйлайманки, бу масалани кўриб чиқишимиз мумкин. Манга ҳам қўшимча юк керак эмас.

Агарки, КГБ тўғрисида гапирадиган бўлсак, КГБни Олий кенгашга ҳам қаратиб қўйишимиз мумкин. Бу ҳеч нарса эмас. Лекин КГБни иши шундай оператив бўладики, шундай тез ҳал қилинадиган бўладики, мана масалан эртага чегарани бирортаси бузса, айтайлик, Ўзбекистон суверенитетига бир нарса хилоф бўлса, бу комитет кечаю кундуз ишлаб, бир соатда, ярим соатда қарор қабул қилиши керак. Агар шуни ҳурматли депутатлар президент қарамоғига бермасдан бошқа, айтайлиик, Олий кенгаш ёки бошқа таклифлар бўлса ман жоним билан розиман.Лекин умуман мана шу КГБни йўқ бўлиши муносабати билан бизлар мана шу Хавфсизлик кенгашини ташкил қилиб, ўзимизни Ўзбекистонни қарамоғига олиш масаласида ман сизларга шу фикрни билдирмоқчиман.

Агар шу сессия айтсаки, шуни Олий кенгаш қарамоғига олайлик, деса ман айнан бир марта айтаман, ман жони дилим билан розиман. Манa, ўртоқ Нусратов, ука, масалани шундай қўйиш мумкин. Бу тоталитар, айтайлик, интилиш эмас. Ҳеч қанақа, айтайлик, шунга интиладиган ҳаракат ҳам эмас. Шу нуқтаи назардан мен шахсан депутат запросингзига шундай тушунтириш бероқчиман.

ИЗOҲ: Ислом Каримовнинг гапни бошқа томонга буриб юборишга усталиги шу ерда ҳам билиниб турибди. Биринчидан, СССР КГБси 1991 йилнинг Августида президент Михаил Горбачевни ҳокимиятдан ағдариш, яна коммунистик режимни тиклаш фитнасида асосий рол олгани боис қайта қурилаётган ва барча мустақил давлатларда умумхалқ сайловлари ўтгунча бу ташкилот Олий кенгашга бўйсундирилиб, текширувга олинган эди. Ўзбекистонда эса бу масаланинг аҳамияти шунда эдики, СССР Олий кенгаши ГКЧП деб ном олган давлат тўнтариши айбдорларини топиш бўйича тузган комиссияси фитнада Ислом Каримовнинг ҳам иштироки бор, деган иддаони илгари сурган ва бунга Ўзбекистонлик демократ депутатлар ҳам ишонган эдилар.

Биринчидан, фитнанинг бошида турган Янаев воқеадан олдин Тошкентга келиб, коммунистларнинг қурултойини ўтказган ва фитна кунлари фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонда коммунистик интизом ҳукмрон, деб бу республикалар раҳбарларини мақтади.

Иккинчидан, фитна куни Ҳиндистон сафаридан қайтаётган Ислом Каримов учқичдан туриб, Янаевга табрик телеграммаси юборгани ҳаммаёқда гап эди.

Учинчидан, Каримов фитна, уч кунда мағлуб бўлгунга қадар муносабатни билдирмади. Аксинча, Ўзбекистонда фитнага қарши чиққанлар таъқиб этилдилар, қамоқларга тиқилдилар, ҳатто бир неча дақиқада суд қилиниб, қамалганлар бўлди.

Мана энди фитна иштирокчилари қамоққа олинган, қолганларнинг ҳам номи бирма-бир аён бўлар экан, Ўзбекистон Олий кенгашидаги депутатлар Ўзбекстон КГБсини мажлисга бўйсундириш ва фитна билан боғлиқ масалани ўрганмоқчи эдилар. Бунинг устига ўша кезда Горбачев КГБни бироз очиқ ташкилотга айлантиргани боис жуда кўп сирлар ташқарига чиқаётган эди.

Масалан, Каримов Шароф Рашидов масаласини кўтарган депутатларга қўшилган кунларда у коммунистик режим пайтида Давлат планлаштириш қўмитаси раиси экан, Рашидовни КГБ биноси ёнидаги қабридан чиқариб ташлаш қарорига имзо қўйганини кўрсатувчи ҳужжат Олий кенгаш аъзолари қўлида пайдо бўлганди ва ҳоказо. Каримов шу боис ҳам апал-тапал мавжуд Конституцияга зид бўлишига қарамасдан бу ташкилотни ўзига бўйсундириб, Қашқадарё вилоятида ўзи билан бирга ишлаган ошнаси Ғулом Алиевни унга раҳбар қилиб олиб келганди. Бутун гап ана шунда эди. Энди Каримов сессияда усталик билан гапни бошқа томонга буриб юборди. Гарчи собиқ КГБни Олий кенгашга бўйсундиришга жоним билан розиман десада, ўша куни ҳовурлар босилгандан кейин бу масалани бутунлай муҳокамадан чиқариб ташлашга эришди.

ЙЎЛДОШЕВ: Умуман ҳозир…

КАРИМОВ: Бу КГБ тўғрисида… Иккинчи масала, Рўзимуродов ҳақида бўлса, сиз таклиф қилган масалангизни овозга ҳам қўйиш керак эмас.Таклифингиз тўғри. Рўзимуродов ҳақида депутатларга қандай маълумот керак бўлса, уни шу бугуннинг ўзи бериш керак. Мана Олий суднинг каттаси, Конституцион судни каттаси, суд дейиладими бизада, ёки комитет дейиладими? Мана буларни каттаси ким бўлса ҳам, лозим топсангиз шуларга ҳозир топширсагу кунни охирида ёки қачон булар тайёр бўлгандан кейин шу масалани сизларга маълумот берса ҳеч қанақа қаршилик йўқ.

ИЗOҲ: Бу ерда ҳам Каримов аслида раислик қилувчига кўрсатма бермоқда. Гап шундаки, Олий кенгаш регламенти, яъни иш тартиби бўйича маълумот муҳокама қилинмайди. Фақат эътибор учун қабул қилинади. Маълумот ёзма равишда ҳам тарқатилиши ва шу билан иш битиши мумкин. Шу боис Каримов кўпчилиги содда бўлган депутатларни лақиллатиб, масалани маълумот тарзида қўйишни истамоқда эди. Лекин гап қонунлар бузилгани ҳақида бораётганди.

НУСРАТОВ: Мана Конституция бузилди. Ман шу масалани комитет кўрсин деган, таклиф қилдим. Шуни овозга қўйсинлар.

ЙЎЛДОШЕВ: Яхши, Шуҳрат Нусратович, энди битта нарса борда бизда, ўзи кун тартибида бор. Президентнинг фармонларини тасдиқлаш тўғрисида.Ўшанда шу фармонга келганда буни батафсил муҳокама қилиниб, битта қарорга келинади.Буни ҳозир, дейлик, шишириб муҳокама қилишни ҳеч ҳожати йўқ. Биз ҳозир сизлар билан кун тартибини кўраяпмиз, кун тартибини.Энди Шовруқ Рўзимуродов тўғрисида мен Шуҳрат Нусратович берган таклифни овозга қўяман.

НУСРАТРОВ: Мени таклифим бўйича Конституция бузилгани ҳақидаги масалани конституция комитетига берайлик, улар ўз хулосасини берсин.

ЙЎЛДОШЕВ: Ман шуни айтаяпманда…

ИЗOҲ: Раислик қилувчи ишораларини яхши тушунмаганидан Каримов безовта бўлади ва жаҳл билан яна унинг сўзини бўлади.

КАРИМОВ: Йўқ кечирасиз, бу масалада, катта, ҳозир масала қўйилаяптики… қонун бўйича, қулоқ солинглар, ўртоқ Нусратов бизани очиқ гапиришга нима қилаяпти… агарки, Конституцияда ёзилганки, агар президент қонунни бузса, уни айтайлик, қайтариб лавозимдан тортиб олишга асос бўлади деган гап бор. Ўртоқ Нусратовнинг ҳозир астойдил гапирадиган гапи тагида мана шу гап бор. Ки, бизар ҳозир бир қарорга келсакки, шу президентга қаратиб қўйиш керак, деган нуқтани ман агар нотўғри ёзган бўлсам, ки ман қонунни бузган бўлсам, эртага асос бўлади Каримовни президентликдан чақириб олиш. Мана бундай масалани ўртоқ Нусратов очиқ қилиб айтиши керак. Мана шундай гап бўлаяпти. Гап шундайки, президент қонунни буздими ёки бузмадими? Мана шу масалани бундай қўймоқчи булар. Ман айтмоқчиманки, агарки мана шу КГБни бутунлай йўқ қилиб, бу қонун нотўғри бўлса, бу қонунни бузиш эмас, айтайлик бир қонунни маъносини ҳам ўзгартириш, ман фармонни номини ёки маъносини ҳам ўзгартириш тўғрисида ман розиман, агарки Конституция бошқа-бошқа нималар айтсаки бу қонунни ўзгартириш керак, деса бу бошқа гап.

ИЗOҲ: Гап бирор бир қонун эмас, балки Конституцияга хилоф равишда чиқарилган Фармон ҳақида бораяпти. Каримовнинг бу нутқи олдингиларига қараганда анча чалкашроқ. Чунки у боши берк кўчадан чиқишга йўл қидирмоқда ва орқага чекиниб, чиқиб кетиш учун чора изламоқда эди.

КАРИМОВ: Лекин асосий мазмун бошқа ишда кетаяпти. Лекин очиқ айтишимиз керакки, бу олдиндан тайёргарлик кўриб, баъзи бир ўртоқлар мана шу масалани у томонадан бу томондан олиб келиб битта масалани қўймоқчики, бу президент диктатор бўлдию бу президент, айтайлик, нимани, қонунни бузди. Қонунни бузса, эртага сизларга овозга қўядики, шу масалани ҳисобга олиб, асослаб Каримовни президентликдан озод қилишни…Шуни ҳам тўғри билинглар.

ИЗOҲ:(Залда шовқин…) Сессия олдидан “Тошкентликлар фитна уюштириб, Каримовга қарши чиқишмоқчи” деган гап тарқатилганди. Бу гапни асослаш учун Каримов вакиллар палатасида кутилмаганда Президент сайлови ҳақидаги қонун лойиҳаси ва президентликка номзод масаласини ҳам кун тартибига келтирган. Мирсаидовни эса ваколатлари чекланган вице-президентликдан кенг ваколатли Бош вазирликка ўтказишни таклиф қилганди. Мазкур сессия охирида шу нарса аён бўладики, сайлов ҳақидаги қонун лойиҳаси аслида кейинги сессия учун тайёрланаётган экан ва пишмасдан бу сессияга олиб чиқилган. Шу боис иш битиб, эшак лойдан ўтгач, бу масалани кейинги сессияга қолдиришади. Лекин ҳозир депутатларда тошкентликлар Мирсаидов бошчилигида ҳокимият учун курашишмоқда, Каримов шунча катта лавозим берса ҳам кўнмаяпти, президентликка Ислом Каримов номзоди қўйилишидан норози, деган фикрни пайдо қилиш учун бу керак бўлганди.

Демократ депутатларнинг президентни танқидга кўниктириш йўлидаги уринишлари жиддий эканлиги ва улар бу мақсадларидан қайтмасликларини билган Каримов гуруҳи “тоекентлик” деган ўйинни ишга солганини кейинчалик ошкор қилиб қўйишди.

Маҳаллийчилик, одамларнинг қон-қонига сингиб кетганидан фойдаланиш эса коммунистик режимнинг асосий қуролларидан бири. Балки демократ депутатларнинг Каримовнинг зулмига қарши чиқишини ва буни улар очиқ ойдин тайёрлашаётганини билган баъзилар бундан фойдаланиб қолишга ҳам уринган бўлишлари мумкин. Лекин демократ депутаталарнинг рўйхати бўйича биринчилардан бўлиб Ошкоралик қўмитаси раиси Эркин Воҳидов, Фан ва маданият қўмитаси раиси Аҳмадали Асқаровлар сўзга чиқиши керак бўлган ҳолда улар сессияда жим ўтиришди. Бугунга қадар ҳам улар сессиядан бир кун олдин кечки зиёфатда Ислом Каримов билан нималарни муҳокама қилганларини сир сақлаб келмоқдалар.

ЙЎЛДОШЕВ: Нимани жанжалини қилаяпмиз, ман тушунмаяпман. Мана Олий судга, қонунчилик комитетига, Конституцион судга топширайлик, шу кўриб чиқиб, ўз хулосасини айтсин. Марат Зоҳидович сизда ҳам шу масалами?

ЗОҲИДОВ: (Русча гапиради):Шуҳрат Нусратович, мен сизга жавоб бермоқчиман. Мен ҳуқуқшунос эмасман, мен математик, мен механик. Лекин мен эслтмоқчиман, қачон СССР президенти Горбачев Садовая ҳалқаси ичида митинглар қилмаслик ҳақида фармон чиқарганда Алексеев бошчилигида Конституциявий кометет бу фармонни бекор қилди. Бу бир йил олдин бўлган эди ва ҳозирга қадар ҳам президент вазифасидан бўшатилган эмас. Шунинг учун керакли қонунларга кўра, керакли хулосалар қилиш керак. Бу биринчи масала, иккинcи масала, ҳозир президент айтдики, менга ҳам маълум бўлди, ҳақиқатдан ҳам депутатлар орасида, айниқса, кун тартибига президентни умумхалқ сайлови орқали сайлаш керак, деган масала киритилиши муносабати билан президентга баҳо беришда ҳар турли қараш бор.Биз президентни бу ерда сайлаганимиздан кейин ўтган бир ярим йил ичидаги фаолиятини кун тартибига киритайлик. Биз умумхалқ сайловига келмоқдамизми, демак биз қандайдир натижалар қилишимиз керак. Бу очиқ бўлиши ва регламентсиз бўлиши керак. Мен ҳам бу масалада тайёргарлик кўрганман ва сўзга чиқаман.

ИЗOҲ: Шуни айтиш керакки, Марат Зоҳидов биз тайёрлаган, 12 саҳифадан иборат ҳолда барча депутатларга очиқ тарқатилган мактубдаги талабни такрорламоқда эди. Унинг ўзи ҳам охирги дақиқаларда шу мактубга қўл қўйган. Аммо бу мактубда президентни бўшатиш талаби йўқ ва аксинча у йўл қўйган камчиликлар очиб ташланган ҳамда унинг ҳисоботини эшитиш, умуман вақти-вақти билан президентнинг ҳисоботини эшитиб туришга чақирилганди.

Аммо сессия чархи бошқа томонга айлангач, Марат Зоҳидов тўнини тескари кийиб, демократ депутатларни Москванинг жосуслари, деб айблайди ва текшириш учун комиссия тузишни талаб қилади. Каримов тавсияси билан Эркин Воҳидов раҳбарлигида шундай комиссия тузилади ҳам. Лекин бу ҳали кейин. Ҳозир эса…

ЗОҲИДОВ: Кейинги масала, бугун Мирсаидов ҳақида ҳам гап бўлмоқда. Бу ҳам кун тартибига киритилган. Мен яқинда бир раҳбар билан гаплашдим. У Анатолий Степанович Ефимов. У собиқ раҳбар ва ҳозир ҳеч қандай вазифада эмас. Мен уч кун олдин шаҳар советида уни СССР Олий совети рўйхатига киритишга қарши чиқдим. Кейин у билан Мирсаидов ҳақида ҳам гаплашдик. Ефимов айтдики, Мирсаидов ҳокимиятга интилмоқда. Бу жиддий масала. Бизнинг раҳбариятда келишмовчилк бошланмоқда. Мен биламан, фақат баъзи депутатлар орасида эмас, мен талабалар вакилиман ва биламан талабалар орасида ҳам ҳар хил гаплар тарқалмоқда. Мен март ойида Мирсаидов ҳақида “Нородное Слово”га суҳбат берган эдим. Мен ўшанда айтган эдимки, мана шу бўлмағур тартибсизлар пайтида талабаларни тинчлантириш учун бир республика раҳбари келган эди, деб. Газета Мирсаидов фамилиясини тушириб қолдирган. Ўшанда у ҳушёр эмас, деб гап тарқатилди. Лекин бу ёлғон ва уни қоралаш учун тарқатилган бўҳтонлардир. Яна шунақанги миш-мишлар. Агар шундай бўлса, биз Мирсаидовни чақириб бундай йўлдан фодаланилмайди, деб айтишимиз керак ва президентнинг фаолияти ҳақидаги масалани яна бир бор кун тартибига киритишни сўрайман.

ЙЎЛДОШЕВ: Шу гапларни ҳаммасини ўша кандидатуралар муҳока қилинганда айтса бўладику? Биз мана бош вазир ҳақида қўшдик. Кун тартибини аниқлаб олайлик, ўртоқлар.

ИЗOҲ: Фан ва халқ таълими қўмитасида ишлайдиган сирдарёлик демократ депутат Ҳамза Эшназаров сўзга чиқади:

ЭШНАЗАРОВ:385-сайлов округидан Эшназаров. Ҳурматли депутат ўртоқлар, биз нима учун инсон ҳуқуқи, депутатлар ҳуқуқи тўғрисида кўпроқ тўхталадиган бўлдик. Айниқса, шу бугунги кунга келиб. Менинг фикримча президентимиз жуда тўғри гапни гапирдилар, тайёргарлик кўриб келган бўлса керак деб, тайёргарликсиз ҳам келиш мумкин-ми, сессияга?

Энди мана шунинг боисини тушунтириб, ўзимнинг фикримни айтмоқчиман, инсон ҳуқуқи ҳақиқатда поймол бўлаётганлиги рост. Нафақат инсон ҳуқуқи, депутатларнинг ҳам ҳуқуқи поймол бўлаётганлиги факт. Эсингизда бўлса Ўзбекистон Халқ депутати Иномжон Турсунов милиция ходимлари томонидан калатакланганлиги, бундан олти ой олдин бўлган, бу ҳақда мен депутатлик сўровини бир неча депутатнинг имзоси билан топширган эдим. Шу Олий кенгашнинг президиуми ўзининг зиммасига ҳамда прокурорга топширган эди .Бугунгача жавоб йўқ-ку? Нега биз энди инсон ҳуқуқи, депутатларнинг ҳуқуқи поймол бўлаётганлигини тан олишни истамаймиз.

Биринчи таклифим, ана шу Иномжон Турсунов тўғрисидаги масала бугунги сессияга киритилиши керак.

Иккинчиси, Рўзимуродов тўғрисида қарор қабул қилинди. Мен бунга қарши эмасман, лекин Олий совет президиуми қарорини сессияда тасдиқлашимиз керак эди-ку? Нега бу масала бизнинг сессиямиз кун тартибига киритилмаслиги керак? Жуда кўп ўртоқлар бу ҳақда жуда ташвишланиб гапиришди. Бугун Турсунов, Рўзимуродовнинг бошига тушган эртага ҳар қайсингизнинг бошига тушиши мумкин. Бу, ҳеч ким гарантия берган йўқ. Бунинг устига бир кишининг диктати билан ана шу қарор қабул қилинди.

Биринчи куни Олий кенгаш президиуми қабул қилмаган эди. Иккинчи куни мажбур қилиб, ҳурматли президентимизнинг топшириғига мувофиқ бўлса керак, мен яна адашган бўлсам узр сўрайман, бу қарор қабул қилинди. Ахир бу инсофдан эмас-ку? Ахир бу қонундан эмас-ку? Ана шу икки масала кун тартибига киритилишини жуда қаттиқ талаб қиламан.

ЙЎЛДОШЕВ: Биз бу масалани кўриб чиқдик-ку?!

ЭШНАЗАРОВ: Мен Иномжон Турсунов ҳақида президиумнинг хулосасини ва прокурорнинг жавобини, кейинги сессияда ахборот берилади, деб айтилган эди, лекин орадан уч ой ўтиб кетди, ишонмаганлар ўша сессияни стенограммасини кўтариб кўрсин. Биз юқоридан туриб кун тартибини белгилаб қўювчиларнинг айтганларини тасдиқлаб берувчи кишиларга айланиб қолганимизни тушунишимиз керак. Бу кечириб бўладиган ҳол эмас. Ҳар қанча доно киши бўлса ҳам, раҳбарият, майли ишонишимиз керак, ҳурмат қилишимиз керак, лекин 500 депутатни сайлаб қўйган бўлса, буни номини сессия деб қўйган бўлса, бу одамларнинг ҳам фикрини инобатга олиши керак-да ахир! Агар инобатга олинмайдиган бўлса, юқоридан айтиладиган ҳамма гаплар тасдиқланиб юбориладиган бўлса бу одамларнинг нимага кераги бор? Шунинг учун мен таклиф қиламан, мана шу икки таклиф бўйича масалани овозга қўйишингизни.

ИЗOҲ: Олий Кенгаш регламенти бўйича депутат таклиф қилдими раис уни овозга қўйиши ва қабул қилиб, қилинмагани шу йўл билан ҳал этилиши керак. Лекин…

ЙЎЛДОШЕВ: Бу иккита масала ҳам кун тартибига киритилиб бўлди, Декларация тўғрисида гаплашдик. Ўша ерда ҳуқуқ, эркинлик ҳақида ҳамма гап бўлади. Муҳокама даврида бунақа гапларни гапириш керак. Энди мани таклифим бор, мана шу киритилган таклифларни эътиборга олиб, кун тартибини тасдиқлаш.(Залда норозилик.)

Мана кун тартиби бўйича уч кишига сўз бераман.

ИЗOҲ: Каримов “Тугатинг”, дейди Йўлдошевга.

ЙЎЛДОШЕВ: Шу билан тамом.

САЛИМОВ-292-Булунғур сайлов округидан Салимов. Биринчи сессиялар яхши ўтди. Биринчи сессиямиз олти-сакиз кун давом этди. Кейин уч кун давом этди. Кейингилари ҳаммаси бир кунда тугаяпти. Лекин жуда кўп қонун қабул қилаяпмиз. Қонунни 5 ёки 10 минутда битта одамнинг информацияси билан қабул қилинмайди. Масалан ГАИ ходимлари, умуман милицияни кучайтириш бўйича қонун биринчи мартада қабул қилинмади. Иккинчи марта раёсатдан туриб гапирган одамларнинг гапи бўлгани учун ҳаммаси…. поимённий бўлгандан кейин ҳамма фамилия олдида туради, шуни учун қўрққанидан кўп одам ўшани яна қайтадан сайлаб юборади-да. “Ёпиқ” деган нарса бор, “очиқ ” деган нарса бор.

ИЗOҲ: Бу ерда депутат овоз беришдаги муаммони айтмоқда. Овоз беришдан олдин раислик қилувчи масалани ёпиқ ёки очиқ овозга қўйишни тасдиқлатиб олиши керак. Агар ёпиқ бўлса, овозларни қайд этиш машинаси исмларни кўрсатмаслиги керак.

САЛИМОВ: Масалан, актуал масала кўрилган пайтда ёпиқ овозга қўйилсин, деб айтиш керак. Буни бизга ўрнатган пайтда айтди-ку, ёпиқ овозга қўйилсин, деган пайтда бу ерда ўтирган одамларнинг биттасининг ҳам фамилияси тушмайди, деди. Лекин шунинг учун ҳам жуда кўп масалалар оғир бўлаяпти.

Иккинчидан, мана бу сессияларни олиб боришда жуда катта хатоларга йўл қўйилаяпти.Чунки парламент ишида депутатлардан ҳаммаси қатнашган эмас. Энди биринчи навбатда қатнашаётган одамлар бор. Раисдан илтимос, мана илгари, майли кўриб чиқамиз ва залга учта микрофон ўрнатамиз, деб айтган эди. Мен ўзим врачман, лекин биламан-ки мана шу ўтирган жойимиздаги битта микрофонни олиб, залга қўйса ҳам ўша микрофон бўлиб ишлайди. Мен электроник эмасман. Ҳозир масалан, ёнимда ўтирадиган Виктор ака билан гаплашиб ўтиргандим, шуни қилиш мумкин эди.

Учинчидан, шу ерда “Халқ сўзи” газетасининг редактори Аҳмаджон Мухторовни бизлар ҳаммамиз давлат арбоби, деб сайладик, редактор қилиб, лекин кечагида Раёсат уни олиб ташлади. Кеча таклиф киритилди, Аҳмаджон акани яна қайтадан қўйиб, ўзидан эшитайлик. Раёсатнинг ҳужжатлари ҳаммага тарқатиб берилсин, дедик. Ҳозирги редактор ҳам Самарқанддан. Аҳмаджон ака ҳам Самарқанддан. Мен у киши бўлсин ёки бу киши бўлсин, деб айтмоқчи эмасман. Лекин бу ҳам сессиянинг ишлари бутунлай оғирлашиб кетаётганидан далолат беради.

Кейин мана кўп масала кўрсатилаяпти. Масалан, Конституциянинг бузилмаслиги ҳақида. Масалан менинг шахсан ўзим сайланаётган пайтимда мени судга беришди. Агар депутат бўлиб сайланмаганимда мени қамар эди, депутат бўлганимдан кейин “Сизнинг ишингизда ҳеч нарса йўқ экан” деб қўйган. Шунинг учун суд масаласи, КГБ масаласи, ҳарбий комиссариат тўғрисидаги масала ҳаммаси Раёсатга эмас, асосий сессияга қулоқ солиб ҳал этилиши керак. Лекин экстренний масала бўладиган бўлса уни ҳам чиқиб айтиш керак.Лекин бугун ҳам…

ИЗOҲ:Тугатинг, деган қўнгироқ чалинади.

САЛИМОВ:3-мунут гапираяпман…Сессияни бугун тугатиш масаласида. Қўйилаётган масалаларни муҳокама қилиш қанча давом этади билмайман, лекин уларни эшитиш керак. Кейин яна битта нарса, депутатларнинг ўтирадиган жойлари алмашиб кетган. Кўп одам таклиф қилинган, уларнинг кимлигини ҳам билмаймиз. Ким ер тепаётгани ҳам билинмайди. Масалан Шавкат Муҳитдинович, сиз “Муҳокамани тўхтатамизми?”, десангиз, икки томондан иккитаси туриб “Тўхтатамиз” дейди. Сиз бу ёқда турган одамларга қарамайсиз-да, ўша икки кишига қараб, “Тўхтатамиз” дейсиз. Шунинг учун бу нарсаларни қайтадан қaрaб чиқилишини сўрайман.

ЙЎЛДОШЕВ: Демократияни ҳар хил тушунар эканмиз-да. Шу… Йўқ сиз учинчи марта чиқаяпсиз, Жаҳонгир ака.

ИЗOҲ:Мен бир минит учун сўз сўрайман, дейишимга қарамасдан ҳам раис сўз бермайди.

ЙЎЛДОШЕВ:Мен мана ваъда қилганман, иккита ўртоқ. Аниқ таклиф учун….

АЛИЕВ: 348-Қумқўрғон сайлов округудан Алиев, ҳурматли депутатлар.Мен аввалло Олий совет президумига шундай депутатлик сўрови билан мурожаат қилмоқчиман. Ўтган 5-сессиядан кейин Ошкоралик қўмитаси призидиум томонидан тугатилди. Кейин навбатдан ташқари сессиядан олдин қўмита яна қайтадан тикланди. Ваҳоланки қўмитани тугатиш ёки унинг таркибига ўзгартириш киритиш фақат сессиянинг вазифасига киради. Шу масала бўйича Шавкат Муҳитдинович, депутатлик сўровига жавоб берсангиз.

Иккинчидан, менинг сессия кун тартибига шундай қўшимчам бор. Шу йилнинг 18-21 август кунлари мамлакатда давлат тўнтариши бўлди. Шу масала бўйича ҳам Ўзбекистоннинг адресига жуда кўп тошлар отилди. Мен бу борада бошқа жумҳуриятларда бўлгани каби бизда ҳам депутатлар бу масалани муҳокама қилиб, ўз фикрларини билдиришларини илтимос қилардим. Чунки мен ўзим “Ахборот”да кўрдим, мана шу ерда ўтирган катта мансабли депутатлар Янаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонда тартиб бор, деган гапларини “Мана, бу Янаев томонидан бизга берилган катта баҳо” деб айтган гаплари менинг қулоғимдан кетгани йўқ. Адашган бўлсам кечирим сўрайман, лекин шу масала бўйича фикрларингизни билдиришларингизни сўрайман.

ҚОДИРОВ: 45 сайлов округи, Бахтиёр Қодиров. Ҳозир кўтарилаётган масалалар сиёсий ва жуда муҳим. Лекин мана президентимиз айтганларидек, республикамизда иқтисодий аҳвол жуда оғир. Афсуски нима бўлаяпти, иқтисодий томондан қаёққа кетаяпмиз, депутатлар хабардор эмас. Республикамиз иқтисодий борада дунёдан четланиб қолди. Ҳозир бизлар янада марказлаштириш бўйича кетаяпмиз. Тадбиркорликни ривожлантирамиз, деймизу лекин амалда ҳеч гап йўқ. Шунинг учун мен таклиф қилардим-ки, бугунги сессияда албатта президентимиз ҳозирги иқтисодий аҳвол ва қандай йўлдан борамиз, деган мавзуда аниқ, батафсилз информация берсинлар. Шуни тушуниб, қаёққа кетаётганимзини билиб, ўшандан кейин президент сайлови ҳақидаги қонунни ва кимни тавсия қилиш масаласини кўрсак. Бу масала кун тартибига киритилгандан кейин мен ўз фикримни янада батафсил айтаман. Мен нима учун бу масалани таклиф қилаяпман. Март ойида нархлар ошишидан олдин мен президентдан очиқ ойдин сўраган эдим. Ўртоқ Ислом Абдуғаниевич, қайси йўлдан биз юрамиз? Қандай программа бўлади, деганда, Горбачев билмаса, ман қаердан биламан, ана олимлардан сўранглар, деб жавоб берган эдилар. Мана шунча вақт ўтди, ман ўйлайман-ки, Ислом Абдуғаниевичнинг аниқ программалари бор. Ҳозир биз мустақил бўлдик, демак, Олий кенгаш қайси йўлдан боришимизни билиши керак.

ЙЎЛДОШЕВ: Энди ўртоқлар бу таклиф бизнинг кун тартибимизда бор. Биз ҳамма масалани аралаштириб юборишга ҳаққимиз йўқ. Президентни сайлаш ҳақидаги қонун ўз йўлида, бу қонунни қабул қиламиз. Ким президент бўлади, кимни номзод қилиб кўрсатамиз, ўшанда ўз прогараммасини айтадими, бу мутлақо бошқа масала. Биз шунинг учун ҳам уларни кун тартибида бўлиб-бўлиб қўйдик. Қонунни қабул қилиш, номзодни белгилаш ва сайлов кунини белгилаш. Вакиллар йиғилишида номзод қилиб Ислом Абдуғаниевич Каримов кўрсатилсин, деб таклиф киритилди. Мендан чиқмади бу таклиф. Манимча Пиримқул Қодиров биринчи айтдилар. Бошқа ўртоқлар қўллаб қувватлади. Шунда Олий кенгашда номзодлар муҳокама қилинганда ўша номзод сифатида чиқиб айтади.

ИЗOҲ: Залдан депутат Тойиба Тўлаганова минбарга қараб юради ва сўз сўраб раисга термулиб туради. Лекин сўзни яна Каримов олади:

КАРИМОВ: Қисқача справка бериш мумкин. Бу таклиф тўғри. Ўзбекистонда аҳвол бошқа жойларга қараганда ҳам кескин, депутатлар албатта ахборот билиши керак, бугун аҳвол қандай, эртага нима бўлади, йилнинг охиригача қандай бўлади, ҳар қандай фуқаронинг тақдири қандай бўлади, ризқи-рўзи қандай бўлади, 92-йилга қандай тайёргарлик кўраяпмиз ва умуман мамлакатда бўлаётган аҳвол қандаю Ўзбекистон ўзининг эртасини қандай кўраяпти? Бу талаб қонуний талаб, бу талаб бўйича президент ҳам, бошқа арбоблар ҳам депутатлар олдида ҳисоб беришга мажбур. Кейин эсимиздан чиқармаслик керак, ҳамма гапларни халқимиз эшитаяпти. Шу нуқтаи назардан ҳам бу гаплар ҳаммаси халойиққа етиб боради. Шу нуқтаи назардан ҳисобот бериш эмас, балки маълумот беришни мен жони дилим билан қабул қиламан. Ман билганимни, ўз режаларимни, раҳбарият режаларини сизларга, айтайлик, ўртоқлашишга ман тайёрман.

ЙЎЛДОШЕВ:Демак, президентнинг маълумотини эшитиш кун тартибига киритилсин, дейилаяпти.

ИЗOҲ: Залдан СССР халқ депутати Золотухин ва мубораклик депутат Мурод Жўраев сўз талаб қиладилар. Август воқеаларини, яъни Москвадаги давлат тўнтариши ҳақидаги масалани кун тартибига киритиш талаб қилинади, депуталар Воҳид Азамов ва Самандар Қўқонов Ўзбекистон раҳбарларининг Горбачевга қарши фитнага қўшилгани масаласини кун тартибига киритишни талаб қилиб, ўринларидан туриб гапира бошлайдилар.

ЙЎЛДОШЕВ: Энди, у Август воқеаларига бир ярим ой ўтгандан кейин бу ерда баҳо беришнинг нима кераги бор! Марказий комиссия тузилган СССР Олий кенгаши томонидан. Агар бизнинг жумҳуриятга тегишли гап бўлса, ана ундан кейин ўша ахборотни кўришимиз мумкин. Ҳозир нима деймиз? Биз муносабатимизни ўшандаёқ айтганмиз. Мана бизда масала бор инсон ҳуқуқининг эркинлиги тўғрисида, ўшанда фикрларни билиш мумкин. Ман мана шу қўшимчалар билан кун тартибини овозга қўяман.

ИЗOҲ: Залда яна норозилик.

ЙЎЛДОШЕВ: Ошкоралик комитети тўғрисида айтдингиз. Буни мен сессия давомида сизга жавобини бераман, дедим. ГКЧП га муносабатимизни айттингиз… Энди битта аёлга сўз берамиз шу билан тамом.

ИЗOҲ: Каримов кун тартибини овозга қўйинг, дея раиснинг биқинига туртади.

ЙЎЛДОШЕВ: Мана Муқаддам Умаровнага сўз берамиз, бўлди. Генарал масаласида эса СССР халқ депатутлари сессиямизда қатнашиши мумкин, лекин ишимизга аралашиши керак эмас. Ўтиринг, ўртоқ Золотухин.

ИЗOҲ: СССР Халқ депутати бўлган Золотухин Ислом Каримовнинг ГКЧП давлат тўнтаришидаги иштироки ҳақида ҳужжатли маълумотим бор, дейишига қарамасдан унга қулоқ солинмайди. Тошкент шаҳар Киров сайлов округидан сайланган ва Олий кенгашда ишлаётган депутат Муқаддам Умаровага сўз берилади:

УМАРОВА:(Русча гапиради) 12-Киров сайлов округидан Умарова. Кун тартибини асос қилиб қабул қилишдан олдин мен сўз сўраганимга қарамасдан менга сўз бермаганлари учун мана шу масалага қайтишга мажбурман. Иккита масала қўшимча равишда кун тартибига киритилмоқда. Бу президент сайловининг вақти ва президентликка номзод кўрсатиш ҳақида. Лекин ҳали президент сайлови ҳақидаги қонун қабул қилинмасдан қандай қилиб бу масалалар кун тартибига киритилиши мумкин. Бугун қўлимизга берилган қонун лойиҳасининг 25-моддасида президентлика номзод Олий кенгаш томонидан ва сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши айтилган. Балки биз мана шу жойни қабул қилмасак, у ҳолда нима бўлади? Шундай экан, қандай қилиб йўқ нарсадан кейинги масалани кун тартибига киритиш мумкин. Балки умуман бу қонунни қабул қилмасак-чи?

ЙЎЛДОШЕВ: Агар қонунни қабул қилмасак, автоматик равишда у иккита масала кўрилмайди.

УМАРОВА: Мазкур қонун лойиҳасида президент сайлови Олий кенгаш ва ёки президиум томонидан белгиланиши айтилган. Балки бу ҳам муҳокама жараёнида ўзгарар. Лекин биз қонун қабул қилингани каби ундан келиб чиқадиган масалаларни кун тартибига киритмоқдамиз. Иккинчидан, Ислом Абдуғаниевич, вице-президент вазифасини йўқотиб Бош вазирни тайинлаш масаласини кун тартибига киритдилар. Бу масала ҳали Конституцияга киритилмаган ва биз буни кун тартибига қўшмоқдамиз, демак, аввал Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ундан кейин бу масалани кўришимиз керак. Кун тартибида Конституцияга ўзгартириш киритиш жойи ҳам бор. Лекин у бошқа ўзгартиришлар ҳақида, бу масала ҳақида эса гап йўқ. Мен бугун бу масални кўтаришга қарши эмасман. Аммо қонун қоида бўйича қилайлик демоқчиман. Ман кўтарган масалани овозга қўйишингизни илтимос қиламан.

ЙЎЛДОШЕВ: Бўлди, ман микрофонни ўчирдим.

ИЗOҲ: Сурхондарёлик деҳқон Амирқулов минбарга чиқиб олади ва Марат Зоҳидовнинг иддаосига қарши гапиради.

АМИРҚУЛОВ: Сурхондарё 338-Янгиобод сайлов округи. Мана бугун эшиттик. Касални яширсанг, иситмаси ошкора қилади, дейдилар. Секин-секин юзага чиқаяти. Мен сўзга чиқиш учун ҳеч қандай кўнглим йўқ эди. Мен шу Шукрулло Мирсаидовни жуда яхши биламан. Мен депутат сифатида 200 вагон қувур олиб келганман. Москвада мен билан Россия ташкилот раҳбарларини учраштириб қўйган шу одам. Қачонгача мансаб талаш бўлади. Ўртоқ Ефимов, Мирсаидов мансабга талашаяпти, деб бояги гапни айтган экан, у одамда мансабпарастлик йўқ, шунинг учун Ефимов шу ерга чиқиб, шу сўзига жавоб берсин, Бошқа гапим йўқ.

ИЗОҲ׃ Залда сесия олиб борилишига қарши норозилик. Йўлдошев яна бир депутатга сўз беришга мажбур бўлади. Самарқандлик депутат Маҳмудов минбарга чиқиб, гапира бошлайди.

МАҲМУДОВ:- 6-сессияда мен бир саволларни ёзиб раҳбарларга берган эдим. Бу шундай саволлар эдики, 15-20 дақиқада жавоб тайёрлаб айтиш мумкин эди. Ўртоқ Йўлдошевга ёздим, жавоби йўқ. Президентга ёздим, жавоби йўқ. Жўрабековга ёздим, жавоби йўқ, давлат Радио телевидение раиси Ганжа Ёқубовга ёздим, жавоби йўқ. Мен илтимос қиламан, ҳар бир сессиянинг охирида мана шу ерга чиқиб саволларга жавоб беришсин. Шу кун тартибга киритилсин.

ИЗOҲ: Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон сайлов округидан сайланган депутат, айни пайтда вице-президент Шукрилло Мирсаидов минбарга чиқади.

ЙЎЛДОШЕВ: Шукрулло Раҳматович, кун тартиби бўйичами ёки жавоб берасизми?

МИРСАИДОВ: Жавоб… Ўртоқлар, энг аввал ҳам бор мен сизларни ҳамжиҳатлик, бирликка чақирмоқчиман.Чунки ҳаммамизнинг орқамизда халқ турибди. Биз ҳамжиҳат бўлмасак, бир-биримизни қўллаб қувватлмасак халқ бизни кечирмайди. Энди ҳалиги кўтарилган масалалар бўйича. Бу ҳам халқ душманларининг иши. Қачонгача Москвадан келиб бизларга ақл ўргатади? Бунақа маломат тошлари мени бошимга жуда кўп тушган. Мен билан бирга ишлайдиган одамларнинг ҳаммаси билади.

Мени ўртоқ Анишечев (1984 йилда “тартиб” ўрнатиш учун Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби сифатида Москвадан юборилган шахс-ЖМ) таъқибга олган, бир пайтлар 11 яшарлигида отаси қамалган деб, лекин архивдаги оқланган материални йўқ қилиб юборган. Ана ўшанда ҳам айтганман, ўртоқлар мани шаҳар сессиясига олиб чиқингларда, мен кетай, деб. Мени Сатин (“Тартиб” ўрнатиш учун Тошкент шаҳар партия комитетига раҳбар қилиб юборилган шахс-ЖМ) ҳам таъқибга олган, шаҳардаги бўлаётган ҳамма ишларни менга тақаб. Бир иккита корхоналарининг, шу оғаларимиздан бўлган раҳбарлари Тошкент шаҳрига четдан ишчи олиб келганда бу ишчи кучи келишига қарши чиқиб, буни йўқ қилиш мақсадида 16.800 сўмдан налог чиқарганимизда улар бизнинг ҳуқуқимизга қарши чиқаяпти, деган. Чунки Тошкент шаҳрида ўзбеклар камайиб кетган вақт эди. Ана шунда Бош прокуроргача ёзиб, жиноий ишлар ҳам қўзғатмоқчи бўлишган.

Бугун сизлар муҳокама қилаётган гапларни мен бир йил олдин айтганман. Орқаваротдан эмас. Президент кенгашида айтганман. Президент кенгашида ман таклиф киритганманки, ўртоқлар президентимизни халқ сайлаши керак. Халқ сайловидан ўтишимиз керак, деб. Ана ўшанда ҳурматли Ислом Абдуғаниевичга ҳам айтганманки, “Ислом ака, ҳозир халқнинг ҳаммаси бизларни қўллаб-қувватлаб турган пайтда президент сайловини ўтказиб олсак яхши бўларди. Кейин қийин бўлади, деганман. Президент кенгаши аъзолари бу таклифни мана Мирсаидов таклиф қилаяпти, деб кенгашга олиб чиққан. Буни ҳам бўйинга олиш керак. Кенгашда бир-иккита хушомадгўйлар, келгусини билмайдиганлар айтишди-ки, ҳозир олиб чиқсак, халқ иккига бўлиниб кетади, деб. Энди олиб чиқсак, тўртга бўлиниб кетаяпти-ку? Шу билан тўхтатишди.

Лекин ана ўша Ефимов, ундан кейин Берков дегани, Совминнинг биринчи муовини эди, ҳозир кетди, мен у билан ишламаймиз, деганимдан кейин уни президент кенгашига олиб, кейин Москвага яхшилаб кўтариб, жўнатиб юбордик. Ефимовлар гап тарқатди ўшанда ҳам Мирсаидов амал талашаяпти, деб. Ана ўшанда Бош вазирлик тугатилиб Президент ҳузурида Вазирлар маҳкамаси тузилди ва вице-президент вазифаси жорий этилди.

Мана шунда ҳам гап чиқмасин, қачонгача ўзбек халқига тавқи лаъанат келадики, булар амал талашадиган экан, қачонгача булар бир-бирининг устидан, орқасидан гап қилиб юрар экан деб, тишни тишга қўйиб, нима дейилса ўша деб келдим. Лекин ўз вазифамни халқимни олдида виждонан ҳалол, рўйростлик билан айтиб ўтаманки, бажариб келдим. Кейинги пайтда бир хил гап сўзларга киришиб мани практик ишлардан узоқлаштиришлар ҳам бўлди. Бу менга зарар бўлгани йўқ. Бу иқтисодга зарар келтиришини ман президентга ҳам айтдим. Бундан 15 кун олдин, агар ман амал талашадиган бўлсам, мана Ислом акам, ўзлари тасдиқлашлари мумкин, яъни Москвага Россия билан шартнома тузишга кетишдан олдин кириб айтдим, келинглар мани тинч қўйинглар, ман шу чиқиб кетай, ман ишламайман, манга рухсат беринг, келганда ҳам айтдим, кеча ҳам айтганман, бундан беш кун олдин ҳам айтганман.

Сизлар мени Совмин раиси қилиб сайлаётганларингизда ҳам айтганман. Сайласаларинг ҳам шу ишни қиламан, сайламасаларинг ҳам деб.

ИЗOҲ: Шу ўринда изоҳ бериш керакки, Министрлар кенгашининг олдинги раиси Мирқосимов Паркентда қон тўкилишига аралашгани сессияда кўтарилиб, унинг сайланмай қолиши аниқ бўлганда Ислом Каримов унга алтернатив ўлароқ Мирсаидов номзодини кўрсатган, унга ҳам эътирозлар бўлган ва Каримов уни мард, жасоратли, фидойи раҳбар дея мақтаган эди. Ўшанда Мирсаидов эътирозларга жавобан истасанглар сайланглар, истамасанглар йўқ, деган эди. Энди ўша сессияга ишора қилмоқда.

МИРСАИДОВ: Шунинг учун мен қаерда ишлар эканман, ўзимнинг халқимга, ўзимнинг юртимга хизмат қиламан. Шунинг учун манга амалинглар керак эмас. Шунга қараб хулоса қилинглар. Мана вице-президент дейдими, бало дейдими, баттар дейдими, амал деган нарса керак эмас.Шунинг учун ман ҳозир сизларга айтишим мимкин, манга амалнинг кераги йўқ. Мен ҳеч қачон, ҳеч кимга бўйсуниб ишламаганман, ишламайман ҳам. Мен ҳалиги, тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни хохлайман. Шунинг учун эътиборларинга раҳмат, мани тинч қўйинглар.

ИЗOҲ: Мирсаидов минбардан тушиб зални ташлаб чиқиб кетди. Бу эса унинг ҳам сиёсий ва ҳам шахсий ҳаётига зулмнинг зарбаси тушиши учун йўл очди.

ЙЎЛДОШЕВ: Эътибор учун қабул қиламиз бу ахборотни, демак ўртоқлар кун тартибини айтилган масалалар бўйича тасдиқлашни таклиф қиламан…

Видео тасма мана шу ерда узилган… давоми юқорида сўзга чиққанларни қоралашга айланиб кетган бу сессияга бугунга қадар берилган уч баҳога қайтамиз.

Каримов гуруҳи бу сессияни тошкентликлар уюштирди ва уларнинг менга қарши фитналари эди, бошида Мирсаидов турганди, деган фикрни сесиядан кейин ҳам кўп такрорлади. Бу фикрни мухолифатдан ҳам баъзилар бир муддат қўллаб келдилар, сўзга чиққанлар орасида Мирсаидовнинг ўзи билан бирга 4 киши тошкентлик эди, холос. Улардан бири Марат Зоҳидов эса унга қарши гапирди. Сўзга чиққанларнинг аксарияти самарқанликлар эди ва Сурхондарё, Сирдарё, Бухородан чиққан депутатлар ҳам Каримовни ҳимоя қилганлари йўқ. Аксинча унинг сиёсатига қарши эдилар. Бу эса 7- сессия тошкентликларнинг фитнаси эди, деган гап уйдирма эканлигини исботлаб турибди.

Рус инқилобидан олдинги Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари ўртасидаги низоларни Совет даврида шўролар усталик билан қўлланиб келишди. Мансабларни тақсимлашдан ҳатто олий ўқув юртларига талабалар қабулига қадар ана шу мезондан келиб чиқиб иш тутдилар. Бу эса аслида бир халқ бўлган миллатни уч-тўртга бўлиб, бу бўлинишни одамларнинг онгига сингдириб юбориш эди.Ҳатто бугун ҳам кимларнидир айблаш учун “самарқандликлар”, “тошкентликлар” ёки “фарғоналиклар” калималарини қўлланиш одат тусига кирган. Ўзини зиёли, демократ деб ҳисоблаганлар ҳам бу зеҳниятнинг қулига айланганлар.

Каримовчилар “тошкентликлар фитна уюштирди”, деган гапни тарқатиш билан қолган содда авомни ўзи томонга жипслаштиришнинг йўлини топди ва ҳокимиятини мустаҳкамлади.

Ҳокимиятни қўлда сақлаш учун ҳамма жирканчликларга борилади, деган гап бор. Аммо қўлида ҳокимият бўлмаган баъзи бировлар ҳам шу гапни бир муддат айтиб юрганлари зеҳниятнинг занги осонликча кетмаслигини кўрсатади.

Иккинчи иддао эса, бу ишнинг ортида Москва турибди, дейилган гап ва бу даъвонинг муаллифи Марат Зоҳидов эди. Аммо унинг талаби билан бу масалани ўрганиш учун Олий кенгаш, Ислом Каримовнинг маддоҳларидан иборат комиссия ҳам бу сессияни Москвага боғлай оламади.

Гап шундаки сессия бораётган пайтда Москва телевидениеси Тошкентда депутатлар Каримовни ағдармоқдалар, дея хабар тарқатди. Хабар манбаи эса “Известия”нинг Ўзбекистондаги мухбири Шахобиддинов. Ўша кезда депутатлар орасида Москвадан узоқлашиш руҳи бор эди. Бу айниқса, демократ депутатлар орасида кучли эди. Каримов сиёсатига қарши чиққан депутатларнинг аксарияти мустақиллик курашчилари бўлиб, Каримовни Москванинг одами, деб ҳисоблардилар. Шу боис ҳам исёнда Москванинг қўли бор, деган гап кўп яшамади.

Ниҳоят учинчи баҳони мазкур сессияда “бу коммунистларнинг фитнаси”, дея Каримовни ҳимоя қилиб сўзга чиққан депутат Салай Мадаминов, яъни Муҳаммад Солиҳ яқинда ўртага қўйди.

“Муҳаммад Солиҳнинг “Озод овоз”ташкилоти директори Бобомурод Абдуллаев билан суҳбати, 2002 йил, 7 Ноябр, Норвегия, Осло шаҳри.” (Эслатма:Мазкур суҳбат www.ozodovoz.org ва www.uzbekistaнerk.org  веб саҳифаларида чиқди):

ОзодОвоз“: Сиз Ўзбекистоннинг ўн йиллик мустақиллик даврида Каримов режими Сизни, қариндошларингиз, яқинларингиз ва дўстларингизни қамоққа ташлаганини айтдингиз. Бугун шуларнинг ҳаммасини кўргач, 90-йилларнинг бошида парламент сессияларининг бирида Ислом Каримовни ўша пайтдаги Бош вазир Шукрулла Мирсаидовдан ҳимоя қилганингизга пушаймон қилмайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Йўқ. Бу ҳақда пушаймон қилмайман. Чунки Мирсаидовнинг таклифига қарши чиқиб, мен сиёсатдаги уруғ-аймоқчиликка қарши чиққандим. Ўшанда Мирсаидовнинг шу таклифи ортида мамлакатдаги сиёсий ҳокимиятни ўз қўлига олишга шай турган баъзи уруғ аймоқлар бор эди. Мен ҳамма вақт сиёсатда уруғ-аймоқчиликни ёқтирмаганман. Чунки уруғ-аймоқчилик миллатимизни фожеaга етакловчи, унинг шаклланишини тўхтатиб қўювчи касалликдир. Ўшанда мен Каримовни ҳимоя қилиш учун эмас, жаноб Мирсаидовнинг иккиюзламачилиги ва ёлғонига қарши чиққандим. Бу нарса ўз-ўзидан рўй берганди. Мен Каримовга қарши фитна тайёрланаётганидан бехабар эдим. Ҳар галгидек мен Каримовни танқид қилишга тайёрланаётгандим. Бирдан ҳар сессияда Каримовнинг ёнини олиб унга қарши айтилган танқидларга норозилик сифатида оёғи билан полни уриб ўтирадиган Мирсаидов чиқиб, президентни танқид қила бошлади. Мен ҳайратда қолдим. Мен бу ўзгариш, иккиюзламачилкка қарши чиқдим. Натижада менинг чиқишим Каримовга қарши тузилган коалицияга катта зарба бўлди ва Каримовга тахтда қолишга ёрдам берди…”

Юқорида Мирсаидовнинг сўзлари… У Каримовни танқид қилган эмас, аксинча ўз шаънига айтилган гапларга жавоб бериб, амал истамаслигини таъкидлаб, ҳатто сессияни ташлаб чиқиб кетди. Қолаверса, бу сессияда сўзга чиққанлар кимга уруғу кимга аймоқлигини ҳам кўрдингиз. Баҳони ўзингиз беринг.

Хуллас, нима бўлганда ҳам 7-сессиянинг қўлимизга етган видеотасмаси бугунга қадар сиёсатда қўлланиб келинган уйдирмаларга чек қўйди ва кимнинг ким эканлигини кўрсатиш учун, тарихни уйдирмалар эмас, ҳақиқат тўлдиражагини исботлади.

7-сессия Ўзбекистонда қайта қуриш ва Ошкоралик туфайли куртак отган демократиянинг сўнгги куни эди. Мустақилликнинг душманлари бугун мустақиллик қаҳрамони бўлиб юрган бир пайтда демократиянинг қотиллари демократия курашчисиман, деб юрганига эса асло ажабланмаса ҳам бўлади.

16. ДЕВОНДАГИ ДЕВОНАЛИКЛАР

Еттинчи сессияда Каримов ҳақиқатдан ҳам кўп хато қилгани, муҳокама унга дарс бўлганини ўзи ҳам айтганига қарамай демократ депутатларга ҳужум бирдан кучланиб кетди. Бундан руҳланган Каримов ҳам ҳужумга ўтди ва бизни “бир ҳовуч қора кучлар” дея айблай бошлади.

Мен  ўрнимдан турдимда:

-Ислом ака, бундан бир неча дақиқа олдин хатоларингизни тан олиб тургандингиз, энди эса тўнни тескари кийиб олдингиз,-дедим.

Шундан кейин яна залда руҳланиш бошланди ва сўзга чиқишни истаганлар минбарга қараб юра бошладилар. Каримовнинг ишораси билан Йўлдошев танаффус эълон қилди.

Бир гуруҳ депутатлар Каримовни ўраб олдилар. Ҳамма ҳар нарса дер эди. Каримов бизга юзланиб׃

-Бу ерда ҳар хил одамлар ва ҳар хил масалалар айтилмоқда. Мажлисдан кейин мен ҳам қолайин, сизлар ҳам қолинглар, бутун муаммоларни келишиб олайлик,-деди.

“Келишиб олган билан нима ҳал бўлади?” дедик биз.

-Агар мен айтган гапга ишонмасангизлар, майли ўртада протокол тузамиз,-деди у.

Бу гапни эшитган “исёнчи” депутатлар жим бўлдилар.  Дарҳақиқат, танаффусдан кейин Каримов сайлов ҳақидаги лойиҳа ва бошқа муҳокамаларни кун тартибидан чиқариб олди. Биз буни ғалаба, деб ўйладик. Аслида эса бу Каримовнинг усталиги экан. Чунки у эндгина сўнган аланга яна қайтадан олов олиб кетмаслиги, сўнгги чўғига қадар ўчирилгандан кейин масалага қайтишни режалаган экан. Биз партия идораларида ишламаган, КГБ сабоғини олмаган ва юқоридаги ўйинларни билмаган содда депутатлар “Каримовни синдирдик” дея гердайиб ўтирардик.

Каримов “Кимнинг менда гапи бўлса қолсин, қолганларга жавоб” деди ва юзга яқин депутат қолдик.

У Равил Абдуқодировга протокол юритишни топширди.

Биз сиёсий масалаларни айтар эканмиз, бир икки киши доим гапни бошқа томонга буришга интилар эди. Масалан, Номоз Саъдуллаев қайта-қайта ўрнидан туриб, у сайланган Қўшработ туманидаги қайси бир хўжаликка янги трактор ёки шунга ўхшаган бир нарса лозимлигини айтарди. Бу эса бошқаларга ҳам таъсир қилиб, улар сиёсий масалалар четда қолиб, ўзларининг туманларига нимадир сўраш ва буни протоколга ёздириш бўйича мусобақалашиб кетдилар.

Шунга қарамай, биз Ошкоралик қўмитаси ёпилиши хато бўлгани, “Халқ сўзи” газетасининг Бош муҳаррири ишига дарҳол тикланиши, матбуотга эркинлик бериш, мухолифат гуруҳларига босқи ўтказмаслик каби бир қанча сиёсий талабларни ҳам ёздирдик. Ҳатто, Аҳмаджон Мухторов ўша киниёқ ишга тикланди. Аммо булар вақтинча тадбирлар эканлиги ва Каримовнинг калласида сайловга қадар ўйин ўйнаш режаси борлигини билмаган бизларга бу қадамба қадам ғалаба бўлиб кўринар эди. Демократия ғалаба қилмоқда, деб ўйлардик. Аслида эса, демократиянинг сўнги учқунлари ҳам сўндирилаётган экан.

Икки соатлик муҳокамадан кейин кимдир:

-Бу талаблар қачон бажарилади ва ким назорат қилиб, ким ҳисоб беради?-деди.

Шунда Каримов:

-Бўпти, ораларингдан бир кишини танланглар, бу ишнинг назоратини унга топширамиз,-деди.

Кейин бир зум ниманидир ўйлади-да:

-Мен президент девонида янги бир лавозим ташкил қиламан ва шу одам фақат ана шу протоколда ёзилганларни назорат этиш ҳамда менинг сизлар билан учрашиб туришимни амалга ошириш билан шуғулланди. Мана мажлисда кўрдинглар. Мен ишониб юрган одамларнинг ҳаммаси писиб ўтирди, аблаҳлар. Бирортаси чиқиб кўксини қалқон қилган эмас. Мен кимга ишонишим керак? Атрофимда ҳаммаси эски коммунистлар, фикри, калласи қотиб қолган одамлар. Мен ҳам демократия қилишни, шу мамлакатни оёққа қўйишни истайман. Бугун сизлар менинг кўзимни очдинглар. Аслида менинг ҳақиқий дўстларим сизлар экан. Мен сизларга суянишим керак экан. Сизлар билан бир бўлишим керак экан,-деди.

Унинг кўзларида ёш ҳалқаланганидан бу гаплар юрагидан отилиб чиқаётганига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Унинг ролни маҳорат билан ўйнаши залда ўтирганларнинг тушига ҳам кирмаганди.

-Хўп,-деди Каримов қани кимни кўрсатасизлар?

Депутат Ойгул Маматова:

-Буни Жаҳонгир уддалаши мумкин,-деди.

Каримов бир зум ўйланиб, кейин менга қараб, термулиб қолди. Шошиб қолдим. Чунки бир неча дақиқа олдин, Ошкоралик қўмитасига тазйиқ тўхтатилиши ҳақидаги гапни ҳам протоколга киритган эдик. Қўмита раисининг ўринбосари лавозимида фаолиятимни давом эттиришни истардим. Президент айтаётган иш, ҳукуматда бўлиб қўлимни боғлаши ва қўмитадан ажратиши аниқ эди. Чунки ҳам қўмитада ишлаб, ҳам телевидениеда шарҳловчилик қилганимда Ислом Каримов раёсат мажлисида:

-Мана менинг қўлимда бир таклиф бор. Бу таклифни бир депутат киритган. У халқ вакиллари ҳукумат ишида ишласалар депутатликни топширишлари лозим, деган ҳақли талабни қўйган.  Менимча бу ишни Олий мажлис қўмиталаридан бошлаш керак. Бу ерда ишлаб телевидениедан ҳам маош олиш мумкин эмас…,-деганди.

Ҳали телевидениедан маош олиб улгурмаган ҳам эдим. Аммо “Депутат минбари” деган кўрсатув тезда шов-шувларга сабаб бўлганди. Каримовнинг қариндоши бўлган Жомбой туманининг биринчи котиби мухбирнинг телекамерасини синдиргани ва менга суиқасд уюштириш учун Тошкентга одам юборгани фош қилинган дастур ҳам катта воқеага айланганди. Шу боис Каримов каминани телевидениедан узоқлаштириш мақсадида юқоридаги гапни айтганди. Кейин раёсатда айтилган бу гапни баҳона қилиб, Ганжа Ёқубовга тазйиқ ўтказа бошлашди.  Хуллас, Каримовга берилган ўша таклифни қўллашимни ва демократик жамиятда шундай бўлиши керак, дея ўзим ариза ёзиб телевидениедаги ярим штатлик ишимни тўхтатдим.

Кейин билсам, Каримовнинг ўзи депутатларнинг ҳукуматда ҳам ишлашини ман этадиган Раёсат қарори лойиҳасини кун тартибидан чиқариб олган экан.

Бирор таклиф ҳар қандай ёмон бўлса ҳам керак бўлганда уни мақтайдиган, бирор таклиф ҳар қанча яхши бўлса ҳам керак бўлмаганда уни топтайдиган Каримов энди каминани Девонга ишга олиш билан депутатлигимга нуқта қўймоқчими, деб ўйлаб қолдим. Аммо бу пайтда журналист Дадахон Ёқубов  депутат бўлгани ҳолда унга ёрдамчи бўлиб ишлаётган эди. Ўйлаб қолганимни ва жавоб бермаганимни кўрган Каримов сув келадиган ариқнинг олдини тўсган каби:

-Нима, қўрқиб қолдингиз-ми? Бир иш таклиф қилинганда одам мардлик кўрсатиши керак. Гапириш осон, танқид қилиш осон, аммо ишлаш қийин,-деди.

Бу менинг ҳамиятимга тегди ва “Бўпти” дедим. Баъзи депутатлар қарсак чалишди. Баъзилари  ёнимга келиб, табриклай бошлашди. Ҳамма менга ҳавас билан тикиларди. Ҳайрон эдим. Демак, кўпчилик Девонга ишга ўтишни жуда катта воқеа, деб билар экан.

Шу куни Ойгул билан бироз тортишиб қолдик.

-Каримов шу йўл билан бизни тинчитмқочи бўласа-чи? Унга йўл очиб бермадингизми?-дедим.

-Каримов ҳар гапдан таъсирланадиган одам. Агар сиз унинг ёнида бўлсангиз мана биз сизга қувват бўламиз, уни мамлакат учун ишлашга мажбур қиламиз,-деди Ойгул.

Уйга келиб бекиниб олдим ва уч-тўрт кун ташқарига чиқмадим. Қарор беролмаётган эдим. Депутатлардан баъзилари телефон қилишса, баъзилари уйга келиб, мен билан тортишар ва бу ишни қабул қилишни сўрашарди.

Бунинг устига Шукрулло Мирсаидовдан хафа эдим. Унинг 7-сессияда менга мансаб керак эмас, деб чиқиб кетишини, фақат ўзини ўйлаши, халқни, унга ишонганларни оловга отиши, деб ўйлардим.

Аслида биз демократ депутатлар Каримовнинг камчиликлари ҳақида ўзимиз ҳамма нарсани очиб ташлашни режалаштирган эдик. 7-сессия олдидан 12 саҳифали материал тайёрлаган ҳам ўзимиз эдик. Буни Ойгул Маматованинг уйида тўпланиб, режалаганмиз ва кейин мен хатга туширгандим. Биз бу ишимизни яширмаган эдик.

Шу боис ҳам бир куни Эркин Воҳидов фаолиаятни бирлаштириш ҳақида гапириб қолди. У киши Аҳмадали Асқаров ва бошқа қўмиталарнинг раҳбарлари билан бирга Мирсаидовни кўтармоқчи эканлар. Шу боис мени Шукур Раҳматович кўрмоқчи эканлигини айтди.

Мирсаидовнинг ёнига бордим. У Каримов кетмаса, ҳеч нарса ўзгармаслигини, Каримов кетган тақдирда, у вақтинчалик раҳбар бўлиши ва  қисқа вақтда демократик сайлов ўтказиш масаласида рози эканлигини айтди.

-Бошқалар ҳам номзодини қўйсин. Агар халқ мени сайламаса, хафа бўлмайман, қаерда бўлса ҳам ишлайман,-деди у.

Шуни айтиш керак-ки бунга қадар Мирсаидов зиёлилар билан тил топишда уста, адабиёт ва маданиятни қадрлайдиган одам, деган гап тарқалганди. Ўзим ҳам унинг ишчанлиги, қарор олишда қўрқмаслиги, туну кун демай ишнинг орқасидан югуришини билар эдим. Унга ишондим.

Бир куни Шуҳрат Нусратов тайёргарлик марказини у раҳбар бўлган Куйбишев туманига кўчиришни таклиф қилаётганини айтишди. Аммо рози бўлмадик. Улар ўзлари ишлашсин, биз ўзимиз, дедик.

Агар 7-сессияда Мирсаидов Каримовнинг қилиқларини очиб ташлаб, “Бу одам тентак, кетиши керак”, деганда Каримовнинг иши битган эди.

Кейинчалик Шукрулла аканинг ўзи эътироф этишича, сессиядан бир кун олдин чет элдан келган ўзбекларга зиёфат берган Каримов кечанинг охирида Эркин Воҳидов, Аҳмадали Асқаров ва Муҳаммад Солиҳни олиб қолиб, улар билан қадаҳ кўтариб, улардан ёрдам сўраган, Мирсаидовга ҳам Бош вазирликни ваъда қилган экан.

Хуллас, уйда эканман, 4 октябар куни Крайнов телефон қилди ва Каримов гаплашмоқчи эканлигини айтди. Унга янги ишни қабул қила олмаслигимни айтдим. Каримовнинг жаҳли чиқиб кетди, аммо ўзини ушлаб:

-Илтимос, мен билан ўйин қилманг. Қўрққан бўлсангиз ўша кун айтишингиз керак эди,-деди.

-Қўрққаним йўқ, лекин ёрдамчи бўлиб, у ёқдан бу ёққа қоғоз ташиб юришни истамайман,-дедим.

-Мен ҳам сизни Вице-президентликка ололмайман,-деди Каримов. Шундай ҳам мени ер билан яксон қилиб сўккан одамни ишга олишимга ҳали кўпчилик қарши чиқади. Ҳозирнинг ўзида қанча одам норозилик билдирмоқда.

Мен унга нотўғри гапириб қўйганимни сездим ва гапимни тузатмоқчи бўлдим.

Каримов гапи кесди-да телефонда эмас, юзма-юз гаплашишни истади. Бордим. Чой ичиб, анча гаплашдик. Болалиги ва талабалик йилларидаги воқеалардан гапирди. Одамларга ўхшаб яшагиси келишини, Анҳор бўйига чиқиб ош дамлашни исташини  айтди. Айниқса, Мирсаидов ҳақида куйиниб гапирди. Бир оилада ака-укадек эдик, менга ота-оналик қилишган улар. Лекин у ҳам мени ташлаб кетди, мана ишга чиқмаяпти, деди.

Ҳали кечагина пўписа қилиб юрган Каримов жуда юмшоқ бўлиб қолганди. 7-сессия уни тубдан ўзгартирди, деган сароб каби бир хулосага боргандим.

Хуллас, ўшанда бошқа йўлим қолмаганди. Кейинчалик ўйласам,  рози бўлганим яхши бўлган экан. Девонда 100 кун ишладим. Ана шу қисқа вақтда жуда кўп нарсани ўргандим. Каримовни янада яқиндан танидим, унинг мамлакатни эмас, халқни эмас, фақат ўзинигина ўйлашини, ҳамма одамни ана шунга хизмат қилдиришга уринишини англадим.

Каримов Девонда махсус  сектор очадиган  бўлди. Унга “Ўзбекистон Халқ депутатлари билан ҳамкорлик қилиш фаолиятларини мувофиқлаштирувчи бўлим” деб ном берилди. Бу бўлимга бир ходим ва бир котиба олишим мумкинлигини айтишди. Шуни қайд этиш керакки, Девондан телевидениега кетишим биланоқ бу бўлим бекитилди. Мустақил Ўзбекистон тарихида Девонда ана шундай бир бўлим 100 кунга мавжуд бўлгани ва кейин йўқотилгани ҳам ўшанда Каримовнинг дилида қандай режалари бўлганига ишора.

Каримов бу масалага бу қадар жиддий аҳамият берганини унинг депутатлар қудрати олдида бўйин эгиши, деб тушуниб, катта хато қилганман.  Бунис ҳам қизиқ. Девондан кетганимда ҳам Ўзбекистон телерадиокомпаниясида камина учун “Раиснинг ўринбосари” деган қўшимча бир лавозим очиш ҳақида қарор чиқарган ва икки ойдан кейин  истеъфо беришим билан бу лавозимни ҳам қисқартириш ҳақида қорор имзолаганди. Яъни ҳар икки ишда ҳам эгаллаган вазифаларим кетганимдан кейин қисқартиришга тушган.

Ўшанда Девонга ўтишим биланоқ воқеаларнинг ортидаги фикрларни қидирмасдан ишга киришиб кетганман. Аслида бу характеримда бор нарса. Шу боис ҳам баъзилар ана шу феълимдан фойдаланиб қолишади. Халқ ва Ватан масаласи олдинга чиққанда ўзимни ўйламаслик одатимни нафақат Каримов, балки бошқалар ҳам жуда кўп суиистемол қилишганини кейинчлик тушундим. Барибир вақтим бекорга кетмагани, қўлимдан келгани қадар одамларга ёрдам беришга интилганим қалбимга таскин беради.

Девонда жуда қисқа вақтда ишни қўлга олдим, ҳатто машҳур маслаҳатчилар ҳам четга чиқа бошладилар деб ўйлардим. Чунки Мавлон Умурзоқов, Темир Алимов каби маслаҳатчилар тайёрлаган фармон лойиҳаларини ҳам Каримов кўриб чиқиш ёки қайта тайёрлаш учун менга берарди. Катта-катта хатоларни тузатаяпман, деб ўйлардим. Каримов эса маслаҳатчиларга “Бу бола масалани депутатларга олиб чиқаман, дегандан кейин унинг ўзгартиришларини қабул қилдим, мана сизлар тайёрлаган ҳужжатларни бир тийинга чиқармоқда” деб мени уларга ёмонлар экан.

Лекин барибир Ўзбекистон телерадикомпаниясини, Ўзбекистон Ахборот агентлигини ҳукуматдан ажратиш ҳақидаги фармон лойиҳаларини тайёрлаганимда Каримов кўп қаршилик қилган ва Телерадиокомпаниянинг ярминигина мустақил қилишга рози бўлиб ҳужжатга имзо чекканди. У камина ёзиб берган нутқларни ўзгартирмасдан ўқиб берарди. Ўша кунлардаги нутқларни олиб қарасангиз, Каримовни катта демократ, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо у сайловга қадар чекиниш қилаётгани, Лениннинг бир қадам орқага, икки қадам олдинга шиорини амалга ошираётганини тасаввур ҳам қилмаган эканман.

Каримов ютди. Биз ютқаздик.

.

Энди девондаги девоналиклардан беш шингил.

1.Йўлдошев воқеаси

Тошкентда гап тарқалди: “Каримов Олий кенгаш раисини тепа-тепа хонасидан қувибди. Унинг бақириб қочганини атрофдагилар томоша қилишибди”.

Бўлмаган гап деб ўйладим. Оғизга келганини гапираверишаркан-да! Лекин ишонмаганни ишонтириш учун-ми воқеалар такрор бўлар экан.

Девондаги ишимнинг биринчи куни Каримов билан гаплашиб бўлганимиздан кейин, Зелемхон Ҳайдаров бешинчи қаватга олиб тушиб, ишлайдиган хонани кўрсатди. Аллақачон хонани тайёрлаб, эшигига исмимни ҳам ёзиб қўйишган экан.

-Бу қаватда фақат маслаҳатчилар ва ёрдамчилар жойлашган,-деди Зелемхон ака ва иш бошлашим мумкин эканлигини айтиб, чиқиб кетди.

Олий мажлис биносига кетдим. Кўп ўтмай Крайнов қидираётганини айтишди. “Катта сўраяптилар”,  деди у.

Президент девонига келсам, қабулхонада Бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Сурхондарёнинг раҳбари  Ҳаким Бердиев  ва яна бир икки-киши кутиб туришган экан. Мавлон Умрзоқов эса, тез-тез пастга, бешинчи қаватга бориб келаётган эди.

Шу пайт бирдан эшик очилиб тақару-туқур товушлар эшитилди. Ичкаридан аввал Олий мажлис раиси Шавкат Йўлдошев югуриб чиқди. Орқасидан президент. Каримов югурганча бир сакраб уни тепмоқчи бўлар ва у тезроқ қочаётгани учун Каримовнинг оёғи ҳавода муаллақ айланиб қоларди. Коридорнинг охирига етиб борганда  Йўлдошевни яхшилаб тепди, шекилли, у бешинчи қаватга олиб тушадиган зинапояли эшикка урилиб кетди. Шундан кейин  орқага қайтиб, бармоғини менинг қорнимга ниқтаганча׃

-Ҳа, герой!,-дедию ичкарига кириб кетди.

Нима бўлаётганини тушуна олмай қолдим. Қарасам, атрофимда ҳеч ким йўқ. Ҳамма қаёққадир ғойиб бўлган. Кейин Крайнов шкафга ўхшатиб қурилган деворнинг пастқамгина эшигидан чиқиб келди. Унинг хонаси шу ерда экан. Орқасидан қолганлар ҳам чиқишди. Бундай пайтда Каримовнинг кўзига кўринмаслик шарт экан. Мен эса билмай қоидани бузиб  қўйибман. Шу боис ҳам Каримов “Ҳа, герой!” деб ўтган.

Қайси бир маънода кўнглим чўкиб кетди. Лекин Йўлдошевнинг орқасига тепгани учун эмас. Фарғона воқеаларида қўли қонга ботган бу одам ҳар дақиқада бир томонга ўзгарадиган, жуда қўпол, принципсиз бир киши эди. У депутатларга паст назар билан қарар ва уларни камситишга уринарди.

Шу боис унга раҳмим келмади. Аммо унга бўлган муносабат бошқаларга ҳам, жумладан менга ҳам бўлса-чи, деган бир фикр қалбимни тирнади.

2.Хат ва табрик воқеаси

Бир куни ишга келаётсам газеталар дўконида нарх-наво 30 фойизга ошганини эшитдим. Хонамга киришим билан Каримов чақираётганини айтишди. Унинг ҳузурига кирдим:

-Тузган протоколимизда, нарх-наво ошадиган бўлса олдиндан депутатлар билиши керак, деб ёзгандик. Эртага депутатлар билан учрашадиган кунимиз. Бугун эса солиқлар ўттиз фоизга ошибди-ку?! – дедим.

-Нима деяпсиз ўзи?, – Каримов бирдан жиддийлашди.

-Мана бугун газеталарни ўттиз фоиз оширилган баҳосига сотиб олдик. Сотувчи фақат газеталарга эмас, умуман ҳамма нарсага ўттиз фоиз қўшимча солиқ солинганини айтди.

-Ёлғон!-деди Каримов ва мендан кейин кириб келган матбуот бўйича консултант(кейинчалик котиб) Мурод Муҳаммад Дўстга юзланди.

-Сен ҳам газета олдингми?-деди унга русчалаб.

-Олдим, кечагидан қимматроқ экан…

-Мен хабардор бўлмасдан қандай қилиб ошади? Бу ўйин, сайлов олдидан мени шарманда қилишмоқчи. Сайлов олдидан бу ўйинни ким ўйлаб топди?

Мурод Муҳаммад Дўст:

-Бу орқадан пичоқ уришдир. Махсус уюштирилган иш бу! – деди.

Каримов менга юзланди:

Текшириш кераклигини айтдим.

-Нафақат текшириш, балки бу хоинларни ўртага чиқариб, халқдан кечирим суратиш керак. Ўз хатоларини ўзлари тузатишсин,-деди Мурод Муҳаммад Дўст.

Унинг бу таклифи Каримовга ёқиб кетди ва Крайновга давлат паланлаштириш қўмитаси раисини чақиришни буюрди.

Каримов хонада у ёқдан бу ёққа бориб келар экан, оғзидан боди кириб, шоди чиқарди.

-Генераллардан келган хат ва табрик мактубини нима қиламиз? – дея луқма ташлади Мурод Муҳаммад Дўст.

-Ўша генералларнинг  …га тиқиб қўйиш керак, – дея бақирди Каримов.

3. Солиқ воқеаси

Каримов солиқлар ошганидан хуноб бўлиб мутасаддиларни чақирди. Планлаштириш ва нарх-наво қўмитасининг раиси Қудрат Ахмедов ўрнига ўринбосари, бир рус аёл кириб келди.

-Эшшак қани?-деди Каримов.

-У кишининг тоблари йўқ эди,-деди ўринбосар аёл.

Каримов шиддат билан қора тугмани босди-да:

-Равил эшшакни топ ва инфаркт қил!-дея бақирди.

Кейин бирин-кетин қолганлар ҳам кириб келишди. Савдо вазири Мираброр Усмоновнинг қорнига ниқтаган Каримов бошқаларни ҳам қаттиқ ҳақоратлади. Кейин ҳаммаси “Ахборот” кўрсатувига чиқиб, халқдан кечирим сўраш учун телевидениега юборилди. Саккиз вазир ва ўринбосарлар бошларини эгганча кечирим сўрадилар.

Эртасига Бахтиёр Ҳамидов хонамга кириб келди׃

-Орамизда қолсин, кеча сизнинг олдингизда қаттиқ таҳқирладилар,-дея Каримовнинг ўзи қўл қўйган ҳужжатни кўрсатди.-Фақат нарх-наво сессиядан кейин ошиши керак эди. Биз шундай тушунтириш билан тарқатгандик, бу ҳужжатани, аммо баъзи жойларда олдиндан бошланиб кетибди.

Каримов бир ўқ билан икки қуённи урган экан. Аммо унинг вазирларни ҳам таҳқирлаши, онасини, қизини ҳақоратлаши, уларнинг юзига тарсаки тортиб юбориши… буларга гувоҳ бўлиш жуда оғир эканлигини ҳис эттдим.

4.Қайта қуриш воқеаси

Кимдир столимнинг устига бир варақ қоғоз қўйиб кетибди. Унда “Менинг бундан кейин ХДП аъзоси деб ҳисоблашингизни сўрайман” деб ёзилган  экан. Тушунмадим. Орадан кўп ўтмай бизни иккинчи қаватда бир мажлисга таклиф қилишаётганини айтишди. Дадахон Ёқубов билан биргаликда бордик. Эшикдан киришимиз билан мажлисни олиб бораётган маслаҳатчи Бахтиёр Назаров:

-Мана президентимзининг икки қанотлари келишди. Улар ҳам варақани тўлдириб бермаганлар рўйхатида. Балки ХДПга мана ҳозир аъзо бўлишар,-деди.

Шундан кейин билдим-ки, ҳалиги қоғозни тўлдирмаганларни чақиришган экан.

-Коммунистик партияни тарқатиб юбориб ҳам ундан қутулмабмиз-да,-деб луқма ташладим.

-Қутулдик. Илгари коммунистик партия аъзолик масаласида жуда қаттиқ турар эди. Биз эса қайта қуриш даврида, Жаҳонгиржон, мана аъзо бўлишни қулайлаштириб қўйдик. Президентимизнинг икки қаноти у киши раиси бўлган партияда бўлмасалар, бўладими?-деди Бахтиёр Назаров.

-Аъзолик мажбурийми, ихтиёрийми?-деб сўрадик

-Ихтиёрий, аммо…

-Ихтиёрий бўлса, бизга узр,-дея чиқиб кетдик.

Ўша куни Бахтиёр Назаров хонамнинг ёнидан ўтган киши бўлиб, бош суқди-да;

-Сизни деб калтак едик!-деди.

Бошқа пайт бўлганда бу адабиётшунос олимнинг образли гапи деб қўйган бўлардим. Аммо ўша дамда у ростдан ҳам калтак еганига шубҳам йўқ эди.

5. Крайнов воқеаси

“Крайнов” деган номни эшитганларнинг лабига учук чиқар эди ё тиззаси қалтирарди десам лоф бўлмас. Каримовдан бошқа ҳамма унинг ёнида қулбаччага ўхшаб, қўл қовуштиирб турарди. Унинг олди-қочди гапларини эшитиб ўтирардилар, қарши гап айтолмасдилар. Вазирлару ҳокимлар Крайновнинг кўнглини топишга уринардилар, хурсанд қилиб туришга интилардилар. Ҳар куни сим қоқиб, унинг ҳол-аҳволидан, оилавий ташвишларидан сўз очиб, дилига илиқлик киритиб турардилар.

Крайнов ишга ҳаммадан олдин келарди ва ҳаммадан кейин кетарди. Баъзан мамлакат ухлаётган ярим тунда ҳам у ишхонасида ўтирарди. Каримовнинг ётоғидан “ухладилар”деб хабар келгач, у уйига йўл оларди.

Каримовнинг ҳузурига ким кириши, ким кирмаслигини у ҳал қиларди. Махсус китоби бор. Унда Каримов кимларни, қайси лавозимдаги кишиларни қабул қилиши кераклиги асосида рўйхат тузган. Уни Каримовнинг кайфияти яхши пайтлари ўзгартириб, тасдиқлатиб турарди. Бу рўйхатга кирмаган киши ким булишидан қатъий назар Каримов билан учраша олмасди.

Крайновга ёққан киши эса ким бўлишидан қатъий назар рўйхатга кириши мумкин эди. У Каримовнинг феъл-атворини мукаммал ўрганиб олган. Гапини икки қилиб юрганларни Каримовнинг жаҳли чиқиб турганда рўбарў қиларди. Ўша одамнинг бошига қора булут ёғиларди.

Каримов баъзан унга “фалончини сўкиб қўй” деб буюрарди. У худди Каримовнинг ўзига ўхшатиб чунонам бақирардики, товуши бутун қабулхонада эшитилиб турарди. Каримов бирор одамга хуш боқса, Крайнов унга шунақа ширин сўзлар топиб муомала қилардики, ҳалиги одам учун дунёда ёлғиз Крайновгина содиқ дўст бўлиб кўринарди.

Одамларга лақаб қўйишда шу қадар устаки, қабр устига тош ўрнатган устадек нозик ҳаракат қиларди. Яъни у отган ўқ нишонга айнан тегарди. Масалан Жўрабековга “Боцман”, Алимовга “Берия”, бошқа маслаҳатчиларга “Артист”, “Девор”, “Тряпка” деб лақаб қўйган. Шавкат Йўлдошевни эса “Ҳўкиз” дер эди.

Бир куни Каримов мен ёзган нутқни кўрар экан, уни чақирди.

-Қани Жоҳонгирга (У Жаҳонгир эмас, Жоҳонгир дер эди-ЖМ) Елцин ва Акаев воқеасини айтиб бер,-деди.

Крайнов президентнинг ичкаридаги хонасига югуриб кириб темир қошиқ олиб келди-да Каримовга берди. Кейин эгилганча бошини Каримов томонга чўзди. Каримов қошиқ билан унинг бошига уруб русчалаб ашула айтиб турди.

Кейин Каримов қошиқни столнинг устига ташлади-да мириқиб кулди ва:

-Елцин ичиб олиб Акаевни ана шундай ашула айтишга зўрлабди,-деди.

Крайнов мамнун қиёфада чиқиб кетди.

17. ЖИЗЗАХ ҚЎЗҒОЛОНИ

Бир кун Ислом Каримовнинг номига ёзилган шикоятни Крайнов “Сиз кўриб чиқар экансиз”, деб менга берди. Кейин Каримовнинг ҳузурига кирганимда у:

-Яхшилаб кўриб чиқинг-чи, орқасида нима гап бор? Бу эшак Турсунов ҳам жонга тегди. Аблаҳнинг бурнини ерга ишқаламоқ керак!- деди.

Аввал жиззахлик депутат Мели Қобиловга сим қоқдим:

-Юздан зиёд оқсоқол имзо чеккан шикоят бор. Шуни текширишда сиздан ёрдам олмоқчи эдим,-дедим.

-Нима ҳақда ёзишган экан? -деб сўради Мели ака.

-Турсунов ҳақида,- дея жавоб берар эканман, кўнглимдан ўтган саволни ҳам сўрай қолдим. -Нега вилоят раҳбари ҳақида нафақахўр оқсоқоллар ёзиб юришибди? Яна бир эмас, юздан зиёд киши имзолаган. Бунинг устига улар бу хатни олиб, президент девонига келишган экан.

-Жаҳонгиржон, овора бўлманг, калаванинг учи Каримовнинг ўзига бориб тақалади. Менинг ҳузуримга ҳам ўнлаб жабрдийдалар келдилар. Текширдим, текширтирдим шикоятлари тўғри. Кейин жумҳурият прократураси, Халқ назорати қўмитаси, Олий кенгаш ҳайъатига чиқдим. Оқибат нима бўлди, ҳозир ўзимни кузатиб юришибди. Мени сессияда “сайратган”, номимни шикоятчига чиқарган ҳам шу масала. Аввалига сотиб олишга уринишди, кейин қўрқитишди, бу ҳам ишларига ярамади, сўнгра олдинги иш жойимдан “Бунинг ақли ерида эмас, шу боис ҳайдалган” деган ҳужжат қилдириб, газетага ёзишди.

-Ҳа, Олий кенгаш сессиясида гапирганингиз шу масала эдими? У ерда сизни вилоят кенгаши мажлисидан ҳайдаб чиқаришганини айтгандингиз, шекилли?

-Биласиз, мен вилоят кенгашининг ҳам депутатиман, шу боис масалани олдин шу кенгашда кўтариб чиқдим. Лекин гапиртиришмади. Агар орқаларида Каримовнинг ўзи турмаганида арқони узилган ҳўкиздек ҳаракат қилмаган бўлишарди.

-Президент билан гаплашдим, бу масалани охирига етказишимни сўраяпти-ку?!

-Ундай бўлса жумҳуриятдаги барча ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралардан мутахассислар олиш керак. Агар бу ишни бир ўзингиз текширадиган бўлсангиз, сотиб олишга ҳаракат қилишади, сотиб ололмасалар “саккизта машина” сўраганга чиқиб қоласиз.

-Саккизта машина деганингиз нима?

-Хабарингиз йўқми, вилоят раҳбарлари менга пора учун саккизта машина сўради, дея туҳмат қилишди. Ҳозир изимга хавфсизлик хизматидан пойлоқчи қўйишган, қариндош уруғларимни ҳам бир-бир элакдан ўтказишмоқда.

-Сиздан ёрдам оламан десам, ўзингиз ёрдамга муҳтож экансиз-ку?-дедим Мели Қобиловга.

Ҳақиқатдан ҳам Жиззах масаласи тобора чигаллашиб борарди. Кимга мурожаат қилмайин, ё текширишда иштирок этишдан воз кечарди ёки хасталаниб қоларди, ёхуд бошқа бир муаммо ўртага чиқарди. Хуллас, Девондан, Олий кенгаш раёсатидан ва ҳуқуқ идораларидан вакиллар олиб, ўзим Жиззахга бордим. Вилоят раҳбарларини Олий кенгаш мажлисларида кўрганим учун узоқдан танирдим. Жиззахга келгандан сўнг уларни дарров “кашф” этиб қўя қолдим. Вилоятнинг биринчи раҳбари Турсунов:

-Ука, мен бу ерга бошқа вилоятдан келганман, ижроқом раиси Олимов бошчилигида бир гуруҳнинг туҳмати остида қолдим. Улар вилоятни сўмиришмоқда. Мен эса йўлларига тўғаноқман, маҳаллийчилик қилишаяпти, – деди.

Ижроқўм раиси Олимов эса:

-Ука, “биринчи”миз асли  бошқа вилоятдан. Бу ерга ҳам асосан ўз вилоятидан бўлганларни олиб келиб, масалани чигаллаштирди. Ислом ака билан бу масалани гаплашдим. Ҳужжатларни тайёрла, уни йўқотамиз, деб айтдилар,- деди.

Аввалига бу масала икки раҳбарнинг ўзаро кураши манзарасини касб этди.

Биринчи котибнинг кўп гапларига ишонмасам-да маҳаллийчилик тўғрисидаги сўзларига ишондим. Бу бизга қўндоқда теккан иллат. Бир ариқ нарёғдан келган раҳбарни ҳам бегона ҳисоблаймиз. У сув келтирса ҳам, ўзимиздан чиққан кўзани синдирсада ўзимизникини қўллаймиз. Бунинг устига ўша раҳбар келган жойдагиларни ҳам душман ҳисоблай бошлаймиз. Рашидов пайтида жиззахликлар шу куйга тушган бўлсалар, ҳозир самарқандликларга душман кўзи билан қарайдиган бўлиб қолишган. Ваҳоланки, Рашидов пайтида энг  ривожланмай қолган жой Жиззах эди. Мана энди Каримов пайтида Самарқанд эътибордан четда. Боболаримиз буюк императорликлар қурганлар, илм сирларини очганлар, юлдузларга йўл топганлар, лекин маҳаллийчиликка келганда дар қолганлар. Наҳотки бу миллатимизнинг қонида бор?!

Талабалик йиллари “Сурқаш”, “Самбух”, “Фан” каби номлар бўларди. Бу талабаларнинг қайси минтақадан келганини билдирувчи “парол” эди. Кейинчалик пойтахтда ишлар эканман, радиода кекса журналист Зайниддин ака менга “Келгинди” деганида юрагимнинг бир парчаси узилиб тушгандек бўлганди.

Биз қачон ана шу хасталикни енга олсак, ўшанда катта миллатга ва катта давлатга айланамиз. Акс тақдирда чумолидек, инимизнинг бошида уймалаб, пуч қобиғни орқалаб, у ёқдан бу ёққа ташиб  юраверамиз.

Ҳатто бир туманга борсанг ҳам, бир қишлоққа борсанг ҳам маҳаллийчилик илон каби оёғинг остидан чиқади.

Мана булар эса маҳаллийчиликнинг илдизини яшнатишади-да, кейин ўзлари шикоятчи бўлишади. Хаёлимдан “йилт” этиб ўтган бу фикрни таҳлил тарозисига қўйишни бошқа пайтга “отдим”-да Турсуновга:

-Бўлиши мумкин,-дедим, -Лекин ана бу иддаоларни охирига қадар текширишимиз керак. Баъзилари аллақачон тасдиқланди. Масалан, гўшт комбинатига жиноятчилик қилган, ўн йил ҳукм олган ва қамоқдан қочган узоқ қариндошингизни мудир қилиб қўйибсиз ёки давлат ҳисобига бўлган болалар боғчаси биносини ёш бир қизга ҳовли қилиб берибсиз…

Турсунов ўрнидан туриб, қизариб-бўзарганча бир нималар демоқчи бўлди, лекин тили айланмади. Хонада у ёқдан бу ёққа бир-икки бориб келди-да, қаршимда ўтириб:

-Нархини ошириб юбораяпсиз. Кўнглингиздагини айтинг!-деди.

Бошимга яшин тушгандек бўлди.

-Сизни тушунмадим, нима деяпсиз ўзи?-дея олдим.

-Мен ўғил болача гапиришни яхши кўраман. Бу ишга нуқта қўяйлик. Ўша нуқтанинг баҳосини айтиб қўя қолинг,-деди у.

Узоқ йил газетада ишлаганим ва турли одамлар билан рўбарў бўлганим учун ўзимни тутиб қолдим. Турсуновга қараб жилмайганча ўрнимдан турдим ва:

-Нуқтани халқ қўяди,- дедим киноя билан.

-Ундай бўлса, сиз вергул билан битирасиз ишингизни ва ўзингиз ҳам вергулга айланиб қоласиз,-деди заҳарханда жилмайиш билан Турсунов.-Мажлисда Ислом акага қарши гапирганингиз унутилди, деб ўйлайсиз-ми?

Аслида расмиятчилик учун у билан учрашгандим. Унинг ҳақоратомуз гапларига кескин жавоб қилмадим, дея ўзимни койий бошладим.

Аввалига у билан нега учрашдим, дея ўзимни қийнадим. Сўнгра ҳеч бўлмаса унинг кимлигини ўргандим, деб овундим. Турсунов каби раҳбарлар билан кўп учрашганман, лекин бундай безбетига илк бор рўбарў келдим. У бундай таври билан ўзини кўрсатмоқчи бўлдими ёки орқасида катта тоғ борлигига ишора қилдими? Агар Каримов билан ораларида булбул сайраса, нега Каримов уни бу қадар ҳақорат этти? Ахир Каримовнинг ўз қардошига ҳам ишонмаслигини, ҳатто билмасдан оёғини босиб қўйса, севган дўстидан ҳам кечиб юборишини наҳотки билмаса? Йўқ, билади, бунинг аҳволи жони узилаётган одамни эслатади. Жони чиқишидан олдин оёққа қалқиб, ҳаётга ташналигини кўрсатишга интилади инсон. Бу ҳам “ўзини” кўрсатаяпти. Балки орқасида бошқа куч бордир? Бу куч балки Каримовдан ҳам оғир босар?

Шикоятчиларни қабул этарканман, шом иниб қолган бир пайтда қўшни хонада телефонга чақиришаётганини айтишди. Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов экан, салом-аликдан кейин:

-Оқсоқол илтимос қилдилар Муборакка бориб икки дўстингизни яраштириб келар экансиз, -деди.

-Муборакда менинг дўстларим йўқ-ку? -дея ажабландим.

-Нега ундай дейсиз? Мурод Жўраев яқин дўстингиз,  Райкомнинг биринчи котиби эса университетда бирга ўқиган курсдошингиз. Мурод Жўраевнинг ўттизга яқин йигити очлик эълон қилган. Ислом акам сизга ваколат бердилар, ким айбдор бўлса, уни ишдан четлаштиришни таклиф қиласиз ва вилоят раҳбарлари дарров ижро этишади.

“Очлик қилишаяпти” деган гапни эшитгандим. Ҳақиқатдан ҳам масалани фавқулодда жиддий, деб ўйладим. Дарҳақиқат, Муборак масаласи икки йилдан буён Каримовнинг ҳам, жумҳурият ташқарисидаги матбуотнинг ҳам кун тартибида. Лекин шу дақиқада Жиззахдаги ишни чала ташлаб кетгим йўқ эди. Бу ишни охирига етказишга қарор қилгандим. Агар кетиб қолсам, бирга келган текширувчиларнинг ҳоли нима бўлишини яхши тасаввур қилардим. Шу боис Муборак масаласини икки кун кейинга қолдирмоқчи бўлдим. Кечки овқат пайтида текширувчиларга:

-Икки кундан кейин пойтахтга қайтамиз. Шу сабаб текширишни бироз тезлаштирсак,- дедим.

“Икки кун у ёқда турсин, икки ойда ҳам натижа олишимиз қийин. Менинг қўлимда дом-дараксиз йўқолган ўн икки кишининг исми-шарифи бор. Уларни миршабхонага қадар келтиришгани ҳақида маълумот берувчи гувоҳлар бор. Лекин миршабхонадаги барча ҳужжатларни вилоят раҳбарлари талаб қилиб олишган. Сўрасак, ҳар турли баҳона кўрсатишаяпти” каби қанча важларни айтишди.

-Биз ревизия қилиш учун келмадик,- дедим .- Бизнинг мақсадимиз шикоятларнинг тўғри ёки нотоғри эканлигини, сиёсий хулосани айтишдир. Йўқолган инсонларнинг вилоят раҳбарлари ҳақида шикоят ёзганлари ва миршабхонага келтирилганлари биз учун етарли далил. Уларнинг қисматлари ҳақидаги далилларни ўртага чиқариш эса иккинчи этапда амалга ошади. Ҳозирги раҳбарлар турган экан, икки ой эмас, икки йилда ҳам кўр тугунни ечолмаймиз.

Муборакка бормай Тошкентга қайтиб Каримов учун ҳисобот ҳозирладим ва унга олиб кирдим. У Муборак ҳақида гап очмади, аксинча эринмасдан ҳисоботни ўқий бошлади. Гоҳида ажабланар, гоҳида тутоқиб кетарди.

-Ростдан шу ишларни Эркин қилибдими, тамом, унинг онасини…,- у Эркин Турсуновни куракда турмайдиган сўзлар билан  сўкиб, айблай бошлади.

-Раҳмат сизга, ҳақиқатни ўртага чиқардингиз,-деди кейин мен билан хайрлашар экан Каримов,- Эртага яна Жиззахга бориб ана у чоллар билан ҳам учрашинг ва Турсуновни ишдан олиб ташлашимиз ҳақида билдириб қўйинг. Яна Тошкентга келишга тайёргарлик кўришаётган экан.

У кейин яна бир икки нуқталарни аниқлаштиришни ҳам сўради. Жиззахга қайтсам,  текшириш учун келганларга тазйиқ яна ҳам ошибди.

-Парво қилманглар, текширишда давом этамиз, ҳақиқат барибир ўртага чиқади,-дедим.

Бу гапимга вилоят идорасидан ҳайъатга қўшилган киши эътироз билдирди:

-Нима, Сиз раҳбарларимизни айбдор, деб ўйлаяпсизми?

-Биз суд ёки қарор берувчи эмасмиз, лекин ҳайъатнинг йўлига тўсиқ қўйилаётгани кўриниб турибди,- дедим.

-Сиз бу соатдан эътиборан текшириш ҳайъатининг бошида эмассиз. Президент сизга бошқа иш буюрдилар,- деди вакил жаҳли чиққанини очиқ намойиш этиб.

-Президент бу ҳақда сизга айтдиларми?

-Бизга  сизни Муборакка кузатиб қўйиш айтилган,-деди у.

Аввал Муборакка телефон қилиб, Мурод Жўраевдан вазиятни ўрганишим керак, сўнгра Каримов билан гаплашиб, бу текширишни охирига қадар етказиш муҳимлигини тушунтиришим лозим деб ўйладим.

Мурод Жўраевнинг пойтахтда эканлигини айтишди. Крайновга телефон қилдим. У Каримов уйига кетганлигини айтиб, девонда навбатчи бўлиб ўтирган маслаҳатчи Шохобиддин Зиёмовни боғлади.

-Оқсоқол менга бу ишни назорат қилиб туришимни айтдилар. Сизни аллақачон Муборакка етиб борган деб, ўйлагандик. У ерда вазият жиддий, райкомнинг биринчи котиби бу кеча ухламасдан сизни кутади,-деди у.

-Жиззах нима бўлади? Бу ердаги ҳайъатни орқага чақириб олишни ким буюрди?-деб сўрадим ундан.

-Ким бўларди, ўзлари буюрдилар. Қайтганингизда қўлингизда тўпланган далиллар бўйича ҳисоботни тўлдириб, топширар экансиз. Иш пишиб қолган,  яқинда бориб сессия ўтказиб, вилоят раҳбарини бўшатиб келар эканлар. Муборакда вазият жиддий, сиздан шахсан илтимос қилдилар, – деди Зиёмов Муборак масаласига урғу бериб.

Қаршида вилоят раҳбарининг биринчи ўринбосари кутиб олди. Уни танидим. Илгари ҳам бир маротаба келгандим, ўшанда танишгандик. У билан Муборакка қараб йўлга тушдик.

-Мурод Жўраев пойтахтда экан, борганимиз билан у бўлмаса, нима қиламиз?-дедим мен.

-Мурод Жўраевни ишдан бўшаттик.У шикоятга кетган. Бугун президент билан учрашди. Юртбошимиз унинг таъзирини бериб қўйдилар, энди бу ерларга қайтиб келмаса керак,-деди ўринбосар.

-Бу хусусда адашмадингизми?-дедиму ўйланиб қолдим.

Мурод Жўраевнинг номини илк бор “Озодлик” радиосидан эшитгандим. Сайловлар арафасида у ҳам шаҳар кенгашига, ҳам Олий кенгашга номзодини қўйганди. Ўшанда шаҳардаги Газни қайта ишлаш заводи русларнинг қўлида бўлгани ва шаҳардаги хонадонларга атайлабдан газ берилмаганини айтганди. Сайловда у нафақат ўзи балки ўттизга яқин тарафдори билан бирга ғолиб чиқди уни ижроқўм раиси этиб сайлашди. Биринчи қилган иши миршабхона ва прократурадаги коммунистик партия шўъбаларини тарқатиб юборди. Яъни бу идораларни партиядан холи, деб эълон қилди. Бу ўша кезда коммунистик партиянинг бошида турган Каримовга қарши исён эди. Исён бўлганда ҳам икки карра исён эди. Чунки Москва газеталари Каримов жумҳуриятда илк зарбани ўзи ишлаган вилоятдан олди, дея ёзишди.

Вилоят раҳбарлари ҳам типирчилаб қолишди, чунки улар миршабхона ва прократурани партия йўли билан қўлда тутардилар. Мурод Жўраев эса бу идораларни уларнинг қўл остидан чиқариб, шаҳар  депутатлар кенгаши назоратига олди. Бу орада шаҳарда мустақил телевидение очиб, ҳамма нарсани ошкоралик йўли билан ҳал қила бошлашгани маълум бўлди. Ўшанда Каримов бу телевидениени ёпиб ташлагани боис Мурод Жўраев Олий кенгашнинг биз ишлаган Ошкоралик қўмитасига шикоят қилиб борганди.

Хулласю бу ёқларга юборилишим ортида қандайдир ўйин ўйналаётганини сезардиму лекин бу ип учини тополмаётган эдим. Тошкентга қайтгачгина ўйиннинг сири очилди. Каримов Жиззахга  бориб, сессия ўтказиб, партия биринчи котиби Эркин Турсуновни ҳоким, ижроқўм раиси Ўктам Олимовни биринчи ўринбосар этиб тайинлабди. Кейин сабаблари ҳақида кўп гаплар эшиттим. Каримовнинг ўзи эса ҳеч нарса бўлмагандек, “Вилоятдаги вазият ёмонлашган экан, бошқа чорамиз қолмади” деб ўзини оқлаган бўлди.

Жиззах сессиясидан кейин кўп ўтмай Каримов оқсоқоллар ҳақида “Автобус ҳокимияти” деган фелетон чиқартирди Девонда ишлаб турган жиззахлик таниқли журналсит Шароф Убайдуллаев ёзган бу фелетоннинг асл муаллифи Каримовнинг ўзи эди. Каримовни  Эркин Турсунов қандай сотиб олди бу ёғи менга қоронғу, лекин у Турсуновни лимондай қисиб сувини олиб, кейин ўзини “отиб юборди”. Ўктам Олимовдан ҳам воз кечди. Мели Қобилов эса узоқ йилларга қаматилди. Шароф Убайдуллаевннг ҳам “қадри”га етмади. Яна бир икки фелетон ёздириб, кейин девондан ва умуман ишдан четлаштирди.

Кейинроқ ўргандим-ки, Каримов “Ўзбекистон меники ва бошқа одам чанг солмаслиги” керак деб ўйлар ва ундан яшириб хазина тўплаган вилоят ҳокимларининг бойликларини турли йўллар билан тортиб олар экан.  Гулнора Каримованинг миллион-миллион доллар миқдоридаги бойликлари қаердан келганини энди фараз қилишингиз мумкин.

Шунингдек, Каримов ариза ёзган ва шикоят қилган одамларни ёмон кўришни ўргандим. Бундай одамларни гарчи улар ҳақни ёзган бўлсалар ҳам иғвогар, деб билади. Шу сабабдан жиззахлик оқсоқоллар ҳам унинг наздида иғвогарлар эдилар ва ҳар бирлари алоҳида қувғинга олиниб, оила аъзолари таъқиб этилиб, кимлари ўлдирилиб, кимлари дарбадар қилиндилар. Каримов қўзғолон ҳолига кўтарилмаган  “Жиззах қўзғолони”ни ан шундай бостириб ташлаган эди.

Лекин Жиззахда ҳокимлар алмашаверди, Тошкентбоев, Мирзиёев, Ёмонқулов ва ҳоказо. Халққа зуғум ва зулм кучайиб бораверди. Бир ҳоким халқни талаб бўлгандан кейин иккинчиси талашни бошларди. Калтакланиш, қамалишларга қарамай халқнинг “қўзғолонлар”и ҳам турли кўринишларда давом этаверди. Тошкенбоевга қарши чиққанлар сургун бўлдилар, Мирзиёевга дардини айтаман, деган аёллар ва чоллар калтакландилар, Ёмонқуловга арз қилганлар бозору мозорларидан айрилдилар.

1916 йилда мардикорчиликка қарши бош кўтарган Жиззах ўшa кезда “боши”дан айрилганди. Қаранг-ки бундай кўргулик мустақиллик йилларида ҳам унинг пешонасига ёзилган экан. Фақат Жиззахнинг-ми? Йўқ, бу ҳол барча вилоятларда айни кўринишда давом этди ва давом этмоқда. Бошқача айтганда бутун Ўзбекистон бостирилган қўзғолонларнинг қабристонига, майдонига айланди. Шундай эмасми? Ўзингиз бу саволга жавоб қидириб кўринг-а?

Бундай девонлик, майнавозчилик, алдовлардан безишим учун 100 кун етрали бўлди.  Бу жойлар учун бегона эдим. Шу боис бир кун ёзган нутқимдан хурсанд эканлигида, Каримочдан ўз соҳамга ишга юборишини сўрадим. У бир-икки ишни таклиф қилди рози бўлмадим, телевидениега боришим мумкинлигини айтдим. Очиқ штат йўқ. Аммо Президент учун бу муаммо эмас. Янги штат очди.

18.ТАЛАБАЛАР ШАҲАРЧАСИ

Январ ойининг ўртаси бўлишига қарамай ҳаво юмшоқ эди. Телевидениеда ишлаётганимга бир неча кун бўлганди. Иш кўплигидан саҳар келиб, ярим тунда қайтардим. Шу куни эрталаб хонамда янги тайёрланган дастурларни кўриб, кундалик мажлисга лойиҳалар тайёрлаётгандим. Ходимларимиздан бири ҳовлиқиб келиб қолди.

-Бугун Талабалар шаҳарчасида қандайдир воқеалар юз бермоқда, отишмалар бўлмоқда,-деди.

Телевидениега ўтганимдан буён девондаги гаплардан унчалик хабардор эмас эдим. Балки девонда бўлсам ҳам бу ўйинлардан хабардор бўлишим мушкул эди. Чунки девонда нафақат талабалар шаҳарчаси, балки ўзимга қарши ҳам янги ўйинлар ҳозирланганидан кейинчалик хабар топдим.

Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни билиш учун машинамга ўтириб, ўша томонга йўл олдим.  Шаҳарчанинг атрофи миршаблар билан ўраб олинганди. Машинамни тўхтатишди.

-Ичкарига кириш мумкин эмас, – деди миршаблардан бири.

-Бу киши депуат…,- деди шофёрим..

-Депутат ва раҳбарлар учун бу ер таҳликали. Туман марказида раҳбарларимиз ўтиришибди. Улар кимни исташса, уни ўзлари билан бирга олиб киришади. Президентнинг топшириғи бу!

Машинадан тушиб миршабларнинг бошлиғига юзландим:

-Майли, мени киритманглар, лекин мухбирларга изн беринглар,- дедим.

-Сизни таниб турибмиз. Агар ичкарига ўтказиб юборсак, бошимиздан айриламиз.  Боя бир икки миллатвакиллари боришди, аммо талаблар уларни тошбўрон қилишди.

-Кимлар борди?-деб сўрадим мен.

-ЭРК партиясининг раиси Муҳаммд Солиҳ билан, Бош Прокурор Бўритош Мустафоев талабаларни тинчлантиришга уринмоқчи бўлишди, аммо қулоқ солишмади, уларни тошбўрон қилишди, аранг қочиб, қутулиб қолишди,-деди миршаб.-Шу сабаб  мухбирларга ҳам рухсат йўқ.

Хуллас, Тошкент шаҳар ҳокими Фозилбековга қўнғироқ қилгандан кейин улар мухбирларга изн берадиган бўлишди,  аммо таҳлика дея ўзимга рухсат беришмади.

“Ахборот” бўлимида ишлаётган Комилжон Каримжоновни ва операторларни шаҳарчага  жўнатдим.

Асосий ишим телевидениеда, бугунги дастурларни ўзгартиришим, ҳукумат раҳбарларини таклиф этиб, халқни хабардор қилишим, концерт дастурларини тўхтатишим керак, деб ўйладим. Чунки бир томонда отишмалар давом этган пайтда, биз концерт кўрсатиб ўтирсак, на ақли-салимга ва на инсонийликка тўғри келади.

Ишхонамга қайтиб Бош вазирга сим қоқдим. Ҳали яқиндагина Бош вазир этиб тайинланган Абдуҳошим Муталов билан яқинда касалхонада учрашгандим. Ўшанда Муталов вазир эди. Каримов “онангни” деб ҳақорат қилгани учун хасталаниб каслахонада даволанаётганди.

Салом-аликдан сўнг мунга:

-Талабалар шаҳарчасида нима бўлаяпти? Эшитишимизча, талабаларга нон юборишмабди. Бунинг устига оч қолган талабаларни калтаклашибди. Ўқ товушлари эшитилгани ҳақида хабарлар келмоқда. Ҳукумат бу хусусда халққа бирор бир тушунтириш бермайдими? Қолаверса, нега бу қадар миршаб ва аскарлар шаҳарчани ўраб олган? – дедим.

-Жаҳонгир ака,-деди Абдуҳошим Муталов гарчи ёши мендан анча улуғ бўлса-да. – Биласиз-ку, бу хусусда “катта” билан билан гаплашиш керак.

-Менимча, сиз қўнғироқ қилсангиз яхши бўлармиди?- деди Абдуҳошим Муталов товушини ютиб.

Бироздан кейин Девонга сим қоқдим:

-Ишлар яхшими? Корҳо нағзми? Как дела? – дея уч тилда “сайрай” бошлади Крайнов.

Унинг кайфиятига қараганда, дунё тинч. Баъзан мутлоқ тескариси ҳам бўлиши мумкин, ичкарида жиддий тортишувлар ёки Крайнов ибораси билан айтганда “осмон йиқилиб тушган” пайтларда у сир сақлашга уринади. Талабалар шаҳарчаси ҳақидаги гапни эшитган Крайнов расмий оҳангда:

-Сиз Бош вазирга ҳам телефон қилган экансиз. Ҳозиргина ўртоқ Каримов Олий кенгаш раиси Йўлдошевга топшириқ бердилар. У икки дақиқа олдин Девондан чиқиб кетди. Тез орада ўз хонасига етиб боради. Бу масала билан энди у шуғулланади.

Олий кенгаш раисига сим қоқдим. Йўлдошев дўриллаган овоз билан худди радиода баён ўқигандек расмий оҳангда гапира бошлади. Бу эса унинг Каримовдан ростдан ҳам топшириқ олганини кўрсатарди. Акс тақдирда у ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмасди. Ҳар бир нарсадан ҳуркадиган Йўлдошев бундай жиддий оҳангда худди ҳисоб бераётган каби гапирар экан, демак сарой қозонида кўп нарса қайнамоқда.

-Махсус хабарнома эълон қиламиз,- деди Йўлдошев.- Комиссия тузаяпмиз. Комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, мухолифатчилар ҳам киритилади. Адҳамбек Фозилбекович воқеалар ривожи ҳақида гапириб берадилар. Қайси пайтда кўрсатасиз?

-“Ахборот”дан аввал “Сўнги соатда” деган рукун остида берамиз.

-Яхши, тайёр бўлиб туринг!

Йўлдошев ҳам енгини, ҳам почасини шимариб олган кишини эслaтарди. Бевосита Каримовдан топшириқ олганига шод эди. Бу одамдан бир иш чиқиши қийин, деб ўйладим-да, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар таҳририяти мудирини чақирдим. Унга шаҳар раҳбарини топишни ва унинг баёнотини ёзиб олишини уқтирдим.

-Шаҳарчадан келтирган барча репортажларни берамиз, ортидан эса расмий қарашни эълон қиламиз, – дедим.

Кўп ўтмай мудир ҳовлиқиб келди.

-Шаҳар идорасида ҳеч ким йўқ Ҳамма Талабалар шаҳарчаси яқинидаги штабда экан. Штабда фақат ҳукумат телефони ўрнатилган. Шу боис ўзингиз қўнгироқ қилсангиз.

Ҳукумат телефонидан шаҳар раҳбари телефонининг рақамларини тердим. Телефон жирингларкан, нариги томондан “хасаки” овоз эшитилди. Бу Фозилбеков эди. Хиррик овозда нутқ ирод қиладиган Фозилбековни илк бор катта бир қурултойда кўргандим. Ранги оқариб, чеҳраси сўлиб қолган Фозилбеков ўшанда аввал Московдаги тўраларнинг “пўстагини қоқди”, шаҳарда жиноятчилик ҳаддан ошгани, ҳатто пойтахт шаҳар миршаблари бошлиғининг машиинасини ўғирлаб кетишгани, шунга қарамай миршаббошига генерал унвони берилганидан ранжиб гапирганди.

Бу ўша пайтда Коммунистлар партиясиниг бошида ўтирган Каримовга тегиб кетди. Чунки фақaт унинг тавсияси билан генерал унвони бериларди.  Шу боис Каримов Фозилбековни чимдиб олди:

-Икки киши бир кўрпанинг остида ётолмасангиз, ЗАГСга айтамиз ажратиб қўяди,- деди у ёнидаги иккинчи котибга қараб. Иккинчи котибнинг кадрлар масаласи билан шуғулланишини ҳамма яхши биларди.-Кимга генерал унвони бериш-бермаслик эса бизнинг ишимиз.

Ўшанда кўпчилик Фозилбековнинг илдизи қуриди, у барг тўкаяпти, яқинда гурсиллаб йиқилади, деса-да у маҳкам чиқди. Тўғрироғи Шукрулло Мирсаидов уни асраб қолди. Аммо Каримов ўз креслосини мустаҳкамлаб олган кунларда Фозилбеков балиқдек сийрилиб, Мирсаидов ариғидан Каримовнинг денгизига “сакради”. Энди Каримов уни Мирсаидовга қарши қўллана бошлади…

Телефоннинг нарёғидан келган хиррик овоз бирдан тинчиб қолди. Кейин бошқа товуш эшитилди:

-Бу телефон номери 54 – 59, ким билан гаплашмоқчисиз?

-Адҳам акани қидираяпман,- дедим.

-У киши ҳозиргина чиқиб кетдилар. Ҳукумат комиссиясига телевидение раҳбарларидан Элбек Мусаев ҳам киритилган, қолаверса, радио-телевидение раиси Эркин Ҳайитбоев  хабардор.

-Ҳали ўзимни танитганим йўқ, мақсадимни ҳам айтганим йўқ сиз эса ҳаммасига олдиндан жавоб бердингиз. Ёнингизда ким борлиги ўз йўлига, лекин Фозилбековга айтинг, ҳукумат номидан гапириш у кишига ҳавола қилинди. Биз ҳаққоният учун ҳукумат фикрини ҳам бермоқчимиз. Агар гапирмасалар репортажлар билан кифояланиб қоламиз, – дедим.

Элбек Мусаев илгари менинг вазифамни бажарган. Ижодий томондан талантли аммо раҳбар сифатида юмшоқ одам. Унинг ўрнига мени тайин этишганда уни бўшатишмади. И Битта кабинетда ишлаб юрдик. Кейин уни вазифаси аниқ бўлмаган биринчи ўринбосарликка ўтказишди. Мана энди ҳукумат комиссияси таркибига қўшишибди.

Ҳозир эса телефонда гаплашаётган одам пичирлаб менинг гапларимни ёнидаги кишига такрорлади. У Фозилбеков эди. Менинг товушимни танигани учун телефон дастасини ёнидагилардан бирига берганди. У ингичка овозда “Ҳаммаси ўзини олиб қочади” деди. Бу гаплар менга эшитилиб турган бўлса-да, телефон дастасини тутган киши:

-Билишимизча Адҳам ака Олий кенгаш раиси билан гаплашдилар, у киши ҳам рози бўлдилар. Телевизорда Абдуҳошим Муталов чиқадиган бўлдилар, – деди.

Бироздан кейин мяна Йўлдошевга сим қоқдим:

-Биламан, “Ахборот” соати яқинлашиб қолди. Абдуҳошим Муталов чиқадиган бўлдилар! – деди у қисқа қилиб.- Бу ҳақда Элбек Мусаевични ва Эркин Ҳайитбоевнинг хабарлари бор.

Бу билан у масалага сиз аралашманг ишорасини қилаётганди.  Ёши бир жойга бориб қолган  Элбек акани нега комиссия таркибига қўшганлари ҳам ойдинлаша бошлади.

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмай Ҳайитбоев телефон қилди:

-Мен Талабалар шаҳарчасидан қайтаяпман, – деди у.

-Нима бўлаяпти ўзи? Сиз қачон бориб улгурдингиз? Мени шаҳарчага ўтказишмади-ку?! Бориб воқеаларни ўз кўзим билан кўриб келмоқчи эдим,-дедим ҳовлиқиб.

-Бу томонга яқин келманг. Ҳеч кимни ичкарига киритишмаяпти. Қолаверса, воқеалар кеча кечаси юз берган, ҳозир эса шаҳарчада осойиш ҳукум сурмоқда. Менга муҳтарам Йўлдошев жаноблари телефон қилдилар, биров орқали эмас, шахсан ўзлари, халқимизни воқеалардан хабардор қилсак, дедилар. Ислом акам ҳам ҳассосият билан бу масалага эътибор бермоқдалар. У кишининг топшириқлари асосида Бош вазир халққа мурожаат қилади. Сиз бутун телевидениени ана шу ишга сафарбар қилинг, ички масалалар билан шуғулланинг, ташқи масалани мен билан Элбек акангизга қўйиб беринг, дарвоқе ана у бузғунчи депутатлар телефон қилишмаяптими?- деди у.

-Бузғунчилар ким экан? Марат Зоҳидов кабиларми?,- дедим атайлаб.

-Унақа деманг, Марат ака ҳозир асосий фигура. Бевосита катталар билан гаплашиб турибдилар. Мен шунчаликка айттим қўйдим-да, бунга эътибор қилманг, Бош вазирнинг чиқишларини ташкил қилгунимча она сути оғзимга келди,-деб Ҳайитбоев усталик билан гапни бошқа томонга бурди.

Репортажларни кўриб, уларни Паркент, Фарғона воқеларидаги тасвирлар билан солиштириб хонамга қайтар эканман телефон жиринглади. Бу Бош вазир эди.

-Жаҳонгир ака, мени шу ишдан қутқазинг, ҳозир бир тумандаман. Бошқа бирортасини топиб, ёзиб олсангиз, илтимос,-деди у.

-Бу масалани Ҳайитбоев билан Мусаев ҳал қиладиган бўлдилар. Мен фақат ёзиб олишга маъсул,-дедим.

-Улар рози, Адҳамбек ака билан Шавкат ака ҳам рози, фақат сиз ҳам рози бўлсангиз…

-Юз берган отишмаларда қон тўкилган.Қўлимизда репортажлар бор. Миршаблар ҳадларини билишмаган. Қолаверса, уларга ким буйруқ бергани эртами кечми ўртага чиқади. Баъзи тахминларимиз ҳам рост бўлиб чиқмоқда. Воқеа уюштирилганга ўхшaяпти. Бўлмаса нега миршабларга Божхона раҳбари бошчилик қилмоқда. Божхонанинг бу ишга нима алоқаси бор? Сиз ҳукумат раҳбари сифатида халқнинг олдига чиқиб, икки оғиз сўз айтмасангиз, ким айтади? Ахир бу воқеалар нега бошланди? Ўқ отган ким, ўлганлар ким, нима учун шунча воқеа юз бераяпти-ю ҳукумат жим? Бу саволлар фақат мени эмас, бутун халқимизни қизиқтиради. Ҳайитбоевнинг ибораси билан айтганда, биз бузғунчи депутатларни қизиқтиради, бу масала! Бугун оқшом телевидение ана шу саволларга жавоб бериши керак. Қўлимизда бошқа нарсалар ҳам бор. Талабалар шаҳарчасида студентларнинг олдида туриб “Ур” деб бақираётган йўлбошчиларни Паркент, Фарғона воқеалари ёзилган тасвирлардан ҳам топдик. Улар соқол қўйиб олган КГБ чилар эмасми?

Телефоннинг нарёғидан товуш  келмади. Абдуҳошим Муталовнинг товуши ичига тушиб кетганди. У зорланган овозда:

-Менга ёрдам беринг, – деди.

-Пезидент бўлганимда эди, мендан ёрдам сўрасангиз,-деб жавоб қилдим.

Шу дамда Бош вазирга раҳмим келди. Лекин республика раҳбарлари нима сабабдан халқнинг кўзига қарашдан чўчишмоқда, деб ўйладим. Халқимиз “Хўш, Каримов қаерда? Намойиш бўлган, ёнғин чиққан жойларга бориб, от миниб, оломонни тўхтатганман, дея такрорловчи зот нега кабинетидан чиқмаяпти? Агар у икки чақиримли йўлдан чўчимай Талабалар шаҳарчасига борганда, олам гулистон эди. Ўқлар отилмасди, қон тўкилмасди” деб ўйлашмайдими? Халқ ўйлайди-ю лекин халқнинг ўйлаганини булар ҳатто хаёлда жонлантиришга чўчийдилар.

Репортажларни кўраркан, вужудимни титроқ босди. Беш-олти миршаб бир қиз талабани судраб кетишмоқда. Уч-тўрт ОМОНчи эса бир талабани ерга ётқизиб тепишмоқда. Талабалар ётоқхоналардан бирига бостириб кирган миршаблар душ қилаётганларни ҳам калтаклашганини айтишмоқда, деразадан бошини чиқaраган талабага қарши ўқ узишганини ваҳима билан ҳикоя қилишмоқда. Наҳотки, шу даражада ваҳшийлашиб кетдик? Бу миршаблар ҳайвонот боғида етиштирилган эмас, булар ҳам қайси бир ота-онанинг фарзандлари-ку?! Балки бу талабалар орасида уларнинг ҳам укалари, сингиллари бордир?

Наҳотки, юқоридан келган буйруққа кўр-кўрона бўйин эгиб, ўз қардошларига ўқ отсалар? Ахир бу талабалар Каримовнинг саройини кул қилиб кўкка учирмадилар? Бор-йўғи нонимиз қани, нега нонимизнинг баҳосини қиммат қилдингиз, деб сўрашди. Наҳотки, улар ўзларини қул деб билсалар, мансабдагиларнинг қули деб билсалар?! Ёки кийиб олган либослари уларни роботга айлантирдими? Қалби йўқ, ақли йўқ, фикрламоқдан, мушоҳада қилмоқдан маҳрум бўлган роботларга айландилар-ми? Балки бир кун бу талабаларнинг ҳам баъзилари миршаб бўлар? Улар ҳам ўз фарзандлари, ўз ака-укаларига қарши қурол кўтармайдиларми кейин? Қасос олмоқ учун шу йўлга бош ўрмайдилар-ми? Бир инсофсизнинг мансабини кўриқлаш, бир хоиннинг обрўйини асраш учун қон тўккан бу инсонларга нима дейиш керак?!

Қизиқ нега талабаларнинг ҳузурига Бош прокурорни юборишди? Прокурорни у ерга юбориш кимнинг хаёлига келди экан? Табиийки президентнинг кўрсатмаси бўлмаса прокурор бормайди. Бундай шароитда таҳдиддан бошқа нарсани билмайдиган Бўритош Мустафоевни юборишни қандай тушиниш керак? Талабаларни қиздириш, бу ҳам фитна. Демак, юборган одам шуни истаган. Ҳар томондан қуршаб олинган, калтакланаётган, судралаётган одамга “сенинг жазонг ўлим” десангиз, у раҳмат дейди-ми? Ҳали ҳам талабаларимиз инсофли экан.

Олий кенгаш раиси телефон қилди:

-Сизни ҳам қийнаб қўйдик,-деди у ўзим қийналиб кетдим, деган оҳангда.

-Халққа бирор гап айта олмасак, ана у қийин,- дедим. -Сизга нима? Ҳайитбоев ишнинг ичида, биринчи ўринбосари Мусаевни комиссияга қўшдик. Ана уларнинг виждони қийналсин. Қолаверса, бугунн бериладиган барча кўрсатувларни комиссиямиз аъзоси сифатида ўртоқ Мусаев кўриб чиқсин. Биласиз, бир иш юзасидан тергов бошланса, унга ҳеч кимнинг халақит қилишга ҳаққи йўқ. Биз текширув олиб бораяпмиз. Комиссиямиз фаолияти боши берк кўчага кириб қолмаслиги учун ҳар турли тадбирлар олишимиз керак. Эшитишимча, сиз Талабалар шаҳарчасига мухбирларни юборибсиз-ми?

-Мухбирларнинг бориб бормаслиги сиз учун воқеа эмас, лекин бир депутатнинг миршаблар томонидан йўлдан қайтарилиши сизни қизиқтириши керак, чунки раисимиз бўласиз.

-Сиз бормасангиз ҳам воқеаларга аралашганингизни биламиз. Бундан бу ёғига эҳтиёт бўлинг,- деди Йўлдошев ва қўшимча қилди.- Ислом акамларнинг топшириқлари билан ҳозир Бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров етиб боради. Мусаевдан кейин кўрсатувларга назар ташлайди ва лозим топса, “Ахборот”да чиқиб гапиради.  Ҳа, дарвоқе бу ишни ўрганиш бизга топширилган. “КГБ” деган нозик гапларни айтиб юрган экансиз, бирор далилингиз бўлса комиссияга топширинг. Бўлмаса бундай обрўли идоранинг шаънига тош отманг-ки, охири бахайр бўлмайди.

Эрталаб бошланган бу ҳангома кечгача давом этди. Ниҳоят тоқатим тоқ бўлиб  девон котибиятининг бошлиғига телефон қилдим:

-Илтимос, кириб Каримовга айтинг, кўрсатувларимизга цензура қўйишаяпти. Ттелевидение раҳбарлигига  келаётганимда бу масалани кўтаргандим ва  у киши “Биров цензура қўядиган бўлса бошини оламан”, деган эдилар. Талабалар шаҳарчасидаги воқеа дунёга ёйилди. Москва ҳам кўрсатади, бизнинг жим туришимиз жиноят бўлади,- дедим. -Ҳозир шунинг маслаҳати бўлаяпти,-деди котибият бошлиғи.-Оқсоқолнинг ҳузурларида шу хусусда мажлис ўтказилмоқда.

Бироздан кейин яна Йўлдошев телефон қилди.

-Ҳаммасининг дами чиқиб кетди. Бу масалани эртага ҳал қиламиз. Бугун ҳукумат комиссияси тайёрлаган хабар билан комиссия рўйхатини эълон қилинг,- деди у.

-Ўттиз иккита исм-шарифни ўқишдан нима маъно чиқади? Қон тўкилгани, талабаларни отишга ким рўхсат бергани, неча киши ўлгани ва неча киши ярадор бўлгани, бунинг айбдорлари кимлиги – бу саволларга бугун жавоб беришимиз керак!

-Майли, буни Ҳайитбоев билан гаплашамиз,-деди Йўлдошев ва бошқа телефон жиринглаётганини айтиб, суҳбатни кесди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас хонамга Ҳайитбоев кириб келди:

-Нега мен билан маслаҳат қилмасдан камера юбордингиз?- деди у ҳовлиқиб.- Менга Ислом акамнинг ўзлари телефон қилиб, “Камера-памерангни йиғиштир” деб айтдилар. Ҳатто мени “латта” дея ҳақорат қилдилар, раҳматли онамни ҳам тинч қўймадилар.

-Сиз ўзингиз нега бир неча марта бориб келдингиз-у камера олиб бормадингиз. Сиз ва менинг вазифам у ерга бориб келишдан иборат эмас. Биз хабарчимиз. Халқни воқеалардан хабардор этишимиз керак. Агар бу ишни уддалай олсак, асосий вазифани бажарган бўламиз, адолатсизликнинг йўлини кесамиз, ўйинлар учун имкон қолдирмаймиз. Ҳозир эса вақтдан бой бераяпмиз, ёлғоннинг гуллашига йўл очаяпмиз,- дедим.-Эътибор қилдингиз-ми, нега миршабларга Божхона раҳбари Урайим Абуғаниев етакчилик қилаяпти?

-Оқсоқол бу ишни унга топширган бўлишлари мумкин…

-Шунинг ўзи фикрлаб кўриш учун асос эмасми?

-Оиламизда фикрлашга ҳаққимиз бор. Бу ерда эса оиламизнинг раиси Ислом акамиз. У киши халқимизга ёмонликни раво кўрмайдилар. Тўғрисини танлайдилар. Биз эса айтганларини бажаришимиз керак. Эфирни мен тўхтатдим ва концерт қўйишни айтдим. Бекордан бекорга Элбек акани айбламанг!

Эркин Ҳайитбоевнинг кулгичлари доим кулиб тургани учун у худди масхара қилиб гапираётгандек туюлса-да, бу гапларни жиддий оҳангда, самимий айтаётганди. Ўйланиб қолдим. Ё мен бошқа бир дунёдан буларнинг орасига тушиб қолдим ёки булар ҳақу мен ўжарман. Ҳозир яна бироз тортишсак, жанжаллашиб қолишимиз аниқ, индамай қўйсам бора-бора индамасга айланаман. Баъзиларига шу билан баравар булиб ўтираманми, дея қўл силтайсан, айримларининг ошқовоқ каллаларига бир калима ҳам сингдиролмай хуноб бўласан, мана бундайлар эса бетон девордек гап: бош урсанг бошинг ёрилади, сўзинг ўзингга қайтади, асаблашиб жиғи бийрон бўласан.

-Майли, отангиз ҳам оилангизнинг раиси ҳам Каримов бўла қолсин, лекин ўқ еган, қони тўкилган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшда ўлдирилган талаба ўғлингиз бўлса-чи? Ҳайитбоев чўчиб тушди.

-Оғзингиздан бу гапни шамол учирсин! Худо сақласин, деб гапирсангиз-чи, ука. Дарвоқе, концертларни бекор қилиш ҳақидаги буйруғингиз ички низомга қарши!

Шу пайт котиба киз кириб, Бирлик Халқ ҳаракати ташкилотидан бир гуруҳ келганини ва раис билан учрашмоқни талаб қилаётганларини айтди.

-Мен Мусаев билан репортажларни кўришим керак. Ҳозир Самандаров ҳам келадилар. Сиз бу масала билан эрталабдан буён шуғулланаяпсиз, ҳамма гапдан хабардорсиз. Улар билан учрашсангиз. Қолаверса, ўзингизни одамларингиз,- деди Ҳайитбоев киноя билан.

Унинг киноясига шиддатли бир қараш билан жавоб бердим-да қабулхонага чиқдим. Шоир Ёдгор Обид билан бирга “Бирлик”нинг тиниб-тинчимаган аёллари келишганди.

-Биз ҳукуматга мотам куни эълон қилиш таклифи билан чиқдик. Мотам қаёқда, байрам қилишаяпти, – деди у.- Бир томонда болаларимизни ўлдиришаяпти, бир томонда сизлар концерт қўйиш билан овора.

-Мотам фикрингизни қўллайман, лекин концерт қўяётганимиз йўқ. Концерт ва ўйин-кулги дастурларини бекор қилганман. Кечқурун, Худо хохласа, воқеалар ҳақидаги репортажларни намойиш этамиз.

-Худо хохласа-ми ёки Каримов хохласа-ми?- заҳарханда жилмайиш қилди Ёдгор Обид.

Мен ҳеч нарса демадим. Ростдан ҳам Каримов хохламаган бўлса керак-ки, репортажларни кўрсатувдан олдин қараб чиқишга қарор қилишди. Раис олдиндан “Эфирни тўхтатдим” деб айтди.

Ёдгор ака билан бирга келган аёллардан бири:

-Аллоҳ мададкор бўлсин, бу даҳшатни халққа кўрсатинг. Концертларга ҳам чек қўйинг. Биз эса бу масалада сизга керакли ёрдамни берамиз,- деди.

Улар ҳукумат идораларига ҳам боришганини, Талабалар шаҳарчасида ўқ отган қотилларга қарши норозилик намойиши ўтказганларини, бу масалани мутлоқ охирига етказажакларини айтиб, чиқиб кетдилар. Улар кетар эканлар, кейинги ҳафта “Бирлик” фаоллари иштирокида бир баҳс дастури тайёрлашни ҳам келишиб олдик.

Хайриятки, шундай инсонлар бор, деб ўйладим. Агар улар ҳам фақат ўз ўғил-қизларинигина ўйласалар ва бутун эркларини тепадаги битта одамга бериб қўйсалар, ана унда олам гўристон бўлади. Бу аёлларнинг ҳар бири оиласида она, фарзандларининг ташвиши билан югуради, яна қаердадир ишлайди ҳам. Шунга қарамай адолат излашади. Бу адолатни ўзлари учун излашади-ми? Йўқ, шу халқим ҳам бошқалар каби ойдинликда яшасин, нурга илҳақ бўлмасин, зулм остида эзилмасин, дейишади. Халққа, Ватанга бўлган муҳаббат юракларида чўғга айланган. Бу чўғ қалбларини ёндириб туради. Шу оташдан куч оладилар. Баъзилар уларни англамайдилар. Ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмони билан иши бор буларнинг, дейишади. Ҳа, ишлари бор. Ўша ўроқ миллатнинг бошини кесмасин, ўша кетмон инсонлар оёғининг остини ковламасин, дейишади. Оз бўлсаларда, хайриятки, улар бор.

19.ИСТЕЪФО ҚИССАСИ

Хуллас, биринчи кун Талабалар шаҳарчасида содир бўлган қонли воқеа ҳақида кичик бир лавҳа бериб, “Эртага воқеалар ҳақида батафсил ҳикоя қиламиз, бу ишнинг ортида кимлар турганларини фош этамиз” деган эълон бердик. Бу бизнинг катта хатоимиз бўлган. Эълонни эшитган казо-казолар ваҳимага тушишган.

Эртасига Каримов Талабалар шаҳарчасида дорилфунин домлалари билан учрашув ўтказди. Журналистика факултетининг домласи Мухтор Худойқулов бир неча талаба очлик эълон қилганини айтди. Шу ердаги огругдан депутат Марат Зоҳидов эса сўзга чиқиб, негадир камина ҳақида гапирди, ТВга ишга тайинлаганим хато қарор бўлганини айтди. Оз қолсин Талабалар шаҳарчасида юз берган воқеаларнинг айбдори бўлаёзгандим. Ўрнимдан туриб гапираман, десам, Каримов “Парво қилманг, ҳозир ҳаммага тош отишади, кўтаришимиз керак” деди.

Кейин Каримов Тошкент шаҳар фаоллари билан учрашув ўтказди. Унда уч нуқта диққатни тортди.

Биринчиси, у нутқидан олдин, чўнтагини ковлаб ЭРК партияси раиси, сайловдаги рақиби Муҳаммад Солиҳнинг ўз номига “Сизни сайловда ютиб чиққанингиз билан табриклайман, халққа хизмат қилишингизда омад тилайман”, деган телеграммасини ўқиб берди ва “Мана мард йигит шунақа бўлади, мағлубиятни тан олиш ҳам мардликдир” деди.

Иккинчи нуқта Каримов халққа мурожаат қилиб, олти ой вақт берилишини ва “Августгача ҳаммаёқни жаннат қилиш”ни, агар қила олмаса “ташлаб кетиш”ини айтгани бўлди.

Учинчиси эса, у Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ортида “қора кучлар” турганини таъкидлаб, гапни исмини айтмасада Шукрулло Мирсаидовга олиб бориб боғлади.

Бу мажлисни ёритишга масъул бўлган йигитларга ана шу, кейинги нуқта ҳақидаги жойни телевизорда бермаслик кераклигини айтдим.

Бир пайт Каримов телефон қилди:

-Сиз нега цензура қўйдингиз?-деди.

-Цензура эмас, ўзингиз “Нутқимни тўла кўрсатмаларинг!” деб айтибсиз, кейин мен фақат бир нуқтасига қарши бўлдим, ҳали тергов бошланмасдан, ҳали ҳеч нарса аниқланмасдан дарҳол кимнидир айблаш керакмикан, бизнинг қўлимиздаги ҳужжатларга кўра ҳукуматнинг баъзи одамлари бу ишда иштирок этган.

Каримов жим бўлиб қолди. Бирдан юшаган оҳангда:

-Кўрдингизми, ўша ҳукуматнинг одамлари Мирсаидовнинг одамлари-да. Унинг думлари. Фозилбеков ҳам, ана у жипириқи Урайимжон ҳам… Ҳукуматни улардан тозалашимиз керак, деди. Шунинг учун ҳам ўша жойини албаттта кўрсатинг, халқ тушуниб олсин, деди.

Бу одамлар Мирсаидовнинг “қолдиқлари” эмаслигига урғу берсам ҳам Каримов ўз сўзида турди. Қолаверса, у ҳукуматдан кимлар аралашганини сўраб ҳам ўтирмасдан бу одамларнинг исмини айтгани ҳам мени қизиқтириб қолди. У аллақачон биз тайёрлаётган дастурдан хабар топдими ёки бу одамларни қурбон қилиб юбормоқчи-ми?

Фозилбеков ҳақиқатдан ҳам Мирсаидовга яқин одам эди. Аммо кейинги вақтларда Мирсаидовни Каримовнинг оёғига ташлашда у фаоллик қилди. Урайимжон Абдуғаниев эса “Каримовнинг ўғли” деган лақабни олиб улгурганди. Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларга уларнинг бошчилик қилишлари ҳам бежиз эмас. Каримов билан гаплашадиган гапим кўп эди ва кейинги кунлар ҳар қанча унинг қабулига киришга уринсам-да машғуллигини баҳона қилишаётганди. Ҳозир ҳам ҳамма гапларимни айтишга улгурмадим, у Елцин телефон қилаётганини айтиб гапни кесиб қўйди.

Орадан бироз вақт ўтиб Ҳайитбоев телефон қилиб, Бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров келганини ва Каримовнинг нутқини олдиндан кўриб чиққани, энди эса талабалар шаҳарчаси воқеаларига бағишланган репортажни кўраётганини айтди. Дарҳол бордим.

-Буни беролмаймиз,-деди Эркин Самандаров.

-Нега,-дедим.

-Ўзингиз ҳозиргина оқсоқолга ҳали текширув бошланмасдан, тергов бошланмасдан олдин ҳар қандай гапларни бермаслик керак, дебсиз-ку?

Уларнинг иш усулларидан ҳайратланиб қолдим. Каримовнинг “Елцини” ким эканлигини ҳам тушундим.

-Майли у ҳолда ҳар иккаласини ҳам қолдирамиз,-дедим.

-Президентнинг нутқи кўриб чиқилди ва ҳукумат ўз қарорини берди, комиссия ҳам бунга қўшилди. Уни қолдириш учун ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Бу идора ҳукуматга оид ва ҳукуматнинг тепасида президент ўтирибди. Мана бу репортаж эса халқнинг манфаатларига қарши, тинчликни бузувчи, тўполон чиқарувчи…,- деди Эркин Самандаров. Уни раис Эркин Ҳайитбоев ва Элбек Мусаев ҳам қўллашди.

Хуллас, узоқ тортишдик ва ҳеч нарса қила олмаслигимни билганим учун эшикни уларнинг башарасига “уриб”, чиқиб кетишдан бошқа илож қолмади.

Каримов Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар юзасидан маҳаллий ва чет эл мухбирлари билан учрашадиган бўлганини эшитиб ўша ерга етиб бордим. Бу сўнгги имконият эди. Мақсадим савол бериш баҳонасида ҳамма гапни айтиш ва кейин анжуманни “Каримовнинг маҳрига тушган телевидениеси”да тўла кўрсатиб, бўлаётган воқеалардан одамларни хабардор қилиш эди.

Анжуманга кечикиб келган Каримов безовта. Кимдир, қандайдир савол бериб қолиши мумкинлигиданми ёки бирор сир очилиб қолиши эҳтимолиданми, хуллас бу безовталик нимадан эканлигини билиш қийин.

Бунинг устига ўша куни Каримов таниқли журналист Лола Ҳотамовага уйланармиш, деган гапни эшитиб қолдим.

Лола Ҳотамова бир неча тилни биладиган, осмонни ерга, ерни осмонга урадиган журналист. Уни радиода ишлагандан бери биламан. Ўшанда, яъни 1977-1980 йилларда у чет элларга эшиттиришлар берадиган бўлимда ишлар эди. Муаммоларга бағишланган “Табаррук замин” дастурим бўлиб, уни олиб бориш учун Имомалиев деган академикни топган ва ёнига бир аёл қидираётгандим. Журналист Эркин Неъматовнинг тавсияси билан Лола Ҳотамовани таклиф қилдим. Овози жарангдор ва ёқимли эди. Бир муддатдан кейин у турмуш ўртоғи, ўша пайтларда донғи чиққан, Шароф Рашидовнинг энг яқин одами деб билинган, қарийб ўттиз йил давомида Молия вазири бўлган Муродхўжаевнинг ўғли билан ажрашиб, Ҳиндистонга кетиб қолди.

Шундан кейин уни 1990 йилда Наврўз марафонини ўтказаётганимизда кўрдим ва у келиб биз билан ҳамкорлик қилишни истаётганини айтди. Дастуримизда қатнашди.

Кейин Бош вазир Шукрулла Мирсаидов уни матбуот котиби этиб олди. Тез орада у кўзга ташланди ва “Мирсаидовнинг ўнг қўли” деган гаплар тарқалди. Мирсаидов ишдан кетмасдан туриб, у Каримовнинг назоратига ўтказилди. Каримовнинг бировни ишдан олишдан олдин аввал унинг “шохларини кесиш” одати бор эди…

Хуллас, матбуот Конференциясида Лола Ҳотамова энг олдинда ўтирган ва негадир Каримовнинг кўзи доим унда. “Каримов кейинги ҳафта уйланармиш” деган гапни бу ерга келаётиб эшиттим. Президентнинг ҳаяжони шундан бўлса керак, деб ўйладим.

Каримов Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни “қора кучлар” уюштирганига ва яна гапнинг бир учини Мирсаидовга тақади.

Сўз олиб, бўлган воқеаларни гапирдим ва Каримовдан шу нарсалардан хабари бор, йўқлигини сўрадим. Лекин у одатига кўра жавоб бериш ўрнига бошқа нарсалар ҳақида тўхталди. Бу эса унинг ҳамма гаплардан хабари борлигни кўрсатар эди. Конференциядан кейин Каримовнинг ёнига бориб, бунақада ишлаб бўлмайди, демоқчи бўлдим. Унинг ёнига яқинлашар эканман, Каримов Лола Ҳотамовани чақириб, қўлини унинг белидан ўтказиб, унга муҳим гапи бордек, қулоғига бир нарсаларни пичирлаганча, орқа эшикдан чиқиб кетишди.

Демак тарқалган гапдан ҳали Каримовнинг ҳам, Лоланинг ҳам хабари йўқ. Ёки Каримов бу миш-мишни режали равишда тарқатиб, бу ҳаракати билан миш-мишни мустаҳкамлаётган эди.

Шу ҳаракатдан кейин тўй ҳақидаги гап ҳамма ёққа тарқалди. Лола Ҳотамова ёмон вазиятга тушди. Вазирлар маҳкамасидан Савдо Палатасига ишга ўтказилди. У ерда ҳам ишлай олмади. Турмушга чиқиб, сарой ҳудудидан узоқлашиб кетди.

Телевидениега келсам, Ҳайитбоев “Мен болаларга конференцияни қисқартирмасдан тўлиқ беринглар, деб айттим” деди. Хурсанд бўлдим. Одамлар бўлаётган гаплардан хабар топишади, энди деб енгил тортдим. Хонамга киришим билан эса Каримов телефон қилди ва русчалаб шоша-пиша гапира бошлади:

-Эрталабки рейсда Москвага учинг, бугунги матбуот конференцияси видеосини олиб боринг, у ерда матбуот анжумани ўтказасиз,-деди ва телефон гўшагини қўйди.

Қийин вазиятда қолдим.

Саҳарги рейсда йўлга чиққунимча, кетишим билан Каримовнинг маслаҳатчиси Зиёмовдан бошлаб, котиби Крайновга қадар кўп одамлар қизиқа бошладилар. Ҳатто учиб кетишимиз олдидан ҳам саҳар бўлишига қарамай Крайнов телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўраб қўйди.

Москвада у ердаги мухбиримиз Раимжон Султонов билан ваколатхонага бордик. Деярли ҳеч гап йўқ. Фақат мухбирларни тўплаб Талабалар шаҳарчаси ҳақидаги воқеалар ҳақида гапириб бериш режаси бор экан. Бунинг учун матбуот ишлари билан шуғулланувчи Шатуновский деган кишини маъсул қилиб қўйишибди. Вақтим бекордан бекорга ўта бошлади. Орада бир Москвада яшаган “Бирлик”чилар келиб кетишарди. Мухбирлар ҳам кўп келмади. Уч тўрт киши келди ва Шатуновский уларни бир хонага олиб кириб, тушунтирган бўлди. Қайтишни ўйласам, у ердагилар бу ҳақда Тошкентдан кўрсатма кутаяпмиз, дейишди. Икки кунда ўн мартача Крайновга телефон қилдим. У  “Президентнинг муҳим топшириғи борлигини айтиб, кутиб туришимни” сўрар эди. Шунда яна қандайдир ўйин бўлаётганини тушундим. Нима бўлиши мумкин? Тошкентга телефон қилиб, танишларимдан матбуот конференциясини кўрдингизларми, деб сўрасам, саволим ҳақида ҳеч нарса кўрсатилмаганини айтишди. Дарҳол Ҳайитбоевга телефон қилдим:

-Матбуот конференциясини тўла беришни айтган эдингиз-ку?

-Ҳалиям тўла бердик.

-Саволимни кўрсатишмабди-ку?

-Ука, мени биласиз-ку, сиз билан биргаман. Лекин Ислом акам “У ўзини пропаганда қилиш учун бу ишга ўтганми?”, деганлари учун ўша жойини олиб қолдим. Ўзингиз шу ерда раҳбар бўлсангиз ва ўзингизни кўрсатиш билан овора бўлсангиз, гапни, онангни деб сўкишларни эса бизлар эшитсак. “Муносабат” деган кўрсатувингзини ҳам тўхтатинг энди,- деб жавоб қилди худди яна “онангни..” сўкишини эшитиб қоламан-ми, деган одамдек овози қалтираганча…

Москвадагиларга айтмасдан йўлга чиқдим. Раимжон Султонов кузатиб қўйди. Тошкентга келишим билан телевидениега бордим. Котиба қиз ҳовлиқиб кирди;

-Ярим соат вақт қолган, лекин “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви йўқ. Редакторини ҳам, олиб борувчиси Азиз Эрназаровни ҳам тополмаяпмиз,-деди.

-Ҳар эҳтимолга қарши ўрнига бошқа нарса тайёрлаб қўйиш керак,-дедим ва редакторни яна бир қидириб кўришни буюрдим.

Орадан икки дақиқа ҳам ўтмасдан Ҳайитбоев телефон қилди.

-Ҳаммаси тўғри чиқди,-деди у салом аликни ҳам насия қилиб,-Бу ерда Урайимжон Абдуғаниев ўтирибдилар, Азизжон ҳам шу ерда, улар катта жиноятни очганлар ва сиз эса хаспўшлаётган экансиз…

Қоним бошимга урди. Жаҳлим чиқиб кетди. Ҳайитбоевнинг хонасига кириб борсам, редактор ҳам ўша ерда.

-Хайриятки Элбек акам, буйруқ бериб, дастурни ўзгартирмадилар, бўлмаса шундай катта жиноят ҳақидаги материал сақлаб қолинар экан,-деди Ҳайитбоев.

Уришиб қолдик ва мен ўзим дастурни олиб боришимни айтиб студия томон бордим.

Жиззахда бир неча киши ғайриқонуний балиқ билан қўлга тушган экан. Улардан бирининг исми Алишер экан, Мирсаидовнинг ҳам Алишер деган жияни бормиш. Гап шу. Мен студияга етиб келишим билан Ҳайитбоев ҳовлиқиб келди.

-“Шаҳар бедарвоза эмас” дастурини Урайимжон акам билан келишиб, эртага қолдирдик, ўрнига сиз айтгандек, концерт бериб турамиз,-деди.

Уйга кетдим. Келиб телевизорни қўйсам, Урайимжон Абдуғаниев гапирмоқда:

-Биз бу дастурни жуда катта қийинчилклар билан экранга олиб чиқдик. Эркин Ҳайитбоев каби одамларнинг қаҳрамонлиги бўлмаса, бу дастур қолдирилган бўларди. Жуда катта жиноят фош этилмай қолган бўларди…

Аммо дастур давомида ҳеч қандай катта жиноят ҳақида гап йўқ эди. Фақат қўлга тушган балиқчиларнинг қўшни Қозоғистон ҳудудида рухсатсиз ов қилиб, кейин балиқини яширинча Ўзбекистон ҳудудига ўтказганлари ҳақида гап борди. Балиқчилар бечора одамлар экани кўриниб турарди.

Фитна тайёрлангани билдим ва ўтириб “Фитна” деган мақола ёздим. Эрталаб уни “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторовга бердим.

-Эртагаёқ чиқади,-деди у киши.

Аммо чиқмади. Каримовнинг буйруғи билан саҳифадан олинибди.

Шу орада президент девонида илгари мен билан ишлаган ва энди Темур Алимов “қўлида” бўлган бир танишим келиб қолди ва муҳим гап борлигини айтиб, бир жойга чиқиб овқатлансак, деди.

Шаҳардан ташқарига чиқдик.

-Бугун Темур Алимовнинг хонасига Республика прокуратураси, Ички ишлар вазирлигидан терговчилар чақирилиб, Талабалар шаҳарчасидаги қонли воқеалар ортида Мирсаидов, “Бирлик” ва “ЭРК” турганини айтишди ва буни исботлаш топширилди, президент “қора кучлар” деганда шуларни назарда тутган экан,-деди.

Дарҳол Талабалар шаҳарчаси комиссиясининг аъзоси бўлган Муҳаммад Солиҳга телефон қилдим ва “Ҳамид Олимжон” метро-бекатида учрашадиган бўлдик. Унга бўлган гапларни айтдим. Қўлимдан келадигани ҳозирча шу эди. Қарши тадбир олиш кераклигини ва кейин керак бўлса, масалани сессияда кўтариш мумкинлигини гаплашдик. Дарҳақиқат, давлат комиссияси ҳам дарҳол “Алимов режаси” томонга қайрилди…

Қисқа муддат ҳукумат таркибида бўлганимда, ана шундай кўп воқеалар юз берди ва бу ерда туриб ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини тўла тушундим. Истеъфо аризасини ёзиб хонамдан чиқиб кетаётгандим, Эркин Ҳайитбоев, Эркин Самандаров ва яна бир неча казо-казолар кириб келишди ва:

-Талабалар шаҳарчаси воқеалари ҳақида махсус дастур қилмоқчимиз, “қора кучлар”нинг башарасини очиб ташлашимиз керак, шуни гаплашсак,-дейишди.

Мен қўлимдаги бир даста калитни улоқтирдим хонадан чиқиб кетдим.

Истеъфо аризасини кўпайтирдим-да, бир нусхасини Крайновга, яна бир нусхасини Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга бердим.

Олий кенгашга келсам, Эркин Воҳидовнинг хонасида Муҳаммад Солиҳ ва яна икки-уч киши ўтиришганди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай уларнинг бамайлихотир ўтиришларидан, кимнидир кутишаётгани маълум эди. Салом-аликдан кейин бўлган воқеаларни гапириб бердиим. Эркин ака бош чайқаб қўяркан, Муҳаммад Солиҳ:

-Истеъфономангиздан бир нусха беринг, биз газетамизда нашр эттирамиз,- дея бир нусхасини олди.

ИСТЕЪФОНОМА: “Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида рўй берган фожеа юртимизда ошкоралик, ростсўзлик йўқлиги, инсон ҳуқуқларини топташ ҳали бери барҳам топмаслигини исботлади. Мен раҳбар бўлган жумҳурият телевидениесидан кўрсатувлар олиб қўйилди. “Муносабат” рукни билан ҳозирланган махсус кўрсатув экранга чиқарилмади. Ошкоралик учун кураш йўллари бекитиб ташланди. Мени истеъфо беришга ундаган сабаблар қуйидагилардир:

1.Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани;

2.Паркент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани;

3.Яна яккаҳокимлик, диктатура бошлангани. Халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш, алдаш билан банд бўлинаётгани;

4.Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани;

5.Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани;

6.Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув қуйиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига унинг авж олдирилаётгани;

7.Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани;

8.Мухолифатдаги партия, ҳаракат ва уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани;

9.Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.

10.Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани…

Ана шу ва бошқа сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб, бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир…”

Бу аризамни “ЭРК” газетасининг биринчи саҳифасига қўйишган экан. Цензура аризани олиб қолиб, сарлавҳасини унутгани учун газета “Телевидение раҳбари истеъфо берди” деган мақоласиз сарлавҳа билан чиқди.

20.ГКЧП “ҚАҲРАМОН”И

1991 йилнинг Август ойига келиб, Каримов ва СССР президенти Михаил Горбачевнинг ораси бузилиб қолганди. Горбачев анча эркин фикрлайдиган одам бўлгани учун Каримовнинг қайта қуриш ва ошкоралик йўлига тўсиқ бўлишидан хафа эди. Айниқса 1989 йил охирида Ўзбекистон Олий Кенгашига сайловлар пайтида Каримовнинг мустақил номзодларга кўрсатган босқиси Горбечевнинг қаттиқ танқидига йўл очганди. Чунки Горбачев сайловлар эркин ўтиши учун жуда қайғураётган бир пайтда Каримов Ўзбекистон  раҳбари бўлганига бир йил ҳам тўлмасдан сайловни қаттиқ назортга олиши унинг жаҳлини чиқарганди. Кейин Ўзбекистон Оли кенгашида юз берган воқеалар ҳам сабаб Каримовнинг репрессив ҳатти-ҳаракати боис ўзбек халқи Иттифоққа ишончини йўқотади, деган фикр билан Горбачев Каримовни кескин танқид қилишга ўтди.

1990 йилда Каримовни президент қилиб сайлаш масаласи апал-тапал сессияга олиб чиқилар экан, ўша пайтда уни қўллаган ва бу масалани сессияга олиб чиққан СССР Халқ депутати Аҳмаджон Мухторов “Халқ сўзи” газетасидан ишдан кетказилиб, ишсиз қолгач кўнглини очиб шундай деганди:

-Горбачев бизларни (у бизларни дер экан, Ислом Каримовни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиблигига келтириш учун Горбачевга кириб талаб қилган СССР Халқ депутатларини назарда тутаётган эди-ЖМ) чақириб, биз Каримов номзодини ўтказмаганимизда гриббонимдан олган эдингизлар. Бу қип-қизил диктаторку?! Бир икки танқид қилган эдим, энди мендан қочиб юрибди. Уни алмаштирмасак ўзбек халқининг кўксизга шамол тегмайди, деди. Мен ўша куниёқ Ислом акани топиб, бунга жавобан дарҳол президентлик вазифасини жорий этиш кераклигини айттим. Ўшанда биринчидан, марказнинг ишга қўйиб ишдан олишига қарши бўлган бўлсам, иккинчидан Ислом акани бағри кенг одам деб билардим. Аммо адшибман ва бу нафақат менга балки ҳаммага ҳам қимматга тушди. Бу одам ҳали кўп ҳунарлар кўрсатади…

Горбачев СССР ўрнида ваколатлари кенгайтирилган жумҳуриятлар Иттифоқини тузмоқчи эди ва бу борадги ҳужжат имзоланишидан олдин давлат тўнтариши юз берди.

Мазкур ҳужжатни референдумга қўйишганда Ўзбекистонда 99,99 % одам ёқлаб овоз берди, дейилгани ҳам Горбачевнинг жаҳлини чиқарган, Каримовнинг ўзи бу ҳақда бир куни сессия танффусида фаоллар ҳузурида шундай деган эди:

-У одамгарчиликни ҳам билмайди, латта. Хурсанд бўлади деб, шунча одам ёқлади, деб ўзим телефон қилсам, раҳмат дейишнинг ўрнига, майнавозчилик қилма, деганди, оз қолсин онасини сўкиб юборар эдим.

Ҳар ҳолда бу воқеа Горбачевнинг тоқатини тоқ қилган охиргиси бўлса керак.

Каримов буни СССР Олий Советида юқори палатага раислик қилаётган Рафиқ Нишоновдан деб биларди. Горбачев Каримовнинг йўлтўсарлигидан норози бўлса, Каримов Нишонов уни қайраяпти, деган хулоса чиқарган. Шу боис Ўзбекистон мустақил бўлиши билан Нишоновнинг Тошкенга келишини таъқиқлаб қўйди ва у ҳақда бир қатор уйдирма мақолалар чиқартирди. Шундай мақоллардан бирини президент девонида ишлаган журналист Шароф Убайдуллаев ёзганди ва унинг ўзи ҳам кейинчалик Каримовнинг зуғумига учрагани боис бир куни парда орқасидаги ҳақ гапни айтса ажаб эмас?!

1993 йил апрелида Ўзбекистондан қочиб чиқиб кетаётиб, Алматида депутатлар залида Рафиқ Нишоновни кўриб қолдим. У билан анча гаплашдик. У қандай қилиб Каримовнинг бу ишга келгани ва ўзининг унга қилган яхшиликларини гапирди. Энди Қозоғистон ҳудудига қадар келиб Тошкентга ўтолмайдиган бўлиб қолганини, ҳатто умр йўлдошини ҳам Каримов сургун этганини айтди. Ўшанда уни кузатиш учун аэропортга Нурсултон Назарбоев келди. Нишонов мени у билан таништирди ва бошимга келганларни қисқа қилиб айтиб берди.

-Каримов тентак, аммо хитрий тентак,-деди ўшанда Назарбоев.- У ГКЧПдан қолган мерос. Бугун турмада ўтирши керак эди. Аммо мустақиллик эълон қилиб, қутулиб қолди. У ҳали  Ўзбекистонни барбод қилади!…

Назарбоевнинг кейин бошқаларга ҳам “Каримов тентак” деб айтганини эшиттим. Ҳар ҳолда бу гап Каримовнинг қулоғига қадар етиб борган-ки, ҳамма вақт ораларида совуқ девор борлиги сезилиб туради.

Хуллас, 1991 йилнинг ёзига келиб, СССР раҳбарлари (Ислом Каримов ҳам КПСС МК Сиёсий Бюросининг аъзоси эди-ЖМ) орасида Горбачев томонидагилар ва унга қарши жабҳадагилардан иборат икки гуруҳ пайдо бўлганди. Горбачев томонидагилар эркинлик, демократия десалар, иккинчи томон қаттиқўллик тарафдори эди.

Ана шундай вазиятда, ГКЧП (Рус тилидаги “Государственний Комитет по Чрезвичайному Положению” калималарининг бош ҳарфларидан олинган-ЖМ) номи билан кирган давлат тўнтариши юз берди. Бу воқеа 1991 йил 19 августида юз беришини саноқли одамлар, жумладан Ислом Каримов ҳам олдиндан билган.

Давлат тўнтаришидан икки ой олдин Тошкентга СССР Вице-президенти Геннадий Янаев келди. У Ўзбекистон коммунистларининг сездида қатнашди. “Панорама” кинотеатрида ўтган мазкур сеъздда Янаев, мамлакатда интизом издан чиқиб кетгани ва фақат Ислом Каримов бош бўлган республикада коммунистик темир интизом сақлаб қолингани, бошқа жойларда бундай тажрибага эҳтиёж мавжудлигини гапирди.

Кўп ўтмай Бош вазир Валентин Павлов Тошкентга келди. У кутилмаганда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси мажлисини чақириб, ўзи раислик қилгани ҳаммани ҳайратга солди.

Ислом Каримов давлат тўнтаришидан олдин Ҳиндистонга кети. Ҳиндистон матбуотида ўша кезда бўлган маълумотга кўра, мазкур сафар май ойига белгиланган ва Деҳли томони турли сабабларга кўра ташрифни бошқа пайтга суришга уринган, Тошкент томони сафарни августнинг худди шу кунларига мослашни қаттиқ илтимос қилган. Бу факт СССР Олий Советининг ГКЧПни ўрганиш комиссияси ҳужжатларига ҳам кирган.

Давлат тўнтариши юз берган кун Самарқандда эдим. Эрталаб биринчи рейс билан Тошкентга келсам, депутатлар залида ишлайдиган аёл:

-Ёмон бўлди-ми яхши бўлди-ми?-деб сўради.

-Нима?-деб ажабландим.

-Давлат сири деган жойи қолмади, телевизорларда бераяпти,-деди у жилмайиб.

Биринчи хаёлимга келган нарса, Ҳиндистонга кетган Каримов ҳалокатга учраган бўлса керак, деган гап бўлди. Воқеани эшитиб, аввал уйга келдим. Бази ҳужжатларимни олиб, чиқиб кетаётсам қўшнимиз, КГБ раиси Ғулом Алиев билан қаршилашиб қолдим. У кечаси билан ухламагани кўзларидан сезилиб турарди. Қизарган кўзларини ишқалаб:

-Бироздан кейин яна ишга бораман, Жаҳонгиржон, илтимос уйга қайтинг, ишга чиқманг, рўйхатда сиз ҳам борсиз. Эшигимиз бир-бирига қарши, қўшнимиз, болаларингизнинг кўзига қандай қарайман, кейин. Воқеалар бир ёқли бўлгунча уйда ўтиринг,-деди.

Унинг бу гаплари самимий ҳам бўлиши мумкин. Аммо мен унга ишонмас эдим. Чунки у ҳали КГБ раисининг ўринбосари эканида Ўзбекистон телевидениеси учун бир маҳаллада тайёрланган учрашувда биз – “бузғунчи депутатлар” ҳақида гапирган ва ундан бу гапига изоҳ талаб қилгандим. Изоҳ бермагач, “Озодлик” радиосидаги суҳбатимда уни қаттиқ тандиқ қилган ва КГБ раиси бўлаётганда ҳам қарши чиққандим. Шу боис унинг самимиятини тескари тушуниб, Олий Кенгашга келдим.

Москванинг топшириғи билан Шукрулло Мирсаидов бошчилигида фавқулодда қўмита тузилибди, лекин қўмита бўлаётган воқеалардан ўзини узоққа олгани боис КГБ ва Ички Ишлар вазирлиги бевосита марказнинг айтганларини қилаётганди.

Каримов Ҳиндистон сафаридан қайтаётгани ҳақида эшитдик.

Кейинчалик эса Ислом Каримовнинг учқичдан Янаевга телеграмма йўллаб, уни табриклагани маълум бўлди. Ҳукумат  доирасидаги ҳаракатлар ҳам шундан дарак берар эди. Мухолифат қувғинга олинган, ҳатто эркин қарашдаги депутатларнинг орқасидан кузатиш бошланганди. Шундагина Самарқанддан саҳар чиққанимда уйимиз ёнида икки томонда турган икки енгил машина ҳақида эсладим.

Москвада эса демократлар давлат тўнтаришига қарши чиқандилар. Бизнинг қўмитамизда аъзо бўлган депутат Раимжон Султонов намойишга чиққанлар ҳузурига уйидаги иккита қовунни олиб боргани Янаевчиларга ўзбеклардан ҳам қаршилар бор, деган хабарга асос бўлганди.

Биз ҳам Олий Мажлисда ишлайдиган бир гуруҳ депутатлар Россия Парламенти олдида намойиш қилаётганларга телеграмма йўллаб, демократияни қўллашимизни билдирдик.

Каримов Ҳиндистондан қайтгандан кейин ҳам уч кунга қадар Москвада бўлаётган воқеаларга муносабат билдирмади.

Москвада ҳамма нарсани Елцин қўлга олди, Горбачев дам олишдаги “асир”ликдан қутқазилди, давлат тўнтариши фитнаси ва ортидаги сирлари фош бўлди.

Шундан сўнггина Ўзбекистон ҳукумат биносида бир мажлис бўлди. Лекин у ерда ҳам гап муносабат ҳақида эмас, интизом ҳақида борди.

Хуноби ошган депутат Карим Баҳриев:

-Бутун дунё ГКЧПга муносабатини билдирди, бошқа республикалар ҳам ўз қарашларини айтдилар, биз эса қўллашимизини ҳам, қоралашимзини ҳам айтмадик, муносабатимизни билдирайлик!-деган бўлса, ёзувчи Примқул Қодиров:

-Ислом акамнинг истеъдодлари туфайли биз эсон омонмиз. Мана ўртоқ Янаев Тошкентга келганларида у кишини алоҳида мақтаб кетгандилар. Ҳозир вазият қиличнинг дамида юрган каби. Озгина хато қилиндими, оғиб кетиш мумкин,-дея ҳали ҳам Янаевни ҳимоя қилганди.

Ислом Каримов ҳали кутиш кераклигини уқтирар экан, масалани жойларда интизомни сақлашга чақириш билан “ёпди”.

Кейин СССР Олий Советида давлат тўнтариши масаласида комиссия тузилганда фитнада Ислом Каримовнинг иштироки ҳам қайд этилди. Бир йил аввал мустақилликка қарши чиққан Ислом Каримов фавқулодда сессия чақиртириб, 1991 йилнинг 31 августида Мустақиллик ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилди.

СССР Олий Советининг депутати, юқоридаги давлат тўнтариши юзасидан тузилган комиссия аъзоси Пўлат Охунов Каримовнинг ГКЧП фаолларидан бир эканлигини, бу борада ҳужжатлар мавжудлигини айтиб чиқди. Лекин мустақиллик Каримовнинг жонига ора кирди. Пўлат Охуновни эса Каримов ҳибсга тиқди.

2000 йилнинг 18 августида “Америка овози” радиосига берган суҳбатида Пўлат Охунов бу ҳақда шундай деган эди:

-Давлат тўнтариши қилганлар қамоққа кирдилар. Каримов Янаев ва Павловларни бу ишга илҳомлантирган одам эканлиги аниқилансада у четда қолди. Қамоққа кирганлар кўп ўтмай чиқдилар, балки Каримов ҳам ўшанда қамалганда орадан кўп ўтмай чиққан бўларди. Лекин масаланинг бугун учун жуда қимматли бўлган маънавий жиҳати бор. СССРни сақлаб қолиш учун давлат тўнатаришининг меъморларидан бири бўлган одам бугун мустақиллик қаҳрамони деб улуғланаёгани кишини ўйлантиради.

Масаланинг яна бир маънавий томони бор. Бу эса Каримов ўзининг ГКЧПдаги иштирокини тўлалигича Мирсаидовнинг бўйнига қўйиб юборганидир. Мирсаидовнинг ўша кезда республикада иккинчи одам эканлигини ҳисобга олган тақдиримизда Каримов бу ҳаракати билан ўзи бошида турган Ўзбекистон ҳам ГКЧПда иштирок этганини тан олиб қўйганди ва бу билан “бу ишнинг ичида бор эдим” деганини ўзи ҳам билмай қолганди.

“Халқ сўзи” газетасининг 1992 йил 21 апрел сонида “Топпонча”га жавоб” сарлавҳали мақолам босилиб чиққан кун Каримов мени девонга чақиртирди. У мақолани Бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков билан тушга қадар аранг ўқиб бўлиб, менга:

-Қўлни ташланг, ўғил бола экансиз-ку! Ман шунақа қилиб ёзиш керак!- деди.

Кейин у столининг устида турган бир варақли қоғозни узатди. Ўқисам МХХнинг ҳисоботи экан, унда мақолам ҳали тонг отмасдан шов-шув бўлиб кетгани, радиода ҳам бошқа газеталарнинг шарҳи ўрнига шу мақола ўқилгани, баъзи жойларда одамлар газетани 300 сўмга қадар сотиб олишгани, депутат Самандар Қўқонов нашриётдан қўшимча 5 мингта бостириб олиб, ўзи раҳбар бўлган ишхонада ва Чиноздаги сайловчиларига тарқатгани каби фактлар айтилган эди.

Каримов ўқиб бўлишимни ҳам кутмасдан, мақолада халқ мақолларини кўп ишлатганим ва бу унга жуда ёққанини айтди. Кейин қўлимга ҳукуматнинг бир қарорини берди. Унда каминани “Ўзбекистон телерадикомпанияси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлансин” деган гап ёзилганди.

-Фақат числоси қўйилмаган,- деб у бошқа бир фармон лойисини ҳам узатди. Унда эса мени мазкур компанияга раис этиб тайинлаш ёзилганди.

-Олти кун биринчи ўринбосар бўлиб ишлайсиз ва ана у  латта Ҳайитбоенинг орқасига тепиб юбориб, жойига ўтасиз. Аммо унгача қиладиган ишларимиз бор. Мана сиз ошкораликни севадиган йигитсиз. Ҳақиқатни ҳимоя қиласиз. Мана бу папкадаги ҳужжатлар билан ўзингиз танишиб чиқинг ва ўзингиз хулоса қилинг. Ёзадиган мақолангиз бугунгисидек зўр бўлиши керак,- деди Каримов жиддий оҳангда.

У сейфдан устида “Ш.Р.Мирсаидов” деб ёзилган семиз папкани олиб  берди.

-Унинг ўзи билан ҳам учрашиб гаплашишим мумкин-ми?-дедим папкадаги ҳужжатларни варақлар эканман. Каримовнинг чеҳраси хиралашди. Лекин бепарво оҳангда:

-Албатта, лекин у ҳам буларга қарши бир нарсалар тайёрлаб қўйган бўлиши мумкин, жуда туллак одам, эҳтиёт бўлинг, сотиб олишга уриниб, оёқнинг остидан уриб юборади. Модомики учрашар экансиз, мана сизга иккинчи папка. Бу иккинчи мақолага масаллиқ,- деди.

У энди устига “Д. Мирсаидова” деб ёзилган папкани узатди.

Папкаларда асосан Мирсаидовнинг Хитойга ва Россияга расмий сафарлари ва бу сафарларда сотиб олган нарсалари ҳақида ёзилганди. Ҳатто унинг хотини Урумчига борганда марварид сотиб олган, қайтиб келгандан кейин уни кимгадир сотган дея соқчиларнинг тушунтириш хатлари ҳам қўшилган.  Москва сафарида эса ҳайъат таркибида мен ҳам бор эдим. Елцин музокаралардан кейин ҳаммамизга, (кимга видео кассета, кимга ваза ва ҳоказо-ЖМ) жумладан Мирсаидовга ҳам ҳадя берганди. Бу протокол талаби эди. Аммо у ҳадяни олиб келиб хазинага топширмаган, деб айб қўйилган.  Бундай тартиб фақат мамлакат раҳбарлари учун белгиланган бўлиб, бу Ўзбекистонда умуман қоидага кирмаганди.

Дилбар Мирсаидова раҳбар бўлган Савдо палатасини текшириб чиққан ревизорларнинг бир-бирига зид хулосалари ҳам кўп савол уйғотарди.  Хуллас, ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, саволларни тайёрлаб Мирсаидов  ва умр йўлдоши билан учрашиш учун уларнинг уйига бордим.

Ҳақиқатан ҳам иккита папка тайёрлаб қўйган эканлар. Улар энди Каримовнинг бевосита топшириғи билан уюштирилган бўҳтон ҳақида ҳужжат тўплашганди.

Ҳар икки папкада ҳам қандайдир тўғри гаплар билан қандайдир уйдирмалар ҳам бор эди.

Хуллас, қўлимда иккита бир-бирини тўла инкор этадиган ҳужжатлар пайдо бўлди. Ҳар иккаласини ҳам фелъетонга сиғдириб, хулоса чиқаришни ўқувчига ҳавол қилдим. 16 саҳифалик фелъетони олиб бориб Мавлон Умрзоқовга бердим ва:

-Ошкоралик бўладиган бўлса мана ошкоралик. Лекин ҳукуматнинг мени ишга тайинлаш ҳақидаги қарори ва Президент Фармони числосиз, ҳавода қоладиган бўлди,-дедим жилмайиб.

Чунки ёзганим Каримовга мутлақо ёқмаслигини билардим ва виждонимга қарши бориб унинг истаги бўйича ҳам ёзолмасдим. Ҳар икки томоннинг айбларини очиқ кўрсатишга интилдим. Ёзганим матбуотда чиқмаслигини олдиндан билсам-да тарих учун дея олиб бориб бердим ва бир куни бирор архивдан чиқиб қолса ажаб эмас?!

Мавлон ака ўқиб кўриб, бир неча кун Каримовга беришга журъат эта олмабди, бир куни менга катта имконият қўлимдан чиқаётганини эслатди ва елка қисишимдан кейингина Каримовга олиб чиқиб берди.

Орадан кўп ўтмай, девонда ишга олинган қалами ўткир журналист Шароф Убайдуллаевнинг кетма-кет фелъетонлари чиқди. Лекин кейинчалик у юқорида таъкидлаганимдек, “яхшилигига” жавобан зуғумга учради. Унинг журналистика борасидаги таланти, истеъдоди худди Аҳмаджон Мухторовники каби Каримов томонидан камситилди…

“ГКЧПдан чиққан “қаҳрамон”..

Шароф Убайдуллаевнинг Мирсаидов ҳақидаги феълетонига ана шундай сарлавҳа берилган эди. Мирсаидов Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлганда Шароф Убайдуллалев “Тошкнет оқшоми” газетасига раҳбар бўлган ва бирга ишлашган. У ўзининг ишдан кетишида ва рашидовчиларга қарши кампанияда Мирсаидовнинг қўли бор деб ҳисобларди. Бу томони менга қоронғу.

Лекин бугун бизга масаланинг Каримов билан боғлиқ маънавий жиҳати жуда муҳимдир. Гап шундаки, Мирсаидов ГКЧПнинг “қаҳрамони”га айлантирилиши билан Каримовнинг бу борадаги “қаҳрамон”лиги хаспўшланиб кетди.

21. КУЧ АДОЛАТДАМИ,  АДОЛАТ КУЧДАМИ?

1991 йил…

Бир куни Вазирлар маҳкамасининг биринчи қаватидаги кичик залда ташаббускор депутатлар томонидан илгари сурилган “Маошларни индексация қилиш”, яъни маошларнинг инфляцияга қараб автоматик тарзда ошиб боришини қонунлаштириб қўйиш ҳақидаги лойиҳа муҳокамасига унга қарши бўлгани учун Каримовнинг ўзи келди ва қандай савол бўлса жавоб беришини айтди. Аммо саволларга ўтирганларни беписанд қилган тарзда, асабий оҳангда жавоб бера бошлади. Бу унинг “Сизларнинг иқтисоддан нима хабарларингиз бор!” дегандай депутатларни камситиш тутуми эди.

Каримов бу масалага қарши бўлгани кейинчалик билинди. У нархлар ошишидан ҳам ўзига фойда йўлини топди. Нархлар ошиши ҳақидаги қарор бош вазирга  имзолатилса,  ортидан маошларни ошириш Фармонига ўзи қўл қўядиган бўлди. Ваҳоланки, биз буни дунёдаги жуда кўп мамлакатларда бўлгани каби қонуний йўлга қўймоқчи эдик.

Oлдинроқ бир саволи учун камситилган Тойиба Тўлаганованинг талабини ҳимоя қилиб, Каримов билан бироз тортишган эдим ва унинг бу гапидан кейин яна сўз сўрамай тура олмадим.

-Масалани соддалаштирадиган бўлсак, ҳовлингизнинг тўрида қурилиш қилмоқдасиз, меҳмонхона. Уйда ғишт, ёғ ва нон тамом бўлган. Тушликда “Очқолдим” деб дод солдингиз. Хотинингиз қўлида пул йўқлигини айтди. Чунки сиз сандиқдаги пул фақат қурилишга деб ажратиб қўйган эдингиз. Нима қиласиз, очликка чидайсиз-ми? Ахир бугун мамлакат бўйлаб керакли, зарур қурилишлар, масалан ишлаб чиқариш корхоналари эмас, асосан маъмуруй бинолар қурилмоқда. Шундай экан сиз келтирган сабаб лойиҳани қолдиришга асос бўлолмайди,-дедим.

Каримов қизариб кетди ва жаҳлини яширишга ҳар қанча уринмасин барибир баланд овозда гапира бошлади:

-Сиз самарқандлик бўла туриб шундай дейишингизга ҳайронман. Темурланг дунёдаги энг катта диктатор бўлган. Аммо бугун у қурган бинолар туфайли Самарқанд дунёга машҳур, унинг ўзи ҳам. Унинг калладан минора қурганини эмас, балки Самарқандда лойдан қурган минораларига ошиқ ҳамма. Биз қорнимизни эмас, келажакни ўйлашимиз керак…

Қайтиб жойимга ўтирмасдан Каримовнинг гапини эшитиб турганим унинг асабига тегди ва “Яна нима демоқчисиз?” дегандек гапини тўхтатиб менга қаради.

-Биринчидан,- дедим,- сиз ҳам самарқандлик ва ўша минораларнинг ёнида каттта бўлгансиз. Уларни бошқалар қуришган. Самарқандда Амир Темур қурдирган битта мақбарадан бошқа деярли кўзга ташланадиган бино қолмаган. Лекин Самарқандни дунёга машҳур қилган нарса Темурийлар даврида маданият ва санъатнинг ривожланганидир. Биз бугун маданият ва санъатни фақат маъмурий бинолар қуриш, деб билаётган бўлсак, катта хато қилган бўламиз.

Иккинчидан эса, Темурланг деб уни камситиш учун айтишган.

Каримов чўнтагини ковлаб, кичик дафтарчани олди. У турли иҳтибосларни пала-партиш ёзиб юрар экан, шу дамда кераклисини топа олмади:

-Ҳозир тополмадим, лекин ёзиб қўйгандим, Темурланг… кечирасиз Амир Темурнинг ўзи “Бизга баҳо бериш учун биз қурдирган ҳашаматли биноларга назар солинг” деган,-дедию бир зум бошини эгиб ўйланиб қолди.

У қачон ўзбекчада тортишувга кирса, мантиқли жавоб тополмасдан ютқазишини биларди.

Шу топда унинг бу гапига ҳам жавобим тайёрлигини билгани учун ҳам бошини кўтармай, аслида гапимда жон борлигини таъкидлаб, мавзуни бошқа томонга буриб юборди.

Аммо мана шу қисқа савол-жавобнинг ўзи унинг кўнглида нима ётганини яққол кўрсатиб берганди.

Шу боис орадан бир йил ҳам  ўтмай ўзини “Амир Темурнинг давомчиси” деган сиёсатни бошлатди.  Бу энг аввало унинг нутқларида ва газеталардаги махсус ёздирилган мақолаларда кўрина бошалди.

Шу боис орадан кўп  ўтмай у ўзини “Амир Темурнинг давомчиси” деган сиёсатни бошлатди.  Бу энг аввало унинг нутқларида ва газеталардаги махсус ёздирилган мақолаларда кўрина бошлади.

Матбуотда Ислом Каримовни Амир Темурга тенглаштириб ёзиш мусобақага айланди.

Тарихга, миллатга, ўз-ўзига ҳақорат  кундан кунга «гуллаб кетди».

1994 йилда қувғинда,  Бакуда Амир Темурнинг тузукларини такрор ўқидим. Ундаги 12 қоида  билан Ислом Каримов фаолиятини солиштиришга уриндим. Тузукларда келтирилган сифатларнинг қайси бири Ислом Каримовда бор деган саволга жавоб қидирдим.

Амир Темур: Биринчи. Мен сифатларимнинг аввали деб беғаразликни тушундим…   

Юзлаб ва ҳатто минглаб мисоллардан фақат биттасини келтираман. Еттинчи сессияда (1991 йил кузида) депутатлардан бир гуруҳи Ислом Каримовнинг камчиликларини бетига айтишди. У қўлини кўксига қўйиб «Ҳаммаси тўғри, тан оламан, имкон беринглар тузатаман» деб онт ичди. Ваҳоланки, ундан қасам ичиш талаб қилинмаганди.

Хўш, орадан бир йил ҳам кечмай нима юз берди? Ўша еттинчи сессияда сўзга чиққан депутатларни «халқ вакилликдан чақириб ола бошлади». Қаранг, халқимиз қанчалик “фаол”!

Сайлов жойларига саноқли одамлар келиб, қоғозда эса бутун халқ «овоз берди». Қувғин устига қувғин бошланди. Ғараз илони чақмаган жой қолмади. Еттинчи сессия қаҳрамонлари Ҳамза Эшназаров, Ринат Бурхонов, Алижон Қўчқоров, Отажон Полвонов, Ойгул Маматова, Тойиба Тўлаганова, Бахтиёр Қодиров ва бошқалар Олий Кенгашдаги ишларидан четлатилдилар. Кимдир бўшатилди, кимдир қисқартиришга тушди, кимдир қувилди. Халк депутатлари Мурод Жўраев, Иномжон Турсунов, Шоврух Рўзимуродов кабиларнинг қисмати нима бўлди? Улар миллатнинг гули эдилар. Каримов «қиличи» бу гулларни кесиб ташлади.

Ажойиб қаламкаш, драматург Иномжон Турсунов Каримовдан бошқача фикрлагани учун ҳибсга олинди. Мурод Жўраев ҳам жиноятчи деб топилди ва ҳоказо. Ғараз асосий фазилатга айланди. Ҳар кун, ҳар соатда кимдир ғараз йўлида қурбон бўлди.

Амир Темур: Иккинчи. Мен ҳар доим Исломга қатъий риоя қилардим.  

Ислом Каримов доим Исломга қуллук қилади. Сўзда. Каломини «Иншоллоҳ»дан бошлаб «Иншоллоҳ» билан тугатади. Қўлини каламуллога қўйиб қасам ичгани ҳали ёдимизда. Аммо Ҳолландияга борганда «Бизда Ислом хавфи бор, шу боис қаттиққўлман» деган ҳам у. Мисрга бориб эса Ал-Аҳзар дорилфунунининг илоҳиёт борасидаги юксак хизмат учун бериладиган унвонни олиб қайтган ҳам у.

Тожикистонда озодлик истаганлардан қўрқиб дунёга жар солди: «Исломпарастлар, динпарастлар одамларнинг бошини кесишмоқда!».

Маккага бориб қайтганда эса катта мажлисларда «Мен Худонинг уйига бориб келдим, ҳожиман, билиб қўйинглар» деди.

Бир тарафда халқни Қурбон ҳайити билан табриклаб, иккинчи тарафда мадрасалар, мачитлардан одамларни қувишга амр берди. “Мусулмонман” деган зот учун бу дунё зулматга айланди.

Дин арбоблари қатағонга учрадилар. Эътиқод, иймон, ишонч, диёнатни асраган, авайлаган кишилар хавфли шайтон, тилёғламачилик, алдов, каззоблик, манфаатпарастлик, ришватхўрлик қуллари эса раҳмон бўлиб кўриндилар.

Амир Темур: Учинчи. Мен камбағалларга кўп хайру эҳсон қилдим, ва муаммони диққат билан текширдим, ва уни мумкин қадар тўғри ҳал қилишга бутун жаҳдимни сарфладим.  

Ислом Каримов улуғ жаҳонгирга содиқ йўл тутишни истади. Муаллимларга текин уй-жой бериш, ёлғиз қарияларга имтиёзлар, уруш ногиронларига машиналар тарқатиш каби фармонларни эсланг. Ойлаб, йиллаб бу «доно» фармонлар тарғиб қилинди. Амалда эса муаллимлар текин уй-жой олишгани учун ўзгалардан етти марта кўп ижара пули тўлашга гирифтор қилиндилар.

Ёлғиз қариялар… Миллат ичида ёлғиз қария йўқ эди. Улар фарзандлари билан яшардилар. Бу фармон рус тилли халқлар вакиллари ҳимояси учун яратилганди.

Уруш ногиронларининг машина олиш уч ўн миллионлари топилмади. Дарвоқе, камбағалларга «ер берилди».

Аввалдан қурилиш материаллари жамғарилмагани учун бу борада қимматчилик юз берди, тақчиллик бошланди. Кейин яна ер тортиб олинди. Бу эл-улусга аён ҳақиқат…

Паркентда ўлдирилган йигитлар руҳи ҳамон осмонимизда чинқирмоқда.

Фарғонада шаҳидлар ҳақорат қилиндилар.

Андижонда май кунлари ҳибсхоналарда йигитлар қийноққа солиндилар.

Наманганда аскарлар тинч аҳолини қирғин-барот этдилар.

Диндорларга қотил тамғаси босилди.

Самарқанда митинга чиққан йигитлар саваландилар, қамоққа олиндилар.

Қашқадарёда таҳқир бош тутди.

Тошкент талабалар шаҳарчасида адолат истаганлар отилдилар…

Можароларни «ҳал қилишда» «қассоб»ликни ерига етказган Темур Алимов, Ғулом Алиев, Буритош Мустафоев, Зокир Алматов, Алишер Мардиев, Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умурзоқов ва бошқа «миллий қаҳрамон»ларнинг боши вақти-вақти билан силаб турилди.

Бу “Амир Темур давомчиси”нинг содиқ «лашкарбоши»ларига муҳаббати рамзи эди.

Кундага қўйиш учун силанган бошлар.

Амур Темур: Тўртинчи. Халойиққа раҳм қилдим, барчага наъф еткурдим. Бунда бировга ноҳақ озор етказмадим ва мендан ёрдам сўраб келганларнинг кўкрагидан итармадим…

Раҳм-шафқат… Не-не оналар ўғиллари Каримовга мухолиф бўлгани учун изтиробга чўктирилди.

Не-не болалар отаси мухолифатда бўлгани учун етим қолдилар.

“Ўлган оналаримиз, тирик бўлиб руҳан ўлган оталаримиз… Қариндош-уруғларимизда не айб?”- деганлар қанча!

Биргина таниқли ва истъедодли журналист Аҳмаджон Мухторовнинг Каримовга шавқат сўраб ёзган ўндан зиёд хатидан хабардорман. Бунга жавобан у «Ҳали бу кам, унинг онасини…» дея ҳақорат қилганини ҳам кўпчилик билади.

Жиззах вилоятидан келган оқсоқоллар ҳокимнинг ғаройиб қилиқларидан нолишди. «Бу қурумсоқ чолларни фелъетон қилиш зарур» деди Президент. Шундай қилинди.

«Равил, қария Қудрат Ахмедовни инфарктгача олиб бор, билдинг-ми?»

«Равил, ана у қўқонлик данакчи Юсуфни эмаклат, ҳамма кўрсин!»

«Равил,…»

Ҳар куни котибият бошлиғи Равил Абдуқодиров хонасидаги аппаратдан Президентнинг ғазабли топшириқлари, яъни раҳм-шавқати «тараларди». Ҳеч вақт ўтмай у бот-бот ижросини суриштирарди.

Амир Темур: Бешинчи. Исломга таалуқди ишларни мен ҳар доим кундалик ва дунёвий ишлардан устун қўйиб келдим… 

Каримов ҳам исломга таалуқли ишлар билан доим шуғулланди. Ислом давлати қурди. Мачит ва мадрасаларга қатновчилар кузатув, таъқиб остига олиндилар. Оддий хатми Қуръон мажлисидан Маккаи мукаррамадаги йиғинларгача айғоқчи қўйилди.

Диндорлар Тожикистонда ноҳақ қамалган биродарларини ёқлаб етти сўзли шошилинчнома юборишса, Ислом Каримов уч ой матбуотни, ойнаижаҳонни уларга қарши «сайратди».

Мабодо Маккаи мукаррамадаги йиғинларда унга қарши бир сўз айтилса борми… каз-казоларнинг «овози ўчарди».

Айниқса, диний идоранинг молиявий аҳволи унга тинчлик бермасди. Даҳшатли империя даврида, атеизм «гуллаган» пайтда ҳам ҳуқуқ тартибот ходимлари бу идорага бостириб киришмаган. Лекин Каримов у ердаги ҳар қоғозни ўзи кўргиси ва ундан душман бармоқлари изини топгиси келарди. Бош прокурор Бўритош Мустафоев эса бу ерда жиноятчилик илдиз отгани ҳақида матбуотга жар солди.

Демак, Каримов исломга эмас, Исломга(ўзига) содиқликни истади, Тангри йўлида содиқлик кўрсатганларни ўзига бўйсундириш учун қўрқув, таҳлика оловини сочарди.

Вақти-вақти билан мадрасалар, мачитлардан хайри-эҳсон ҳисобига келган аудио ва видео аппаратларни тортиб оларди. Уларнинг «тили»дан ҳадиксирарди.

Саудия Арабистондан келган ўзбек мачитлардан бирида ваъз айтиб, бу ердаги халқ оғир кун кечираётганини таъкидлагани боис 24 соат ичида мазкур мамлакатдан келган барча меҳмонларни қувиб чиқарди. Ҳатто уларнинг элчихоналари ёпиб қўйилгани ҳам сир эмас.

Диний идораларга ўзига содиқ кишиларни «сайлаб» қўйиш ҳам унинг доимий ишларидан бирига айланди. Бу билан у исломий экстремизмга замин ҳозирлади.

 Амир Темур: Олтинчи. Барча сўзларимда доимо ҳақиқатгўйликка риоя қилдим.         

Ислом Каримовнинг “ҳақиқатгўйлиги” у тахтга келган илк кунданоқ бошланди… «Матбуот эркин бўлади» деб бот-бот айтди. Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонуннинг «Ўзбекистонда цензура бекор қилинади» деган бош жумласини рўкач қилди. Амалда ҳар бир газета «боши»га тўрт-бештадан соқчи қўйди. Юрагидаги гапини ёзган қаламкашларни озодлик, мустақиллик душмани деб эълон қилди. «Эрк», «Бирлик»нинг газеталари таъқибга учради.

Катта минбардан туриб, “Ўзбекистон гуллайди”, деди. Амалда хазон бўлди бу юрт. «Пулингизни омонат кассасига қўйинг, бўлмаса куйиб қоласиз» деди. Халқ ҳафталаб омонат кассалари эшигида сарғайди. Пул қўйганлар хони-мони куйган кишиларга, миллионлар эса тийинларга айланиб қолди.

“Шароф Рашидов масаласида энг олий ҳақиқатни мен айтаман”, деб минбарга кўтарилди. Бироқ Шароф Рашидовни қоралаш, гўрба-гўр қилиш ҳақидаги ҳужжатларда ўзининг имзоси ҳам борлигини унутди.

“Мамлакатда ҳамма ўз она тилида сўзлайди, ўзбек тили давлат тилидир”, деб такрорлади. Ўзи эса ўзбек тилидаги ҳужжатларни четга суриб, рус тилидагиларни ўқиш одатини тарк этмади.

Паркент воқеалари, Фарғона фожеаси муносабати билан тузилган комиссиялар ҳақиқатни ойдинлаштирганларида Ислом Каримов бу ҳужжатларни ғаладоннинг «мулки»га айлантирди.

Ҳақиқатгўйларни қатағон қилдирди, алдов усталарини атрофига жамлади.

Ёлғон, ёлғон ва ёлғон унинг сиёсий қуроли бўлди.

 Амир Темур: Еттинчи. Мен ҳар кимга ваъда берсам, унга вафо қилдим.  

Ислом Каримовнинг ваъдалари чексиз, «Ўзбекистонни олти ойда жаннатга айлантираман» деб ваъда берди.

Олти ойдан сўнг халқ жаҳаннамга рўбарў келди.

«Ўзбекистонда кўппартиявийлик шароитини яратаман» деди. Эрк демократик партияси йўқ қилинди. “Озод деҳқонлар”, «Бирлик» ва бошқа кўплаб партияларни тўлғогида буғди.

«Ўзбекистонда ҳурфикрлилик йўлини очаман» деди. Аммо бир фикрлилик, фақат Ислом Каримовни мақташ йўли очилди. Фикри борларнинг боши ёрилди. Улар туҳмат, бўҳтон билан қораландилар.

«Ўзбекистонда қишлоқда яшовчиларни бадавлат қиламан» деди. Қишлоқда яшовчилар бир бурда нонга зор бўлдилар.

«Болалар пахта далаларига олиб чиқилмайди» деди. Мактаблар ёпилди. Олий ўқув даргоҳлари бутун куз давомида фаолиятдан тўхтади. Қаҳратон кунларда ҳам болалар оч-ночор пахтазорда ишлатилди.

«Ўзбекистонда демократия ўрнатилади» деди. Аммо яккаҳокимлик, зўравонлик ўрнатилди.

«Туркия йўлидан борамиз» деди. Ой ўтмай Хитой, Шимолий Корея йўлига ўтилди. Руссияни аёвсиз қоралади. Амалда Руссиянинг этагидан ажралмади.

Ҳали Ўзбекистонда бирор киши Ислом Каримов фалон ваъдасининг устидан чиқди, деб айтолмайди. Ҳатто унинг атрофида парвона бўлганлар ҳам.

 Амир Темур: Саккизинчи: Доимо ўзимни Аллоҳнинг ердаги мулкига посбон, деб билдим.     

Ислом Каримов ўзини Аллоҳнинг ердаги мулкига мутлоқ соҳиб деб билди. Истаса, юрт тиллоларини Швецарияга,  Англия, Фарангистонга олиб бориб қўйди. Истаса ўзбек тиллоларидан ясалган буюмларни, тилло симли тўнларни дунё мамлакатлари бўйлаб сочиб юборди. Мухолифатдагиларнинг шахсий уйларини тортиб олди. Ҳатто одамларни ҳам шахсий мулким, деб билди. Ўзбекистонда қатағон қилингач, бош олиб чиқиб кетганларни тутиб келтира бошлади. Истаса урди, истаса ўлдирди.

Каримов зулмидан Ватандан кетиб қолиш анъанаси бўлмаган юртда “ватансизлик” оқими бошланди. Минг-минг одамлар Ўзбекистонни тарк эта бошладилар.

Туркистон озодлиги учун русларга қарши курашган етук тарихчи Боймирза Ҳайит ўзи туғилиб ўсган Ватанига ярим асрдан кейин қайтиши биланоқ Ўзбекистондан қувиб чиқарилди.

Озодлик йўлида умрини аямаган Вали Қаюмхон юртига келолмай хорижда жон берди.

Бутун тарихимиз кўзгуси археологик қазилма бойликлари Россияда қолди.

Пахта арзон нархларда ташиб кетилди.

Қуролли кучларга тегишли барча техника Россия ҳисобига ўтказилди.

Ўғрилик, порахўрлик авж олди. Президент тайинлаган ҳокимлар халқни аёвсиз таладилар. Самарқандда Пўлат Абдураҳмонов, Термезда Ҳаким Бердиев, Бухорода Дамир Ёдгоров, Хоразмда Маркс Жуманиёзов, Тошкентда Адҳам Фозилбеков ва бошқа ўнлаб ҳокиму ҳокимчалар унинг поспонлигида зуғумни қурол қилиб, халқ бошини янчдилар. У жаллодларни тайинлашда мақтаб, ишдан олишда қоралаб тез-тез янгилаб турди…

 Амир Темур: Тўққизинчи: Нопок ишлардан бутун вужудим билан ўзимни тийдим.     

 Ислом Каримовнинг энг севган машғулоти атрофидаги одамларни бир-бирига душман қилиб қўйишдир.

Вақтининг кўп қисмини иғво, «деди-деди»га сарфлади..

У нопок йўллар билан одамларни бадном қилишнинг устаси эди. Айни пайтда у мақтовга маҳлиё бўлди. Президентнинг бундай йўлга ошуфталигини сезганлар у ҳақда мадҳияномалар ёза бошладилар. Анвар Жўрабоев «Арбобнинг кашф этилиши» «асарини» ёзиб «Халқ сўзи»га муҳаррир бўлди, Мурод Муҳаммад Дўст «Туркиядан Туркияга» мадҳияномасини битиб унга матбуот котиб, Шавкат Яҳёев «Ўзбекистон президентини жаҳон тан олди»  деган «достони»ни ёзиб Телерадиокомпанияга раис, Одил Ёқубов «Ҳаво йўлида бир соат» «асари»ни унга бағишлаб Атамалар қўмитаси раиси, Жамол Камол «Мустақиллик бойлиги» туркум мақолаларини эълон этиб Ёзувчилар союзи раиси… ва ҳоказо ва ҳоказо. Бу анъанага айланди.  Бугун карвоннинг на боши на охири, на туяси на кўппаги бор.

Ҳар бир йиғин, воқеа олдидан ўнлаб кишиларни мансаб, унвонлар билан “тинчитиб” туриш ҳам Каримовнинг севган ишларидан.

Унинг халқ орасида латифага айланган сўкишлари ҳам кўп нарсалардан дарак беради. Атрофидаги раҳбарларни «онангни…» деб ҳақоратлаши, тепиши, таҳқирлаши на қозонда ва на чўмичда туради.

Нопоклик кун сайин, соат сайин ёйилиб борди. Бу хасталик – давоси йўқ хасталикка дучор бўлганлар, бўлаётганларнинг саноғига биров етса етарди, лекин кўпчилик етмасди…

Амир Темур: Ўнинчи: Мен иймон билан қудрат бир онадан туғилган, деб ишонганман.       

Ислом Каримов иймонни эмас, кучни яхши тушунади. У қудратни муҳофаза ва ҳужум деб билади. Минглаб чиниққан йигитлардан ўзига қўриқчи танлади. Аммо ораларида ўзбек йўқ. Ҳаммаёқни тинтадиган бўлди. Ҳатто Олий Кенгаш мажлисларига депутатларни тинтувдан сўнг киргизди. Унинг ҳузурига белгиланган 5-10 кишидан бошқа ҳеч ким киролмайди. Халқ билан учрашмай, кўришмай қўйди.

Ўзи ишлаган ва яшаган биноларни темир панжаралар билан ўраб олди. Лазер нурлари билан қўриқхона яратди.

Хавфсизлик қўмитасидан сиёсатдонларнинг телефонларига қулоқ тутиш бошқармасини ўзига олди.

Ички ишлар, Прокуратура, Хавфсизлик қўмитаси штатларини икки-уч баравар оширди. У ерда ишлаётганларнинг маошларини юқори қилиб белгилади. Уларга имтиёзларни берди. Ўқитувчи, шифокор каби касб соҳибларига эса сариқ чақа ҳам “инъом” этмади.

Тўпланган одамларни тарқатиш, дўппослаш, мухолифатни тор-мор этиш бўйича баталонлар тузилди. Уларга афғон уруши қатнашчилари, рус тилида гаплашадиганлар  жамланди. Не-не ёстиқларни қуритди бу куч!

Чет мамлакатдаги ишбилармонларни сотиб олиб, улар орқали ўша мамлакатларга ташриф ҳозирлади. Оқибатда ўз туристик сафарларини қудрат деб курсатди.

Ўзбекистон бўғзигача қарзга ботди. Ҳатто Туркманистондан қарз олишгача етди. Буни халқдан яширди. БМТга борганда «Биз қарзи йўқ давлатмиз» деди. Ваҳоланки, фақат Россиядан Ўзбекистоннинг қарзлари триллионларга етиб қолди.

Ислом Каримовнинг бундай «қудрати» юртни оғир кунларга бошлади. Вақтида миллий пул киритилмади. У ягона рубл зонасига имзо чекди. У ердан ҳайдалгандан кейин ҳам Ўзбекистоннинг пулини чиқаришни орқага сурди. Иқтисод емирилди, у эса «қудратини» тутиш билан овора эди. Этик тор келгач, пул чиқаришга қарор берди.

Амир Темур: Ўн биринчи: Мен доимо сайидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим.          

Сайидлар, Пайғамбар авлодлари, Ҳақни ҳақ дегувчилар… Уларнинг бошида қай булутлар айлангани, айланаётганини бутун дунё кўриб турибди. У ҳам уламоларни эъзозларди. Агар адиб Саид Аҳмад уни мақтаса, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсинлар доимгидек мадҳия ўқисалар, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов… оқловчилик қилсалар эъзозларди. Эркин Воҳид, Абдулла Ориф… лаганбардорлик эвазига у кишининг эъзозларида. Аҳмадали Асқаров, Пўлат Ҳабибуллаев, Эркин Шайхов, Озод Шарафиддинов, Акмал Саидов… каби олимлар ҳам эъзоз қуршовига кирдилар. Сабабнинг ҳам сабаби бор.

Ислом Каримов уламолар – фозилу фузаллоларни фақат мадҳиягўйлар деб билади. Улар унинг «Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт ва истиқлол йўли» ва бошқа китобларини ёзиб бердилар. Сўнг ўзлари мажлислар, илмий конференциялар ўтказиб, уни мақтадилар, кўкларга кўтардилар. Аммо халқ аҳволидан сўз очмадилар.

Уламоларнинг «кашфиёт»лари шу даражага бориб етди-ки, Ўзбекистонда яшаётган юз ёшдан зиёд умр кўрганлар номидан Президентга узоқ умр тилаб мурожаат “битдилар”. Бундай “кашфиёт” билан исми-шарифини ёзолмаган, остона ҳатлаб ташқарига чиқолмаган қашқадарёлик, бухоролик, сурхондарёлик, қорақалпоғистонлик онахонлар, боболарнинг устидан кулдилар.

Ўзбекистон фани, адабиёти, санъати эса орқага кетди. Ислом Каримов замонида дунёга татигулик қандай асар ёки янгилик яратилди?

Наманганда нефт қазишдаги катта фалокатни улкан янгилик деб жар солдилар, мукофотлар олдилар. Катта бойлик эса 60 кун ёнди. Уни тўхтатиб бўлмади. Олов ўзи тингачгина, «Олов бўйсундирилди» деб хитоб қилинди. Кашфиёт шу қадар эди. Аммо Каримов академик бўлмаган академия қолмади. Брежнев тирик бўлганда балки унга ҳасад қилармиди?!

Фарҳод Рўзиев каби олимчалар эса «Ислом Каримов дунёда янгича йўл яратди, уни Нобел мукофотига тақдим қилиш керак» дейишгача бориб етдилар.

На илож, эъзозни қуллик калтаги, деб тушунганлар хато қилишмади.  Вақтинчага. Бир кунмас бир кун уларни “эъзоз калтаги” синдириб ташласа, асло ажабланмайман. Бу золим подшоларга хос ҳунар.

Амир Темур: Ўн иккинчи: Мен ўзимнинг икромиятим ва раҳмдиллигим туфайли кишиларнинг энг паст табақаларининг ҳам, ҳаттто бошпанасиз гадоларнинг ҳам раҳматига сазовор бўлдим.   

Ислом Каримов раҳмат олишнинг бошқа йўлларини яратди. Боласига «Ислом» деб, унинг исмини берганлар гиламли, уйли, болалари эса қўғирчоқли бўлишди. Ҳатто тили чиқмаган болакайларга фахрий ёрлиқ ва Президентнинг мактуби топширилди.

Гадолар шу қадар кўпайиб кетдиларки, жой талаш жанжали билан овора бўлиб Ислом Каримовни мақташни ҳам унутдилар.

Бироқ, газеталар, радио, ойнаижаҳон уларнинг ўринларини тўлдириб турди. Раҳм-шавқат ҳақида афсоналар тўқилди, қўшиқлар айтилди, аммо биров уни кўрмади…

Ниҳоятда қисқа таққосимиз будур! Уммондан қатра. Бугун даҳшатли уммоннинг барча кулфатларини санашнинг узи азобдир. Фақат, унинг қатрасида шу қадар жиноятлар, қабиҳликлар яширин.

Шу боис ҳам Каримов номи айтилганда улуғ соҳибқирон номларини ёнма-ён келтириш бобомиз  руҳига ҳақоратдир.

22.МАҚСУДИЙ НИМА ДЕЙДИ?

“Америка Овози” радиосида ишлаб юрганимда (1999-2004) доим Ислом Каримовнинг қудаси-Мақсудийлардан интервю олишни ўйлардим. Чунки Ислом Каримовнинг сирларини уларчалик биладиган бошқа одам йўқ. Яна бир киши бор. У ҳам бўлса президент девони Умумий ишлар бошқармасининг раҳбари Зелемхон Ҳайдараов. Аммо у ҳали отда. Қачон отдан тушсагана ундан бирор гап олиш мумкин. Нақди Мақсудийлар. Бу ҳақда доим Мақсудий билан қуда бўлган ҳамкасбим Рано Ҳабибга айтсам, у “Гаплашиб бераман” дерди, аммо натижа чиқмасди.

Бир кун русларнинг газетасида Мақсудийлар ҳақида танқидий мақола чиқиб қолди. Кўринишича Гулнора Каримова ёздирган ва бир қанча мақсадни кўзлаган мақола. Уни Рано опага кўрсатиб, “Энди ҳам Мақсудийлар гапиришмаса, тарих олдида юзлари шувут бўлиб қолади” дедим ва мақолада кўзда тутилган мақсадларни унга тушунтириб бердим. У Мақсудийларга айтган эди, улар мақолани кўришни истадилар ва жавоб беришга рози бўлдилар. Дарҳол йўлга чиқдим.

Учрашувимиз худди изқуварлар филмларидаги каби бўлди. Менга аввал Нью Жерсей штатининг пойтахти Ньюакга келишим айтилди. У ердан Мансур Мақсудийга телефон қилсам, “Морристовн шаҳрига келишингиз керак” деди. Сел ёғиб турганди. Аранг етиб бордим. Мансурга телефонда׃ “Темир йўл кўприги остидан ўтиб, қарши томонга юра бошласангиз биз ўзимиз сизни топиб оламиз” деди.

Машинада ўтирган Фарҳод деган йигитни таништирди ва унинг радиога  гапиришини айтди. Ўзи эса “Financial Times” газетасига “бошқа жойга гапирмайман” деб сўз берганини баҳона қилди. Узоқда, ўрмонлар ичидаги ҳовлига отасини ҳам келтирган экан, ўша ерда учрашдик.

Агар золимнинг сирини билсанг Америкада ҳам қўрқиб яшаш керак. Шунинг учун ҳам бу сирдан вақтида қутулиш лозим. Абдурауф Мақсудий эса қутулмоқчи эмасдек кўринди. У бир қоғозни тўлдириб ёзиб олганини, шуни ўқиб беришини айтди. Бу орада кимлардир тинимсиз сим қоқиб турар ва воқеалар жараёнидан хабардор бўлишни истаётганлари сезиларди.

Улар мендан ҳам шубҳа қилаётган эдилар ва буни тушинишга ҳаракат қилдим. Микрофон ишга тушгандан кейин барибир оғир саволларим билан у кишини гапиртиришга муваффақ бўлдим.

Суҳбат тугагач, у киши ўғлига “Сен фақат мана шуни ўқиб берасиз, дегандинг, бу одам мени қийнаб юборди-ку” деди уф тортиб.

Мансур мендан ранжиди ва қўлимга ярим қоғозлик баёнотини бериб, “Мана шуни радиода ўқиб берсангиз” етади, деди. Аммо унинг ўзини ҳам гапиртиришга муваффақ бўлдим. Кейин эса Фарҳодни. Суҳбатимиз соат 23.05 да тугади ва чиқиб, ҳар томонга тарқалиб кетдик. Меҳмонхода қолдим. Мамнун эдим. Чунки фавқуллода муҳим гапларни олишга эришгандим. Эртасига Вашингтонга қайтиб, суҳбатларни эшиттиришга тайёрладим.

Мақсудийлар телефон қилиб суҳбатлардан баъзи жойларини олиб ташлашни сўрашди ва касбим нуқтаи назаридан буни бажо келтирдим. Лекин бу умумий мазмунга соя ташламади.

2003 йилнинг 11 Августидан бошлаб, яъни душанба кунидан 17 август якшанбага қадар суҳбатларни эфирга узатдик ва бу суҳбатлар Ислом Каримовнинг кимлигини очишда ниҳоятда катта аҳамиятга эга эди. Шу боис мазкур суҳбатларнинг матнини, магнит лентасига қандай тушган бўлса шу ҳолда айнан келтирмоқчиман.

АБДУРАУФ МАҚСУДИЙ БИЛАН СУҲБАТ

-Ўзбекистонда жуда кўп одамлар Абдурауф Мақсудий деганда биринчи навбатда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қудаси эди бу одам, деган нуқтаи назардан танишади. Демак, шундан келиб чиқадиган бўлсак, биринчи саволим – Абдурауф Мақсудий ўзи ким? Буни сиз ўзингиз қандай таърифлайсиз?

-Раҳмат Жаҳонгир ака! Мен Абдурауф Мақсудий аслан Ўзбекистонда туғилиб, Ўзбекистондан 1931- йилларда отам Ўзбекистондан Қашқарга кетган. Қашқардан кейин Туркистонга келган. Бундан кейин Афғонистонга ҳижрат қилган. 46-йилда Афғонистондан Арабистонга кетганмиз. Икки йил Арабистонда туриб қайтиб Афғонистонга келганмиз. Биз ҳамиша тижорат билан шуғулланганмиз. Тижорат ишларида бўлганмиз. Отам раҳматлик савдогар бўлган. Амриқога келишдан мақсад, ман биринчи маротаба келганим 1965 йилда тижорат ишлари билан Амриқога келиб, Амриқони кўриб, шунга қарор бердимки, болаларимни ҳам Амриқога олиб келдим шу ерда ёшликдан ўқишсин деб.

1972 –йилнинг охирида учта боламни ҳам Америкага олиб келиб уларни бу ерда мактабга жойладим. Ундан кейин ўзимиз Афғонистонда эдик. Афғонистонда шу саноат ишлари, фабрикалар қургандик, тижорат қилардик.

79-йилда Афғонистонга рус ҳужум қилиб, Афғонистонни олгандан кейин секин-секин Афғонистондан ман ҳам чиқиб кетдим.

-Адашмасам 1994 йилда “Эрк” газетасида бир мақола чиққан эди. Ўшанда айтилган эдики, сиз Афғонистонда бўлган пайтингизда, руслар келганда, сиз Афғонистон Совет Савдо Жамиятини раиси бўлган эди, деб ёзишганди. Шу тўғрими?

-Шу нарсага таклиф қилишувди, мен ҳеч давлат ишини, сиёсий ишини яхши кўрмасдим, ҳеч қабул қилганим йўқ шуни. Шу ишга ҳамиша мени чақиришган, ўша жойни менга сақлашган, ўша пайтларда мен ташқарига чиқиб кетардим. Қабул қилганим йўқ. Мен давлат ишини ҳеч яхши кўрмасдим.

-Мана Америкага келдингиз, энди табиийки четда яшаган ҳар бир туркистонлик, нега ўзбекистонлик демаяпман, туркистонлик, чунки Ўрта Осиёдан четга чиққанлар ҳаммаси ўзини туркистонлик деб билади. Мана шулар ўзи туғилиб ўсган жойнинг мустақиллигини орзу қилган. Мана шу мустақиллик ҳам насиб бўлди, шу одамлар ҳам кўрди. Лекин қандай бўлди-ю сиз мустақил Ўзбекистоннинг президенти билан қуда бўлиб қолдингиз? Бунга нималар сабаб бўлди? Қандай тасодифлар бўлди? Шу ҳақда икки оғиз гапириб берсангиз.

-1984 йилда кам-кам ўзбеклар Москва орқали саёҳат учун Америкага келишарди. Уларни ичида кўп ёзувчилари бор эди, шоирлари бор эди. Илмий одамлар бор эди. Жуда кўп ўша Масков йўли билан шўтга келишиб, бир ҳафта, ўн кун келишиб турганда, биз ҳамиша улардан хабар олардик… Шу фурсат билан биз Ўзбекистонлик олимлар билан танишдик. Улар ҳамиша Тошканд ёки Ўзбекистон ниҳоясини кўриб, бошқа дунёни ҳолатини кўриб, шўтга келишганда ҳаммадан илтимос қилишардики, келинглар Ўзбекистонга, бизни қўлимиздан бир иш келмайди, ўша ерда бир иш бошланглар, одамларга иш топилсин. Кўп ҳолатимиз ёмон, деб шунақа бизни таклиф қилишганди Ўзбекистонга. У вақтда ман на Каримовни танирдим ва ҳеч кимни танимасдим, фақат шу келган олимларни танирдим. Фақат буларни ичида бошқа одамлар ҳам бор эди. Энди отини айтсам буларга дарров зарар етади. Улар кўп таклиф қилишган. 90–йил ман қарор бердимки ҳай, Ўзбекистонга борай, Ўзбекистон иқтисодий ва тижорий фаолиятини жойларда кўрай, ўлимдан кейин бир манфаатим мамлакатимга тегсин деган ниятда ман Ўзбекистонга бордим.

-Лекин мана бугун ўзбек матбуотида ҳам, рус матбуотида ҳам, агар бир назар ташлайдиган бўлсак, битта нарсани кўраяпмизки, айтишаяптики, Абдурауф Мақсудий Ўзбекистонга фақат пул қилиш мақсадида келган эди, деган нарсани айтишаяпти. Бунга нима дейсиз?

-Албатта мен тижоратчиман. Ҳамма жойга борсам ўзимни тижоратимни қилганман. Энди Ўзбекистонни қўйинг, бошқа тамом дунё тижорат учун озод. Ўзбекистонга борганим албатта савдогарман, пул топишим ҳам керак, лекин кўпроқ халққа манфаат етказиш.

Ўзбекистонга бориб “Рост тренинг” ширкатини қурдим. “Рост тренинг” ширкатидан кейин “Кока-кола” заводларини…90 йилда Ўзбекистонга бордик. Ҳали у вақтида озодликмасди. Каримов эшитди. Бормаганимиздан олдин ҳам Каримов бу ёққа бир хат ёзиб, Абдурауф ака, келинг Ўзбекистонга, деб даъват қилган эди. Ман уни даъвати билан бормаганимдан кейин Шукрулло Мирсаидов ҳам даъват қилди. У киши бу ерга келган эди. Иброҳимов деган…

-Мирзаолим …

-Ўша депутатларни раиси бор эди…

-Мирзаолим Иброҳимов…

-У кишидан ҳам даъват келди. Хай, яна мамлакатимизни кўрайлик деб, шавқи-завқ билан ўша ерга бордик. Бориб секин-секин ҳолатни кўриб, иш бошладик. Танишдик… Албатта мени халқ қуда бўлишимдан олдин танирди, мен халқни танирдим.

Ҳа бу дунёда тақдир, қисмат бор экан, уч йилдан кейин баъзи одамлар ўртага тушиб… Хулоса 90-йилдан кейин, биз 91-йилда бу ишларни бошладик ҳаммасини. Бошлаганимиздан кейин, мана кўрдингизки, манфаат ҳам қилдик, албатта қиламиз, нима десам бўлади тижорат қилдик. 2500 ишчи бизда бор эди. Сиз мана ўзингиз дунёни кўраяпсиз 2500 одам бир жойда ишласа 25 минг одамга иш топилади. Масалан товар ташиш, савдо-сотиқ, мошиналарда юк ташиш билан 25 минг одам ўшатта ишлаган…

-Лекин энди мана бугун ёзишаяптики, мана шу одамларга яхши ҳақ тўлашмаган ва айни пайтда ўша ширкатлардан такс(солиқ) тўланмаган. Бу ерда асосан қаллобчилик қилинган. Фақат ўз манфаатини ўйлаганлар. Биров агар бирон нарса деса дарров ишдан ҳайдашган, деган гаплар… Буларга нима дейсиз?

-Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон ва туҳмат. Биз налогини тўлаганмиз, дунё бўйича катта компаниялар бориб ҳисобимизни кўрган. Ҳаммасида ҳужжатларимиз бор. Мана биз чиқиб кетганимиздан кейин, Ислом акани қизини ўғлим қўйиб юборгандан кейин биз ўғри бўлдик. Ундан аввал ўғримасдик. Асосан мен 93-йилда дачадан чиқиб кетдим. Дачада ўтирардим аввал кўрган бўлсангиз. Сал Ислом акадан ман узоқроқ турай дедим. 93-йилда Ислом ака ўзи ва оиласи бизга талаблар қўйишни бошлади. Бу талабларни, қўйган талабларни ҳам вақтида айтиб бераман ҳаммасини. Йўқ, манга тўғри келмади бу иш. Ман бир озод яшаган инсонман. Ислом акадан узоқроқ турай деб, жойим йўқ эди, бориб Қатортолдаги омборимда яшадим. То ер олдим, жой олдим… Жойди битказгунимча ўшарда яшадим. Ислом акадан узоқроқ турдим. Ҳозиргача бўйним мана шундоқ… Ҳеч кимни ўртасида Ислом акага тушганим йўқ фалон ишда шу одамга ёрдам беринг деб. Ман Ислом акага… Ман қудаси эдим. Ман қандай бир одам… Масалан сиз қудангизга ҳеч бўйнингизни эгмайсиз. Бир дўстингизга эгасиз. Мани бир мажбуриятим йўқ, Ислом ака, келинг бир ёрдам беринг дейишга. Ислом акани манга эҳтиёжи бор…

-Лекин мана сиз айтаяпсизки, баъзи талаблар бўлган эди, кейин айтаман, деяпсиз. Шу кейин айтаман деганингизнинг ортида нима гап бор?

-Ука, сиз билмайсиз, мани иккита неварам уларни қўлида. Учта қариндошимни улар қамаб олишди. Бир кун ўтирганимда Америкада… Зелемхон Ҳайдаровни билсангиз керак, Зелемхон Ҳайдаровдан манга телефон келди.

-Ўзбекистон президентининг Умумий Ишлар Бошқармасининг бошлиги…

-Ўнг қўли дейилади Ўзбекистонда. У одам кучли…Зелемхон акадан манга телефон келди-ки, “Абдурауф ака, Ислом ака ва оиласи чақириб менга буйруқ бердики, Абдурауф акага телефон қилинг, шу Мансур Гулнорани қўйган талабларига… Талабларининг ичида биттаси шу-ки, Мансур авлодидан кечсин. Авлодидан кечса на сизларни заводларингизни оламиз, на сизларни жойларингизни оламиз, на уйларингизни оламиз, ҳаммасини сизларга қайтариб берамиз. Шу Мансурга айтинг, шу ишга қўл қўйсин. Нима дейди?”.

Мансур туриб айтти-ки, нима қилса қилсин, ман боламдан қандай қилиб ўтаман, деди. Энди бунга бир сабаб борки, инсон боласидан қандай қилиб ўтади? Энди Каримов ўзи бунга ўрганиб қолган, олдинги хотинини қўйиб юбориб, болаларидан кечган. Биз инсон боласи эдик биз. Бошқаларни қандай билсин, миллатни қандай билсин!? Шу сабаблар учун 93-йилдан буён ман бу одамдан узоқлашдим. Ман шу Қатортолда яшайман, қандай ҳолатга тушганимни ман ўзим биламан.

-Ҳар ҳолда бир одамни таниш учун ўн йиллар етарли бўлса керак. Шу ўн йилда озми-кўпми танидингиз. Шу таниган одамингиздан невараларингизни олишингиз мумкинми?

-Албатта, мана Амриқода адолатлик. На бу ерда бир одам биттадан бирор нарсани илтимос қилолмайди, ҳаммаси пул. Америка суди мана шетта қарор берди. Невараларимни қайтариб берсин, одамларни қўйиб юборсин, ҳар нарса деб… Ҳозир аввалги гапим чала қолди. Шу Зелемхон Ҳайдаровни айтган гапи, мана шуни ёзинг, Зелемхондан сўранг, агар Зелемхон ака шу гапидан тонса, ман субутини сизга қўйиб берай…

Судди қарорини эшитган бўлсанглар керак. Бугун Гулнора Каримова ё деярли бошқа унинг дўстлари-ю ё бошқа давлат одамлари кўп бу ерда ҳаракат қилишди. Судди алдашмоқчи бўлишди. Лекин суд ана ҳаммасини ёзди. Ўқиган бўлсанглар. Бу ерда Ўзбекистонга ўхшаган эмас-ки, бу йўл бўлса бундай қилгин деб. Иншоолло оламиз невараларимизни. Ҳеч кимга… Худодан бошқа ҳеч кимга бир нарса қолмайди. Зулмнинг охири барбод. Бундай олганда Ислом акани ким яхши кўради? Ўзингиз айтинг… Ёмон кўрган одамни “Халқ душмани” деб ҳам эълон қилди. Ўн йил, йигирма йиллаб одамларни қамаган. Баъзи сессияларда бўлган гапларни эшитгандирсиз, аввалда, нималар деган бу одам? Ялиниб турарди одамларга. Ҳозир энди ҳамма ёғини ўзига қилволиб, ўзига яқин одамларни қўйволиб… Ўзбекистонга масалан, бир процент ҳам инсон ҳуқуқи йўқ. Сиз нима дейсиз шу гапга, инсон ҳуқуқи борми Ўзбекистонда?

-Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонни инсон ҳуқуқи паймол этилаётган жой деб турибди. Лекин мана шу гапни шу ўн йил давомида бирор марта қудангизга айтмадингизми?

-Айтдимку сизга, ман 93-йилдан буён бу одамдан узоқлашганман. Туғилган кунига айтарди, вақти келганда ўшанда ман чиқиб кетардим. Жуда борган бўлсам шу ўн йилни ичида ўн марта шу одамни уйига борганим йўқ. Унда ҳам нимага борардим? Келинингизни олиб шу 92-93- йилдан кейин невараларимни кўргани борардим.

-Энди мана Ўзбекистон ҳукумати тарқатаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тарқатаётган хабарларга кўра сизларни “Интерпол”га беришган, яъни халқаро қидирувдасизлар. Сиз ва икки ўғлингиз Ўзбекистондан жуда кўп пулларни ўғирлаб кетган, қолаверса Американи ўзида ҳам жуда кўп таксдан, ҳалиги такс дегани солиқ, солиқдан ўғирлаган… Жуда ҳам кўп даъволар бор. Умуман мана шу борада нима дейсиз?

-Биз ҳаётимизда таксдан ўғирлаган эмасмиз. Мусулмонмиз аввало. Такс берсангиз пулингиз ҳалол бўлади.

– Солиқ…

-Ҳа, сиз берган солиғингиз ғариб одамларга ишлатилади. Буни баракаси бўлди. Ўзбекистонда нимаики таксни берган бўлсак Америкада ҳам шу таксни берганмиз. Бу ерда давлатни кўзи мундай юмиқ эмас. Қаерда бир америкалик ташқарида иш қиладиган бўлса уни тижорати билинган. Америкада битта одамни чўнтагида 500 доллар нақд пул бўлмайди. Ҳаммаси бонкада бўлади. Бу Каримов акага ўхшаган… Энди ҳозир айтолмайман, фақат иккита неварам ва учта қариндошимни ушлаб қолган… Қайси қонун билан ушлаган? Қизи дунё бўйича нима ўғирликлар қилган? Сессияда эълон қилди ўзи Каримов бир одамни боласи гуноҳ қилса отаси жавобгар деб. Эшитганмисиз?

– Эшитганман.

-Қизи шундай ёмон ишларни қилаяпти, Каримов жавобгар. Ўзини ўзи Каримов қамасин. Қизини қилаётган ишидан хабарингиз бўлса керак!?

– Хабаримиз йўқ…

-А, ўқинглар газетларни, нималар қилаяпти, нималари бор уни… Қайси бонкаларда пули бор буни, ҳаммасини сизлар билинглар. Суриштиринглар…

-Жумладан шуни билиш ҳаракатимиздан биттаси шу, мана сиздан сўраяпмиз, сиз билганларингизни айтинг.

-Ман сизга илгарироқ айтимки вақти соати билан ҳаммасини…Кейин яна сиз билан гапиришамиз, иншооллоҳ. Яна гапиришамиз.

-Мана айтаяпсизки мени қариндошларимни қамаган деб. Шу қариндошларингиз кимлар? Қачондан бери қамоқда.

-Биз чиқиб кетганимиздан кейин… Улар ўзи тижорат қиларди. Биттаси бизда ишларди, биттаси мени божам бўлади.

– Исмларини айтинг?

-Биттаси мени қайноғам бўлади, Саид Жамол деган. Биттаси мени жияним, ҳам божам бўлади-Саид Довуд деган. Учинчиси мени божам бўлади Ҳожи Абдушукур деган. Биз чиқиб кетганимиздан кейин… Бизни чиқиб кетишимиз жуда қизиқ бўлди. Жуда ғалат бўлган. Биз чиқиб кетишимизда… Дафъатан ўшаттан бизга хабар беришди-ки… дўстларимиз бор Ўзбакистонда… Ўзбакистонда яхши ўзбаклар борки, яхши мусулмонлар бор…Абдурауф ака, чиқинг деди. Биз Америка сафоратига айттик, Америка сафоратидан бизга ёрдам бўлиб чиқиб кетдик. Биз чиқиб кетганимиздан кейин, 10-15 кундан кейин буларни олиб бориб қамади. Булар нима иш қилган, нима гуноҳ қилганди? Уларни чиқариши қандоқ бўлди? Бир тўрт-беш кишини уйларини олишди, жойларини олишди. Тижорат қиладиган молларини олишди. Биттасини уч-тўрт миллион долларини олишди. Кечаси келиб икки автобусга солиб, “Ҳайратон” кўпригидан ўтказиб юборишди. Ўн олтига кирган битта бола совуқдан ўлди. Исталин ҳам бунчалик қилган йўқ-ку! Исталин… Каримовни нима учун газетларда Ўзбекистон Исталини дейди? Биз шу бир ўзбекни исталин деганига шарм қиламиз. Албатта сиз ҳам Ўзбекистонда бўгансиз, кўргансиз. Мана бугун бир ёзувчисиз, озод мамлакатда яшаяпсиз. Сиз ҳам ўзингиз айтинг бу одам нималар қилган инсонларга? Шу гапларим тўғрими, тўғримасми? Кам одамни олиб бориб қамадими?

– Сиз айтган қариндошларингиз қаернинг фуқароси, Американими?

-Йўқ, биттаси Покистонни фуқароси, учтаси Афғонистонни фуқароси.

-Уларга қандай айб қўйиб қамаган?

-Ҳеч айбини бир таги йўқ. Мана шу ёлғон бизга ёзганда. Фақат мени қариндошим бўлганлиги учун…

-Энди, одатда подшолар билан яқин бўлиш масаласи ниҳоятда бир мураккаб масала. Жуда ҳам яқин бўлсанг куйиб кетасан, узоқ бўлсанг музлаб кетасан, деган гап бор.Бошида шуни ҳеч бир ўйламадингизми?

-Самарқандликсиз, форсча ҳам биласизми?

-Оз-моз…

-Битта форсийда Саъдийнинг айтган шеъри бор. “Қурби султон оташи сўзон бувад”, яъни “Султоннинг дўстлиги дўзахдай бир ўт” дейди. Хўп, биз бу одамга қўлимиздан келганини қилдик. Қўлимиздан келганини қилдик. Аммо сиёсий ишларда эмас.Ёки халқди озор бертишда эмас…

-Лекин шу дўзахни била туриб, дўзахга ўзингизни урдингизми?

-93-йилда айттим бундан ман чиқиб кетдим, бундан узоқлашиб кетдим. Ҳамма билади. Ўша Қатортолда омборда ётганимни беш ой ҳамма билади. Ўша Каримовдан ўша вақтида… дафъатан ишларимиз чўзилиоб кетди, бошқа бўлди, бунақа қариндош бўлиб қолдик. Дафъатан ташлаб чиқиб бўлмасди. Энг яхши бизни маслаҳатимиз шу бўлдики у одамдан секин-секин…

-Хўп, мана ўша қуда бўлган, дастлабки яқин бўлган йилларингизга агар қайтадиган бўлсак, бошида уларнинг оиласидаги вазият қандай эди? Масалан одамлар қизиқади шу президентнинг қизлари билан муносабати, қизларининг отаси билан муносабати, қизларининг қайнотаси билан муносабати, қудаларнинг узаро муносабати … Шулар ҳақида ҳам?..

-Бу ҳақида сизга ҳеч нима айтиб беролмайман, ҳозир айтолмайман. Кўп нарсаларни ҳозир айтолмайман. Қачонки иккита неварамни сизлар обкеб беринглар, кейин ман сизларга китоб-китоб қилиб айтиб бераман.

-Ўзингиз нималарни айтиш керак деб ўйлайсиз?

-Ҳач нарсаларни… Кўп нарсаларни… Ман шундай кўрган нарсаларни сизлар кўзингла билан кўрмагансизлар. Ман кўрганман. Нимаики қилган бўлсам ўзбек халқи билади. Мана мисол таврида, тижоратимдан ана сизга қилган ишларимдан гапираман. Мисол таврида сизга иккитасини айтай. Шойимардонни сел олиб кетганда ҳеч ким қатнашмади, мен қатнашдим. 67 та уй қилиб бердим. Кўприкларни тузатдим. Йўлларни тузатдим. Дарёларни тузатдим. Халққа бир касалхона қилиб бердим. Миллион-миллион, юз миллионлаб этта пулим кетди. Аммо бу миннатмас. Халқ ором бўлди, кўп хурсанд бўлди. Мени халқ яхши билади. Каримов шу… 91-йилдан кейин у билан қуда бўлдик. Ундан олдин бизни халқ билармиди, ё билмасмиди? Яна айтсам яхши бўлмайди, Ўзбекистондан келган бетта меҳмонларни ҳаммасини биз ҳурматини қилдик, ёрдам қилдик. Ўшани учун бизди билади. Биз Ўзбекистонга бориб нима қилдик? Фақат халққа ёрдам қилдик, халқди кўзини очдик, иш бердик…

-Энди, Каримов билан яқин бўлган пайтларингизда мухолифат сизни қоралаб келди. Айтишдики, бу одам Афғонистонда ҳам шу ишни қилган, Ўзбекистонга ҳам келиб мана, буғдой деб неча миллион пулни Америкага олиб кетди, буғдой олиб келинмади. Самарқанд холоделникларини олиб кетиб сотди, уни сотди, буни сотди, ҳатто шу даражага бориб етдики “Кока-кола”ни хўжаини фақат шу одам бўлди. Бошқа одамлар бунга ўхшаган ширкатлар очаман, деса уриб ташланди, деган гаплар айтилди. Энди бўлса айни гапларни Каримов ҳукумати ҳам айтаяпти. Буни қандай тушуниш мумкин?

-Ман Ўзбекистондан, масалан Самарқанддан халаделникни олиб бекорга олдим-ми? Бекорга бердим-ми? Ё масалан буғдойга пул олиб буғдой бермадимми?

-Лекин Каримовнинг қудаси деб бекорга берган бўлишлари мумкин-ку!

-Йўқ. Бу нарсалар қизини қўйиб юборгандан кейин бу гапларни энди чиқарадими? А, Каримов деган бир мамлакатни президенти. Мана Зелемхон Ҳайдаров бор эди. Қизи жанжал қилди Тошкентда менга. Ман айтдим, “Э, Зелемхон, бу қизга айтинг, Ислом Ғаниевич Каримов бугун 25 миллион одамнинг отаси, ёлғиз Гулнорани отаси эмас”. Гулнора кейин манга айтди-ки, “Сени қаматамиз, ҳамма нарсани оламиз, у қиламиз, бу қиламиз”… Ман айтдим, “Бор қўлингдан келганини қил, отангга айт”… Манга аввал айтди-ки, “Отамни фикрини ишлатаман”…Агар отанг шу ишни қилса, дедим, отанг аҳмоқ одам экан, дедим. Бу гапни Зелемхон Ҳайдаровдан сўранг. Ман айтдим, одам бир марта ўлади, бор отангга айт, дедим. Ўш куни шомдан кейин у кетиб отасига айтди, эрта–индин келавермади, кейин биз чиқиб кетдик.

-Энди бугун мана улар айтаяпти-ки, биз ҳамма ҳужжатларни Америка ҳукуматига берганмиз… Америка Адлия вазирлигига, Прокуратурасига ва бошқа идораларга берганмиз, яқин кунларда қўл – оёғини боғлаб олиб келамиз, деяпти. Бунга нима дейсиз?

-Бу гапларми ҳаммаси туҳмат. Бу ёққа юборган бўлса буларни ҳам ахир ўқийди, кўради. Бир буғдой олиб-сотган, неча йил ўтди, бу ишлар қандай бўлди? Биз Ўзбекистон давлатидан бир цент, бир сўм қарз олган бўлмасак, бизни миллион-миллион, бир миллиард сўмимиз қолиб кетди. Айтдим-ку бу ҳаммаси битта гап, Каримовни мияси айниб қолган бечорани. Энди шу қизини таъсирига кеб қоган, ихтиёр қўлдан кетиб қолган, бу касаллик ихтиёри… Ўзи менга айтарди, “Мен кўп қийналаяпман, ука!” деб. Беш йил аввал. Бу оиласига кучи етмай қолган. Ҳаммаси туҳмат. Мана Ўзбекистондаги Пракурор бечорани нима ихтиёри бор? Вазирликни не ихтиёри бор? Депутатларини Ўзбекистон Халқ ноиби демайди Каримов. Оиласи маймунлар дейди уларни. Қайси бечорани ихтиёри… Бир прокурорди ихтиёри борми? Айтингчи сиз ўзингиз? Борми прокурорди ихтиёри?

-Йўқ.

-А?!

-Икки оғиз ўзингиз гапириб беринг.

-Гулнорани ширкатини таъсис бўлиши, бошқасидан сиз Мансурдан сўранг, ҳаммасини айтиб беради сизга.

-Демак, бу масалани Мансурбек билан суҳбатга қолдирамиз. Сиз билан давом эттирадиган бўлсак, Абдурауф Мақсудий Ўзбекистоннинг келажагига қандай қарайди? Ўзбекистоннинг келажаги қандай бўлишини истайди? Қайси кунларда Ўзбекистонга боришни истайди?

-Иншооллоҳ, мани ўзимни гапимни биттаси қолди. Шойимардонни гапини айтдим сизга. Иккинчи қилган ишимиз ҳамиша биз халққа ёрдам қилганмиз. Сизлар бориб халқдан сўранглар, мендан сўраманглар. Давлат одамларидан ҳам сўранглар. Мусулмонлардан ҳам сўранглар. Ўша ўрислардан ҳам ўшаттагилардан сўранг. Хлабушкина деган бир етимхона бор эди. Аввалдан 93-йилдан биз унга ёрдам қилиб келардик. 98-йилдан давлат қаролмасдан қолди хабарингиз бўлса. Менга айтдики, шуни сиз олинг Абдурауф ака, бир хат ёзинг шуни сизга берай болалари билан… У ерда 180 тача болалари бор эди. Шуни тўлиқ ўз қарамоғимга олдим. Спорт жойларини қилиб бердим. Кампютерларини… Фақат Америкада қандай бўлса шунга ўхшаган қилиб бердим. Ман Ўзбекистонга бораман, ўша етим болаларга ваъда қилганман. Яхши ўқисанг, сен ҳам Каримовга ўхшаган президент бўласан. Иншоллоҳ борамиз Ўзбекистонга. Энди яна саволингизга қайтамиз. Ўзбекистон келажаги токи бир демократик ҳукумати бўлмаса… Сайлов яхши…

Агар эркин сайловлар бўлса кейин Ўзбакистон яхши бўлади. Ўзбеклар таланти бор, лекин булар қўл-аёғини боғлаб қўйган. Қандай бўлмасин гап дарров президентга етадики анаву одам вазир бўлмоқчи, ҳукуматни олмоқчи. Уни бошқа йўллар билан ўзингиз биласиз, мана сиз нега Америкага келдингиз, шуни манга айтинг сиз? Мани саволим сизга шу, сиз нимага келдингиз Америкага?

-Табиийки, мени Америкага келганим бошқа масала. Сирли масала бу сиз билан боғлиқ масалалар. Жумладан, сарой масаласи, салтанат масаласи… Салтанат – сирли дунё. Лекин жуда кўп миш-мишлар тарқалади, жуда кўп гаплар тарқалади. Шулардан баъзи бирларини сиздан сўрамоқчиман. Жумладан Абдурауф Мақсудийни Каримов билан орасини бузилиши борасида энг катта миш-мишлардан биттаси, айтишадики, гўёки Каримов кейинги пайтларда ўша эканомика ёмон бўла бошлагандан кейин, айниқса у пайтда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Американи кучи билан йўқотилмаган пайтда чиққан миш-миш бу… Гўё Каримов сиз орқали Америкадан ва Каримовнинг қизи сизлар орқали Америкадан бир қанча мулк олган. Масалан, Нью Жерсидан, Вержиниядан, бошқа ёқлардан жуда кўп пулларни асосан шу томонга йўналтирган булар. Лекин буни Мақсудийлар ўзига олгандан кейин Каримов билан ораси бузилди, деган миш-миш юрарди. Бунга нима дейсиз?

-Бу миш-миш ҳаммаси ёлғон гап. Биз Каримов билан қуда бўлгандан аввол шу авлодимизди ҳаммасига жойи бор эди. Каримов мани қудам бўлганидан кейин ҳеч бир мулк олганимиз йўқ. Ёлғон гаплар ҳаммаси. Боятда сизга айтдим-ку 500 доллар нақд пулингиз бўлса ўшанга ҳам сиз жавоб айтишингиз керак. Бу ҳаммаси ёлғон гап. Ўша ўзлари тўқиган гаплар.

-Бир ота сифатида бир саволга жавоб берсангиз. Мана ўғлингиз ҳам шу ерда. Ўғлингизга Каримовни қизини олиб бердингиз. Яшади булар. Икки фарзандлик бўлди. Мана бугун ўғлингиз сизни ёнингизда, ўғлингизни ўғли билан қизи Ўзбекистонда. Бир ота сифатида ўша қилган ишингиздан пушаймонмисиз? Нимани ўйлайсиз шу ҳақда?

-Ука бу бундай масалаки, бир одам бир ердан уйланади ё ажрашади. Ҳаммаси тақдирга ёзилган бўлади. Тақдирга боракан, нону насиба боракан, биз Ўзбекистонга бордик. Каримов албатта Ўзбекистонни президенти бўлиб Рассия томонидан сайланиб келган экан. Унга бизди ишимиз йўқ. Сизга аввал айтдим-ку, биз сиёсатдан кўп узоқмиз, қонимизда йўқ, биз аралашмаймиз. Албатта бу хусусда иккита неварамиз қолган ўшатта деб сизга бир неча марта айтаяпмиз. Ҳеч инсон, масалан, боласидан кечолмайди. Иншооллоҳ, бу ишлар вақти замони билан… невараларимиз ҳам қўлимизга келади. Эрта бу ёлғон гаплар… Улар минг марта ёлғон гаплар тарқатса ҳеч нарса йўқ. Турпоқ деворга ёпишмайди то ҳўл бўлмаса. Бу йўғ гапга, масалан… Бу тарқалган гаплар ҳаммаси ёлғон ука. Сиз шу Каримовнинг гапига ишонасизми?

-Ман ҳар ҳолда бу Каримовни гапини сўрамадим, халқ орасидаги миш-мишни сўрадим шекилли?!

-Ўзи ёлғон гап.

-Энди Абдурауф ака, бугун Абдурауф Мақсудий шу кеча кундузда нима иш билан машғул?

-Тижорат билан… Тижорат қиламиз биз. Тижорат қилаяпмиз.

– Қаерда?

-Бутун дунёда. Оламиз-сотамиз.

-Энди яна битта, энг сўнгги савол. Одатда бир шу невара кўрганда қудалар исм қўйишда невараларига келишиб исм қўядилар. Мана шу невараларингизни исми биттаси Ислом бўлиши, биттаси Иймон бўлиши… Буни тарихи борми йўқми?

– Невараларим аввал Америкада туғилган. Биз бу атти бетта қўйганмиз.

-Нима учун Ислом деб қўйгансиз?

-Ислом деб қўйганмиз. Иймон деб қўйганмиз Исломди боласи деб.

-Демакки ўша пайтда Ислом Каримовга ҳурматингиз, эътиқодингиз баланд бўлган экан-да?

-Йўқ-йўқ, бошқа гап бу. Ислом учун ниятимиз бор эди. Аввало ҳар бир… Ният бўлади. Масалан, ўзингизни ниятингиз бўлади-ки, қиз қўйсам атини бир нарса қўяман, Ислом қўяман, Пайғамбар қўяман, Ҳазрати Али қўяман, деб одамларни нияти бор. Шунақа мусулмонларни бугунги болаларини ати Қудахон Тўрам деган бўлади. Ҳа, бу бир гапмас-ку! Бир ат бир одамники бўмайди, ҳамма истаганини қўяди.

-Лекин Ислом Каримов Ўзбекистонда диндорларга жуда қаттиқ зуғум ўтказиб келаяпти. Бу кеча эмас, ўтган куни эмас, кейинги ўн йил давомида ислом деган, иймон деган, дин деган одамларга зуғум қилиб келаяпти. Мана шундай пайтда сиз ҳам неварангизга Ислом деб, Иймон деб исм берганингизда қандай бўлди муносабатлар?

-Бу энди ўзимизнинг ихтиёримиз. Биз бунга ифтихор қиламиз-ки, мусулмонча от қўйганмиз. Энди мана шу Америкада кўп одамлар туғилади мусулмонни боласи, мусулмонча от қўяди. Ҳар кимни ўзига бир шавқи бўлади. Масалан Иймон деган нарса Ўзбекистонда йўқ бўлса керак, Иймон қўйганмиз. Ислом деган от масалан юзта бор. Мингларча мусулмонларга Исломхўжа деган отлар бор, Муҳаммадислом деган от бор. Ёлғиз Каримовдан олинмаган, Каримовдан илгари бу отлар қўйилган.

-”Эл” ташкилоти атрофида ҳам илгари жуда кўп гаплар юрарди. Ислом Каримов ўз қудасини мана шу “Эл” ташкилотига бошлиқ қилиб қўйди, деб ва чет элликларни бир қисми, Мақсудийга яқин одамларга иш топилди, Мақсудийга яқин бўлмаганлар қувғинга учради, касалхоналарга тушди, Ўзбекистондан чиқиб кетди, деган гапларни кўп эшитганмиз. Шунга ҳам жавоб берсангиз.

-Чет элда юрган ўзбеклар ҳамиша орзуси шу эдики шу мамлакатимга борсам, мамлакатимга борсам. Қўлимда нима нарсам бор, шу мамлакатимга бориб хизмат қилсам. Кўплари боришди. “Эл” ташкилотини биз қурдик. “Эл” ташкилотини қуриб бутун чет эл ўзбекларини ҳам олиб бордик ўшатга. Ҳаммалари хурсанд бўлиб иш бошлайдигон бўлганда …93-94- ларда боришди ҳаммаси. Лекин хўп маюслик билан қайтди кўплари, масалан уч ой, тўрт ой, олти ой ўшатта қолишди. Қолиб иш қилайин деб, бошқа қилайин деб… Бир ёрдам бўлмади, бошқа бўлмади. Энди сиз мана шу ерга келиб тижорат қиламан, десангиз давлат сизга ёрдам қилади. Булар бу нарсаларни ўйлаб Ўзбакистонга борди, давлатдан бир ёрдам бўлмади. Кўплари бор-ей, бўлмади, деб чиқишиб кетди. Чет эллик ўзбакларнинг хатосимас, албатта бекоракам Ўзбекистонда жуда кўп эди.

-Лекин Ўзбекистон шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбек халқининг менталетети, зеҳниятидан келиб  чиқадиган бўлсак, ўша пайтда сиз бир давлат эдингиз. Масалан сиз ёрдам қилишингиз мумкин эмасмиди?

-Йўқ, ман ҳеч давлат ишига аралашиб ҳатто… Бир одам билан келган манга ҳаммаси, ман айтдим, биродар борингла, мани ўртага тушманглар. Ман айтганман шўттаги ўзбекларга. Бу ўртага мени тушманглар. Биласанку дедим. Биларди мени. Ман намус қиламан, сен учун бир идорага бориб ишингни қилиб бериб. Бор йўлингни топгин, деганман. Бечоралар ташлашиб чиқиб кетган. Мани ишим, ман сизга айтай, бошқа одамларни иши бонкаларда бўларди. Давлатни олдида бўларди. Биздики арқада бўларди. Ҳамма нарса ўзи секин-секин жойида бўларди.

-Энди мана ўша пайтда бир кўнглингизга келмадими, четда, хорижда яшаётган ўзбеклардан баъзи бири, масалан Боймирза Ҳайитга ўхшаганларини ватанга қайтариш, ўша ерга олиб келиш, шу масалаларни бирор марта бир Каримовни олдига қўйсам, деган бир нарса хаёлингизга келмадими шу йилларда?

-Ман у вақтдаки… У киши борганда ман йўқ эдим Ўзбекистонда.

-Бу кишини қувиб чиқарганларидан хабарингиз борми Ўзбекистондан?

-Эшитганман. Сабаби нимайди, билмайман нимагалигини.

– Мана бугун, ҳозир шу одам жуда қаттиқ касал ётибти, тўшакда…

-Ким?

-Боймирза Ҳайит. Юролмайдиган бир шароитда ётибди. Лекин орзуси – ватанга қайтиш. Нима тилагингиз бор?

-Худованд сиҳатини яхши қилсин. Эшитганимга биноан Боймирза Ҳайит ҳаётида ҳеч ким қилмаган бир хизматни қилган, Ўзбакисттон тарихини ёзган шу киши. Шуни учун биз бу одамни қадрлаймиз. Чет элдаги тамом шу ўзбек олимларини ҳаммасини қадрлаймиз.

-Айтишадики ўзбек еридан, маконидан айрилиши ниҳоятда қийин деб. Илгари жуда оз одам чиқиб кетган Ўзбекистондан. Мана сизларнинг пайтларингизда шу руслар зуғуми билан чиқиб кетишган. Лекин мана бугун, масалан, Америка муҳожирлар ташкилотининг рақамларига қарайдиган бўлсак, биргина 2002 йилнинг ўзида битта Американинг ўзидан қарийб 300 киши бошпана олибди. Бу фақат сиёсий бошпана олганлар. Демак, жуда кўп одамлар Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетаяптилар. Бунга нима сабаб?

-Энди ука, Ўзбекистонни келажаги буюк давлат, деб халқ алданиб қолди. У-ку палон пайтда чиққан. Лекин бутун дунёдан, энди айтишим яхши эмас, ҳаммамиз навоз қиламиз, кўп аёллар ҳам чиқиб кетган. Буни ўзинглар яхшироқ биласизлар. Энди қаердадир инсон озод ҳаёт ўтказиш учун ҳаракат қилиши керакда. Энди ман бунга бир нарса деёлмайман.

-Халқ орасида баъзи гаплар бор-да, шуларга ҳам мен сиздан жавоб олмоқчиман, чунки сиз нимаики бўлса ҳам барибир саройдан узоқлашдим, кейинчалик деяпсиз, барибир дастлабки йилларда ўша саройдаги вазиятдан ҳам хабарингиз бор деб ўйлайман. Ўша одамлар айтишадики, Ўзбекистонда Ислом Каримов саройида Амир Олимхонни саройидаги каби бир вазият бор. Яъни ўша айш-ишрат масалаларида… Шу ҳақда бирор нарса эшитганмисиз, ё гувоҳ бўлганмисиз?

-Ман сизга айтдим-ку, шу ўн йил шу одам билан ман… Бирор бир марта шу уйига борганим йўқ умуман. Унда ҳам баъзи бир туғилган…невараларимни туғилгани муносабати учун борганман. Ўзини туғилган кунига ҳам ман борганим йўқ.

-Ҳадя ҳам берганингиз йўқми?

-Ҳеч нарса берганим йўқ. Ҳеч нарса олганим ҳам йўқ.

-Лекин халқ орасида миллион-миллион долларларни Мақсудий ўша пайтда Каримовга берган, Каримов номидан чет элларга қўйган деган гап бор…

-Буни ман билмайман. Мумкин… Буни ўзингиз суриштиринг. Ман бир пул ҳам берганим йўқ Каримовга… Ман умримда бировдан пул ҳам олганим йўқ, бировга пул ҳам берганим йўқ шу ишди битказиш учун.

-Мақсудий жаноблари мана саволларимизга ҳарҳолда озми-кўпми жавоб бердингиз. Радиотингловчиларимиз номидан миннаддорчилик билдирамиз. Лекин сиз ўзингиз “Ман қарздорман, келгусида кўп нарсаларни айтаман”, дедингиз ва биз келгусида мана шу салтанат сирларини барибир сиздан билиш умиди билан суҳбатга нуқта қўямиз.

-Бўпти, раҳмат.

МАНСУР МАҚСУДИЙ БИЛАН СУҲБАТ

-Демак, навбатдаги саволомиз Ўзбекистон президентининг собиқ куёви ва “Интерпол” томонидан қидирувга қўйилган Мансур Мақсудийга.

-Сизга шундай савол бор…Ўзбекистон ҳукумати сизни, отангизни ва акангизни жиноятчи деб ҳисоблаб “Интерпол”га берди. Айтиладики улар кўп вақт давомида солиқлар тўламаган, бошқа ишлар билан шуғулланган, жумладан Американи ўзида ҳам шунақа ишлар билан шуғулланган. Биз Америкага мурожаат қилдик бу ҳақда, дейилган. Мана шунга бир икки оғиз муносабатингизни билмоқчи эдик.

-Бу ҳаммаси туҳматлар. Кейин мен ҳаммасига жавоб бераман. Мен ҳозир тамом туҳматлар учун икки оғиз – уч оғиз гапирсам тўғри келмайди. Нима учун? Ман гаплашганимда ҳамма нарсани гаплашаман. Шу 91-йилдан то 2001-йилгача. Мана ҳамма кейин яхши тушунади. Халқ ҳам яхши билади ва мен ким эдим, мен қанақа инсон эдим ва Каримовни оиласи қанақа эди?

Айни вақтда мен ўзимни ишларим учун гаплашмайман. Ҳамма халққа кўрсатаман, бу Каримовни оиласи қанақа оила эди. Халқни севармиди, севмас эди? Шуларди кейин мана икки ҳафта, уч ҳафтадан кейин сиз билан гаплашаман, бу мени қарзим сизга.

Нима учун? Шу икки ҳафта, уч ҳафтани ичида битта катта энг обрўли газеталардан бирида бу нарсалар ёзилиб чиқади. Шундан кейин мен сиз билан ҳамма саволларингизга жавоб бераман. Яна бир нарсани айтай шу “Интерпол”ни нарсаси… Шу бизни қидиришаяпти. Биз шу, ман, акам, дадам хоҳлаган мамлакатимизда юрибмиз. Мана Оврупага борамизми, Осиёга борамизми, ҳамма жойга бориб келаяпмиз. Бу агар қидириш бўлса, бизди олиб Ўзбекистонга берадиган бўлса ололарди. Булар билади-ки, вақтинча системага кирган… Нима учун …туҳмат. Аммо бу нарса ҳам олиб ташланади. Ҳозир “Интерпол”га Гулнорани қўйишади. Гулнора ҳозир ўзи тамом икки жойда юрипти, Ўзбекистонда ва Руссияда. Шу жойи ҳам камайиб қолаяпти. Шуларди ҳаммасини ман… икки-уч ҳафтани ўртасида ҳамма саволларингизга жавоб бераман ва ҳамма нарсани очиқ гаплашаман.

23.ГУЛОНАРАНИНГ ДАФТАРИ

Абдурауф Мақсудийдан кейин Гулнора Каримованинг  ҳисобчиси бўлган Фарҳод Иноғомбоев билан суҳбатлашдим. Қуйида 2003 йилнинг 11-17 август кунлари  “Америка овози”да эфирга узатилганга мазкур суҳбатнинг айнан матнини келтираман…

-Аввало бир ўзингизни таништирсангиз!?

-Мани исмим Фарҳод Инагамбаев, Фарҳод Муҳаммадраҳимович.Дадамнинг исмлари Муҳаммадраҳим. Тошкент шаҳрида туғилганман.Ҳозир мана Америкадаман.

-Америкага қандай келиб қолдингиз?

-Агар манам бир тарихимни айтиб берадиган бўлсам , бу анақа, эшиттиришга сиғмаса керак.Лекин қисқача айтиб ўтсам.

Ман 94 йилларда Мақсудий оиласи билан ишлашни бошлаганман Тошкентда. “Рост Трединг” деган ширкат билан.Шу 2001 йилга қадар ишлаб келганман. Охирги иш жойим Дубайда бўлган. Биринчи, Июл-август ойларида мана шу ажралиш (Гулнора ва Мансур Мақсудийнинг ажралишини назарда тутмоқда-Ж.М) эълон қилингандан кейин Тошкентга Мақсудийга қарашли ширкатга кўп нимала кўрсатилди.Нима дейди, давления, босимлар. Ҳар хил тазйиқлар кўрсатилди.

У пайтда менинг катта акам Умидбек Тошкентда ишларди.

2001 йилда мен Дубайдда ишлаётганимда менга Тошкентдан телефон қигандилар. Биринчи, адам телефон қигандилар.Бу пайтда мен билгандим Тошкентда нима бўвотганини…Фирмага СНБ ходимлари келиб, текширув органлари келиб босим ўтказвотганини эшитган эдим.Ўша пайтда менга адам телефон қилдилар ва: “Фарҳод сан тинчмисан, жуда ҳам эҳтиёт бўлгин окангни, Умидбек окангни бугун СНБдан келиб олиб кетишди” дедилар.

СНБдан деганларми, МВДдан деганларми иш қиб олиб кетишди деганлар.”Сан эҳтиёт бўлгин” деб қўйиб қўйганлар.Бир пайтдан кейин окам телефон қиган.Ўша СНБ олиб кетган окам. Айтганлаки, “СНБ олиб кетмаган,СБП, президентни ҳимоя қилиш хавфсизлик хизмати тутиб олиб кетган.Олиб кетиб мен билан гаплаштирган.

Биринчи, Сергелидаги фирмани нимасига (офисига демоқчи-Ж.М.) келиб окамни сўрашибти.”Умид Инагамбаев ким бўлади деб. Бўлмаса ўша пайтда текширув кетаётувди, СНБ бор, налоговойлар(солиқчилар-ЖМ) бор.Прокуратура ходимлари бор.Лекин алоҳида оқ “Нексия”да келиб, окамни сўрабди. Кейин окамни ўшатдаги пастдаги қоровул чақириб берибди.Ҳаммани олдида кишан солиб, чўнтагидан кишан чиқариб, ўтир мошинага, деб об кетибди.Йўлда иннамабди биринчи. Кейин обориб тушунтирибди.”Қарагин, дебди, анақа мана шунақа бўлди”. Кейин окам билан учрашганимда тушунтирганла манга шунақада деган.

“Укам деган, минг афсус, буларни ажрашганига.Манам кутмаганман бунақа бўлишини, лекин,бу СБПни гаплари, лекин шунақа ҳаёт бу, шунинг учун ҳам ўзинг ҳам, у ёқда уканг ҳам бор,биза уни яхши биламиза,сан нима Американи фуқаросимисан,Америкада миллион пулларинг борми, ёки Америкада доданг боми, тушундингми, тушунвоссанми нимани гапирвомман”, деган.Окам “Йўқ, ман сизни яхши тушунмаёмман” деган.

“Ҳозир телефонни оласан, телефон қиласан, тезда ўтириб бу ёққа кесин” дея қўпол қилиб айтган.Бўлмаса оканг, ўзинг ҳам бир секунд ҳам турмайсан, йўқ қилиб юборамиз,уруғ-аймоғинг билан йўқ қилиб юборамиз” деган.

Шунақа, анақа билан айтган.Лекин бу гапларни гапиришдан олдин, “Минг афсус шунақа бўлиб қолди,” деган. Бу гапи билан этмоқчи бўлганки, мажбурликдан, бу бизани бурчимиз,бизани ишимиз, бизага шунақа буйруқ беришган, шунақа қилишимиз керак,уканг ҳам шунинг учун анақа қилсин” деган.

Кейин ўшанда бу 2001-йил августининг бошларида эди, окам телефон қиганла Дубайга. Ман ўша пайтда хавотир эдим. Чунки, бундан олдин адам телефон қиган эдилар.Ўзимни қўйишга жой тополмай ишим хаёлимдан чиқиб кетган.Окам телефон қилганларидан кейин овозларидан сезганман, бунақа ҳеч қачон гапирмаганла.”Фарҳод бу ёқда мана одамла ўтиришибди” деганла. Кейин орқада ман эшитвотувдим одамлани гапи…”келишинг керак, келмасанг бўлмайди” деганла.”Манга, адамга чатоқ бўлади” деганла. Кейин мани хаёлим анақа бўган.

Ўзингиз ҳам биласиз, бу оғир нарса, оилангизга у ёқда қанақадир босим бўлса,фикрингиз, хаёлингиз ўшанда бўлади. Кейин уйга келиб турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашганман, нима қиламиз, деганман. Бормасак тинч қўйишмайди.Чунки у пайтгача мен Дубайда икки йилдан буён ишлаётгандим. Икки йилдан буён Ўзбекистондан ташқарида яшаб хоҳланнгки, хоҳламангки, интернетларга кириб, хабарла, янгиликларни кўриб, Ўзбекистон тўғрисида бир нималарни кўриб одам табиий Ўзбекистонда нима бўвотти, бир мустақил хабарларни кўргингиз келади. Мен 2001 йилгача мухолифат нималарини кўп ўқиганман. У пайт ҳеч бир ишонгим келмасди. Ҳақиқатда ҳам бизада Ўзбекистонда шунақа нарсалар қиладими? Одамни об келиб бекордан-бекорга, чўнтагига нарса тиқиб қўйиб,қила олармикан? 2001 йилда мани хаёлимга азгина бўлса ҳам бир тасаввур бор эди Ўзбекистон ҳақида.Ўшани ўйлаб ман чуда ҳам қўрқиб кейганман. Кейин биза қарор қилганмиз нима бўлса бўлди энди, буёғига пешана деб тошкентга борадиган бўлдик.Сентябрга қомасдан тошкентга учиб кетдик.Тезда Дубайдаги раҳбариятга, ҳамкасбларимга хабар берганман.Ула тушунишган мани шароитимни.Чунки ман жуда ҳам хавотир бўганман оилам бўйича.

Келганимдан кейин манга Гулнорани яқин дугонаси, Гулнорани қўл остида ишловчи бир ходими бор эди, уни отини айтмайман, чунки у одам ҳали ҳам ўшатда.

-Гулнора деяпсиз, Гулнорани қанчалик яқин танийсиз?

-Гулнорани ман 2001 йилдан олдин Тошкентда ишлаганимда ҳам кўрганман.Тошкентда кўрганимда ҳеч бир мулоқот бўлмаган.Компаниянинг бирор бир тадбирларида кўрардим.Партиларда (зиёфатларда демоқчи-Ж.М.) дейдими ана шунақаларда кўрардим.Лекин охирги пайт 99 йилдан бошлаб ман шу Дубайга кўчиб ишга келганимдан кейин Гулнора, Мансур акам- собиқ Гулнорани турмуш ўртоғи, болалари билан тез-тез Дубайга йилда бир-икки марта келишарди.Келишганда ман уларни Дубайда кутиб олардим.Меҳмонхонага жойлаштирардим, баъзиларда Гулнорани ўзини шахсий ишлари билан , илтимослари билан ўзини қаёққадир оборардим керак жойига.

-Шахсий ишлар,илтимослар деяпсиз умумий болиб қолмасин бир иккита мисоллар келтириб ўтинг.

-Масалан нима деса бўлади, Дубайга келиб бир қанақадир дўконга бориб ўзига нарса олмоқчи ёки тошкентда унинг ширкати бор эди, мунга ҳали келаман кечроқ.Тошкентда юрғизадиган ширкатига масалан баъзи нарсалар мол-мулк , товарларни олишга Дубайдан топиб беришга одам қидирган.

-Масалан рус матбуотида чиққан суҳбатларда Гулнора айтганки мана шу колекциялар тўплашга қизиқардим ,масалан ҳар ҳил тошлар… Дубайдан ҳам шундай нарсаларни сотиб олармиди?

-Бу-чи, яна Жаҳонгир ака, бу алоҳида бир катта нима тошлар сотиб олиши у сизларнинг матбуотларингизда чиққан мақола. Гулнора у билан ўзини бир жуда катта фаолияти.Дубайга баъзи вақтлари келиб ман Гулнора билан ишлаганимда чамодон-чамодон пул олиб келиб тош сотволарди,олтин сотволарди.лекин кўпчиликка бу қанақа қилиб нима қилинарди,тавсия қилинарди гўёки у ўша тилла нарсалар дизайн қилади ,лекин аслида бу кўплар Дубайда нима қиладиганлар ўша Дубай марказида “Гулсум” деган катта тилла бозор бор, ўша жойда Гулнорани жуда яхши билишади.

-Бунча чамодон-чамодон тилла ва тошларни нима қилади?

-Буни, билмадим. Масалан ман ўзимам Тошкентдан биринчи марта келганимда Гулнора берворган пулларни олиб келганман ўзим билан бирга. Нақд Америка доллари.Ўша учун нима бунга яна айтвонман Жаҳонгир ака, алоҳида тўҳталса бўлади. Лекин сизга ҳозир айтвотган нималарим тасдиқланиши учун ман ўзим мамлакатни тарк етганимдан кейин мажбур бўлдим кўп далилларни ўзим билан олиб келишга.Ўзимни ҳимоя қилиш учун.

-Далилларингизга ўтмасдан бир саволим бор.”Новая газета”да чиққан мақолада сизни номингиздан гўё шу ширкат Мақсудийларни ширкати, қаллоблик билан шуғулланмоқда, деб сизни баёнот берган деган гап бор.

-Бу гапга Жаҳонгир ака, ман ўша айтганимдай сентябр ойида Тошкентга қайтиб келганимда Гулнора чақирган олдига,олдига орадан икки-уч кундан кейин чақириб бир ярим соат ўтириб гаплашган ман билан. гаплашиб кўп нарсалартни гапирган,йиғлаган озгина.Лекин манга шуни нима қилганки ман билан ишлайсан,ман у мажлисга киришимдан олдин ҳам атрофидаги Гулнорани ёрдамчилари…

-Сизга нима учун йиғлайди?

-Нима деса бўлади, ман уни Дубайда кўрганману уч-тўрт марта келганида.У пайт собиқ турмуш ўртоғлари билан келарди.У пайт Гулнорани бошқача кўрганман.Энди бу гал ўзини бошқача кўрсатиш учун нима деса бўлади,йиғлагани нима бу одам жуда кўп артистик қобилиятга эга одамни мийясини нима қилиш учун тассуроот кўрсатиш учун,ўзини бечора қилиб кўрсатиб кўрди, бошида гапни шунақадан бошлади.Ман бечораман ман унақа қилдим,бунақа қилдим лекин секин-секин бир ярим соатни давоми ичида кейин гапини охири нима билан тугади “мани дадам айтдики мен уни билсам ўзим уни сўяман” деган экан.

-Мен бир оз тушунмадим аниқроқ қилиб айтинг кимни сўймоқчи бўлган.

-Гулнорани собиқ турмуш ўртўлари Мансур Мақсудийни ўша учун ҳам йиғлаб гапирди деганим бошида гапини йиғи билан бошлади,лекин охирини бир нималар билан тугатди манга шу тассурот кўрсатди манга сўзини охирида айтдики,мана энди санам келдинг манашу ерда ислайсан яҳши бўлди деди. Кейин манга атрофидагилар айтишди агар Фарҳод буёғини эҳтиёт қилгин назари тушиб қолди,энди қийин бўлади,гапига жуда ҳам эҳтиёт бўлгин нима қилишди.Кейин ман келганимдан кейин бир ҳафталардан кейинми…

-Келганингиздан кейин давом эттирамиз.Шу ўринда тинловчида бир савол туғилади.Атрофидагилар, деяпсиз нима учун унинг атрофида махсус муҳит борми? У энди Ташқи ишлар вазирлигида ишласа, саккиз соат ишга бориб келадими ёки бир бошқа ишлар билан шуғулланадими ё унинг атрофида қандайдир гуруҳлар юрадими?

-Атрофида деганимда бу асосан тижорат фаолиятидаги ўзини ширкатидаги яқин ўртоқлари ҳамда доимий олдида юрадиган ўша банк ҳодимлари. Ман келиб ҳайрон қолганман,ман ҳам олдин эшитганман ташқи ишлар вазирли гида ишлашини.Лекин 2001 йил сентябр-октябрлардан бошлаб доимий Гулнора ни олдида ишладим.Кун тартибини ман жуда яҳши биламан.Ташқи ишлар вазирлигида ҳеч бир кўрмаганманам,эшитмаганам.У ёққа борганини бир ишлар қилганини асосан нима билан ўзини тижорий ишлари билан банд бўларди.Чунки 2001 йилдан бошлаб уни фаолияти ширкатларни фаолияти жуда ҳам ҳар ҳил соҳаларга оътиб кетди.Ресторан,дискотека,журнал,студия, уяли алоқа телефон компанияси тилла буюмлар бўйича йўналишга ўтиб кетди.

-Келадиган пуллар қаёққа кетарди?

-Келадиган пуллар асосан…. 2001 йилда булар ажрашгандан кейин Гулнора ўзини нималари бўйича жуда эҳтиётли бўлиб нима қилди.Мандан бироз маслаҳат сўрагани, энди ман уч-тўрт йиллик халқаро тажрибам бўлганлиги учун , четдан банклар билан алоқам бўлганлиги учун , мандан биринчи бўлиб сўраган нарсаси қатдан банк ҳисоботи очсам бўлади… Чунки манга ҳозир Европада қийин бўвотди, мани ўтта нима қилишвотти ,дея сўради, кейин ман…

-Эҳтиёт бўлиши нимадан, отасидан қўрқишиданми, ёки Америкада суд бўлиб четга чиқа олмаслигиданми, нимадан?

-Биринчи бўлиб ман ўйлайман шу оиласини нимаси кўпроқ шу жамоатчиликка тарқалгани, иккинчидан 11 сентябр ўша пайтга тўғри келиб қолган эди Америкада портлашла бўлиб… Хабарингиз бўлса ўша 11 сентябрдан кейин банк соҳасида, молия соҳасида ҳам бутун дунёда назорат кучайди. Ўшани учун бирор далилсиз , асоссиз келган котта миқдордаги пуллага назорат ташланди. Айниқса Европа ва Америка нималарида (банкларида демоқчи-Ж.М.). Ўшани учун буни ҳам бир таъсири котта бўлди.Ўшани учун ҳам сал манашу қийинчиликлардан сўнг Гулнора хавотирга тушди. Кейин яна Ўзбекистондан ҳеч бир асоссиз, ҳужжатсиз келадиган котта миқдордаги нимала, суммала, рақамла. Мана масалан ман сизни нимангизга об келдим , мана кўрвоссиз, “Сити банк”да Гулнора Каримованинг ҳисобларидан бири 7 миллион доллар.

-”Сити банк”дан қандай қилиб сизни қўлингизга келиши мумкин?

-Бошида айтган нимам бўйича, 2001 йилда мани чақиртириб, мани ўзига ишга олишга мақсади, мани Дубайда озгина ишлаган тажрибамни инобатга олиб, ўзига ишга олиб мани, Дубайдан ўзига ширкатлар очишга мандан илтимос қилди. Уларни илтимоси ўзингиз билсангиз керак қанақа. Ўшани учун ман мажбур бўлдим, чунки гаровда мани оилам қолди у ёқда. Ота-онам, иккита ока-укам, хотиним, қизим, болаларим…Шундай қилиб 2001 йилнинг сентябр-октябр ойларидан бошлаб, ман нима десам бўлади, ман молия масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлдим. Ўшанда у Дубайда очган фирмасига мани генералний директир , вице президент қилиб қўйди, мани қўлларимни тасдиқлаб…

-Асли молиядан хабарингиз борми, молия соҳасида ўқиганмисиз?

-Ман ўзим Тошкент давлат Университетида ўқиганман, “Роман –Герман” факултетида.Кейин 96 –98 йилларда магистратурада ўқиганман, НБФ файнайн билан боғлиқ магистрлигим ҳам бор.Ҳамда ман 97 йиллари ширкат томонидан, “Рост-традинг” томонидан Лондонга ўқишга борганман. Лондонда “ Шиллер интернейшнл” юниверситетида бир уч ой курсларни ўтганман.

-Энди яна бояги, кечирасиз, сиз бошқа ҳужжатларингизни варақлагунча, “Сити банк”да 7 миллион доллар деяпсиз, яна қайси банкларда, қаерларда пулини сақлайди, баъзиларни айтиши бўйича ҳозир Россияга кўчираётган эмиш.Яна баъзиларни айтиши бўйича Буюк Британиянинг Тума оролларидаги банкларда сақлаган эмиш.

-Мана Жаҳонгир ака, энди банклар масаласига келсак, “Сити банк”дан ташқари ман сизга айтдим ҳозирги пайтда банк фаолияти жуда ҳам қаттиқ назорат бўлгани учун ман биринчи бўлиб унга ишга келганимда у биринчи бўлиб гапириб бериб нима қиганда мани хаёлларим, нималарим умуман бошқача бўлган, ман ўйлаганманки, майли пешонам экан, мани бу ёққа об кеволди, ишлатмоқчи, мани олдин ишлаган тажрибам, бизнес фаолият, оддий бир тижорат қилмоқчи , деб ўйлаганман. Лекин ишлаганим сари Жаҳонгир ака, сочларим тикка бўлиб кетарди… Бошида ҳисоб очганимда, фирма очганимда Гулнорани номига ман ўйлаганман тижорат билан шугулланади.Чунки шу ҳам бошида келишув бўган, “Бўлди Фарҳод шу ерда ишлайсан, ўзимиза мана шу ерда тижорат қиламиза, манашу мамлакатда нима қиласан” деб манга шунақа деган. Кейин октябрдан кейин фирма очилгандан кейин ҳеч бир нимага тўғри келмайдиган… Ўзим қўрқиб кетганман, чунки мани номим лицензияда, мана, ширкатни нимасида , мана сиркатни номи “Привай холдинг онлайне” нимаси, учридител, соҳиби Гулнора Каримова мани бошқарувчи қилиб қўйган.Ман биринчи куннинг ўзидаёқ котта пуллар келганда жудаям қўрқиб кетганман. Чунки халқа биснес, тижоратда молияни тушунадиган одам… Бунақа мумкин эмас…Чунки бугун эрта сўралади, қаттан у пул келди, нима асосда? Ҳозирги Ўзбекистонни иқтисодий шароитини олсангиз 2001 йил аслида валютага, президент Каримов кўп марта чиқиб айтади, мана биз бунақамиз, ёки банклар айтади валютамиз кам, биза ўзимиз нима қилишимиз керак, деб .

Лекин шу вақтда миллион-миллионлаб олиб чиқиб кетилган пул, кимдир унга жавоб беради.Ман ўшандан кейин тузоққа тушганимни билганман.Нима бу яхшилик билан тугамаслигини. Чунки, ўшани учун ҳам сиз берган бояги саволга , қайси банкларда нима қилган деганингизга, битта банкда бу пулларни нима қилиш мумкин эмас эди. Чунки бир хиллари қабул қилмасди. Мана манда хатла бор, мана “Сити банк” хат берган манга, илтимос сизлардан котта-котта пуллар кевотти, хавотирмиза… Ўшани учун ҳам мани Гулнора мажбур қилган унга бошқа банклардан ҳисобот очиш учун.Мана масалан “Стандарт чортинг” банк, Буюк Британиянинг таниқли банкларидан бири. Рақамларни сизга радиодан ҳозир айтмайман, ўзингиз кўрвоссиз, битта келишда…

-Буллар долларда келганми?

-Мана-мана ҳаммасини ўзингиз кўрвоссиз, 4 уюл , а йўғ, йўғ, 6 апрел 2003 тушган пуллардан бири Гулнорани номига…Қаттан кевотти? “Сити банкдан… Банкдан-банкка олиб ўйнаган.Ақш доллари ҳисобида. Мана иккинчиси.”Ей чиз би си” Буни ҳам билсангиз керак, энг таниқли банклардан дунёдаги. Бу ёқдан ҳам ўзига ҳисобот очган. Энди бу ерда узида “доктор Гулнора Каримова” деб очтирган.Мана бу ёқдаги ҳисобидаги балансини ҳам кўрвоссиз. Бу 14 мартга қадар…

-Нима учун бу ерга Ислом Каримов деб ёзилган?

-Бу ёққа нима деса бўлади? Ислом Каримов… Каримов… Рефренсми…(Тавсия қилувчининг номи демоқчи-Ж.М.)

-Президентни қизи эканлиги билинсин учунми?

(Кулади)…

-Рақамларни нима учун радиога айтмайман деяпсиз?

-Айтаман, нега айтмайман?! Мана , масалан “Эй чиз би си” банкида 14 март 2003 йил датаси билан бир миллион тўрт юз минг АҚШ доллари баланси… Кўрвоссиз-а!? “Стандарт cорт”да баланс эмас, келиб тушган пул ҳақида конфермейшн, тасдиқлаш хати дейилади, шу куни Гулнора Каримовани ҳисобига 198 минг доллар келиб тушган.Боя “Сити банк”даги балансини ман сизга кўрсатдим, 7 миллион қанчадир…

-Булар энди қаердан келиб тушган?

-Жаҳонгир ака, ман сизга айтганимдек ширкатларни шундоқ қилиб ясатганки, Ўзбекистондаги фаолиятидан пуллар қонуний ноқонуний , лекин кўплари ноқонуний , чунки буни финансивий схемс, финансивий пирамида дейишади руслар…

-Яъни Ўзбекистондан чиқиб келади…

-Ўзбекистондан чиқиб келади тўппа-тўгри. Ўзбекистондан котта давлат ташкилотларидан, довлатни шерикчилиги бор ташкилотлардан, яна ҳар хил ноқонуний йўл билан олиб келиб Ўзбекистонга солиқсиз, таможниянинг назоратисиз кириб келган моллардан, жумладан шакар совда –сотиғидан келиб тушган пулларни долларга айлантирилган ёки… Кўпинча унинг тошкентдаги фирмаси олдин уни номи “Оас тос ЛТД” эди, масалан қандай қанақа қилади? Биринчидан “Оас тос ЛТД” умуман ҳамма Ўзбекистондаги барча солиқлардан озод қилинган.Бу солиқдан озод қилинган қарор Бош вазир қарори билан қўл қўйилган.Бир неча йилдан бери Гулнорани шахсий ширкати билан тегишли қарор.Ўш қарор билан Гулнорани ширкати, Ўзбекистондаги ширкатлари бир тийин солиқ тўламайди, ҳеч қанақа.Чунки ширкатни нимасида , Уставида ёзилганки, бу ширкат дори-дармон олиб киради Ўзбекистонда, болалар кийим-кечаги, киенчалик ишлаб чиқариш учун болаларни Ўзбекистон болаларига ишлаб чиқариш учун ҳар хил ускуналар, озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун, упакофка қилиш учун ускуналар олиб кирилади деган кўп нарсалар ёзилган. Ўшани асос қилиб.

-Мана шу келаётган пуллар, чет эллардаги банкларга келаётган пуллар, Ўзбекистондан келаяпти дедингиз ва улар солиқдан озод қилинган, турли мақсадлар учун деган бир нарсани айтдингиз. Хўп, булар учун Ўзбекистонга ҳақиқатдан ҳам ўша солиқдан озод қилинганда назарда тутиладиган нарсалар қайтиб борадими ёки йўқми?

-Йўқ, мана яна ўша гапларга қайтаман, ишлашни бошлаганимда ман сизга айтганимдек, бу нарсаларни кўрсангиз одамни ҳеч ақлига келадиган нарсалар эмас. Бошида ўшанда мани кўзимга тушиб қолган қоғозлардан, дакументлардан бири шу бўлганки , қандолат ишлаб чқариш линияси деб, ускунаси деб… Қоғозда масалан қандолат ишлаб чиқариш ускунаси контракт қилинган .Таможниядан ўтган. Растаможит қилинган.Ташқи Иқтисодий Алоқалар вазирлигида регистрациядан ўтган.Лекин аслида шакар кириб келган.Миллион-миллионлик шакар кириб кеган, Уни на бир солиғи тўланган, на бир таможний зборлари тўланган…Уни нақд пулга… Энди ўзингиз биласиз шакар стратегик маҳсулот, уни бозорга анақа қолса тез сотилиб кетади…Уни миллион-миллионлага сотилган.Пулни , сотувдан келиб тушган пулни Гулнорани ширкати бонкка қўйган.кейин ўша пулни нимани конвертациясига берилган, ускуна учун деб ёзилган. Баъзи воқтлари ускуна учун деб ёзиларди, баъзи воқтлари болалар кийим-кечаклари деб ёзиларди.Баъзи воқтлари дори-дармонлар келди деб ёзиларди.Аслида бошқа маҳсулотлар, кўпинча шакар об кириб сотиларди. Лекин булани пуллари, сўмовой виручкаси дейилади, бонкка обориб топширилиб, кейин бояки контраклар, қалбаки контрактлар орқали топширилиб, кейин бу пуллар чиқиб кетарди. Ман бу нарсани кўриб қолганимда, биринчи кўрганим октябр-ноябр ойларида 2001да…Чунки нима деса бўлади би “Бурнингни тиқма бу ишга” дейишган…

-Агар мабодо эртага Гулнора Каримова “ Мана мен ҳам интервю беришга тайёрман” деса, юзига қараб шу нарсаларни айтишингиз мумкинми?

-Айтоламан, лекин Ўзбекистондамас. Чунки ўзингизам, мана Жаҳонгир ака, ўзингиз ҳам биласиз… Бояги берган саволингиз бўйича, рус газетаси “Новая газета”да мани гапларимни ёзиб чиқаришган, ман уларга ҳеч қанақа гап гапирмаганман.Рус газетасига ҳеч қандай интервю бермаганман.

-Лекин у ерда ёзма баёнот деяпти…

-Йўқ… Ман баёнотга қўл қўйганман. Қўл қўйганман… Ўзингиз яхши биласиз, Ўзбекистонда қанақа. Эртага агар бориб, оилангизни уёқда нима қип туриб, тепангизда агар СБПни ёки СНБни офицери тепангизда туриб, мана буни қўл қўйиб юбор деса, керак бўлса “Ман ҳайвонман” деган баёнотга ҳам қўл қўёлади одам Ўзбекистонда. Чунки шунчалик анақага об кеп қўйилган одам.

Бу нарсага нафақат ман қўл қўйганман, балки кўпгина тошкентда қоп кетган, олдинги, илгариги “Рост тренинг”да ишлаган, ёки Мақсудий оиласига тегишли фирмадами, ширкатдами ишлаган кўплага заруран қўл қўйдирган. Чунки, бу нарса табиий, одам нима деса бўлади, у ёқдаги одамлар ҳаммаси оиласини уйлайди, ҳаммаси ўзини болаларини ўйлайди, ота-онасини ўйлайди. Чунки, мисол учун сизни келтираман, Гулнорада бир Жамшид деган йигит ишларди. У йигит бир олти-етти йилдан бери ишларди.Бир рестараними, кафесиними менеджерийди.

Шу бир тўқнашув бўп қопти оғзаки… Гулнора уни назарига оган…Кўзига ёмон кўриниб қоган. Бир ҳафтага қомасдан қамаб юборишди. Қамаганда ҳам на МВД на УВД на СНБ уни қўлга олди. Ким қўлга олди уни? Ким қўлига кишан солди – СБП солди.Президентнинг Хавфсизлик хизмати. Ишлавотган жойга келиб, худди террорчи ушагандай қилиб, об кетишди анақа қилиб де. Ҳаммага бу нима деса бўлади, сабоқдай. Гулнора билан анақа қиган, гап талашгани учун.

Мана икки ҳафтага қолдирмасдан у болани, мани эшитишимча, чунки буни аниқ тасдиқлай олмайман, буни сўраб-суриштиришга у ёқда ҳамма қўрқади, саккиз йилга қамаб юборишди у болани.Бу битта мисол. Иккинчи мисол, Гулнорани ўзини яқин дугонаси бўган Нилуфар Садриддинова деган. У охирги пайтда 2001га қадар Гулнорани ўша тошкентдаги ширкатларини бирини бош директори бўлиб ишлаб келган.

Гулнорани кичкина пайтдан буён бирга мактабга, бирга Университетга бориб юрган дугонаси бўган. У гугонаси билан гап талашиб қолиб, уни нафақат ишдан бўшатган яна домашний арест қилиб қўйдирган.Ерга тегаман деган яхши кўрган йигитига тегдирмаган. Тўй қилдирмаган.Кейин уни йигити Америкага олиб келаман деганда паспортини қўлидан олиб қўйишган.

Уйига бориб яна ўша СБП, президентни хавфсизлик ходимлари келиб, ота-онаси, ўзига босиб ўтказиб, “Қизингиз ҳеч қаёққа чиқмасин,тошкентдан агар кетиб қолса, қаранг, ўзингиздан кўрасиз” деган.Бу мана сизга иккинчи мисол. Бунақа мисоллар жуда ҳам кўп.Ўшани учун бояки рус газетасини ёзиши бўйича унга қайтиб келарканмиз, мани гапларимни улар “Заявлений Фархад Инагамбаева “ деб ёзгани бу мутлақо… Мана тасаввур қилинг, сизни олдингизга иккита қоғоз об кеп қўйишди. Олдингизда иккита СНБ турибди. Айтишвотти “Отанг у ёқда ишлайди, онанг бу ёқда, болаларинг , хотининг бор”… Қани сиз ёзмай қўйинг-чи шу нарсани қанақа аилишади.

-Энди Гулнора масаласига қайтадиган бўлсак, Гулнорани мана шу ҳисоблари чет елларда қайси йилларда очилиб ва гуллаб яшнаган пайти қачон?

-Ман олдинги йилларга бир нарса айтолмайман, чунки олдин ман Гулнора билан ишламаганман. 2001 йилдан бошлаб то 2003 йил апрелга қадар ман у билан ишлаб келдим.икки йилдан сал ортиқ йилнинг ичида шу тўртта –бешта банкда миллионлаб пул ўтди.Бундан ташқари ўша ширкатлар, ўша ҳисоблар орқали ўзига Масквадан уй-жой сотиб олди. Айниқса нима деса бўлади, 2002 йилда хабарингиз борми-йўқми билмадим, бир ёз пайтлари қаттиқ бир миш-мишлар бўлди тошкентда, адасини, отасини соғлиғи йўқ, тошкентда бир гаплар бўвотти деган пайтда, мен бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман, лекин, ҳақиқат шуки май ойларида мани Масквага жўнатиб, ўшатта, Масквада ҳам ёрдамчилари бор, ўшлар билан бирга унга уй-жой қараганмиз. Кейин майни охирларида ўзи ҳам келиб шу жойни танлаган.Уч қаватли “Пен ҳаус” дейилади, Москвани марказида, ўзига уй-жой олган.

-Қанчага олган уйни?

-Икки миллионга долларга яқин. Бир миллион саккиз юз минг қанчадир.Манда контрак, ордерни копиялари ҳам бор.Икки минг доллар уйни ўзи ҳали нима қилинмаган, нима деса бўлади, ўзбекчафа сувоғи битмаган уй дейди-ю, ана шунақа.

-Бу ҳужжатларни қандай қилиб олиб чиқиб кетгансиз?

-Жаҳонгир ака, мана боя бошлаганимдай Гулнора билан ишлаган сари 2001 йил бошлаган бўлсам кунба-кун буни мана Худо билади, кейин хотиним билади бошимдан нима ўтганини. Ота-онамга гапириб етмасдим, лекин мани нимамдан улар сезишарди нима кечирвотганимни.Баъзи кунлари бўларди Жаҳонгир ака, қандоқ Гулнорани қўлидан қутилишни билмасдан, нафақат ман , балки мани касбдошларим ўшатта қолиб кетган ҳозир ҳам Гулнорани қўлида ишлавотган, шунақа бир беақл нарсалар келарди, шу Гулнорани қўлидан қутилиш учун бориб шу мошинада ўзингизни авария қилишга…Шунақа фикрлар келарди. Шунда балки қутили қолармидик. Чунки борган сари ботқоққа киргандан кириб кетоврардик. Чунки мана етганимдай ноқонуний пул об чиқиш, уни номига ўтказиш…

Бундан ташқари Гулнорани Тошкентда кунба-кун, ҳафтама-ҳафта душманлари кўпайган. Энди бир кунмас-бир кун ўшанга бу жавоб беради. Қонун олдида жавоб беради, чунки қанча бегуноҳ одамларни уйини вайрон қилди. Мани ўша икки йил ишлаган тажрибамни ичида рекет дейдию, шунақа тарзда пул олди.Масалан шунақа пайтлар бўлган кимдир қайсидир тадбиркор уни олдига келиб… Энди хал қанақа деб ўйлайди? Бу президентни қизи, подшони қизи, қўлидан кўп нарса келади, деб, қани бир илтимос нарса сўраб кўрсам балки ёрдам беради, деб ўйлашади.Чунки кўп кишилар уни қанақалигини, ҳақиқаттан қанақа инсонлигини билишмаган.Ўша пайтлари бир тадбиркор кеган Гулнорани олдига-дей… Гулнора кўпинча молияга тегишли нарсаларни манга юклатиб қўярди. Бу мани янаям кўпроқ хавотирга соларди.Ўшанда бу тадбиркор Гулнорага бир таклиф берган.Ўшанда Гулнора ўша таклифни қараб чиққан.Кейин етган “Бўпти ман учрашаман шу бола билан” деган. Учрашган ўша бола билан. У бола батафсил масалани тушунтирган , анақа қиган.Гап нима тўғрисидайди? давлатга тегишли бир қолиб кетган, ҳеч кимни назоратида йўқ бир ширкатти привитация, яъни хухусиялаштириш тўғрисида ёрдам сўраган. Ўшанда Гулнора этган, бўпти деган, манга мана шунча берасан, деган. У бола рози бўган.

Кейин бир ҳафта ўтмасдан мани чақирган Гулнора ва яна битта ёрдамчисини чақирган, “Анаву болаларга этгин, ўша пулни олиб келиб берсин” деган. У болага бориб етгандан кейин, у бола тадбиркор экан, “Қанақасига пулни ҳозир бераман, Гулнорани ўша нарсани охиригача етқазмади”… Гулнорага кейин шундоқ деб тушунтирганда “Йўқ “ деган. “Ман билан учрашдими, қани об келиб қўйиб қўйсин, об кемай кўрсинчи, ман ўша болани йўқ қилиб юбораман” деган.”Тошкентни эсидан чиқариб юборсин, кетсин қаққадир” деган. Биза мана шунақа қилиб бошимизани ушаволиб, “Қанақа қилиб бу одамга тушунтирамиза, биза нима бир мафиямизами, ёки рекетмизами, қанақа қилиб у одамга этамиза, деб”… Шунақа пайтла бўган. У бола ўшани ярмини об кеб берган. Уйини сотган, ўша бир ширкати бор эди, заводи бор эди, заводини ичидаги матереалларини сотган, нималарини сотган, об кеб берган ўшани ярмисини.

-Бу демак, бир воқеами, ёки шунақа воқеалар кўп, тез-тез бўлиб турармиди?

-Бунақа воқеалар тез-тез бўлиб турарди, Жаҳонгир ака. Мана бояги берган саволингизга қанақа қилиб ман кетдим, нимага ман кетдим? Бу нарсалар ўша 2001 йилдан йиғилиб-йиғилиб…Ман ақлимни қандай йиғиб ололмасдим, қандай қилиб қутулиб кетсамки, лекин айни вақтда мани оилам нима бўлиб қомасин, оиламга таъсири ўтмасин, деб ўша нарсани ўйлаганман. Американи ҳукумати манга анча кўп ёрдам берди мани масалам бўйича. Чунки ман Гулнорани ширкатидан кетганимга мана уч-тўрт ой бўлди… Кетганимдан кейин у билан телефонда бўттан, Америкадан гаплашдим. Унга билдирдим кетганимни. Уни ғазаби келди, буни кутгандим ман. Кейин биринчи қилган нарсаси, шуни ҳам билардим ман, биринчи бўлиб оиламга ёпишди.Биринчи бўлиб кўрдики, ман оиламни об кетволдим, хотинимни, болаларимни об кетдим, ота-онамни ҳам, ока-укамни ҳам об кетдим, чунки билардим биринчи бўлиб уларга ёпишади. Уларни кетига ҳам тушди, қидиришни бошлади. Ўшани учун… Американи ҳукумати, яна бир ташкилотлар, жумладан, Human Rights Watch,(Инсон Ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилот-Ж.М.) БМТнинг Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи комиссиарлиги улар манга жуда катта ёрдам беришди, оиламга котта ёрдам беришди. Лекин ҳали ҳам бўлсаки мани Ўзбекистонда қариндошларим қоб кетди. Уйларимизни запечатит қилди, деган гаплар бўлди. Кейин у ёқда қандайдир тергов бошлаган.Ман ҳозир ақлимга ҳам сиғдиролмайман, қандай қилиб тергов бошлаган манга.Нима дейди, балки Фарҳод мани миллионларимни ўғирлади, дейдими, ёки… Ман ҳозир етган гапларим биринчидан ман биламан ўзимга қанақа масъулият оганимни. Чунки бундай қадам қўйишимга, бу ёққа келиб ишларим мана шундоқ бўлиб кетишига кўп ўйладим. Кўп ўйлаб, ҳар тарафлама, нима деса бўлади, весит қилдим тарозига солиб… Оиламга қандоқ бўлади… Бунақа ҳаёт бўмасди. Этвомман-ку, бир кунмас-бир кун ботқоққа кириб-кириб кетвотган бир нарса… Ўшани учун қанча ҳам қийин бўмасин…

Мана ота-онамни ёшлари котта. Қанча конкрет бизга қийин бўмаси, адамга-онамга қийин бўмасин, худога шукур ота-онам мани тушунишди… Ҳақиқат бу ҳақиқат Жаҳонгир ака, эрта-индин номингиз нима бўлиб… Бу бизни оиламизга, бизани номимизга ҳеч тўғри келмайди, ўшани учун мани битта хавотирга соладиган нарса ўша Ўзбекистонда , ватанда қолиб кетган яқин қариндош-уруғларимиз, ҳамда мани ҳамкасбларим, ўртоқларим… Баъзилари ҳали ҳам Гулнорани қўлида.Чунки уларни имконияти йўқ.

-Энди ҳар ҳолда Гулнорани мана Америкада суд бўлгандан кейин қидирув эълон қилинди болалари масаласида. Ҳар ҳолда келажаги бир мавҳум бўлиб қолаяпти. Эртага, масалан, бу ҳаёт бу, масалан, президент Каримов муддати битиб кетди президентликдан. Ўзбекистонда ишлаши мумкинми, яна шу фаолиятини давом эттириши мумкинми?

-Агар мани фикримни сўрасангиз, шахсан мани фикрим-мутлақо йўқ. Чунки, русчада бир сўз бор «Много дров наламала» дейилади. Бу дегани қилмиши ҳаддан ташқари ўтиб кетди. Ҳаттоки уни нафақат уни ёқтирмайдиган кўчадаги ёки ташқаридаги одамлар, ҳаттоки ўзини атрофидаги, майли ман уларни отини айтмайман, ҳатто ўзини атрофидаги хавфсизлик идоралари дейсизми, уларни ҳам бир жойига келиб қолган бу нарса. Буни…

-Нима қилиши мумкин у ҳолда?

-Тушунмадим саволингизга?!

-У ҳолда нима қилади? Қаерга бир жойга кетадими ёки пулларни бир жойга тўплаяптими? Ё қочиб кетадими? Нима бўлади?

-Манчи Жаҳонгир ака, шу нарсани кўп ўйлаб ҳеч бир ақлимга сиғмайди-да, чунки мани назаримда қочиб борадиган жойи йўқ. Мана Масквани ҳозир тилга олдим, Масквада анақа ўзига жой қивотти, ўзига ном қивотти, деймиза, Масквани ўзида барибир билишади уни кимлигини, пуллани нима қилиб кевотганини. Ман ўйламайман Масквада тинч ҳаёт кечради, деб.Ўшанисига ман ҳалигача шу саволга жавоб беролмайман.Қандай ўйлайди, ўзини кейинги ҳаётини қандай тасаввур қилади?.. Чунки бу нарсани нерационалний,бирор бир логикасини ўйламайди.Шу кун билан яшаб ўтиб кетаман, деб ўйлайди. Чунки Ўзбекистонда ман сизга айтганимдек жуда кўп одамлар норози. Жуда кўп одамларни қақшатган. Уйини об қўйган. Кимларнидир кўпларни қамоққа оган, пулини тортиб оган. Ширкатларни тортиб оган. давлатни ўзини қанча пулини ўғирлаган. Биринчи бўлиб довлат уни, балки Ўзбекистонда тузум ўзгаргандан кейин давлат ундан сўрайди. Келажакдаги келадиган ҳукумат уни сўроқ қилади.Чунки миллион-миллионлаб ўғирлаб об чиқиб кетилган мамлакатдан.Мамлакат қашшоқ, очлик…Аёлла бозорда мардикорлик, фоҳишалик қивотган бир пайтда, энди ман русча мактабда ўқиганман, яна бир русча сўз айтаман, «Пир во времени чума» дейди. Яъни бу деган гап «Вабо пайтида тўй ўтказиш”. Ўша ресторанла, клубла очган.Буни кўпла билади…

-Отаси билан муносабатлари, хабарингиз борми, қандай эди?

-Отаси билан муносабатлари… Энди баъзи бир суҳбатларда Гулнора тез-тез айтиб турарди отаси билан ўртасидаги муносабатларни. Мани билишимча отаси қизидан жуда ҳам фахрланади.Жудаям ақлли деб ўйлайди. Энди бу Гулнорани гаплари қанчалик рост ё ёлғон. Жуда ҳам ўзига юқори баҳо берган. Отаси қизига жуда ҳам юқори баҳо берган. Чунки ҳар тарафлама ривожланган деб ўйлайди. Мана тижоратни ҳам оборади, деб ўйлайди. Сиёсатни ҳам яхши тушунади, бу ёқда ашула ҳам етади, шеърлар ҳам ёзади. Ўша рус газетасида ўқигансиз-у.Бу отасини нимаси…

-Ашулани қаерда айтади?

-Ашулани, Ўзбекистонда, Тошкентда «Пантера» деган бир студия очган. дархонда, Тошкентнинг марказида бир бинони нимасини олишган, нима деса бўлади, кўп империяси ўшатта жойлашган.Радио, журнал, газета, ё газетаси йўқ, студиялари, ресторанлари ўшатта жойлашган.Ўшани учун кўпинча воқтини ҳа, кўнгилли воқтини ўшатта ўтказади.Кечқуқунги воқтини ҳам ўшатта ўтказади. Битта нарсани қўшимча қилиб кетмоқчиман шу нимани якунлаш учун… Гулнорадан кетганим, ватандан кетганим, мана ҳозир рус газеталарда ёзиб, мани номим тилга олингани ҳаммаси Гулнора томонидан , уни хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилган нима… Чунки мани биладиганлар билади Ўзбекистонда ҳам, бўтта ҳам. Гулнорани қандоқ инсонлигини ҳамма билади.Ҳамма билади, ҳатто ўша атрофида ишлаб юрганлар ҳам билади.

Тасаввур қилингки ўзини болаларини, фарзандларини отасига, қолаверса ўзини ўн йил турган турмуш ўртоғига ўлим нима қилган… Боя айтмадим сизга, январ ойида, шу 2003 йилда Гулнорани четда, Шаржида полиция қўлга ушлаган. Шу суд қарори бўйича, болалани олиб қочиб кетгани бўйича. Гулнорани аерапортда ушашган.У воқтда ман олдида эдим. Чунки кўпинча чет елга чқса мани олдида олиб юрарди. Ўшанда ҳеч бир нимамдан чиқиб кетмайди шу таассурот…жуда бир оғир нима бўган. Тасаввур қилингки аерапортда чат ел хавфсизлик хизматлари томонидан Ўзбекистоннинг қизи, Ўзбекистоннинг подшосининг қизи, президентининг қизи қўлга тушди.

Атрофидеги ҳеч анақалари ҳам, телехранителлари ҳам, соқчилари ҳам, яна ўша пайтда аерапортда Ўзбекистоннинг вице консули бор эди, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг бош вакили бор эди ўша мамлакатдаги, ҳеч ким ёрдам беролмади. Жуда бир оғир нима пайт эди, йиғлаб ўшанда онасига телефон қиганди. Онаси, Татяна Акбаровна билан гаплашиб… Унда якшанба кечаси эди.

Якшанба кечаси хавфсизлик хизмати ходимлари Гулнора билан юрадиган, улар табиийки ўзларини идорасига телефон қилишни бошлашди.Қийин аҳволда қоганда, ўшанда шунақа гапларни айтди…Жаҳонгир ака, мана ман нимага апрелда кейин қочиб келдим? Нима учун ман апрелда, шу йил қочишга қарор қилдим Гулнорадан?..

Ўша воқеа мани анақамга котта нуқта қўйди. Ўзимга ўзим айтдим, йўғ дедим, нима бўмаса ҳам кетаман, дедим. Ўшанда онасига телефон қилганда, кейин хавфсизлик хизматини бошлиғига тошкентга телефон қиганда, етган… Рус тилида энди йиғлаб гапирганда, сўкиб, нима қилиб гапирганда этган…

Бўлди, қачонгача анақа қиласанла, қачон манга…ваъда берувдинла бу одамни йўқ қилиб юборишга…ъ Яъни Мансур Мақсудийни…Билмайман, Олмаотадан юборасанлами, Москвадан юборасанлами, лекин учиб кесин, манасу икки кунда учиб кесин, бўлмаса булар кетиб қолишади. Йўқ қиворларинг, манга ваъда бергансанларуъ, дея дўқ-пўписа қиган. Биза эшитиб бу нарсаларни, қанақаси… Кинода ҳам эшитмайсиз бу нарсаларни-дей. Жудаям анақа…

Ҳозир ман тўғри сўзла ишлатиб бу нарсани тасвирлаб бера олмаяпман.Лекин ҳаммамиза ўшанда манашундоқ жим боп қоганмиза. Ўшандан кейин… Кейин барибир қутилиб чиқиб кетган. Аерапортдан кетган. Аниқ этолмайман қайси йўллар билан кетганини.Лекин ўша мамлакат нималари уни чиқариб юборишган, самалётга ўтириб кетган.Лекин самалёт бир уч соатга тўхтатилган эди, ҳамма одамлар тўпланиб нима қилиб ўтиришган. «Фарҳод, деган, қара деган икки-уч кунлада одам келади, санга телефон қилишади.Ёрдам бергин булага» деган. Яъни, одамла, ўша ижрочила келади, деб айтган манга. Шу воқеадан кейин бу бир қаттиқ нима бўлган манга… Ман ундан кейин у билан бошқа қолиш истагим бўлмаган.

-Раҳмат суҳбатингиз учун!

24.ОТАСИНИНГ ҚИЗИ

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг Нью Жерсей штати Олий судидаги можароси яна бир ҳақиқатни исботлади. Бу эса Ўзбекистонда қонунлар халққа бошқа ва президент оиласига бошқа эканлигидир. Қолаверса, бу Конституцияда “Президент қонунлар кафолати” деган гапнинг Ўзбекистонда пуч эканлигини ҳам исбот этди.

Маълумки, суд Гулнора Каримовага болалари Ислом ва Иймонни Америкада истиқомат қиладиган отаси Мансур Мақсудий билан телефон орқали гаплашишларига шароит яратишни буюрганди.

9 ёшли Ислом телефонда отасига “Сен билан гаплашмайман” дегандан кейин суд болага ташқи таъсир бўлган, дея видеога ёзиб олиш шарти билан қайтадан суҳбат уюштиришни буюрди. Аммо Гулнора Каримова бу талабни ҳам инкор этди. Суд “Агар бу талаб бажарилмаса, Гулнора Каримовани қамоққа олиш ҳақида қарор чиқаришини” айтди.

Шу орада боланинг илгари руҳий касалликлар докторига кўрсатилгани ва унинг руҳий жиҳатдан даволангани ҳам кун тартибига келди.

Суднинг талаблари қандай бажарилаётгани, жумладан Каримовани қамоққа олиш борасидаги огоҳи муносабати билан очилган навбатдаги маҳкама мажлисида Гулнора Каримованинг адвокати унинг номидан баёнот қилиб, “малика”нинг дипломатик дахлсизлиги мавжудлигини илгари сурди.

Ўзбекистон ҳукумати 1997 йилда унга дипломатик дахлсизлик ҳаққини берган экан. Ҳар ҳолда буни сиртдан Олий Мажлисдан ҳам ўтказиб қўйишган бўлишса ажабланадиган жойи йўқ. Чунки Ўзбекистонда бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Шу боис суд бу дахлсизлк нимадан иборат эканлигини ўрганиш учун маҳкамани яна кечиктирди.

Гулнора Каримова Америкага турмушга чиққанда бу ерда доимий яшаш статусини олиши билан Қўшма Штатлар қонунларига бўйсуниш мажбуриятини ҳам қабул қилган. “Гринкард” олганда эса қонунларга бўйсунаман, деб қўлини кўтариб қасам ичган.

АҚШда президентнинг болалари қонунни бузган тақдирда, айниқса, фуқаролик қонунлари билан иш очилганда судга бормасин, ёки суд қарори унга нисбатан қўлланилмайди, деган қоида йўқ.

Ҳатто бевосита дахлсизлиги бўлган президент ва конгрессменлар устидан иш очилганда ҳам бу маълум даврга кечиктирилади ва дахлсизлк муддати тугаши билан иш қайта очилади. Яъни қонундан қочиш йўқ. Бу барча демократик давлатларда, қонунлар ҳурмат қилинадиган жойларда ҳам шундай.

Ҳато Жанубий Кореяда президентнинг ўғли устидан иш очилганда отаси халқдан узр сўради ва боласи бошқалар каби қонун олдида тенг эканлигини айтди.

Шундай экан, Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги нимадан иборатлиги табиийки нафақат судни, балки жамоатчиликни ҳам қизиқтирарди. Чунки, Ўзбекистонда депутатлик дахлсизлиги бўла туриб Шовруқ Рўзимуродов, Иномжон Турсунов, Самандар Қўқонов ва бошқалар қамоққа олингани, бугунга қадар бу анъана давом этаётгани мисоллари кўп. Буни қонунлар шундай, олдин қамоққа олиб, кейин дахлсизлик бекор қилинади, деб изоҳлаб келишади.

Энди, агар президентнинг қизи дахлсизлик орқасига бекинадиган бўлса, ўртада зиддият келиб чиқмайди-ми? Табиийки келиб чиқади. Америкада қасамга хиёнат этса, Ўзбекистонда қонунларни беписанд қилса ва отаси қонунлар посбони бўлса, демак, хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг.

1991 йилда Ислом Каримов Ўзбекистонни шахсий мулкига айлантириб олди, дея танқид қилганимда, танбеҳ берганлар кўп бўлганди. Ҳаёт кўп нарсани исботлайди, жумладан, гапим тўғри бўлиб чиққанини ўтган йиллардаги ва бугунги воқеликнинг ўзи исботлаб турибди…

Нью Жерсей штати Олий суди президентнинг қизи Гулноранинг дипломатик дахлсизлиги борлигини рўкач қилганини ўрганиб чиқиб, важни рад этди ва 9 ёшли Ислом ҳамда 4 ёшли Иймонга отаси Мансур Мақсудий эгалик қилиши ҳақида қарор қилди. Яъни Гулнора Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум этди. Бу эса АҚШнинг барча ҳуқуқ тартибот органлари суднинг қарори бажарилиши учун биринчи галдаги имкониятданоқ фойдаланиб болаларни отасига қайтаришлари кераклигини англатсада, болалар ҳали ҳам “дипломат” Гулнорада.

Олий суд мазкур масаланинг молиявий жиҳатларини ҳам кўриб чиқди. Ислом Каримовнинг собиқ куёви Мансур Мақсудий ҳуқуқий харажатлар учун олдиндан 80 минг доллар тўлаган ва бунинг бир қисмини Гулнора Каримова кўтариши кераклиги масаласида судга мурожаат қилган. Суд Гулнора Каримова ҳуқуқий харажатлар, халқаро экспертларга тўланган маблағ, қайдият масрафлари ҳамда бошқа харажатлар учун дарҳол 50 минг доллардан зиёд пул тўлаши кераклигини қарорга боғлади.

Мақсудийнинг адвокати, Гулнора Каримованинг бу пулни дарҳол тўламаслиги унинг мол-мулки юзасидан ҳукм чиқаришга йўл очишини, Гулноранинг дунёнинг жуда кўп жойларида, жумладан Швецария ва Кайман оролларида ҳисоблари, мол-мулки мавжудлигини айтди.

Шунингдек, Гулнора Каримова ўз адвокатига қўшимча равишда 200 минг доллар тўлаши кераклиги ҳам очилиб қолди.

Ажаралиш можароси давомида болаларнинг саломатлиги диққат марказида турди. Гулнора Каримова болаларни отаси билан гаплаштирмагани ҳақида судга ёзган изоҳотида ўғли Ислом руҳий жиҳатдан соғлом эмаслиги ва уни руҳий касалликлар шифокорига кўрсатиб туриш кераклигини қайд этган.

Бола илгари отаси билан гаплашгандан кейин яна ҳам оғир вазиятга тушгани айтилди. Шунингдек, Гулнора Каримова қизи Иймон инглиз тилида гаплашишни унутгани ва Мансур ўзбек тилини билмагани боис у билан мулоқот қилиш имконига эга эмаслигини айтган. Бу баҳоналар судда отанинг фойдасига қарор чиқишига сабаб бўлган омиллардан бири эди.

Хуллас, Ўзбекистон ва Америка орасидаги ажралиш можароси Гулнора Каримованинг кетма-кет мағлубиятлари ва президент оиласининг сирлари очилиши билан билан давом этди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ҳисоб рақамлари борлиги ошкор бўлди, дедик. Хўш, бу ҳисобларда қанча маблағ бор ва бу пуллар қаердан топилдию нега чет элларга чиқиб кетди? Бунинг устига ўзбек подшосининг қизи бўлган “маликаи турондот”нинг чет элларда катта мол-мулки ҳам борлиги айтилмоқда. Америка маҳкамасида айтилган бу гапларга наҳотки Ўзбекистонда муносабат билдирадиган киши йўқ?

Ўзбекнинг бойлиги, ўзбекнинг пули шу қадар ҳам эгасиз-ми? Ўзини мухолифат деб юрганлар нега бу масаладан кўз юмиб келмоқдалар? Нега бугун буни тинимсиз фош қилиш ҳақида ўйламаяптилар? Агар бирор-бир ғарб давлатида шундай воқеа ўртага чиқса, бу мухолифат учун энг катта қурол бўлишини бизникилар билмайдилар-ми? Нега мухолифат махсус баёнотлар билан чиқмади ва нега ўзини мард ҳисоблаган депутатлар парламентга сўров киритмадилар?

Саволлар ва саволлар…

Дунё матбуотида энг кўп ёзиладиган ва энг кўп ўқиладиган мавзулардан бири мамлакат раҳбарларининг оилалари, яқинлари билан боғлиқ хабар ҳамда мақолалардир. Маълумки, бу мавзу Ўзбекистонда ёпиқ. Агар Ўзбекистонда матбуот эркин бўлганда  энг кўп ёзилган ва ва энг кўп ўқилган хабар, мақолалардан бири президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ бўлган бўлур эди.

Аслида демократик жамиятларда бу нарсадан қўрқилмайди ва бунинг сиёсий фаолиятга у қадар таъсири ҳам йўқ. Сиёсатчининг оиласи ва ўзига айри-айри қараш шаклланган. Масалан, 2002 йил сайлов арафасида президент Бушнинг укаси Флорида штатининг губернатори Жеб Бушнинг қизи наркотик истеъмол қилгани ва уни даволанишга юборишганда бош тортгани учун суд ҳузурига олиб чиқилгани нафақат Америкада, балки Ғарб ўлкаларида жуда кўп ёзилди. Аммо сайловда Бушнинг партияси ғолиб чиққани баробарида укаси ҳам Флорида губернаторлигига қайта сайланди. Яъни қизи билан боғлиқ масаланинг сайловга таъсири бўлган эмас.

Аммо одамлар қизиққани учун бу мавзу изчил ёритиб борилди. Агар бу нарса яширилса ва халқ миш-мишлар орқали буни эшитса у ҳолда сайловда жидий тўсиқ туғилиши мумкин.

Демократия ва ошкораликнинг кучи ана шундай ҳолатларда  кўзга ташланади.

Лекин Ўзбекистонда президентнинг қизи Америкалик эридан ажралганда ҳам халқ бундан бехабар бўлади ёки хорижий матбуотдан, билганлардан эшитади…

Гулнора ва Мансур можароси давом этар экан, суднинг талаби билан телефон сўзлашуви ташкил қилинганда 9 ёшли Ислом узоқ вақт кўрмаган ва меҳрига зор бўлган отасига “Мен сен билан гаплашишни истамайман” деб жавоб берибди. Суд бу ишга психологни таклиф қилди ва видеотасмага ёзиш шарти билан суҳбат уюштиришни буюрди. Агар бу амалга ошмаса суд Гулнора Каримовани қамаш ва кунига 500 доллардан жарима тўлаши ҳақида қарорга келишини маълум қилди.

Америка зеҳниятида 9 ёшли боланинг бундай жавоб қилишини четдан таъсир ёки касаллик белгиси деб қарашади. Хуллас, никоҳни Америкада қилиб, ажралишини Ўзбекистонда ҳукмга боғлатган Гулнора Каримова билан боғлиқ масалада суд унга яна муҳлат таниди.

Қизиқ… Индонезия президенти Мегавати Сукарнопутрининг 50 ёшли укаси Муҳаммад Гурухнинг 23 ёшли Ўзбек раққосаси Сабина Гусейновага уйлангани ҳақида роса ёзилди. Масалан, бутун бойликларини оиласига эмас, миллатига меърос қолдирган президент Сукарнонинг ўзини музика оламига бахшида қилган унча бой бўлмаган ўғли ўзбек хотинидан беш бола истаганмиш. Гурухнинг отаси Сукарнонинг еттита хотини бўлган экан. Муҳаммад Гуруҳнинг эса нояширин 20 га яқин жазмани бор эмиш…

Бу ҳақда бот-бот ёзилди аммо Гулнора масаласида ўзбек матбуотида жимлик…

Қачон Ўзбекистонда Президентинининг ҳам оиласи ҳақида ҳамма гаплар очиқ ёзиладиган бўлса, демак ўшанда бу юртга демократия оралабди, дейиш мумкин. Чунки бу демократиянинг муҳим учқунидир. Унгача эса “ёпиқ қозон”- коммунистик тизимнинг қоидалари ҳукмрон бўлиб қолаверади…

Гулнора Каримованинг суд можароси битган эмаслигини айгандик.

2002 йилнинг 27 Ноябр кунидаги маҳкамада Нью Жерсей Штатининг Олий суди Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги ҳақидаги даъвосини инобатга олмади ва у Америкада бу ернинг барча қонун-қоидаларига риоя қилиш ҳақида қасамёд қилиб, турмиш ўртоғи билан доимий истиқомат қилувчи статусида яшаган, деган қарорга келди.

Суд Ўзбекистоннинг БМТ қошидаги вакилининг Гулнора Каримова дипломатик дахлсизлик ҳуқуқига эга, деган даъвосини (БМТ қошидаги вакилнинг бундай ваколатга эга бўлиб- бўлмагани ҳам бир масала) рад этар экан, агар шундай бўлганда бу АҚШ давлат департаменти томонидан расман тасдиқланиши керак эди, деди.

Нима бўлганда ҳам 1991 йилда АҚШ фуқароси Мансур Мақсудийга турмушга чиққан ва орадан ўн йил ўтиб ажралиш қарорини ўзи никоҳдан ўтган Америкада эмас, балки отасининг вазифасидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда Тошкентда расмийлаштирган Гулнора Каримова Нью Жерсей олий судининг қарори билан оналик ҳуқуқдан маҳрум қилингани президент оиласининг парвойига ҳам келмади.

Бу Ўзбекистонда қонунни четлаш, қонундан қочиш, қонунни беписанд қилиш нафақат Ислом Каримовнинг балки оиласининг ҳам асосий “фазилати”га айланганига яна бир далилдир.

25. ШОВРУҚ РЎЗИМУРОДОВ

1990 йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Олий кенгаши тўққизинчи чақириқ биринчи сессиясида Президентлик лавозими ҳақидаги қарорни қабул қилиш ва Каримовни сайлаш бошланганда Шовруқ сўз сўради. Лекин дўппини салла қилиб кўрсатиш даражасида устамон бўлган мажлис раиси Мирзаолим Иброҳимов унга сўз бермади. Шовруқ ўрнидан туриб гапира бошлади. Унга микрофон керак эмас эди. Унинг гуриллаган товушини мажлислар залининг ҳар жойидан ҳам эшитса бўларди. Шовруқ: “Мен бу одамни Қашқдарёдан биламан. Бу одам президентликка лойиқ эмас. Агар президент бўлса, ҳаммангиз пушаймон бўлиб қоласиз ҳали…” деди.

Шовруқ қўли билан минбарга ишора қилиб гапирар экан, Каримов қизариб кетди. Микрофоннни жаҳл билан олдига тортди. Лекин нимадир эсига тушган кишидек яна микрофонни раиснинг олдига сурдида “ Бас қилинг майнавозчиликни” деди.  Музокаралар тўхтатилиб, “бир овоздан” президентлик лавозими ташкил қилинди ва “бир овоздан” Каримов сайлаб юборилди.

Иосиф Сталин тарихни ўзи ёздиргани каби қолдиришни истаб гувоҳларни йўқотишга киришганини бугун гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Лекин тарихнинг у бекитган саҳифалари бугунга келиб очилди. Сталин даврида ўлдирилганлар ҳақидаги малумотларга қарасангиз, бирига “Қамоқда ўзини осди”, бошқасига “Миясига қон қуйилди”, кейингисига “Оғир хасталикдан ўлди” деган хулосалар қўйилган. Лекин уларни ўлдиришганди…

Каримов ўзини кечирмаслигини Шовруқ яхши биларди. Зотан депутатлар орасида калтак биринчи бўлиб унинг бошида синди. Каримов 1990 йилнинг 24 март куни президент бўлган бўлса, орадан бир ой ҳам ўтмай Шовруқни тўртми, бешми боласи бўлган бир аёлга уй олиб берганликда айблади. Яъни депутат бунақа ишларга аралашмаслиги керак экан.

Олий кенгаш ҳайъати уни қамашга сиртдан изн бериб юборганини эшитиб, қўмита раисларига норозилик билдирдик ва масалани сессияга олиб чиқажагимизни айтдик. Каримов Мажлис раисига “Уни олиб келиб президумда муҳокама қилиб, депутаталикдан чиқаринглар, қолганларга дарс бўлсин” деб айтибди. Раисга “Бу гапимни ҳам айт” деган бўлса керакки у “Оқсоқол шундай дедилар” деб қўрқмасдан айтганди бу гапни.

Биз қўмита раислари билан бу қақшатқич зулмнинг илк одими, уни тўхтатиш қўлларингизда, деб Шовруқни сақлаб қолиш масаласида  кўп гаплашдик. Улар ўзлари бир нарса қила олмасликларини, лекин бизларни ҳайъат мажлисига киритиш учун овоз беражакаларини айтишди. Қўмита раисларидан, шоир Эркин Воҳидов эса “Бизга олдиндан қўл қўйдириб олишган, муҳокама қилиш расмиятчилк, холос, барибир бир нарсага эриша олмайсизлар”, деб ҳайъат мажлисига кирувчиларнинг шаҳдини синдирди. Бу масалани тортишиб турганимизда миршаблар Шовруқни олиб келишди.

У халқ томонидан сайланган парламентига миршаблар қуршовида, қўлида кишан билан келаётган эди. Кийимлари ғижим. Соқоли ўсиб кетган. Кўзлари чўкканди. Биз унга пешвоз чиқдик.

-Буларнинг кучи етмади. Олиб келган янги кийимларини ҳам киймадим. Соқолимни олиш ҳақидаги буйруқларини ҳам бажармадим,- деди у.

Уни мажлисга олиб киришди. Миршабларга топшириқ бериб, ҳозир президент келажагини ва ичкарига ҳеч ким олинмаслигини айтишди. У пайтда ҳали миршабларнинг кўзида бир оз бўлсада қўрқув бор эди. Бизнинг йўлимизни тўса олмадилар. Ичкарига кирдик. Раис дарҳол мажлисни тўхтатиб, “Мен пастга, президентни кутиб олишга бораяпман” деб чиқиб кетди. У ҳам, Президент ҳам келишмади. Шовруқни эса олиб кетишди.

Биз масалани сессияда кўтардик. Каминанинг Шовруқ ҳақида айтган гапларимни ўшанда кўпчилик эшитган. Сессия мажлисини телевидение орқали намойиш қилишга эришгандик. Бугун Шовруқни қамашган бўлишса, эртага навбат бошқаларгаа келишини, бугун калтак, эртага қамоқ ва индин ўлдиришгача бориб етишини, буни бугун тўхтатмасак, эртага кеч бўлишини айтгандим. Қулоқ солган ким? Минг афсуски тўхтата олмадик ва кеч бўлди.

Бугун Шовруқни… Шовруқларни йўқотиб турибмиз…

Кейинчалик Шовруқнинг ўлими юзасидан турли манбалар оқали суриштирув ўтказдим.

Унга кўра Ўзбекистон Исломий ҳаракатини қўллаганлардан бири Иброҳимбек “қўрбоши”нинг невараси, хорижда яшаётган Ҳожи Жамшид Тилав ўғли Азимий қашдараёлик бўлиб, ҳаракат унинг истаги билан шу зоналарга ҳужум қилиши мумкин, деган хабар олинган. Бунинг устига Қашқадарёда “Ҳизби Таҳрир”нинг фаолияти ҳам кучайган.

Каримов ўз маслаҳатчиларидан бирига топшириқ бериб, Қашқадарёда жиддий тадбирлар олишни буюрган. Ички Ишлар вазири Зокир Алматов дарҳол Қашқадарёга юборилган. Қайтиб келгач, маслаҳатчи билан бирга вазият ҳақида ҳисобот тайёрлашган.

Каримов Шовруқни йўқотишни ҳам имо қилгани учун ҳисоботда асосан у ҳақда сўз юритишган:

-Шовруқ Сурхондарёдаги кўчманлар билан алоқага кирган. У ердаги гапларни бутун дунёга овоза қилди…

-Шовриқ норасмий митинглар ташкиллаштирган…

-Шовруқ “Ҳизби Таҳрирнинг варақаларини компютерда ёзиб, кўпайтириб бермоқда…

-Шовруқ Москвадаги “Мемориал”га аъзо бўлган ва бу ташкилотнинг раҳбарларидан бири Виталий Понамарев Ўзбекистонни ёмонлаб гапираётган ҳамма гапларни у етказиб турибди. Понамарев Ўзбекистонга келганда ҳам у олиб юрган. Олмониянинг “Фокус” журнали мухбирларини ҳам Сурхондарёдаги лагерга у олиб кирган ва ҳоказо.

Ҳисоботни ўқиган Каримов дарҳол Шовруқни ушлаб келишни ва у билан ўзи ҳисоб-китоб қилишини айтган. Зокир Алматов бу ишни асли қашқадарёлик булган полковник Маҳмуд Бекмуродовга топширган.

Шовруқни 2001 йилнинг 15 июн куни кўчада ушлаб, Тошкентга олиб келишар экан, маҳаллий миршабларга “ҳужжатларни” туғрилаб қўйиш буюрилган. Миршаблар унинг Яккабоғ туманининг Олақарға қишлоғидаги уйини босишган.

Манбанинг айтишича “хумордан чиқиш” ва таниганларини дўппослаб келиш учун Ислом Каримов Ички Ишлар вазирлигининг ертўласига бориб туришини президент девонидагилар яхши билишар экан.

Агар 1991 йилнинг кузида Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошевни тепгани, ўшанда Савдо вазири бўлган Мираброр Усмоновни ургани ва Бош вазир ўринбосари Бахтиёр Ҳамидовни дўппослаганини кўрмаганимда бу гапларга ишонмаган бўлардим.

1993 йил 17 апрел куни каминани ушлаб Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерел Тўхтаевнинг хонасига олиб келишганда аввал президент маслаҳатчиси Темур Алимов унга телефон қилиб, эрталабгача йўқотиш ҳақида буйруқ берилганини айтгани, генерал вақт сўрагандан кейин президентнинг ўзи телефон қилиб бақирганига гувоҳ бўлмаганимда ҳам шубҳага боришим мумкин эди.

Бунинг устига уларнинг “Шовруқ ўзини осиб қўйди” деган баҳоналари ҳам қинғр ишнинг қийиғини кўрсатиб турибди. Шовруқ ўзини осадиган даражада заиф эмас эди. У ҳам жисмонан, ҳамда маънан жуда кучли инсон эди. Унинг акаси Шавкат Рўзимуродовнинг׃ “Укаминг вужудида задаланмаган соғ жойи қолмаганди” деган гаплари ҳам кўп нарсанинг далолати. Бошидаги жароҳат излари эса унинг зулмга бўйсунмагани белгисидир.

Шовруқ зулмга бўйсунмас ва қўрқмас эди. У ҳеч кимдан, айниқса Каримовдан қўрқмади. Қўрқоқлар кучлари етмаганда ё туҳматга бошлайдилар ёки жирканч қиёфага кириб номардлик қиладилар.

Ана шундай номардлик боис 2001 йилнинг 6 июл куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятиянинг Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, собиқ Ўзбекистон Халқ депутати, “Бирлик фаоли” Шовруқ Рўзимуродов ўлдирилди.

Ўзбекистон тарихидаги бу қора доғ аслида Каримов тарихидаги қора доғлардан биридир.

26.САМАНДАР

Ислом Каримов жуда ҳам қўрққан одамлардан бири Самандар Қўқоновдир.

Самандар Қўқонов асли форишлик. Отаси Совет даврида тадбиркор бўлган. Битта қўйини иккита қилган ва охирида юзтага етказган ҳамда “Бизнинг давримизда бойлар бўлмаслиги керак” деган режимнинг қувғинига учраган оддий чўпон бўлган.

-Тошкентдан бориб “Қўйларингиз қани?” дейишса чорвасини Қозоғистонга ҳайдаб қўйган бўлар, агар Қозоқлардан текширувчи келса, қўтонни Фориш томонда қурар, хуллас ўз молига ўзи хўжайинлик қила олмас экан,-деб ҳикоя қилганди у отаси ҳақида.

Аммо отасининг қўйлари акасига қолган. Унга ўтгани эса тадбиркорлик, ишбилармонлик. У Форишда бир ҳисобчига ёрдамчи бўлганида:

-Чўтни бунчалик секин ишлатмайдилар!-деб кетиб қолганни айтганди.

У ўшанда чўтдаги тошларни битталаб санаб ўтирган одам ҳисобчи эмас, балки чўтнинг тошларини санашни бармоқларига юклаган ва қарамасдан “чўт урадиган” одам ҳисобчи бўлиши кераклигини орзу қилган.

Тадбиркорлик ва ишбилармонлик қонда бўлади, деганлари рост. У кўп ўтмай шаҳарга кетади ва Горбачевнинг қайта қуриш йилларида замоним келди деб ўйлайди. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган нефтни қайта ишлаш корхонасига бошлиқ бўлгандан кейин эса дарҳол кўзга ташланади.

У биринчи бўлиб Коммунистик партиянинг корхонадиги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборди. Бу бутун Иттифоқ бўйича шов-шувга айланди. Москвадан Ички ишлар вазирлигининг ва КГБнинг ҳарбийлашган кучлари Чинозга юборилди ва унинг идорасини ўраб олдилар. Ревизорлар ишга киришиб кетдилар. Ташқаридан келганлар киритилмас, ичкаридагилар чиқарилмас шароит эканини ўша кезда бу ерга кириб олган “Свобода” радиоснинг мухбири бериб турган хабарлардан эшитганмиз.

Олти ой қамал ҳолида текширув ўтказилган ва жиддий бир нарса топа олишмаганди. Кейин сайловлар бошлангач, туманда йўлларни қуриб бергани, ободонлаштириш, газлаштириш ишларига бош-қош бўлгани боис уни халқ депутатлигига номзод қилиб кўрсатишган.

Ўзбекистон Компартияси бошида турган Ислом Каримов дарҳол уни ёмонотлиқ қилиш керак, деб кўрсатма бергач, Тошкент вилоят газеталарида у ҳақда фелеътон чоп этилади. Қўйилган айб у коммунистик партия бошланғич ташкилотини тарқатиб юборгани!

Каримов режими ҳар қанча қаршилик қилмасин у депутатликка сайланади.

Биринчи сессия танаффусида новчадан келган, товуши ўткир бир киши яқинлашиб:

-Жаҳонгирсиз-а, мен Самандарман,-деди.

Гапнинг очиғи унинг идорасини олти ой текшириб бир нарса топа олишмаганига унча ишонмагандим. Чунки бундай идоралар қабоҳат ботқоғига ботган ва у ерда ишлаган ҳамма одам ўғирлик қилар эди. Бензин бор жойда ўғирлик йўқ десангиз сизни анқов деб ўйлашарди. Шу боис бу одамга унча ишонқирамай қарадим ва бир куни:

-Тақсир бошқа бир идорага раҳбар бўлганингизда гапингизга ишонардим, лекин ўғрихонада ишлайсиз-ку?!-дедим.

Унинг жаҳли чиқди. Аммо билдирмай, жилмайди.

-Бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон экан-да! Ўғри бўлганимда катта ўғрилар билан ўчакишиб қолмаган, уларнинг партиясига қарши чиқмаган бўлардим. Юринг бир кун шу ўғрихонага олиб борай, йўлда боргунча ва қайтиб келгунча кўп гапларни айтиб бераман, ҳам одамлар билан ўзингиз гаплашасиз,-деди.

Мен учун қизиқ эди. Бунинг устига Бош прокурор Бўритош Мустафоев унинг устидан иш қўзғатиш учун Олий мажлисга талабнома киритган ва Каримов биздан ана шу масалани қўллашни сўраганди.

Ҳақиқатдан ҳам бир кунда кўп нарсани ўргандим. Унинг идорасида одамларга яратилган қулайликлар бошқа бирор жойда йўқ эди. Сауналардан тортиб, бепул сартарош хизматига қадар…

Сартарошчи билан гаплашиб қолдим. Нуроний бир киши. Тошкентда яшар ва ҳар куни шунча узоқ йўлга қатнар экан.

-Рашидовнинг сартароши эдим. Каримовни ҳам яхши танийман,-деди у.- Ҳамма катталар менда соч олдирар эдилар. Рашидов гўридан чиқарилган пайтда мени ҳам терговга тортишди ва ишсиз, кўчада қолдим. “Сенга нима гап айтганди” деб кўп қийнашди. Бир куни бир мулла йигит мени Самандар укамизнинг ёнига бошлаб келди. У менга яхшигина маош тайинлади ва истаган кунларим келиб, одамларга бепул хизмат қилишга буюрди. Идорамизни ўраб олган кунлари Каримов мени бу ердан олиб, ўз идорасига қайтармоқчи бўлди, аммо бормадим…

Кейин Каримовнинг “ўнг қўли” бўлган Зелемхон Ҳайдаровга бу гапни эслатганимда:

-Агар шу одамни жавоб берганда иши ёпилиб кетган бўларди. Ислом акамнинг жуда жаҳллари чиқди ва “Қўқоновни қамоқда чиритаман”, деб айтдилар. Ҳали ҳам бир гаплашинг, шу одамга жавоб берсин,-деди.

Самандар акага бу гапни айтдим. Аввал ранжиди. Чунки хабари йўқ экан. Сартарош уйига телефон қилган одамлар ҳақида ва таклиф борасида унга ҳеч нарса демасдан рад жавоби қилган экан.

Кейин бирдан Самандар аканинг юзи ёришди ва:

-Оддий одам бўлса ҳам жуда мард экан,-деди сартарош ҳақида.

Унинг ишхонасида асосан ёшлар ишлар ва кўпчилиги мачитга қатнар, намозхон йигитлар экан.

-Бир куни шуни ҳам сизга айб қилишлари мумкин, у диндорлар ташкилоти қуриб олган дейишлари мумкин,-дедим унга.

-Сиз айтган каби бизнинг идоранинг номи ўғрихона бўлиб танилган, бу ерда ишлаган ҳамма ўғрилик қилади, деб ўйлашади. Шундай ҳам бўлган. Аммо мен болаларга бирортанг ҳам халқ мулкига кўз тикмайсан, деганман, бунинг устига улар намозхон бўлишгани учун Худодан қўрқишади ва юлғичлик қилишмайди. Аммо улардан радикал диндорлар чиқмайди,-деди,- улар ақли-ҳуши жойида, паст баландни тушунадиган йигитлар.

-Агар юлғичлик бўлмаса одамларга бу қадар кўп маошни қаердан бераяпсиз? Бунча шароитлар қаердан?-деб сўрадим.

-Балки ҳали ҳам кимлардир юлғичлик қилар? Лекин на биз ва на ҳукумат ҳали ушлаган эмас. Шароитга келсак, ҳали, бу ҳеч нарса эмас, мен Вазирлар маҳкамасига хат ёзиб жамоа учун ер ажратилишини сўраганман ва бу ерда ишлаганларнинг ҳаммасига биттадан данғиллама уй қурдираман,-деди у.

-Ўзингизга ҳамми?

-Мен ҳам жамоа билан бирга яшайман. Қолаверса нега қурмаслигим керак?

-Лекин бу қадар пул осмондан тушадими?

-Агар йўлини билсангиз осмондан тушади. Мен бугунга қадар халқимнинг бир тийинига хиёнат қилганим йўқ. Россия билан бошқа давлатлар орасида нефт маҳсулотлари олди-сотдисида воситачилик қиламиз. Россияга харидорлар топиб бераман, харидорга эса арзон маҳсулот ва келишувнинг 10 фойизи бизнинг идорага келиб тушади, бу эса жуда катта пул.

-Ҳукуматдагилар биладиларми буни?

-Бизнинг ҳукуматдагилар ҳеч нарсани билмайдилар ва билишни ҳам истамайдилар. Бир куни Бош вазирнинг ўринбосари телефон қилиб, Чинозда, катта йўл устидаги “бензоколонка”да  унинг йигитларига яхши бензин беришмаганини айтиб, шикоят қилди. Мен унга бизнинг “бензоколлонкамиз” йўқ, у бошқа идорага қарайди десам ҳам ишонмади. Булар ҳатто ўзлари раҳбар бўлган соҳаларнинг тузилишини ҳам билмайдилар,-деди.

Ўша кунлари ҳукумат бензин нархларини ошириб юборди.  Самандар Қўқонов сессияда микрофон ёнига бормас эди, ўрнидан туриб гапирарди ва овози ўткир бўлгани боис ҳайъатдагилар бемалол уни эшитардилар. Ўшанда у:

-Ислом, ака, бензинни бунча қиммат қилишнинг нима кераги бор? Менга имкон беринг, бир ҳафтада ҳаммаёқни бензинга тўлдираман, ҳукумат ҳам фойда қилади, халқ ҳам,-деди.

Каримов эса жилмайиб:

-Мустафоевдан сўраймиз,-дея киноя қилди ва бундан жаҳли чиққан Самандар Қўқонов қўл силтаб, ташқарига чиқиб кетди…

Бир куни унинг идорасидаги касаба иттифоқи раиси телефон қилди:

-Биз Эрк партиясининг бўлимини ташкил қилаяпмиз, келишингиз мумкинми?-деди.

Муҳаммад Солиҳ билан бирга бордик. Самандар Қўқонов йиғилишда қатнашмади. Кейин у бунинг сабабини:

-Яна мен қатнашганим учунгина одамлар режимга қарши бўлган гапларга қўшилишди, дейишлари мумкин деди у.

Унинг идорасидан 500 киши Эрк партиясига аъзо бўлишини Ислом Каримов ўзига қарши яна бир ҳужум деб қабул қилди.

Олдин ҳам Каримов уни ўзига қарши чиқаётган исёнчи деб билар эди.

-Агар у “йўқ” деса бирор киши ҳам ўзича бир иш қилмайди,-деганди Каримов,  7-сессиядан кейин у ҳақда гаплашар эканмиз.

-У тадбиркор ва ишбилармон одам, кўзи тўқ, халқнинг ҳақига хиёнат қилишни ёмон кўради, топганини ишчилари билан баҳам кўради, одамлар ҳақида ғамхўрлик қилади, нега ундан фойдаланмайсиз,-дедим Каримовга.

-Бундай одамлар жамият учун жуда таҳликали,-деди у,-улар етмиш йил заҳмат билан қурилганини бир кунда бузишни истайдилар. Аҳмоқ оломон шундайларга эргашиб кетаверади. Халқнинг “Янгини қурмасдан эскини бузма” деган мақоласига (мақолига демоқчи-ЖМ) қарши булар. Бунақа одамларнинг ўрни қамоқда!

-Лекин эскини бузмасак янгини қаерга қурамиз, қолаверса, агар бузсак қуришга мажбур бўламиз, бузмасак бошпана борку, деб юраверамиз.

-Бу ҳам ўшанинг гапими? Сизга ҳам таъсир қилиб бўлибди-ку?-дея кесатти Каримов.

-Таъсир қилиб-қилмаганини билмайман, лекин бугун ана шундай янги қарашдаги ишбилармонлардан қўрқмаслигимиз керак,-дедим.-Қўлламасангиз ҳам уни ўз ҳолига қўйишингиз керак! Халқ унга ишонмоқда, жамоаси ишонмоқда, биз нега ишонмаслигимиз керак. У қураётган уйни кечаси ёқиб кетишгани ҳақида прокуратура бирор иш қўзғатган эмас, лекин акасининг қўйлари бор, дея унинг устидан иш очилгани кулгили эмасми?

-Нима қилади бўлмаса бензинга хўжайинлик қилиб. Мафиянинг болалари борган экан, 93-бензин керак деб, бермабди, мафия билан ўйнашиб бўладими? Нима у Худо бўлдими? Шундан кейин ёқиб юборишади-да,-деди Каримов ва бирдан жим бўлиб қолди. У айтиши керак бўлмаган гапни айтиб қўйган эди.

-Уйига ўт қўйилганда жиноят содир этилиб, прокуратура иш қўзғатмаган бўлса ва иккинчи ҳолатда жиноят бўлмаган ҳолда унинг устидан иш очилган бўлса, бу масалани сессияга олиб чиқиш керак экан,-дедим тилимни тия олмай.

-Ука, пўписа қилманг, ўшанинг ишини ёпиш керакми, ана Мустафоевга айтинг, ишни тўхтатсин,-деди Каримов суҳбатимизга нуқта қўйиб.

Аммо Бўритош Мустафоевга “Тўхтатма!” деб айтибди. Кейин билсам, Мустафоев Самандар акадан бир миллион доллар сўрабди ва буни Каримовга бериши кераклигини айтибди. Самандар ака Каримовни ҳам, Мустафоевни ҳам ҳақорат қилиб юборганини оқизмай-томизмай етказишгани боис қўзғатилган иш яна давом эттирилган экан.

Биз Мустафоевнинг талабномасини баҳона қилиб, бутун гапни сессияда очишга қарор қилганимизни кимдир Каримовга сотгандан кейин сессия арафасида Мустафоев талабномасини орқага олди ва ишни ёпди.

Аммо орадан икки йил ўтиб, Каримов Олий Мажлисдаги мухолифатни бартараф қилгач, Қўқонов устидан яна иш очган. Бу пайтда Туркияда эдим. Эшитишимча унинг уй-жойлари, бойликлари ҳақида махсус филм қилдиришган ва унинг номини ёмон олтиққа чиқаришган. Илгари фелеътон ёздиришган бўлишса бу сафар филм.

Самандар ака ошқозони касал одам. Доим парҳезда юрарди. Уни Каримов 22 йилга қамаб юборди.

Унинг “жамиятимиз”га ёт бўлган бир одати бор, у ҳам бўлса чўрткесарлиги. Яъни каминага ўхшаб ўхшаб кўнглидагини қўрқмай очиқ айтиб юборарди.

Еттинчи сессия танаффусида депутатлар Каримовни ўраб олишганда у:

-Тақсир сиз ўзбек халқининг ажалисиз,-деганди Каримовга.  Бу жуда оғир гап. Айниқса Каримов кабилар бундай гапни асло кўтара олмайди.

Дарҳақиқат, кин ва гина сақлайдиган Каримов бу гапни ҳалига қадар унута олмагани аниқ. У ҳалигача Самандар Қўқоновдан қўрқади. Халқ унга эргашиб кетишидан, каримовлар қурган эски, нураган бинони бузишидан қўрқади.

Бир куни ишга кетаёганимда номерсиз машина билан уриб кетмоқчи бўлишди, тасодифан қутулиб қолдим, аммо ишга қадар орқадан қувиб боришди. Бу ҳақда ҳукуматдагиларга ҳам хабар бердик. Эътибор қилишмади. Эртасига бу ҳақда “Известия” газетасининг биринчи саҳифасида хабар чиқди. Кейин билсам, Самандар ака газетани олиб, Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг ёнига бориб, бу масалада иш қўзғатишни талаб қилибди.

-Ҳар бир кўча ҳаракатига иш очамизми энди,-дебди Мустафоев.

-Аблаҳ одам экансиз, халқ  депутатига, Олий мажлис қўмитаси раисининг ўринбосарига, ЭРК партияси котибига суиқасд бўладию сиз оддий кўча ҳаракати дейсиз-а,-дея газетани унинг юзига улоқтириб кетибди.

Бўритош Мустафоев бўлган воқеани сўзма-сўз ёзиб, Олий мажлисдан Самандар Қўқоновга чора кўришни талаб қилганди.

Унга:

-Қатағон кундан-кунга ошиб бораётган бир пайтда ўзингизни оловга уриб нима қиласиз?-десам.

-Самандарман, ўзимни оловга уришим керак!-деганди.-Лекин шу билан менинг устимдан йўқ жойга иш қўзғаган Мустафоевнинг ўзига ўзининг неча пуллигини исбот этдим.

Исмнинг ҳам аҳамияти катта дейишади. Баъзан исм ҳам инсоннинг ҳаёти ҳақида бир қиссадир. Халқимизнинг ривоятларида, эртакларида Самандар деган бир баҳайбат жонивор олов ичида туғилиб, олов ичида яшагани ҳикоя қилинади.

Қарангки, Самандар Қўқонов ҳам оловли бир даврда туғилиб, умри олов ичида қолди.

Бу оловнинг гўлахиси эса Ислом Каримов бўлди.

27.МУРОД

-Ислом ака, одамларингиз мени ўлдирмоқчи бўлишди,-деди  Мурод Жўраев бир куни  Каримовга.

У Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси, Қашқадарё вилоят кенгаши депутати ва Ўзбекистон Олий Кенгашининг қонунчилик қўмитаси аъзоси эди.

Каримовнинг ранги оқариб кетди. Бир менга қаради ва бир Муродга. Кейин:

-Одамларим бўлганини қаердан билдингиз? Пешонасига ёзиб қўйган эканми?-деди Муродга дарҳол ва  каминага юзланиб,- Сизлар бу масалани ҳам ўрганишга киришибсизлар-ку?!-деди.

-Биз Ошкоралик қўмитасида бу масалани бугун муҳокама қилдик…,-дея гап бошлаган эдим, Каримов гапимни бўлди.

-Ҳали миш-мишдан иборат бўлган нарсани қандай қилиб муҳокама қиласизлар, бу Олий мажлисми ёки милициями? Қанақа қўмита сизлар, призидиумга талаб қўясизлар? Ўзларингни ким деб ҳисоблаяпсизлар? Шаҳар бедарвоза қолдими?

-Ислом ака, бу қанақа миш-миш бўлиши мумкин?,-дедим,-асосий манба шу ерда-ку?. Ўзбекистон халқ депутатига суиқасд қилинадию биз индамасдан қараб тураверишимиз керакми? Мўрод Жўраев Тошкентга келиб, дарҳол бизнинг ёнимизга эмас, сизнинг ҳузурингизга бориб, воқеани айтиб бермоқчи бўлган. Сиз эса уни ярим кун куттириб, қабул ҳам қилмаганингиздан кейин биз масалани қўмитада муҳокама эттик. Ички ишлар вазирини чақирсак, унга “бормайсан” деб айтибсиз. Қўмита мажлиси ҳақида телевидение тайёрлаган хабарни ҳам тўхтатибсиз…

Каримов “еб қўйгудек” бўлиб термулиб қолди. Кўзларида ғира-шира табассум пайдо бўлди. Бу қаҳрнинг заҳарханда бир шакли.  У гапларимни эшитмаяпти, деб ўйладим ва гапдан тўхтадим. Аммо у эшитиб турган экан, дарҳол жавобга ўтиб:

-Менинг вазифам халқни ваҳимага солмаслик,-деди,- ҳали ўрганилмаган, билинмаган ишни қандай қилиб матбуотга чиқариш мумкин?

-Ислом ака, Қаршидан бу ишни ўрганамиз, деб йўлга чиққанларни ортга қайтариш ҳақида буйруқ берибсиз-ку?!-деди Мурод.

Бизни Каримов чақирмасдан олдин биргаликда Қаршига телефон қилгандик. Вилоят ички ишлар бошқармасининг вакиллари йўлдан қайтишганини айтишганди.

Мурод Жўраев шу куни Тошкентга Ошкоралик қўмитасининг ва “Ташаббус” гуруҳининг мажлисларига келиши керак эди. Аммо етиб келолмади. У тушдан кейин кириб келди ва ўзига суиқасд қилинганини айтиб берди. Бунга қадар у қонунчилк қўмитасининг котиби Тошпўлат Жўраевга телефон қилиб бўлган воқеа ҳақида ахборот берган ва Каримов қабулхонасида кутиб ўтирганини айтган. Биз Тошпўлатдан маълумот олиб, Муроднинг келишини кутаётгандик.

Номаълум киши ёки кишилар саҳар соат бешда у ётадидан хонанинг деразасидан унинг ётоғини ўққа тутишган. Унинг ўзи бу ҳақда мажлисимизда  қуйидагиларни айтди׃

-Шу хонада ётишимни ва ҳар куни соат олтида уйғонишимни билишган. Аммо шу куни Тошкентга келадиган бўлганим учун уйқум қочди ва анча вақт ҳар икки мажлисда айтадиган гапларимни ўйлаб ётдим. Соат бешдан бироз олдин ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим. Бирдан ўқ товушини эшиттим. Хонамга югуриб кириб чироқни ёқдим. Ётадиган тўшагимни чўтлаб отишибди. Хайриятки, умр йўлдошим бошқа хонада болалар билан бирга эди. Кичкинамизнинг бироз тоби йўқ эди…Хуллас, дарҳол ҳамма ёққа хабар қилдим ва ўзим яширин йўл билан аэропортга етиб бориб, Тошкентга учдим. Доим дарҳол қабул қиладиган Каримов бу сафар негадир умуман қабул қилмади. Одамлар оддий масалалар билан кириб-чиқиб турдилар, аммо менга фақат туш пайтида кетаверишим кераклиги, лозим топилганда чақирилишим мумкинлигини айтишди.

Муборак шаҳар ижроия қўмитасига қаттиқ босқилар бўлаётганди ва биз бу масалани кенгайтирилган мажлисларда муҳокама қилиб, сессияга олиб чиқишни режалаштирган эдик.

Мажлис пайтида масала шу нуқтага келганда танаффус эълон қилдик. Қўмитамиз раиси Эркин Воҳидов “Ошхонада парҳез овқат йўқ, уйга бориб келишим керак” деб кетиб қолди ва тушдан кейин қайтмади.

Мажлисни яна ўзим  ўтказдим ва Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазиридан дарҳол бу ҳақда маълумот беришни, Олий Кенгаш президиумидан эса шошилинч равишда мажлис чақириш, масалани ўрганиш юзасидан комиссия тузишни сўрадик. Орадан кўп ўтмай Каримов чақирди. Мана энди у худди шу мажлисга шаъма қилаётганди.

Каримовнинг ўзини тутиши ва масалани босди-босди қилишга уринишидан у бу ҳақда олдиндан хабари бор, шекилли, деган фикр келиб чиқарди. Ё унинг ўзи бевосита топшириқ берган ёки шундай бир “ташаббус” билан келганларга “бўпти” деб юборган деб ўйладим.

Кейин Муроднинг айтишича, Каримов унга “Сени йўқотиб юбораман” деган экан. Бу гапни ўзим ҳам эшитганимда, Муроднинг гаплари ёдимга тушганди.

Мурод Жўраевнинг ота-боболари Туркманистонда туғилган, ўзи эса  болалигидан бошлаб Қашқадарёда ўсган.

Қайта қуриш ва ошкоралик йилларида Муборак шаҳрида коммунистик партия зиддига юриб, бур гуруҳ мустақил фикрловчилар билан сайловда шаҳар кенгашига номзодларини қўядилар. Мурод Жўраевнинг ўзи  Ўзбекситон халқ депутатлигига ҳам номзод бўлади ва сайланади.

Қашқадарё “обкоми”нинг биринчиси Ислом Каримов бу “ўзбошимча”лар майдонга чиққанда Ўзбекистон Коммунистик партиясига биринчи котиб бўлганди.

Мурод Жўраега “Номзодингни ол!” деб буйруқ беради, аммо у кураш йўлидан қайтмайди. Муборакда озодликнинг ҳур учқунлари кўзга ташлана бошлайди. Шаҳар кенгаши фидокорлари эркин телекўрсатувлар берадиган маҳаллий, мустақил теле-канал очишади. Халқ билан очиқ мулоқот бошланади. Мурод Жўраевнинг ижроқўм раислигига сайланиши Каримовни ғаззабга солади. Район партия комитетига бу “жўжахўрозлар”нинг таъзирини бериш топширилади.

Муборак шаҳри айни пайтда Муборак туманининг маркази ҳам бўлгани учун коммунистик партиянинг туман қўмитаси уларга қарши кураш бошлайди. Вилоят кучлари уларга қарши сафарбар этилади. Улар эса шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бўлимини “партиядан холи ташкилотлар” деб эълон қиладилар.

Бунга қарши ҳукумат уларнинг телевидениесини ёпиб қўяди.

Ислом Каримов топшириғи билан бу “ўжар”лардан” қутулиш учун шаҳар кенгашини тугатиш ҳақида қарор қилишди.  Кенгаш раиси Ўзбекистон халқ депутати Мурод  Жўраев ишсиз қолди. Уни қувғинга олишди.

Шу кунлари у Тошкентга келиб-кетиб юрди. Унга ўзим ишлаётганим  ЭРК партиясига аъзо бўлишни, курашни биз билан бирга давом эттиришни таклиф қилдим. У, “Йўқ” деди. “Муҳаммад Солиҳда ҳам Каримов характеридаги белгилар бор, сизлар билан ҳамкорлик қилсамда, лекин партияга кирмайман” деди.

Кейинчалик  у қамалгач, Муҳаммад Солиҳ уни ҳам “ЭРК партияси аъзоси” деб эълон қилди. У судда “Мен ЭРК партиясига аъзо бўлган эмасман” деса-да  бунинг зиддига “У аъзо эди” деб баёнотлар берилди ва бу Каримовга жуда қўл келди.

Қатағон авжига минган паллада биз  Мурод Жўраев билан Боку шаҳрида шоир Ёдгор Обид  турган уйда учрашдик. У ичи тор ва бир иш қилмасдан туролмайдиган йигит эди. Ҳар кун эрталабдан туриб, кўчага отилар ва нимадир қилишимиз керак, деб фиғони фалак бўларди.

У Бокуга келган Муҳаммад Солиҳ билан яқинлашиб қолди ва уни Ашгабатда бир уй сотиб олишга кўндирди. Бунга қарши бўлдим. Чунки Туркманбошининг бурн тагида туриб, ҳеч иш қилиб бўлмаслигини билар эдим.

Бу уйда Муроднинг Туркманистондаги синглиси ва куёви Бахтиёр яшай бошладилар. Биз ҳам бордик. Шу кунлари Юсуф Рўзимуродов Туркиядан қайтиб, бизнинг ҳузуримизга келди. У Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб бораётган эди.

Кўп ўтмай бизнинг бу ерда турганимизни билиб қолишди ва кетишга мажбур бўлдик. Озарбайжонга, кейин эса Туркияга кетдик.

Мен Истанбулда қолдим. Мурод келиб-кетиб юрди. Охирги келишида ҳам Солиҳ унга ўз китобларини бериб юборди.

Оиламни олиб келиш учун Бокуга кетдим. Чунки Самарқандда умр йўлдошимни суд қилишаётган ва болалар тақдири ҳақида ҳам ўйлашим керак эди.

Муҳаммад Солиҳ Муродни Каримовнинг собиқ маслаҳтчиси Анвар Олтойлининг синглиси Сухайлонинг турмуш ўртоғи номига Алматида олинган квартирага юборган экан. Телефонини топиб, сим қоқдим ва Муродга:

-Дўстим иложи бўлса, бошқа жойда туринглар,  бу жой Анвар Олтойлига оид, демак Ўзбекистон ҳукумати ҳам билади,- дедим.

Мурод ҳар куни Солиҳ билан телефонда гаплашиб тургани ва хавотир олмаслигим кераклигини айтди. Унинг бошқа жойга ўтишини қаттиқ туриб сўрадим. Чунки  Туркиядаги ҳар бир ҳаракатнинг Ўзбекистон ҳукуматига етиб тургани анча шубҳага солганди.

Охири Мурод:

-Эрта-индин хотиним келади ва уни ҳам олиб, бу ердан кўчаман,- деди.

Мурод содда эди, десам янглиш бўлади. У жасоратли эди. Аммо бу кўзи очилмаган жасорат . Ўзини оловга ҳам, ўтга ҳам ураверадиган бир жасорат.

Бундан бироз олдин Муроднинг 14 ёшлардаги ўғли касалхонада сирли равишда  оламдан ўтди. Уни танирдим, менинг шеърларимни ёдлаб, хиргойи қилиб юрарди. Айниқса, Амир Темур ҳақидагиларни “Ашула қилиб айтаман”, дерди. Жуда одобли ва қобилиятли бола эди. Уни йўқотиш, бу оғир дард Муродни анча букиб қўйганди.

“Ўғли ўлса келади ва ушлаймиз” деган  миршабларнинг режаси амалга ошмади. Шу сабаб ҳам энди уни Аламатидан ушлаб кетишга қарор беришлари аниқ эди ва унга бу уйда турма деганимнинг яна бир сабаби ҳам шу эди.

Хуллас, уни Алматидан ушлаб кетишди. Эшикларни синдириб киришган ва калтаклаб,  беҳуш қилиб, қопга солиб, қопни машина моторининг устига ташлаб олиб кетишган. У кейин судда вужудидаги куйган изларни кўрсатганда ҳам Каримовнинг малайлари этиборга олишмаганди.

Уни ушлашган кун 1994 йил 17 апрел. Тасодифни қаранг, бир йил олдин 17 апрел куни мени ушлашган эди. Билмадим, балки 17 апрел Каримов учун қандайдир маънога эга кунмикан?

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати битишига саноқли кунлар қолганда ёки умум авф эълон қилиниши билан унга яна бир жазо берилиши одатга айланди.

Маълумотларга кўра сўнгги авф чиққан кунлар унга “Кўкрагингга исмингни кичикроқ ҳарфлар билан ёзибсан” деб жазо беришибди.

Ундан олдин эса “Мадҳияни айтганда бошингни эгиб турдинг!” деб айб қўйишган.

У қамоқдан чиқарган бир хатида “Энди шу ерда ўлиб кетсам керак” деган.

Йўқ,  Мурод, халқнинг муроди зиндонда ўлмаслиги керак!

28. ИНОМЖОН ТУРСУНОВ

Каримовнинг қаршисига чиққан депутатлардан яна бири Иномжон Турсуновдир.  Каримовни сессияда президент этиб тайинлашаётган куни жуссаси кичик бир йигит ўртадаги микрофон олдида оёқда туриб гапира бошлади. Қўлида бир даста қоғоз бор эди. Унинг товуши нозик бўлсада ўша кезда зални титратиб юборганди.

-Сизлар кимни президентликка сайлаяпсизлар? Бу одам қўшиб ёзишга аралашган. Мана ҳужжатлари…

У жуда катта рақамларни айта бошлади ва Анишчев бошчилигидаги Москва “десантлари” уни сақлаб қолганини урғулади.

Ўша кезда бундай гапларни айтиш катта жасорат талаб қиларди ва баъзилар учун бу қўрқинчли эди, шунинг учун ҳам залдаги кўпчиликнинг дами ичига тушди.

Раислик қилувчи дарҳол микрофонни ўчирди. Иномжоннинг товуши эшитилмай қолди. У кейин президиум томонга қараб юрди ва қўлидаги ҳужжатларни раислик қилувчига узатди.

Аммо ўша кунлари у турган Тошкент меҳмонхонасига бостириб кирган миршаблар уни дўппосладилар. Муттаҳамликни қарангки, жуссаси кичкина бу йигитни “Миршабларни урди” деб айблашди. Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик!

Фарғоналик депутат, драматург Иномжон Турсуновни Тошкент меҳмонхонасида миршаблар дўппослашганда масалани Ошкоралик қўмитасида муҳокам қилдик.

Кечқурун телевидение ҳам, радио ҳам, эртасига газеталар ҳам қўмита мажлиси ўтгани ҳақида хабар берган бўлсаларда Иномжон Турсунов масаласини четладилар. Топшириқ Девондан тушган экан.

Хуллас, Иномжонни қамашди. У бизнинг “Ташаббус” депутатлар гуруҳнинг аъзоси эди. Гуруҳимиз унинг озодлиги учун кўп курашди. Лекин озчилик барибир озчилик экан. Бизни кўпчилик қўллаб-қувватламади. Эркинлик кундан кунга йўқолиб бораверди.

29. “ЭРК” ГАЗЕТАСИ

1993 йил…

Бир куни эрталаб уйга Президентнинг котиби қўнғироқ қилди. Одатда ёрдамчиси Крайнов телефон этарди. Нега бу сафар котиб “сафарбар” бўлди? Ҳайрон бўлмадим. Чунки Каримов гап атрофга ёйилмаслигини истаса, ишни котибига топширарди. Котиб “тош” каби одам. Бориб урилган жойидан қон оқса оқарди, лекин миқини чиқармасди.Ўзига доғ юқтирмасди.

-Сизни сўраяптилар! – деди у салом-аликдан кейин.

Икки кун олдин Каримов билан учрашаман, деб борганимда баҳона топишганди. Шуни эслатдим.

-Ока, худди бегонага ўхшаб гапирасиз-а? Биласиз-ку, бу саволларга биз жавоб бера олмаймиз. Кейин ўша пайтда жуда банд эдилар,-деди у.

-Биламан, лекин “йўқ” деган қароримни юмшатиброқ айтмоқчи эдим-да. Яъни сизга оғир ботмасин деб…

-Ҳа, боплайсиз-а?! Биласиз-ку “йўқ” деган сўзни кириб айта олмайман. Ҳатто “тополмадим” деган сўз ҳам бошимизнинг кетишига сабаб бўлади.

-Сизнинг бошингиз кетса, кейин ўзлари ҳам бошсиз қоладилар-ку?- деб ҳазиллашдим.

У анча вақт индамай турди. Бу эса “телефонни эшитишади” деган маънога ҳам келарди. Гарчи Президентнинг қабулхонаси бўлса ҳам, гарчи котиб ўша идорага, яъни МХХга мансуб бўлса ҳам, барибир чўчир эди. Совет даврида республикаларнинг биринчи котибларининг қабулхонасига КГБнинг икки ходими қўйилган. Улардан бири қабул билан шуғулланса, иккинчи қоғозлар билан банд бўлган. Айни пайтда улар ҳам “биринчи”ни, ҳам ўзларини назорат қилишган. Шу одат Каримов даврида ҳам сақланиб, улар бир-бирларининг устидан ҳисобот ёзадилар деган гап-сўзлар юрарди.

-Фақат ўзимни-ўзимга мақтайсизу, ўт билан рўбарў қилиб қўясиз. Агар дўстлигимиз ҳурмати бор бўлса, йўқ демайсиз,-деди у бир муддатлик танаффусдан кейин.

Энди у кўнглимга яқин гапираман, деб хато қилганди. Қабулхонада бир-икки кўришган билан дўст бўлиб қолинмаслигини яхши тушунаман. Аммо эртага “Ким билан дўст эдинг?” деб ундан шубҳа қилишлари ҳам турган гап.

Хуллас, котибни биламан. Гапни яна бироз чўзсам, ўзи югуриб келишдан ҳам қайтмайди. Шундайлиги учун ҳам ишлаяпти. Акс ҳолда аллақачон “думига супурги боғланарди”.

-Ока, эшик ёнида “07” турибди. Илтимос кутаяптилар…

“07”-бу “10-07” дегани эди. Сарой машиналарининг номерлари “10” рақамидан бошлангани учун иккинчи бўлаги айтиларди ва буни ҳамма тушунарди.

Машинага чиқарканман, овоз узатгичдан котибнинг товуши эшитилди:

-Чиқдиларми?

-Бораяпмиз! -деб жавоб қилди ҳайдовчи. Бу “тезроқ кел” деган ишорати эканлигини билган ҳайдовчи йўл қоидаларига ҳам қарамай машинани “елдай” учириб кетди.

Нега Каримов чақирганлигини таҳлил қила бошладим. Каримов бугун эрталабдан бу “ишга” киришган бўлса, демак сабабни кечаги воқеалардан топишим керак. Ҳа, топдим. Кеча “ЭРК” газетасининг собиқ бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққул билан Матбуот давлат Қўмитасига боргандик.

1992 йилнинг 3 январ куни ЭРК партиясининг кенгайтирилган пленумида каминани ҳам партия котиблигига ва ҳамда “ЭРК”  газетаси Бош муҳаррирлигига сайлашди. Аслида бу ишга рози бўлиш, ўз жонига қасд қилиш каби иш эди. Чунки айни шу кунларда партиянинг котиби Отаназар Ориповни қамашганди. Қолганларни ҳам “Миллий мажлис” масаласида сўроқ қилишаётганди.

Иккинчи томондан “ЭРК” газетаси масаласида иш қўзғатилган ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бош муҳаррир Иброҳим Ҳаққулдан бошлаб оддий ходимларга қадар ҳаммани тергов қилаётганди.

Шу кунларда Иброҳим Ҳаққул “Илмий ишимга қайтаман”, деб ишга келмай қўйди.  Яна бир томонда Муҳаммад Солиҳ партияга деб Москвадаги Инсонпарварлик ташкилотидан катта миқдорда пул олган, деб текширув давом этаётганди. Бир сўз билан айтганда партияни ёпиб ташлашга киришган эдилар.

Бунинг устига партиянинг парламентдаги гуруҳининг раҳбари эдим. Муҳаммад Солиҳ парламентни ташлаб кетгандан кейин пленум Олий Мажлисда ЭРК партияси номидан гапиришни ҳам каминага юклаганди.

Кўпчилик турли баҳоналар билан ўзини четга олар экан, истаган қадар баҳона топишим мумкин эди. Лекин виждоним бунга йўл қўймасди. Йиқилаётган одамни ташлаб кетишни тасаввуримга сиғдира олмасдим. Ўзимни четга ололмасдим. Курашнинг олдига чиқиш керак эди. Ҳамма чекиниб кетаверса, демократияга ишониб бу партияга келган минг-минг одамлар нима қиладилар, деб ўйлардим. Шунингдек, ҳукуматнинг демократияга қарши очган урушини ҳали тўхтатиб қолиш мумкин ва биз бунда муҳим рол ўйнашимиз керак, деб ишонардим.

Ўшанда Иброҳим Ҳаққулга телефон қилиб, қоида бўйича давлат қўмитасига бирга боришимиз  кераклигини айтдим. Танишмоқ қоидаси шунақа эди.

Вазир Рустам Шоғуломовни олдиндан яхши танийман. “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлаганимда у “Ёш Ленинчи” газетасининг бош муҳаррири эди. Раъно Абдуллаева Ўзбекистон Компартияси МК котиби бўлган кезларда Рустам Шоғуломов ва акаси Ўзбекистон Компартияси МК нашриётининг директори Ислом Шоғуломов билан бирга вазифадан қувилишди. У бир муддат  китоб нашриётида ишлаб юрди.

Каримов Абдуллаева четлатган ҳамма одамларни ўз атрофига тера бошлаганда биз сессияда Рустам Шоғуломовнинг номзодига қарши бўлдик. Унинг раҳбарлик борасида ҳеч қандай истеъдоди бўлмаса ҳам, акасининг орқасидан бошлиқ бўлиб юргани, журналист ўлароқ икки сатрни эплаб ёзолмасада, китоблар чиқарганини ҳамма биларди. Юзи доим кулиб турсада, ичи қора деб айтишарди у ҳақда гап кетганда.

Биз унга қарши бўлганимизни сезгандай Каримов ёш депутатларни чақириб, “Битта илтимосим, шу одамни Матбуот давлат қўмитаси раислигига ўтказиб беринглар” деб туриб олганди. Ҳар қанча унинг камчиликларини айтсак ҳам, Каримов  оёқ тираб олди. Сессияда ҳам  биз қарши бўлганимизга қарамай бошқалар уни танимасаларда қарсаклар билан қўллаб юборишди.

Рустам Шоғуломов унга қарши бўлганимизни  яхши биларди. Бунинг устига ундан олдинги “вазир” Убайдулла Абдураззоқов билан  бўлган воқеалардан ҳам хабари бор. Шу боис совуқ қабул қилди.

У икки ойдан бери ғайри расмий ўлароқ газетанинг чиқишини тўхтатиб турганди. Шу икки ой ичида ҳар ҳафта газета қайтадан тайёрлаб олиб борилсада, улар нашр эттиришмасди.

Ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин Шоғуломов деворда осиқлиқ турган портретга қараб:

-Ислом акам бу мамлакатни мамлакат қилиб турибдилар, бўлмаса билмайман нима бўлиб кетар эди?-  деди.- Сизлар сайловда  қилган энг катта хато ораларингдан лидер чиқара олмадинглар. Ана у шоирдан президент чиқармиди?

-Тарихда жуда кўп шоирлар подшоҳлик қилганлар,- деб жавоб қилди Иброҳим Ҳаққул.

-Улар шоирликдан подшоликка ўтмаганлар, улар подшолик даврида шеър ҳам ёзганлар, десангиз, тўғри бўлади. Муҳаммад Солиҳни яхши танийман, газетачиликни қойил қилолмаганди, ҳатто уч кишига бошчилик қилиб кўрмаган одам катта мамлакатни қандай бошқарсин? Мен унинг “Ўзбекистон спорти” газетасида ишлаганини биламан. Бир кун навбатчилигида ичиб ўтириб газетани чоп этишга топширишни унутгани учун ишдан ҳайдалганди. Масъулиятсиз одам. Унинг нима сабабдан коммунистик партияга кира олмаганини ҳам биласизларми? Ичкилик ичиб, бузуқчилк қилиб қўлга тушгани учун. У бир аламзада одам. Сизлар ундан президент ясайман, деб юрибсизлар. Тушларингизни сувга айтинглар. Ёзувчилар Союзига уни Коммунистик партия котиб қилиб қўйганда ҳам уч кишига раҳбарлик қила олмади.

Унга эътироз билдирган бўлдик.

-Ёзувчилар уюшмасида уч кишидан кўпроқ одам ишларди,- деди Иброҳим Ҳаққул.

-Ёзувчилар уюшмасида раҳбар Одил Ёқубов эди, Солиҳга ўхшаган котиблардан бир қанчаси ашула айтиб юрганди. Мамлакатни бошқариш учун катта тажриба керак. Ҳокимият Ислом акамда қолгани ҳаммамизнинг бахтимиз,- деди Шоғуломов гап тамом дегандай.

Унга биз лекция эшитиш учун келмаганимизни ва газетани тўхтатиб тургани матбуот ҳақидаги қонунига зид эканлигини, биз эса қонун талаби бўйича унинг ҳузуридан ўтишимиз заруриятидан келганимизни эслатдим ва:

-Ислом ака қонунлар кафолати, сиз эса қонунни бузиб ўтирибсиз,- дедим.

-Газетани мен тўхтатиб турганим йўқ, маслаҳат қилиб, кейин сизларга натижасини айтаман,-деб жавоб қилди у.

…“07” Президент девонига яқинлашиб борар экан, сабабни топгандай эдим. Демак, “натижа”  чиққанга ўхшайди. У “акаси” билан маслаҳат қилган кўринади.

Машинадан тушиб олтинчи қаватга кўтариларман,  “Бу сафарги натижа қандай буларкин?” деб ўйладим. Саволим хаёлимда қолди. Лифт эшигида кутиб олган котиб ичкарига бошлади. Эшикни очди-да ўзи ташқарида қолди. Каримов ниманидир ёзиб ўтирарди. Кирганимни сезмай қолди. Унинг ёнига етиб боргач:

-Ассалому-алайкум! – дедим.  У чўчиб тушди.

-Осмондан тушдингизми, ердан чиқдингизми? – дея ўрнидан турди.

-Юрибмиз, – дедим.

-Табриклаймиз, бош муҳаррир бўлибсиз. Иш керак бўлса, топардик. Ўшалар билан ишлашингиз шартмиди? Улар тугаб битди. Сизга ўхшаганларнинг номи билан тирилмоқчи!

-Улар билан илгаридан биргаман-ку…

-Тўғри, лекин илгаридан бош муҳаррир эмас эдингиз. Партиясига идеология секретари бўлганингизда ҳам индамагандим. Аммо газетасига сиз бошчилик қилишингиз керакмиди? Биламан, қаламингиз ўткир, аммо бошқа газеталарга ёзинг! – У менинг партияга котиб ва газетага бош муҳаррир бўлишим айни кунда бўлганидан бехабардек эди ёки чалкаштираётганди.

-Шундай ҳам газетани чиқаришга рухсат бермаяпсиз-ку! –дедим.

-Рухсат бермоқчи эдик. Энди бутунлай ёпамиз. Ҳозир ана у Салай (Ҳукуматдагилар ҳам, Каримов ҳам Муҳаммад Солиҳ сессияда номини “Салай Мадаминов” деганларига аразлаб чиқиб кетгани учун энди “Салай” калимасига урғу бера бошлашганди-ЖМ) ертўлада ўтирибди. Москвадан олган пулларининг ҳисобини бермоқда. Газетани эса қарор билан ёпамиз,-деди.

Каримов пўписа қилаяпти деб ўйладим. Аммо кейин билсам,  эрталаб ишга отланган Муҳаммад Солиҳни Ички ишлар вазирлигига олиб кетишган экан ва кечгача бир хонада турли баҳоналар билан ушлаб, кейин жавоб беришибди.

Аммо шу дақиқада Каримовнинг гапига ишонмаётгандим. Чунки шундай воқеа юз берса, дарҳол эшитган бўлардим, деган хаёлда эдим.

-Агар газетадан кетсам-чи?  У ҳолда ёпмайсизларми?-дедим.

-Қаерга кетасиз!

-Сизнинг газетларингиздан бирига, албатта сиз тавсия қилсангиз,-дедим.

-Газеталар меники эмас, биттаси Олий Кенгашники, бошқаси партияларники, яна биттаси комсомолники, уларнинг ишига мен аралаша олмайман, қандай қилиб, сизни тавсия қилишим мумкин,-деди Каримов.

-Унда нега бизнинг газетага аралашаяпсиз?- дедим. Каримов қизариб кетди ва бирдан  ўрнидан сапчиб турди.

-Нега аралашмайин? Мен қовунчи эмас, Каримовман. Сиз сессияда айтгандек ҳаммаси онамнинг маҳрига тушган, билдингизми?

-Бундай деганим йўқ!-дедим.

-Ие, аллақачон унутдингизми, лентани қўйиб берайми? – у шундай деб, дераза томондаги бурчакда турган телевизорнинг остидаги видеомагнитофон тугмасини босди. Кейин қўл билан бошқариш аппаратини олиб, жойига ўтирди. -Бу сизларнинг давлат тўнтаришига уринишларингиз…

Лента менинг нутқим ёзилган жойга қадар айлантириб қўйилган экан:

-Унутган бўлсангиз, ҳозир ёдингизга соламиз!-деди.

-Мен унутганим йўқ, ўшанда “Онангизнинг маҳрига тушганми?” деганим йўқ, балки “Ўзбекистонни онангиз туққан эмас ва сиз устун бўлиб қололмайсиз” деганман…

Кейин нима сабабдан шунча вақтдан кейин бу масала энди ўртага чиққанини сўрамоқчи эдим, лекин у қулоқ солмади.

-Ўзингни йиғиштириб ол, бўлмаса қамоқда чиритаман дегандим, эсингда борми? Мани эса эсимда турибди. Сени қамоқда йўқотаман, билдингми?

-Биринчидан сенсираманг, иккинчидан эса, қамашингиз мумкин, лекин, ана у кун одамларингиз ўлдиришга уриниб кўрдилар, номерсиз машинада. Ҳаётим уларга боғлиқ эмас экан, йўқота олмадилар…

-Лекин, йўқотаман, билиб қўй!-дея бақирди Каримов, унинг оғзидан кўпиклари чиқиб атрофга сочила бошлади. Унинг қуянчиқ касали бор дейишарди, нима бало, тўғри эканми, деб шу дамда касали тутиб қолишидан қўрқдим. Лекин барибир жавоб беришни афзал кўрдим.

-Йўқотиш сизнинг ишингиз эмас, ҳаммаси Худонинг қўлида!-дерканман лабим қуриб тилиб айланмай қолаёзди.

-Ман ўша Худо!-дея у кўкрагига урди.

-Худо кечирмайди бу гуноҳни!- дедим.

-Кўрамиз, Худо кимни кечирмайди? Истайсан.. сизми, эртага муфти телевизорга чиқиб, сизни динсиз деб эълон қилсин! Устозингизни “динсиз” деб эълон қилдирганим сизга дарс бўлмадими? Истасам, эртага мени “Худонинг ердаги сояси” деб эълон қилади. Дин – бу менинг айтганим. Истасам, мачит очиб бераман, истасам муфти-пуфтиси билан портлатиб юбораман.

-Эртага менинг ҳам уйимга бомба тушадими?- дея муфтининг уйига портлатгича ташлаганларига ишора қилдим.

-Сизни олдин уйингиздан қувиб чиқараман. Кейин депутатликдан ҳайдатаман. Оилангиз ҳам сиздан юз ўгиради.  Ана ундан кейин қамайман!

-Пешонага ёзилгани бўлади.

-Пешонангизга шуларни мен ёздим. Сиз эса ўқиб олинг! Хуллас, ора очиқ! Кетаверишингиз мумкин!

Ўжарлигим тутди.

-Барибир жоним Жабборнинг қўлида! –дедим.

-Кўрамиз! Кўрамиз! Кўрамиз! – у бақираа-бақира қолди.

Хуллас, газетани 1993 йил 7 феврал кунги ҳукумат қарори билан ёпишди. Биз аввал газетани Озарбайжонда чиқармоқчи бўлдик. Имкони бўлмади. Кейин Туркияга кетганимизда у ерда нашр эттик.

30. ХУЛОСА ЎРНИДА

Сиёсат ҳам санъат дейишади. Аслида санъат ҳам сиёсатдир. Сиёсат санъат эканлиги сезилиб қолганда, емирила бошлайди. Санъат ҳам сиёсатлиги билиндими ”оёғи синади”. Санъатнинг гўзал бир бўлаги – рақс, ўйин. Сиёсатнинг ҳаром бир бўлаги – ўйин. Бири театр, томоша саҳнасида, кичик давраларда ҳукм сурса, иккинчиси  жуда ўлкан саҳнада – мамлакат, дунё саҳнасида “жилва” қилади.

Бугун бизнинг юртимиз саҳнасида – ҳам сиёсат, ҳам санъат саҳнасида ифтихорга айланган ҳаёсиз ўйинлар кўпайиб кетди.

Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилинган сессия арафасида мамлакатда террор бошланган, диктатура қулоч ёзганди. Мухолифат қатағонга олинган, қувғин, сургунлар бошланганди. Сессия ҳам ана шу руҳ, ана шу кайфиятда ўтди. Бош қонун деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Шу куни кечқурун президент пойтахтнинг  “Наврўз” кошонасида миллатвакилларига, сарой аъёнларига зиёфат берди.

Зиёфат оқшоми президентнинг кўзларидаги таҳлика йўқолмаганди. У шу куни қандайдир нохуш хабар олгани сезилиб турарди. Сессияга киришда депутатларни лазерли махсус ускуналар ёрдамида “божхона”дан ўтказишди. Аёл депутатлардан бирининг сумкасидан темир кулдон чиқиб қолди. Ярим соат сўроқ қилишди. Биз кулдик: “Агар кулдон билан кимнингдир жонига  қасд қиладиган бўлса, демак япон мактабида ўқиган”.

Зиёфат залида меҳмонлардан қўриқчилар кўпроқ эди. Сигарет чекмоқ учун жойимдан қўзғалгандим, йигирмага яқин йигит мен томонга ўтди. Ёнимга Миллий Хавфсизлик хизмати қўмитасининг  раиси Ғулом Алиев келди.

-Ғулом ака, “қўйлар ҳам чўчқа ҳолига” тушибди-ку? – дедим зиёфат олдидан махсус аравачалар устида чўчқага ўхшаб ётқизилган, боши ва оёғи кесилмасдан пиширилган қўйларга шаъма қилиб.

-Бугун шод-ҳуррамлик, шунақа гапларнинг ўрнимас, – деди Ғулом Алиев. Сездимки, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Чунки Ғулом ака билан ён қўшнимиз. Яккама-якка қолганда тузумдан, президентдан норозилигини  гап орасига қистирарди. Бу ҳам балки “ламбада”дир?  Ҳар ҳолда, ўйинни самимий ўйнарди.

Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг муовини Эркин Самандаров Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги тантанасида бирга рақсга тушиб, президентдан ташаккурнома олишганди. Маркс Жуманиёзов қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди.

Одамларнинг кўзи президентда эди. У заҳарли жилмайиб турарди. Бу жилмайишни ташаккурнома деб англашди, шекилли, бирин  кетин-вилоят ҳокимлари рақсга туша бошладилар.   Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан.  Депутат Ойгул Маматованинг жозибадор ўйини бу қусрни ёпиб юборди. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг “бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб “ҳунар” ҳам кўрсатди.

Хуллас, ҳоким раққослар мусобақаси президентнинг хижил кўнглини ёзди.

Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.

Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар.

-Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. “Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир…

Даврада ўтирганлардан бири “Ўзбекистон ким экан?” деб шивирлади. “Соттихон бўлса керак” дегандим, ёнимиздагилар кулиб юборишди.  Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.

-Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Саид Ахмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:

-Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш,  дарди оғир эди.  Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди.  Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

Балки вақт ўтиб адибларимизни “Ўшанда образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деганлар топилади ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради.

-Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг.  Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ  бўлишгани аянчлидир…

Сўнг Ортиқ Отажонов президентга “бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади.

Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда “оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар. Рақс тугагач, Каримов “икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди.

Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.

Вақт келиб, улар ҳам ўзларини оқлашлари учун имкон бўлади. Яъни: “Биз ўшанда фикрларга қўшилмаганимиз учун бўш қадаҳни кўтаргандик”, дея. Уларни ҳозир ҳам айбламоқчи эмасмиз. Улар “ламбада” асирлари.  Асир эса буюрилганни бажаришга маҳкум. Асирлар суд қилинмайдилар.

Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент  ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади.  Шу пайт унинг ёнида ҳофиз Шерали Жўраев пайдо бўлди.

Шерали Жўраев ҳақида шу  кунлари турли миш-мишлар тарқалганди. “Каримов уни телевизордан, радиодан олиб ташлабди”. “У ҳажга борганда президентни Худосиз дебди”. Бу гапларда жон бор эди. Ростдан ҳам Каримов бир мажлисда ТВ “катта”сига Шерали Жўраевни кўрсатмасликни буюрганди.

Ҳофиз  ҳамкорининг қўлидан торни олиб: ”Мен Ўзбекистон гимнини ёзганман, шуни ижро этаман”, деди. Президент бошини қуйи солиб, ёнидаги маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга нимадир деди. Унинг ранги оқади. Ҳар ҳолда жавоб қилди. Назаримда, у  “Шерали Жўраев рўйхатда йўқ эди”, деб қутулди.

Қўшиқ тугагач, ”об-ҳаво” бузилаганини сезган аъёнлар қарсак чалмадилар. Ҳофиз енгил куй чалиб, ўтирганларни рақсга “даъват” этди. Ҳамма жим.

Кўп ўтмай бу “нохушлик”ни президент унутди ва ўзи рақсга тушди. Жувон депутатлар, ҳокимлар уни қуршаб олдилар…

“Наврўз” кошонасидан қайтарканмиз, кўнгил хира, чунки Каримов “ўрмонга ўт қўйганди”. Ёнғин яшин тезлигида вилоятларга, туманларга тарқалаётганди.  Ўрмон ичида минг-минглаб  гуноҳсизлар азоб ўтида қоврилаётган эдилар. Кўнгилга ана шу ёнғиннинг қора кўланкаси хира солганди…

1992-2005

Тошкент-Баку-Истанбул-Вашингтон.

Жаҳонгир Маматов: Саволларга жавоблар. 2007 йил давомида

Ҳайқириқ

На унисига, на бунисига чидаймиз

САВОЛ׃ Америка ҳам икки юзламачи, мусулмонларга қарши мамлакат, мусулмонларни менсимайдиган, такаббур мамлакат, манфаатпараст мамлакат. Бунга яққол исбот Саддам Ҳусайнни Қурбон ҳайити куни осганлигидир. Бошқа кунда осса ҳам майлийди. У ўзини қани мусулмонлар қўлидан келганини қилсин деб айнан шу кун осгани одамнинг нафратини қўзғатади. Каримов Американи чиқариб юбориб тўғри қилибди. Аввал бу учун хафа бўлгандим. Аслида Каримовнинг бу иши учун унга инсоният орденини бериш керак экан. Шундай эмасми? (Аҳмад).

ЖАВОБ׃ Бугун мусулмон дунёсининг аксарият қисмида ана шундай якка фикр ҳукмрон. Американинг ўзида эса икки фикр ҳукмрон. Бир томон Саддамнинг осилиш вақти нотўғри танланган деса, иккинчи томон бу вақтни ироқликларнинг ўзи танлади, дейди.

Зотан АҚШ маъмурияти Ироқ ҳукуматига осиш вақтини икки ҳафтага кечиктирса яхши бўларди дея истак билдирган.

Умуман Америкада Ироқ масаласида икки фикр ҳукмронлиги демократларнинг сайловда ғолиб чиқишига олиб келди. Улар урушга қарши ўта жиддий кураш олиб бордилар. Бушни ва унинг маъмуриятини жуда кескин танқид қилмоқдалар.
Баъзи жойларда эса битта фикр. Нега? Чунки иккинчи фикрга йўл берилмайди. Қолаверса, бугун Саддамнинг ўлимини ҳар томонга буриб, турли вазиятларга бошлаш, мазҳаблар урушига айлантириш биринчи галда дунёдаги диктаторларга жуда қўл келади. Менимча, бу ҳаракатларнинг ортида ҳам улар турибдилар. Биз эса асрлардир пропаганда қули бўлиб келганимиз каби бугун ҳам бошқача фикрлай олмаяпмиз.

Нега Саддам ўлдирган қарийб 2 миллион одам ҳақида ҳеч ким гапирмайди?

Унинг тахтни босиб олиб, халқни эзиб келгани нега унутилди?

Нега Саддамнинг ҳаёти бутун ироқликлардан устун бўлиб қолди?

Кечаги коммунист Саддам бугун мусулмон лидерга айландими?

“Ал қасосу минал ҳақ “ деб юрганлар нима бўлди?

Ёдимизда уруш бошланмасдан олдин Саддамга ва жиноятчи ўғилларига мамлакатдан истаган жойларига чиқиб кетиш, Ироқда эркин сайловлар ўтишига йўл очиши учун 48 соат вақт берилди. Аммо кетишмади ва шу йўлни танлашди. Агар кетишганда бу қадар ироқлик ўлмаган ва мамлакат аллақачон тинч йўл билан бошқа тизимга кўчган бўларди. Саддамнинг ўзи “қон билан келган қон билан кетади”, йўлини танлади.

Биз учун масаланинг бу жиҳатидан ҳам диктаторнинг осилиш масаласи муҳим. Бугун диктаторлар осилиш масаласига қарши пропаганда бошлаб юбордилар. Энди Саддамни қайтариш мумкин эмас.

Диққат қилинг, нега осилишдан олдин жимлик эди ва энди карнай чалинмоқда? Чунки энди қолган диктаторлар ўзлари осилмасликлари учун замин тайёрлашмоқда. Биз ҳам уларга қўшилиб, Фарғона воқеалари, Паркентда тўкилган қон, Талабалар шаҳарчасидаги қотиллик, Андижон хунрезлиги, минг-минглаб инсонларнинг ўз ватанидан айри тушганини унутиб, Аҳмадбек сингари уларни орденга лойиқ топмоқдамиз.

Уруш, босқинчилик ва диктатура масалаларини айри-айри ҳолларда кўриш керак.
Ҳали яқин-яқинга қадар минг-минглаб ироқликлар Американи айблаб, Саддам унинг одами, шунинг учун бу диктаторга кўз юмиб келмоқда, деб юргандилар. Ҳали ҳам минглаб ўзбеклар Ғарб Каримовнинг қотиллигига панжа орасидан қарамоқда, деб жар солмоқдлар.

На унисига, на бунисига чидаймиз. Кечаги ашадий сталинчи, КГБ мактабининг толиби, коммунист бугунги мусулмон дунёсининг лидерига аланиб қолса, бу жуда ташвишли ҳолдан дарак.

Бу аҳволда ҳеч қачон биримиз икки бўлмайди ва бугунга қадар бўлганидек, турли ўйинлар ва пропагандаларнинг қули бўлиб қолаверамиз.

Бирлашишнинг ҳаммабоп йўли

САВОЛ׃ Биз кўп йиллардан бери бирлашиш ҳакида дод-войлар қиламиз, аммо ҳеч ким бирлашишнинг (А.Пўлатовдан бошқа) ҳаммабоб йўлини таклиф қилган эмас. Яъни бирлашиш ҳақида йиғлаверамизку аммо қандай бирлашиш ҳақида аниқ тассавуримиз йуқ. Бирлашишни ҳар ким ўзича кўрмоқда. Бунга сиз қандай қарайсиз.(Акбарали).

ЖАВОБ׃ Бузғунчилиги билан танилиб қолган А.Пўлатов битта йўлни илгари сурмоқда׃ “Бирлик”нинг атрофида бирлашиш. Бу аслида “Бирлашиб нима қиламиз” дегандек гап. Чунки бугунги мавжуд мухолифат сафларида “Бирлик” ва “Эрк”дан чиқиб кетганлар, уларнинг ишларидан қониқиш ҳосил қилмаганлар, лидерларини нодемократик деб ҳисоблаганлар ва ҳоказо шахслар, гуруҳлар бор. Бу нормал ҳолат.

Гап шундаки, улар озчилик эмас, бугунги фаол мухолифатнинг аксар қисмига айланиб боришмоқда. Ҳатто шундай бўлмаганда ҳам бирлашиш фақат фалончининг “раҳнамолиги”да бўлади, дейиш қолганларнинг ҳуқуқларини топташгина эмас, уларни ҳақорат қилишдир.

Дарвоқе, бир пайтлар А. Пўлатов бирлашишнинг адреси “Давра кенгаши” деган гапни ҳам айтганди. Кейинчалик бу ҳам унутилди. Бу ҳам ҳаммабоп йўл эмас эди. Чунки “Давра Кенгаши” ҳам “Бирлик”нинг давра кенгаши эканлигини ҳамма яхши билади.

Танқид қилиш осон, таклиф айтиш мушкул дейишингиз турган гап.
Биз ҳаммабоп таклифни айтган эдик. Бу – ҳамманинг ўрта бир Платформада – Маслаҳат Кенгашида бирлашишидир. Шу мақсадда Умуммухолифат қурултойи ғояси илгари сурилган эди. Аммо ҳалига қадар амалга ошмаяпти. Балки уни ташкил қилувчилар кимларгадир ёқмас. У ҳолда А. Пўлатов ёки М. Солиҳ ташаббусни қўлга олиб, биргаликда шу қурултойни чақиришсин ва “Биз ҳам сизлар каби қочқинмиз, ҳуқуқларимиз тенг, қурултойда ҳамма ўз қарашларини сақлаб қолган ҳолда умумий бир Платформа атрофида бирлашйлик” десинлар. Ҳамма рози бўлади.

Бу Платформа шундан иборатки, “Бирлик” ҳам, “ЭРК” ҳам, бошқалар ҳам ўз ички низолари билан ўз йўлларидан кетаверадилар. Аммо диктатурага қарши кураш стратегияси ва тактикасини белгилашда, бу курашни олиб боришда биргаликда ҳаракат қиладилар.

Бошқача айтганда, коалиция ҳукуматлари каби каттаю кичик бир бўлиб, умумий ишни юритадилар. Ана шунда улар Каримов режимига қарши алтернатив сиёсий кучга айланадилар ва дунё, халқимиз ҳам уларни эътироф этади.

Шу Платформада агар А. Пўлатов ҳаммани ишонтира олса, ҳамма бўлмаса ҳам кўпчилик уни қўлласа, бу демократия, сайловда бутун мухолифат уни қўллайди. Ёки М. Солиҳ кўпчиликни ишонтира олса, уни дастаклашади. Ёки Эшмат ва Тошматнинг дастури кўпчиликка маъқул келар. Мана сизга демократик, ҳаммабоп йўл.

Бу йўлни 2005 йилнинг 23 май куни эълон қилгандик. Бугунга қадар амалга ошмади. Яқинда яна такрорладик ва бу охирги имкониятимиз эканлигини ҳам урғуладик. Бу сафар ҳам амалга ошмаса, демак бирлашиш ҳақидаги гапларни йиғиштириб, ҳамма ўз йўлида давом этаверади. Натижа эса аниқ׃ 15 йилдан бери қандай бўлса яна худди шундай׃ БОТҚОҚЛИК!

Дунё зарралардан ташкил топган

САВОЛ׃ Бизнинг давлатимизда демократия томон ўзгариш бўлиши мумкинми? Мен ва менга ўхшаган инсонлар бу йўлда бирор иш қилишимиз мумкинми? Сизларнинг мақсадларингиз нима? АҚШда яшириниб юрган вақтингизда Ўзбекистонда аҳвол юмшаса, кейин бу ерга келиб, демократияни тарғиб этасизми? Нимадир қилиш керак эмасми? (Бахтиёржон).

ЖАВОБ׃ Ўзбекистонда демократия томон ўзгариш бўлиши мумкин. Лекин бугунги кетишда буни орзу қилмасангиз ҳам бўлади. Каримовдан кейин балки аста-секин демократияга йўл берилар? Лекин бу ҳам даргумон.  Буни англаган ҳолда сиз кабилар кўп иш қилишингиз мумкин. Зотан мамлакатнинг келажаги сизники ва сиз ҳозирданоқ бу ҳақда ўйламасангиз, четга кетиб, умрингизни мардикорликда ўтказасиз.

Назаримда сиз энг аввало Ўзбекистоннинг ҳеч бўлмаганда яқин тарихини билишингиз керак. Бу дегани Каримов режими ёзиб қўйган сохта тарих эмас, балки турли манбаларда турлича ёзилган тарих.

Ҳа, сиз бу режимга мухолиф бўлганлар орасидаги жиққа-мушт тортишувларга ҳам дуч келасиз. Қўрқманг ва ўқинг, кейин ўзингиз хулоса қилинг. Ўшанда сизга “Нима қилиш керак?” деган саволнинг жавобига олиб борадиган эшиклар ҳам очилади.
Мен  мажбуран четга чиққан, лекин яширинмай юрган ва Каримов режими ҳақида ҳар қандай фикрини ҳар қандай ҳолатда очиқ айтиб юрган саноқли инсонлар гуруҳидаман. Бу билан фахрланаман. Қўлимдан келган қадар бир ишлар қилмоқдаман.

Сиз Андижоннинг бир бурчидан туриб, менинг адресимни топганингиз ва саволингизни йўллаб, унга жавоб олаётганингиз ана шу ишнинг зарра қадарлик бўлса-да самарасидир. Агар ҳар биримиз ана шундай зарра қадар иш қилсак вазиятимиз бугунгидек бўлмас эди.

Бугун ҳамма кимнингдир нимадир қилишини кутмоқда. Бу аҳволда узоқ-узоқ йиллар кутилаверади ва ҳеч нарса бўлмайди. Токи ҳар ким ўзининг нимадир қилишни англаб олмаса, жамият қолоқ бўлиб қолаверади.

Мана сизга бир майдон׃ интернетга кириш имкониятингиз бор экан, унинг қаршисидаги вақтингиздан озгинасини демократияга сарфлаб, ўзингиз яшаб турган муҳитдаги вазият ҳақида хабар йўллаб туринг. Бу билан сиз Ватандан олисларда бўлган минглаб инсонларни ҳақиқий аҳволдан воқиф этасиз. Бу жуда катта иш бўлади.

Фақат илтимос, олдиндан бу иш учун пул талаб қилманг. Чунки бу ишлар пул билан қилинадиган масалага юз тутган нуқтадан бошлаб, биз ватанпарварга эмас, бизнесменга айланамиз. Зотан пул учун ёзадиганлар жуда кўп топилади.
Пул учун ёзадиганлар ёки мардикорларни камситиш, қоралаш ниятим йўқ.

Айниқса, мардикорликни пастга урмоқчи эмасман. “Марди кор”- ”Эркакнинг иши”, “Марднинг иши” дегани. Мардикорлик жуда оғир меҳнат ва айни пайтда мажбурийлик натижаси. Ана шу мажбурийлик сизни ҳам, қолганларни ҳам ўзига боғламасин учун сиз ҳам нимадир қилишингиз керак.

Унутманг, борлиқ-дунё зарралардан ташкил топган.

Қўрқоқлик белгиси

САВОЛ׃ Ҳукумат сайловни 2007 йилнинг 23 декабрига мослаб қўйган ва барибир ўшанда ўтказади. Бугундан бошлаб уни енгиш учун кампания бошлаш яхши. Ҳозиргача 4 та одам “президент бўламан” деб айтмоқда. Агар эртага сайлов бўладиган бўлса, сиз қайси биттасига овоз берардингиз? (Эркин).

ЖАВОБ׃ Бугун ўзбек демократик мухолифатининг ташқаридаги барча аъзолари тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳамманинг ягона статуси бор – ҚОЧҚИН! Шундай экан, уларнинг битта йўли бор: шахсий амбицияни йиғиштириб, ўзаро бирлашиб, бутун сиёсий, молиявий ва маънавий кучни мамлакатга сафарбар этиш, ичкаридан битта номзодни танлаб, диктатурага қарши туриш. Бу демократик умуммухолифатнинг бирлигига ҳам кафолатдир.

Акс тақдирда 2007 йил ҳам ўтади ва мухолифат тарқоқ, кучсиз, халқдан ажралган, Ватандан айро тушган, шахсий манфаатлари учун яшаётган бир неча кимсанинг атрофида уймалашган тўдаларга айланиб қолаверади.

Ана шу позицияга содиқ қолган ҳолда Ўзбекистон ичидан чиққан номзодга овоз берган бўлардим. Бугун Ўзбекистон ичида мухолифат сафларидан “Мен президентликка номзодман” деган мардлар чиқмоқда. Бу жасорат демакдир.

Мамлакат ташқарисида яшаб “Мен президентликка номзодман” дейиш эса қўрқоқликни кўрсатади. Чунки номзод панада ўтириб иш кўрмайди. Халқнинг олдида, ичида бўлиши керак.

Мамлакат ичкарисида туриб, “Мен президентликка номзодман” дейиш нега катта жасорат ва қаҳрамонлик белгиси? Чунки бу зулм машинасига юзма-юз қарши чиқишдир. Бундай одам ўз қаршисида жуда таҳликали воқеалар юз беришини кўзга олади. Шу жаҳатдан ҳам бундай одамга қойил қолиш ва уни қўллаб-қувватлаш керак.

Четдан туриб қилинадиган бошқа уринишлар эса, пайдо бўлган сўнгги умидларни ҳам болталаш ва Каримов режимининг жиноятларига шерик бўлишдан бошқа нарса эмас.

Имконият

САВОЛ׃  Бу менинг сизга биринчи марта йўллаётган мактубим. Ёшим 26 да , ўзим иқтисодчиман. 2 йилдан кўпроқ вақтдан бери Буюк Британияда таҳсил олмоқдаман ва 2 йилдан бери сизнинг сайтингизни мунтазам ўқиб тураман. Гарчи, сиёсатчи бўлмасамда, ҳали бу соҳада бирор бир иш қилолмаган бўлсамда, лекин сиёсатга қизиқишим, ҳар кун нимадир янги нарса ўрганишим ва қолаверса, соҳам сиёсат билан узвий боғлиқ бўлганлиги учун сизга мактуб ёзмоқдаман (аслида, савол йўлламоқчиман).
Ҳозирда, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати емирилиб бораётганлигини кўпчилик талқин қилмоқда, ҳаттоки Ўзбекистонда яшаётган кўпчилик одамлар ҳам шундай деб ўйлашмоқда. Сиз Ўзбекистонда демократик давлат қуриш учун тинимсиз кураш олиб бораётганлигингиз, мухолифатни бирлаштиришга ҳаракат қилаётганингиз ва шу ўринда одамлар ҳақиқий мухолифат деганда энг аввало сизни тушинишмоқда, чунки сиз буни исботлаб бўлгансиз, қолаверса 1991 йил, 30 сентябрдаги 7 сессияни ҳалигача одамлар унутишмаган. Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистондаги ҳукумат ҳам ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб бўлди (“армия кимнинг қўлида бўлса ҳокимият ўшаники, ҳеч ким бизга тажоввуз қилолмайди” қоидаси ҳукм сурмоқда). Сиз 2008 йилда барча имкониятларни ишга солган тақдирда ҳам Ўзбекистон демократик давлатга айланади деб уйлайсизми?

Диктатура (бу ерда айнан бир шахс назарда тутилган) боши берк кучага киритиб қўйган давлатни яна изга тушириш учун анчагина вақт кетишини ҳам биласиз, чунки худди шундай вазиятда 1991 йилда И. Каримов одамларни ишонтиришни уддалади, яни 90 йиллар охирларигача одамлар унга ишонишди (кейинчалик ишонтиришнинг бошқа йўлларини ўйлаб топишди -1999, 16 феврал).
Хўш, янги бўладиган ҳукумат халқни ўзига ишонтиролишига ишонасизми?

Айниқса, ҳозирги халқ кимнинг орқасидан эргашишниям билолмаётган пайтда.
Яни, демоқчи бўлганим, одамлар ҳукумат деган нарсадан, ёки “демократия” сўзини, худди шунчаки бир “қуруқ гап” деб уйлаб, ҳеч нарсадан умид қилмай қўйган пайтда. Масалан, мен ҳар йили Ўзбекистонга бориб тураман, шу ёзда борганимда ҳам кўрдим, ҳар доимгидек тўйлар бўлиб турибди, лекин қишлоқнинг деярли бутун эркаклари Россияда ёки Қозоғистонда. Шунинг ҳисобига тўйлар ва “жаноза”лар бўлиб турибди. Одамлар билан гаплашсам, кўпчилиги “оч қорним- тинч қулоғим” нақлини айтишади. Бундан келиб чиқадики, ҳукуматга ким келиши улар учун муҳим эмасдек вазиятга тушиб қолишган. Хуллас, ёзаман деса Жаҳонгир ака, савол ва муаммолар кўп, қолганларини кейинги мактубларда ёзармиз. Ҳурмат билан ШЕР.

ЖАВОБ׃ Журъат этиб биринчи мактубни ёзган одам кейингисини ҳам ёзади ва шунинг ўзи сиз каби ёш иқтисодчини ҳам бевосита бўлмасада билвосита сиёсатга бошлайди. Чунки сиёсат ва иқтисодни бир биридан ажратиш нотўғридир. Бу худди бош(сиёсат) ва қорин(иқтисод)ни биридан узишдек гап. Ленин шу йўлни танлаганди. Унинг издошлари-ю жумладан Каримов ҳам шу йўлдан бордилар. Шунинг учун ҳам сиз каби ёшлар ҳозирданоқ буни англаб олишларингиз мутлоқ ижобий ҳолатдир.

Менга жуда катта баҳо бериб юборибсиз. Бунинг учун раҳмат. Лекин мухолифат деганда жуда кўпчилик тушунилади. Каминани Каримовнинг ҳақиқий мухолифларидан бири десангиз буни қабул қилишим мумкин. Чунки  Ўзбекистонда “диктатура” дейилганда “Каримов”ни тушундим ва унга қарши курашни диктатурага қарши кураш деб билдим. Буни хато деганлар ҳам кўп.

Баъзилар вақтида Каримов номини ишлатмай “ҳукумат” деб ҳам кўришди, “давлат” деб кўришди, ҳатто “халқ” ҳам деб кўришди. Аммо бугунга келиб иллатларнинг илдизи Каримовда эканлиги уларга ҳам аён бўлди.

2008 йил ҳақида сўраяпсиз. У пайтда ҳали Каримовниг ўзи тахтда бўлар?  У тахтдан осонликча воз кечадиган одам эмас.

Хўп, фалакнинг чархи айланиб, Ўзбекистон демократия томонга юз бурди ҳам дейлик. Лекин 2008 да ҳам, 2010 да ҳам Ўзбекистон демократик давлат бўла олмайди. Бир режимдан унинг акси бўлган режимга ўтиш учун жуда машаққат. Бу йўл узоқ ёки яқин бўлиши сизнинг авлодга, сиз каби демократияни англаб етганларнинг оз ёки кўплигига боғлиқ.

Бугунги мухолифат ёшини яшаб, ошини ашаб бўлган, унинг ҳокимиятга келишидан умидим йўқ. Шунга қарамай уларни жунбушга келтиришга уриниб, Ўзбекистоннинг келажагини қутқазадиган ёшларга бизнинг авлод қилган хатоларни такрорламасликни уқтириб тураман. Бугун ҳукуматнинг қора ишларига ва мухолифатнинг жанжалларига аралашмай турган ёшлар жуда кўп ва ишонч уларда.

Энди халқ масаласига келсак. Минг йиллардир зулм остида ушлаб турилган халқдан бир ўзгариш келади, деб ўтирсангиз, яна минг йил кутасиз. Аслида ҳеч қачон ўзгаришларни бутун халқ амалга оширмаган. Унинг жуда оз қисмигина буни уддалаган ва қолганлар шу билан муроса қилганлар.

Гап ана ўша оз қисмдан чиқадиган лидерларда. Агар уларнинг кўнглида халқ деган ҳикмат ётса, демак халқни ҳаракатга келтириб, унга унинг ҳақларини берадилар. Агар кўнгилларида “ўз”лари ётган бўлса, бу халқнинг ҳақларини ўзлаштирадилар. Иккинчиси Шарққа хосдир ва шунинг учун ҳам ҳатто демократлар ҳам якка лидер билан эмас, лидерлар командаси билан иш тутишни намоён этсалар уларга ишониш мумкин.

Энди халқни ишонтириш масаласига келсак, халқ ҳамма нарсага бир муддат ишонади. Каримовдан кейин келадиган ҳукумат(Агар мўъжиза рўй бериб ИАК кетса!)нинг у ҳатто унинг хос одами бўлса ҳам халқни ишонтириш учун битта йўли бор – у ҳам бўлса Каримовни қоралашдир. Ана шу пайтда демократик мухолифатга қисман йўл очилади ва жамиятни тўғри йўлга буриш имконига эга бўлади деб ўйлайман.

Умид

САВОЛ׃ Бир қанча ОАВ лари И.Каримовнинг президентлик муддати шу йилнинг 22 январида тугаши ва ундан кейин ўз лавозимида қолиши ноқонуний бўлиб, конституцияга зид эканлиги ҳақида хабар тарқатмоқдалар. Бу ҳақда сизнинг позициянгиз қандай? (Эркин).

ЖАВОБ׃ Бу ерда Каримов келган кунидан буён қабул қилинган қонунлар ва Конституцияга киритилган ўзгаришлар ҳақида ёзсам, узундан узоқ мақола бўлади. Шу нарса аниқки, Каримовнинг атрофида қонунчиликни яхши биладиганлар ва қоғозда уни қандай қилиб дунё андозаларига мослаб қўядиган “фидойилар” анчагина. Улар бошқа масалаларда қовун туширсалар ҳам бу масалани пишитиб қўядилар. Чунки буни нафақат Каримовнинг, балки ўзларининг ҳам тақдирлари деб биладилар.

Шахсий фикрим шуки, Каримов бир гуруҳ гумашталари билан узоқ йиллардан бери ҳокимиятни босиб олган ва уларнинг яқин орада қайтариб бериш ниятлари ҳам йўқ. Шунинг учун фалон куни унинг муддати тугайди деб байрам қила олмайман. Лекин золимнинг зулми абадий эмас, бир кун алббатта бадном бўлади ва йўқолади деб умид қиламан. Ёмонлик боқий эмас!

Исми жисмига мосми?

САВОЛ׃ Одатда инсоннинг феълига, хулқ-атворига, одоб-ахлоқига, қилаётган ишига қараб тавсиф беришади. Баъзан унинг исмига қараб ҳам: “Исми жисмига мос” дейишади. Ота-оналар ўз фарзандларига ният қилиб турлича исм қўядилар, масалан, ўғлим жаҳонгашта бўлсин деб Жаҳонгир, бахтли бўлсин деб Бахтиёр ёки гулдек очилиб юрсин деб Гулбаҳор, Лола ва ҳоказо.

Лекин кўп ҳолларда ҳаётда ўша инсонларнинг ўз исмларига нисбатан тескариси ҳам бўлиб туради. Эркин Халилов, Эркин Воҳидов, Эркин Самандаров, Эркин Аъзамов, Эркин Шайхов, Эркин Рўзиев, Эркин Ҳайитбоев… Бу инсонлар ҳақида бирон фикр билдира оласизми? (Ҳурмат билан Эркин).

ЖАВОБ׃ Ўзбекнинг кўп одатлари бор. Турли ният-орзулар билан боласига исм қўйиш ҳам ана шу одатларидан бири. Инсон орзуси ҳамма вақт ҳам ушалмагани каби бу борада ҳам унинг орзулари чил-чил синган пайтлар кўп бўлган ва бўлаверса керак.

Акс тақдирда исми Ислом бўлиб, ўзи ислом душмани бўлармиди?

Ёки исми Шавкат бўлиб, ўзи бешавкат бўлармиди?

Ёки исми Гулнора бўлиб, ўзи бағри тошпора бўлармиди?

Сиз номларини санаган одамлар ҳам ҳаминқадар!

Менимча, сиз исмингиз Эркин бўлгани учун бу инсонлар билан қизиққансиз ва уларни яхши танийсиз ёки “ИАК” китобимни ўқиб чиққансиз. Бу китобда шу одамлар ҳақида етарли қадар маълумот бор.

Яқинда икки қисмлик бир китоб ёзишни бошладим. Биринчисида журналистика, адабиёт, маданият ва сиёсат жабҳасида бевосита ёки билвосита таниганларим, уларнинг менга маълум фитратлари ҳақида гап борса, иккинчисида менга яхшилик қилган шахслар ва шахсиятлар, қариндошларим, яқин дўстларим, оддий одамлар, танишларим ҳақида билганларимни ёзмоқчиман. Бу билан келажакнинг тарихчиларига озми кўпми ёрдам қилган ҳам бўламан. Балки сиз эслатган каби, исмларга ҳам алоҳида эътибор беришимга тўғри келади.

АҚШ Ўзбек мухолифатини йирик молия билан қўлламайди

САВОЛ׃ Ўзбек мухолифати моддий ёрдамга муҳтож. Агар иқтисодий ёрдам бўлса, жуда кўп иш қилиш мумкин. Гарчи мухолифат лидерлигига даъво қилмаслигингизни очиқ ёзган бўлсангизда бутун мухолифат манфаати учун шу масалани АҚШда кўтарсангиз бўлмайдими? (Шуҳрат).

ЖАВОБ׃ Жуда кўп одам шундай фикрда. Гапнинг пўсткалласи шуки, АҚШ ҳукумати ва бу ердаги ноҳукумат ташкилотларнинг бугунги Ўзбек мухолифатидан умидлари йўқ. Умид бўлмагандан кейин катта миқдорда молиявий ёрдам ҳам бўлмайди.

Нега умид йўқ? Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Биринчидан, бугунга қадар “ЭРК”, “Бирлик” ва “Озод деҳқонлар” – “Қуёшли Ўзбекистон”га берилган грантлар ўзини оқламади. Масалан, Миллий демократия фонди “Ҳаракат” журналига деб йиллардир грант бериб келмоқда. Биргина 2005 йилда шу мақсадга мазкур фонд 92 минг 830 доллар берган. 112 минг 298 доллар эса инсон ҳуқуқлари учун ажратилган.(Бу маълумотлар мазкур фонднинг сайтидан). Аслида бу катта пул эмас. Лекин Абдураҳим Пўлатов еб ётиши учун етарли!

Бу грантлар олингани ҳолда, умум иши ўлда-жўлда қолганини ҳамма кўриб турибди. Ваҳоланаки, бугун ҳеч қаердан пул олмасдан ҳам “Ҳаракат”дан кўпроқ иш қилаётганлар бор.

Бошқа фондлардан олинган грантлар ҳам гулдир гуп, пилдир-пис! Америкаликлар жуда маданиятли халқ. Юзингизга кулиб қўйишади, аммо ҳамма нарсани билишади.

Бугунга қадар юқорида номлари саналган партиялар, уларнинг қошидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари-ю уюшмалари олган грантлари қаерга ишлатилгани ҳақида умуммухолифат бир томонда турсин, ўз аъзоларига ҳам ҳисоб берганлари йўқ.

Табиийки, улар пул олган идораларига расмий ҳисобот топширганлар. Лекин бу ҳисоботларга ҳам америкаликлар кулиб қўйишган ва аста-секин ёлғончилардан ихлослари қайтиб, грантлар миқдорини тобора камайтириб боришмоқда.

Иккинчидан, ўзбек мухолифати Каримовга қарши алтернатив сиёсий куч эмас, балки бир-бирига қарши куч эканлиги қай этилади. Бунда ҳам америкаликлар адашмаган. Шунга қарамай улар мухолифатни тўғри йўлга йўналтиришга уриниб кўришди. “Лидерман” деганларини бирма-бир чақириб гаплашишди. Улар америкаликларни алдашга тиришдилар. Охир оқибатда ўзларини алдадилар ва бугунга келиб, назардан қолдилар.

Учинчидан, бугун ўзбек мухолифати “лидер”лари яна америкаликларни алдашга сидқидилдан уринаётганлари эътироф этилмоқда. Дастлаб Муҳаммад Солиҳ ғайридемократик йўл билан америкаликларга ўзини президентликка номзод сифатида тақдим қилишга киришди. Кейин уни аёвсиз танқид қилиб келган Абдураҳим Пўлатов ҳам айни куйга тушиб, америкаликлар наздида “номзод” бўлиб кўринишга интилгани уларни жиддий ўйлатади ва яна кулиб қўйишади.

Муҳаммад Солиҳнинг 1991 йилда қўлга киритган “номзодлик” қартаси ўтган 15 йилда унга кўп иш берди. Кирган жойидан бир нарса ундириб чиқди. 15 йилда мухолифатга деб ҳар ёндан берилган пулларнинг миқдори миллионларга бориб етди. Натижа эса нолга тенг!

Бугун Абдураҳим Пўлатовга тинчлик бермаётган нарса ана шу. Аслида у аҳмоқ эмас׃ бугун Ўзбекистонга боришга юраги бетламайди ва расман номзод сифатида сайловда қатнаша олмаслигига ҳам ақли етади. Аммо номзод сифатида тан олинишини жуда ва жуда исташидан мақсад М. Солиҳнинг қўлидан эски “қарта”ни олишдир. У бир пайтлари номзод бўлмаганидан жуда афсусда эканлиги ва М. Солиҳда алами борлиги очиқ сезилиб қолмоқда.

Тортиб олди ҳам дейлик. Аммо билмайдики, у “қарта” эскириб, жулдури чиққан ва энди америкаликлар бў ўйинга кирмайдилар. Буни ҳам билади. Лекин мақсади бугунга қадар олиб келаётганини сақлаб қолишдир.

У ҳали Конгрессда ва ҳали бошқа жойларда АҚШ ноҳукумат ташкилотларини бурчакка қўйиб, “чўнтак”ларидан пул чиқаришга зўрлайди. Улар жанжаллашиб юрмаслик учун чойчақалик бериб турадилар. Каттароғини беролмайдилар ҳам. Чунки берувчиларнинг ўзлари ҳукуматдан грант олувчилардир.
Уларга берадиганлар эса, бугун дунёда Ўзбекистондан ҳам муҳимроқ ишлар борлигини, қолаверса, Каримов режимига қарши алтернатив сиёсий куч йўқлигини айтадилар.

Буни билган эски “лидер”лар Авропанинг эшикларини қоқмоқдалар. Лекин билмайдиларки, Авропа ҳам Американинг оғзига қараган.

Бу аҳволдан чиқиш йўли битта׃ сиёсий майдонга самимият билан чиқиш, ўзаро жанжалларни йиғиштириб қўлни-қўлга бериш, бирлашиб, катта кучга айланишдир. Ана ўшанда халқингизга хизмат қиласиз, гадойга ўхшаб Америка ва Авропанинг эшигини қоқиб юрмайсиз, уларнинг ўзлари сизни қидирадилар.
Бу оддийгина ҳақиқатни бизникилар тушунишни истамайдиларми? Тушунганда қандоқ?! Лекин уларга чой чақа бўлса бас! Бир ривоятдаги каби, шоҳга теккан гадой аёл оёғининг остида хазина турганига қарамай, токчаларга қотган нон қўйиб, ўшани териб юрганидек гап бу!

Битта хўрозқандни минг кишига шумитиш

САВОЛ׃ Ўзбекистонда матбуот эркинлиги йўқ, деб жар соласизлар, мана инқилобий мақолани чоп этган “Адвокат пресс” газетаси ўрнига “Ҳимоя-жараён” газетаси рўйхатдан ўтди. Ҳатто ўша мақолани ёзган муаллиф ўзини газетада сақлаб қолди. Бўлар экан-ку! Гап ўзларингизда, ҳаракат қилмайсизлар, ҳаракат қилса ҳамма ишни қилиш мумкин. Шундай эмасми? (Шоислом).

ЖАВОБ׃ Албатта, Ўзбекистондаги диктатура нима эканлигини, унинг фитратини билмаган, тушунмаган одам учун мана шундай фактлар оламшумул воқеа бўлиб кўринади. Бундан олдин ҳам ёзган эдим, бундай одимларни ҳукумат худди сиз кабилар учун отади ва 15 йилдан бери қандай “нишон”га урган бўлса, яна урмоқда. Каримовнинг “битта хўрозқандни минг кишига шумитиш сиёсати”ни тушуна олмаганлар маъруз тутасиз-у қандай қилиб бошқа нарсаларни англашлари мумкин?

Сизнинг мантиғингиздан келиб чиқадиган бўлса, “Бирлик”нинг бўлими – “Эзгулик” деган инсон ҳуқуқлари ташкилоти расман рўйхатга олинган. Қолганлар олинмаган. Демак, айб қолганларнинг ўзида, улар ҳаракат қилмаган, интилмаган, шундайми?

Агар “Ҳимоя-жараён” рўйхатга олинган бўлса, демак қолганларнинг ўзлари айбдор? Улар ҳаракат қилмаганлар, бу-сизнинг мантиғингиз. Бу-ўзбекни бугунги аянчли аҳволга туширган мантиқ.

15 йилдир Каримов бир одим отмоқчи бўлса, кимларгадир битта “хўрозқанд” беради. Мухолифат ичида Каримов томонидан авф этилганлар анчагина. Уларнинг тарихларини ўрганиб кўринг. Каримов ё Вашингтонга бориш олдидан ёки БМТдаги муҳокама арафасида ё бўлмаса Ўзбекистонга келадиган олий мартабали ҳайъатни қабул қилишдан олдин… уларни озодликка чиқарган.

Бу сафар эса Ўзбекистонда ҳали яқиндагина эълон қилинган Матбуот ҳақидаги қонун шундай ҳам обрўйи чил-чил бўлиб турган Каримовни кескин танқид қилиш учун жиддий асос бўлди. Шундай пайтда дунёга очилиш учун “сиёсий ислоҳотлар қилмоқчиман” деб жон-жаҳди билан “жанг” қилаётган Каримов битта газетани рўйхатдан ўтказиб, лаққатушарларнинг оғзига урди. Лекин келажакда бу нашрнинг ҳам баҳрида ўтади.

Яна бир марта маъзур тутасиз, агар гапим аччиқ ботса, олдиндан узр сўраган ҳолда дилимдагини юзингизга айтаман׃ бутун матбуоти бичилган, ҳатто интернет ҳам ахта қилинган Ўзбекистонда агар “матбуот эркин, айб ўзларингда” дейдиган бўлсангиз, бу нафақат сиёсий сўқирлик, балки руҳий хасталик белгиси ҳамдир.

Улар ярашолмайдилар!

САВОЛ׃ Жаҳонгир ака сизни ҳамма ёзганларингизни диққат билан ўкиб бораман. Агар саволимга жавоб берсангиз хурсанд бўлардим. Жавоб беришни истамасангиз ҳам жонингиз соғ бўлсин. Жаҳонгир ака Муҳаммад Солиҳ АҚШга борганида Абдираҳим Пўлатдан “кечирим сўрадим” деб “Озодлик ” радиоси орқали айтди ва буни биз эшитдик. Ростдан ҳам А.Пўлатдан кечирим сўрадимми ёки ёлғон гапирдими М. Солиҳ? Агар чиндан ҳам “кечирим” сўраган бўлса нега ҳалигача бир-бирига қус? Ахир улар ўзбекча оддий қилиб айтганда, бир-бирининг отасини ўлдиргани, йўк-ку? Нимага икки лидер ярашмайди? Балки ярашса Ўзбекистон учун бир нималар ўзгарар, сиёсий майдонда.Сиз нима дейсиз бунга? Ва сиз ҳакикатдан ҳам шоҳид бўлдингизми “кечирим” сўраганига. Ўша фотосуратда сиз ҳам бор эдингиз.(Сила).

ЖАВОБ׃ Бу ҳақда илгари ёзмоқчи бўлгандим. Лекин яна жанжал бошланиб кетмасин, деган фикр билан ёзмагандим. Ўшанда Андижон қирғинидан кейин бу учрашувни биз жуда захматли музокаралар билан ҳозирлаган, А. Пўлат ва М. Солиҳни жуда қийинчилик билан битта стол атрофига келтирган эдик. Агар кўнгилда бирлашиш умиди бўлганда ўшанда, Андижон фожеасидан кейин мажбурият пайдо бўлганди.

Ўша кунги мажлисимизга М. Солиҳ Нью Йоркдан келди. А. Пўлат ва Васила Иноятова ҳам келишди. Энди мажлисни бошлаб, кун тартибини музокара қилаётгандик-ки,  Авазхон Мухторов, Турсунпўлат Назаров ва Илҳом Исоқов кириб келишди.

Ҳамма ўрнидан туриб, улар билан кўришаётган эди, бирданига Авазхон Мухторов ва Абдураҳим Пўлат орасида бир-бирини кескин равишда ҳақоратлаш бошланиб кетди. “Сотқин”, “Лўли” каби калималар, онангни-отангни каби сўкинишлар, оз қолсин бир-бирига нарсаларни отишга қадар етиб бораёганди.

Авазхон Мухторовнинг қўлидан Абдураҳим Пўлатовга қарата улоқтирилмоқчи бўлган видеокамерамни аранг олдим. Кўпчилик ўрнидан туриб, ташқарига чиқди.
Очиғини айтиш керак, М.Солиҳ ва В. Иноятова жанжалга аралашмай, оғирлик қилиб, ўринларида ўтираверишди. Анчадан кейин мажлисни қайта бошлашга муваффақ бўлдик. Аммо асаблар бузилган, гаплар пичингбозлика айланиб қолган эди.

А. Пўлат “Василани кузатишим керак” деб кетиб қолди. М.Солиҳнинг ундан кечирим сўраганини эшитганим йўқ. Менимча, кечирим сўраганда ва биз эшитмай қолганимизда ҳам бугунга қадар А. Пўлат бу ҳақда жуда кўп гапирган ва ёзган бўларди.

М. Солиҳ ўшанда Нью Йоркда Фарғонанинг собиқ прокурори Авазхон Мухторов билан бирга Бирлашган мухолифат коалицияси тузилгани ва ўзи унга раис бўлганини, 51 та ташкилот қўшилганини  эълон қилди. Бу ҳақдаги баёнот турли тилларда ҳамма ёққа тарқатилди. “Бирлашиш” мана шундан иборат бўлди.

Каримовдан юққан касаллик

САВОЛ׃ Каримовни танқид қилсангиз-чи! Бу мухолифат ичида бир-бирига мағзава тўкиш қачон тўхтатилади? (Ҳотам).

ЖАВОБ׃ Бугунга қадар Каримовни қилган танқидим ёнида мухолифат ҳақида айтганларим уммон ва зарра каби, яъни юзга нисбатан бирдан ҳам оз. Ваҳоланки, бугун мухолифатнинг Каримов билан бирга “эгар”га минган “лидер”ларининг Каримовдан ҳеч қандай фарқи йўқ. Каримов ҳам сайловларсиз “лидер” бўлиб ўтирибди, булар ҳам. Солиштирсангиз мос келадиган жойи мингта. Танқид қилсанг, “фитна”, “иғво”, “эскиларни ковлаш”, “мағзава ағдариш” дейишади. Танқид қилмасанг, 15 йил расво бўлганидек, яна 15 йил ботқоққа ботади.

1990 йилларнинг бошида “Халқ сўзи” газетасида “Марказий Универмаг” ёнида саҳардан бошлаб одамлар турнақатор туришгани суратини бергани учун Каримов Бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторовни танқид қилар экан׃
-Бунақа иғво, фитнага қараб туролмаймиз. Вақтида зарба берамиз. Мағзава тўкиш билан жамият ўзгармайди. Уйдаги камчиликни кўчага олиб чиқиб, дастурхон қилмаслигимиз керак. Танқидга қарши эмасман. Лекин ҳамма нарсанинг вақти бўлади. Ҳозир биринчи навбатда мустақилликни мустаҳкамлаш керак. Шундай пайтда одамларни чалғитиш жиноятдир,-деган эди.

Бу ҳамма камчиликларни “босди-босди қилиш” сиёсатининг бошланиши эди. Аста секин халқ ҳам шунга ўргатилди. Бугунга келиб, камчиликлар ҳақида гапирган одам кўзимизга балодек кўринади.

“Бирлашиш олдидан мухолифат ичида ўзаро танқидларни бас қилайлик”, деб қилинган чақириқлардан кейин анча вақт “лидерлар” ҳақида ёзмадим. Аммо танқид қилмаслик уларга яна кибру ҳаво берди ва улар яна ўзларининг ёлғонларига қайтишди. Биттаси “51 та ташкилотнинг раҳбариман” деб жар солса, иккинчиси “Ҳамма менинг қанотим остида бирлашмоқда” деб бақира бошлади. Бу бирлашиш эмас, балки парчаланишдир. Шундай пайтда ҳам индамай турсангиз, ҳеч нарса ўзгармайди. Яна 15 йилдан кейин хорижда ҳали ҳам бирлашиш ҳақида гапириб юрган бўласиз.

Бугун бутун мухолифат аъзолари очиқчасига ўз сўзларини айтиб, уларни кескин танқид қилиб, бу йўлдан қайтарсаларгина бирлашиш сари хизмат қилган бўладилар. Лекин бундай ҳолни кўрмаямиз. Ўртада эса, Каримовдан теккан касаллик ҳукмрон. Бу касалликнинг номи “Камчиликларни хаспўшлаш”дир. Қанча хаспўшласа, шунча сасиб кетишини ҳамма билади ва ҳамма индамайди. Ўзбекистондагиларнинг ҳам, ташқаридаги мухолифатнинг ҳам фожеаси мана шунда!

Ҳар ким қўлидан келадиган ишни қилиши керак

САВОЛ׃ Жаҳонгир ака, нима сабабдан лидерлика даъвогар эмасман, деб айтмоқдасиз. Менимча, аслида лидерлик томон интилмоқдасиз-ку?!(Араббой).
ЖАВОБ׃ Йўқ, ҳеч қачон бундай иддао менда бўлмаган ва бугун эса асло ҳам йўқ. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Бу орқаваротдан айтилган гап эмас, буни очиқ ёзиб келмоқдаман.

Сабаби қуйидагилар׃

1.Бугун лидер бўлиш учун иккиюзлик, балки еттиюзлик бўлиш керак. Чунки фақат шундайларга, уларнинг ёлғонларига ишонадилар. Бу эса менинг қўлимдан келмайдиган иш.

2.Бугун демократ лидерни эмас, столни муштлаб урадиган, қаттиққўл, саволларга жавоб бермайдиган, халқни менсимайдиган, уни алдайдиган, уни қўлланадиган, ҳаққини ейдиган ва адолатни оёқ ости қиладиган раҳбарни ёқлашади. Бу ҳам менинг қўлимдан келмайди.

Кимдир ундай, кимдир бундай дейиши мумкин. Аммо Каримов режимининг қўлидан демократия дея манқуртликни еганлар ҳақиқий демократиядан жуда узоқларда қолдилар. Бугун ҳар қандай лидерликдан кўра ана шу одамлардан ҳеч бўлмаса, бир қанчасининг зеҳнини тозаламоқ каттароқ мансабдир, фойдали ишдир. Бу эса қўлимдан келади.

Ҳар ким қўлидан келадиган ишни қилса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қийнамайди. Қўлидан келмайдиган ишга бош урганларнинг шармандали ҳолларини кўриб турибмиз.

Каримовни таниймизми?

САВОЛ׃ Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи борасида жуда кўп ва жуда турлича фикрлар айтилмоқда. Бунчалик қизиқишнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? (Ғайрат).

ЖАВОБ׃ Бу саволга жавоб “Каримовни танийсизми?”, деган саволнинг жавобида яширинган. Лекин бунга ҳукумат ичида ҳам, мухолифат орасида ҳам жуда оз одам жавоб бера олади. Чунки Каримовнинг кимлигини ўрганиш, унинг режаларини тахмин қилиш, отадиган одимларни билиш учун энг аввало ундан қўрқмаслик керак. Бунақа одам эса, анқонинг уруғи. Бу Каримовга қўл келди, қўл келмоқда ва қўл келади.

Айтганингиздек, Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифини ҳамма ҳар турли баҳолади׃

-Покистон ҳам Ўзбекистоннинг нефт-газига ошиқ… (“Озодлик”)

-Иқтисодий ҳамкорлик… (Рус ва Марказий Осиё давлатлари нашрлари)

-Каримов мусулмонлар яшайдиган ва дин давлат назоратида бўлган мамлакатлар билан алоқани мустаҳкамламоқчи. Россия Бош вазири сафари яхши ёритилмай Покистон Бош вазири ташрифига матбуотда алоҳида ўрин берилди..(Узметроном).

Қаердадир Покистон АҚШнинг ҳамкори бўлгани учун Каримов бундан ички сиёсатда фойдаланмоқчи, деб ёзишди. Бошқа бировга кўра, Каримовда Тоҳир Йўлдошни ушлаб келиш орзуси жўш урмоқда ва ҳоказо ва ҳоказо.
Айтдим-ку! Каримовни танимаймиз. Агар таниганимизда унинг мақсадини дарҳол топган бўлардик.

Каримов учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлиги-ю Покистоннинг ким биландир шериклиги, ҳаммаси бир тийин. Уни безовта қилган масала бошқа׃ у тинмай олаётган тадбирларига қарамай, ўзбекистонликлар турли йўллар билан бориб, Покистонда ин қурган террористик ҳаракатларга қўшилаётганидир.
Каримов ўзини ҳали дунёнинг у ерида, ҳали бу ерида “томоша” кўрсатаётган “бинладенчилар”нинг рўйхатида деб билади. АҚШнинг ёрдами билан Ўзбекистон Исломий ҳаракати таҳликасидан қутулиб қолган Каримов учун бугун Россия ёки Хитой ўзини ўтга ташламайди. Бунинг устига агар Покистон ҳукумати изн бермаса, бу кучлар унинг ҳудудларида юра олмасди, деб ўйлайди. Чунки Каримов истамаса, Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи Ўзбекистонда қола олармиди?! Каримовнинг мантиғи мана шундан келиб чиқади. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Шунинг учун ҳам унга Покистон ҳукумати билан яхши бўлиш жуда муҳим. Бу масаланинг битта жиҳати. Лекин Каримов бир ўқ билан икки қуён уришни кўзлайдиган махлуқ.

Демак, иккинчиси, бу энг муҳими – мамлакат ичига қаратилган. “Ҳов кўрдингми, Покистон ҳукумати ҳам менинг қўлимда, менинг дўстим, у томонларга борсанг, онангни кўрсатаман” дегани бу. Худди мана шунинг учун ҳам Ўзбек матбуотига бу сафарни фавқулодда кенг ёритиш топширилди. Токи Каримовнинг плани ҳамманинг калласига сингсин!

Душманлар ҳақида

САВОЛ׃ Кузатишларимга кўра сизга душманлик қилаётганлар ҳам бор экан. Бу дунёда душмансиз одам бормикан ўзи? (Фарида).

ЖАВОБ׃ Биласизми, қадимда бир золим шоҳ бўлган экан. Унинг даврида дарёларда қон оқар, қамчилардан жон узилар экан… У шунчалар золим экан-ки, бирор киши ҳам унга бу қилмишлари яхши эмаслигини айтолмас экан. Шундай кунларнинг бирида Ҳотамтойнинг йўли унинг ўлкасига тушибди. Халқнинг азоб уқубатларидан ларзага тушган Ҳотамтой саройга қараб йўл олибди ва шоҳни одилликка чорлабди. Шунда шоҳ׃

-Сен халқимни танимас экансан, унинг еттидан етмиш яшарига қадар мени ўзига дўст деб билади. Сен бегонасан, сени душман деб билади. Ишонмасанг ана Девонбеги билан халқ ҳузурига чиқинглар,-дебди.

Девонбеги ва Ҳотамтой қаерга боришмасин халқ шоҳни дўст дея улуғлаб Ҳотамтойни душман дея ҳақоратлабди.

Саройга қайтишганда Ҳотамтой шоҳга׃

-Улар Девонбегидан қўрққанларидан бир нарса дея олмадилар,-дебди.
Шунда шоҳ׃

-Ундай бўлса, тунда жанда кийиб чиқингиз,-дебди.

Яна Девонбеги ва Ҳотамтой қаерга боришмасин ва кимдан сўрашмасин ҳамма Ҳотамтойни лаънатлабди. “Агар у бизга дўст бўлганда бизни шундай қийин шароитга қўярмиди? У бегона-да, бизни билмайди-да, бизда нима қасди бор унинг?” дейишибди.

Саройга қайтишганда шоҳ яна Ҳотамтойни изза қилибди.
-Бечора халқ, икки кишидан бири жосус бўлиши мумкин, деб ўйлаб чекаётган азоб-уқубатларидан сўз очмади,-дебди Ҳотамтой.

Шунда шоҳ׃

-Бўлмаса бор, ўзинг сўра, қани нима дейишади?- дебди.

Ҳотамтой кўчага чиқса, ҳамма ундан юз буриб, узоқроқдан юрар, баъзилар эса минғирлаб уни сўкишибди. Бунинг сабабини сўрайман деса, уни тошбўрон қилишибди. У қонга беланиб ётганда бир дарвеш унинг ёнига келиб׃

-Кўрдингми, кимнинг душмани кўп,-дебди.

Ҳотамтой дарвешнинг овозидан танибди. Бу ўша шоҳ экан. Жанда кийган шоҳ. Халқ золим шоҳнинг ана шундай кезиб юришларини билар ва юрак олдириб қўйган экан.

Кўрдингизми, душман ҳар хил бўлади. Каминани сўкиб юрадиган исмсиз-жисмсизларга қараб шундай деяётган бўлсангиз, у ҳолда аниқ биламан, дўстларим душманларимдан кўп. Қандай биламан-ми׃ душманларим номларини яширадилар, дўстларимнинг эса номлари аниқ.

Ҳатто Худонинг ҳам душмани бор-Шайтон, иблислар ва ҳатто баъзи одамлар…

Пайғамбарларнинг ҳам душманлари бўлган. Тошбўрон қилганлар, қувғин этганлар, хачга тортганлар…

Ҳар қандай оддий одамнинг эса, табиийки, душмани бўлади. Чунки ўртада ҳасад, кўраолмаслик, англашилмовчилик, тарафкашлик, мансаб ва манфаатпарастлик, тобелик ва муридлик каби минг-минг душман ясовчи “компонент”лар бор.

Саволингизга жавоб ана шундан келиб чиқади. Лекин бу у қадар аҳамият берадиган нарса эмас. Қўйинг, душманлар ҳам бор бўлишсин. Бунинг фойдаси йўқ эмас. Ҳушёр бўласиз, номаъқулгарчиликлардан узоқ турасиз, лоқайд бўлиб қолмайсиз, ёлғизлик қурбонига айланмайсиз, кураш ҳиссини йўқотмайсиз…

Туркия модели?

САВОЛ׃ Ўзбекистонга Туркия модели тўғри келади деган гапларни айтишмоқда. Туркия модели ўзи нима? (Сухроб).

ЖАВОБ׃ Агар Туркияни яхши билмаган одам шундай бир гапни айтса, уни тушунаман. Чунки ҳали Туркияни яхши билмаган пайтларимда мен ҳам шундай деб ўйлардим. Аммо Туркияни ичдан ва ташдан яхши билган одам бу гапни айтса, у ҳолда сиёсий чайқовчилик бўлади. Нега?

Туркия заиф парламент, заиф бош вазир, заиф президент, заиф қонунлар, заиф халқ ва КУЧЛИ АРМИЯ бошқарувидаги давлатдир.

Гап бу ерда аҳолисига нисбатан Туркия дунёдаги энга катта армияга эга эканлиги ҳақида бораётгани йўқ. Гап мамлакатни бошқариш ҳақида бормоқда. Туркияни том маънода ҳарбийлар, хавфсизлик кучлари бошқаришади. Яқин ўтмишда агар сиёсатчилар қулоқ солишмаса, давлат тўнтариши қилиб, уларни дорга тортишган. Шундан бери дорга тортилмаслик учун сиёсатчилар ҳарбийларга қулоқ солишади.

Агар улар халқ томонидан сайланган Бош вазирга, “кет” ишорасини қилишса, бош вазир дарҳол истеъфо беради.

Гап шундаки, Туркиядаги ҳарбийлар асосан дунёвий миллиятчилар орасидан етиштирилади ва демократик давлатларда таҳсил оладилар. Улар диндан узоқ турадилар ва дунёвий тузумни ҳимоя қиладилар. Бугун Туркияда демократия, сўз эркинлиги ва ҳоказолар қонунларда белгилангани учун эмас, балки ҳарбийлар шундай истаганлари учун мавжуд.

Бу эркинликларнинг чегарасини ҳам ҳарбийлар миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан дея чеклай оладилар. Агар ҳарбийлар шундай тутиб турмасалар Туркия деган давлатдан парча ҳам қолмаслиги мумкин. Чунки Туркияда халқ кескин фарқ қиладиган қутбларга бўлинган, жиддий муаммолар билан юзма-юздир. Бу эса доим парламентда ўз аксини топади, яъни ҳамма ҳар томонга тортади ва қонунлар заифлигининг боиси ана шунда.

Туркия парламенти бир нечта турли қарашдаги партиялардан ташкил топгани учун аксарият овоз талаб этилган нуқталарда оддийгина қонунларга ҳам ўзгартириш кирита олмайдилар.  Бир кун келиб қайсидир бир куч ҳукмронликни қўлга олиши ва ҳарбийларни тизгинлаши ҳам мумкин. Лекин бу Туркия тўла демократик шароитга кўчди дегани эмас. Аксинча бу ҳол борини ҳам йўқотишга заминдир.

Туркия моделини Ўзбекистонга тадбиқ этадиган бўлсангиз, бунинг бугунги режимдан фарқи жуда оз бўлади.

Наҳотки бу бир тасодиф эди?

САВОЛ: Сиз, мард бўлсанг, асл исминг билан ёз дейсиз. Лекин мен мақола ёзаётганим йўқ, шунчаки савол йўлламоқчиман. Бунинг учун мени номардга чиқармассиз ва умид қиламанки жавоб ёзарсиз. Очиғини айтсам, сайтингизни биринчи кириб, баъзи ёзувларига кўз югуртирганимда умуман менга маъқул бўлмаган. Мақолаларнинг бари Microsoft Word дастурида ёзилиб, дизайнга ҳам аҳамият берилмай жойлаштирилгани ғазабимни келтирганди. Сабаби мен интернет технологиясини яхши тушунаман, шунинг учун ҳам ҳозир, Сизнинг исмингиз ва бошқа “УчҚулоқ”лар кўз тикадиган сўзларни ишлатмасдан ёки улардан бузиб фойдаланган ҳолатда савол йўлламоқчиман. Чунки улар бу сўзлар қайси вақтда, қаердан қаерга жўнатилганлигини, қизиқсалар уйимнинг манзилини ҳам билиб оладилар. Ҳозирча уларга қарши курашишга қурбим етмайди. Шунинг учун шундай усул қўлладимки, сиз қайси почтадан хат келганини билолмаганингиздай, УЛАР ҳам қайси IPдан чиққанимни била олишмайди. Жуда қаттиқ киришсалар ўзларининг IPси чиқади, холос.

Сайтингизга биринчи кирганимда (бундан уч йилча олдин) “Бошчи”мизнинг сиёсатини ҳам, унга қаршиларнинг фикрини ҳам маъқулламас эдим. Бугунга келиб анча оқ-қорани таний бошладим. Ва билдимки, бугунги кунда асл ҳақиқатни ёритиш бўйича сиз етакчи экансиз. Шунинг учун ҳам унинг дизайнига ҳам қарамай деярли барча маълуотларини ўқиб чиқдим. Ва уни ўзбеклар учун энг қимматли сайт ҳисоблайман.

Саволим, 1999 йил февралидаги воқеалар ҳақида ўзингизда мавжуд маълумотларни ўртоқлашсангиз… Менда у ҳақида инкор этиб бўлмас далил бор: битта иштирокчи портлаш ҳақидаги ҳабарни “учқулоқ”ларга сотиб қўйган. Демакки, бошчи ҳаммасини олдиндан била туриб, халққа спетакл кўрсатган. Жавобингизни сайтингизда кутиб қолувчи, сизни доим қўллаб дуо қилувчи ШоҳиЖаҳон.

ЖАВОБ׃ Мактубингиз учун раҳмат. Ҳозир ҳам сайтнинг кўриниши муҳим эмас, балки мазмуни муҳим деб ҳисоблайман. Каримовнинг китоблари нақадар чиройли қилиб чиқарилади, аммо ҳеч ким ўз ихтиёри билан ўқимайди. Лекин агар сиз маслаҳат ва ёрдам бераман десангиз сайтни ўзгартиришимиз мумкин.
Сиз хатни қаердан ёзилганини билиб олишади, дебсиз. Ғарбда ҳа, лекин Ўзбекистонда ҳали билишолмайди. Ўзбекистонда интернет бобида жуда орқада қолинган. Яқинда бир киши билан гаплашдим. Унинг айтишича, фикрлари бузилмасин, содиқликлари йўқолмасин, деб аксар МХХ ходимларига интернетга кириш таъқиқланган. Фақат жуда кам сонли одам киради. Бу масаланинг бир жиҳати.

Иккинчи томони эса шуки, улар бутун интернетдаги ёзувларни назорат қила олмайдилар. “Омбор”га ғарамлаб қўйишлари мумкин. Лекин ҳар бирини таҳлил этолмайдилар. Ҳар куни 200 дан зиёд хат оламан. Ярмини ўқишга улгурмайман. Демак, улар ҳамма хатларни ўқиб чиқиш учун бир неча миллион кишини ишга олишлари керак. Адресларни қидириш ва топиш учун яна бир миллион мутахассис керак.

1999 йил феврал воқеаларига келсак…

Мени бир тасодиф кўп ўйлатади׃ 1998 йил тугашидан бир кун олдин бизни -мени, Абдураҳим Пўлат ва укаси Абдуманноб Пўлатни АҚШда яшайдиган Рўзи Назар деган кекса бир киши меҳмонга чақирди. Борсак, ош дамланган ва у пайтда Салой Мадаминовнинг иқтисодий ҳомийси бўлган Анвар Олтойли бир турк аёли билан келган экан. У бизга мухолифат бирлашиши заруратидан сўз очди. Баҳслашдик. Рози бўлдик. Кейин янги йил оқшоми Нью Жерсей штатида яшайдиган Авазхон Мухторов меҳмонга даъват қилди. Бордик. Рўзи Назар ҳам бирга борди. Анвар Олтойли ўша ердаги меҳмонхонада турди ва биз Авазхон Мухторовнинг уйида. Абдураҳим Пўлат ва укаси борган эмас. Ўшанда Анвар Олтойли “Февралнинг ўртасида Тошкентга қайтамиз, битта учқичда” дея пичирлади. Ҳайратландим. Бошқа гап айтмади. Бу шунчаки кўнгил гапи-да, деб қўя қолдим.
У кейин Салой Мадаминов билан гаплашгани ва у мени, Абдураҳим Пўлат ва укасини даврага олмасдан “ўзимиз Каримов ҳукуматини йиқитамиз, улар бизга халақит бермасин, етар” деган гапини айтди. “Ҳали ҳам осмонда-ку?!” деб қўя қолдим.

Лекин ҳалигача ўйлайман, наҳотки бу бир тасодиф эди?

Хуллас, 1999 йил 16 февралда Каримов ҳукумати томонидан баъзиларни қўлланиб, спектакл кўрсатилган деган гапни ўша пайтда ҳам айтганман, ҳозирга қадар ҳам бу фикримни инкор қиладиган далил кўрганим йўқ.

Қолгани латифа

САВОЛ׃ Бутун мухолифат бирлашиб сатилетдан битта телевидение очса бўлмайдими? (Искандар).

ЖАВОБ׃ Агар бугунга қадар мухолифат бирлашганда эди, телевидение ҳақидаги бундай саволингизга ҳожат ҳам қолмаган бўларди. Аммо биз мухолифатни бирлаштиришга 15 йил уриндик ва буни амалга ошира олмадик. Негалигини биласиз. Энди бу ҳақда гап очмаса ҳам бўлади. Бугунги кунга келиб, мухолифатнинг қолган қутгани икки мутлоқ зид қутбларга ажралиб бўлди. Ҳатто мафкуравий жиҳатдан ҳам.

Энди сателитдан телевидение очиш ҳақида׃ ана “Америка овози” очганига 3-4 йил бўлиб қолди. Лекин ким томоша қилади? Ўзбекистонда одамлар бир бурда нон ташвишида экан, ким сатилетга боғланиб, олди-қочди нарсаларни томоша қилади? Ҳеч ким. Телевидениени бир томонга қўйинг, бугун ҳатто радиони эшитмай қўйишган. Бир маҳалла ёки қишлоқни айланиб, одамлардан сўраб кўринг-чи, неча киши “Озодлик” ёки “Америка овози”ни эшитади?

Бугун мухолифатнинг қолган-қутган гуруҳлари интернетда оддийгина кундалик хабар саҳифасини юрита олмайдиган даражада. Баъзилари бир ойда, баъзилари ҳафтада битта нарса қўйиш билан “гавда кўрсатишади”, холос.

Тез ишлаб турадиган, хабарларни дақиқама-дақиқа берадиган саҳифа йўқ. Бу ишни уддалай олмаганлар агар телевидение, радио ёки видеоклиплар қилиб халқ орасига кирмоқчиман деса, унга ишонмайман. Бу навбатдаги алдов. Ўзини, атрофидаги икки уч кишини ва бир нарса чўзадиган манбани алдаш учун қилинадиган иш бу.

Бугун хориждаги мухолифлар фақат иккита амалий иш қилиш қобилиятига эга׃
Биринчиси, яхши веб саҳифа тайёрлаб, ундаги хабарларни кунба-кун мамлакат ичига жўнатиш. Табиийки, электрон мактублар орқали…

Иккинчиси, мамлакат ичида фаолият кўрсатаётганлар бўлса, уларни маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаш.

Бу қадар. Ана шу икки иш изчил амалга ошмаятими, қолгани латифа.

Ўзбекистонда давлат тўнтариши бўлиши мумкинми?

САВОЛ׃ Кейинги кунларда Ўзбекистонда давлат тўнтариши бўлиши эҳтимоли ҳақида яна гап-сўзларлар айлана бошлади. Ростдан ҳам шундай эҳтимол борми?(Даврон).

ЖАВОБ׃ Йўқ! Сайлов каби бирор сиёсий маърака яқинлашаверса, “Давлат тўнтариши…”дан бошлаб “Диндорларнинг Конституциявий тузумга тажовузи…” каби иборалар тез-тез ишлатила бошланади. Бу энг тепадаги идорадан мухолифатнинг баъзи гуруҳчаларига қадар инади.

Ўтган йилларда буни эшитавериб, қулоқлар ўрганиб кетган бўлса ҳам, фойдаси кимга ва зарари кимга эканлигини ҳеч ўйлаб кўрмадик. Ҳамма вақт фойдаси Каримовга бўлган ва бундан кейин ҳам унга бўлади. Шундай экан, ғоя фойдани олган одамдан келиб чиқади. Бу бизнеснинг қоидаси. Қолганлар ўйинчилар, бизнинг шароитда эса, олдиндан маълум бўлган ютқазувчи ўйинчилардир.

Каримов ўз атрофидаги қўрғонни мустаҳкамлаш учун ўзига қарши чиққан ҳар қандай гуруҳдан фойдаланади ёки шундай гуруҳни яратади. Шундай бўлиб келаётганини кўриб турибмиз. Агар бу сафарги сохта сайловдан олдин ҳам бирор гуруҳ бирор “томоша” қўйса, асло ажабланмайман. Чунки режим шунга интилмоқда ва ўйинчилар ҳам ўзларини кўрсатмоқдалар.

Илгари ҳам шундай бир саволга жавоб берган эдим. Яна мухтасар қилиб айтмоқчиман. Ўзбекистонда давлат тўнтариши мутлақо мумкин эмас. Давлатнинг ўзи бўлмаган жойда қандай қилиб давлат тўнтариши бўлади?
Мафия тизимида эса “отахон”нинг айтгани бўлади ва унга қарши чиқиши мумкин бўлган куч бешигидаёқ ахта қилинади.

Бугун Ўзбекистон ҳокимият бошқаруви деб аталадиган идоралардан бирортасида “отахон”га қарши бош кўтарадиган одамни қўя туринг, қош учирадиган шахс ҳам йўқ.

Четдагиларнинг аҳволи эса ойдек аён.

Жумрак ва жамият

САВОЛ׃ Мухолифат ичида илгари ҳукуматда ишлаганларни хоин, порaхўр, бугун ишлаётганларни ахлоқсизлар синфи деб аташ мода бўлди. Хўш фалакнинг гардиши билан бу мухолифат ҳукумат тепасига келиб қолса, ишни ким билан бажаради?(Нажмиддин).

ЖАВОБ׃ АҚШда ўз уйинг бўлмаса бир ташвиш, ҳар ой катта миқдорда ижара тўлайсан. Ўз уйинг бўлса, яна бир ташвиш. Банкдан олинган қарзни тўлайсан. Бир-икки ой тўламасанг, уйингдан ажраласан. Тўлган тақдирингда ҳам ташвишлар битмайди. Йиллар ўтавериши билан эса ташвишлар ортаверади.
Уйимиз янги. Қурилганига энди етти йил бўлди. Бугунга қадар муаммо чиқмаган эди. Аммо энди баъзи кичик ташвишлар чиқмоқда.

Масалан, яқинда ҳаммомхонадаги қўл ювадиган жумракнинг остидан сув оқа бошлади. Ишхонамиздаги бир жувоннинг гапни эсладим׃

-Бундай ишларга мен пул бермайман. Дўконда жуда арзон туради, оламан, ўрнатаман, усталар эса ўн баравар қилиб олишади,-деганди у.

Дарҳақиқат, бу соҳа усталари Америкадаги энг бош тоифа ҳисобланади. Яъни энг кўп пул қилишади. Битта жумракни алмаштириш учун 200-300 доллар олишади. Ваҳоланки, бу ишни беш дақиқада бажаришади.

Жумракни ўзим алмаштиришга қарор қилдим. Шанба куни эрталаб чаққон бўлиб ишга киришдим. Эртароқ бошладим, чунки болалар уйғонгунга қадар битириб қўйишни режаладим.

Уйимиз уч қаватлик. Бузилган жумрак учинчи қаватда. Сувни бекитадиган жой эса, биринчи қаватда. Сувни бекитиб, тепага чиқсам, калитлар тўғри келмайди. Бир амаллаб очишга қарор қилдим. Бўлмади. Кейин ”Home Depoт” деган хўжалик моллар дўконига бориб жумракнинг янгисини сотиб олдим. 42 доллар экан. Қайтиб келиб, ўрнатаман десам тўғри келмади. Эскисининг номини ёзиб олдимда, дўконга қайтиб бордим ва 42 долларликни топширдим.

Хайриятки, дўкон уйимизга яқин ва ҳамма нарсани қайтиб олаверади. Дўконни айланиб бизникига ўхшаганини топдим. 79 доллар. Олдингисидан чиройлироқ. Шу пайт дўконда саволларга жавоб бериб юрадиган киши келиб қолди. У билан гаплашсам׃

-Буларнинг ҳаммаси стандарт,- деди.

Шунда мен олдингисини олиб келиб топшириб хато қилганимни тушундим. Фақат иккита қўшимча боғловчи қувурчалардан олсам иш битар экан. Лекин қўлимдаги ёқиб қолганди ва уни олиб келдим. Эскисини очаман десам калит етишмади. Битта калит учун яна дўконга бораман-ми дедим-да, куч ишлатдим. Девордаги пластик қувурга уланган жойдаги босим жиҳози синиб кетди.
Уни очиб олдимда шишаларга солиб сотиладиган “Starbucks” кофесидан ичиб, асабимни жиловлаб, яна ҳалиги дўконга бордим. Баъзи нарсаларнинг отини билмасангиз ҳам қийин. Шунинг учун менга керакли Х-жиҳозни ўзим билан олиб келгандим. Бирор киши унинг нималигини билмади, десангиз. Охири дўконнинг бош иш юритувчисини чақиртирдим. У билағон экан׃

-Бундай нарса бизда бўлмайди,-деди у.

Ҳамма нарса бўлади дея мақтаб юрганим бу дўконда ҳам бўлмайдиган нарса бор экан-а, дея ажабландим. Ҳалиги одам бундай нарсаларни қаердан сотиб олишни айтди ва яқиндаги шундай дўконнинг адресини берди.

Илгари фақат автомашиналар қисмларининг махсус буюртма дўкони бор деб ўйлар эканман, буни қаранг-ки ҳатто жумрак қисмларининг ҳам махсус дўкони бормиш.

 У ерга келсам, буюртма оладиган киши қўлимдаги жиҳозни ярим соат десам муболаға бўлади, аммо 10-15 минут томоша қилди.

-Вов,-деди кейин.- Бу нима экан ўзи, номини биласизми?

-Тақсир номини билганимда ўзини олиб келармидим?

-Мен шу ерда 15 йилдан бери ишлайман, аммо бунақа нарса кўрмаганман. Бу қаерга ўрнатилган экан?

Унга тушунтириб берсам׃

-Сиз “Пулте” қурган уйларда яшасангиз керак. Улар ҳатто ҳамма жиҳозларни ҳам ўзлари яратадилар. Бу ҳам бизнес. Сизни ўзларига боғлаб қўядилар. Уларга ёзинг, юборишади,-деди.

Ҳафсалам пир бўлиб машинамга ўтириб, “Ойдай тўлин-тўлин..” қўшиғини тинглаб, ўйга ботдим. Сувни бекитганман. Қувурлар очиқ. Қандай қилиб 2-3 ой кутаман.

Уста чақирсаммикан?

Шунда ёдимга биринчи қаватдаги хонага душ ўрнатган асли афғонистонлик Абдуманннон ака деган танишим келди. У ўшанда пластик қувурлар чиққани зўр бўлгани ва уларни бир-бирига елимлаш жуда қулайлигини роса мақтаганди. Иш жуда осон битганини ўзим ҳам кўргандим.

Шунинг учун қувурдан бошлаб бу ёғига ҳамма нарсани алмаштираман, деган қарорга келдим. Ортга қайтгим келмади ва бошқа кўчадаги “Lowe’s” деган каттароқ хўжалик моллар дўконига бориб, пластик елим ва унга боғланадиган босим жиҳозини сотиб олди. Қиммат эмас, 12 доллар бўлди. Қайтиб келиб иш бошласам, елим ушламади. Унинг қўлланмасини ўқиб чиқдим. Унда қувурга елимдан олдин дастлабки тозалагич модда суртилади дейилган. Аламимни яна қўшиқдан олиб, баландлатиб қўйиб, дўконга қайтиб бордим. Ҳалиги нарсани олиб қайтиб келсам, аслида елимнинг бошқа турини олган эканман. Яна қайтиб боришимга тўғри келди. Керакли рангли елимни топиб, касса ёнига борсам ҳамён уйда қолиб кетибди. Падарига лаънат!

Бу орада болалар уйғонган ва вақат тушдан ўтиб бўлганди. Икки марта эски жумракни ўрнатиб, ҳар нарсага тўлдириб сув олиб қўйдиргандим.
Умр йўлдошим болаларни олиб, озиқ овқат дўконига кетишганди. Телефон қилсам, хайрият қайтиб келишибди. У ҳамёнимни олиб келди ва кичкина бир қутидаги рангни иккита машина билан олиб келган бўлдик.

Ҳамма ишни битириб жумракни ўрнатаман, десам боғловчи қувур калталик қилди. Яна бориб келдим, десангиз. Ташқарида қоп-қоронғу бўлган бир пайда ишни битирдим. Сувни очишга юрагим бетламади. Чунки эрталабдан бери неча марта очган бўлсам доим ҳар томонга отилиб кетаверди-да.

Хуллас, сувни очдим. Ташқарида қоронғу, менинг дилим ёруғ. Уйда байрам. Ҳамма мени қутлай бошлади. Бажардим!

Жумракка қараб туриб׃

-Беш минутлик иш экан,-дедим.-Шунга 12 соат сарфлабман-а?

Уйдагилар менга жилмайиб қарашди. Лекин зарар қилмадим. Ҳам иқтисодий ва ҳамда маънавий фойда қилдим. Бундан кейин бундай юмушни беш дақиқада бажараман. Чунки энди нима қилишни биламан-да!. Ўргандим. Ҳатто кейинги шанба куни ҳамма жумраклардан уй қурувчилар ўрнатган босим жиҳозларини олиб ташлаб, дўконларда бўлганини қўяман. Бу ҳам мустақиллик!

…Жумрак бузилса, уста чақирмай ҳам бир амаллаб тузатиш мумкин, аммо жамият бузилган бўлса-чи? Тузатиш осон бўлмайди. Бунинг устига бу жамиятга бегона эсангиз, ҳеч қачон ҳукуматда ишламаган ва бошқариш нима эканлигини билмасангиз, тажрибасиз бўлсангиз вой ўша жамиятнинг ҳолига. Айниқса, бу жамият устабузармонлар қўлида хонавайрон қилинган бўлса?!

Ўзбеклар нега бир-бирларини кечира олмайдилар?

САВОЛ׃ Биз демократия ҳақида жуда кўп гапирамиз. Халқимиз демократияга тайёр деймиз. Лекин демократия шароитида одамлар Ғарбда бўлгани каби танқидни кўтара олишлари керак эмасми? Ўзбеклар битта танқид учун бир-бирига душманга айланиб қолмоқда. Бу аҳволда демократияга етишамиз, деб ўйлайсизми?(Мурод).

ЖАВОБ׃ Юрагимни ёндирган саволлардан бирини ёзибсиз. Гап фақат ўзбекликда эмас. Менимча, бунинг жуда чуқур илдизлари бор. Бу ҳолатни араб, форс, дари, паштун ва ўрду тилида гаплашадиганларда ҳам кўрдим. Энг қизиғи, улар яшайдиган мамлакатларда эмас. Балки улар келиб яшаётган демократия диёрида уларнинг демократияни ҳазм қилишлари нақадар қийин кечишини кўриб, ҳайратландим.

20-25 йилдирки, Америкага келиб, ҳалига қадар танқид эшитганда диркиллаб қоладиган бу одамларни кўриб ўзимизнинг ўзбекларимиз ҳақида ўйладим. Минг афсуски, Ғарбнинг ҳавосидан нафас олаётган ўзбекларимизнинг аксарияти ҳам шу аҳволда.

“Америка овози”да ишлаганимда бир араб бошлиғимиз бор эди. 30 йилдан бери Америкада. Демократияни англаган деб ўйлабман ва кўпчиликнинг олдида танқид қилиб юборибман уни. Шу қадар душманга айландики, мана орадан 4-5 йил ўтиб ҳам яқинда бир мажлисда кўриб қолсам, ҳали қовоғидан қор ёғади.

Ғарбда яшаб юрган ўзбекдан истаган бирини танқид қилиб кўринг, камчилигини айтиб кўринг, дарров сизни “иғвогар” дейди. Бу ҳам майли, бир умрлик душманингизга айланади. Шунинг учун ҳам ташвишингиз жуда ўринли.

Ҳали ниҳол экан, Америкага келиб, ўқиб, шу ерда таҳсил олган бир “қаламкаш” ўзбекни жуда асосли камчиликлари учун орқаваротдан эмас, очиқ, ўз номим билан танқид қилгандим. Мана орадан икки йил ўтди. Ҳалига қадар у орқаваротдан мени ҳаммага “иғвогар” деб юргани майли, турли форумларда ҳам турли тилларда тинмай ёзади, бўҳтон ёғдиради.

Ваҳоланки, орқаваротдан гапириш ёки имзосиз ёзиш иғвогарлик эканлигини ва ўзи шу куйга тушганини ҳам билмайди, шўрлик!

Бундай мисоллар сон мингта. Ҳатто исмини айтмай, умумий танқид қилсангиз ҳам, ўзига олиб, сизга қилич қайрайдиган “демократларимиз” қанча…Шунинг учун демократия ҳақида гапириш ва демократ бўлишнинг орасида ер билан осмон қадар фарқ бор. Менимча, бу нарсанинг илдизи жуда чуқур ва бу илдизни кўра олмасак, топа олмасак ҳали бери руҳимизни сариқпечакдек ўраб тураверади.

Чет элларда қолиб кетамизми?

САВОЛ׃ Чет элга чиққан ўзбекларнинг тақдири ҳақида кўп ёзгансиз. Уларнинг ватанга ташналиги ҳақида ҳам ёзганларингиздан ўқиганмиз. Сизнинг анчагина тахминларингиз тўғри чиқади ва бу ҳаётий тажрибанинг натижаси бўлса керак. Шундан келиб чиқиб хориждаги ўзбекларнинг яқин келажакда ватанга қайтиш имконлари бор деб ўйлайсизми? Бор бўлса қачон ва қай шароитда? Йўқ бўлса, уларни нима кутади? Булар социологик муаммолардир. Бунга сиз жавоб бера оласиз деб ўйлайман. (Бобур).

ЖАВОБ׃ Илгари бир жавобда ўзбекларнинг четга кетиш сабабларини бир тизимга солгандим. Аслида кўп нарса ўша чиқиб кетиш сабаблари билан боғлиқ. Лекин модомики четда эканмиз, бугунга қадар босиб ўтилган йўлга назар солиб, келажакни тахмин қилиш, башорат эмас, тахмин қилиш мумкин.

Мени жуда ҳам ачинтираётган ва ташвишга солаётган нарса шуки, бугун хорижга чиққан ўзбеклар ҳам илгари Шарқ мамлакатларидан Ғарбга сиғинган салафларининг йўлидан кетмоқдалар. Бу эса ўзлари яшаган жамиятда энг кейинги одам бўлиб қолиш ва ўз ўринларини ўз қўллари билан йўқотишга интилишдир.

Бугун Ғарб мамлакатларига назар солсангиз, Шарқдан келганлар аксарият ҳолда ғариб, унутилган бир вазиятдалар. Ораларида давлат арбоблари, таниқли олимлар, дунёга сўз айта оладиган шахсиятлар, сиёсатчилар йўқ.

Бунинг сабабларидан бири шундаки, хорижга келганлар бу ернинг эркинлигидан гангиб қоладилар. Оилалари ва фарзандларини йўқота бошлагандек бир ҳиссиёт гирдобига тушадилар. Натижада анаъналар, одатлар, оила ва фарзандлар тарбиясини сақлаб қоламан деб ўзларини тўрт томонга урадилар. Аслида эски аҳволлари Ғарбдагидан ҳам барбод бўлганини тан олгилари келмайди.

Муҳожирлардан кўпчилиги агар динни маҳкам ушласам, анаъналар, одатлар, оила ва фарзандлар тарбиясини муҳофаза қилиб, сақлаб қоламан, деб ўйлайдилар. Натижада замонавийлик, яшаган мамлакатнинг қадриятлари, демократия талаблари четга сурилиб, фақат диний йўлга бош урилади. Бир қарашда бу яхшигина бўлиб қолмай, фарзу қарз бўлиб кўринади. Аммо аста-секин мейёр бузилади ва фанатик бир инсонга айланилади. Чунки бора-бора жамиятдан ажралиб қоладилар. Ўз дўкончалари, оддийгина бир ишлари ва шунчаки умргузаронлик қилувчи жамоалари билан ўралашиб, болаларини ҳам шу аснода тутишга уринадилар.

Болалари ўқишдан, илмдан, сиёсат ва жамиятдан узоқ қолиб, кўринишда мўмин-қобил, лекин аслида тескарисига айланади. Ота-она эса бари-бир ватанга қайтаман, деб ўзини овутади ва фарзандларининг келажагини ўйламайди.

Бир кун келиб, орзулари саробга чиқа бошлаганини кўргач, асабийлашади, оиласи бузилади, дунёдан норози, ёлғиз бир кимсага айланади.

Бугунга қадар Ғарбга Афғонистон ва Туркия орқали минг-минглаб ўзбеклар келганлар. Биз бугун ҳатто уларнинг номларини ҳам билмаймиз. Қаерларда яшаб, қаерларда қолиб кетдилар, номаълум. Фарзандлари эса жамиятнинг иккинчи эмас, учинчи даражали одамига айланиб қолдилар.

Юқорида айтганимдек, минг афсуски, бугунги авлод ҳам шу йўлдан кетмоқда. Бугун ҳар қанча дод-вой дейилгани билан йиллар ўтгач, ҳеч ким Ватанга қайтмайди. Ҳатто икки фуқаролик берганда ҳам қайтадиган одам топилмайди.

40-50 йил Ватаннинг озодлиги учун жонларини таҳликага қўйганлар мустақиллик келганда, бориб, қисқа вақтда ортларига қайтганлари бунинг бир мисоли.

Чунки йиллар давомида бошқа одамга айланасиз. Борсангиз ҳамма нарса бегонадек туюлади. Энг асосийси сизга бегонадек қарашади. У ерда энди Ғарбда сиз топган эркинликнинг мингдан бирини ҳам тополмайсиз. Ҳатто Ўзбекистон демократик давлатга айланганда ҳам бутунлай қайтадиганлар саноқли бўлади. Улар ҳам бир муддатдан кейин ортга қараб йўл соладилар. Бу мен яратган янгилик эмас. Бу социология илмининг тажрибалардан олинган хулосалардир. Шунинг учун ҳам доим такрорлайман, кетдингизми, тамом, қайтиш йўқ. Қайтишингиз мумкин, фақат вақтинчага, меҳмон тарзида.

Шунинг учун демоқчиманки, бугун четга чиқиб, вақтингизни беҳуда ўтказманг. Ўқинг, илм олинг, жамиятга қўшилинг, изланинг ва ўзингиз яшаётган жамиятингизда ўз ўрнингизни топинг. Худди мана шу нарса сизга ўзлигингизни сақлаб қолишга замин яратади. Нафақат сақлаб қолиш балки тарихий Ватанингизга хизмат ҳам қилишга йўл очади. Табиийки, агар шундай истагингиз бўлса!

Мантиқ маҳсули

САВОЛ׃ 2004 йил март-апрел портлашларини бевосита ҳукумат уюштирганлигига шаъма қилгандингиз. Тўғриси менда ҳам шундай тахмин бор, лекин бу тахминимни исботловчи манбага эга эмасман. Агар мумкин бўлса, манба тўғрисида мухтасар бўлса-да, маълумот берсангиз. Ҳурмат билан, Муаррих.

ЖАВОБ׃ Маълумки, ҳуқуқнинг асосини мантиқ белгилайди. Умуман мантиқ бутун ҳаётнинг ўқ илдизи деса муболаға бўлмайди. Агар мантиқ қоидаларини идрок этсангиз, кўп нарсага баҳо беришда адашмайсиз.

Менинг ҳам қўлимда ҳеч қандай аниқ далил йўқ. Аммо мантиқ қоидасига назар солсангиз, икки савол туғилади.

Биринчиси, бу ҳодисалар жамият учун фавқулодда янги ҳол эдими?

Иккинчиси, бу ҳодисалар қандай сиёсий-ижтимоий заминда юз берди ва кимга фойда келтирди?

Бу икки саволнинг жавобларини топиш жуда осон…

Мазкур воқеаларга қадар ўтган 15 йилдаги шундай ҳодисалар силсиласига назар ташласангиз узвийликни топасиз.

2004 йилдаги сиёсий ижтимоий воқеликни таҳлил этсангиз, Каримов режими яна бир марта боши берк кўчага кириб қолганини кўрасиз. Бундай пайтда чекиниш ёки кўчанинг тўсиғини бузиб, олдинга кетиш керак бўлади. Каримов режими яна иккинчисини танлади.

Ҳар доимгидек, таъкидламоқчиман, бундай воқеаларда ҳукумат “тажриба”сидан келиб чиқиб, анқов ёки қўлбола “мухолиф”лардан фойдаланиб, уларни ўз манфаати йўлида қўлланган. Бунинг умумлашган кўринишини “Ассассин” романида ўқишингиз мумкин.

Даҳшатли ҳайқириқ

САВОЛ׃“Туронзамин” рўзномасида мана бу хабарни ўқидим׃
”Гулбаҳор ҳам Каримов ва Мадаминовнинг виждонига ҳавола”. Хабарни келтираман׃

Сиёсат билан ҳеч шуғулланмаган ва мухолифатдаги бирорта партия ёки ҳаракатга аъзо бўлмаган, Андижон воқеаларидан кейин мухбирга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига гапириб қўйган, муносабат билдирган Гулбахор Тўраева Қирғиз чегарасида китоблар билан қамоққа олингандан кейин орадан уч ой ўтиб, уч кунда суд қилиниб, олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу оналар қаршисида тиз чўкаман, деган Ислом Каримовнинг навбатдаги меҳр шавқати. Айни пайтда иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда қолган бу аёлга ўз китобларини бериб, уни мамлакатга йўллаган Салай Мадаминовнинг ҳам навбатдаги қурбони бу.

Андижондан олинган маълумотга кўра, айблов фикрида айтилишича, Тўраева бу ишни тижорий мақсадда қилган ва агар пул беришмаганда бу ишга бош қўшмаслигини айтган. Мадаминовнинг шахсий китобларини ташиб юриб қамалиб кетганлар сафига яна бир киши қўшилар экан, бундай аянчли ҳоллардан хулоса чиқариб олинмаётгани яна ҳам аянчлидир.

Илгари қамалганларни унутган Салай Мадаминов ва унинг “резидент”лари бу сафар Гулбаҳор Тўраеванинг оиласидан, болаларидан хабардор бўлиб, уларга моддий ёрдам кўрсатармикан?”

Мен тушуна олмаган нарса шунинг учун Муҳаммад Солиҳни айблаш керакми? Гулбаҳор Тўраевада фақат унинг китоблари эмас, балки Рауф Парфининг ҳам китоблари бўлганку? Қолаверса шундай бўлганми йўқми сизлар ҳам аниқ билмайизларку? Бу ҳам мухолифат ичидаги даҳанаки жанг ахир. Буни қачон тўхтатасизлар? (Диамат).

ЖАВОБ׃ Авф этасизу аммо кўринишидан сиз ҳамма нарсани мухолифат ичи даҳанаки жанги деб инкор қилмоқчисиз. Шундай экан, далилни сиз ва Салай Мадаминов ишонадиган манбадан келтирай׃ “Озодлик” сайтида 24 апрелда тантана билан қуйидаги хабар тарқатилди.“Андижон вилояти жиноят ишлари суди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраевани конституциявий тузумга тажовуз қилиш, туҳмат қилиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи адабиётлар тайёрлаш ва тарқатишда айбдор топиб, унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Касби шифокор Г.Тўраева шу йилнинг 14 январь куни Бишкекдан қайтаëтганида сумкасидан шоир Рауф Парфининг “Иймон асири”, шоир ва сиëсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Валфажр” ҳамда “Йўлнома” китоблари чиққанидан сўнг қамоққа олинган”.

Рауф Парфининг китоблари Ўзбекистонда таъқиқланган эмас. Аксинча нашр этилмоқда ва кутубхоналарда ҳам турибди. Маҳаллий матбуотда ҳам шеърлари босилмоқда. Бу воқеада унинг китоби “ниқоб” сифатида фойдаланилган, холос. Қолган китобларни бир бечора аёлнинг иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганидан фойдаланиб, у орқали юбориш разолатдан бошқа нарса эмас. Нима, бу “Искра” газетасимиди?

Йўқ, бир одамнинг шахсий кечинмалари, хотиралари, уйдирмалари, бўҳтонлари тўпланган нарса. Бу одамнинг номи террорист деб эълон қилингани учун унинг китобини олиб борган шахс қамоққа кириши олиндан маълум ҳол. Бунинг устига ўша аёл Андижон воқеалари бўйича ҳукуматнинг қора рўйхатига тушганлигини ким ким Салай Мадаминов яхши билади? Бугунга қадар ҳам унинг касрига қолиб, анчагина одам қамалиб кетганини илгари ҳам ёзгандик ва бундан сабоқ олмади, танқидни иғво деб билди.

Гап бунда ҳам эмас, гап шундаки, шу сабил қолгур китобларни юбориш жуда зарур бўлса, (аслида улар интернетда ҳам турибди), Салай Мадаминовнинг этагини ўпиб, ўлимга ҳам кетишга розиман деб жар солиб юрган “шоввоз”лар орқали юборсин эди. Нега қўлида норасида гўдаги бўлган онани бу куйга солишади? Мана гап нимада?

Бугунга қадар Салай Мадаминов учун қамалганларни у ва унинг гумашталари унутишган. Биргина мисол׃ унинг қилмишлари учун қамалган Мурод Жўраевнинг умр йўлдоши мана шу – у ишонадиган манба- ”Озодлик” орқали йиғлаб, иқтисодий қийналиб қолганини айтганига ҳали кўп бўлган эмас. Китоблар чиқаришга, уни мамлакатга юборишга пул бор экан. Шуни Мурод Жўраев кабиларнинг тирик етим ҳолига тушган болаларига юборса бўлмасмиди? Мана гап нимада?

Гулабаҳор ҳам қамалган куниёқ унутилди. Фақат унинг номини пеш қилиб, обрў қидириш эса давом қилмоқда. Лекин унинг оиласи фарёдларига Мадаминов қулоқ солдими? Бу саволга яна сиз ишонадиган манба – “Озодлик” сайтида бугун қўйилган мақолада жавоб бор׃

“-Суд очиқ шаклда ўтди. Мен унда қатнашдим. Агар сизга бирор маълумот керак бўлса, нега судга келмадингиз, у ерда ҳеч ким бўлмади. Бечора аёлни қамаб қўйишди, 8 ойлик гўдаги қолиб кетди”, – дея изтироб билан сўзлади Г.Тўраеванинг қайнонаси”.

Бу даҳшатли ҳайқириқдир! Мана шунинг ўзи сизнинг ҳамма саволларингизга жавоб.

Каримов Худога ишонадими?

САВОЛ׃ Ислом Каримов Хастимомга бориб, охирати ҳақида ўйлаганмиш. Мана сиз Каримовни яхши биласиз, айтинг-чи у Худога ишонадими?(Одил).

ЖАВОБ׃ Бошқаларнинг мантиғи билан ишим йўқ, аммо ўзимнинг мантиғимга кўра, бировнинг Худога ишониб-ишонмаслигини баҳолаш бизнинг ишимизга кирмайди. Бу унинг ва Худонинг ваколатига кирадиган мавзу.

Лекин Каримов ўзини бир мамлакат ва у ерда яшаётган бир қанча халқларнинг раҳбари деб атаётган экан, бу мавзуга кириш мумкин.

Менимча, Каримов азалдан атеист бўлган ва шундайлигича турибди. У ўзгарувчан шахс эмас. У ҳамма нарсадан ўз манфаати йўлида фойдаланишни истаганидек, динни, ҳатто Худо номини ҳам шу йўлда қўлланиб келмоқда.

Минг афсуски, бу фақат Каримовга хос эмас, балки барча мусулмон мамлакатларининг тепасида ўтирган диктаторларга хос. Каримов Худодан қўрқмасликни Совет мактаби ва Шўро лидерларидан ўрганган бўлса, мусулмон давлатларининг раҳбарлари, казо-казолари унинг бу иллатини мустаҳкамладилар. Уни Каъбага олиб кириб, кейин унга Каъбапўш ҳадя қилган Саудия Арабистони диктаторлари, бугунга қадар уни ислом дунёсининг катта сиймоси деб атаётган араб дунёси лидерлари унга барча жиноятларини Худо кечириб юборади деган бир ҳис бермоқдалар.

Унинг золимликларини Худога ишонишларига шубҳа ҳам бўлмаган ўзимизнинг муфтилару уламолар ҳам оқлаб келаётганлари эса, унга оддий халқни эзишда янада куч бермоқда.

Хотир куни

САВОЛ׃ 9-май. Сиз бу кунни фашизм устидан қозонилган ғалаба куни деб биласизми, ёки 1999 йилда эълон қилинган “Хотира ва қадрлаш куни”-ми? (Муаррих).

ЖАВОБ׃ Менимча иккинчи жаҳон уруши фашизмнинг фашизм билан тўқнашувидир. Бу Ҳитлер қиёфасидаги олмон фашизми билан Сталин бошқарувидаги славян фашизмининг ўзаро урушига дунёнинг жуда кўп мамлакатлари турли сабаблар, манфаатлар, янглишиш ва мажбур қолиш туфайли қўшилганлар.

Жумладан, Ўзбекистон ҳам СССРнинг мустамлакаси, зулмнинг қурбони сифатида қатнашган ва жуда катта талофотлар берган.

Бу уруш фашизмни тугатмади, балки рус-славян фашизми янада кучайди ва бугунга қадар давом этмоқда. Шунинг учун бу байрам қилинадиган кун эмас.

Аксинча бегуноҳ кетганлар, алданганлар, зулм ва қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланиши мумкин.

Ҳар бир халқнинг ўз тарихидаги қора кунлар, қатағон ва қатлиомларни хотирлайдиган сана бўлади.

Модомики, Ўзбекистонда бу кун Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган экан, демак, шу куни Сталин зулми даврида ҳалок бўлганлар билан бирга Каримов режимининг қурбонлари ҳам, хусусан 2005 йил 13 майда Андижонда отиб ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳам хотирланиши керак.

Каримовдан кeйин ҳукуматни ким бошқаради?

САВОЛ׃ Мен Каримов режимини азалдан ёмон кўраман. Аммо, гарчи ёмон кўрсам-да, барибир Каримовдан бошқа одамнинг ҳукумат тепасида туриб президентлик қилиши эриш туюлади. Сабаби менинг назаримда, айнан у сиёсий вазиятни яхши тушунади, сабаби, шунча йилдан бери ҳукумат тепасида. Иккинчидан, айтайлик, Каримов мухолифатга сайловда қатнашишга рухсат берди ҳам дейлик. Бироқ, мухолифатга ким ишонади, агар мухолифат ҳаммага нотаниш бўлса. Ўзингиз айтинг-чи шу ўтган йиллар ичида мухолифатнинг бирор ҳаракатлари сезилдими?

Сайлов яқин. Бу орада Каримов ўзи бош вазирликни эгаллаб, ҳукумат тепасига “қўғирчоқ” президентни олиб келиши мумкин. Бунинг эҳтимоллиги юқори.
Сиз нима деб ўйлайсиз, Каримовда кейин ҳукуматни бошқаришга ким муносиб ва нима учун? (Умид).

ЖАВОБ׃ Худди сиз каби фикрлайдиганлар бугун оз эмас. Улар ҳам қисман ҳақ. Бу ҳақлик фақат ташқи кўринишда. Яъни саробга ўхшаган ҳақлик׃ кўзингизга жуда чиройли кўринади, аммо асли бошқа. Чунки сиз доим Каримовнинг сизга қараган юзини кўриб улғайдингиз. Асл юзидан эса кўплар каби бехабарсиз. Унинг сизга қаратилган юмшоқ ва сиз ҳақингизда ғамхўрона айтилган гапларини эшитиб улғайдингиз. Унинг шууридаги сўзларни эшита олмадингиз. Худди бизнинг авлод Ленинни дунёнинг энг ақлли ва энг доно одами деб улғайгани каби. Ўша пайтда Лениннинг ўрнини ҳатто Худо ҳам тўлдира олмайди дегувчилар бўларди. Лекин кўрдик-ки, Ленин дегани баттолларнинг баттоли экан.

Шунинг учун сизнинг Каримов “сиёсий вазиятни яхши тушунади, сабаби, шунча йилдан бери ҳукумат тепасида” дейишингизни англайман ва сизни асло ва асло айбламайман. Чунки бир кун келиб Каримовнинг сиёсий вазиятни мутлоқ тушунмаганини биласиз.

Каримов Бош вазир бўлади, деган гапларга эса ишонмайман. Бу Каримовнинг зеҳниятига тескари.

Мухолифатга келсак.. Агар ҳақиқий мухолифатда халқ ҳузурига чиқиш имкони бўлса ва халқ унга ишонмаса, демак халқ ўзига ишонмайди. Чунки бугун халқнинг ўзи ҳақиқий мухолифатга айланган. Фақат бу мухолифатнинг кўзи боғланган, минбари йўқ, қўли ва оёғига кўринмас кишанлар солинган.

Лекин шу аниқ-ки, Каримов ва янги каримовлар бир ўлкани бир умрга зулм остида тута олмайдилар. Барибир бир кун кўзлар очилади, кишанлар синади, ҳақ сўзни айтиш халқ томонга ўтади ва халқ ўз номзодини кўрсатади. Ана ўша номзод ҳукуматни бошқаришга энг муносиб одам бўлади.

Бир-биридан фарқи йўқ

САВОЛ׃ Сиз баъзиларни террористик йўлга кирганликда ёки қуролли курашга чорлаганликда айбламоқдасиз. Буtун йўллар тугагaган ва шу икки йўлга қадалиб қолмадикми? Бунинг устига баъзиларни танқид қиласизу нега Абдураҳим Пўлатовни танқид қилмайсиз? (Раҳматжон, Шоҳ Жаҳон).

ЖАVOB׃ Агар биз демократ бўлсак ҳеч қачон бу йўлларга қадалиб қолмаймиз. Бу йўллар демократияга мутлоқ зиддир.

Энди мен танқид қилаётган “баъзи”ларга келсак. Умумий гап қилмасадан ўша баъзиларнинг қўрбошиси, ўзини Муҳаммад Солиҳ дейдиган Салай Мадаминовни кескин танқид қилганим рост. Бунга жудда жиддий асосларим бор. Ўзбекистонда мухолифат бугунги вазиятга тушишида  Абдураҳим Пўлатов билан иккалси айбдор. Улар айни пайтда ўзбек халқининг бугунги аҳволга тушишига Каримов билан баравар даражада ҳам айбдордирлар.

Булар доим офат бошловчилар бўлишди. Офат келаётганини кўрсангиз ва индамай турсангиз, одамларни огоҳлантиришга уринмасангиз-бу хоинлик.

Иккаласи ҳам агар самимий бўлишса, бир иш қилмоқчи бўлишса тўйдан олдин ноғора чалиб нима қилишади? Қўлидан бир иш келмайдиган нўноқ одам шундай қилади. Қўлидан иш келадиган одам эса индамай туриб ишини бажаради.
Салай Мадаминов 1990 йилларнинг бошида радио орқали жар солди. Кейин 19 кишини очиқдан-очиқ Туркияга олиб келиб, Қора денгиз соҳилида, одамлар дам оладиган Шила соҳилгоҳида, бутун халқнинг кўз ўнгида қурол отишга ўргатди. Каримов кучни тан олади дея буни видеотасвирга олиб, кўриб қўй, армиям бор дегандек унга жўнатди. Бундан ҳукумат дарҳол фойдаланди ва қатағон ўтказди. Минглаб одамлар қамалдилар…

1999 йил портлашлари олдидан ҳам шундай бўлди. Унинг Тоҳир Йўлдош билан музокаралар қилаётгани ва Каримовнинг қачон ўлдирилиши каби узунқулоқ гаплар 1998 йилнинг охирларидаёқ ҳатто АҚШга қадар етиб келди. Буни унга яқин одамлар гапириб юрдилар. Ҳукумат бундан қандай фойдаланганини биласиз.

Бугун ҳам унга яқин одамлар давлат тўнтариши қилиш, қайси бир Қорининг 50 минг одами (аслида 50 та ҳам йўқ) улар билан бирлашгани каби гапларни нафақат гапириб, балки интернетда, чатларда ёзиб ҳам юришибди. Бу ҳам камлик қилганидек, унинг Стоголмда бир мачитга одам тўлаб, режа тузгани видеотасвирга туширилиб, Каримовга етиб борибди. Ҳукумат буни ҳам дарҳол ишга солди׃

1.Четдагиларнинг ота-оналари, яқинларини агар бир нарсани яширсалар жавобгарликка тортилиш ҳақида қарор қабул қилди ва маҳаллаларда буни очиқ тарғиб қилишмоқда.

2.Ўзбекистондан четга кетганларнинг рўйхатини тузишга, улар ҳақидаги маълумотларни тўплашга киришилди.

3.Яна исломий таҳлика келмоқда дея ҳуқуқ тартибот идоралари терроризмга қарши курашга сафарбар қилинди. Вилоятларда машқлар ўтказилмоқда, мухолифатга алоқадор одамларнинг яқинлари ҳам ҳар қачонгидан қаттиқ назорат остида.

4.Бундан руслар ҳам фойдаланмоқдалар ва ёзда ҳужумлар бўлади дея Ўзбекистондаги оёқларини мустаҳкамламоқдалар…

Бу кетишда ҳукумат яна нималарни режаламоқда, Худо билади.

Шундан кейин ҳам индамай туриш мумкинми? Бу ҳақда гапириш осон эмас. Ҳар икки томондан ҳужумга маъруз қоласиз. Лекин демократларнинг вазифаси бундай фитналарнинг олдини олишдир. Агар бу ишни Абдураҳим Пўлатов қилаётган бўлса, у ҳақда ҳам ёзаверамиз. У энди қип-қизил тентакка айланиб қолган. Бир баҳона қилиб халқни сўкишдан нарига ўтолмайди.

Хўш, ҳар иккиснинг ҳам бу халқда қандай қасоси бор? Қасоси йўқ.  Ўтган ҳар бир воқеадан улар ҳам, Каримов ҳам фойда кўрди. Биттаси “Менинг одамларим қамалмоқда” дея жар солиб, ўз номини ва нонини сақлаб қолди,  бошқаси шунинг орқасидан туркларни “соғиб” келмоқда. Каримов эса “Ана террористлар… ” дея дунёни чалғитди, зулм тахтини мустаҳкамлади. Агар буни ҳали ҳам тушунмган бўлсак, ҳолимизга вой!.

Туркманга қара, ўзбекни кўр!

САВОЛ׃ Наҳотки биз Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлганини кўрмай ўтиб кетамиз.(Умида).

ЖАВОБ׃ Менимча ўзгаришларни кўришингиз учун имкон бор. Худди 1990 йиларнинг бошида бўлгани каби яна бир имкон пайдо бўлиши аниқ. Лекин бугунги кетишда у имкон ҳам бой берилиши ҳеч нарса эмас.

Гап шундаки, турк қавмлари орасида ўзбек ва туркманнинг зеҳнияти жуда яқин. Ҳар иккаласи ҳам зулмга жуда тез тобе бўлади. Туркманлар бу борада ўзбекдан бир қадам олдинда эканлигини Туркманбоши даврида кўрдик. Шунинг учун бугун Туркманистонда юз бераётган воқеалар бир кун келиб Ўзбекистонда ҳам такрор бўлиши турган гап.

Бизнинг мухолифат ҳам бирлаша олмади. Ўзини сиёсий-демократик куч сифатида майдонга қўйиш унинг қўлидан келмади. Шу боис сайловларга ва Каримов режимига таъсири бугунга қадар бўлганидек нолдан кўтарилмайди.

Каримов ўлиб қолганда эса, худди туркман мухолифати каби четдан туриб овоз солади ва ҳатто бирлашдик ҳам дейди. Лекин тўй ўтган бўлади.

Шарқда азалдан тахтга минган одам ўз манфаати учун ака-укаси бир томонда турсин ҳатто отасини аямаган. Буни Туркманистон мисолида ҳам кўрмоқдамиз. Янги Туркманбоши дастлаб ўзини тахтга олиб келган одамни ва унинг гуруҳини йўқотди. Тарихимиздан жуда таниш манзара. Кейин салоҳиятга эга вазирларни қамоққа тиқа бошлади. Мана энди эски Туркманбошининг ҳайкалларини бузишга киришди. Туркманистонда бу жараён секин бормоқда. Ўзбекистонда эса жуда тез кечиши мумкин. Чунки Каримовнинг ўрнига келган одам ўта жиддий муаммолар билан юзма-юз қолади.

1.Мамлакат маҳаллийчилик, диний тоқатсизлик, миллий низолар боис парчаланиб кетиш остонасида бўлади.

2.Иқтисодий қийинчиликдан эзилган халқ янги режимдан тезроқ ўзгаришлар қилишни кутади ва сезмаса турли нуқталарда “Андижон воқеалари” келиб чиқиши мумкин.

3.Қамоқдагиларни озод қилишни талаб этиш жараёнида аёллар норозилиги катта намойишларга айланиб кетиши яққол кўриниб қолади.

4.Янги раҳбар дунёга ўзини эскининг “думи” эмас, мустақил қилиб кўрсатишга интилади ва ҳоказо.

Шу боис тезда Каримовни қоралаб, унинг одамларини қамайди ва ҳамма айбни уларга тўнкашга уринади. Ана шу жараёнда демократик мухолифатга ўзини кўрсатиш учун имкон пайдо бўлади. Агар мухолифат мамлакат ичида ташкилот сифатида шаклланмаган бўлса, бу имкониятнинг яқинига ҳам боролмайди.

1990 йиллар нари-берисида майдонга чиққан мухолифат намоёндаларининг бугунги ўрталама ёши 55-70. Худо узоқ умр берсин. Лекин бу ҳам ҳисобга олиниши керак бўлган жиддий фактор.

Демак, кўп нарса бугунги ёшларга, бугунги талабаларга боғлиқ. Илгари ҳам кўп ёзганим каби, бугунги мухолифат ҳақиқатдан мамлакат ва миллатнинг келажагини ўйласа, ана шу ёшларни демократик ташкилотлар атрофида бирлаштириши ва уларга йўл кўрсатиши керак.

Чўмичда бори…

САВОЛ׃ Ўзбекистондаги ёшлар орасида мухолифат борми? Бор бўлса нега кўринмайди ва йўқ бўлса нега? (Фарҳод).

ЖАВОБ׃ Фарҳоджон, яқинда сиз каби Ўзбекистондан четга келган бир йигит билан гаплашдим. У четга чиқиб ҳалига қадар вебсайтларда Каримов ҳақида ёзилган ва ёзилаётган нарсаларга ишонмаётганини айтди.
Мен унга׃

-Сиз мактабда аълочи ўқувчи бўлгансиз, кейин олийгоҳда ҳам аъло баҳоларага ўқигансиз, ҳар кун хабарларни кўргансиз, газеталарни битта қўймай ўқиб боргансиз, шундайми?-дедим.

У ҳаяжонланиб׃

-Сиз қаёқдан билдингиз? Мен мактабни ҳам, олийгоҳни ҳам аълога битирганман, газеталарни эса соғиниб қолдим,-деди.

Кейин унга׃

-Сиз ҳукумат идораларидан бирига бориб ишга киргансиз, аммо олган маошингиз ўзингизга етмаган, буни устига оилангиз қарзга ботган ва шундан кейин бу ёқларга келгансиз,-дедим.

У энди׃

-Шунга яқин,-деди.- Ишга ўтмоқчи эдим. Ташқи ишлар вазирлигига бориб бир неча ой маош олмасдан ишлаб ҳам юрдим. Бўлмади. Бошқа жойларга ҳам бордим. Иш тополмадим. Омадсиз эканман.

Мен унга׃

-Сизнинг бошингиз компютердек гап. Унга роса кераксиз нарсаларни юклашган. Сиз бир муддат уларни ўчириб, ўрнига янгиларини жойлашингиз керак,-дедим.

Бир оздан кейин у мен билан тортиша бошлади. Каримовни ҳимоя қила кетди. Индамадим. Уни тушундим. Айб унда эмас…

Ҳозир у қайси бир дўконда тозаловчи бўлиб ишлаётган экан. Ишонаманки, бир кун у Каримов режимига мухолифат бўлиб етишади. Чунки у ўзи истамаган ҳолда бошига ерлаштирилган кераксиз “дастур”ларни янгилари билан алмаштирмоқда.
Бугун Ўзбекистонда матбуот эркин эмас. Интернет бўғилган… нега? Мана шу жараён-яъни “компютер”га бошқа “дастур”ларни жойлаштириш жараёнига йўл бермаслик учун.

Демократия душманлари Хоразмга ҳам бегона!

САВОЛ׃ Нега хоразмликларга қаршисиз? (Акмал).

ЖАВОБ׃ Асло! Биз ким бўлишидан ва қаердан бўлишидан қатъий назар агар демократия душмани бўлса ёки сўзда демократия тарафдори, амалда эса ўз манфаатини ўйлаган ва бу йўлда халқнинг манфаатини оёқ ости қилган ҳар қандай кишига бегонамиз, уни кескин танқид қилаверамиз. Аммо бизнинг танқид туҳмат, уйдирма, даҳанаки жанглардан йироқ бўлади.

Хоразм ўзбек маданиятининг метин қалъаларидан бири ва хоразмликлар мазкур қалъанинг собит соҳибларидир. Агар уларнинг орасидан ким ёки кимларнидир танқид қилсак, бу хоразмликларга қаршимиз дегани эмас. Аксинча, демократия душмани эканлиги мутлоқ аниқ бўлиб қолган бир неча маданиятсиз кимса ўз ёзув-чизувлари билан бу қадим маданиятга доғ туширмоқдалар.

Шу сабаб ҳам уларни танқид қилувчилар сафида хоразмлик демократ дўстларимиз ҳам бор.

Ўзим самарқандликман ва 15 йилдир золим бир самарқандликни аёвсиз танқид қилиб келаман. Азалдан маҳаллийчиликка қаршиман.

Маҳаллийчилик бу Ўзбекистонни чоҳга олиб борадиган иллатдир. Биз бундан устун тура олсаккина Ўзбекистон келажакда давлат сифатида йўқолмай қолиши мумкин.

Ижобий ўзгаришлар?

САВОЛ׃ Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш 100 фойиз ҳукуматга боғлиқми? Ҳозирда Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда?(Улуғбек).

ЖАВОБ׃ Илгари ҳам худди шундай саволларга тўхталганим учун жавобни мухтасар қилмоқчиман. Ҳа, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш юз фойиз ҳукуматга боғлиқ. Ҳатто демократик давлатларда ҳам иқтисодий ривожланиш кўп жиҳатдан ҳукуматнинг отган одимларига боғлиқ. Аммо юз фойизни ташкил этмайди. Бутун ҳокимият, ҳатто қонун чиқарувчи орган ҳам бир кишининг амрига қараб қолган диктатура шароитида иқтисод ҳукуматга мутлақо тобе ва ривожланиш деярли кузатилмайди.

Диктатура шароитида аввал иқтисод, кейин сиёсат деган ақида ҳукмрон бўлади. Ваҳоланки, сиёсатни тўғри йўлга қўймай иқтисодни кўтариш мушкул. Баъзи бир диктатуралар пайтида иқтисод ривожлангани мисол қилиб айтилади, худди бугун Хитой ҳақида гапирилаётгани каби. Бу сароб. Чунки биз ташқи кўринишга қараб баҳолаяпмиз. Ичкаридаги вазиятни ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз. Оддий рақамлардан тортиб, ҳамма нарсани ҳукуматнинг хабарлари ва ҳисоботларига қараб биламиз. Бир пайтлар СССР ҳам иқтисодда дунёнинг энг кучли маркази дейилган.

Хуллас, халққа сиёсий эркинлик берилмаса, иқтисод эркинлиги ҳақидаги гаплар чўпчакдир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда деган гапни айтиш мумкин эмас. Бу менинг қарашим, сизда бошқа фикр бўлса, эшитишга ҳозирман.

Каримов кетмоқчими?

САВОЛ׃ Бу йил 23 декабрда Ўзбекистонда перзидентлик сайлови бўлади. Қонунга кўра расмий тайёргарлик уч ой олдин бошланади. Бу жуда ҳам қисқа вақт. Ҳеч нарсага улгуриб бўлмайдику? Бошқа мамлакатларда ҳам шундайми? Ҳурматли президентимиз бу сафар қолмоқчимилар ёки кетмоқчимилар? (Б.Қўчқоров).

ЖАВОБ׃ Саволингизнинг охирги қисми Ислом Каримов жанобларига оид экан. Аммо у кишига бирорта савол етиб бормайди ва етиб борганда ҳам у киши жавоб беролмайдилар.

Саволга жавоб бериш учун ҳам киши׃

 -вақт,

-ирода, матонат,

-шуур ва ўз қатъий фикрига эга бўлиши керак.

Каримовда “вақт йўқ”. Чунки бутун Ўзбекистон масаласини ўз бўйнига олган.

Эътибор қилинг, халқнинг масаласини деяётганим йўқ. Ўзбекистон масаласини. Бу олтинлардан уранга, миршаблардан чегарага… ва ҳоказо саноғи йўқ масалалар.

Ҳатто чет элликлар ширкат очаман деса ҳам Каримовдан изн олиши керак.

Шундай экан сизнинг саволингизга жавоб беришга унинг вақти йўқ.

Каримовда ирода ва матонат йўқ. У танқидга чидай олмайди. У матбуотдан қўрқади. У ҳақ сўздан қўрқади.

Каримовда шуур ва қатъий фикр йўқ. У ўз номи тарихда бугунги Ўзбекистондаги каби улуғланишига ишонади. У бугун бошқа гап айтса, эртага бошқасини айтади.

Бугун бир йўл танласа, эртага бошқасини. Шундай экан, саволингизнинг бу қисмига жавобни ундан кутиш мантиқсизлик бўлади ва биз эса фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос. Каримов қолмоқ ё кетмоқ ҳақида ўйлаётгани ҳам эмас. Худди ўлим ҳақида ўйлаш фарз бўлгани, аммо ҳеч ким ўйламагани каби бир ҳол бу!

Энди саволингизнинг биринчи қисмига назар солсак, ҳа бу жуда қисқа вақт ва бу атайлабдан қилинган. Диктатура деган жонивор шунақа бўлади. Ўзи истагани каби маърайди.

Бошқа мамлакатлар масаласида шуни айтиш мумкинки, масалан АҚШда президентлик сайловига тайёргарлик икки йил олдин бошланади. Бу даврда ҳар икки партиядан ўнлаб номзодлар халқ олдида имтиҳондан ўтадилар.  Ўзбекистон ҳали-бери бу даражага ета олмайди.

Томоша

САВОЛ׃ Каримов нима учун сайлов кампаниясини олдиндан бошлаб юборди? Бунинг ортида бирор гап бўлиши мумкинми?(Эркин).

ЖАВОБ׃ Кейинги пайтда Каримовнинг Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Наманган ва Андижон вилоятларига сафари табиийки шундай саволни уйғотади.

Аммо менинг назаримда Каримовнинг калласида биз тушунган сайлов кампанияси деган гап йўқ. Агар биз унинг бу сафарлари ва яқинда Самарқандга ҳам боришини сайлов кампанияси-халқ билан учрашув деб баҳолайдиган бўлсак, у ҳолда Каримов ё халқни ҳурмат қилади ё халқдан қўрқади деган бўламиз.

Акс тақдирда унга кампания нима учун керак? Кампания халқнинг ишончини қозониш учун амалга ошириладиган сиёсий маъракадир. Каримовга эса халқнинг ишончи бир тийинлик қийматга ҳам эга эмас. Сандиқдан унга қарши 99.99 фойиз овоз чиққанда ҳам у ўзининг сайланганини эълон қилиб юбораверади. Тузум шунга мосланган.

У ҳолда бу кезишлардан мақсад нима?

Менимча ҳа, бу кезишлар сайлов билан боғлиқ. Лекин Каримов ўзини халққа эмас, балки дунёга кўрсатмоқчи. Россия раҳбари қатнашадиган ҳар бир анжуманга етиб бораётган Каримов энди ичкаридан туриб, “сигнал” бермоқда. Яъни кутилмаганда унинг суянган тоғи Путин׃

-Ислом Абдуғаниевич, мана ҳатто мен ҳам кетмоқчиман, сиз ҳам ёшларга йўл беринг!-деб қолса нима бўлади?

-Ана Назарбоевга нега гапирмайсиз? Ана Имомалига-чи?-деса,

-Имомали ёш, Нурсултон Абишевич ҳали куч-қувват соҳиби,-деган жавобни олиши мумкин.

Ғарбда ҳам Каримов кексайиб қолди, ёш нуқтаи назаридан ҳам кетиши керак деган гаплар айтилмоқда.

У ана шуларнинг ҳаммасини бир жойга жамлаб, мен ҳам куч-қувват соҳибиман демоқчи. Бор гап шу, холос!

Бу қайси муфти?

САВОЛ׃ “Ассассин” романингизни уни ўқиб тугатдим. Тўғриси бошим ғовлаб кетди. Наҳотки, биз билган, кўрган дунё бошқа-ю, аслида эса бошқача дунё мавжуд? Наҳотки, ҳокимият ичида, сиёсий ўйинлар ичида шунчалик махфий, мантиққа, соғлом ақлга шунчалик зид келувчи ҳодисалар мавжуд? Лекин асарингизда тасвирланган воқеаларнинг ҳақиқат эканлигига ишонаман.
Рустам Тошкентга келиб, бу ердаги Собитхон қори билан учрашади. Собитхон қори унга дадаси масаласида муфти билан учрашиб кўришга ваъда беради. Сиз бу ерда қайси муфтини назарда тутгансиз? Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мухторхон Абдуллоҳ, Абдурашид қори Баҳромов, ҳозирда эса Усмонхон Алимовлар бу лавозимни эгаллашган. (Муаррих).

ЖАВОБ׃ Албатта муаллиф асар ёзар экан кимларнидир назарда тутади. Лекин улар ҳақидаги айни нарсаларни хатга кўчирса у ҳолда ҳужжатли асар бўлади. “Ассассин” бадиий асар бўлгани учун унда мен назарда тутган кимларнингдир образларида уларнинг атрофларида ўзларига ўхшаган кимсаларнинг ҳам хислат ва фазилатлари, иллат ва камчиликлари умумлаштирилган. Шунинг учун мана бу одам айнан фалончи десак хато бўлади.

Агар мумкин бўлса…

САВОЛ׃ “Ассассин” романидаги тарихий шахсларнинг рамзий номларини қуйидагича очдим:-Абдусоли қори-Абдували қори, Собитхон қори – Обидхон қори Назаров, Холис – Салой Мадаминов, Олмосли – Анвар Олтойли, Миртемир – ўзингиз, Дурдона – Гулнора Каримова…

Шу билан бирга қуйидаги рамзий номлар остида кимлар яширинганини топа олмадим. Агар мумкин бўлса, давом эттирсангиз: Чол -Олимжон -Қорабой ака – (балки бирор оддий мухолифат аъзоси )Нодирхон -Ҳамидхон -Қози -Муфти -Ҳасан ака –Алишер ва бошқалар.(Мусулмон).

ЖАВОБ׃ Аввало романда кимларнидир кўрганингиз мени қувонтирди. Асарнинг баҳоси ҳам шунда. Агар кимдир бу асарда атрофидагиларни кўра олса, демак муаллиф натижага эришган бўлади.

Сиз айтган шахсларнинг кўплари ҳақида билганларимни уларнинг номларини очиқ айтган ҳолда алоҳида ёзганман, яъни ё публицистик, ё фелъетон, ёки ҳужжатли китоб ҳолида. “Ассассин”да келажакда ҳам кимлардир кимларнидир кўра олсалар, бу мен учун мукофот бўлади. Меҳнатим зое кетмагани албаттаки – улкан мукофот!

Собиқ муфти

САВОЛ׃ “Ассассин” китобингиз мутолаасидан келиб чиқиб ундаги “Муфти”нинг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эканлигини тахмин қилсак, мен айни шу шахс ҳақида кўпроқ маълумот олмоқчиман. Сизнинг у билан замондош бўлганлигингиз (яъни у амалда бўлган вақтда уни яқиндан таниганингиз) учун бу ҳақда сиздан сўрамоқчиман.  У киши Ўзбекистонда ҳукуматнинг мусулмонларни “ваҳҳобий” номи билан айблаб, уларга қарши репрессиялар бошлашида тамал тошини қўйган шахс сифатида эътироф этилади. Баъзи маълумотларга қарагандаЎзбекистонда айни атамани (”ваҳҳобийлик”-”vahhobiylik”) худди шу киши оммалаштирган. Ўзбекистонда фаолият юритаётган, ҳақиқатни айтишга интилган имомларни -Обидхон қори Назаров, Абдували қори Йўлдошев ва бошқаларни тийиб қўйишга, уларга қарши турли айбловларни қўйишга ҳаракат қилган дейишади. Бу ҳақда ва уларнинг орасидаги зиддиятлар борасида нимадир биласимзи? (Муаррих).

ЖАВОБ׃ Унча-бунча биламан. Бу ҳақда илгари бир неча бор ёзганман. Бу одамнинг Обдихон қори билан зиддиятлари 1990 йиллар бошида ҳаммага маълум эди. Абдували қорига ҳам қарши бўлганини эшитгандим. Яқинда эса бунга бевосита ишонч ҳосил қилдим.  Би-Би-Си радиосининг ўзбек бўлими 2007 йил 18 июнда Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси билан ўтказган савол жавобдаги мана бу қисм баъзи нарсаларни англатгандек бўлди.

”Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Абдували Мирзоев ҳақида бошқа мўмин-мусулмонлар, Ўзбекистондаги аҳоли нимани билса, мен ҳам шуни биламан. Ортиқча биладиган нарсам йўқ. Қамалганлар, бошқалар, агар ҳақиқатан ҳам ҳуқуқлари поймол қилинса, мен қўлимдан келганича ҳаракат қилишим, айтишим, тушунтиришим мумкин. Мисол учун, мен ўзим билган, менинг фаолиятимга боғлиқ бўлган баъзи кишиларни қамоқдан чиқишларини сўраб, ҳаракат қилиб, улар қамоқдан ҳам чиқдилар, ўзларининг фаолиятларини оилаларида ҳозир давом этқизаяпти. Шу маънода мен қўлимдан келганини қилганман, лекин бир кишининг қанча имкони бўлса, менинг ҳам шундан ортиқ имконим йўқ…”

Бу нимани англатади? Биринчидан, қори калимасини эмас, унинг фамилиясини айтишнинг ўзиёқ муносабат яхши бўлмаганидан дарак.

Иккинчидан, “агар ҳақиқатан ҳам ҳуқуқлари поймол қилинса” деган ибора Абдували қорининг ҳуқуқлари поймол қилинмаган деган маънога ҳам келиб қолмоқда.

Шу нарса аниқ-ки, Совет даврида ҳам, бугун ҳам диний идораларда ишлаганлар КГБ ва МХХнинг энг ишончли одамлари ҳисобланган ва шундай.

Собиқ муфти бугун диний идорада ишламасада, унга яратиб берилган шароитлар кўпчиликда шубҳа уйғотиб келмоқда. У кишининг ўзига хослик билан Каримов ҳукуматини ёқлаб келаётгани ҳам сир эмас.  Ким билади тағин, балки у Худонинг суйган қулидир? Трафдорлари кўп.

Асрлардир баъзи уламолар динни ёйиш учун золим билан ҳам ҳамкорлик қилганлар. Балки бизнинг билганларимиз уларнинг билганлари олдида ҳечдир?

Акромийлар

САВОЛ׃ Усмон Ҳақназаров хақида… агар у МХХ ходими экан, нега кўзга кўринган мухолиф сайтлар унинг мақолаларини чоп этишади? Сиз бунга уз муносабатингизни билдирмаганмисиз? Лекин Ҳақназаровнинг Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф ҳакида, унинг “Акромийлар” ҳакидаги телевидениедаги чиқиши тўғридаги гапларига қўшиламан, уни мен ҳам кўрганман. Шу уринда савол: “Акромийлар” ким ўзи, сизнинг фикрингиз? (Мурод).

ЖАВОБ׃ Ҳақназаров номидан илк мақола пайдо бўлиши билан фикримни билдирганман ва бу мақолалар ортида Каримов режими турганини иддао этганман. Бугунга қадар бир неча киши “Мен Усмон Ҳақназаров номи билан мақолалар ёзганман” дея сиёсий бошпана олганини эшитганимга қарамай фикрим ўзгарган эмас.

Бошқа сайтларда чоп этиш ёки этмаслик масаласига келсак, бу нарсани таъқиқлаб бўлмайди. Ўқиганда ҳар ким ўзи хулоса чиқариши керак.

Албатта мақолалардаги ҳамма нарса уйдирма бўлганда бу қадар диққат тортмаган бўларди. Аксинча аксарият фактлар ҳеч ким билмаган ёки аввалроқ ёзилган гаплардан иборат.

“Акромийлар” масаласига келсак. “Акромийлар” ҳақида кўп нарса ёзилди ва ҳали ёзилади. Ҳатто “Ҳақназаров” бу борада яна ҳеч ким билмаган гапларни ёзиб қолиши ҳам мумкин.

Менимча, “Акромийлар” у қадар ваҳима қиладиган нарса эмас. Демократик давлатларда бундай гуруҳларни минглаб топиш мумкин.
Аммо бу гуруҳнинг мавжудияти Каримов режимига жуда қўл келди. Шундан келиб чиқиб, келажакда бу гуруҳнинг пайдо бўлишидан тортиб, Андижон воқеаларидаги ўрнига қадар чуқур таҳлил этилиш керак.

Сабоқ оладиган мактаб йўқ

САВОЛ׃ Навбатдаги саволларни сизнинг “Ўзлигим” китобингиздаги мана бу сатрлар билан бермоқчиман. “Бухоро фожеаси хусусида уч саволга жавоб бериш керак:

“-Биринчидан, бу воқеаларда Файзулла Хўжаевнинг тутган ўрни ва роли қандай эди?

Иккинчидан, Ленин хукумати асосий диққатини Ғарбга қаратаётган бир пайтда уни Шарққа йўналтирган ва ўзлари ҳокимиятга келиш учун Ватан, миллатини ўққ туттирган инсонлар кимлар эди?

Учинчидан, Бухородан тортиб олиб кетилган маданий меросларимиз, тарихий бойликларимизни Россиядан қачон талаб қиламиз ва қачон ўз ўрнига қайтарамиз?

Бу уч саволга жавоб бермас эканмиз, хоинларни қаҳрамон, дея улуғлашда давом этилаверади, уларнинг номи кўчаларга берилади, уларнинг номига қўшиқлар бағишланади ва Бухорода 77 йил аввал, 1-сентябрда қатл этилган минг-мингларча миллатдошларимизнинг руҳи бошимизда чирқираб тураверади.

Бу уч саволга жавоб бермас эканмиз, мустақиллигимизнинг тамал тошларини мустаҳкам заминда эмас, балки қум устида қурган бўламиз. Ўзбекистон мустақиллиги рамзий ўлароқ 1-сентябрга туғри келгани 1920 йилнинг 1-сентябрида Бухоро бошига ёғилган кулфатнинг парда орқасини ойдинлатишга нафақат туртки, балки ундовчи куч бўлиш керак…” Бу саволларингизга жавоб топдингизми? (Муаррих).

ЖАВОБ׃ Бу саволларга шу сатрлар олинган жойда имконим доирасида жавоб берганман, аммо мукаммал жавобни тарихчилар беришлари керак.

Афсуски, бундан ўн йиллар аввал қўйилган бу саволлар ҳалига қадар жавобини топган эмас ва яқин келажакда ҳам жавобини топишига ишонмайман. Чунки биз ўтмиш билан кўр-кўрона фахрланадиган ва уни таҳлил қилишни истамайдиган халқмиз.

Ўлган ўлди, ўлганнинг орқасидан гапириш гуноҳ, у яхши одам эди деймиз, у ҳақда гапирганинг билан фойдаси йўқ деймиз. Шунинг учун ҳам бошимизга келган балолар давом этаверади. Сабоқ оладиган мактаб йўқ-да!

Ғафур Ғулом ҳақида гапириб кўринг. Авлодлари ёқангизни йиртиб, қўлингизга беришади.

Ҳамид Олимжон тўғрисида бир нарса денг, аждодлари сизни тинч қўйишадими?

Бу икки ном мисол сифатида айтилди, холос. Чунки биз керак бўлса ҳали ҳам Сталинга сиғинадиган халқмиз! Аслида оломондан халққа айлана олмаганимиз оқибати бу.

Қизиқчи Обид Асомовни гоҳида ундай, гоҳида бундай деб юрамиз. Лекин барибир унинг ҳазилларидан мазза қилиб куламиз. Унинг жиддий гаплари ҳам бор. Яқинда ўқиб қолдим. У «Муштум” журналига берган суҳбатида (2007, 15-март) шундай дейди׃ “Байрамларда америкаликлар мамлакат байроғини уйларининг томи узра кўтаришади. Агар мен, байрамда томимга байроқ осадиган бўлсам, қўшниларим, “Обиднинг томи кетибди!” дейиши аниқ…”

Аслида бизда ифтихор қиладиган байроқнинг ўзи йўқ. Ҳатто машҳур қизиқчимиз ҳам бу байроқнинг тарихини билмайди. Агар билганда “Асл тарихий байроғимиз қани, унга нима бўлди? Буниси қаердан келиб қолди?” дея масалани бошқача қўйган бўлармиди?

Хуллас, ҳақиқий тарихимизни билмасак, ўлганни ўлдига чиқариб қўяверсак, эртага биз ҳам ўламиз ва ўлдига чиқиб кетаверамиз, ҳеч нарса ўзгармайди.Сабоқ оладиган мактабимиз бўлиши учун эса ўтмишни ҳам, бугунни ҳам очиқ таҳлил қилиш зарур.

Кошки эскирса

САВОЛ׃ “ҚУВҒИН” ни ўқиб чиқдим. Муболағасиз айтиш мумкинки, асар бадиий тусда ёзилган бўлишига қарамай, ҳақиқатда ЎЗБЕКнинг ЭНГ ЯНГИ ТАРИХИдаги бурилиш нуқталарини, кечмишини холис ва ҳаққоний акс эттирган. Мен ҳозиргача Ўзбекистон мустақиллиги, унинг давлатчилиги шаклланиши ҳақида маддоҳ тарихчи ва олимлар, қасидагўй ёзувчи ва шоирлар ёзган асарларни, дарсликларни ўқиб келдим. Бир мен эмас, умуман бизнинг авлод шу руҳ ва йўналишда тарбия қилинди ва бу бугун ҳам давом этмоқда. Биз ҳалигача ёлғон тарихни ўқиб, унга ишониб, эътиқод қўйиб юрибмиз. Шу сабабли “ҚУВҒИН”дан анчагина керакли маълумотларни олдим. Тарихимизнинг Қодирий таъбири билан айтганда “….энг кирли даврлари…”ни ёритиб берганингиз учун мен ўз номимдан Сизга раҳмат айтаман.Айни пайтда асардаги баъзи қаҳрамонларни “танидим”, баъзиларини эса “топа олмадим”. Бир кун  келиб образларингиз эскириб қолишидан қўрмайсизми?(Комил).

ЖАВОБ ׃ Булар 1990 йиллар авлодининг образларидир. Минг афсуски, ундан кейинги ўн йиллик ва ҳозирги давр вакиллари ҳам айни руҳдаги одамлар бўлиб қолишмоқда. Яъни яқин тарихнинг қора кунлари ҳалига қадар давом этмоқда.

Бугун ҳатто танқидни иғво дейиш ёки миллий масала ҳақида гап очсангиз жанжалга айлантириб юбориш, тор кўчага тортиш, муҳим гапларни шахсий манфаатдан келиб чиқиб баҳолаш каби иллатлар яна ҳам кучайди.

Маҳаллийчилик, манфаатчилик, тарафкашлик, гуруҳбозлик, грантбозлик, хоинлик, миллат ва мамлакат номини пуллаш сингари иллатлар зеҳниятни емиришда давом этмоқда. Бу аҳволда образларим узоқ яшайдиган кўринади. Кошки эскирса эди…

Ўргимчак

САВОЛ׃ “ТАРИХНИ ТИТРАГАН КУНЛАР” тўпламингиздаги “ЎЗБЕКИСТОНДА “КЛАН”ЛАР БОРМИ?”сарлавҳали мақолада қуйидаги жумлаларни ўқидим: “Ҳа, бугунга келиб пул, яъни порахўрлик, коррупция ҳамма нарсани ҳал қиладиган кучга айланди. Бунинг қаршисига чиқадиган мард қолмади. Ҳатто Президент ҳам бу хусусда ожиздир, у ўтган йили Самарқанд ва Навоий вилоят сессияларида Ўзбекистон коррупция сариқпечаги билан ўралганини тан олди ва коррупцияга қарши кураш бошлатганини эълон қилди. Аммо жуда қисқа вақтда чекинди. Яна бир икки одим отганда коррупция уни тахтдан улоқтириб ташлашини сезди. Чунки коррупция падаркуш фарзандга ўхшайди. Агар унинг йўлига чиқадиган бўлса, у ўз отасини ҳам танимайди. Биз кланлар ва маҳаллийчилик деб ўзимизни овутиб, Америка матбуотини ҳам чалғитмай очиқ гапиришимиз керак. Ўшандагина халқ бизни англайди. “Озодлик радиоси” 1999 йил, 13 Июнь.”

Тушунишимча ўша вақтда Сиз Каримовни бугунги каби диктатор деб билмагансиз. Шундан келиб чиқиб, коррупцияга қарши бора олмайди дегансиз. Лекин ҳозирда Каримов Ўзбекистонда хоҳлаган ишини қилиши мумкинлиги, бу йўлда ҳеч ким билан ҳисоблашмаслигини ёзиб келаяпсиз. Ҳатто мен ҳам Сизнинг асарларингизни ўқиб, айни пайтда реал вазиятга қараб, мавжуд жараёнлар худди айтганингиздек ривожланаётганлигини тан олдим. Олдин мен ҳам баъзилар сингари Каримов кимларнингдир (мафия ёки атрофидагилар) қўлида ўйинчоқ деб ишонар эдим.
Саволим: қарашларингизнинг бу тарзда ўзгариши фавқулодда юз бердими ёки бир неча йиллик тажрибаларингиз маҳсулими? (Адҳам).

ЖАВОБ׃ Аввало қарашларнинг ўзгариши ҳақида. Инсон шундай тузилганки, унинг ўзи каби қарашлари ҳам ўзгариб туради. Бунга вақт, давр, воқеалар, тажриба ва бошқа омиллар сабаб бўлади. Робот ёки манқуртгина бир умр бир зайлда қолиши мумкин. Шундай экан мен ҳам оддий одам ва кўп масалада кўп қарашларим ўзгариб бориши мумкин, буни инкор этмайман.

Аммо Каримовнинг яккаҳокимлиги, диктаторлиги масаласида 1992 йилда ҳам, 1999 йилда ҳам, бугун ҳам айни қарашдаман. Агар Каримов яхшилик томонга ўзгарганда табиийки унга қарашларимда ҳам ўзгариш бўлар эди. Афсуски, ҳамма ўзгариши мумкин аммо Каримов ўзгармайди. Буни вақт ҳам исбот этди. Унда инсоний фитратлардан шайтоний иллатлар кучлилик қилди.

Энди коррупция масаласига келсак. Бу қўл билан ушланмайдиган ва кўз билан кўриб бўлмайдиган, аммо ҳар қадамда ва ҳар лаҳзада ҳис этиш мумкин бўлган иллатдир.

Диктатура жамиятида ҳамма нарса диктаторга боғлиқ. Чунки бутун жиловлар унинг қўлида бўлади. У истаган одамини йўқотиши ва истаган ишини қилиши мумкин. Аммо у коррупцияни йўқотишга қодир эмас. Чунки унинг ўзи коррупцияга, коррупциянинг тимсолига, коррупциянинг ўзагига айланган бўлади. Унинг коррупцияга қарши ўт очиши ўзига қарши ўт очиши демакдир.
Коррупция диктаторнинг нафас олувчи ҳавосидир. У шу ҳаводан нафас олгани учун тирик.

1999 йилда у икки вилоятдаги нутқида коррупция борлигини тан олди ва бунга қарши курашга бел боғлаганини айтди. Ўшанга қадар у коррупция-бу унинг ўзи эканлигини билмаган бўлиши мумкин. Аммо ўшандан бери буни ҳам билади. У коррупцияга қарши чиқса, куни битишини ҳам англайди. Шунинг учун бу борада гапириши мумкин аммо бирор иш қилмайди. Уч тўртта раҳбарни қамаб туриш бу коррупцияга қарши кураш эмас.

Ўргимчак уяси ва унинг ўртасидаги ўргимчакни тасаввур қилинг. Бу уяни тўқиган ўргимчак шу уянинг бандига айланган. У мана шу уяда оёғидан осилиб ўлади аммо бу уяни буза олмайди.

Маҳаллийчилик

САВОЛ׃ Ўзим тошкентликман. Лекин маҳаллийчилик жонга тегди. Бунга қандай қарайсиз? Маҳаллийчиликка барҳам бериш мумкинми? Бу давлат миқёсидаги тадбир бўлиши керакми ёки ҳар бир киши ўз устида ўзи ишлаши керакми? (Муаррих).

ЖАВОБ׃ Бу Ўзбекистон учун фавқулодда муҳим масала. Бу иллатни енга олмасак, асрлар бўйи давом этиб келган муаммоларимиз яна узоқ вақтлар “девори кўндаланг” бўлиб тураверади.

Маҳаллийчи одамни маданиядан йироқда қолган, ўз қобиғида чириётган ва маҳаллийчиликни эса маданиятсизлик деб тушунаман.

Ҳар бир одам ўз маданият даражсини мана шу билан ўлчаши мумкин.
Қанчалик дунёни танисангиз, билим эгаси бўлсангиз, ота-онадан кейин ўзингизни ўзингиз яна тарбияласангиз бу иллатдан қутула борасиз. Маҳаллийчилик майда миллат бўлишга бошлайди.

Демак, катта миллат бўлишга интилиш керак. Ўзбеклар ўзининг турклигини ҳис этса, буюк Туронни ватан деб билса, бутун дунё унинг ҳам уйи эканлигини тушунса, маҳаллийчилик ғарқ бўлади.

Масалан, каминаа бугун Турондан ҳам кенгроққа қарайман. Бутун дунёни инсонларга берилган бир Ватан деб биламан. Худо инсонларга битта Ватан берган. Бу Ер куррасидир. Шундай экан, “фалон жойи меники, фалон жойи сеники, мен билан бир жойдан бўлганлар алоҳида имтиёзга эга, бошқалар эса бегона” дедингизми паст кетасиз. Чунки бу замин кўплардан қолган ва сизу биздан ҳам қолади.

Масалани айни шаклда инсонга ҳам йўналтириш керак. Худо ҳар инсони халифи деб билди. Нега энди мен ўзим туғилган жойдаги бир одамни сиздан устун қўйишим керак?

Мен самарқандлик Ислом Каримовдан бухоролик деҳқонни минг марта устун қўяман. Чунки самарқандлик Ислом Каримов зулм машинасини бошқармоқда, бухоролик деҳқон эса қон ютиб меҳнат қилмоқда.

Хоразмлик собиқ ҳамкасбдан тошкентлик оддий ишчи Илёс акани устун қўяман. Чунки собиқ ҳамкасбга илм олиш йўлини кўрсатиб, бўҳтонга учрадим, тошкентлик Илёс ака эса илм олишимда беминнат кўмакчи бўлди…

Бошимга иш тушганда қочиб қолган ўзбекистонлик казо-казолардан оғир кунимда маънавий мадад бўлган озарбайжонлик ва туркиялик Умуд ҳамда Расмбек каби қардош, жондош дўстларим афзал.

Ёки ўзим билан бир тилда гаплашадиган, бир динда бўлган бир танишимдан олис Орегондаги, бошқа тилда гаплашадиган ва бошқа динда бўлган саксон ёшли Мерет холани устун қўяман. Чунки у берган нон-тузини, қилган яхшилигини миннат қилган эмас. Ўзимники эса, бермаган нон тузини, қилмаган яхшилигини миннат қилиб юрибди…

Ана шундай таққослашда давом этавериш мумкин. Бу билан Самарқандни ёки Тошкентни, Хоразмни ёки Бухорони камситиш ёки улуғлаш эмас, балки одамларга уларнинг қаердан эканликларига қарамай, кимликларига қараб баҳо бериш керак демоқчиман.

Ўшандагина “лик-лик”лардан узоқ бўламиз. Бу нарса биринчи галда шахснинг ўзига боғлиқ ва сўнгра бу давлат миқёсидаги мафкура бўлиши керак. Агар мафкура Туркистон(Марказий Осиё) бирлиги, Турон (Авроосиё) бирлиги ва Дунё бирлиги йўналишида бўлса, маҳаллийчилик нафратли ўринга тушади.

КУЛМАГАН ЭЛНИНГ
БАХТИ ҲАМ КУЛМАЙДИ

19-7-2007
САВОЛ׃ Жаxонгирбек, тарих фанлари доктори Ален Франк билан биргаликда янги нашр эттирган китобингизни олдим. Катта меҳнат ва катта тадқиқот қилибсизлар. Хурсанд бўлдим. Бунинг устига номингизни дунё тилшуносларининг рўйхатида кўриб севиниб кетдим. Ижодингизни ҳам кўп йиллардан бери кузатиб келаман. Ўзимизга хос-ўзимизга мос диктатурамизни фош этган биринчи романни ҳам сиз ёзган эдингиз.

Журналистикада ҳам куп нарсанинг асосини кўйдингиз. Айникса сиёсий мавзуларда “Савол-жавоб” рибрикаси ўзбек журналиситикасига кириб келиши сизнинг номингиз билан боғлиқ. Бир неча йилдан бери буни жанрга айлантириб юбордингиз десам муболаға қилмайман. Сиёсий латифа адбиётимизга ҳам кириб келди. Бу ҳам сизни номингиз билан боғлиқ. Тезроқ яхши кунлар келиб мамлакатга қайтсак, шулар ҳакида шогирдларимдан бирига тадқиқот килдирсам нима дейсиз?(Ботирали Нуралиев, профессор).

ЖАВОБ׃ Жуда катта баҳо бериб юборганингиз учун раҳмат, домла. Мен эса сиз Алматида нашр этган китоб ҳақида ўқидим, аммо ҳали қўлимга етиб келган эмас.
“Савол-жавоб” масаласида…

Ўқувчиларнинг кундалик саволларига жавоб бериб бориш осон иш эмас. Бу ҳамма соҳадан бохабар бўлишни талаб этади ва жуда кўп вақтни олади. Бир пайтлар бу ишим учун танқид қилганларнинг ўзлари бугун шу йўлга кирдилар. Демак, уларни ҳам саволларга жавоб беришга ўргата бошладик. Агар бу борада хизматим бўлса, Худога шукур қиламан.

Сиёсий латифалар ҳақида… Кейинги асрларда Ғарб мамлакатларида, жумладан русларда ҳам сиёсий латифа жуда катта жанрга айланди. Ҳокимиятнинг қусурлари ва ўзига ярашмаган ҳаракатлари устидан кулиш бу жамиятларнинг муҳим бир қисми бўлиб қолди. Масалан, Америкада ҳар куни деярли барча умуммилий телеканалларда тунги сатира кўрсатувлари намойиш этилади. Уларда Конгресс аъзолари, Президент ва машҳур кишиларнинг шу кунги гаплари ва ҳаракатлари сиёсий латифаларга асос қилиб олинади. Бу кўрсатувлар мамлакатдаги рейтинги баланд дастурлар ҳисобланади. Уларнинг бошловчилари ҳам машҳур бўлиб кетишган ва бутун ҳокимият тизимлари уларнинг кулги аралаш танқидларига жиддий қарашади.

Ҳатто йилда бир марта Оқ уйда Президентнинг ўзи қатнашган кулги кечасида унинг ҳаракатлари, фаолиятидаги камчиликлари устидан куладилар ва унинг ўзи ҳам ўзини сиёсий латифа қаҳрамонига айлантириб журналистларга табассум ёяди.

Бу Шарқда ҳам азалдан бўлган, аммо кейинги асрларда қатағонга учраган. Амир Темур ҳақидаги латифларни эсласак, бу жанр нақадар кучли илдизга эга бўлганини кўрамиз. Ҳар қандай шоҳлар устидан ҳам кулишган ва уларни танқид қилиб, сиёсий латифалар яратишган.

Совет даврида руслар бу борада олдинда эдилар. Қайта қуриш йиллари улар халқ оғзида юрган сиёсий латифаларни тўплаб бир неча китоблар нашр этишди. Сталиндан Брежневга қадар ҳамма золимлар сиёсий латифа “қаҳрамони”га айлантирилганди.

Бизда ҳам бор эди. Амммо жуда оз ва улар тўплаб нашр этилмади, аксинча Каримов пайтида бу жанр деярли ўлди. Биз талаба эканимизда жуда кўп сиёсий латифалар бор эди.

Масалан׃
Автобусда бир кишининг оёғини иккинчиси босиб турган экан. Оёғи босилган одам׃
-Ака сиз Самарқандданми,-деб сўрабди.

-Йўқ…

-Акажон бўлмаса сиз Жиззахданми?

-Йўқ..

-Ҳе, ифлос, бўлмаса нега оёғимни босасан!

Ўшанда милициянинг каттаси Самарқанддан ва Ўзбекистонинг раҳбари Жиззахдан эди.

Бугун ҳам халқ орасида сиёсий латифалар жуда кўп. Чунки халқ қайнар чашма.

Менинг қилган ишим эса кундалик сиёсий воқеаларга муносабатни озгина ҳажвий йўл билан ифода этиш бўлмоқда, холос.

Бу кўпчиликка маъқул келди. Орада бир неча маротаба тўхтатганимда бу рукни тиклашни талаб қилишди. Демак, халқимиз кулишни истайди. Зотан кулмаган элнинг бахти ҳам кулмайди.

Хазина “хакерлари”

САВОЛ׃ Бир қариндошим қарийб 40 йилдан буён ўқитувчилик қилади, ойлик маоши жуда оз. Шу қариндошимнинг кечагина армияни битириб, бир ҳарбий қисмда “сержант сверхсрочний” бўлиб ишлайдиган куёви, яъни қизининг эри ойига жуда катта маош оларкан, бундан ташқари куёв кунда-кунора озиқ-овқат маҳсулотлари-тушёнка, картошка, гуруч, нон ва шу каби ўлжа билан уйига қайтар экан, табиийки у бу маҳсулотларни бозордан сотиб олмайди, яъни ҳарбий қисмнинг озиқ-овқат омборидан текинга ташийди. Қариндошим куёвини “ёғли” жойда ишлашидан яна мағрурланиб қўяди, маърифатли бир инсоннинг шунақа ишларни кўра-туриб мағрурланишини нима деб изоҳлаш мумкин. 40 йилга яқин ёш авлодга таълим-тарбия берган муаллим меҳнатидан ҳали она сути оғзидан кетмаган бир “тирранча” ўғри аскар боланинг элга қилаётган “хизмати” ортиқроқми? Ваҳоланки, уларнинг иккиси ҳам бюджетдан маош олади.
Жаҳонгир ака! Нима деб ўйлайсиз, шундай бўлиши адолатданми? (Эркин).

ЖАВОБ׃ Адолатдан эмас. Ўзбекистонда бу адолатдан деб айтадиган нима бор ўзи? Адолатсиз режимнинг ҳамма одимлари ҳам адолатсиз бўлади.
Агар кимдир адолатсиз режимнинг тўраларини қўриқлаш учун хизмат қилса кўпроқ маош олади. Бу мустақилликдан кейин яшириб бўлмайдиган ҳақиқатга айланди. Аммо халқнинг боласини ўқитиш учун меҳнат қиладиган инсонларга сариқ чақа. Чунки режим бу миллатнинг саводсиз бўлишидан манфаатдор. Илмли одамни эмас, чаласаводни, манқуртни бошқариш осон деб ҳисоблайди.
Ўқитувчилар эса дарсни апал-тапал ўтиб, қолган вақтда рўзғорларига бир нарса топиш учун ҳалак. Уларда дарс беришга на қизиқиш, на ҳавас, на иштиёқ қолган. Бугунги режим йиқилгандан кейин узоқ йиллар тикланиши қийин кечадиган соҳа маориф бўлади.

Сиз саволингизда зеҳният масаласига ҳам тегиб ўтгансиз. Ўзбекистоннинг қаерига борманг давранинг тўрига ўқиган одамни эмас, пулдорни, “ёғли” жойда ишлаган одамни ўтқазишади. Бу Совет даврида ҳам шундай эди. Аммо бугунги даражага етмаганди. Буни инсон зеҳниятининг нокамоллиги деб билардим. Лекин америкаликлар (яқин вақтларда ташқаридан келганларни қўшмаганда-ЖМ) орасида буни кўрмадим. Демак, бу маданият ва умумтаълим даражаси билан боғлиқ масала.

Кўрдингизми, гап яна келиб маорифга боғланди. Фалакнинг гардиши айланиб, Ўзбекистон келажагини ўйлаган одамлар майдонга чиқишса, ишни маорифни ислоҳ қилишдан бошлашлари керак бўлади. Бюджет-бу халқ пули. Халқ пули хазина “хакерлари”га эмас, унинг ўзига хизмат қилиши керак.

Ўқитувчининг ва ўқишнинг ўрни жамият юрагидаги ўқ томирига айланиши лозим. Чунки бутун ҳаёт илдизлари ана шу ўқ томирга боғлиқ. Зотан, ўқитувчи, муаллим-устоздир.

Ривоят қилишларича, Амир Темурнинг ишлари бирдан орқага кета бошлабди. У Чин юришини амалга ошира олмай, Ўтрорда қоларкан, уламоларни чақиртириб катта элларнинг бошига офатлар нима учун келганини суриштирибди.

-Қадимда шоҳ Эдип билмай ўз онасига уйланиб қўйгани учун элининг бошига офат калхати қўнган,-дебди улардан бири.

Бошқаси эса׃ -Искандари Зулқайнар ўз тўшагига эркакни олгани учун султонияти емрила бошлаган,-дебди.

Яна бири׃ -Рум Қайсари саройни фоҳишахонага айлантиргани учун салтанати қулаган,-дебди.

Ҳаммасини эшитиб Амир Темур ўйга толибди ва׃
-Булардан бирини ҳам кўрмадик. Аммо унданда оғирроқ гуноҳ қилганимни англадим. Мен ўлсам бошимни Мир Саид Бараканинг оёғига қўйинглар,-деб васият қилибди.

Негалигини ҳеч ким билмабди. Амирнинг ўлимидан кейин васиятини бажо келтиришибди ва Сароймулкхонимдан бунинг сирини сўрашибди.

-Ул зот устозларини ранжитиб қўйган эдилар,-дебди малика.

Бу бир ривоят. Аммо устозлари ранжитилган элнинг бошига қандай балолар келишини бугун Ўзбекистон мисолида кўриб турибмиз.

ДЎК сиёсий партия эмас!

САВОЛ׃ Биз Ўзбекистонда миршаб эдик, ишдан кетгач, бу томонларда ишлашга келиб, шу ерларда қолиб кетдик ва исмимизни айтмасангиз у ердаги шароит ҳақида гапириб беришимиз мумкин. ДЎКнинг кейинги мажлиси қачон бўлади ва бизни хабардор қилсангиз? Биз ҳам сизнинг партияга аъзо бўлсак майлими? (Ўзбекистонлик собиқ икки миршаб Ҳ.М ва Т.Н.).

ЖАВОБ׃ Ўзбекистондаги шароитдан оз бўлса ҳам хабардормиз. Агар сизлар очиқ баёнот берамиз десангизлар бунга шароит яратишимиз мумкин. Лекин…

Ташқаридаги ҳаракатлардан фойда келмаслигига тўла ишонч ҳосил қилиб бўлдик.
Ташқарида бугун мажлис ўтказсангиз ёки митингга чиқсангиз ўнлаб одамлар пайдо бўладилар, биргаликда суратларга тушадилар, миллат ва мамлакат ҳақида ёниб гапирадилар. Ораларида сиз каби собиқ миршаблар ҳам бўлиши табиий. Шундайларни кўрдик ҳам. Кейинги сафар яна бошқалари пайдо бўладилар. Бир икки кўринишдан кейин мен ҳам мухолифатчи деб бошпана олиш учун тавсиянома сўрашади.

Айниқса, бу 2005 йилдан кейин одат тусига кирди. Митинг ва намойишларда олинган суратларни солиштирсангизлар сизлар ҳам бунга ишонч ҳосил қиласизлар.

Демак, аста-секин маълум бўлдики, баъзиларининг мақсади Ўзбекистон эмас, балки чет элда қолиш учун ўзларини мухолифатчи қилиб кўрсатиш ва сиёсий бошпана олишдир. Ундайлардан узоқ туришни истаймиз.
Шунинг учун ҳам, ўтган йилнинг 25 декабрдаги мажлисида ДЎК қарор олиб, мажлисбозликни тўхтатганди ва қўлимиздан неки ёрдам келса, мамлакат ичига қаратишни режалагандик.

Мақсадимиз демократияни ёйишга қаратилгандир. ДЎК сиёсий партия эмас. ДЎК ноҳукумат-халқаро ташкилотдир ва вазифалари ҳам ана шундан келиб чиқади.

ДЎК расмий ташкилот сифатида хорижда ”ўзбек мухолифати” номи билан амалга ошириладиган грантхўр мажлислар, хўжакўрсин намойишлардан узоқ туришининг сабаби ҳам ана шунда.

Қизидан отасига

САВОЛ׃ Uzmetronom.com сайтида Сергей Ежков 2007 йилнинг август ойида Ўзбекистонда кескин ўзгаришлар бўлиши ва ҳатто қон тўкилишини ёзган. Шунга сизнинг фикрингиз қандай? (Жавлон).

ЖАВОБ׃ Ўзбекистонда Ислом Каримовга қарши гап айтилиши мумкин бўлган ҳамма сайтларга тўсиқ қўйилган. Аммо бу сайт очиқ. Гарчи бу сайт Каримовга қарши материалларни кунора бериб турса-да! Ўша танқидларни таҳлил қилсангиз, Гулноранинг манфаатидан келиб чиқиб қилинган танқидлар бўлади.

Каримов кутилмаганда ҳар хил қарорлар олишидан унинг атрофидагилар, ҳатто қизи ҳам чўчийди. Шунинг учун турли эҳтимолларнинг олдини олишга уринадилар. Айниқса сайлов олдидан.

Нарх-наво ошиши туфайли Ўзбекистонда қон тўкилиши мумкин деб ёзиш Гулнора гуруҳига бир ўқ билан икки қуённи уришдир.

Биринчидан, шу баҳона билан Каримовга ҳушёрликни ошириш таклиф этилади. Бу МХХ, ИИВ ходимлари сонини кўпайтириш, маошларини ошириш ва Россиядан қўшимча қуроллар сотиб олиш, унча-бунча одамни ишдан четлатиш, қувғин қилиш учун замин бўлади.

Иккинчидан, нарх-наво учун масъул бўлган Мирзиёевни Каримовнинг наздида керак бўлганда ҳамма айбни бўйнига ағдариш мумкин бўлган нишон қилиб сақлашга хизмат қилади.

Лекин Каримов бу ўйинларга қанчалик ўйнайди? Буни ҳатто Гулнора ҳам билмайди. Балки бу ўйинчиларнинг ҳаммасини Каримовнинг ўзи ўйнатаётган бўлса-чи?! Ана шу гап ҳақиқатга анча яқин.

Жасадкашлик

САВОЛ: Каримовнинг қайта президент бўлишига бошқа раҳбарлар қандай қараяптилар? Каримов сайлангач, уларнинг қолиб-қолмасликлари номаълум-ку?(Ориф).

ЖАВОБ: Каримовнинг “кадрлари” бошқа одамнинг ҳокимият тепасига келиши улар учун ҳамма йўлларнинг камида 20 йилга ёпилиши деган фикрда. Улар бир пайтлар Брежневнинг жасадини судраб юрган кимсаларга ўхшаб қолишган. Каримовнинг ўзи умрбод туриш учун айнан шу сиёсатни танлаганини хаёлга ҳам келтирмайдилар.

Каримовнинг “кадрлари” унинг сўкишларига ўрганишган ва ҳатто ишдан олса ҳам яна бошқа жойга тайинлайди деб ўйлайдилар. Агар Каримовга қарши гап кўнгилларининг бир четидан ўтса, не ҳолга тушишларини биладилар ва ўзларини доим  “эга”ларига содиқ қилиб кўрсатадилар. Жасадкашлик даври бошланди.

Лўхтакчалар

САВОЛ: Кўрсатилган номзодларнинг ҳаммаси сайловда қатнашса, бозор бўлиб кетмайдими? (Носир).

ЖАВОБ: Агар Каримовнинг характеридан келиб чиқиладиган бўлса, унинг бу қадар номзоднинг сайловга киритиши фавқулодда воқеа бўларди. Зотан у бунча кўп номзод билан биргаликда майдонга тушишига ишонмайман.
Чунки у “Озгина сизган сув ўпириққа айланиб кетиши мумкин” дерди ва бунинг олдини олади.

Шундай экан, ҳатто ҳеч нарсага ярамайдиган нимжон номзодлар бўлсаларда улар кутилмаганда хавфга айланиб қолишларининг олдини учун кексайиб қолган ИАК бош қотиришни истамайди. Сайловга қадар улар орасидан биттасини танлаб олади.

Аслида берилган овозлар қандай бўлишидан қатъий назар Каримов ўзига керакли рақамни ва “рақиби”га берадиган “ҳақ”ни аллақачон калласига ёзиб олган.
У томонда халқ овоз бераверади, бу томонда ИАК калласидагини эълон қилаверади.

1990 йилда бу ҳодисани сир сифатида сақлай олмаган Марказий сайлов комиссияси раиси Қудрат Ахмедовнинг бошига келган савдолар ҳаммамизга аён.
Кейинчалик ИАК бу сирнинг ошкор бўлишидан қурқмай ҳам қолди. У ўлгандан кейин куйдирилган, бот-бот чоп этилган овоз варақалари ҳақида ҳали китоблар ёзилса керак.

Илгарилари бир кишилик қўғирчок театри бўлган. Бир масхарабоз одам беш-олтита қўғирчоқни (қўлда, бошининг ичига танга тиқиб латтадан ясалган қўғирчоқни халқ тилида лўхтакча дейишган-ЖМ) халтасига солиб олиб, қишлоқма қишлоқ юриб, томоша кўрсатган.

Бугунги ҳолат худди ана шу саҳнанинг ўзи. ИАКнинг қўлида беш олтита, оёқ учида ҳам икки-учта лўхтакча. У ана шу латта лўхтакчаларни ҳар мақомга солиб, томоша кўрсатмоқда. Бепул томоша экан, мазза қилиб қараб ўтираверамиз, деган одам хато қилади. Чунки жуда қимматга тушадиган томоша. Театр тугагач, масхарабоз чиптанинг нархини айтади. Пули етмаганнинг кийимини ечиб, яланғоч қилиб, орқасига бир тепиб ана ундан кейин қўйиб юборади.

Ҳўкизнинг думи…

САВОЛ: Ўзбекистонда бўлаётган ўйинни аслида сайлов деб аташ мумкинми?(Малик).

ЖАВОБ: Аслига қарайдиган бўлса, жуда кўп нарса ўз номига мувофиқ эмас. Лекин фикрни ифода қилиш учун шундай сўзни ишлатишга мажбурмиз.
Сайлов диктатурага зид нарса.

Диктатура бутун ҳокимият битта золимнинг қўл остида тўпланишидир. Сайлов эса ўз номи билан сайлов, бир қанча одам орасидан биттасини сайлаш. Шундай экан, диктатура шароитида сайлов бўлади, дейиш ҳўкизнинг думи жума куни ерга тегади, дегандек гап.

Ўзбекистонда эса сайлов-сайлов ўйини ўтмоқда. ИАК бу томошани халққа кўрсатмоқда десангиз адашасиз. У халқни ҳам, мухолифларини ҳам бир тийинга олмайди. Бу томошани у ташқарига кўрсатмоқда. Масалан, номзод номзод ўйини билан Авропа Иттифоқига сўриб туриш учун хўрозқанд берди.
Аслида ташқари ҳам унинг томоша кўрсатаётганини билишини Каримов идрок этади. Лекин ташқари ҳам томошасизликдан, лаб ялаб туришдан хўрозқанд сўришни афзал билади. Яъни ИАКнинг ўйинларига қарсак чалмаса ҳам башарасига тупурмайди. Унга мана шу керак.

Бугунги Ўзбекистон шароитида демократия деган сўз ўз маъносини йўқотиб диктатурани ангалатади.

Сайлов ҳам худди шундай бир маънодан бошқа маънога кўчган ва “сайлов-сайлов ўйини” деган бирикмани яратган. Бундан кейин қаерда сайлов деган сўзга кўзингиз тушса, уни сайлов-сайлов ўйини деб қабул қилинг.

Филга пашша чаққанчалик

САВОЛ: Ўзбекистондаги сайловга туркларнинг таъсири бўлиши мумкинми? (Шароф).

ЖАВОБ: Саволингиздаги “турклар” деган калимани мен икки тарзда тушундим.

1. Туркия турклари.

2. Туркиядан ташқарида яшаган ва Ғарб дунёсида таъсир кучига эга бўлган турклар.

Туркия ҳукумати исломий кучлардан ташкил топгани учун Каримов режими алоқаларнинг аксар йўлларига ғов қўйган. Чунки Туркия ҳукумати ҳам, Туркия халқининг аксарияти ҳам Каримов режими йўқолишининг тарафдори.
Йиллардир улар Кримовнинг мухолифаларини ҳам иқтисодий ва ҳам маънан қўллаб келишаётганини биламиз. Буни Тошкент ҳам яхши билса керак. Шунинг учун туркларнинг Ўзбекистондаги сайловларга бевосита таъсирлари филга пашша чаққанчалик даражада ҳам эмас.

Бунинг устига уларнинг ўз муаммолари ошиб-тошиб ётибди.

Ғарб давлатларида яшаётган туркларнинг дунёвий режим тарафдорлари бўлганлари нафақат ўз мамлакатларида, балки халқаро ташкилотларда ҳам каттагина нуфузга эгадирлар.

Улар нафақат Туркияда, балки умуман турк давлатларида дунёвий тузум қарор топсагина демократияга йўл очилади, инсон ҳуқуқлари устивор бўлади деган фикрдалар. Улар отатуркчи бўлиб, исломий режим тарафдорларини истамасликларини яширмайдилар ҳам.

Англияда истиқомат қиладиган турк Ширин Акинернинг Андижон масаласи бўйича Каримов режимига берган мададини унча-бунча одам ёки ташкилотлар йўққа чиқара олмадилар ва у ўз ишини қилди.

Авропа парламентининг Марказий Осиё бўйича катта таъсир кучига эга бўлган вакили Жем Ўздамир ҳам Ўзбекистон масаласида ҳисобот тайёрлаб, Каримов режимини оқлаш учун катта одим отди. У олмониялик турк ва Яшиллар партиясининг Авропарламентдаги “устун”ларидан бири.

Ўзбекистондаги сайловга қайси бир маънода Туркия ташқарисида яшаётган ва дунёвийлик тарафдори ана шундай туркларнинг таъсири бўлмоқда деб айтиш мумкин. Каримов мухолифлари ўзларини дунёвий сиёсий куч сифатида кўрсата олмаганлари ҳам уларга баҳона.

Халқ айбдор эмас!

САВОЛ: Халқимиз нега бунча тебранмас бўлиб қолди? (Исмсиз).

ЖАВОБ: Аслида ўзим ўзимга ўрнатган қоидага кўра, исмсиз мактубларга жавоб бермаслигим керак эди. Аммо бу ҳақда бугун ҳаммаёқда ёзилаётгани, ҳатто ўз сафдошларим ҳам ёзишаётгани учун мухтасар жавоб беришни бурчим деб билдим.

Бундан бир неча йил олдин диктатура фитрати ҳақида ёзганимда, бу режим берадиган “маҳсулот”лардан бири халқни лоқайд этиши ва жамиятни маънан бузиши эканлигини айтгандим. Назаримда шу нуқтага келганга ўхшаймиз. Яъни диктатура ўз мақсадига эришгани бугунги чиқишларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Бундай шароитда миршабдан бошлаб ўқитувчига, ҳокимият идорасидаги ходимдан бошлаб мамлакат ичидаги режим мухолифига қадар ҳаммадан бир нуқс топиш қийин эмас. Уларни бефарқликда ёки маънан бузилганликда айблаш ҳам осон.

Режимни ўзгартириб бериши керак дея бутун халқни айблаш ўзимиз ҳам диктатуранинг қармоғига илина бошлаганимиздан дарак бўлади.

Ҳатто чет элдаги дўстларимиз ҳам халқ  Каримовни йиқитиб беришидан умидвор.

Ҳар доим режимларни халқнинг жуда кичик бир қисми, шу режимга мухолиф бўлган қисми ўзгартирган.

Лекин диктатура режими кучайгандан кучайиб ана шундай иддаодагиларни ҳам умумий карвонга солди.

Андижон воқеаларидан беш кун олдинги радио мулоқотида халқ кўчаларга чиқса, режим бостиради, отади, танклар билан мажақлайди дегандим. Андижон қатлиоми бу гапни исботлади.

У ҳолда нима қилиш керак? Йўллар битмагани ва диктатурани қон тўкмасдан ағдариш мумкинлиги ҳақида эса, бир муддат олдин ёзган эдим.

Одамларнинг бузилиб кетганидан шикоят қилаётган дўстларга эса шуни эслатмоқчиман. Демократия бу халқ бошқарувидир. Бу режим пайтида халқнинг ўзи жамиятни бошқаради.

Дунёнинг ҳамма жойида одамликни унутган миршаблар ва бошқа мансабдорларни топиш мумкин. Ҳатто Америкада ҳам маҳбусларни қийнайдиган миршаблар чиқиб туради. Аммо жамият уларни жамиятберун қилади, жазолайди, тарбиялайди. Диктатурада эса бундай одамлар рағбатлантирилади.

Бу билан зеҳниятимизда ҳам иллатлар йўқ демоқчи эмасман. Ошиб-тошиб ётибди. Уларни даволаш учун ҳам замин зарур.

Бугун Ўзбекистондаги вазиятга қараб одамларга раҳмим келади. Улар ёппасига диктатуранинг қурбонига айланмоқдалар. Диктатура тарқатган ва тарқатаётган “эпидемия”лардан қочиш, сақланиш жуда қийин.

Бундан қутулишнинг уддасидан чиқа олганларгина қолганларни ҳам қутқариш учун даво топишлари керак.

Бугун кўпроқ ана шу ҳақда гапиришимиз лозимга ўхшайди.

Ўтган йилга қадар…

САВОЛ: Мухолиф кучлар учун бу сайловдан умид бор эдими? (Ғайрат).

ЖАВОБ: Аввало шуни айтиш керакки, мухолифат деганда ташкиллашган, демократик тамойиллар асосида ўз фаолиятини изчил йўлга қўйган, жамоатчилик томонидан тан олинган сиёсий кучни тушунаман. Бундай куч бизда йўқ.

Аммо ўзини Каримов режимига мухолифат деб билгувчи гуруҳлар, шахслар ва уларнинг атрофида юрган оз сонли одамлар бор. Уларни мухолифлар ёки ўзларини мухолифат атовчилар деган бўлардим. Аммо режимга таъсир эта оладиган даражадаги сиёсий куч бўлмаган мухолифлар Андижон қатлиомидан кейин ташкиллашиш ва сиёсий кучга айланиш имконига эга бўлди. Афсуски бу ҳам барбод бўлди.

Ваҳоланки, худди ана шу нуқтада Ўзбекистондаги сайловдан умид бор эди. Буни ҳамма тушунар эди. Хорижликлар ҳам, ўзимникилар ҳам. Шунинг учун ҳам сиёсий кучга айланиш жараёни бошланди. Аммо диктатура режими бундан чўчиди ва мухолифлар орасига бузғунчиларни суқиш ва бошқа йўллар билан бу ҳаракатни дабдала қилди. Шу билан умид ҳам ўла бошлади.

Шахсан камина учун ўтган йилнинг охирида “Ҳозирги вазиятдан чиқишнинг уч йўли”ни эълон қилганимдан кейинги воқеалар сўнгги нуқта бўлганди. Бошқаларнинг умидни ўлдирмаслик учун бу ҳақда гапирмай келдим.

Биз ҳақиқий халқ бошқарувига ўтишимиз учун жуда кўп… балки жуда ҳам кўп қовун пишиғи бор.

2007 йил, январ-декабр.

Jahongir Mamatov: Savollarga javoblar (2007-yil davomida)

Hayqiriq

Na unisiga, na bunisiga chidaymiz

SAVOL׃ Amerika ham ikki yuzlamachi, musulmonlarga qarshi mamlakat, musulmonlarni mensimaydigan, takabbur mamlakat, manfaatparast mamlakat. Bunga yaqqol isbot Saddam Husaynni Qurbon hayiti kuni osganligidir. Boshqa kunda ossa ham mayliydi. U o’zini qani musulmonlar qo’lidan kelganini qilsin deb aynan shu kun osgani odamning nafratini qo’zg’atadi. Karimov Amerikani chiqarib yuborib to’g’ri qilibdi. Avval bu uchun xafa bo’lgandim. Aslida Karimovning bu ishi uchun unga insoniyat ordenini berish kerak ekan. Shunday emasmi? (Ahmad).

JAVOB׃ Bugun musulmon dunyosining aksariyat qismida ana shunday yakka fikr hukmron. Amerikaning o’zida esa ikki fikr hukmron. Bir tomon Saddamning osilish vaqti noto’g’ri tanlangan desa, ikkinchi tomon bu vaqtni iroqliklarning o’zi tanladi, deydi.

Zotan AQSh ma’muriyati Iroq hukumatiga osish vaqtini ikki haftaga kechiktirsa yaxshi bo’lardi deya istak bildirgan.

Umuman Amerikada Iroq masalasida ikki fikr hukmronligi demokratlarning saylovda g’olib chiqishiga olib keldi. Ular urushga qarshi o’ta jiddiy kurash olib bordilar. Bushni va uning ma’muriyatini juda keskin tanqid qilmoqdalar.

Ba’zi joylarda esa bitta fikr. Nega? Chunki ikkinchi fikrga yo’l berilmaydi. Qolaversa, bugun Saddamning o’limini har tomonga burib, turli vaziyatlarga boshlash, mazhablar urushiga aylantirish birinchi galda dunyodagi diktatorlarga juda qo’l keladi. Menimcha, bu harakatlarning ortida ham ular turibdilar. Biz esa asrlardir propaganda quli bo’lib kelganimiz kabi bugun ham boshqacha fikrlay olmayapmiz.

Nega Saddam o’ldirgan qariyb 2 million odam haqida hech kim gapirmaydi?

Uning taxtni bosib olib, xalqni ezib kelgani nega unutildi?

Nega Saddamning hayoti butun iroqliklardan ustun bo’lib qoldi?

Kechagi kommunist Saddam bugun musulmon liderga aylandimi?

“Al qasosu minal haq “ deb yurganlar nima bo’ldi?

Yodimizda urush boshlanmasdan oldin Saddamga va jinoyatchi o’g’illariga mamlakatdan istagan joylariga chiqib ketish, Iroqda erkin saylovlar o’tishiga yo’l ochishi uchun 48 soat vaqt berildi. Ammo ketishmadi va shu yo’lni tanlashdi. Agar ketishganda bu qadar iroqlik o’lmagan va mamlakat allaqachon tinch yo’l bilan boshqa tizimga ko’chgan bo’lardi. Saddamning o’zi “qon bilan kelgan qon bilan ketadi”, yo’lini tanladi.

Biz uchun masalaning bu jihatidan ham diktatorning osilish masalasi muhim. Bugun diktatorlar osilish masalasiga qarshi propaganda boshlab yubordilar. Endi Saddamni qaytarish mumkin emas.

Diqqat qiling, nega osilishdan oldin jimlik edi va endi karnay chalinmoqda? Chunki endi qolgan diktatorlar o’zlari osilmasliklari uchun zamin tayyorlashmoqda. Biz ham ularga qo’shilib, Farg’ona voqealari, Parkentda to’kilgan qon, Talabalar shaharchasidagi qotillik, Andijon xunrezligi, ming-minglab insonlarning o’z vatanidan ayri tushganini unutib, Ahmadbek singari ularni ordenga loyiq topmoqdamiz.

Urush, bosqinchilik va diktatura masalalarini ayri-ayri hollarda ko’rish kerak.

Hali yaqin-yaqinga qadar ming-minglab iroqliklar Amerikani ayblab, Saddam uning odami, shuning uchun bu diktatorga ko’z yumib kelmoqda, deb yurgandilar. Hali ham minglab o’zbeklar G’arb Karimovning qotilligiga panja orasidan qaramoqda, deb jar solmoqdlar.

Na unisiga, na bunisiga chidaymiz. Kechagi ashadiy stalinchi, KGB maktabining tolibi, kommunist bugungi musulmon dunyosining lideriga alanib qolsa, bu juda tashvishli holdan darak.

Bu ahvolda hech qachon birimiz ikki bo’lmaydi va bugunga qadar bo’lganidek, turli o’yinlar va propagandalarning quli bo’lib qolaveramiz.

Birlashishning hammabop yo’li

SAVOL׃ Biz ko’p yillardan beri birlashish hakida dod-voylar qilamiz, ammo hech kim birlashishning (A.Po’latovdan boshqa) hammabob yo’lini taklif qilgan emas. Ya’ni birlashish haqida yig’laveramizku ammo qanday birlashish haqida aniq tassavurimiz yuq. Birlashishni har kim o’zicha ko’rmoqda. Bunga siz qanday qaraysiz.(Akbarali).

JAVOB׃ Buzg’unchiligi bilan tanilib qolgan A.Po’latov bitta yo’lni ilgari surmoqda׃ “Birlik”ning atrofida birlashish. Bu aslida “Birlashib nima qilamiz” degandek gap. Chunki bugungi mavjud muxolifat saflarida “Birlik” va “Erk”dan chiqib ketganlar, ularning ishlaridan qoniqish hosil qilmaganlar, liderlarini nodemokratik deb hisoblaganlar va hokazo shaxslar, guruhlar bor. Bu normal holat.

Gap shundaki, ular ozchilik emas, bugungi faol muxolifatning aksar qismiga aylanib borishmoqda. Hatto shunday bo’lmaganda ham birlashish faqat falonchining “rahnamoligi”da bo’ladi, deyish qolganlarning huquqlarini toptashgina emas, ularni haqorat qilishdir.

Darvoqe, bir paytlar A. Po’latov birlashishning adresi “Davra kengashi” degan gapni ham aytgandi. Keyinchalik bu ham unutildi. Bu ham hammabop yo’l emas edi. Chunki “Davra Kengashi” ham “Birlik”ning davra kengashi ekanligini hamma yaxshi biladi.

Tanqid qilish oson, taklif aytish mushkul deyishingiz turgan gap.

Biz hammabop taklifni aytgan edik. Bu – hammaning o’rta bir Platformada – Maslahat Kengashida birlashishidir. Shu maqsadda Umummuxolifat qurultoyi g’oyasi ilgari surilgan edi. Ammo haliga qadar amalga oshmayapti. Balki uni tashkil qiluvchilar kimlargadir yoqmas. U holda A. Po’latov yoki M. Solih tashabbusni qo’lga olib, birgalikda shu qurultoyni chaqirishsin va “Biz ham sizlar kabi qochqinmiz, huquqlarimiz teng, qurultoyda hamma o’z qarashlarini saqlab qolgan holda umumiy bir Platforma atrofida birlashylik” desinlar. Hamma rozi bo’ladi.

Bu Platforma shundan iboratki, “Birlik” ham, “ERK” ham, boshqalar ham o’z ichki nizolari bilan o’z yo’llaridan ketaveradilar. Ammo diktaturaga qarshi kurash strategiyasi va taktikasini belgilashda, bu kurashni olib borishda birgalikda harakat qiladilar.

Boshqacha aytganda, koalitsiya hukumatlari kabi kattayu kichik bir bo’lib, umumiy ishni yuritadilar. Ana shunda ular Karimov rejimiga qarshi alternativ siyosiy kuchga aylanadilar va dunyo, xalqimiz ham ularni e’tirof etadi.

Shu Platformada agar A. Po’latov hammani ishontira olsa, hamma bo’lmasa ham ko’pchilik uni qo’llasa, bu demokratiya, saylovda butun muxolifat uni qo’llaydi. Yoki M. Solih ko’pchilikni ishontira olsa, uni dastaklashadi. Yoki Eshmat va Toshmatning dasturi ko’pchilikka ma’qul kelar. Mana sizga demokratik, hammabop yo’l.

Bu yo’lni 2005 yilning 23 may kuni e’lon qilgandik. Bugunga qadar amalga oshmadi. Yaqinda yana takrorladik va bu oxirgi imkoniyatimiz ekanligini ham urg’uladik. Bu safar ham amalga oshmasa, demak birlashish haqidagi gaplarni yig’ishtirib, hamma o’z yo’lida davom etaveradi. Natija esa aniq׃ 15 yildan beri qanday bo’lsa yana xuddi shunday׃ BOTQOQLIK!

Dunyo zarralardan tashkil topgan

SAVOL׃ Bizning davlatimizda demokratiya tomon o’zgarish bo’lishi mumkinmi? Men va menga o’xshagan insonlar bu yo’lda biror ish qilishimiz mumkinmi? Sizlarning maqsadlaringiz nima? AQShda yashirinib yurgan vaqtingizda O’zbekistonda ahvol yumshasa, keyin bu yerga kelib, demokratiyani targ’ib etasizmi? Nimadir qilish kerak emasmi? (Baxtiyorjon).

JAVOB׃ O’zbekistonda demokratiya tomon o’zgarish bo’lishi mumkin. Lekin bugungi ketishda buni orzu qilmasangiz ham bo’ladi. Karimovdan keyin balki asta-sekin demokratiyaga yo’l berilar? Lekin bu ham dargumon.  Buni anglagan holda siz kabilar ko’p ish qilishingiz mumkin. Zotan mamlakatning kelajagi sizniki va siz hozirdanoq bu haqda o’ylamasangiz, chetga ketib, umringizni mardikorlikda o’tkazasiz.

Nazarimda siz eng avvalo O’zbekistonning hech bo’lmaganda yaqin tarixini bilishingiz kerak. Bu degani Karimov rejimi yozib qo’ygan soxta tarix emas, balki turli manbalarda turlicha yozilgan tarix.

Ha, siz bu rejimga muxolif bo’lganlar orasidagi jiqqa-musht tortishuvlarga ham duch kelasiz. Qo’rqmang va o’qing, keyin o’zingiz xulosa qiling. O’shanda sizga “Nima qilish kerak?” degan savolning javobiga olib boradigan eshiklar ham ochiladi.

Men  majburan chetga chiqqan, lekin yashirinmay yurgan va Karimov rejimi haqida har qanday fikrini har qanday holatda ochiq aytib yurgan sanoqli insonlar guruhidaman. Bu bilan faxrlanaman. Qo’limdan kelgan qadar bir ishlar qilmoqdaman.

Siz Andijonning bir burchidan turib, mening adresimni topganingiz va savolingizni yo’llab, unga javob olayotganingiz ana shu ishning zarra qadarlik bo’lsa-da samarasidir. Agar har birimiz ana shunday zarra qadar ish qilsak vaziyatimiz bugungidek bo’lmas edi.

Bugun hamma kimningdir nimadir qilishini kutmoqda. Bu ahvolda uzoq-uzoq yillar kutilaveradi va hech narsa bo’lmaydi. Toki har kim o’zining nimadir qilishni anglab olmasa, jamiyat qoloq bo’lib qolaveradi.

Mana sizga bir maydon׃ internetga kirish imkoniyatingiz bor ekan, uning qarshisidagi vaqtingizdan ozginasini demokratiyaga sarflab, o’zingiz yashab turgan muhitdagi vaziyat haqida xabar yo’llab turing. Bu bilan siz Vatandan olislarda bo’lgan minglab insonlarni haqiqiy ahvoldan voqif etasiz. Bu juda katta ish bo’ladi.

Faqat iltimos, oldindan bu ish uchun pul talab qilmang. Chunki bu ishlar pul bilan qilinadigan masalaga yuz tutgan nuqtadan boshlab, biz vatanparvarga emas, biznesmenga aylanamiz. Zotan pul uchun yozadiganlar juda ko’p topiladi.

Pul uchun yozadiganlar yoki mardikorlarni kamsitish, qoralash niyatim yo’q.

Ayniqsa, mardikorlikni pastga urmoqchi emasman. “Mardi kor”- ”Erkakning ishi”, “Mardning ishi” degani. Mardikorlik juda og’ir mehnat va ayni paytda majburiylik natijasi. Ana shu majburiylik sizni ham, qolganlarni ham o’ziga bog’lamasin uchun siz ham nimadir qilishingiz kerak.

Unutmang, borliq-dunyo zarralardan tashkil topgan.

Qo’rqoqlik belgisi

SAVOL׃ Hukumat saylovni 2007 yilning 23 dekabriga moslab qo’ygan va baribir o’shanda o’tkazadi. Bugundan boshlab uni engish uchun kampaniya boshlash yaxshi. Hozirgacha 4 ta odam “prezident bo’laman” deb aytmoqda. Agar ertaga saylov bo’ladigan bo’lsa, siz qaysi bittasiga ovoz berardingiz? (Erkin).

JAVOB׃ Bugun o’zbek demokratik muxolifatining tashqaridagi barcha a’zolari teng huquqlidirlar. Hammaning yagona statusi bor – QOChQIN! Shunday ekan, ularning bitta yo’li bor: shaxsiy ambitsiyani yig’ishtirib, o’zaro birlashib, butun siyosiy, moliyaviy va ma’naviy kuchni mamlakatga safarbar etish, ichkaridan bitta nomzodni tanlab, diktaturaga qarshi turish. Bu demokratik umummuxolifatning birligiga ham kafolatdir.

Aks taqdirda 2007 yil ham o’tadi va muxolifat tarqoq, kuchsiz, xalqdan ajralgan, Vatandan ayro tushgan, shaxsiy manfaatlari uchun yashayotgan bir necha kimsaning atrofida uymalashgan to’dalarga aylanib qolaveradi.

Ana shu pozitsiyaga sodiq qolgan holda O’zbekiston ichidan chiqqan nomzodga ovoz bergan bo’lardim. Bugun O’zbekiston ichida muxolifat saflaridan “Men prezidentlikka nomzodman” degan mardlar chiqmoqda. Bu jasorat demakdir.

Mamlakat tashqarisida yashab “Men prezidentlikka nomzodman” deyish esa qo’rqoqlikni ko’rsatadi. Chunki nomzod panada o’tirib ish ko’rmaydi. Xalqning oldida, ichida bo’lishi kerak.

Mamlakat ichkarisida turib, “Men prezidentlikka nomzodman” deyish nega katta jasorat va qahramonlik belgisi? Chunki bu zulm mashinasiga yuzma-yuz qarshi chiqishdir. Bunday odam o’z qarshisida juda tahlikali voqealar yuz berishini ko’zga oladi. Shu jahatdan ham bunday odamga qoyil qolish va uni qo’llab-quvvatlash kerak.

Chetdan turib qilinadigan boshqa urinishlar esa, paydo bo’lgan so’nggi umidlarni ham boltalash va Karimov rejimining jinoyatlariga sherik bo’lishdan boshqa narsa emas.

Imkoniyat

SAVOL׃  Bu mening sizga birinchi marta yo’llayotgan maktubim. Yoshim 26 da , o’zim iqtisodchiman. 2 yildan ko’proq vaqtdan beri Buyuk Britaniyada tahsil olmoqdaman va 2 yildan beri sizning saytingizni muntazam o’qib turaman. Garchi, siyosatchi bo’lmasamda, hali bu sohada biror bir ish qilolmagan bo’lsamda, lekin siyosatga qiziqishim, har kun nimadir yangi narsa o’rganishim va qolaversa, soham siyosat bilan uzviy bog’liq bo’lganligi uchun sizga maktub yozmoqdaman (aslida, savol yo’llamoqchiman).

Hozirda, O’zbekistonning amaldagi hukumati emirilib borayotganligini ko’pchilik talqin qilmoqda, hattoki O’zbekistonda yashayotgan ko’pchilik odamlar ham shunday deb o’ylashmoqda. Siz O’zbekistonda demokratik davlat qurish uchun tinimsiz kurash olib borayotganligingiz, muxolifatni birlashtirishga harakat qilayotganingiz va shu o’rinda odamlar haqiqiy muxolifat deganda eng avvalo sizni tushinishmoqda, chunki siz buni isbotlab bo’lgansiz, qolaversa 1991 yil, 30 sentyabrdagi 7 sessiyani haligacha odamlar unutishmagan. Shuningdek, hozirda O’zbekistondagi hukumat ham o’zining nimalarga qodirligini ko’rsatib bo’ldi (“armiya kimning qo’lida bo’lsa hokimiyat o’shaniki, hech kim bizga tajovvuz qilolmaydi” qoidasi hukm surmoqda). Siz 2008 yilda barcha imkoniyatlarni ishga solgan taqdirda ham O’zbekiston demokratik davlatga aylanadi deb uylaysizmi?

Diktatura (bu yerda aynan bir shaxs nazarda tutilgan) boshi berk kuchaga kiritib qo’ygan davlatni yana izga tushirish uchun anchagina vaqt ketishini ham bilasiz, chunki xuddi shunday vaziyatda 1991 yilda I. Karimov odamlarni ishontirishni uddaladi, yani 90 yillar oxirlarigacha odamlar unga ishonishdi (keyinchalik ishontirishning boshqa yo’llarini o’ylab topishdi -1999, 16 fevral).

Xo’sh, yangi bo’ladigan hukumat xalqni o’ziga ishontirolishiga ishonasizmi?

Ayniqsa, hozirgi xalq kimning orqasidan ergashishniyam bilolmayotgan paytda.

Yani, demoqchi bo’lganim, odamlar hukumat degan narsadan, yoki “demokratiya” so’zini, xuddi shunchaki bir “quruq gap” deb uylab, hech narsadan umid qilmay qo’ygan paytda. Masalan, men har yili O’zbekistonga borib turaman, shu yozda borganimda ham ko’rdim, har doimgidek to’ylar bo’lib turibdi, lekin qishloqning deyarli butun erkaklari Rossiyada yoki Qozog’istonda. Shuning hisobiga to’ylar va “janoza”lar bo’lib turibdi. Odamlar bilan gaplashsam, ko’pchiligi “och qornim- tinch qulog’im” naqlini aytishadi. Bundan kelib chiqadiki, hukumatga kim kelishi ular uchun muhim emasdek vaziyatga tushib qolishgan. Xullas, yozaman desa Jahongir aka, savol va muammolar ko’p, qolganlarini keyingi maktublarda yozarmiz. Hurmat bilan Sher.

JAVOB׃ Jur’at etib birinchi maktubni yozgan odam keyingisini ham yozadi va shuning o’zi siz kabi yosh iqtisodchini ham bevosita bo’lmasada bilvosita siyosatga boshlaydi. Chunki siyosat va iqtisodni bir biridan ajratish noto’g’ridir. Bu xuddi bosh(siyosat) va qorin(iqtisod)ni biridan uzishdek gap. Lenin shu yo’lni tanlagandi. Uning izdoshlari-yu jumladan Karimov ham shu yo’ldan bordilar. Shuning uchun ham siz kabi yoshlar hozirdanoq buni anglab olishlaringiz mutloq ijobiy holatdir.

Menga juda katta baho berib yuboribsiz. Buning uchun rahmat. Lekin muxolifat deganda juda ko’pchilik tushuniladi. Kaminani Karimovning haqiqiy muxoliflaridan biri desangiz buni qabul qilishim mumkin. Chunki  O’zbekistonda “diktatura” deyilganda “Karimov”ni tushundim va unga qarshi kurashni diktaturaga qarshi kurash deb bildim. Buni xato deganlar ham ko’p.

Ba’zilar vaqtida Karimov nomini ishlatmay “hukumat” deb ham ko’rishdi, “davlat” deb ko’rishdi, hatto “xalq” ham deb ko’rishdi. Ammo bugunga kelib illatlarning ildizi Karimovda ekanligi ularga ham ayon bo’ldi.

2008 yil haqida so’rayapsiz. U paytda hali Karimovnig o’zi taxtda bo’lar?  U taxtdan osonlikcha voz kechadigan odam emas.

Xo’p, falakning charxi aylanib, O’zbekiston demokratiya tomonga yuz burdi ham deylik. Lekin 2008 da ham, 2010 da ham O’zbekiston demokratik davlat bo’la olmaydi. Bir rejimdan uning aksi bo’lgan rejimga o’tish uchun juda mashaqqat. Bu yo’l uzoq yoki yaqin bo’lishi sizning avlodga, siz kabi demokratiyani anglab etganlarning oz yoki ko’pligiga bog’liq.

Bugungi muxolifat yoshini yashab, oshini ashab bo’lgan, uning hokimiyatga kelishidan umidim yo’q. Shunga qaramay ularni junbushga keltirishga urinib, O’zbekistonning kelajagini qutqazadigan yoshlarga bizning avlod qilgan xatolarni takrorlamaslikni uqtirib turaman. Bugun hukumatning qora ishlariga va muxolifatning janjallariga aralashmay turgan yoshlar juda ko’p va ishonch ularda.

Endi xalq masalasiga kelsak. Ming yillardir zulm ostida ushlab turilgan xalqdan bir o’zgarish keladi, deb o’tirsangiz, yana ming yil kutasiz. Aslida hech qachon o’zgarishlarni butun xalq amalga oshirmagan. Uning juda oz qismigina buni uddalagan va qolganlar shu bilan murosa qilganlar.

Gap ana o’sha oz qismdan chiqadigan liderlarda. Agar ularning ko’nglida xalq degan hikmat yotsa, demak xalqni harakatga keltirib, unga uning haqlarini beradilar. Agar ko’ngillarida “o’z”lari yotgan bo’lsa, bu xalqning haqlarini o’zlashtiradilar. Ikkinchisi Sharqqa xosdir va shuning uchun ham hatto demokratlar ham yakka lider bilan emas, liderlar komandasi bilan ish tutishni namoyon etsalar ularga ishonish mumkin.

Endi xalqni ishontirish masalasiga kelsak, xalq hamma narsaga bir muddat ishonadi. Karimovdan keyin keladigan hukumat(Agar mo”jiza ro’y berib IAK ketsa!)ning u hatto uning xos odami bo’lsa ham xalqni ishontirish uchun bitta yo’li bor – u ham bo’lsa Karimovni qoralashdir. Ana shu paytda demokratik muxolifatga qisman yo’l ochiladi va jamiyatni to’g’ri yo’lga burish imkoniga ega bo’ladi deb o’ylayman.

Umid

SAVOL׃ Bir qancha OAV lari I.Karimovning prezidentlik muddati shu yilning 22 yanvarida tugashi va undan keyin o’z lavozimida qolishi noqonuniy bo’lib, konstitutsiyaga zid ekanligi haqida xabar tarqatmoqdalar. Bu haqda sizning pozitsiyangiz qanday? (Erkin).

JAVOB׃ Bu yerda Karimov kelgan kunidan buyon qabul qilingan qonunlar va Konstitutsiyaga kiritilgan o’zgarishlar haqida yozsam, uzundan uzoq maqola bo’ladi. Shu narsa aniqki, Karimovning atrofida qonunchilikni yaxshi biladiganlar va qog’ozda uni qanday qilib dunyo andozalariga moslab qo’yadigan “fidoyilar” anchagina. Ular boshqa masalalarda qovun tushirsalar ham bu masalani pishitib qo’yadilar. Chunki buni nafaqat Karimovning, balki o’zlarining ham taqdirlari deb biladilar.

Shaxsiy fikrim shuki, Karimov bir guruh gumashtalari bilan uzoq yillardan beri hokimiyatni bosib olgan va ularning yaqin orada qaytarib berish niyatlari ham yo’q. Shuning uchun falon kuni uning muddati tugaydi deb bayram qila olmayman. Lekin zolimning zulmi abadiy emas, bir kun albbatta badnom bo’ladi va yo’qoladi deb umid qilaman. Yomonlik boqiy emas!

Ismi jismiga mosmi?

SAVOL׃ Odatda insonning fe’liga, xulq-atvoriga, odob-axloqiga, qilayotgan ishiga qarab tavsif berishadi. Ba’zan uning ismiga qarab ham: “Ismi jismiga mos” deyishadi. Ota-onalar o’z farzandlariga niyat qilib turlicha ism qo’yadilar, masalan, o’g’lim jahongashta bo’lsin deb Jahongir, baxtli bo’lsin deb Baxtiyor yoki guldek ochilib yursin deb Gulbahor, Lola va hokazo.

Lekin ko’p hollarda hayotda o’sha insonlarning o’z ismlariga nisbatan teskarisi ham bo’lib turadi. Erkin Xalilov, Erkin Vohidov, Erkin Samandarov, Erkin A’zamov, Erkin Shayxov, Erkin Ro’ziev, Erkin Hayitboev… Bu insonlar haqida biron fikr bildira olasizmi? (Hurmat bilan Erkin).

JAVOB׃ O’zbekning ko’p odatlari bor. Turli niyat-orzular bilan bolasiga ism qo’yish ham ana shu odatlaridan biri. Inson orzusi hamma vaqt ham ushalmagani kabi bu borada ham uning orzulari chil-chil singan paytlar ko’p bo’lgan va bo’laversa kerak.

Aks taqdirda ismi Islom bo’lib, o’zi islom dushmani bo’larmidi?

Yoki ismi Shavkat bo’lib, o’zi beshavkat bo’larmidi?

Yoki ismi Gulnora bo’lib, o’zi bag’ri toshpora bo’larmidi?

Siz nomlarini sanagan odamlar ham haminqadar!

Menimcha, siz ismingiz Erkin bo’lgani uchun bu insonlar bilan qiziqqansiz va ularni yaxshi taniysiz yoki “IAK” kitobimni o’qib chiqqansiz. Bu kitobda shu odamlar haqida etarli qadar ma’lumot bor.

Yaqinda ikki qismlik bir kitob yozishni boshladim. Birinchisida jurnalistika, adabiyot, madaniyat va siyosat jabhasida bevosita yoki bilvosita taniganlarim, ularning menga ma’lum fitratlari haqida gap borsa, ikkinchisida menga yaxshilik qilgan shaxslar va shaxsiyatlar, qarindoshlarim, yaqin do’stlarim, oddiy odamlar, tanishlarim haqida bilganlarimni yozmoqchiman. Bu bilan kelajakning tarixchilariga ozmi ko’pmi yordam qilgan ham bo’laman. Balki siz eslatgan kabi, ismlarga ham alohida e’tibor berishimga to’g’ri keladi.

AQSh O’zbek muxolifatini yirik moliya bilan qo’llamaydi

SAVOL׃ O’zbek muxolifati moddiy yordamga muhtoj. Agar iqtisodiy yordam bo’lsa, juda ko’p ish qilish mumkin. Garchi muxolifat liderligiga da’vo qilmasligingizni ochiq yozgan bo’lsangizda butun muxolifat manfaati uchun shu masalani AQShda ko’tarsangiz bo’lmaydimi? (Shuhrat).

JAVOB׃ Juda ko’p odam shunday fikrda. Gapning po’stkallasi shuki, AQSh hukumati va bu erdagi nohukumat tashkilotlarning bugungi O’zbek muxolifatidan umidlari yo’q. Umid bo’lmagandan keyin katta miqdorda moliyaviy yordam ham bo’lmaydi.

Nega umid yo’q? Buning bir qancha sabablari bor.

Birinchidan, bugunga qadar “ERK”, “Birlik” va “Ozod dehqonlar” – “Quyoshli O’zbekiston”ga berilgan grantlar o’zini oqlamadi. Masalan, Milliy demokratiya fondi “Harakat” jurnaliga deb yillardir grant berib kelmoqda. Birgina 2005 yilda shu maqsadga mazkur fond 92 ming 830 dollar bergan. 112 ming 298 dollar esa inson huquqlari uchun ajratilgan.(Bu ma’lumotlar mazkur fondning saytidan). Aslida bu katta pul emas. Lekin Abdurahim Po’latov eb yotishi uchun etarli!

Bu grantlar olingani holda, umum ishi o’lda-jo’lda qolganini hamma ko’rib turibdi. Vaholanaki, bugun hech qaerdan pul olmasdan ham “Harakat”dan ko’proq ish qilayotganlar bor.

Boshqa fondlardan olingan grantlar ham guldir gup, pildir-pis! Amerikaliklar juda madaniyatli xalq. Yuzingizga kulib qo’yishadi, ammo hamma narsani bilishadi.

Bugunga qadar yuqorida nomlari sanalgan partiyalar, ularning qoshidagi inson huquqlari tashkilotlari-yu uyushmalari olgan grantlari qaerga ishlatilgani haqida umummuxolifat bir tomonda tursin, o’z a’zolariga ham hisob berganlari yo’q.

Tabiiyki, ular pul olgan idoralariga rasmiy hisobot topshirganlar. Lekin bu hisobotlarga ham amerikaliklar kulib qo’yishgan va asta-sekin yolg’onchilardan ixloslari qaytib, grantlar miqdorini tobora kamaytirib borishmoqda.

Ikkinchidan, o’zbek muxolifati Karimovga qarshi alternativ siyosiy kuch emas, balki bir-biriga qarshi kuch ekanligi qay etiladi. Bunda ham amerikaliklar adashmagan. Shunga qaramay ular muxolifatni to’g’ri yo’lga yo’naltirishga urinib ko’rishdi. “Liderman” deganlarini birma-bir chaqirib gaplashishdi. Ular amerikaliklarni aldashga tirishdilar. Oxir oqibatda o’zlarini aldadilar va bugunga kelib, nazardan qoldilar.

Uchinchidan, bugun o’zbek muxolifati “lider”lari yana amerikaliklarni aldashga sidqidildan urinayotganlari e’tirof etilmoqda. Dastlab Muhammad Solih g’ayridemokratik yo’l bilan amerikaliklarga o’zini prezidentlikka nomzod sifatida taqdim qilishga kirishdi. Keyin uni ayovsiz tanqid qilib kelgan Abdurahim Po’latov ham ayni kuyga tushib, amerikaliklar nazdida “nomzod” bo’lib ko’rinishga intilgani ularni jiddiy o’ylatadi va yana kulib qo’yishadi.

Muhammad Solihning 1991 yilda qo’lga kiritgan “nomzodlik” qartasi o’tgan 15 yilda unga ko’p ish berdi. Kirgan joyidan bir narsa undirib chiqdi. 15 yilda muxolifatga deb har yondan berilgan pullarning miqdori millionlarga borib etdi. Natija esa nolga teng!

Bugun Abdurahim Po’latovga tinchlik bermayotgan narsa ana shu. Aslida u ahmoq emas׃ bugun O’zbekistonga borishga yuragi betlamaydi va rasman nomzod sifatida saylovda qatnasha olmasligiga ham aqli etadi. Ammo nomzod sifatida tan olinishini juda va juda istashidan maqsad M. Solihning qo’lidan eski “qarta”ni olishdir. U bir paytlari nomzod bo’lmaganidan juda afsusda ekanligi va M. Solihda alami borligi ochiq sezilib qolmoqda.

Tortib oldi ham deylik. Ammo bilmaydiki, u “qarta” eskirib, julduri chiqqan va endi amerikaliklar bo’ o’yinga kirmaydilar. Buni ham biladi. Lekin maqsadi bugunga qadar olib kelayotganini saqlab qolishdir.

U hali Kongressda va hali boshqa joylarda AQSh nohukumat tashkilotlarini burchakka qo’yib, “cho’ntak”laridan pul chiqarishga zo’rlaydi. Ular janjallashib yurmaslik uchun choychaqalik berib turadilar. Kattarog’ini berolmaydilar ham. Chunki beruvchilarning o’zlari hukumatdan grant oluvchilardir.

Ularga beradiganlar esa, bugun dunyoda O’zbekistondan ham muhimroq ishlar borligini, qolaversa, Karimov rejimiga qarshi alternativ siyosiy kuch yo’qligini aytadilar.

Buni bilgan eski “lider”lar Avropaning eshiklarini qoqmoqdalar. Lekin bilmaydilarki, Avropa ham Amerikaning og’ziga qaragan.

Bu ahvoldan chiqish yo’li bitta׃ siyosiy maydonga samimiyat bilan chiqish, o’zaro janjallarni yig’ishtirib qo’lni-qo’lga berish, birlashib, katta kuchga aylanishdir. Ana o’shanda xalqingizga xizmat qilasiz, gadoyga o’xshab Amerika va Avropaning eshigini qoqib yurmaysiz, ularning o’zlari sizni qidiradilar.

Bu oddiygina haqiqatni biznikilar tushunishni istamaydilarmi? Tushunganda qandoq?! Lekin ularga choy chaqa bo’lsa bas! Bir rivoyatdagi kabi, shohga tekkan gadoy ayol oyog’ining ostida xazina turganiga qaramay, tokchalarga qotgan non qo’yib, o’shani terib yurganidek gap bu!

Bitta xo’rozqandni ming kishiga shumitish

SAVOL׃ O’zbekistonda matbuot erkinligi yo’q, deb jar solasizlar, mana inqilobiy maqolani chop etgan “Advokat press” gazetasi o’rniga “Himoya-jarayon” gazetasi ro’yxatdan o’tdi. Hatto o’sha maqolani yozgan muallif o’zini gazetada saqlab qoldi. Bo’lar ekan-ku! Gap o’zlaringizda, harakat qilmaysizlar, harakat qilsa hamma ishni qilish mumkin. Shunday emasmi? (Shoislom).

JAVOB׃ Albatta, O’zbekistondagi diktatura nima ekanligini, uning fitratini bilmagan, tushunmagan odam uchun mana shunday faktlar olamshumul voqea bo’lib ko’rinadi. Bundan oldin ham yozgan edim, bunday odimlarni hukumat xuddi siz kabilar uchun otadi va 15 yildan beri qanday “nishon”ga urgan bo’lsa, yana urmoqda. Karimovning “bitta xo’rozqandni ming kishiga shumitish siyosati”ni tushuna olmaganlar ma’ruz tutasiz-u qanday qilib boshqa narsalarni anglashlari mumkin?

Sizning mantig’ingizdan kelib chiqadigan bo’lsa, “Birlik”ning bo’limi – “Ezgulik” degan inson huquqlari tashkiloti rasman ro’yxatga olingan. Qolganlar olinmagan. Demak, ayb qolganlarning o’zida, ular harakat qilmagan, intilmagan, shundaymi?

Agar “Himoya-jarayon” ro’yxatga olingan bo’lsa, demak qolganlarning o’zlari aybdor? Ular harakat qilmaganlar, bu-sizning mantig’ingiz. Bu-o’zbekni bugungi ayanchli ahvolga tushirgan mantiq.

15 yildir Karimov bir odim otmoqchi bo’lsa, kimlargadir bitta “xo’rozqand” beradi. Muxolifat ichida Karimov tomonidan avf etilganlar anchagina. Ularning tarixlarini o’rganib ko’ring. Karimov yo Vashingtonga borish oldidan yoki BMTdagi muhokama arafasida yo bo’lmasa O’zbekistonga keladigan oliy martabali hay’atni qabul qilishdan oldin… ularni ozodlikka chiqargan.

Bu safar esa O’zbekistonda hali yaqindagina e’lon qilingan Matbuot haqidagi qonun shunday ham obro’yi chil-chil bo’lib turgan Karimovni keskin tanqid qilish uchun jiddiy asos bo’ldi. Shunday paytda dunyoga ochilish uchun “siyosiy islohotlar qilmoqchiman” deb jon-jahdi bilan “jang” qilayotgan Karimov bitta gazetani ro’yxatdan o’tkazib, laqqatusharlarning og’ziga urdi. Lekin kelajakda bu nashrning ham bahrida o’tadi.

Yana bir marta ma’zur tutasiz, agar gapim achchiq botsa, oldindan uzr so’ragan holda dilimdagini yuzingizga aytaman׃ butun matbuoti bichilgan, hatto internet ham axta qilingan O’zbekistonda agar “matbuot erkin, ayb o’zlaringda” deydigan bo’lsangiz, bu nafaqat siyosiy so’qirlik, balki ruhiy xastalik belgisi hamdir.

Ular yarasholmaydilar!

SAVOL׃ Jahongir aka sizni hamma yozganlaringizni diqqat bilan o’kib boraman. Agar savolimga javob bersangiz xursand bo’lardim. Javob berishni istamasangiz ham joningiz sog’ bo’lsin. Jahongir aka Muhammad Solih AQShga borganida Abdirahim Po’latdan “kechirim so’radim” deb “Ozodlik ” radiosi orqali aytdi va buni biz eshitdik. Rostdan ham A.Po’latdan kechirim so’radimmi yoki yolg’on gapirdimi M. Solih? Agar chindan ham “kechirim” so’ragan bo’lsa nega haligacha bir-biriga qus? Axir ular o’zbekcha oddiy qilib aytganda, bir-birining otasini o’ldirgani, yo’k-ku? Nimaga ikki lider yarashmaydi? Balki yarashsa O’zbekiston uchun bir nimalar o’zgarar, siyosiy maydonda.Siz nima deysiz bunga? Va siz hakikatdan ham shohid bo’ldingizmi “kechirim” so’raganiga. O’sha fotosuratda siz ham bor edingiz.(Sila).

JAVOB׃ Bu haqda ilgari yozmoqchi bo’lgandim. Lekin yana janjal boshlanib ketmasin, degan fikr bilan yozmagandim. O’shanda Andijon qirg’inidan keyin bu uchrashuvni biz juda zaxmatli muzokaralar bilan hozirlagan, A. Po’lat va M. Solihni juda qiyinchilik bilan bitta stol atrofiga keltirgan edik. Agar ko’ngilda birlashish umidi bo’lganda o’shanda, Andijon fojeasidan keyin majburiyat paydo bo’lgandi.

O’sha kungi majlisimizga M. Solih Nyu Yorkdan keldi. A. Po’lat va Vasila Inoyatova ham kelishdi. Endi majlisni boshlab, kun tartibini muzokara qilayotgandik-ki,  Avazxon Muxtorov, Tursunpo’lat Nazarov va Ilhom Isoqov kirib kelishdi.

Hamma o’rnidan turib, ular bilan ko’rishayotgan edi, birdaniga Avazxon Muxtorov va Abdurahim Po’lat orasida bir-birini keskin ravishda haqoratlash boshlanib ketdi. “Sotqin”, “Lo’li” kabi kalimalar, onangni-otangni kabi so’kinishlar, oz qolsin bir-biriga narsalarni otishga qadar etib borayogandi.

Avazxon Muxtorovning qo’lidan Abdurahim Po’latovga qarata uloqtirilmoqchi bo’lgan videokameramni arang oldim. Ko’pchilik o’rnidan turib, tashqariga chiqdi.

Ochig’ini aytish kerak, M.Solih va V. Inoyatova janjalga aralashmay, og’irlik qilib, o’rinlarida o’tiraverishdi. Anchadan keyin majlisni qayta boshlashga muvaffaq bo’ldik. Ammo asablar buzilgan, gaplar pichingbozlika aylanib qolgan edi.

A. Po’lat “Vasilani kuzatishim kerak” deb ketib qoldi. M.Solihning undan kechirim so’raganini eshitganim yo’q. Menimcha, kechirim so’raganda va biz eshitmay qolganimizda ham bugunga qadar A. Po’lat bu haqda juda ko’p gapirgan va yozgan bo’lardi.

M. Solih o’shanda Nyu Yorkda Farg’onaning sobiq prokurori Avazxon Muxtorov bilan birga Birlashgan muxolifat koalitsiyasi tuzilgani va o’zi unga rais bo’lganini, 51 ta tashkilot qo’shilganini  e’lon qildi. Bu haqdagi bayonot turli tillarda hamma yoqqa tarqatildi. “Birlashish” mana shundan iborat bo’ldi.

Karimovdan yuqqan kasallik

SAVOL׃ Karimovni tanqid qilsangiz-chi! Bu muxolifat ichida bir-biriga mag’zava to’kish qachon to’xtatiladi? (Hotam).

JAVOB׃ Bugunga qadar Karimovni qilgan tanqidim yonida muxolifat haqida aytganlarim ummon va zarra kabi, ya’ni yuzga nisbatan birdan ham oz. Vaholanki, bugun muxolifatning Karimov bilan birga “egar”ga mingan “lider”larining Karimovdan hech qanday farqi yo’q. Karimov ham saylovlarsiz “lider” bo’lib o’tiribdi, bular ham. Solishtirsangiz mos keladigan joyi mingta. Tanqid qilsang, “fitna”, “ig’vo”, “eskilarni kovlash”, “mag’zava ag’darish” deyishadi. Tanqid qilmasang, 15 yil rasvo bo’lganidek, yana 15 yil botqoqqa botadi.

1990 yillarning boshida “Xalq so’zi” gazetasida “Markaziy Univermag” yonida sahardan boshlab odamlar turnaqator turishgani suratini bergani uchun Karimov Bosh muharrir Ahmadjon Muxtorovni tanqid qilar ekan׃

-Bunaqa ig’vo, fitnaga qarab turolmaymiz. Vaqtida zarba beramiz. Mag’zava to’kish bilan jamiyat o’zgarmaydi. Uydagi kamchilikni ko’chaga olib chiqib, dasturxon qilmasligimiz kerak. Tanqidga qarshi emasman. Lekin hamma narsaning vaqti bo’ladi. Hozir birinchi navbatda mustaqillikni mustahkamlash kerak. Shunday paytda odamlarni chalg’itish jinoyatdir,-degan edi.

Bu hamma kamchiliklarni “bosdi-bosdi qilish” siyosatining boshlanishi edi. Asta sekin xalq ham shunga o’rgatildi. Bugunga kelib, kamchiliklar haqida gapirgan odam ko’zimizga balodek ko’rinadi.

“Birlashish oldidan muxolifat ichida o’zaro tanqidlarni bas qilaylik”, deb qilingan chaqiriqlardan keyin ancha vaqt “liderlar” haqida yozmadim. Ammo tanqid qilmaslik ularga yana kibru havo berdi va ular yana o’zlarining yolg’onlariga qaytishdi. Bittasi “51 ta tashkilotning rahbariman” deb jar solsa, ikkinchisi “Hamma mening qanotim ostida birlashmoqda” deb baqira boshladi. Bu birlashish emas, balki parchalanishdir. Shunday paytda ham indamay tursangiz, hech narsa o’zgarmaydi. Yana 15 yildan keyin xorijda hali ham birlashish haqida gapirib yurgan bo’lasiz.

Bugun butun muxolifat a’zolari ochiqchasiga o’z so’zlarini aytib, ularni keskin tanqid qilib, bu yo’ldan qaytarsalargina birlashish sari xizmat qilgan bo’ladilar. Lekin bunday holni ko’rmayamiz. O’rtada esa, Karimovdan tekkan kasallik hukmron. Bu kasallikning nomi “Kamchiliklarni xaspo’shlash”dir. Qancha xaspo’shlasa, shuncha sasib ketishini hamma biladi va hamma indamaydi. O’zbekistondagilarning ham, tashqaridagi muxolifatning ham fojeasi mana shunda!

Har kim qo’lidan keladigan ishni qilishi kerak

SAVOL׃ Jahongir aka, nima sababdan liderlika da’vogar emasman, deb aytmoqdasiz. Menimcha, aslida liderlik tomon intilmoqdasiz-ku?!(Arabboy).

JAVOB׃ Yo’q, hech qachon bunday iddao menda bo’lmagan va bugun esa aslo ham yo’q. Bundan keyin ham bo’lmaydi. Bu orqavarotdan aytilgan gap emas, buni ochiq yozib kelmoqdaman.

Sababi quyidagilar׃

1.Bugun lider bo’lish uchun ikkiyuzlik, balki ettiyuzlik bo’lish kerak. Chunki faqat shundaylarga, ularning yolg’onlariga ishonadilar. Bu esa mening qo’limdan kelmaydigan ish.

2.Bugun demokrat liderni emas, stolni mushtlab uradigan, qattiqqo’l, savollarga javob bermaydigan, xalqni mensimaydigan, uni aldaydigan, uni qo’llanadigan, haqqini eydigan va adolatni oyoq osti qiladigan rahbarni yoqlashadi. Bu ham mening qo’limdan kelmaydi.

Kimdir unday, kimdir bunday deyishi mumkin. Ammo Karimov rejimining qo’lidan demokratiya deya manqurtlikni eganlar haqiqiy demokratiyadan juda uzoqlarda qoldilar. Bugun har qanday liderlikdan ko’ra ana shu odamlardan hech bo’lmasa, bir qanchasining zehnini tozalamoq kattaroq mansabdir, foydali ishdir. Bu esa qo’limdan keladi.

Har kim qo’lidan keladigan ishni qilsa, o’zini ham, boshqalarni ham qiynamaydi. Qo’lidan kelmaydigan ishga bosh urganlarning sharmandali hollarini ko’rib turibmiz.

Karimovni taniymizmi?

SAVOL׃ Pokiston Bosh vazirining O’zbekistonga tashrifi borasida juda ko’p va juda turlicha fikrlar aytilmoqda. Bunchalik qiziqishning sababi nimada deb o’ylaysiz? (G’ayrat).

JAVOB׃ Bu savolga javob “Karimovni taniysizmi?”, degan savolning javobida yashiringan. Lekin bunga hukumat ichida ham, muxolifat orasida ham juda oz odam javob bera oladi. Chunki Karimovning kimligini o’rganish, uning rejalarini taxmin qilish, otadigan odimlarni bilish uchun eng avvalo undan qo’rqmaslik kerak. Bunaqa odam esa, anqoning urug’i. Bu Karimovga qo’l keldi, qo’l kelmoqda va qo’l keladi.

Aytganingizdek, Pokiston Bosh vazirining O’zbekistonga tashrifini hamma har turli baholadi׃

-Pokiston ham O’zbekistonning neft-gaziga oshiq… (“Ozodlik”)

-Iqtisodiy hamkorlik… (Rus va Markaziy Osiyo davlatlari nashrlari)

-Karimov musulmonlar yashaydigan va din davlat nazoratida bo’lgan mamlakatlar bilan aloqani mustahkamlamoqchi. Rossiya Bosh vaziri safari yaxshi yoritilmay Pokiston Bosh vaziri tashrifiga matbuotda alohida o’rin berildi..(Uzmetronom).

Qaerdadir Pokiston AQShning hamkori bo’lgani uchun Karimov bundan ichki siyosatda foydalanmoqchi, deb yozishdi. Boshqa birovga ko’ra, Karimovda Tohir Yo’ldoshni ushlab kelish orzusi jo’sh urmoqda va hokazo va hokazo.

Aytdim-ku! Karimovni tanimaymiz. Agar taniganimizda uning maqsadini darhol topgan bo’lardik.

Karimov uchun O’zbekistonning iqtisodiy hamkorligi-yu Pokistonning kim bilandir sherikligi, hammasi bir tiyin. Uni bezovta qilgan masala boshqa׃ u tinmay olayotgan tadbirlariga qaramay, o’zbekistonliklar turli yo’llar bilan borib, Pokistonda in qurgan terroristik harakatlarga qo’shilayotganidir.

Karimov o’zini hali dunyoning u erida, hali bu erida “tomosha” ko’rsatayotgan “binladenchilar”ning ro’yxatida deb biladi. AQShning yordami bilan O’zbekiston Islomiy harakati tahlikasidan qutulib qolgan Karimov uchun bugun Rossiya yoki Xitoy o’zini o’tga tashlamaydi. Buning ustiga agar Pokiston hukumati izn bermasa, bu kuchlar uning hududlarida yura olmasdi, deb o’ylaydi. Chunki Karimov istamasa, Mahmud Xudoyberdiev guruhi O’zbekistonda qola olarmidi?! Karimovning mantig’i mana shundan kelib chiqadi. Har kim o’z qarichi bilan o’lchaydi. Shuning uchun ham unga Pokiston hukumati bilan yaxshi bo’lish juda muhim. Bu masalaning bitta jihati. Lekin Karimov bir o’q bilan ikki quyon urishni ko’zlaydigan maxluq.

Demak, ikkinchisi, bu eng muhimi – mamlakat ichiga qaratilgan. “Hov ko’rdingmi, Pokiston hukumati ham mening qo’limda, mening do’stim, u tomonlarga borsang, onangni ko’rsataman” degani bu. Xuddi mana shuning uchun ham O’zbek matbuotiga bu safarni favqulodda keng yoritish topshirildi. Toki Karimovning plani hammaning kallasiga singsin!

Dushmanlar haqida

SAVOL׃ Kuzatishlarimga ko’ra sizga dushmanlik qilayotganlar ham bor ekan. Bu dunyoda dushmansiz odam bormikan o’zi? (Farida).

JAVOB׃ Bilasizmi, qadimda bir zolim shoh bo’lgan ekan. Uning davrida daryolarda qon oqar, qamchilardan jon uzilar ekan… U shunchalar zolim ekan-ki, biror kishi ham unga bu qilmishlari yaxshi emasligini aytolmas ekan. Shunday kunlarning birida Hotamtoyning yo’li uning o’lkasiga tushibdi. Xalqning azob uqubatlaridan larzaga tushgan Hotamtoy saroyga qarab yo’l olibdi va shohni odillikka chorlabdi. Shunda shoh׃

-Sen xalqimni tanimas ekansan, uning ettidan etmish yashariga qadar meni o’ziga do’st deb biladi. Sen begonasan, seni dushman deb biladi. Ishonmasang ana Devonbegi bilan xalq huzuriga chiqinglar,-debdi.

Devonbegi va Hotamtoy qaerga borishmasin xalq shohni do’st deya ulug’lab Hotamtoyni dushman deya haqoratlabdi.

Saroyga qaytishganda Hotamtoy shohga׃

-Ular Devonbegidan qo’rqqanlaridan bir narsa deya olmadilar,-debdi.

Shunda shoh׃

-Unday bo’lsa, tunda janda kiyib chiqingiz,-debdi.

Yana Devonbegi va Hotamtoy qaerga borishmasin va kimdan so’rashmasin hamma Hotamtoyni la’natlabdi. “Agar u bizga do’st bo’lganda bizni shunday qiyin sharoitga qo’yarmidi? U begona-da, bizni bilmaydi-da, bizda nima qasdi bor uning?” deyishibdi.

Saroyga qaytishganda shoh yana Hotamtoyni izza qilibdi.

-Bechora xalq, ikki kishidan biri josus bo’lishi mumkin, deb o’ylab chekayotgan azob-uqubatlaridan so’z ochmadi,-debdi Hotamtoy.

Shunda shoh׃

-Bo’lmasa bor, o’zing so’ra, qani nima deyishadi?- debdi.

Hotamtoy ko’chaga chiqsa, hamma undan yuz burib, uzoqroqdan yurar, ba’zilar esa ming’irlab uni so’kishibdi. Buning sababini so’rayman desa, uni toshbo’ron qilishibdi. U qonga belanib yotganda bir darvesh uning yoniga kelib׃

-Ko’rdingmi, kimning dushmani ko’p,-debdi.

Hotamtoy darveshning ovozidan tanibdi. Bu o’sha shoh ekan. Janda kiygan shoh. Xalq zolim shohning ana shunday kezib yurishlarini bilar va yurak oldirib qo’ygan ekan.

Ko’rdingizmi, dushman har xil bo’ladi. Kaminani so’kib yuradigan ismsiz-jismsizlarga qarab shunday deyayotgan bo’lsangiz, u holda aniq bilaman, do’stlarim dushmanlarimdan ko’p. Qanday bilaman-mi׃ dushmanlarim nomlarini yashiradilar, do’stlarimning esa nomlari aniq.

Hatto Xudoning ham dushmani bor-Shayton, iblislar va hatto ba’zi odamlar…

Payg’ambarlarning ham dushmanlari bo’lgan. Toshbo’ron qilganlar, quvg’in etganlar, xachga tortganlar…

Har qanday oddiy odamning esa, tabiiyki, dushmani bo’ladi. Chunki o’rtada hasad, ko’raolmaslik, anglashilmovchilik, tarafkashlik, mansab va manfaatparastlik, tobelik va muridlik kabi ming-ming dushman yasovchi “komponent”lar bor.

Savolingizga javob ana shundan kelib chiqadi. Lekin bu u qadar ahamiyat beradigan narsa emas. Qo’ying, dushmanlar ham bor bo’lishsin. Buning foydasi yo’q emas. Hushyor bo’lasiz, noma’qulgarchiliklardan uzoq turasiz, loqayd bo’lib qolmaysiz, yolg’izlik qurboniga aylanmaysiz, kurash hissini yo’qotmaysiz…

Turkiya modeli?

SAVOL׃ O’zbekistonga Turkiya modeli to’g’ri keladi degan gaplarni aytishmoqda. Turkiya modeli o’zi nima? (Suxrob).

JAVOB׃ Agar Turkiyani yaxshi bilmagan odam shunday bir gapni aytsa, uni tushunaman. Chunki hali Turkiyani yaxshi bilmagan paytlarimda men ham shunday deb o’ylardim. Ammo Turkiyani ichdan va tashdan yaxshi bilgan odam bu gapni aytsa, u holda siyosiy chayqovchilik bo’ladi. Nega?

Turkiya zaif parlament, zaif bosh vazir, zaif prezident, zaif qonunlar, zaif xalq va kuchli armiya boshqaruvidagi davlatdir.

Gap bu yerda aholisiga nisbatan Turkiya dunyodagi enga katta armiyaga ega ekanligi haqida borayotgani yo’q. Gap mamlakatni boshqarish haqida bormoqda. Turkiyani tom ma’noda harbiylar, xavfsizlik kuchlari boshqarishadi. Yaqin o’tmishda agar siyosatchilar quloq solishmasa, davlat to’ntarishi qilib, ularni dorga tortishgan. Shundan beri dorga tortilmaslik uchun siyosatchilar harbiylarga quloq solishadi.

Agar ular xalq tomonidan saylangan Bosh vazirga, “ket” ishorasini qilishsa, bosh vazir darhol iste’fo beradi.

Gap shundaki, Turkiyadagi harbiylar asosan dunyoviy milliyatchilar orasidan etishtiriladi va demokratik davlatlarda tahsil oladilar. Ular dindan uzoq turadilar va dunyoviy tuzumni himoya qiladilar. Bugun Turkiyada demokratiya, so’z erkinligi va hokazolar qonunlarda belgilangani uchun emas, balki harbiylar shunday istaganlari uchun mavjud.

Bu erkinliklarning chegarasini ham harbiylar milliy xavfsizlik nuqtai nazaridan deya cheklay oladilar. Agar harbiylar shunday tutib turmasalar Turkiya degan davlatdan parcha ham qolmasligi mumkin. Chunki Turkiyada xalq keskin farq qiladigan qutblarga bo’lingan, jiddiy muammolar bilan yuzma-yuzdir. Bu esa doim parlamentda o’z aksini topadi, ya’ni hamma har tomonga tortadi va qonunlar zaifligining boisi ana shunda.

Turkiya parlamenti bir nechta turli qarashdagi partiyalardan tashkil topgani uchun aksariyat ovoz talab etilgan nuqtalarda oddiygina qonunlarga ham o’zgartirish kirita olmaydilar.  Bir kun kelib qaysidir bir kuch hukmronlikni qo’lga olishi va harbiylarni tizginlashi ham mumkin. Lekin bu Turkiya to’la demokratik sharoitga ko’chdi degani emas. Aksincha bu hol borini ham yo’qotishga zamindir.

Turkiya modelini O’zbekistonga tadbiq etadigan bo’lsangiz, buning bugungi rejimdan farqi juda oz bo’ladi.

Nahotki bu bir tasodif edi?

SAVOL: Siz, mard bo’lsang, asl isming bilan yoz deysiz. Lekin men maqola yozayotganim yo’q, shunchaki savol yo’llamoqchiman. Buning uchun meni nomardga chiqarmassiz va umid qilamanki javob yozarsiz. Ochig’ini aytsam, saytingizni birinchi kirib, ba’zi yozuvlariga ko’z yugurtirganimda umuman menga ma’qul bo’lmagan. Maqolalarning bari Microsoft Word dasturida yozilib, dizaynga ham ahamiyat berilmay joylashtirilgani g’azabimni keltirgandi. Sababi men internet texnologiyasini yaxshi tushunaman, shuning uchun ham hozir, Sizning ismingiz va boshqa “UchQuloq”lar ko’z tikadigan so’zlarni ishlatmasdan yoki ulardan buzib foydalangan holatda savol yo’llamoqchiman. Chunki ular bu so’zlar qaysi vaqtda, qaerdan qaerga jo’natilganligini, qiziqsalar uyimning manzilini ham bilib oladilar. Hozircha ularga qarshi kurashishga qurbim etmaydi. Shuning uchun shunday usul qo’lladimki, siz qaysi pochtadan xat kelganini bilolmaganingizday, ULAR ham qaysi IPdan chiqqanimni bila olishmaydi. Juda qattiq kirishsalar o’zlarining IPsi chiqadi, xolos.

Saytingizga birinchi kirganimda (bundan uch yilcha oldin) “Boshchi”mizning siyosatini ham, unga qarshilarning fikrini ham ma’qullamas edim. Bugunga kelib ancha oq-qorani taniy boshladim. Va bildimki, bugungi kunda asl haqiqatni yoritish bo’yicha siz etakchi ekansiz. Shuning uchun ham uning dizayniga ham qaramay deyarli barcha ma’luotlarini o’qib chiqdim. Va uni o’zbeklar uchun eng qimmatli sayt hisoblayman.

Savolim, 1999 yil fevralidagi voqealar haqida o’zingizda mavjud ma’lumotlarni o’rtoqlashsangiz… Menda u haqida inkor etib bo’lmas dalil bor: bitta ishtirokchi portlash haqidagi habarni “uchquloq”larga sotib qo’ygan. Demakki, boshchi hammasini oldindan bila turib, xalqqa spetakl ko’rsatgan. Javobingizni saytingizda kutib qoluvchi, sizni doim qo’llab duo qiluvchi ShohiJahon.

JAVOB׃ Maktubingiz uchun rahmat. Hozir ham saytning ko’rinishi muhim emas, balki mazmuni muhim deb hisoblayman. Karimovning kitoblari naqadar chiroyli qilib chiqariladi, ammo hech kim o’z ixtiyori bilan o’qimaydi. Lekin agar siz maslahat va yordam beraman desangiz saytni o’zgartirishimiz mumkin.

Siz xatni qaerdan yozilganini bilib olishadi, debsiz. G’arbda ha, lekin O’zbekistonda hali bilisholmaydi. O’zbekistonda internet bobida juda orqada qolingan. Yaqinda bir kishi bilan gaplashdim. Uning aytishicha, fikrlari buzilmasin, sodiqliklari yo’qolmasin, deb aksar MXX xodimlariga internetga kirish ta’qiqlangan. Faqat juda kam sonli odam kiradi. Bu masalaning bir jihati.

Ikkinchi tomoni esa shuki, ular butun internetdagi yozuvlarni nazorat qila olmaydilar. “Ombor”ga g’aramlab qo’yishlari mumkin. Lekin har birini tahlil etolmaydilar. Har kuni 200 dan ziyod xat olaman. Yarmini o’qishga ulgurmayman. Demak, ular hamma xatlarni o’qib chiqish uchun bir necha million kishini ishga olishlari kerak. Adreslarni qidirish va topish uchun yana bir million mutaxassis kerak.

1999 yil fevral voqealariga kelsak…

Meni bir tasodif ko’p o’ylatadi׃ 1998 yil tugashidan bir kun oldin bizni -meni, Abdurahim Po’lat va ukasi Abdumannob Po’latni AQShda yashaydigan Ro’zi Nazar degan keksa bir kishi mehmonga chaqirdi. Borsak, osh damlangan va u paytda Saloy Madaminovning iqtisodiy homiysi bo’lgan Anvar Oltoyli bir turk ayoli bilan kelgan ekan. U bizga muxolifat birlashishi zaruratidan so’z ochdi. Bahslashdik. Rozi bo’ldik. Keyin yangi yil oqshomi Nyu Jersey shtatida yashaydigan Avazxon Muxtorov mehmonga da’vat qildi. Bordik. Ro’zi Nazar ham birga bordi. Anvar Oltoyli o’sha erdagi mehmonxonada turdi va biz Avazxon Muxtorovning uyida. Abdurahim Po’lat va ukasi borgan emas. O’shanda Anvar Oltoyli “Fevralning o’rtasida Toshkentga qaytamiz, bitta uchqichda” deya pichirladi. Hayratlandim. Boshqa gap aytmadi. Bu shunchaki ko’ngil gapi-da, deb qo’ya qoldim.

U keyin Saloy Madaminov bilan gaplashgani va u meni, Abdurahim Po’lat va ukasini davraga olmasdan “o’zimiz Karimov hukumatini yiqitamiz, ular bizga xalaqit bermasin, etar” degan gapini aytdi. “Hali ham osmonda-ku?!” deb qo’ya qoldim.

Lekin haligacha o’ylayman, nahotki bu bir tasodif edi?

Xullas, 1999 yil 16 fevralda Karimov hukumati tomonidan ba’zilarni qo’llanib, spektakl ko’rsatilgan degan gapni o’sha paytda ham aytganman, hozirga qadar ham bu fikrimni inkor qiladigan dalil ko’rganim yo’q.

Qolgani latifa

SAVOL׃ Butun muxolifat birlashib satiletdan bitta televidenie ochsa bo’lmaydimi? (Iskandar).

JAVOB׃ Agar bugunga qadar muxolifat birlashganda edi, televidenie haqidagi bunday savolingizga hojat ham qolmagan bo’lardi. Ammo biz muxolifatni birlashtirishga 15 yil urindik va buni amalga oshira olmadik. Negaligini bilasiz. Endi bu haqda gap ochmasa ham bo’ladi. Bugungi kunga kelib, muxolifatning qolgan qutgani ikki mutloq zid qutblarga ajralib bo’ldi. Hatto mafkuraviy jihatdan ham.

Endi satelitdan televidenie ochish haqida׃ ana “Amerika ovozi” ochganiga 3-4 yil bo’lib qoldi. Lekin kim tomosha qiladi? O’zbekistonda odamlar bir burda non tashvishida ekan, kim satiletga bog’lanib, oldi-qochdi narsalarni tomosha qiladi? Hech kim. Televidenieni bir tomonga qo’ying, bugun hatto radioni eshitmay qo’yishgan. Bir mahalla yoki qishloqni aylanib, odamlardan so’rab ko’ring-chi, necha kishi “Ozodlik” yoki “Amerika ovozi”ni eshitadi?

Bugun muxolifatning qolgan-qutgan guruhlari internetda oddiygina kundalik xabar sahifasini yurita olmaydigan darajada. Ba’zilari bir oyda, ba’zilari haftada bitta narsa qo’yish bilan “gavda ko’rsatishadi”, xolos.

Tez ishlab turadigan, xabarlarni daqiqama-daqiqa beradigan sahifa yo’q. Bu ishni uddalay olmaganlar agar televidenie, radio yoki videokliplar qilib xalq orasiga kirmoqchiman desa, unga ishonmayman. Bu navbatdagi aldov. O’zini, atrofidagi ikki uch kishini va bir narsa cho’zadigan manbani aldash uchun qilinadigan ish bu.

Bugun xorijdagi muxoliflar faqat ikkita amaliy ish qilish qobiliyatiga ega׃

Birinchisi, yaxshi veb sahifa tayyorlab, undagi xabarlarni kunba-kun mamlakat ichiga jo’natish. Tabiiyki, elektron maktublar orqali…

Ikkinchisi, mamlakat ichida faoliyat ko’rsatayotganlar bo’lsa, ularni ma’naviy va iqtisodiy jihatdan qo’llash.

Bu qadar. Ana shu ikki ish izchil amalga oshmayatimi, qolgani latifa.

O’zbekistonda davlat to’ntarishi bo’lishi mumkinmi?

SAVOL׃ Keyingi kunlarda O’zbekistonda davlat to’ntarishi bo’lishi ehtimoli haqida yana gap-so’zlarlar aylana boshladi. Rostdan ham shunday ehtimol bormi?(Davron).

JAVOB׃ Yo’q! Saylov kabi biror siyosiy ma’raka yaqinlashaversa, “Davlat to’ntarishi…”dan boshlab “Dindorlarning Konstitutsiyaviy tuzumga tajovuzi…” kabi iboralar tez-tez ishlatila boshlanadi. Bu eng tepadagi idoradan muxolifatning ba’zi guruhchalariga qadar inadi.

O’tgan yillarda buni eshitaverib, quloqlar o’rganib ketgan bo’lsa ham, foydasi kimga va zarari kimga ekanligini hech o’ylab ko’rmadik. Hamma vaqt foydasi Karimovga bo’lgan va bundan keyin ham unga bo’ladi. Shunday ekan, g’oya foydani olgan odamdan kelib chiqadi. Bu biznesning qoidasi. Qolganlar o’yinchilar, bizning sharoitda esa, oldindan ma’lum bo’lgan yutqazuvchi o’yinchilardir.

Karimov o’z atrofidagi qo’rg’onni mustahkamlash uchun o’ziga qarshi chiqqan har qanday guruhdan foydalanadi yoki shunday guruhni yaratadi. Shunday bo’lib kelayotganini ko’rib turibmiz. Agar bu safargi soxta saylovdan oldin ham biror guruh biror “tomosha” qo’ysa, aslo ajablanmayman. Chunki rejim shunga intilmoqda va o’yinchilar ham o’zlarini ko’rsatmoqdalar.

Ilgari ham shunday bir savolga javob bergan edim. Yana muxtasar qilib aytmoqchiman. O’zbekistonda davlat to’ntarishi mutlaqo mumkin emas. Davlatning o’zi bo’lmagan joyda qanday qilib davlat to’ntarishi bo’ladi?

Mafiya tizimida esa “otaxon”ning aytgani bo’ladi va unga qarshi chiqishi mumkin bo’lgan kuch beshigidayoq axta qilinadi.

Bugun O’zbekiston hokimiyat boshqaruvi deb ataladigan idoralardan birortasida “otaxon”ga qarshi bosh ko’taradigan odamni qo’ya turing, qosh uchiradigan shaxs ham yo’q.

Chetdagilarning ahvoli esa oydek ayon.

Jumrak va jamiyat

SAVOL׃ Muxolifat ichida ilgari hukumatda ishlaganlarni xoin, poraxo’r, bugun ishlayotganlarni axloqsizlar sinfi deb atash moda bo’ldi. Xo’sh falakning gardishi bilan bu muxolifat hukumat tepasiga kelib qolsa, ishni kim bilan bajaradi?(Najmiddin).

JAVOB׃ AQShda o’z uying bo’lmasa bir tashvish, har oy katta miqdorda ijara to’laysan. O’z uying bo’lsa, yana bir tashvish. Bankdan olingan qarzni to’laysan. Bir-ikki oy to’lamasang, uyingdan ajralasan. To’lgan taqdiringda ham tashvishlar bitmaydi. Yillar o’taverishi bilan esa tashvishlar ortaveradi.

Uyimiz yangi. Qurilganiga endi etti yil bo’ldi. Bugunga qadar muammo chiqmagan edi. Ammo endi ba’zi kichik tashvishlar chiqmoqda.

Masalan, yaqinda hammomxonadagi qo’l yuvadigan jumrakning ostidan suv oqa boshladi. Ishxonamizdagi bir juvonning gapni esladim׃

-Bunday ishlarga men pul bermayman. Do’konda juda arzon turadi, olaman, o’rnataman, ustalar esa o’n baravar qilib olishadi,-degandi u.

Darhaqiqat, bu soha ustalari Amerikadagi eng bosh toifa hisoblanadi. Ya’ni eng ko’p pul qilishadi. Bitta jumrakni almashtirish uchun 200-300 dollar olishadi. Vaholanki, bu ishni besh daqiqada bajarishadi.

Jumrakni o’zim almashtirishga qaror qildim. Shanba kuni ertalab chaqqon bo’lib ishga kirishdim. Ertaroq boshladim, chunki bolalar uyg’ongunga qadar bitirib qo’yishni rejaladim.

Uyimiz uch qavatlik. Buzilgan jumrak uchinchi qavatda. Suvni bekitadigan joy esa, birinchi qavatda. Suvni bekitib, tepaga chiqsam, kalitlar to’g’ri kelmaydi. Bir amallab ochishga qaror qildim. Bo’lmadi. Keyin ”Home Depot” degan xo’jalik mollar do’koniga borib jumrakning yangisini sotib oldim. 42 dollar ekan. Qaytib kelib, o’rnataman desam to’g’ri kelmadi. Eskisining nomini yozib oldimda, do’konga qaytib bordim va 42 dollarlikni topshirdim.

Xayriyatki, do’kon uyimizga yaqin va hamma narsani qaytib olaveradi. Do’konni aylanib biznikiga o’xshaganini topdim. 79 dollar. Oldingisidan chiroyliroq. Shu payt do’konda savollarga javob berib yuradigan kishi kelib qoldi. U bilan gaplashsam׃

-Bularning hammasi standart,- dedi.

Shunda men oldingisini olib kelib topshirib xato qilganimni tushundim. Faqat ikkita qo’shimcha bog’lovchi quvurchalardan olsam ish bitar ekan. Lekin qo’limdagi yoqib qolgandi va uni olib keldim. Eskisini ochaman desam kalit etishmadi. Bitta kalit uchun yana do’konga boraman-mi dedim-da, kuch ishlatdim. Devordagi plastik quvurga ulangan joydagi bosim jihozi sinib ketdi.

Uni ochib oldimda shishalarga solib sotiladigan “Starbucks” kofesidan ichib, asabimni jilovlab, yana haligi do’konga bordim. Ba’zi narsalarning otini bilmasangiz ham qiyin. Shuning uchun menga kerakli X-jihozni o’zim bilan olib kelgandim. Biror kishi uning nimaligini bilmadi, desangiz. Oxiri do’konning bosh ish yurituvchisini chaqirtirdim. U bilag’on ekan׃

-Bunday narsa bizda bo’lmaydi,-dedi u.

Hamma narsa bo’ladi deya maqtab yurganim bu do’konda ham bo’lmaydigan narsa bor ekan-a, deya ajablandim. Haligi odam bunday narsalarni qaerdan sotib olishni aytdi va yaqindagi shunday do’konning adresini berdi.

Ilgari faqat avtomashinalar qismlarining maxsus buyurtma do’koni bor deb o’ylar ekanman, buni qarang-ki hatto jumrak qismlarining ham maxsus do’koni bormish.

 U yerga kelsam, buyurtma oladigan kishi qo’limdagi jihozni yarim soat desam mubolag’a bo’ladi, ammo 10-15 minut tomosha qildi.

-Vov,-dedi keyin.- Bu nima ekan o’zi, nomini bilasizmi?

-Taqsir nomini bilganimda o’zini olib kelarmidim?

-Men shu yerda 15 yildan beri ishlayman, ammo bunaqa narsa ko’rmaganman. Bu qaerga o’rnatilgan ekan?

Unga tushuntirib bersam׃

-Siz “Pulte” qurgan uylarda yashasangiz kerak. Ular hatto hamma jihozlarni ham o’zlari yaratadilar. Bu ham biznes. Sizni o’zlariga bog’lab qo’yadilar. Ularga yozing, yuborishadi,-dedi.

Hafsalam pir bo’lib mashinamga o’tirib, “Oyday to’lin-to’lin..” qo’shig’ini tinglab, o’yga botdim. Suvni bekitganman. Quvurlar ochiq. Qanday qilib 2-3 oy kutaman.

Usta chaqirsammikan?

Shunda yodimga birinchi qavatdagi xonaga dush o’rnatgan asli afg’onistonlik Abdumannnon aka degan tanishim keldi. U o’shanda plastik quvurlar chiqqani zo’r bo’lgani va ularni bir-biriga elimlash juda qulayligini rosa maqtagandi. Ish juda oson bitganini o’zim ham ko’rgandim.

Shuning uchun quvurdan boshlab bu yog’iga hamma narsani almashtiraman, degan qarorga keldim. Ortga qaytgim kelmadi va boshqa ko’chadagi “Lowe’s” degan kattaroq xo’jalik mollar do’koniga borib, plastik elim va unga bog’lanadigan bosim jihozini sotib oldi. Qimmat emas, 12 dollar bo’ldi. Qaytib kelib ish boshlasam, elim ushlamadi. Uning qo’llanmasini o’qib chiqdim. Unda quvurga elimdan oldin dastlabki tozalagich modda surtiladi deyilgan. Alamimni yana qo’shiqdan olib, balandlatib qo’yib, do’konga qaytib bordim. Haligi narsani olib qaytib kelsam, aslida elimning boshqa turini olgan ekanman. Yana qaytib borishimga to’g’ri keldi. Kerakli rangli elimni topib, kassa yoniga borsam hamyon uyda qolib ketibdi. Padariga la’nat!

Bu orada bolalar uyg’ongan va vaqat tushdan o’tib bo’lgandi. Ikki marta eski jumrakni o’rnatib, har narsaga to’ldirib suv olib qo’ydirgandim.

Umr yo’ldoshim bolalarni olib, oziq ovqat do’koniga ketishgandi. Telefon qilsam, xayriyat qaytib kelishibdi. U hamyonimni olib keldi va kichkina bir qutidagi rangni ikkita mashina bilan olib kelgan bo’ldik.

Hamma ishni bitirib jumrakni o’rnataman, desam bog’lovchi quvur kaltalik qildi. Yana borib keldim, desangiz. Tashqarida qop-qorong’u bo’lgan bir payda ishni bitirdim. Suvni ochishga yuragim betlamadi. Chunki ertalabdan beri necha marta ochgan bo’lsam doim har tomonga otilib ketaverdi-da.

Xullas, suvni ochdim. Tashqarida qorong’u, mening dilim yorug’. Uyda bayram. Hamma meni qutlay boshladi. Bajardim!

Jumrakka qarab turib׃

-Besh minutlik ish ekan,-dedim.-Shunga 12 soat sarflabman-a?

Uydagilar menga jilmayib qarashdi. Lekin zarar qilmadim. Ham iqtisodiy va hamda ma’naviy foyda qildim. Bundan keyin bunday yumushni besh daqiqada bajaraman. Chunki endi nima qilishni bilaman-da!. O’rgandim. Hatto keyingi shanba kuni hamma jumraklardan uy quruvchilar o’rnatgan bosim jihozlarini olib tashlab, do’konlarda bo’lganini qo’yaman. Bu ham mustaqillik!

…Jumrak buzilsa, usta chaqirmay ham bir amallab tuzatish mumkin, ammo jamiyat buzilgan bo’lsa-chi? Tuzatish oson bo’lmaydi. Buning ustiga bu jamiyatga begona esangiz, hech qachon hukumatda ishlamagan va boshqarish nima ekanligini bilmasangiz, tajribasiz bo’lsangiz voy o’sha jamiyatning holiga. Ayniqsa, bu jamiyat ustabuzarmonlar qo’lida xonavayron qilingan bo’lsa?!

O’zbeklar nega bir-birlarini kechira olmaydilar?

SAVOL׃ Biz demokratiya haqida juda ko’p gapiramiz. Xalqimiz demokratiyaga tayyor deymiz. Lekin demokratiya sharoitida odamlar G’arbda bo’lgani kabi tanqidni ko’tara olishlari kerak emasmi? O’zbeklar bitta tanqid uchun bir-biriga dushmanga aylanib qolmoqda. Bu ahvolda demokratiyaga etishamiz, deb o’ylaysizmi?(Murod).

JAVOB׃ Yuragimni yondirgan savollardan birini yozibsiz. Gap faqat o’zbeklikda emas. Menimcha, buning juda chuqur ildizlari bor. Bu holatni arab, fors, dari, pashtun va o’rdu tilida gaplashadiganlarda ham ko’rdim. Eng qizig’i, ular yashaydigan mamlakatlarda emas. Balki ular kelib yashayotgan demokratiya diyorida ularning demokratiyani hazm qilishlari naqadar qiyin kechishini ko’rib, hayratlandim.

20-25 yildirki, Amerikaga kelib, haliga qadar tanqid eshitganda dirkillab qoladigan bu odamlarni ko’rib o’zimizning o’zbeklarimiz haqida o’yladim. Ming afsuski, G’arbning havosidan nafas olayotgan o’zbeklarimizning aksariyati ham shu ahvolda.

“Amerika ovozi”da ishlaganimda bir arab boshlig’imiz bor edi. 30 yildan beri Amerikada. Demokratiyani anglagan deb o’ylabman va ko’pchilikning oldida tanqid qilib yuboribman uni. Shu qadar dushmanga aylandiki, mana oradan 4-5 yil o’tib ham yaqinda bir majlisda ko’rib qolsam, hali qovog’idan qor yog’adi.

G’arbda yashab yurgan o’zbekdan istagan birini tanqid qilib ko’ring, kamchiligini aytib ko’ring, darrov sizni “ig’vogar” deydi. Bu ham mayli, bir umrlik dushmaningizga aylanadi. Shuning uchun ham tashvishingiz juda o’rinli.

Hali nihol ekan, Amerikaga kelib, o’qib, shu yerda tahsil olgan bir “qalamkash” o’zbekni juda asosli kamchiliklari uchun orqavarotdan emas, ochiq, o’z nomim bilan tanqid qilgandim. Mana oradan ikki yil o’tdi. Haliga qadar u orqavarotdan meni hammaga “ig’vogar” deb yurgani mayli, turli forumlarda ham turli tillarda tinmay yozadi, bo’hton yog’diradi.

Vaholanki, orqavarotdan gapirish yoki imzosiz yozish ig’vogarlik ekanligini va o’zi shu kuyga tushganini ham bilmaydi, sho’rlik!

Bunday misollar son mingta. Hatto ismini aytmay, umumiy tanqid qilsangiz ham, o’ziga olib, sizga qilich qayraydigan “demokratlarimiz” qancha…Shuning uchun demokratiya haqida gapirish va demokrat bo’lishning orasida yer bilan osmon qadar farq bor. Menimcha, bu narsaning ildizi juda chuqur va bu ildizni ko’ra olmasak, topa olmasak hali beri ruhimizni sariqpechakdek o’rab turaveradi.

Chet ellarda qolib ketamizmi?

SAVOL׃ Chet elga chiqqan o’zbeklarning taqdiri haqida ko’p yozgansiz. Ularning vatanga tashnaligi haqida ham yozganlaringizdan o’qiganmiz. Sizning anchagina taxminlaringiz to’g’ri chiqadi va bu hayotiy tajribaning natijasi bo’lsa kerak. Shundan kelib chiqib xorijdagi o’zbeklarning yaqin kelajakda vatanga qaytish imkonlari bor deb o’ylaysizmi? Bor bo’lsa qachon va qay sharoitda? Yo’q bo’lsa, ularni nima kutadi? Bular sotsiologik muammolardir. Bunga siz javob bera olasiz deb o’ylayman. (Bobur).

JAVOB׃ Ilgari bir javobda o’zbeklarning chetga ketish sabablarini bir tizimga solgandim. Aslida ko’p narsa o’sha chiqib ketish sabablari bilan bog’liq. Lekin modomiki chetda ekanmiz, bugunga qadar bosib o’tilgan yo’lga nazar solib, kelajakni taxmin qilish, bashorat emas, taxmin qilish mumkin.

Meni juda ham achintirayotgan va tashvishga solayotgan narsa shuki, bugun xorijga chiqqan o’zbeklar ham ilgari Sharq mamlakatlaridan G’arbga sig’ingan salaflarining yo’lidan ketmoqdalar. Bu esa o’zlari yashagan jamiyatda eng keyingi odam bo’lib qolish va o’z o’rinlarini o’z qo’llari bilan yo’qotishga intilishdir.

Bugun G’arb mamlakatlariga nazar solsangiz, Sharqdan kelganlar aksariyat holda g’arib, unutilgan bir vaziyatdalar. Oralarida davlat arboblari, taniqli olimlar, dunyoga so’z ayta oladigan shaxsiyatlar, siyosatchilar yo’q.

Buning sabablaridan biri shundaki, xorijga kelganlar bu yerning erkinligidan gangib qoladilar. Oilalari va farzandlarini yo’qota boshlagandek bir hissiyot girdobiga tushadilar. Natijada ana’nalar, odatlar, oila va farzandlar tarbiyasini saqlab qolaman deb o’zlarini to’rt tomonga uradilar. Aslida eski ahvollari G’arbdagidan ham barbod bo’lganini tan olgilari kelmaydi.

Muhojirlardan ko’pchiligi agar dinni mahkam ushlasam, ana’nalar, odatlar, oila va farzandlar tarbiyasini muhofaza qilib, saqlab qolaman, deb o’ylaydilar. Natijada zamonaviylik, yashagan mamlakatning qadriyatlari, demokratiya talablari chetga surilib, faqat diniy yo’lga bosh uriladi. Bir qarashda bu yaxshigina bo’lib qolmay, farzu qarz bo’lib ko’rinadi. Ammo asta-sekin meyyor buziladi va fanatik bir insonga aylaniladi. Chunki bora-bora jamiyatdan ajralib qoladilar. O’z do’konchalari, oddiygina bir ishlari va shunchaki umrguzaronlik qiluvchi jamoalari bilan o’ralashib, bolalarini ham shu asnoda tutishga urinadilar.

Bolalari o’qishdan, ilmdan, siyosat va jamiyatdan uzoq qolib, ko’rinishda mo’min-qobil, lekin aslida teskarisiga aylanadi. Ota-ona esa bari-bir vatanga qaytaman, deb o’zini ovutadi va farzandlarining kelajagini o’ylamaydi.

Bir kun kelib, orzulari sarobga chiqa boshlaganini ko’rgach, asabiylashadi, oilasi buziladi, dunyodan norozi, yolg’iz bir kimsaga aylanadi.

Bugunga qadar G’arbga Afg’oniston va Turkiya orqali ming-minglab o’zbeklar kelganlar. Biz bugun hatto ularning nomlarini ham bilmaymiz. Qaerlarda yashab, qaerlarda qolib ketdilar, noma’lum. Farzandlari esa jamiyatning ikkinchi emas, uchinchi darajali odamiga aylanib qoldilar.

Yuqorida aytganimdek, ming afsuski, bugungi avlod ham shu yo’ldan ketmoqda. Bugun har qancha dod-voy deyilgani bilan yillar o’tgach, hech kim Vatanga qaytmaydi. Hatto ikki fuqarolik berganda ham qaytadigan odam topilmaydi.

40-50 yil Vatanning ozodligi uchun jonlarini tahlikaga qo’yganlar mustaqillik kelganda, borib, qisqa vaqtda ortlariga qaytganlari buning bir misoli.

Chunki yillar davomida boshqa odamga aylanasiz. Borsangiz hamma narsa begonadek tuyuladi. Eng asosiysi sizga begonadek qarashadi. U yerda endi G’arbda siz topgan erkinlikning mingdan birini ham topolmaysiz. Hatto O’zbekiston demokratik davlatga aylanganda ham butunlay qaytadiganlar sanoqli bo’ladi. Ular ham bir muddatdan keyin ortga qarab yo’l soladilar. Bu men yaratgan yangilik emas. Bu sotsiologiya ilmining tajribalardan olingan xulosalardir. Shuning uchun ham doim takrorlayman, ketdingizmi, tamom, qaytish yo’q. Qaytishingiz mumkin, faqat vaqtinchaga, mehmon tarzida.

Shuning uchun demoqchimanki, bugun chetga chiqib, vaqtingizni behuda o’tkazmang. O’qing, ilm oling, jamiyatga qo’shiling, izlaning va o’zingiz yashayotgan jamiyatingizda o’z o’rningizni toping. Xuddi mana shu narsa sizga o’zligingizni saqlab qolishga zamin yaratadi. Nafaqat saqlab qolish balki tarixiy Vataningizga xizmat ham qilishga yo’l ochadi. Tabiiyki, agar shunday istagingiz bo’lsa!

Mantiq mahsuli

SAVOL׃ 2004 yil mart-aprel portlashlarini bevosita hukumat uyushtirganligiga sha’ma qilgandingiz. To’g’risi menda ham shunday taxmin bor, lekin bu taxminimni isbotlovchi manbaga ega emasman. Agar mumkin bo’lsa, manba to’g’risida muxtasar bo’lsa-da, ma’lumot bersangiz. Hurmat bilan, Muarrix.

JAVOB׃ Ma’lumki, huquqning asosini mantiq belgilaydi. Umuman mantiq butun hayotning o’q ildizi desa mubolag’a bo’lmaydi. Agar mantiq qoidalarini idrok etsangiz, ko’p narsaga baho berishda adashmaysiz.

Mening ham qo’limda hech qanday aniq dalil yo’q. Ammo mantiq qoidasiga nazar solsangiz, ikki savol tug’iladi.

Birinchisi, bu hodisalar jamiyat uchun favqulodda yangi hol edimi?

Ikkinchisi, bu hodisalar qanday siyosiy-ijtimoiy zaminda yuz berdi va kimga foyda keltirdi?

Bu ikki savolning javoblarini topish juda oson…

Mazkur voqealarga qadar o’tgan 15 yildagi shunday hodisalar silsilasiga nazar tashlasangiz uzviylikni topasiz.

2004 yildagi siyosiy ijtimoiy voqelikni tahlil etsangiz, Karimov rejimi yana bir marta boshi berk ko’chaga kirib qolganini ko’rasiz. Bunday paytda chekinish yoki ko’chaning to’sig’ini buzib, oldinga ketish kerak bo’ladi. Karimov rejimi yana ikkinchisini tanladi.

Har doimgidek, ta’kidlamoqchiman, bunday voqealarda hukumat “tajriba”sidan kelib chiqib, anqov yoki qo’lbola “muxolif”lardan foydalanib, ularni o’z manfaati yo’lida qo’llangan. Buning umumlashgan ko’rinishini “Assassin” romanida o’qishingiz mumkin.

Dahshatli hayqiriq

SAVOL׃ “Turonzamin” ro’znomasida mana bu xabarni o’qidim׃

”Gulbahor ham Karimov va Madaminovning vijdoniga havola”. Xabarni keltiraman׃

Siyosat bilan hech shug’ullanmagan va muxolifatdagi birorta partiya yoki harakatga a’zo bo’lmagan, Andijon voqealaridan keyin muxbirga, inson huquqlari himoyachisiga gapirib qo’ygan, munosabat bildirgan Gulbaxor To’raeva Qirg’iz chegarasida kitoblar bilan qamoqqa olingandan keyin oradan uch oy o’tib, uch kunda sud qilinib, olti yilga ozodlikdan mahrum etildi. Bu onalar qarshisida tiz cho’kaman, degan Islom Karimovning navbatdagi mehr shavqati. Ayni paytda iqtisodiy jihatdan qiyin ahvolda qolgan bu ayolga o’z kitoblarini berib, uni mamlakatga yo’llagan Salay Madaminovning ham navbatdagi qurboni bu.

Andijondan olingan ma’lumotga ko’ra, ayblov fikrida aytilishicha, To’raeva bu ishni tijoriy maqsadda qilgan va agar pul berishmaganda bu ishga bosh qo’shmasligini aytgan. Madaminovning shaxsiy kitoblarini tashib yurib qamalib ketganlar safiga yana bir kishi qo’shilar ekan, bunday ayanchli hollardan xulosa chiqarib olinmayotgani yana ham ayanchlidir.

Ilgari qamalganlarni unutgan Salay Madaminov va uning “rezident”lari bu safar Gulbahor To’raevaning oilasidan, bolalaridan xabardor bo’lib, ularga moddiy yordam ko’rsatarmikan?”

Men tushuna olmagan narsa shuning uchun Muhammad Solihni ayblash kerakmi? Gulbahor To’raevada faqat uning kitoblari emas, balki Rauf Parfining ham kitoblari bo’lganku? Qolaversa shunday bo’lganmi yo’qmi sizlar ham aniq bilmayizlarku? Bu ham muxolifat ichidagi dahanaki jang axir. Buni qachon to’xtatasizlar? (Diamat).

JAVOB׃ Avf etasizu ammo ko’rinishidan siz hamma narsani muxolifat ichi dahanaki jangi deb inkor qilmoqchisiz. Shunday ekan, dalilni siz va Salay Madaminov ishonadigan manbadan keltiray׃ “Ozodlik” saytida 24 aprelda tantana bilan quyidagi xabar tarqatildi.“Andijon viloyati jinoyat ishlari sudi inson huquqlari himoyachisi Gulbahor To’raevani konstitutsiyaviy tuzumga tajovuz qilish, tuhmat qilish va jamoat tartibiga tahdid soluvchi adabiyotlar tayyorlash va tarqatishda aybdor topib, unga 6 yillik qamoq jazosi tayinladi. Kasbi shifokor G.To’raeva shu yilning 14 yanvar kuni Bishkekdan qaytaëtganida sumkasidan shoir Rauf Parfining “Iymon asiri”, shoir va siësatchi Muhammad Solihning “Valfajr” hamda “Yo’lnoma” kitoblari chiqqanidan so’ng qamoqqa olingan”.

Rauf Parfining kitoblari O’zbekistonda ta’qiqlangan emas. Aksincha nashr etilmoqda va kutubxonalarda ham turibdi. Mahalliy matbuotda ham she’rlari bosilmoqda. Bu voqeada uning kitobi “niqob” sifatida foydalanilgan, xolos. Qolgan kitoblarni bir bechora ayolning iqtisodiy jihatdan qiynalib qolganidan foydalanib, u orqali yuborish razolatdan boshqa narsa emas. Nima, bu “Iskra” gazetasimidi?

Yo’q, bir odamning shaxsiy kechinmalari, xotiralari, uydirmalari, bo’htonlari to’plangan narsa. Bu odamning nomi terrorist deb e’lon qilingani uchun uning kitobini olib borgan shaxs qamoqqa kirishi olindan ma’lum hol. Buning ustiga o’sha ayol Andijon voqealari bo’yicha hukumatning qora ro’yxatiga tushganligini kim kim Salay Madaminov yaxshi biladi? Bugunga qadar ham uning kasriga qolib, anchagina odam qamalib ketganini ilgari ham yozgandik va bundan saboq olmadi, tanqidni ig’vo deb bildi.

Gap bunda ham emas, gap shundaki, shu sabil qolgur kitoblarni yuborish juda zarur bo’lsa, (aslida ular internetda ham turibdi), Salay Madaminovning etagini o’pib, o’limga ham ketishga roziman deb jar solib yurgan “shovvoz”lar orqali yuborsin edi. Nega qo’lida norasida go’dagi bo’lgan onani bu kuyga solishadi? Mana gap nimada?

Bugunga qadar Salay Madaminov uchun qamalganlarni u va uning gumashtalari unutishgan. Birgina misol׃ uning qilmishlari uchun qamalgan Murod Jo’raevning umr yo’ldoshi mana shu – u ishonadigan manba- ”Ozodlik” orqali yig’lab, iqtisodiy qiynalib qolganini aytganiga hali ko’p bo’lgan emas. Kitoblar chiqarishga, uni mamlakatga yuborishga pul bor ekan. Shuni Murod Jo’raev kabilarning tirik etim holiga tushgan bolalariga yuborsa bo’lmasmidi? Mana gap nimada?

Gulabahor ham qamalgan kuniyoq unutildi. Faqat uning nomini pesh qilib, obro’ qidirish esa davom qilmoqda. Lekin uning oilasi faryodlariga Madaminov quloq soldimi? Bu savolga yana siz ishonadigan manba – “Ozodlik” saytida bugun qo’yilgan maqolada javob bor׃

“-Sud ochiq shaklda o’tdi. Men unda qatnashdim. Agar sizga biror ma’lumot kerak bo’lsa, nega sudga kelmadingiz, u yerda hech kim bo’lmadi. Bechora ayolni qamab qo’yishdi, 8 oylik go’dagi qolib ketdi”, – deya iztirob bilan so’zladi G.To’raevaning qaynonasi”.

Bu dahshatli hayqiriqdir! Mana shuning o’zi sizning hamma savollaringizga javob.

Karimov Xudoga ishonadimi?

SAVOL׃ Islom Karimov Xastimomga borib, oxirati haqida o’ylaganmish. Mana siz Karimovni yaxshi bilasiz, ayting-chi u Xudoga ishonadimi?(Odil).

JAVOB׃ Boshqalarning mantig’i bilan ishim yo’q, ammo o’zimning mantig’imga ko’ra, birovning Xudoga ishonib-ishonmasligini baholash bizning ishimizga kirmaydi. Bu uning va Xudoning vakolatiga kiradigan mavzu.

Lekin Karimov o’zini bir mamlakat va u yerda yashayotgan bir qancha xalqlarning rahbari deb atayotgan ekan, bu mavzuga kirish mumkin.

Menimcha, Karimov azaldan ateist bo’lgan va shundayligicha turibdi. U o’zgaruvchan shaxs emas. U hamma narsadan o’z manfaati yo’lida foydalanishni istaganidek, dinni, hatto Xudo nomini ham shu yo’lda qo’llanib kelmoqda.

Ming afsuski, bu faqat Karimovga xos emas, balki barcha musulmon mamlakatlarining tepasida o’tirgan diktatorlarga xos. Karimov Xudodan qo’rqmaslikni Sovet maktabi va Sho’ro liderlaridan o’rgangan bo’lsa, musulmon davlatlarining rahbarlari, kazo-kazolari uning bu illatini mustahkamladilar. Uni Ka’baga olib kirib, keyin unga Ka’bapo’sh hadya qilgan Saudiya Arabistoni diktatorlari, bugunga qadar uni islom dunyosining katta siymosi deb atayotgan arab dunyosi liderlari unga barcha jinoyatlarini Xudo kechirib yuboradi degan bir his bermoqdalar.

Uning zolimliklarini Xudoga ishonishlariga shubha ham bo’lmagan o’zimizning muftilaru ulamolar ham oqlab kelayotganlari esa, unga oddiy xalqni ezishda yanada kuch bermoqda.

Xotira kuni

SAVOL׃ 9-may. Siz bu kunni fashizm ustidan qozonilgan g’alaba kuni deb bilasizmi, yoki 1999 yilda e’lon qilingan “Xotira va qadrlash kuni”-mi? (Muarrix).

JAVOB׃ Menimcha ikkinchi jahon urushi fashizmning fashizm bilan to’qnashuvidir. Bu Hitler qiyofasidagi olmon fashizmi bilan Stalin boshqaruvidagi slavyan fashizmining o’zaro urushiga dunyoning juda ko’p mamlakatlari turli sabablar, manfaatlar, yanglishish va majbur qolish tufayli qo’shilganlar.

Jumladan, O’zbekiston ham SSSRning mustamlakasi, zulmning qurboni sifatida qatnashgan va juda katta talofotlar bergan.

Bu urush fashizmni tugatmadi, balki rus-slavyan fashizmi yanada kuchaydi va bugunga qadar davom etmoqda. Shuning uchun bu bayram qilinadigan kun emas.

Aksincha begunoh ketganlar, aldanganlar, zulm va qatag’on qurbonlarini xotirlash kuni sifatida nishonlanishi mumkin.

Har bir xalqning o’z tarixidagi qora kunlar, qatag’on va qatliomlarni xotirlaydigan sana bo’ladi.

Modomiki, O’zbekistonda bu kun Xotira va qadrlash kuni deb e’lon qilingan ekan, demak, shu kuni Stalin zulmi davrida halok bo’lganlar bilan birga Karimov rejimining qurbonlari ham, xususan 2005 yil 13 mayda Andijonda otib o’ldirilgan begunoh insonlar ham xotirlanishi kerak.

Karimovdan keyin hukumatni kim boshqaradi?

SAVOL׃ Men Karimov rejimini azaldan yomon ko’raman. Ammo, garchi yomon ko’rsam-da, baribir Karimovdan boshqa odamning hukumat tepasida turib prezidentlik qilishi erish tuyuladi. Sababi mening nazarimda, aynan u siyosiy vaziyatni yaxshi tushunadi, sababi, shuncha yildan beri hukumat tepasida. Ikkinchidan, aytaylik, Karimov muxolifatga saylovda qatnashishga ruxsat berdi ham deylik. Biroq, muxolifatga kim ishonadi, agar muxolifat hammaga notanish bo’lsa. O’zingiz ayting-chi shu o’tgan yillar ichida muxolifatning biror harakatlari sezildimi?

Saylov yaqin. Bu orada Karimov o’zi bosh vazirlikni egallab, hukumat tepasiga “qo’g’irchoq” prezidentni olib kelishi mumkin. Buning ehtimolligi yuqori.

Siz nima deb o’ylaysiz, Karimovda keyin hukumatni boshqarishga kim munosib va nima uchun? (Umid).

JAVOB׃ Xuddi siz kabi fikrlaydiganlar bugun oz emas. Ular ham qisman haq. Bu haqlik faqat tashqi ko’rinishda. Ya’ni sarobga o’xshagan haqlik׃ ko’zingizga juda chiroyli ko’rinadi, ammo asli boshqa. Chunki siz doim Karimovning sizga qaragan yuzini ko’rib ulg’aydingiz. Asl yuzidan esa ko’plar kabi bexabarsiz. Uning sizga qaratilgan yumshoq va siz haqingizda g’amxo’rona aytilgan gaplarini eshitib ulg’aydingiz. Uning shuuridagi so’zlarni eshita olmadingiz. Xuddi bizning avlod Leninni dunyoning eng aqlli va eng dono odami deb ulg’aygani kabi. O’sha paytda Leninning o’rnini hatto Xudo ham to’ldira olmaydi deguvchilar bo’lardi. Lekin ko’rdik-ki, Lenin degani battollarning battoli ekan.

Shuning uchun sizning Karimov “siyosiy vaziyatni yaxshi tushunadi, sababi, shuncha yildan beri hukumat tepasida” deyishingizni anglayman va sizni aslo va aslo ayblamayman. Chunki bir kun kelib Karimovning siyosiy vaziyatni mutloq tushunmaganini bilasiz.

Karimov Bosh vazir bo’ladi, degan gaplarga esa ishonmayman. Bu Karimovning zehniyatiga teskari.

Muxolifatga kelsak.. Agar haqiqiy muxolifatda xalq huzuriga chiqish imkoni bo’lsa va xalq unga ishonmasa, demak xalq o’ziga ishonmaydi. Chunki bugun xalqning o’zi haqiqiy muxolifatga aylangan. Faqat bu muxolifatning ko’zi bog’langan, minbari yo’q, qo’li va oyog’iga ko’rinmas kishanlar solingan.

Lekin shu aniq-ki, Karimov va yangi karimovlar bir o’lkani bir umrga zulm ostida tuta olmaydilar. Baribir bir kun ko’zlar ochiladi, kishanlar sinadi, haq so’zni aytish xalq tomonga o’tadi va xalq o’z nomzodini ko’rsatadi. Ana o’sha nomzod hukumatni boshqarishga eng munosib odam bo’ladi.

Bir-biridan farqi yo’q

SAVOL׃ Siz ba’zilarni terroristik yo’lga kirganlikda yoki qurolli kurashga chorlaganlikda ayblamoqdasiz. Butun yo’llar tugagagan va shu ikki yo’lga qadalib qolmadikmi? Buning ustiga ba’zilarni tanqid qilasizu nega Abdurahim Po’latovni tanqid qilmaysiz? (Rahmatjon, Shoh Jahon).

JAVOB׃ Agar biz demokrat bo’lsak hech qachon bu yo’llarga qadalib qolmaymiz. Bu yo’llar demokratiyaga mutloq ziddir.

Endi men tanqid qilayotgan “ba’zi”larga kelsak. Umumiy gap qilmasadan o’sha ba’zilarning qo’rboshisi, o’zini Muhammad Solih deydigan Salay Madaminovni keskin tanqid qilganim rost. Bunga judda jiddiy asoslarim bor. O’zbekistonda muxolifat bugungi vaziyatga tushishida  Abdurahim Po’latov bilan ikkalsi aybdor. Ular ayni paytda o’zbek xalqining bugungi ahvolga tushishiga Karimov bilan baravar darajada ham aybdordirlar.

Bular doim ofat boshlovchilar bo’lishdi. Ofat kelayotganini ko’rsangiz va indamay tursangiz, odamlarni ogohlantirishga urinmasangiz-bu xoinlik.

Ikkalasi ham agar samimiy bo’lishsa, bir ish qilmoqchi bo’lishsa to’ydan oldin nog’ora chalib nima qilishadi? Qo’lidan bir ish kelmaydigan no’noq odam shunday qiladi. Qo’lidan ish keladigan odam esa indamay turib ishini bajaradi.

Salay Madaminov 1990 yillarning boshida radio orqali jar soldi. Keyin 19 kishini ochiqdan-ochiq Turkiyaga olib kelib, Qora dengiz sohilida, odamlar dam oladigan Shila sohilgohida, butun xalqning ko’z o’ngida qurol otishga o’rgatdi. Karimov kuchni tan oladi deya buni videotasvirga olib, ko’rib qo’y, armiyam bor degandek unga jo’natdi. Bundan hukumat darhol foydalandi va qatag’on o’tkazdi. Minglab odamlar qamaldilar…

1999 yil portlashlari oldidan ham shunday bo’ldi. Uning Tohir Yo’ldosh bilan muzokaralar qilayotgani va Karimovning qachon o’ldirilishi kabi uzunquloq gaplar 1998 yilning oxirlaridayoq hatto AQShga qadar etib keldi. Buni unga yaqin odamlar gapirib yurdilar. Hukumat bundan qanday foydalanganini bilasiz.

Bugun ham unga yaqin odamlar davlat to’ntarishi qilish, qaysi bir Qorining 50 ming odami (aslida 50 ta ham yo’q) ular bilan birlashgani kabi gaplarni nafaqat gapirib, balki internetda, chatlarda yozib ham yurishibdi. Bu ham kamlik qilganidek, uning Stogolmda bir machitga odam to’lab, reja tuzgani videotasvirga tushirilib, Karimovga etib boribdi. Hukumat buni ham darhol ishga soldi׃

1.Chetdagilarning ota-onalari, yaqinlarini agar bir narsani yashirsalar javobgarlikka tortilish haqida qaror qabul qildi va mahallalarda buni ochiq targ’ib qilishmoqda.

2.O’zbekistondan chetga ketganlarning ro’yxatini tuzishga, ular haqidagi ma’lumotlarni to’plashga kirishildi.

3.Yana islomiy tahlika kelmoqda deya huquq tartibot idoralari terrorizmga qarshi kurashga safarbar qilindi. Viloyatlarda mashqlar o’tkazilmoqda, muxolifatga aloqador odamlarning yaqinlari ham har qachongidan qattiq nazorat ostida.

4.Bundan ruslar ham foydalanmoqdalar va yozda hujumlar bo’ladi deya O’zbekistondagi oyoqlarini mustahkamlamoqdalar…

Bu ketishda hukumat yana nimalarni rejalamoqda, Xudo biladi.

Shundan keyin ham indamay turish mumkinmi? Bu haqda gapirish oson emas. Har ikki tomondan hujumga ma’ruz qolasiz. Lekin demokratlarning vazifasi bunday fitnalarning oldini olishdir. Agar bu ishni Abdurahim Po’latov qilayotgan bo’lsa, u haqda ham yozaveramiz. U endi qip-qizil tentakka aylanib qolgan. Bir bahona qilib xalqni so’kishdan nariga o’tolmaydi.

Xo’sh, har ikkisning ham bu xalqda qanday qasosi bor? Qasosi yo’q.  O’tgan har bir voqeadan ular ham, Karimov ham foyda ko’rdi. Bittasi “Mening odamlarim qamalmoqda” deya jar solib, o’z nomini va nonini saqlab qoldi,  boshqasi shuning orqasidan turklarni “sog’ib” kelmoqda. Karimov esa “Ana terroristlar… ” deya dunyoni chalg’itdi, zulm taxtini mustahkamladi. Agar buni hali ham tushunmgan bo’lsak, holimizga voy!.

Turkmanga qara, o’zbekni ko’r!

SAVOL׃ Nahotki biz O’zbekistonda o’zgarishlar bo’lganini ko’rmay o’tib ketamiz.(Umida).

JAVOB׃ Menimcha o’zgarishlarni ko’rishingiz uchun imkon bor. Xuddi 1990 yilarning boshida bo’lgani kabi yana bir imkon paydo bo’lishi aniq. Lekin bugungi ketishda u imkon ham boy berilishi hech narsa emas.

Gap shundaki, turk qavmlari orasida o’zbek va turkmanning zehniyati juda yaqin. Har ikkalasi ham zulmga juda tez tobe bo’ladi. Turkmanlar bu borada o’zbekdan bir qadam oldinda ekanligini Turkmanboshi davrida ko’rdik. Shuning uchun bugun Turkmanistonda yuz berayotgan voqealar bir kun kelib O’zbekistonda ham takror bo’lishi turgan gap.

Bizning muxolifat ham birlasha olmadi. O’zini siyosiy-demokratik kuch sifatida maydonga qo’yish uning qo’lidan kelmadi. Shu bois saylovlarga va Karimov rejimiga ta’siri bugunga qadar bo’lganidek noldan ko’tarilmaydi.

Karimov o’lib qolganda esa, xuddi turkman muxolifati kabi chetdan turib ovoz soladi va hatto birlashdik ham deydi. Lekin to’y o’tgan bo’ladi.

Sharqda azaldan taxtga mingan odam o’z manfaati uchun aka-ukasi bir tomonda tursin hatto otasini ayamagan. Buni Turkmaniston misolida ham ko’rmoqdamiz. Yangi Turkmanboshi dastlab o’zini taxtga olib kelgan odamni va uning guruhini yo’qotdi. Tariximizdan juda tanish manzara. Keyin salohiyatga ega vazirlarni qamoqqa tiqa boshladi. Mana endi eski Turkmanboshining haykallarini buzishga kirishdi. Turkmanistonda bu jarayon sekin bormoqda. O’zbekistonda esa juda tez kechishi mumkin. Chunki Karimovning o’rniga kelgan odam o’ta jiddiy muammolar bilan yuzma-yuz qoladi.

1.Mamlakat mahalliychilik, diniy toqatsizlik, milliy nizolar bois parchalanib ketish ostonasida bo’ladi.

2.Iqtisodiy qiyinchilikdan ezilgan xalq yangi rejimdan tezroq o’zgarishlar qilishni kutadi va sezmasa turli nuqtalarda “Andijon voqealari” kelib chiqishi mumkin.

3.Qamoqdagilarni ozod qilishni talab etish jarayonida ayollar noroziligi katta namoyishlarga aylanib ketishi yaqqol ko’rinib qoladi.

4.Yangi rahbar dunyoga o’zini eskining “dumi” emas, mustaqil qilib ko’rsatishga intiladi va hokazo.

Shu bois tezda Karimovni qoralab, uning odamlarini qamaydi va hamma aybni ularga to’nkashga urinadi. Ana shu jarayonda demokratik muxolifatga o’zini ko’rsatish uchun imkon paydo bo’ladi. Agar muxolifat mamlakat ichida tashkilot sifatida shakllanmagan bo’lsa, bu imkoniyatning yaqiniga ham borolmaydi.

1990 yillar nari-berisida maydonga chiqqan muxolifat namoyondalarining bugungi o’rtalama yoshi 55-70. Xudo uzoq umr bersin. Lekin bu ham hisobga olinishi kerak bo’lgan jiddiy faktor.

Demak, ko’p narsa bugungi yoshlarga, bugungi talabalarga bog’liq. Ilgari ham ko’p yozganim kabi, bugungi muxolifat haqiqatdan mamlakat va millatning kelajagini o’ylasa, ana shu yoshlarni demokratik tashkilotlar atrofida birlashtirishi va ularga yo’l ko’rsatishi kerak.

Cho’michda bori…

SAVOL׃ O’zbekistondagi yoshlar orasida muxolifat bormi? Bor bo’lsa nega ko’rinmaydi va yo’q bo’lsa nega? (Farhod).

JAVOB׃ Farhodjon, yaqinda siz kabi O’zbekistondan chetga kelgan bir yigit bilan gaplashdim. U chetga chiqib haliga qadar vebsaytlarda Karimov haqida yozilgan va yozilayotgan narsalarga ishonmayotganini aytdi.

Men unga׃

-Siz maktabda a’lochi o’quvchi bo’lgansiz, keyin oliygohda ham a’lo baholaraga o’qigansiz, har kun xabarlarni ko’rgansiz, gazetalarni bitta qo’ymay o’qib borgansiz, shundaymi?-dedim.

U hayajonlanib׃

-Siz qayoqdan bildingiz? Men maktabni ham, oliygohni ham a’loga bitirganman, gazetalarni esa sog’inib qoldim,-dedi.

Keyin unga׃

-Siz hukumat idoralaridan biriga borib ishga kirgansiz, ammo olgan maoshingiz o’zingizga etmagan, buni ustiga oilangiz qarzga botgan va shundan keyin bu yoqlarga kelgansiz,-dedim.

U endi׃

-Shunga yaqin,-dedi.- Ishga o’tmoqchi edim. Tashqi ishlar vazirligiga borib bir necha oy maosh olmasdan ishlab ham yurdim. Bo’lmadi. Boshqa joylarga ham bordim. Ish topolmadim. Omadsiz ekanman.

Men unga׃

-Sizning boshingiz kompyuterdek gap. Unga rosa keraksiz narsalarni yuklashgan. Siz bir muddat ularni o’chirib, o’rniga yangilarini joylashingiz kerak,-dedim.

Bir ozdan keyin u men bilan tortisha boshladi. Karimovni himoya qila ketdi. Indamadim. Uni tushundim. Ayb unda emas…

Hozir u qaysi bir do’konda tozalovchi bo’lib ishlayotgan ekan. Ishonamanki, bir kun u Karimov rejimiga muxolifat bo’lib etishadi. Chunki u o’zi istamagan holda boshiga erlashtirilgan keraksiz “dastur”larni yangilari bilan almashtirmoqda.

Bugun O’zbekistonda matbuot erkin emas. Internet bo’g’ilgan… nega? Mana shu jarayon-ya’ni “kompyuter”ga boshqa “dastur”larni joylashtirish jarayoniga yo’l bermaslik uchun.

Demokratiya dushmanlari Xorazmga ham begona!

SAVOL׃ Nega xorazmliklarga qarshisiz? (Akmal).

JAVOB׃ Aslo! Biz kim bo’lishidan va qaerdan bo’lishidan qat’iy nazar agar demokratiya dushmani bo’lsa yoki so’zda demokratiya tarafdori, amalda esa o’z manfaatini o’ylagan va bu yo’lda xalqning manfaatini oyoq osti qilgan har qanday kishiga begonamiz, uni keskin tanqid qilaveramiz. Ammo bizning tanqid tuhmat, uydirma, dahanaki janglardan yiroq bo’ladi.

Xorazm o’zbek madaniyatining metin qal’alaridan biri va xorazmliklar mazkur qal’aning sobit sohiblaridir. Agar ularning orasidan kim yoki kimlarnidir tanqid qilsak, bu xorazmliklarga qarshimiz degani emas. Aksincha, demokratiya dushmani ekanligi mutloq aniq bo’lib qolgan bir necha madaniyatsiz kimsa o’z yozuv-chizuvlari bilan bu qadim madaniyatga dog’ tushirmoqdalar.

Shu sabab ham ularni tanqid qiluvchilar safida xorazmlik demokrat do’stlarimiz ham bor.

O’zim samarqandlikman va 15 yildir zolim bir samarqandlikni ayovsiz tanqid qilib kelaman. Azaldan mahalliychilikka qarshiman.

Mahalliychilik bu O’zbekistonni chohga olib boradigan illatdir. Biz bundan ustun tura olsakkina O’zbekiston kelajakda davlat sifatida yo’qolmay qolishi mumkin.

Ijobiy o’zgarishlar?

SAVOL׃ Nima deb o’ylaysiz, O’zbekistonda iqtisodiy rivojlanish 100 foyiz hukumatga bog’liqmi? Hozirda O’zbekistonda qanday ijobiy o’zgarishlar kuzatilmoqda?(Ulug’bek).

JAVOB׃ Ilgari ham xuddi shunday savollarga to’xtalganim uchun javobni muxtasar qilmoqchiman. Ha, O’zbekistonda iqtisodiy rivojlanish yuz foyiz hukumatga bog’liq. Hatto demokratik davlatlarda ham iqtisodiy rivojlanish ko’p jihatdan hukumatning otgan odimlariga bog’liq. Ammo yuz foyizni tashkil etmaydi. Butun hokimiyat, hatto qonun chiqaruvchi organ ham bir kishining amriga qarab qolgan diktatura sharoitida iqtisod hukumatga mutlaqo tobe va rivojlanish deyarli kuzatilmaydi.

Diktatura sharoitida avval iqtisod, keyin siyosat degan aqida hukmron bo’ladi. Vaholanki, siyosatni to’g’ri yo’lga qo’ymay iqtisodni ko’tarish mushkul. Ba’zi bir diktaturalar paytida iqtisod rivojlangani misol qilib aytiladi, xuddi bugun Xitoy haqida gapirilayotgani kabi. Bu sarob. Chunki biz tashqi ko’rinishga qarab baholayapmiz. Ichkaridagi vaziyatni hatto tasavvur ham qila olmaymiz. Oddiy raqamlardan tortib, hamma narsani hukumatning xabarlari va hisobotlariga qarab bilamiz. Bir paytlar SSSR ham iqtisodda dunyoning eng kuchli markazi deyilgan.

Xullas, xalqqa siyosiy erkinlik berilmasa, iqtisod erkinligi haqidagi gaplar cho’pchakdir. Shundan kelib chiqib, O’zbekistonda ijobiy o’zgarishlar kuzatilmoqda degan gapni aytish mumkin emas. Bu mening qarashim, sizda boshqa fikr bo’lsa, eshitishga hozirman.

Karimov ketmoqchimi?

SAVOL׃ Bu yil 23 dekabrda O’zbekistonda perzidentlik saylovi bo’ladi. Qonunga ko’ra rasmiy tayyorgarlik uch oy oldin boshlanadi. Bu juda ham qisqa vaqt. Hech narsaga ulgurib bo’lmaydiku? Boshqa mamlakatlarda ham shundaymi? Hurmatli prezidentimiz bu safar qolmoqchimilar yoki ketmoqchimilar? (B.Qo’chqorov).

JAVOB׃ Savolingizning oxirgi qismi Islom Karimov janoblariga oid ekan. Ammo u kishiga birorta savol etib bormaydi va etib borganda ham u kishi javob berolmaydilar.

Savolga javob berish uchun ham kishi׃

 -vaqt,

-iroda, matonat,

-shuur va o’z qat’iy fikriga ega bo’lishi kerak.

Karimovda “vaqt yo’q”. Chunki butun O’zbekiston masalasini o’z bo’yniga olgan.

E’tibor qiling, xalqning masalasini deyayotganim yo’q. O’zbekiston masalasini. Bu oltinlardan uranga, mirshablardan chegaraga… va hokazo sanog’i yo’q masalalar.

Hatto chet elliklar shirkat ochaman desa ham Karimovdan izn olishi kerak.

Shunday ekan sizning savolingizga javob berishga uning vaqti yo’q.

Karimovda iroda va matonat yo’q. U tanqidga chiday olmaydi. U matbuotdan qo’rqadi. U haq so’zdan qo’rqadi.

Karimovda shuur va qat’iy fikr yo’q. U o’z nomi tarixda bugungi O’zbekistondagi kabi ulug’lanishiga ishonadi. U bugun boshqa gap aytsa, ertaga boshqasini aytadi.

Bugun bir yo’l tanlasa, ertaga boshqasini. Shunday ekan, savolingizning bu qismiga javobni undan kutish mantiqsizlik bo’ladi va biz esa faqat taxmin qilishimiz mumkin, xolos. Karimov qolmoq yo ketmoq haqida o’ylayotgani ham emas. Xuddi o’lim haqida o’ylash farz bo’lgani, ammo hech kim o’ylamagani kabi bir hol bu!

Endi savolingizning birinchi qismiga nazar solsak, ha bu juda qisqa vaqt va bu ataylabdan qilingan. Diktatura degan jonivor shunaqa bo’ladi. O’zi istagani kabi ma’raydi.

Boshqa mamlakatlar masalasida shuni aytish mumkinki, masalan AQShda prezidentlik sayloviga tayyorgarlik ikki yil oldin boshlanadi. Bu davrda har ikki partiyadan o’nlab nomzodlar xalq oldida imtihondan o’tadilar.  O’zbekiston hali-beri bu darajaga eta olmaydi.

Tomosha

SAVOL׃ Karimov nima uchun saylov kampaniyasini oldindan boshlab yubordi? Buning ortida biror gap bo’lishi mumkinmi?(Erkin).

JAVOB׃ Keyingi paytda Karimovning Qoraqalpog’iston, Xorazm, Buxoro, Navoiy, Namangan va Andijon viloyatlariga safari tabiiyki shunday savolni uyg’otadi.

Ammo mening nazarimda Karimovning kallasida biz tushungan saylov kampaniyasi degan gap yo’q. Agar biz uning bu safarlari va yaqinda Samarqandga ham borishini saylov kampaniyasi-xalq bilan uchrashuv deb baholaydigan bo’lsak, u holda Karimov yo xalqni hurmat qiladi yo xalqdan qo’rqadi degan bo’lamiz.

Aks taqdirda unga kampaniya nima uchun kerak? Kampaniya xalqning ishonchini qozonish uchun amalga oshiriladigan siyosiy ma’rakadir. Karimovga esa xalqning ishonchi bir tiyinlik qiymatga ham ega emas. Sandiqdan unga qarshi 99.99 foyiz ovoz chiqqanda ham u o’zining saylanganini e’lon qilib yuboraveradi. Tuzum shunga moslangan.

U holda bu kezishlardan maqsad nima?

Menimcha ha, bu kezishlar saylov bilan bog’liq. Lekin Karimov o’zini xalqqa emas, balki dunyoga ko’rsatmoqchi. Rossiya rahbari qatnashadigan har bir anjumanga etib borayotgan Karimov endi ichkaridan turib, “signal” bermoqda. Ya’ni kutilmaganda uning suyangan tog’i Putin׃

-Islom Abdug’anievich, mana hatto men ham ketmoqchiman, siz ham yoshlarga yo’l bering!-deb qolsa nima bo’ladi?

-Ana Nazarboevga nega gapirmaysiz? Ana Imomaliga-chi?-desa,

-Imomali yosh, Nursulton Abishevich hali kuch-quvvat sohibi,-degan javobni olishi mumkin.

G’arbda ham Karimov keksayib qoldi, yosh nuqtai nazaridan ham ketishi kerak degan gaplar aytilmoqda.

U ana shularning hammasini bir joyga jamlab, men ham kuch-quvvat sohibiman demoqchi. Bor gap shu, xolos!

Bu qaysi mufti?

SAVOL׃ “Assassin” romaningizni uni o’qib tugatdim. To’g’risi boshim g’ovlab ketdi. Nahotki, biz bilgan, ko’rgan dunyo boshqa-yu, aslida esa boshqacha dunyo mavjud? Nahotki, hokimiyat ichida, siyosiy o’yinlar ichida shunchalik maxfiy, mantiqqa, sog’lom aqlga shunchalik zid keluvchi hodisalar mavjud? Lekin asaringizda tasvirlangan voqealarning haqiqat ekanligiga ishonaman.

Rustam Toshkentga kelib, bu erdagi Sobitxon qori bilan uchrashadi. Sobitxon qori unga dadasi masalasida mufti bilan uchrashib ko’rishga va’da beradi. Siz bu yerda qaysi muftini nazarda tutgansiz? O’zbekiston mustaqilligidan so’ng Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf, Muxtorxon Abdulloh, Abdurashid qori Bahromov, hozirda esa Usmonxon Alimovlar bu lavozimni egallashgan. (Muarrix).

JAVOB׃ Albatta muallif asar yozar ekan kimlarnidir nazarda tutadi. Lekin ular haqidagi ayni narsalarni xatga ko’chirsa u holda hujjatli asar bo’ladi. “Assassin” badiiy asar bo’lgani uchun unda men nazarda tutgan kimlarningdir obrazlarida ularning atroflarida o’zlariga o’xshagan kimsalarning ham xislat va fazilatlari, illat va kamchiliklari umumlashtirilgan. Shuning uchun mana bu odam aynan falonchi desak xato bo’ladi.

Agar mumkin bo’lsa…

SAVOL׃ “Assassin” romanidagi tarixiy shaxslarning ramziy nomlarini quyidagicha ochdim:-Abdusoli qori-Abduvali qori, Sobitxon qori – Obidxon qori Nazarov, Xolis – Saloy Madaminov, Olmosli – Anvar Oltoyli, Mirtemir – o’zingiz, Durdona – Gulnora Karimova…

Shu bilan birga quyidagi ramziy nomlar ostida kimlar yashiringanini topa olmadim. Agar mumkin bo’lsa, davom ettirsangiz: Chol -Olimjon -Qoraboy aka – (balki biror oddiy muxolifat a’zosi )Nodirxon -Hamidxon -Qozi -Mufti -Hasan aka –Alisher va boshqalar.(Musulmon).

JAVOB׃ Avvalo romanda kimlarnidir ko’rganingiz meni quvontirdi. Asarning bahosi ham shunda. Agar kimdir bu asarda atrofidagilarni ko’ra olsa, demak muallif natijaga erishgan bo’ladi.

Siz aytgan shaxslarning ko’plari haqida bilganlarimni ularning nomlarini ochiq aytgan holda alohida yozganman, ya’ni yo publitsistik, yo fel’eton, yoki hujjatli kitob holida. “Assassin”da kelajakda ham kimlardir kimlarnidir ko’ra olsalar, bu men uchun mukofot bo’ladi. Mehnatim zoe ketmagani albattaki – ulkan mukofot!

Sobiq mufti

SAVOL׃ “Assassin” kitobingiz mutolaasidan kelib chiqib undagi “Mufti”ning Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf ekanligini taxmin qilsak, men ayni shu shaxs haqida ko’proq ma’lumot olmoqchiman. Sizning u bilan zamondosh bo’lganligingiz (ya’ni u amalda bo’lgan vaqtda uni yaqindan taniganingiz) uchun bu haqda sizdan so’ramoqchiman.  U kishi O’zbekistonda hukumatning musulmonlarni “vahhobiy” nomi bilan ayblab, ularga qarshi repressiyalar boshlashida tamal toshini qo’ygan shaxs sifatida e’tirof etiladi. Ba’zi ma’lumotlarga qaragandaO’zbekistonda ayni atamani (”vahhobiylik”-”vahhobiylik”) xuddi shu kishi ommalashtirgan. O’zbekistonda faoliyat yuritayotgan, haqiqatni aytishga intilgan imomlarni -Obidxon qori Nazarov, Abduvali qori Yo’ldoshev va boshqalarni tiyib qo’yishga, ularga qarshi turli ayblovlarni qo’yishga harakat qilgan deyishadi. Bu haqda va ularning orasidagi ziddiyatlar borasida nimadir bilasimzi? (Muarrix).

JAVOB׃ Uncha-buncha bilaman. Bu haqda ilgari bir necha bor yozganman. Bu odamning Obdixon qori bilan ziddiyatlari 1990 yillar boshida hammaga ma’lum edi. Abduvali qoriga ham qarshi bo’lganini eshitgandim. Yaqinda esa bunga bevosita ishonch hosil qildim.  Bi-Bi-Si radiosining o’zbek bo’limi 2007 yil 18 iyunda O’zbekistonning sobiq muftiysi bilan o’tkazgan savol javobdagi mana bu qism ba’zi narsalarni anglatgandek bo’ldi.

”Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf: Abduvali Mirzoev haqida boshqa mo’min-musulmonlar, O’zbekistondagi aholi nimani bilsa, men ham shuni bilaman. Ortiqcha biladigan narsam yo’q. Qamalganlar, boshqalar, agar haqiqatan ham huquqlari poymol qilinsa, men qo’limdan kelganicha harakat qilishim, aytishim, tushuntirishim mumkin. Misol uchun, men o’zim bilgan, mening faoliyatimga bog’liq bo’lgan ba’zi kishilarni qamoqdan chiqishlarini so’rab, harakat qilib, ular qamoqdan ham chiqdilar, o’zlarining faoliyatlarini oilalarida hozir davom etqizayapti. Shu ma’noda men qo’limdan kelganini qilganman, lekin bir kishining qancha imkoni bo’lsa, mening ham shundan ortiq imkonim yo’q…”

Bu nimani anglatadi? Birinchidan, qori kalimasini emas, uning familiyasini aytishning o’ziyoq munosabat yaxshi bo’lmaganidan darak.

Ikkinchidan, “agar haqiqatan ham huquqlari poymol qilinsa” degan ibora Abduvali qorining huquqlari poymol qilinmagan degan ma’noga ham kelib qolmoqda.

Shu narsa aniq-ki, Sovet davrida ham, bugun ham diniy idoralarda ishlaganlar KGB va MXXning eng ishonchli odamlari hisoblangan va shunday.

Sobiq mufti bugun diniy idorada ishlamasada, unga yaratib berilgan sharoitlar ko’pchilikda shubha uyg’otib kelmoqda. U kishining o’ziga xoslik bilan Karimov hukumatini yoqlab kelayotgani ham sir emas.  Kim biladi tag’in, balki u Xudoning suygan qulidir? Trafdorlari ko’p.

Asrlardir ba’zi ulamolar dinni yoyish uchun zolim bilan ham hamkorlik qilganlar. Balki bizning bilganlarimiz ularning bilganlari oldida hechdir?

Akromiylar

SAVOL׃ Usmon Haqnazarov xaqida… agar u MXX xodimi ekan, nega ko’zga ko’ringan muxolif saytlar uning maqolalarini chop etishadi? Siz bunga uz munosabatingizni bildirmaganmisiz? Lekin Haqnazarovning Muxammad Sodiq Muxammad Yusuf hakida, uning “Akromiylar” hakidagi televideniedagi chiqishi to’g’ridagi gaplariga qo’shilaman, uni men ham ko’rganman. Shu urinda savol: “Akromiylar” kim o’zi, sizning fikringiz? (Murod).

JAVOB׃ Haqnazarov nomidan ilk maqola paydo bo’lishi bilan fikrimni bildirganman va bu maqolalar ortida Karimov rejimi turganini iddao etganman. Bugunga qadar bir necha kishi “Men Usmon Haqnazarov nomi bilan maqolalar yozganman” deya siyosiy boshpana olganini eshitganimga qaramay fikrim o’zgargan emas.

Boshqa saytlarda chop etish yoki etmaslik masalasiga kelsak, bu narsani ta’qiqlab bo’lmaydi. O’qiganda har kim o’zi xulosa chiqarishi kerak.

Albatta maqolalardagi hamma narsa uydirma bo’lganda bu qadar diqqat tortmagan bo’lardi. Aksincha aksariyat faktlar hech kim bilmagan yoki avvalroq yozilgan gaplardan iborat.

“Akromiylar” masalasiga kelsak. “Akromiylar” haqida ko’p narsa yozildi va hali yoziladi. Hatto “Haqnazarov” bu borada yana hech kim bilmagan gaplarni yozib qolishi ham mumkin.

Menimcha, “Akromiylar” u qadar vahima qiladigan narsa emas. Demokratik davlatlarda bunday guruhlarni minglab topish mumkin.

Ammo bu guruhning mavjudiyati Karimov rejimiga juda qo’l keldi. Shundan kelib chiqib, kelajakda bu guruhning paydo bo’lishidan tortib, Andijon voqealaridagi o’rniga qadar chuqur tahlil etilish kerak.

Saboq oladigan maktab yo’q

SAVOL׃ Navbatdagi savollarni sizning “O’zligim” kitobingizdagi mana bu satrlar bilan bermoqchiman. “Buxoro fojeasi xususida uch savolga javob berish kerak:

“-Birinchidan, bu voqealarda Fayzulla Xo’jaevning tutgan o’rni va roli qanday edi?

Ikkinchidan, Lenin xukumati asosiy diqqatini G’arbga qaratayotgan bir paytda uni Sharqqa yo’naltirgan va o’zlari hokimiyatga kelish uchun Vatan, millatini o’qq tuttirgan insonlar kimlar edi?

Uchinchidan, Buxorodan tortib olib ketilgan madaniy meroslarimiz, tarixiy boyliklarimizni Rossiyadan qachon talab qilamiz va qachon o’z o’rniga qaytaramiz?

Bu uch savolga javob bermas ekanmiz, xoinlarni qahramon, deya ulug’lashda davom etilaveradi, ularning nomi ko’chalarga beriladi, ularning nomiga qo’shiqlar bag’ishlanadi va Buxoroda 77 yil avval, 1-sentyabrda qatl etilgan ming-minglarcha millatdoshlarimizning ruhi boshimizda chirqirab turaveradi.

Bu uch savolga javob bermas ekanmiz, mustaqilligimizning tamal toshlarini mustahkam zaminda emas, balki qum ustida qurgan bo’lamiz. O’zbekiston mustaqilligi ramziy o’laroq 1-sentyabrga tug’ri kelgani 1920 yilning 1-sentyabrida Buxoro boshiga yog’ilgan kulfatning parda orqasini oydinlatishga nafaqat turtki, balki undovchi kuch bo’lish kerak…” Bu savollaringizga javob topdingizmi? (Muarrix).

JAVOB׃ Bu savollarga shu satrlar olingan joyda imkonim doirasida javob berganman, ammo mukammal javobni tarixchilar berishlari kerak.

Afsuski, bundan o’n yillar avval qo’yilgan bu savollar haliga qadar javobini topgan emas va yaqin kelajakda ham javobini topishiga ishonmayman. Chunki biz o’tmish bilan ko’r-ko’rona faxrlanadigan va uni tahlil qilishni istamaydigan xalqmiz.

O’lgan o’ldi, o’lganning orqasidan gapirish gunoh, u yaxshi odam edi deymiz, u haqda gapirganing bilan foydasi yo’q deymiz. Shuning uchun ham boshimizga kelgan balolar davom etaveradi. Saboq oladigan maktab yo’q-da!

G’afur G’ulom haqida gapirib ko’ring. Avlodlari yoqangizni yirtib, qo’lingizga berishadi.

Hamid Olimjon to’g’risida bir narsa deng, ajdodlari sizni tinch qo’yishadimi?

Bu ikki nom misol sifatida aytildi, xolos. Chunki biz kerak bo’lsa hali ham Stalinga sig’inadigan xalqmiz! Aslida olomondan xalqqa aylana olmaganimiz oqibati bu.

Qiziqchi Obid Asomovni gohida unday, gohida bunday deb yuramiz. Lekin baribir uning hazillaridan mazza qilib kulamiz. Uning jiddiy gaplari ham bor. Yaqinda o’qib qoldim. U «Mushtum” jurnaliga bergan suhbatida (2007, 15-mart) shunday deydi׃ “Bayramlarda amerikaliklar mamlakat bayrog’ini uylarining tomi uzra ko’tarishadi. Agar men, bayramda tomimga bayroq osadigan bo’lsam, qo’shnilarim, “Obidning tomi ketibdi!” deyishi aniq…”

Aslida bizda iftixor qiladigan bayroqning o’zi yo’q. Hatto mashhur qiziqchimiz ham bu bayroqning tarixini bilmaydi. Agar bilganda “Asl tarixiy bayrog’imiz qani, unga nima bo’ldi? Bunisi qaerdan kelib qoldi?” deya masalani boshqacha qo’ygan bo’larmidi?

Xullas, haqiqiy tariximizni bilmasak, o’lganni o’ldiga chiqarib qo’yaversak, ertaga biz ham o’lamiz va o’ldiga chiqib ketaveramiz, hech narsa o’zgarmaydi.Saboq oladigan maktabimiz bo’lishi uchun esa o’tmishni ham, bugunni ham ochiq tahlil qilish zarur.

Koshki eskirsa

SAVOL׃ “QUVG’IN” ni o’qib chiqdim. Mubolag’asiz aytish mumkinki, asar badiiy tusda yozilgan bo’lishiga qaramay, haqiqatda O’ZBEKning ENG YaNGI TARIXIdagi burilish nuqtalarini, kechmishini xolis va haqqoniy aks ettirgan. Men hozirgacha O’zbekiston mustaqilligi, uning davlatchiligi shakllanishi haqida maddoh tarixchi va olimlar, qasidago’y yozuvchi va shoirlar yozgan asarlarni, darsliklarni o’qib keldim. Bir men emas, umuman bizning avlod shu ruh va yo’nalishda tarbiya qilindi va bu bugun ham davom etmoqda. Biz haligacha yolg’on tarixni o’qib, unga ishonib, e’tiqod qo’yib yuribmiz. Shu sababli “QUVG’IN”dan anchagina kerakli ma’lumotlarni oldim. Tariximizning Qodiriy ta’biri bilan aytganda “….eng kirli davrlari…”ni yoritib berganingiz uchun men o’z nomimdan Sizga rahmat aytaman.Ayni paytda asardagi ba’zi qahramonlarni “tanidim”, ba’zilarini esa “topa olmadim”. Bir kun  kelib obrazlaringiz eskirib qolishidan qo’rmaysizmi?(Komil).

JAVOB׃ Bular 1990 yillar avlodining obrazlaridir. Ming afsuski, undan keyingi o’n yillik va hozirgi davr vakillari ham ayni ruhdagi odamlar bo’lib qolishmoqda. Ya’ni yaqin tarixning qora kunlari haliga qadar davom etmoqda.

Bugun hatto tanqidni ig’vo deyish yoki milliy masala haqida gap ochsangiz janjalga aylantirib yuborish, tor ko’chaga tortish, muhim gaplarni shaxsiy manfaatdan kelib chiqib baholash kabi illatlar yana ham kuchaydi.

Mahalliychilik, manfaatchilik, tarafkashlik, guruhbozlik, grantbozlik, xoinlik, millat va mamlakat nomini pullash singari illatlar zehniyatni emirishda davom etmoqda. Bu ahvolda obrazlarim uzoq yashaydigan ko’rinadi. Koshki eskirsa edi…

O’rgimchak

SAVOL׃ “TARIXNI TITRAGAN KUNLAR” to’plamingizdagi “O’ZBEKISTONDA “KLAN”LAR BORMI?”sarlavhali maqolada quyidagi jumlalarni o’qidim: “Ha, bugunga kelib pul, ya’ni poraxo’rlik, korruptsiya hamma narsani hal qiladigan kuchga aylandi. Buning qarshisiga chiqadigan mard qolmadi. Hatto Prezident ham bu xususda ojizdir, u o’tgan yili Samarqand va Navoiy viloyat sessiyalarida O’zbekiston korruptsiya sariqpechagi bilan o’ralganini tan oldi va korruptsiyaga qarshi kurash boshlatganini e’lon qildi. Ammo juda qisqa vaqtda chekindi. Yana bir ikki odim otganda korruptsiya uni taxtdan uloqtirib tashlashini sezdi. Chunki korruptsiya padarkush farzandga o’xshaydi. Agar uning yo’liga chiqadigan bo’lsa, u o’z otasini ham tanimaydi. Biz klanlar va mahalliychilik deb o’zimizni ovutib, Amerika matbuotini ham chalg’itmay ochiq gapirishimiz kerak. O’shandagina xalq bizni anglaydi. “Ozodlik radiosi” 1999 yil, 13 Iyun.”

Tushunishimcha o’sha vaqtda Siz Karimovni bugungi kabi diktator deb bilmagansiz. Shundan kelib chiqib, korruptsiyaga qarshi bora olmaydi degansiz. Lekin hozirda Karimov O’zbekistonda xohlagan ishini qilishi mumkinligi, bu yo’lda hech kim bilan hisoblashmasligini yozib kelayapsiz. Hatto men ham Sizning asarlaringizni o’qib, ayni paytda real vaziyatga qarab, mavjud jarayonlar xuddi aytganingizdek rivojlanayotganligini tan oldim. Oldin men ham ba’zilar singari Karimov kimlarningdir (mafiya yoki atrofidagilar) qo’lida o’yinchoq deb ishonar edim.

Savolim: qarashlaringizning bu tarzda o’zgarishi favqulodda yuz berdimi yoki bir necha yillik tajribalaringiz mahsulimi? (Adham).

JAVOB׃ Avvalo qarashlarning o’zgarishi haqida. Inson shunday tuzilganki, uning o’zi kabi qarashlari ham o’zgarib turadi. Bunga vaqt, davr, voqealar, tajriba va boshqa omillar sabab bo’ladi. Robot yoki manqurtgina bir umr bir zaylda qolishi mumkin. Shunday ekan men ham oddiy odam va ko’p masalada ko’p qarashlarim o’zgarib borishi mumkin, buni inkor etmayman.

Ammo Karimovning yakkahokimligi, diktatorligi masalasida 1992 yilda ham, 1999 yilda ham, bugun ham ayni qarashdaman. Agar Karimov yaxshilik tomonga o’zgarganda tabiiyki unga qarashlarimda ham o’zgarish bo’lar edi. Afsuski, hamma o’zgarishi mumkin ammo Karimov o’zgarmaydi. Buni vaqt ham isbot etdi. Unda insoniy fitratlardan shaytoniy illatlar kuchlilik qildi.

Endi korruptsiya masalasiga kelsak. Bu qo’l bilan ushlanmaydigan va ko’z bilan ko’rib bo’lmaydigan, ammo har qadamda va har lahzada his etish mumkin bo’lgan illatdir.

Diktatura jamiyatida hamma narsa diktatorga bog’liq. Chunki butun jilovlar uning qo’lida bo’ladi. U istagan odamini yo’qotishi va istagan ishini qilishi mumkin. Ammo u korruptsiyani yo’qotishga qodir emas. Chunki uning o’zi korruptsiyaga, korruptsiyaning timsoliga, korruptsiyaning o’zagiga aylangan bo’ladi. Uning korruptsiyaga qarshi o’t ochishi o’ziga qarshi o’t ochishi demakdir.

Korruptsiya diktatorning nafas oluvchi havosidir. U shu havodan nafas olgani uchun tirik.

1999 yilda u ikki viloyatdagi nutqida korruptsiya borligini tan oldi va bunga qarshi kurashga bel bog’laganini aytdi. O’shanga qadar u korruptsiya-bu uning o’zi ekanligini bilmagan bo’lishi mumkin. Ammo o’shandan beri buni ham biladi. U korruptsiyaga qarshi chiqsa, kuni bitishini ham anglaydi. Shuning uchun bu borada gapirishi mumkin ammo biror ish qilmaydi. Uch to’rtta rahbarni qamab turish bu korruptsiyaga qarshi kurash emas.

O’rgimchak uyasi va uning o’rtasidagi o’rgimchakni tasavvur qiling. Bu uyani to’qigan o’rgimchak shu uyaning bandiga aylangan. U mana shu uyada oyog’idan osilib o’ladi ammo bu uyani buza olmaydi.

Mahalliychilik

SAVOL׃ O’zim toshkentlikman. Lekin mahalliychilik jonga tegdi. Bunga qanday qaraysiz? Mahalliychilikka barham berish mumkinmi? Bu davlat miqyosidagi tadbir bo’lishi kerakmi yoki har bir kishi o’z ustida o’zi ishlashi kerakmi? (Muarrix).

JAVOB׃ Bu O’zbekiston uchun favqulodda muhim masala. Bu illatni enga olmasak, asrlar bo’yi davom etib kelgan muammolarimiz yana uzoq vaqtlar “devori ko’ndalang” bo’lib turaveradi.

Mahalliychi odamni madaniyadan yiroqda qolgan, o’z qobig’ida chiriyotgan va mahalliychilikni esa madaniyatsizlik deb tushunaman.

Har bir odam o’z madaniyat darajsini mana shu bilan o’lchashi mumkin.

Qanchalik dunyoni tanisangiz, bilim egasi bo’lsangiz, ota-onadan keyin o’zingizni o’zingiz yana tarbiyalasangiz bu illatdan qutula borasiz. Mahalliychilik mayda millat bo’lishga boshlaydi.

Demak, katta millat bo’lishga intilish kerak. O’zbeklar o’zining turkligini his etsa, buyuk Turonni vatan deb bilsa, butun dunyo uning ham uyi ekanligini tushunsa, mahalliychilik g’arq bo’ladi.

Masalan, kaminaa bugun Turondan ham kengroqqa qarayman. Butun dunyoni insonlarga berilgan bir Vatan deb bilaman. Xudo insonlarga bitta Vatan bergan. Bu Yer kurrasidir. Shunday ekan, “falon joyi meniki, falon joyi seniki, men bilan bir joydan bo’lganlar alohida imtiyozga ega, boshqalar esa begona” dedingizmi past ketasiz. Chunki bu zamin ko’plardan qolgan va sizu bizdan ham qoladi.

Masalani ayni shaklda insonga ham yo’naltirish kerak. Xudo har insoni xalifi deb bildi. Nega endi men o’zim tug’ilgan joydagi bir odamni sizdan ustun qo’yishim kerak?

Men samarqandlik Islom Karimovdan buxorolik dehqonni ming marta ustun qo’yaman. Chunki samarqandlik Islom Karimov zulm mashinasini boshqarmoqda, buxorolik dehqon esa qon yutib mehnat qilmoqda.

Xorazmlik sobiq hamkasbdan toshkentlik oddiy ishchi Ilyos akani ustun qo’yaman. Chunki sobiq hamkasbga ilm olish yo’lini ko’rsatib, bo’htonga uchradim, toshkentlik Ilyos aka esa ilm olishimda beminnat ko’makchi bo’ldi…

Boshimga ish tushganda qochib qolgan o’zbekistonlik kazo-kazolardan og’ir kunimda ma’naviy madad bo’lgan ozarbayjonlik va turkiyalik Umud hamda Rasmbek kabi qardosh, jondosh do’stlarim afzal.

Yoki o’zim bilan bir tilda gaplashadigan, bir dinda bo’lgan bir tanishimdan olis Oregondagi, boshqa tilda gaplashadigan va boshqa dinda bo’lgan sakson yoshli Meret xolani ustun qo’yaman. Chunki u bergan non-tuzini, qilgan yaxshiligini minnat qilgan emas. O’zimniki esa, bermagan non tuzini, qilmagan yaxshiligini minnat qilib yuribdi…

Ana shunday taqqoslashda davom etaverish mumkin. Bu bilan Samarqandni yoki Toshkentni, Xorazmni yoki Buxoroni kamsitish yoki ulug’lash emas, balki odamlarga ularning qaerdan ekanliklariga qaramay, kimliklariga qarab baho berish kerak demoqchiman.

O’shandagina “lik-lik”lardan uzoq bo’lamiz. Bu narsa birinchi galda shaxsning o’ziga bog’liq va so’ngra bu davlat miqyosidagi mafkura bo’lishi kerak. Agar mafkura Turkiston(Markaziy Osiyo) birligi, Turon (Avroosiyo) birligi va Dunyo birligi yo’nalishida bo’lsa, mahalliychilik nafratli o’ringa tushadi.

Kulmagan el…

SAVOL׃ Jahongirbek, tarix fanlari doktori Alen Frank bilan birgalikda yangi nashr ettirgan kitobingizni oldim. Katta mehnat va katta tadqiqot qilibsizlar. Xursand bo’ldim. Buning ustiga nomingizni dunyo tilshunoslarining ro’yxatida ko’rib sevinib ketdim. Ijodingizni ham ko’p yillardan beri kuzatib kelaman. O’zimizga xos-o’zimizga mos diktaturamizni fosh etgan birinchi romanni ham siz yozgan edingiz.

Jurnalistikada ham kup narsaning asosini ko’ydingiz. Ayniksa siyosiy mavzularda “Savol-javob” ribrikasi o’zbek jurnalisitikasiga kirib kelishi sizning nomingiz bilan bog’liq. Bir necha yildan beri buni janrga aylantirib yubordingiz desam mubolag’a qilmayman. Siyosiy latifa adbiyotimizga ham kirib keldi. Bu ham sizni nomingiz bilan bog’liq. Tezroq yaxshi kunlar kelib mamlakatga qaytsak, shular hakida shogirdlarimdan biriga tadqiqot kildirsam nima deysiz?(Botirali Nuraliev, professor).

JAVOB׃ Juda katta baho berib yuborganingiz uchun rahmat, domla. Men esa siz Almatida nashr etgan kitob haqida o’qidim, ammo hali qo’limga etib kelgan emas.

“Savol-javob” masalasida…

O’quvchilarning kundalik savollariga javob berib borish oson ish emas. Bu hamma sohadan boxabar bo’lishni talab etadi va juda ko’p vaqtni oladi. Bir paytlar bu ishim uchun tanqid qilganlarning o’zlari bugun shu yo’lga kirdilar. Demak, ularni ham savollarga javob berishga o’rgata boshladik. Agar bu borada xizmatim bo’lsa, Xudoga shukur qilaman.

Siyosiy latifalar haqida… Keyingi asrlarda G’arb mamlakatlarida, jumladan ruslarda ham siyosiy latifa juda katta janrga aylandi. Hokimiyatning qusurlari va o’ziga yarashmagan harakatlari ustidan kulish bu jamiyatlarning muhim bir qismi bo’lib qoldi. Masalan, Amerikada har kuni deyarli barcha umummiliy telekanallarda tungi satira ko’rsatuvlari namoyish etiladi. Ularda Kongress a’zolari, Prezident va mashhur kishilarning shu kungi gaplari va harakatlari siyosiy latifalarga asos qilib olinadi. Bu ko’rsatuvlar mamlakatdagi reytingi baland dasturlar hisoblanadi. Ularning boshlovchilari ham mashhur bo’lib ketishgan va butun hokimiyat tizimlari ularning kulgi aralash tanqidlariga jiddiy qarashadi.

Hatto yilda bir marta Oq uyda Prezidentning o’zi qatnashgan kulgi kechasida uning harakatlari, faoliyatidagi kamchiliklari ustidan kuladilar va uning o’zi ham o’zini siyosiy latifa qahramoniga aylantirib jurnalistlarga tabassum yoyadi.

Bu Sharqda ham azaldan bo’lgan, ammo keyingi asrlarda qatag’onga uchragan. Amir Temur haqidagi latiflarni eslasak, bu janr naqadar kuchli ildizga ega bo’lganini ko’ramiz. Har qanday shohlar ustidan ham kulishgan va ularni tanqid qilib, siyosiy latifalar yaratishgan.

Sovet davrida ruslar bu borada oldinda edilar. Qayta qurish yillari ular xalq og’zida yurgan siyosiy latifalarni to’plab bir necha kitoblar nashr etishdi. Stalindan Brejnevga qadar hamma zolimlar siyosiy latifa “qahramoni”ga aylantirilgandi.

Bizda ham bor edi. Ammmo juda oz va ular to’plab nashr etilmadi, aksincha Karimov paytida bu janr deyarli o’ldi. Biz talaba ekanimizda juda ko’p siyosiy latifalar bor edi.

Masalan׃

Avtobusda bir kishining oyog’ini ikkinchisi bosib turgan ekan. Oyog’i bosilgan odam׃

-Aka siz Samarqanddanmi,-deb so’rabdi.

-Yo’q…

-Akajon bo’lmasa siz Jizzaxdanmi?

-Yo’q..

-He, iflos, bo’lmasa nega oyog’imni bosasan!

O’shanda militsiyaning kattasi Samarqanddan va O’zbekistoning rahbari Jizzaxdan edi.

Bugun ham xalq orasida siyosiy latifalar juda ko’p. Chunki xalq qaynar chashma.

Mening qilgan ishim esa kundalik siyosiy voqealarga munosabatni ozgina hajviy yo’l bilan ifoda etish bo’lmoqda, xolos.

Bu ko’pchilikka ma’qul keldi. Orada bir necha marotaba to’xtatganimda bu rukni tiklashni talab qilishdi. Demak, xalqimiz kulishni istaydi. Zotan kulmagan elning baxti ham kulmaydi.

Xazina “xakerlari”

SAVOL׃ Bir qarindoshim qariyb 40 yildan buyon o’qituvchilik qiladi, oylik maoshi juda oz. Shu qarindoshimning kechagina armiyani bitirib, bir harbiy qismda “serjant sverxsrochniy” bo’lib ishlaydigan kuyovi, ya’ni qizining eri oyiga juda katta maosh olarkan, bundan tashqari kuyov kunda-kunora oziq-ovqat mahsulotlari-tushyonka, kartoshka, guruch, non va shu kabi o’lja bilan uyiga qaytar ekan, tabiiyki u bu mahsulotlarni bozordan sotib olmaydi, ya’ni harbiy qismning oziq-ovqat omboridan tekinga tashiydi. Qarindoshim kuyovini “yog’li” joyda ishlashidan yana mag’rurlanib qo’yadi, ma’rifatli bir insonning shunaqa ishlarni ko’ra-turib mag’rurlanishini nima deb izohlash mumkin. 40 yilga yaqin yosh avlodga ta’lim-tarbiya bergan muallim mehnatidan hali ona suti og’zidan ketmagan bir “tirrancha” o’g’ri askar bolaning elga qilayotgan “xizmati” ortiqroqmi? Vaholanki, ularning ikkisi ham byudjetdan maosh oladi.

Jahongir aka! Nima deb o’ylaysiz, shunday bo’lishi adolatdanmi? (Erkin).

JAVOB׃ Adolatdan emas. O’zbekistonda bu adolatdan deb aytadigan nima bor o’zi? Adolatsiz rejimning hamma odimlari ham adolatsiz bo’ladi.

Agar kimdir adolatsiz rejimning to’ralarini qo’riqlash uchun xizmat qilsa ko’proq maosh oladi. Bu mustaqillikdan keyin yashirib bo’lmaydigan haqiqatga aylandi. Ammo xalqning bolasini o’qitish uchun mehnat qiladigan insonlarga sariq chaqa. Chunki rejim bu millatning savodsiz bo’lishidan manfaatdor. Ilmli odamni emas, chalasavodni, manqurtni boshqarish oson deb hisoblaydi.

O’qituvchilar esa darsni apal-tapal o’tib, qolgan vaqtda ro’zg’orlariga bir narsa topish uchun halak. Ularda dars berishga na qiziqish, na havas, na ishtiyoq qolgan. Bugungi rejim yiqilgandan keyin uzoq yillar tiklanishi qiyin kechadigan soha maorif bo’ladi.

Siz savolingizda zehniyat masalasiga ham tegib o’tgansiz. O’zbekistonning qaeriga bormang davraning to’riga o’qigan odamni emas, puldorni, “yog’li” joyda ishlagan odamni o’tqazishadi. Bu Sovet davrida ham shunday edi. Ammo bugungi darajaga etmagandi. Buni inson zehniyatining nokamolligi deb bilardim. Lekin amerikaliklar (yaqin vaqtlarda tashqaridan kelganlarni qo’shmaganda-JM) orasida buni ko’rmadim. Demak, bu madaniyat va umumta’lim darajasi bilan bog’liq masala.

Ko’rdingizmi, gap yana kelib maorifga bog’landi. Falakning gardishi aylanib, O’zbekiston kelajagini o’ylagan odamlar maydonga chiqishsa, ishni maorifni isloh qilishdan boshlashlari kerak bo’ladi. Byudjet-bu xalq puli. Xalq puli xazina “xakerlari”ga emas, uning o’ziga xizmat qilishi kerak.

O’qituvchining va o’qishning o’rni jamiyat yuragidagi o’q tomiriga aylanishi lozim. Chunki butun hayot ildizlari ana shu o’q tomirga bog’liq. Zotan, o’qituvchi, muallim-ustozdir.

Rivoyat qilishlaricha, Amir Temurning ishlari birdan orqaga keta boshlabdi. U Chin yurishini amalga oshira olmay, O’trorda qolarkan, ulamolarni chaqirtirib katta ellarning boshiga ofatlar nima uchun kelganini surishtiribdi.

-Qadimda shoh Edip bilmay o’z onasiga uylanib qo’ygani uchun elining boshiga ofat kalxati qo’ngan,-debdi ulardan biri.

Boshqasi esa׃ -Iskandari Zulqaynar o’z to’shagiga erkakni olgani uchun sultoniyati emrila boshlagan,-debdi.

Yana biri׃ -Rum Qaysari saroyni fohishaxonaga aylantirgani uchun saltanati qulagan,-debdi.

Hammasini eshitib Amir Temur o’yga tolibdi va׃

-Bulardan birini ham ko’rmadik. Ammo undanda og’irroq gunoh qilganimni angladim. Men o’lsam boshimni Mir Said Barakaning oyog’iga qo’yinglar,-deb vasiyat qilibdi.

Negaligini hech kim bilmabdi. Amirning o’limidan keyin vasiyatini bajo keltirishibdi va Saroymulkxonimdan buning sirini so’rashibdi.

-Ul zot ustozlarini ranjitib qo’ygan edilar,-debdi malika.

Bu bir rivoyat. Ammo ustozlari ranjitilgan elning boshiga qanday balolar kelishini bugun O’zbekiston misolida ko’rib turibmiz.

DO’K siyosiy partiya emas!

SAVOL׃ Biz O’zbekistonda mirshab edik, ishdan ketgach, bu tomonlarda ishlashga kelib, shu erlarda qolib ketdik va ismimizni aytmasangiz u erdagi sharoit haqida gapirib berishimiz mumkin. DO’Kning keyingi majlisi qachon bo’ladi va bizni xabardor qilsangiz? Biz ham sizning partiyaga a’zo bo’lsak maylimi? (O’zbekistonlik sobiq ikki mirshab H.M va T.N.).

JAVOB׃ O’zbekistondagi sharoitdan oz bo’lsa ham xabardormiz. Agar sizlar ochiq bayonot beramiz desangizlar bunga sharoit yaratishimiz mumkin. Lekin…

Tashqaridagi harakatlardan foyda kelmasligiga to’la ishonch hosil qilib bo’ldik.

Tashqarida bugun majlis o’tkazsangiz yoki mitingga chiqsangiz o’nlab odamlar paydo bo’ladilar, birgalikda suratlarga tushadilar, millat va mamlakat haqida yonib gapiradilar. Oralarida siz kabi sobiq mirshablar ham bo’lishi tabiiy. Shundaylarni ko’rdik ham. Keyingi safar yana boshqalari paydo bo’ladilar. Bir ikki ko’rinishdan keyin men ham muxolifatchi deb boshpana olish uchun tavsiyanoma so’rashadi.

Ayniqsa, bu 2005 yildan keyin odat tusiga kirdi. Miting va namoyishlarda olingan suratlarni solishtirsangizlar sizlar ham bunga ishonch hosil qilasizlar.

Demak, asta-sekin ma’lum bo’ldiki, ba’zilarining maqsadi O’zbekiston emas, balki chet elda qolish uchun o’zlarini muxolifatchi qilib ko’rsatish va siyosiy boshpana olishdir. Undaylardan uzoq turishni istaymiz.

Shuning uchun ham, o’tgan yilning 25 dekabrdagi majlisida DO’K qaror olib, majlisbozlikni to’xtatgandi va qo’limizdan neki yordam kelsa, mamlakat ichiga qaratishni rejalagandik.

Maqsadimiz demokratiyani yoyishga qaratilgandir. DO’K siyosiy partiya emas. DO’K nohukumat-xalqaro tashkilotdir va vazifalari ham ana shundan kelib chiqadi.

DO’K rasmiy tashkilot sifatida xorijda ”o’zbek muxolifati” nomi bilan amalga oshiriladigan grantxo’r majlislar, xo’jako’rsin namoyishlardan uzoq turishining sababi ham ana shunda.

Qizidan otasiga

SAVOL׃ Uzmetronom.com saytida Sergey Ejkov 2007 yilning avgust oyida O’zbekistonda keskin o’zgarishlar bo’lishi va hatto qon to’kilishini yozgan. Shunga sizning fikringiz qanday? (Javlon).

JAVOB׃ O’zbekistonda Islom Karimovga qarshi gap aytilishi mumkin bo’lgan hamma saytlarga to’siq qo’yilgan. Ammo bu sayt ochiq. Garchi bu sayt Karimovga qarshi materiallarni kunora berib tursa-da! O’sha tanqidlarni tahlil qilsangiz, Gulnoraning manfaatidan kelib chiqib qilingan tanqidlar bo’ladi.

Karimov kutilmaganda har xil qarorlar olishidan uning atrofidagilar, hatto qizi ham cho’chiydi. Shuning uchun turli ehtimollarning oldini olishga urinadilar. Ayniqsa saylov oldidan.

Narx-navo oshishi tufayli O’zbekistonda qon to’kilishi mumkin deb yozish Gulnora guruhiga bir o’q bilan ikki quyonni urishdir.

Birinchidan, shu bahona bilan Karimovga hushyorlikni oshirish taklif etiladi. Bu MXX, IIV xodimlari sonini ko’paytirish, maoshlarini oshirish va Rossiyadan qo’shimcha qurollar sotib olish, uncha-buncha odamni ishdan chetlatish, quvg’in qilish uchun zamin bo’ladi.

Ikkinchidan, narx-navo uchun mas’ul bo’lgan Mirziyoevni Karimovning nazdida kerak bo’lganda hamma aybni bo’yniga ag’darish mumkin bo’lgan nishon qilib saqlashga xizmat qiladi.

Lekin Karimov bu o’yinlarga qanchalik o’ynaydi? Buni hatto Gulnora ham bilmaydi. Balki bu o’yinchilarning hammasini Karimovning o’zi o’ynatayotgan bo’lsa-chi?! Ana shu gap haqiqatga ancha yaqin.

Jasadkashlik

SAVOL: Karimovning qayta prezident bo’lishiga boshqa rahbarlar qanday qarayaptilar? Karimov saylangach, ularning qolib-qolmasliklari noma’lum-ku?(Orif).

JAVOB: Karimovning “kadrlari” boshqa odamning hokimiyat tepasiga kelishi ular uchun hamma yo’llarning kamida 20 yilga yopilishi degan fikrda. Ular bir paytlar Brejnevning jasadini sudrab yurgan kimsalarga o’xshab qolishgan. Karimovning o’zi umrbod turish uchun aynan shu siyosatni tanlaganini xayolga ham keltirmaydilar.

Karimovning “kadrlari” uning so’kishlariga o’rganishgan va hatto ishdan olsa ham yana boshqa joyga tayinlaydi deb o’ylaydilar. Agar Karimovga qarshi gap ko’ngillarining bir chetidan o’tsa, ne holga tushishlarini biladilar va o’zlarini doim  “ega”lariga sodiq qilib ko’rsatadilar. Jasadkashlik davri boshlandi.

Lo’xtakchalar

SAVOL: Ko’rsatilgan nomzodlarning hammasi saylovda qatnashsa, bozor bo’lib ketmaydimi? (Nosir).

JAVOB: Agar Karimovning xarakteridan kelib chiqiladigan bo’lsa, uning bu qadar nomzodning saylovga kiritishi favqulodda voqea bo’lardi. Zotan u buncha ko’p nomzod bilan birgalikda maydonga tushishiga ishonmayman.

Chunki u “Ozgina sizgan suv o’piriqqa aylanib ketishi mumkin” derdi va buning oldini oladi.

Shunday ekan, hatto hech narsaga yaramaydigan nimjon nomzodlar bo’lsalarda ular kutilmaganda xavfga aylanib qolishlarining oldini uchun keksayib qolgan IAK bosh qotirishni istamaydi. Saylovga qadar ular orasidan bittasini tanlab oladi.

Aslida berilgan ovozlar qanday bo’lishidan qat’iy nazar Karimov o’ziga kerakli raqamni va “raqibi”ga beradigan “haq”ni allaqachon kallasiga yozib olgan.

U tomonda xalq ovoz beraveradi, bu tomonda IAK kallasidagini e’lon qilaveradi.

1990 yilda bu hodisani sir sifatida saqlay olmagan Markaziy saylov komissiyasi raisi Qudrat Axmedovning boshiga kelgan savdolar hammamizga ayon.

Keyinchalik IAK bu sirning oshkor bo’lishidan qurqmay ham qoldi. U o’lgandan keyin kuydirilgan, bot-bot chop etilgan ovoz varaqalari haqida hali kitoblar yozilsa kerak.

Ilgarilari bir kishilik qo’g’irchok teatri bo’lgan. Bir masxaraboz odam besh-oltita qo’g’irchoqni (qo’lda, boshining ichiga tanga tiqib lattadan yasalgan qo’g’irchoqni xalq tilida lo’xtakcha deyishgan-JM) xaltasiga solib olib, qishloqma qishloq yurib, tomosha ko’rsatgan.

Bugungi holat xuddi ana shu sahnaning o’zi. IAKning qo’lida besh oltita, oyoq uchida ham ikki-uchta lo’xtakcha. U ana shu latta lo’xtakchalarni har maqomga solib, tomosha ko’rsatmoqda. Bepul tomosha ekan, mazza qilib qarab o’tiraveramiz, degan odam xato qiladi. Chunki juda qimmatga tushadigan tomosha. Teatr tugagach, masxaraboz chiptaning narxini aytadi. Puli etmaganning kiyimini echib, yalang’och qilib, orqasiga bir tepib ana undan keyin qo’yib yuboradi.

Ho’kizning dumi…

SAVOL: O’zbekistonda bo’layotgan o’yinni aslida saylov deb atash mumkinmi?(Malik).

JAVOB: Asliga qaraydigan bo’lsa, juda ko’p narsa o’z nomiga muvofiq emas. Lekin fikrni ifoda qilish uchun shunday so’zni ishlatishga majburmiz.

Saylov diktaturaga zid narsa.

Diktatura butun hokimiyat bitta zolimning qo’l ostida to’planishidir. Saylov esa o’z nomi bilan saylov, bir qancha odam orasidan bittasini saylash. Shunday ekan, diktatura sharoitida saylov bo’ladi, deyish ho’kizning dumi juma kuni erga tegadi, degandek gap.

O’zbekistonda esa saylov-saylov o’yini o’tmoqda. IAK bu tomoshani xalqqa ko’rsatmoqda desangiz adashasiz. U xalqni ham, muxoliflarini ham bir tiyinga olmaydi. Bu tomoshani u tashqariga ko’rsatmoqda. Masalan, nomzod nomzod o’yini bilan Avropa Ittifoqiga so’rib turish uchun xo’rozqand berdi.

Aslida tashqari ham uning tomosha ko’rsatayotganini bilishini Karimov idrok etadi. Lekin tashqari ham tomoshasizlikdan, lab yalab turishdan xo’rozqand so’rishni afzal biladi. Ya’ni IAKning o’yinlariga qarsak chalmasa ham basharasiga tupurmaydi. Unga mana shu kerak.

Bugungi O’zbekiston sharoitida demokratiya degan so’z o’z ma’nosini yo’qotib diktaturani angalatadi.

Saylov ham xuddi shunday bir ma’nodan boshqa ma’noga ko’chgan va “saylov-saylov o’yini” degan birikmani yaratgan. Bundan keyin qaerda saylov degan so’zga ko’zingiz tushsa, uni saylov-saylov o’yini deb qabul qiling.

Filga pashsha chaqqanchalik

SAVOL: O’zbekistondagi saylovga turklarning ta’siri bo’lishi mumkinmi? (Sharof).

JAVOB: Savolingizdagi “turklar” degan kalimani men ikki tarzda tushundim.

1. Turkiya turklari.

2. Turkiyadan tashqarida yashagan va G’arb dunyosida ta’sir kuchiga ega bo’lgan turklar.

Turkiya hukumati islomiy kuchlardan tashkil topgani uchun Karimov rejimi aloqalarning aksar yo’llariga g’ov qo’ygan. Chunki Turkiya hukumati ham, Turkiya xalqining aksariyati ham Karimov rejimi yo’qolishining tarafdori.

Yillardir ular Krimovning muxolifalarini ham iqtisodiy va ham ma’nan qo’llab kelishayotganini bilamiz. Buni Toshkent ham yaxshi bilsa kerak. Shuning uchun turklarning O’zbekistondagi saylovlarga bevosita ta’sirlari filga pashsha chaqqanchalik darajada ham emas.

Buning ustiga ularning o’z muammolari oshib-toshib yotibdi.

G’arb davlatlarida yashayotgan turklarning dunyoviy rejim tarafdorlari bo’lganlari nafaqat o’z mamlakatlarida, balki xalqaro tashkilotlarda ham kattagina nufuzga egadirlar.

Ular nafaqat Turkiyada, balki umuman turk davlatlarida dunyoviy tuzum qaror topsagina demokratiyaga yo’l ochiladi, inson huquqlari ustivor bo’ladi degan fikrdalar. Ular otaturkchi bo’lib, islomiy rejim tarafdorlarini istamasliklarini yashirmaydilar ham.

Angliyada istiqomat qiladigan turk Shirin Akinerning Andijon masalasi bo’yicha Karimov rejimiga bergan madadini uncha-buncha odam yoki tashkilotlar yo’qqa chiqara olmadilar va u o’z ishini qildi.

Avropa parlamentining Markaziy Osiyo bo’yicha katta ta’sir kuchiga ega bo’lgan vakili Jem O’zdamir ham O’zbekiston masalasida hisobot tayyorlab, Karimov rejimini oqlash uchun katta odim otdi. U olmoniyalik turk va Yashillar partiyasining Avroparlamentdagi “ustun”laridan biri.

O’zbekistondagi saylovga qaysi bir ma’noda Turkiya tashqarisida yashayotgan va dunyoviylik tarafdori ana shunday turklarning ta’siri bo’lmoqda deb aytish mumkin. Karimov muxoliflari o’zlarini dunyoviy siyosiy kuch sifatida ko’rsata olmaganlari ham ularga bahona.

Xalq aybdor emas!

SAVOL: Xalqimiz nega buncha tebranmas bo’lib qoldi? (Ismsiz).

JAVOB: Aslida o’zim o’zimga o’rnatgan qoidaga ko’ra, ismsiz maktublarga javob bermasligim kerak edi. Ammo bu haqda bugun hammayoqda yozilayotgani, hatto o’z safdoshlarim ham yozishayotgani uchun muxtasar javob berishni burchim deb bildim.

Bundan bir necha yil oldin diktatura fitrati haqida yozganimda, bu rejim beradigan “mahsulot”lardan biri xalqni loqayd etishi va jamiyatni ma’nan buzishi ekanligini aytgandim. Nazarimda shu nuqtaga kelganga o’xshaymiz. Ya’ni diktatura o’z maqsadiga erishgani bugungi chiqishlarda ham ko’zga tashlanmoqda.

Bunday sharoitda mirshabdan boshlab o’qituvchiga, hokimiyat idorasidagi xodimdan boshlab mamlakat ichidagi rejim muxolifiga qadar hammadan bir nuqs topish qiyin emas. Ularni befarqlikda yoki ma’nan buzilganlikda ayblash ham oson.

Rejimni o’zgartirib berishi kerak deya butun xalqni ayblash o’zimiz ham diktaturaning qarmog’iga ilina boshlaganimizdan darak bo’ladi.

Hatto chet eldagi do’stlarimiz ham xalq  Karimovni yiqitib berishidan umidvor.

Har doim rejimlarni xalqning juda kichik bir qismi, shu rejimga muxolif bo’lgan qismi o’zgartirgan.

Lekin diktatura rejimi kuchaygandan kuchayib ana shunday iddaodagilarni ham umumiy karvonga soldi.

Andijon voqealaridan besh kun oldingi radio muloqotida xalq ko’chalarga chiqsa, rejim bostiradi, otadi, tanklar bilan majaqlaydi degandim. Andijon qatliomi bu gapni isbotladi.

U holda nima qilish kerak? Yo’llar bitmagani va diktaturani qon to’kmasdan ag’darish mumkinligi haqida esa, bir muddat oldin yozgan edim.

Odamlarning buzilib ketganidan shikoyat qilayotgan do’stlarga esa shuni eslatmoqchiman. Demokratiya bu xalq boshqaruvidir. Bu rejim paytida xalqning o’zi jamiyatni boshqaradi.

Dunyoning hamma joyida odamlikni unutgan mirshablar va boshqa mansabdorlarni topish mumkin. Hatto Amerikada ham mahbuslarni qiynaydigan mirshablar chiqib turadi. Ammo jamiyat ularni jamiyatberun qiladi, jazolaydi, tarbiyalaydi. Diktaturada esa bunday odamlar rag’batlantiriladi.

Bu bilan zehniyatimizda ham illatlar yo’q demoqchi emasman. Oshib-toshib yotibdi. Ularni davolash uchun ham zamin zarur.

Bugun O’zbekistondagi vaziyatga qarab odamlarga rahmim keladi. Ular yoppasiga diktaturaning qurboniga aylanmoqdalar. Diktatura tarqatgan va tarqatayotgan “epidemiya”lardan qochish, saqlanish juda qiyin.

Bundan qutulishning uddasidan chiqa olganlargina qolganlarni ham qutqarish uchun davo topishlari kerak.

Bugun ko’proq ana shu haqda gapirishimiz lozimga o’xshaydi.

O’tgan yilga qadar…

SAVOL: Muxolif kuchlar uchun bu saylovdan umid bor edimi? (G’ayrat).

JAVOB: Avvalo shuni aytish kerakki, muxolifat deganda tashkillashgan, demokratik tamoyillar asosida o’z faoliyatini izchil yo’lga qo’ygan, jamoatchilik tomonidan tan olingan siyosiy kuchni tushunaman. Bunday kuch bizda yo’q.

Ammo o’zini Karimov rejimiga muxolifat deb bilguvchi guruhlar, shaxslar va ularning atrofida yurgan oz sonli odamlar bor. Ularni muxoliflar yoki o’zlarini muxolifat atovchilar degan bo’lardim. Ammo rejimga ta’sir eta oladigan darajadagi siyosiy kuch bo’lmagan muxoliflar Andijon qatliomidan keyin tashkillashish va siyosiy kuchga aylanish imkoniga ega bo’ldi. Afsuski bu ham barbod bo’ldi.

Vaholanki, xuddi ana shu nuqtada O’zbekistondagi saylovdan umid bor edi. Buni hamma tushunar edi. Xorijliklar ham, o’zimnikilar ham. Shuning uchun ham siyosiy kuchga aylanish jarayoni boshlandi. Ammo diktatura rejimi bundan cho’chidi va muxoliflar orasiga buzg’unchilarni suqish va boshqa yo’llar bilan bu harakatni dabdala qildi. Shu bilan umid ham o’la boshladi.

Shaxsan kamina uchun o’tgan yilning oxirida “Hozirgi vaziyatdan chiqishning uch yo’li”ni e’lon qilganimdan keyingi voqealar so’nggi nuqta bo’lgandi. Boshqalarning umidni o’ldirmaslik uchun bu haqda gapirmay keldim.

Biz haqiqiy xalq boshqaruviga o’tishimiz uchun juda ko’p… balki juda ham ko’p qovun pishig’i bor.

2007 yil, yanvar-dekabr.

JAHONGIR MAMATOV: IAK

Memuar

1. UMID YOKI KIRISH O’RNIDA

Bu kitobni “Quvg’in” romanidan oldin qoralay boshlagandim. Lekin butun voqealikni ifodalash va zulm xarakterini ochish hamda o’quvchiga yetib borishini qulaylashtirish maqsadida “Quvg’in”da badiiy yo’lni tanlagandim.

Ma’lumki, O’zbekistonning Islom Karimov davridagi asl tarixi ustidan qora chaplanib, uning o’rniga yolg’on tarix yozildi. Voqealar mutloq buzib ko’rsatildi. Xoinlar qahramonga, qahramonlar xoinga aylantirildi

Shularni e’tiborga olgan holda va badiiy asar chetida qolgan hujjatlarni qayta ko’zdan kechirgan vaziyatda  “IAK” hujjatli kitobini yozdim.

Bu yerda asosan tarixni, ya’ni bo’lgan voqealarni o’z holicha keltirishga, tarix o’lmasligini ko’rsatishga, zulmning ildizi va asl qiyofasini bor holicha chizishga urindim. Bilmadim, bajara oldimmi, yo’qmi?

Har birimiz ana shunday ko’rganlarimizni va bilganlarimizni yozsak, tarixni tiklagan bo’lamiz. Kamina bo’sh qoldirgan  joylarni bu voqealarga guvoh bo’lganlar to’ldirishar, degan umidim ham bor.

2.TARJIMAI HOL

Ismi va sharifi: Islom Abdug’aniyevich Karimov.

Tug’ilgan  vaqti: 1938 yil, 30 yanvar.

Tug’ilgan joyi: Samarqand shahri.

Oilaviy ahvoli va oilasining tarkibi: ikki marta uylangan.

Rasman e’lon etilmagan  ma’lumotlarga ko’ra  Islom Karimovning birinchi xotinidan Petr ismli o’g’li bor.

Ikkinchisi bilan, ya’ni  Tatyana Akbarovna Karimova bilan birga yashaydi. Qizlari-Gulnora va Lola. Gulnora Karimova Amerika fuqarosi  Mansur Maqsudiyga turmushga chiqqan va 2002 yilda ajralgan. Ikki bolasi bor: Islom va Iymon.

Millati: aslida tojik,  rasmiyatda o’zbek.

Ona tili: tojik. Lekin rus tilida ona tili kabi gaplashadi.

Keyinchalik o’rgangan tili: o’zbek.

Ma’lumoti va mutaxassisligi: O’rta Osiyo politexnika institutining injener-mexaniklik fakultetini 1960 yilda bitirgan.

Toshkent Xalq xo’jaligi institutining iqtisod bo’limini 1967 yilda bitirgani haqida diplomga ega.

Norasmiy ma’lumotlarga ko’ra bu diplomni o’qimasdan olgan. Tekshirishning iloji yo’q, chunki bilim dargohining o’sha yillardagi arxiviga sirli ravishda o’t ketgan..

Prezidentlik davrida iqtisod fanlari doktori va O’zbekiston fanlar akademiyasining hamda Rossiyadagi bir qator akademiyalarning a’zosi bo’lgan.

Xizmat pillapoyalari:( Rasmiy e’lon qilingan ma’lumotlarga ko’ra)׃

1960 – Toshkent qishloq xo’jalik mashinasozligi zavodida master yordamchisi, master, texnolog.

1961–1966 – injener, Toshkent aviasozlik birlashmasida injener-konstruktor..

1966–1983 – O’zbekiston SSR Davlat planlashtirish qo’mitasining bo’limida  bosh mutaxassis, qo’mita raisining yordamchisi, bo’lim boshlig’i, boshqarma boshlig’i, qo’mita raisining birinchi o’rinbosari.

1983–1986 – O’zbekiston SSR Moliya vaziri.

1986 – O’zbekiston Davlat planlashtirish qo’mitasining raisi, Bosh vazir o’rinbosari.

1986–1989 –O’zbekiston Kompartiyasi Qashqadaryo viloyat  qo’mitasining birinchi kotibi.

1989–1991 –O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komiteti(MK)ning birinchi kotibi.

1990–1991 – KPSS MK a’zosi, KPSS MK Siyosiy Byurosining a’zosi.

1990 yil 24 mart  – O’zbekiston Oliy Kengashining sessiyasida O’zbekiston prezidenti etib saylandi.

1991 yil 29 dekabrda  –  umumxalq saylovida prezident etib saylandi.

1995 yil 26 mart kuni prezidentlik muddati referendum yo’li bilan 2000 yilga qadar uzaytirildi.

2000  yil 2 yanvarda   takror prezidentlikka saylandi, deb e’lon qilindi.

2002 yilda referendum yo’li bilan prezidentlik  davri yetti yilga uzaytirildi va uning 2007 yilga qadar taxtda qolishi kafolatlandi.

Mukofotlari: “Mehnat qizil Bayroq” ordeni va “Xalqlar do’stligi” ordeni (SSSR paytida olgan),  “O’zbekiston Qahramoni” birinchi raqamli oltin medali bilan (Prezidentligi davrida ta’sis etgan va birinchisini o’zi olgan), Mustaqillik ordeni  va Prezidentligi davrida ta’sis etgan va  o’zi olgan ordenlari, birinchi darajali Rus pravoslav Cherkovi ordeni  va boshqa bir qator xorijiy davlatlar mukofotlari, Misrdagi Al-Ahzar universitetining professori unvonini olgan.

Asarlari: 10; 12 tomlik to’plamlar. (Boshqalar yozib u o’qib bergan nutqlar  va  boshqalar yozib uning nomi bilan nashr etilgan asarlardan iborat).

Sevgan sport turi tennis o’yini.

Boshqaruv usuli: lenincha kommunistik boshqaruv usuli.

Boshqaruvdagi mahorat maydoni: “Hammani bir-biriga dushman qilib qo’y va boshqar!”, usuli.

Istagi:  tarixda ikkinchi emas, birinchi “Amir Temur” bo’lib qolish.

3. HAYRAT

Xalqning bir qismini aldash mumkin, yana bir qismini doim aldash mumkin, xalqning hammasini vaqtincha aldash mumkin, lekin butun halqni hamma vaqt aldash mumkin emas, degandi Amerika prezidentlaridan biri.

Chunki g’arbda mamlakatni idora qilishga da’vogar shaxslarning “yetti ko’rpasini” ag’darib ko’radilar. Shaxsning halolligi, rostgo’yligi, diyonatli, iymonli, insofli, aql-idrokli va salomat bo’lishiga ahamiyat beriladi.

Amerikada saylovlar davrida nomzod yoshligida qimor o’ynagani, qandaydir hujjatli filmni xavfsizlik idorasiga sotgani, narkotik qo’llangani, go’zal bir xonimga ko’ngil qo’ygani kabi holatlar ham suv betiga qalqib chiqqan. Chunki Amerika xalqi fermaga mudir emas, mamlakatga rahbar, agar mamlakat vujud bo’lsa, vujudga bosh, agar mamlakat bosh bo’lsa, boshga aql istashadi.

Sobiq Sovet ittifoqi davrida esa shaxsning o’zi emas, hujjatlari «toza» bo’lsa bas edi. Har qanday ifloslikka bulg’angan hujjatni ham pul bir pastda tozalardi. U paytda shaxsning partiyaga sadoqati, xalqqa qo’rqmay yolg’on so’zlay olish qobiliyatiga e’tibor berilardi.

Xo’sh, bugun nega O’zbekistonda mustaqil mamlakatda yashab, hamon  Lenin chizib bergan yo’ldan bir qadam ham nariga yoki beriga odim otilmayapti? Chunki hokimiyat makrning mulkiga aylandi, makrning  domiga tushdi.

Makr mahoratdir, degan gap bor. Makrning million qarmog’i bo’ladi. Biridan qochsang ikkinchisiga tutulasan. Makrdan uzoq bo’lishning yo’li ikkitadir. Biri uni bilish, ikkinchisi uni yo’qotish. Birinchisiga ega bo’lmay ikkinchisiga erishib bo’lmaydi. Tabiatning oddiy qonuni bu. Shu niqtai nazardan kelib chiqib, avvalo kutilmaganda hokimiyat tepasiga ko’tarilgan va tarixning burilish nuqtasida O’zbekistonda millat hamda mamlakat taqdiriga qora tamg’a urgan shaxsning, ya’ni makr manbaini o’rganib ko’rish kerak.

Hokimiyatni makr bilan qo’lga olgan va makr bilan boshqargan Islom Karimovni ham yaqindan, ham uzoqdandan yaxshi taniyman. Tarixning burilish nuqtalarida u bilan  ko’p marta to’qnash keldik. Uning shaxsi, nimaga qodir bo’lib, nimaga qodir emasligi, qanday qilib hokimiyatni bu qadar mahkam ushlab olishi, nima sababdan zulm va qatag’on yo’lini tanlashi, millonlab odamlarni baxtsizlikka boshlashi sabablari uning qiyofasida, ma’naviyatida “mana-man” deb turganday.

Ko’pchilik unga ishondimi yoki undan qo’rqdimi? O’zbekistonni saqlab qolish uchun uning qattiqqo’lligi, yakkahokimligi kerak edimi yoki bu qattiqqo’llik, yakkahokimlik O’zbekiston kelajagini tahlika ostida qoldirdimi? Nima sababdan bugunga qadar xalq uning kimligini tanimaydi va mamlakatni qanday boshqarishi haqida  aniq ma’lumotga ega emas? Bu uning mahoratimi yoki jamiyatning ojizligimi? Xullas, bu kabi sarhadsiz savollarga bois bo’lgan Islom Karimov kim?

Ilk daf’a Islom Karimovga duch kelganimda orzularim tug’yon urdi. “Yurakdagi bunday lovullagan olov, kuch-g’ayrat, fidoyilik bilan partiya idoralarida qanday ishlayapti ekan, bu zot?”- degan savol o’rtadi.

Tasavvur qiling, sobiq sho’rolar mamlakatida to’qnashuvlar tufayli quyosh chizig’idan chiqqan bir payt. Ham fikr, ham musht to’qnashuvlari. Ozodlik va qullik kurashmoqda edi. Sobiq komfirqa nima bo’lsa-da o’zini saqlab qolish talvasasida. Buning evaziga ko’p narsadan qochmoqqa va ko’p narsani emirmoqqa tayyor. Shunday kezda sho’rolar mamlakati tayangan va ishongan «shtab»lardan biri O’zbekiston komfirqasining birinchi kotibi Islom Karimov Samarqand viloyatining Kattaqo’rg’on tumanida saylovchilar bilan (O’zbekiston SSR Oliy Sovetiga 12-chaqiriq saylovlari boshlangan paytda) uchrashmoqda. Endi-endi o’zbek tilini o’rgana boshlagan «birinchi»ning so’zlarni qo’pol tarzda buzib aytishi, kulgiga bois bo’ladigan iboralar ishlatishi, oldi-qochdi gaplardan qutula olmasligi hech kimning g’ashiga tegmas edi. Chunki u kurmaklar aro pishiq guruchlar sochayotgandi׃

«Qachongacha yerimiz, Vatanimiz, boyliklarimizga naryog’dan kelganlar xo’jayinlik qiladilar?». Qarsaklar.

«Qachongacha o’zbek tili xor bo’ladi? O’z tariximiz, dinimiz, tilimiz, qadriyatlarimiz qachongacha karam (qaram demoqchi- J.M.) bo’ladi? Biz ozod, mustaqil bo’lishimiz uchun kerak bo’lsa jonimni beraman». Gulduros qarsaklar.

«Biz faqat paxta, tillolar evaziga dunyoda eng boy yashashimiz mumkinligini mana shu manbardan (minbardan, demoqchi – J.M.) ishonch bilan aytaman». Qarsaklar.

“Bu zamindagi hamma narsalar dunyo bozorida eng baland bahoga sotiladi. Oltin deysizmi, pilla deysizmi, qarako’l, paxta deysizmi, hammasi jahon bozorining eng chaqqon mahsulotlari, bular o’zimizga qolsa, biz dunyoning  boy davlatlaridan biri bo’lamiz. Mana men iqtisodchi sifatida bunga garantiya beraman: O’zbekistonning boyliklari o’z xalqini boqishga, boqqanda ham to’liq boqishga yetib ortadi, mana ko’rasizlar!” (Qarsaklar)

«Men naryog’dan, keling ochiq aytay, Moskovdan qo’rqadigan yerim yo’q. Sizlar himoya qilsalaring, bas! Nima deysizlar?» Gulduros qarsaklar.

«Farg’ona, Bo’ka, Parkent voqealarini kim uyushtirganini bilaman. Ochib tashlaymiz hali. Oldingizda tiz cho’kib aytamanki, hammasi jazosini oladi». Qarsaklar.

«Saylovlar ozod bo’ladi. Ko’ppartiyaviylikka yo’l ochamiz. Kommunistik partiya maydondan chiqadi. Moskovda uxlab yotgan deputatlarimizni ishga solamiz, ular haqimizni o’ndirish uchun ishlamasalar kim ishlaydi?». Qarsaklar.

“Din erkin bo’ladi, istaganimizcha machit quramiz, bizga restoranlar, qasrlar kerak emas, bizga ibodat qiladigan joy kerak”. Qarsaklar.

“Namoz o’qigani uchun partiyadan o’chirgan zamonlar o’tdi, endi kerak bo’lsa bu yurtda namoz qilmaydigan bo’lmaydi” degan gapni Konstitutsiyaga kiritib qo’yamiz. Dindan bexabar bo’lganlar o’rgansin, keyin kech bo’ladi. Ollohga xizmat qilishni o’rganmagan odam mening do’stim emas!. Qarsaklar.

«Paxta ishi» bilan qamalganlarni, insholloh ozod qilamiz. Xalqimizning nomini osmonga ko’taramiz». Karsaklar.

«Erni dehqonga beramiz, Gorbachyov qo’lini peshtaxta (pesh demoqchi-J.M.) qilmasin ko’p. Siz qo’llasangiz, biz ham qo’limizni peshtaxta qilamiz». Gulduros qarsaklar.

Qarsak urganlar va Karimovni qo’llab gapirganlar safida kamina ham bor edi. U juda ko’p odamlar o’ylab yurgan gaplarni tilga keltirgan edi. Uning aytgan ko’p gaplari mening ham orzularim edi.Uning nutqini kim yozib bergan bo’lsa ham xalqning ko’nglidagini satrlarga to’kkandi va Karimov uni  vaqtida tilga keltirgandi.

O’shanda “Birinchi”, ya’ni bir respublikaning boshida turgan shaxs bemalol yolg’on gapirishi, xalqni aldashi, bugun aytib ertaga so’zidan qaytishi mumkin, degan fikrdan yiroq edim. Taassufki, ana shu men yiroq bo’lgan fikrlar haqiqatning o’zginasi ekan. Ha, haqiqat olis-olislarda, etganlar bor, etmaganlar bor!

4. QOVUN O’G’RISI

Kunlarning birida qo’shnimiz Tamara opa bilan bahslashib qoldim׃

-Islom bilan birga o’qiganmiz, – dedi u maktab yillaridagi bir voqeani xotirlab. –Islom to’polonchi bola edi. Bahoni past qo’ygan muallimning sho’ri qurirdi. Ko’pincha «Siyob» kolxoz bozoridan qovun o’g’irlab kelishardi. «O’zbaklarni dog’da qo’yib keldik, «Ha, tojik bola», deb quvgandi, qovunlarining ustidan sakradim, u ham sakrayman, deb og’zi bilan yerga qopishdi. Qovunlari yumalab ketdi», deganda sinfdoshlarimizdan biri nimadir dedi. Islom qo’lidagi pichoqni partaning ustiga urdi-da, haligi qizning yuziga tarsaki tortib yubordi. Keyin onasi-yu otasini bug’doyzordan olib arpazorga soldi.

-Ha, endi bolalikda nima bo’lmaydi?- deya unga  qarshilik qilgan bo’ldim.

Oradan ikki yil kechib, Rossiyaning «Ostankino»  oynaijahoni «Xalq saylagan rahbar» nomi bilan  Islom Karimov haqida “hujjatli” film namoyish qildi. Keyinchalik bilsam, bu filmni ruslar O’zbekistonning o’sha kunlardagi juda katta miqdordagi puliga javoban sifatida suratga olishgan va pulni reklama uchun, deb rasmiylashtirishgan ekan. O’zbekiston hukumati “Mamlakatimizni jahonga tanitish uchun” deya televideniega katta miqdordagi pulni ko’chirgan ekan. Lekin film faqat Karimov shaxsini ulug’lash haqida edi.

«Bolalikdan balandga sakrashni yaxshi ko’rardim» dedi «xalq suygan» rahbar va filmda bu gap takror-takror  ekranga chiqarildi. Shunda ko’z oldimdan Tamara opaning hikoyasi xuddi hujjatli film kabi o’ta boshladi: qovun to’dasi ustidan sakrab o’tayotgan bola va  yiqilib qontalash bo’lgan dehqon bobo!

Oradan ko’p o’tmay yana Samarqandga borganimda Tamara opani gapga tutdim. Ammo u ochilmadi. Mendan shubha qilayapti, deb Karimovning odamlarga o’tkazayotgan zug’umlaridan aytib berdim.

Keyin u:

-Sinfdoshlarimizga nimadir bo’layapti,-dedi,- Ba’zilari televizorga chiqib yolg’on gapirib, Islomni maqtashayapti. Uning Oltin medal bilan maktabni bitirgani haqida to’qib-bichib gapirayaptilar. Ba’zilari esa O’zbekistondan ko’chib ketayaptilar…

Yanagi borganimda Tamara opa ham ko’chib ketgan ekan. Kimdir “Rossiyaga ketdi” desa, yana kimdir “Amerikaga ketdi” derdi.

Xullas, u  prezidentning bolaligi haqida bilgan narsalarini qayerga bo’lsa ham boshqa sinfdoshlari kabi o’zi bilan birga olib ketgandi.

Bir kuni saylovdagi ishonchli vakilim Hafiz aka Azizov to’yga aytdi. Alohida uyda Karimovning akasi Ibod aka va oqsoqollar o’tirishgan ekan. Hafiz aka  o’sha xonaga boshladi.

-Ibod Abdug’aniyevich yon qo’shnimiz bo’ladilar, – deya tanishtirdi Karimovning akasini bag’ri daryo, birovga yomonlik istamaydigan inson Hafiz Azizov.

-Bizning bolalarning tog’asiga o’g’il bo’ladilar bu kishi,-dedi-da Hafiz aka tashqariga chiqdi. Biz ancha suhbatlashdik. Ibod aka ochilmadi. Ukasi haqida so’z aytmadi. Faqat yaqinda to’y qilgani, to’yga Samarqand viloyat hokimi Po’lat Abdurahmonov kelganini tojik tilida qistirib o’tdi. U uzr istab chiqib ketgach, do’stlari gap boshlashdi. Balki meni tojik tilini tushunmaydi, deb uylashdimi, yoki sessiyada Karimovga qarshi gapirganim uchun ataylab “surpa”ni ochishdimi, harqalay tushunolmadim.

-Ukasi to’yiga kelmadi. Shundan og’ringan bu, – dedi oqsoqollardan biri.

-Islomni bilmaydimiki, xafa bo’lsin, – dedi boshqa bir oqsoqol.

-Narigi akasi o’lganda soat to’rtgacha tobutni ko’tarishmadi. Bir vaqt keldi-yu, «komissiya bor» deb orqasiga qaytib ketdi.O’shanda xafa bo’lmagan odam, endi ranjiydimi?

-Ishqilib oxiri baxayr bo’lsin. Qurg’ur otasini ham zor qaqshatgandi-da…

-He,otasida ham bor edi…

-Otang gadoy bo’lsa to’rva ushla, deyishgan. Uyda otamiz o’tirganda tomga chiqarmidik? U otasini ham, onasi Sanobar xolani ham xo’rladi. Oxiri uydan quvib qutilishdi sho’rliklar…

Bu gaplarga ishonmasamda vujudimga sovuq bir titroq kirdi. Titroq savollarga aylandi׃

Nahotki, ona O’zbekistonning peshonasiga shunday bir o’g’il bitgan bo’lsa? O’zbekistonning oxirati Abdug’ani ota va Sanobar ayalarning taqdiriga o’xshamasmikan?!

La’nat shaytonga, deb savollarni quvdim. Keyin bu gaplarni bot-bot surishtirdim. Hatto qamoqdagi ukasi Arslon ozodlikka chiqib Toshkentga kelganida Karimov qabul qilmagach, bu gaplarni oshkor qilganini aytishganda ham «dedi-dedi» deb o’yladim. Ammo, haqiqat o’lmaydi. Baribir o’zini ko’rsatadi. Karimovning eng yaqin qarindoshlari ham buni tasdiqlashdi. Ular ham unga ishonmas edilar. Yurtga achinishardi. Lekin keyinchalik prezidentning yaqini, deb ularga etibor kuchayib  ketdi. Ayniqsa Arslon mafiyani qo’lga oldi. Balki mafiya uni qo’lga olgandir?

5. BIRINCHI SESSIYA

1990 yilning 24 mart kuni O’zbekiston Oliy kengashi to’qqizinchi chaqiriq birinchi sessiyasi arafasida Vakillar kengashi bo’ldi. Sovet davrida har bir majlisdan oldin shunday to’planish o’tkazib hammani yana ogohlantirib qo’yishar ekan. Ammo bu safargisi oldingilaridan keskin farq qilardi.

Avvalo shuni aytish kerakki, saylangan deputatlarni uchga bo’lish mumkin edi.

Birinchisi, kommunstik partiya tayyorlagan ro’yxat bo’yicha saylanganlar. Ular kimligi, ma’lumoti, millati, yoshi, vazifasi,sadoqatiga alohida e’tibor berib tanlangan kishilar va ko’pchilikni tashkil etishardi.Ularning ba’zilarini muqobil saylov o’yinlari bilan saylashgandi.

Ikkinchisi, ijtimoiy qarashlari bilan maydonga chiqqanlar va kommunistik partiyaning ro’yxatidan saylanishga rozi bo’lganlar. Ular hech qanday muqobil nomzodlarsiz saylanishgan. Boshqacha aytganda qandaydir kelishuv asosida. Ular ozchilikni tashkil etishardi.

Uchinchi guruh esa, xalq tomonidan ko’rsatilib, kommunistik partiyaning nomzodlarini juda katta qarshiliklar, tahdidlar, hujumlarga qaramay engib chiqqan deputatlar. Ular ham ko’pchilik emas, ammo ular qolganlarni ergashtirib ketishlari mumkinligidan cho’chishardi..

Har holda Karimov ham o’zining ro’yxatidan tashqarida saylanganlarni shu yo’l bilan sinab ko’rmoqchi bo’lganmi, bizni ham Vakillar kengashiga da’vat qilishgandi. U muhokama qilinadigan masalalarni sanab bo’lgach, qo’limni ko’tardim. Karimov ismimni so’rab oldi-da, keyin so’z berdi.

-Hozircha kun tartibiga to’rtta masalani kiritishni so’rayman,-dedim.

Birinchisi, komissiyalar (avvaliga “komissiya” deyilgan bo’lsa, keyinchalik “qo’mita” deb o’zgartirildi-JM) tuzilar ekan, Oshokarlik komissiyasi ham tuzilishi kerak. Chunki, matbuot erkin bo’lmasa, so’z erkinligi ta’min etilmasa, biz hech narsaga erisha olmaymiz. Bu tsenzuraga, nazorat zehniyatiga qarshi turadigan qo’mita bo’lishi kerak. Xalqqa fikr mustaqilligini berishimiz kerak va undan keyin O’zbekiston tom ma’noda mustaqil bo’la oladi.

Ikkinchisi, biz Moskva bilan munosabatlarimizni o’ylab ko’rishimiz kerak. Boltiq bo’yi respublikalarining yo’li biz uchun ham kecharli bo’lishi va mustamlakadan qutilishimiz lozim.

Uchinchisi esa, “paxta ishi” deb qoralangan o’zbek xalqining nomini oqlashimiz kerak. Avval Rashidov masalasida biz o’z so’zimizni aytaylik.O’g’ri bo’lsa o’g’riligini, to’g’ri bo’lsa, to’g’riligini. Qachongacha Gdlyanlar aytadi so’zni?

Va nihoyat Parkent voqealari bo’yicha bu yerda gapirgan deputatni qo’llayman. Oliy majlisning maxsus komissiyasini tuzishimiz va qonli voqealarning aybdorlarini topishimiz kerak.

Karimov menga qarab turdi-da keyin gapira boshladi:

-Men Jahongirni yaxshi taniyman. Kattaqo’rg’ondagi gaplari esimda,- dedi.-Mening ham aytganlarim uning esida bo’lsa kerak. Bugun aytgan takliflari mening ham yuragimda yotibdi. Oshkoralik komissiyasi masalasida uni qo’llayman. Matbuotni boshqaradigan bitta komissiya tuzaylik.

Shu payt Erkin Vohidov qo’l ko’tardi va Karimov “nima deysiz” degandek bosh irg’aganidan keyin:

-Men ham bu taklifga qo’shilaman va shu komissiyada ishlashga tayyorman,-dedi.

-Mana Erkin aka Vohidov,- Karimov u kishiga ma’nodor jilmaygancha so’zida davom etdi,-men u kishini juda hurmat qilaman, bunday shoirlar yuz yilda bitta tug’iladi, yangi komissiyaga shu kishini rais qilib taklif etaman. Parkent masalasida ham Jahongirga qo’shilaman. O’ylab chiqaylik va bir komissiya tuzaylik. Umuman Farg’ona voqealariga baho beraylik.

Xursand edim. Takliflarim bu qadar tez amalga oshayotgani ko’nglimda iftixor uyg’otayotgandi. Karimov esa nomimni qayta-qayta takrorlab gapida davom etardi׃

-Rashidov masalasini menga qo’yib bering uka, uni kommunistik partiya qoraladi, bu ishni ularning o’ziga havola qilaylik. Mana men shu partiyaning rahbariman. Qo’ying o’zimiz bir ko’rib chiqaylik. “Paxta ishi” esa oddiy masala emas, tergovning, sudning ishiga aralashishimiz kerakmi, yo’qmi avval buni o’ylab ko’raylik? Ana, Moskvada har kuni shovqin-suron qilishmoqda. Lekin natija yo’q.

Endi boyagi quvonchim so’nib, ko’nglimda boshqa savollar uyg’ona boshladi. Buning ustiga Karimov Moskva bilan munosabatlar masalasida gapirmadi. O’shanda SSSR Xalq deputati bo’lgan Ahmadjon Muxtorov meni yoqlab gapirdi va kerak bo’lsa biz markazdan ajralishimiz, o’z prezidentimizni saylashimiz, o’z yo’limizni tanlashimiz kerak, dedi. Karimov bu gaplarga e’tibor bermagan bo’ldi. Ammo Vakillar majlisidan keyin Ahmadjon akani uning huzuriga chaqirishdi va u qaytib kelib, “Islom aka, xursand, prezidentlikni qabul qilmoqchi, bu esa mustaqillikning birinchi qadami, lekin SSSRning ichida qolamiz, ajralsak bizga pulni kim beradi, deyapti” dedi.

Ahmadjon aka favqulodda iste’dodli jurnalist. 1981 yilda Toshkentdan Samarqandga borganimda u viloyat “Lenin yo’li” gazetasining bosh muharriri edi. O’zbekiston radiosida “Tabarruk zamin” degan dasturni tayyorlab ancha og’izga tushib qolganimga qaramay, hatto qo’l berib ko’rishmagan, ko’zoynagining tepasidan qarab, “Uka, hozir ish yo’q, xabar olib turing” degandi.

Men undan ranjib Jomboy tumaniga ishga ketgandim. Ammo keyin Navoiy viloyati tashkil etildi va gazetaning ko’pgina xodimlari ketishdi. Bu paytda Jomboydan turkum maqolalar yozib ko’zga tashlanib qolgandim. Ahmadjon aka ikki-uch chaqirtirdi, bormadim. So’ng viloyat partiya komitetini ishga solib, meni gazetaga olib keldi. Avval Qishloq xo’jaligi va ko’p o’tmay gazetaning o’sha kezdagi eng asosiy bo’limi hisoblangan Partiya turmushi bo’limiga mudir etib tayinladi. O’zbekiston tarixida kommunist bo’lmasdan turib Partiya turmushi bo’limini boshqargan faqat men bo’lsam kerak. Ammo bir yildan keyin partiyaga olishdi.

Ahmadjon aka bilan juda yaqin bo’lib ketdik va hamma bizni “tog’a-jiyan” deb o’ylar va mening yozganlarim, aytganlarimning orqasida u kishi turibdi deb bilishardi. Hatto Karimov ham avvaliga shu fikrga ishonib qolgandi. Shu bois mendan ranjigan paytda u kishini chaqirib gapirardi.

Xullas, sessiya boshlanib Ahmadjon Muxtorov nutq so’zlab: “demokratik jarayonlarni yanada rivojlantirish, siyosiy o’zgarishlarni chuqurlashtirish, konstitutsiyaviy tuzumni, fuqarolarning huquqlarini, erkinliklari va xavfsizliklarini mustahkamlash, boshqaruv oliy organlarining o’zaro aloqasini takomillashtirish maqsadida prezidentlik boshqaruvi joriy etishni” taklif qildi. Sessiyada qatnashayotgan SSSR xalq deputatlari bu fikrni qo’llab gapirdilar. Lekin qarshilar ham bo’ldi. Masalan, Toshkent shahridan saylangan deputat Toyiba To’laganova O’zbekistonning bugungi sharoitida prezidentlik boshqaruvi yakkahokimlikka olib kelishini va demokratiya istab diktaturaga yo’liqishimizni, kommunistik partiya tarbiyasini olgan rahbarlardan chiqadigan prezident “tashi” boshqa bo’lgani bilan ichi ayni tarzda qolishini aytdi. U demokratiya o’rnatilishi uchun parlament boshqaruvi zaruratidan so’z etdi.

-Bunday fikr ayol kishidan chiqmaydi, ayollarning aqli kalta bo’ladi, taklifning ortida qandaydir kuchlar bor,- degan O’zbekiston Kompartiyasining birinchi kotibi, KPSS MK siyosiy Byurosining a’zosi Islom Karimov Toyiba To’laganovani ochiqchasiga kamsitdi.

Tanaffusda esa mahalliy muxbirlarga intervyu berar ekan “Ayollar tovuq miya bo’ladi” deyishgacha borib etdi.

Prezidentlik lavozimi haqidagi qarorni qabul qilish va Karimovni saylash boshlanganda qashqadaryolik deputat Shovruq Ro’zimurodov so’z so’radi. Lekin do’ppini salla qilib ko’rsatish darajasida ustamon bo’lgan majlis raisi Mirzaolim Ibrohimov:

-Uka, siz emas, yoningizdagi do’ppili odam gapirsin,- dedi.

Do’ppili odam esa so’z so’ramaganini aytishga xijolat chekar ekan, Shovruq o’rnidan turib gapira boshladi. Unga mikrofon kerak emas edi. Uning gurillagan tovushini majlislar zalining har joyidan ham eshitsa bo’lardi. Shovruq:

-Men bu odamni Qashqdaryodan bilaman. Bu odam prezidentlikka loyiq emas. Agar prezident bo’lsa hammangiz pushaymon bo’lib qolasiz hali…,- dedi.

Har holda u ko’proq gapirdi. Lekin hammaning quloqlarini ana shu kalimalar chatnatdi.Chunki Oliy majlis tarixida bunday so’zlar ilk bor aytilayotgan edi. Shu sababdan ham ko’pchilik sukunatga botdi, buni qo’rquv ham deyish qiyin. Balki qo’rquvni ham yutib yuboradigan hushsizlik kabi bir hol edi. Boshqacha aytganda deputatlar o’ziga xos isyonning qarshisida “ shok” bo’lgan edilar.

Shovruq qo’li bilan minbarga ishora qilib gapirar ekan, Karimov qizarib ketdi. Mikrofonnni jahl bilan oldiga tortdi. Lekin nimadir esiga tushgan kishidek, yana mikrofonni raisning oldiga surdi-da׃

-Bas qiling maynavozchilikni,-dedi. Rais darhol bas qildi. Muzokaralar to’xtatildi, mikrofonlarning yonida tizilib turganlarga so’z berilmadi. O’shanda bir narsaga pushaymon bo’ldim. Majlis ochilarkan, Toshkent shahar ijroiya qo’mitasining raisi bo’lgan keksa kishi raislik qildi va uning hamma narsani qog’ozdan hijjalab o’qib berishiga qarshi chiqdim. Buni boshqalar ham qo’lladi. Karimov ham raisning lattachaynarligini ta’kidlab, Mirzaolim Ibrohimov nomzodini ilgari surdi. U bir ovozdan saylandi. Darrov ma’lum bo’ldiki, Karimov imkoniyatdan foydalanib ilgaridan tayyorlab qo’yilgan nomzodini o’tkazib olgan va u “piri”ning quli ekan.

Mirzaolim Ibrohimovning majlisni olib borish uslubiga ham qarshi chiqish va Karimovning Toyiba To’laganova haqidagi gaplariga norozilik bildirish maqsadida mikrofon oldida turgandim. Prezidentlik lavozimiga qarshi chiqish haqida esa uzil kesil fikrga kelmagandim. Bir tomondan bu mustaqillikka olib boradigan yo’l deb o’ylasam, ikkinchi tomondan bizning sharqda bir kishining qo’liga hokimiyat tushib qolishi yana podsholikka sudramaydimi, degan fikrlar bilan olishardim. Qolaversa Karimov haqida hali salbiy fikrim ham paydo bo’lmagandi. Ammo Ibrohimov masalani ovozga qo’ydi va zalga qaramasdan ham “Bir ovozdan” deb yubordi. Shu zayl prezidentlik lavozimi tashkil qilindi va “bir ovozdan” Karimov “saylab” yuborildi. Vaholanki, qatorlar orasida mikrofonlar yonida turganlar ovoz berishga ulgurmadilar.

O’sha kuni tanaffusda Ahmadjon Muxtorov bilan gaplashib turganimizda Shovruq oldimizga keldi.

-Siz bilib qo’ying,- dedi u Ahmadjon akaga,- Bo odam rafiqini ham, raqibini ham kechirmaydi!

Ahmadjon akaning ko’zi yonib ketgandek, bo’ldi. Darhol daftariga bu so’zlarni yozib oldi. Keyin׃

-Ukajon Moskavda gdlyanchilar bilan kurashda yakkalanib qolayapmiz. Deputatlar partiyadan qo’rqishadi. Prezidentlik tashkil qilinsa partiyaning ta’siri kamayishi mumkin. Men hozir bu odamdan boshqa liderni ko’rmayapman, keyinchalik balki boshqa kadrlar chiqar,- dedi. Ahmadjon aka o’sha kezda Karimovga sidqidildan ishonardi.

Shovruq Karimovning Qashqadaryoda odamlarga zulm qilgani, O’zbekiston Kompartiyasining Moskvadan yuborilgan ikkinchi kotibi Anishchev bilan birgalikda ko’p odamni qamatib yuborgani, Gdlyan to’dasi bilan ham aloqasi borligini aytar ekan, Ahamadjon aka:

-Ukajon devorning ham qulog’i bo’ladi, bu gaplarni menga aytdingiz boshqaga aytmang, bunday gaplar uchun kechirmaydi bu badbaxtlar,- dedi.

-Xalq bu gaplarni aytish uchun meni majlisga yuborgan,- dedi Shovruq.

Xullas, birinchi sessiya  Karimovni tanish sari qo’yilgan ilk qadam bo’ldi va Toyiba hamda Shovruqni tanishimga yo’l ochdi.

Birinchi sessiya tanaffusida Oshkoralik komissiyasi tuzilar ekan, Erkin Vohidov meni chaqirib, Karimovning oldiga yetakladi.

– Bu ishni ukamiz bilan birga qilaylik, tashabbus qilgan odam jazolanishi kerak, ruxsatingizni olmoqchimiz,- dedi jilmayib.

-Bu yigitga…-Karimov o’ylanib qoldi. Keyin eringan ohangda.- Oshkoralik ekan, deb hammayoqni oshokara qilib yuborish ham yaxshilikka olib kelmasligini o’zingiz tushuntirib qo’yasiz,- dedi Erkin akaga. Keyin menga qarab׃

-Saylovdan oldin Moskva televideniesiga chiqib ana u gaplarni gapirish kerak edimi?-dedi.

Hayratlanib qoldim. Saylovdan oldin Moskva televideniesi Toshkent bilan teleko’prik o’tkazgan va quvg’inga uchrayotgan nomzodlardan ba’zilarini suhbatga tortgandi. O’shanda O’zbekiston qashshoqlar mamlakatiga aylanib qolgani, onalar va bolalar o’limi, paxtazor onalar qotili ekanligi, matbuot erkinmasligi kabi masalalarga to’xtalgan edim. Vaholanki, Karimovning o’zi ham bu muammolar mavjudligini Kattaqo’rg’ondagi uchrashuvda aytgan edi. Nega endi bu gaplarni o’zbekning olis qishlog’ida gapirish mumkinu Moskvadan turib gapirish mumkin emas? Karimovning samimiyatiga ishonchsizlik ilk bor ana shu paytda boshlandi desam xato bo’lmas. O’shanda u yana bir narsalar dedi, ammo qulog’imga kirmadi. Ko’z oldimda ilk bor ikki yuzli Karimovni ko’rib turgandim.

6.JURNALISTLAR UYUSHMASI: YUTQAZISH

SSSR xalq deputatligiga jamoat tashkilotlaridan ham nomzodlar ko’rsatish boshlanganda, O’zbekiston jurnalistlar uyushmasining raisi bo’lib ishlab turgan Ahmadjon Muxtorov ham da’vogar bo’ldi. Saylov kampaniyasi Toshkentda boshlanib, asosiy qismi Moskvada davom etdi. Ahmadjon akaning ishonchli vakillaridan biri edim. “Ukraina” mehmonxonasida bir oy yashab, nomzodimizni o’tkazish uchun kurashdik.

Saylov SSSR Jurnalistlar uyushmasini “qaynatib” yubordi. Hamma respublikalarning vakillari o’z nomzodlarini o’tkazishga intilardilar. Buning uchun sizlar bizga ovoz bering, biz sizga kabi “o’yin”lar ham boshlangandi. Ammo ko’p narsa nomzodning dasturi va uchrashuvlardagi nutqiga bog’liq edi. Ahmadjon aka talantli jurnalistgina bo’lib qolmay, ayni paytda yaxshi notiq va zamon muammolarini ilg’ab oladigan siyosatdon edi. Shu bois ham jurnalistlarning e’tiborini tez qozondi.

Moskvadagi hayot bilan Toshkentdagi vaziyatni solishtirib ko’rishga urinardim. Er bilan osmon qadar farq edi. O’zbek jurnalistlari garchi matbuotda dolzarb narsalarni yozayotgan bo’lsalarda, hali uyushib, siyosiy kuchga aylanmagandilar.

O’zbekiston Yozuvchular uyushmasi esa siyosat qaynab turgan qozon edi. Bu haqda Ahmadjon akaga gapirsam u saylovni o’tkazib olaylik, biz ham uyushmani oyoqqa qalqitamiz va katta kuchga aylantiramiz, degan ahdini va rejalarini aytardi.

O’zbekiston jurnalistlar uyushmasi tug’ilgandayoq o’lik tug’ilgandek edi. Chunki ilgari ham faqat “qog’oz”dagi tashkilot bo’lib kelgan.

…1979 yilda O’zbekiston radiosida ishlardim. Yoshlardan ikki kishini ham mazkur uyushmaning qurultoyiga vakil qilib saylash kerak ekan. Bizni-yozuvchi Primqul Qodirovning qizi Gulya (Gulya o’sha paytda radioning rus tilidagi bolalar uchun dasturlar bo’limida, men esa o’zbek tilidagi qishloq xo’jalik bo’limida ishlardik)ni saylashdi. Jurnalistlar uyushmasining raisi O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining birinchi kotibi Sharof Rashidov edi. Qurultoyda u nafaqat nutq so’zladi, balki anjumanning boshidan oxiriga qadar qimirlamay o’tirdi ham.

Saylov boshlandi va varaqalar tarqatildi. Gulyaga:

-Kimlarning nomini o’chiramiz,- dedim o’zbekchalab. U o’zbekchani tushunardi, ammo ruscha gaplashardi.

-O’chirishning foydasi yo’q, baribir aytishmaydi, yuz foyiz saylandi, deb aytishadi.

-Rashidovning nomini o’chirib ko’ramizmi?- dedim pichirlab. Gulyaning rangi oqardi. Bir zum o’ylab turdida kulib:

-Balki Rahmonovning nomini o’chirarmiz,-dedi.

Rasul Rahmonov O’zbekiston radio va televidenie qo’mitasi raisining radio bo’yicha o’rinbosari edi.

-Bizni bu yerga olib kelgan shu odam. Keyin bizdan shubha qilib qolishi aniq. Buning ustiga uning qo’mita raisi Ibrohimov bilan orasi yaxshi emas, rais uni ketkizmoqchi, degan gaplar bor,-dedim.

-Rashidovni o’chirsak, KGB bizni topib olishi mukin,-dedi Gulya.

-Qanday topadi? Ismimiz yozilmagan bo’lsa?

-Barmoq izlaridan topishi mumkin. Lekin sinab ko’rsak bo’ladi.

Xullas, ikkalamiz Jurnalistlar uyushmasining Markaziy kengashi a’zolari ro’yxatidan Rashidov nomini o’chirdik.

Sanoq komissiyasining raisi nomzdolarni nomma-nom sanab, “yuz foiz yoqlab, qarshi yo’q” deb aytar ekan, biz jinoyat qilgan odamlardek miq etmay o’tirardik. Ko’zim Rashidovda edi. U ham xuddi bizga qarab turgandek. edi. Navbat “R” harfiga kelganda yuragim gupillay boshladi. Xuddi butun zaldagilar yuragimning tovushini eshitib menga qarab turishgandek tuyuldi. Shu payt “Sharof Rashidov… ikkita qarshi ovoz” degan tovushdan seskanib ketdim. Boshimdan sovuq suv quyilgandek bo’ldi. Rashidov qizarib ketdi. Undan ko’zimni olib qochdim. Zalda jimjitlik hukmron. Shu damda osmon uzilib tushsaydiyu nafasim bo’g’ilib qolsaydi, degandek bir kayfiyatda edim. Ammo hech narsa bo’lmadi.

Shunga qaramasdan tizzalarimda qaltiroq. Gulya ham jim. Uning ham dunyosida nimalardir bo’layotgandi. Biz indamay uyga ketdik. Har kuni KGB xodimlari kirib kelishini kutdim. Keyin bilsam Gulya ham ayni hisni yashagan ekan. Ammo biror joyda bu haqda biror kishi gapirmadi ham, eslamadi ham.

Shu voqea katta qo’rquvni engishga zamin bo’lganini keyin angladim. Demak, odamlar qo’rquv zanjiri bilan o’rab tashlangan va hech qanday nazorat qilmasangiz ham ular o’zlarini o’zlari nazorat qilar ekanlar. Rejim ana shunday yo’q kuch ustiga qurilganini his qildim . Demak, agar odamlar istasalar ko’p narsa bo’lishi mumkin ekan.

Moskvada Ahmadjon Muxtorovning ishonchli vakili sifatida yurgan kunlarimda boshqalarda qo’rquv zanjiri yo’qolganini ko’rdim. Ammo O’zbekistonda hali bu qo’rquv yashayotgan va odamlarning aksariyati o’z-o’zini nazorat qilayotgandi. Ana shu masala tinchlik bermas va nima qilib bo’lsa ham bu yo’q zanjirni uzish kerak, deb o’ylardim.

Ahmadjon aka SSSR Xalq deputati bo’lganlaridan keyin u kishini Moskvaga Oliy kengashga doimiy ishga chaqirishdi. Shu munosabat bilan Toshkentdagi ishlarini topshirdilar.

-O’rningizga o’tib, bir o’zimni sinab ko’rmoqchiman,-dedim Ahmadjon akaga.

-Nima deyapsiz? Oliy Kengashdagi ishingiz bundan o’n marta yuqori-ku? Nima qilasiz bu o’lik tashkilotni? Hatto bitta mashinasi va alohida bir binosi yoki xazinasida bir miri puli ham yo’q-ku?,-dedilar.

-Lekin bir urinmoqchiman,-dedim.

-Markaziy qo’mita allaqachon o’z nomzodini tasdiqdan o’tkazib qo’ygan-da.

-Kim ekan?- deb qiziqdim .

-Lutfillo Kabirov, ilgari rus tilida u-bu narsa yozib yurardi. Markaziy qo’mitada instruktor ekan. O’zbek tilini ham yaxshi bilmaydi. Tashkilot bugungisidan ham battar bo’ladi, endi.

-Siz qarshilik qilmadingizmi?

Ahmadjon aka bir zum o’ylanib turdi-da chuqur uf tortib, gapira boshladi׃

-Islom aka mendan xavfa. Hatto tabriklamadi ham, “Deputat bo’lish niyatingiz bor ekan, o’zimizga aytsangiz ham bir joydan saylatardik”, dedi. Endi Moskvada bir guruh tuzib o’zbekistonlik deputatlarni boshqarish rejasi bor ekan. Gdlyan haqidagi chiqishlarim ham u kishiga yoqmagan. Maslahat qilib, keyin gapiring, deyapti…

Oshkoralik qo’mitasida O’zbekiston Jurnalistlar uyushmasi raisligiga muqobil nomzod yo’li bilan saylov o’tkazish masalasini ko’tardim va o’z nomzodimni ham ko’rsatishim mumkinligini aytdim. Jurnalistlar tashkiloti raisligi hozir egallab turgan lavozimimdan past bo’lgani uchun ham ko’pchilik ajablanmas edi. Aks holda mansab uchun o’zini urmoqda, deyishlari ham mumkin edi.

Lekin bu voqea kommunistik idora bilan Oliy kengash orasidagi ilk va hal qiluvchi to’qnashuv bo’ldi. Chunki majlis qilgan kunimizning o’ziyoq Markaziy Qo’mitaning ideologiya bo’yicha kotibi Jahongir Hamidov (asli biolog bo’lgan va qo’lidan hech ish kelmaydigan bu odamni ideologiya bo’yicha kotib qilib qo’yishgandi. Keyin eshitishimizcha u Karimovga kamgapligi bilan yoqib qolgan va “do’sti”ga aylangan ekan)  telefon qildi va׃

-Nima gap?-yumshoq ohangda.

-Kecha majlisga kelmadingiz?- deya men ham yumshoq ohangda savol bilan javom qildim. U Oshkoralik qo’mitasining a’zosi va keyingi paytlarda majlislarga kelmas edi.

-Sizlar shunday majlis qilayapmiz, deya maslahat qildingizlarmiki, men boray?-deya u yana savol bilan davom etdi. Bo’sh kelmaslikka urindim׃

-Nega maslahat qilishimiz kerak? Majlis chaqirish Oshkoralik qo’mitasi raisi va o’rinbosarining vakolatiga kiradiku?

-Lekin majlisda muhokama qiladigan masalani bizning bo’lim bilan kelishib oldinglarmi?

-Kechirasiz-u, siz Oliy kengashni Markaziy Qo’mitaga bog’lab qo’ymoqchimiz? Xalq vakillariga bu haqorat emasmi? Hamma yoqda demokratiya haqida gurillab gap bo’lib tursayu siz shunday desangiz uyat bo’lmaydimi?-dedim o’zimni bosolmay.

-Sizni chaqirtirgandim, kelmabsiz, mana endi o’zim telefon qilayapman, Islom aka shaxsan gaplashib qo’y deganlari uchun, Jurnalistlar uyushmasida nima qilmoqchisiz?

Bu gap asabga tegdimi yoki yoshlik g’ururi qo’zg’ab ketdimi sharta-shurta javob qilib yubordim׃

-Birinchidan, kotibingizga “Hamidov janoblariga aytib qo’ying, avval o’zlari majlisga kelishni o’ragnsinlar, keyin biz ham boramiz”, degandim. Ikkinchidan, deputatlik burchingizni bajarib kecha majlisga kelganingizda nima qilmoqchi bo’lganimizni bilib olardingiz!

-Oh-hu! Rostdan ham siz bilan gaplashib bo’lmas ekan-ku,- deb suhbatni yakunladi Hamidov.

Javoblarimga hayron bo’lib qarab turgan Erkin Vohidov kattalar bilan bunday muomila qilib bo’lmasligini aytib, ancha maslahat berdi.

Shu payt qisqa raqamli, hukumat telefoni yana jiringladi. Bu Islom Karimov edi.

-Men chaqirtirsam kelmabsiz,-dedi u.

-Siz chaqirganingiz haqida hech kim, hech narsa degan emas, bo’lmasa borgan bo’lardim,- deya yumshoq javob qildim Erkin akaning nasihatiga amal qilib.

-Agar Markaziy Komitetning qorovuli chaqirsa ham demak men chaqirganim bo’ladi,- Islom Karimov tovushini balandlatib gapira boshladi.-Siz o’zingizni kim deb o’ylayapsiz uka? Bu deputatlik vaqtinchalik narsa, deb takror va takror aytayapman. Yaqinda hammasi joyiga qaytadi. Moskvadagi gaplarga qarab xulosa qilmang. Kommunistik partiya doim hukmron bo’lib kelgan va bundan keyin ham hukmron bo’lib qoladi. Unga dishmanlik qilayotganlar bilan hali gaplashib qo’yamiz. Siz esa aqlli yigitsiz. Ularga qo’shilmang, boshqalarning gapiga kirmang. Ahmadjon Muxtorovga o’xshaganlar o’zlari panada turib sizlarni ishga solish bilan ovora. O’zboshimchalar bugun deputat bo’lgani bilan ertaga yana o’z joyiga qaytarib qo’yamiz.

-Islom aka,- deya uning gaplariga javob qilmoqchi edim, ammo uni to’xtatish qiyin edi.

-Jurnalistlar uyushmasi raisligiga bizning o’z nomzodimiz bor. Eshak bo’lsa ham bizning nomzodimiz bo’lgani uchun u o’tadi. Sizga vazifa kerak bo’lsa, mana menga ayting, qaysi vazirlikni istaysiz, gapimga quloq solib tursangiz Oliy Kengash raisligiga qadar ham olib boraman.

-Ammo bugun men egallab turgan vazifadan juda ham quyida bo’lgan tashkilotni bermayapsizu…

-Gap tashkilotning katta-kichikligida emas, gap prinsipda. Biz aytdikmi, o’sha odam bo’ladi, uka,-dedi Karimov.

Bu masala endi yana ham jiddiy ahamiyat kasb etdi. Jurnalistlar uyushmasi raisligiga nomzodimni tashviq qilishga kirishib ketdim. Uchrashuvlar, majlislar o’takaza boshladik. Ikki uch marta Ahmadjon aka kelib yo’ldan qaytarishga urindi, lekin davom etaverdik.

Qurultoy kuni o’rtaga uchinchi nomzod ham chiqdi. Bu “Birlik”ning nomzodi, jurnalist Anvar Usmonov edi. Dasturlar, rejalar bayon etildi. Men jurnalistlar uyushmasini siyosiy tashkilotga, haqiqatdan jurnalistlarning huquqlarini himoya qiladigan, ularni birlashtiradigan, so’z erkinligini ta’minlaydigan, tsenzuraga qarshi turadigan tashkilotga aylantirish haqida gapirdim. Lutfilla Kabirov va Anvar Usmonov o’z dasturlarini rus tilida bayon etdilar.

Qurultoy O’zbekistonning katta voqeasiga aylandi. O’zbeksiton Kompartiyasi Markaziy komiteti byurosining a’zolari kelishdi. Taklif qilinmagan holda Oliy kengashdan bir qancha rasmiylar ham shu erda edi. Hatto jurnalistikaga hech qanday aloqasi bo’lmagan Kengash kotibi Omon Olimjonov, O’zbekiston Komsomol komitetining birinchi kotibi Aziz Nosirov ham shu erda faol edi. Muxolifat harakatlari va partiyalaridan ham vakillar kelgan va Matbuot uyining majlislar zali haqiqiy siyosiy kurash maydoniga aylangandi.

Bu yerda eskilik bilan yangilikning, zulm bilan demokratiyaning, yakkahokimlik bilan erkinlikning kurashi boshlangandi. Xursand bo’ldim. Demak, harakatlarimiz zoe ketmayapti, deb o’yladim. Qurultoyda aytilgan gaplar ham bunday minbarlardan ilk bor aytilayotgan, tortishuvlar ham misli ko’rilmagan edi.

Negadir Ahmadjon aka juda xomush. Uning yoniga borsam׃

-Hali ham kech emas, o’jarlikni tashlab, nomzodingizni oling,- dedi.

-Nima uchun? –deb so’rasam, qo’l siltab ketib qoldi.

Ovoz berish davomida Kattaqo’rg’ondagi “Zarafshon” gazetasining bosh  muharriri Asqar Jalilov yonimga keldi. Asqar aka bilan Samarqandda viloyat gazetasida birga ishlagan edik. O’shanda Ahmadjon Muxtorov muharririmiz edi.

-Ahmadjon akani tanimay qoldim, u kishiga tushuna olmay qoldim, hammaning yoniga borib, Jahongirga ovoz bermanglar, deb tashviq qilmoqdalar. U o’jar, mening gapimga kirmadi, o’ziga yomonlik qilmoqda. Unga do’stlik qilaman, desangizlar unga qarshi ovoz beringlar, deb yuribdilar,-dedi u.

Yana Ahmadjon akaning yoniga bordim.

-Bilasizmi, bu prinsiplar jangi, agar shu erda yutqazsak, tamom, hech qachon yuta olmaymiz. Ko’rayapsiz, demokratiya hamma respublikalarga kelganda ham bizda yo’q. Biz odamlardagi qo’rquvni sindirishimiz kerak. Agar bugun yutqazsak, mana baribir hech narsa qilib bo’lmaydi, degan fikrlar yanada qat’iylashadi,- dedim.

-Baribir hech narsa qilib bo’lmaydi,-dedi Ahmadjon aka.

-Lekin sizning deputat bo’lganingiz va mening ham deputat bo’lganim aniq masala. Yo’limizni to’sa olmadilar. Bizga o’xshab 20-30 kishi ularning devorini buzib o’tdi. Demak, mumkin ekan.

-Gap ana shunda, 20-30 kishimiz. Ular esa bir necha yuz kishi. Muxolifatmiz, deb yurganlarning ko’pi esa shu yo’l bilan mansab olish niyatida. Mana qurultoyda aytganlaringizni eshitib turishdi. Ammo o’zlarining nomzodini ilgari surishdi. Agar gap maqsadda bo’lsa, nega sizni qo’llashmadi? Bundan keyin ham qo’llashmaydi? Yolg’izlanib qolasiz?-dedi Ahmadjon aka achingan qiyofada.

-Ulardan qo’llashlarini so’raganim ham yo’q. Bu oddiy hol. Nomzod qancha ko’p bo’lsa, shuncha yaxshi. Bu-demokratiya.

Qozonni qaynatmoqchi edim, menimcha ulgurdim shunga.

-Agar demokratiya bo’lsa, nega men bilan gaplashib turibsiz. Men ham demokratiyaga rioa qilib, o’zim istagan nomzodni tashviq qilib yuribman. Siz esa qarshilk qilayapmiz? Qozonga kelsak, gap uning qaynashida emas, gap pishadigan ovqatda. Bular allaqachon bir xalta tuzni tashlab bo’lishdi. Endi bu oshni hech kimga edira olmaysiz,- dedida “Qalay mot qildimmi?” degandek, elkamga urib qo’ydi.

Ahmadjon akadan juda qattiq xafa bo’ldim.

-Bu demokratiya emas, bu demokratiya g’oyalarini sotish, degim keldiyu u kishini juda hurmat qilganim uchun ayta olmadim.

Sanoq komissiyasi ichida jurnalistlar Ismat Xushev va Dadaxon Yoqubov ham bor edi. Bir payt Dadaxon mening yonimga kelib,

-Ismatga ovozlar sonini o’zgartirish yuklangan. Menga ham, lekin men buni qilmadim. Ana u Ahmadjon tog’angiz bilan Ismat bir nimalarni rejalayaptilar,-dedi.

-Bu gapingizni qurultoyga ham ayting,-dedim.

Dadaxon:

-Nima qipti, meni qo’rqoq deb o’ylayapsizmi, qurultoyga ham aytaman, kerak bo’lsa Islom akaning o’ziga ham aytaman,-dedi,-Ismat nimadir qilib Siz va Lutfillaga 75 tadan, Anvar Usmonovga 22 ta ovoz chiqardi. Keyin Islom akaga telefon qilishdi. U kishiga haqiqatni mana men aytaman. Ammo Ahmadjon aka ichkariga kirib, men Jahongirga ovoz bergandim, qaytib oldim va Lutfillaga ovoz bermoqchiman, shuni o’zgartirib qo’yinglar, dedi.

Shu payt Ahamadjon aka minbarga chiqib gapira boshladi. Meni anchadan beri bilishini va o’jarligimni ham aytib, menga ovoz bermaganini e’lon qildi.

Sanoq komissiyasi ham Ahmadjon aka aytgandek qilib, natijani o’zgartirib aytdi. Lekin Dadaxon so’zida turdi va qurultoyga murojaat qilib, orqada bo’lgan o’yinni ayta boshladi. Sanoq komissiyasining natijasiga isyon qilgan delegatlar zalni tashlab chiqib keta boshladilar. Dadaxonning aytganlarini kimdir eshitdi, kimdir eshitmadi. Ammo uning “Natijalar buzildi” degan gapi quloqlar ostida qoldi.

Sanoq komissiyasining natijasi qurultoy tomonidan tasdiqlash uchun ovozga qo’yilmay, qurultoy yakunlanmay qoldi. Chunki hamma yoq g’ala g’ovur bo’lib ketgandi. Ertasiga gazetalarda Lutfillo Kabirov muqobil saylovda O’zbekiston jurnalistlar uyushmasining raisi etib saylandi,  u 76 ta, Jahongir Mamatov 75 ta, Anvar Usmonov 22 ta ovoz oldilar, degan xabar chiqdi.

Meni hayratga solgan esa, Ahmadjon Muxtorovning harakatlari bo’ldi? Nega u bunday yo’l tutdi? Nega o’z iste’dodi va qobiliyatiga qarshi ish tutdi? Nega meni shogirdim, deb yurgan holda oyoqlar ostiga olib toptadi? Bu kabi savollarga javob topa olmas edim.

Oradan ko’p o’tmay, bir kun Ahmadjon aka saharlab uyga keldi. Undan xafa bo’lganim uchun ichkariga taklif qilish yoki qilmaslikni ham bilmay qoldim.

-Bugun Moskvaga qaytayapman. Siz xafa bo’lmang, saylovda yutqizgan bo’lsangiz hayotingizni qutqazib qoldingiz. Islom aka meni ham, sizni ham o’ldirtirib yuborishini aytgandi. Shu bois shunday yo’l tutdim,- dedi.

-Uning shu gapiga ishondingizmi?- dedim.

-Siz ishonmasligingiz mumkin. Ammo men ishonaman. Ularning qo’lidan hamma ish keladi. Ular kechirishmaydi. Kechirish nimaligini bilishmaydi. Siz esa ularga qarshi isyon qildingiz. Ular o’z prinsiplarini qutqazib qolish uchun hamma yo’lga bosh uradilar…

-Biz yutganimizda ularning “printsip”larini sindirgan bo’lardik. Hamma narsa birinchi odimga bog’liq. Birinchisida yutdingizmi, demak yo’l ochiladi.

-Mayli ukajon, men sizni o’g’limdek yaxshi kuraman, ko’nglimdagini aytdim, qo’ydim, ammo u kecha ham telefon qildi. Meni qattiq haqorat qildi, yana, sizni o’ldirtirib yuborishini aytdi. Undan ehtiyot bo’ling, uni yaxshi taniyman. U mafiyadan chiqqan, butun mafiya uning orqasida.

Ahmadjon akaning ko’zida yosh halqalandi… Hech narsa deyaolmadim. Baribir o’z fikrimda edim. Agar u kishi mahkam turganda Islom Karimovning malaylari hech narsa qila olmas edi. Ana shu birinchi yutqazish keyingi odimlar davomida bizga qimmatga tushishini his qilardim, ammo bu qay yo’sinda bo’lishini tassavvur qila olmasdim. Lekin Ahmadjon akaning ketayotib aytgan yana bir gapi quvvat berdi.

-Men uning haqoratlarini javobsiz qoldirmayman… Agar sizga biror narsa qilgudek bo’lsa, hayotining eng katta xatosini qilgan bo’ladi. Uning ajali  men bo’laman!

Demak, bu odamning ham qalbida isyon bor.U kishiga nisbatan xayolimdan o’tgan salbiy fikrlar birdan g’uv etib uchib ketdi va kuzatib qo’yish uchun chiqdim. Ketayotganlarida:

-Baribir yutishimiz kerak edi,-dedim.

-Men ham shu fikrga keldim, ammo kech…-dedilar.

O’zbekiston jurnalistlar uyushmasining  qurultoyidan esda qolgan yana bir voqea shuki, majlisga Bosh vazir o’rinbosari, shoir Erkin Samandarov raislik qilgandi  va ochiqdan-ochiq meni saylamasliklarini talab etgandi. O’shanda xorazmlik yosh bir jurnalist o’rnidan turib:

-Yoshulli, katta ishga o’tib vijdoningizni sotib yuboribsizku!- degandi.

Shu narsaga aminmanki, bu gapni Erkin Samandarov hech qachon unuta olmagan bo’lsa kerak, ayniqsa Karimovning topshirig’i bilan yuqoridagi kabi juda ko’p “hunar”larni ko’rsatib,  keyin ishdan  quvib yuborilgach,  ayniqsa, bu so’zlar bot-bot quloqlari ostida jarangalagan bo’lsa ajab emas?!

7.IKKINCHI SESSIYA: MUSTAQILLIK DEKLARATSIYASI

Mustaqillik g’oyasi hamma joyda to’lqinlangan va bu to’lqin birin-ketin sohillardagi qoyalarni yiqitayotgandi. Ba’zi jumhuriyatlarda bu to’lqin qarshisiga tanklar, turli silohlar olib chiqilsa-da, to’xtatishning imkoni bo’lmayotgandi. Chunki bu to’lqinning orqasida engib bo’lmas kuch – xalq bor edi. Bu to’lqin estirayotgan shamol har bir eshikdan ichkariga kirayotgan va insonlarning qalblari, shuurlarini qitiqlayotgan edi.

Ammo biz eng orqada bo’lmasakda, eng orqadagi o’rinlardan birida edik. Anashu orqadalik demokrat deputatlarga tinchlik bermas edi. Mustaqillik har birimizning ko’nglimizdagi eng ulkan orzu edi.

1990 yilning 18 iyunida boshlanadigan O’zbekiston Oliy Kengashi 12 chaqiriq ikkinchi sessiyasi oldidan kun tartibini muhokama qilish uchun rayosat majlisi chaqirildi. Oliy kengash raisi, o’rinbosarlari va qo’mitalarning raislari rayosat a’zosi bo’lganlari uchun majlisda hal qiluvchi ovozga egadirlar. Ammo biz ham qatnashsak, bizni chiqarib yuborish huquqlari yo’q edi. Shu bois bu majlisga kirdik va mustaqillik  masalasini ko’tardik.

-Bugun bo’lajak sessiyaning kun tartibini muhokama qilayapsizlar, – dedim rayosatda so’z olib. – Bilaman, rayosatimiz “yuqori” bilan maslahatlashmasdan qaror chiqara olmaydi. Lekin bu masala maslahatni kutmasligi uchun ham uni kun tartibiga kiritishlaringizni so’raymiz. Yoki bugun rayosat bir hay’at tuzsin va sessiya ish boshlagunga qadar loyihalarni ko’rib chiqib, muhokamaga hozirlasin.

-To’g’ri,-deya qo’lladi Madaniyat qo’mitasi raisining o’rinbosari Alijon Qo’chqorov. -Mana men uzoq yillar partiya markazqo’mida ishladim, lekin bugun mustaqillik deya to’lg’anayotgan yigitlarga qo’shilaman. Bu bir yoki ikki kishining tashabbusi emas. Bu butun xalqning dardi. Shu sababdan unga qo’shilmasdan va uni qo’llab-quvvatlamasdan ilojimiz yo’q.

Uning yonida Baxtiyor Qodirov degan deputat o’tirgandi, u ham qo’shildi. Keyin men kabi rayosat a’zosi bo’lmasada majlisga kirgan boshqa deputatlar ham dastaklashdi bu fikrni.

Rais Mirzaolim Ibrohimov hech narsaga “yo’q” demas edi. “Xo’p” derdi, kulardi, lekin va’da amalga oshmay qolaverardi.

Kutilmaganda Erkin Vohidov so’z oldi׃

-Menimcha bu o’ylab ko’rilishi kerak bo’lgan masala. Hozir birdan kun tartibiga qo’shsak sessiyada shoshib qolamiz, tayyor bo’lmagan narsani qanday qilib muhokamaga olib chiqish mumkin? Oldin xalqdan so’rab ko’raylik. Qani nima deydi? Shu bois men bu masala bilan shug’ullanadigan bir  hay’at tuzishni taklif qilaman. Ungacha Oqsoqolning  fikrlarini ham bilamiz.

Erkin aka va hamqurlari Islom Karimovni “Oqsoqol”  deyishardi.

-Hurmatli Islom akaga o’zim tushuntiraman. Erkin akaning takliflari esa juda to’g’ri, men o’zim Islom akadan izn olib bu masalani sessiyada muhokamaga qo’yaman.- dedi Mirzaolim Ibrohimov “Oqsoqol”ning o’rniga “Islom aka”ni ishlatib.

-Lekin tavsiya qilinadigan kun tartibi qo’lingizda, hoziroq unga kiritib, qabul qilish mumkin, – deya luqma tashladim.

-Tushunaman, yoshlarning qoni qaynab turadi. Ammo bu masala juda ham jiddiy, uni ikki og’iz gap bilan hal qilib yuborib bo’lmaydi, qolaversa taklifingiz rad qilinmadi, qabul qilindi deb hisoblayvering, uka, – yumshoq ohangda e’tiroz bildirdi rais.

-Bu yerda Mustaqillik Deklaratsiyasi matnini tayyorlaydigan guruh tuzish taklif qilindi, hech bo’lmasa buni amalga oshiraylik, ish davom etib tursin, – dedi Alijon Qo’chqorov.

-Bizga imkon bering, agar yo’lini topsak guruh-puruhsiz ham bu masalani hal qilamiz…,-javob qildi rais  biroz zarda bilan.

Shundan keyin sessiya oldidan “Mustaqillik Deklaratsiyasi” degan nom bilan ikkita o’zbekcha matn paydo bo’ldi. Birinchisi, “ERK” partiyasi tayyorlagan va ikkinchisi “Birlik” xalq harakati.

Birinchisi ancha mukammalroq bo’lib, bir sahifadan ko’proq edi. Ikkinchisi, esa yarim sahifa bo’lib, umumiy ruhdagi chaqiriq kabi yozilgandi. Oliy Kengashda ishlaydigan xodimlar “Bular shunchaki oddiy qog’ozlar” deb qo’l siltashardi.

Biz Oliy Kengash idorasida ishlaydigan  demokratik ruhdagi deputatlar esa  har ikkalasidan ham foydalangan holda yanada aniqroq va mukammalroq loyiha tayyorlashni o’ylardik. Ya’ni unga qonuniy tus berish kerakligi haqida bosh qotirar edik. Lekin ba’zi qo’mita raislari va hay’atdagilar bunga  qarshi edilar. Moskvadan ajralish kerak, degan gapni emas, SSSR tarkibida qolib, Ittifoq Shartnomasini imzolab, kenroq vakolatlar olish kerakligini afzal ko’rishardi.

Chunki o’sha kunlarda Moskvadan shunday bir taklif yuborilgan va qanday vakolatlar istalishi o’rganilayotgan edi. Qo’mita raislari quruq gapdan ko’ra,  amaliy odim tarafdorimiz, Moskvadan ko’proq erkinlik olsak bu foyda degan fikrlarini bizga ham singdirishga urinishardi. Karimov ham ko’proq erkinlik bilan Ittifoq tarkibida qolish kerakligini va ayniqsa o’zi iqtisodchi bo’lgani uchun ham buning afzalligini tushunishini bot-bot takrorlardi. Uning faqat bitta  o’yi borligi yaqqol sezilib turardi: bu o’y nima bo’lsa ham Moskva menga tegmasin, qolgani dunyoni suv bossa ham to’pig’imga chiqmaydi qabilida edi.

Sessiya boshlanishidan bir kun oldin ko’nglimga bir fikr keldi. Nega sessiya kotibiyati a’zolari oldindan  tayinlanib qo’yiladi va sessiyada nomlari o’qib beriladiyu  “tasdiqlandi” deb o’tib ketilaveradi? Vaholanki butun sessiyaning taqdiri ana shu kotibiyatning qo’lida. Agar kotibiyat mustaqil bo’lsa, majlislar erkin o’tadi, kun tartibiga istalgan narsani qo’shish mumkin?

Oliy kengashdagi do’stlarimga:

-Majlis ochilishi bilan kotibiyat e’lon qilinar ekan, har birimiz bittadan nomzod ko’rsataylik. Ular o’n besh nomzod ko’rsatishsa, biz o’n olti kishini ko’rsataylik. Majburan ovozga qo’yadi. O’tgandan keyin bizning odamlar kotibiyat majlisida rais nomzodini o’zimizdan ko’rsatsin. Chunki majlisning taqdiri kotibiyat raisining qo’lida. Butun ro’yxatlar, qarorlar uning qo’lida bo’ladi. U esa birortasini ham raisga bermaydi, senariyasiz sessiya o’tkazamiz deb e’lon qiladi. Deputatlarning talablari sifatida Mustaqillik Deklaratsiyasi muhokamasini ham kun tartibiga kiritishni so’raydi…,- dedim. Ularga ma’qul bo’ldi bu fikr.

Sessiya kuni Karimov chet ellik mehmoni bilan vodiyga ketgandi. Bu ham ishni qulaylashtirdi. Kotibiyat a’zolari tasdig’i boshlanganda  “Menda taklif bor” deya o’rnimdan turdim va  kotibiyat a’zolarini yangidan saylash kerak degan taklifni aytdim. Mirzaolim Ibrohimov:

-Ukam, hech jim o’tirmadingiz. Kotibiyatga u a’zo bo’ldi nima, bu a’zo bo’ldi nima? Shu kotibiyat o’zgargani bilan bir narsaga erishasizmi?- dediyu qo’shimcha qildi: -Menda ham taklif bor, Jahongir Mamatovning o’zi komandasi bilan sekretariatni egallasin, ko’ramiz qani nima bo’larkin? Qani ro’yxatingizni o’qing!-dedi.

Men shoshib qoldim, chunki qo’limda ro’yxat yo’q edi. Ammo bunday imkoniyatni boy bermaslik uchun cho’ntagimdan yon daftarchamni chiqardim-da, go’yo unga ismlar yozilgandek, aslida esa xayoldan, yangi nomzodlar ro’yxatini o’qiy boshladim. Oliy kengashda birgalikda faoliyat ko’rsatayotgan do’stlarimning ismlari bor edi bu “ro’yxatda”.

Boshqalarga taklif kiritish uchun hojat ham qolmadi. Bir zumda men taklif qilgan “ro’yxat” tasdiqlandi va biz orqadagi xonaga o’tib, kotibiyat majlisini qildik. Aslida o’zim “ro’yxat”da yo’q edim. Chunki o’z nomimni o’zim taklif qila olmas edim. Ammo Mirzaolim Ibrohimovning taklifi o’laroq ismim ro’yxatga kirdi va kotibiyatning ilk majlisida  rais etib saylandim.

Karimov bo’lganda bunga yo’l bermasdi. Mirzaolim Ibrohimov esa hayotining eng katta “xato”sini qilib qo’yganidan bexabar edi.

Bir payt Karimov kirib keldi. U minbarda kotibiyat uchun ajratilgan joyda o’tirganlarni ko’rib hayronomuz termuldi-da, “salom” degandek mening elkamga urib qo’ydi va raisning yoniga borib utirdi.

Raisdan so’z so’radim.

-So’z kotibiyat raisiga, – dedi Mirzaolim Ibrohimov.

O’rtadagi minbarga chiqdim-da:

-Rayosat taklif qilgan kun tartibi aniq. Lekin istagan odam kun tartibi bo’yicha taklif kiritishi mumkin. Kotibiyatga kelgan takliflaringizni albatta oshkor etamiz va ovozga qo’yamiz. Mana bu so’zga chiquvchilar  ro’xati esa oldindan tayyorlab qo’yilgan ekan, uni yirtamiz.

Shunday deb, qo’limdagi qog’ozlarni ikkiga bo’lib, yirtdim.

–So’zga chiquvchilar ham kotibiyatga taklif bersinlar, biz ro’yxatni takliflarning kelgan soati, daqiqasiga qarab tuzamiz, – dedim.

Majlisda jonlanish yuz berdi. Uyqusirab o’tiradigan to’ralarning ham paytavasiga qurt tushdi.

-Men qaysi qog’ozga qarab ish yuritaman, – deya kinoya qildi Mirzaolim Ibrohimov. U Karimovning kelib qolganidan vahimaga tushgandi.

-Kun tartibiga qarab raislik qilaverasiz, – deb  minbardan tushib, o’rnimga kelib o’tirdim. Karimov esa o’rnidan turdi-da qo’l siltab chiqib ketdi. Uning nimaga kelib, nimaga ketganini hech kim tushunmadi.

Mirzaolim Ibrohimov nima qilishini bilmay qoldi. Oldidagi qog’ozlarning aksariyati  bekorga chiqib qolgandi. Kotibiyat a’zolari majlisga yuzma-yuz qo’yilgan joyda o’tirib takliflarni yig’a boshladilar va men muhokamaga qo’yiladagan masalalarning nomlarini  e’lon qilib, so’zga chiquvchilar nomini  Mirzaolim Ibrohimovga etkazib  turdim.

Zalda Mustaqillik Deklaratsiyasini kun tartibiga kiritish uchun harakat ham boshlatildi. Avvaliga deputatlar loyihalarni to’ppa-to’g’ri Ibrohimovga beribdilar. U  esa olib, stolning ustida teskari qilib qo’yganicha qaramabdi ham. Shundan keyin qaytadan kotibiyatga keldi. Unda “Mustaqillik Deklaratsiyasi kun tartibiga kiritilishi uchun ovozga qo’yishingizni so’raymiz” deyilgan va 167 deputatning imzosi ilova qilingan edi.

Shu o’rinda kotibiyatga kelgan va arxivimda saqlanib qolgan maktublarning ba’zilarini misol sifatida keltirmoqchiman:

“Sekretariat raisi Jahongir Mamatovga. So’zga chiqish imkoniyatingizdan foydalanib qo’yidagilarni deputatlarga-sessiyaga  etkazishingizni iltimos qilaman:

1.Oliy Kengash raisi takliflarni nega tanlab-tanlab ovozga qo’yadi?

Biz ko’pchilik deputatlarga qo’l qo’ydirib, “Mustaqillik Deklaratsiyasi”ni ovozga qo’ydirishni so’ragandik. Buni e’tiborsiz qoldirish huquqini M.Ibrohimovga kim bergan?

2.Shular asosida va ikki marta norozilik bildirganim ham inobatsiz qolgani  sabab endi raisga ishonchsizlik bildiraman.

Hamza Eshnazaraov, 385-saylov okrugi”.

“Men Marjonbuloq oltin konida ishlayman.Tezroq Mustaqillik Deklaratsiyasini qabul qilaylik. Kech bo’layapti, kech…

Abiyor Barotov, 386- Qo’ytosh okrugi”.

“Hurmatli Islom Abdug’aniyevich!

Biz 167 xalq deputati “Mustaqillik Deklaratsiya”sini muhokama qilishni talab etdik. Lekin raislik qiluvchi ovozga qo’ymayapti. Bir deputat talabi ham ovozga qo’yilishi lozim. Konstitutsiyani himoya qilishni sizdan so’rab, ushbu masalani bugun kun tartibiga kiritib, sessiya oxirida qabul qilish kerak….

Sizga ishonch bilan

Karim Bahriev, 327-Qo’yqishloq saylov okrugi”.

Karimov majlis zaliga Bosh vazir Shukrullo Mirsaidovga ba’zi gaplarni aytib qo’yish uchun kelgan ekan. Chunki vodiydan qaytib endi Markaziy Osiyo liderlari yig’ilishida qatnashish uchun Almatiga borishi ham kerak ekan.

U orqadagi xonada Mirsaidovni kutib, ichkariga u yerga ulab qo’yilgan radiodan majlisdagi tortishuvlarni eshitib qolib, raisga tanbeh berib qo’yish uchun sessiya bo’layotgan joyga chiqqan ekan. Karimov Ibrohimovni “chimchilab”  qo’ygandan keyin orqa xonaga o’tib,  Mirsaidov bilan gaplashib turganda  men kirib bordim. Qo’limda bir dasta maktub va Mustaqillik Deklaratsiyasining matnlari bor edi.

-Nima gap, yana buzg’unchilik-ku?- dedi Karimov.- Qog’ozlarni yirtgan bilan  ish tamom deb o’ylaysizmi? Oldingisi dars bo’lmaganga o’xshaydi.

U Jurnalistlar uyushmasida yutqazganimizga sha’ma qilayotgandi.

-Millatvakillarining ko’pchiligi Mustaqillik Deklaratsiyasini qabul qabul qilishimizni so’rashayapti, -deya gap boshladim men.

Ammo Karimov  gapimni oxirigacha eshitmadi.

-Usha millatvakillaringiz …  qisib o’tirsin, – deya qo’lini musht qilib ko’rsatdi.

Bu gapi qattiq botdi. Chunki men ham o’sha millatvakillaridan biri edim. Shu bois unga javob berish zarur deb hisobladim va:

-Sizni madaniyatli odam deb eshitgandim…,- Aslida madaniyatsiz kalimasini ishlatmoqchi edim, ammo  tilim bormadi.

Karimov yana  so’zimni kesdi:

-Bu deputatligingiz uzoqqa bormaydi, deb necha marta aytdim, tushunasizmi o’zi? Qolganlarniki ham. Mustaqillik esa xoinlik.  Orqadan pichoq urishdir. Gapirishni bilasiz hammangiz,  ish esa menga qolgan. Mana bu Deklaratsiya bir tiyinga qimmat qog’oz, buni tualetda ham ishlatib bo’lmaydi, bildingizmi? Shukur Rahmatovich kerak bo’lsa shu gapni chiqib xalqqa ham aytadi,- Karimov avzoyi buzilib baqira boshladi.

Shukrullo Mirsaidov vaziyatni yumshatmoqchi bo’ldi, shekilli, gapga aralashdi:

-Nima ekan o’zi bu loyihalar? – dedi.

-Men loyihalarni bu yerga olib kelmasligim mumkin edi, ammo bir yuz oltmish yetti millatvakili bu loyihalarning ostiga imzo otgan, prezidentning nomiga murojaat yozgan. Istasangiz, cho’ntagingizga solib qo’ying, bizda muhokama qilish uchun boshqa nusxalari bor,- dedim Mirsaidovning savoliga javob berar ekanman Karimovga yuzlanib. Keyin qo’limdagi qog’ozlarni Karimovga uzatdim. Ammo  u emas Shukrullo Mirsaidov oldi. Karimov esa 167 raqamini eshitib, bir lahza esankirab qoldi. So’ng  Bosh vazirning qo’lidan ro’yxatni olib, ism-shariflarga nazar tashladi.

-Voy, ablahlar, voy nonkurlar,-der ekan, loyihalarni o’qidi-da, sakkiz satrlisini menga uzatdi:

-Mana shunisini majlis oxirida ko’rib chiqishsin, – dedi.

Karimov ajratib bergan sakkiz satrli loyihada hech gap yo’q edi.Chiqib ketar ekanman yana Karimovning gaplari qulog’imga chalindi:

-Bu jo’jaxo’rozlar bilan adi-badi aytib o’tirishga holim yo’q. Agar boyagini muhokamaga qo’yishadigan bo’lishsa, mustaqillik degan so’zlarni “suverenitet” kalimasi bilan almashtirib, Moskvaning qonunlari hududimizda o’z kuchini saqlab qoladi, degan qo’shimcha bilan qabul qilish mumkin. O’shanda hech gap bo’lmaydi. Keyin istasak qaytadan yozamiz, istasak e’lon qilmaymiz. O’zingiz so’zga chiqib, buning bir parcha qog’ozligini tushuntirib bering, bular hali iqtisodning “i” harfini bilishmaydi…Ismoil Hakimovichga ayting, anqayib o’tirmasdan ana u imzo qo’yganlar bilan gaplashib qo’ysin…

Karimov birdan men tomonga qaradi va:

-Yana biror gapingiz bormi?- dedi. Ularning gapiga quloq tutib qolganim odobsizlik ekanligini his qilib “uzr” dedimda  majlislar zali tomon ketdim.

Shu orada Karimov Erkin Vohidovni chaqirtirdi. Men uchun unga tanbeh bera boshladida deya ko’nglim xijil bo’ldi. Mard bo’lsa gapini o’zimga aytaqolmaydimi, deb ranjidim. Ammo gap boshqa ekanligini keyin tushundim.

Mustaqillik Deklaratsiyasini muhokamaga  qo’yamiz desak Erkin aka so’z so’radi.

-Mustaqillik hayotimizning eng muhim va eng kerak masalasi. Shu sababdan bu haqda Deklaratsiya qabul qilish uchun maxsus hay’at tuzishimiz kerak. Bunga yozuvchilar, shoirlar, huquqshunoslar, olimlar, siyosat arboblari, xullas hamma sohadan vakillar kirsin. Shunday bir hujjat qabul qilaylikki, dunyo bizga qoyil qolsin. Sixni ham kabobni ham kuydirmasdan ish qilaylik…,- dedi u.

Undan keyin  Ahmadali Asqarov, Muhammad Solih, Oygul Mamatova, Murod Jo’raev va yana bir necha   kishi so’zga chiqib o’z fikrlarini aytdilar. Ko’pchilik hay’atni shu zahoti tuzib, Deklaratsiyani majlis oxirida qabul qilish kerakligini aytdi. Men ham so’z olib ikkinchi loyiha mukammalligini va uni muhokama etib, qo’shimchalar bilan qabul qilish kerakligini aytdim.

Muhokama davom etar ekan, Karimov chaqirtirdi.

-Siz uka nima qilayasiz, bu o’yinchoq emas, katta davlat, nega siz  menga boshqa narsani ko’rsatib, majlisga boshqa gapni aytayapsiz. Bilasizmi buni nima deyishadi…?,- deb so’kinch gapni ishlatdi..

-Bo’lmasa siz ham ba’zi narsalarni bilib oling,- dedim qizishib.-Biz qabul qilgandan keyin hujjatlar imzolanish uchun sizga boradi. Fikringizni ana o’shanda aytasiz. Istasangiz qo’l qo’ymasdan yana bizga qaytarasiz, veto haqingiz bor va biz qayta ko’rib chiqamiz. Lekin  prezident oldindan ko’rib chiqadi, degan gap yo’q. Shunga qaramasdan men sizga ko’rsatdim. Chunki sizning nomingizga yozilgan murojaat ham bor edi. Deputatlar sizga ishonch bildirib yozishgandi uni. O’zingiz loyihalardan bittasini tanlab menga berdingiz. Men esa ikkinchisini taklif qildim, chunki…

Karimovning jahli chiqqan edi, gapimni kesdi.

-Menga chunki-munkini gapirmang. Sizlar bir nechta jo’jaxoroz bu yerni ham Moskvaga aylantirib yubormoqchisizlar. Ammo bilinglar, bu yerda Gorbachevga o’xshagan lattachaynar yo’q. Sizlar chalgan musiqaga o’ynab o’tiradigan odam yo’q bu yerda. Musiqani men chalaman. Men aytdimmi, tamom, hozirning o’zida chiqib loyihaning ikkinchisini qaytib olasiz va birinchisini o’rtaga qo’yasiz.

-Endi orqaga qaytish mumkin emas. Qolaversa birinchi loyihada hech gap yo’q. Uni e’lon qildigu qilmadik, hech farqi bo’lmaydi,-dedim men.

Karimov mushti bilan stolga urib baqirdi.

-Men aytganni bajar deyapman, senga!

-Meni sensiramang va bu ohangda buyruq ham qilmang! Vasvasaga tushganingizni hozir chiqib deputatlarga e’lon qilaman,-dedim.

Karimov endi peshonasiga mushtladi.

-Hammasiga eshshak KGB aybdor, Melkumov aybdor!  Sanlarni bu yerga yaqin yo’latmaslik kerak,  degandim. Bitta ishni eplolmadi ablahlar.Tarqatib yuboraman, qaytadan tuzaman. Sanlarga esa alohida turma qurib beraman. Chirib ketasanlar o’sha erda.

-Biz chirib ketadigan nima ish qildik? Mamlakatimiz mustaqil bo’lsin desak, bu jinoyatmi?

-Ha jinoyat. Mamlakatimiz bitta. Sovet Ittifoqi. O’shanda tug’ildik o’shanda o’lamiz. Hozir qulay payti kelgan, Moskvadan ko’proq haq olishimiz mumkin. Byudjet teshilib yotibdi. Sanlar oyog’imga bolta urayapsanlar, bildingmi? Moskva bizni mustaqil bo’lishga qo’ymaydi. Oyog’imizdan osadi. Xalqingni ham, sanlarni ham qirib tashlaydi. Sanlar tarixni ham bilmaysanlar.

-Agar sensirashda davom etsangiz men ham sizni sensirab gapiraman,- dedim Karimovning bepisand ohangiga  qarshi.

-Siz bilan hali kamerada sizlashib gaplashaman, unda men gapiraman, siz eshitasiz, chunki javob qaytaradigan mana shu tilingiz kesilgan bo’ladi!

– Hali qassoblik hunarim ham bor deng…

Bilmagan holda Karimovning eng nozik nuqtasiga “urib” qo’yibman. Uning otasi Abdug’ani aka Samarqandda qassob bo’lgani, tuya go’shti sotib qo’lga tushgani, bu esa Karimovda endi partiyaga o’ta olmayman degan fikr o’yg’otgani va shundan keyin otasini do’pposlab uydan chiqib ketganini keyin eshitdim. O’sha kezda otasi yoki biror yaqin kishisi qamalgan bo’lsa, partiyaga a’zo qilib olishmas edi. Ammo Karimovning omadi chopgan ekan. Otasi o’lib ketgan bo’lsada akasi va ukasi qamoqda bo’lishiga qaramasdan U O’zbekiston Kommunistik partiyasi Markaziy Komitetining birinchi kotibi etib “saylangan” edi. KPSS Markaziy Komiteti Siyosiy byurosining a’zosi ham bo’ldi.

Karimov birdan baqirib yubordi.

-Shukur! O’ldiraman sani, san aytgansan bularga. Man sanga qassoblikni ko’rsataman, ablah!

U ochiq eshik  tomonga qarab so’kina boshladi. Shukrulla Mirsaidov  bizning tortishuvimiz paytida qo’lidagi sigaretni ko’rsatib tashqariga, ya’ni kichik xonadan kattaroq  joyga o’tgandi. U nima gap, deganday kirib kelganda Karimovning og’zidan ko’pik sachrab so’kinayotgan edi.

Shu payt Oliy Kengash qo’mitalaridan birining raisi Abduvahob YO’LDOSHEVning aytgan gapi esimga tushdi.

-Bu odamning quyanchig’i bor,-degan edi Karimovning jahli chiqishiga sha’ma qilib.

Abduvahob YO’LDOSHEV ilgari Toshkent viloyat ijroiya qo’mitasida rahbar bo’lgan. Keyin uni Samarqand viloyat ijroiya qo’mitasi raisligiga yuborishganda tanishgan edim. 1988 yilda u kishi bilan birga Afg’onistonga borgan edik. Ko’ngli ochiq, samimiy odam. Meni yaxshi tanigani uchun ham maslahat berib turar, Karimovdan ehtiyot bo’lishga undardi. Aslida ham  hali Karimovni yaxshi bilmas edim, ammo u kishi uning musiqasini eshitib ko’rgan, uni yaqindan tanir edi.

U og’ir, har bir gapini o’ylab gapiradigan va  qishloq xo’jaligi iqtisodini yaxshi biladigan odam. Oliy kengashning Iqtisod qo’mitasini boshqarar edi. Samarqand qishloq xo’jaligi institutida ishlagan deputat  Erkin Xo’jaev esa unga o’rinbosar edi. Ular bitta xonada o’tirar edilar. O’zi yolgiz bo’lsagina ancha gaplashardik. Tajribali, bilimli bu odam bilan suhbatlashish maroqli edi. Keyinchalik bilsam, nihoyatda tarbiyali, har bir so’zini o’ylab gapiradigan, o’z ishining bilimdoni bo’lgan bu kishini  ham  Karimov ko’p haqoratlagan  ekan. Mana endi uning  “Karimovning quyanchig’i bor”  degan gapini eslab, rostdan ham shunday ekanmi, deb o’ylab qoldim.

Abduvahob YO’LDOSHEV bunday paytda yo’lini qilib, undan uzoq ketish kerak, der edi. Shu o’gitga amal qilib, tashqariga chiqdimu sessiya bo’layotgan tomonga o’tib ketdim. Deputatlar orasidan Nurali Qobul, Muhammd Solih, Erkin Vohidov va boshqalarni topib, bo’layotgan gaplarni aytib berdim va ularni orqadagi xonaga kelishlarini so’radim.

Oradan ko’p o’tmay sessiyada Shukrulla Mirsaidovga so’z berildi.

-Bu bir parcha qog’oz. Hamma narsa shu bilan hal bo’lib qolmaydi, -dedi u. – Masalaning iqtisodiy tomonlarini ham ko’rib chiqishimiz kerak. Men bilan yonma-yon o’tiradigan bir deputat “Bog’cha qurish ahamiyatlimi, mustaqillik bayonotimi?” deb so’radi. Ana shu savolning o’zi ko’rsatayaptiki, bu masalani bir hay’atga yuklashimiz va butun takliflarni inobatga olgan holda o’rtaga chiqarishimiz kerak. Mana mening qo’limda ikkita loyiha bor. Xo’sh, buning qaysi birini qabul qilamiz? Men majlisda tanaffus e’lon qilinishini va butun viloyatlarning vakillari yig’ilib, bu masalani muhokama qilishlarini taklif etaman.

Karimov allaqachon  barcha viloyat rahbarlarini ichkariga chaqirgan ekan.

Shu orada kotibiyatga SSSR xalq deputati Zolotuxinni sessiyaga kiritishmayapti degan xat keldi. Mirzaolim akadan so’rasam u kishi Markaziy qo’mita tashkiliy ishlar bo’lim mudiri O’tkir Zokirovni ko’rsatdi. Masalani aniqlash uchun uning yoniga bordim.

-Sizlar nima qilayapsizlar o’zi. Oxiri yomon bo’ladi. Bu isyon bilan baravar,- dedi u.

U bilan  ham adi-badi aytib o’tirgim kelmadi. Zolotuxin haqida so’rasam:

-Xomsizlar, dedimku, bunday masalani boshqa odam hal qila olmasligini, faqat o’zlari qaror berishlari mumkinligini bilishingiz kerak,-dedi u orqa xonaga ishora qilib.

Ichkarida Karimov to’plangan  rahbarlar bilan gaplashayotgandi. Kirib borganimni ko’rib:

-Yana nima gap?- dedi.

-Qonunlarimizga ko’ra SSSR xalq deputatlari sessiyaga kirishlari mumkin. Mustaqillik Deklaratsiyasini qabul qilganimizdan keyin bu masalani ham ko’rib chiqamiz. Lekin hozircha…

-Bilasizmi? Siz emas biz ko’rib chiqamiz.O’sha iplos Zolotuxin kim? He, uning onasini…

Karimov baqir-chaqir qilib hali ismini aytib ulgurmaganim Zolotuxinni sirtdan so’ka boshladi. Viloyat rahbarlari bosh egib o’tirardilar. Xorazm viloyatining rahbari ayol edi. U bir nima demoqchi bo’lgandi Karimov uni ham erkakchasiga so’kib berdi.

Mirsaidov hech narsa bo’lmagandek masalani Deklaratsiya tomonga burdi. Baz’i rahbarlarga javob berib yubordi va faol deputatlarni chaqirtirdi. Karimov esa bir chetda Erkin Vohidov, Nurali Qobul va Muhammad Solih bilan Deklaratsiya haqida gaplashayotgan edi. Ular nimani gaplashdilar menga qorong’u, lekin Karimov jahlidan tushib, o’zini ancha erkin sezib qolgandi. Shu bois biz to’plangan joyga yaqin ham kelmadi. Mirsaidov uning yoniga borib keldi-da:

-Takliflarni inobatga olgan holda yangi bir matn tayyorlash uchun besh kishilik ha’at tuzamiz,-dedi. Keyin kimlarni hay’tga kiritishni so’radi. Besh kishini ko’rsatishdi. “Shukrullo Mirsaidov, Jahongir Mamatov, Muhammad Solih,  Murod Jo’raev, Oygul Mamatovadan iborat hay’at tuzilsin” degan qaror olindi.

Vaqt allamahal bo’lib qolgandi. Hamma ketib qoldi. Ammo matn ertalabga tayyor bo’lishi kerak edi. Bu ish Vazirlar mahkamasining umumiy ishlar bo’limi mudiri Ravil Abduqodirov bilan ikkalamizga qoldi. Keyin bilsam, Karimov matnga SSSRning barcha qonunlari O’zbekistonda hal qiluvchi kuchga ega, degan moddani kiritishni istagan ekan.

Biz Ravil Abduqodirov bilan shu erning o’zida o’tirib matnni qayta yoza boshladik. Ravil Abduqodirov ham rus tilida, ham o’zbek tilida hujjatlarni yozishga juda usta ekan. Qisqa vaqtda bir necha variantni yozib qo’ydi. Har bir variantni olib borib Efimovga ko’rsatib kelishardi. U Kommunistik partiya markaziy qo’mitasining ikkinchi kotibi va matnlarni Moskva bilan kelishayotgan ekan. Xullas, ish oqshomdan ertalabga qoldi va ertasi kuni tushga qadar davom etdi. Tushdan keyingi sessiya ochilishi bilan Mirsaidovga so’z berdik:

-Kecha yarim tunga qadar loyihani ko’rib chiqdik,- deya u matnni o’qib berdi va qabul qilinishini so’radi.

Ko’pchilik mustaqillik tashnasi ekanligi sezilib turardi. Mirzaolim Ibrohimov tortishuvlardan keyin masalani ovozga qo’ydi va yana zalga  qarab ham o’tirmasdan “Bir ovozdan qabul qilindi” deb e’lon etdi.. Hamma o’rnidan turib qarsak chalarkan, Efimov, Hamidovlar ham bu shiddatli sel kabi oqimning kuchiga dosh berolmay oyoqqa qalqqandilar. O’sha kezda hali men yaxshi tanimaydigan deputatlar bayroq ko’tarib chiqishdi. Boshqalari “Yashasin mustaqillik!” deya hayqirishdi. Bu hayqirish tog’larda aks sado bergandek qator oralarida takrorlana boshlandi. “Mustaqillik!” deya hayqirayotganlar qandaydir o’y – fikrlarga emas, qalblariga quloq solayotgandilar.

Mustaqillik Deklaratsiyasi qabul qilingandan keyin Karimov yana norozi bo’ldi. Chunki matn uning iznisiz muhokamaga qo’yib yuborilishini kutmagan ekan.

-Bu yana nima gap?,- deya baqira boshaldi.

Shu payt Mirsaidov kelib, loyihalar muhokama qilingani va Efimovga ko’rsatilib deyarli qayta yozib chiqilganini aytdi. Karimov qo’lidagi qog’ozni unga pesh qilib baqirar ekan, men chiqib ketdim, chunki do’stlarim kutib turishgandi. Toshkent mehmonxonasiga borib, u erdagi deputatlar bilan restoranda bayram qildik, hamma bir- birini qutlagan, shod edi.

O’shanda biz Oliy kengashda ishlagan deputatlar Vazirlar mahkamasiga qarashli mehmonxoda yashar edik. Kechqurun televidenieda sessiya haqida ma’lumot berilib, Deklaratsiya haqida gap bo’lmadi. Qo’shni xonalarga o’tib Meli Qobulov, Oygul Mamatova, Hamza Eshnazarov  va boshqalarni to’plab masalani muhokama qildik.

Norozilik bayonoti yozib e’lon qilamiz, degan qarorga keldik. So’ngra Markaziy Qo’mitaning televidenieni nazorat qiluvchi  kotibi  Jahongir Hamidovga sim qoqdik.

-Biz ham shuning dardida uxlamay  o’tiribmiz, – dedi Hamidov. – Boshqa norozilar ham bor, muxolifat mitingga chiqmoqchi ekan, Islom akaga telefon qilayapmiz, bog’lanishning iloji bo’lmayapti…

1990 yilning 20 Iyunida qabul qilingan Mustaqillik Deklaratsiyasi nihoyat  22 iyunda  “Sovet O’zbekistoni” gazetasida bosib chiqarildi. “O’zbekiston adabiyoti va san’ati gazetasi” esa deklaratsiyani 29 iyunda e’lon qildi. Deklaratsiya Karimov tomonidan tuzatilgan va undagi “O’zbekiston” kalimalari “O’zbekiston SSR” deb o’zgartirilgan va Moskvani qoniqtiradigan bir qancha o’zgarishlar kiritilgandi. Ya’ni Karimov o’z so’zida “turgan” va  Deklaratsiyani o’ziga moslab e’lon qilgandi. Masalan, undagi 12- modda muhokama qilinganda quyidagicha edi:

“12. Ushbu Deklaratsiya mustaqil O’zbekistonning yangi konstitutsiyasini ishlab chiqish uchun asosdir”.

Karimov tomonidan matbuotga berilgan matnda esa bu modda quyidagicha edi׃

“12.Ushbu Deklaratsiya O’zbekiston SSR ning yangi konstitutsiyasi  hamda ittifoq shartnomasini ishlab chiqish uchun asosdir”.

O’shanda Moskva respublikalarga Ittifoq shartnomasi tuzishni taklif qilgan payt  bo’lgani uchun ham bunga urg’u  berilgan bo’lsa ajab emas?!

Quyida O’zbekiston Mustaqillik Deklaratsiyasining 1990 yil 20 iyunda qabul qilingan va Karimov tomonidan  o’zgartirib ikki kun keyin e’lon qilingan matnini keltirmoqchiman.  Qora harflar bilan yozilgan va  ostida chiziq bo’lgan kalimalar Deklaratsiya xalq vakillari tomonidan qabul qilingandan so’ng unga  zo’ravon hukumat tomonidan qo’shilgan so’zlaradir.

“Mustaqillik Deklaratsiyasi

O’zbekiston SOVET SOTSIALISTIK RESPUBLIKASI Oliy soveti:

O’zbek xalqining davlat qurilishidagi tarixiy tajribasi va tarkib topgan boy ana’nalari,

Har bir millatning o’z taqdirini o’zi belgilash huquqini ta’minlashdan iborat oliy maqsad haqi,

har bir kishining farovon hayot kechirishini ta’minlashni oliy maqsad deb bilgan holda,

O’zbekiston xalqlarining kelajagi uchun tarixiy mas’uliyatni chuqur his etgan holda,

xalqaro huquq qoidalariga, umumbashariy qadriyatlarga va demokratiya printsiplariga asoslanib,

O’zbekiston SOVET SOTSIALISTIK RESPUBLIKASIning davlat mustaqilligini e’lon qiladi.

1.O’zbekiston SSRning demokratik davlat mustaqilligi respublikaning o’z hududida barcha tarkibiy qismlarida va barcha tashqi munosabatlardagi tanho hokimligidir.

2.O’zbekiston SSRning davlat hududi, chegarasi daxlsiz va bu hudud xalqning muhokamasiga qo’yilmay turib o’zgartirilishi mumkin emas.

3. O’zbekiston SSRda davlat hokimiyati uning hududiga kiradigan barcha tarkibiy va bo’linmas qismlari ustidan amalga oshiriladi va shu hududda yashaydigan aholiga taalluqlidir.

4.SSSR Oliy Sovetida qabil qilinadigan qarorlar O’zbekiston SSR konstitutsiyasiga muvofiq Oliy Sovet tomonidan tasdiqlangandan keyingina O’zbekiston SSR hududida kuchga ega bo’ladi.

(IZOH:Islom Karimov bu bandni “SSSR Oliy Sovetida qabul qilinadigan qarorlar O’zbekiston SSR konstitutsiyasiga muvofiq O’zbekiston SSR hududida yetakchi kuchga egadir” tarzida taklif qilgan ammo deputatlarning qattiq talabi bilan unga “O’zbekiston Oliy Soveti tomonidan tasdiqlangandan keyingina” degan qo’shimcha kiritilgan edi-JM).

5. O’zbekiston SSR davlat hokimiyati vakolatiga O’zbekiston SSR ichki va tashqi siyosatiga tegishli barcha masalalar kiradi.

6. O’zbekiston SSR xalqaro huquqning asosiy prinsiplarini tan oladi va hurmat qiladi.

7. O’zbekiston SSR ITTIFOQDOSH RESPUBLIKLAR  VA boshqa davlatlar bilan o’zining siyosiy, iqtisodiy, madaniy va boshqa munosabatlarini shartnomalar asosida belgilaydi va amalga oshiradi.

8. O’zbekiston SSR o’zining taraqqiy yo’lini,  O’Z NOMINI O’ZI BELGILAYDI va davlat belgilarini (Gerb, Bayroq, Madhiya) o’zi ta’sis etadi.

(IZOH:Bu band O’zbekiston  o’zining taraqqiy yo’lini o’zi belgilaydi va O’zbekiston SSR  O’zbekiston Respublikasi deb o’zgartirilganini e’lon etadi va O’zbekiston respublikasining davlat belgilarini (gerb, bayroq, madhiya) o’zi ta’sis etadi.” tarzida edi-JM).

9.QORAQALPOG’ISTON MUXTOR SOVET SOTSIALISTIK RESPUBLIKASI MUSTAQILLIGINI MUXTOR RESPUBLIKA KONSTITUTSIYASI TA’MIN ETADI. O’ZBEKISTON SSR UNING ASOSIY QONUNI VA O’ZBEKISTON SSR KONSTITUTSIYASI ASOSIDA QORAQALPOG’ISTON MSSRNING MANFAATLARINI HIMOYA QILADI.

(IZOH:Asosiy matnda bu band quyidagicha edi: Qoraqalpog’iston kelajagini O’zbekiston qonunlari doirasida bu hududda yashayotgan xalqlarning vakillari o’laroq bu jumhuriyatning oliy soveti belgilaydi”. Bu mazkur mintaqa deputatlarining taklifi edi.-JM).

10.O’zbekiston SSRning qonun chiqaruvchi hokimiyati O’zbekiston SSR davlat mustaqilligini amalga oshirish uchun zarur bo’lgan qonunlarni ishlab chiqadi. O’zbekiston SSRning siyosiy va iqtisodiy sistemalari tarkibini va qurilishini belgilaydi.

11.O’zbekiston SSR Oliy Soveti umumxalq muhokamasi asosida demokratik huquqiy davlat tuzishga qaror qilganini bildiradi. O’zbekiston SSRda yashayotgan barcha millat va elatlarning qonuniy, siyosiy, iqtisodiy, etnik, madaniy huquqlariga hamda ona tillari rivojlantirilishiga kafillik beradi.

(IZOH: Bu moddaning ikkinchi jumlasi asl matnda yo’q edi. Bilishimizcha  ruslarning va rus tilining manfaati ko’zlangan holda bu satrlar kiritilgan.-JM)

12.Ushbu Deklaratsiya O’zbekiston SSR ning yangi konstitutsiyasi  HAMDA ITTIFOQ SHARTNOMASI ni ishlab chiqish uchun asosdir”.

Aslida demokratik jamiyatlarda parlament qabul qilgan hujjatga bunday o’zgartirish kiritish tasavvurga ham sig’maydi va bu  juda katta jinoyatdir.O’zbekistonda esa barcha qabul qilingan  qonunlarga sessiyadan keyin ham qo’shimcha kiritilaveradi. Bu esa diktaturaning jinoyat klubidan iboratligini ko’rsatuvchi bir dalildir.

Xullas, bu bo’limga ilova qiladigan yana bitta narsa bor. Ikkinchi sessiyadan keyin O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy qo’mitasining plenumi chaqirildi va sessiyada jilovni deputatlarga berib qo’ygani uchun Mirzaolim Ibrohimov masalasi muhokama etilib, uning raislikda qolib qolmasligi savol ostiga qo’yildi.

Shuncha bo’lgan voqealarga qaramasdan, O’zbekiston Mustaqillik Deklaratsiyasi xalqimizning, uning vakillarining, muxolifatning (“ERK” va “Birlik” nazarda tutilmoqda) azmini o’rtaga qo’ygan ulkan hodisadir.

Ushbu tarixiy hodisadan keyin oradan bir yilu ikki oy o’tib Karimov qaytadan Mustaqillik e’lon qilar ekan, deputatlarning beparvoligi, hatto qarsak chalishmagani bugunga qadar masxara qilinadi. Aslida bu ularning Karimovga, uning ikkiyuzlamachiligi, so’zbo’yamachiligiga qarshi yana bir isyonlari edi…

8.TASHABBUS GURUHI

Biz Oliy Kengashda ishlayotgan deputatlar o’z-o’zidan ikkiga ajralgan edik. Demokratik o’zgarishlar tarafdori bo’lganlar va boriga shukur qiluvchilar. Birinchi guruhga asosan yoshlar va saylovda katta kurashlar evaziga yutib chiqqanlar kirgandi. Ikkinchi guruh esa hukumat ro’yxatidan o’tganlar va kelajaklarini hukumatning yo’lidan yurish, deb bilganlar.

Bu bo’linish asta-sekin viloyatlardan Oliy majlis qo’mitalariga a’zo bo’lganlar orasida ham sezilib qoldi. Ammo birinchi guruhga kiruvchilar barmoq bilan sanarli, ikkinchi guruhdagilar juda ko’pchilikni tashkil etishlariga qaramay ular ozchilik bilan hisob-kitob qilishga majbur bo’lib qolayotgandilar. Biz kuch sifatida sochilib ketmaslik va “bir musht bo’lish” haqida o’ylab Oliy majlisdagi deputatlarning guruhini tuzishga kirishdik.

Toyiba To’laganova:

-Bu ishni siz tashkil qilayapsiz, raisligini ham o’zingiz olishingiz kerak,-dedi.

-Gap raisda emasku- dedim.- Qolaversa bu ishda faol qatnashayotganlar ham ko’p. Hatto qo’mita raislari orasida ham qiziqish bildirganlar bor.Shuning uchun ham rais haqida o’ylash unchalik mantiqli tuyulmayapti.

-Yo’q,- dedi Toyiba,-hamma narsa raisga bog’liq va guruhimiz Rayosat bilan, Oliy majlis bilan yuzma-yuz tura olishi uchun rais kuchli bo’lishi kerak.

-Lekin biz raisni oldindan belgilab qo’ysak, hukumatning yo’lidan borgan bo’lamiz. Biz demokratiya tarafdorimiz, shunday ekan rais masalasini yig’ilishda hal qilamiz,-dedim.

Tashabbus guruhining yig’ilishini o’tkazish uchun Oliy kengash joylashgan Vazirlar mahkamasi binosining birinchi qavatdagi majlislar xonasiga to’plandik. Kutilmaganda majlisga Muhammad Solih kirib keldi. Biz hayron bo’ldik. Chunki biz avval Oliy majlisdagilar to’planib, bir gaplashib olmoqchi, keyin chetdagi xayrixohlarni ham taklif qilib, kengaytirilgan majlis o’tkazib, guruh tuzilganini e’lon qilmoqchi edik. Ammo majlisni boshlamasimizdan oldin Muhammad Solih so’z olib:

-Har qanday harakat raisdan boshlanadi. Avval raisni tanlash, keyin birinchi qadamni tashlash kerak. Oramizda rais bo’ladigan nomzodlar ko’p. Lekin Abdulhay Mirsaidov juda ham muhim nomzod. Texnika fanlari doktori, O’zbekistonda bu sohada bu pog’onoga chiqqan eng yosh olim shu kishi. Menimcha hozirdanoq bu odamni rais etib belgilashimiz kerak. Qarshilar yo’q bo’lsa kerak,-dedi.

Muhammad Solihga nima qilib bizning ishga aralashib yuribsiz, deya tortishmoqchi bo’ldim. Ammo Toyibaning gapi yodimga tushdi va bu tortishuvim xuddi raislikni talashayotgan kabi bo’lmasin, deya indamadim. Hali kengaytirilgan majlis o’tkazganda raisni demokratik yo’l bilan saylab olamiz, deya o’ylab qo’ydim.

Lekin Abdulhay Mirsaidovning rais bo’lishiga ham qarshi emas edim. Chunki kamsuqum, kamtar va elib yuguruvchan odam. Muhammad Solih darrov uni rais o’tiradigan joyga taklif qildi. Bu harakatdan ba’zilar ranjidi, ba’zilar esa e’tibor ham qilishmadi. Chunki guruhning raisi bo’lish faqat ortiqcha tashvish, degani edi. Lekin keyinchalik bildimki, biz o’shanda katta xato qilgan ekanmiz. Raisni harakat chiqarishi kerak, rais harakatni emas, deya tushunardim. Bu tushuncham bizning jamiyatga yot ekanini oradan ko’p yillar o’tib angladim. Bizda kimdir bir harakat yoki tashkilot tuzib kimlargadir mansab yoki pul va’da qilsa bas ekan, unga ergashib ketishaverishar ekan.

Biz o’shanda Oliy Kengashning demokratik deputatlar guruhini tuzish uchun  to’plangandik. Ammo katta yig’ilishga qadar bormadi ishimiz. Shu bois guruhimizning nomi “Tashabbus” o’laroq qoldi. “Rais”ni o’sha kuni Karimov chaqirib gaplashgani va oradan ko’p o’tmay uning Karimov bilan birga safarga borib-kelganini eshitdik. Shundan keyin uning guruh ishlariga qatnashishiga hafsalasi ham qolmadi. U o’z-o’zidan chetga chiqib qoldi.

Lekin biz to’planib, guruhning majlislarini o’tkazib, masalalarni muhokama qilib olaverdik. O’shanda bu guruh ishini yuritishda Toyiba To’laganova, Oygul Mamatova, Toshpo’lat Jo’raev, Hamza Eshnazarov, Rinat Mirxonov, Vohid A’zamov, Baxtiyor Qodirov, Alijon Qo’chqorov va boshqalar faol edilar. Guruhimizning a’zolari 7-sessiya arafasida oltmishdan oshib qolgandi. Ba’zilar majlislarimizga kelmasalar ham bizning takliflarimiz, bayonotlarimizga qo’shilishar va ularni imzolab berishardi.

Bir kuni Karimov chaqirib qoldi.

-Bu “Tashabbus” guruhi degani nima o’zi, nima bilan bandsizlar?-dedi.

-Hamma masalalar bilan,-dedim.

-Masalan bir-ikkitasini men ham bilsam bo’ladimi?

-Bo’ladi,-dedim uning maqsadini anglab, ya’ni uning guruhning siyosiy yo’nalishdagi faoliyatidan boxabar bo’lishni istayotganini sezib, gapni boshqa tomonga burdim.- Masalan bizning ish sharoitimiz. Shu masalani ham birgalashib hal qilmoqchimiz.

-Birinchi sessiyada o’zingiz chiqib imtiyozlarni bekor qilish kerak degan edingiz, endi imtiyoz izlayapsizlarmi?,- dedi Karimov kinoya bilan.

-Imtiyoz emas, oddiy mehnat sharoiti izlayapmiz. Masalan, bizning Oshkoralik qo’mitasi uchun bitta kichiki xona berilgan. Bir tomonda rais Erkin Vohidov, ikkinchi tomonda men o’tiraman. Qo’mita kotibasi Toyiba To’laganova uchun esa hatto stol ham yo’q. Mehmonlar uchun ajratilgan joyda o’tirib ishlaydi. Ayni holni hamma qo’mitalarda ko’rish mumkin. Bu ahvolda ishlab bo’ladimi?

-Toyibani ko’p ham qo’mitaga yaqin yo’latmanglar. Undan tashqari, joy bo’lmasa nima qilish kerak? Qanday taklifingiz bor, prezidentning xonasini bo’shatib beraymi? Yoki Vitse prezidentning xonasi bo’sh yotibdi, shu yerga kelib ishlay qolinglar,- Karimov Toyibaning nomini eshitib biroz jahlga mingandi.

-Oliy Kengashning ham o’z binosi bo’lishi kerak. Sessiyani kelib sizning binongizda o’tkazayapmiz, qaytib borib Vazirlar mahkamasidagi tor xanalarda o’tirib qonun loyihasi tayyorlayapmiz. Mana Anhorning narigi tomonida, ko’p qavatli, katta bir inshoot qurilishi qachondan beri to’xtab qolgan. Shuni moslab, Oliy Kengashning binosi qilish mumkin emasmi?

-Mumkin… bu masalani menga qo’ying. Men hal qilaman,-dedi u va ertasiga bir majlisda dabdurustdan g’amxo’rlik qilayotganini namoyish etgandek, “Men keyingi paytda deputatlarning qiyin ish sharoitini ko’rib qiynalib ketayapman. Buncha katta prezident apparati nima uchun kerak? Ana u partiyaning binosi-chi? Anhorning narigi tomonida baland bino qurilmay chala yotibdi. Shuni Rayosat a’zolari borib ko’rsinlar. Ma’qul tushsa, tuzatib Oliy kengashga beraylik. Xalqning vakillari uchun birinchi navbatda g’amxo’rlik qilishimiz kerak” deb qoldi.

Karimovning bunday “hunari”ni asta-sekin hamma bilib oldi. Shu bois uning huzuriga kirishganda, “Islom aka, mana shu ishni sizning gaplaringizdan kelib chiqib qilmoqchimiz, shuni o’zingiz boshlab yuborsangiz” deya bir o’q bilan ikki quyonni uradigan bo’lishdi. Birinchidan, Karimov yangi g’oya muallifi va ikkinchidan, o’sha ish bitib ketardi. Shu sababdan ham mamlakatdagi hamma ishlar uning nomiga bog’lanib qoldi.

Oliy majlisdagi sharoitga qaytsak, faqat bino masalasi bilan kifoyalangan emas edik. Prezident idorasidagi oddiy bir xodimga ko’rsatiladigan xizmatning yuzdan biri ham xalqning vakili bo’lgan deputatga lozim ko’rilmasdi. Deputatlar olti oydirki mehmonxonada yotib, kun kechirishardi. Haftada bir marta ikki kilogrammdan go’sht sotilardi. Buning uchun ular ishdan keyin Vazirlar mahkamasining zax erto’lasida soatlab navbatda turishardi. Prezident devonidagi oddiy xodim esa oilasiga kerakli narsani yozib berar va maxsus xizmat xodimlari kerakli narsalarni mashinada uning uyiga etkazishardi. Hatto tushlik oshxonasida ham deputatlar begona edilar. Avval Vazirlar mahkamasi xodimlari ovqatlanishardi, chunki joylar ularning nomiga berkitib qo’yilgandi, ulardan qolsagina deputatlarga berilardi. Bular imtiyoz emas, oddiy ish sharoiti ekanligini Karimovga tushuntirishga harakat qildim.

-Deputatlarning transport masalasini ham hal qilish,-kerak,- dedim oxirida.

-Qo’mita raislariga yaqinda mashina beramiz, shuni birgalashib minishadi,- dedi Karimov, keyin telefonni olib Mirsaidovga: -Shukur Rahmatovich, ana u mashinalar qachon keladi? Raislarga “Volga” bering, qo’mitadagilardan ba’zilariga “Jiguli”, o’z pullariga sotib olsinlar. Kelganingizda shuni ham gaplashaylik,-dedi.

Keyin yana menga yuzlanib,

-Nima masala bo’lsa kelib aytib turing, o’zim hal qilaman,-dedi- Ana u Nurali bilan Erkin akangiz og’iz-burun o’pishib yuribdilar. Ulardan ehtiyot bo’ling…

Chiqib ketarkanman, o’sha kezda nima uchun Karimov bu qadar “g’amxo’r” bo’lib qolgani va oxirgi gaplarining bizning “Tashabbus” guruhiga nima aloqasi borligini tushuna olmagandim. Keyinchalik bilsam u “Tashabbus” guruhi kuchlanib borayotganidan cho’chigan va guruhning har bir a’zosi bilan ana shunday alohida-alohida gaplashib chiqayotgan ekan. Olti kishiga esa o’z puliga “Jiguli” avtomashinasi sotib, keyin ularni vazifasini suiistemol qilganlikda aybladi. O’shanda ularga olmanglar shu mashinasini, desak ham, sharoitlari qiyinligi, yo’l qatnovidan bezganlari, qolaversa o’z pullariga olishayotganini aytishgandi. Ammo bu Karimovning tuzog’i edi.

“Tashabbus” guruhi garchi bir tashkilotga aylana olmay qolgan bo’lsa ham demokrat deputatlarni birlashtiruvchi markaz edi. Ayniqsa, 7-sessiyaga tayyorgarlik ko’rishda bu guruh ochiq kuchga aylandi.

9.YUZMA-YUZ

Ko’p narsani matbuotning kuchi bilan hal etish mumkin, deb o’ylardim. Shu bois ham faoliyatimizni matbuotga erkinlik berish bilan boshlash kerak, deb tushunardim. Bizning Oshkoralik qo’mitasida tayyorlayotganimiz Matbuot haqidagi qonun loyihasida ham erkinlik masalasiga alohida e’tiborni qaratayotgan edik.

Matbuoti erkin bo’lgan xalqning dunyoqarashi, qadam tashlashi erkin bo’ladi. Aks holda zanglab qolgan dunyoqarash bilan hech narsa qilib bo’lmaydi. Qorin ovqatga qanchalik ehtiyoj sezsa, inson tafakkuri ham erkin ma’lumotga shu qadar ishtiyoqmand.

Matbuotni bo’g’ish esa tafakkurning manqurtlashuviga, kelajakning zulmat qo’ynida qolishiga olib boradi.

Bu haqda o’ylar ekanman, deputat do’stlarimga o’z hisobimizdan bir mustaqil gazeta chiqarish kerakligini aytdim. Bu nafaqat mustaqil xabar manbai va ayni paytda haqiqat istayotganlarning ham minbari bo’lar edi. Qolaversa, erkin matbuot uchun yo’l ochilardi bu bilan. Shunday mustaqil nashrga ehtiyoj juda katta edi.

Shu bois taklifimni Oliy Kengash qo’mitalaridagi deputatlar qo’llashdi. O’n bir nafar millatvakili o’z mablag’imiz hisobiga “Yuzma-yuz” nomli gazeta chiqarishga qaror qildik va har birimiz o’rtaga o’sha paytning (1990 yil) puli bilan yetti ming so’mdan mablag’ qo’yishimiz haqida bayonnoma yozdik. Bu o’n oylik maoshimiz miqdorida bo’lib, to’plaganda katta bir gazetani chiqarishga etadigan mablag’ edi.

Shuni ham aytish kerak-ki, ba’zi deputatlar shuncha pulni qanday topamiz, deb o’ylaganimizda, qo’mitalarda ishlagan boshqa safdoshlarimiz Karimov bilmagan taqdirda qarz berib turishga rozi bo’lgandilar. Shu bois ham biz Matbuot qo’mitasiga ana shuncha pulimiz borligi haqida kafolatnoma yozgandik. Ya’ni pulni ko’pchilik berib, mas’uliyatni o’n bir kishi bo’yinga olishga qaror qilgandik. Agar gazetamiz chiqsa, uning qo’lma-qo’l bo’lib ketishiga va qarzlarimizdan qutulishga ishonardik.

Gazeta chiqarish haqidagi qarorni Oliy Kengash qo’mitalari raislariga birma-bir olib kirib, imzolatib chiqdim. Ko’pchilik imzoladi. Bu esa Oliy Kengash Rayosatining qarori degan gap edi. Shundan keyin uni rasmiy bo’lsin, degan xayolda pochta orqali davlat Matbuot qo’mitasiga yubordim.

Ro’yxatdan o’tkazish cho’zilib ketdi. Shunda yangi gazetaning tashkilotchisi sifatida davlat Matbuot qo’mitasining raisi (qo’mita vazirlik darajasida bo’lgani uchun qo’mita raisi vazir huquqiga ega edi va og’zaki so’zlashuvda uni vazir deb ham chaqirishardi) Ubaydulla Abdurazzoqov huzuriga bordim. U yaxshi kutib oldi, unga muddat o’tib ketganini eslatdim. U masala faqat o’ziga bog’liq emasligiga ishora qildi. Xayrlashar ekanmiz, “Maslahatlashib, natijasini sizga aytaman” dedi.

“Natija” ertasigayoq suv yuziga chiqdi. Ertalab ishga kelsam, “osmon qulab tushgan”u qo’mitamiz raisi Erkin Vohidov tutib olgandilar.

-Nima qilib qo’ydingiz? -dedi u alom-alik o’rniga.

-Nima qilibman?

-Uka, kimdan-kimdan, Sizdan kutmagandim, vazirni ham urasizmi?

-Vazirni… qaysi vazirni uribman?-ajablandim .

-Nima, bir nechtasini urganmidingiz-ki, qaysi birini deb so’raysiz?- kesatdi Erkin aka.

-Hazilni qo’ying, Erkin aka…,-dedim men.

-Hazili bormi, dunyo teskari bo’lib ketdi. Oqsoqol ot ustida, qamchini mahkam tutganlar. Soat 10.00 da Rayosat majlisi bor,-Erkin aka jiddiy edi.

-Biror anglashilmovchilik bo’lganga o’xshaydi,- dedim endi masalani jiddiy olib.

-Kecha rostdan ham “Matbuot qo’mitasi raisi bilan ko’rishaman” deb chiqib ketgandingiz. Shu bois oqsoqolga hech narsa deya olmadim,- dedi Erkin aka.

-To’g’ri, ko’rishdim, lekin…

Xullas, suhbatga aniqlik “aralashmasdan” bizni Oliy Kengash raisi Mirzaolim Ibrohimov chaqirtirdi.

-Ha, bolam-a, hech tinch yurmading-da! – dedi u quchoqlab.

Hayron bo’ldim. Nimagadir u xursand edi. Nimaga? Bilolmadim.

-Men majlisdan oldin o’zimiz gaplashib olaylik, deb, sizlarni chaqirtirdim. Nima bo’lganda ham bu ukamizni qutqarib qolishimiz kerak. Yosh, jahli chiqishi mumkin. Qolaversa, o’zi yomon bola emas, – dedi rais Erkin Vohidovga qarab.

-To’g’ri, to’g’ri…,- deya Erkin aka boshini chayqab qo’ydi.

-Lekin hech narsani tushunmayapman,- dedim masala jiddiyligidan andisha etib. Rais gapimni eshitmagandek gapira boshladi.

-Biz ham yosh bo’lganmiz. Bilasanmi, dunyo komsomol-yoshlari qo’mitasiga rais bo’lganimda sen tengi edim, -rais o’ziga xos engil kayfiyatda gapirishga ko’chdi.-Adashmasam, Olmoniyada edi. Polshadan kelgan yoshlar rahbari bilan qizishib qoldik. Shunday urib yuboribmanki, sho’rlik, o’lib qolay degandi. Birdan kimligim, qayerdaligim yodimga tushdi. Qo’rqib ketganimdan darrov uni quchoqlab oldim. Nima bo’lsa ham, evropalikda, uzrimni qabul qildi. Bizda uzrni qabul qilish biroz og’irroq. Shunday bo’lsa-da, vazirdan iltimos qilamiz, ukamizning uzrini qabul qilsin. Ammo masala jiddiy. Bunday hollarda ish tergovga ham ketishi mumkin. Ana unda hech narsa qilolmaymiz. Erkin aka, oqsoqol bilan o’zingiz bir uchrashsangiz. Yuraklari keng, balki kechirarlar.

-Hozir olov bo’lib turibdilar…- dedi Erkin aka.

-Bilasiz-ku, yonadilaru o’chadilar, endi masala ham jiddiy-da. Deputat vazirni ursa… To’g’ri, yosh, demokratiya deb saylab qo’ydik. Ba’zan mas’uliyat ham kishini yo’ldan chiqaradi. Tarbiyalashimiz kerak,- dedi rais.

So’ng u Erkin Vohidovga latifa aytib berdi. Menga esa bir piyola choy uzatib, “Ma, ol, bizning qo’ldan choy ichish ham tabarruk, hali eslab yurasan” dedi.

Bu orada rais o’rinbosari Bugrov va qo’mita raislari kirib kela boshladilar.

-Qaror tayyormi?-deb so’radi rais o’rinbosaridan ruschalab.

-Tayyor! Faqat Jahongir Mamatov “tanishdim” deb imzo qo’yishi kerak!

-Bu qarorga imzo shart emas. Mazmunini biz tanishtirdik hisob. Qolaversa, oqsoqol kutib o’tiribdilar. Qani boshlaylik bo’lmasa. Ha, vazir kelgan bo’lsa, chaqiring, kirsin! – dedi rais va o’rnidan turib, kostyumining tugmasini o’tkazib majlisni ochgan bo’ldi. Odatda prezidum majlislarini o’tirgan joyidan olib boradigan rais bu safar o’rnidan turgani ham qiziq edi. Lekin u bir muddatdan keyin yana qayta o’tirdi-da engil yo’talib olib, so’zida davom etdi׃

-Kecha hayotimizdagi eng xunuk voqea yuz berdi. Depuatat Jahongir Mamatov o’z mas’uliyati va vazifasini suiste’mol qilib, Matbuot vazirining xonasiga bostirib kirib, uni do’pposladi…

Men vazirga qaradim. U jilmayib o’tirardi. “Nima gap?” degandek menga savolomuz bosh qimirlatdi. “Bilmasam” degandek, boshimni elkamning ichiga tortdim.

Rais uzoq gapirmadi. So’zni vazirga berdi.

-Men nima gapligini tushuna olmadim,-dedi Ubaydulla aka.

-Nega tushuna olmaysiz? Kecha Jahongir sizni urdimi?

-Yo’q! Kecha huzurimga keldi, gazeta haqida so’radi, shu…

-Unda oqsoqol qayerdan bildilar? Nima u kishi yolg’on gapiradilarmi? Yo’q! Ko’plab to’g’ri informatsiya oladigan joylari bor. Nega haqiqatni yashirasiz? Bilasizmi, shu holingizda oqsoqolni va bizni noqulay vaziyatga tushirmoqdasiz. Nima bo’ldi, o’zi? Qani bir boshdan gapiring.

-Nima bo’lganini aytdim, – dedi vazir.

-Oqsoqol “Jahongir Ubayni uribdi” dedilar-ku!

Abdurazzoqov birdan kulib yubordi:

-Men Oqsoqolga “Jahongir yoqamdan olayati, gazetani nima qilaylik?” degandim. Balki shundan….

-Yoqangizdan olibdi-ku, axir!

-Yo’g’-e, bu bir ibora, biz gazeta xususida javob berolmadik. Jahongir Mamatov ikki marta qo’ng’iroq qildi, keyin o’zi bordi…

Kulgim qistadi. Hozir hamma kulib yuborsa kerak, deb o’yladim. Chunki Karimovning “hovliqmaligi” va o’zbek tilini yaxshi bilmasligi katta bir mamlakatning Oliy kengashi rahbarlarini masxaraomuz vaziyatga solib qo’ygandi.

-Shuni oqsoqolga aytish kerakmidi? – Iqtisod qo’mitasi raisi Abduvahob YO’LDOSHEV kulish urniga jahl bilan so’ray boshladi. -Biz imzo chekkandik, nega bizni qora otli qilasiz? Yarim kechasi oqsoqol uyga qo’ng’iroq qilib, na otamiz, na onamiz qolmay haqoratladilar…

Barcha qo’mita raislari unga ajablanib qaradilar. Chunki ular ham “poy”larini olgan ekanlar. Ammo masalani bu qadar ochish shartmidi, deb Abduvahob akaga ajablanib qarayotgandilar. Zotan ko’p o’tmay rayosat Iqtisod qo’mitasi raisini boshqa ishga “kuzatib” qo’yish uchun yig’ildi. Hozir esa:

-Qayoqdan bilay? Gazetani oqsoqolning maslahatchisi Shoxobiddin Ziyomov to’xtatib turgandi. Men masalani unga aytdim. U oqsoqolga anglatibdi. Keyin o’zlari telefon qildilar-,dedi Ubay aka.-”Yoqangdan oldimi” deb so’radilar. “Ha”, dedim. Bo’lgan gap shu!

Mirzaolim Ibrohimov nima qilishini bilmay qoldi. Piyoladagi choyni ho’pladi-da, Bugrovga “Nima qilamiz?” deya bosh chayqadi. Mirzaolim aka Sovet kadri bo’lgani uchun o’rinbosaridan juda qo’rqar edi. Sovet davrida hamma joyda ikkinchi odam Moskvaning josusi bo’lardi va butun masalani o’sha hal qilardi. Birinchilar esa qo’g’irchoq kabi rol o’ynab berardilar. Agar “ikkinchi” bilan oralaridan mushuk o’tsa, yoki biror harakatlari unga yoqmay qolsa, tamom hollariga maymun yig’lardi.

Bugrov o’zbek tilini tushunmas edi. U “Menga so’z berildi” deya o’rnidan turib, ruschalab gapira boshladi:

-Mamatov… Oliy Kengashga kelgan kunlardanoq uning kimligi ayon edi. Biz uni kuzatdik, o’rgandik, tartibga chaqirdik. Lekin bo’lmadi, qolgan gap qarorda yozilgan. Ijozatingiz bilan o’qib beraman…

-To’xta-e, sen ham xol qo’yding! – deb yubordi Mirzaolim aka o’zbekchalab, keyin kulgisini tuta olmadi. Boshqalarning ham kulgisi qistab turgan ekan, unga qo’shilishdi. O’rinbosarning yuzi tundlashdi.

-Men ertalab qarorni o’rtoq Karimovga ko’rsatganman. U kishi tahrir qilib berganlar. Kuladigan joyi yo’q!-dedi u masxara bo’lgan odamning jahli chiqqani kabi holatda.

Mirzaolim akaning rangi oqarib ketdi. Ancha vaqt boshini egib qoldi. Vaziyatdan chiqish haqida o’ylayotgan edimi yoki aslida o’zim xol qo’ydim, endi nima qilaman, degan xayolda edimi, xullas bilib bo’lmasdi. Boshqalar ham jim bo’lib qolishdi. Bugrov esa anqayib turardi.

Anchadan so’ng Mirzaolim aka masalani ruschalab o’rinbosariga tushuntirgan bo’ldi. U rangini o’zgartirmadi va׃

-Baribir qaror qilishimiz kerak,-dedi,- uning buzg’unchiligi hammaga ma’lum. Hali boshimizga ko’p ish olib kelmasdan hozir imkoni borida qutulish kerak. Islom Abdug’aniyevichning fikrlari ham shunday.

U bu gapini ko’pchilikka eshittirib aytdi. Gap so’rab qo’l ko’tardim.

-Xo’p,-dedi rais – aybdorni ham eshitib ko’raylik.

-Bugrov janoblari Sovet davri bitayotganini unutdilarmi? Meni prezidium emas, sessiya saylaganini ham u kishiga eslatib qo’ymoqchiman. Bu kishi ham borib Mamatov yoqamdan oldi desin, ana undan keyin balki masalani sessiyaga olib chiqishar,-dedim qiziqqonligimga borib.

-Bas,-dedi rais.-Shunaqa sovuq gaping boshingga etadi.  Keyin Bugrovga, “Bu gap sessiyaga chiqsa sharmanda bo’lamiz” dedi va javobini kutmasdan:

-O’tir, bolam,,- deb “gup” etib so’ndi.-Tilim bor, deb gapiraverma. Boya majlisdan oldin seni nega chaqirgandim. Bunday tushuntirib bermaysanmi, o’shanda. Ha, mayli. Biribir qaror qilishimiz kerak. Qaror bunday: vaqtini topib, masalani oqsoqolga etkazib qo’yish menga topshirilsin. Bu xususda Erkin Vohidov menga yordamchi bo’lsin. Tamom.

U kaftini-kaftiga ishqab, “qars” etib qo’llarini bir-biriga urdi-da “Kelganlaringiz uchun rahmat” ishorasini qildi.

Bu teleminiatyuralar teatri emas, butun boshli bir mamlakatning Oliy kengashidagi ahvol. Million-million odamlarning, xalqning taqdiri ana shularning qo’lida. Shuncha voqeadan keyin ham ular korridorga chiqib xaxolab kulishmoqda.

Tirsagimdan kimdir ushladi. Qarasam vazir:

-Do’stim, hayotingizni saqlab qoldim. Mendan qarzdorsiz. Hozir, yolg’ondan bo’lsa-da bir tarsaki tortib yuborgandi, desam, ketdingiz edi…

-Rahmat, taqsir, -dedi

Ertasiga ertalab kelsam, “Mirzaolim aka kasal bo’lib qolibdi” deyishdi. O’shanda e’tibor qilmagandim. Keyinchalik eshitdimki, Karimovning kaltagi uning boshida sinibdi. “Imkoniyatni qo’ldan boy berding”, deb uni qattiq haqorat qilibdi.

Ish shu bilan bitmadi. Karimovning o’zi gazeta uchun pul berishga bayonnoma yozganlarning har birini chaqirib gaplashdi. Qo’mita raislari esa imzo chekkanlari uchun siquvga olindilar. Oxirida Karimov meni ham chaqirdi:

-Bilasizmi, yangi qonun bo’yicha erkin ish qilganlarga faqat foydaning besh foyizi qoladigan bo’ladi. Butun pullaringiz davlatga o’tib ketadi. Topgan-tutganlaringizdan ayrilib qolasizlar.

-Qaysi qonun?-deb so’radim.

-Bolalar tayyorlayapti. Yaqinda sessiyaga olib chiqamiz,-dedi u sovuqqonlik bilan. Sizga gazeta kerak bo’lsa, mana menga ayting, men hukumatning hisobidan ochib beraman.

-Oliy Kengashning o’z gazetasi bo’lishi kerak, deb o’ylagandik.

-Bunga qarshi emasman, Oliy Kengashniki bo’lsin, lekin shaxsiy pulga chiqadigan gazeta emas. Oldin Matbuot haqidagi qonunni chiqarib olinglar, keyin ijrosini ko’ramiz. Buning ustiga Oliy Kengash ijro bilan emas, balki qonunchilk bilan shug’ullanishi kerak.

Keyin u po’pisa qila boshladi:

-Siz odamlardan ehtiyot bo’ling. Sizlarga pul beramiz deganlarni ham bilib oldik. Ular dorning tagidan qochgan o’g’ri, muttahamlardir. Hali ularning hammasini dorning tagiga qaytaraman. Siz to’g’ri yigitsiz. Ulardan uzoq turing. Bo’lmasa soyasi sizga ham tegadi. Saylovchilaringiz Mamatov yetti ming so’mni qayerdan topdi, deb so’rab qolishlari yoki vazir meni urdi deb aytishi ham mumkin. Saylovchilar so’rasalar ham to’g’ri qiladilar. Bechora xalq bir so’mga zor bo’lib turganda, sizlarning har biringiz gazeta uchun deya o’rtaga yetti ming so’mdan tashlasalaringiz, tabiiyki, savol tug’iladi. Yaxshisi Oliy Kengashning gazetasi haqida hujjat tayyorlang, sessiyaga o’zim olib chiqib, tasdiqlatib beraman …

Xullas, “Yuzma-yuz” o’quvchi bilan yuzma-yuz bo’lmasdan Karimovning zug’umiga yuzma-yuz keldi. Bu haqda Oliy Kengashda so’z ocholmaydigan bo’lib qoldim. “Qo’ying shu gapni” deydigan bo’lishdi. Chunki biz erkin matbuot qanchalik kerakligiga ishonsak, Karimov o’z o’rnini mustahkamlash uchun erkin matbuotga yo’l bermaslikka shu qadar tirishardi. Shu bois umidni Oliy Kengashning gazetasiga bog’ladik. Balki bu gazetani mustaqil minbarga aylantirishimiz mumkin, deb ana shu mumkinlikning yo’llarini qidira boshladik.

Aslida Karimov bizni qadamba-qadam sindirayotgan edi.U davlat ishlari bilan emas, ko’proq ana shunday ishlar bilan bevosita o’zi band bo’lardi. Bu esa ko’pchilikni cho’chitib qo’ymoqda edi. Bizni qo’llaganlarning aksariyati u holda ham, bu holda ham qarshimizdagi yuhoning domiga tushib ketilajagini anglamadilar. Balki anglasalarda tashvishga qo’shilib nima qildim, endi uzoq turganim yaxshi degandek, o’zlarini chetga torta boshladilar. Ularni ham tushunish mumkin edi. Lekin demokrat deputatlar ozchilik bo’lsakda, hali chekinishni xayolga ham keltirmasdik. Bir eshik yopilsa, ikkinchisini ochishga urinardik.

Toyiba To’laganova esa׃

-Gazeta chiqarishning imkonini topolmasak, varaqa chiqaramiz, fikrlarimizni oddiy qog’ozga yozib tarqatamiz- derdi.

10. “XALQ SO’ZI”

Islom Karimov Xorazmga borganda shoir va ayni paytda viloyat partiya qo’mitasining ideologiya masalalari bo’yicha kotibi bo’lgan Erkin Samandarov katta yig’ilishda uning sharafiga she’r o’qidi. Oz qolsin Karimovni payg’ambar darajasiga ko’taradigan she’r edi. Televizorda Karimovning mamnun qiyofasini ko’rar ekanman, Erkin Samandarov “qushni urgani”niga shubha qilmadim. Zotan oradan ko’p o’tmay Karimov uni Bosh vazirning madaniyat masalasi bo’yicha o’rinbosari etib tayinladi.

Avvaliga ko’pchilik xursand bo’ldi. Nima bo’lganda ham shoir. Adiblarni quvontiradigan gap. Nima bo’lganda ham qo’shiqnavis. San’atkorlarni mamnun etadigan hol. Nima bo’lganda ham jurnalist. Ilgari “Xorazm Haqiqati” gazetasida ishlab etishgan. Demak, jurnalistlar uchun ham umid paydo bo’ldi.

Ammo Karimov usta ekan, so’yadigan ho’kizini sohibiga so’ydirarkan. Fe’l-xuyini biladi-da. Aks taqdirda shoxlab yoki tepib yuborsa o’ziga kelolmay qolishi mumkin.

Erkin Samandarov tez orada san’atkorlarning kushandasiga aylandi. Teatrlar, kontsertlar Karimovni ulug’laydigan sahnaga aylandi, ozgina mustaqil fikr aytishni istagan odam chetlashtirildi.

Erkin Samandarovning kimligini “Xalq so’zi “ gazetasiga qarshi qilgan hunarlaridan yaxshi bilaman. Ammo Karimov uning qo’lini qonga botirib, keyin haydab yubordi. Kimning qoniga deysizmi?

Karimov Oliy Majlisning o’z gazetasi bo’lishiga rozilik bergandan keyin shu borada bosh qotira boshladik. Hali tug’ilmagan bolaning otasi bo’lishni istaganlar ko’payib ketdi. Erkin Vohidov taniqli yozuvchi va jurnalist Nurali Qobulga va’da berib qo’yibdilar. Yo’lini topib buni Islom Karimovga ham aytibdilar.

Bir kuni Karimov menga:

-Jahongir, mana buni qarang, Erkin akangiz bilan Nurali bir…(so’kish kalimasini ishlatdi) ekan,-dedi.

Karimovning qo’lida Ismat Xushev redaktorlik qilayotgan “Hayot va Iqtisod” jurnali bor edi. Uni menga uzatdi. Olib qarasam, Nurali Qobulning hayot qiyinchiliklari haqida mulohazalari yozilgan maqolasi. Uning iqtisodiy kamchiliklar haqidagi joylari qizil qalam bilan chizilgan.

-Bu qachondan iqtisodni tushunadigan bo’ldi? U hali menga aql o’rgatadigan bo’ldimi? Uning burnini toshga ishqalab qo’yaman, hali. Ana u latta akangiz esa menga uni redaktorlikka tavsiya qilib yuribdi. Men sizning iltimosingiz bilan bu gazetaga rozi bo’lganman va bu ishni sizga topshirganman, boshqalarning qo’liga berib qo’ymang. O’zingiz bosh muharrir bo’ling yoki biror kishini toping,- dedi keskin ohangda Karimov.

Aslida bunday gazeta haqida iltimos qilgan emas edim, biz chiqarmoqchi bo’lgan gazetani to’xtatish uchun uning o’zi o’ylab topgan va gazetani bir idoraga bog’lab, nazoratini ushlab turmoqchi edi. Bosh muharrir bo’lishimga ham rozi emas edi. Zotan yo o’zingiz bo’ling, yoki birovni toping, deyishi shundan.

Jurnalistlar uyushmasi raisligiga saylanishimga tish-tirnog’i bilan qarshilik qilgan, mustaqil gazeta chiqarmoqchi bo’lganimiz uchun meni jazolashga buyurgan, hali yaqinda nomzodimni “Turkiston”(“Yosh leninchi”) gazetasi bosh muharrirligiga ko’rsatishganda ham oyoq tirab olgan Karimovning endi rozi bo’lishiga aslo ishonmas edim.

O’zbekiston komsomol qo’mitasining raisi Aziz Nosirov nomzodimga qarshilik qilgan ekan. “Yosh leninchi” rasmiyatan unga qarar edi. U bizning Oshkoralik qo’mitasining a’zosi bo’lgani uchun, chetga chaqirib, “Islom aka bilan munosabatingizni yaxshilab oling, sizga qarshilar” degan edi. O’shanda meni bosh muharrirlikka ko’rsatish taklifi kimdan chiqqan va nega men xabarsiz bo’lganimni keyin tushundim.

Oliy Kengashdan uzoqlashtirish uchun Raisning tavsiyasi bilan Erkin Vohidov ko’rsatgan ekan. Balki “Xalq so’zi”ga nomzodlar sonini qisqartirish ham nazarda tutilgan bo’lsa ajab emas. Lekin bu yog’i menga qorong’u.

Xullas, agar nomzodimga rozi bo’lganda Karimov shu ishga “surgun” qilardi.

Bir kuni “Xalq so’zi”ga O’zbekiston kommunistik partiyasining Markaziy komiteti Nomoz Sa’dullaevning nomzodini ko’rsatmoqchi ekanligini eshitib qoldim. U Oliy Kengashning Xalqaro masalalar qo’mitasida ishlardi. Uni yaxshi tanir edim. “Sovet O’zbekistoni” gazetasida birga ishlaganmiz. Qo’rqoqligi va xasdan ham hurkishi bilan redaktor o’rinbosari bo’lgan kezda qonimizni “ichgan”. Uni “edaktor o’yinbosari” deb orqavarotdan masxara qilishardi. Avval bo’lim mudiri edi. Qup-quruq, o’n sahifalik yozuvidan bir gap ham esingizda qolmaydigan texnokrat jurnalist edi. Buning ustiga partiya idorasining ishonilgan askari ekan, ozgina demokratiya boshlangach o’zi tug’ilib o’sgan Qo’shrabot tumanidan deputatlikka saylanib oldi. O’sha kezda jurnalistlarning orasida o’z qishlog’iga borib deputat bo’lib qaytish modaga aylangan edi. Shu bois meni ham bugunga qadar jomboylik deb o’ylashadi. Lekin Jomboydan emas, balki Samarqand tumanidanman.

Oliy Kengashda nima gap bo’lsa Nomoz Sa’dullaev borib partiya idorasiga aytadi, deb undan sir saqlashga urunilar edi. Shu bois Karimov shunday nomzodni qo’llashi turgan gap edi. Ba’zi mish-mishlarga qaraganda u o’zini Karimovga qarindosh, deb ham aytib yurar ekan. Bu qanchalik haqiqatga to’g’riligini bilmayman.

Shu bois Karimovning o’zi ham qarshilik qila olmaydigan yoki u ko’rsatgan nomzodning oldida ikki kalla baland bo’lgan odam topish haqida o’ylay boshladik. Uzoq o’ylab ham o’tirmadik. Bu odam Ahmadjon Muxtorov edi. Birinchidan, SSSR Xalq deputati, ikkinchidan kuchli jurnalist, bir o’zi bir gazetani chiqara olish qobiliyatiga ega, uchinchidan uni demokratiya tomon yo’naltirish oson, chunki shunga ochiq odam.

Bu nomzod haqida dastlab Toyiba To’laganovaga aytdim.

-Sizdan shu gap chiqqaniga hayronman,- deya qarshi bo’ldi u.-Bir marta xiyonat qilgan odam, yana xiyonat qilaveradi.

-U kishi keyin qilgan ishini tushundi, menga ustozlik qilgan bo’lsa ham kechirim so’radi. Moskvada sessiyalardagi chiqishlarini ko’rayapsizmi? U bugunning ruhi bilan yashamoqda. Agar biz uning qavatida tursak, kuchli gazeta tashkil qila olamiz,- dedim va uzoq tortishuvlardan keyin uni ko’ndirdim.

Qo’mitamizning qolgan a’zolari ham rozi bo’ldilar, chunki Ahmadjon Muxtorov Moskvada SSSR Oliy Kengashida Gdlyan guruhiga qarshi chiqishlari va “Qishloq Haqiqati” gazetasini hech kim o’qimaydigan ro’znomadan qidirib o’qiladigan nashrga aylantirganini yaxshi bilishardi. Lekin uning nomzodini biz ko’rsatsak, Karimovning o’tkazmasligi ham aniq edi. Shu bois Ahmadjon akaning o’zi bilan gaplashdim.

-O’zim ham gazeta ishidan yiroqlashib juda zerikdim,-dedi u kishi.

Uning rozi ekanligini his qilib:

-Shu ishni boshlab bersangiz mustaqil O’zbekiston parlamentining birinchi gazetasiga birinchi muharrir bo’lib tarixga kirasiz,-dedim,- qolaversa, boshlanishi qanday bo’lsa keyin uni sindirish qiyin bo’ladi va faqat siz bu gazetani xalq ro’znomasiga aylantira olasiz, Oliy Majlis, xususan bizning qo’mita sizning orqangizda turadi va O’zbekistonning erkin matbuotiga yo’l ochiladi. Lekin bu masalani Mirzaolim Ibrohimovga aytsangiz, u bilan yaqinsizlar. U tavsiya qilsa, balki Karimov ham yo’q demaydi.

-O’zimni-o’zim tavsiya qila olmayman,- dedi Ahmadjon aka,- buning ustiga Islom aka menga Moskvadagi deputatlarga raislik qilishni topshirmoqchi.

-Bu yaxshi imkoniyat,- dedim,- Karimovga sizdan uzoqda emas, siz bilan yonma-yon ishlayman, deysiz.

Ertasiga u kishi Moskvaga ketdi. Oradan ikki kun o’tib telefon qildi va:

-Mirzaolim aka shu erda, og’iz ochgandim, zo’r ish bo’ladi, dedilar.-Islom akaga ham o’zim aytaman, dedilar.

Shu kunlari Karimov bir yig’ilishda ismini aytmasdan Nurali Qobulni qatiq tandiq qildi. Gap uning jurnalda yozgani haqida borayotganini hamma tushundi. Chunki u qo’lida jurnalni tutgancha gapirgan edi. Aslida maqola juda yaxshi va odamlarning yuragidagi gaplar yozilgan edi.

Nurali Qobul xotini bilan ayrilgani uchun ham Karimov uni yoqtirmaydi, degan gaplar bor edi.

Ma’lumki, Jizzax gazetasida ishlab yurgan 27-28 yoshlardagi jurnalist Nurali Qobul Sharof Rashidovning jiyaniga uylangach, “O’zbekiston san’ati” jurnaliga bosh muharrir bo’lib keldi. Hamma uning kuyov bo’lgani bois rahbarlikka keldi, desa-da, lekin jurnal tubdan o’zgarib, odamlar qidirib o’qiydigan bo’lib qoldi.

U talantli edi. Uning gazetamizga bosh muharrir bo’lishiga qarshi emas edim. Iste’dodi bilan birga tashkilotchiligi ham bor edi. Jurnalda ishlab o’zini ko’rsata olgan, har turli shubhalarni engib chiqqan. Keyinchalik u Rashidovning jiyanini qo’yib yubordi. Uning “Muhabbat” deb nomlagan she’ri Sherali Jo’raev ijrosida mashhur bo’lib ketdi. Karimovga “Nurali Qobul Rashidovdan foydalanib, keyin jiyanini haydab yubordi va Rashidov o’lgach uni yomonlab roman yozdi” deb ham aytishgan ekan.

Xullas, Karimov unga nisbatan to’nini teskari kiyib olgandi. Ammo Nurali Qobul bunday bulutlarni bir zumda tarqatib yuboradigan iste’dodga ega edi. Masalan, mufti Muhammad Sodiq Muhammd Yusufni televideniega olib chiqib, Karimovni Allohning erdagi soyasi dedirib, saylov oldidan duo qildirib yubortirganda ko’pchilik hayratlanib qolishgan. Chunki o’z qarashiga ega, deb bilingan mufti o’shanda Nurali Qobulning “quli” bo’lib ko’ringan edi. Nurali Qobulni Karimovning maslahatchisi Mavlon Umurzoqov ham qo’llab quvvatlar edi. Lekin Karimov hammadan ham usta “o’yinchi” ekanligini o’sha kezda ko’pchilik bilmasdi.

Bir kuni Oliy majlis tanaffusida Karimovga:

-Islom aka, gazeta haqida va’da bergan edingiz, shuni tasdiqlatib bering endi,- dedim.

Shu payt Nurali Qobul kelib qoldi. Karimov “Bo’pti qaror loyihasini yozing” dedi. Hali qog’oz qidirgunimcha, Nurali Qobul qaror loyihasini yoza boshladi. Birgalashib gazetaga “Xalq so’zi” degan nom qo’ydik va sessiyada darhol bu haqda qaror qabul qilindi. Karimov Nurali Qobulga xayrirohdek ko’rindi, ammo sessiyadan chiqib vodiyga ketar ekan:

-U redaktor bo’lishi kerak emas, kerak bo’lsa o’zingiz oling bu ishni,- dedi.

Demak, u Nurali Qobulga kulib qaragan bilan ichida boshqa narsa o’ylayotgan ekan.

-Bilasizmi,-dedi u xuddi xayolimdan o’tganini uqib olgandek,- Xristos, bilmayman, uni sizlar nima deysizlar, uruslar Xristos deydi, dushmaningga ham kulib qara, degan.

Endi u Nurali Qobulning emas, kaminaning bosh muharrir bo’lishiga rozidek ko’rindi. Bizni dushmanlashtirmoqchi edi.

Karimov kommunistik ta’limotni juda yaxshi o’qigan. Bir gal Leninning “Partiya adabiyoti va partiya tashkiloti” degan maqolasini eslatganida, inqilob uchun eng avvalo gazeta kerak, degan gapni takrorlaganida bunga amin bo’lgan edim. Aslida bu gapni Lenin aytgan bilan boshqalar ham shu fikrda bo’lganlar, chunki xalqni bir yo’lga boshlash uchun minbar kerak. Eng yaxshi minbar esa gazeta, biz ham xalqni demokratiyaga yetaklash uchun gazetadan foydalanishni maqsad qilgandik.

Ammo Karimov bo’sh kelmasdi. U juda mohir va talantli. Ana shu mohirlik va talant faqat yomon tomonga yo’nalgandi. U maqsadga to’g’ri yo’l bilan ham borish mumkinligiga ishonmaydigan shaxs.

Ayni paytda hammani ahmoq deb, faqat o’zini aqlli hisoblar va shuning uchun ham hamma bilan o’yin o’ynardi. Uning o’yin o’ynaganini ko’plar bilib turishsada, mansabining hurmati bois musiqasiga yo’rg’alar edilar.

Bizda umumiy kayfiyat shunday edi. Oliy majlis yoki prezident devonining mashinasida ishga kelsangiz, militsioner qo’lini peshanasiga olib borib, “chest” beradi. Ammo piyoda o’tib ketsangiz hatto qayrilib ham qaramasdi. Uning sajdagohi temir mashina. Kimlargadir mansab ana shunday. Bu zehniyat butun qonimizga singib ketgan. Mansabdagi odamning orqasidan yugurish va u ishdan ketgach, undan yuz burish xalqimizni ma’naviy halokatga itqitgan illatlardan biridir. Ko’pchilik xalq nazdidan tushmaslik uchun mansabdan ayrilmaslikka harakat qiladi va har qanday o’yinga moslanadi. Buni tabiiyki Karimov yaxshi bilar edi.

Bizda har holda azaldan saroy nayranglari, saroy o’yinlari odat bo’lib qolgandi. Bu yerdagilar guruhlarga bo’linib shohning fel-atvoridan foydalanib, o’z ishlarini bitirar ekanlar. Masalan, Karimovga ertalab biri kirib falonchi yomon odam, siz haqingizda bo’lmag’ur gaplarni aytib yuribdi desa, Karimov bunga ishonmaydi. Ammo kelishgan guruh odamlari bu gapni Karimovga besh tomondan etkazishadi va kimningdir xonumoni barbod bo’lib ketadi. Boshqa guruhlar ham ayni hunarni qo’llashardi va o’rtada doimiy, ko’rinmas jang boradi.

Bir kuni Nurali Qobul:

-Uyda Ishtixondan kelgan yaxshi qovun bor, borib emaymizimi?-dedi.

Uning ikkinchi umr yo’ldoshi asli ishtixonlik bo’lgan shoira edi. Ular Markazkomning uyida yashardilar, ishxonaga yaqin joyda. Bordik. Qovun haqiqatdan ham asaldek ekan.

Lekin Nurali Qobul:

-Do’stim, saroy o’yinlarini bilmaysiz, bu yerda bir qancha guruhlar bor, ular ham Karimovga xizmat qiladilar, ham o’zlariga,-dedi.- Biz ham o’z guruhimizga ega bo’lishimiz kerak. Ammo boshqalardan farqimiz shu bo’ladiki, biz xalqqa xizmat qilamiz, Karimovni ham shunga bo’ysundiramiz.

Rozi bo’lishimni, lekin Karimov bizni qo’llanishi mumkinligini aytdim. U ro’yxat tuzdi va demokrat deputatlarni ham kiritib, Mavlon Umurzoqov bilan gaplashaman, deb ishga kirishib ketdi.

Aslida bu fikr Nurali Qobulda ilgaridan mavjud edi. Oldinroq ham Boymirza Hayitni vatanga taklif qilish haqida yozilgan xatga 41 deputat qo’l qo’yganda u “Shunday narsalar odamlarni saralab qo’yadi, Oliy Majlisda bir musht bo’lib ish qiladigan 41 erkak bor ekan, qolganlar tovuqday gap, qo’rqoq” degandi.

Xullas, Karimovning Nurali Qobulga qarshiligi, men haqimda ham fikri  boshqaligini va Nomoz Sa’dullaev kabi bittasini o’tkazib yuborishini bilganim uchun Mirzaolim akaning yoniga borib:

-Islom aka yangi bo’ladigan gazetaning bosh muharrirligini o’zingiz oling, dedilar. Ammo yoshman. Sizdan iltimos, o’zingiz shu joyga biror nomzod ko’rsating,- dedim hech narsani bilmaganday.

-Ahmadjon akangga nima deysan?-dedi u.

-Qarshi emasman,-dedim.

-O’zing uni ko’ndiribsanku,- deya muhim sirni ochgandek miyig’ida kuldi Mirzaolim aka. Shunda Ahmadjon akaning soddadilligi yodimga tushdi.

Rayosat majlisida nomzodlar masalasi ko’rilar ekan, Erkin aka Nurali Qobulni aytdi. Kimdir mening nomimni aytgandi, rad yettim va Mirzaolim aka:

-Ahmadjon Muxtorovga nima deysizlar?- degandi hamma qo’llab quvvatladi. Demak, Karimov rozi bo’libdi, deb o’yladim. Chunki Karimovdan izn olmasdan Mirzaolim aka bunday “mardlik” qila olmas edi.

Ahmadjon aka bosh muharrir etib tayinlandi va kadrlarni ishga olishdan tortib, gazetada qanday mavzular ko’tarilishiga qadar Oshkoralik qo’mitasi a’zolarining takliflarini inobatga olib ishlay boshladi. Gazetaning birinchi soni chiqishi katta voqeaga aylandi. Tez orada hamma “Xalq so’zi”ni o’qiydigan bo’ldi va ro’znoma chindan ham xalqning so’zi aytiladigan minbarga aylandi.

Ammo gazetaga qattiq bosim boshlandi. Birinchi sonlarida Toshkentdagi Markaziy univermag yonida turna qator navbat kutgan odamlar va orqadan navbatsiz narsa olib chiqib ketayotganlar haqida suratli material chiqqani bois Karimov telefon qilib, Ahmadjon akani qattiq koyib beribdi. Biz unga bosh kelmasligini aytib, qo’llab turdik. Bir kuni Ahmadjon aka ko’nglini ochib qoldi:

-Bu yerkin Samandarov degan odam nega ishimizga aralashadi? Gazetaning bevosita rahbari bo’lgan Oshkoralik qo’mitasi aralashmaydiyu hukumatning vakili nega xo’jayinlik qiladi? Axir u Bosh vazirning madaniyat masalasi bo’yicha o’rinbosari bo’lsa? Bizning gazetamiz Oliy Majlisniki? U har kun telefon qilib esnamni qotirmoqda.

Erkin Vohidovga aytsam, “Oqsoqolning gapi bilan aralashayotgandir, o’zicha bunday qilmaydi” dedi.

Erkin Samandarov bilan uchrashib, gap nimadaligini so’radim.

-Islom akam, bu odamni yo’qotib, o’rniga Abdusaid Ko’chimovni qo’yishimiz kerak, deyaptilar,- dedi u.

-Bo’pti, Islom aka bilan gaplashaman,-dedim unga.

-Menga u kishi emas, u kishining nomidan boshqa odam aytdi,- deb qoldi u chiqib ketar ekanman.

Ammo shu kuni Karimovning o’zi telefon qildi:

-Siz nima uchun Bosh vazir o’rinbosarining xonasiga bostirib kirib, unga do’q qilasiz? Qachon sizga Ko’chimov haqida gapirgan edim. Kim o’zi u Ko’chimov deganingiz? Ana u urgutlik bola emasmi?- deb qoldi.

Erkin Samandarovning suv kelmasdan ariqning oldini bog’laganiga “qoyil” qoldim. Uning har turli o’yinlarga usta ekanligini ko’p eshitgandim, lekin bunchalikka borishini taxmin qilmagandim. Bildimki, Ko’chimov haqidagi gap ham uning kallasidan chiqqan ekan. O’sha payt Ko’chimov haqida yaxshi gap aytsam, u ham bizniing “odam”ga aylanardi. Yomon gap aytsam, Karimovning odami bo’lardi.

Karimovning ajib odati bor. Bir kuni Oliy Majlisning qabulxonasida janjal bo’layotganining ustidan chiqib qoldim. Toshkent shahar ichki ishlar boshqarmasida ishlaydigan podpolkovnik Urayim Abdug’aniev “To’maris” xotin-qizlar tashkiloti a’zolarini haqorat qilayotgan ekan. Kelganimda u ulardan birining ko’kragidan ushlab olgandi. Aytishib qoldik. Unga o’zining ham onasi borligini eslatdim. Yaqiniga borsam, undan araq hidi anqimoqda.

-Vazifa vaqtida ham ichib olganingizdan keyin onalar ham ko’zingizga dushman bo’lib ko’rinadilar,- dedim unga.

-Siz ichib olgansiz,-dedi u ko’zimga tik qarab,- bular sizlarni haqorat qilishga kelishgan, siz bo’lsangiz taraflarini olayasiz?

-Ichib olganimda balki siz bilan adi-badi aytib o’tirmagan bo’lardim, bular xalq vakillari bilan uchrashuvga kelganlar va biz ularni eshitishimiz kerak.

-Bizga ularni emchagidan tortib chiqarib tashlash buyurilgan,- dedi u o’zligini yo’qotib.

Juda xafa bo’ldim. Oliy Majlis kotibiyati raisi Omon Olimjonovni chaqirtirib ayollarni qabul qildim. Lekin Urayimning harakatidan o’zimga kela olmadim.

Ertasiga majlisda so’zga chiqqanimda bu voqeani misol keltirib, bizga ishonib murojaat qilganlarga munosabat haqida gapirdim.

Karimov “Mast bo’lganimizda hamma narsa qo’shsha ko’rinadi” deya kesatdi.

Qizig’i shunda ediki, Karimovga xuddi mana shunaqa gaplar yoqardi. U bunday gaplarga ishonardi va har qancha o’zingizni oqlayman, deb urinishingiz behuda edi. Birovni yomon ko’rsa, u odam haqida faqat yomon gap eshitishni istardi. Yaxshi gap aytgan odamning xonumoni kuyib ketardi. Buni bilganlar Karimovning bu fe’lidan ustalik bilan foydalanishardi. Buning ustiga Karimovning birinchi xulosadan voz kechmasligini ham o’rganib olishgandi.

Urayim haqidagi gapni bir joyda aytishimni bilib, u kim orqalidir buni Karimovga etkazgan va meni mast holda ishimizga aralashdi, degani ham unga moydek yoqqan va mana endi uni o’zimga qarshi qo’llandi. O’shanda Karimov Urayimni jazolash o’rniga uni prezident devoniga ishga olgandi.

Ana shuni bilganim uchun ham ba’zan ayrim odamlar haqida gap ochilsa, indamay qo’ya qolardim. Shu bois Abdusaid Ko’chimov haqida ham indamadim.

Abdusaid Ko’chimovni “Lenun uchquni” gazetasida ishlaganidan bilaman. Uni “Mashhur shoirning qiziga uylanib, muharrir bo’lib oldi” deb yurishar edi. Bolalar shoiri edi. Bir kuni Samarqandga ketayoganimni aytsam, birga ketishni istadi va mashinada birga ketdik. Samarqandga etib borgach, uyda qoldim va akam uni Urgutga tashlab qaytdi.

-Bu bola uzoqqa ketadi,-dedi akam,-lekin undan ehtiyot bo’l. U do’stini ham o’ldirib, norvon qilib o’tadiganlardan, bir ikki savol berib bilib oldim.

E’tibor qilmadim. Keyinchalik prezident devonida ishlaganimda demokrat deputatlar bilan Karimovning oyda bir yuzma-yuz uchrashuvini tashkil qilar ekanman, bir kuni majlis tugagach, deputatlar Karimovga yana savol bera boshladilar. Abdusaid Ko’chimov ham bir narsa degan edi, Karimov uni qattiq so’kib yubordi. U boshini egib, inday turaverdi. Shundan bildimki, u Karimovga kerak kadrlardan ekan.

Haqiqatdan ham shunday bo’ldi. Bir muddat Erkin Samandarovga bo’lim mudiri, keyin davlat teleradio kompaniyasida radio bo’yicha o’rinbosar bo’ldi va raislikka tayinlandi. Bu joyda uzoq ishlash qiyin. Ammo Abdusaid uzoq ishladi. U Karimovning oyog’ini bosmaslik uchun har qanday ishga tayyorligini shu yillarda namoyish etdi. Xalqimizni siyosiy jihatdan manqurt bir vaziyatga solish uchun u tinmay kurashdi va qisman shuni ta’minladi ham. Xullas, gap u haqda emas. Gap Samandarovning makr-hiylasi haqida.

U Ahmadjon akani ishdan ketkazish uchun chin dildan kurashga kirishib ketdi. Bir kuni Karimovga bag’ishlangan dostonini chop etish uchun beribdi. Ahmadjon aka uni bizga ko’rsatib, “Nima qilamiz?”, dedilar.

-Juda katta, gazetabop emas, “Sharq yulduzi” jurnaliga bop ekan,- dedik.

Lekin Samandarov to’rtliklardan iborat madhiyanoma-dostonini Karimovga ko’rsatib, “Muxtorov maddohlikni yig’ishtiring, deb otib yubordi” deb aytibdi. Karimov bu gapni MXXning raisiga etkazibdi. U qo’shnimiz edi. Bir kuni ishga ketayotsam:

-Ahmadjon akaga ayting, hali ham kech emas, Samandarovning dostonini chop etsinlar, shu bilan ish bitishi mumkin,-dedi.

-Bir tiyinga qimmat doston-ku,- desam:

-Lekin Ahmadjon akaga qimmatga tushadiganga o’xshayapti,- dedi.

Shu kunlarda “Panorama” kinoteatrida O’zbekiston musulmonlar jamoasining saylov majlisi bo’ldi. Shu kuni “Xalq so’zi” gazetasida yozuvchi O’ktam Hakimalining “Olloh” degan maqolasi chiqqdi. Unda Musulmonlar idorasi Saudiya Arabistonidan hadyaga kelgan 1 millionta Quron kitobini odamlarga sovg’a qilmasdan pulga sotgani va pulini o’zlashtirgani qistirib o’tilgandi.

Musulmon delegatlarga “Bu gazeta bandani Xudo deb e’lon qildi” deb tushuntirishibdi. Maqola bosilganda O’ktam Hakimalining ismi yuqorida va sarlavha pastroqda bo’lgani bois bir qarashda “O’ktam Hakimali Xudo” degan gap chiqardi. Aslida esa “Xalq so’zi” hamma chet mualliflarning nomini yuqoridan berar edi. Qolaversa Xudo kalimasi katta harfalarda bo’lib, so’zlar bir-biridan uzoqda va ajratilgan holda edi.

Xullas, shu kuni Ahmadjon akadan uzr so’rashni talab qilishdi. Erkin Samandarov gazeta tahririyatiga kelib, Ahmadjon akaga “Yuring musulmonlar talab qilishmoqda, o’sha erda uzr so’raysiz, oqsoqol shunday dedilar”, deb olib boribdi. U erda musulmonlarni Ahmadjon akaga qayrab, gapni oz qolsin “U o’lganda janozasiz ko’milsin” degan fatvoga chiqarishga qadar olib borishgan.

Keyin Erkin Samandarov videotasmani tahrirdan o’tkazib, Karimovga qo’yib bergan va “Ahmadjon Muxtorovning diniy jamoa bilan aloqasi bor, mana ularning yig’ilishlarida ham so’zga chiqib yuribdi” degan. Uning uzr so’ragan joylari kesilib, boshqa gaplari qoldirilgan ekan.

Har holda bu amaliyot Erkin Samandarov bilan birga o’sha kezdagi diniy jamao peshvolarining “otasi” bo’lgan MXX raisi G’ulom Alievning hunari bo’lsa kerak. Shundan keyin Karimov Oliy Majlis raisiga (Bu paytda Ibrohimov ishdan olingan va o’rniga Shavkat YO’LDOSHEV keltirilgan edi) bosh muharrirni ishdan bo’shatish va gazetani Oliy kengash bilan birga Vazirlar mahkamasining ham nashri etib e’lon qilishni topshirgandi.

Biz bu harakatga qarshilik qildik. Gazeta xodimlari ish tashlash e’lon etdilar. Biz deputatlar ularning yoniga borib turdik. Muxolifatdan kelib uch kun shu erda turishdi. Karimov hech birimiz bilan gaplashgisi kelmas edi.

Ish tashlash davom etar ekan, Ahmadjon aka hali ham bularning orqasida Erkin Samandarov va Shavkat YO’LDOSHEV turganiga, Islom Karimovning bexabarligiga ishonardi. Islom Karimov esa o’zini olib qochib, hech ko’rinish bermas, telefonlarga yordamchisi “Kelsalar aytaman, safardalar” kabi javob berardi.

Uchinchi kun Karimov Ahmadjon akaning xonasiga telefon qildi. Ahmadjon aka Karimovning gapini eshitar ekan, qizarib ketdi va o’rnidan turdi.

-So’kmang, so’kmang, mening onam go’rda yotibdilar,- dedi, lekin Karimov allaqachon telefon go’shagini qo’ygan edi. Ahmadjon aka xo’rligi kelgan odamday yig’lab yubordi:

-U onamni haqorat qildi,- deya oldi faqat.

Shundan keyin ish tashlashlarning ham, bizning u erda turishimizning ham ma’nisi qolmadi. Ahmadjon aka ishdan qo’lini yuvib, qo’ltig’iga urdi va uyga qamalib oldi. Keyin ham u bu gapni uzoq esdan chiqara olmadi va faqat onasining ruhiga duo qilib, kechirim so’rab yurdi. Karimov esa unga oddiy ish berilishiga ham qarshilik qildi. Oxir oqibat O’zbekistonning zabardast jurnalisti miyaga qon quyilishidan o’ldi.

Bu Karimovning odamlarni o’ldirish usullaridan biri. Karimovning jallodi o’laroq Erkin Samandarovning ham qo’li qonga botdi. U birgina Ahmadjon akaning emas, balki yana ko’plarning qotiliga aylandi va bu haqda keyingi bo’limlarda to’xtalamiz.

Rahmatli Ahmadjon aka ishsiz yurgan kunlari katta daftarga boshidan o’tganlarini maqola tarzida yozardi. Bir kuni ko’zim tushib qoldi. To’rttasi Erkin Samandarov haqida ekan.

– Yaqin orada emin-erkin zamon keladi va bularni chop etaman,-degandi u. Ammo u hayot bo’lgan kunlari unday zamon kelmadi. Balki kelar, ammo u etmadi shunday kunlarga. Uning yozganlari qayerda qoldi ekan? Uni kelajak avlod o’qir ekanmi? Kimdir balki ularni saqlab qo’ygandir?

Shu bilan biz orzu qilgan “Xalq so’zi” ham bitdi. U endi hukumatning, to’g’rirog’i Karimovning so’ziga aylangan edi.

11.”BU XALQNING ONASINI…”

Oshkoralik qo’mitasi raisi, shoir Erkin Vohidov bilan Islom Karimovning ustidan kelgan shikoyatlar xususida suhbatlashib o’tirgandik. Har holda odamlar demokratiya, so’z erkinligi shamolini sezib qolishgandi.

Masalan,  namanganlik san’atkor-jurnalist Nosir Zokir qo’mitamizga yuborgan xatida: “Karimov uxlayotganga o’xshaydi. Dunyo oshkoralik haqida gapirib turgan paytda u oshkoralikni bo’g’moqda. Biz mustaqillik bayonoti bilan bog’liq bo’lgan gaplarni eshitdik. Lekin nega bu gaplarni halq bilmaydi?” deya yozgandi.

Yana kimdir Islom Karimov nomiga yozgan xati o’zi shikoyat qilgan odamning qo’liga tushganini bildirgan bo’lsa, boshqa birov Karimov o’zbek oltinlarini chetga chiqarayotgani haqidagi mish-mishlar tekshirilishini so’ragan. Bunday xatlar ustiga qizil belgilar qo’yilgandi. Ularni Erkin Vohidov  ko’rmaganday qilib, menga o’tkazardi. Ustiga “o’rganish, tekshirish yoki javob yozish” deb  bir jumla bitardi.

Shu kuni Oliy kengash haya’tining majlisi bor edi. Erkin aka majlisga chiqib ketdi.

Sessiyaga olib chiqishimiz kerak bo’lgan qonun loyihasi ustida ishlayotgan edim. Ammo xatlar ham tinchlik bermasdi. Ularni stolim ustiga qo’yib, bir reja tuza boshladim.

Bo’rini yo’qlasang qulog’i ko’rinadi, deydilar. Birdan eshik shiddat bilan ochildi. Islom Karimov, Oliy Kengash raisi Mirzaolim Ibrohimov, Bosh vazir Shukrilla Mirsaidov  kirib kelishdi. Eshik yonida iktisodiy islohot, sanoat, transport va yo’l qurilish qo’mitalari raislari va boshqalar. Orqaroqda huquq tartibot qo’mitasi rasi Erkin Xalilov jilmayib qarab turgandi.

Karimov salom-alikdan keyin stolning chetiga engilgina “ilashib” o’tirdi. Mening joyimga esa Bosh vazir “yoyildi”. Oliy Kengash raisi Ibrohimov esa, Erkin Vohidovga yaqinroq joyda qo’lini orqasiga qilib turardi. Hammalarining kayfiyati yaxshi. Bir ikki qochiriq gaplar aylandi o’rtada. Ular nimaga kirishganini o’ylar edim. Bir kun avval oynaijahonda “Deputat minbari” rukni bilan beriladigan kursatuvda sud tizimini, Oliy sud raisi Bobur Malikovni qattiq tanqid qilgandim. “Paxta ishi” bo’yicha umumiy avfga tushganlardan Oliy suddagilar katta miqdorda pora olib, shundan keyingina hujjatlarini rasmiylashtirmoqda”, degan shikoyatlar ko’p  edi. Shularni aytib, Oliy sudni keskin tanqid qilgandim. Karimov televidenieda bunday gaplar aytilishini yoqtirmasdi. Lekin hoizr xuddi  ko’nglimdagini o’qiganday:

-Kecha yaxshi gapiribsiz, televizorda,-deb qo’ydi.

Demak, ko’rmagan, kimdir qandaydir gap aytgan. Xonamizga kelishiga bu sabab emas. Balki u Oliy Kengashdagi ish sharoitlari bilan tanishish uchun kelgandir?

Xullas, savollar xayolimdan “g’irillab” o’tib turganda, Karimov stol ustidagi xatlarni qo’liga oldi.

Allohning kudratini qarang: bu xatlarni olib borib, “O’qing”, deb iltimos qilganda ham u qo’liga olmasdi.  Kutilmaganda o’zi kirib kelib, o’zi haqida yozilgan shikoyatlar, norozilik xatlarini o’qimoqda. Avvaliga engil tortdim. Keyin negadir ko’nglim g’ashlandi. Xuddi, Karimovning ustidan hujjat to’playotganga o’xshab qoldim-mi, deb o’yladim. Chunki uning qo’lidagi barcha maktublarda odamlar Oshkoralik qo’mitasi fosh etadi, deya yozishayotgandi, shekilli. Qolaversa, boshqa respublikalarda yuz berayotgan oshkoralik ularni ham qitiqlayotgani sezilib turardi.

Karimovning avzoyi buzildi. Buni sezgan sheriklari jim bo’lib qolishdi.

-Sizlar shikoyat tekshirish bilan bosh qotirmanglar! Pastda xatlar bo’limi bor, o’sha yerga kerakli joyga qaytarib jo’nataversin,- dedi u va o’qishda davom etdi.

Ikki-uch xatni o’qigandan keyin shartta o’rnidan turdi-da:

-He, bu nonkur xalqning onasini…! – deya so’kinib, qo’lidagi xatlarni o’rtasidan yirtib, axlat qutisiga otib, chiqib ketdi. Qolganlar ham uning orqasidan tashqariga yugurdilar.

Og’ir ahvolda qoldik. Karimov halq barobarida bizni ham haqorat qildi. Erkin aka tortmasidan asabni sokinlashtiradigan doridan olib ichdi. So’ng sigaret so’radi-da, chiqib ketdi. Shu payt qo’mita kotibasi Toyiba kirib keldi.

-Nima gap? -dedi u.

Indamadim.

-Nega rangingiz oqarib ketgan? – deb so’radi u.

-Karimov butun xalqni, hammamizni haqoratlab ketdi, – dedim.

Keyin bor gapni aytib berdim.

-Dahshat-ku! – dedi Toyiba, – qanday chidab o’tiribsizlar?! Biror chorasini ko’rish kerak!

-Nima qilamiz? Orqasidan yugurib borib, javoban so’kish kerakmi?

-Imkoniyatingiz ko’p, halqqa ma’lum qilish kerak!

Xalqqa qanday qilib ma’lum qilishni o’yladik. Nihoyat, Matbuot konferentsiyasi o’tkazish kerak, degan fikrga keldik.

Bir kun oldin Toshkent shahar jurnalistlar uyushmasidan qo’ng’iroq qilib, “Oshkoralik qo’mitasi rahbarlari bilan qalam ahlining uchrashuvini tashkil qilsak” deyishgandi. Qo’l keldi, darrov uyushmaga sim qoqib, ertaga peshin chog’i vaqtimiz borligini ma’lum qildik. Keyin o’zimiz bosh muharrirlarga, muxolifat liderlariga, faollarga, diniy idoraga ham telefon qilib, vakillari qatnashishini so’radik.

Ertasiga Erkin aka:

-Salomatligim yomon, do’xtirga ko’rinishim kerak edi, sizlar o’tkazaveringlar,- dedi.

-Siz bormasangiz bo’lmaydi, – deb turib oldik.

Xullas, “Mayli, etib kelaman” dedi u.

Uchrashuvni Jurnalistlar uyushmasi Toshkent shahar kengashining raisi ochdi.

Oshkoralik qo’mitasi faoliyati haqida gapirdim. So’ng:

-Yaqinda rahbarimiz ishxonamizga kelib, tasodifan shikoyat xatlarini ko’rib qoldi. Aksariyat xatlar uning faoliyati haqida edi. Shunda xatlarni o’qib, yirtib, axlat qutisiga otdi-da “Bu nonkur xalqning onasini…!”, – deb haqoratladi, – deya voqeani hikoya qila boshladim.

Bu gapni eshitgan ziyolilar oyoqqa qalqib ketadi, balki matbuot uyidan Karimovning devoniga qarab yurish boshlashar, deb o’ylagandim. Umuman bu gapni oshkor qilishga ko’p istiola qilgandim. Katta to’s-to’polon boshlanadi, muxbirlar gazetaga yozishadi, odamlar oyoqqa turadi, degan xayolga borgandim. Chunki mushtga yoki kaltakka chidash mumkin, lekin “onangni…” degan haqoratga chidash mumkin emas, deb tushunardim. Shu sabab, butun vujudimni mas’uliyat, yuz beradigan voqealar uchun mas’uliyat yuki bosgandi. Hali gapiradigan gapim oxiriga etmasdan, ERK partiyasi kotibi Abdulhay Abdumavlonov o’tirgan joyidan baqirdi:

-Ismini ayting, qani oshkoralik, nega xaspo’shlab gapirasiz!

Xayolimdan “ana boshlandi” degan gap o’tdi.

-Ismini aytmasam ham kimligini sezib turibsizlar. Kim bo’lardi, prezident Karimov-da, – dedim.

O’tirganlarga qarasam, umumiy loqaydlik ruhi hukmron. Birov ajablanmadi ham, birovning jahli chiqmadi ham. Millatning gullari – oydinlar, shoirlar, kurashchilar… Ularni birdan qo’rquv bosdimi? Yoki avvaldan qo’rqoqmidilar? Balki qulliklarini tan olgan qullarmi bular? Xullas, na dindorlar va na maydonlarda xalqning oldida boradigan faollar ham bir so’z demadilar. Baqirib savol bergan Abdulhay ham negadir jimib qoldi.

Tashqarida voqeaning bu sahnasi o’tishini poylab o’tirgan ekanmi, bir ozdan keyin  Erkin aka kirib keldi. Unga “Yurtda diktatura boshlandimi?” degan savol tushdi. U diktatura nima ekanligini, bizda esa uning belgilari hali ko’rinmayotganini tushuntirib berdi. So’ng Toyiba so’zga chiqdi. U ancha dadil gapirdi. Haqiqatni ochib tashladi.

-Menga qiyin, – dedi Erkin aka. – Ilgari Jahongir gapirganda uning so’zlarini andavalab turishga to’g’ri kelardi, endi Toyiba xonimnikini ham tekislashim kerak.

O’rinsiz “askiya” va o’rinsiz kulgi bo’ldi. Uchrashuv kechga yaqin yakunlandi. Uy-uyga tarqaldik.

Ertalab ishga kelsam, doim soat 10-11dan keyin ko’rinadigan Erkin aka hali soat to’qqiz bo’lmasidan xonada sigaret tutatib o’tirardi. U kashanda emas, lekin ba’zida  tutatib qolardi. Salom-alik sovuq bo’ldi.

-Kechqurun oqsoqol uyga telefon qildilar, – dedi u har doimgidek Karimovni “oqsoqol” bilan almashtirib. – Men unaqa gap aytganim yo’q, bunday deguncha o’zimni otmaymanmi, dedilar. Ismat Xushev borib hamma gapni aytib beribdi. Allaqachon undan shikoyat ham yozdirib olishibdi. Qamatmasam qo’ymayman, deyaptilar. Nahotki majlisda men kelgunga qadar shuncha gap bo’ldi? Xullas, osmon uzilib yerga tushgan, aytganim yo’q, dedilar.

-O’zingiz eshitdingiz-ku?!-dedim  hayratda qolib.

-Kengash raisi bir narsalar gapirib turuvdi menga. O’shanga eshitmay qolgan bo’lsam kerak. O’zi, rostdan ham shunday deganmidilar?-Erkin aka bolalarga xos samimiyat bilan tikilib qoldi.

Uyga toldim. Xayolga botganimni Erkin aka boshqacha tushundi, shekilli:

-Hozir nima bo’lsa ham olovni o’chirish kerak,-dedi.-Borib oqsoqolga uzr, deb qo’yish kerak. Bo’lmasa, hamma narsa teskari aylanib ketadi…

Allaqachon, hamma narsa teskari aylanib ketgandi. O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komiteti qo’mitasi “Islom Karimovning sha’nini himoya qilish uchun Jahongir Mamatovni sudga berish kerak”, degan qarorga kelgandi. Shu kuni kechga yaqin Markazqo’m ikkinchi kotibi chaqirayotganini aytishdi. Borsam, tashkiliy bo’lim mudiri kutib oldi.

-Oldin ikkalamiz suhbatlashsak, nima bo’lganda ham hamkasbmiz. Keyin u kishiga kirasiz, – dedi u.

Mudir mashinkada yozilgan olti-yetti sahifalik xatni o’qib, keyin menga savol bera boshladi.

-Bu savolni Ismat Xushevga berasiz, – dedim.

Ismat jurnalistlar orasida “Karimovning ayg’oqchisi” nomini olgandi.

-Nega?- deb ajablangandek so’radi mudir.

-Chunki qo’lingizdagini u yozgan.

-Qayerdan bildingiz u yozganini?

-Oxirgi sahifasini teskari ushlab qolibsiz, shundan,-dedim aslida Ismat Xushevning prezidentga borib aytganini  Erkin akadan eshitganimni bildirmay.

-I, i, – u darrov sahifalarni to’g’rilab oldi.

-Ammo, rahmat, nima bo’lganda ham hamkasbsiz-da, sotqin kimligini sezdirib qo’ydingiz, – dedim.

-Bu sotqinlik emas, bu yurtni, Vatanni sevish belgisi.

-Yurt, Vatan faqat Karimovdan iborat bo’lsa, aslo sevmadik!

Keyin u men saylangan Jomboy tumani birinchi kotibining imzosi bilan kelgan shoshilinchnomani ko’rsatdi.

-Xalq ham sizdan norozi,-dedi u shoshilinchnomani o’qib.

-Bechora xalq telegramma yuborsa, bir oyda ham etib kelmaydi .Buni qush bilan yuborishgan shekilli, bir kunda qo’lingizga tegibdi. Topshirig’ingizni vaqtida bajarishibdi, – kinoya kildim men.

-Bilasizmi, men sizni anchadan beri kuzataman. Ilgari doim tanqidiy maqolalar, fel’etonlar  yozardingiz. Depuat bo’lib ham doim kamchilik qidirasiz. Umuman, shunday dunyoqarashdagi kishi uchun bora – bora hamma narsa nuqsonli ko’rinadi. Bu ham bir xastalik. Shunga iqror bo’lsangiz, davolanishga yordam beramiz,  sud tashvishidan ham qutulasiz, – dedi u.

Kuldim:

-Balki, shundaydir,-dedim.-Sizlarning ko’zlaringizga hamma narsa yaxshi bo’lib ko’rinadi. Hammayoq to’kin – sochin, muammo yo’q. Bu holda davolashni bu idoradagilardan, jumladan oqsoqoldan, partiya rahbarlaringiz va o’zingizdan boshlamoq kerak. Sudga kelsak, nima qilamiz, osmon qo’lingizda, tashlab yuboravering!  Lekin Sovet davridagi kabi  tanqid qilganlarni ruhiy xastaxonaga tiqib qo’yish payti o’tib ketdi,-dedimda mudirning eshigini yopib chiqib ketdim-u ko’nglim tinchimadi. Mudir “yuqoriga chiqishimiz kerak” degancha qoldi.

Tashqariga chiqarkanman, negadir o’zimni yolg’iz his kildim. Asablarim chatnay boshlaganga o’xshab tuyuldi. Uygacha piyoda keldim.

“Voqea” tafsiloti darhol Karimovga etib borgan shekilli, ertasigayoq Oshkoralik qo’mitasi faoliyatini taftish qilish boshlandi. To’g’rirog’i men va Toyibaning “daftar, qalamlari”ni tekshirishga kirishildi. Ko’p o’tmay Oshkoralik qo’mitasining favqulodda majlisi belgilandi. Majlisdan bir kun oldin deputatalar Karimovning huzurida “maslahat”, “topshiriq” oldilar.

O’zbekiston radiosining Moskvadagi muxbiri Raimjon Sultonov bilan yana ikki kishi Karimov qabulidan keyin oldimga kelishdi.

-Hamma bilan uning o’zi alohida gaplashmoqda, kimga ish, kimga mashina va’da qilinmoqda. Agar siz va Toyibani quvmasak, qo’mita ham yopilarkan,- dedi Raimjon.

U jasoratli jurnalist. Adolatsizlik qarshisida chiday olmas edi. Ammo keyinchalik o’n gulidan bir guli ham ochilmagan o’g’lidan ajralib qolgach, negadir jamoat ishlaridan ham uzoqlashdi. Uni tushunish mumkin. Bunday kezda odamning ko’ngliga boshqa dard sig’maydi. Xullas, o’shanda Raimjon va boshqalar majlisda mahkam turadigan bo’lishdi.

Majlis kuni Oliy Kengash qo’mitalaridagi deputatlar, ommaviy axborot vositalari xodimlari ham ishtirok etish uchun to’planishdi. Oliy Kengash raisining o’rinbosari Bugrov ularga “javob” berib, majlis yopiq o’tishini aytdi. Ba’zi millatvakillari qatnashamiz, deb zaldan o’rin olishdi. Lekin ularni ham chiqarib yuborishdi.

Majlis “sovuq” boshlandi. Bugrov majlisni rus tilida olib borishni taklif qildi.

-Bu O’zbekistonning Til haqidagi qonuniga ziddir, agar majlisda qatnashganlardan ko’pchiligi rus bo’lganda balki buni o’ylab ko’rgan bo’lardik, lekin, bitta rus bor, u ham saylanayotgan paytda sessiyada  o’zbekcha gapirgandi,- dedim .

-Endi o’rganayaptilar,-dedi Erkin aka.

Xullas, majlisni rus tilida o’tkazishga yo’l bermadik. Qo’mitaning hamma sohaga aralashayotgani, umuman Oliy majlis hukumat ishlariga aralashmasligi, partiyani hurmat qilishi kerakligi haqida gapirildi. Uzoq tortishdik. Karimov bir necha bo’lakka bo’linib, bir necha kishining ichiga kirib olgan kabi bir xil gaplar aytila boshlandi. O’zbekiston Komsomol komitetining birinchi kotibi Aziz Nosirov “Islom Karimov bu xalqni sevishi va xalq ham uni sevganini” aytib, biz unga tuhmat qilayotganimizga to’xtaldi.

Kompartiya Ideologiya  bo’yicha kotibi Jahongir Hamidov ham shu masalada so’z yuritdi. Toshloq tuman  prokurori, shu majlisdan keyin  ko’p o’tmay Toshloq tuman hokimi bo’lgan Qahramon Sotiboldiev ham ularning safida edi.

Oxirida qo’mita raisining o’rinbosari va qo’mita kotibini bo’shatish kerak, degan masala o’rtaga qo’yildi. Ovozga berilganda men bitta ovoz ko’p olganim uchun qoldim. Chunki Erkin aka menga qarshi ovoz bermadi.  Navbat Toyibaga kelganda ham yana qo’mita ikkiga bo’lindi. Bugrov Erkin akaga:

-Agar bularni bo’shatmasak, qo’mitani yopamiz,-dedi.- Topshiriq shunaqa!

Bunga Toyiba darhol javob qildi:

-Topshiriq qayerdan? Yana o’sha kommunistik idoradanmi? O’lgan o’likdan qanday qilib sado chiqdi ekan?

Erkin aka shartta o’rnidan turdi-da ruschalab:

-Biz uchun muqaddas bo’lgan idorani haqorat qilishga hech kimnning haqqi yo’q,-dedi. Keyin o’zbekchalab, – Men Toyibaxonning bunday haqoratini qabul qila olmayman va unga qarshi ovoz beraman,- dedi.

Dunyoning ishlari qiziq ekan. Erkin aka “ERK”ning 1990 yil Aprel oyidagi qurultoyida qatnashib, partiyaning bosh hakami etib saylangandi. Kommunistik partiyadan chiqishga so’z bergandi. Ammo ikki partiyaning a’zosi bo’lib qolaverdi.

Kunlarning birida ertalab hovliqib kirib keldi.

-Bu Ismat Xushev deganlari kim o’zi?- dedi.

-Nima bo’libdi?- deb so’radim .

-Bittasining nomidan menga qarshi maqola yozibdi, jurnalining yangi sonida chiqayotgan ekan, shuni  to’xtatish kerak.

-Agar bo’hton-mo’hton bo’lsa siz ham javob yozasiz, lekin Oshkoralik qo’mitasi bo’la turib qanday qilib,  ana u maqolani to’xtat, deb aytamiz? dedim.

Gapim yoqmadi, chiqib ketdilar, keyin bilsam Oliy Kengash raisiga kiribdilar, u “Prezidentga aytish kerak” debdi.

Xullas, Ismat Xushev bosh muharrir bo’lgan “Hayot va Iqtisod” jurnalidan Erkin aka haqida yozilgan narsa olib tashlanibdi.

Bir kun  xat keldi va unda “Sizlar qanday qilib oshkoralik kurashchilari bo’lasizlar?” deb yozilgan va  jurnaldan olib qolingan maqolaning “Grankasi”- xomakisi qo’shib yuborilgandi. O’qib ko’rsam, maqola ham emas, bir o’quvchining savol tarzidagi maktubi, unda Erkin Vohidovning ERK partiyasi qurultoyidagi va “Turkiston” ro’znomasidagi gapi eslatilib, KPSS dan qachon chiqadilar, deb so’ralgan ekan. Erkin akaga shunga shuncha vahima qildingizmi, faqat savol ekan-ku, desam “Bilmasam, jurnaldagi ukalardan biri kelib vahima qilgandi-da” deb qo’ya qoldilar.

Bir kuni Abdulla Oripovni Kompartiyani “Najot qal’asi”  deb yozgan she’ri uchun masxara qilib gapirgandilar. Mana endi Sovet Ittifoqi emirilib borayotgan bir paytda bu idorani “muqaddas dargoh” deya baralla aytmoqdalar.

Erkin aka Toyibaga qarshi ovoz berdim, deyishlari bilan u majlisdan yig’lab chiqib ketdi. Hammaning ko’ngli buzildi va Bugrovning “Mamatov masalasini qayta ovozga qo’yaylik” degan gapiga Raimjon Sultonov “Bu yer bolalar bog’chasi emaski, hamma narsani o’yinga aylantirsangizlar” deb javob qildi.

Majlis tugab, chiqib ketayotganimizda Raimjon Sultonovni Karimov chaqirayotganini aytishdi.

Arbob arbobda, yo’lini topadi. Ko’p o’tmay qo’mitani “qisqartirib” turishga qaror berishdi. Jahongir Mamatov ketsa, qo’mitani yana tiklashlarini aytib Erkin akani ishontirishibdi. Shu sabab qo’mita qisqarishi masalasiga  Erkin aka hech qanday  munosabat bildirmadilar. Qo’mita yopildi.

Bizni jo’natib, qo’mitani qayta ochishdi. Erkin Vohidov yana rais,  kaminaning o’rniga Madaniyat qo’mitasidan jurnalist Karim Bahriev va Toyibaning o’rniga boshqa bir qo’mitadan “Karimovning ayg’oqchisi”  nomini olgan Nomoz Sa’dullaev  keltirildi.

12.OSHKORALIK

Nega bizni g’ayriqonuniy tarzda bo’shatishdi? Faqat Karimovning xalqni so’kkanini oshkor qilganimiz uchunmi? Yo’q, bu jahllarni chiqargan oxirgi tomchi edi, xolos. Ungacha ham  anchagina “xato”lar qilgandik.

Kim bilsin, hamma narsani matbuot, oshkoralik hal qiladi, deb o’ylar edim. SSSRning yiqilishini ham ana shu kuchdan, deb bilaman. So’nggi prezident Mixail Gorbachev matbuotga erkinlik berishi bilan  ommaviy axborot vositalari xalqning oshkora fikr aytish minbariga aylandi va qisman bo’lsada erkin saylovlarga yo’l ochildi.

Boshqa jumhuriyatlarda matbuot va milliy harakatlar kuchli bo’lgani bois erkinlikning maydoni ham keng bo’ldi. Bizda esa Kommunistik partiya jilovga mahkam yopishib olgan va jon berishi amri mahol edi. Bu hol saylovlarga ham o’z ta’sirini urmay qolmadi. Ammo boshqa joylardagi harakatlardan ilhomlangan odamlar yakka tartibda bo’lsada o’z nomzodlarini ilgari surib, saylovning ilgaridan belgilangan qoidasini buza boshladilar. Ba’zi joylarda xalq junbushga kelgan edi. Chunki matbuot ham xuddi ana shunday ko’rinishda,  ba’zilari kurashchan va ba’zilari tsenzuraning quyuq soyasida qolgandi.

Shu bois ham saylovdagi dasturimda O’zbekistonda “Oshkoralikka keng yo’l ochish masalasiga diqqat qarataman”, degan vazifani oldimga qo’ygan edim.

Yuqorida aytganimdek, SSSRning boshqa joylariga nisbatan oshkoralik bizda juda sust edi. Qarshilik esa juda kuchli. Gazetalarda chiqqan har bir tanqidiy maqola xalq orasida voqeaga aylansa-da ayni paytda unga ko’rsatilgan qarshilik ham katta voqea edi.

1990 yilda tuzilgan Oshkoralik qo’mitasi  qisqa vaqtdai Oliy kengashning eng  yetakchi va ayni paytda Karimovning eng boshini og’ritgan qo’mitasiga aylandi. Qo’mita a’zolarining ko’pchiligi mustaqil saylangan deputatlardan tashkil topgandi. Chunki kommunistik partiya ro’yxatidan saylanganlarni oldindan turli komissiyalar ro’yxatiga kiritishgan va “o’zboshimchalar” chetda qolishgandi. Yangi qo’mita tuzilgandan keyin ularga yo’l ochilgandi. Oddiy odamlar mayli, hatto deputatlar ham arz dodlarini shu qo’mitaga aytadigan bo’lishdi. Lekin Erkin aka negadir tish-tirnog’i bilan masalalarni yopib yuborishga intilardi.

…Farg’onalik deputat, dramaturg Inomjon Tursunovni Toshkent mehmonxonasida mirshablar do’pposlaganini eshitganimizda darhol qo’mitaning majlisini chaqirdik. Ammo Erkin aka:

-Bu masalaning bizga daxli yo’q, qonunchilik qo’mitasi ko’rishi kerak,-dedilar.

-Ular ham ko’rishsin, ammo biz ham o’z munosabatimizni bildirishimiz zarur,-dedik.

Qo’mita to’planadigan kun Erkin akaning umr yo’ldoshi Gulchehra opa telefon qilib:

-U kishi kasal bo’lib qoldilar… akangizni ehtiyot qilinglar,-dedi.

Majlisga raislik qildim va matbuot vositalaridan vakillar chaqirib  masalani yoritishni so’radik. Lekin kechqurun televidenie ham, radio ham, ertasiga gazetalar ham qo’mita majlisi o’tgani haqida xabar bergan bo’lsalarda Inomjon Tursunov masalasini chetlagan edilar. Radiotelevidenie qo’mitasi raisi Ganja Yoqubovga telefon qildim:

-Erkin akam bilan gaplashsangiz bo’larmidi, kecha xabarni u kishining o’zlari tahrir qilib berganlar,-dedi u.

-Kecha u kishi ishga chiqqanlari yo’k-ku?!-ajablandim men.

-Buning uchun ishga chiqishning keragi yo’q, uydan turib ham ruxsat berish mumkin…,- dedi Ganja Yoqubov va kurashimiz oson kechmasligi haqida gapirdi hamda televidenieda “Deputat minbari” ruknini tashkil  qilish haqida taklif qildi. Shundan bildim-ki u odam ham islohotlar tarafdori va  xabarni tahrir qilish  uning tashabbusi emas…

Bir kuni qashqadaryolik deputat Murod Jo’raev xat tashlab ketdi. U Muborak shahrida ishlayotgan mustaqil televidenie yopib qo’yilgani, oshkoralik bo’g’ilgani haqida yozgandi. Tekshirishga boraman, desam, Erkin aka:

-Bu juda ham muhim masala ekan, oqsoqol bilan maslahatlashib, o’zim borib kelaman,-dedi.

Lekin doim  bir muammoni ro’kach qilib, masalani orqaga tashlayverdi. Murod Jo’raev yana kelib ketdi. Qo’mitaning bo’lajak majlisi kun tartibiga bu masalani kiritishni talab qildim va o’zim Muborakka borib keldim. Erkin aka negadir hech narsa demadi. Voqealarni aytib bergandimda achinish bilan tingladi va tadbir olish kerakligiga ishora qildi. Shundan keyin qo’mita majlisi uchun hisobot tayyorladim. Ammo muhokama kuni Erkin aka kelmay qoldi. Uyidan telefon qilishdi.

-Qon bosimlari oshib ketgan. Nega buncha azob berasizlar,- dedi umr yo’ldoshi.

Majlisga Murod Jo’raevning o’zini ham taklif qilgan edik. Ammo kelmadi. O’sha kun deputatlarning tashabbus guruhida ham bu masalani qo’ygandik. Unga ham kelmadi. Eshitsak,  u saharlab yo’lga chiqishi oldidan yotgan uyiga kimdir miltiqdan o’q otgan va u yotoqda bo’lmagani, yo’lga chiqish uchun hozirlanayotgani bois tirik qolgan. Oshkoralik qo’mitasining bu boradagi norozilik bayonotini tayyorladik  va aksar deputatlar qo’l qo’yishdi. Tag’in matbuotda berilmadi. Surishtirsak, Erkin akadan izn olishgan ekan…

Bularga qaramay asosiy vaqtimni “Matbuot haqida”gi qonun loyihasini tayyorlashga sarflar edim. Boltiq bo’yi jumhuriyatlarida qabul qilingan qonunlarni va ba’zi G’arb davlatlarining bu boradagi hujjatlarini o’rganib o’zimizning loyihani tayyorladim. Keyin o’qib chiqish uchun Erkin Vohidovga berdim. Loyihani u kishi doim qo’lida olib yurdi. Ish joyida ham unga termulib o’tirardi. Bir kuni qaytib berdi. Qarasam, men yozgan loyiha o’rnida mutlaqo boshqa narsa:

-Bu nima?-dedim Erkin akaga.

-Oliy Kengash apparatidagi huquqshunoslar ko’rib chiqishdi va amaldagi qonunlarga zid bo’lmasligi uchun  biroz tuzatishdi.

-Bu tuzatilgan emas,  butunlay boshqa narsa-ku?!

-Bilasizmi, qonun yozishning o’z tili bo’ladi va o’z mutaxassislari bor. Ular ham bir variant tayyorlashgan ekan, men shuni qabul qildim.

-Faqat o’zim yozganim yo’q, huquqshunoslar, jurnalistlar va boshqa ekspertlarni ham jalb qilganimni bilasiz-ku?

-Bilaman, bilaman, lekin ertaga loyihamiz sessiyadaan qaytmasligi uchun ularnikini olaylik va o’shanga tuzatishlar kiritaylik.

Uzoq tortishdik. Oxiri ikki variant ham qolaversin, degan nuqtaga keldik. Chunki oldinda qo’mitamiz majlisi, qo’mita a’zolarining va boshqa qo’mitalarning takliflari ham bor edi. Qo’mitamizning majlisida bo’lgan gaplarni aytishimni Erkin akaga bildirdim. Shu boismi u kishi yana majlisga kelmadi.  Biz o’zimiz tayyorlagan loyihani qabul qilib, kengaytirilgan majlis o’tkazish, unga barcha muharrirlar, qiziqqan jurnalistlar, mutaxassislar va boshqa qo’mitalardan deputatlarni taklif qilish haqida gaplashdik.

Shundan keyin Karimov chaqirdi.

-Erkin Vohidov latta chiqib qoldi-ku?- dedi u,- doim majlis o’tkazadigan kunlaringiz  kasal bo’lib qoladi.

-Aslida ham biroz kasalman odam,-dedim .

-Bizning bolalar bir qonun loyihasi tayyorlagan edi, o’zim ko’rib chiqib unga bergandim, lekin negadir uni qoldirib yuborishibdi-mi?

-Bizga u loyihani sizdan emas, Oliy kengash apparatidan keldi, deb aytishgandi.

-Apparatdagilar sizlarning xizmatkoringiz. Ularning qonun taklif qilish haqqi yo’q. Bu haq menda  va sizlarda bor.

Ish-ishdan, g’isht qolipdan ko’chganini, endi orqaga yurib bo’lmasligini aytdim.

-Kerak bo’lsa qonun qabul qilingandan keyin ham uni e’lon etgunga qadar qayta yozib chiqishimiz mumkin, o’shandan keyingina qo’l qo’yaman, buni nazarda tutinglar,- dedi Karimov.

Ammo Karimov aytganidek bo’lmadi. Biz mahkam turdik va qonun loyihasidagi asosiy printsiplarni saqlab qoldik. Hatto o’sha ilk qonunda “O’zbekistonda tsenzura bekor qilinadi” degan moddani ham saqlab qoldik. Lekin Karimov qonunni imzolagan bo’lsada, unga rioya qilmadi, matbuotga erkinlik bermadi.

…Bir kuni Shovruq Ro’zimurodov kirib keldi.

-Mening ustimdan jinoiy ish ochishibdi,-dedi u.

-Nega?-deb so’radik

-Bahona qilishayapti, birovga uy olishida yordam qilgansan, deb. Agar deputat yordam qilmasa kim yordam qiladi?

Erkin aka Shovruqni diqqat bilan eshitti. Uning hamma gaplariga qo’shildi va kerak bo’lsa Oliy Kengash hay’atida masalani ko’tarishi, hatto Prezident bilan ham gaplashajagini aytdi. Shovruq chiqib ketgandan keyin:

-Bu birinchi sessiyada Prezidentga qarshi chiqqan bola emas-mi? Anchagina savodsiz ko’rinadi-mi?,- dedi.

Oradan ko’p otmay Shovruqni qamashdi va bir kuni Oliy Kengash hay’atiga muhokama qilish uchun olib kelishganda biz deputatni qo’lida zanjir bilan olib yurilishiga qarshi isyon qildik. Erkin aka indamay o’tirdi. Keyin ranjiganimni sezdi shekilli:

-Befoyda, hammasi befoyda, uning taqdirini hal qilib qo’yishgan, yosh yigit ekan, juvonmarg bo’lib ketmoqda,-dedi.

Biz sessiyada Shovruq masalasini ko’targan kunimiz ham Erkin Vohidov miq etmay o’tirdi .U kishi haddan ziyod “madaniyatli” odam.  Masalan, tushga chiqqanimizda, xonaga qaytar ekanmiz, liftning eshigi ochilsa:

-Qani, qani, marhamat!-deb turaverardi va  uni hurmat qilganlar ham chekinishardi, shu zayl ba’zan liftning eshigi bekilib u tashqarida qolardi. Lekin Karimov rejimi paytida u tashqarida qolmadi, doim ichkarida bo’ldi.

Oshkoralik qo’mitasi ishida ham u  doim ana shunday  kutib turish va boshqalarni o’tkazib yuborish uslubini qo’llardi.

Oshkoralik qo’mitasi endi oyoqqa turayotgan kunlarda Erkin Vohidov qo’mitamizning xizmat mashinasida ketayotganda, do’rmon yo’lida kimdir mashinaga qarata o’q uzgan. Erkin aka darhol orqaga qaytishni buyurib,  uyiga borgan. Shofer esa kelib bizga:

-Mashinaga kimdir o’q otdi,-dedi.

Erkin akaning uyiga telefon qilsak, u shunday bo’lganini tasdiqladi va mazasi qochib qolganini aytdi. Shu kuni Moskvada chiqadigan “Komsomolskaya pravda” gazetasida bu haqda xabar chiqdi.

Biz oshkoralik qo’mitasining majlisini chaqirib,  suiqasd orqasida kim turganini aniqlash masalasida huquq-tartibot idoralariga murojaat yettik, masalani sessiyaga olib chiqish borasida qaror qabul qilib, prezidiumga topshirdik.

Ertasiga Oliy Kengash hay’atining yopiq yig’ilishi bo’ldi. Unda Karimovning o’zi qatnashdi va prezidium a’zolaridan boshqa odam kiritilmadi.

Majlisda Erkin Vohidov voqea yolg’onligini aytgani, matbuotda chiqqan xabar uydirmaligi va “mish-mish”larni tarqatganlarga qarshi bayonot qabul qilingani, shoferning ishi bilan MXX shug’ullanishi haqida qaror olinganidan voqif bo’ldik.

Shoferni darhol ishdan olib, qamab qo’yishdi. Uning oilasi va bola chaqasi chinqirab keldi, Erkin aka bir narsa qila olmasligini aytdi. Poliklinikada Erkin akaning umr yo’ldoshini ko’rib qoldim. U bizning harakatlarimiz uchun Erkin akani qiynashayotganini aytib, bizni tartibga chaqirdi.

O’q otilgani aniq. mashinani darhol tekshirtirganimizda mutaxassislar o’q tekkan joyni aniqlashdi. Erkin akaning o’zi ham ko’pchilikka bu gapni aytdi. Keyin nega so’zidan qaytdi? Qo’rqdimi?

Xabarni yozgan jurnalist quvg’inga olingani, shoferning qamalgani nima bo’ldi? Agar o’shanda Erkin aka mahkam turganda va suiqasd ishi ochilganda shu voqeadan keyingi yillarda yuz bergan ko’p narsalarning balki oldi olingan bo’larmidi? Erkin akani qo’rqitib, boshqalarni esa yo’qotib yuborishdi. Agar u mahkam turganda uni yo’qotishga jur’at etisholmasdi, uning obro’ e’tiboridan qo’rqishardi va bu qolganlarni ham  qutqargan, O’zbekiston bugun balki demokratik davlat bo’larmidi?

Ammo Erkin aka qadamba qadam orqaga odimlardi. Bir kuni:

-Erkin aka, buning otini chekinish deydilar,  puturimiz ketib qoladi,-dedim.

-Puturimiz ketib qolmasligining oldini olish uchun urinib kelayapman-da,-dedi u kishi parvo qilmagan holda.

Erkin aka xarakteri jihatidan juda yumshoq, birovning ko’nglini og’ritmaslikka harakat qiladigan, hazilni sevadigan, doim kulib yuradigan odam. Har qanday jiddiy masalani ham bemalol hazilga burib yubora oladi.  Huzuriga kelgan har qanday odamni bemalol eshitar, garchi doimiy sigaret chekmasa ham ular bilan birgalashib tutatar va odamlarni o’ziga mahliyo eta bilardi.

Masalan, mustaqillik tarafdori bo’lgan bir kishi bilan bu masalada ochiq gapalasha olsa, oradan ko’p o’tmay mustaqillikni istamagan odam kelsa, u bilan  mustaqillik hech narsa bermasligi to’g’risida ham bemalol gaplashaverardi.

Erkin aka vatan haqida yig’lab she’rlar yozishi va hammani hayratga solishi mumkin va amalda vatanni kichik bir manfaatga sotib yuborishi oddiy hol edi. Oshkoralik qo’mitasini qonunga xilof ravishda yopishganida, “Xalq so’zi” gazetasini “sindirish”ganida, demokrat deputatlarni qamashganda, ularning deputatlik vakolatlarini to’xtatganlarida, hatto yaqin safdoshlarini o’ldirganlarida, oilalarini quvg’inga olishganida ham Erkin aka jimligini buzmadi. Ammo lirik, falsafiy she’rlar yozishni ham to’xtatgan emas. Balki shuning uchun ham u qahramondir!  Ya’ni biz bilmaganni biladi va biz qila olmaganni uddalaydi.

Xullas, oshkoralik ana shunday o’ldirildi va bu ishda eng asosiy rollardan birini Erkin Vohidov o’ynab berdi. U keyinchalik sessiyalarda Karimovning siyosatini oqlaydigan murojaatlar bilan chiqqanda, 1999 yil voqelaridan so’ng “Sizga otilgan o’q menga tegsin” deb Karimovga bag’ishlab she’rlar yozganda, yiliga bir marta orden olganda ma’lum bo’ldi. Ammo biz ma’lum narsalarga emas, mavhum narsalarga ko’proq ishonamiz. Hali ham Erkin Vohidovni ulug’laymiz, she’rlarini yodlaymiz, qo’shiq qilib aytamiz… Shunaqa  bag’ri keng xalqmiz…

13.PARKENT

Parkent voqealari Islom Karimov tarixidagi inkor etib bo’lmas, eng qonli sahifadir.

Parkentning go’zalligi, jannatmonand go’shaligi, odamlarining mehmondo’st, yordamsevar ekanligini O’zbekiston radiosida ishlagan yillarimdan bilardim. Radioning bolalar uchun dasturlar hozirlanadigan tahririyatida parkentlik iste’dodli jurnalist va yaxshi shoir Mahmud Toir ishlardi. U bilan yaqin do’stligimiz bor edi. Qonli voqealar yuz berganda esa u “Parkent tongi” gazetasining bosh muharriri lavozimida ishlardi.

Bundan oldin ham Parkentga, Kumushkonga “Toshkent haqiqati” viloyat gazetasida ishlaganimda bir necha marta borgan edim. Shu sabab dunyoning tog’lar bilan o’ralgan kichkina  so’lim bu go’shasida 1990 yilda yuz bergan voqealar meni ham qizitiqrmasdan qolmasdi.

O’zbekiston rasmiy matbuoti Bo’ka, Bekobod tumanlaridagi voqealar haqida olgan videofilmida Islom Karimovning otga minib u yoqdan bu yoqqa, bu yoqdan u yoqqa yurganini qayta-qayta ko’rsatib, “qora kuchlar” Mesxet turklari(ularni Ahiska turklari ham deyishadi)ni quvg’in qilishgani, bu Farg’ona voqealarining davomi ekanligini, Islom Karimov bu joylar do’zaxga aylanib ketishining oldini olganini ta’kidlashdan nariga o’tmas edi.

Xalq orasida yurgan gaplarda esa SSSR yiqilar ekan, markaz bir o’q bilan ikki quyonni urmoqchi bo’ldi, birinchisi, ana shunday qo’zg’olonlar chiqarib milliy xalq harakatlarini badnom qilish va tugatish bo’lsa, ikkinchisi, yiqilayotgan SSSRni  saqlab qolish uchun  joylarda o’z ta’sirini kuchaytirishdan iborat bo’lgan, degan gap edi.

Shu bois ham 1990 yilning boshida  Oliy Kengashning birinchi sessiyasi boshlanishidan oldin o’tkazilgan vakillar majlisida bu masalaga oydinlik kiritishni talab qilgandik va parkentlik bir deputatning maxsus komissiya tuzish haqidagi taklifini qo’llab chiqqandik.

Majlis tugagach, parkentlik deputat bilan gaplashib qoldik:

-Ishonchli bir manbadan olingan ma’lumotga ko’ra, Parkentda oddiy odamlarni “Otgin!” degan buyruqqa Bosh vazir Mirahmat Mirqosimov imzo chekkan ekan,-dedi u.

Ishonchli manba O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy komiteteining ideologiya bo’yicha kotibi Jahongir Hamidov ekan. U hatto parkentlik deputatga Mirqosimov imzo chekkan buyruqning nusxasini ham ko’rsatibdi.

Nega Hamidov bu hujjatni unga ko’rsatdi? Bu savol o’shanda xayolimizga ham kelmagan. Hukumatning tepasidagi odamlar turli o’yinlar bilan mamlakatni boshqarishlari, birovni ishdan ketkazishlari va boshqasini tayinlashlari mumkinligi haqida o’ylab ham ko’rmagan ekanmiz.

Sessiyada Bosh vazir vakolatiga ega Vitse-prezidentni tasdiqlash masalasi o’rtaga chiqqanda  Mirqosimovga savol berdim:

-Parkentda oddiy odamlarni o’qqa tutish uchun kim buyruq bergandi? Qo’lingizni ko’ksingizga qo’yib, vijdoningiz oldida o’zingini  oqlash uchun bo’lsa ham haqiqatni aytmaysiz-mi? Axir  o’sha mash’um buyruq tufayli o’n gulidan bir guli ochilmgan 63 yigit o’qdan yiqildi. Yo haqiqatni ayting yoki iste’fo bering va biz bu yerda komissiya tuzib masalani o’rganaylik,-dedim.

Mirqosimov javob berolmay qoldi. Karimov vaziyatni qo’lga olib, vitse-prezident saylovini  demokratik, muqobil asosda o’tkazish kerakligini aytdi va Shukrullo Mirsaidov nomzodi ham ilgari surildi.

Karimov Mirsaidovni “Jasoratli, mard” deb rosa maqtadi.

Karimovning keyingi sessiyadagi iborasi bilan aytganda “Mirqosimov ham mard ekan, to’nini elkasiga tashlab, indamay ketdi”. Shuning uchun ham uni endi Xalq nazorati qo’mitasi raisligiga qo’yishdi.

Lekin Mirqosimov indamay ketmagan edi. O’sha kuni sessiya tanaffusida ro’baro’ kelib qolganimizda׃

– Nahotki bunday narsalarga men buyruq bera olmasligimni tushunmasangiz?-dedi.

-Lekin Hamidovning qo’lida turgan qarorda sizning imzoingiz bor,-dedim.

U nimanidir tushungan kabi indamay qoldi va:

-Ha, o’sha oqshom Parkent chegarasida edim, Hamidov ham yonimda edi. Men  o’q otilmasligi uchun qo’limdan kelganini qildim. Lekin yarim tunda buyruq boshqa joydan keldi. Mana talablaringiz bilan komissiya tuzildi, sizni ham komisiya tarkibiga qo’shishdi, haqiqatni endi o’zingiz oydinlatasiz,-dedi.

-Lekin siz aytmasangiz haqiqat baribir qora qozonning ichida qolaveradi.

-Kimga aytaman, shu komissiyagami, yarmi Farg’ona voqealarida qatnashgan odamlarku?!- deya Mirahmat aka kinoya bilan kulimsirab ketib qoldi.

Yodimga  sessiyada prezidentni saylash paytida u haqda gapirgan Jahongir Hamidovning so’zlari tushdi:

-Islom akam turli voqealar yuz berganda mijja qoqmaydigan odam. U kishining Toshkent viloyatida odamlarning uylari yondirilgan bir paytda otga minib aholini tinchitganlarini televizordan ko’rdingiz. Bunaqa pahlavonlik hammaga ham nasib etmaydi. Biz Mesxet turklarini Bo’ka, Bekobod va umuman shu mintaqadan “Kumushkon” sanatoriyasiga ko’chirganimizda, yarim tunda Islom akam menga telefon qildilar. Qayerdan telefon qilayapsiz, desam, ishxonada ekanlar. Hamma uxlab yotgan paytda ham bu kishi ana shunday uyg’oq va ishlab o’tiradilar,-degandi.

Bu Mirqosimovning gaplariga mos tushdi.

Parkent voqealarini o’rganish komissiyasida yozuvchi Primqul Qodirov, general Botir Parpiev, adliyachi Mirzo Ulug’bek Abdusalomov va boshqalar ham bor edi. Birinchi kuni komissiya raisini saylashda Primqul Qodirov “Islom akaning pozitsiyasini” o’rtaga qo’ydi va yo’nalishni milliy harakatlarni o’rganishga qaratishni taklif qildi. Biz bunga qarshi bo’ldik va ishni hukumatdagi manbalarni o’rganishdan boshlash, jumladan Ichki ishlar vazirligi, Milliy xavfsizlik manbalarini tekshirish kerakligini aytdik. Primqul Qodirovni rais etib saylashar ekan, qarshi bo’lgan to’rt kishi orasidan meni ham raisdosh etib ko’rsatishdi. Keyin voqealar shunday davom etdi-ki, asosiy tekshiruvni boshqarish o’zimga qoldi.

SSSR Ichki ishlar vazirligi qoshida general Shatalin boshchiligida to’polonlarni bostirish armiyasi tuzilgan edi. Milliy xavfsizlik xizmati hukumat telefonlaridagi so’zlashuvlarni ham yozib olar ekan. Telefon so’zlashuvlarini matnga tushirtirdik.

O’zbekiston Ichki ishlar vazirligi manbalarini ham tekshirganimizda Shatalin rahbarligidagi armiyaning maxsus etishtirilgan kuchlarini O’zbekistonga  Islom Karimov bevosita taklif qilgani haqidagi ma’lumotlarni topdik. Uning SSSR Ichki ishlar vaziribilan, qplaversa bevosita Shatalinning o’zi bilan va keyin tunda Parkent chegarsida bo’lgan Hamidov va Mirqosimov bilan “verxushka” (hukumat rahbarlari qo’llanadigan maxsus telefon-JM) orqali gaplashgan gaplari hamma narsani oydinlashtirib turgandi.

Karimov Mesxet turklarini faqat bitta kirish yo’li bo’lgan “Kumushkon” sanatoriyasiga olib  borishni buyurgan va Mirqosimovni harbiylarga qarshi chiqqanlarni otish buyrug’ini beradigan qarorni imzolashga majbur qilgan edi.

Farg’onada 1989 yilning may oyida boshlanib yoz bo’yi tinmagan voqealarning davomi o’laroq Toshkent viloyatining janubida yashagan Mesxet turklarining  uylari yondirib yuborilgani va ular avtobuslarda Parkentning “Kumushkon” dam olish zonasiga olib borilishi haqida planlarni topdik.

Bu voqealarda hali podpolkovnik bo’lgan Zokir Almatov Islom Karimovning ishonchini qozongani ma’lum bo’ldi. Har qancha qarshiliklarga qaramay Islom Karimov unga polkovnik unvonini berib, vazirlikka olib keldi, keyin unga general unvonini berdi.

Parkent markazi  tog’ning ikki adiri orasida joylashgan va pastdan bir yo’l hamda soy o’tgan. Soyning ikki tomonida tepaga qarab uy-joylar, ma’muriy binolar qurib borilgan. Mesxet turklari ana shu  soy bo’yidagi yo’l orqali “Kumushkon” dam olish zonasiga olib borilgan. Oddiy aholi “Kumushkon”ga Mesxet turklari keltirilganini eshitib, ularga yordam to’play boshlaydi, oziq-ovqat yuborib turadi.

Planga ko’ra ishlaganlar Parkentda notinchlik chiqarish harakatlarini boshlashgan.

O’shanda Parkent voqealari haqida alohida bir kitob yozgandim. Qachondir topilib qoladi. Hozir masalaning Islom Karimovga borib taqaladigan nuqtasi bilan bog’liq  voqeani eslamoqchiman.

Komissiya qo’lga kiritgan hujjatlarga ko’ra Jahongir Hamidovning topshirig’i bilan Parkent tumanining barcha xo’jaliklariga  kechqurun telefonogramma yuboriladi. Markazkomning ideologiya kotibi o’zi mustaqil topshiriq bera olmasligi aniq, buning ustiga u Islom Karimovning yaqin do’sti sifatida bu ishga olib kelingani bois boshqa odamlarning unga ta’siri bo’lishi mumkin emas. Demak u topshiriqni bevosita Islom Karimovning o’zidan olgan. Telefonogrammada har bir xo’jalik rahbari va partkom kotibi  ertalab tuman markaziga tartibni saqlash uchun 15-20 nafardan yosh yigitni yuborishi zarurligi aytiladi.

Ertalab soat sakkizga yaqin aytilgan odamlar raykom binosi yoniga to’plana boshlaydilar. Ammo ularga pastda, soy bo’yida to’planish aytiladi. Tunda esa bu joyga Shatalin armiyasining tanklari, zirhli mashinalari ham keltiriladi. Yosh yigitlar qiziqib harbiy texnikani tomosha qiladilar. Ajablanadilar.

Tushga yaqin ular asabiylasha boshlaydilar, nima uchun kelganlari, nega ovqat berishmayotgani kabi savollar paydo bo’ladi. Shu payt harbiylar harakatga kelib, ulardan yo’lni bo’shatib qo’yish so’raladi. Ular soylikka tomon suriladilar. Kimdir go’yo harbiylarga tosh otadi (guvohlarga ko’ra hech kim tanimaydigan, to’n kiyib, soqol qo’yib olgan odam) va o’qlar ovozi yangray boshlaydi. Yigitlar suvga tomon surib boriladi. Orqada sharillab oqayotgan soy va oldinda tish-tirnog’i bilan qurollagan armiya va mirshablar. Tepalikda raykom binosi va voqealar televizordagidek ko’rinib turibdi.

Shu payt yana raykom binosi va Parkentga kirish nuqtasidagi hukumat punkti toshirig’i bilan “Kumushkon”dagi Mesxet turklari avtobuslarda Parkent markaziga olib kelinadi. Agar ularni olib chiqib ketishmoqchi bo’lishsa, soyning naryog’idagi yo’l to’ppa to’g’ri tashqariga ketadi. Ammo avtobus kolonnasini negadir ko’prik orqali, aylanib, yo’lni uzoq qilib, notinchlik yuz bergan joyga olib kelishadi. Biroz to’xtab ham turishadi. Avtobuslarga soy bo’yidagi toshlardan otiladi. Oynalari sinadi. Kolonna shundan keyin shahardan olib chiqib ketiladi. Parkent aholisi yo’llarga chiqib turklarni yig’lab kuzatadi.

Bu tomonda esa o’qlar kimlarnidir yiqitgani uchun yoshlar militsiya binosiga hujum qiladilar, yo’ldagi mashinlarni to’ntarib tashlaydilar. Ko’kda vertoletlar paydo bo’ladi va pastdagilarni o’qqa tuta boshlaydi. Ko’chama-ko’cha qochgan yoshlarni quvib borgan vertoletlar, harbiylar, mirshablar ularni tirqiratib ota boshlaydilar. Shaharning bir chetida motam marosimi o’tayotgan joyda odamlar to’planib turibdi, deb ularni ham o’qqa tutishgan.

Ayni paytda shaharning bir necha joyida  “Birlik” harakati va boshqa guruhlar nomidan yozilgan va Mesxet turklarini o’ldirishga, qatliom etishga chaqirilgan varaqalar topiladi. Harakatlarning mahalliy va hamda viloyat, respublika kengashlari bu tuhmat ekanligini aytib chiqishadi.

Biz komissiya ishini davom yettirar ekanmiz, Primqul Qodirov bir hisobotni ko’rsatib, shunga qo’l qo’yishimizni, masalani bitirishimiz kerak ekanligini aytdi. O’qib ko’rsak, komissiya “hukumat talashib yurgan to’dalar”ning aybi bilan qon to’kilgani va bunday harakatlarni ta’qiqlash zarurligi xulosasiga kelgani aytilgan. Janjallashib qoldik. Men boshqa hisobot yozdim. Ammo ko’pchilik Primqul Qodirov taqdim etgan hisobotga imzo chekkani uchun, o’sha hisobotni olib, ostiga qo’lim bilan uning yolg’onligini va gap nimada ekanligini ilova etib qo’shimcha yozdim. Qarangki o’sha kezda baribir dovyuraklar topilardi, bu raddiyamni qo’llab to’rt kishi imzo chekdi.

Biz masalani rayosatga olib chiqdik. Sessiyada muhokama qilamiz, desak, Islom Karimov majlisga kelib qoldi va masalani kengroq tekshirish kerakligini aytib, kun tartibidan chiqarishni so’radi. Qo’mita raislari rozi bo’ldilar.

Biz to’plangan hujjatlarni uch nusxada ko’paytirgan edik. Ularning to’rtinchi nusxasini ham qilib, bir yosh jurnalistga berdim va:

-Buni olib borib, temir qutiga solib, ko’mib qo’ying, kelajakda sizni tanitadigan manba bu, qolaversa tarix va xalq oldida ulkan xizmat qilgan bo’lasiz,-dedim.

Bizning qo’limizga o’ta muhim hujjatalar o’tib qolgani bois Karimov juda bezovtalanib qoldi. Parkent komissiyasi hujjatlarining har uchchala nusxasi ham menda edi va bir kuni ishga kelsam, xonamda mazkur hujjatlar turgan kattakon seyf “yo’qolib” qolgandi. Hukumat binosi, mirshablar tomonidan qo’riqlanadi. Qolaversa, qavatimizda Oliy Kengash raisining xonasi. Shunday holda kelib-kelib Oshkoralik qo’mitasida kaminaga ajratilgan seyf yo’qolib qolsa-a?  Lekin o’ylantirgan joyi shuki, seyfni ochishlari mumkin bo’lgani holda nega butunlay ko’tarib ketishdi? Xayriyat-ki, hujjatlarning bir nusxasini oldinroq birovga berib yuborgan ekanman. Aks taqdirda Parkent voqeasi ham Farg’ona fojeasi kabi tarixning oppoqq sahifasiga aylanib qolar va uni istaganlari kabi talqin etishardi.

Kelgusida Parkent komissiyasi hujjatlarini balki o’sha jurnalist nashr etar va Karimov tarixining bu qonli sahifasidan xalq to’la xabardor bo’lar?!

14. JIGARISTON

Xastaxonada edim. O’sha kezlari Karimov bilan kurashimiz avjiga chiqqandi. Hukumat kasalxonasidagi do’xtirlar “Tomog’ingizni amaliyot qilishimiz kerak, anginangiz yurakka ta’sir qilmoqda”, deb qo’yishmadi. Bir haftada o’tib ketar, deb o’yladim. Ammo 57 kun kasalxonada yotdim. O’shanda negadir amaliyot uchun boshqa kasalxonaga olib borishdi. Amaliyot paytida tomog’imdan qon ochildi. Qonni to’xtatamiz, deb paxta bosib qo’yishdi va chiqib ketishdi. Umr yo’ldoshim va qaynonam qidirib, topib kelishganda, mening nafasim qaytib, yuzlarim qoraya boshlagan ekan. Amaliyot qilgan do’xtir esa ketib qolgan.

Navbatchi kelib tomog’imga tiqilib qolgan paxtani olgan. Menga amaliyotdan oldin qon bosimini ko’taradigan dori berishgan ekan. Hamshira “Bu qon bosimingizni oshiradi-ku?”, deya amaliyotdan keyin mazkur dorini bermay qo’ydi. Umr yo’ldoshim shundan so’ng doim yonimda turdi. Endi tuzalib qolgan kunlarim edi, hamkasbim, taniqli jurnalist do’stim Dadaxon Yoqubov kirib keldi. Rang-ro’yida qon yo’q. Garchi amaliyotdan chiqqan bo’lsam ham u hol-ahvol so’ramasdan,

-Meni tepdi, – dedi.

Darrov angladim. Prezident tepgan. Chunki do’stim Islom Karimovga yordamchi edi. Ammo amaliyotdan chiqqanim uchun unga darhol javob bera olmadim.

-Ayting, nima qilay? Iste’fo yozay-mi, ketay-mi? – dedi u.

-Nima bo’ldi o’zi? – deb arang so’radim.

U bilan juda yaqin do’st edik,birga ishlaganmiz.Juda yaxshi jurnalist. Ko’ngli ochiq yigit.

-Jigaristonga borib, qishloqni tuproq bosib qolishini o’rgandim. Mutaxassislar bir necha marta yuqoriga xat yozib, xavfdan ogoh etishgan ekan. Agar oldi olinsa, shuncha odam o’lib ketmasdi. Prezidentga kirib, “Jinoyatchi shu erda ekan, sizdan xatni yashirishgan” deganimni bilaman. “Jahongirni dushman der edim, sen yetti marta ziyod dushman ekansan!” deb so’kib tepa ketdi…

Toshkent viloyatining Jigariston qishlog’ida fojia yuz bergandi.Olimlar bir necha yillardan beri bu yerda tepaliklar ko’chib, qishloqni bosib qolishi mumkinligi haqida ogohlantirishgan, lekin hukumat e’tibor bermagan. Hatto prezidentga ham bir necha marta maktub yozishgan ekan. Ammo hukumat rahbarlari bu joyga fojia yuz berib, ko’plab odamlar tuproq ostida qolib ketgandan keyin borishdi. Go’yo ularning qismatiga achingan bo’lishdi. Dadaxon Yoqubov fojiadan ancha oldin maktublar prezident devoniga kelganidan xabar topgan. Lekin bu maktublar prezidentga ko’rsatilganidan esa bexabar bo’lgan.

Dadaxon bilan birga “Hayot quvonchlari va tashvishlari” deb nomlangan va xalq orasida mashhur bo’lib ketgan bir necha dasturni birgalikda tayyorlaganmiz. Birgalikda 1990 yilning Navro’zida 26 soatlik marafon ko’rsatuvini uyushtirganmiz. U Namangandan deputat bo’lib saylanganda ishonchli vakil bo’lib borib, uni targ’ib qilganman. Shu bois yaqin do’stimga prezidentning bunday munosabatidan juda ranjiganman.

Oradan bir-ikki yil o’tib eshitib qoldim. Prezident Dadaxonga bir shikoyat xatini berib Ishtixon tumani hokimi To’raqul YO’LDOSHEVni tekshirib kelishni buyuribdi. To’raqul aka Sovet davridayoq televidenieda paxta masalasini sharhlab, tanilib qolgan siyosatchi edi. Odamlar bilan qanday muomala qilishini, kimning ko’nglini qanday topishni bilardi. Oliy majlisning sessiyalar o’tadigan zalida hammaning o’z o’rni bor va mening o’rnim To’raqul aka bilan yonma-yon tushib qolgani uchun majlis ochilishidan oldin doim hangoma qilib o’tirar edik.

Bizning yyettinchi sessiyadagi to’polonimizdan keyin kimdir To’raqul YO’LDOSHEV ham fitnaning ichida bor, u ham Mirsaidovning odami, degan ekan, har holda shunday keyin bir shikoyat xati uyushtirilib, Dadaxonni tekshirishga yuborishgan. Dadaxon To’raqul akani yoqlab hisobot yozib qaytibdi.

Shundan keyin Karimov To’raqul YO’LDOSHEVning o’zini chaqirgan va u ba’zan Mirsaidov bilan ham uchrashganini tan olgan. Bir tuman rahbarining Bosh vazir bilan uchrashishi tabiiy narsa. Buning ustiga To’raqul aka Karimov bilan ham, Mirsaidov bilan ham ilgari birga ishlagan. Shundan keyin devondagi “quloq”lardan biri Dadaxon undan pora olgan, deb aytgan ekan. To’raqul aka bu tuhmatdan xabardor ekan.

Shundan keyin Karimov ikkinchi marta Dadaxonga qo’l ko’targan deyishadi. Buni o’sha kezda Turob To’la ko’chasidagi Yozuvchilar soyuzi binosida ishlaganlar aytib yurishadi. Ammo bu qanchalik haqiqat bilmayman. Balki bir kun Dadxonni uchratsam bu haqda so’rash imkonim bo’ladi.

Lekin o’shanda Dadaxonning Jigaristonga borib kelib, o’tkazgan taftishi tufayli Karimovning yana bir jinoyati haqida xabardor bo’lgandim.

Dadaxon Yoqubov bilan ijodiy hamkorligimizning cho’qqisi 1990 yilda o’tkazilgan Navro’z telemarafoni bo’lgandi.

Shuni aytish kerakki, o’sha kezlarda Dadaxon yoniga juda iste’dodli kishilarni to’plagan edi. Masalan, rejissyorlar Meli Mahkamov va Tamara Mahkamova o’zbek telesan’atining favqulodda talanti insonlari edilar. Meli aka juda xushmuomala, topqir, bilimli bo’lish bilan birga sodda va kishining ko’ngliga juda tez yo’la topadigan odam edi.

“Hayot quvonchlari va tashvishlari” dasturlarining ham o’q ildizi shu odam edi, desam, Dadaxon aslo xafa bo’lmasa kerak. Meli Mahkamov O’zbekiston televideniesida xalqning mehrini qozongan ko’plab asarlarga rejisserlik qilgan edilar.

Dadaxon va Meli aka bilan gaplashib telemarafonni 24 soatga mo’ljallagan edik.

Telemarafon uchun asosiy xamirturushni Samarqanddan topgandik. Ta’qiqlarga qaramay Urgutda xalq bayramni mart oyining o’rtalarida boshlab yuborardi. Bizning borishimiz bilan bu ming-minglab odam chiqqan katta saylga aylanib ketdi. Video yozuvlarni ana shu sayllar davomida tasmaga yozib oldik.

O’sha kunlari iqtidorli vrach Tahsin Hamidov Samarqanddagi Respublika bolalar markazi-shifoxonasida Oybek degan bolaning ayanchli holidan bizni xabardor yetib, agar yordam qilinmasa u hayotini yo’qotishi mumkinligini aytdi.

Borib ko’rdik va dahshatga tushdik. Oybekning ahvolini so’z bilan tasvirlash mumkin emas. O’shanda videoyozuvlarimizni ko’rganlar orasida yig’lamagan inson oz bo’lsa kerak.

Keyin o’ziga o’t qo’ygan kelinchkalarni borib ko’rdik. Nogironlik aravachasi ololmagan momolar… Uylari yiqilib yotgan otaxonlar… Shu zayl voqealar bir -biriga ulanib, katta dasturning xamirturushi hozir bo’ldi. Albatta, buning texnik jihatlarini bir nuqtaga keltirish uchun Dadaxon va Meli akalar bir necha tunlarni tongga uladilar.

Bugungi kabi o’sha kezda ham Navro’zning do’stlari qatori dushmanlari ham bor edi. Ayniqsa, O’zbekistonda Navro’z rasman qatag’on qilinib, o’rniga “Navbahor” degan uydirma bayram qo’yilganiga hali ko’p bo’lmagan edi.

Navro’z telemarafoni ikki inqilobni birdan bajardi.

Birinchisi, Navro’zni hamma joyda ochiq xalq sayliga aylantirdi. O’shanda biz bilan birga xalqimiz ham uxlamadi. Butun mamlakat saylga chiqdi.

Ikkinchisi, dasturlar avvaldan qog’ozlarda yozilib, tsenzuradan o’tgandan keyingina ekranga chiqarilishi qat’iy tartibga aylangan O’zbekistonda biz 36 soat davomida mutloq erkin gapirdik, dilimizda nima bo’lsa tilimizda ham shu edi. Tsenzurasiz ham yashash mumkinligining isboti edi bu! Ya’ni “Xalqimiz demokratiyaga tayyor emas” deganlarning yuziga bir tarsaki tortilgandi.

Telemarafon ko’pchilikning hayotini o’zgartirib yubordi. Dadaxon, Meli akaga O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi, menga O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist unvonini olib keldi bu dastur. Telemarafonda qatnashgan boshqa ko’plab ijodkorlar ham turli unvonlarni olgandilar.

Navro’z Dadaxon Yoqubov hayotining katta qismiga aylandi. U mazkur marafonda tushgan mablag’larni ishga solish uchun “Navro’z” fondini ochdi va o’zi boshqardi. Juda ko’p odamlarga yordam qildi.

-Navro’z telemarafoni mustaqillikning shamolini olib keldi,- degan edi o’zbek adiblarining yaqin do’sti, samarqandlik siyosat va davlat arbobi Toshbo’ri Qilichev o’shanda.-Biz ham o’z so’zimizni o’zimiz gapira olishimiz mumkinligini ko’rsatdi bu!

Lekin Islom Karimov Navro’z bayramini ham o’ziniki qilib oldi va bayram katta siyosiy sahnaga aylandi.

15. DEMOKRATIYANING SO’NGI KUNI

1991 yil 30 Sentyabr… Mustaqil O’zbekiston tarixining favqullodda muhim kuni. Shu kuni O’zbekiston demokratiya va zulmni tanlash chorrahasida edi. Demokratiyani tanlashi uchun bir odim qolgandi. Ammo yakkahokimlikni, qonunsizlikni, mamlakat Konstitutsiyasini tan olmaslikni, bir so’z bilan aytganda zulm yo’lini tanladi. Nega?

1991 yilning 30 Sentyabrida ish boshlagan O’zbekiston Oliy Kengashining o’n birinchi chaqiriq 7-sessiyasi haqida gap ochilganda ana shu “Nega?” degan savol o’rtaga tushadi. O’zbekiston hukumati bu sessiyaning barcha yozuvlarini yo’qotib yuborgan va tarix sahifalarida ham bu borada biror iz qoldirmagan. Lekin tarix hukumatlarga bog’lanib qolgan emas.

7-sessiyaning muhim bir qismi tushirilgan videotasmani bizga taqdim etgan kishi “O’shanda televizorni ko’rib o’tirib, voqealar qiziy boshlagandan keyin yozib oldim, ammo ma’lum bir joyga kelganda uzib qo’yishdi” dedi. Videotasmada 7-sessiyaning kun tartibini muhokama qilish jarayonida qizg’in chiqishlarning bir soatdan ko’p, ya’ni mutlaqo muhim bo’lgan qismi aks etgan. “Amerika Ovozi” radiosida ishlaganimda bu videotasmani magnit lentasiga ko’chirib  2003 yilning Avgust oyida maxsus radio dasturi orqali  eshittirgandim. Keyin doimiyga internetga ham joylab qo’ydim. Bu hujjat 7-sessiyaga orqavarotdan berilgan uch xil bahoning naqadar yolg’on, chirkin manfaatlar yo’lidagi uydirma ekanligini o’rtaga qo’ydi. Avvalo haqiqatga nazar tashlaylik-da keyin berilgan baholarga.

Xullas, bu miriqib tomosha qilinadigan va o’ziga xos tarixiy filmni eslatadigan video yozuv O’zbekiston Oliy kengashi Qonunchilik qo’mitasida ishlagan, Oliy Kengashdagi demokratik deputatlarning “Tashabbus” guruhi faoli, samarqandlik deputat Toshpo’lat Jo’raevning (E’tibor bering samarqandlik, toshkentlik emas-J.M.) so’zlari bilan boshlanadi.

JO’RAEV: Haqiqatdan ham xalqimiz qo’yday qilib tarbiyalab qo’yildi. Bu odamga alam qilib ketar ekan, shu qo’yday xalqning farzandi bo’lganing. Men “Tashabbus” guruhi nomidan O’zbekiston Konstitutsiyasining 48-moddasiga binoan quyidagi taklifni kiritaman. 48-moddada shunday deyiladi: “Xalqning manfaatlariga muvofiq va sotsialistik tuzumni mustahkamlash va rivojlantirish maqsadida O’zbekiston SSR grajdanlariga so’z, matbuot, yig’ilishlar, mitinglar, ko’chalarda namoyishlar qilib yurish erkinligi kafolatlanadi.O’z siyosiy erkinliklarini amalga oshirish, mehnatkashlarga va ularning tashkilotlariga jamoat binolari, ko’chalar va maydonlarni berib qo’yish, axborotni keng tarqatish, matbuot va televideniedan keng foydalanish imkoniyatalarini berib qo’yish bilan ta’minlanadi”.

Biz bo’lsak Konstitutsiyaga teskari ish qilib o’tiribmiz. Butun huquqlarni Rayosatga berdik. Rayosat mana shu mitinglarni ta’qiqlash masalasini qo’ydi va biz uni tasdiqlab yubordik. Endi matbuot anjumanlarida savol berishganda biz aybdor bo’lib o’tiribmiz. Men mana shu masala kun tartibiga qo’yilishini, ya’ni “O’zbekistonda mitinglarni ta’qiqilash” qarorini bekor qilish masalasi kun tartibiga kiritilishini talab qilaman.

Ikkinchisi, respublikamizda qonunlar bajarilmayapti. Mana men qonunchilik komitetida ishlayaman. Lekin bu komitet nomidan gapirmayapman. Ayrimlar chiqib meni tanqid qiladigan bo’lsa, shuni hisobga olsin, inson huquqlari har qadamda poymol qilinyapti bizda. Kichkina bir haqiqatni topish uchun kishilar ming devorga bosh urmoqdalar. Haqiqatni topishni istab kelgan odamlar oldida ular ishonib kelgan odamlar ham qiyin vaziyatga tushmoqdalar. Dardini ayta olmagani uchun ham odamlar o’zlari hukm chiqarmoqdalar. Ruschasiga “samosud” deydi. O’zbekchasi nima ekanligini bilmayman. Mana shundan keyin o’zlariga o’t qo’ymoqdalar, o’zlarini osmoqdalar, yoki birovni otayaptilar, do’pposlayaptilar, mana shu qusurlar ko’pligidan ham endi xulosa qilaversak bo’ladi.

Ishim yuzasidan respublikaning ko’zga ko’ringan huquqshunoslari bilan gaplashib turaman.Ularning va o’z xulosam asosida shuni aytamanki, hatto deputat Shovruq Ro’zimurodovga ham nohaqlik bo’ldi.U jinoyat qilgan emas, uning aybi rahbarlarni haqorat qilishda. Bu aybning jazosi jarima berishga to’g’ri keladi. Men bir o’zimning nomimdan emas, balki deputatlarning “Tashabbus” guruhi nomidan taklif qilamanki, Ro’zimurodovni shu yerga olib kelishsin va aybi bo’yniga shu erda muhokamada qo’yilsin, degan masalani kiritishni taklif qilaman. Men aytgan masalalarni kun tartibiga kiritishni ovozga qo’yishingizni so’rayman.(Zalda “To’g’ri” degan hayqiriqlar va qarsaklar)…

IZOH: (Bu yerdagi izohlar kaminaga oid-J.M.) Majlisga ilgari KPSS Markaziy komitetida ishlagan va 1989 yildagi Farg’ona voqealarida viloyat partiya qo’mitasining ikkinchi kotibi bo’lgan, shu voqealarda qo’li qonga botib, tili qisiq bo’lib qolgandan keyin Karimovning tashabbusi bilan Toshkentga ishga keltirilgan, maqtay-maqtay Oliy Kengashga rais etib qo’yilgan Shavkat Yo’ldoshev rahbarlik qilmoqda edi.

YO’LDOSHEV: O’rtoqlar yana kimda qanday takliflar bor…

ZALDAN: Oldin aytilgan masalani ovozga qo’ying!

IZOH: Demokratik qoidalarga ko’ra deputatlar kiritgan har bir taklif ovozga qo’yish yo’li bilan yo qabul qilinishi yoki rad etilishi kerak. Qabul qilingan taqdirda ana undan keyin muhokamaga qo’yiladi. O’sha paytda bu tajriba Mixail Gorbachev boshchiligida, jumladan Shavkat Yo’ldoshev ham a’zosi bo’lgan SSSR Oliy kengashida odatga kirgandi. Ammo Moskvadagi demokratik sessiyalarda qatnashgani bilan Shavkat YO’LDOSHEV o’z qoniga singgan tobelik, qo’rquv va qullikning asoratidan chiqa olmagani uchun o’ng tarafida o’tirgan Islom Karimovning imosi bilan nima bo’lsa ham takliflarni bekor qilishga urinardi. Zaldan “taklif ovozga qo’yilsin” deya har qancha hayqiriqlar kelmasin, uning tayinsiz javobi tayin edi:

YO’LDOSHEV: Hozir, hozir avval hammasini bir ko’rib chiqaylik, keyin ovozga qo’yamiz.

ZALDAN: Nega ovozga qo’ymaysiz?

YO’LDOSHEV: Nimani… Uchta taklif bo’ldi. Mitinglar, Inson huquqlari va Ro’zimurodov to’g’risida. Endi Ro’zimurodov to’g’risida prokurorning bir axborotini eshitish kerak….

YO’LDOSHEV: Marhamat..

IZOH: YO’LDOSHEV partiya nomenklaturasining deputati Toshkent shahar 52-saylov okrugidan saylangan emas, siylangan Najmiddinovga so’z beradi.

NAJMIDDINOV:Menda shunday taklif bor. Sessiyadan oldin vakillar kengashining yig’ilishi bo’ldi va kun tartibi ma’qullandi. Oldin shu masala ovozga qo’yilsin, keyin boshqa gaplar.

IZOH: Shu o’rinda vakillar kengashi, degan qurumga qisqa izoh berish kerak. Sovet davrida partiya rahbarlari bir joyga to’planib mana bu kun tartibi va shu hech qanday gap so’zlarsiz o’tishini ta’minlaysizlar, deyiladigan majlis bo’lardi. Sessiyalardan oldin o’tadigan bu majlis an’anasi bizda ham qolgan va u erda Islom Karimov viloyat rahbarlariga topshiriqlar berib, keyin sessiya boshlanardi. Mazkur sessiyaning kun tartibi oldindan Karimov tomonidan ko’rib chiqilgan, rayosatda tasdiqlanib matbuotda e’lon qilingan edi. Lekin sessiya boshlanishidan avval Karimov kun tartibiga vitse-perzident vazifasini yo’qotish va prezident saylovi haqidagi qonunni qo’shish fikriga kelgandi. Deputatlarning takliflari inobatga olinmagan holda Karimovning hatto o’zi tuzgan Rayosatni ham chetlashi o’sha kezda, qayta qurish va oshkoralik uchun kurash borayotgan paytda g’ayrioddiy edi.

YO’LDOSHEV: Juda to’g’ri, shunday qilsak to’g’ri bo’ladi.Endi men vakillar kengashining hamma taklifini aytib ulgurganim yo’q o’rtoqlar. U erda yana bir taklif kiritildi, prezident tomonidan. Islom Abdug’aniyevich buni o’zingiz aytasizmi yoki men aytaymi?

KARIMOV: O’rtoqlar, bugungi kun tartibni, albatta, oldindan aytishimiz kerak edi, chunki bu masala Rayosat majlisida ko’rilgan va ko’pchilik bu masalada o’z fikrini bildirgan. Menda Rayosatning obro’si nuqtai nazarida bir fikr tug’ilmoqdaki, deputatlar birinchi galda Rayosat qabul qilgan masalani ko’rib chiqishi kerak.

Ikkinchidan biz oqsoqollar, ya’ni viloyatlardan kelgan vakillar bilan kelishilgan kun tartibini ham ovozga qo’yib kelishib, tasdiqlab olgandan keyin qo’shimcha masalalar bo’lsa, ko’rish mumkin. Bu demokratiya ham shuni talab qiladi. Vakillar ko’rgan masala qolib kyetib, boshqa masalalarga o’tish, uni ovozga qo’ymasdan boshqa masalalarni ovozga qo’yish, bu demokratiyaga to’g’ri kelmaydi. Maning fikrim shundayki, oldindan har tomonlama ko’rib chiqilgan kun tartibini oxirigacha o’qib berib, shu masalalarni asos qilib olib, agarki shu borada qo’shimchalar bo’lsa keyinroq ko’rilsa, bu kun tartibini bir chiziqqa solishga imkon beradi.Bu sessiyamizni ham u yoqqa, bu yoqqa burmasdan bitta chiziqda olib borilishini ta’minlaydi.

IZOH: Bu ochiq qilib aytganda umuman taklif kiritilmasin, degani edi. Lekin o’zlari bundan istesno….

KARIMOV: Maning qo’shimcha taklifim shu ediki, vakillar kengashida kelishganimizdek, Prezident saylovi haqidagi qonunni bugun qabul qilsak, yana bitta masala chiqadiki, vitse-prezidentlik masalasi ham ko’rib chiqilishi kerak. Shuning uchun mening taklifim shundayki, vitse-prezident lavozimini bartaraf qilib, yo’q qilib, Primer ministr lavozimini kiritish. Nima deganda bizlar bir vaqt qabul qilgan edikki, vitse-prezident Vazirlar mahkamasi ishini yuritadi deb, hozir vaziyat shunday keskin bo’lib ketayaptiki, mana qish yaqin kelayapti, bozordagi, magazindagi ahvollarni hammamiz ko’rayapmiz. O’zbekistonning ta’minotining yil oxirigacha bo’lgan balansi to’g’ri kelmayapti. Yangi yilga tayyorgarlik ko’rishimiz kerak. Odamlar vahimada. Mamlakat ahvoli juda og’ir. Shu nuqtai nazardan, aytaylik, hozirgi qilayotgan ishlarimizni tanqidiy ko’z bilan qarab, mana Shukur Rahmatovich (Vitse-prezident Mirsaidov-J.M.) ham vakillar yig’ilishida gapirdilar, juda kamchiligimiz ko’p. Shu nuqtai nazardan bu masalani ixchamgina qilib, vazirlar mahkamasini boshlig’i qilib Primer ministrni saqlasagu, saylasagu shu odam butunlay iqtisodiy ishlarni qo’liga olib, men nomzod qilib shu o’rtoq Mirsaidovni shu lavozimga ko’rsatmoqchiman. Demak, ikkita masala o’rtaga chiqadi. Vitse-prezident vazifasini yo’q qilish, Bosh vazir vazifasini o’rnatish. Keyin Mirsaidovni shu lavozimga saylash.

YO’LDOSHEV: Taklif kiritildi, vakillar kengashidagi kun tartibini asos qilib olish va keyin qo’shimcha takliflarni ko’rib chiqish.

IZOH: Zaldan Karimovning qo’shimcha taklifi ham boshqa qo’shimcha takliflar bilan bir ko’z bilan ko’rilsin, degan gap aytiladi. Bunga javoban:

YO’LDOSHEV: Vakillar kengashida ham Islom Abdig’anievich bu gaplarni aytgandilar. Shuning uchun u kishining takliflari bilan vakillar kengashidagi takliflarni birgalikda qabul qilinsin, degan taklifni kiritaman.

IZOH: Zaldan yana nega oldingi takliflarni ham qo’shib ovozga qo’ymaymiz, degan hayqiriqlar eshitiladi. Ekranda mazkur sessiyadan keyin bo’htonlar bilan 22 yilga qamalgan, mustaqillik istab mustaqillik zindonining bandiga aylangan xalq deputati Samandar Qo’qonov kun tartibi bo’yicha gapiradi.Unga Yo’ldoshev javob beradi:

YO’LDOSHEV: Siz gapga quloq soling o’rtoq, men asos qilib olishni iltimos qilayapman

IZOH: Yana norozilk sadolari eshitiladi.

YO’LDOSHEV: Men vakillar kengashi qabul qilgan kun tartibini ovozga qo’yaman. Marhamat ovoz beringlar.

IZOH: Ovoz natijalari quyidagicha: Tarafdorlar 365, qarshilar 31, betaraflar 9 va ovoz bermaganlar 21, ja’mi 425.

Shu o’rinda ta’kidlash kerakki, o’shanda hukumat ovoz berilishini nazorat ostiga olish uchun elektron uskunani o’ratgan va uning to’g’ri yoki noto’g’ri ishlayotganini hech kim bilmasdi. Ba’zan ovoz berganlar soni bilan qatnashgan deputatlarning soni umumiy hisobda to’g’ri kelmay qolishi bu mashina usta qo’l bilan boshqarilayotgan bo’lsada o’zini-o’zi oshkor qilib qo’yayotganini ko’rsatardi. Bu narsa hozir ham ko’zga tashlandi.

YO’LDOSHEV: Qayta ovozga qo’yaman…

IZOH: Yuqorida ovoz berildi, deb e’lon qilindi va endi qaytadan ovozga qo’yildi. Birinchisida masalaga 365 deputat tarafdor bo’lgan bo’lsa bir necha soniyadan keyin ularning soni 122 ga tushgani e’lon qilindi. Qarshilar oldin 31 edi va endi 243 bo’ldi. Betaraflar 9 dan 13 ga chiqdi va ovoz bermaganlar 21 dan 45 ga. Umumiy hisobda ham farq bor edi. Avval 425 bo’lsa endi tabloda 429 ko’rinayotgandi. Bir so’z bilan ovozlarni ko’rsatish tablosi Afandining latifasiga aylangandi. Sen bilganingni qil, men bilganimni qilaman deganday. Demokratik deputatlar bu tablo ortidagi mexanizmni o’rganish uchun har qancha urinmasinlar hech narsaga erisha olmagandilar. Mana endi tablodagi antiqa natijalardan g’azablangan deputatlar minbarga qarab yura boshlaydilar. Deputat Baxtiyor Qodirov zalda turib hayqira boshlaydi. Unga boshqalar ham qo’shiladilar. Minbar yoniga buxorolik deputat, Fan, xalq ta’limi qo’mitasining a’zosi Rinat Mirxonov kelib so’z berasiz, deb turib oladi.

YO’LDOSHEV: Bo’pti, demak mitinglar masalasini ovozga qo’yaman. Mashinani ishlatinglar, bu mitingvozliklarni yaxshi bilib turibmiz nima ekanligini.

IZOH: Ovoz berish natijalari e’lon qilanadi.Tarafdorlar 383, Qarshilar 10, betaraf 7, ovoz bermaganlar 29, Ja’mi 429. Qizig’i shundaki, bu masalani kun tartibiga kiritishni talab qilib 63 deputat imzo qo’ygandi. Tabloda esa faqat 9 deputat bu talabni istamoqda, degan natija. Bu esa yana norozilk uyg’otadi. Ammo e’tirozlarni Yo’ldoshev qaytarib tashlaydi va:

YO’LDOSHEV: 429 ta odam ovoz beribdi. Bu taklif qabul qilinmadi. Ikkinchi…Inson huquqlari to’g’risida… shunga ham munosabatlaringizni bildirishni iltimos qilaman… O’rtoq Jo’raev aniq bir taklif kiritmadi. Inson huquqlari yo’q, inson huquqlari poymol qilinayapti, degan gaplar… nimasini buni man… Shuning uchun man taklif kiritaman, mana bu yerda bir guruh deputatlar taklif kiritishgan, mana bu yerda yozishgan (ruscha matni o’qiydi)

-”Oliy kengash raisiga, sizdan bir guruh deputatlarning Inson huquqlari borasidagi Deklaratsiyani ratifikatsiya qilish masalasini kun tartibiga kiritish yuzasidan taklifini aytish uchun menga so’z berishingizni so’rayman”

Menimcha bu yerda so’z berishga ham hojat yo’q. Chunki maqsad SSSR Xalq deputatlarining navbatdan tashqari 5 sessiyasida qabul qilingan Deklaratsiyaga qo’shilish haqida gap bormoqda. Biz bu masalani qabul qilganda Moskvada ishlashning o’rniga ko’p vaqtimiz tanaffusga ketgan edi. Shuni qabul qilsak qarshilar yo’qmi?

KARIMOV: Endi buni doimiy komissiya ko’rib chiqishi kerakmi, yo’qmi? O’zbekiston o’zining qo’shimchasini qo’shishi kerakimi, yo’qmi? Balki mana shu mitinglarni ham shunga qo’yish kerakdur? Bir komissiya tuzaylikda, unga topshiraylik, tayyorlab, qo’shimchalarni qo’shib, keyingi sessiyaga olib chiqsin.

IZOH: Zaldagi norozilik to’lqinini bosa olmagan Yo’ldoshev mikrofon yonida kutib turgan Rinat Mirxonovga so’z beradi. U rus tilida gapiradi.

MIRXONOV: Hurmatli deputatlar. Kelinglar eslaylik, SSSR oliy Kengashining 5-sessiyasida O’zbekistondan saylangan deputatlar ham qatnashgan edilar, demak, biz mustaqil O’zbekiston ham o’z navbatida bu hujjatni tasdiqlashimiz kerak. Unga hech qanday o’zgartirish kiritish talab qilinmaydi. Bu hujjat matbuotda ham e’lon qilindi va bizning xalqimizning butun talablariga mos tushadi. Mana biz talabnomaga qariyb 20 deputat qo’l qo’yganmiz. Biz saylovchilarimiz bilan uchrashganda ular mustaqil O’zbekiston ham inson huquqlari qoidalariga rioya qiladimi, yo’qmi, deb so’rashadi. Xo’sh biz nima, deb javob berishimiz kerak. Agar biz demokratik taraqqiyot yo’lini tanlagan ekanmiz, demak inson huquqlariga hurmat ko’rsatishimiz kerak. Boshqa tomondan biz bu hujjatni qabul qilib, mana shu yerga turib, dunyodagi mamlakatlarga va BMTga murojaat qilib, bizni mustaqil O’zbekiston sifatida tan olishlarini talab qilishimiz mumkin.(Zalda qarsaklar) Shu bois ham men sizlardan taklifimizni qo’llashingizni va bu taklifni kun tartibiga kiritilib, qabul qilinishini so’raymiz.

YO’LDOSHEV: Demak ikkita taklif bo’lmoqda. Birinchisi, Deklaratsiyani kun tartibiga kiritib, qabul qilish va ikkinchi taklif o’zimizdan bir guruh odamlarga bu Deklaratsiyani ko’rib chiqishni topshirish va o’zgartirishlar bilan shunday bir Deklaratsiyani tayyorlab, keyin uni qabul qilish. Man birinchi taklifni ovozga qo’yaman.

IZOH: Bu yerda Yo’ldoshev o’zi bilmagan holda to’g’ri yo’lga tomon adashdi. U deputatlarning taklifini avval, Karimovning taklifini esa keyin ovozga qo’yishni aytayotgandi. Shu o’rinda ta’kidlash kerakki, gap Inson Huquqlari Umumjaon Deklaratsiyasi haqida borayotgan edi. Bu hujjatni SSSR Oliy kengashi ham ratifikatsiya qilgan va undan kelib chiqqan holda qaror qabul etgandi. Boshqacha aytganda, Deklaratsiya matnini o’zgartirishga hech kimda asos yo’q edi. Birinchi taklif ko’pchilik deputatlar tomonidan qo’llangani va ovozga qo’yilishi hamon qabul qilinishini sezgan Islom Karimov Yo’ldoshevning no’noqligiga zarda qilib, yana uning so’zini kesdi.

KARIMOV: Shavkat Muhitdinovich, kechirasiz, bo’lmasa hozir bir komissiya tuzaylik va shu komissiya kunning oxirida o’z taklifini aytsin, agar ulgursa qabul qilaylik, ulgurmasa agar keyingi sessiyaga o’tkazaylik yoki bir kelishib olaylik, o’rtog’imizning aytgan gapi to’g’ri, agar biz mana shu qarorni qabul qilsak butun dunyoda bizga boshqa ko’z bilan qaraydigan bo’lishadi.Shu nuqtai nazardan albatta qabul qilish kerak. Lekin bir guruh odamlarni saylab bu ishni ularga topshirib, kun oxirida qabul qilsak.

IZOH: Islom Karimov gapini tugatar ekan Shavkat Yo’ldoshev bir daqiqa oldingi gaplarini unutib darhol suvning oqimini prezident tomonga burib yubordi. Ya’ni demokratiya sohilidan yakkahokimlik qirg’ogiga sakradi.

YO’LDOSHEV: Demak shuni kun tartibiga qo’shsak. Shunga ovoz bersangizlar. Qabul qilindi. Kun tartibiga qo’shildi. Endi Ro’zimurodov to’g’risida. Buni alohida bir komissiya tuzib keyin ko’rib chiqishimiz kerak. Biz Oliy kengashda bu jinoyatchi, bu jinoyatchi emas, deb xulosa chiqarishga qanday haqqimiz bor? Bu nima degan gap? Biz huquqiy mamlakat qurayapmiz, deyapmiz. Huquq yaratuvchi, ijro bajaruvchi va qonunni saqlaydigan organlar ham bir-biri bilan birga ishlashi keragu, ammo hammasi o’z vazifasini bajarishi kerak, deyapmiz.

IZOH: O’sha kezda mamlakatning eng oliy organi bu Oliy kengash edi. Prezidentni saylash ham bu kengashning zimmasida edi. Lekin vakolatlari juda kengligiga qaramasdan hatto o’zini himoya qila olmaydigan vaziyatga tushirilmoqda edi. Demokrat deputatlar Shovruq Ro’zimurodov masalasini ko’tarib chiqar ekanlar uning nima uchun qamalganini bilar edilar. Karimovning ro’yxati bilan deputat bo’lgan tili qisiqlar ham buni bilishar edi. Karimov Shovruqni qamashni respublika huquq idoralarining rahbarlariga shaxsan topshirgan va ular endi o’zlarining qarorlarini yolg’on-yashiq bahonalar, ikkiyuzlamachilik bilan himoya qilishga kelganlarini ham deputatlar yaxshi bilardilar. Karimov demokrat deputatlarga qarata qattiq hujum boshlatgan va o’zining ro’yxatiga kirmasdan saylanganlarni, yoki oddiy qilib aytganda o’zining yo’liga yurmaganlarni Shovruq kabi yo’qotmoqchi edi.

Men zaldan minbar tomon yuraman va so’z berilishini talab qilaman.

YO’LDOSHEV: Chiqing marhamat.

MAMATOV: Muhtaram do’stlar. 393-saylov okrugi, Jomboy. Mana inson huquqlari Deklaratsiyasi haqidagi tortishuvning o’zi ham ko’rsatmoqdaki, bizda hali inson huquqlari juda ko’p poymol qilinadi. Axir, Shovruq Ro’zimurodov bizning oila a’zoimiz-ku? Biz shu erda bir oilamiz-ku? Uchta sessiya o’tdi. Nega bir marta olib kelib eshitmadik? Qonunda yozib qo’yibdi: agar sizning ruxsatingiz bo’lsa ana undan keyin qamash mumkin.

Rayosat ortdan ruxsat berib yubordi, lekin qarorni olib kelib, bizga tasdiqlatgan emas. Shuning o’zi bizga haqorat-ku? Nega endi biz o’z sha’nimizni himoya qila olmayapmiz? Ertaga shunday holat boshqa odamning boshiga tushadi. Hozir bu yerda har bir odamning ustidan o’nlab papkalarni to’ldirib tuhmat, bo’htonlar tayyorlab qo’yilgan.

Axir inson huquqlari har qadamda poymol bo’lmoqda.

Mana men sizlarga aytay. Hali meni hech kim Oliy kengashdagi ishimdan bo’shatgan emas. Hali men shu yerga oylik olayapman, ishlayapman. Lekin bir kechada saharlab mening stol-stulimni olib chiqib ketishsa, mening sessiyada so’zlaydigan nutqimning matnlarini olib chiqib ketishsa, mening telefonlarimni uzib, olib ketishsa men da’vomni kimga aytishim kerak? Kimning huquqi himoya qilinayapti? Kecha bu hol Shovruqning boshiga tushdi, bugun bu hol mening boshimga tushgan bo’lsa, ertaga boshqaning, sizning boshingizga tushadi. Mana shu erda hatto inson huquqlari Deklaratsiyasini qabul qilmaylik, deya ovoz berib zulmni qo’llaganlarning ham boshiga tushadi bu narsa.

Endi o’rganishimiz kerak. Inson huquqlari bor joyda taraqqiyot bo’ladi, inson huquqlari poymol etiladigan joyda hech narsa bo’lmaydi.

Islom Abdug’aniyevich, siz bu dunyoda ustun emassiz! Yoki O’zbekistonni sizning onangiz yaratgan emas! O’zbekiston onangizning mahriga tushgani yo’q-ku? Axir men majbur bo’ldim chet elga ketish uchun ariza yozishga. Nima uchun quvg’in qilasiz? Sizga bu haqni kim berdi?

IZOH: Majlisni olib boruvchi so’zingizni tugating, deya qo’ng’iroqni chaladi.

MAMATOV: Qo’ying, Ro’zimurodov kelsin bu yerga va uni eshitaylik.(Zalda qarsaklar)

YO’LDOSHEV: Endi man majburman prokurorga so’z berish uchun. Bo’ritosh Mustafoyevich tayyormisiz?

IZOH: Aslida Islom Karimov Shovruq Ro’zimurodovni qamashni Bosh prokuror Bo’ritosh Mustafoyev bilan birga Oliy sudga ishongan. Demokrat deputatlarning sessiyadan oldin ham bezovta bo’lganlarini bilgan prezident bu ishni Oliy sud majlisida ham tasdiqlatib ulgurgandi. Shu bois Bo’ritosh Mustafoyev bu masalada menga emas, savollar Oliy sud raisi Ubaydulla Mingboevga tushadi, deb o’ylagan bo’lsa kerakki, hatto tayyorgarlik ham ko’rmagan va o’zining huquq borasidagi chalasavodligini oshkor qilib qo’ydi:

MUSTAFOYEV: Bu masaladagi talab qonun talabiga asosan Oliy sovet prezidiumining roziligi bilan jinoiy javobgarlikka tortish, qamoqqa olish masalasi hal qilingan.U tergov bo’lib, sud bo’ldi, (Shovruq Ro’zimurodov-JM.) sudning hukmi bilan jazo oldi. Shu jazoni respublika Oliy sudining kollegiyasi ham tasdiqladi. Mana shu auditoriyada o’tirgan deputatlar qonun chiqarib tergov va sud organining qadamini o’lchaydigan va ular harakatlar qiladigan doiralarni ko’zda tutgan qonunlarni bajarib mana shu hukm, shu qaror va shu to’xtamga kelingan.

Hurmatli deputatlar, sudlangan, jazo o’tayotgan kishini shu yerga olib kelib so’roq qilish, yoki yuzlashtirish degan talab qonunda yo’q. Respublika oliy sudining raisi hukm chiqqanligi haqida deputatlar diqqatiga informatsiya tariqasida ma’lumot berish uchun sessiya oxirida so’z so’rashga tayyorgarlik ko’rmoqda.

IZOH: Lekin Oliy Kengashning shunday huquqi bor edi. Bundan Bosh prokurorning bexabarligi esa uni Bosh prokurorlik vazifasiga tasdiqlash jarayonida bir deputatning “Shundan ko’ra bir paxtakor brigadirni prokuror qilib qo’yganimiz yaxshi emasmi?”deya qilgan e’tirozi naqadar to’g’riligini ko’rsatardi. Ammo gap Oliy kengashning huquqi haqida emas, balki Oliy kengash chiqargan qonunga rioya qilinmagani, bu qonun buzilgani haqida borayotgandi. Respublikaning Bosh prokurori esa xuddi kolxoz partiya majlisida gapirayotgan kabi og’zidan chiqayotgan gaplardan bexabar.

MUSTAFOYEV: Sudning hukmini parlament tekshira olmaydi, sud hukmining ustidan parlament qaror chiqara olmaydi, harakatdagi qonunni shu parlament qabul qilgan va uning (Shovruq Ro’zimurodovning-JM.) ozodligini talab qiladigan bo’lsa, unga qo’yilgan O’zbekiston Jinoyat kodeksining tegishli moddalarini bugun yo ertaga yangitdan holatda kiritib sanktsiyasini butunlay yo’q qilmaguningizcha u hukm bu yerda ko’rishga tegishli masala emas. Men buni shu qonun talablaridan kelib chiqqan holda tushuntirish tariqasida e’tiborlaringizga havola qilmoqchiman.

IZOH: Zalda qo’l ko’tarib, o’rnimdan turib minbardagi Bo’ritosh Mustafoyevga O’zbekiston xalq deputati maqomi haqidagi qonunning 15 moddasini o’qib berdim. Unda O’zbekiston Xalq deputati Oliy kengashning izni olinmasdan qamalishi mumkin emas, deb yozilgan va uning daxlsizligi kafolatlangan edi. Ammo Bosh prokuror Bo’ritosh Mustafoyev buni inkor etishga urinadi. Gap shundaki, deputatlarni bezovta qilayotgan narsa aslida qonunning buzilishi. Qonun bir deputat oliy majlisning izni bo’lmasdan qamalmasligini kafolatlar ekan, respublika Bosh prokurori esa o’z chalasavodligini ham yashirmasdan, nima bo’lganda ham masalani chetlashtirish uchun gapni boshqa tomonga burayotgan edi. Rayosatga esa faqat og’ir oqibatlarda, masalan birovni o’ldirganlik, deputatning ochiqda qolishi jamiyatga tahlika tug’dirgan hollarda uni qamash uchun ruxsat berish, ammo darhol bu qarorni Oliy kengash hukmiga olib chiqish vakolati berilgandi.

Shovruq Ro’zimurodov deputat bo’lgani holda qamalganidan keyin uchta sessiya o’tganiga qaramasdan uning masalasi muhokamaga olib chiqilmayotgandi. Uning aybi esa birinchi sessiyada “Islom Karimovni prezident qilib saylasangizlar u O’zbekistonni zindonga aylantiradi” degani.

Xullas, Oliy kengash raisi masalani ovozga qo’yib yuboraman, der ekan, zaldan yana shovqin ko’tariladi. Lekin rais masalani ovozga qo’yadi.

YO’LDOSHEV: O’tmadi.

IZOH: Zalga ko’rsatilgan tabloda tarafdorlar 149, qarshilar 220, betaraflar 41, ovoz bermaganlar 21, ja’mi 431 degan yozuv paydo bo’ladi. Bu bilan ayni paytda Shovruq Ro’zimurodovning o’limiga ham hukm o’qilgandi. Chunki oradan bir necha yil o’tib u, haqiqiy ma’nodagi pahlavon yigit qamoqda qiynoqlardan jon bergandi. Shunday kunlar kelishini oldindan sezgan kabi Toshkent shahridagi Kuybishev tuman xalq deputatlari kengashing raisi Shuhrat Nusratov so’zga chiqadi.

NUSRATOV: Salom alaykum o’rtoq deputatlar. Maning bitta aybim bor. Zamonaning farzandiman. Balki qurboni hamdirman. Rus tilini o’zbek tilidan yaxshiroq, puxtaroq bilaman. Shuning uchun ruxsat bersanglar, juda ham muhim narsani qo’ymoqchiman, o’shani rus tilida gapirsam.

YO’LDOSHEV: Yo’q, kun tartibi bo’yichami?

NUSRATOV: Kun tartibi bo’yicha. Hurmatli deputatlar, Oliy Kengashning navbatdan tashqari 7-sessiyasi kun tartibiga quyidagi qo’shimcha masalalarni kiritishni so’rayman.

1.O’zbekiston prezidentining 1991 yil 26 Sentyabrda O’zbekiston Xafsizlik xizmati tashkilotini qayta tuzish borasidagi Farmonining bu tashkilotni Oliy kengashni chetlab o’tib to’ppa-to’g’ri prezidentga bo’ysundirish borasidagi qismini bekor qilish.

Umuman bu farmonni xalqqa qarshi, konstitutsiyaga qarshi, demokratiyaga qarshi bo’lgani va diktatorona bo’lgani uchun bekor qilish. Shu farmonning 2-moddasini o’qib bermoqchiman. “Milliy Xavfsizlik xizmati to’pa-to’gri prezidentga bo’ysundirilsin”, deyiladi bu moddada va bunday hol biror demokratik davlatda yuz bermaydi. Hatto biror totalitar davlatda ham bunchalikka borilmaydi. Mamlakatning razvedka, kontrrazvedka boshqarmalari barcha texnik asoslari va barcha eski ishlari bilan birga Oliy Kengash nazoratidan chiqarilib, bir kishining qo’liga berilmoqda. Bu tasavvur qilish va bunga yo’l qo’yish mumkin bo’lmagan narsa.Yoki bizni 30-40 yillar kutmoqdami? Oqibatlarni taxmin qilish mumkin emas. Ayniqsa bizning prezidentning quyushqonga ham sig’maydigan xarakteri bilan.

2. Men Ro’zimurodov masalasini boshqa jihat bilan qo’ymoqchiman. Qashqadaryolik deputat Ro’zimurodovning daxlsizlik haqqi poymol qilingani masalasi kun tartibiga kiritilsin. Men uning aybdor yoki aybdor emasligi masalasini ochiq qoldiraman. Agar aybdor bo’lsa jazosini olishi kerak. Bu sudning ishi. Hozirgacha ular bu ishni qoyil maqom qilib qo’yganga o’xshaydilar. Oliy kengash deputatini qamoqqa olishni faqat Oliy kengashning o’zi hal qiladi, ya’ni bizlar. Agar biz bu masalada o’z ovozimizni bermasak, ertaga bizni ham qamashadi.(Qarsaklar)

IZOH: Raislik qiluvchi qo’ng’iroqni chaladi va Nusratov kun tartibi belgilanishida reglament yo’qligini aytib, so’zida davom etadi.

NUSRATOV:Uch oydan ziyod vaqtdan beri bizning safdoshimiz bo’lgan deputat biz tomondan tasdiqlanmagan qaror bo’yicha qonunsiz ravishda turmada saqlanmoqda. Bu esa prezident istagan paytda bizlardan har birimizni qamoqqa oldirishi mumkinligini ko’rsatadi. Prezident xoxlaganini biz bilamiz. Prezident uni qamadi. Men bu masalani kun tartibiga kiritib, Ro’zimurodovni darhol ozod qilishni va bu yerga olib kelishni taklif qilaman.

IZOH: Oraga yana raislik qiluvchi kiradi. Ammo partiya ishida chiniqqan Nusratov unga “Xalaqit qilmang, men baribir so’zimni davom yettiraman”, deb javob qiladi.

NUSRATOV: Men konstitutsiyaviy qo’mita raisi, akademik O’razaevga murojaat qilaman. Shavkat Zakarievich, bizning xalqimiz sizga ma’lumot berdi, sizni akademik darajasiga chiqardi, siz nimaga ega bo’lsangiz buning uchun xalqimiz oldida burchlisiz. Siz asl xalqdan bo’lmaganingizga qaramasdan deputatlar baynalminallik ko’rsatib, sizga Konstitutsiyani himoya qilishni ishondilar. Bu ishonchni oqlang va mening nazarimda qonunsiz bo’lgan bu ikki hujjatga baho bering, endi. Konstitutsiyaviy qo’mita xulosasi bo’lmasdan deputatlar uzil-kesil qaror bera olmasliklarini bilasiz. Agar bu borada Konstitutsiya talablari buzilgan bo’lsa va Konstitutsiyaviy qo’mita buni tan olsa, prezident ketishi kerak.

Respublika KGB raisi Alievga murojaat qilaman. Bosh prokuror Bo’ritosh Mustafoyevga, Oliy kengash qonunchilk qo’mitasi raisi Erkin Xalilovga murojaat qilaman. Erkin, huquqshunos sifatida o’z xulosangni ayt. Qolganlar ham huquqshunoslar sifatida o’z fikrlaringzini aytinglar, darhol, hozir! Siz to’rtalangiz bugun o’z tanlovingizni qilishingiz kerak, deputatlardan mening taklifimni qo’llashlarini so’rayman.

Konstitutsiyaviy sud tanaffusda ko’rib chiqib, Ro’zimurodovni qamoqqa olish qonuniy bo’lganmi, yo’qmi, aytsin. Yuqorida nomlari aytilgan huquqshunoslar bu yerga chiqib o’z fikrlarini aytsinlar va xalq bilsin, ular o’z kasblariga loyiqmi yoki yo’qmi? Bugun biz bu yerda o’tirganlar yo demokratiyani yoki diktaturani tanlashimiz kerak. Ora yo’l bo’lmaydi. O’rtoq Yo’ldoshev mening taklifimni ovozga qo’ysangiz.

YO’LDOSHEV: Men ham rus tilida aytaman. Biz hammamiz ochiq eshikka o’zimizni urmoqdamiz. Biz Ro’zimurodov haqida kelishib oldik. Sessiya oxirida oliy sud raisi informatsiya beradi deb. Bunga boshqalarning ham nomi qo’shilmoqda. Xo’sh ularni eshitgan bilan nima o’zgarardi?

IZOH: Shu payt Nusratov yana o’rnidan turib masalani ovozga qo’yishni talab qiladi. Zalda shovqin ko’tariladi.

YO’LDOSHEV: Biz bu boradagi masalaga ovoz berib bo’lganmiz.

IZOH: Yana so’zga Karimov qo’shiladi.

KARIMOV:(Avvaliga rus tilida gapiradi, keyin o’zbekcha davom yettiradi) Men janob Nusratovga biroz ma’lumot berishim kerak. Chunki u qiziqqonlik bilan, hayajon bilan gapirdi. Ko’rinib turibdiki, o’rtoqlar bugungi sessiyaga tayyorlanganlar va o’zaro bir-birini qo’llash sezilib turibdi.O’zbekcha gapirganda, gap shunday bo’layaptiki, bugungi kun tartibiga, bugungi prezident sayloviga qattiq kimdir tayyorgarlik ko’rib, shu masalalarni bir-biri bilan bog’lab, Ro’zimurodov masalasi va boshqa masalalarni ham shunga ulab qo’ymoqchi.

Lekin shu masalalarning hammasini rad qilmasdan, shoshilmasdan, o’pkani bosib, kelishib olishimiz kerak. Lekin o’rtoq Nusratov KGB haqida gapirdilar, nima uchun bunday ukaz chiqqani haqida men sizlarga axborot berishim kerak. Lekin mening sha’nimga og’ir gaplarni aytmasdan o’rtoq Nusratov oddiy bitta zapros qilsa ham bo’lardi. Nima uchun shunday bo’ldiyu… oldin mani javobimni eshitib, keyin xulosa chiqarsa, to’g’ri bo’lardi. Nima deganda bo’tdagi qarama-qarshilik hech narsaga olib kelmaydi, balki jamiyatimizni bo’lib, boshqa respublikalarda bo’layotgan qarama-qarshilikka olib keladi.

Bugun yo demokratiya, yo o’lamiz, degan gaplar, bularni bo’tda aytishga hojat yo’q. Hamma gaplarni u demokratiyaga tegishli bo’lsa ham bizar juda chuqur o’ylab bir-birimizni shaxsimizga tegmasdan ko’rib chiqishimiz zarur. Shuning uchun KGB to’g’risida gapirsak, ko’pchilikning e’tiboriga bu masala yangi emas, mamlakatda KGB butunlay, hozir, to’kilib ketayapti. Qarorlar chiqayaptiki, mana shu KGB SSSR bo’yicha ertaga, mutlaqo bo’lmaydi. Shu nuqtai nazardan Ukraina yaqinda bir qaror qabul qildi. O’rtoq Nusratov shu qarorni ham o’qib chiqishi kerak edi.Shu qarorda, o’rtoq Nusratov, yozilganki uka, shu qarorda aytilganki, shu KGBni hozircha prezident saylovi bo’lguncha, vaqtincha Oliy kengash raisiga bo’ysindirish, uni KGB emas, hozir nomi boshqarma dedik, xizmat ham deyish mumkin.

Buni Ukrainaning prezidenti 1-dekabrda saylanguncha, e’tibor beringlar, saylaguncha uni Oliy kengashning raisiga qarash to’g’risida qaror qabul qildi.Shuning uchun man Karimov bo’lib, O’zbekiston jumhuriyati prezidenti bo’lib, hech qanaqa o’zboshimchalik qilganim yo’q va aytaylik, demokratiyaga xilof narsa qilganim yo’q. Man o’ylaymanki, bu masalani ko’rib chiqishimiz mumkin. Manga ham qo’shimcha yuk kerak emas.

Agarki, KGB to’g’risida gapiradigan bo’lsak, KGBni Oliy kengashga ham qaratib qo’yishimiz mumkin. Bu hech narsa emas. Lekin KGBni ishi shunday operativ bo’ladiki, shunday tez hal qilinadigan bo’ladiki, mana masalan ertaga chegarani birortasi buzsa, aytaylik, O’zbekiston suverenitetiga bir narsa xilof bo’lsa, bu komitet kechayu kunduz ishlab, bir soatda, yarim soatda qaror qabul qilishi kerak. Agar shuni hurmatli deputatlar prezident qaramog’iga bermasdan boshqa, aytayliik, Oliy kengash yoki boshqa takliflar bo’lsa man jonim bilan roziman.Lekin umuman mana shu KGBni yo’q bo’lishi munosabati bilan bizlar mana shu Xavfsizlik kengashini tashkil qilib, o’zimizni O’zbekistonni qaramog’iga olish masalasida man sizlarga shu fikrni bildirmoqchiman.

Agar shu sessiya aytsaki, shuni Oliy kengash qaramog’iga olaylik, desa man aynan bir marta aytaman, man joni dilim bilan roziman. Mana, o’rtoq Nusratov, uka, masalani shunday qo’yish mumkin. Bu totalitar, aytaylik, intilish emas. Hech qanaqa, aytaylik, shunga intiladigan harakat ham emas. Shu nuqtai nazardan men shaxsan deputat zaprosingziga shunday tushuntirish beroqchiman.

IZOH: Islom Karimovning gapni boshqa tomonga burib yuborishga ustaligi shu erda ham bilinib turibdi. Birinchidan, SSSR KGBsi 1991 yilning Avgustida prezident Mixail Gorbachevni hokimiyatdan ag’darish, yana kommunistik rejimni tiklash fitnasida asosiy rol olgani bois qayta qurilayotgan va barcha mustaqil davlatlarda umumxalq saylovlari o’tguncha bu tashkilot Oliy kengashga bo’ysundirilib, tekshiruvga olingan edi. O’zbekistonda esa bu masalaning ahamiyati shunda ediki, SSSR Oliy kengashi GKChP deb nom olgan davlat to’ntarishi aybdorlarini topish bo’yicha tuzgan komissiyasi fitnada Islom Karimovning ham ishtiroki bor, degan iddaoni ilgari surgan va bunga O’zbekistonlik demokrat deputatlar ham ishongan edilar.

Birinchidan, fitnaning boshida turgan Yanaev voqeadan oldin Toshkentga kelib, kommunistlarning qurultoyini o’tkazgan va fitna kunlari faqat O’zbekiston va Qozog’istonda kommunistik intizom hukmron, deb bu respublikalar rahbarlarini maqtadi.

Ikkinchidan, fitna kuni Hindiston safaridan qaytayotgan Islom Karimov uchqichdan turib, Yanaevga tabrik telegrammasi yuborgani hammayoqda gap edi.

Uchinchidan, Karimov fitna, uch kunda mag’lub bo’lgunga qadar munosabatni bildirmadi. Aksincha, O’zbekistonda fitnaga qarshi chiqqanlar ta’qib etildilar, qamoqlarga tiqildilar, hatto bir necha daqiqada sud qilinib, qamalganlar bo’ldi.

Mana endi fitna ishtirokchilari qamoqqa olingan, qolganlarning ham nomi birma-bir ayon bo’lar ekan, O’zbekiston Oliy kengashidagi deputatlar O’zbekston KGBsini majlisga bo’ysundirish va fitna bilan bog’liq masalani o’rganmoqchi edilar. Buning ustiga o’sha kezda Gorbachev KGBni biroz ochiq tashkilotga aylantirgani bois juda ko’p sirlar tashqariga chiqayotgan edi.

Masalan, Karimov Sharof Rashidov masalasini ko’targan deputatlarga qo’shilgan kunlarda u kommunistik rejim paytida Davlat planlashtirish qo’mitasi raisi ekan, Rashidovni KGB binosi yonidagi qabridan chiqarib tashlash qaroriga imzo qo’yganini ko’rsatuvchi hujjat Oliy kengash a’zolari qo’lida paydo bo’lgandi va hokazo. Karimov shu bois ham apal-tapal mavjud Konstitutsiyaga zid bo’lishiga qaramasdan bu tashkilotni o’ziga bo’ysundirib, Qashqadaryo viloyatida o’zi bilan birga ishlagan oshnasi G’ulom Alievni unga rahbar qilib olib kelgandi. Butun gap ana shunda edi. Endi Karimov sessiyada ustalik bilan gapni boshqa tomonga burib yubordi. Garchi sobiq KGBni Oliy kengashga bo’ysundirishga jonim bilan roziman desada, o’sha kuni hovurlar bosilgandan keyin bu masalani butunlay muhokamadan chiqarib tashlashga erishdi.

YO’LDOSHEV: Umuman hozir…

KARIMOV: Bu KGB to’g’risida… Ikkinchi masala, Ro’zimurodov haqida bo’lsa, siz taklif qilgan masalangizni ovozga ham qo’yish kerak emas.Taklifingiz to’g’ri. Ro’zimurodov haqida deputatlarga qanday ma’lumot kerak bo’lsa, uni shu bugunning o’zi berish kerak. Mana Oliy sudning kattasi, Konstitutsion sudni kattasi, sud deyiladimi bizada, yoki komitet deyiladimi? Mana bularni kattasi kim bo’lsa ham, lozim topsangiz shularga hozir topshirsagu kunni oxirida yoki qachon bular tayyor bo’lgandan keyin shu masalani sizlarga ma’lumot bersa hech qanaqa qarshilik yo’q.

IZOH: Bu yerda ham Karimov aslida raislik qiluvchiga ko’rsatma bermoqda. Gap shundaki, Oliy kengash reglamenti, ya’ni ish tartibi bo’yicha ma’lumot muhokama qilinmaydi. Faqat e’tibor uchun qabul qilinadi. Ma’lumot yozma ravishda ham tarqatilishi va shu bilan ish bitishi mumkin. Shu bois Karimov ko’pchiligi sodda bo’lgan deputatlarni laqillatib, masalani ma’lumot tarzida qo’yishni istamoqda edi. Lekin gap qonunlar buzilgani haqida borayotgandi.

NUSRATOV: Mana Konstitutsiya buzildi. Man shu masalani komitet ko’rsin degan, taklif qildim. Shuni ovozga qo’ysinlar.

YO’LDOSHEV: Yaxshi, Shuhrat Nusratovich, endi bitta narsa borda bizda, o’zi kun tartibida bor. Prezidentning farmonlarini tasdiqlash to’g’risida.O’shanda shu farmonga kelganda buni batafsil muhokama qilinib, bitta qarorga kelinadi.Buni hozir, deylik, shishirib muhokama qilishni hech hojati yo’q. Biz hozir sizlar bilan kun tartibini ko’rayapmiz, kun tartibini.Endi Shovruq Ro’zimurodov to’g’risida men Shuhrat Nusratovich bergan taklifni ovozga qo’yaman.

NUSRATROV: Meni taklifim bo’yicha Konstitutsiya buzilgani haqidagi masalani konstitutsiya komitetiga beraylik, ular o’z xulosasini bersin.

YO’LDOSHEV: Man shuni aytayapmanda…

IZOH: Raislik qiluvchi ishoralarini yaxshi tushunmaganidan Karimov bezovta bo’ladi va jahl bilan yana uning so’zini bo’ladi.

KARIMOV: Yo’q kechirasiz, bu masalada, katta, hozir masala qo’yilayaptiki… qonun bo’yicha, quloq solinglar, o’rtoq Nusratov bizani ochiq gapirishga nima qilayapti… agarki, Konstitutsiyada yozilganki, agar prezident qonunni buzsa, uni aytaylik, qaytarib lavozimdan tortib olishga asos bo’ladi degan gap bor. O’rtoq Nusratovning hozir astoydil gapiradigan gapi tagida mana shu gap bor. Ki, bizar hozir bir qarorga kelsakki, shu prezidentga qaratib qo’yish kerak, degan nuqtani man agar noto’g’ri yozgan bo’lsam, ki man qonunni buzgan bo’lsam, ertaga asos bo’ladi Karimovni prezidentlikdan chaqirib olish. Mana bunday masalani o’rtoq Nusratov ochiq qilib aytishi kerak. Mana shunday gap bo’layapti. Gap shundayki, prezident qonunni buzdimi yoki buzmadimi? Mana shu masalani bunday qo’ymoqchi bular. Man aytmoqchimanki, agarki mana shu KGBni butunlay yo’q qilib, bu qonun noto’g’ri bo’lsa, bu qonunni buzish emas, aytaylik bir qonunni ma’nosini ham o’zgartirish, man farmonni nomini yoki ma’nosini ham o’zgartirish to’g’risida man roziman, agarki Konstitutsiya boshqa-boshqa nimalar aytsaki bu qonunni o’zgartirish kerak, desa bu boshqa gap.

IZOH: Gap biror bir qonun emas, balki Konstitutsiyaga xilof ravishda chiqarilgan Farmon haqida borayapti. Karimovning bu nutqi oldingilariga qaraganda ancha chalkashroq. Chunki u boshi berk ko’chadan chiqishga yo’l qidirmoqda va orqaga chekinib, chiqib ketish uchun chora izlamoqda edi.

KARIMOV: Lekin asosiy mazmun boshqa ishda ketayapti. Lekin ochiq aytishimiz kerakki, bu oldindan tayyorgarlik ko’rib, ba’zi bir o’rtoqlar mana shu masalani u tomonadan bu tomondan olib kelib bitta masalani qo’ymoqchiki, bu prezident diktator bo’ldiyu bu prezident, aytaylik, nimani, qonunni buzdi. Qonunni buzsa, ertaga sizlarga ovozga qo’yadiki, shu masalani hisobga olib, asoslab Karimovni prezidentlikdan ozod qilishni…Shuni ham to’g’ri bilinglar.

IZOH:(Zalda shovqin…) Sessiya oldidan “Toshkentliklar fitna uyushtirib, Karimovga qarshi chiqishmoqchi” degan gap tarqatilgandi. Bu gapni asoslash uchun Karimov vakillar palatasida kutilmaganda Prezident saylovi haqidagi qonun loyihasi va prezidentlikka nomzod masalasini ham kun tartibiga keltirgan. Mirsaidovni esa vakolatlari cheklangan vitse-prezidentlikdan keng vakolatli Bosh vazirlikka o’tkazishni taklif qilgandi. Mazkur sessiya oxirida shu narsa ayon bo’ladiki, saylov haqidagi qonun loyihasi aslida keyingi sessiya uchun tayyorlanayotgan ekan va pishmasdan bu sessiyaga olib chiqilgan. Shu bois ish bitib, eshak loydan o’tgach, bu masalani keyingi sessiyaga qoldirishadi. Lekin hozir deputatlarda toshkentliklar Mirsaidov boshchiligida hokimiyat uchun kurashishmoqda, Karimov shuncha katta lavozim bersa ham ko’nmayapti, prezidentlikka Islom Karimov nomzodi qo’yilishidan norozi, degan fikrni paydo qilish uchun bu kerak bo’lgandi.

Demokrat deputatlarning prezidentni tanqidga ko’niktirish yo’lidagi urinishlari jiddiy ekanligi va ular bu maqsadlaridan qaytmasliklarini bilgan Karimov guruhi “toekentlik” degan o’yinni ishga solganini keyinchalik oshkor qilib qo’yishdi.

Mahalliychilik, odamlarning qon-qoniga singib ketganidan foydalanish esa kommunistik rejimning asosiy qurollaridan biri. Balki demokrat deputatlarning Karimovning zulmiga qarshi chiqishini va buni ular ochiq oydin tayyorlashayotganini bilgan ba’zilar bundan foydalanib qolishga ham uringan bo’lishlari mumkin. Lekin demokrat deputatalarning ro’yxati bo’yicha birinchilardan bo’lib Oshkoralik qo’mitasi raisi Erkin Vohidov, Fan va madaniyat qo’mitasi raisi Ahmadali Asqarovlar so’zga chiqishi kerak bo’lgan holda ular sessiyada jim o’tirishdi. Bugunga qadar ham ular sessiyadan bir kun oldin kechki ziyofatda Islom Karimov bilan nimalarni muhokama qilganlarini sir saqlab kelmoqdalar.

YO’LDOSHEV: Nimani janjalini qilayapmiz, man tushunmayapman. Mana Oliy sudga, qonunchilik komitetiga, Konstitutsion sudga topshiraylik, shu ko’rib chiqib, o’z xulosasini aytsin. Marat Zohidovich sizda ham shu masalami?

ZOHIDOV: (Ruscha gapiradi):Shuhrat Nusratovich, men sizga javob bermoqchiman. Men huquqshunos emasman, men matematik, men mexanik. Lekin men esltmoqchiman, qachon SSSR prezidenti Gorbachev Sadovaya halqasi ichida mitinglar qilmaslik haqida farmon chiqarganda Alekseev boshchiligida Konstitutsiyaviy kometet bu farmonni bekor qildi. Bu bir yil oldin bo’lgan edi va hozirga qadar ham prezident vazifasidan bo’shatilgan emas. Shuning uchun kerakli qonunlarga ko’ra, kerakli xulosalar qilish kerak. Bu birinchi masala, ikkinci masala, hozir prezident aytdiki, menga ham ma’lum bo’ldi, haqiqatdan ham deputatlar orasida, ayniqsa, kun tartibiga prezidentni umumxalq saylovi orqali saylash kerak, degan masala kiritilishi munosabati bilan prezidentga baho berishda har turli qarash bor.Biz prezidentni bu yerda saylaganimizdan keyin o’tgan bir yarim yil ichidagi faoliyatini kun tartibiga kiritaylik. Biz umumxalq sayloviga kelmoqdamizmi, demak biz qandaydir natijalar qilishimiz kerak. Bu ochiq bo’lishi va reglamentsiz bo’lishi kerak. Men ham bu masalada tayyorgarlik ko’rganman va so’zga chiqaman.

IZOH: Shuni aytish kerakki, Marat Zohidov biz tayyorlagan, 12 sahifadan iborat holda barcha deputatlarga ochiq tarqatilgan maktubdagi talabni takrorlamoqda edi. Uning o’zi ham oxirgi daqiqalarda shu maktubga qo’l qo’ygan. Ammo bu maktubda prezidentni bo’shatish talabi yo’q va aksincha u yo’l qo’ygan kamchiliklar ochib tashlangan hamda uning hisobotini eshitish, umuman vaqti-vaqti bilan prezidentning hisobotini eshitib turishga chaqirilgandi.

Ammo sessiya charxi boshqa tomonga aylangach, Marat Zohidov to’nini teskari kiyib, demokrat deputatlarni Moskvaning josuslari, deb ayblaydi va tekshirish uchun komissiya tuzishni talab qiladi. Karimov tavsiyasi bilan Erkin Vohidov rahbarligida shunday komissiya tuziladi ham. Lekin bu hali keyin. Hozir esa…

ZOHIDOV: Keyingi masala, bugun Mirsaidov haqida ham gap bo’lmoqda. Bu ham kun tartibiga kiritilgan. Men yaqinda bir rahbar bilan gaplashdim. U Anatoliy Stepanovich Efimov. U sobiq rahbar va hozir hech qanday vazifada emas. Men uch kun oldin shahar sovetida uni SSSR Oliy soveti ro’yxatiga kiritishga qarshi chiqdim. Keyin u bilan Mirsaidov haqida ham gaplashdik. Efimov aytdiki, Mirsaidov hokimiyatga intilmoqda. Bu jiddiy masala. Bizning rahbariyatda kelishmovchilk boshlanmoqda. Men bilaman, faqat ba’zi deputatlar orasida emas, men talabalar vakiliman va bilaman talabalar orasida ham har xil gaplar tarqalmoqda. Men mart oyida Mirsaidov haqida “Norodnoe Slovo”ga suhbat bergan edim. Men o’shanda aytgan edimki, mana shu bo’lmag’ur tartibsizlar paytida talabalarni tinchlantirish uchun bir respublika rahbari kelgan edi, deb. Gazeta Mirsaidov familiyasini tushirib qoldirgan. O’shanda u hushyor emas, deb gap tarqatildi. Lekin bu yolg’on va uni qoralash uchun tarqatilgan bo’htonlardir. Yana shunaqangi mish-mishlar. Agar shunday bo’lsa, biz Mirsaidovni chaqirib bunday yo’ldan fodalanilmaydi, deb aytishimiz kerak va prezidentning faoliyati haqidagi masalani yana bir bor kun tartibiga kiritishni so’rayman.

YO’LDOSHEV: Shu gaplarni hammasini o’sha kandidaturalar muhoka qilinganda aytsa bo’ladiku? Biz mana bosh vazir haqida qo’shdik. Kun tartibini aniqlab olaylik, o’rtoqlar.

IZOH: Fan va xalq ta’limi qo’mitasida ishlaydigan sirdaryolik demokrat deputat Hamza Eshnazarov so’zga chiqadi:

ESHNAZAROV:385-saylov okrugidan Eshnazarov. Hurmatli deputat o’rtoqlar, biz nima uchun inson huquqi, deputatlar huquqi to’g’risida ko’proq to’xtaladigan bo’ldik. Ayniqsa, shu bugungi kunga kelib. Mening fikrimcha prezidentimiz juda to’g’ri gapni gapirdilar, tayyorgarlik ko’rib kelgan bo’lsa kerak deb, tayyorgarliksiz ham kelish mumkin-mi, sessiyaga?

Endi mana shuning boisini tushuntirib, o’zimning fikrimni aytmoqchiman, inson huquqi haqiqatda poymol bo’layotganligi rost. Nafaqat inson huquqi, deputatlarning ham huquqi poymol bo’layotganligi fakt. Esingizda bo’lsa O’zbekiston Xalq deputati Inomjon Tursunov militsiya xodimlari tomonidan kalataklanganligi, bundan olti oy oldin bo’lgan, bu haqda men deputatlik so’rovini bir necha deputatning imzosi bilan topshirgan edim. Shu Oliy kengashning prezidiumi o’zining zimmasiga hamda prokurorga topshirgan edi .Bugungacha javob yo’q-ku? Nega biz endi inson huquqi, deputatlarning huquqi poymol bo’layotganligini tan olishni istamaymiz.

Birinchi taklifim, ana shu Inomjon Tursunov to’g’risidagi masala bugungi sessiyaga kiritilishi kerak.

Ikkinchisi, Ro’zimurodov to’g’risida qaror qabul qilindi. Men bunga qarshi emasman, lekin Oliy sovet prezidiumi qarorini sessiyada tasdiqlashimiz kerak edi-ku? Nega bu masala bizning sessiyamiz kun tartibiga kiritilmasligi kerak? Juda ko’p o’rtoqlar bu haqda juda tashvishlanib gapirishdi. Bugun Tursunov, Ro’zimurodovning boshiga tushgan ertaga har qaysingizning boshiga tushishi mumkin. Bu, hech kim garantiya bergan yo’q. Buning ustiga bir kishining diktati bilan ana shu qaror qabul qilindi.

Birinchi kuni Oliy kengash prezidiumi qabul qilmagan edi. Ikkinchi kuni majbur qilib, hurmatli prezidentimizning topshirig’iga muvofiq bo’lsa kerak, men yana adashgan bo’lsam uzr so’rayman, bu qaror qabul qilindi. Axir bu insofdan emas-ku? Axir bu qonundan emas-ku? Ana shu ikki masala kun tartibiga kiritilishini juda qattiq talab qilaman.

YO’LDOSHEV: Biz bu masalani ko’rib chiqdik-ku?!

ESHNAZAROV: Men Inomjon Tursunov haqida prezidiumning xulosasini va prokurorning javobini, keyingi sessiyada axborot beriladi, deb aytilgan edi, lekin oradan uch oy o’tib ketdi, ishonmaganlar o’sha sessiyani stenogrammasini ko’tarib ko’rsin. Biz yuqoridan turib kun tartibini belgilab qo’yuvchilarning aytganlarini tasdiqlab beruvchi kishilarga aylanib qolganimizni tushunishimiz kerak. Bu kechirib bo’ladigan hol emas. Har qancha dono kishi bo’lsa ham, rahbariyat, mayli ishonishimiz kerak, hurmat qilishimiz kerak, lekin 500 deputatni saylab qo’ygan bo’lsa, buni nomini sessiya deb qo’ygan bo’lsa, bu odamlarning ham fikrini inobatga olishi kerak-da axir! Agar inobatga olinmaydigan bo’lsa, yuqoridan aytiladigan hamma gaplar tasdiqlanib yuboriladigan bo’lsa bu odamlarning nimaga keragi bor? Shuning uchun men taklif qilaman, mana shu ikki taklif bo’yicha masalani ovozga qo’yishingizni.

IZOH: Oliy Kengash reglamenti bo’yicha deputat taklif qildimi rais uni ovozga qo’yishi va qabul qilib, qilinmagani shu yo’l bilan hal etilishi kerak. Lekin…

YO’LDOSHEV: Bu ikkita masala ham kun tartibiga kiritilib bo’ldi, Deklaratsiya to’g’risida gaplashdik. O’sha erda huquq, erkinlik haqida hamma gap bo’ladi. Muhokama davrida bunaqa gaplarni gapirish kerak. Endi mani taklifim bor, mana shu kiritilgan takliflarni e’tiborga olib, kun tartibini tasdiqlash.(Zalda norozilik.)

Mana kun tartibi bo’yicha uch kishiga so’z beraman.

IZOH: Karimov “Tugating”, deydi Yo’ldoshevga.

YO’LDOSHEV: Shu bilan tamom.

SALIMOV-292-Bulung’ur saylov okrugidan Salimov. Birinchi sessiyalar yaxshi o’tdi. Birinchi sessiyamiz olti-sakiz kun davom etdi. Keyin uch kun davom etdi. Keyingilari hammasi bir kunda tugayapti. Lekin juda ko’p qonun qabul qilayapmiz. Qonunni 5 yoki 10 minutda bitta odamning informatsiyasi bilan qabul qilinmaydi. Masalan GAI xodimlari, umuman militsiyani kuchaytirish bo’yicha qonun birinchi martada qabul qilinmadi. Ikkinchi marta rayosatdan turib gapirgan odamlarning gapi bo’lgani uchun hammasi…. poimyonniy bo’lgandan keyin hamma familiya oldida turadi, shuni uchun qo’rqqanidan ko’p odam o’shani yana qaytadan saylab yuboradi-da. “Yopiq” degan narsa bor, “ochiq “ degan narsa bor.

IZOH: Bu yerda deputat ovoz berishdagi muammoni aytmoqda. Ovoz berishdan oldin raislik qiluvchi masalani yopiq yoki ochiq ovozga qo’yishni tasdiqlatib olishi kerak. Agar yopiq bo’lsa, ovozlarni qayd etish mashinasi ismlarni ko’rsatmasligi kerak.

SALIMOV: Masalan, aktual masala ko’rilgan paytda yopiq ovozga qo’yilsin, deb aytish kerak. Buni bizga o’rnatgan paytda aytdi-ku, yopiq ovozga qo’yilsin, degan paytda bu yerda o’tirgan odamlarning bittasining ham familiyasi tushmaydi, dedi. Lekin shuning uchun ham juda ko’p masalalar og’ir bo’layapti.

Ikkinchidan, mana bu sessiyalarni olib borishda juda katta xatolarga yo’l qo’yilayapti.Chunki parlament ishida deputatlardan hammasi qatnashgan emas. Endi birinchi navbatda qatnashayotgan odamlar bor. Raisdan iltimos, mana ilgari, mayli ko’rib chiqamiz va zalga uchta mikrofon o’rnatamiz, deb aytgan edi. Men o’zim vrachman, lekin bilaman-ki mana shu o’tirgan joyimizdagi bitta mikrofonni olib, zalga qo’ysa ham o’sha mikrofon bo’lib ishlaydi. Men elektronik emasman. Hozir masalan, yonimda o’tiradigan Viktor aka bilan gaplashib o’tirgandim, shuni qilish mumkin edi.

Uchinchidan, shu erda “Xalq so’zi” gazetasining redaktori Ahmadjon Muxtorovni bizlar hammamiz davlat arbobi, deb sayladik, redaktor qilib, lekin kechagida Rayosat uni olib tashladi. Kecha taklif kiritildi, Ahmadjon akani yana qaytadan qo’yib, o’zidan eshitaylik. Rayosatning hujjatlari hammaga tarqatib berilsin, dedik. Hozirgi redaktor ham Samarqanddan. Ahmadjon aka ham Samarqanddan. Men u kishi bo’lsin yoki bu kishi bo’lsin, deb aytmoqchi emasman. Lekin bu ham sessiyaning ishlari butunlay og’irlashib ketayotganidan dalolat beradi.

Keyin mana ko’p masala ko’rsatilayapti. Masalan, Konstitutsiyaning buzilmasligi haqida. Masalan mening shaxsan o’zim saylanayotgan paytimda meni sudga berishdi. Agar deputat bo’lib saylanmaganimda meni qamar edi, deputat bo’lganimdan keyin “Sizning ishingizda hech narsa yo’q ekan” deb qo’ygan. Shuning uchun sud masalasi, KGB masalasi, harbiy komissariat to’g’risidagi masala hammasi Rayosatga emas, asosiy sessiyaga quloq solib hal etilishi kerak. Lekin ekstrenniy masala bo’ladigan bo’lsa uni ham chiqib aytish kerak.Lekin bugun ham…

IZOH:Tugating, degan qo’ngiroq chalinadi.

SALIMOV:3-munut gapirayapman…Sessiyani bugun tugatish masalasida. Qo’yilayotgan masalalarni muhokama qilish qancha davom etadi bilmayman, lekin ularni eshitish kerak. Keyin yana bitta narsa, deputatlarning o’tiradigan joylari almashib ketgan. Ko’p odam taklif qilingan, ularning kimligini ham bilmaymiz. Kim yer tepayotgani ham bilinmaydi. Masalan Shavkat Muhitdinovich, siz “Muhokamani to’xtatamizmi?”, desangiz, ikki tomondan ikkitasi turib “To’xtatamiz” deydi. Siz bu yoqda turgan odamlarga qaramaysiz-da, o’sha ikki kishiga qarab, “To’xtatamiz” deysiz. Shuning uchun bu narsalarni qaytadan qarab chiqilishini so’rayman.

YO’LDOSHEV: Demokratiyani har xil tushunar ekanmiz-da. Shu… Yo’q siz uchinchi marta chiqayapsiz, Jahongir aka.

IZOH:Men bir minit uchun so’z so’rayman, deyishimga qaramasdan ham rais so’z bermaydi.

YO’LDOSHEV:Men mana va’da qilganman, ikkita o’rtoq. Aniq taklif uchun….

ALIEV: 348-Qumqo’rg’on saylov okrugudan Aliev, hurmatli deputatlar.Men avvallo Oliy sovet prezidumiga shunday deputatlik so’rovi bilan murojaat qilmoqchiman. O’tgan 5-sessiyadan keyin Oshkoralik qo’mitasi prizidium tomonidan tugatildi. Keyin navbatdan tashqari sessiyadan oldin qo’mita yana qaytadan tiklandi. Vaholanki qo’mitani tugatish yoki uning tarkibiga o’zgartirish kiritish faqat sessiyaning vazifasiga kiradi. Shu masala bo’yicha Shavkat Muhitdinovich, deputatlik so’roviga javob bersangiz.

Ikkinchidan, mening sessiya kun tartibiga shunday qo’shimcham bor. Shu yilning 18-21 avgust kunlari mamlakatda davlat to’ntarishi bo’ldi. Shu masala bo’yicha ham O’zbekistonning adresiga juda ko’p toshlar otildi. Men bu borada boshqa jumhuriyatlarda bo’lgani kabi bizda ham deputatlar bu masalani muhokama qilib, o’z fikrlarini bildirishlarini iltimos qilardim. Chunki men o’zim “Axborot”da ko’rdim, mana shu erda o’tirgan katta mansabli deputatlar Yanaevning O’zbekiston va Qozog’istonda tartib bor, degan gaplarini “Mana, bu Yanaev tomonidan bizga berilgan katta baho” deb aytgan gaplari mening qulog’imdan ketgani yo’q. Adashgan bo’lsam kechirim so’rayman, lekin shu masala bo’yicha fikrlaringizni bildirishlaringizni so’rayman.

QODIROV: 45 saylov okrugi, Baxtiyor Qodirov. Hozir ko’tarilayotgan masalalar siyosiy va juda muhim. Lekin mana prezidentimiz aytganlaridek, respublikamizda iqtisodiy ahvol juda og’ir. Afsuski nima bo’layapti, iqtisodiy tomondan qayoqqa ketayapmiz, deputatlar xabardor emas. Respublikamiz iqtisodiy borada dunyodan chetlanib qoldi. Hozir bizlar yanada markazlashtirish bo’yicha ketayapmiz. Tadbirkorlikni rivojlantiramiz, deymizu lekin amalda hech gap yo’q. Shuning uchun men taklif qilardim-ki, bugungi sessiyada albatta prezidentimiz hozirgi iqtisodiy ahvol va qanday yo’ldan boramiz, degan mavzuda aniq, batafsilz informatsiya bersinlar. Shuni tushunib, qayoqqa ketayotganimzini bilib, o’shandan keyin prezident saylovi haqidagi qonunni va kimni tavsiya qilish masalasini ko’rsak. Bu masala kun tartibiga kiritilgandan keyin men o’z fikrimni yanada batafsil aytaman. Men nima uchun bu masalani taklif qilayapman. Mart oyida narxlar oshishidan oldin men prezidentdan ochiq oydin so’ragan edim. O’rtoq Islom Abdug’aniyevich, qaysi yo’ldan biz yuramiz? Qanday programma bo’ladi, deganda, Gorbachev bilmasa, man qayerdan bilaman, ana olimlardan so’ranglar, deb javob bergan edilar. Mana shuncha vaqt o’tdi, man o’ylayman-ki, Islom Abdug’aniyevichning aniq programmalari bor. Hozir biz mustaqil bo’ldik, demak, Oliy kengash qaysi yo’ldan borishimizni bilishi kerak.

YO’LDOSHEV: Endi o’rtoqlar bu taklif bizning kun tartibimizda bor. Biz hamma masalani aralashtirib yuborishga haqqimiz yo’q. Prezidentni saylash haqidagi qonun o’z yo’lida, bu qonunni qabul qilamiz. Kim prezident bo’ladi, kimni nomzod qilib ko’rsatamiz, o’shanda o’z progarammasini aytadimi, bu mutlaqo boshqa masala. Biz shuning uchun ham ularni kun tartibida bo’lib-bo’lib qo’ydik. Qonunni qabul qilish, nomzodni belgilash va saylov kunini belgilash. Vakillar yig’ilishida nomzod qilib Islom Abdug’aniyevich Karimov ko’rsatilsin, deb taklif kiritildi. Mendan chiqmadi bu taklif. Manimcha Pirimqul Qodirov birinchi aytdilar. Boshqa o’rtoqlar qo’llab quvvatladi. Shunda Oliy kengashda nomzodlar muhokama qilinganda o’sha nomzod sifatida chiqib aytadi.

IZOH: Zaldan deputat Toyiba To’laganova minbarga qarab yuradi va so’z so’rab raisga termulib turadi. Lekin so’zni yana Karimov oladi:

KARIMOV: Qisqacha spravka berish mumkin. Bu taklif to’g’ri. O’zbekistonda ahvol boshqa joylarga qaraganda ham keskin, deputatlar albatta axborot bilishi kerak, bugun ahvol qanday, ertaga nima bo’ladi, yilning oxirigacha qanday bo’ladi, har qanday fuqaroning taqdiri qanday bo’ladi, rizqi-ro’zi qanday bo’ladi, 92-yilga qanday tayyorgarlik ko’rayapmiz va umuman mamlakatda bo’layotgan ahvol qandayu O’zbekiston o’zining ertasini qanday ko’rayapti? Bu talab qonuniy talab, bu talab bo’yicha prezident ham, boshqa arboblar ham deputatlar oldida hisob berishga majbur. Keyin esimizdan chiqarmaslik kerak, hamma gaplarni xalqimiz eshitayapti. Shu nuqtai nazardan ham bu gaplar hammasi xaloyiqqa yetib boradi. Shu nuqtai nazardan hisobot berish emas, balki ma’lumot berishni men joni dilim bilan qabul qilaman. Man bilganimni, o’z rejalarimni, rahbariyat rejalarini sizlarga, aytaylik, o’rtoqlashishga man tayyorman.

YO’LDOSHEV:Demak, prezidentning ma’lumotini eshitish kun tartibiga kiritilsin, deyilayapti.

IZOH: Zaldan SSSR xalq deputati Zolotuxin va muboraklik deputat Murod Jo’raev so’z talab qiladilar. Avgust voqealarini, ya’ni Moskvadagi davlat to’ntarishi haqidagi masalani kun tartibiga kiritish talab qilinadi, deputalar Vohid Azamov va Samandar Qo’qonov O’zbekiston rahbarlarining Gorbachevga qarshi fitnaga qo’shilgani masalasini kun tartibiga kiritishni talab qilib, o’rinlaridan turib gapira boshlaydilar.

YO’LDOSHEV: Endi, u Avgust voqealariga bir yarim oy o’tgandan keyin bu yerda baho berishning nima keragi bor! Markaziy komissiya tuzilgan SSSR Oliy kengashi tomonidan. Agar bizning jumhuriyatga tegishli gap bo’lsa, ana undan keyin o’sha axborotni ko’rishimiz mumkin. Hozir nima deymiz? Biz munosabatimizni o’shandayoq aytganmiz. Mana bizda masala bor inson huquqining erkinligi to’g’risida, o’shanda fikrlarni bilish mumkin. Man mana shu qo’shimchalar bilan kun tartibini ovozga qo’yaman.

IZOH: Zalda yana norozilik.

YO’LDOSHEV: Oshkoralik komiteti to’g’risida aytdingiz. Buni men sessiya davomida sizga javobini beraman, dedim. GKChP ga munosabatimizni ayttingiz… Endi bitta ayolga so’z beramiz shu bilan tamom.

IZOH: Karimov kun tartibini ovozga qo’ying, deya raisning biqiniga turtadi.

YO’LDOSHEV: Mana Muqaddam Umarovnaga so’z beramiz, bo’ldi. Genaral masalasida esa SSSR xalq depatutlari sessiyamizda qatnashishi mumkin, lekin ishimizga aralashishi kerak emas. O’tiring, o’rtoq Zolotuxin.

IZOH: SSSR Xalq deputati bo’lgan Zolotuxin Islom Karimovning GKChP davlat to’ntarishidagi ishtiroki haqida hujjatli ma’lumotim bor, deyishiga qaramasdan unga quloq solinmaydi. Toshkent shahar Kirov saylov okrugidan saylangan va Oliy kengashda ishlayotgan deputat Muqaddam Umarovaga so’z beriladi:

UMAROVA:(Ruscha gapiradi) 12-Kirov saylov okrugidan Umarova. Kun tartibini asos qilib qabul qilishdan oldin men so’z so’raganimga qaramasdan menga so’z bermaganlari uchun mana shu masalaga qaytishga majburman. Ikkita masala qo’shimcha ravishda kun tartibiga kiritilmoqda. Bu prezident saylovining vaqti va prezidentlikka nomzod ko’rsatish haqida. Lekin hali prezident saylovi haqidagi qonun qabul qilinmasdan qanday qilib bu masalalar kun tartibiga kiritilishi mumkin. Bugun qo’limizga berilgan qonun loyihasining 25-moddasida prezidentlika nomzod Oliy kengash tomonidan va siyosiy partiyalar tomonidan ko’rsatilishi aytilgan. Balki biz mana shu joyni qabul qilmasak, u holda nima bo’ladi? Shunday ekan, qanday qilib yo’q narsadan keyingi masalani kun tartibiga kiritish mumkin. Balki umuman bu qonunni qabul qilmasak-chi?

YO’LDOSHEV: Agar qonunni qabul qilmasak, avtomatik ravishda u ikkita masala ko’rilmaydi.

UMAROVA: Mazkur qonun loyihasida prezident saylovi Oliy kengash va yoki prezidium tomonidan belgilanishi aytilgan. Balki bu ham muhokama jarayonida o’zgarar. Lekin biz qonun qabul qilingani kabi undan kelib chiqadigan masalalarni kun tartibiga kiritmoqdamiz. Ikkinchidan, Islom Abdug’aniyevich, vitse-prezident vazifasini yo’qotib Bosh vazirni tayinlash masalasini kun tartibiga kiritdilar. Bu masala hali Konstitutsiyaga kiritilmagan va biz buni kun tartibiga qo’shmoqdamiz, demak, avval Konstitutsiyaga o’zgartirish kiritish va undan keyin bu masalani ko’rishimiz kerak. Kun tartibida Konstitutsiyaga o’zgartirish kiritish joyi ham bor. Lekin u boshqa o’zgartirishlar haqida, bu masala haqida esa gap yo’q. Men bugun bu masalni ko’tarishga qarshi emasman. Ammo qonun qoida bo’yicha qilaylik demoqchiman. Man ko’targan masalani ovozga qo’yishingizni iltimos qilaman.

YO’LDOSHEV: Bo’ldi, man mikrofonni o’chirdim.

IZOH: Surxondaryolik dehqon Amirqulov minbarga chiqib oladi va Marat Zohidovning iddaosiga qarshi gapiradi.

AMIRQULOV: Surxondaryo 338-Yangiobod saylov okrugi. Mana bugun eshittik. Kasalni yashirsang, isitmasi oshkora qiladi, deydilar. Sekin-sekin yuzaga chiqayati. Men so’zga chiqish uchun hech qanday ko’nglim yo’q edi. Men shu Shukrullo Mirsaidovni juda yaxshi bilaman. Men deputat sifatida 200 vagon quvur olib kelganman. Moskvada men bilan Rossiya tashkilot rahbarlarini uchrashtirib qo’ygan shu odam. Qachongacha mansab talash bo’ladi. O’rtoq Efimov, Mirsaidov mansabga talashayapti, deb boyagi gapni aytgan ekan, u odamda mansabparastlik yo’q, shuning uchun Efimov shu yerga chiqib, shu so’ziga javob bersin, Boshqa gapim yo’q.

IZOH׃ Zalda sesiya olib borilishiga qarshi norozilik. Yo’ldoshev yana bir deputatga so’z berishga majbur bo’ladi. Samarqandlik deputat Mahmudov minbarga chiqib, gapira boshlaydi.

MAHMUDOV:- 6-sessiyada men bir savollarni yozib rahbarlarga bergan edim. Bu shunday savollar ediki, 15-20 daqiqada javob tayyorlab aytish mumkin edi. O’rtoq Yo’ldoshevga yozdim, javobi yo’q. Prezidentga yozdim, javobi yo’q. Jo’rabekovga yozdim, javobi yo’q, davlat Radio televidenie raisi Ganja Yoqubovga yozdim, javobi yo’q. Men iltimos qilaman, har bir sessiyaning oxirida mana shu yerga chiqib savollarga javob berishsin. Shu kun tartibga kiritilsin.

IZOH: Samarqand viloyatining Kattaqo’rg’on saylov okrugidan saylangan deputat, ayni paytda vitse-prezident Shukrillo Mirsaidov minbarga chiqadi.

YO’LDOSHEV: Shukrullo Rahmatovich, kun tartibi bo’yichami yoki javob berasizmi?

MIRSAIDOV: Javob… O’rtoqlar, eng avval ham bor men sizlarni hamjihatlik, birlikka chaqirmoqchiman.Chunki hammamizning orqamizda xalq turibdi. Biz hamjihat bo’lmasak, bir-birimizni qo’llab quvvatlmasak xalq bizni kechirmaydi. Endi haligi ko’tarilgan masalalar bo’yicha. Bu ham xalq dushmanlarining ishi. Qachongacha Moskvadan kelib bizlarga aql o’rgatadi? Bunaqa malomat toshlari meni boshimga juda ko’p tushgan. Men bilan birga ishlaydigan odamlarning hammasi biladi.

Meni o’rtoq Anishechev (1984 yilda “tartib” o’rnatish uchun O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining ikkinchi kotibi sifatida Moskvadan yuborilgan shaxs-JM) ta’qibga olgan, bir paytlar 11 yasharligida otasi qamalgan deb, lekin arxivdagi oqlangan materialni yo’q qilib yuborgan. Ana o’shanda ham aytganman, o’rtoqlar mani shahar sessiyasiga olib chiqinglarda, men ketay, deb. Meni Satin (“Tartib” o’rnatish uchun Toshkent shahar partiya komitetiga rahbar qilib yuborilgan shaxs-JM) ham ta’qibga olgan, shahardagi bo’layotgan hamma ishlarni menga taqab. Bir ikkita korxonalarining, shu og’alarimizdan bo’lgan rahbarlari Toshkent shahriga chetdan ishchi olib kelganda bu ishchi kuchi kelishiga qarshi chiqib, buni yo’q qilish maqsadida 16.800 so’mdan nalog chiqarganimizda ular bizning huquqimizga qarshi chiqayapti, degan. Chunki Toshkent shahrida o’zbeklar kamayib ketgan vaqt edi. Ana shunda Bosh prokurorgacha yozib, jinoiy ishlar ham qo’zg’atmoqchi bo’lishgan.

Bugun sizlar muhokama qilayotgan gaplarni men bir yil oldin aytganman. Orqavarotdan emas. Prezident kengashida aytganman. Prezident kengashida man taklif kiritganmanki, o’rtoqlar prezidentimizni xalq saylashi kerak. Xalq saylovidan o’tishimiz kerak, deb. Ana o’shanda hurmatli Islom Abdug’aniyevichga ham aytganmanki, “Islom aka, hozir xalqning hammasi bizlarni qo’llab-quvvatlab turgan paytda prezident saylovini o’tkazib olsak yaxshi bo’lardi. Keyin qiyin bo’ladi, deganman. Prezident kengashi a’zolari bu taklifni mana Mirsaidov taklif qilayapti, deb kengashga olib chiqqan. Buni ham bo’yinga olish kerak. Kengashda bir-ikkita xushomadgo’ylar, kelgusini bilmaydiganlar aytishdi-ki, hozir olib chiqsak, xalq ikkiga bo’linib ketadi, deb. Endi olib chiqsak, to’rtga bo’linib ketayapti-ku? Shu bilan to’xtatishdi.

Lekin ana o’sha Efimov, undan keyin Berkov degani, Sovminning birinchi muovini edi, hozir ketdi, men u bilan ishlamaymiz, deganimdan keyin uni prezident kengashiga olib, keyin Moskvaga yaxshilab ko’tarib, jo’natib yubordik. Efimovlar gap tarqatdi o’shanda ham Mirsaidov amal talashayapti, deb. Ana o’shanda Bosh vazirlik tugatilib Prezident huzurida Vazirlar mahkamasi tuzildi va vitse-prezident vazifasi joriy etildi.

Mana shunda ham gap chiqmasin, qachongacha o’zbek xalqiga tavqi la’anat keladiki, bular amal talashadigan ekan, qachongacha bular bir-birining ustidan, orqasidan gap qilib yurar ekan deb, tishni tishga qo’yib, nima deyilsa o’sha deb keldim. Lekin o’z vazifamni xalqimni oldida vijdonan halol, ro’yrostlik bilan aytib o’tamanki, bajarib keldim. Keyingi paytda bir xil gap so’zlarga kirishib mani praktik ishlardan uzoqlashtirishlar ham bo’ldi. Bu menga zarar bo’lgani yo’q. Bu iqtisodga zarar keltirishini man prezidentga ham aytdim. Bundan 15 kun oldin, agar man amal talashadigan bo’lsam, mana Islom akam, o’zlari tasdiqlashlari mumkin, ya’ni Moskvaga Rossiya bilan shartnoma tuzishga ketishdan oldin kirib aytdim, kelinglar mani tinch qo’yinglar, man shu chiqib ketay, man ishlamayman, manga ruxsat bering, kelganda ham aytdim, kecha ham aytganman, bundan besh kun oldin ham aytganman.

Sizlar meni Sovmin raisi qilib saylayotganlaringizda ham aytganman. Saylasalaring ham shu ishni qilaman, saylamasalaring ham deb.

IZOH: Shu o’rinda izoh berish kerakki, Ministrlar kengashining oldingi raisi Mirqosimov Parkentda qon to’kilishiga aralashgani sessiyada ko’tarilib, uning saylanmay qolishi aniq bo’lganda Islom Karimov unga alternativ o’laroq Mirsaidov nomzodini ko’rsatgan, unga ham e’tirozlar bo’lgan va Karimov uni mard, jasoratli, fidoyi rahbar deya maqtagan edi. O’shanda Mirsaidov e’tirozlarga javoban istasanglar saylanglar, istamasanglar yo’q, degan edi. Endi o’sha sessiyaga ishora qilmoqda.

MIRSAIDOV: Shuning uchun men qayerda ishlar ekanman, o’zimning xalqimga, o’zimning yurtimga xizmat qilaman. Shuning uchun manga amalinglar kerak emas. Shunga qarab xulosa qilinglar. Mana vitse-prezident deydimi, balo deydimi, battar deydimi, amal degan narsa kerak emas.Shuning uchun man hozir sizlarga aytishim mimkin, manga amalning keragi yo’q. Men hech qachon, hech kimga bo’ysunib ishlamaganman, ishlamayman ham. Men haligi, tiz cho’kib yashagandan ko’ra, tik turib o’lishni xoxlayman. Shuning uchun e’tiborlaringa rahmat, mani tinch qo’yinglar.

IZOH: Mirsaidov minbardan tushib zalni tashlab chiqib ketdi. Bu esa uning ham siyosiy va ham shaxsiy hayotiga zulmning zarbasi tushishi uchun yo’l ochdi.

YO’LDOSHEV: E’tibor uchun qabul qilamiz bu axborotni, demak o’rtoqlar kun tartibini aytilgan masalalar bo’yicha tasdiqlashni taklif qilaman…

Video tasma mana shu erda uzilgan… davomi yuqorida so’zga chiqqanlarni qoralashga aylanib ketgan bu sessiyaga bugunga qadar berilgan uch bahoga qaytamiz.

Karimov guruhi bu sessiyani toshkentliklar uyushtirdi va ularning menga qarshi fitnalari edi, boshida Mirsaidov turgandi, degan fikrni sesiyadan keyin ham ko’p takrorladi. Bu fikrni muxolifatdan ham ba’zilar bir muddat qo’llab keldilar, so’zga chiqqanlar orasida Mirsaidovning o’zi bilan birga 4 kishi toshkentlik edi, xolos. Ulardan biri Marat Zohidov esa unga qarshi gapirdi. So’zga chiqqanlarning aksariyati samarqanliklar edi va Surxondaryo, Sirdaryo, Buxorodan chiqqan deputatlar ham Karimovni himoya qilganlari yo’q. Aksincha uning siyosatiga qarshi edilar. Bu esa 7- sessiya toshkentliklarning fitnasi edi, degan gap uydirma ekanligini isbotlab turibdi.

Rus inqilobidan oldingi Buxoro amirligi, Xiva va Qo’qon xonliklari o’rtasidagi nizolarni Sovet davrida sho’rolar ustalik bilan qo’llanib kelishdi. Mansablarni taqsimlashdan hatto oliy o’quv yurtlariga talabalar qabuliga qadar ana shu mezondan kelib chiqib ish tutdilar. Bu esa aslida bir xalq bo’lgan millatni uch-to’rtga bo’lib, bu bo’linishni odamlarning ongiga singdirib yuborish edi.Hatto bugun ham kimlarnidir ayblash uchun “samarqandliklar”, “toshkentliklar” yoki “farg’onaliklar” kalimalarini qo’llanish odat tusiga kirgan. O’zini ziyoli, demokrat deb hisoblaganlar ham bu zehniyatning quliga aylanganlar.

Karimovchilar “toshkentliklar fitna uyushtirdi”, degan gapni tarqatish bilan qolgan sodda avomni o’zi tomonga jipslashtirishning yo’lini topdi va hokimiyatini mustahkamladi.

Hokimiyatni qo’lda saqlash uchun hamma jirkanchliklarga boriladi, degan gap bor. Ammo qo’lida hokimiyat bo’lmagan ba’zi birovlar ham shu gapni bir muddat aytib yurganlari zehniyatning zangi osonlikcha ketmasligini ko’rsatadi.

Ikkinchi iddao esa, bu ishning ortida Moskva turibdi, deyilgan gap va bu da’voning muallifi Marat Zohidov edi. Ammo uning talabi bilan bu masalani o’rganish uchun Oliy kengash, Islom Karimovning maddohlaridan iborat komissiya ham bu sessiyani Moskvaga bog’lay olamadi.

Gap shundaki sessiya borayotgan paytda Moskva televideniesi Toshkentda deputatlar Karimovni ag’darmoqdalar, deya xabar tarqatdi. Xabar manbai esa “Izvestiya”ning O’zbekistondagi muxbiri Shaxobiddinov. O’sha kezda deputatlar orasida Moskvadan uzoqlashish ruhi bor edi. Bu ayniqsa, demokrat deputatlar orasida kuchli edi. Karimov siyosatiga qarshi chiqqan deputatlarning aksariyati mustaqillik kurashchilari bo’lib, Karimovni Moskvaning odami, deb hisoblardilar. Shu bois ham isyonda Moskvaning qo’li bor, degan gap ko’p yashamadi.

Nihoyat uchinchi bahoni mazkur sessiyada “bu kommunistlarning fitnasi”, deya Karimovni himoya qilib so’zga chiqqan deputat Salay Madaminov, ya’ni Muhammad Solih yaqinda o’rtaga qo’ydi.

“Muhammad Solihning “Ozod ovoz”tashkiloti direktori Bobomurod Abdullaev bilan suhbati, 2002 yil, 7 Noyabr, Norvegiya, Oslo shahri.” (Eslatma:Mazkur suhbat http://www.ozodovoz.org va http://www.uzbekistanerk.org  veb sahifalarida chiqdi):

“Ozod Ovoz”: Siz O’zbekistonning o’n yillik mustaqillik davrida Karimov rejimi Sizni, qarindoshlaringiz, yaqinlaringiz va do’stlaringizni qamoqqa tashlaganini aytdingiz. Bugun shularning hammasini ko’rgach, 90-yillarning boshida parlament sessiyalarining birida Islom Karimovni o’sha paytdagi Bosh vazir Shukrulla Mirsaidovdan himoya qilganingizga pushaymon qilmaysizmi?

Muhammad Solih: Yo’q. Bu haqda pushaymon qilmayman. Chunki Mirsaidovning taklifiga qarshi chiqib, men siyosatdagi urug’-aymoqchilikka qarshi chiqqandim. O’shanda Mirsaidovning shu taklifi ortida mamlakatdagi siyosiy hokimiyatni o’z qo’liga olishga shay turgan ba’zi urug’ aymoqlar bor edi. Men hamma vaqt siyosatda urug’-aymoqchilikni yoqtirmaganman. Chunki urug’-aymoqchilik millatimizni fojeaga yetaklovchi, uning shakllanishini to’xtatib qo’yuvchi kasallikdir. O’shanda men Karimovni himoya qilish uchun emas, janob Mirsaidovning ikkiyuzlamachiligi va yolg’oniga qarshi chiqqandim. Bu narsa o’z-o’zidan ro’y bergandi. Men Karimovga qarshi fitna tayyorlanayotganidan bexabar edim. Har galgidek men Karimovni tanqid qilishga tayyorlanayotgandim. Birdan har sessiyada Karimovning yonini olib unga qarshi aytilgan tanqidlarga norozilik sifatida oyog’i bilan polni urib o’tiradigan Mirsaidov chiqib, prezidentni tanqid qila boshladi. Men hayratda qoldim. Men bu o’zgarish, ikkiyuzlamachilkka qarshi chiqdim. Natijada mening chiqishim Karimovga qarshi tuzilgan koalitsiyaga katta zarba bo’ldi va Karimovga taxtda qolishga yordam berdi…”

Yuqorida Mirsaidovning so’zlari… U Karimovni tanqid qilgan emas, aksincha o’z sha’niga aytilgan gaplarga javob berib, amal istamasligini ta’kidlab, hatto sessiyani tashlab chiqib ketdi. Qolaversa, bu sessiyada so’zga chiqqanlar kimga urug’u kimga aymoqligini ham ko’rdingiz. Bahoni o’zingiz bering.

Xullas, nima bo’lganda ham 7-sessiyaning qo’limizga etgan videotasmasi bugunga qadar siyosatda qo’llanib kelingan uydirmalarga chek qo’ydi va kimning kim ekanligini ko’rsatish uchun, tarixni uydirmalar emas, haqiqat to’ldirajagini isbotladi.

7-sessiya O’zbekistonda qayta qurish va Oshkoralik tufayli kurtak otgan demokratiyaning so’nggi kuni edi. Mustaqillikning dushmanlari bugun mustaqillik qahramoni bo’lib yurgan bir paytda demokratiyaning qotillari demokratiya kurashchisiman, deb yurganiga esa aslo ajablanmasa ham bo’ladi.

16. DEVONDAGI DEVONALIKLAR

Yyyettinchi sessiyada Karimov haqiqatdan ham ko’p xato qilgani, muhokama unga dars bo’lganini o’zi ham aytganiga qaramay demokrat deputatlarga hujum birdan kuchlanib ketdi. Bundan ruhlangan Karimov ham hujumga o’tdi va bizni “bir hovuch qora kuchlar” deya ayblay boshladi.

Men  o’rnimdan turdimda:

-Islom aka, bundan bir necha daqiqa oldin xatolaringizni tan olib turgandingiz, endi esa to’nni teskari kiyib oldingiz,-dedim.

Shundan keyin yana zalda ruhlanish boshlandi va so’zga chiqishni istaganlar minbarga qarab yura boshladilar. Karimovning ishorasi bilan YO’LDOSHEV tanaffus e’lon qildi.

Bir guruh deputatlar Karimovni o’rab oldilar. Hamma har narsa der edi. Karimov bizga yuzlanib׃

-Bu yerda har xil odamlar va har xil masalalar aytilmoqda. Majlisdan keyin men ham qolayin, sizlar ham qolinglar, butun muammolarni kelishib olaylik,-dedi.

“Kelishib olgan bilan nima hal bo’ladi?” dedik biz.

-Agar men aytgan gapga ishonmasangizlar, mayli o’rtada protokol tuzamiz,-dedi u.

Bu gapni eshitgan “isyonchi” deputatlar jim bo’ldilar.  Darhaqiqat, tanaffusdan keyin Karimov saylov haqidagi loyiha va boshqa muhokamalarni kun tartibidan chiqarib oldi. Biz buni g’alaba, deb o’yladik. Aslida esa bu Karimovning ustaligi ekan. Chunki u endgina so’ngan alanga yana qaytadan olov olib ketmasligi, so’nggi cho’g’iga qadar o’chirilgandan keyin masalaga qaytishni rejalagan ekan. Biz partiya idoralarida ishlamagan, KGB sabog’ini olmagan va yuqoridagi o’yinlarni bilmagan sodda deputatlar “Karimovni sindirdik” deya gerdayib o’tirardik.

Karimov “Kimning menda gapi bo’lsa qolsin, qolganlarga javob” dedi va yuzga yaqin deputat qoldik.

U Ravil Abduqodirovga protokol yuritishni topshirdi.

Biz siyosiy masalalarni aytar ekanmiz, bir ikki kishi doim gapni boshqa tomonga burishga intilar edi. Masalan, Nomoz Sa’dullaev qayta-qayta o’rnidan turib, u saylangan Qo’shrabot tumanidagi qaysi bir xo’jalikka yangi traktor yoki shunga o’xshagan bir narsa lozimligini aytardi. Bu esa boshqalarga ham ta’sir qilib, ular siyosiy masalalar chetda qolib, o’zlarining tumanlariga nimadir so’rash va buni protokolga yozdirish bo’yicha musobaqalashib ketdilar.

Shunga qaramay, biz Oshkoralik qo’mitasi yopilishi xato bo’lgani, “Xalq so’zi” gazetasining Bosh muharriri ishiga darhol tiklanishi, matbuotga erkinlik berish, muxolifat guruhlariga bosqi o’tkazmaslik kabi bir qancha siyosiy talablarni ham yozdirdik. Hatto, Ahmadjon Muxtorov o’sha kiniyoq ishga tiklandi. Ammo bular vaqtincha tadbirlar ekanligi va Karimovning kallasida saylovga qadar o’yin o’ynash rejasi borligini bilmagan bizlarga bu qadamba qadam g’alaba bo’lib ko’rinar edi. Demokratiya g’alaba qilmoqda, deb o’ylardik. Aslida esa, demokratiyaning so’ngi uchqunlari ham so’ndirilayotgan ekan.

Ikki soatlik muhokamadan keyin kimdir:

-Bu talablar qachon bajariladi va kim nazorat qilib, kim hisob beradi?-dedi.

Shunda Karimov:

-Bo’pti, oralaringdan bir kishini tanlanglar, bu ishning nazoratini unga topshiramiz,-dedi.

Keyin bir zum nimanidir o’yladi-da:

-Men prezident devonida yangi bir lavozim tashkil qilaman va shu odam faqat ana shu protokolda yozilganlarni nazorat etish hamda mening sizlar bilan uchrashib turishimni amalga oshirish bilan shug’ullandi. Mana majlisda ko’rdinglar. Men ishonib yurgan odamlarning hammasi pisib o’tirdi, ablahlar. Birortasi chiqib ko’ksini qalqon qilgan emas. Men kimga ishonishim kerak? Atrofimda hammasi eski kommunistlar, fikri, kallasi qotib qolgan odamlar. Men ham demokratiya qilishni, shu mamlakatni oyoqqa qo’yishni istayman. Bugun sizlar mening ko’zimni ochdinglar. Aslida mening haqiqiy do’stlarim sizlar ekan. Men sizlarga suyanishim kerak ekan. Sizlar bilan bir bo’lishim kerak ekan,-dedi.

Uning ko’zlarida yosh halqalanganidan bu gaplar yuragidan otilib chiqayotganiga hech kimda shubha yo’q edi. Uning rolni mahorat bilan o’ynashi zalda o’tirganlarning tushiga ham kirmagandi.

-Xo’p,-dedi Karimov qani kimni ko’rsatasizlar?

Deputat Oygul Mamatova:

-Buni Jahongir uddalashi mumkin,-dedi.

Karimov bir zum o’ylanib, keyin menga qarab, termulib qoldi. Shoshib qoldim. Chunki bir necha daqiqa oldin, Oshkoralik qo’mitasiga tazyiq to’xtatilishi haqidagi gapni ham protokolga kiritgan edik. Qo’mita raisining o’rinbosari lavozimida faoliyatimni davom yettirishni istardim. Prezident aytayotgan ish, hukumatda bo’lib qo’limni bog’lashi va qo’mitadan ajratishi aniq edi. Chunki ham qo’mitada ishlab, ham televidenieda sharhlovchilik qilganimda Islom Karimov rayosat majlisida:

-Mana mening qo’limda bir taklif bor. Bu taklifni bir deputat kiritgan. U xalq vakillari hukumat ishida ishlasalar deputatlikni topshirishlari lozim, degan haqli talabni qo’ygan.  Menimcha bu ishni Oliy majlis qo’mitalaridan boshlash kerak. Bu yerda ishlab televideniedan ham maosh olish mumkin emas…,-degandi.

Hali televideniedan maosh olib ulgurmagan ham edim. Ammo “Deputat minbari” degan ko’rsatuv tezda shov-shuvlarga sabab bo’lgandi. Karimovning qarindoshi bo’lgan Jomboy tumanining birinchi kotibi muxbirning telekamerasini sindirgani va menga suiqasd uyushtirish uchun Toshkentga odam yuborgani fosh qilingan dastur ham katta voqeaga aylangandi. Shu bois Karimov kaminani televideniedan uzoqlashtirish maqsadida yuqoridagi gapni aytgandi. Keyin rayosatda aytilgan bu gapni bahona qilib, Ganja Yoqubovga tazyiq o’tkaza boshlashdi.  Xullas, Karimovga berilgan o’sha taklifni qo’llashimni va demokratik jamiyatda shunday bo’lishi kerak, deya o’zim ariza yozib televideniedagi yarim shtatlik ishimni to’xtatdim.

Keyin bilsam, Karimovning o’zi deputatlarning hukumatda ham ishlashini man etadigan Rayosat qarori loyihasini kun tartibidan chiqarib olgan ekan.

Biror taklif har qanday yomon bo’lsa ham kerak bo’lganda uni maqtaydigan, biror taklif har qancha yaxshi bo’lsa ham kerak bo’lmaganda uni toptaydigan Karimov endi kaminani Devonga ishga olish bilan deputatligimga nuqta qo’ymoqchimi, deb o’ylab qoldim. Ammo bu paytda jurnalist Dadaxon Yoqubov  deputat bo’lgani holda unga yordamchi bo’lib ishlayotgan edi. O’ylab qolganimni va javob bermaganimni ko’rgan Karimov suv keladigan ariqning oldini to’sgan kabi:

-Nima, qo’rqib qoldingiz-mi? Bir ish taklif qilinganda odam mardlik ko’rsatishi kerak. Gapirish oson, tanqid qilish oson, ammo ishlash qiyin,-dedi.

Bu mening hamiyatimga tegdi va “Bo’pti” dedim. Ba’zi deputatlar qarsak chalishdi. Ba’zilari  yonimga kelib, tabriklay boshlashdi. Hamma menga havas bilan tikilardi. Hayron edim. Demak, ko’pchilik Devonga ishga o’tishni juda katta voqea, deb bilar ekan.

Shu kuni Oygul bilan biroz tortishib qoldik.

-Karimov shu yo’l bilan bizni tinchitmqochi bo’lasa-chi? Unga yo’l ochib bermadingizmi?-dedim.

-Karimov har gapdan ta’sirlanadigan odam. Agar siz uning yonida bo’lsangiz mana biz sizga quvvat bo’lamiz, uni mamlakat uchun ishlashga majbur qilamiz,-dedi Oygul.

Uyga kelib bekinib oldim va uch-to’rt kun tashqariga chiqmadim. Qaror berolmayotgan edim. Deputatlardan ba’zilari telefon qilishsa, ba’zilari uyga kelib, men bilan tortishar va bu ishni qabul qilishni so’rashardi.

Buning ustiga Shukrullo Mirsaidovdan xafa edim. Uning 7-sessiyada menga mansab kerak emas, deb chiqib ketishini, faqat o’zini o’ylashi, xalqni, unga ishonganlarni olovga otishi, deb o’ylardim.

Aslida biz demokrat deputatlar Karimovning kamchiliklari haqida o’zimiz hamma narsani ochib tashlashni rejalashtirgan edik. 7-sessiya oldidan 12 sahifali material tayyorlagan ham o’zimiz edik. Buni Oygul Mamatovaning uyida to’planib, rejalaganmiz va keyin men xatga tushirgandim. Biz bu ishimizni yashirmagan edik.

Shu bois ham bir kuni Erkin Vohidov faoliayatni birlashtirish haqida gapirib qoldi. U kishi Ahmadali Asqarov va boshqa qo’mitalarning rahbarlari bilan birga Mirsaidovni ko’tarmoqchi ekanlar. Shu bois meni Shukur Rahmatovich ko’rmoqchi ekanligini aytdi.

Mirsaidovning yoniga bordim. U Karimov ketmasa, hech narsa o’zgarmasligini, Karimov ketgan taqdirda, u vaqtinchalik rahbar bo’lishi va  qisqa vaqtda demokratik saylov o’tkazish masalasida rozi ekanligini aytdi.

-Boshqalar ham nomzodini qo’ysin. Agar xalq meni saylamasa, xafa bo’lmayman, qayerda bo’lsa ham ishlayman,-dedi u.

Shuni aytish kerak-ki bunga qadar Mirsaidov ziyolilar bilan til topishda usta, adabiyot va madaniyatni qadrlaydigan odam, degan gap tarqalgandi. O’zim ham uning ishchanligi, qaror olishda qo’rqmasligi, tunu kun demay ishning orqasidan yugurishini bilar edim. Unga ishondim.

Bir kuni Shuhrat Nusratov tayyorgarlik markazini u rahbar bo’lgan Kuybishev tumaniga ko’chirishni taklif qilayotganini aytishdi. Ammo rozi bo’lmadik. Ular o’zlari ishlashsin, biz o’zimiz, dedik.

Agar 7-sessiyada Mirsaidov Karimovning qiliqlarini ochib tashlab, “Bu odam tentak, ketishi kerak”, deganda Karimovning ishi bitgan edi.

Keyinchalik Shukrulla akaning o’zi e’tirof etishicha, sessiyadan bir kun oldin chet eldan kelgan o’zbeklarga ziyofat bergan Karimov kechaning oxirida Erkin Vohidov, Ahmadali Asqarov va Muhammad Solihni olib qolib, ular bilan qadah ko’tarib, ulardan yordam so’ragan, Mirsaidovga ham Bosh vazirlikni va’da qilgan ekan.

Xullas, uyda ekanman, 4 oktyabar kuni Kraynov telefon qildi va Karimov gaplashmoqchi ekanligini aytdi. Unga yangi ishni qabul qila olmasligimni aytdim. Karimovning jahli chiqib ketdi, ammo o’zini ushlab:

-Iltimos, men bilan o’yin qilmang. Qo’rqqan bo’lsangiz o’sha kun aytishingiz kerak edi,-dedi.

-Qo’rqqanim yo’q, lekin yordamchi bo’lib, u yoqdan bu yoqqa qog’oz tashib yurishni istamayman,-dedim.

-Men ham sizni Vitse-prezidentlikka ololmayman,-dedi Karimov. Shunday ham meni yer bilan yakson qilib so’kkan odamni ishga olishimga hali ko’pchilik qarshi chiqadi. Hozirning o’zida qancha odam norozilik bildirmoqda.

Men unga noto’g’ri gapirib qo’yganimni sezdim va gapimni tuzatmoqchi bo’ldim.

Karimov gapi kesdi-da telefonda emas, yuzma-yuz gaplashishni istadi. Bordim. Choy ichib, ancha gaplashdik. Bolaligi va talabalik yillaridagi voqealardan gapirdi. Odamlarga o’xshab yashagisi kelishini, Anhor bo’yiga chiqib osh damlashni istashini  aytdi. Ayniqsa, Mirsaidov haqida kuyinib gapirdi. Bir oilada aka-ukadek edik, menga ota-onalik qilishgan ular. Lekin u ham meni tashlab ketdi, mana ishga chiqmayapti, dedi.

Hali kechagina po’pisa qilib yurgan Karimov juda yumshoq bo’lib qolgandi. 7-sessiya uni tubdan o’zgartirdi, degan sarob kabi bir xulosaga borgandim.

Xullas, o’shanda boshqa yo’lim qolmagandi. Keyinchalik o’ylasam,  rozi bo’lganim yaxshi bo’lgan ekan. Devonda 100 kun ishladim. Ana shu qisqa vaqtda juda ko’p narsani o’rgandim. Karimovni yanada yaqindan tanidim, uning mamlakatni emas, xalqni emas, faqat o’zinigina o’ylashini, hamma odamni ana shunga xizmat qildirishga urinishini angladim.

Karimov Devonda maxsus  sektor ochadigan  bo’ldi. Unga “O’zbekiston Xalq deputatlari bilan hamkorlik qilish faoliyatlarini muvofiqlashtiruvchi bo’lim” deb nom berildi. Bu bo’limga bir xodim va bir kotiba olishim mumkinligini aytishdi. Shuni qayd etish kerakki, Devondan televideniega ketishim bilanoq bu bo’lim bekitildi. Mustaqil O’zbekiston tarixida Devonda ana shunday bir bo’lim 100 kunga mavjud bo’lgani va keyin yo’qotilgani ham o’shanda Karimovning dilida qanday rejalari bo’lganiga ishora.

Karimov bu masalaga bu qadar jiddiy ahamiyat berganini uning deputatlar qudrati oldida bo’yin egishi, deb tushunib, katta xato qilganman.  Bunis ham qiziq. Devondan ketganimda ham O’zbekiston teleradiokompaniyasida kamina uchun “Raisning o’rinbosari” degan qo’shimcha bir lavozim ochish haqida qaror chiqargan va ikki oydan keyin  iste’fo berishim bilan bu lavozimni ham qisqartirish haqida qoror imzolagandi. Ya’ni har ikki ishda ham egallagan vazifalarim ketganimdan keyin qisqartirishga tushgan.

O’shanda Devonga o’tishim bilanoq voqealarning ortidagi fikrlarni qidirmasdan ishga kirishib ketganman. Aslida bu xarakterimda bor narsa. Shu bois ham ba’zilar ana shu fe’limdan foydalanib qolishadi. Xalq va Vatan masalasi oldinga chiqqanda o’zimni o’ylamaslik odatimni nafaqat Karimov, balki boshqalar ham juda ko’p suiistemol qilishganini keyinchlik tushundim. Baribir vaqtim bekorga ketmagani, qo’limdan kelgani qadar odamlarga yordam berishga intilganim qalbimga taskin beradi.

Devonda juda qisqa vaqtda ishni qo’lga oldim, hatto mashhur maslahatchilar ham chetga chiqa boshladilar deb o’ylardim. Chunki Mavlon Umurzoqov, Temir Alimov kabi maslahatchilar tayyorlagan farmon loyihalarini ham Karimov ko’rib chiqish yoki qayta tayyorlash uchun menga berardi. Katta-katta xatolarni tuzatayapman, deb o’ylardim. Karimov esa maslahatchilarga “Bu bola masalani deputatlarga olib chiqaman, degandan keyin uning o’zgartirishlarini qabul qildim, mana sizlar tayyorlagan hujjatlarni bir tiyinga chiqarmoqda” deb meni ularga yomonlar ekan.

Lekin baribir O’zbekiston teleradikompaniyasini, O’zbekiston Axborot agentligini hukumatdan ajratish haqidagi farmon loyihalarini tayyorlaganimda Karimov ko’p qarshilik qilgan va Teleradiokompaniyaning yarminigina mustaqil qilishga rozi bo’lib hujjatga imzo chekkandi. U kamina yozib bergan nutqlarni o’zgartirmasdan o’qib berardi. O’sha kunlardagi nutqlarni olib qarasangiz, Karimovni katta demokrat, deb o’ylashingiz mumkin. Ammo u saylovga qadar chekinish qilayotgani, Leninning bir qadam orqaga, ikki qadam oldinga shiorini amalga oshirayotganini tasavvur ham qilmagan ekanman.

Karimov yutdi. Biz yutqazdik.

.

Endi devondagi devonaliklardan besh shingil.

YO’LDOSHEV VOQEASI

Toshkentda gap tarqaldi: “Karimov Oliy kengash raisini tepa-tepa xonasidan quvibdi. Uning baqirib qochganini atrofdagilar tomosha qilishibdi”.

Bo’lmagan gap deb o’yladim. Og’izga kelganini gapiraverisharkan-da! Lekin ishonmaganni ishontirish uchun-mi voqealar takror bo’lar ekan.

Devondagi ishimning birinchi kuni Karimov bilan gaplashib bo’lganimizdan keyin, Zelemxon Haydarov beshinchi qavatga olib tushib, ishlaydigan xonani ko’rsatdi. Allaqachon xonani tayyorlab, eshigiga ismimni ham yozib qo’yishgan ekan.

-Bu qavatda faqat maslahatchilar va yordamchilar joylashgan,-dedi Zelemxon aka va ish boshlashim mumkin ekanligini aytib, chiqib ketdi.

Oliy majlis binosiga ketdim. Ko’p o’tmay Kraynov qidirayotganini aytishdi. “Katta so’rayaptilar”,  dedi u.

Prezident devoniga kelsam, qabulxonada Bosh vazir o’rinbosari Ismoil Jo’rabekov, Surxondaryoning rahbari  Hakim Berdiev  va yana bir ikki-kishi kutib turishgan ekan. Mavlon Umrzoqov esa, tez-tez pastga, beshinchi qavatga borib kelayotgan edi.

Shu payt birdan eshik ochilib taqaru-tuqur tovushlar eshitildi. Ichkaridan avval Oliy majlis raisi Shavkat Yo’ldoshev yugurib chiqdi. Orqasidan prezident. Karimov yugurgancha bir sakrab uni tepmoqchi bo’lar va u tezroq qochayotgani uchun Karimovning oyog’i havoda muallaq aylanib qolardi. Koridorning oxiriga yetib borganda  Yo’ldoshevni yaxshilab tepdi, shekilli, u beshinchi qavatga olib tushadigan zinapoyali eshikka urilib ketdi. Shundan keyin  orqaga qaytib, barmog’ini mening qornimga niqtagancha׃

-Ha, geroy!,-dediyu ichkariga kirib ketdi.

Nima bo’layotganini tushuna olmay qoldim. Qarasam, atrofimda hech kim yo’q. Hamma qayoqqadir g’oyib bo’lgan. Keyin Kraynov shkafga o’xshatib qurilgan devorning pastqamgina eshigidan chiqib keldi. Uning xonasi shu erda ekan. Orqasidan qolganlar ham chiqishdi. Bunday paytda Karimovning ko’ziga ko’rinmaslik shart ekan. Men esa bilmay qoidani buzib  qo’yibman. Shu bois ham Karimov “Ha, geroy!” deb o’tgan.

Qaysi bir ma’noda ko’nglim cho’kib ketdi. Lekin Yo’ldoshevning orqasiga tepgani uchun emas. Farg’ona voqealarida qo’li qonga botgan bu odam har daqiqada bir tomonga o’zgaradigan, juda qo’pol, printsipsiz bir kishi edi. U deputatlarga past nazar bilan qarar va ularni kamsitishga urinardi.

Shu bois unga rahmim kelmadi. Ammo unga bo’lgan munosabat boshqalarga ham, jumladan menga ham bo’lsa-chi, degan bir fikr qalbimni tirnadi.

XAT VA TABRIK VOQEASI

Bir kuni ishga kelayotsam gazetalar do’konida narx-navo 30 foyizga oshganini eshitdim. Xonamga kirishim bilan Karimov chaqirayotganini aytishdi. Uning huzuriga kirdim:

-Tuzgan protokolimizda, narx-navo oshadigan bo’lsa oldindan deputatlar bilishi kerak, deb yozgandik. Ertaga deputatlar bilan uchrashadigan kunimiz. Bugun esa soliqlar o’ttiz foizga oshibdi-ku?! – dedim.

-Nima deyapsiz o’zi?, – Karimov birdan jiddiylashdi.

-Mana bugun gazetalarni o’ttiz foiz oshirilgan bahosiga sotib oldik. Sotuvchi faqat gazetalarga emas, umuman hamma narsaga o’ttiz foiz qo’shimcha soliq solinganini aytdi.

-Yolg’on!-dedi Karimov va mendan keyin kirib kelgan matbuot bo’yicha konsultant(keyinchalik kotib) Murod Muhammad Do’stga yuzlandi.

-Sen ham gazeta oldingmi?-dedi unga ruschalab.

-Oldim, kechagidan qimmatroq ekan…

-Men xabardor bo’lmasdan qanday qilib oshadi? Bu o’yin, saylov oldidan meni sharmanda qilishmoqchi. Saylov oldidan bu o’yinni kim o’ylab topdi?

Murod Muhammad Do’st:

-Bu orqadan pichoq urishdir. Maxsus uyushtirilgan ish bu! – dedi.

Karimov menga yuzlandi:

Tekshirish kerakligini aytdim.

-Nafaqat tekshirish, balki bu xoinlarni o’rtaga chiqarib, xalqdan kechirim suratish kerak. O’z xatolarini o’zlari tuzatishsin,-dedi Murod Muhammad Do’st.

Uning bu taklifi Karimovga yoqib ketdi va Kraynovga davlat palanlashtirish qo’mitasi raisini chaqirishni buyurdi.

Karimov xonada u yoqdan bu yoqqa borib kelar ekan, og’zidan bodi kirib, shodi chiqardi.

-Generallardan kelgan xat va tabrik maktubini nima qilamiz? – deya luqma tashladi Murod Muhammad Do’st.

-O’sha generallarning  …ga tiqib qo’yish kerak, – deya baqirdi Karimov.

SOLIQ VOQEASI

Karimov soliqlar oshganidan xunob bo’lib mutasaddilarni chaqirdi. Planlashtirish va narx-navo qo’mitasining raisi Qudrat Axmedov o’rniga o’rinbosari, bir rus ayol kirib keldi.

-Eshshak qani?-dedi Karimov.

-U kishining toblari yo’q edi,-dedi o’rinbosar ayol.

Karimov shiddat bilan qora tugmani bosdi-da:

-Ravil eshshakni top va infarkt qil!-deya baqirdi.

Keyin birin-ketin qolganlar ham kirib kelishdi. Savdo vaziri Mirabror Usmonovning qorniga niqtagan Karimov boshqalarni ham qattiq haqoratladi. Keyin hammasi “Axborot” ko’rsatuviga chiqib, xalqdan kechirim so’rash uchun televideniega yuborildi. Sakkiz vazir va o’rinbosarlar boshlarini eggancha kechirim so’radilar.

Ertasiga Baxtiyor Hamidov xonamga kirib keldi׃

-Oramizda qolsin, kecha sizning oldingizda qattiq tahqirladilar,-deya Karimovning o’zi qo’l qo’ygan hujjatni ko’rsatdi.-Faqat narx-navo sessiyadan keyin oshishi kerak edi. Biz shunday tushuntirish bilan tarqatgandik, bu hujjatani, ammo ba’zi joylarda oldindan boshlanib kyetibdi.

Karimov bir o’q bilan ikki quyonni urgan ekan. Ammo uning vazirlarni ham tahqirlashi, onasini, qizini haqoratlashi, ularning yuziga tarsaki tortib yuborishi… bularga guvoh bo’lish juda og’ir ekanligini his ettdim.

QAYTA QURISH VOQEASI

Kimdir stolimning ustiga bir varaq qog’oz qo’yib kyetibdi. Unda “Mening bundan keyin XDP a’zosi deb hisoblashingizni so’rayman” deb yozilgan  ekan. Tushunmadim. Oradan ko’p o’tmay bizni ikkinchi qavatda bir majlisga taklif qilishayotganini aytishdi. Dadaxon Yoqubov bilan birgalikda bordik. Eshikdan kirishimiz bilan majlisni olib borayotgan maslahatchi Baxtiyor Nazarov:

-Mana prezidentimzining ikki qanotlari kelishdi. Ular ham varaqani to’ldirib bermaganlar ro’yxatida. Balki XDPga mana hozir a’zo bo’lishar,-dedi.

Shundan keyin bildim-ki, haligi qog’ozni to’ldirmaganlarni chaqirishgan ekan.

-Kommunistik partiyani tarqatib yuborib ham undan qutulmabmiz-da,-deb luqma tashladim.

-Qutuldik. Ilgari kommunistik partiya a’zolik masalasida juda qattiq turar edi. Biz esa qayta qurish davrida, Jahongirjon, mana a’zo bo’lishni qulaylashtirib qo’ydik. Prezidentimizning ikki qanoti u kishi raisi bo’lgan partiyada bo’lmasalar, bo’ladimi?-dedi Baxtiyor Nazarov.

-A’zolik majburiymi, ixtiyoriymi?-deb so’radik

-Ixtiyoriy, ammo…

-Ixtiyoriy bo’lsa, bizga uzr,-deya chiqib ketdik.

O’sha kuni Baxtiyor Nazarov xonamning yonidan o’tgan kishi bo’lib, bosh suqdi-da;

-Sizni deb kaltak edik!-dedi.

Boshqa payt bo’lganda bu adabiyotshunos olimning obrazli gapi deb qo’ygan bo’lardim. Ammo o’sha damda u rostdan ham kaltak eganiga shubham yo’q edi.

KRAYNOV VOQEASI

“Kraynov” degan nomni eshitganlarning labiga uchuk chiqar edi yo tizzasi qaltirardi desam lof bo’lmas. Karimovdan boshqa hamma uning yonida qulbachchaga o’xshab, qo’l qovushtiirb turardi. Uning oldi-qochdi gaplarini eshitib o’tirardilar, qarshi gap aytolmasdilar. Vazirlaru hokimlar Kraynovning ko’nglini topishga urinardilar, xursand qilib turishga intilardilar. Har kuni sim qoqib, uning hol-ahvolidan, oilaviy tashvishlaridan so’z ochib, diliga iliqlik kiritib turardilar.

Kraynov ishga hammadan oldin kelardi va hammadan keyin ketardi. Ba’zan mamlakat uxlayotgan yarim tunda ham u ishxonasida o’tirardi. Karimovning yotog’idan “uxladilar”deb xabar kelgach, u uyiga yo’l olardi.

Karimovning huzuriga kim kirishi, kim kirmasligini u hal qilardi. Maxsus kitobi bor. Unda Karimov kimlarni, qaysi lavozimdagi kishilarni qabul qilishi kerakligi asosida ro’yxat tuzgan. Uni Karimovning kayfiyati yaxshi paytlari o’zgartirib, tasdiqlatib turardi. Bu ro’yxatga kirmagan kishi kim bulishidan qat’iy nazar Karimov bilan uchrasha olmasdi.

Kraynovga yoqqan kishi esa kim bo’lishidan qat’iy nazar ro’yxatga kirishi mumkin edi. U Karimovning fe’l-atvorini mukammal o’rganib olgan. Gapini ikki qilib yurganlarni Karimovning jahli chiqib turganda ro’baro’ qilardi. O’sha odamning boshiga qora bulut yog’ilardi.

Karimov ba’zan unga “falonchini so’kib qo’y” deb buyurardi. U xuddi Karimovning o’ziga o’xshatib chunonam baqirardiki, tovushi butun qabulxonada eshitilib turardi. Karimov biror odamga xush boqsa, Kraynov unga shunaqa shirin so’zlar topib muomala qilardiki, haligi odam uchun dunyoda yolg’iz Kraynovgina sodiq do’st bo’lib ko’rinardi.

Odamlarga laqab qo’yishda shu qadar ustaki, qabr ustiga tosh o’rnatgan ustadek nozik harakat qilardi. Ya’ni u otgan o’q nishonga aynan tegardi. Masalan Jo’rabekovga “Botsman”, Alimovga “Beriya”, boshqa maslahatchilarga “Artist”, “Devor”, “Tryapka” deb laqab qo’ygan. Shavkat YO’LDOSHEVni esa “Ho’kiz” der edi.

Bir kuni Karimov men yozgan nutqni ko’rar ekan, uni chaqirdi.

-Qani Johongirga (U Jahongir emas, Johongir der edi-JM) Eltsin va Akaev voqeasini aytib ber,-dedi.

Kraynov prezidentning ichkaridagi xonasiga yugurib kirib temir qoshiq olib keldi-da Karimovga berdi. Keyin egilgancha boshini Karimov tomonga cho’zdi. Karimov qoshiq bilan uning boshiga urub ruschalab ashula aytib turdi.

Keyin Karimov qoshiqni stolning ustiga tashladi-da miriqib kuldi va:

-Eltsin ichib olib Akaevni ana shunday ashula aytishga zo’rlabdi,-dedi.

Kraynov mamnun qiyofada chiqib ketdi.

17. JIZZAX QO’ZG’OLONI

Bir kun Islom Karimovning nomiga yozilgan shikoyatni Kraynov “Siz ko’rib chiqar ekansiz”, deb menga berdi. Keyin Karimovning huzuriga kirganimda u:

-Yaxshilab ko’rib chiqing-chi, orqasida nima gap bor? Bu eshak Tursunov ham jonga tegdi. Ablahning burnini yerga ishqalamoq kerak!- dedi.

Avval jizzaxlik deputat Meli Qobilovga sim qoqdim:

-Yuzdan ziyod oqsoqol imzo chekkan shikoyat bor. Shuni tekshirishda sizdan yordam olmoqchi edim,-dedim.

-Nima haqda yozishgan ekan? -deb so’radi Meli aka.

-Tursunov haqida,- deya javob berar ekanman, ko’nglimdan o’tgan savolni ham so’ray qoldim. -Nega viloyat rahbari haqida nafaqaxo’r oqsoqollar yozib yurishibdi? Yana bir emas, yuzdan ziyod kishi imzolagan. Buning ustiga ular bu xatni olib, prezident devoniga kelishgan ekan.

-Jahongirjon, ovora bo’lmang, kalavaning uchi Karimovning o’ziga borib taqaladi. Mening huzurimga ham o’nlab jabrdiydalar keldilar. Tekshirdim, tekshirtirdim shikoyatlari to’g’ri. Keyin jumhuriyat prokraturasi, Xalq nazorati qo’mitasi, Oliy kengash hay’atiga chiqdim. Oqibat nima bo’ldi, hozir o’zimni kuzatib yurishibdi. Meni sessiyada “sayratgan”, nomimni shikoyatchiga chiqargan ham shu masala. Avvaliga sotib olishga urinishdi, keyin qo’rqitishdi, bu ham ishlariga yaramadi, so’ngra oldingi ish joyimdan “Buning aqli erida emas, shu bois haydalgan” degan hujjat qildirib, gazetaga yozishdi.

-Ha, Oliy kengash sessiyasida gapirganingiz shu masala edimi? U erda sizni viloyat kengashi majlisidan haydab chiqarishganini aytgandingiz, shekilli?

-Bilasiz, men viloyat kengashining ham deputatiman, shu bois masalani oldin shu kengashda ko’tarib chiqdim. Lekin gapirtirishmadi. Agar orqalarida Karimovning o’zi turmaganida arqoni uzilgan ho’kizdek harakat qilmagan bo’lishardi.

-Prezident bilan gaplashdim, bu masalani oxiriga etkazishimni so’rayapti-ku?!

-Unday bo’lsa jumhuriyatdagi barcha huquqni himoya qiluvchi idoralardan mutaxassislar olish kerak. Agar bu ishni bir o’zingiz tekshiradigan bo’lsangiz, sotib olishga harakat qilishadi, sotib ololmasalar “sakkizta mashina” so’raganga chiqib qolasiz.

-Sakkizta mashina deganingiz nima?

-Xabaringiz yo’qmi, viloyat rahbarlari menga pora uchun sakkizta mashina so’radi, deya tuhmat qilishdi. Hozir izimga xavfsizlik xizmatidan poyloqchi qo’yishgan, qarindosh urug’larimni ham bir-bir elakdan o’tkazishmoqda.

-Sizdan yordam olaman desam, o’zingiz yordamga muhtoj ekansiz-ku?-dedim Meli Qobilovga.

Haqiqatdan ham Jizzax masalasi tobora chigallashib borardi. Kimga murojaat qilmayin, yo tekshirishda ishtirok etishdan voz kechardi yoki xastalanib qolardi, yoxud boshqa bir muammo o’rtaga chiqardi. Xullas, Devondan, Oliy kengash rayosatidan va huquq idoralaridan vakillar olib, o’zim Jizzaxga bordim. Viloyat rahbarlarini Oliy kengash majlislarida ko’rganim uchun uzoqdan tanirdim. Jizzaxga kelgandan so’ng ularni darrov “kashf” etib qo’ya qoldim. Viloyatning birinchi rahbari Tursunov:

-Uka, men bu yerga boshqa viloyatdan kelganman, ijroqom raisi Olimov boshchiligida bir guruhning tuhmati ostida qoldim. Ular viloyatni so’mirishmoqda. Men esa yo’llariga to’g’anoqman, mahalliychilik qilishayapti, – dedi.

Ijroqo’m raisi Olimov esa:

-Uka, “birinchi”miz asli  boshqa viloyatdan. Bu yerga ham asosan o’z viloyatidan bo’lganlarni olib kelib, masalani chigallashtirdi. Islom aka bilan bu masalani gaplashdim. Hujjatlarni tayyorla, uni yo’qotamiz, deb aytdilar,- dedi.

Avvaliga bu masala ikki rahbarning o’zaro kurashi manzarasini kasb etdi.

Birinchi kotibning ko’p gaplariga ishonmasam-da mahalliychilik to’g’risidagi so’zlariga ishondim. Bu bizga qo’ndoqda tekkan illat. Bir ariq naryog’dan kelgan rahbarni ham begona hisoblaymiz. U suv keltirsa ham, o’zimizdan chiqqan ko’zani sindirsada o’zimiznikini qo’llaymiz. Buning ustiga o’sha rahbar kelgan joydagilarni ham dushman hisoblay boshlaymiz. Rashidov paytida jizzaxliklar shu kuyga tushgan bo’lsalar, hozir samarqandliklarga dushman ko’zi bilan qaraydigan bo’lib qolishgan. Vaholanki, Rashidov paytida eng  rivojlanmay qolgan joy Jizzax edi. Mana endi Karimov paytida Samarqand e’tibordan chetda. Bobolarimiz buyuk imperatorliklar qurganlar, ilm sirlarini ochganlar, yulduzlarga yo’l topganlar, lekin mahalliychilikka kelganda dar qolganlar. Nahotki bu millatimizning qonida bor?!

Talabalik yillari “Surqash”, “Sambux”, “Fan” kabi nomlar bo’lardi. Bu talabalarning qaysi mintaqadan kelganini bildiruvchi “parol” edi. Keyinchalik poytaxtda ishlar ekanman, radioda keksa jurnalist Zayniddin aka menga “Kelgindi” deganida yuragimning bir parchasi uzilib tushgandek bo’lgandi.

Biz qachon ana shu xastalikni enga olsak, o’shanda katta millatga va katta davlatga aylanamiz. Aks taqdirda chumolidek, inimizning boshida uymalab, puch qobig’ni orqalab, u yoqdan bu yoqqa tashib  yuraveramiz.

Hatto bir tumanga borsang ham, bir qishloqqa borsang ham mahalliychilik ilon kabi oyog’ing ostidan chiqadi.

Mana bular esa mahalliychilikning ildizini yashnatishadi-da, keyin o’zlari shikoyatchi bo’lishadi. Xayolimdan “yilt” etib o’tgan bu fikrni tahlil tarozisiga qo’yishni boshqa paytga “otdim”-da Tursunovga:

-Bo’lishi mumkin,-dedim, -Lekin ana bu iddaolarni oxiriga qadar tekshirishimiz kerak. Ba’zilari allaqachon tasdiqlandi. Masalan, go’sht kombinatiga jinoyatchilik qilgan, o’n yil hukm olgan va qamoqdan qochgan uzoq qarindoshingizni mudir qilib qo’yibsiz yoki davlat hisobiga bo’lgan bolalar bog’chasi binosini yosh bir qizga hovli qilib beribsiz…

Tursunov o’rnidan turib, qizarib-bo’zargancha bir nimalar demoqchi bo’ldi, lekin tili aylanmadi. Xonada u yoqdan bu yoqqa bir-ikki borib keldi-da, qarshimda o’tirib:

-Narxini oshirib yuborayapsiz. Ko’nglingizdagini ayting!-dedi.

Boshimga yashin tushgandek bo’ldi.

-Sizni tushunmadim, nima deyapsiz o’zi?-deya oldim.

-Men o’g’il bolacha gapirishni yaxshi ko’raman. Bu ishga nuqta qo’yaylik. O’sha nuqtaning bahosini aytib qo’ya qoling,-dedi u.

Uzoq yil gazetada ishlaganim va turli odamlar bilan ro’baro’ bo’lganim uchun o’zimni tutib qoldim. Tursunovga qarab jilmaygancha o’rnimdan turdim va:

-Nuqtani xalq qo’yadi,- dedim kinoya bilan.

-Unday bo’lsa, siz vergul bilan bitirasiz ishingizni va o’zingiz ham vergulga aylanib qolasiz,-dedi zaharxanda jilmayish bilan Tursunov.-Majlisda Islom akaga qarshi gapirganingiz unutildi, deb o’ylaysiz-mi?

Aslida rasmiyatchilik uchun u bilan uchrashgandim. Uning haqoratomuz gaplariga keskin javob qilmadim, deya o’zimni koyiy boshladim.

Avvaliga u bilan nega uchrashdim, deya o’zimni qiynadim. So’ngra hech bo’lmasa uning kimligini o’rgandim, deb ovundim. Tursunov kabi rahbarlar bilan ko’p uchrashganman, lekin bunday bezbetiga ilk bor ro’baro’ keldim. U bunday tavri bilan o’zini ko’rsatmoqchi bo’ldimi yoki orqasida katta tog’ borligiga ishora qildimi? Agar Karimov bilan oralarida bulbul sayrasa, nega Karimov uni bu qadar haqorat yetti? Axir Karimovning o’z qardoshiga ham ishonmasligini, hatto bilmasdan oyog’ini bosib qo’ysa, sevgan do’stidan ham kechib yuborishini nahotki bilmasa? Yo’q, biladi, buning ahvoli joni uzilayotgan odamni eslatadi. Joni chiqishidan oldin oyoqqa qalqib, hayotga tashnaligini ko’rsatishga intiladi inson. Bu ham “o’zini” ko’rsatayapti. Balki orqasida boshqa kuch bordir? Bu kuch balki Karimovdan ham og’ir bosar?

Shikoyatchilarni qabul etarkanman, shom inib qolgan bir paytda qo’shni xonada telefonga chaqirishayotganini aytishdi. Karimovning yordamchisi Kraynov ekan, salom-alikdan keyin:

-Oqsoqol iltimos qildilar Muborakka borib ikki do’stingizni yarashtirib kelar ekansiz, -dedi.

-Muborakda mening do’stlarim yo’q-ku? -deya ajablandim.

-Nega unday deysiz? Murod Jo’raev yaqin do’stingiz,  Raykomning birinchi kotibi esa universitetda birga o’qigan kursdoshingiz. Murod Jo’raevning o’ttizga yaqin yigiti ochlik e’lon qilgan. Islom akam sizga vakolat berdilar, kim aybdor bo’lsa, uni ishdan chetlashtirishni taklif qilasiz va viloyat rahbarlari darrov ijro etishadi.

“Ochlik qilishayapti” degan gapni eshitgandim. Haqiqatdan ham masalani favqulodda jiddiy, deb o’yladim. Darhaqiqat, Muborak masalasi ikki yildan buyon Karimovning ham, jumhuriyat tashqarisidagi matbuotning ham kun tartibida. Lekin shu daqiqada Jizzaxdagi ishni chala tashlab ketgim yo’q edi. Bu ishni oxiriga etkazishga qaror qilgandim. Agar ketib qolsam, birga kelgan tekshiruvchilarning holi nima bo’lishini yaxshi tasavvur qilardim. Shu bois Muborak masalasini ikki kun keyinga qoldirmoqchi bo’ldim. Kechki ovqat paytida tekshiruvchilarga:

-Ikki kundan keyin poytaxtga qaytamiz. Shu sabab tekshirishni biroz tezlashtirsak,- dedim.

“Ikki kun u yoqda tursin, ikki oyda ham natija olishimiz qiyin. Mening qo’limda dom-daraksiz yo’qolgan o’n ikki kishining ismi-sharifi bor. Ularni mirshabxonaga qadar keltirishgani haqida ma’lumot beruvchi guvohlar bor. Lekin mirshabxonadagi barcha hujjatlarni viloyat rahbarlari talab qilib olishgan. So’rasak, har turli bahona ko’rsatishayapti” kabi qancha vajlarni aytishdi.

-Biz reviziya qilish uchun kelmadik,- dedim .- Bizning maqsadimiz shikoyatlarning to’g’ri yoki notog’ri ekanligini, siyosiy xulosani aytishdir. Yo’qolgan insonlarning viloyat rahbarlari haqida shikoyat yozganlari va mirshabxonaga keltirilganlari biz uchun etarli dalil. Ularning qismatlari haqidagi dalillarni o’rtaga chiqarish esa ikkinchi etapda amalga oshadi. Hozirgi rahbarlar turgan ekan, ikki oy emas, ikki yilda ham ko’r tugunni echolmaymiz.

Muborakka bormay Toshkentga qaytib Karimov uchun hisobot hozirladim va unga olib kirdim. U Muborak haqida gap ochmadi, aksincha erinmasdan hisobotni o’qiy boshladi. Gohida ajablanar, gohida tutoqib ketardi.

-Rostdan shu ishlarni Erkin qilibdimi, tamom, uning onasini…,- u Erkin Tursunovni kurakda turmaydigan so’zlar bilan  so’kib, ayblay boshladi.

-Rahmat sizga, haqiqatni o’rtaga chiqardingiz,-dedi keyin men bilan xayrlashar ekan Karimov,- Ertaga yana Jizzaxga borib ana u chollar bilan ham uchrashing va Tursunovni ishdan olib tashlashimiz haqida bildirib qo’ying. Yana Toshkentga kelishga tayyorgarlik ko’rishayotgan ekan.

U keyin yana bir ikki nuqtalarni aniqlashtirishni ham so’radi. Jizzaxga qaytsam,  tekshirish uchun kelganlarga tazyiq yana ham oshibdi.

-Parvo qilmanglar, tekshirishda davom etamiz, haqiqat baribir o’rtaga chiqadi,-dedim.

Bu gapimga viloyat idorasidan hay’atga qo’shilgan kishi e’tiroz bildirdi:

-Nima, Siz rahbarlarimizni aybdor, deb o’ylayapsizmi?

-Biz sud yoki qaror beruvchi emasmiz, lekin hay’atning yo’liga to’siq qo’yilayotgani ko’rinib turibdi,- dedim.

-Siz bu soatdan e’tiboran tekshirish hay’atining boshida emassiz. Prezident sizga boshqa ish buyurdilar,- dedi vakil jahli chiqqanini ochiq namoyish yetib.

-Prezident bu haqda sizga aytdilarmi?

-Bizga  sizni Muborakka kuzatib qo’yish aytilgan,-dedi u.

Avval Muborakka telefon qilib, Murod Jo’raevdan vaziyatni o’rganishim kerak, so’ngra Karimov bilan gaplashib, bu tekshirishni oxiriga qadar etkazish muhimligini tushuntirishim lozim deb o’yladim.

Murod Jo’raevning poytaxtda ekanligini aytishdi. Kraynovga telefon qildim. U Karimov uyiga ketganligini aytib, devonda navbatchi bo’lib o’tirgan maslahatchi Shoxobiddin Ziyomovni bog’ladi.

-Oqsoqol menga bu ishni nazorat qilib turishimni aytdilar. Sizni allaqachon Muborakka yetib borgan deb, o’ylagandik. U erda vaziyat jiddiy, raykomning birinchi kotibi bu kecha uxlamasdan sizni kutadi,-dedi u.

-Jizzax nima bo’ladi? Bu yerdagi hay’atni orqaga chaqirib olishni kim buyurdi?-deb so’radim undan.

-Kim bo’lardi, o’zlari buyurdilar. Qaytganingizda qo’lingizda to’plangan dalillar bo’yicha hisobotni to’ldirib, topshirar ekansiz. Ish pishib qolgan,  yaqinda borib sessiya o’tkazib, viloyat rahbarini bo’shatib kelar ekanlar. Muborakda vaziyat jiddiy, sizdan shaxsan iltimos qildilar, – dedi Ziyomov Muborak masalasiga urg’u berib.

Qarshida viloyat rahbarining birinchi o’rinbosari kutib oldi. Uni tanidim. Ilgari ham bir marotaba kelgandim, o’shanda tanishgandik. U bilan Muborakka qarab yo’lga tushdik.

-Murod Jo’raev poytaxtda ekan, borganimiz bilan u bo’lmasa, nima qilamiz?-dedim men.

-Murod Jo’raevni ishdan bo’shattik.U shikoyatga ketgan. Bugun prezident bilan uchrashdi. Yurtboshimiz uning ta’zirini berib qo’ydilar, endi bu yerlarga qaytib kelmasa kerak,-dedi o’rinbosar.

-Bu xususda adashmadingizmi?-dedimu o’ylanib qoldim.

Murod Jo’raevning nomini ilk bor “Ozodlik” radiosidan eshitgandim. Saylovlar arafasida u ham shahar kengashiga, ham Oliy kengashga nomzodini qo’ygandi. O’shanda shahardagi Gazni qayta ishlash zavodi ruslarning qo’lida bo’lgani va shahardagi xonadonlarga ataylabdan gaz berilmaganini aytgandi. Saylovda u nafaqat o’zi balki o’ttizga yaqin tarafdori bilan birga g’olib chiqdi uni ijroqo’m raisi etib saylashdi. Birinchi qilgan ishi mirshabxona va prokraturadagi kommunistik partiya sho”balarini tarqatib yubordi. Ya’ni bu idoralarni partiyadan xoli, deb e’lon qildi. Bu o’sha kezda kommunistik partiyaning boshida turgan Karimovga qarshi isyon edi. Isyon bo’lganda ham ikki karra isyon edi. Chunki Moskva gazetalari Karimov jumhuriyatda ilk zarbani o’zi ishlagan viloyatdan oldi, deya yozishdi.

Viloyat rahbarlari ham tipirchilab qolishdi, chunki ular mirshabxona va prokraturani partiya yo’li bilan qo’lda tutardilar. Murod Jo’raev esa bu idoralarni ularning qo’l ostidan chiqarib, shahar  deputatlar kengashi nazoratiga oldi. Bu orada shaharda mustaqil televidenie ochib, hamma narsani oshkoralik yo’li bilan hal qila boshlashgani ma’lum bo’ldi. O’shanda Karimov bu televidenieni yopib tashlagani bois Murod Jo’raev Oliy kengashning biz ishlagan Oshkoralik qo’mitasiga shikoyat qilib borgandi.

Xullasyu bu yoqlarga yuborilishim ortida qandaydir o’yin o’ynalayotganini sezardimu lekin bu ip uchini topolmayotgan edim. Toshkentga qaytgachgina o’yinning siri ochildi. Karimov Jizzaxga  borib, sessiya o’tkazib, partiya birinchi kotibi Erkin Tursunovni hokim, ijroqo’m raisi O’ktam Olimovni birinchi o’rinbosar etib tayinlabdi. Keyin sabablari haqida ko’p gaplar eshittim. Karimovning o’zi esa hech narsa bo’lmagandek, “Viloyatdagi vaziyat yomonlashgan ekan, boshqa choramiz qolmadi” deb o’zini oqlagan bo’ldi.

Jizzax sessiyasidan keyin ko’p o’tmay Karimov oqsoqollar haqida “Avtobus hokimiyati” degan feleton chiqartirdi Devonda ishlab turgan jizzaxlik taniqli jurnalsit Sharof Ubaydullaev yozgan bu feletonning asl muallifi Karimovning o’zi edi. Karimovni  Erkin Tursunov qanday sotib oldi bu yog’i menga qorong’u, lekin u Tursunovni limonday qisib suvini olib, keyin o’zini “otib yubordi”. O’ktam Olimovdan ham voz kechdi. Meli Qobilov esa uzoq yillarga qamatildi. Sharof Ubaydullaevnng ham “qadri”ga etmadi. Yana bir ikki feleton yozdirib, keyin devondan va umuman ishdan chetlashtirdi.

Keyinroq o’rgandim-ki, Karimov “O’zbekiston meniki va boshqa odam chang solmasligi” kerak deb o’ylar va undan yashirib xazina to’plagan viloyat hokimlarining boyliklarini turli yo’llar bilan tortib olar ekan.  Gulnora Karimovaning million-million dollar miqdoridagi boyliklari qayerdan kelganini endi faraz qilishingiz mumkin.

Shuningdek, Karimov ariza yozgan va shikoyat qilgan odamlarni yomon ko’rishni o’rgandim. Bunday odamlarni garchi ular haqni yozgan bo’lsalar ham ig’vogar, deb biladi. Shu sababdan jizzaxlik oqsoqollar ham uning nazdida ig’vogarlar edilar va har birlari alohida quvg’inga olinib, oila a’zolari ta’qib etilib, kimlari o’ldirilib, kimlari darbadar qilindilar. Karimov qo’zg’olon holiga ko’tarilmagan  “Jizzax qo’zg’oloni”ni an shunday bostirib tashlagan edi.

Lekin Jizzaxda hokimlar almashaverdi, Toshkentboev, Mirziyoev, Yomonqulov va hokazo. Xalqqa zug’um va zulm kuchayib boraverdi. Bir hokim xalqni talab bo’lgandan keyin ikkinchisi talashni boshlardi. Kaltaklanish, qamalishlarga qaramay xalqning “qo’zg’olonlar”i ham turli ko’rinishlarda davom etaverdi. Toshkenboevga qarshi chiqqanlar surgun bo’ldilar, Mirziyoevga dardini aytaman, degan ayollar va chollar kaltaklandilar, Yomonqulovga arz qilganlar bozoru mozorlaridan ayrildilar.

1916 yilda mardikorchilikka qarshi bosh ko’targan Jizzax o’sha kezda “boshi”dan ayrilgandi. Qarang-ki bunday ko’rgulik mustaqillik yillarida ham uning peshonasiga yozilgan ekan. Faqat Jizzaxning-mi? Yo’q, bu hol barcha viloyatlarda ayni ko’rinishda davom etdi va davom etmoqda. Boshqacha aytganda butun O’zbekiston bostirilgan qo’zg’olonlarning qabristoniga, maydoniga aylandi. Shunday emasmi? O’zingiz bu savolga javob qidirib ko’ring-a?

Bunday devonlik, maynavozchilik, aldovlardan bezishim uchun 100 kun etrali bo’ldi.  Bu joylar uchun begona edim. Shu bois bir kun yozgan nutqimdan xursand ekanligida, Karimochdan o’z sohamga ishga yuborishini so’radim. U bir-ikki ishni taklif qildi rozi bo’lmadim, televideniega borishim mumkinligini aytdim. Ochiq shtat yo’q. Ammo Prezident uchun bu muammo emas. Yangi shtat ochdi.

18.TALABALAR SHAHARCHASI

Yanvar oyining o’rtasi bo’lishiga qaramay havo yumshoq edi. Televidenieda ishlayotganimga bir necha kun bo’lgandi. Ish ko’pligidan sahar kelib, yarim tunda qaytardim. Shu kuni ertalab xonamda yangi tayyorlangan dasturlarni ko’rib, kundalik majlisga loyihalar tayyorlayotgandim. Xodimlarimizdan biri hovliqib kelib qoldi.

-Bugun Talabalar shaharchasida qandaydir voqealar yuz bermoqda, otishmalar bo’lmoqda,-dedi.

Televideniega o’tganimdan buyon devondagi gaplardan unchalik xabardor emas edim. Balki devonda bo’lsam ham bu o’yinlardan xabardor bo’lishim mushkul edi. Chunki devonda nafaqat talabalar shaharchasi, balki o’zimga qarshi ham yangi o’yinlar hozirlanganidan keyinchalik xabar topdim.

Talabalar shaharchasidagi voqealarni bilish uchun mashinamga o’tirib, o’sha tomonga yo’l oldim.  Shaharchaning atrofi mirshablar bilan o’rab olingandi. Mashinamni to’xtatishdi.

-Ichkariga kirish mumkin emas, – dedi mirshablardan biri.

-Bu kishi depuat…,- dedi shofyorim..

-Deputat va rahbarlar uchun bu yer tahlikali. Tuman markazida rahbarlarimiz o’tirishibdi. Ular kimni istashsa, uni o’zlari bilan birga olib kirishadi. Prezidentning topshirig’i bu!

Mashinadan tushib mirshablarning boshlig’iga yuzlandim:

-Mayli, meni kiritmanglar, lekin muxbirlarga izn beringlar,- dedim.

-Sizni tanib turibmiz. Agar ichkariga o’tkazib yuborsak, boshimizdan ayrilamiz.  Boya bir ikki millatvakillari borishdi, ammo talablar ularni toshbo’ron qilishdi.

-Kimlar bordi?-deb so’radim men.

-ERK partiyasining raisi Muhammd Solih bilan, Bosh Prokuror Bo’ritosh Mustafoyev talabalarni tinchlantirishga urinmoqchi bo’lishdi, ammo quloq solishmadi, ularni toshbo’ron qilishdi, arang qochib, qutulib qolishdi,-dedi mirshab.-Shu sabab  muxbirlarga ham ruxsat yo’q.

Xullas, Toshkent shahar hokimi Fozilbekovga qo’ng’iroq qilgandan keyin ular muxbirlarga izn beradigan bo’lishdi,  ammo tahlika deya o’zimga ruxsat berishmadi.

“Axborot” bo’limida ishlayotgan Komiljon Karimjonovni va operatorlarni shaharchaga  jo’natdim.

Asosiy ishim televidenieda, bugungi dasturlarni o’zgartirishim, hukumat rahbarlarini taklif yetib, xalqni xabardor qilishim, kontsert dasturlarini to’xtatishim kerak, deb o’yladim. Chunki bir tomonda otishmalar davom etgan paytda, biz kontsert ko’rsatib o’tirsak, na aqli-salimga va na insoniylikka to’g’ri keladi.

Ishxonamga qaytib Bosh vazirga sim qoqdim. Hali yaqindagina Bosh vazir etib tayinlangan Abduhoshim Mutalov bilan yaqinda kasalxonada uchrashgandim. O’shanda Mutalov vazir edi. Karimov “onangni” deb haqorat qilgani uchun xastalanib kaslaxonada davolanayotgandi.

Salom-alikdan so’ng munga:

-Talabalar shaharchasida nima bo’layapti? Eshitishimizcha, talabalarga non yuborishmabdi. Buning ustiga och qolgan talabalarni kaltaklashibdi. O’q tovushlari eshitilgani haqida xabarlar kelmoqda. Hukumat bu xususda xalqqa biror bir tushuntirish bermaydimi? Qolaversa, nega bu qadar mirshab va askarlar shaharchani o’rab olgan? – dedim.

-Jahongir aka,-dedi Abduhoshim Mutalov garchi yoshi mendan ancha ulug’ bo’lsa-da. – Bilasiz-ku, bu xususda “katta” bilan bilan gaplashish kerak.

-Menimcha, siz qo’ng’iroq qilsangiz yaxshi bo’larmidi?- dedi Abduhoshim Mutalov tovushini yutib.

Birozdan keyin Devonga sim qoqdim:

-Ishlar yaxshimi? Korho nag’zmi? Kak dela? – deya uch tilda “sayray” boshladi Kraynov.

Uning kayfiyatiga qaraganda, dunyo tinch. Ba’zan mutloq teskarisi ham bo’lishi mumkin, ichkarida jiddiy tortishuvlar yoki Kraynov iborasi bilan aytganda “osmon yiqilib tushgan” paytlarda u sir saqlashga urinadi. Talabalar shaharchasi haqidagi gapni eshitgan Kraynov rasmiy ohangda:

-Siz Bosh vazirga ham telefon qilgan ekansiz. Hozirgina o’rtoq Karimov Oliy kengash raisi Yo’ldoshevga topshiriq berdilar. U ikki daqiqa oldin Devondan chiqib ketdi. Tez orada o’z xonasiga yetib boradi. Bu masala bilan endi u shug’ullanadi.

Oliy kengash raisiga sim qoqdim. Yo’ldoshev do’rillagan ovoz bilan xuddi radioda bayon o’qigandek rasmiy ohangda gapira boshladi. Bu esa uning Karimovdan rostdan ham topshiriq olganini ko’rsatardi. Aks taqdirda u hol-ahvol so’rashdan nariga o’tmasdi. Har bir narsadan hurkadigan Yo’ldoshev bunday jiddiy ohangda xuddi hisob berayotgan kabi gapirar ekan, demak saroy qozonida ko’p narsa qaynamoqda.

-Maxsus xabarnoma e’lon qilamiz,- dedi Yo’ldoshev.- Komissiya tuzayapmiz. Komissiya tarkibiga jamoatchilik vakillari, huquq-tartibot organlari rahbarlari, muxolifatchilar ham kiritiladi. Adhambek Fozilbekovich voqealar rivoji haqida gapirib beradilar. Qaysi paytda ko’rsatasiz?

-”Axborot”dan avval “So’ngi soatda” degan rukun ostida beramiz.

-Yaxshi, tayyor bo’lib turing!

Yo’ldoshev ham engini, ham pochasini shimarib olgan kishini eslatardi. Bevosita Karimovdan topshiriq olganiga shod edi. Bu odamdan bir ish chiqishi qiyin, deb o’yladim-da, siyosiy-iqtisodiy ko’rsatuvlar tahririyati mudirini chaqirdim. Unga shahar rahbarini topishni va uning bayonotini yozib olishini uqtirdim.

-Shaharchadan keltirgan barcha reportajlarni beramiz, ortidan esa rasmiy qarashni e’lon qilamiz, – dedim.

Ko’p o’tmay mudir hovliqib keldi.

-Shahar idorasida hech kim yo’q Hamma Talabalar shaharchasi yaqinidagi shtabda ekan. Shtabda faqat hukumat telefoni o’rnatilgan. Shu bois o’zingiz qo’ngiroq qilsangiz.

Hukumat telefonidan shahar rahbari telefonining raqamlarini terdim. Telefon jiringlarkan, narigi tomondan “xasaki” ovoz eshitildi. Bu Fozilbekov edi. Xirrik ovozda nutq irod qiladigan Fozilbekovni ilk bor katta bir qurultoyda ko’rgandim. Rangi oqarib, chehrasi so’lib qolgan Fozilbekov o’shanda avval Moskovdagi to’ralarning “po’stagini qoqdi”, shaharda jinoyatchilik haddan oshgani, hatto poytaxt shahar mirshablari boshlig’ining mashiinasini o’g’irlab ketishgani, shunga qaramay mirshabboshiga general unvoni berilganidan ranjib gapirgandi.

Bu o’sha paytda Kommunistlar partiyasinig boshida o’tirgan Karimovga tegib ketdi. Chunki faqat uning tavsiyasi bilan general unvoni berilardi.  Shu bois Karimov Fozilbekovni chimdib oldi:

-Ikki kishi bir ko’rpaning ostida yotolmasangiz, ZAGSga aytamiz ajratib qo’yadi,- dedi u yonidagi ikkinchi kotibga qarab. Ikkinchi kotibning kadrlar masalasi bilan shug’ullanishini hamma yaxshi bilardi.-Kimga general unvoni berish-bermaslik esa bizning ishimiz.

O’shanda ko’pchilik Fozilbekovning ildizi quridi, u barg to’kayapti, yaqinda gursillab yiqiladi, desa-da u mahkam chiqdi. To’g’rirog’i Shukrullo Mirsaidov uni asrab qoldi. Ammo Karimov o’z kreslosini mustahkamlab olgan kunlarda Fozilbekov baliqdek siyrilib, Mirsaidov arig’idan Karimovning dengiziga “sakradi”. Endi Karimov uni Mirsaidovga qarshi qo’llana boshladi…

Telefonning naryog’idan kelgan xirrik ovoz birdan tinchib qoldi. Keyin boshqa tovush eshitildi:

-Bu telefon nomeri 54 – 59, kim bilan gaplashmoqchisiz?

-Adham akani qidirayapman,- dedim.

-U kishi hozirgina chiqib ketdilar. Hukumat komissiyasiga televidenie rahbarlaridan Elbek Musaev ham kiritilgan, qolaversa, radio-televidenie raisi Erkin Hayitboev  xabardor.

-Hali o’zimni tanitganim yo’q, maqsadimni ham aytganim yo’q siz esa hammasiga oldindan javob berdingiz. Yoningizda kim borligi o’z yo’liga, lekin Fozilbekovga ayting, hukumat nomidan gapirish u kishiga havola qilindi. Biz haqqoniyat uchun hukumat fikrini ham bermoqchimiz. Agar gapirmasalar reportajlar bilan kifoyalanib qolamiz, – dedim.

Elbek Musaev ilgari mening vazifamni bajargan. Ijodiy tomondan talantli ammo rahbar sifatida yumshoq odam. Uning o’rniga meni tayin etishganda uni bo’shatishmadi. I Bitta kabinetda ishlab yurdik. Keyin uni vazifasi aniq bo’lmagan birinchi o’rinbosarlikka o’tkazishdi. Mana endi hukumat komissiyasi tarkibiga qo’shishibdi.

Hozir esa telefonda gaplashayotgan odam pichirlab mening gaplarimni yonidagi kishiga takrorladi. U Fozilbekov edi. Mening tovushimni tanigani uchun telefon dastasini yonidagilardan biriga bergandi. U ingichka ovozda “Hammasi o’zini olib qochadi” dedi. Bu gaplar menga eshitilib turgan bo’lsa-da, telefon dastasini tutgan kishi:

-Bilishimizcha Adham aka Oliy kengash raisi bilan gaplashdilar, u kishi ham rozi bo’ldilar. Televizorda Abduhoshim Mutalov chiqadigan bo’ldilar, – dedi.

Birozdan keyin myana Yo’ldoshevga sim qoqdim:

-Bilaman, “Axborot” soati yaqinlashib qoldi. Abduhoshim Mutalov chiqadigan bo’ldilar! – dedi u qisqa qilib.- Bu haqda Elbek Musaevichni va Erkin Hayitboevning xabarlari bor.

Bu bilan u masalaga siz aralashmang ishorasini qilayotgandi.  Yoshi bir joyga borib qolgan  Elbek akani nega komissiya tarkibiga qo’shganlari ham oydinlasha boshladi.

Oradan besh daqiqa ham o’tmay Hayitboev telefon qildi:

-Men Talabalar shaharchasidan qaytayapman, – dedi u.

-Nima bo’layapti o’zi? Siz qachon borib ulgurdingiz? Meni shaharchaga o’tkazishmadi-ku?! Borib voqealarni o’z ko’zim bilan ko’rib kelmoqchi edim,-dedim hovliqib.

-Bu tomonga yaqin kelmang. Hech kimni ichkariga kiritishmayapti. Qolaversa, voqealar kecha kechasi yuz bergan, hozir esa shaharchada osoyish hukum surmoqda. Menga muhtaram Yo’ldoshev janoblari telefon qildilar, birov orqali emas, shaxsan o’zlari, xalqimizni voqealardan xabardor qilsak, dedilar. Islom akam ham hassosiyat bilan bu masalaga e’tibor bermoqdalar. U kishining topshiriqlari asosida Bosh vazir xalqqa murojaat qiladi. Siz butun televidenieni ana shu ishga safarbar qiling, ichki masalalar bilan shug’ullaning, tashqi masalani men bilan Elbek akangizga qo’yib bering, darvoqe ana u buzg’unchi deputatlar telefon qilishmayaptimi?- dedi u.

-Buzg’unchilar kim ekan? Marat Zohidov kabilarmi?,- dedim ataylab.

-Unaqa demang, Marat aka hozir asosiy figura. Bevosita kattalar bilan gaplashib turibdilar. Men shunchalikka ayttim qo’ydim-da, bunga e’tibor qilmang, Bosh vazirning chiqishlarini tashkil qilgunimcha ona suti og’zimga keldi,-deb Hayitboev ustalik bilan gapni boshqa tomonga burdi.

Reportajlarni ko’rib, ularni Parkent, Farg’ona voqelaridagi tasvirlar bilan solishtirib xonamga qaytar ekanman telefon jiringladi. Bu Bosh vazir edi.

-Jahongir aka, meni shu ishdan qutqazing, hozir bir tumandaman. Boshqa birortasini topib, yozib olsangiz, iltimos,-dedi u.

-Bu masalani Hayitboev bilan Musaev hal qiladigan bo’ldilar. Men faqat yozib olishga ma’sul,-dedim.

-Ular rozi, Adhambek aka bilan Shavkat aka ham rozi, faqat siz ham rozi bo’lsangiz…

-Yuz bergan otishmalarda qon to’kilgan.Qo’limizda reportajlar bor. Mirshablar hadlarini bilishmagan. Qolaversa, ularga kim buyruq bergani ertami kechmi o’rtaga chiqadi. Ba’zi taxminlarimiz ham rost bo’lib chiqmoqda. Voqea uyushtirilganga o’xshayapti. Bo’lmasa nega mirshablarga Bojxona rahbari boshchilik qilmoqda. Bojxonaning bu ishga nima aloqasi bor? Siz hukumat rahbari sifatida xalqning oldiga chiqib, ikki og’iz so’z aytmasangiz, kim aytadi? Axir bu voqealar nega boshlandi? O’q otgan kim, o’lganlar kim, nima uchun shuncha voqea yuz berayapti-yu hukumat jim? Bu savollar faqat meni emas, butun xalqimizni qiziqtiradi. Hayitboevning iborasi bilan aytganda, biz buzg’unchi deputatlarni qiziqtiradi, bu masala! Bugun oqshom televidenie ana shu savollarga javob berishi kerak. Qo’limizda boshqa narsalar ham bor. Talabalar shaharchasida studentlarning oldida turib “Ur” deb baqirayotgan yo’lboshchilarni Parkent, Farg’ona voqealari yozilgan tasvirlardan ham topdik. Ular soqol qo’yib olgan KGB chilar emasmi?

Telefonning naryog’idan tovush  kelmadi. Abduhoshim Mutalovning tovushi ichiga tushib ketgandi. U zorlangan ovozda:

-Menga yordam bering, – dedi.

-Pezident bo’lganimda edi, mendan yordam so’rasangiz,-deb javob qildim.

Shu damda Bosh vazirga rahmim keldi. Lekin respublika rahbarlari nima sababdan xalqning ko’ziga qarashdan cho’chishmoqda, deb o’yladim. Xalqimiz “Xo’sh, Karimov qayerda? Namoyish bo’lgan, yong’in chiqqan joylarga borib, ot minib, olomonni to’xtatganman, deya takrorlovchi zot nega kabinetidan chiqmayapti? Agar u ikki chaqirimli yo’ldan cho’chimay Talabalar shaharchasiga borganda, olam guliston edi. O’qlar otilmasdi, qon to’kilmasdi” deb o’ylashmaydimi? Xalq o’ylaydi-yu lekin xalqning o’ylaganini bular hatto xayolda jonlantirishga cho’chiydilar.

Reportajlarni ko’rarkan, vujudimni titroq bosdi. Besh-olti mirshab bir qiz talabani sudrab ketishmoqda. Uch-to’rt OMONchi esa bir talabani yerga yotqizib tepishmoqda. Talabalar yotoqxonalardan biriga bostirib kirgan mirshablar dush qilayotganlarni ham kaltaklashganini aytishmoqda, derazadan boshini chiqaragan talabaga qarshi o’q uzishganini vahima bilan hikoya qilishmoqda. Nahotki, shu darajada vahshiylashib ketdik? Bu mirshablar hayvonot bog’ida etishtirilgan emas, bular ham qaysi bir ota-onaning farzandlari-ku?! Balki bu talabalar orasida ularning ham ukalari, singillari bordir?

Nahotki, yuqoridan kelgan buyruqqa ko’r-ko’rona bo’yin egib, o’z qardoshlariga o’q otsalar? Axir bu talabalar Karimovning saroyini kul qilib ko’kka uchirmadilar? Bor-yo’g’i nonimiz qani, nega nonimizning bahosini qimmat qildingiz, deb so’rashdi. Nahotki, ular o’zlarini qul deb bilsalar, mansabdagilarning quli deb bilsalar?! Yoki kiyib olgan liboslari ularni robotga aylantirdimi? Qalbi yo’q, aqli yo’q, fikrlamoqdan, mushohada qilmoqdan mahrum bo’lgan robotlarga aylandilar-mi? Balki bir kun bu talabalarning ham ba’zilari mirshab bo’lar? Ular ham o’z farzandlari, o’z aka-ukalariga qarshi qurol ko’tarmaydilarmi keyin? Qasos olmoq uchun shu yo’lga bosh o’rmaydilar-mi? Bir insofsizning mansabini ko’riqlash, bir xoinning obro’yini asrash uchun qon to’kkan bu insonlarga nima deyish kerak?!

Qiziq nega talabalarning huzuriga Bosh prokurorni yuborishdi? Prokurorni u yerga yuborish kimning xayoliga keldi ekan? Tabiiyki prezidentning ko’rsatmasi bo’lmasa prokuror bormaydi. Bunday sharoitda tahdiddan boshqa narsani bilmaydigan Bo’ritosh Mustafoyevni yuborishni qanday tushinish kerak? Talabalarni qizdirish, bu ham fitna. Demak, yuborgan odam shuni istagan. Har tomondan qurshab olingan, kaltaklanayotgan, sudralayotgan odamga “sening jazong o’lim” desangiz, u rahmat deydi-mi? Hali ham talabalarimiz insofli ekan.

Oliy kengash raisi telefon qildi:

-Sizni ham qiynab qo’ydik,-dedi u o’zim qiynalib ketdim, degan ohangda.

-Xalqqa biror gap ayta olmasak, ana u qiyin,- dedim. -Sizga nima? Hayitboev ishning ichida, birinchi o’rinbosari Musaevni komissiyaga qo’shdik. Ana ularning vijdoni qiynalsin. Qolaversa, bugunn beriladigan barcha ko’rsatuvlarni komissiyamiz a’zosi sifatida o’rtoq Musaev ko’rib chiqsin. Bilasiz, bir ish yuzasidan tergov boshlansa, unga hech kimning xalaqit qilishga haqqi yo’q. Biz tekshiruv olib borayapmiz. Komissiyamiz faoliyati boshi berk ko’chaga kirib qolmasligi uchun har turli tadbirlar olishimiz kerak. Eshitishimcha, siz Talabalar shaharchasiga muxbirlarni yuboribsiz-mi?

-Muxbirlarning borib bormasligi siz uchun voqea emas, lekin bir deputatning mirshablar tomonidan yo’ldan qaytarilishi sizni qiziqtirishi kerak, chunki raisimiz bo’lasiz.

-Siz bormasangiz ham voqealarga aralashganingizni bilamiz. Bundan bu yog’iga ehtiyot bo’ling,- dedi YO’LDOSHEV va qo’shimcha qildi.- Islom akamlarning topshiriqlari bilan hozir Bosh vazir o’rinbosari Erkin Samandarov yetib boradi. Musaevdan keyin ko’rsatuvlarga nazar tashlaydi va lozim topsa, “Axborot”da chiqib gapiradi.  Ha, darvoqe bu ishni o’rganish bizga topshirilgan. “KGB” degan nozik gaplarni aytib yurgan ekansiz, biror dalilingiz bo’lsa komissiyaga topshiring. Bo’lmasa bunday obro’li idoraning sha’niga tosh otmang-ki, oxiri baxayr bo’lmaydi.

Ertalab boshlangan bu hangoma kechgacha davom etdi. Nihoyat toqatim toq bo’lib  devon kotibiyatining boshlig’iga telefon qildim:

-Iltimos, kirib Karimovga ayting, ko’rsatuvlarimizga tsenzura qo’yishayapti. Ttelevidenie rahbarligiga  kelayotganimda bu masalani ko’targandim va  u kishi “Birov tsenzura qo’yadigan bo’lsa boshini olaman”, degan edilar. Talabalar shaharchasidagi voqea dunyoga yoyildi. Moskva ham ko’rsatadi, bizning jim turishimiz jinoyat bo’ladi,- dedim. -Hozir shuning maslahati bo’layapti,-dedi kotibiyat boshlig’i.-Oqsoqolning huzurlarida shu xususda majlis o’tkazilmoqda.

Birozdan keyin yana Yo’ldoshev telefon qildi.

-Hammasining dami chiqib ketdi. Bu masalani ertaga hal qilamiz. Bugun hukumat komissiyasi tayyorlagan xabar bilan komissiya ro’yxatini e’lon qiling,- dedi u.

-O’ttiz ikkita ism-sharifni o’qishdan nima ma’no chiqadi? Qon to’kilgani, talabalarni otishga kim ro’xsat bergani, necha kishi o’lgani va necha kishi yarador bo’lgani, buning aybdorlari kimligi – bu savollarga bugun javob berishimiz kerak!

-Mayli, buni Hayitboev bilan gaplashamiz,-dedi Yo’ldoshev va boshqa telefon jiringlayotganini aytib, suhbatni kesdi. Besh daqiqa o’tar-o’tmas xonamga Hayitboev kirib keldi:

-Nega men bilan maslahat qilmasdan kamera yubordingiz?- dedi u hovliqib.- Menga Islom akamning o’zlari telefon qilib, “Kamera-pamerangni yig’ishtir” deb aytdilar. Hatto meni “latta” deya haqorat qildilar, rahmatli onamni ham tinch qo’ymadilar.

-Siz o’zingiz nega bir necha marta borib keldingiz-u kamera olib bormadingiz. Siz va mening vazifam u yerga borib kelishdan iborat emas. Biz xabarchimiz. Xalqni voqealardan xabardor etishimiz kerak. Agar bu ishni uddalay olsak, asosiy vazifani bajargan bo’lamiz, adolatsizlikning yo’lini kesamiz, o’yinlar uchun imkon qoldirmaymiz. Hozir esa vaqtdan boy berayapmiz, yolg’onning gullashiga yo’l ochayapmiz,- dedim.-E’tibor qildingiz-mi, nega mirshablarga Bojxona rahbari Urayim Abug’aniev yetakchilik qilayapti?

-Oqsoqol bu ishni unga topshirgan bo’lishlari mumkin…

-Shuning o’zi fikrlab ko’rish uchun asos emasmi?

-Oilamizda fikrlashga haqqimiz bor. Bu yerda esa oilamizning raisi Islom akamiz. U kishi xalqimizga yomonlikni ravo ko’rmaydilar. To’g’risini tanlaydilar. Biz esa aytganlarini bajarishimiz kerak. Efirni men to’xtatdim va kontsert qo’yishni aytdim. Bekordan bekorga Elbek akani ayblamang!

Erkin Hayitboevning kulgichlari doim kulib turgani uchun u xuddi masxara qilib gapirayotgandek tuyulsa-da, bu gaplarni jiddiy ohangda, samimiy aytayotgandi. O’ylanib qoldim. Yo men boshqa bir dunyodan bularning orasiga tushib qoldim yoki bular haqu men o’jarman. Hozir yana biroz tortishsak, janjallashib qolishimiz aniq, indamay qo’ysam bora-bora indamasga aylanaman. Ba’zilariga shu bilan baravar bulib o’tiramanmi, deya qo’l siltaysan, ayrimlarining oshqovoq kallalariga bir kalima ham singdirolmay xunob bo’lasan, mana bundaylar esa beton devordek gap: bosh ursang boshing yoriladi, so’zing o’zingga qaytadi, asablashib jig’i biyron bo’lasan.

-Mayli, otangiz ham oilangizning raisi ham Karimov bo’la qolsin, lekin o’q egan, qoni to’kilgan, o’n gulidan bir guli ochilmagan yoshda o’ldirilgan talaba o’g’lingiz bo’lsa-chi? Hayitboev cho’chib tushdi.

-Og’zingizdan bu gapni shamol uchirsin! Xudo saqlasin, deb gapirsangiz-chi, uka. Darvoqe, kontsertlarni bekor qilish haqidagi buyrug’ingiz ichki nizomga qarshi!

Shu payt kotiba kiz kirib, Birlik Xalq harakati tashkilotidan bir guruh kelganini va rais bilan uchrashmoqni talab qilayotganlarini aytdi.

-Men Musaev bilan reportajlarni ko’rishim kerak. Hozir Samandarov ham keladilar. Siz bu masala bilan ertalabdan buyon shug’ullanayapsiz, hamma gapdan xabardorsiz. Ular bilan uchrashsangiz. Qolaversa, o’zingizni odamlaringiz,- dedi Hayitboev kinoya bilan.

Uning kinoyasiga shiddatli bir qarash bilan javob berdim-da qabulxonaga chiqdim. Shoir Yodgor Obid bilan birga “Birlik”ning tinib-tinchimagan ayollari kelishgandi.

-Biz hukumatga motam kuni e’lon qilish taklifi bilan chiqdik. Motam qayoqda, bayram qilishayapti, – dedi u.- Bir tomonda bolalarimizni o’ldirishayapti, bir tomonda sizlar kontsert qo’yish bilan ovora.

-Motam fikringizni qo’llayman, lekin kontsert qo’yayotganimiz yo’q. Kontsert va o’yin-kulgi dasturlarini bekor qilganman. Kechqurun, Xudo xoxlasa, voqealar haqidagi reportajlarni namoyish etamiz.

-Xudo xoxlasa-mi yoki Karimov xoxlasa-mi?- zaharxanda jilmayish qildi Yodgor Obid.

Men hech narsa demadim. Rostdan ham Karimov xoxlamagan bo’lsa kerak-ki, reportajlarni ko’rsatuvdan oldin qarab chiqishga qaror qilishdi. Rais oldindan “Efirni to’xtatdim” deb aytdi.

Yodgor aka bilan birga kelgan ayollardan biri:

-Alloh madadkor bo’lsin, bu dahshatni xalqqa ko’rsating. Kontsertlarga ham chek qo’ying. Biz esa bu masalada sizga kerakli yordamni beramiz,- dedi.

Ular hukumat idoralariga ham borishganini, Talabalar shaharchasida o’q otgan qotillarga qarshi norozilik namoyishi o’tkazganlarini, bu masalani mutloq oxiriga etkazajaklarini aytib, chiqib ketdilar. Ular ketar ekanlar, keyingi hafta “Birlik” faollari ishtirokida bir bahs dasturi tayyorlashni ham kelishib oldik.

Xayriyatki, shunday insonlar bor, deb o’yladim. Agar ular ham faqat o’z o’g’il-qizlarinigina o’ylasalar va butun erklarini tepadagi bitta odamga berib qo’ysalar, ana unda olam go’riston bo’ladi. Bu ayollarning har biri oilasida ona, farzandlarining tashvishi bilan yuguradi, yana qayerdadir ishlaydi ham. Shunga qaramay adolat izlashadi. Bu adolatni o’zlari uchun izlashadi-mi? Yo’q, shu xalqim ham boshqalar kabi oydinlikda yashasin, nurga ilhaq bo’lmasin, zulm ostida ezilmasin, deyishadi. Xalqqa, Vatanga bo’lgan muhabbat yuraklarida cho’g’ga aylangan. Bu cho’g’ qalblarini yondirib turadi. Shu otashdan kuch oladilar. Ba’zilar ularni anglamaydilar. O’tganning o’rog’i, ketganning ketmoni bilan ishi bor bularning, deyishadi. Ha, ishlari bor. O’sha o’roq millatning boshini kesmasin, o’sha ketmon insonlar oyog’ining ostini kovlamasin, deyishadi. Oz bo’lsalarda, xayriyatki, ular bor.

19. ISTE’FO QISSASI

Xullas, birinchi kun Talabalar shaharchasida sodir bo’lgan qonli voqea haqida kichik bir lavha berib, “Ertaga voqealar haqida batafsil hikoya qilamiz, bu ishning ortida kimlar turganlarini fosh etamiz” degan e’lon berdik. Bu bizning katta xatoimiz bo’lgan. E’lonni eshitgan kazo-kazolar vahimaga tushishgan.

Ertasiga Karimov Talabalar shaharchasida dorilfunin domlalari bilan uchrashuv o’tkazdi. Jurnalistika fakultetining domlasi Muxtor Xudoyqulov bir necha talaba ochlik e’lon qilganini aytdi. Shu erdagi ogrugdan deputat Marat Zohidov esa so’zga chiqib, negadir kamina haqida gapirdi, TVga ishga tayinlaganim xato qaror bo’lganini aytdi. Oz qolsin Talabalar shaharchasida yuz bergan voqealarning aybdori bo’layozgandim. O’rnimdan turib gapiraman, desam, Karimov “Parvo qilmang, hozir hammaga tosh otishadi, ko’tarishimiz kerak” dedi.

Keyin Karimov Toshkent shahar faollari bilan uchrashuv o’tkazdi. Unda uch nuqta diqqatni tortdi.

Birinchisi, u nutqidan oldin, cho’ntagini kovlab ERK partiyasi raisi, saylovdagi raqibi Muhammad Solihning o’z nomiga “Sizni saylovda yutib chiqqaningiz bilan tabriklayman, xalqqa xizmat qilishingizda omad tilayman”, degan telegrammasini o’qib berdi va “Mana mard yigit shunaqa bo’ladi, mag’lubiyatni tan olish ham mardlikdir” dedi.

Ikkinchi nuqta Karimov xalqqa murojaat qilib, olti oy vaqt berilishini va “Avgustgacha hammayoqni jannat qilish”ni, agar qila olmasa “tashlab ketish”ini aytgani bo’ldi.

Uchinchisi esa, u Talabalar shaharchasidagi voqealar ortida “qora kuchlar” turganini ta’kidlab, gapni ismini aytmasada Shukrullo Mirsaidovga olib borib bog’ladi.

Bu majlisni yoritishga mas’ul bo’lgan yigitlarga ana shu, keyingi nuqta haqidagi joyni televizorda bermaslik kerakligini aytdim.

Bir payt Karimov telefon qildi:

-Siz nega tsenzura qo’ydingiz?-dedi.

-Tsenzura emas, o’zingiz “Nutqimni to’la ko’rsatmalaring!” deb aytibsiz, keyin men faqat bir nuqtasiga qarshi bo’ldim, hali tergov boshlanmasdan, hali hech narsa aniqlanmasdan darhol kimnidir ayblash kerakmikan, bizning qo’limizdagi hujjatlarga ko’ra hukumatning ba’zi odamlari bu ishda ishtirok etgan.

Karimov jim bo’lib qoldi. Birdan yushagan ohangda:

-Ko’rdingizmi, o’sha hukumatning odamlari Mirsaidovning odamlari-da. Uning dumlari. Fozilbekov ham, ana u jipiriqi Urayimjon ham… Hukumatni ulardan tozalashimiz kerak, dedi. Shuning uchun ham o’sha joyini albattta ko’rsating, xalq tushunib olsin, dedi.

Bu odamlar Mirsaidovning “qoldiqlari” emasligiga urg’u bersam ham Karimov o’z so’zida turdi. Qolaversa, u hukumatdan kimlar aralashganini so’rab ham o’tirmasdan bu odamlarning ismini aytgani ham meni qiziqtirib qoldi. U allaqachon biz tayyorlayotgan dasturdan xabar topdimi yoki bu odamlarni qurbon qilib yubormoqchi-mi?

Fozilbekov haqiqatdan ham Mirsaidovga yaqin odam edi. Ammo keyingi vaqtlarda Mirsaidovni Karimovning oyog’iga tashlashda u faollik qildi. Urayimjon Abdug’aniev esa “Karimovning o’g’li” degan laqabni olib ulgurgandi. Talabalar shaharchasidagi voqealarga ularning boshchilik qilishlari ham bejiz emas. Karimov bilan gaplashadigan gapim ko’p edi va keyingi kunlar har qancha uning qabuliga kirishga urinsam-da mashg’ulligini bahona qilishayotgandi. Hozir ham hamma gaplarimni aytishga ulgurmadim, u Eltsin telefon qilayotganini aytib gapni kesib qo’ydi.

Oradan biroz vaqt o’tib Hayitboev telefon qilib, Bosh vazir o’rinbosari Erkin Samandarov kelganini va Karimovning nutqini oldindan ko’rib chiqqani, endi esa talabalar shaharchasi voqealariga bag’ishlangan reportajni ko’rayotganini aytdi. Darhol bordim.

-Buni berolmaymiz,-dedi Erkin Samandarov.

-Nega,-dedim.

-O’zingiz hozirgina oqsoqolga hali tekshiruv boshlanmasdan, tergov boshlanmasdan oldin har qanday gaplarni bermaslik kerak, debsiz-ku?

Ularning ish usullaridan hayratlanib qoldim. Karimovning “Eltsini” kim ekanligini ham tushundim.

-Mayli u holda har ikkalasini ham qoldiramiz,-dedim.

-Prezidentning nutqi ko’rib chiqildi va hukumat o’z qarorini berdi, komissiya ham bunga qo’shildi. Uni qoldirish uchun hech kimga huquq berilmagan. Bu idora hukumatga oid va hukumatning tepasida prezident o’tiribdi. Mana bu reportaj esa xalqning manfaatlariga qarshi, tinchlikni buzuvchi, to’polon chiqaruvchi…,- dedi Erkin Samandarov. Uni rais Erkin Hayitboev va Elbek Musaev ham qo’llashdi.

Xullas, uzoq tortishdik va hech narsa qila olmasligimni bilganim uchun eshikni ularning basharasiga “urib”, chiqib ketishdan boshqa iloj qolmadi.

Karimov Talabalar shaharchasidagi voqealar yuzasidan mahalliy va chet el muxbirlari bilan uchrashadigan bo’lganini eshitib o’sha yerga yetib bordim. Bu so’nggi imkoniyat edi. Maqsadim savol berish bahonasida hamma gapni aytish va keyin anjumanni “Karimovning mahriga tushgan televideniesi”da to’la ko’rsatib, bo’layotgan voqealardan odamlarni xabardor qilish edi.

Anjumanga kechikib kelgan Karimov bezovta. Kimdir, qandaydir savol berib qolishi mumkinligidanmi yoki biror sir ochilib qolishi ehtimolidanmi, xullas bu bezovtalik nimadan ekanligini bilish qiyin.

Buning ustiga o’sha kuni Karimov taniqli jurnalist Lola Hotamovaga uylanarmish, degan gapni eshitib qoldim.

Lola Hotamova bir necha tilni biladigan, osmonni yerga, erni osmonga uradigan jurnalist. Uni radioda ishlagandan beri bilaman. O’shanda, ya’ni 1977-1980 yillarda u chet ellarga eshittirishlar beradigan bo’limda ishlar edi. Muammolarga bag’ishlangan “Tabarruk zamin” dasturim bo’lib, uni olib borish uchun Imomaliev degan akademikni topgan va yoniga bir ayol qidirayotgandim. Jurnalist Erkin Ne’matovning tavsiyasi bilan Lola Hotamovani taklif qildim. Ovozi jarangdor va yoqimli edi. Bir muddatdan keyin u turmush o’rtog’i, o’sha paytlarda dong’i chiqqan, Sharof Rashidovning eng yaqin odami deb bilingan, qariyb o’ttiz yil davomida Moliya vaziri bo’lgan Murodxo’jaevning o’g’li bilan ajrashib, Hindistonga ketib qoldi.

Shundan keyin uni 1990 yilda Navro’z marafonini o’tkazayotganimizda ko’rdim va u kelib biz bilan hamkorlik qilishni istayotganini aytdi. Dasturimizda qatnashdi.

Keyin Bosh vazir Shukrulla Mirsaidov uni matbuot kotibi etib oldi. Tez orada u ko’zga tashlandi va “Mirsaidovning o’ng qo’li” degan gaplar tarqaldi. Mirsaidov ishdan ketmasdan turib, u Karimovning nazoratiga o’tkazildi. Karimovning birovni ishdan olishdan oldin avval uning “shoxlarini kesish” odati bor edi…

Xullas, matbuot Konferentsiyasida Lola Hotamova eng oldinda o’tirgan va negadir Karimovning ko’zi doim unda. “Karimov keyingi hafta uylanarmish” degan gapni bu yerga kelayotib eshittim. Prezidentning hayajoni shundan bo’lsa kerak, deb o’yladim.

Karimov Talabalar shaharchasidagi voqealarni “qora kuchlar” uyushtirganiga va yana gapning bir uchini Mirsaidovga taqadi.

So’z olib, bo’lgan voqealarni gapirdim va Karimovdan shu narsalardan xabari bor, yo’qligini so’radim. Lekin u odatiga ko’ra javob berish o’rniga boshqa narsalar haqida to’xtaldi. Bu esa uning hamma gaplardan xabari borligni ko’rsatar edi. Konferentsiyadan keyin Karimovning yoniga borib, bunaqada ishlab bo’lmaydi, demoqchi bo’ldim. Uning yoniga yaqinlashar ekanman, Karimov Lola Hotamovani chaqirib, qo’lini uning belidan o’tkazib, unga muhim gapi bordek, qulog’iga bir narsalarni pichirlagancha, orqa eshikdan chiqib ketishdi.

Demak tarqalgan gapdan hali Karimovning ham, Lolaning ham xabari yo’q. Yoki Karimov bu mish-mishni rejali ravishda tarqatib, bu harakati bilan mish-mishni mustahkamlayotgan edi.

Shu harakatdan keyin to’y haqidagi gap hamma yoqqa tarqaldi. Lola Hotamova yomon vaziyatga tushdi. Vazirlar mahkamasidan Savdo Palatasiga ishga o’tkazildi. U erda ham ishlay olmadi. Turmushga chiqib, saroy hududidan uzoqlashib ketdi.

Televideniega kelsam, Hayitboev “Men bolalarga konferentsiyani qisqartirmasdan to’liq beringlar, deb ayttim” dedi. Xursand bo’ldim. Odamlar bo’layotgan gaplardan xabar topishadi, endi deb engil tortdim. Xonamga kirishim bilan esa Karimov telefon qildi va ruschalab shosha-pisha gapira boshladi:

-Ertalabki reysda Moskvaga uching, bugungi matbuot konferentsiyasi videosini olib boring, u erda matbuot anjumani o’tkazasiz,-dedi va telefon go’shagini qo’ydi.

Qiyin vaziyatda qoldim.

Sahargi reysda yo’lga chiqqunimcha, ketishim bilan Karimovning maslahatchisi Ziyomovdan boshlab, kotibi Kraynovga qadar ko’p odamlar qiziqa boshladilar. Hatto uchib ketishimiz oldidan ham sahar bo’lishiga qaramay Kraynov telefon qilib, hol-ahvol so’rab qo’ydi.

Moskvada u erdagi muxbirimiz Raimjon Sultonov bilan vakolatxonaga bordik. Deyarli hech gap yo’q. Faqat muxbirlarni to’plab Talabalar shaharchasi haqidagi voqealar haqida gapirib berish rejasi bor ekan. Buning uchun matbuot ishlari bilan shug’ullanuvchi Shatunovskiy degan kishini ma’sul qilib qo’yishibdi. Vaqtim bekordan bekorga o’ta boshladi. Orada bir Moskvada yashagan “Birlik”chilar kelib ketishardi. Muxbirlar ham ko’p kelmadi. Uch to’rt kishi keldi va Shatunovskiy ularni bir xonaga olib kirib, tushuntirgan bo’ldi. Qaytishni o’ylasam, u erdagilar bu haqda Toshkentdan ko’rsatma kutayapmiz, deyishdi. Ikki kunda o’n martacha Kraynovga telefon qildim. U  “Prezidentning muhim topshirig’i borligini aytib, kutib turishimni” so’rar edi. Shunda yana qandaydir o’yin bo’layotganini tushundim. Nima bo’lishi mumkin? Toshkentga telefon qilib, tanishlarimdan matbuot konferentsiyasini ko’rdingizlarmi, deb so’rasam, savolim haqida hech narsa ko’rsatilmaganini aytishdi. Darhol Hayitboevga telefon qildim:

-Matbuot konferentsiyasini to’la berishni aytgan edingiz-ku?

-Haliyam to’la berdik.

-Savolimni ko’rsatishmabdi-ku?

-Uka, meni bilasiz-ku, siz bilan birgaman. Lekin Islom akam “U o’zini propaganda qilish uchun bu ishga o’tganmi?”, deganlari uchun o’sha joyini olib qoldim. O’zingiz shu erda rahbar bo’lsangiz va o’zingizni ko’rsatish bilan ovora bo’lsangiz, gapni, onangni deb so’kishlarni esa bizlar eshitsak. “Munosabat” degan ko’rsatuvingzini ham to’xtating endi,- deb javob qildi xuddi yana “onangni..” so’kishini eshitib qolaman-mi, degan odamdek ovozi qaltiragancha…

Moskvadagilarga aytmasdan yo’lga chiqdim. Raimjon Sultonov kuzatib qo’ydi. Toshkentga kelishim bilan televideniega bordim. Kotiba qiz hovliqib kirdi;

-Yarim soat vaqt qolgan, lekin “Shahar bedarvoza emas” ko’rsatuvi yo’q. Redaktorini ham, olib boruvchisi Aziz Ernazarovni ham topolmayapmiz,-dedi.

-Har ehtimolga qarshi o’rniga boshqa narsa tayyorlab qo’yish kerak,-dedim va redaktorni yana bir qidirib ko’rishni buyurdim.

Oradan ikki daqiqa ham o’tmasdan Hayitboev telefon qildi.

-Hammasi to’g’ri chiqdi,-dedi u salom alikni ham nasiya qilib,-Bu yerda Urayimjon Abdug’aniev o’tiribdilar, Azizjon ham shu erda, ular katta jinoyatni ochganlar va siz esa xaspo’shlayotgan ekansiz…

Qonim boshimga urdi. Jahlim chiqib ketdi. Hayitboevning xonasiga kirib borsam, redaktor ham o’sha erda.

-Xayriyatki Elbek akam, buyruq berib, dasturni o’zgartirmadilar, bo’lmasa shunday katta jinoyat haqidagi material saqlab qolinar ekan,-dedi Hayitboev.

Urishib qoldik va men o’zim dasturni olib borishimni aytib studiya tomon bordim.

Jizzaxda bir necha kishi g’ayriqonuniy baliq bilan qo’lga tushgan ekan. Ulardan birining ismi Alisher ekan, Mirsaidovning ham Alisher degan jiyani bormish. Gap shu. Men studiyaga yetib kelishim bilan Hayitboev hovliqib keldi.

-”Shahar bedarvoza emas” dasturini Urayimjon akam bilan kelishib, ertaga qoldirdik, o’rniga siz aytgandek, kontsert berib turamiz,-dedi.

Uyga ketdim. Kelib televizorni qo’ysam, Urayimjon Abdug’aniev gapirmoqda:

-Biz bu dasturni juda katta qiyinchilklar bilan ekranga olib chiqdik. Erkin Hayitboev kabi odamlarning qahramonligi bo’lmasa, bu dastur qoldirilgan bo’lardi. Juda katta jinoyat fosh etilmay qolgan bo’lardi…

Ammo dastur davomida hech qanday katta jinoyat haqida gap yo’q edi. Faqat qo’lga tushgan baliqchilarning qo’shni Qozog’iston hududida ruxsatsiz ov qilib, keyin baliqini yashirincha O’zbekiston hududiga o’tkazganlari haqida gap bordi. Baliqchilar bechora odamlar ekani ko’rinib turardi.

Fitna tayyorlangani bildim va o’tirib “Fitna” degan maqola yozdim. Ertalab uni “Xalq so’zi” gazetasi bosh muharriri Ahmadjon Muxtorovga berdim.

-Ertagayoq chiqadi,-dedi u kishi.

Ammo chiqmadi. Karimovning buyrug’i bilan sahifadan olinibdi.

Shu orada prezident devonida ilgari men bilan ishlagan va endi Temur Alimov “qo’lida” bo’lgan bir tanishim kelib qoldi va muhim gap borligini aytib, bir joyga chiqib ovqatlansak, dedi.

Shahardan tashqariga chiqdik.

-Bugun Temur Alimovning xonasiga Respublika prokuraturasi, Ichki ishlar vazirligidan tergovchilar chaqirilib, Talabalar shaharchasidagi qonli voqealar ortida Mirsaidov, “Birlik” va “ERK” turganini aytishdi va buni isbotlash topshirildi, prezident “qora kuchlar” deganda shularni nazarda tutgan ekan,-dedi.

Darhol Talabalar shaharchasi komissiyasining a’zosi bo’lgan Muhammad Solihga telefon qildim va “Hamid Olimjon” metro-bekatida uchrashadigan bo’ldik. Unga bo’lgan gaplarni aytdim. Qo’limdan keladigani hozircha shu edi. Qarshi tadbir olish kerakligini va keyin kerak bo’lsa, masalani sessiyada ko’tarish mumkinligini gaplashdik. Darhaqiqat, davlat komissiyasi ham darhol “Alimov rejasi” tomonga qayrildi…

Qisqa muddat hukumat tarkibida bo’lganimda, ana shunday ko’p voqealar yuz berdi va bu yerda turib hech narsa qilib bo’lmasligini to’la tushundim. Iste’fo arizasini yozib xonamdan chiqib ketayotgandim, Erkin Hayitboev, Erkin Samandarov va yana bir necha kazo-kazolar kirib kelishdi va:

-Talabalar shaharchasi voqealari haqida maxsus dastur qilmoqchimiz, “qora kuchlar”ning basharasini ochib tashlashimiz kerak, shuni gaplashsak,-deyishdi.

Men qo’limdagi bir dasta kalitni uloqtirdim xonadan chiqib ketdim.

Iste’fo arizasini ko’paytirdim-da, bir nusxasini Kraynovga, yana bir nusxasini Prezidentning kadrlar bo’yicha maslahatchisi Mavlon Umrzoqovga berdim.

Oliy kengashga kelsam, Erkin Vohidovning xonasida Muhammad Solih va yana ikki-uch kishi o’tirishgandi. Vaqt allamahal bo’lib qolganiga qaramay ularning bamaylixotir o’tirishlaridan, kimnidir kutishayotgani ma’lum edi. Salom-alikdan keyin bo’lgan voqealarni gapirib berdiim. Erkin aka bosh chayqab qo’yarkan, Muhammad Solih:

-Iste’fonomangizdan bir nusxa bering, biz gazetamizda nashr yettiramiz,- deya bir nusxasini oldi.

ISTE’FONOMA: “Toshkentning Talabalar shaharchasida ro’y bergan fojea yurtimizda oshkoralik, rostso’zlik yo’qligi, inson huquqlarini toptash hali beri barham topmasligini isbotladi. Men rahbar bo’lgan jumhuriyat televideniesidan ko’rsatuvlar olib qo’yildi. “Munosabat” rukni bilan hozirlangan maxsus ko’rsatuv ekranga chiqarilmadi. Oshkoralik uchun kurash yo’llari bekitib tashlandi. Meni iste’fo berishga undagan sabablar quyidagilardir:

1.Har qancha urinmaylik, Talabalar shaharchasidagi voqealar haqida oshkora fikr bildirilishiga yo’l berilmagani;

2.Parkent voqealari yuzasidan tuzilgan komissiyaning xulosasi sir saqlangani kabi Talabalar shaharchasidagi fojea yuzasidan ham o’sha uslub qo’llanilayotgani;

3.Yana yakkahokimlik, diktatura boshlangani. Xalqning og’ir ahvolini engillatish o’rniga faqat va’dalar berish, aldash bilan band bo’linayotgani;

4.Siyosatda barqarorlik yo’qligi, milliy birlashuv haqida tinimsiz gapirilgani holda amalda teskarisini qilib, nizo-adovat keltirilib chiqarilayotgani;

5.Kadrlarni tanlashdagi jiddiy xatolar, bu boradagi o’pirilish, rahbar kadrlarga ishonchsizlik, ularni asosan shaxsiy sadoqatiga qarab tanlash, qobiliyati, bilimi e’tiborga olinmayotgani;

6.Mahalliychilik illatining ildiziga suv quyish, odamlarni bir-biriga qarshi qo’yish kasalini davolash o’rniga uning avj oldirilayotgani;

7.Xalq taqdiri va kelajagi bilan shug’ullanish o’rniga ikr-chikirlar, quvg’inlar, inson huquqlarini toptash bilan band bo’linayotgani;

8.Muxolifatdagi partiya, harakat va uyushmalarga nisbatan minbarlardan yaxshi gap aytilib, amalda ular ta’qib qilinayotgani;

9.Xalqning ahvoli kun sayin og’irlashib borayotgani, buning oldini olish uchun aniq dastur yo’qligi.

10.Millatvakillarining erkin bahslari, bor gapni ayta olishlari uchun sharoit yaratilmagani va aksincha og’ir, nosog’lom vaziyat vujudga keltirilgani, fikrlar, takliflarga e’tibor qilinmayotgani…

Ana shu va boshqa sabablarga ko’ra, hukumat tarkibidan chiqaman hamda o’zimni unga nisbatan muxolifatda, deb hisoblayman. Hukumat tarkibida turib, bu illatlarga qarshi kurash yo’lini topmadim. Hukumat a’zolari uchun yo’llar berk va ochilmasdir…”

Bu arizamni “ERK” gazetasining birinchi sahifasiga qo’yishgan ekan. Tsenzura arizani olib qolib, sarlavhasini unutgani uchun gazeta “Televidenie rahbari iste’fo berdi” degan maqolasiz sarlavha bilan chiqdi.

20.GKCHP QAHRAMONI

1991 yilning Avgust oyiga kelib, Karimov va SSSR prezidenti Mixail Gorbachevning orasi buzilib qolgandi. Gorbachev ancha erkin fikrlaydigan odam bo’lgani uchun Karimovning qayta qurish va oshkoralik yo’liga to’siq bo’lishidan xafa edi. Ayniqsa 1989 yil oxirida O’zbekiston Oliy Kengashiga saylovlar paytida Karimovning mustaqil nomzodlarga ko’rsatgan bosqisi Gorbechevning qattiq tanqidiga yo’l ochgandi. Chunki Gorbachev saylovlar erkin o’tishi uchun juda qayg’urayotgan bir paytda Karimov O’zbekiston  rahbari bo’lganiga bir yil ham to’lmasdan saylovni qattiq nazortga olishi uning jahlini chiqargandi. Keyin O’zbekiston Oli kengashida yuz bergan voqealar ham sabab Karimovning repressiv hatti-harakati bois o’zbek xalqi Ittifoqqa ishonchini yo’qotadi, degan fikr bilan Gorbachev Karimovni keskin tanqid qilishga o’tdi.

1990 yilda Karimovni prezident qilib saylash masalasi apal-tapal sessiyaga olib chiqilar ekan, o’sha paytda uni qo’llagan va bu masalani sessiyaga olib chiqqan SSSR Xalq deputati Ahmadjon Muxtorov “Xalq so’zi” gazetasidan ishdan ketkazilib, ishsiz qolgach ko’nglini ochib shunday degandi:

-Gorbachev bizlarni (u bizlarni der ekan, Islom Karimovni O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining birinchi kotibligiga keltirish uchun Gorbachevga kirib talab qilgan SSSR Xalq deputatlarini nazarda tutayotgan edi-JM) chaqirib, biz Karimov nomzodini o’tkazmaganimizda gribbonimdan olgan edingizlar. Bu qip-qizil diktatorku?! Bir ikki tanqid qilgan edim, endi mendan qochib yuribdi. Uni almashtirmasak o’zbek xalqining ko’ksizga shamol tegmaydi, dedi. Men o’sha kuniyoq Islom akani topib, bunga javoban darhol prezidentlik vazifasini joriy etish kerakligini ayttim. O’shanda birinchidan, markazning ishga qo’yib ishdan olishiga qarshi bo’lgan bo’lsam, ikkinchidan Islom akani bag’ri keng odam deb bilardim. Ammo adshibman va bu nafaqat menga balki hammaga ham qimmatga tushdi. Bu odam hali ko’p hunarlar ko’rsatadi…

Gorbachev SSSR o’rnida vakolatlari kengaytirilgan jumhuriyatlar Ittifoqini tuzmoqchi edi va bu boradgi hujjat imzolanishidan oldin davlat to’ntarishi yuz berdi.

Mazkur hujjatni referendumga qo’yishganda O’zbekistonda 99,99 % odam yoqlab ovoz berdi, deyilgani ham Gorbachevning jahlini chiqargan, Karimovning o’zi bu haqda bir kuni sessiya tanffusida faollar huzurida shunday degan edi:

-U odamgarchilikni ham bilmaydi, latta. Xursand bo’ladi deb, shuncha odam yoqladi, deb o’zim telefon qilsam, rahmat deyishning o’rniga, maynavozchilik qilma, degandi, oz qolsin onasini so’kib yuborar edim.

Har holda bu voqea Gorbachevning toqatini toq qilgan oxirgisi bo’lsa kerak.

Karimov buni SSSR Oliy Sovetida yuqori palataga raislik qilayotgan Rafiq Nishonovdan deb bilardi. Gorbachev Karimovning yo’lto’sarligidan norozi bo’lsa, Karimov Nishonov uni qayrayapti, degan xulosa chiqargan. Shu bois O’zbekiston mustaqil bo’lishi bilan Nishonovning Toshkenga kelishini ta’qiqlab qo’ydi va u haqda bir qator uydirma maqolalar chiqartirdi. Shunday maqollardan birini prezident devonida ishlagan jurnalist Sharof Ubaydullaev yozgandi va uning o’zi ham keyinchalik Karimovning zug’umiga uchragani bois bir kuni parda orqasidagi haq gapni aytsa ajab emas?!

1993 yil aprelida O’zbekistondan qochib chiqib ketayotib, Almatida deputatlar zalida Rafiq Nishonovni ko’rib qoldim. U bilan ancha gaplashdik. U qanday qilib Karimovning bu ishga kelgani va o’zining unga qilgan yaxshiliklarini gapirdi. Endi Qozog’iston hududiga qadar kelib Toshkentga o’tolmaydigan bo’lib qolganini, hatto umr yo’ldoshini ham Karimov surgun etganini aytdi. O’shanda uni kuzatish uchun aeroportga Nursulton Nazarboev keldi. Nishonov meni u bilan tanishtirdi va boshimga kelganlarni qisqa qilib aytib berdi.

-Karimov tentak, ammo xitriy tentak,-dedi o’shanda Nazarboev.- U GKChPdan qolgan meros. Bugun turmada o’tirshi kerak edi. Ammo mustaqillik e’lon qilib, qutulib qoldi. U hali  O’zbekistonni barbod qiladi!…

Nazarboevning keyin boshqalarga ham “Karimov tentak” deb aytganini eshittim. Har holda bu gap Karimovning qulog’iga qadar yetib borgan-ki, hamma vaqt oralarida sovuq devor borligi sezilib turadi.

Xullas, 1991 yilning yoziga kelib, SSSR rahbarlari (Islom Karimov ham KPSS MK Siyosiy Byurosining a’zosi edi-JM) orasida Gorbachev tomonidagilar va unga qarshi jabhadagilardan iborat ikki guruh paydo bo’lgandi. Gorbachev tomonidagilar erkinlik, demokratiya desalar, ikkinchi tomon qattiqo’llik tarafdori edi.

Ana shunday vaziyatda, GKChP (Rus tilidagi “Gosudarstvenniy Komitet po Chrezvichaynomu Polojeniyu” kalimalarining bosh harflaridan olingan-JM) nomi bilan kirgan davlat to’ntarishi yuz berdi. Bu voqea 1991 yil 19 avgustida yuz berishini sanoqli odamlar, jumladan Islom Karimov ham oldindan bilgan.

Davlat to’ntarishidan ikki oy oldin Toshkentga SSSR Vitse-prezidenti Gennadiy Yanaev keldi. U O’zbekiston kommunistlarining sezdida qatnashdi. “Panorama” kinoteatrida o’tgan mazkur se’zdda Yanaev, mamlakatda intizom izdan chiqib ketgani va faqat Islom Karimov bosh bo’lgan respublikada kommunistik temir intizom saqlab qolingani, boshqa joylarda bunday tajribaga ehtiyoj mavjudligini gapirdi.

Ko’p o’tmay Bosh vazir Valentin Pavlov Toshkentga keldi. U kutilmaganda O’zbekiston Vazirlar mahkamasi majlisini chaqirib, o’zi raislik qilgani hammani hayratga soldi.

Islom Karimov davlat to’ntarishidan oldin Hindistonga keti. Hindiston matbuotida o’sha kezda bo’lgan ma’lumotga ko’ra, mazkur safar may oyiga belgilangan va Dehli tomoni turli sabablarga ko’ra tashrifni boshqa paytga surishga uringan, Toshkent tomoni safarni avgustning xuddi shu kunlariga moslashni qattiq iltimos qilgan. Bu fakt SSSR Oliy Sovetining GKChPni o’rganish komissiyasi hujjatlariga ham kirgan.

Davlat to’ntarishi yuz bergan kun Samarqandda edim. Ertalab birinchi reys bilan Toshkentga kelsam, deputatlar zalida ishlaydigan ayol:

-Yomon bo’ldi-mi yaxshi bo’ldi-mi?-deb so’radi.

-Nima?-deb ajablandim.

-Davlat siri degan joyi qolmadi, televizorlarda berayapti,-dedi u jilmayib.

Birinchi xayolimga kelgan narsa, Hindistonga ketgan Karimov halokatga uchragan bo’lsa kerak, degan gap bo’ldi. Voqeani eshitib, avval uyga keldim. Bazi hujjatlarimni olib, chiqib ketayotsam qo’shnimiz, KGB raisi G’ulom Aliev bilan qarshilashib qoldim. U kechasi bilan uxlamagani ko’zlaridan sezilib turardi. Qizargan ko’zlarini ishqalab:

-Birozdan keyin yana ishga boraman, Jahongirjon, iltimos uyga qayting, ishga chiqmang, ro’yxatda siz ham borsiz. Eshigimiz bir-biriga qarshi, qo’shnimiz, bolalaringizning ko’ziga qanday qarayman, keyin. Voqealar bir yoqli bo’lguncha uyda o’tiring,-dedi.

Uning bu gaplari samimiy ham bo’lishi mumkin. Ammo men unga ishonmas edim. Chunki u hali KGB raisining o’rinbosari ekanida O’zbekiston televideniesi uchun bir mahallada tayyorlangan uchrashuvda biz – “buzg’unchi deputatlar” haqida gapirgan va undan bu gapiga izoh talab qilgandim. Izoh bermagach, “Ozodlik” radiosidagi suhbatimda uni qattiq tandiq qilgan va KGB raisi bo’layotganda ham qarshi chiqqandim. Shu bois uning samimiyatini teskari tushunib, Oliy Kengashga keldim.

Moskvaning topshirig’i bilan Shukrullo Mirsaidov boshchiligida favqulodda qo’mita tuzilibdi, lekin qo’mita bo’layotgan voqealardan o’zini uzoqqa olgani bois KGB va Ichki Ishlar vazirligi bevosita markazning aytganlarini qilayotgandi.

Karimov Hindiston safaridan qaytayotgani haqida eshitdik.

Keyinchalik esa Islom Karimovning uchqichdan Yanaevga telegramma yo’llab, uni tabriklagani ma’lum bo’ldi. Hukumat  doirasidagi harakatlar ham shundan darak berar edi. Muxolifat quvg’inga olingan, hatto erkin qarashdagi deputatlarning orqasidan kuzatish boshlangandi. Shundagina Samarqanddan sahar chiqqanimda uyimiz yonida ikki tomonda turgan ikki engil mashina haqida esladim.

Moskvada esa demokratlar davlat to’ntarishiga qarshi chiqandilar. Bizning qo’mitamizda a’zo bo’lgan deputat Raimjon Sultonov namoyishga chiqqanlar huzuriga uyidagi ikkita qovunni olib borgani Yanaevchilarga o’zbeklardan ham qarshilar bor, degan xabarga asos bo’lgandi.

Biz ham Oliy Majlisda ishlaydigan bir guruh deputatlar Rossiya Parlamenti oldida namoyish qilayotganlarga telegramma yo’llab, demokratiyani qo’llashimizni bildirdik.

Karimov Hindistondan qaytgandan keyin ham uch kunga qadar Moskvada bo’layotgan voqealarga munosabat bildirmadi.

Moskvada hamma narsani Eltsin qo’lga oldi, Gorbachev dam olishdagi “asir”likdan qutqazildi, davlat to’ntarishi fitnasi va ortidagi sirlari fosh bo’ldi.

Shundan so’nggina O’zbekiston hukumat binosida bir majlis bo’ldi. Lekin u erda ham gap munosabat haqida emas, intizom haqida bordi.

Xunobi oshgan deputat Karim Bahriev:

-Butun dunyo GKChPga munosabatini bildirdi, boshqa respublikalar ham o’z qarashlarini aytdilar, biz esa qo’llashimizini ham, qoralashimzini ham aytmadik, munosabatimizni bildiraylik!-degan bo’lsa, yozuvchi Primqul Qodirov:

-Islom akamning iste’dodlari tufayli biz eson omonmiz. Mana o’rtoq Yanaev Toshkentga kelganlarida u kishini alohida maqtab ketgandilar. Hozir vaziyat qilichning damida yurgan kabi. Ozgina xato qilindimi, og’ib ketish mumkin,-deya hali ham Yanaevni himoya qilgandi.

Islom Karimov hali kutish kerakligini uqtirar ekan, masalani joylarda intizomni saqlashga chaqirish bilan “yopdi”.

Keyin SSSR Oliy Sovetida davlat to’ntarishi masalasida komissiya tuzilganda fitnada Islom Karimovning ishtiroki ham qayd etildi. Bir yil avval mustaqillikka qarshi chiqqan Islom Karimov favqulodda sessiya chaqirtirib, 1991 yilning 31 avgustida Mustaqillik haqidagi qonun loyihasini e’lon qildi.

SSSR Oliy Sovetining deputati, yuqoridagi davlat to’ntarishi yuzasidan tuzilgan komissiya a’zosi Po’lat Oxunov Karimovning GKChP faollaridan bir ekanligini, bu borada hujjatlar mavjudligini aytib chiqdi. Lekin mustaqillik Karimovning joniga ora kirdi. Po’lat Oxunovni esa Karimov hibsga tiqdi.

2000 yilning 18 avgustida “Amerika ovozi” radiosiga bergan suhbatida Po’lat Oxunov bu haqda shunday degan edi:

-Davlat to’ntarishi qilganlar qamoqqa kirdilar. Karimov Yanaev va Pavlovlarni bu ishga ilhomlantirgan odam ekanligi aniqilansada u chetda qoldi. Qamoqqa kirganlar ko’p o’tmay chiqdilar, balki Karimov ham o’shanda qamalganda oradan ko’p o’tmay chiqqan bo’lardi. Lekin masalaning bugun uchun juda qimmatli bo’lgan ma’naviy jihati bor. SSSRni saqlab qolish uchun davlat to’natarishining me’morlaridan biri bo’lgan odam bugun mustaqillik qahramoni deb ulug’lanayogani kishini o’ylantiradi.

Masalaning yana bir ma’naviy tomoni bor. Bu esa Karimov o’zining GKChPdagi ishtirokini to’laligicha Mirsaidovning bo’yniga qo’yib yuborganidir. Mirsaidovning o’sha kezda respublikada ikkinchi odam ekanligini hisobga olgan taqdirimizda Karimov bu harakati bilan o’zi boshida turgan O’zbekiston ham GKChPda ishtirok etganini tan olib qo’ygandi va bu bilan “bu ishning ichida bor edim” deganini o’zi ham bilmay qolgandi.

“Xalq so’zi” gazetasining 1992 yil 21 aprel sonida “Topponcha”ga javob” sarlavhali maqolam bosilib chiqqan kun Karimov meni devonga chaqirtirdi. U maqolani Bosh vazir o’rinbosari Ismoil Jo’rabekov bilan tushga qadar arang o’qib bo’lib, menga:

-Qo’lni tashlang, o’g’il bola ekansiz-ku! Man shunaqa qilib yozish kerak!- dedi.

Keyin u stolining ustida turgan bir varaqli qog’ozni uzatdi. O’qisam MXXning hisoboti ekan, unda maqolam hali tong otmasdan shov-shuv bo’lib ketgani, radioda ham boshqa gazetalarning sharhi o’rniga shu maqola o’qilgani, ba’zi joylarda odamlar gazetani 300 so’mga qadar sotib olishgani, deputat Samandar Qo’qonov nashriyotdan qo’shimcha 5 mingta bostirib olib, o’zi rahbar bo’lgan ishxonada va Chinozdagi saylovchilariga tarqatgani kabi faktlar aytilgan edi.

Karimov o’qib bo’lishimni ham kutmasdan, maqolada xalq maqollarini ko’p ishlatganim va bu unga juda yoqqanini aytdi. Keyin qo’limga hukumatning bir qarorini berdi. Unda kaminani “O’zbekiston teleradikompaniyasi raisining birinchi o’rinbosari etib tayinlansin” degan gap yozilgandi.

-Faqat chislosi qo’yilmagan,- deb u boshqa bir farmon loyisini ham uzatdi. Unda esa meni mazkur kompaniyaga rais etib tayinlash yozilgandi.

-Olti kun birinchi o’rinbosar bo’lib ishlaysiz va ana u  latta Hayitboening orqasiga tepib yuborib, joyiga o’tasiz. Ammo ungacha qiladigan ishlarimiz bor. Mana siz oshkoralikni sevadigan yigitsiz. Haqiqatni himoya qilasiz. Mana bu papkadagi hujjatlar bilan o’zingiz tanishib chiqing va o’zingiz xulosa qiling. Yozadigan maqolangiz bugungisidek zo’r bo’lishi kerak,- dedi Karimov jiddiy ohangda.

U seyfdan ustida “Sh.R.Mirsaidov” deb yozilgan semiz papkani olib  berdi.

-Uning o’zi bilan ham uchrashib gaplashishim mumkin-mi?-dedim papkadagi hujjatlarni varaqlar ekanman. Karimovning chehrasi xiralashdi. Lekin beparvo ohangda:

-Albatta, lekin u ham bularga qarshi bir narsalar tayyorlab qo’ygan bo’lishi mumkin, juda tullak odam, ehtiyot bo’ling, sotib olishga urinib, oyoqning ostidan urib yuboradi. Modomiki uchrashar ekansiz, mana sizga ikkinchi papka. Bu ikkinchi maqolaga masalliq,- dedi.

U endi ustiga “D. Mirsaidova” deb yozilgan papkani uzatdi.

Papkalarda asosan Mirsaidovning Xitoyga va Rossiyaga rasmiy safarlari va bu safarlarda sotib olgan narsalari haqida yozilgandi. Hatto uning xotini Urumchiga borganda marvarid sotib olgan, qaytib kelgandan keyin uni kimgadir sotgan deya soqchilarning tushuntirish xatlari ham qo’shilgan.  Moskva safarida esa hay’at tarkibida men ham bor edim. Eltsin muzokaralardan keyin hammamizga, (kimga video kasseta, kimga vaza va hokazo-JM) jumladan Mirsaidovga ham hadya bergandi. Bu protokol talabi edi. Ammo u hadyani olib kelib xazinaga topshirmagan, deb ayb qo’yilgan.  Bunday tartib faqat mamlakat rahbarlari uchun belgilangan bo’lib, bu O’zbekistonda umuman qoidaga kirmagandi.

Dilbar Mirsaidova rahbar bo’lgan Savdo palatasini tekshirib chiqqan revizorlarning bir-biriga zid xulosalari ham ko’p savol uyg’otardi.  Xullas, hujjatlarni o’rganib chiqib, savollarni tayyorlab Mirsaidov  va umr yo’ldoshi bilan uchrashish uchun ularning uyiga bordim.

Haqiqatan ham ikkita papka tayyorlab qo’ygan ekanlar. Ular endi Karimovning bevosita topshirig’i bilan uyushtirilgan bo’hton haqida hujjat to’plashgandi.

Har ikki papkada ham qandaydir to’g’ri gaplar bilan qandaydir uydirmalar ham bor edi.

Xullas, qo’limda ikkita bir-birini to’la inkor etadigan hujjatlar paydo bo’ldi. Har ikkalasini ham fel’etonga sig’dirib, xulosa chiqarishni o’quvchiga havol qildim. 16 sahifalik fel’etoni olib borib Mavlon Umrzoqovga berdim va:

-Oshkoralik bo’ladigan bo’lsa mana oshkoralik. Lekin hukumatning meni ishga tayinlash haqidagi qarori va Prezident Farmoni chislosiz, havoda qoladigan bo’ldi,-dedim jilmayib.

Chunki yozganim Karimovga mutlaqo yoqmasligini bilardim va vijdonimga qarshi borib uning istagi bo’yicha ham yozolmasdim. Har ikki tomonning ayblarini ochiq ko’rsatishga intildim. Yozganim matbuotda chiqmasligini oldindan bilsam-da tarix uchun deya olib borib berdim va bir kuni biror arxivdan chiqib qolsa ajab emas?!

Mavlon aka o’qib ko’rib, bir necha kun Karimovga berishga jur’at eta olmabdi, bir kuni menga katta imkoniyat qo’limdan chiqayotganini eslatdi va elka qisishimdan keyingina Karimovga olib chiqib berdi.

Oradan ko’p o’tmay, devonda ishga olingan qalami o’tkir jurnalist Sharof Ubaydullaevning ketma-ket fel’etonlari chiqdi. Lekin keyinchalik u yuqorida ta’kidlaganimdek, “yaxshiligiga” javoban zug’umga uchradi. Uning jurnalistika borasidagi talanti, iste’dodi xuddi Ahmadjon Muxtorovniki kabi Karimov tomonidan kamsitildi…

“GKChPdan chiqqan “qahramon”..

Sharof Ubaydullaevning Mirsaidov haqidagi fe’letoniga ana shunday sarlavha berilgan edi. Mirsaidov Toshkent shahar ijroiya qo’mitasi raisi bo’lganda Sharof Ubaydullalev “Toshknet oqshomi” gazetasiga rahbar bo’lgan va birga ishlashgan. U o’zining ishdan ketishida va rashidovchilarga qarshi kampaniyada Mirsaidovning qo’li bor deb hisoblardi. Bu tomoni menga qorong’u.

Lekin bugun bizga masalaning Karimov bilan bog’liq ma’naviy jihati juda muhimdir. Gap shundaki, Mirsaidov GKChPning “qahramoni”ga aylantirilishi bilan Karimovning bu boradagi “qahramon”ligi xaspo’shlanib ketdi.

21. KUCH ADOLATDAMI,  ADOLAT KUCHDAMI?

1991 yil…

Bir kuni Vazirlar mahkamasining birinchi qavatidagi kichik zalda tashabbuskor deputatlar tomonidan ilgari surilgan “Maoshlarni indeksatsiya qilish”, ya’ni maoshlarning inflyatsiyaga qarab avtomatik tarzda oshib borishini qonunlashtirib qo’yish haqidagi loyiha muhokamasiga unga qarshi bo’lgani uchun Karimovning o’zi keldi va qanday savol bo’lsa javob berishini aytdi. Ammo savollarga o’tirganlarni bepisand qilgan tarzda, asabiy ohangda javob bera boshladi. Bu uning “Sizlarning iqtisoddan nima xabarlaringiz bor!” deganday deputatlarni kamsitish tutumi edi.

Karimov bu masalaga qarshi bo’lgani keyinchalik bilindi. U narxlar oshishidan ham o’ziga foyda yo’lini topdi. Narxlar oshishi haqidagi qaror bosh vazirga  imzolatilsa,  ortidan maoshlarni oshirish Farmoniga o’zi qo’l qo’yadigan bo’ldi. Vaholanki, biz buni dunyodagi juda ko’p mamlakatlarda bo’lgani kabi qonuniy yo’lga qo’ymoqchi edik.

Oldinroq bir savoli uchun kamsitilgan Toyiba To’laganovaning talabini himoya qilib, Karimov bilan biroz tortishgan edim va uning bu gapidan keyin yana so’z so’ramay tura olmadim.

-Masalani soddalashtiradigan bo’lsak, hovlingizning to’rida qurilish qilmoqdasiz, mehmonxona. Uyda g’isht, yog’ va non tamom bo’lgan. Tushlikda “Ochqoldim” deb dod soldingiz. Xotiningiz qo’lida pul yo’qligini aytdi. Chunki siz sandiqdagi pul faqat qurilishga deb ajratib qo’ygan edingiz. Nima qilasiz, ochlikka chidaysiz-mi? Axir bugun mamlakat bo’ylab kerakli, zarur qurilishlar, masalan ishlab chiqarish korxonalari emas, asosan ma’muruy binolar qurilmoqda. Shunday ekan siz keltirgan sabab loyihani qoldirishga asos bo’lolmaydi,-dedim .

Karimov qizarib ketdi va jahlini yashirishga har qancha urinmasin baribir baland ovozda gapira boshladi:

-Siz samarqandlik bo’la turib shunday deyishingizga hayronman. Temurlang dunyodagi eng katta diktator bo’lgan. Ammo bugun u qurgan binolar tufayli Samarqand dunyoga mashhur, uning o’zi ham. Uning kalladan minora qurganini emas, balki Samarqandda loydan qurgan minoralariga oshiq hamma. Biz qornimizni emas, kelajakni o’ylashimiz kerak…

Qaytib joyimga o’tirmasdan Karimovning gapini eshitib turganim uning asabiga tegdi va “Yana nima demoqchisiz?” degandek gapini to’xtatib menga qaradi.

-Birinchidan,- dedim,- siz ham samarqandlik va o’sha minoralarning yonida kattta bo’lgansiz. Ularni boshqalar qurishgan. Samarqandda Amir Temur qurdirgan bitta maqbaradan boshqa deyarli ko’zga tashlanadigan bino qolmagan. Lekin Samarqandni dunyoga mashhur qilgan narsa Temuriylar davrida madaniyat va san’atning rivojlanganidir. Biz bugun madaniyat va san’atni faqat ma’muriy binolar qurish, deb bilayotgan bo’lsak, katta xato qilgan bo’lamiz.

Ikkinchidan esa, Temurlang deb uni kamsitish uchun aytishgan.

Karimov cho’ntagini kovlab, kichik daftarchani oldi. U turli ihtiboslarni pala-partish yozib yurar ekan, shu damda keraklisini topa olmadi:

-Hozir topolmadim, lekin yozib qo’ygandim, Temurlang… kechirasiz Amir Temurning o’zi “Bizga baho berish uchun biz qurdirgan hashamatli binolarga nazar soling” degan,-dediyu bir zum boshini egib o’ylanib qoldi.

U qachon o’zbekchada tortishuvga kirsa, mantiqli javob topolmasdan yutqazishini bilardi.

Shu topda uning bu gapiga ham javobim tayyorligini bilgani uchun ham boshini ko’tarmay, aslida gapimda jon borligini ta’kidlab, mavzuni boshqa tomonga burib yubordi.

Ammo mana shu qisqa savol-javobning o’zi uning ko’nglida nima yotganini yaqqol ko’rsatib bergandi.

Shu bois oradan bir yil ham u o’tmay o’zini “Amir Temurning davomchisi” degan siyosatni boshlatdi.  Bu eng avvalo uning nutqlarida va gazetalardagi maxsus yozdirilgan maqolalarda ko’rina boshladi.

Matbuotda Islom Karimovni Amir Temurga tenglashtirib yozish musobaqaga aylandi.

Tarixga, millatga, o’z-o’ziga haqorat  kundan kunga «gullab ketdi».

1994 yilda quvg’inda, Bakuda Amir Temurning tuzuklarini takror o’qidim. Undagi 12 qoida  bilan Islom Karimov faoliyatini solishtirishga urindim. Tuzuklarda keltirilgan sifatlarning qaysi biri Islom Karimovda bor degan savolga javob qidirdim.

Amir Temur: Birinchi. Men sifatlarimning avvali deb beg’arazlikni tushundim…       

Yuzlab va hatto minglab misollardan faqat bittasi. Yyettinchi sessiyada (1991 yil kuzida) deputatlardan bir guruhi Islom Karimovning kamchiliklarini betiga aytishdi. U qo’lini ko’ksiga qo’yib «Hammasi to’g’ri, tan olaman, imkon beringlar tuzataman» deb ont ichdi. Vaholanki, undan qasam ichish talab qilinmagandi.

Xo’sh, oradan bir yil ham kechmay nima yuz berdi? O’sha yyettinchi sessiyada so’zga chiqqan deputatlarni «xalq vakillikdan chaqirib ola boshladi». Qarang, xalqimiz qanchalik “faol”!

Saylov joylariga sanoqli odamlar kelib, qog’ozda esa butun xalq «ovoz berdi». Quvg’in ustiga quvg’in boshlandi. G’araz iloni chaqmagan joy qolmadi. Yyettinchi sessiya qahramonlari Hamza Eshnazarov, Rinat Burxonov, Alijon Qo’chqorov, Otajon Polvonov, Oygul Mamatova, Toyiba To’laganova, Baxtiyor Qodirov va boshqalar Oliy Kengashdagi ishlaridan chetlatildilar. Kimdir bo’shatildi, kimdir qisqartirishga tushdi, kimdir quvildi. Xalk deputatlari Murod Jo’raev, Inomjon Tursunov, Shovrux Ro’zimurodov kabilarning qismati nima bo’ldi? Ular millatning guli edilar. Karimov «qilichi» bu gullarni kesib tashladi.

Ajoyib qalamkash, dramaturg Inomjon Tursunov Karimovdan boshqacha fikrlagani uchun hibsga olindi. Murod Jo’raev ham jinoyatchi deb topildi va hokazo. G’araz asosiy fazilatga aylandi. Har kun, har soatda kimdir g’araz yo’lida qurbon bo’ldi.

Amir Temur: Ikkinchi. Men har doim Islomga qat’iy rioya qilardim.    

Islom Karimov doim Islomga qulluk qiladi. So’zda. Kalomini «Insholloh»dan boshlab «Insholloh» bilan tugatadi. Qo’lini kalamulloga qo’yib qasam ichgani hali yodimizda. Ammo Hollandiyaga borganda «Bizda Islom xavfi bor, shu bois qattiqqo’lman» degan ham u. Misrga borib esa Al-Ahzar dorilfununining ilohiyot borasidagi yuksak xizmat uchun beriladigan unvonni olib qaytgan ham u.

Tojikistonda ozodlik istaganlardan qo’rqib dunyoga jar soldi: «Islomparastlar, dinparastlar odamlarning boshini kesishmoqda!».

Makkaga borib qaytganda esa katta majlislarda «Men Xudoning uyiga borib keldim, hojiman, bilib qo’yinglar» dedi.

Bir tarafda xalqni Qurbon hayiti bilan tabriklab, ikkinchi tarafda madrasalar, machitlardan odamlarni quvishga amr berdi. “Musulmonman” degan zot uchun bu dunyo zulmatga aylandi.

Din arboblari qatag’onga uchradilar. E’tiqod, iymon, ishonch, diyonatni asragan, avaylagan kishilar xavfli shayton, tilyog’lamachilik, aldov, kazzoblik, manfaatparastlik, rishvatxo’rlik qullari esa rahmon bo’lib ko’rindilar.

Amir Temur: Uchinchi. Men kambag’allarga ko’p xayru ehson qildim, va muammoni diqqat bilan tekshirdim, va uni mumkin qadar to’g’ri hal qilishga butun jahdimni sarfladim.     

Islom Karimov ulug’ jahongirga sodiq yo’l tutishni istadi. Muallimlarga tekin uy-joy berish, yolg’iz qariyalarga imtiyozlar, urush nogironlariga mashinalar tarqatish kabi farmonlarni eslang. Oylab, yillab bu «dono» farmonlar targ’ib qilindi. Amalda esa muallimlar tekin uy-joy olishgani uchun o’zgalardan yetti marta ko’p ijara puli to’lashga giriftor qilindilar.

Yolg’iz qariyalar… Millat ichida yolg’iz qariya yo’q edi. Ular farzandlari bilan yashardilar. Bu farmon rus tilli xalqlar vakillari himoyasi uchun yaratilgandi.

Urush nogironlarining mashina olish uch o’n millionlari topilmadi. Darvoqe, kambag’allarga «er berildi».

Avvaldan qurilish materiallari jamg’arilmagani uchun bu borada qimmatchilik yuz berdi, taqchillik boshlandi. Keyin yana yer tortib olindi. Bu el-ulusga ayon haqiqat…

Parkentda o’ldirilgan yigitlar ruhi hamon osmonimizda chinqirmoqda.

Farg’onada shahidlar haqorat qilindilar.

Andijonda may kunlari hibsxonalarda yigitlar qiynoqqa solindilar.

Namanganda askarlar tinch aholini qirg’in-barot etdilar.

Dindorlarga qotil tamg’asi bosildi.

Samarqanda mitinga chiqqan yigitlar savalandilar, qamoqqa olindilar.

Qashqadaryoda tahqir bosh tutdi.

Toshkent talabalar shaharchasida adolat istaganlar otildilar…

Mojarolarni «hal qilishda» «qassob»likni eriga etkazgan Temur Alimov, G’ulom Aliev, Buritosh Mustafoyev, Zokir Almatov, Alisher Mardiev, Ismoil Jo’rabekov, Mavlon Umurzoqov va boshqa «milliy qahramon»larning boshi vaqti-vaqti bilan silab turildi.

Bu “Amir Temur davomchisi”ning sodiq «lashkarboshi»lariga muhabbati ramzi edi.

Kundaga qo’yish uchun silangan boshlar.

Amur Temur: To’rtinchi. Xaloyiqqa rahm qildim, barchaga na’f etkurdim. Bunda birovga nohaq ozor etkazmadim va mendan yordam so’rab kelganlarning ko’kragidan itarmadim…         

Rahm-shafqat… Ne-ne onalar o’g’illari Karimovga muxolif bo’lgani uchun iztirobga cho’ktirildi.

Ne-ne bolalar otasi muxolifatda bo’lgani uchun etim qoldilar.

“O’lgan onalarimiz, tirik bo’lib ruhan o’lgan otalarimiz… Qarindosh-urug’larimizda ne ayb?”- deganlar qancha!

Birgina taniqli va ist’edodli jurnalist Ahmadjon Muxtorovning Karimovga shavqat so’rab yozgan o’ndan ziyod xatidan xabardorman. Bunga javoban u «Hali bu kam, uning onasini…» deya haqorat qilganini ham ko’pchilik biladi.

Jizzax viloyatidan kelgan oqsoqollar hokimning g’aroyib qiliqlaridan nolishdi. «Bu qurumsoq chollarni fel’eton qilish zarur» dedi Prezident. Shunday qilindi.

«Ravil, qariya Qudrat Axmedovni infarktgacha olib bor, bilding-mi?»

«Ravil, ana u qo’qonlik danakchi Yusufni emaklat, hamma ko’rsin!»

«Ravil,…»

Har kuni kotibiyat boshlig’i Ravil Abduqodirov xonasidagi apparatdan Prezidentning g’azabli topshiriqlari, ya’ni rahm-shavqati «taralardi». Hech vaqt o’tmay u bot-bot ijrosini surishtirardi.

Amir Temur: Beshinchi. Islomga taaluqdi ishlarni men har doim kundalik va dunyoviy ishlardan ustun qo’yib keldim…         

Karimov ham islomga taaluqli ishlar bilan doim shug’ullandi. Islom davlati qurdi. Machit va madrasalarga qatnovchilar kuzatuv, ta’qib ostiga olindilar. Oddiy xatmi Qur’on majlisidan Makkai mukarramadagi yig’inlargacha ayg’oqchi qo’yildi.

Dindorlar Tojikistonda nohaq qamalgan birodarlarini yoqlab yetti so’zli shoshilinchnoma yuborishsa, Islom Karimov uch oy matbuotni, oynaijahonni ularga qarshi «sayratdi».

Mabodo Makkai mukarramadagi yig’inlarda unga qarshi bir so’z aytilsa bormi… kaz-kazolarning «ovozi o’chardi».

Ayniqsa, diniy idoraning moliyaviy ahvoli unga tinchlik bermasdi. Dahshatli imperiya davrida, ateizm «gullagan» paytda ham huquq tartibot xodimlari bu idoraga bostirib kirishmagan. Lekin Karimov u erdagi har qog’ozni o’zi ko’rgisi va undan dushman barmoqlari izini topgisi kelardi. Bosh prokuror Bo’ritosh Mustafoyev esa bu yerda jinoyatchilik ildiz otgani haqida matbuotga jar soldi.

Demak, Karimov islomga emas, Islomga(o’ziga) sodiqlikni istadi, Tangri yo’lida sodiqlik ko’rsatganlarni o’ziga bo’ysundirish uchun qo’rquv, tahlika olovini sochardi.

Vaqti-vaqti bilan madrasalar, machitlardan xayri-ehson hisobiga kelgan audio va video apparatlarni tortib olardi. Ularning «tili»dan hadiksirardi.

Saudiya Arabistondan kelgan o’zbek machitlardan birida va’z aytib, bu yerdagi xalq og’ir kun kechirayotganini ta’kidlagani bois 24 soat ichida mazkur mamlakatdan kelgan barcha mehmonlarni quvib chiqardi. Hatto ularning elchixonalari yopib qo’yilgani ham sir emas.

Diniy idoralarga o’ziga sodiq kishilarni «saylab» qo’yish ham uning doimiy ishlaridan biriga aylandi. Bu bilan u islomiy ekstremizmga zamin hozirladi.

Amir Temur: Oltinchi. Barcha so’zlarimda doimo haqiqatgo’ylikka rioya qildim.       

Islom Karimovning “haqiqatgo’yligi” u taxtga kelgan ilk kundanoq boshlandi… «Matbuot erkin bo’ladi» deb bot-bot aytdi. Ommaviy axborot vositalari haqidagi qonunning «O’zbekistonda tsenzura bekor qilinadi» degan bosh jumlasini ro’kach qildi. Amalda har bir gazeta «boshi»ga to’rt-beshtadan soqchi qo’ydi. Yuragidagi gapini yozgan qalamkashlarni ozodlik, mustaqillik dushmani deb e’lon qildi. «Erk», «Birlik»ning gazetalari ta’qibga uchradi.

Katta minbardan turib, “O’zbekiston gullaydi”, dedi. Amalda xazon bo’ldi bu yurt. «Pulingizni omonat kassasiga qo’ying, bo’lmasa kuyib qolasiz» dedi. Xalq haftalab omonat kassalari eshigida sarg’aydi. Pul qo’yganlar xoni-moni kuygan kishilarga, millionlar esa tiyinlarga aylanib qoldi.

“Sharof Rashidov masalasida eng oliy haqiqatni men aytaman”, deb minbarga ko’tarildi. Biroq Sharof Rashidovni qoralash, go’rba-go’r qilish haqidagi hujjatlarda o’zining imzosi ham borligini unutdi.

“Mamlakatda hamma o’z ona tilida so’zlaydi, o’zbek tili davlat tilidir”, deb takrorladi. O’zi esa o’zbek tilidagi hujjatlarni chetga surib, rus tilidagilarni o’qish odatini tark etmadi.

Parkent voqealari, Farg’ona fojeasi munosabati bilan tuzilgan komissiyalar haqiqatni oydinlashtirganlarida Islom Karimov bu hujjatlarni g’aladonning «mulki»ga aylantirdi.

Haqiqatgo’ylarni qatag’on qildirdi, aldov ustalarini atrofiga jamladi.

Yolg’on, yolg’on va yolg’on uning siyosiy quroli bo’ldi.

Amir Temur: Yettinchi. Men har kimga va’da bersam, unga vafo qildim.        

Islom Karimovning va’dalari cheksiz, «O’zbekistonni olti oyda jannatga aylantiraman» deb va’da berdi.

Olti oydan so’ng xalq jahannamga ro’baro’ keldi.

«O’zbekistonda ko’ppartiyaviylik sharoitini yarataman» dedi. Erk demokratik partiyasi yo’q qilindi. “Ozod dehqonlar”, «Birlik» va boshqa ko’plab partiyalarni to’lg’ogida bug’di.

«O’zbekistonda hurfikrlilik yo’lini ochaman» dedi. Ammo bir fikrlilik, faqat Islom Karimovni maqtash yo’li ochildi. Fikri borlarning boshi yorildi. Ular tuhmat, bo’hton bilan qoralandilar.

«O’zbekistonda qishloqda yashovchilarni badavlat qilaman» dedi. Qishloqda yashovchilar bir burda nonga zor bo’ldilar.

«Bolalar paxta dalalariga olib chiqilmaydi» dedi. Maktablar yopildi. Oliy o’quv dargohlari butun kuz davomida faoliyatdan to’xtadi. Qahraton kunlarda ham bolalar och-nochor paxtazorda ishlatildi.

«O’zbekistonda demokratiya o’rnatiladi» dedi. Ammo yakkahokimlik, zo’ravonlik o’rnatildi.

«Turkiya yo’lidan boramiz» dedi. Oy o’tmay Xitoy, Shimoliy Koreya yo’liga o’tildi. Russiyani ayovsiz qoraladi. Amalda Russiyaning etagidan ajralmadi.

Hali O’zbekistonda biror kishi Islom Karimov falon va’dasining ustidan chiqdi, deb aytolmaydi. Hatto uning atrofida parvona bo’lganlar ham.

Amir Temur: Sakkizinchi: Doimo o’zimni Allohning erdagi mulkiga posbon, deb bildim.      

Islom Karimov o’zini Allohning erdagi mulkiga mutloq sohib deb bildi. Istasa, yurt tillolarini Shvetsariyaga,            Angliya, Farangistonga olib borib qo’ydi. Istasa o’zbek tillolaridan yasalgan buyumlarni, tillo simli to’nlarni dunyo mamlakatlari bo’ylab sochib yubordi. Muxolifatdagilarning shaxsiy uylarini tortib oldi. Hatto odamlarni ham shaxsiy mulkim, deb bildi. O’zbekistonda qatag’on qilingach, bosh olib chiqib ketganlarni tutib keltira boshladi. Istasa urdi, istasa o’ldirdi.

Karimov zulmidan Vatandan ketib qolish an’anasi bo’lmagan yurtda “vatansizlik” oqimi boshlandi. Ming-ming odamlar O’zbekistonni tark eta boshladilar.

Turkiston ozodligi uchun ruslarga qarshi kurashgan etuk tarixchi Boymirza Hayit o’zi tug’ilib o’sgan Vataniga yarim asrdan keyin qaytishi bilanoq O’zbekistondan quvib chiqarildi.

Ozodlik yo’lida umrini ayamagan Vali Qayumxon yurtiga kelolmay xorijda jon berdi.

Butun tariximiz ko’zgusi arxeologik qazilma boyliklari Rossiyada qoldi.

Paxta arzon narxlarda tashib ketildi.

Qurolli kuchlarga tegishli barcha texnika Rossiya hisobiga o’tkazildi.

O’g’rilik, poraxo’rlik avj oldi. Prezident tayinlagan hokimlar xalqni ayovsiz taladilar. Samarqandda Po’lat Abdurahmonov, Termezda Hakim Berdiev, Buxoroda Damir Yodgorov, Xorazmda Marks Jumaniyozov, Toshkentda Adham Fozilbekov va boshqa o’nlab hokimu hokimchalar uning posponligida zug’umni qurol qilib, xalq boshini yanchdilar. U jallodlarni tayinlashda maqtab, ishdan olishda qoralab tez-tez yangilab turdi…

Amir Temur: To’qqizinchi: Nopok ishlardan butun vujudim bilan o’zimni tiydim.     

Islom Karimovning eng sevgan mashg’uloti atrofidagi odamlarni bir-biriga dushman qilib qo’yishdir.

Vaqtining ko’p qismini ig’vo, «dedi-dedi»ga sarfladi..

U nopok yo’llar bilan odamlarni badnom qilishning ustasi edi. Ayni paytda u maqtovga mahliyo bo’ldi. Prezidentning bunday yo’lga oshuftaligini sezganlar u haqda madhiyanomalar yoza boshladilar. Anvar Jo’raboev «Arbobning kashf etilishi» «asarini» yozib «Xalq so’zi»ga muharrir bo’ldi, Murod Muhammad Do’st «Turkiyadan Turkiyaga» madhiyanomasini bitib unga matbuot kotib, Shavkat Yahyoev «O’zbekiston prezidentini jahon tan oldi»  degan «dostoni»ni yozib Teleradiokompaniyaga rais, Odil Yoqubov «Havo yo’lida bir soat» «asari»ni unga bag’ishlab Atamalar qo’mitasi raisi, Jamol Kamol «Mustaqillik boyligi» turkum maqolalarini e’lon etib Yozuvchilar soyuzi raisi… va hokazo va hokazo. Bu an’anaga aylandi.  Bugun karvonning na boshi na oxiri, na tuyasi na ko’ppagi bor.

Har bir yig’in, voqea oldidan o’nlab kishilarni mansab, unvonlar bilan “tinchitib” turish ham Karimovning sevgan ishlaridan.

Uning xalq orasida latifaga aylangan so’kishlari ham ko’p narsalardan darak beradi. Atrofidagi rahbarlarni «onangni…» deb haqoratlashi, tepishi, tahqirlashi na qozonda va na cho’michda turadi.

Nopoklik kun sayin, soat sayin yoyilib bordi. Bu xastalik – davosi yo’q xastalikka duchor bo’lganlar, bo’layotganlarning sanog’iga birov etsa etardi, lekin ko’pchilik etmasdi…

Amir Temur: O’ninchi: Men iymon bilan qudrat bir onadan tug’ilgan, deb ishonganman.    

Islom Karimov iymonni emas, kuchni yaxshi tushunadi. U qudratni muhofaza va hujum deb biladi. Minglab chiniqqan yigitlardan o’ziga qo’riqchi tanladi. Ammo oralarida o’zbek yo’q. Hammayoqni tintadigan bo’ldi. Hatto Oliy Kengash majlislariga deputatlarni tintuvdan so’ng kirgizdi. Uning huzuriga belgilangan 5-10 kishidan boshqa hech kim kirolmaydi. Xalq bilan uchrashmay, ko’rishmay qo’ydi.

O’zi ishlagan va yashagan binolarni temir panjaralar bilan o’rab oldi. Lazer nurlari bilan qo’riqxona yaratdi.

Xavfsizlik qo’mitasidan siyosatdonlarning telefonlariga quloq tutish boshqarmasini o’ziga oldi.

Ichki ishlar, Prokuratura, Xavfsizlik qo’mitasi shtatlarini ikki-uch baravar oshirdi. U erda ishlayotganlarning maoshlarini yuqori qilib belgiladi. Ularga imtiyozlarni berdi. O’qituvchi, shifokor kabi kasb sohiblariga esa sariq chaqa ham “in’om” etmadi.

To’plangan odamlarni tarqatish, do’pposlash, muxolifatni tor-mor etish bo’yicha batalonlar tuzildi. Ularga afg’on urushi qatnashchilari, rus tilida gaplashadiganlar  jamlandi. Ne-ne yostiqlarni quritdi bu kuch!

Chet mamlakatdagi ish.bilarmonlarni sotib olib, ular orqali o’sha mamlakatlarga tashrif hozirladi. Oqibatda o’z turistik safarlarini qudrat deb kursatdi.

O’zbekiston bo’g’zigacha qarzga botdi. Hatto Turkmanistondan qarz olishgacha etdi. Buni xalqdan yashirdi. BMTga borganda «Biz qarzi yo’q davlatmiz» dedi. Vaholanki, faqat Rossiyadan O’zbekistonning qarzlari trillionlarga yetib qoldi.

Islom Karimovning bunday «qudrati» yurtni og’ir kunlarga boshladi. Vaqtida milliy pul kiritilmadi. U yagona rubl zonasiga imzo chekdi. U yerga haydalgandan keyin ham O’zbekistonning pulini chiqarishni orqaga surdi. Iqtisod emirildi, u esa «qudratini» tutish bilan ovora edi. Etik tor kelgach, pul chiqarishga qaror berdi.

Amir Temur: O’n birinchi: Men doimo sayidlarga ehtirom bilan qarardim, ulamo va shayxlarni e’zozlardim.            

Sayidlar, Payg’ambar avlodlari, Haqni haq deguvchilar… Ularning boshida qay bulutlar aylangani, aylanayotganini butun dunyo ko’rib turibdi. U ham ulamolarni e’zozlardi. Agar adib Said Ahmad uni maqtasa, Hamid G’ulom, Mirmuhsinlar doimgidek madhiya o’qisalar, Odil Yoqubov, Pirimqul Qodirov, O’tkir Hoshimov… oqlovchilik qilsalar e’zozlardi. Erkin Vohid, Abdulla Orif… laganbardorlik evaziga u kishining e’zozlarida. Ahmadali Asqarov, Po’lat Habibullaev, Erkin Shayxov, Ozod Sharafiddinov, Akmal Saidov… kabi olimlar ham e’zoz qurshoviga kirdilar. Sababning ham sababi bor.

Islom Karimov ulamolar – fozilu fuzallolarni faqat madhiyago’ylar deb biladi. Ular uning «O’zbekistonning o’z taraqqiyot va istiqlol yo’li» va boshqa kitoblarini yozib berdilar. So’ng o’zlari majlislar, ilmiy konferentsiyalar o’tkazib, uni maqtadilar, ko’klarga ko’tardilar. Ammo xalq ahvolidan so’z ochmadilar.

Ulamolarning «kashfiyot»lari shu darajaga borib etdi-ki, O’zbekistonda yashayotgan yuz yoshdan ziyod umr ko’rganlar nomidan Prezidentga uzoq umr tilab murojaat “bitdilar”. Bunday “kashfiyot” bilan ismi-sharifini yozolmagan, ostona hatlab tashqariga chiqolmagan qashqadaryolik, buxorolik, surxondaryolik, qoraqalpog’istonlik onaxonlar, bobolarning ustidan kuldilar.

O’zbekiston fani, adabiyoti, san’ati esa orqaga ketdi. Islom Karimov zamonida dunyoga tatigulik qanday asar yoki yangilik yaratildi?

Namanganda neft qazishdagi katta falokatni ulkan yangilik deb jar soldilar, mukofotlar oldilar. Katta boylik esa 60 kun yondi. Uni to’xtatib bo’lmadi. Olov o’zi tingachgina, «Olov bo’ysundirildi» deb xitob qilindi. Kashfiyot shu qadar edi. Ammo Karimov akademik bo’lmagan akademiya qolmadi. Brejnev tirik bo’lganda balki unga hasad qilarmidi?!

Farhod Ro’ziev kabi olimchalar esa «Islom Karimov dunyoda yangicha yo’l yaratdi, uni Nobel mukofotiga taqdim qilish kerak» deyishgacha borib etdilar.

Na iloj, e’zozni qullik kaltagi, deb tushunganlar xato qilishmadi.  Vaqtinchaga. Bir kunmas bir kun ularni “e’zoz kaltagi” sindirib tashlasa, aslo ajablanmayman. Bu zolim podsholarga xos hunar.

Amir Temur: O’n ikkinchi: Men o’zimning ikromiyatim va rahmdilligim tufayli kishilarning eng past tabaqalarining ham, hattto boshpanasiz gadolarning ham rahmatiga sazovor bo’ldim.

Islom Karimov rahmat olishning boshqa yo’llarini yaratdi. Bolasiga «Islom» deb, uning ismini berganlar gilamli, uyli, bolalari esa qo’g’irchoqli bo’lishdi. Hatto tili chiqmagan bolakaylarga faxriy yorliq va Prezidentning maktubi topshirildi.

Gadolar shu qadar ko’payib ketdilarki, joy talash janjali bilan ovora bo’lib Islom Karimovni maqtashni ham unutdilar.

Biroq, gazetalar, radio, oynaijahon ularning o’rinlarini to’ldirib turdi. Rahm-shavqat haqida afsonalar to’qildi, qo’shiqlar aytildi, ammo birov uni ko’rmadi…

Nihoyatda qisqa taqqosimiz budur! Ummondan qatra. Bugun dahshatli ummonning barcha kulfatlarini sanashning uzi azobdir. Faqat, uning qatrasida shu qadar jinoyatlar, qabihliklar yashirin.

Shu bois ham Karimov nomi aytilganda ulug’ sohibqiron nomlarini yonma-yon keltirish bobomiz  ruhiga haqoratdir.

22.MAQSUDIY NIMA DEYDI?

“Amerika Ovozi” radiosida ishlab yurganimda (1999-2004) doim Islom Karimovning qudasi-Maqsudiylardan intervyu olishni o’ylardim. Chunki Islom Karimovning sirlarini ularchalik biladigan boshqa odam yo’q. Yana bir kishi bor. U ham bo’lsa prezident devoni Umumiy ishlar boshqarmasining rahbari Zelemxon Haydaraov. Ammo u hali otda. Qachon otdan tushsagana undan biror gap olish mumkin. Naqdi Maqsudiylar. Bu haqda doim Maqsudiy bilan quda bo’lgan hamkasbim Rano Habibga aytsam, u “Gaplashib beraman” derdi, ammo natija chiqmasdi.

Bir kun ruslarning gazetasida Maqsudiylar haqida tanqidiy maqola chiqib qoldi. Ko’rinishicha Gulnora Karimova yozdirgan va bir qancha maqsadni ko’zlagan maqola. Uni Rano opaga ko’rsatib, “Endi ham Maqsudiylar gapirishmasa, tarix oldida yuzlari shuvut bo’lib qoladi” dedim va maqolada ko’zda tutilgan maqsadlarni unga tushuntirib berdim. U Maqsudiylarga aytgan edi, ular maqolani ko’rishni istadilar va javob berishga rozi bo’ldilar. Darhol yo’lga chiqdim.

Uchrashuvimiz xuddi izquvarlar filmlaridagi kabi bo’ldi. Menga avval Nyu Jersey shtatining poytaxti Nyuakga kelishim aytildi. U yerga Mansur Maqsudiyga telefon qilsam, “Morristovn shahriga kelishingiz kerak” dedi. Sel yog’ib turgandi. Arang yetib bordim. Mansurga telefonda׃ “Temir yo’l ko’prigi ostidan o’tib, qarshi tomonga yura boshlasangiz biz o’zimiz sizni topib olamiz” dedi.

Mashinada o’tirgan Farhod degan yigitni tanishtirdi va uning radioga  gapirishini aytdi. O’zi esa “Financial Times” gazetasiga “boshqa joyga gapirmayman” deb so’z berganini bahona qildi. Uzoqda, o’rmonlar ichidagi hovliga otasini ham keltirgan ekan, o’sha erda uchrashdik.

Agar zolimning sirini bilsang Amerikada ham qo’rqib yashash kerak. Shuning uchun ham bu sirdan vaqtida qutulish lozim. Abdurauf Maqsudiy esa qutulmoqchi emasdek ko’rindi. U bir qog’ozni to’ldirib yozib olganini, shuni o’qib berishini aytdi. Bu orada kimlardir tinimsiz sim qoqib turar va voqealar jarayonidan xabardor bo’lishni istayotganlari sezilardi.

Ular mendan ham shubha qilayotgan edilar va buni tushinishga harakat qildim. Mikrofon ishga tushgandan keyin baribir og’ir savollarim bilan u kishini gapirtirishga muvaffaq bo’ldim.

Suhbat tugagach, u kishi o’g’liga “Sen faqat mana shuni o’qib berasiz, deganding, bu odam meni qiynab yubordi-ku” dedi uf tortib.

Mansur mendan ranjidi va qo’limga yarim qog’ozlik bayonotini berib, “Mana shuni radioda o’qib bersangiz” etadi, dedi. Ammo uning o’zini ham gapirtirishga muvaffaq bo’ldim. Keyin esa Farhodni. Suhbatimiz soat 23.05 da tugadi va chiqib, har tomonga tarqalib ketdik. Mehmonxoda qoldim. Mamnun edim. Chunki favqulloda muhim gaplarni olishga erishgandim. Ertasiga Vashingtonga qaytib, suhbatlarni eshittirishga tayyorladim.

Maqsudiylar telefon qilib suhbatlardan ba’zi joylarini olib tashlashni so’rashdi va kasbim nuqtai nazaridan buni bajo keltirdim. Lekin bu umumiy mazmunga soya tashlamadi.

2003 yilning 11 Avgustidan boshlab, ya’ni dushanba kunidan 17 avgust yakshanbaga qadar suhbatlarni efirga uzatdik va bu suhbatlar Islom Karimovning kimligini ochishda nihoyatda katta ahamiyatga ega edi. Shu bois mazkur suhbatlarning matnini, magnit lentasiga qanday tushgan bo’lsa shu holda aynan keltirmoqchiman.

ABDURAUF MAQSUDIY BILAN SUHBAT

-O’zbekistonda juda ko’p odamlar Abdurauf Maqsudiy deganda birinchi navbatda O’zbekiston prezidenti Islom Karimovning qudasi edi bu odam, degan nuqtai nazardan tanishadi. Demak, shundan kelib chiqadigan bo’lsak, birinchi savolim – Abdurauf Maqsudiy o’zi kim? Buni siz o’zingiz qanday ta’riflaysiz?

-Rahmat Jahongir aka! Men Abdurauf Maqsudiy aslan O’zbekistonda tug’ilib, O’zbekistondan 1931- yillarda otam O’zbekistondan Qashqarga ketgan. Qashqardan keyin Turkistonga kelgan. Bundan keyin Afg’onistonga hijrat qilgan. 46-yilda Afg’onistondan Arabistonga ketganmiz. Ikki yil Arabistonda turib qaytib Afg’onistonga kelganmiz. Biz hamisha tijorat bilan shug’ullanganmiz. Tijorat ishlarida bo’lganmiz. Otam rahmatlik savdogar bo’lgan. Amriqoga kelishdan maqsad, man birinchi marotaba kelganim 1965 yilda tijorat ishlari bilan Amriqoga kelib, Amriqoni ko’rib, shunga qaror berdimki, bolalarimni ham Amriqoga olib keldim shu erda yoshlikdan o’qishsin deb.

1972 –yilning oxirida uchta bolamni ham Amerikaga olib kelib ularni bu yerda maktabga joyladim. Undan keyin o’zimiz Afg’onistonda edik. Afg’onistonda shu sanoat ishlari, fabrikalar qurgandik, tijorat qilardik.

79-yilda Afg’onistonga rus hujum qilib, Afg’onistonni olgandan keyin sekin-sekin Afg’onistondan man ham chiqib ketdim.

-Adashmasam 1994 yilda “Erk” gazetasida bir maqola chiqqan edi. O’shanda aytilgan ediki, siz Afg’onistonda bo’lgan paytingizda, ruslar kelganda, siz Afg’oniston Sovet Savdo Jamiyatini raisi bo’lgan edi, deb yozishgandi. Shu to’g’rimi?

-Shu narsaga taklif qilishuvdi, men hech davlat ishini, siyosiy ishini yaxshi ko’rmasdim, hech qabul qilganim yo’q shuni. Shu ishga hamisha meni chaqirishgan, o’sha joyni menga saqlashgan, o’sha paytlarda men tashqariga chiqib ketardim. Qabul qilganim yo’q. Men davlat ishini hech yaxshi ko’rmasdim.

-Mana Amerikaga keldingiz, endi tabiiyki chetda yashagan har bir turkistonlik, nega o’zbekistonlik demayapman, turkistonlik, chunki O’rta Osiyodan chetga chiqqanlar hammasi o’zini turkistonlik deb biladi. Mana shular o’zi tug’ilib o’sgan joyning mustaqilligini orzu qilgan. Mana shu mustaqillik ham nasib bo’ldi, shu odamlar ham ko’rdi. Lekin qanday bo’ldi-yu siz mustaqil O’zbekistonning prezidenti bilan quda bo’lib qoldingiz? Bunga nimalar sabab bo’ldi? Qanday tasodiflar bo’ldi? Shu haqda ikki og’iz gapirib bersangiz.

-1984 yilda kam-kam o’zbeklar Moskva orqali sayohat uchun Amerikaga kelishardi. Ularni ichida ko’p yozuvchilari bor edi, shoirlari bor edi. Ilmiy odamlar bor edi. Juda ko’p o’sha Maskov yo’li bilan sho’tga kelishib, bir hafta, o’n kun kelishib turganda, biz hamisha ulardan xabar olardik… Shu fursat bilan biz O’zbekistonlik olimlar bilan tanishdik. Ular hamisha Toshkand yoki O’zbekiston nihoyasini ko’rib, boshqa dunyoni holatini ko’rib, sho’tga kelishganda hammadan iltimos qilishardiki, kelinglar O’zbekistonga, bizni qo’limizdan bir ish kelmaydi, o’sha erda bir ish boshlanglar, odamlarga ish topilsin. Ko’p holatimiz yomon, deb shunaqa bizni taklif qilishgandi O’zbekistonga. U vaqtda man na Karimovni tanirdim va hech kimni tanimasdim, faqat shu kelgan olimlarni tanirdim. Faqat bularni ichida boshqa odamlar ham bor edi. Endi otini aytsam bularga darrov zarar etadi. Ular ko’p taklif qilishgan. 90–yil man qaror berdimki hay, O’zbekistonga boray, O’zbekiston iqtisodiy va tijoriy faoliyatini joylarda ko’ray, o’limdan keyin bir manfaatim mamlakatimga tegsin degan niyatda man O’zbekistonga bordim.

-Lekin mana bugun o’zbek matbuotida ham, rus matbuotida ham, agar bir nazar tashlaydigan bo’lsak, bitta narsani ko’rayapmizki, aytishayaptiki, Abdurauf Maqsudiy O’zbekistonga faqat pul qilish maqsadida kelgan edi, degan narsani aytishayapti. Bunga nima deysiz?

-Albatta men tijoratchiman. Hamma joyga borsam o’zimni tijoratimni qilganman. Endi O’zbekistonni qo’ying, boshqa tamom dunyo tijorat uchun ozod. O’zbekistonga borganim albatta savdogarman, pul topishim ham kerak, lekin ko’proq xalqqa manfaat etkazish.

O’zbekistonga borib “Rost trening” shirkatini qurdim. “Rost trening” shirkatidan keyin “Koka-kola” zavodlarini…90 yilda O’zbekistonga bordik. Hali u vaqtida ozodlikmasdi. Karimov eshitdi. Bormaganimizdan oldin ham Karimov bu yoqqa bir xat yozib, Abdurauf aka, keling O’zbekistonga, deb da’vat qilgan edi. Man uni da’vati bilan bormaganimdan keyin Shukrullo Mirsaidov ham da’vat qildi. U kishi bu yerga kelgan edi. Ibrohimov degan…

-Mirzaolim …

-O’sha deputatlarni raisi bor edi…

-Mirzaolim Ibrohimov…

-U kishidan ham da’vat keldi. Xay, yana mamlakatimizni ko’raylik deb, shavqi-zavq bilan o’sha yerga bordik. Borib sekin-sekin holatni ko’rib, ish boshladik. Tanishdik… Albatta meni xalq quda bo’lishimdan oldin tanirdi, men xalqni tanirdim.

Ha bu dunyoda taqdir, qismat bor ekan, uch yildan keyin ba’zi odamlar o’rtaga tushib… Xulosa 90-yildan keyin, biz 91-yilda bu ishlarni boshladik hammasini. Boshlaganimizdan keyin, mana ko’rdingizki, manfaat ham qildik, albatta qilamiz, nima desam bo’ladi tijorat qildik. 2500 ishchi bizda bor edi. Siz mana o’zingiz dunyoni ko’rayapsiz 2500 odam bir joyda ishlasa 25 ming odamga ish topiladi. Masalan tovar tashish, savdo-sotiq, moshinalarda yuk tashish bilan 25 ming odam o’shatta ishlagan…

-Lekin endi mana bugun yozishayaptiki, mana shu odamlarga yaxshi haq to’lashmagan va ayni paytda o’sha shirkatlardan taks(soliq) to’lanmagan. Bu yerda asosan qallobchilik qilingan. Faqat o’z manfaatini o’ylaganlar. Birov agar biron narsa desa darrov ishdan haydashgan, degan gaplar… Bularga nima deysiz?

-Bu gaplarning hammasi yolg’on va tuhmat. Biz nalogini to’laganmiz, dunyo bo’yicha katta kompaniyalar borib hisobimizni ko’rgan. Hammasida hujjatlarimiz bor. Mana biz chiqib ketganimizdan keyin, Islom akani qizini o’g’lim qo’yib yuborgandan keyin biz o’g’ri bo’ldik. Undan avval o’g’rimasdik. Asosan men 93-yilda dachadan chiqib ketdim. Dachada o’tirardim avval ko’rgan bo’lsangiz. Sal Islom akadan man uzoqroq turay dedim. 93-yilda Islom aka o’zi va oilasi bizga talablar qo’yishni boshladi. Bu talablarni, qo’ygan talablarni ham vaqtida aytib beraman hammasini. Yo’q, manga to’g’ri kelmadi bu ish. Man bir ozod yashagan insonman. Islom akadan uzoqroq turay deb, joyim yo’q edi, borib Qatortoldagi omborimda yashadim. To yer oldim, joy oldim… Joydi bitkazgunimcha o’sharda yashadim. Islom akadan uzoqroq turdim. Hozirgacha bo’ynim mana shundoq… Hech kimni o’rtasida Islom akaga tushganim yo’q falon ishda shu odamga yordam bering deb. Man Islom akaga… Man qudasi edim. Man qanday bir odam… Masalan siz qudangizga hech bo’yningizni egmaysiz. Bir do’stingizga egasiz. Mani bir majburiyatim yo’q, Islom aka, keling bir yordam bering deyishga. Islom akani manga ehtiyoji bor…

-Lekin mana siz aytayapsizki, ba’zi talablar bo’lgan edi, keyin aytaman, deyapsiz. Shu keyin aytaman deganingizning ortida nima gap bor?

-Uka, siz bilmaysiz, mani ikkita nevaram ularni qo’lida. Uchta qarindoshimni ular qamab olishdi. Bir kun o’tirganimda Amerikada… Zelemxon Haydarovni bilsangiz kerak, Zelemxon Haydarovdan manga telefon keldi.

-O’zbekiston prezidentining Umumiy Ishlar Boshqarmasining boshligi…

-O’ng qo’li deyiladi O’zbekistonda. U odam kuchli…Zelemxon akadan manga telefon keldi-ki, “Abdurauf aka, Islom aka va oilasi chaqirib menga buyruq berdiki, Abdurauf akaga telefon qiling, shu Mansur Gulnorani qo’ygan talablariga… Talablarining ichida bittasi shu-ki, Mansur avlodidan kechsin. Avlodidan kechsa na sizlarni zavodlaringizni olamiz, na sizlarni joylaringizni olamiz, na uylaringizni olamiz, hammasini sizlarga qaytarib beramiz. Shu Mansurga ayting, shu ishga qo’l qo’ysin. Nima deydi?”.

Mansur turib aytti-ki, nima qilsa qilsin, man bolamdan qanday qilib o’taman, dedi. Endi bunga bir sabab borki, inson bolasidan qanday qilib o’tadi? Endi Karimov o’zi bunga o’rganib qolgan, oldingi xotinini qo’yib yuborib, bolalaridan kechgan. Biz inson bolasi edik biz. Boshqalarni qanday bilsin, millatni qanday bilsin!? Shu sabablar uchun 93-yildan buyon man bu odamdan uzoqlashdim. Man shu Qatortolda yashayman, qanday holatga tushganimni man o’zim bilaman.

-Har holda bir odamni tanish uchun o’n yillar etarli bo’lsa kerak. Shu o’n yilda ozmi-ko’pmi tanidingiz. Shu tanigan odamingizdan nevaralaringizni olishingiz mumkinmi?

-Albatta, mana Amriqoda adolatlik. Na bu yerda bir odam bittadan biror narsani iltimos qilolmaydi, hammasi pul. Amerika sudi mana shetta qaror berdi. Nevaralarimni qaytarib bersin, odamlarni qo’yib yuborsin, har narsa deb… Hozir avvalgi gapim chala qoldi. Shu Zelemxon Haydarovni aytgan gapi, mana shuni yozing, Zelemxondan so’rang, agar Zelemxon aka shu gapidan tonsa, man subutini sizga qo’yib beray…

Suddi qarorini eshitgan bo’lsanglar kerak. Bugun Gulnora Karimova yo deyarli boshqa uning do’stlari-yu yo boshqa davlat odamlari ko’p bu yerda harakat qilishdi. Suddi aldashmoqchi bo’lishdi. Lekin sud ana hammasini yozdi. O’qigan bo’lsanglar. Bu yerda O’zbekistonga o’xshagan emas-ki, bu yo’l bo’lsa bunday qilgin deb. Inshoollo olamiz nevaralarimizni. Hech kimga… Xudodan boshqa hech kimga bir narsa qolmaydi. Zulmning oxiri barbod. Bunday olganda Islom akani kim yaxshi ko’radi? O’zingiz ayting… Yomon ko’rgan odamni “Xalq dushmani” deb ham e’lon qildi. O’n yil, yigirma yillab odamlarni qamagan. Ba’zi sessiyalarda bo’lgan gaplarni eshitgandirsiz, avvalda, nimalar degan bu odam? Yalinib turardi odamlarga. Hozir endi hamma yog’ini o’ziga qilvolib, o’ziga yaqin odamlarni qo’yvolib… O’zbekistonga masalan, bir protsent ham inson huquqi yo’q. Siz nima deysiz shu gapga, inson huquqi bormi O’zbekistonda?

-Jahon jamoatchiligi O’zbekistonni inson huquqi paymol etilayotgan joy deb turibdi. Lekin mana shu gapni shu o’n yil davomida biror marta qudangizga aytmadingizmi?

-Aytdimku sizga, man 93-yildan buyon bu odamdan uzoqlashganman. Tug’ilgan kuniga aytardi, vaqti kelganda o’shanda man chiqib ketardim. Juda borgan bo’lsam shu o’n yilni ichida o’n marta shu odamni uyiga borganim yo’q. Unda ham nimaga borardim? Keliningizni olib shu 92-93- yildan keyin nevaralarimni ko’rgani borardim.

-Endi mana O’zbekiston hukumati tarqatayotgan xabarlarga ko’ra, O’zbekiston Respublikasi Prokuraturasi tarqatayotgan xabarlarga ko’ra sizlarni “Interpol”ga berishgan, ya’ni xalqaro qidiruvdasizlar. Siz va ikki o’g’lingiz O’zbekistondan juda ko’p pullarni o’g’irlab ketgan, qolaversa Amerikani o’zida ham juda ko’p taksdan, haligi taks degani soliq, soliqdan o’g’irlagan… Juda ham ko’p da’volar bor. Umuman mana shu borada nima deysiz?

-Biz hayotimizda taksdan o’g’irlagan emasmiz. Musulmonmiz avvalo. Taks bersangiz pulingiz halol bo’ladi.

– Soliq…

-Ha, siz bergan solig’ingiz g’arib odamlarga ishlatiladi. Buni barakasi bo’ldi. O’zbekistonda nimaiki taksni bergan bo’lsak Amerikada ham shu taksni berganmiz. Bu yerda davlatni ko’zi munday yumiq emas. Qayerda bir amerikalik tashqarida ish qiladigan bo’lsa uni tijorati bilingan. Amerikada bitta odamni cho’ntagida 500 dollar naqd pul bo’lmaydi. Hammasi bonkada bo’ladi. Bu Karimov akaga o’xshagan… Endi hozir aytolmayman, faqat ikkita nevaram va uchta qarindoshimni ushlab qolgan… Qaysi qonun bilan ushlagan? Qizi dunyo bo’yicha nima o’g’irliklar qilgan? Sessiyada e’lon qildi o’zi Karimov bir odamni bolasi gunoh qilsa otasi javobgar deb. Eshitganmisiz?

– Eshitganman.

-Qizi shunday yomon ishlarni qilayapti, Karimov javobgar. O’zini o’zi Karimov qamasin. Qizini qilayotgan ishidan xabaringiz bo’lsa kerak!?

– Xabarimiz yo’q…

-A, o’qinglar gazetlarni, nimalar qilayapti, nimalari bor uni… Qaysi bonkalarda puli bor buni, hammasini sizlar bilinglar. Surishtiringlar…

-Jumladan shuni bilish harakatimizdan bittasi shu, mana sizdan so’rayapmiz, siz bilganlaringizni ayting.

-Man sizga ilgariroq aytimki vaqti soati bilan hammasini…Keyin yana siz bilan gapirishamiz, inshoolloh. Yana gapirishamiz.

-Mana aytayapsizki meni qarindoshlarimni qamagan deb. Shu qarindoshlaringiz kimlar? Qachondan beri qamoqda.

-Biz chiqib ketganimizdan keyin… Ular o’zi tijorat qilardi. Bittasi bizda ishlardi, bittasi meni bojam bo’ladi.

– Ismlarini ayting?

-Bittasi meni qaynog’am bo’ladi, Said Jamol degan. Bittasi meni jiyanim, ham bojam bo’ladi-Said Dovud degan. Uchinchisi meni bojam bo’ladi Hoji Abdushukur degan. Biz chiqib ketganimizdan keyin… Bizni chiqib ketishimiz juda qiziq bo’ldi. Juda g’alat bo’lgan. Biz chiqib ketishimizda… Daf’atan o’shattan bizga xabar berishdi-ki… do’stlarimiz bor O’zbakistonda… O’zbakistonda yaxshi o’zbaklar borki, yaxshi musulmonlar bor…Abdurauf aka, chiqing dedi. Biz Amerika saforatiga ayttik, Amerika saforatidan bizga yordam bo’lib chiqib ketdik. Biz chiqib ketganimizdan keyin, 10-15 kundan keyin bularni olib borib qamadi. Bular nima ish qilgan, nima gunoh qilgandi? Ularni chiqarishi qandoq bo’ldi? Bir to’rt-besh kishini uylarini olishdi, joylarini olishdi. Tijorat qiladigan mollarini olishdi. Bittasini uch-to’rt million dollarini olishdi. Kechasi kelib ikki avtobusga solib, “Hayraton” ko’prigidan o’tkazib yuborishdi. O’n oltiga kirgan bitta bola sovuqdan o’ldi. Istalin ham bunchalik qilgan yo’q-ku! Istalin… Karimovni nima uchun gazetlarda O’zbekiston Istalini deydi? Biz shu bir o’zbekni istalin deganiga sharm qilamiz. Albatta siz ham O’zbekistonda bo’gansiz, ko’rgansiz. Mana bugun bir yozuvchisiz, ozod mamlakatda yashayapsiz. Siz ham o’zingiz ayting bu odam nimalar qilgan insonlarga? Shu gaplarim to’g’rimi, to’g’rimasmi? Kam odamni olib borib qamadimi?

– Siz aytgan qarindoshlaringiz qayerning fuqarosi, Amerikanimi?

-Yo’q, bittasi Pokistonni fuqarosi, uchtasi Afg’onistonni fuqarosi.

-Ularga qanday ayb qo’yib qamagan?

-Hech aybini bir tagi yo’q. Mana shu yolg’on bizga yozganda. Faqat meni qarindoshim bo’lganligi uchun…

-Endi, odatda podsholar bilan yaqin bo’lish masalasi nihoyatda bir murakkab masala. Juda ham yaqin bo’lsang kuyib ketasan, uzoq bo’lsang muzlab ketasan, degan gap bor.Boshida shuni hech bir o’ylamadingizmi?

-Samarqandliksiz, forscha ham bilasizmi?

-Oz-moz…

-Bitta forsiyda Sa’diyning aytgan she’ri bor. “Qurbi sulton otashi so’zon buvad”, ya’ni “Sultonning do’stligi do’zaxday bir o’t” deydi. Xo’p, biz bu odamga qo’limizdan kelganini qildik. Qo’limizdan kelganini qildik. Ammo siyosiy ishlarda emas.Yoki xalqdi ozor bertishda emas…

-Lekin shu do’zaxni bila turib, do’zaxga o’zingizni urdingizmi?

-93-yilda ayttim bundan man chiqib ketdim, bundan uzoqlashib ketdim. Hamma biladi. O’sha Qatortolda omborda yotganimni besh oy hamma biladi. O’sha Karimovdan o’sha vaqtida… daf’atan ishlarimiz cho’ziliob ketdi, boshqa bo’ldi, bunaqa qarindosh bo’lib qoldik. Daf’atan tashlab chiqib bo’lmasdi. Eng yaxshi bizni maslahatimiz shu bo’ldiki u odamdan sekin-sekin…

-Xo’p, mana o’sha quda bo’lgan, dastlabki yaqin bo’lgan yillaringizga agar qaytadigan bo’lsak, boshida ularning oilasidagi vaziyat qanday edi? Masalan odamlar qiziqadi shu prezidentning qizlari bilan munosabati, qizlarining otasi bilan munosabati, qizlarining qaynotasi bilan munosabati, qudalarning uzaro munosabati … Shular haqida ham?..

-Bu haqida sizga hech nima aytib berolmayman, hozir aytolmayman. Ko’p narsalarni hozir aytolmayman. Qachonki ikkita nevaramni sizlar obkeb beringlar, keyin man sizlarga kitob-kitob qilib aytib beraman.

-O’zingiz nimalarni aytish kerak deb o’ylaysiz?

-Hach narsalarni… Ko’p narsalarni… Man shunday ko’rgan narsalarni sizlar ko’zingla bilan ko’rmagansizlar. Man ko’rganman. Nimaiki qilgan bo’lsam o’zbek xalqi biladi. Mana misol tavrida, tijoratimdan ana sizga qilgan ishlarimdan gapiraman. Misol tavrida sizga ikkitasini aytay. Shoyimardonni sel olib ketganda hech kim qatnashmadi, men qatnashdim. 67 ta uy qilib berdim. Ko’priklarni tuzatdim. Yo’llarni tuzatdim. Daryolarni tuzatdim. Xalqqa bir kasalxona qilib berdim. Million-million, yuz millionlab etta pulim ketdi. Ammo bu minnatmas. Xalq orom bo’ldi, ko’p xursand bo’ldi. Meni xalq yaxshi biladi. Karimov shu… 91-yildan keyin u bilan quda bo’ldik. Undan oldin bizni xalq bilarmidi, yo bilmasmidi? Yana aytsam yaxshi bo’lmaydi, O’zbekistondan kelgan betta mehmonlarni hammasini biz hurmatini qildik, yordam qildik. O’shani uchun bizdi biladi. Biz O’zbekistonga borib nima qildik? Faqat xalqqa yordam qildik, xalqdi ko’zini ochdik, ish berdik…

-Endi, Karimov bilan yaqin bo’lgan paytlaringizda muxolifat sizni qoralab keldi. Aytishdiki, bu odam Afg’onistonda ham shu ishni qilgan, O’zbekistonga ham kelib mana, bug’doy deb necha million pulni Amerikaga olib ketdi, bug’doy olib kelinmadi. Samarqand xolodelniklarini olib ketib sotdi, uni sotdi, buni sotdi, hatto shu darajaga borib etdiki “Koka-kola”ni xo’jaini faqat shu odam bo’ldi. Boshqa odamlar bunga o’xshagan shirkatlar ochaman, desa urib tashlandi, degan gaplar aytildi. Endi bo’lsa ayni gaplarni Karimov hukumati ham aytayapti. Buni qanday tushunish mumkin?

-Man O’zbekistondan, masalan Samarqanddan xaladelnikni olib bekorga oldim-mi? Bekorga berdim-mi? Yo masalan bug’doyga pul olib bug’doy bermadimmi?

-Lekin Karimovning qudasi deb bekorga bergan bo’lishlari mumkin-ku!

-Yo’q. Bu narsalar qizini qo’yib yuborgandan keyin bu gaplarni endi chiqaradimi? A, Karimov degan bir mamlakatni prezidenti. Mana Zelemxon Haydarov bor edi. Qizi janjal qildi Toshkentda menga. Man aytdim, “E, Zelemxon, bu qizga ayting, Islom G’anievich Karimov bugun 25 million odamning otasi, yolg’iz Gulnorani otasi emas”. Gulnora keyin manga aytdi-ki, “Seni qamatamiz, hamma narsani olamiz, u qilamiz, bu qilamiz”… Man aytdim, “Bor qo’lingdan kelganini qil, otangga ayt”… Manga avval aytdi-ki, “Otamni fikrini ishlataman”…Agar otang shu ishni qilsa, dedim, otang ahmoq odam ekan, dedim. Bu gapni Zelemxon Haydarovdan so’rang. Man aytdim, odam bir marta o’ladi, bor otangga ayt, dedim. O’sh kuni shomdan keyin u ketib otasiga aytdi, erta–indin kelavermadi, keyin biz chiqib ketdik.

-Endi bugun mana ular aytayapti-ki, biz hamma hujjatlarni Amerika hukumatiga berganmiz… Amerika Adliya vazirligiga, Prokuraturasiga va boshqa idoralarga berganmiz, yaqin kunlarda qo’l – oyog’ini bog’lab olib kelamiz, deyapti. Bunga nima deysiz?

-Bu gaplarmi hammasi tuhmat. Bu yoqqa yuborgan bo’lsa bularni ham axir o’qiydi, ko’radi. Bir bug’doy olib-sotgan, necha yil o’tdi, bu ishlar qanday bo’ldi? Biz O’zbekiston davlatidan bir tsent, bir so’m qarz olgan bo’lmasak, bizni million-million, bir milliard so’mimiz qolib ketdi. Aytdim-ku bu hammasi bitta gap, Karimovni miyasi aynib qolgan bechorani. Endi shu qizini ta’siriga keb qogan, ixtiyor qo’ldan ketib qolgan, bu kasallik ixtiyori… O’zi menga aytardi, “Men ko’p qiynalayapman, uka!” deb. Besh yil avval. Bu oilasiga kuchi etmay qolgan. Hammasi tuhmat. Mana O’zbekistondagi Prakuror bechorani nima ixtiyori bor? Vazirlikni ne ixtiyori bor? Deputatlarini O’zbekiston Xalq noibi demaydi Karimov. Oilasi maymunlar deydi ularni. Qaysi bechorani ixtiyori… Bir prokurordi ixtiyori bormi? Aytingchi siz o’zingiz? Bormi prokurordi ixtiyori?

-Yo’q.

-A?!

-Ikki og’iz o’zingiz gapirib bering.

-Gulnorani shirkatini ta’sis bo’lishi, boshqasidan siz Mansurdan so’rang, hammasini aytib beradi sizga.

-Demak, bu masalani Mansurbek bilan suhbatga qoldiramiz. Siz bilan davom yettiradigan bo’lsak, Abdurauf Maqsudiy O’zbekistonning kelajagiga qanday qaraydi? O’zbekistonning kelajagi qanday bo’lishini istaydi? Qaysi kunlarda O’zbekistonga borishni istaydi?

-Inshoolloh, mani o’zimni gapimni bittasi qoldi. Shoyimardonni gapini aytdim sizga. Ikkinchi qilgan ishimiz hamisha biz xalqqa yordam qilganmiz. Sizlar borib xalqdan so’ranglar, mendan so’ramanglar. Davlat odamlaridan ham so’ranglar. Musulmonlardan ham so’ranglar. O’sha o’rislardan ham o’shattagilardan so’rang. Xlabushkina degan bir etimxona bor edi. Avvaldan 93-yildan biz unga yordam qilib kelardik. 98-yildan davlat qarolmasdan qoldi xabaringiz bo’lsa. Menga aytdiki, shuni siz oling Abdurauf aka, bir xat yozing shuni sizga beray bolalari bilan… U erda 180 tacha bolalari bor edi. Shuni to’liq o’z qaramog’imga oldim. Sport joylarini qilib berdim. Kampyuterlarini… Faqat Amerikada qanday bo’lsa shunga o’xshagan qilib berdim. Man O’zbekistonga boraman, o’sha etim bolalarga va’da qilganman. Yaxshi o’qisang, sen ham Karimovga o’xshagan prezident bo’lasan. Insholloh boramiz O’zbekistonga. Endi yana savolingizga qaytamiz. O’zbekiston kelajagi toki bir demokratik hukumati bo’lmasa… Saylov yaxshi…

Agar erkin saylovlar bo’lsa keyin O’zbakiston yaxshi bo’ladi. O’zbeklar talanti bor, lekin bular qo’l-ayog’ini bog’lab qo’ygan. Qanday bo’lmasin gap darrov prezidentga etadiki anavu odam vazir bo’lmoqchi, hukumatni olmoqchi. Uni boshqa yo’llar bilan o’zingiz bilasiz, mana siz nega Amerikaga keldingiz, shuni manga ayting siz? Mani savolim sizga shu, siz nimaga keldingiz Amerikaga?

-Tabiiyki, meni Amerikaga kelganim boshqa masala. Sirli masala bu siz bilan bog’liq masalalar. Jumladan, saroy masalasi, saltanat masalasi… Saltanat – sirli dunyo. Lekin juda ko’p mish-mishlar tarqaladi, juda ko’p gaplar tarqaladi. Shulardan ba’zi birlarini sizdan so’ramoqchiman. Jumladan Abdurauf Maqsudiyni Karimov bilan orasini buzilishi borasida eng katta mish-mishlardan bittasi, aytishadiki, go’yoki Karimov keyingi paytlarda o’sha ekanomika yomon bo’la boshlagandan keyin, ayniqsa u paytda O’zbekiston Islomiy Harakati Amerikani kuchi bilan yo’qotilmagan paytda chiqqan mish-mish bu… Go’yo Karimov siz orqali Amerikadan va Karimovning qizi sizlar orqali Amerikadan bir qancha mulk olgan. Masalan, Nyu Jersidan, Verjiniyadan, boshqa yoqlardan juda ko’p pullarni asosan shu tomonga yo’naltirgan bular. Lekin buni Maqsudiylar o’ziga olgandan keyin Karimov bilan orasi buzildi, degan mish-mish yurardi. Bunga nima deysiz?

-Bu mish-mish hammasi yolg’on gap. Biz Karimov bilan quda bo’lgandan avvol shu avlodimizdi hammasiga joyi bor edi. Karimov mani qudam bo’lganidan keyin hech bir mulk olganimiz yo’q. Yolg’on gaplar hammasi. Boyatda sizga aytdim-ku 500 dollar naqd pulingiz bo’lsa o’shanga ham siz javob aytishingiz kerak. Bu hammasi yolg’on gap. O’sha o’zlari to’qigan gaplar.

-Bir ota sifatida bir savolga javob bersangiz. Mana o’g’lingiz ham shu erda. O’g’lingizga Karimovni qizini olib berdingiz. Yashadi bular. Ikki farzandlik bo’ldi. Mana bugun o’g’lingiz sizni yoningizda, o’g’lingizni o’g’li bilan qizi O’zbekistonda. Bir ota sifatida o’sha qilgan ishingizdan pushaymonmisiz? Nimani o’ylaysiz shu haqda?

-Uka bu bunday masalaki, bir odam bir yerga uylanadi yo ajrashadi. Hammasi taqdirga yozilgan bo’ladi. Taqdirga borakan, nonu nasiba borakan, biz O’zbekistonga bordik. Karimov albatta O’zbekistonni prezidenti bo’lib Rassiya tomonidan saylanib kelgan ekan. Unga bizdi ishimiz yo’q. Sizga avval aytdim-ku, biz siyosatdan ko’p uzoqmiz, qonimizda yo’q, biz aralashmaymiz. Albatta bu xususda ikkita nevaramiz qolgan o’shatta deb sizga bir necha marta aytayapmiz. Hech inson, masalan, bolasidan kecholmaydi. Inshoolloh, bu ishlar vaqti zamoni bilan… nevaralarimiz ham qo’limizga keladi. Erta bu yolg’on gaplar… Ular ming marta yolg’on gaplar tarqatsa hech narsa yo’q. Turpoq devorga yopishmaydi to ho’l bo’lmasa. Bu yo’g’ gapga, masalan… Bu tarqalgan gaplar hammasi yolg’on uka. Siz shu Karimovning gapiga ishonasizmi?

-Man har holda bu Karimovni gapini so’ramadim, xalq orasidagi mish-mishni so’radim shekilli?!

-O’zi yolg’on gap.

-Endi Abdurauf aka, bugun Abdurauf Maqsudiy shu kecha kunduzda nima ish bilan mashg’ul?

-Tijorat bilan… Tijorat qilamiz biz. Tijorat qilayapmiz.

– Qayerda?

-Butun dunyoda. Olamiz-sotamiz.

-Endi yana bitta, eng so’nggi savol. Odatda bir shu nevara ko’rganda qudalar ism qo’yishda nevaralariga kelishib ism qo’yadilar. Mana shu nevaralaringizni ismi bittasi Islom bo’lishi, bittasi Iymon bo’lishi… Buni tarixi bormi yo’qmi?

– Nevaralarim avval Amerikada tug’ilgan. Biz bu atti betta qo’yganmiz.

-Nima uchun Islom deb qo’ygansiz?

-Islom deb qo’yganmiz. Iymon deb qo’yganmiz Islomdi bolasi deb.

-Demakki o’sha paytda Islom Karimovga hurmatingiz, e’tiqodingiz baland bo’lgan ekan-da?

-Yo’q-yo’q, boshqa gap bu. Islom uchun niyatimiz bor edi. Avvalo har bir… Niyat bo’ladi. Masalan, o’zingizni niyatingiz bo’ladi-ki, qiz qo’ysam atini bir narsa qo’yaman, Islom qo’yaman, Payg’ambar qo’yaman, Hazrati Ali qo’yaman, deb odamlarni niyati bor. Shunaqa musulmonlarni bugungi bolalarini ati Qudaxon To’ram degan bo’ladi. Ha, bu bir gapmas-ku! Bir at bir odamniki bo’maydi, hamma istaganini qo’yadi.

-Lekin Islom Karimov O’zbekistonda dindorlarga juda qattiq zug’um o’tkazib kelayapti. Bu kecha emas, o’tgan kuni emas, keyingi o’n yil davomida islom degan, iymon degan, din degan odamlarga zug’um qilib kelayapti. Mana shunday paytda siz ham nevarangizga Islom deb, Iymon deb ism berganingizda qanday bo’ldi munosabatlar?

-Bu endi o’zimizning ixtiyorimiz. Biz bunga iftixor qilamiz-ki, musulmoncha ot qo’yganmiz. Endi mana shu Amerikada ko’p odamlar tug’iladi musulmonni bolasi, musulmoncha ot qo’yadi. Har kimni o’ziga bir shavqi bo’ladi. Masalan Iymon degan narsa O’zbekistonda yo’q bo’lsa kerak, Iymon qo’yganmiz. Islom degan ot masalan yuzta bor. Minglarcha musulmonlarga Islomxo’ja degan otlar bor, Muhammadislom degan ot bor. Yolg’iz Karimovdan olinmagan, Karimovdan ilgari bu otlar qo’yilgan.

-”El” tashkiloti atrofida ham ilgari juda ko’p gaplar yurardi. Islom Karimov o’z qudasini mana shu “El” tashkilotiga boshliq qilib qo’ydi, deb va chet elliklarni bir qismi, Maqsudiyga yaqin odamlarga ish topildi, Maqsudiyga yaqin bo’lmaganlar quvg’inga uchradi, kasalxonalarga tushdi, O’zbekistondan chiqib ketdi, degan gaplarni ko’p eshitganmiz. Shunga ham javob bersangiz.

-Chet elda yurgan o’zbeklar hamisha orzusi shu ediki shu mamlakatimga borsam, mamlakatimga borsam. Qo’limda nima narsam bor, shu mamlakatimga borib xizmat qilsam. Ko’plari borishdi. “El” tashkilotini biz qurdik. “El” tashkilotini qurib butun chet el o’zbeklarini ham olib bordik o’shatga. Hammalari xursand bo’lib ish boshlaydigon bo’lganda …93-94- larda borishdi hammasi. Lekin xo’p mayuslik bilan qaytdi ko’plari, masalan uch oy, to’rt oy, olti oy o’shatta qolishdi. Qolib ish qilayin deb, boshqa qilayin deb… Bir yordam bo’lmadi, boshqa bo’lmadi. Endi siz mana shu yerga kelib tijorat qilaman, desangiz davlat sizga yordam qiladi. Bular bu narsalarni o’ylab O’zbakistonga bordi, davlatdan bir yordam bo’lmadi. Ko’plari bor-ey, bo’lmadi, deb chiqishib ketdi. Chet ellik o’zbaklarning xatosimas, albatta bekorakam O’zbekistonda juda ko’p edi.

-Lekin O’zbekiston sharoitidan kelib chiqadigan bo’lsak, o’zbek xalqining mentaleteti, zehniyatidan kelib  chiqadigan bo’lsak, o’sha paytda siz bir davlat edingiz. Masalan siz yordam qilishingiz mumkin emasmidi?

-Yo’q, man hech davlat ishiga aralashib hatto… Bir odam bilan kelgan manga hammasi, man aytdim, birodar boringla, mani o’rtaga tushmanglar. Man aytganman sho’ttagi o’zbeklarga. Bu o’rtaga meni tushmanglar. Bilasanku dedim. Bilardi meni. Man namus qilaman, sen uchun bir idoraga borib ishingni qilib berib. Bor yo’lingni topgin, deganman. Bechoralar tashlashib chiqib ketgan. Mani ishim, man sizga aytay, boshqa odamlarni ishi bonkalarda bo’lardi. Davlatni oldida bo’lardi. Bizdiki arqada bo’lardi. Hamma narsa o’zi sekin-sekin joyida bo’lardi.

-Endi mana o’sha paytda bir ko’nglingizga kelmadimi, chetda, xorijda yashayotgan o’zbeklardan ba’zi biri, masalan Boymirza Hayitga o’xshaganlarini vatanga qaytarish, o’sha yerga olib kelish, shu masalalarni biror marta bir Karimovni oldiga qo’ysam, degan bir narsa xayolingizga kelmadimi shu yillarda?

-Man u vaqtdaki… U kishi borganda man yo’q edim O’zbekistonda.

-Bu kishini quvib chiqarganlaridan xabaringiz bormi O’zbekistondan?

-Eshitganman. Sababi nimaydi, bilmayman nimagaligini.

– Mana bugun, hozir shu odam juda qattiq kasal yotibti, to’shakda…

-Kim?

-Boymirza Hayit. Yurolmaydigan bir sharoitda yotibdi. Lekin orzusi – vatanga qaytish. Nima tilagingiz bor?

-Xudovand sihatini yaxshi qilsin. Eshitganimga binoan Boymirza Hayit hayotida hech kim qilmagan bir xizmatni qilgan, O’zbakistton tarixini yozgan shu kishi. Shuni uchun biz bu odamni qadrlaymiz. Chet eldagi tamom shu o’zbek olimlarini hammasini qadrlaymiz.

-Aytishadiki o’zbek eridan, makonidan ayrilishi nihoyatda qiyin deb. Ilgari juda oz odam chiqib ketgan O’zbekistondan. Mana sizlarning paytlaringizda shu ruslar zug’umi bilan chiqib ketishgan. Lekin mana bugun, masalan, Amerika muhojirlar tashkilotining raqamlariga qaraydigan bo’lsak, birgina 2002 yilning o’zida bitta Amerikaning o’zidan qariyb 300 kishi boshpana olibdi. Bu faqat siyosiy boshpana olganlar. Demak, juda ko’p odamlar O’zbekistonni tashlab chiqib ketayaptilar. Bunga nima sabab?

-Endi uka, O’zbekistonni kelajagi buyuk davlat, deb xalq aldanib qoldi. U-ku palon paytda chiqqan. Lekin butun dunyodan, endi aytishim yaxshi emas, hammamiz navoz qilamiz, ko’p ayollar ham chiqib ketgan. Buni o’zinglar yaxshiroq bilasizlar. Endi qayerdadir inson ozod hayot o’tkazish uchun harakat qilishi kerakda. Endi man bunga bir narsa deyolmayman.

-Xalq orasida ba’zi gaplar bor-da, shularga ham men sizdan javob olmoqchiman, chunki siz nimaiki bo’lsa ham baribir saroydan uzoqlashdim, keyinchalik deyapsiz, baribir dastlabki yillarda o’sha saroydagi vaziyatdan ham xabaringiz bor deb o’ylayman. O’sha odamlar aytishadiki, O’zbekistonda Islom Karimov saroyida Amir Olimxonni saroyidagi kabi bir vaziyat bor. Ya’ni o’sha aysh-ishrat masalalarida… Shu haqda biror narsa eshitganmisiz, yo guvoh bo’lganmisiz?

-Man sizga aytdim-ku, shu o’n yil shu odam bilan man… Biror bir marta shu uyiga borganim yo’q umuman. Unda ham ba’zi bir tug’ilgan…nevaralarimni tug’ilgani munosabati uchun borganman. O’zini tug’ilgan kuniga ham man borganim yo’q.

-Hadya ham berganingiz yo’qmi?

-Hech narsa berganim yo’q. Hech narsa olganim ham yo’q.

-Lekin xalq orasida million-million dollarlarni Maqsudiy o’sha paytda Karimovga bergan, Karimov nomidan chet ellarga qo’ygan degan gap bor…

-Buni man bilmayman. Mumkin… Buni o’zingiz surishtiring. Man bir pul ham berganim yo’q Karimovga… Man umrimda birovdan pul ham olganim yo’q, birovga pul ham berganim yo’q shu ishdi bitkazish uchun.

-Maqsudiy janoblari mana savollarimizga harholda ozmi-ko’pmi javob berdingiz. Radiotinglovchilarimiz nomidan minnaddorchilik bildiramiz. Lekin siz o’zingiz “Man qarzdorman, kelgusida ko’p narsalarni aytaman”, dedingiz va biz kelgusida mana shu saltanat sirlarini baribir sizdan bilish umidi bilan suhbatga nuqta qo’yamiz.

-Bo’pti, rahmat.

MANSUR MAQSUDIY BILAN SUHBAT

Demak, navbatdagi savolomiz O’zbekiston prezidentining sobiq kuyovi va “Interpol” tomonidan qidiruvga qo’yilgan Mansur Maqsudiyga.

-Sizga shunday savol bor…O’zbekiston hukumati sizni, otangizni va akangizni jinoyatchi deb hisoblab “Interpol”ga berdi. Aytiladiki ular ko’p vaqt davomida soliqlar to’lamagan, boshqa ishlar bilan shug’ullangan, jumladan Amerikani o’zida ham shunaqa ishlar bilan shug’ullangan. Biz Amerikaga murojaat qildik bu haqda, deyilgan. Mana shunga bir ikki og’iz munosabatingizni bilmoqchi edik.

-Bu hammasi tuhmatlar. Keyin men hammasiga javob beraman. Men hozir tamom tuhmatlar uchun ikki og’iz – uch og’iz gapirsam to’g’ri kelmaydi. Nima uchun? Man gaplashganimda hamma narsani gaplashaman. Shu 91-yildan to 2001-yilgacha. Mana hamma keyin yaxshi tushunadi. Xalq ham yaxshi biladi va men kim edim, men qanaqa inson edim va Karimovni oilasi qanaqa edi?

Ayni vaqtda men o’zimni ishlarim uchun gaplashmayman. Hamma xalqqa ko’rsataman, bu Karimovni oilasi qanaqa oila edi. Xalqni sevarmidi, sevmas edi? Shulardi keyin mana ikki hafta, uch haftadan keyin siz bilan gaplashaman, bu meni qarzim sizga.

Nima uchun? Shu ikki hafta, uch haftani ichida bitta katta eng obro’li gazetalardan birida bu narsalar yozilib chiqadi. Shundan keyin men siz bilan hamma savollaringizga javob beraman. Yana bir narsani aytay shu “Interpol”ni narsasi… Shu bizni qidirishayapti. Biz shu, man, akam, dadam xohlagan mamlakatimizda yuribmiz. Mana Ovrupaga boramizmi, Osiyoga boramizmi, hamma joyga borib kelayapmiz. Bu agar qidirish bo’lsa, bizdi olib O’zbekistonga beradigan bo’lsa ololardi. Bular biladi-ki, vaqtincha sistemaga kirgan… Nima uchun …tuhmat. Ammo bu narsa ham olib tashlanadi. Hozir “Interpol”ga Gulnorani qo’yishadi. Gulnora hozir o’zi tamom ikki joyda yuripti, O’zbekistonda va Russiyada. Shu joyi ham kamayib qolayapti. Shulardi hammasini man… ikki-uch haftani o’rtasida hamma savollaringizga javob beraman va hamma narsani ochiq gaplashaman.

23.GULONARANING DAFTARI

Abdurauf Maqsudiydan keyin Gulnora Karimovaning  hisobchisi bo’lgan Farhod Inog’omboev bilan suhbatlashdim. Quyida 2003 yilning 11-17 avgust kunlari  “Amerika ovozi”da efirga uzatilganga mazkur suhbatning aynan matnini keltiraman…

-Avvalo bir o’zingizni tanishtirsangiz!?

-Mani ismim Farhod Inagambaev, Farhod Muhammadrahimovich.Dadamning ismlari Muhammadrahim. Toshkent shahrida tug’ilganman.Hozir mana Amerikadaman.

-Amerikaga qanday kelib qoldingiz?

-Agar manam bir tariximni aytib beradigan bo’lsam , bu anaqa, eshittirishga sig’masa kerak.Lekin qisqacha aytib o’tsam.

Man 94 yillarda Maqsudiy oilasi bilan ishlashni boshlaganman Toshkentda. “Rost Treding” degan shirkat bilan.Shu 2001 yilga qadar ishlab kelganman. Oxirgi ish joyim Dubayda bo’lgan. Birinchi, Iyul-avgust oylarida mana shu ajralish (Gulnora va Mansur Maqsudiyning ajralishini nazarda tutmoqda-J.M) e’lon qilingandan keyin Toshkentga Maqsudiyga qarashli shirkatga ko’p nimala ko’rsatildi.Nima deydi, davleniya, bosimlar. Har xil tazyiqlar ko’rsatildi.

U paytda mening katta akam Umidbek Toshkentda ishlardi.

2001 yilda men Dubaydda ishlayotganimda menga Toshkentdan telefon qigandilar. Birinchi, adam telefon qigandilar.Bu paytda men bilgandim Toshkentda nima bo’votganini…Firmaga SNB xodimlari kelib, tekshiruv organlari kelib bosim o’tkazvotganini eshitgan edim.O’sha paytda menga adam telefon qildilar va: “Farhod san tinchmisan, juda ham ehtiyot bo’lgin okangni, Umidbek okangni bugun SNBdan kelib olib ketishdi” dedilar.

SNBdan deganlarmi, MVDdan deganlarmi ish qib olib ketishdi deganlar.”San ehtiyot bo’lgin” deb qo’yib qo’yganlar.Bir paytdan keyin okam telefon qigan.O’sha SNB olib ketgan okam. Aytganlaki, “SNB olib ketmagan,SBP, prezidentni himoya qilish xavfsizlik xizmati tutib olib ketgan.Olib ketib men bilan gaplashtirgan.

Birinchi, Sergelidagi firmani nimasiga (ofisiga demoqchi-J.M.) kelib okamni so’rashibti.”Umid Inagambaev kim bo’ladi deb. Bo’lmasa o’sha paytda tekshiruv ketayotuvdi, SNB bor, nalogovoylar(soliqchilar-JM) bor.Prokuratura xodimlari bor.Lekin alohida oq “Neksiya”da kelib, okamni so’rabdi. Keyin okamni o’shatdagi pastdagi qorovul chaqirib beribdi.Hammani oldida kishan solib, cho’ntagidan kishan chiqarib, o’tir moshinaga, deb ob kyetibdi.Yo’lda innamabdi birinchi. Keyin oborib tushuntiribdi.”Qaragin, debdi, anaqa mana shunaqa bo’ldi”. Keyin okam bilan uchrashganimda tushuntirganla manga shunaqada degan.

“Ukam degan, ming afsus, bularni ajrashganiga.Manam kutmaganman bunaqa bo’lishini, lekin,bu SBPni gaplari, lekin shunaqa hayot bu, shuning uchun ham o’zing ham, u yoqda ukang ham bor,biza uni yaxshi bilamiza,san nima Amerikani fuqarosimisan,Amerikada million pullaring bormi, yoki Amerikada dodang bomi, tushundingmi, tushunvossanmi nimani gapirvomman”, degan.Okam “Yo’q, man sizni yaxshi tushunmayomman” degan.

“Hozir telefonni olasan, telefon qilasan, tezda o’tirib bu yoqqa kesin” deya qo’pol qilib aytgan.Bo’lmasa okang, o’zing ham bir sekund ham turmaysan, yo’q qilib yuboramiz,urug’-aymog’ing bilan yo’q qilib yuboramiz” degan.

Shunaqa, anaqa bilan aytgan.Lekin bu gaplarni gapirishdan oldin, “Ming afsus shunaqa bo’lib qoldi,” degan. Bu gapi bilan etmoqchi bo’lganki, majburlikdan, bu bizani burchimiz,bizani ishimiz, bizaga shunaqa buyruq berishgan, shunaqa qilishimiz kerak,ukang ham shuning uchun anaqa qilsin” degan.

Keyin o’shanda bu 2001-yil avgustining boshlarida edi, okam telefon qiganla Dubayga. Man o’sha paytda xavotir edim. Chunki, bundan oldin adam telefon qigan edilar.O’zimni qo’yishga joy topolmay ishim xayolimdan chiqib ketgan.Okam telefon qilganlaridan keyin ovozlaridan sezganman, bunaqa hech qachon gapirmaganla.”Farhod bu yoqda mana odamla o’tirishibdi” deganla. Keyin orqada man eshitvotuvdim odamlani gapi…”kelishing kerak, kelmasang bo’lmaydi” deganla.”Manga, adamga chatoq bo’ladi” deganla. Keyin mani xayolim anaqa bo’gan.

O’zingiz ham bilasiz, bu og’ir narsa, oilangizga u yoqda qanaqadir bosim bo’lsa,fikringiz, xayolingiz o’shanda bo’ladi. Keyin uyga kelib turmush o’rtog’im bilan maslahatlashganman, nima qilamiz, deganman. Bormasak tinch qo’yishmaydi.Chunki u paytgacha men Dubayda ikki yildan buyon ishlayotgandim. Ikki yildan buyon O’zbekistondan tashqarida yashab xohlanngki, xohlamangki, internetlarga kirib, xabarla, yangiliklarni ko’rib, O’zbekiston to’g’risida bir nimalarni ko’rib odam tabiiy O’zbekistonda nima bo’votti, bir mustaqil xabarlarni ko’rgingiz keladi. Men 2001 yilgacha muxolifat nimalarini ko’p o’qiganman. U payt hech bir ishongim kelmasdi. Haqiqatda ham bizada O’zbekistonda shunaqa narsalar qiladimi? Odamni ob kelib bekordan-bekorga, cho’ntagiga narsa tiqib qo’yib,qila olarmikan? 2001 yilda mani xayolimga azgina bo’lsa ham bir tasavvur bor edi O’zbekiston haqida.O’shani o’ylab man chuda ham qo’rqib keyganman. Keyin biza qaror qilganmiz nima bo’lsa bo’ldi endi, buyog’iga peshana deb toshkentga boradigan bo’ldik.Sentyabrga qomasdan toshkentga uchib ketdik.Tezda Dubaydagi rahbariyatga, hamkasblarimga xabar berganman.Ula tushunishgan mani sharoitimni.Chunki man juda ham xavotir bo’ganman oilam bo’yicha.

Kelganimdan keyin manga Gulnorani yaqin dugonasi, Gulnorani qo’l ostida ishlovchi bir xodimi bor edi, uni otini aytmayman, chunki u odam hali ham o’shatda.

-Gulnora deyapsiz, Gulnorani qanchalik yaqin taniysiz?

-Gulnorani man 2001 yildan oldin Toshkentda ishlaganimda ham ko’rganman.Toshkentda ko’rganimda hech bir muloqot bo’lmagan.Kompaniyaning biror bir tadbirlarida ko’rardim.Partilarda (ziyofatlarda demoqchi-J.M.) deydimi ana shunaqalarda ko’rardim.Lekin oxirgi payt 99 yildan boshlab man shu Dubayga ko’chib ishga kelganimdan keyin Gulnora, Mansur akam- sobiq Gulnorani turmush o’rtog’i, bolalari bilan tez-tez Dubayga yilda bir-ikki marta kelishardi.Kelishganda man ularni Dubayda kutib olardim.Mehmonxonaga joylashtirardim, ba’zilarda Gulnorani o’zini shaxsiy ishlari bilan , iltimoslari bilan o’zini qayoqqadir oborardim kerak joyiga.

-Shaxsiy ishlar,iltimoslar deyapsiz umumiy bolib qolmasin bir ikkita misollar keltirib o’ting.

-Masalan nima desa bo’ladi, Dubayga kelib bir qanaqadir do’konga borib o’ziga narsa olmoqchi yoki toshkentda uning shirkati bor edi, munga hali kelaman kechroq.Toshkentda yurg’izadigan shirkatiga masalan ba’zi narsalar mol-mulk , tovarlarni olishga Dubaydan topib berishga odam qidirgan.

-Masalan rus matbuotida chiqqan suhbatlarda Gulnora aytganki mana shu kolektsiyalar to’plashga qiziqardim ,masalan har hil toshlar… Dubaydan ham shunday narsalarni sotib olarmidi?

-Bu-chi, yana Jahongir aka, bu alohida bir katta nima toshlar sotib olishi u sizlarning matbuotlaringizda chiqqan maqola. Gulnora u bilan o’zini bir juda katta faoliyati.Dubayga ba’zi vaqtlari kelib man Gulnora bilan ishlaganimda chamodon-chamodon pul olib kelib tosh sotvolardi,oltin sotvolardi.lekin ko’pchilikka bu qanaqa qilib nima qilinardi,tavsiya qilinardi go’yoki u o’sha tilla narsalar dizayn qiladi ,lekin aslida bu ko’plar Dubayda nima qiladiganlar o’sha Dubay markazida “Gulsum” degan katta tilla bozor bor, o’sha joyda Gulnorani juda yaxshi bilishadi.

-Buncha chamodon-chamodon tilla va toshlarni nima qiladi?

-Buni, bilmadim. Masalan man o’zimam Toshkentdan birinchi marta kelganimda Gulnora bervorgan pullarni olib kelganman o’zim bilan birga. Naqd Amerika dollari.O’sha uchun nima bunga yana aytvonman Jahongir aka, alohida to’htalsa bo’ladi. Lekin sizga hozir aytvotgan nimalarim tasdiqlanishi uchun man o’zim mamlakatni tark etganimdan keyin majbur bo’ldim ko’p dalillarni o’zim bilan olib kelishga.O’zimni himoya qilish uchun.

-Dalillaringizga o’tmasdan bir savolim bor.”Novaya gazeta”da chiqqan maqolada sizni nomingizdan go’yo shu shirkat Maqsudiylarni shirkati, qalloblik bilan shug’ullanmoqda, deb sizni bayonot bergan degan gap bor.

-Bu gapga Jahongir aka, man o’sha aytganimday sentyabr oyida Toshkentga qaytib kelganimda Gulnora chaqirgan oldiga,oldiga oradan ikki-uch kundan keyin chaqirib bir yarim soat o’tirib gaplashgan man bilan. gaplashib ko’p narsalartni gapirgan,yig’lagan ozgina.Lekin manga shuni nima qilganki man bilan ishlaysan,man u majlisga kirishimdan oldin ham atrofidagi Gulnorani yordamchilari…

-Sizga nima uchun yig’laydi?

-Nima desa bo’ladi, man uni Dubayda ko’rganmanu uch-to’rt marta kelganida.U payt sobiq turmush o’rtog’lari bilan kelardi.U payt Gulnorani boshqacha ko’rganman.Endi bu gal o’zini boshqacha ko’rsatish uchun nima desa bo’ladi,yig’lagani nima bu odam juda ko’p artistik qobiliyatga ega odamni miyyasini nima qilish uchun tassuroot ko’rsatish uchun,o’zini bechora qilib ko’rsatib ko’rdi, boshida gapni shunaqadan boshladi.Man bechoraman man unaqa qildim,bunaqa qildim lekin sekin-sekin bir yarim soatni davomi ichida keyin gapini oxiri nima bilan tugadi “mani dadam aytdiki men uni bilsam o’zim uni so’yaman” degan ekan.

-Men bir oz tushunmadim aniqroq qilib ayting kimni so’ymoqchi bo’lgan.

-Gulnorani sobiq turmush o’rto’lari Mansur Maqsudiyni o’sha uchun ham yig’lab gapirdi deganim boshida gapini yig’i bilan boshladi,lekin oxirini bir nimalar bilan tugatdi manga shu tassurot ko’rsatdi manga so’zini oxirida aytdiki,mana endi sanam kelding manashu erda islaysan yahshi bo’ldi dedi. Keyin manga atrofidagilar aytishdi agar Farhod buyog’ini ehtiyot qilgin nazari tushib qoldi,endi qiyin bo’ladi,gapiga juda ham ehtiyot bo’lgin nima qilishdi.Keyin man kelganimdan keyin bir haftalardan keyinmi…

-Kelganingizdan keyin davom yettiramiz.Shu o’rinda tinlovchida bir savol tug’iladi.Atrofidagilar, deyapsiz nima uchun uning atrofida maxsus muhit bormi? U endi Tashqi ishlar vazirligida ishlasa, sakkiz soat ishga borib keladimi yoki bir boshqa ishlar bilan shug’ullanadimi yo uning atrofida qandaydir guruhlar yuradimi?

-Atrofida deganimda bu asosan tijorat faoliyatidagi o’zini shirkatidagi yaqin o’rtoqlari hamda doimiy oldida yuradigan o’sha bank hodimlari. Man kelib hayron qolganman,man ham oldin eshitganman tashqi ishlar vazirli gida ishlashini.Lekin 2001 yil sentyabr-oktyabrlardan boshlab doimiy Gulnora ni oldida ishladim.Kun tartibini man juda yahshi bilaman.Tashqi ishlar vazirligida hech bir ko’rmaganmanam,eshitmaganam.U yoqqa borganini bir ishlar qilganini asosan nima bilan o’zini tijoriy ishlari bilan band bo’lardi.Chunki 2001 yildan boshlab uni faoliyati shirkatlarni faoliyati juda ham har hil sohalarga o’tib ketdi.Restoran,diskoteka,jurnal,studiya, uyali aloqa telefon kompaniyasi tilla buyumlar bo’yicha yo’nalishga o’tib ketdi.

-Keladigan pullar qayoqqa ketardi?

-Keladigan pullar asosan…. 2001 yilda bular ajrashgandan keyin Gulnora o’zini nimalari bo’yicha juda ehtiyotli bo’lib nima qildi.Mandan biroz maslahat so’ragani, endi man uch-to’rt yillik xalqaro tajribam bo’lganligi uchun , chetdan banklar bilan aloqam bo’lganligi uchun , mandan birinchi bo’lib so’ragan narsasi qatdan bank hisoboti ochsam bo’ladi… Chunki manga hozir Evropada qiyin bo’votdi, mani o’tta nima qilishvotti ,deya so’radi, keyin man…

-Ehtiyot bo’lishi nimadan, otasidan qo’rqishidanmi, yoki Amerikada sud bo’lib chetga chiqa olmasligidanmi, nimadan?

-Birinchi bo’lib man o’ylayman shu oilasini nimasi ko’proq shu jamoatchilikka tarqalgani, ikkinchidan 11 sentyabr o’sha paytga to’g’ri kelib qolgan edi Amerikada portlashla bo’lib… Xabaringiz bo’lsa o’sha 11 sentyabrdan keyin bank sohasida, moliya sohasida ham butun dunyoda nazorat kuchaydi. O’shani uchun biror dalilsiz , asossiz kelgan kotta miqdordagi pullaga nazorat tashlandi. Ayniqsa Evropa va Amerika nimalarida (banklarida demoqchi-J.M.). O’shani uchun buni ham bir ta’siri kotta bo’ldi.O’shani uchun ham sal manashu qiyinchiliklardan so’ng Gulnora xavotirga tushdi. Keyin yana O’zbekistondan hech bir asossiz, hujjatsiz keladigan kotta miqdordagi nimala, summala, raqamla. Mana masalan man sizni nimangizga ob keldim , mana ko’rvossiz, “Siti bank”da Gulnora Karimovaning hisoblaridan biri 7 million dollar.

-”Siti bank”dan qanday qilib sizni qo’lingizga kelishi mumkin?

-Boshida aytgan nimam bo’yicha, 2001 yilda mani chaqirtirib, mani o’ziga ishga olishga maqsadi, mani Dubayda ozgina ishlagan tajribamni inobatga olib, o’ziga ishga olib mani, Dubaydan o’ziga shirkatlar ochishga mandan iltimos qildi. Ularni iltimosi o’zingiz bilsangiz kerak qanaqa. O’shani uchun man majbur bo’ldim, chunki garovda mani oilam qoldi u yoqda. Ota-onam, ikkita oka-ukam, xotinim, qizim, bolalarim…Shunday qilib 2001 yilning sentyabr-oktyabr oylaridan boshlab, man nima desam bo’ladi, man moliya masalalari bo’yicha maslahatchisi bo’ldim. O’shanda u Dubayda ochgan firmasiga mani generalniy direktir , vitse prezident qilib qo’ydi, mani qo’llarimni tasdiqlab…

-Asli moliyadan xabaringiz bormi, moliya sohasida o’qiganmisiz?

-Man o’zim Toshkent davlat Universitetida o’qiganman, “Roman –German” fakultetida.Keyin 96 –98 yillarda magistraturada o’qiganman, NBF faynayn bilan bog’liq magistrligim ham bor.Hamda man 97 yillari shirkat tomonidan, “Rost-trading” tomonidan Londonga o’qishga borganman. Londonda “ Shiller interneyshnl” yuniversitetida bir uch oy kurslarni o’tganman.

-Endi yana boyagi, kechirasiz, siz boshqa hujjatlaringizni varaqlaguncha, “Siti bank”da 7 million dollar deyapsiz, yana qaysi banklarda, qayerlarda pulini saqlaydi, ba’zilarni aytishi bo’yicha hozir Rossiyaga ko’chirayotgan emish.Yana ba’zilarni aytishi bo’yicha Buyuk Britaniyaning Tuma orollaridagi banklarda saqlagan emish.

-Mana Jahongir aka, endi banklar masalasiga kelsak, “Siti bank”dan tashqari man sizga aytdim hozirgi paytda bank faoliyati juda ham qattiq nazorat bo’lgani uchun man birinchi bo’lib unga ishga kelganimda u birinchi bo’lib gapirib berib nima qiganda mani xayollarim, nimalarim umuman boshqacha bo’lgan, man o’ylaganmanki, mayli peshonam ekan, mani bu yoqqa ob kevoldi, ishlatmoqchi, mani oldin ishlagan tajribam, biznes faoliyat, oddiy bir tijorat qilmoqchi , deb o’ylaganman. Lekin ishlaganim sari Jahongir aka, sochlarim tikka bo’lib ketardi… Boshida hisob ochganimda, firma ochganimda Gulnorani nomiga man o’ylaganman tijorat bilan shugullanadi.Chunki shu ham boshida kelishuv bo’gan, “Bo’ldi Farhod shu erda ishlaysan, o’zimiza mana shu erda tijorat qilamiza, manashu mamlakatda nima qilasan” deb manga shunaqa degan. Keyin oktyabrdan keyin firma ochilgandan keyin hech bir nimaga to’g’ri kelmaydigan… O’zim qo’rqib ketganman, chunki mani nomim litsenziyada, mana, shirkatni nimasida , mana sirkatni nomi “Privay xolding onlayne” nimasi, uchriditel, sohibi Gulnora Karimova mani boshqaruvchi qilib qo’ygan.Man birinchi kunning o’zidayoq kotta pullar kelganda judayam qo’rqib ketganman. Chunki xalqa bisnes, tijoratda moliyani tushunadigan odam… Bunaqa mumkin emas…Chunki bugun erta so’raladi, qattan u pul keldi, nima asosda? Hozirgi O’zbekistonni iqtisodiy sharoitini olsangiz 2001 yil aslida valyutaga, prezident Karimov ko’p marta chiqib aytadi, mana biz bunaqamiz, yoki banklar aytadi valyutamiz kam, biza o’zimiz nima qilishimiz kerak, deb .

Lekin shu vaqtda million-millionlab olib chiqib ketilgan pul, kimdir unga javob beradi.Man o’shandan keyin tuzoqqa tushganimni bilganman.Nima bu yaxshilik bilan tugamasligini. Chunki, o’shani uchun ham siz bergan boyagi savolga , qaysi banklarda nima qilgan deganingizga, bitta bankda bu pullarni nima qilish mumkin emas edi. Chunki bir xillari qabul qilmasdi. Mana manda xatla bor, mana “Siti bank” xat bergan manga, iltimos sizlardan kotta-kotta pullar kevotti, xavotirmiza… O’shani uchun ham mani Gulnora majbur qilgan unga boshqa banklardan hisobot ochish uchun.Mana masalan “Standart chorting” bank, Buyuk Britaniyaning taniqli banklaridan biri. Raqamlarni sizga radiodan hozir aytmayman, o’zingiz ko’rvossiz, bitta kelishda…

-Bullar dollarda kelganmi?

-Mana-mana hammasini o’zingiz ko’rvossiz, 4 uyul , a yo’g’, yo’g’, 6 aprel 2003 tushgan pullardan biri Gulnorani nomiga…Qattan kevotti? “Siti bankdan… Bankdan-bankka olib o’ynagan.Aqsh dollari hisobida. Mana ikkinchisi.”Ey chiz bi si” Buni ham bilsangiz kerak, eng taniqli banklardan dunyodagi. Bu yoqdan ham o’ziga hisobot ochgan. Endi bu yerda uzida “doktor Gulnora Karimova” deb ochtirgan.Mana bu yoqdagi hisobidagi balansini ham ko’rvossiz. Bu 14 martga qadar…

-Nima uchun bu yerga Islom Karimov deb yozilgan?

-Bu yoqqa nima desa bo’ladi? Islom Karimov… Karimov… Refrensmi…(Tavsiya qiluvchining nomi demoqchi-J.M.)

-Prezidentni qizi ekanligi bilinsin uchunmi?

(Kuladi)…

-Raqamlarni nima uchun radioga aytmayman deyapsiz?

-Aytaman, nega aytmayman?! Mana , masalan “Ey chiz bi si” bankida 14 mart 2003 yil datasi bilan bir million to’rt yuz ming AQSh dollari balansi… Ko’rvossiz-a!? “Standart cort”da balans emas, kelib tushgan pul haqida konfermeyshn, tasdiqlash xati deyiladi, shu kuni Gulnora Karimovani hisobiga 198 ming dollar kelib tushgan.Boya “Siti bank”dagi balansini man sizga ko’rsatdim, 7 million qanchadir…

-Bular endi qayerdan kelib tushgan?

-Jahongir aka, man sizga aytganimdek shirkatlarni shundoq qilib yasatganki, O’zbekistondagi faoliyatidan pullar qonuniy noqonuniy , lekin ko’plari noqonuniy , chunki buni finansiviy sxems, finansiviy piramida deyishadi ruslar…

-Ya’ni O’zbekistondan chiqib keladi…

-O’zbekistondan chiqib keladi to’ppa-to’gri. O’zbekistondan kotta davlat tashkilotlaridan, dovlatni sherikchiligi bor tashkilotlardan, yana har xil noqonuniy yo’l bilan olib kelib O’zbekistonga soliqsiz, tamojniyaning nazoratisiz kirib kelgan mollardan, jumladan shakar sovda –sotig’idan kelib tushgan pullarni dollarga aylantirilgan yoki… Ko’pincha uning toshkentdagi firmasi oldin uni nomi “Oas tos LTD” edi, masalan qanday qanaqa qiladi? Birinchidan “Oas tos LTD” umuman hamma O’zbekistondagi barcha soliqlardan ozod qilingan.Bu soliqdan ozod qilingan qaror Bosh vazir qarori bilan qo’l qo’yilgan.Bir necha yildan beri Gulnorani shaxsiy shirkati bilan tegishli qaror.O’sh qaror bilan Gulnorani shirkati, O’zbekistondagi shirkatlari bir tiyin soliq to’lamaydi, hech qanaqa.Chunki shirkatni nimasida , Ustavida yozilganki, bu shirkat dori-darmon olib kiradi O’zbekistonda, bolalar kiyim-kechagi, kienchalik ishlab chiqarish uchun bolalarni O’zbekiston bolalariga ishlab chiqarish uchun har xil uskunalar, oziq-ovqat ishlab chiqarish uchun, upakofka qilish uchun uskunalar olib kiriladi degan ko’p narsalar yozilgan. O’shani asos qilib.

-Mana shu kelayotgan pullar, chet ellardagi banklarga kelayotgan pullar, O’zbekistondan kelayapti dedingiz va ular soliqdan ozod qilingan, turli maqsadlar uchun degan bir narsani aytdingiz. Xo’p, bular uchun O’zbekistonga haqiqatdan ham o’sha soliqdan ozod qilinganda nazarda tutiladigan narsalar qaytib boradimi yoki yo’qmi?

-Yo’q, mana yana o’sha gaplarga qaytaman, ishlashni boshlaganimda man sizga aytganimdek, bu narsalarni ko’rsangiz odamni hech aqliga keladigan narsalar emas. Boshida o’shanda mani ko’zimga tushib qolgan qog’ozlardan, dakumentlardan biri shu bo’lganki , qandolat ishlab chqarish liniyasi deb, uskunasi deb… Qog’ozda masalan qandolat ishlab chiqarish uskunasi kontrakt qilingan .Tamojniyadan o’tgan. Rastamojit qilingan.Tashqi Iqtisodiy Aloqalar vazirligida registratsiyadan o’tgan.Lekin aslida shakar kirib kelgan.Million-millionlik shakar kirib kegan, Uni na bir solig’i to’langan, na bir tamojniy zborlari to’langan…Uni naqd pulga… Endi o’zingiz bilasiz shakar strategik mahsulot, uni bozorga anaqa qolsa tez sotilib ketadi…Uni million-millionlaga sotilgan.Pulni , sotuvdan kelib tushgan pulni Gulnorani shirkati bonkka qo’ygan.keyin o’sha pulni nimani konvertatsiyasiga berilgan, uskuna uchun deb yozilgan. Ba’zi voqtlari uskuna uchun deb yozilardi, ba’zi voqtlari bolalar kiyim-kechaklari deb yozilardi.Ba’zi voqtlari dori-darmonlar keldi deb yozilardi.Aslida boshqa mahsulotlar, ko’pincha shakar ob kirib sotilardi. Lekin bulani pullari, so’movoy viruchkasi deyiladi, bonkka oborib topshirilib, keyin boyaki kontraklar, qalbaki kontraktlar orqali topshirilib, keyin bu pullar chiqib ketardi. Man bu narsani ko’rib qolganimda, birinchi ko’rganim oktyabr-noyabr oylarida 2001da…Chunki nima desa bo’ladi bi “Burningni tiqma bu ishga” deyishgan…

-Agar mabodo ertaga Gulnora Karimova “ Mana men ham intervyu berishga tayyorman” desa, yuziga qarab shu narsalarni aytishingiz mumkinmi?

-Aytolaman, lekin O’zbekistondamas. Chunki o’zingizam, mana Jahongir aka, o’zingiz ham bilasiz… Boyagi bergan savolingiz bo’yicha, rus gazetasi “Novaya gazeta”da mani gaplarimni yozib chiqarishgan, man ularga hech qanaqa gap gapirmaganman.Rus gazetasiga hech qanday intervyu bermaganman.

-Lekin u erda yozma bayonot deyapti…

-Yo’q… Man bayonotga qo’l qo’yganman. Qo’l qo’yganman… O’zingiz yaxshi bilasiz, O’zbekistonda qanaqa. Ertaga agar borib, oilangizni uyoqda nima qip turib, tepangizda agar SBPni yoki SNBni ofitseri tepangizda turib, mana buni qo’l qo’yib yubor desa, kerak bo’lsa “Man hayvonman” degan bayonotga ham qo’l qo’yoladi odam O’zbekistonda. Chunki shunchalik anaqaga ob kep qo’yilgan odam.

Bu narsaga nafaqat man qo’l qo’yganman, balki ko’pgina toshkentda qop ketgan, oldingi, ilgarigi “Rost trening”da ishlagan, yoki Maqsudiy oilasiga tegishli firmadami, shirkatdami ishlagan ko’plaga zaruran qo’l qo’ydirgan. Chunki, bu narsa tabiiy, odam nima desa bo’ladi, u yoqdagi odamlar hammasi oilasini uylaydi, hammasi o’zini bolalarini o’ylaydi, ota-onasini o’ylaydi. Chunki, misol uchun sizni keltiraman, Gulnorada bir Jamshid degan yigit ishlardi. U yigit bir olti-yetti yildan beri ishlardi.Bir restaranimi, kafesinimi menedjeriydi.

Shu bir to’qnashuv bo’p qopti og’zaki… Gulnora uni nazariga ogan…Ko’ziga yomon ko’rinib qogan. Bir haftaga qomasdan qamab yuborishdi. Qamaganda ham na MVD na UVD na SNB uni qo’lga oldi. Kim qo’lga oldi uni? Kim qo’liga kishan soldi – SBP soldi.Prezidentning Xavfsizlik xizmati. Ishlavotgan joyga kelib, xuddi terrorchi ushaganday qilib, ob ketishdi anaqa qilib de. Hammaga bu nima desa bo’ladi, saboqday. Gulnora bilan anaqa qigan, gap talashgani uchun.

Mana ikki haftaga qoldirmasdan u bolani, mani eshitishimcha, chunki buni aniq tasdiqlay olmayman, buni so’rab-surishtirishga u yoqda hamma qo’rqadi, sakkiz yilga qamab yuborishdi u bolani.Bu bitta misol. Ikkinchi misol, Gulnorani o’zini yaqin dugonasi bo’gan Nilufar Sadriddinova degan. U oxirgi paytda 2001ga qadar Gulnorani o’sha toshkentdagi shirkatlarini birini bosh direktori bo’lib ishlab kelgan.

Gulnorani kichkina paytdan buyon birga maktabga, birga Universitetga borib yurgan dugonasi bo’gan. U gugonasi bilan gap talashib qolib, uni nafaqat ishdan bo’shatgan yana domashniy arest qilib qo’ydirgan.Yerga tegaman degan yaxshi ko’rgan yigitiga tegdirmagan. To’y qildirmagan.Keyin uni yigiti Amerikaga olib kelaman deganda pasportini qo’lidan olib qo’yishgan.

Uyiga borib yana o’sha SBP, prezidentni xavfsizlik xodimlari kelib, ota-onasi, o’ziga bosib o’tkazib, “Qizingiz hech qayoqqa chiqmasin,toshkentdan agar ketib qolsa, qarang, o’zingizdan ko’rasiz” degan.Bu mana sizga ikkinchi misol. Bunaqa misollar juda ham ko’p.O’shani uchun boyaki rus gazetasini yozishi bo’yicha unga qaytib kelarkanmiz, mani gaplarimni ular “Zayavleniy Farxad Inagambaeva “ deb yozgani bu mutlaqo… Mana tasavvur qiling, sizni oldingizga ikkita qog’oz ob kep qo’yishdi. Oldingizda ikkita SNB turibdi. Aytishvotti “Otang u yoqda ishlaydi, onang bu yoqda, bolalaring , xotining bor”… Qani siz yozmay qo’ying-chi shu narsani qanaqa ailishadi.

-Endi Gulnora masalasiga qaytadigan bo’lsak, Gulnorani mana shu hisoblari chet ellarda qaysi yillarda ochilib va gullab yashnagan payti qachon?

-Man oldingi yillarga bir narsa aytolmayman, chunki oldin man Gulnora bilan ishlamaganman. 2001 yildan boshlab to 2003 yil aprelga qadar man u bilan ishlab keldim.ikki yildan sal ortiq yilning ichida shu to’rtta –beshta bankda millionlab pul o’tdi.Bundan tashqari o’sha shirkatlar, o’sha hisoblar orqali o’ziga Maskvadan uy-joy sotib oldi. Ayniqsa nima desa bo’ladi, 2002 yilda xabaringiz bormi-yo’qmi bilmadim, bir yoz paytlari qattiq bir mish-mishlar bo’ldi toshkentda, adasini, otasini sog’lig’i yo’q, toshkentda bir gaplar bo’votti degan paytda, men bu haqda hech narsa aytolmayman, lekin, haqiqat shuki may oylarida mani Maskvaga jo’natib, o’shatta, Maskvada ham yordamchilari bor, o’shlar bilan birga unga uy-joy qaraganmiz. Keyin mayni oxirlarida o’zi ham kelib shu joyni tanlagan.Uch qavatli “Pen haus” deyiladi, Moskvani markazida, o’ziga uy-joy olgan.

-Qanchaga olgan uyni?

-Ikki millionga dollarga yaqin. Bir million sakkiz yuz ming qanchadir.Manda kontrak, orderni kopiyalari ham bor.Ikki ming dollar uyni o’zi hali nima qilinmagan, nima desa bo’ladi, o’zbekchafa suvog’i bitmagan uy deydi-yu, ana shunaqa.

-Bu hujjatlarni qanday qilib olib chiqib ketgansiz?

-Jahongir aka, mana boya boshlaganimday Gulnora bilan ishlagan sari 2001 yil boshlagan bo’lsam kunba-kun buni mana Xudo biladi, keyin xotinim biladi boshimdan nima o’tganini. Ota-onamga gapirib etmasdim, lekin mani nimamdan ular sezishardi nima kechirvotganimni.Ba’zi kunlari bo’lardi Jahongir aka, qandoq Gulnorani qo’lidan qutilishni bilmasdan, nafaqat man , balki mani kasbdoshlarim o’shatta qolib ketgan hozir ham Gulnorani qo’lida ishlavotgan, shunaqa bir beaql narsalar kelardi, shu Gulnorani qo’lidan qutilish uchun borib shu moshinada o’zingizni avariya qilishga…Shunaqa fikrlar kelardi. Shunda balki qutili qolarmidik. Chunki borgan sari botqoqqa kirgandan kirib ketovrardik. Chunki mana etganimday noqonuniy pul ob chiqish, uni nomiga o’tkazish…

Bundan tashqari Gulnorani Toshkentda kunba-kun, haftama-hafta dushmanlari ko’paygan. Endi bir kunmas-bir kun o’shanga bu javob beradi. Qonun oldida javob beradi, chunki qancha begunoh odamlarni uyini vayron qildi. Mani o’sha ikki yil ishlagan tajribamni ichida reket deydiyu, shunaqa tarzda pul oldi.Masalan shunaqa paytlar bo’lgan kimdir qaysidir tadbirkor uni oldiga kelib… Endi xal qanaqa deb o’ylaydi? Bu prezidentni qizi, podshoni qizi, qo’lidan ko’p narsa keladi, deb, qani bir iltimos narsa so’rab ko’rsam balki yordam beradi, deb o’ylashadi.Chunki ko’p kishilar uni qanaqaligini, haqiqattan qanaqa insonligini bilishmagan.O’sha paytlari bir tadbirkor kegan Gulnorani oldiga-dey… Gulnora ko’pincha moliyaga tegishli narsalarni manga yuklatib qo’yardi. Bu mani yanayam ko’proq xavotirga solardi.O’shanda bu tadbirkor Gulnoraga bir taklif bergan.O’shanda Gulnora o’sha taklifni qarab chiqqan.Keyin etgan “Bo’pti man uchrashaman shu bola bilan” degan. Uchrashgan o’sha bola bilan. U bola batafsil masalani tushuntirgan , anaqa qigan.Gap nima to’g’risidaydi? davlatga tegishli bir qolib ketgan, hech kimni nazoratida yo’q bir shirkatti privitatsiya, ya’ni xuxusiyalashtirish to’g’risida yordam so’ragan. O’shanda Gulnora etgan, bo’pti degan, manga mana shuncha berasan, degan. U bola rozi bo’gan.

Keyin bir hafta o’tmasdan mani chaqirgan Gulnora va yana bitta yordamchisini chaqirgan, “Anavu bolalarga etgin, o’sha pulni olib kelib bersin” degan. U bolaga borib etgandan keyin, u bola tadbirkor ekan, “Qanaqasiga pulni hozir beraman, Gulnorani o’sha narsani oxirigacha etqazmadi”… Gulnoraga keyin shundoq deb tushuntirganda “Yo’q “ degan. “Man bilan uchrashdimi, qani ob kelib qo’yib qo’ysin, ob kemay ko’rsinchi, man o’sha bolani yo’q qilib yuboraman” degan.”Toshkentni esidan chiqarib yuborsin, ketsin qaqqadir” degan. Biza mana shunaqa qilib boshimizani ushavolib, “Qanaqa qilib bu odamga tushuntiramiza, biza nima bir mafiyamizami, yoki reketmizami, qanaqa qilib u odamga etamiza, deb”… Shunaqa paytla bo’gan. U bola o’shani yarmini ob keb bergan. Uyini sotgan, o’sha bir shirkati bor edi, zavodi bor edi, zavodini ichidagi matereallarini sotgan, nimalarini sotgan, ob keb bergan o’shani yarmisini.

-Bu demak, bir voqeami, yoki shunaqa voqealar ko’p, tez-tez bo’lib turarmidi?

-Bunaqa voqealar tez-tez bo’lib turardi, Jahongir aka. Mana boyagi bergan savolingizga qanaqa qilib man ketdim, nimaga man ketdim? Bu narsalar o’sha 2001 yildan yig’ilib-yig’ilib…Man aqlimni qanday yig’ib ololmasdim, qanday qilib qutulib ketsamki, lekin ayni vaqtda mani oilam nima bo’lib qomasin, oilamga ta’siri o’tmasin, deb o’sha narsani o’ylaganman. Amerikani hukumati manga ancha ko’p yordam berdi mani masalam bo’yicha. Chunki man Gulnorani shirkatidan ketganimga mana uch-to’rt oy bo’ldi… Ketganimdan keyin u bilan telefonda bo’ttan, Amerikadan gaplashdim. Unga bildirdim ketganimni. Uni g’azabi keldi, buni kutgandim man. Keyin birinchi qilgan narsasi, shuni ham bilardim man, birinchi bo’lib oilamga yopishdi.Birinchi bo’lib ko’rdiki, man oilamni ob ketvoldim, xotinimni, bolalarimni ob ketdim, ota-onamni ham, oka-ukamni ham ob ketdim, chunki bilardim birinchi bo’lib ularga yopishadi. Ularni ketiga ham tushdi, qidirishni boshladi. O’shani uchun… Amerikani hukumati, yana bir tashkilotlar, jumladan, Human Rights Watch,(Inson Huquqlari bilan shug’ullanuvchi tashkilot-J.M.) BMTning Inson huquqlari bilan shug’ullanuvchi komissiarligi ular manga juda katta yordam berishdi, oilamga kotta yordam berishdi. Lekin hali ham bo’lsaki mani O’zbekistonda qarindoshlarim qob ketdi. Uylarimizni zapechatit qildi, degan gaplar bo’ldi. Keyin u yoqda qandaydir tergov boshlagan.Man hozir aqlimga ham sig’dirolmayman, qanday qilib tergov boshlagan manga.Nima deydi, balki Farhod mani millionlarimni o’g’irladi, deydimi, yoki… Man hozir etgan gaplarim birinchidan man bilaman o’zimga qanaqa mas’uliyat oganimni. Chunki bunday qadam qo’yishimga, bu yoqqa kelib ishlarim mana shundoq bo’lib ketishiga ko’p o’yladim. Ko’p o’ylab, har taraflama, nima desa bo’ladi, vesit qildim taroziga solib… Oilamga qandoq bo’ladi… Bunaqa hayot bo’masdi. Etvomman-ku, bir kunmas-bir kun botqoqqa kirib-kirib ketvotgan bir narsa… O’shani uchun qancha ham qiyin bo’masin…

Mana ota-onamni yoshlari kotta. Qancha konkret bizga qiyin bo’masi, adamga-onamga qiyin bo’masin, xudoga shukur ota-onam mani tushunishdi… Haqiqat bu haqiqat Jahongir aka, erta-indin nomingiz nima bo’lib… Bu bizni oilamizga, bizani nomimizga hech to’g’ri kelmaydi, o’shani uchun mani bitta xavotirga soladigan narsa o’sha O’zbekistonda , vatanda qolib ketgan yaqin qarindosh-urug’larimiz, hamda mani hamkasblarim, o’rtoqlarim… Ba’zilari hali ham Gulnorani qo’lida.Chunki ularni imkoniyati yo’q.

-Endi har holda Gulnorani mana Amerikada sud bo’lgandan keyin qidiruv e’lon qilindi bolalari masalasida. Har holda kelajagi bir mavhum bo’lib qolayapti. Ertaga, masalan, bu hayot bu, masalan, prezident Karimov muddati bitib ketdi prezidentlikdan. O’zbekistonda ishlashi mumkinmi, yana shu faoliyatini davom yettirishi mumkinmi?

-Agar mani fikrimni so’rasangiz, shaxsan mani fikrim-mutlaqo yo’q. Chunki, ruschada bir so’z bor «Mnogo drov nalamala» deyiladi. Bu degani qilmishi haddan tashqari o’tib ketdi. Hattoki uni nafaqat uni yoqtirmaydigan ko’chadagi yoki tashqaridagi odamlar, hattoki o’zini atrofidagi, mayli man ularni otini aytmayman, hatto o’zini atrofidagi xavfsizlik idoralari deysizmi, ularni ham bir joyiga kelib qolgan bu narsa. Buni…

-Nima qilishi mumkin u holda?

-Tushunmadim savolingizga?!

-U holda nima qiladi? Qayerga bir joyga ketadimi yoki pullarni bir joyga to’playaptimi? Yo qochib ketadimi? Nima bo’ladi?

-Manchi Jahongir aka, shu narsani ko’p o’ylab hech bir aqlimga sig’maydi-da, chunki mani nazarimda qochib boradigan joyi yo’q. Mana Maskvani hozir tilga oldim, Maskvada anaqa o’ziga joy qivotti, o’ziga nom qivotti, deymiza, Maskvani o’zida baribir bilishadi uni kimligini, pullani nima qilib kevotganini. Man o’ylamayman Maskvada tinch hayot kechradi, deb.O’shanisiga man haligacha shu savolga javob berolmayman.Qanday o’ylaydi, o’zini keyingi hayotini qanday tasavvur qiladi?.. Chunki bu narsani neratsionalniy,biror bir logikasini o’ylamaydi.Shu kun bilan yashab o’tib ketaman, deb o’ylaydi. Chunki O’zbekistonda man sizga aytganimdek juda ko’p odamlar norozi. Juda ko’p odamlarni qaqshatgan. Uyini ob qo’ygan. Kimlarnidir ko’plarni qamoqqa ogan, pulini tortib ogan. Shirkatlarni tortib ogan. davlatni o’zini qancha pulini o’g’irlagan. Birinchi bo’lib dovlat uni, balki O’zbekistonda tuzum o’zgargandan keyin davlat undan so’raydi. Kelajakdagi keladigan hukumat uni so’roq qiladi.Chunki million-millionlab o’g’irlab ob chiqib ketilgan mamlakatdan.Mamlakat qashshoq, ochlik…Ayolla bozorda mardikorlik, fohishalik qivotgan bir paytda, endi man ruscha maktabda o’qiganman, yana bir ruscha so’z aytaman, «Pir vo vremeni chuma» deydi. Ya’ni bu degan gap «Vabo paytida to’y o’tkazish”. O’sha restoranla, klubla ochgan.Buni ko’pla biladi…

-Otasi bilan munosabatlari, xabaringiz bormi, qanday edi?

-Otasi bilan munosabatlari… Endi ba’zi bir suhbatlarda Gulnora tez-tez aytib turardi otasi bilan o’rtasidagi munosabatlarni. Mani bilishimcha otasi qizidan juda ham faxrlanadi.Judayam aqlli deb o’ylaydi. Endi bu Gulnorani gaplari qanchalik rost yo yolg’on. Juda ham o’ziga yuqori baho bergan. Otasi qiziga juda ham yuqori baho bergan. Chunki har taraflama rivojlangan deb o’ylaydi. Mana tijoratni ham oboradi, deb o’ylaydi. Siyosatni ham yaxshi tushunadi, bu yoqda ashula ham etadi, she’rlar ham yozadi. O’sha rus gazetasida o’qigansiz-u.Bu otasini nimasi…

-Ashulani qayerda aytadi?

-Ashulani, O’zbekistonda, Toshkentda «Pantera» degan bir studiya ochgan. darxonda, Toshkentning markazida bir binoni nimasini olishgan, nima desa bo’ladi, ko’p imperiyasi o’shatta joylashgan.Radio, jurnal, gazeta, yo gazetasi yo’q, studiyalari, restoranlari o’shatta joylashgan.O’shani uchun ko’pincha voqtini ha, ko’ngilli voqtini o’shatta o’tkazadi.Kechququngi voqtini ham o’shatta o’tkazadi. Bitta narsani qo’shimcha qilib ketmoqchiman shu nimani yakunlash uchun… Gulnoradan ketganim, vatandan ketganim, mana hozir rus gazetalarda yozib, mani nomim tilga olingani hammasi Gulnora tomonidan , uni xavfsizlik xizmati tomonidan uyushtirilgan nima… Chunki mani biladiganlar biladi O’zbekistonda ham, bo’tta ham. Gulnorani qandoq insonligini hamma biladi.Hamma biladi, hatto o’sha atrofida ishlab yurganlar ham biladi.

Tasavvur qilingki o’zini bolalarini, farzandlarini otasiga, qolaversa o’zini o’n yil turgan turmush o’rtog’iga o’lim nima qilgan… Boya aytmadim sizga, yanvar oyida, shu 2003 yilda Gulnorani chetda, Sharjida politsiya qo’lga ushlagan. Shu sud qarori bo’yicha, bolalani olib qochib ketgani bo’yicha. Gulnorani aeraportda ushashgan.U voqtda man oldida edim. Chunki ko’pincha chet elga chqsa mani oldida olib yurardi. O’shanda hech bir nimamdan chiqib ketmaydi shu taassurot…juda bir og’ir nima bo’gan. Tasavvur qilingki aeraportda chat el xavfsizlik xizmatlari tomonidan O’zbekistonning qizi, O’zbekistonning podshosining qizi, prezidentining qizi qo’lga tushdi.

Atrofidegi hech anaqalari ham, telexranitellari ham, soqchilari ham, yana o’sha paytda aeraportda O’zbekistonning vitse konsuli bor edi, «O’zbekiston havo yo’llari»ning bosh vakili bor edi o’sha mamlakatdagi, hech kim yordam berolmadi. Juda bir og’ir nima payt edi, yig’lab o’shanda onasiga telefon qigandi. Onasi, Tatyana Akbarovna bilan gaplashib… Unda yakshanba kechasi edi.

Yakshanba kechasi xavfsizlik xizmati xodimlari Gulnora bilan yuradigan, ular tabiiyki o’zlarini idorasiga telefon qilishni boshlashdi.Qiyin ahvolda qoganda, o’shanda shunaqa gaplarni aytdi…Jahongir aka, mana man nimaga aprelda keyin qochib keldim? Nima uchun man aprelda, shu yil qochishga qaror qildim Gulnoradan?..

O’sha voqea mani anaqamga kotta nuqta qo’ydi. O’zimga o’zim aytdim, yo’g’ dedim, nima bo’masa ham ketaman, dedim. O’shanda onasiga telefon qilganda, keyin xavfsizlik xizmatini boshlig’iga toshkentga telefon qiganda, etgan… Rus tilida endi yig’lab gapirganda, so’kib, nima qilib gapirganda etgan…

Bo’ldi, qachongacha anaqa qilasanla, qachon manga…va’da beruvdinla bu odamni yo’q qilib yuborishga…’ Ya’ni Mansur Maqsudiyni…Bilmayman, Olmaotadan yuborasanlami, Moskvadan yuborasanlami, lekin uchib kesin, manasu ikki kunda uchib kesin, bo’lmasa bular ketib qolishadi. Yo’q qivorlaring, manga va’da bergansanlaru’, deya do’q-po’pisa qigan. Biza eshitib bu narsalarni, qanaqasi… Kinoda ham eshitmaysiz bu narsalarni-dey. Judayam anaqa…

Hozir man to’g’ri so’zla ishlatib bu narsani tasvirlab bera olmayapman.Lekin hammamiza o’shanda manashundoq jim bop qoganmiza. O’shandan keyin… Keyin baribir qutilib chiqib ketgan. Aeraportdan ketgan. Aniq etolmayman qaysi yo’llar bilan ketganini.Lekin o’sha mamlakat nimalari uni chiqarib yuborishgan, samalyotga o’tirib ketgan.Lekin samalyot bir uch soatga to’xtatilgan edi, hamma odamlar to’planib nima qilib o’tirishgan. «Farhod, degan, qara degan ikki-uch kunlada odam keladi, sanga telefon qilishadi.Yordam bergin bulaga» degan. Ya’ni, odamla, o’sha ijrochila keladi, deb aytgan manga. Shu voqeadan keyin bu bir qattiq nima bo’lgan manga… Man undan keyin u bilan boshqa qolish istagim bo’lmagan.

-Rahmat suhbatingiz uchun!

24.OTASINING QIZI

O’zbekiston prezidenti Islom Karimovning qizi Gulnora Karimovaning Nyu Jersey shtati Oliy sudidagi mojarosi yana bir haqiqatni isbotladi. Bu esa O’zbekistonda qonunlar xalqqa boshqa va prezident oilasiga boshqa ekanligidir. Qolaversa, bu Konstitutsiyada “Prezident qonunlar kafolati” degan gapning O’zbekistonda puch ekanligini ham isbot etdi.

Ma’lumki, sud Gulnora Karimovaga bolalari Islom va Iymonni Amerikada istiqomat qiladigan otasi Mansur Maqsudiy bilan telefon orqali gaplashishlariga sharoit yaratishni buyurgandi.

9 yoshli Islom telefonda otasiga “Sen bilan gaplashmayman” degandan keyin sud bolaga tashqi ta’sir bo’lgan, deya videoga yozib olish sharti bilan qaytadan suhbat uyushtirishni buyurdi. Ammo Gulnora Karimova bu talabni ham inkor etdi. Sud “Agar bu talab bajarilmasa, Gulnora Karimovani qamoqqa olish haqida qaror chiqarishini” aytdi.

Shu orada bolaning ilgari ruhiy kasalliklar doktoriga ko’rsatilgani va uning ruhiy jihatdan davolangani ham kun tartibiga keldi.

Sudning talablari qanday bajarilayotgani, jumladan Karimovani qamoqqa olish borasidagi ogohi munosabati bilan ochilgan navbatdagi mahkama majlisida Gulnora Karimovaning advokati uning nomidan bayonot qilib, “malika”ning diplomatik daxlsizligi mavjudligini ilgari surdi.

O’zbekiston hukumati 1997 yilda unga diplomatik daxlsizlik haqqini bergan ekan. Har holda buni sirtdan Oliy Majlisdan ham o’tkazib qo’yishgan bo’lishsa ajablanadigan joyi yo’q. Chunki O’zbekistonda bo’lmaydigan ishning o’zi yo’q. Shu bois sud bu daxlsizlk nimadan iborat ekanligini o’rganish uchun mahkamani yana kechiktirdi.

Gulnora Karimova Amerikaga turmushga chiqqanda bu yerda doimiy yashash statusini olishi bilan Qo’shma Shtatlar qonunlariga bo’ysunish majburiyatini ham qabul qilgan. “Grinkard” olganda esa qonunlarga bo’ysunaman, deb qo’lini ko’tarib qasam ichgan.

AQShda prezidentning bolalari qonunni buzgan taqdirda, ayniqsa, fuqarolik qonunlari bilan ish ochilganda sudga bormasin, yoki sud qarori unga nisbatan qo’llanilmaydi, degan qoida yo’q.

Hatto bevosita daxlsizligi bo’lgan prezident va kongressmenlar ustidan ish ochilganda ham bu ma’lum davrga kechiktiriladi va daxlsizlk muddati tugashi bilan ish qayta ochiladi. Ya’ni qonundan qochish yo’q. Bu barcha demokratik davlatlarda, qonunlar hurmat qilinadigan joylarda ham shunday.

Hato Janubiy Koreyada prezidentning o’g’li ustidan ish ochilganda otasi xalqdan uzr so’radi va bolasi boshqalar kabi qonun oldida teng ekanligini aytdi.

Shunday ekan, Gulnora Karimovaning diplomatik daxlsizligi nimadan iboratligi tabiiyki nafaqat sudni, balki jamoatchilikni ham qiziqtirardi. Chunki, O’zbekistonda deputatlik daxlsizligi bo’la turib Shovruq Ro’zimurodov, Inomjon Tursunov, Samandar Qo’qonov va boshqalar qamoqqa olingani, bugunga qadar bu an’ana davom etayotgani misollari ko’p. Buni qonunlar shunday, oldin qamoqqa olib, keyin daxlsizlik bekor qilinadi, deb izohlab kelishadi.

Endi, agar prezidentning qizi daxlsizlik orqasiga bekinadigan bo’lsa, o’rtada ziddiyat kelib chiqmaydi-mi? Tabiiyki kelib chiqadi. Amerikada qasamga xiyonat etsa, O’zbekistonda qonunlarni bepisand qilsa va otasi qonunlar posboni bo’lsa, demak, xulosani o’zingiz chiqarib olavering.

1991 yilda Islom Karimov O’zbekistonni shaxsiy mulkiga aylantirib oldi, deya tanqid qilganimda, tanbeh berganlar ko’p bo’lgandi. Hayot ko’p narsani isbotlaydi, jumladan, gapim to’g’ri bo’lib chiqqanini o’tgan yillardagi va bugungi voqelikning o’zi isbotlab turibdi…

Nyu Jersey shtati Oliy sudi prezidentning qizi Gulnoraning diplomatik daxlsizligi borligini ro’kach qilganini o’rganib chiqib, vajni rad etdi va 9 yoshli Islom hamda 4 yoshli Iymonga otasi Mansur Maqsudiy egalik qilishi haqida qaror qildi. Ya’ni Gulnora Karimovani onalik huquqidan mahrum etdi. Bu esa AQShning barcha huquq tartibot organlari sudning qarori bajarilishi uchun birinchi galdagi imkoniyatdanoq foydalanib bolalarni otasiga qaytarishlari kerakligini anglatsada, bolalar hali ham “diplomat” Gulnorada.

Oliy sud mazkur masalaning moliyaviy jihatlarini ham ko’rib chiqdi. Islom Karimovning sobiq kuyovi Mansur Maqsudiy huquqiy xarajatlar uchun oldindan 80 ming dollar to’lagan va buning bir qismini Gulnora Karimova ko’tarishi kerakligi masalasida sudga murojaat qilgan. Sud Gulnora Karimova huquqiy xarajatlar, xalqaro ekspertlarga to’langan mablag’, qaydiyat masraflari hamda boshqa xarajatlar uchun darhol 50 ming dollardan ziyod pul to’lashi kerakligini qarorga bog’ladi.

Maqsudiyning advokati, Gulnora Karimovaning bu pulni darhol to’lamasligi uning mol-mulki yuzasidan hukm chiqarishga yo’l ochishini, Gulnoraning dunyoning juda ko’p joylarida, jumladan Shvetsariya va Kayman orollarida hisoblari, mol-mulki mavjudligini aytdi.

Shuningdek, Gulnora Karimova o’z advokatiga qo’shimcha ravishda 200 ming dollar to’lashi kerakligi ham ochilib qoldi.

Ajaralish mojarosi davomida bolalarning salomatligi diqqat markazida turdi. Gulnora Karimova bolalarni otasi bilan gaplashtirmagani haqida sudga yozgan izohotida o’g’li Islom ruhiy jihatdan sog’lom emasligi va uni ruhiy kasalliklar shifokoriga ko’rsatib turish kerakligini qayd etgan.

Bola ilgari otasi bilan gaplashgandan keyin yana ham og’ir vaziyatga tushgani aytildi. Shuningdek, Gulnora Karimova qizi Iymon ingliz tilida gaplashishni unutgani va Mansur o’zbek tilini bilmagani bois u bilan muloqot qilish imkoniga ega emasligini aytgan. Bu bahonalar sudda otaning foydasiga qaror chiqishiga sabab bo’lgan omillardan biri edi.

Xullas, O’zbekiston va Amerika orasidagi ajralish mojarosi Gulnora Karimovaning ketma-ket mag’lubiyatlari va prezident oilasining sirlari ochilishi bilan bilan davom etdi.

O’zbekiston prezidenti Islom Karimovning qizi Gulnora Karimovaning dunyoning juda ko’p mamlakatlarida hisob raqamlari borligi oshkor bo’ldi, dedik. Xo’sh, bu hisoblarda qancha mablag’ bor va bu pullar qayerdan topildiyu nega chet ellarga chiqib ketdi? Buning ustiga o’zbek podshosining qizi bo’lgan “malikai turondot”ning chet ellarda katta mol-mulki ham borligi aytilmoqda. Amerika mahkamasida aytilgan bu gaplarga nahotki O’zbekistonda munosabat bildiradigan kishi yo’q?

O’zbekning boyligi, o’zbekning puli shu qadar ham egasiz-mi? O’zini muxolifat deb yurganlar nega bu masaladan ko’z yumib kelmoqdalar? Nega bugun buni tinimsiz fosh qilish haqida o’ylamayaptilar? Agar biror-bir g’arb davlatida shunday voqea o’rtaga chiqsa, bu muxolifat uchun eng katta qurol bo’lishini biznikilar bilmaydilar-mi? Nega muxolifat maxsus bayonotlar bilan chiqmadi va nega o’zini mard hisoblagan deputatlar parlamentga so’rov kiritmadilar?

Savollar va savollar…

Dunyo matbuotida eng ko’p yoziladigan va eng ko’p o’qiladigan mavzulardan biri mamlakat rahbarlarining oilalari, yaqinlari bilan bog’liq xabar hamda maqolalardir. Ma’lumki, bu mavzu O’zbekistonda yopiq. Agar O’zbekistonda matbuot erkin bo’lganda  eng ko’p yozilgan va va eng ko’p o’qilgan xabar, maqolalardan biri prezident Karimovning qizi Gulnora Karimova bilan bog’liq bo’lgan bo’lur edi.

Aslida demokratik jamiyatlarda bu narsadan qo’rqilmaydi va buning siyosiy faoliyatga u qadar ta’siri ham yo’q. Siyosatchining oilasi va o’ziga ayri-ayri qarash shakllangan. Masalan, 2002 yil saylov arafasida prezident Bushning ukasi Florida shtatining gubernatori Jeb Bushning qizi narkotik iste’mol qilgani va uni davolanishga yuborishganda bosh tortgani uchun sud huzuriga olib chiqilgani nafaqat Amerikada, balki G’arb o’lkalarida juda ko’p yozildi. Ammo saylovda Bushning partiyasi g’olib chiqqani barobarida ukasi ham Florida gubernatorligiga qayta saylandi. Ya’ni qizi bilan bog’liq masalaning saylovga ta’siri bo’lgan emas.

Ammo odamlar qiziqqani uchun bu mavzu izchil yoritib borildi. Agar bu narsa yashirilsa va xalq mish-mishlar orqali buni eshitsa u holda saylovda jidiy to’siq tug’ilishi mumkin.

Demokratiya va oshkoralikning kuchi ana shunday holatlarda  ko’zga tashlanadi.

Lekin O’zbekistonda prezidentning qizi Amerikalik eridan ajralganda ham xalq bundan bexabar bo’ladi yoki xorijiy matbuotdan, bilganlardan eshitadi…

Gulnora va Mansur mojarosi davom etar ekan, sudning talabi bilan telefon so’zlashuvi tashkil qilinganda 9 yoshli Islom uzoq vaqt ko’rmagan va mehriga zor bo’lgan otasiga “Men sen bilan gaplashishni istamayman” deb javob beribdi. Sud bu ishga psixologni taklif qildi va videotasmaga yozish sharti bilan suhbat uyushtirishni buyurdi. Agar bu amalga oshmasa sud Gulnora Karimovani qamash va kuniga 500 dollardan jarima to’lashi haqida qarorga kelishini ma’lum qildi.

Amerika zehniyatida 9 yoshli bolaning bunday javob qilishini chetdan ta’sir yoki kasallik belgisi deb qarashadi. Xullas, nikohni Amerikada qilib, ajralishini O’zbekistonda hukmga bog’latgan Gulnora Karimova bilan bog’liq masalada sud unga yana muhlat tanidi.

Qiziq… Indoneziya prezidenti Megavati Sukarnoputrining 50 yoshli ukasi Muhammad Guruxning 23 yoshli O’zbek raqqosasi Sabina Guseynovaga uylangani haqida rosa yozildi. Masalan, butun boyliklarini oilasiga emas, millatiga me’ros qoldirgan prezident Sukarnoning o’zini muzika olamiga baxshida qilgan uncha boy bo’lmagan o’g’li o’zbek xotinidan besh bola istaganmish. Guruxning otasi Sukarnoning yettita xotini bo’lgan ekan. Muhammad Guruhning esa noyashirin 20 ga yaqin jazmani bor emish…

Bu haqda bot-bot yozildi ammo Gulnora masalasida o’zbek matbuotida jimlik…

Qachon O’zbekistonda Prezidentinining ham oilasi haqida hamma gaplar ochiq yoziladigan bo’lsa, demak o’shanda bu yurtga demokratiya oralabdi, deyish mumkin. Chunki bu demokratiyaning muhim uchqunidir. Ungacha esa “yopiq qozon”- kommunistik tizimning qoidalari hukmron bo’lib qolaveradi…

Gulnora Karimovaning sud mojarosi bitgan emasligini aygandik.

2002 yilning 27 Noyabr kunidagi mahkamada Nyu Jersey Shtatining Oliy sudi Gulnora Karimovaning diplomatik daxlsizligi haqidagi da’vosini inobatga olmadi va u Amerikada bu yerning barcha qonun-qoidalariga rioya qilish haqida qasamyod qilib, turmish o’rtog’i bilan doimiy istiqomat qiluvchi statusida yashagan, degan qarorga keldi.

Sud O’zbekistonning BMT qoshidagi vakilining Gulnora Karimova diplomatik daxlsizlik huquqiga ega, degan da’vosini (BMT qoshidagi vakilning bunday vakolatga ega bo’lib- bo’lmagani ham bir masala) rad etar ekan, agar shunday bo’lganda bu AQSh davlat departamenti tomonidan rasman tasdiqlanishi kerak edi, dedi.

Nima bo’lganda ham 1991 yilda AQSh fuqarosi Mansur Maqsudiyga turmushga chiqqan va oradan o’n yil o’tib ajralish qarorini o’zi nikohdan o’tgan Amerikada emas, balki otasining vazifasidan foydalanib, g’ayriqonuniy ravishda Toshkentda rasmiylashtirgan Gulnora Karimova Nyu Jersey oliy sudining qarori bilan onalik huquqdan mahrum qilingani prezident oilasining parvoyiga ham kelmadi.

Bu O’zbekistonda qonunni chetlash, qonundan qochish, qonunni bepisand qilish nafaqat Islom Karimovning balki oilasining ham asosiy “fazilati”ga aylanganiga yana bir dalildir.

25. SHOVRUQ RO’ZIMURODOV

1990 yilning 24 mart kuni O’zbekiston Oliy kengashi to’qqizinchi chaqiriq birinchi sessiyasida Prezidentlik lavozimi haqidagi qarorni qabul qilish va Karimovni saylash boshlanganda Shovruq so’z so’radi. Lekin do’ppini salla qilib ko’rsatish darajasida ustamon bo’lgan majlis raisi Mirzaolim Ibrohimov unga so’z bermadi. Shovruq o’rnidan turib gapira boshladi. Unga mikrofon kerak emas edi. Uning gurillagan tovushini majlislar zalining har joyidan ham eshitsa bo’lardi. Shovruq: “Men bu odamni Qashqdaryodan bilaman. Bu odam prezidentlikka loyiq emas. Agar prezident bo’lsa, hammangiz pushaymon bo’lib qolasiz hali…” dedi.

Shovruq qo’li bilan minbarga ishora qilib gapirar ekan, Karimov qizarib ketdi. Mikrofonnni jahl bilan oldiga tortdi. Lekin nimadir esiga tushgan kishidek yana mikrofonni raisning oldiga surdida “ Bas qiling maynavozchilikni” dedi.  Muzokaralar to’xtatilib, “bir ovozdan” prezidentlik lavozimi tashkil qilindi va “bir ovozdan” Karimov saylab yuborildi.

Iosif Stalin tarixni o’zi yozdirgani kabi qoldirishni istab guvohlarni yo’qotishga kirishganini bugun gapirishga hojat ham yo’q. Lekin tarixning u bekitgan sahifalari bugunga kelib ochildi. Stalin davrida o’ldirilganlar haqidagi malumotlarga qarasangiz, biriga “Qamoqda o’zini osdi”, boshqasiga “Miyasiga qon quyildi”, keyingisiga “Og’ir xastalikdan o’ldi” degan xulosalar qo’yilgan. Lekin ularni o’ldirishgandi…

Karimov o’zini kechirmasligini Shovruq yaxshi bilardi. Zotan deputatlar orasida kaltak birinchi bo’lib uning boshida sindi. Karimov 1990 yilning 24 mart kuni prezident bo’lgan bo’lsa, oradan bir oy ham o’tmay Shovruqni to’rtmi, beshmi bolasi bo’lgan bir ayolga uy olib berganlikda aybladi. Ya’ni deputat bunaqa ishlarga aralashmasligi kerak ekan.

Oliy kengash hay’ati uni qamashga sirtdan izn berib yuborganini eshitib, qo’mita raislariga norozilik bildirdik va masalani sessiyaga olib chiqajagimizni aytdik. Karimov Majlis raisiga “Uni olib kelib prezidumda muhokama qilib, deputatalikdan chiqaringlar, qolganlarga dars bo’lsin” deb aytibdi. Raisga “Bu gapimni ham ayt” degan bo’lsa kerakki u “Oqsoqol shunday dedilar” deb qo’rqmasdan aytgandi bu gapni.

Biz qo’mita raislari bilan bu qaqshatqich zulmning ilk odimi, uni to’xtatish qo’llaringizda, deb Shovruqni saqlab qolish masalasida  ko’p gaplashdik. Ular o’zlari bir narsa qila olmasliklarini, lekin bizlarni hay’at majlisiga kiritish uchun ovoz berajakalarini aytishdi. Qo’mita raislaridan, shoir Erkin Vohidov esa “Bizga oldindan qo’l qo’ydirib olishgan, muhokama qilish rasmiyatchilk, xolos, baribir bir narsaga erisha olmaysizlar”, deb hay’at majlisiga kiruvchilarning shahdini sindirdi. Bu masalani tortishib turganimizda mirshablar Shovruqni olib kelishdi.

U xalq tomonidan saylangan parlamentiga mirshablar qurshovida, qo’lida kishan bilan kelayotgan edi. Kiyimlari g’ijim. Soqoli o’sib ketgan. Ko’zlari cho’kkandi. Biz unga peshvoz chiqdik.

-Bularning kuchi etmadi. Olib kelgan yangi kiyimlarini ham kiymadim. Soqolimni olish haqidagi buyruqlarini ham bajarmadim,- dedi u.

Uni majlisga olib kirishdi. Mirshablarga topshiriq berib, hozir prezident kelajagini va ichkariga hech kim olinmasligini aytishdi. U paytda hali mirshablarning ko’zida bir oz bo’lsada qo’rquv bor edi. Bizning yo’limizni to’sa olmadilar. Ichkariga kirdik. Rais darhol majlisni to’xtatib, “Men pastga, prezidentni kutib olishga borayapman” deb chiqib ketdi. U ham, Prezident ham kelishmadi. Shovruqni esa olib ketishdi.

Biz masalani sessiyada ko’tardik. Kaminaning Shovruq haqida aytgan gaplarimni o’shanda ko’pchilik eshitgan. Sessiya majlisini televidenie orqali namoyish qilishga erishgandik. Bugun Shovruqni qamashgan bo’lishsa, ertaga navbat boshqalargaa kelishini, bugun kaltak, ertaga qamoq va indin o’ldirishgacha borib etishini, buni bugun to’xtatmasak, ertaga kech bo’lishini aytgandim. Quloq solgan kim? Ming afsuski to’xtata olmadik va kech bo’ldi.

Bugun Shovruqni… Shovruqlarni yo’qotib turibmiz…

Keyinchalik Shovruqning o’limi yuzasidan turli manbalar oqali surishtiruv o’tkazdim.

Unga ko’ra O’zbekiston Islomiy harakatini qo’llaganlardan biri Ibrohimbek “qo’rboshi”ning nevarasi, xorijda yashayotgan Hoji Jamshid Tilav o’g’li Azimiy qashdarayolik bo’lib, harakat uning istagi bilan shu zonalarga hujum qilishi mumkin, degan xabar olingan. Buning ustiga Qashqadaryoda “Hizbi Tahrir”ning faoliyati ham kuchaygan.

Karimov o’z maslahatchilaridan biriga topshiriq berib, Qashqadaryoda jiddiy tadbirlar olishni buyurgan. Ichki Ishlar vaziri Zokir Almatov darhol Qashqadaryoga yuborilgan. Qaytib kelgach, maslahatchi bilan birga vaziyat haqida hisobot tayyorlashgan.

Karimov Shovruqni yo’qotishni ham imo qilgani uchun hisobotda asosan u haqda so’z yuritishgan:

-Shovruq Surxondaryodagi ko’chmanlar bilan aloqaga kirgan. U erdagi gaplarni butun dunyoga ovoza qildi…

-Shovriq norasmiy mitinglar tashkillashtirgan…

-Shovruq “Hizbi Tahrirning varaqalarini kompyuterda yozib, ko’paytirib bermoqda…

-Shovruq Moskvadagi “Memorial”ga a’zo bo’lgan va bu tashkilotning rahbarlaridan biri Vitaliy Ponamarev O’zbekistonni yomonlab gapirayotgan hamma gaplarni u etkazib turibdi. Ponamarev O’zbekistonga kelganda ham u olib yurgan. Olmoniyaning “Fokus” jurnali muxbirlarini ham Surxondaryodagi lagerga u olib kirgan va hokazo.

Hisobotni o’qigan Karimov darhol Shovruqni ushlab kelishni va u bilan o’zi hisob-kitob qilishini aytgan. Zokir Almatov bu ishni asli qashqadaryolik bulgan polkovnik Mahmud Bekmurodovga topshirgan.

Shovruqni 2001 yilning 15 iyun kuni ko’chada ushlab, Toshkentga olib kelishar ekan, mahalliy mirshablarga “hujjatlarni” tug’rilab qo’yish buyurilgan. Mirshablar uning Yakkabog’ tumanining Olaqarg’a qishlog’idagi uyini bosishgan.

Manbaning aytishicha “xumordan chiqish” va taniganlarini do’pposlab kelish uchun Islom Karimov Ichki Ishlar vazirligining erto’lasiga borib turishini prezident devonidagilar yaxshi bilishar ekan.

Agar 1991 yilning kuzida Oliy Kengash raisi Shavkat YO’LDOSHEVni tepgani, o’shanda Savdo vaziri bo’lgan Mirabror Usmonovni urgani va Bosh vazir o’rinbosari Baxtiyor Hamidovni do’pposlaganini ko’rmaganimda bu gaplarga ishonmagan bo’lardim.

1993 yil 17 aprel kuni kaminani ushlab Samarqand viloyat ichki ishlar boshqarmasi boshlig’i generel To’xtaevning xonasiga olib kelishganda avval prezident maslahatchisi Temur Alimov unga telefon qilib, ertalabgacha yo’qotish haqida buyruq berilganini aytgani, general vaqt so’ragandan keyin prezidentning o’zi telefon qilib baqirganiga guvoh bo’lmaganimda ham shubhaga borishim mumkin edi.

Buning ustiga ularning “Shovruq o’zini osib qo’ydi” degan bahonalari ham qing’r ishning qiyig’ini ko’rsatib turibdi. Shovruq o’zini osadigan darajada zaif emas edi. U ham jismonan, hamda ma’nan juda kuchli inson edi. Uning akasi Shavkat Ro’zimurodovning׃ “Ukaming vujudida zadalanmagan sog’ joyi qolmagandi” degan gaplari ham ko’p narsaning dalolati. Boshidagi jarohat izlari esa uning zulmga bo’ysunmagani belgisidir.

Shovruq zulmga bo’ysunmas va qo’rqmas edi. U hech kimdan, ayniqsa Karimovdan qo’rqmadi. Qo’rqoqlar kuchlari etmaganda yo tuhmatga boshlaydilar yoki jirkanch qiyofaga kirib nomardlik qiladilar.

Ana shunday nomardlik bois 2001 yilning 6 iyul kuni O’zbekiston Inson huquqlari jamiyatiyaning Qashqadaryo viloyat kengashi raisi, sobiq O’zbekiston Xalq deputati, “Birlik faoli” Shovruq Ro’zimurodov o’ldirildi.

O’zbekiston tarixidagi bu qora dog’ aslida Karimov tarixidagi qora dog’lardan biridir.

26.SAMANDAR

Islom Karimov juda ham qo’rqqan odamlardan biri Samandar Qo’qonovdir.

Samandar Qo’qonov asli forishlik. Otasi Sovet davrida tadbirkor bo’lgan. Bitta qo’yini ikkita qilgan va oxirida yuztaga etkazgan hamda “Bizning davrimizda boylar bo’lmasligi kerak” degan rejimning quvg’iniga uchragan oddiy cho’pon bo’lgan.

-Toshkentdan borib “Qo’ylaringiz qani?” deyishsa chorvasini Qozog’istonga haydab qo’ygan bo’lar, agar Qozoqlardan tekshiruvchi kelsa, qo’tonni Forish tomonda qurar, xullas o’z moliga o’zi xo’jayinlik qila olmas ekan,-deb hikoya qilgandi u otasi haqida.

Ammo otasining qo’ylari akasiga qolgan. Unga o’tgani esa tadbirkorlik, ishbilarmonlik. U Forishda bir hisobchiga yordamchi bo’lganida:

-Cho’tni bunchalik sekin ishlatmaydilar!-deb ketib qolganni aytgandi.

U o’shanda cho’tdagi toshlarni bittalab sanab o’tirgan odam hisobchi emas, balki cho’tning toshlarini sanashni barmoqlariga yuklagan va qaramasdan “cho’t uradigan” odam hisobchi bo’lishi kerakligini orzu qilgan.

Tadbirkorlik va ishbilarmonlik qonda bo’ladi, deganlari rost. U ko’p o’tmay shaharga ketadi va Gorbachevning qayta qurish yillarida zamonim keldi deb o’ylaydi. Toshkent viloyatining Chinoz tumanida joylashgan neftni qayta ishlash korxonasiga boshliq bo’lgandan keyin esa darhol ko’zga tashlanadi.

U birinchi bo’lib Kommunistik partiyaning korxonadigi boshlang’ich tashkilotini tarqatib yubordi. Bu butun Ittifoq bo’yicha shov-shuvga aylandi. Moskvadan Ichki ishlar vazirligining va KGBning harbiylashgan kuchlari Chinozga yuborildi va uning idorasini o’rab oldilar. Revizorlar ishga kirishib ketdilar. Tashqaridan kelganlar kiritilmas, ichkaridagilar chiqarilmas sharoit ekanini o’sha kezda bu yerga kirib olgan “Svoboda” radiosning muxbiri berib turgan xabarlardan eshitganmiz.

Olti oy qamal holida tekshiruv o’tkazilgan va jiddiy bir narsa topa olishmagandi. Keyin saylovlar boshlangach, tumanda yo’llarni qurib bergani, obodonlashtirish, gazlashtirish ishlariga bosh-qosh bo’lgani bois uni xalq deputatligiga nomzod qilib ko’rsatishgan.

O’zbekiston Kompartiyasi boshida turgan Islom Karimov darhol uni yomonotliq qilish kerak, deb ko’rsatma bergach, Toshkent viloyat gazetalarida u haqda fele’ton chop etiladi. Qo’yilgan ayb u kommunistik partiya boshlang’ich tashkilotini tarqatib yuborgani!

Karimov rejimi har qancha qarshilik qilmasin u deputatlikka saylanadi.

Birinchi sessiya tanaffusida novchadan kelgan, tovushi o’tkir bir kishi yaqinlashib:

-Jahongirsiz-a, men Samandarman,-dedi.

Gapning ochig’i uning idorasini olti oy tekshirib bir narsa topa olishmaganiga uncha ishonmagandim. Chunki bunday idoralar qabohat botqog’iga botgan va u erda ishlagan hamma odam o’g’irlik qilar edi. Benzin bor joyda o’g’irlik yo’q desangiz sizni anqov deb o’ylashardi. Shu bois bu odamga uncha ishonqiramay qaradim va bir kuni:

-Taqsir boshqa bir idoraga rahbar bo’lganingizda gapingizga ishonardim, lekin o’g’rixonada ishlaysiz-ku?!-dedim.

Uning jahli chiqdi. Ammo bildirmay, jilmaydi.

-Bo’ri esa ham, emasa ham og’zi qon ekan-da! O’g’ri bo’lganimda katta o’g’rilar bilan o’chakishib qolmagan, ularning partiyasiga qarshi chiqmagan bo’lardim. Yuring bir kun shu o’g’rixonaga olib boray, yo’lda borguncha va qaytib kelguncha ko’p gaplarni aytib beraman, ham odamlar bilan o’zingiz gaplashasiz,-dedi.

Men uchun qiziq edi. Buning ustiga Bosh prokuror Bo’ritosh Mustafoyev uning ustidan ish qo’zg’atish uchun Oliy majlisga talabnoma kiritgan va Karimov bizdan ana shu masalani qo’llashni so’ragandi.

Haqiqatdan ham bir kunda ko’p narsani o’rgandim. Uning idorasida odamlarga yaratilgan qulayliklar boshqa biror joyda yo’q edi. Saunalardan tortib, bepul sartarosh xizmatiga qadar…

Sartaroshchi bilan gaplashib qoldim. Nuroniy bir kishi. Toshkentda yashar va har kuni shuncha uzoq yo’lga qatnar ekan.

-Rashidovning sartaroshi edim. Karimovni ham yaxshi taniyman,-dedi u.- Hamma kattalar menda soch oldirar edilar. Rashidov go’ridan chiqarilgan paytda meni ham tergovga tortishdi va ishsiz, ko’chada qoldim. “Senga nima gap aytgandi” deb ko’p qiynashdi. Bir kuni bir mulla yigit meni Samandar ukamizning yoniga boshlab keldi. U menga yaxshigina maosh tayinladi va istagan kunlarim kelib, odamlarga bepul xizmat qilishga buyurdi. Idoramizni o’rab olgan kunlari Karimov meni bu yerdan olib, o’z idorasiga qaytarmoqchi bo’ldi, ammo bormadim…

Keyin Karimovning “o’ng qo’li” bo’lgan Zelemxon Haydarovga bu gapni eslatganimda:

-Agar shu odamni javob berganda ishi yopilib ketgan bo’lardi. Islom akamning juda jahllari chiqdi va “Qo’qonovni qamoqda chiritaman”, deb aytdilar. Hali ham bir gaplashing, shu odamga javob bersin,-dedi.

Samandar akaga bu gapni aytdim. Avval ranjidi. Chunki xabari yo’q ekan. Sartarosh uyiga telefon qilgan odamlar haqida va taklif borasida unga hech narsa demasdan rad javobi qilgan ekan.

Keyin birdan Samandar akaning yuzi yorishdi va:

-Oddiy odam bo’lsa ham juda mard ekan,-dedi sartarosh haqida.

Uning ishxonasida asosan yoshlar ishlar va ko’pchiligi machitga qatnar, namozxon yigitlar ekan.

-Bir kuni shuni ham sizga ayb qilishlari mumkin, u dindorlar tashkiloti qurib olgan deyishlari mumkin,-dedim unga.

-Siz aytgan kabi bizning idoraning nomi o’g’rixona bo’lib tanilgan, bu yerda ishlagan hamma o’g’rilik qiladi, deb o’ylashadi. Shunday ham bo’lgan. Ammo men bolalarga birortang ham xalq mulkiga ko’z tikmaysan, deganman, buning ustiga ular namozxon bo’lishgani uchun Xudodan qo’rqishadi va yulg’ichlik qilishmaydi. Ammo ulardan radikal dindorlar chiqmaydi,-dedi,- ular aqli-hushi joyida, past balandni tushunadigan yigitlar.

-Agar yulg’ichlik bo’lmasa odamlarga bu qadar ko’p maoshni qayerdan berayapsiz? Buncha sharoitlar qayerdan?-deb so’radim.

-Balki hali ham kimlardir yulg’ichlik qilar? Lekin na biz va na hukumat hali ushlagan emas. Sharoitga kelsak, hali, bu hech narsa emas, men Vazirlar mahkamasiga xat yozib jamoa uchun yer ajratilishini so’raganman va bu yerda ishlaganlarning hammasiga bittadan dang’illama uy qurdiraman,-dedi u.

-O’zingizga hammi?

-Men ham jamoa bilan birga yashayman. Qolaversa nega qurmasligim kerak?

-Lekin bu qadar pul osmondan tushadimi?

-Agar yo’lini bilsangiz osmondan tushadi. Men bugunga qadar xalqimning bir tiyiniga xiyonat qilganim yo’q. Rossiya bilan boshqa davlatlar orasida neft mahsulotlari oldi-sotdisida vositachilik qilamiz. Rossiyaga xaridorlar topib beraman, xaridorga esa arzon mahsulot va kelishuvning 10 foyizi bizning idoraga kelib tushadi, bu esa juda katta pul.

-Hukumatdagilar biladilarmi buni?

-Bizning hukumatdagilar hech narsani bilmaydilar va bilishni ham istamaydilar. Bir kuni Bosh vazirning o’rinbosari telefon qilib, Chinozda, katta yo’l ustidagi “benzokolonka”da  uning yigitlariga yaxshi benzin berishmaganini aytib, shikoyat qildi. Men unga bizning “benzokollonkamiz” yo’q, u boshqa idoraga qaraydi desam ham ishonmadi. Bular hatto o’zlari rahbar bo’lgan sohalarning tuzilishini ham bilmaydilar,-dedi.

O’sha kunlari hukumat benzin narxlarini oshirib yubordi.  Samandar Qo’qonov sessiyada mikrofon yoniga bormas edi, o’rnidan turib gapirardi va ovozi o’tkir bo’lgani bois hay’atdagilar bemalol uni eshitardilar. O’shanda u:

-Islom, aka, benzinni buncha qimmat qilishning nima keragi bor? Menga imkon bering, bir haftada hammayoqni benzinga to’ldiraman, hukumat ham foyda qiladi, xalq ham,-dedi.

Karimov esa jilmayib:

-Mustafoyevdan so’raymiz,-deya kinoya qildi va bundan jahli chiqqan Samandar Qo’qonov qo’l siltab, tashqariga chiqib ketdi…

Bir kuni uning idorasidagi kasaba ittifoqi raisi telefon qildi:

-Biz Erk partiyasining bo’limini tashkil qilayapmiz, kelishingiz mumkinmi?-dedi.

Muhammad Solih bilan birga bordik. Samandar Qo’qonov yig’ilishda qatnashmadi. Keyin u buning sababini:

-Yana men qatnashganim uchungina odamlar rejimga qarshi bo’lgan gaplarga qo’shilishdi, deyishlari mumkin dedi u.

Uning idorasidan 500 kishi Erk partiyasiga a’zo bo’lishini Islom Karimov o’ziga qarshi yana bir hujum deb qabul qildi.

Oldin ham Karimov uni o’ziga qarshi chiqayotgan isyonchi deb bilar edi.

-Agar u “yo’q” desa biror kishi ham o’zicha bir ish qilmaydi,-degandi Karimov,  7-sessiyadan keyin u haqda gaplashar ekanmiz.

-U tadbirkor va ishbilarmon odam, ko’zi to’q, xalqning haqiga xiyonat qilishni yomon ko’radi, topganini ishchilari bilan baham ko’radi, odamlar haqida g’amxo’rlik qiladi, nega undan foydalanmaysiz,-dedim Karimovga.

-Bunday odamlar jamiyat uchun juda tahlikali,-dedi u,-ular etmish yil zahmat bilan qurilganini bir kunda buzishni istaydilar. Ahmoq olomon shundaylarga ergashib ketaveradi. Xalqning “Yangini qurmasdan eskini buzma” degan maqolasiga (maqoliga demoqchi-JM) qarshi bular. Bunaqa odamlarning o’rni qamoqda!

-Lekin eskini buzmasak yangini qayerga quramiz, qolaversa, agar buzsak qurishga majbur bo’lamiz, buzmasak boshpana borku, deb yuraveramiz.

-Bu ham o’shaning gapimi? Sizga ham ta’sir qilib bo’libdi-ku?-deya kesatti Karimov.

-Ta’sir qilib-qilmaganini bilmayman, lekin bugun ana shunday yangi qarashdagi ishbilarmonlardan qo’rqmasligimiz kerak,-dedim.-Qo’llamasangiz ham uni o’z holiga qo’yishingiz kerak! Xalq unga ishonmoqda, jamoasi ishonmoqda, biz nega ishonmasligimiz kerak. U qurayotgan uyni kechasi yoqib ketishgani haqida prokuratura biror ish qo’zg’atgan emas, lekin akasining qo’ylari bor, deya uning ustidan ish ochilgani kulgili emasmi?

-Nima qiladi bo’lmasa benzinga xo’jayinlik qilib. Mafiyaning bolalari borgan ekan, 93-benzin kerak deb, bermabdi, mafiya bilan o’ynashib bo’ladimi? Nima u Xudo bo’ldimi? Shundan keyin yoqib yuborishadi-da,-dedi Karimov va birdan jim bo’lib qoldi. U aytishi kerak bo’lmagan gapni aytib qo’ygan edi.

-Uyiga o’t qo’yilganda jinoyat sodir etilib, prokuratura ish qo’zg’atmagan bo’lsa va ikkinchi holatda jinoyat bo’lmagan holda uning ustidan ish ochilgan bo’lsa, bu masalani sessiyaga olib chiqish kerak ekan,-dedim tilimni tiya olmay.

-Uka, po’pisa qilmang, o’shaning ishini yopish kerakmi, ana Mustafoyevga ayting, ishni to’xtatsin,-dedi Karimov suhbatimizga nuqta qo’yib.

Ammo Bo’ritosh Mustafoyevga “To’xtatma!” deb aytibdi. Keyin bilsam, Mustafoyev Samandar akadan bir million dollar so’rabdi va buni Karimovga berishi kerakligini aytibdi. Samandar aka Karimovni ham, Mustafoyevni ham haqorat qilib yuborganini oqizmay-tomizmay etkazishgani bois qo’zg’atilgan ish yana davom yettirilgan ekan.

Biz Mustafoyevning talabnomasini bahona qilib, butun gapni sessiyada ochishga qaror qilganimizni kimdir Karimovga sotgandan keyin sessiya arafasida Mustafoyev talabnomasini orqaga oldi va ishni yopdi.

Ammo oradan ikki yil o’tib, Karimov Oliy Majlisdagi muxolifatni bartaraf qilgach, Qo’qonov ustidan yana ish ochgan. Bu paytda Turkiyada edim. Eshitishimcha uning uy-joylari, boyliklari haqida maxsus film qildirishgan va uning nomini yomon oltiqqa chiqarishgan. Ilgari fele’ton yozdirishgan bo’lishsa bu safar film.

Samandar aka oshqozoni kasal odam. Doim parhezda yurardi. Uni Karimov 22 yilga qamab yubordi.

Uning “jamiyatimiz”ga yot bo’lgan bir odati bor, u ham bo’lsa cho’rtkesarligi. Ya’ni kaminaga o’xshab o’xshab ko’nglidagini qo’rqmay ochiq aytib yuborardi.

Yyettinchi sessiya tanaffusida deputatlar Karimovni o’rab olishganda u:

-Taqsir siz o’zbek xalqining ajalisiz,-degandi Karimovga.  Bu juda og’ir gap. Ayniqsa Karimov kabilar bunday gapni aslo ko’tara olmaydi.

Darhaqiqat, kin va gina saqlaydigan Karimov bu gapni haliga qadar unuta olmagani aniq. U haligacha Samandar Qo’qonovdan qo’rqadi. Xalq unga ergashib ketishidan, karimovlar qurgan eski, nuragan binoni buzishidan qo’rqadi.

Bir kuni ishga ketayoganimda nomersiz mashina bilan urib ketmoqchi bo’lishdi, tasodifan qutulib qoldim, ammo ishga qadar orqadan quvib borishdi. Bu haqda hukumatdagilarga ham xabar berdik. E’tibor qilishmadi. Ertasiga bu haqda “Izvestiya” gazetasining birinchi sahifasida xabar chiqdi. Keyin bilsam, Samandar aka gazetani olib, Bosh prokuror Bo’ritosh Mustafoyevning yoniga borib, bu masalada ish qo’zg’atishni talab qilibdi.

-Har bir ko’cha harakatiga ish ochamizmi endi,-debdi Mustafoyev.

-Ablah odam ekansiz, xalq  deputatiga, Oliy majlis qo’mitasi raisining o’rinbosariga, ERK partiyasi kotibiga suiqasd bo’ladiyu siz oddiy ko’cha harakati deysiz-a,-deya gazetani uning yuziga uloqtirib kyetibdi.

Bo’ritosh Mustafoyev bo’lgan voqeani so’zma-so’z yozib, Oliy majlisdan Samandar Qo’qonovga chora ko’rishni talab qilgandi.

Unga:

-Qatag’on kundan-kunga oshib borayotgan bir paytda o’zingizni olovga urib nima qilasiz?-desam.

-Samandarman, o’zimni olovga urishim kerak!-degandi.-Lekin shu bilan mening ustimdan yo’q joyga ish qo’zg’agan Mustafoyevning o’ziga o’zining necha pulligini isbot etdim.

Ismning ham ahamiyati katta deyishadi. Ba’zan ism ham insonning hayoti haqida bir qissadir. Xalqimizning rivoyatlarida, ertaklarida Samandar degan bir bahaybat jonivor olov ichida tug’ilib, olov ichida yashagani hikoya qilinadi.

Qarangki, Samandar Qo’qonov ham olovli bir davrda tug’ilib, umri olov ichida qoldi.

Bu olovning go’laxisi esa Islom Karimov bo’ldi.

27.MUROD

-Islom aka, odamlaringiz meni o’ldirmoqchi bo’lishdi,-dedi  Murod Jo’raev bir kuni  Karimovga.

U Muborak shahar ijroiya qo’mitasi raisi, Qashqadaryo viloyat kengashi deputati va O’zbekiston Oliy Kengashining qonunchilik qo’mitasi a’zosi edi.

Karimovning rangi oqarib ketdi. Bir menga qaradi va bir Murodga. Keyin:

-Odamlarim bo’lganini qayerdan bildingiz? Peshonasiga yozib qo’ygan ekanmi?-dedi Murodga darhol va  kaminaga yuzlanib,- Sizlar bu masalani ham o’rganishga kirishibsizlar-ku?!-dedi.

-Biz Oshkoralik qo’mitasida bu masalani bugun muhokama qildik…,-deya gap boshlagan edim, Karimov gapimni bo’ldi.

-Hali mish-mishdan iborat bo’lgan narsani qanday qilib muhokama qilasizlar, bu Oliy majlismi yoki militsiyami? Qanaqa qo’mita sizlar, prizidiumga talab qo’yasizlar? O’zlaringni kim deb hisoblayapsizlar? Shahar bedarvoza qoldimi?

-Islom aka, bu qanaqa mish-mish bo’lishi mumkin?,-dedim,-asosiy manba shu erda-ku?. O’zbekiston xalq deputatiga suiqasd qilinadiyu biz indamasdan qarab turaverishimiz kerakmi? Mo’rod Jo’raev Toshkentga kelib, darhol bizning yonimizga emas, sizning huzuringizga borib, voqeani aytib bermoqchi bo’lgan. Siz esa uni yarim kun kuttirib, qabul ham qilmaganingizdan keyin biz masalani qo’mitada muhokama yettik. Ichki ishlar vazirini chaqirsak, unga “bormaysan” deb aytibsiz. Qo’mita majlisi haqida televidenie tayyorlagan xabarni ham to’xtatibsiz…

Karimov “eb qo’ygudek” bo’lib termulib qoldi. Ko’zlarida g’ira-shira tabassum paydo bo’ldi. Bu qahrning zaharxanda bir shakli.  U gaplarimni eshitmayapti, deb o’yladim va gapdan to’xtadim. Ammo u eshitib turgan ekan, darhol javobga o’tib:

-Mening vazifam xalqni vahimaga solmaslik,-dedi,- hali o’rganilmagan, bilinmagan ishni qanday qilib matbuotga chiqarish mumkin?

-Islom aka, Qarshidan bu ishni o’rganamiz, deb yo’lga chiqqanlarni ortga qaytarish haqida buyruq beribsiz-ku?!-dedi Murod.

Bizni Karimov chaqirmasdan oldin birgalikda Qarshiga telefon qilgandik. Viloyat ichki ishlar boshqarmasining vakillari yo’ldan qaytishganini aytishgandi.

Murod Jo’raev shu kuni Toshkentga Oshkoralik qo’mitasining va “Tashabbus” guruhining majlislariga kelishi kerak edi. Ammo yetib kelolmadi. U tushdan keyin kirib keldi va o’ziga suiqasd qilinganini aytib berdi. Bunga qadar u qonunchilk qo’mitasining kotibi Toshpo’lat Jo’raevga telefon qilib bo’lgan voqea haqida axborot bergan va Karimov qabulxonasida kutib o’tirganini aytgan. Biz Toshpo’latdan ma’lumot olib, Murodning kelishini kutayotgandik.

Noma’lum kishi yoki kishilar sahar soat beshda u yotadidan xonaning derazasidan uning yotog’ini o’qqa tutishgan. Uning o’zi bu haqda majlisimizda  quyidagilarni aytdi׃

-Shu xonada yotishimni va har kuni soat oltida uyg’onishimni bilishgan. Ammo shu kuni Toshkentga keladigan bo’lganim uchun uyqum qochdi va ancha vaqt har ikki majlisda aytadigan gaplarimni o’ylab yotdim. Soat beshdan biroz oldin o’rnimdan turib, tashqariga chiqdim. Birdan o’q tovushini eshittim. Xonamga yugurib kirib chiroqni yoqdim. Yotadigan to’shagimni cho’tlab otishibdi. Xayriyatki, umr yo’ldoshim boshqa xonada bolalar bilan birga edi. Kichkinamizning biroz tobi yo’q edi…Xullas, darhol hamma yoqqa xabar qildim va o’zim yashirin yo’l bilan aeroportga yetib borib, Toshkentga uchdim. Doim darhol qabul qiladigan Karimov bu safar negadir umuman qabul qilmadi. Odamlar oddiy masalalar bilan kirib-chiqib turdilar, ammo menga faqat tush paytida ketaverishim kerakligi, lozim topilganda chaqirilishim mumkinligini aytishdi.

Muborak shahar ijroiya qo’mitasiga qattiq bosqilar bo’layotgandi va biz bu masalani kengaytirilgan majlislarda muhokama qilib, sessiyaga olib chiqishni rejalashtirgan edik.

Majlis paytida masala shu nuqtaga kelganda tanaffus e’lon qildik. Qo’mitamiz raisi Erkin Vohidov “Oshxonada parhez ovqat yo’q, uyga borib kelishim kerak” deb ketib qoldi va tushdan keyin qaytmadi.

Majlisni yana o’zim  o’tkazdim va Bosh prokuratura hamda Ichki ishlar vaziridan darhol bu haqda ma’lumot berishni, Oliy Kengash prezidiumidan esa shoshilinch ravishda majlis chaqirish, masalani o’rganish yuzasidan komissiya tuzishni so’radik. Oradan ko’p o’tmay Karimov chaqirdi. Mana endi u xuddi shu majlisga sha’ma qilayotgandi.

Karimovning o’zini tutishi va masalani bosdi-bosdi qilishga urinishidan u bu haqda oldindan xabari bor, shekilli, degan fikr kelib chiqardi. Yo uning o’zi bevosita topshiriq bergan yoki shunday bir “tashabbus” bilan kelganlarga “bo’pti” deb yuborgan deb o’yladim.

Keyin Murodning aytishicha, Karimov unga “Seni yo’qotib yuboraman” degan ekan. Bu gapni o’zim ham eshitganimda, Murodning gaplari yodimga tushgandi.

Murod Jo’raevning ota-bobolari Turkmanistonda tug’ilgan, o’zi esa  bolaligidan boshlab Qashqadaryoda o’sgan.

Qayta qurish va oshkoralik yillarida Muborak shahrida kommunistik partiya ziddiga yurib, bur guruh mustaqil fikrlovchilar bilan saylovda shahar kengashiga nomzodlarini qo’yadilar. Murod Jo’raevning o’zi  O’zbeksiton xalq deputatligiga ham nomzod bo’ladi va saylanadi.

Qashqadaryo “obkomi”ning birinchisi Islom Karimov bu “o’zboshimcha”lar maydonga chiqqanda O’zbekiston Kommunistik partiyasiga birinchi kotib bo’lgandi.

Murod Jo’raega “Nomzodingni ol!” deb buyruq beradi, ammo u kurash yo’lidan qaytmaydi. Muborakda ozodlikning hur uchqunlari ko’zga tashlana boshlaydi. Shahar kengashi fidokorlari erkin teleko’rsatuvlar beradigan mahalliy, mustaqil tele-kanal ochishadi. Xalq bilan ochiq muloqot boshlanadi. Murod Jo’raevning ijroqo’m raisligiga saylanishi Karimovni g’azzabga soladi. Rayon partiya komitetiga bu “jo’jaxo’rozlar”ning ta’zirini berish topshiriladi.

Muborak shahri ayni paytda Muborak tumanining markazi ham bo’lgani uchun kommunistik partiyaning tuman qo’mitasi ularga qarshi kurash boshlaydi. Viloyat kuchlari ularga qarshi safarbar etiladi. Ular esa shahar prokuraturasi va ichki ishlar bo’limini “partiyadan xoli tashkilotlar” deb e’lon qiladilar.

Bunga qarshi hukumat ularning televideniesini yopib qo’yadi.

Islom Karimov topshirig’i bilan bu “o’jar”lardan” qutulish uchun shahar kengashini tugatish haqida qaror qilishdi.  Kengash raisi O’zbekiston xalq deputati Murod  Jo’raev ishsiz qoldi. Uni quvg’inga olishdi.

Shu kunlari u Toshkentga kelib-ketib yurdi. Unga o’zim ishlayotganim  ERK partiyasiga a’zo bo’lishni, kurashni biz bilan birga davom yettirishni taklif qildim. U, “Yo’q” dedi. “Muhammad Solihda ham Karimov xarakteridagi belgilar bor, sizlar bilan hamkorlik qilsamda, lekin partiyaga kirmayman” dedi.

Keyinchalik  u qamalgach, Muhammad Solih uni ham “ERK partiyasi a’zosi” deb e’lon qildi. U sudda “Men ERK partiyasiga a’zo bo’lgan emasman” desa-da  buning ziddiga “U a’zo edi” deb bayonotlar berildi va bu Karimovga juda qo’l keldi.

Qatag’on avjiga mingan pallada biz  Murod Jo’raev bilan Boku shahrida shoir Yodgor Obid  turgan uyda uchrashdik. U ichi tor va bir ish qilmasdan turolmaydigan yigit edi. Har kun ertalabdan turib, ko’chaga otilar va nimadir qilishimiz kerak, deb fig’oni falak bo’lardi.

U Bokuga kelgan Muhammad Solih bilan yaqinlashib qoldi va uni Ashgabatda bir uy sotib olishga ko’ndirdi. Bunga qarshi bo’ldim. Chunki Turkmanboshining burn tagida turib, hech ish qilib bo’lmasligini bilar edim.

Bu uyda Murodning Turkmanistondagi singlisi va kuyovi Baxtiyor yashay boshladilar. Biz ham bordik. Shu kunlari Yusuf Ro’zimurodov Turkiyadan qaytib, bizning huzurimizga keldi. U Solihning kitoblarini O’zbekistonga olib borayotgan edi.

Ko’p o’tmay bizning bu yerda turganimizni bilib qolishdi va ketishga majbur bo’ldik. Ozarbayjonga, keyin esa Turkiyaga ketdik.

Men Istanbulda qoldim. Murod kelib-ketib yurdi. Oxirgi kelishida ham Solih unga o’z kitoblarini berib yubordi.

Oilamni olib kelish uchun Bokuga ketdim. Chunki Samarqandda umr yo’ldoshimni sud qilishayotgan va bolalar taqdiri haqida ham o’ylashim kerak edi.

Muhammad Solih Murodni Karimovning sobiq maslahtchisi Anvar Oltoylining singlisi Suxayloning turmush o’rtog’i nomiga Almatida olingan kvartiraga yuborgan ekan. Telefonini topib, sim qoqdim va Murodga:

-Do’stim iloji bo’lsa, boshqa joyda turinglar,  bu joy Anvar Oltoyliga oid, demak O’zbekiston hukumati ham biladi,- dedim.

Murod har kuni Solih bilan telefonda gaplashib turgani va xavotir olmasligim kerakligini aytdi. Uning boshqa joyga o’tishini qattiq turib so’radim. Chunki  Turkiyadagi har bir harakatning O’zbekiston hukumatiga yetib turgani ancha shubhaga solgandi.

Oxiri Murod:

-Erta-indin xotinim keladi va uni ham olib, bu yerdan ko’chaman,- dedi.

Murod sodda edi, desam yanglish bo’ladi. U jasoratli edi. Ammo bu ko’zi ochilmagan jasorat . O’zini olovga ham, o’tga ham uraveradigan bir jasorat.

Bundan biroz oldin Murodning 14 yoshlardagi o’g’li kasalxonada sirli ravishda  olamdan o’tdi. Uni tanirdim, mening she’rlarimni yodlab, xirgoyi qilib yurardi. Ayniqsa, Amir Temur haqidagilarni “Ashula qilib aytaman”, derdi. Juda odobli va qobiliyatli bola edi. Uni yo’qotish, bu og’ir dard Murodni ancha bukib qo’ygandi.

“O’g’li o’lsa keladi va ushlaymiz” degan  mirshablarning rejasi amalga oshmadi. Shu sabab ham endi uni Alamatidan ushlab ketishga qaror berishlari aniq edi va unga bu uyda turma deganimning yana bir sababi ham shu edi.

Xullas, uni Almatidan ushlab ketishdi. Eshiklarni sindirib kirishgan va kaltaklab,  behush qilib, qopga solib, qopni mashina motorining ustiga tashlab olib ketishgan. U keyin sudda vujudidagi kuygan izlarni ko’rsatganda ham Karimovning malaylari yetiborga olishmagandi.

Uni ushlashgan kun 1994 yil 17 aprel. Tasodifni qarang, bir yil oldin 17 aprel kuni meni ushlashgan edi. Bilmadim, balki 17 aprel Karimov uchun qandaydir ma’noga ega kunmikan?

Murod Jo’raevning qamoq muddati bitishiga sanoqli kunlar qolganda yoki umum avf e’lon qilinishi bilan unga yana bir jazo berilishi odatga aylandi.

Ma’lumotlarga ko’ra so’nggi avf chiqqan kunlar unga “Ko’kragingga ismingni kichikroq harflar bilan yozibsan” deb jazo berishibdi.

Undan oldin esa “Madhiyani aytganda boshingni egib turding!” deb ayb qo’yishgan.

U qamoqdan chiqargan bir xatida “Endi shu erda o’lib ketsam kerak” degan.

Yo’q,  Murod, xalqning murodi zindonda o’lmasligi kerak!

28. INOMJON TURSUNOV

Karimovning qarshisiga chiqqan deputatlardan yana biri Inomjon Tursunovdir.  Karimovni sessiyada prezident etib tayinlashayotgan kuni jussasi kichik bir yigit o’rtadagi mikrofon oldida oyoqda turib gapira boshladi. Qo’lida bir dasta qog’oz bor edi. Uning tovushi nozik bo’lsada o’sha kezda zalni titratib yuborgandi.

-Sizlar kimni prezidentlikka saylayapsizlar? Bu odam qo’shib yozishga aralashgan. Mana hujjatlari…

U juda katta raqamlarni ayta boshladi va Anishchev boshchiligidagi Moskva “desantlari” uni saqlab qolganini urg’uladi.

O’sha kezda bunday gaplarni aytish katta jasorat talab qilardi va ba’zilar uchun bu qo’rqinchli edi, shuning uchun ham zaldagi ko’pchilikning dami ichiga tushdi.

Raislik qiluvchi darhol mikrofonni o’chirdi. Inomjonning tovushi eshitilmay qoldi. U keyin prezidium tomonga qarab yurdi va qo’lidagi hujjatlarni raislik qiluvchiga uzatdi.

Ammo o’sha kunlari u turgan Toshkent mehmonxonasiga bostirib kirgan mirshablar uni do’pposladilar. Muttahamlikni qarangki, jussasi kichkina bu yigitni “Mirshablarni urdi” deb ayblashdi. Ham g’arlik, ham peshgirlik!

Farg’onalik deputat, dramaturg Inomjon Tursunovni Toshkent mehmonxonasida mirshablar do’pposlashganda masalani Oshkoralik qo’mitasida muhokam qildik.

Kechqurun televidenie ham, radio ham, ertasiga gazetalar ham qo’mita majlisi o’tgani haqida xabar bergan bo’lsalarda Inomjon Tursunov masalasini chetladilar. Topshiriq Devondan tushgan ekan.

Xullas, Inomjonni qamashdi. U bizning “Tashabbus” deputatlar guruhning a’zosi edi. Guruhimiz uning ozodligi uchun ko’p kurashdi. Lekin ozchilik baribir ozchilik ekan. Bizni ko’pchilik qo’llab-quvvatlamadi. Erkinlik kundan kunga yo’qolib boraverdi.

29. “ERK” GAZETASI

1993 yil…

Bir kuni ertalab uyga Prezidentning kotibi qo’ng’iroq qildi. Odatda yordamchisi Kraynov telefon etardi. Nega bu safar kotib “safarbar” bo’ldi? Hayron bo’lmadim. Chunki Karimov gap atrofga yoyilmasligini istasa, ishni kotibiga topshirardi. Kotib “tosh” kabi odam. Borib urilgan joyidan qon oqsa oqardi, lekin miqini chiqarmasdi.O’ziga dog’ yuqtirmasdi.

-Sizni so’rayaptilar! – dedi u salom-alikdan keyin.

Ikki kun oldin Karimov bilan uchrashaman, deb borganimda bahona topishgandi. Shuni eslatdim.

-Oka, xuddi begonaga o’xshab gapirasiz-a? Bilasiz-ku, bu savollarga biz javob bera olmaymiz. Keyin o’sha paytda juda band edilar,-dedi u.

-Bilaman, lekin “yo’q” degan qarorimni yumshatibroq aytmoqchi edim-da. Ya’ni sizga og’ir botmasin deb…

-Ha, boplaysiz-a?! Bilasiz-ku “yo’q” degan so’zni kirib ayta olmayman. Hatto “topolmadim” degan so’z ham boshimizning ketishiga sabab bo’ladi.

-Sizning boshingiz ketsa, keyin o’zlari ham boshsiz qoladilar-ku?- deb hazillashdim.

U ancha vaqt indamay turdi. Bu esa “telefonni eshitishadi” degan ma’noga ham kelardi. Garchi Prezidentning qabulxonasi bo’lsa ham, garchi kotib o’sha idoraga, ya’ni MXXga mansub bo’lsa ham, baribir cho’chir edi. Sovet davrida respublikalarning birinchi kotiblarining qabulxonasiga KGBning ikki xodimi qo’yilgan. Ulardan biri qabul bilan shug’ullansa, ikkinchi qog’ozlar bilan band bo’lgan. Ayni paytda ular ham “birinchi”ni, ham o’zlarini nazorat qilishgan. Shu odat Karimov davrida ham saqlanib, ular bir-birlarining ustidan hisobot yozadilar degan gap-so’zlar yurardi.

-Faqat o’zimni-o’zimga maqtaysizu, o’t bilan ro’baro’ qilib qo’yasiz. Agar do’stligimiz hurmati bor bo’lsa, yo’q demaysiz,-dedi u bir muddatlik tanaffusdan keyin.

Endi u ko’nglimga yaqin gapiraman, deb xato qilgandi. Qabulxonada bir-ikki ko’rishgan bilan do’st bo’lib qolinmasligini yaxshi tushunaman. Ammo ertaga “Kim bilan do’st eding?” deb undan shubha qilishlari ham turgan gap.

Xullas, kotibni bilaman. Gapni yana biroz cho’zsam, o’zi yugurib kelishdan ham qaytmaydi. Shundayligi uchun ham ishlayapti. Aks holda allaqachon “dumiga supurgi bog’lanardi”.

-Oka, eshik yonida “07” turibdi. Iltimos kutayaptilar…

“07”-bu “10-07” degani edi. Saroy mashinalarining nomerlari “10” raqamidan boshlangani uchun ikkinchi bo’lagi aytilardi va buni hamma tushunardi.

Mashinaga chiqarkanman, ovoz uzatgichdan kotibning tovushi eshitildi:

-Chiqdilarmi?

-Borayapmiz! -deb javob qildi haydovchi. Bu “tezroq kel” degan ishorati ekanligini bilgan haydovchi yo’l qoidalariga ham qaramay mashinani “elday” uchirib ketdi.

Nega Karimov chaqirganligini tahlil qila boshladim. Karimov bugun ertalabdan bu “ishga” kirishgan bo’lsa, demak sababni kechagi voqealardan topishim kerak. Ha, topdim. Kecha “ERK” gazetasining sobiq bosh muharriri Ibrohim Haqqul bilan Matbuot davlat Qo’mitasiga borgandik.

1992 yilning 3 yanvar kuni ERK partiyasining kengaytirilgan plenumida kaminani ham partiya kotibligiga va hamda “ERK”  gazetasi Bosh muharrirligiga saylashdi. Aslida bu ishga rozi bo’lish, o’z joniga qasd qilish kabi ish edi. Chunki ayni shu kunlarda partiyaning kotibi Otanazar Oripovni qamashgandi. Qolganlarni ham “Milliy majlis” masalasida so’roq qilishayotgandi.

Ikkinchi tomondan “ERK” gazetasi masalasida ish qo’zg’atilgan va O’zbekiston Ichki ishlar vazirligi bosh muharrir Ibrohim Haqquldan boshlab oddiy xodimlarga qadar hammani tergov qilayotgandi.

Shu kunlarda Ibrohim Haqqul “Ilmiy ishimga qaytaman”, deb ishga kelmay qo’ydi.  Yana bir tomonda Muhammad Solih partiyaga deb Moskvadagi Insonparvarlik tashkilotidan katta miqdorda pul olgan, deb tekshiruv davom etayotgandi. Bir so’z bilan aytganda partiyani yopib tashlashga kirishgan edilar.

Buning ustiga partiyaning parlamentdagi guruhining rahbari edim. Muhammad Solih parlamentni tashlab ketgandan keyin plenum Oliy Majlisda ERK partiyasi nomidan gapirishni ham kaminaga yuklagandi.

Ko’pchilik turli bahonalar bilan o’zini chetga olar ekan, istagan qadar bahona topishim mumkin edi. Lekin vijdonim bunga yo’l qo’ymasdi. Yiqilayotgan odamni tashlab ketishni tasavvurimga sig’dira olmasdim. O’zimni chetga ololmasdim. Kurashning oldiga chiqish kerak edi. Hamma chekinib ketaversa, demokratiyaga ishonib bu partiyaga kelgan ming-ming odamlar nima qiladilar, deb o’ylardim. Shuningdek, hukumatning demokratiyaga qarshi ochgan urushini hali to’xtatib qolish mumkin va biz bunda muhim rol o’ynashimiz kerak, deb ishonardim.

O’shanda Ibrohim Haqqulga telefon qilib, qoida bo’yicha davlat qo’mitasiga birga borishimiz  kerakligini aytdim. Tanishmoq qoidasi shunaqa edi.

Vazir Rustam Shog’ulomovni oldindan yaxshi taniyman. “Toshkent haqiqati” gazetasida ishlaganimda u “Yosh Leninchi” gazetasining bosh muharriri edi. Ra’no Abdullaeva O’zbekiston Kompartiyasi MK kotibi bo’lgan kezlarda Rustam Shog’ulomov va akasi O’zbekiston Kompartiyasi MK nashriyotining direktori Islom Shog’ulomov bilan birga vazifadan quvilishdi. U bir muddat  kitob nashriyotida ishlab yurdi.

Karimov Abdullaeva chetlatgan hamma odamlarni o’z atrofiga tera boshlaganda biz sessiyada Rustam Shog’ulomovning nomzodiga qarshi bo’ldik. Uning rahbarlik borasida hech qanday iste’dodi bo’lmasa ham, akasining orqasidan boshliq bo’lib yurgani, jurnalist o’laroq ikki satrni eplab yozolmasada, kitoblar chiqarganini hamma bilardi. Yuzi doim kulib tursada, ichi qora deb aytishardi u haqda gap ketganda.

Biz unga qarshi bo’lganimizni sezganday Karimov yosh deputatlarni chaqirib, “Bitta iltimosim, shu odamni Matbuot davlat qo’mitasi raisligiga o’tkazib beringlar” deb turib olgandi. Har qancha uning kamchiliklarini aytsak ham, Karimov  oyoq tirab oldi. Sessiyada ham  biz qarshi bo’lganimizga qaramay boshqalar uni tanimasalarda qarsaklar bilan qo’llab yuborishdi.

Rustam Shog’ulomov unga qarshi bo’lganimizni  yaxshi bilardi. Buning ustiga undan oldingi “vazir” Ubaydulla Abdurazzoqov bilan  bo’lgan voqealardan ham xabari bor. Shu bois sovuq qabul qildi.

U ikki oydan beri g’ayri rasmiy o’laroq gazetaning chiqishini to’xtatib turgandi. Shu ikki oy ichida har hafta gazeta qaytadan tayyorlab olib borilsada, ular nashr yettirishmasdi.

Hol-ahvol so’rashgandan keyin Shog’ulomov devorda osiqliq turgan portretga qarab:

-Islom akam bu mamlakatni mamlakat qilib turibdilar, bo’lmasa bilmayman nima bo’lib ketar edi?-  dedi.- Sizlar saylovda  qilgan eng katta xato oralaringdan lider chiqara olmadinglar. Ana u shoirdan prezident chiqarmidi?

-Tarixda juda ko’p shoirlar podshohlik qilganlar,- deb javob qildi Ibrohim Haqqul.

-Ular shoirlikdan podsholikka o’tmaganlar, ular podsholik davrida she’r ham yozganlar, desangiz, to’g’ri bo’ladi. Muhammad Solihni yaxshi taniyman, gazetachilikni qoyil qilolmagandi, hatto uch kishiga boshchilik qilib ko’rmagan odam katta mamlakatni qanday boshqarsin? Men uning “O’zbekiston sporti” gazetasida ishlaganini bilaman. Bir kun navbatchiligida ichib o’tirib gazetani chop etishga topshirishni unutgani uchun ishdan haydalgandi. Mas’uliyatsiz odam. Uning nima sababdan kommunistik partiyaga kira olmaganini ham bilasizlarmi? Ichkilik ichib, buzuqchilk qilib qo’lga tushgani uchun. U bir alamzada odam. Sizlar undan prezident yasayman, deb yuribsizlar. Tushlaringizni suvga aytinglar. Yozuvchilar Soyuziga uni Kommunistik partiya kotib qilib qo’yganda ham uch kishiga rahbarlik qila olmadi.

Unga e’tiroz bildirgan bo’ldik.

-Yozuvchilar uyushmasida uch kishidan ko’proq odam ishlardi,- dedi Ibrohim Haqqul.

-Yozuvchilar uyushmasida rahbar Odil Yoqubov edi, Solihga o’xshagan kotiblardan bir qanchasi ashula aytib yurgandi. Mamlakatni boshqarish uchun katta tajriba kerak. Hokimiyat Islom akamda qolgani hammamizning baxtimiz,- dedi Shog’ulomov gap tamom deganday.

Unga biz lektsiya eshitish uchun kelmaganimizni va gazetani to’xtatib turgani matbuot haqidagi qonuniga zid ekanligini, biz esa qonun talabi bo’yicha uning huzuridan o’tishimiz zaruriyatidan kelganimizni eslatdim va:

-Islom aka qonunlar kafolati, siz esa qonunni buzib o’tiribsiz,- dedim.

-Gazetani men to’xtatib turganim yo’q, maslahat qilib, keyin sizlarga natijasini aytaman,-deb javob qildi u.

…“07” Prezident devoniga yaqinlashib borar ekan, sababni topganday edim. Demak, “natija”  chiqqanga o’xshaydi. U “akasi” bilan maslahat qilgan ko’rinadi.

Mashinadan tushib oltinchi qavatga ko’tarilarman,  “Bu safargi natija qanday bularkin?” deb o’yladim. Savolim xayolimda qoldi. Lift eshigida kutib olgan kotib ichkariga boshladi. Eshikni ochdi-da o’zi tashqarida qoldi. Karimov nimanidir yozib o’tirardi. Kirganimni sezmay qoldi. Uning yoniga yetib borgach:

-Assalomu-alaykum! – dedim.  U cho’chib tushdi.

-Osmondan tushdingizmi, yerga chiqdingizmi? – deya o’rnidan turdi.

-Yuribmiz, – dedim.

-Tabriklaymiz, bosh muharrir bo’libsiz. Ish kerak bo’lsa, topardik. O’shalar bilan ishlashingiz shartmidi? Ular tugab bitdi. Sizga o’xshaganlarning nomi bilan tirilmoqchi!

-Ular bilan ilgaridan birgaman-ku…

-To’g’ri, lekin ilgaridan bosh muharrir emas edingiz. Partiyasiga ideologiya sekretari bo’lganingizda ham indamagandim. Ammo gazetasiga siz boshchilik qilishingiz kerakmidi? Bilaman, qalamingiz o’tkir, ammo boshqa gazetalarga yozing! – U mening partiyaga kotib va gazetaga bosh muharrir bo’lishim ayni kunda bo’lganidan bexabardek edi yoki chalkashtirayotgandi.

-Shunday ham gazetani chiqarishga ruxsat bermayapsiz-ku! –dedim.

-Ruxsat bermoqchi edik. Endi butunlay yopamiz. Hozir ana u Salay (Hukumatdagilar ham, Karimov ham Muhammad Solih sessiyada nomini “Salay Madaminov” deganlariga arazlab chiqib ketgani uchun endi “Salay” kalimasiga urg’u bera boshlashgandi-JM) erto’lada o’tiribdi. Moskvadan olgan pullarining hisobini bermoqda. Gazetani esa qaror bilan yopamiz,-dedi.

Karimov po’pisa qilayapti deb o’yladim. Ammo keyin bilsam,  ertalab ishga otlangan Muhammad Solihni Ichki ishlar vazirligiga olib ketishgan ekan va kechgacha bir xonada turli bahonalar bilan ushlab, keyin javob berishibdi.

Ammo shu daqiqada Karimovning gapiga ishonmayotgandim. Chunki shunday voqea yuz bersa, darhol eshitgan bo’lardim, degan xayolda edim.

-Agar gazetadan ketsam-chi?  U holda yopmaysizlarmi?-dedim.

-Qayerga ketasiz!

-Sizning gazetlaringizdan biriga, albatta siz tavsiya qilsangiz,-dedim.

-Gazetalar meniki emas, bittasi Oliy Kengashniki, boshqasi partiyalarniki, yana bittasi komsomolniki, ularning ishiga men aralasha olmayman, qanday qilib, sizni tavsiya qilishim mumkin,-dedi Karimov.

-Unda nega bizning gazetaga aralashayapsiz?- dedim. Karimov qizarib ketdi va birdan  o’rnidan sapchib turdi.

-Nega aralashmayin? Men qovunchi emas, Karimovman. Siz sessiyada aytgandek hammasi onamning mahriga tushgan, bildingizmi?

-Bunday deganim yo’q!-dedim.

-Ie, allaqachon unutdingizmi, lentani qo’yib beraymi? – u shunday deb, deraza tomondagi burchakda turgan televizorning ostidagi videomagnitofon tugmasini bosdi. Keyin qo’l bilan boshqarish apparatini olib, joyiga o’tirdi. -Bu sizlarning davlat to’ntarishiga urinishlaringiz…

Lenta mening nutqim yozilgan joyga qadar aylantirib qo’yilgan ekan:

-Unutgan bo’lsangiz, hozir yodingizga solamiz!-dedi.

-Men unutganim yo’q, o’shanda “Onangizning mahriga tushganmi?” deganim yo’q, balki “O’zbekistonni onangiz tuqqan emas va siz ustun bo’lib qololmaysiz” deganman…

Keyin nima sababdan shuncha vaqtdan keyin bu masala endi o’rtaga chiqqanini so’ramoqchi edim, lekin u quloq solmadi.

-O’zingni yig’ishtirib ol, bo’lmasa qamoqda chiritaman degandim, esingda bormi? Mani esa esimda turibdi. Seni qamoqda yo’qotaman, bildingmi?

-Birinchidan sensiramang, ikkinchidan esa, qamashingiz mumkin, lekin, ana u kun odamlaringiz o’ldirishga urinib ko’rdilar, nomersiz mashinada. Hayotim ularga bog’liq emas ekan, yo’qota olmadilar…

-Lekin, yo’qotaman, bilib qo’y!-deya baqirdi Karimov, uning og’zidan ko’piklari chiqib atrofga sochila boshladi. Uning quyanchiq kasali bor deyishardi, nima balo, to’g’ri ekanmi, deb shu damda kasali tutib qolishidan qo’rqdim. Lekin baribir javob berishni afzal ko’rdim.

-Yo’qotish sizning ishingiz emas, hammasi Xudoning qo’lida!-derkanman labim qurib tilib aylanmay qolayozdi.

-Man o’sha Xudo!-deya u ko’kragiga urdi.

-Xudo kechirmaydi bu gunohni!- dedim.

-Ko’ramiz, Xudo kimni kechirmaydi? Istaysan.. sizmi, ertaga mufti televizorga chiqib, sizni dinsiz deb e’lon qilsin! Ustozingizni “dinsiz” deb e’lon qildirganim sizga dars bo’lmadimi? Istasam, ertaga meni “Xudoning erdagi soyasi” deb e’lon qiladi. Din – bu mening aytganim. Istasam, machit ochib beraman, istasam mufti-puftisi bilan portlatib yuboraman.

-Ertaga mening ham uyimga bomba tushadimi?- deya muftining uyiga portlatgicha tashlaganlariga ishora qildim.

-Sizni oldin uyingizdan quvib chiqaraman. Keyin deputatlikdan haydataman. Oilangiz ham sizdan yuz o’giradi.  Ana undan keyin qamayman!

-Peshonaga yozilgani bo’ladi.

-Peshonangizga shularni men yozdim. Siz esa o’qib oling! Xullas, ora ochiq! Ketaverishingiz mumkin!

O’jarligim tutdi.

-Baribir jonim Jabborning qo’lida! –dedim.

-Ko’ramiz! Ko’ramiz! Ko’ramiz! – u baqiraa-baqira qoldi.

Xullas, gazetani 1993 yil 7 fevral kungi hukumat qarori bilan yopishdi. Biz avval gazetani Ozarbayjonda chiqarmoqchi bo’ldik. Imkoni bo’lmadi. Keyin Turkiyaga ketganimizda u erda nashr yettik.

30.SHAVKAT YO’LDOSHEV

Rivoyat qilishlaricha bir zulmkor shoh qazoga etganda hech jon berolmasmish. Tabibu -ulamolar hayron. Kun kechib kech kirganda shoh ko’zlarini ochibdi.

-Shahanshohim, yana qanday armoningiz bor? Amr eting, bajo keltiraylik, –

debdi tabibi kalon.

-Vazirimning boshini tanidan judo qilinglar! – debdi shoh.

Hamma sukunatga cho’mibdi. Uch kun davomida shoh jallodlaru- zindonbonlar, devonbegiyu –mushovirlarini o’limga buyurdi. Endi esa…

– Shahanshohim, ul zot sizning eng ishongan mudiringiz, soyai -obro’yingizlarku, axir, biz qanday qilib…

Amrimni muhokama uchun emas, ijro uchun buyurdim!

Vazirning boshini keltirib ko’rsatganlardan so’ng:

-Xudoga shukur, – debdi shoh, – Endi jon bersam bo’lur. Lekin sen tabib nenidir so’ramoqchisan, savolingni ber, javobingni oladursan!

-Shahanshohim, nechun ishongan odamlaringizni qatliom qildingiz?

-Ssiyosat bu, ular ishongan odamlarim emas, ular qullarim edilar, hatto sendek savol berishga jur’at etolmasdilar. Biroq ko’p sirimni bilardilar. Men esa sirimni Tangridan boshqaga ishonmayman! Ular yaxshi qul edilar, qul kabi jon berdilar, men esa shoh kabi… ,-deb javob qilibdi shoh.

Bu albatta, rivoyat. Lekin ildizi hayotdadir.

1993 yil 29 dekabrda O’zbekiston Oliy Kengashining ikkinchi raisi «sog’ligi yomonlashgani uchun» vazifasidan ketdi. Nega ikkinchi deyapmiz, chunki 1990 yilda Oliy Kengash O’zbekiston mustaqilligi deklaratsiyasini qabul qildi. O’sha kezdagi Oliy Kengash raisi Mirzaolim Ibrohimov “jilov”ni deputatlarga berib qo’ygani va ular Mustaqillik deklaratsiyasi qabul qilganlari bois kommunistlar plenumida qattiq tanqid ostiga olindi. Ta’qiblarga dosh berolmagan Mirzaolim Ibrohimov o’zi ariza yozdi va etmish yil davomida kadrlarga chiqariladigan hukm: «Sog’ligi yomonlashgani uchun» ishdan ketdi.

U kishi oqsoqol edi, mayli. Lekin hali ellik yosh nari-berisidagi ikkinchi rais ham shu hukm bilan ishdan olindi. Birovning mansabga minishi baxt, ishdan ketishi fojea emas. Qolaversa, yiqilganni tepmaydilar. Bizning tepadigan fikrimiz ham yo’q. Ammo Vatan takdiri uchun murakkab bo’lgan bir davrda O’zbekiston qonunchilik idorasini boshqargan kishi siyosiy maydondan quvilarkan, uning faoliyatini tahlil etmoq burchimizdir. Istaymizmi, istamaymizmi u tarixda qoladigan vazifada ishladi. Tarix esa bor gapni bilmog’i kerak. Qolaversa bu Islom Karimov shaxsiyati va siyosatini anglashga ham yordam beradi.

Xo’sh, Shavkat Yo’ldoshev O’zbekistonning siyosiy maydonida qanday paydo bo’ldi va Vatanga, millatga qanday naf keltirdi? U asli namanganlik. 1943 yilda tug’ilgan. Moskvada oliygohni bitirgan. Uning Moskavdaligidayoq KGB tomonidan “rekrut” qilingani aytiladi. Shu bois Namanganga qaytib, osongina partiya ishlariga o’tadi. 1984 yilda Namangan shahrining “birinchi odami” bo’ladi. Bu ishda bir yil ham ishlamay Mosvaga KPSS MK apparatiga ishga olinadi.

Sovet Ittifoqi davrida O’zbekistonda partiya rahbarlari mahalliy xalqdan bo’lsa, uning yonidagi ikkinchi shaxs Moskvaning odami-rus edi. Amalda “ikkinchi” hukmronlik qilgan. 1994-19887 yillarda Kreml O’zbekistondagi hamma “ikkinchi”larning o’rniga yangi desantlarni tashladi. Qiziq voqea yuz beradi. Kreml Shavkat Yo’ldoshevni Sirdaryo “obkomi”ga ikkinchi etib jo’natdi. Bu uning KGBga mansublini isbotlaydigan dalildir.

Uch yildan keyin u Farg’ona viloyatiga ijroqo’m raisi bo’ldi. O’zbeklar va Mesxet turklari orasida chiqqan qonli to’qnashuvlarning tashkilotchilaridan biri sifatida nomi chiqdi. Farg’ona voqealari munosabati bilan barcha rahbarlarning “boshi ucharkan”, Shavkat Y Yo’ldoshev O’zbekiston KP MK Reviziya komissiyasining raisligiga “saylandi”. 1991 yilining 12 iyunida esa Islom Karimov uni maqtay-maqtay O’zbekiston Oliy Kengashining raisi stoliga o’tqazdi.

U Moskvaning odami ekanligiga bizda zarracha ham shubha yo’q edi. Hatto O’zbekiston KGBsining raisi G’ulom Alievning u bilan harbiychasiga  salomlashganini bir necha marta ko’rib qolganmiz.  U SSSR KGBsining generali ekanligi aytilardi. Hujjatlarda qanday bilmadim, lekin amalda u zulmning elchisi edi. Fitna uyutirishga,  artislik qilishga, yig’lab turib kulishga juda usta edi. Karimov demokrat deputalarni uning qo’li bilan bartraf etdi. Unda rahm-shavqatdan zarra ham yo’q. Qalbi qotib qolgan askar kabi harakat qilardi. O’z yurib ketgan tankdek hamam narsani majaqlab ketaverardi. Yuzingizga kulib gapirib, ayni paytda sizni o’limga yo’llaydigan hujjatni ham imzolaydigan darajada sovuqqon edi.

Uni Mixail Gorbachyovning demokratik maktabida tahsil olgan odam deb targ’ib qilishgan. Darhaqiqat,  u jasorat bilan ishga kirishishi va O’zbekistonni demokratiya sari burishga sababkor shaxs sifatida tarixga kirishi mumkin edi. Bunday imkoniyat har kimga nasib etavermaydi. Lekin…

Moskva KGBsi Farg’onada millatni ikkiga bo’lib, urishtirganda olovga kerosin sepganlarning boshida Shavkat YO’LDOSHEV turgandi. So’ng Kremldan Farg’onaga qo’shin kiritishni rasman iltimos qilgan ham u. Toshloq, Qo’qonda xalq o’qqa tutilganda qurolli jallodlar oqasida  turgan ham u edi.

Lekin yuqorida aytganimizdek, uni partiya nazorati idorasiga rais qilib olib kelishdi. Bu idoraga o’sha kezlarda hatto Markaziy Komitetdan ham so’roq so’rash huquqi berilgandi. Uning raisi kommunistik tuzum sharoitida jumhuriyatda ikkinchi shaxs bo’lishi kerak edi. Partiyaning ichki islohotlari asosan shu idoraga ishonilgandi. Shunday paytda Shavkat Yo’ldoshev gunoh botqog’idan chiqib ketishi, Farg’ona voqealari birdaniga unga begona bo’lishi taajjubli hol edi.

U yangi ishni boshlar ekan, O’zbekiston oynaijahoni orqali o’zining katta vazifaga ko’tarilgani xususida ko’rsatuvlar uyushtirdi. «Gdlyan va Ivanov degan bosqinchilar qo’shib yozish bahonasida ko’p kommunistlarimizni aybsiz qamadilar, – dedi u oynaijahonda. – Men bu kommunistlar takdiri bilan jiddiy shug’ullanaman.Ularning oilalari, bola-chaqalari chinqirib yurishibdi».

Vaholanki, uning o’zi o’sha bosqinchilarning safida edi.

Moskvada SSSR xalq deputati o’larok Gdlyanlarga qarshi bir og’iz so’z aytgan emas, aksincha aytganlarni tinchitishga uringan.

Oradan ko’p o’tmay O’zbekiston xalq deputatlaridan birining o’rniga uni deputat qilishdi.

Siyosatchini davr va dunyo etishtirmog’i kerak. Uni kimdir etishtirar ekan, u kimningdir mulkiga aylanadi.

O’zidan baland turgan siyosatchiga qarshi fikr aytgan kundan boshlab kishi siyosat maydoniga kiradi.

Shavkat Yo’ldoshev esa siyosatchilikni “tuhfa” sifatida oldi… U O’zbekiston Oliy Kengashining 12 chaqiriq 3 sessiyaga oddiy deputat sifatida emas, Kengash raisi sifatida ham keldi.

Sessiyada O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komiteti birinchi kotibi Islom Karimov “Yo’ldoshevni partiya shu ishga loyiq» deb topganini aytdi. Farg’onalik deputatlardan ayrimlari g’azabga mindilar. Prezident Islom Karimov ularning hovurini bosdi.

-Shavkat Yo’ldoshev Oliy Kengash raisi sifatida Farg’ona voqealarini kim uyushtirganini aniqlaydi. Bu vazifa unga imkon beradi. U qonli voqealarga guvoh bo’lgani uchun ham partiya unga bu ma’suliyatli vazifani yuklayapti, – dedi u.

Oldindan tayyorlab qo’yilgan «navbatchi» deputatlar uni qo’llashdi. Qarshilik qilganlarga quloq solinmadi. Oliy Kengash ham bitta odamning og’zidan chiqqanga mahliyo bo’ladigan olomonga aylanib borayotgandi.

Jumhurrais kursisiga o’tirishi hamonoq, Shavkat Yo’ldoshev g’ayriqonuniy, g’ayriinsoniy hatti-harakatlarga berildi. Shu darajaga borib etdiki, deputatlarni yakkama-yakka suhbatga chaqirib, Prezidentning xatolarini aytib, «Buni siz gapiring, men sessiyada so’z beraman» dedi va darhol Prezidentga “Bu deputatlar sizni tanqid qilishmoqchi” deb o’ziga xos o’yin boshladi.

Sessiyada tanqidiy fikr aytgan deputatni fitnachi deb aybladi. Mutloq bo’hton, tuhmat bilan 12 deputatning takdiriga bolta urildi. Na qonun, na insof tarozisida turadigan qabihliklar ochiq-oydin amalga oshirilaverardi.

O’zbekiston iqtisodiy va siyosiy bo’hron qo’ynida qolishida Shavkat Yo’ldoshevning katta ayblari bor. U iqtisodiy va siyosiy tanazzulga olib boradigan o’nlab qarorlarga imzo chekdi.

Uning Farg’onadagi ayblarini ochishga uringan deputatlrning hibs etilishi, bir qator deputatlarning qmalishi, vakolatlari to’xtalishi, Oliy Kengashdan o’ttizga yaqin xalq deputati ishdan haydalishi Shavkat Yo’ldoshevnig siyosiy maqsadlar yo’lida har narsadan qaytmasligini ko’rsatsa, O’zbekiston yo’lini belgilaydigan qonunlar chetlab o’tilib, xalqni og’ir ahvolga soladigan qarorlar paydo bo’lishi uning millatga xiyonat qilganini ochiqlaydi.

Shavkat Yo’ldoshev Oliy Kengash raisi o’laroq, bitta maqsad bilan yashadi׃ O’z xo’jayiniga xizmat qilish, unga yaxshi ko’rinish.

1991 yil sobiq SSSR tarqalib ketgach, unga Moskvadan «Jiguli» mashinasi mukofotga berishdi. Uni savdo vazirligi qimmatbaho narxdagisiga almashtirdi. Mashinani savdo markazidayoq Buxoroga sotib yubordi. So’ng bu ish davom etaverdi. Mashinalar kelib ketaverdi. Bu orada Toshkent shahrining Hamid Olimjon maydonidagi 18 qavatli uydan qiziga va jiyanlariga, hukumat uyidan o’ziga, Turkiston harbiy okrugi generallari ko’chib ketgan uylardan uch o’g’li va yugurdaklariga hashamatli uylarni olib berdi

Shavkat Yo’ldoshevning hatti-harakatlariga qarshi 1992 yilda «Xalq so’zi» va «Narodnoe slovo» gazetalari jamoasi ish tashladi. Shu kuniyoq Shavkat Yo’ldoshev qaror chiqarib, uch yuz kishi ishlayotgan gazetalarni yopdi. Qalamkashlar ish tashlash piketlarni davom yettiravergach, gazeta tiklandi-yu, jamoa faollari quvg’inga uchradi. «Xalq so’zi» jasoratli, demokratik gazetadan madhiyago’y hukumat gazetiga aylantirildi.

Shavkat Yo’ldoshev Karimovning bir og’iz gapi bilan qarorga imzo chekib, Oshkoralik qo’mitasini qisqartirib yubordi. Deputatlarning noroziligi kuchayganini sezgach, qarorini bekor qildi. Qisqa davrda o’n olti marta o’z qarorini bekor qilishga majbur bo’ldi.

U bilib turib g’ayriqonuniy va g’ayriinsoniy qarorlarga kelardi. Chunki topshiriq olgan mahali o’z fikrini ayta olmas va «xo’p-xo’p» deya darrov ijroga kirishardi.

U imzolagan qarorlardan kuyganlar Prezidentga uchrashib, oradagi “mushukni” quvish yo’lini topishsa, Yo’ldoshev qayta topshiriq olar va «xo’p» deya yana qarorni o’zgartirardi.

Oliy Kengash raisi o’yinchoqqa aylanganini xalq ham sezib qoldi. Shavkat Yo’ldoshev Oliy Kengashni Prezidentning oyog’i ostiga tashladi.

Zero, Prezident uchun ayni shu kerak edi. Shavkat Yo’ldoshev vazifasini bajarib bo’ldi. U endi keraksiz odam edi. “Genaral” iste’foga jo’natildi va uning o’rniga yangi askar -Erkin Xalilov olib kelindi.

Uning ham vazifalari bor. U ham kerak. Vazifasi bitishi hamonoq undan ham voz kechiladi. Prezidentning kadrlar bilan ishlashdagi bu «olamshumul» tajribasini hamma biladi.

31. ADHAM FOZILBEKOV

Ilgari Toshkent shahar kommunistlar partiyasining, so’ng nomigagina o’zgargan Xalq demokratik partiyasining Toshkent shahar qo’mitasi birinchi kotibi bo’lib ishlagan Adham Fozilbekov o’zini prezidentning eng yaqin, eng sadoqatli odamlaridan biri deb bilardi.

O’zbekiston televideniesini ko’rib borganlar uni doim Prezident yonida ko’rishar, quchoqlashib, qo’shqo’llashib turishganini ko’p gapirishardi.

Adham Fozilbekov ana shu kayfiyatni yo’qotmaslik uchun butun mahoratini ishga soldi. Hatto O’zbekiston Bosh qonunida e’tirof etilmagan bo’lsada, Prezidentni Toshkent shahrida hokim saylovi o’tkazishga ko’ndirdi. Saylov davomida Prezident ham, hukumat mashinasi ham unga ishladi. Saylovga undan boshqa odamning nomzodi qo’yilmadi. Ko’pchilik toshkentliklar ko’rinishidan juda muloyim, ammo kommunistik partiya o’yinlaridan ancha xabardor bu odamni istashmasada, u hokim bo’ldi.

Yuqoridan in’om etilgan bu tortiqni oqlash uchun u 1992 yil 16 yanvarda Toshkent shahrida talabalarni o’qqa tutishga rahbarlik qildi. So’ng, Oliy Kengashning 7-sessiyasida Prezidentning kamchiliklarini aytgan, o’zining shogirdi va eng yaqin safdoshi-O’zbekiston xalq deputati, tuman hokimi Shuhrat Nusratovni hatto sessiyaga kiritmasdan ishdan oldi.

U layoqatsiz, ammo har qanday qabih ishga tayyor, Prezidentga yoqadigan kishilarni esa katta lavozimlarga tayinladi.

Yuzma-yuz gaplashganda o’zini samimiy ko’rsatishga uringan Adham Fozilbekov sirtidan muxolifatga qarshi o’t ochib, o’zini Prezidentga yaqin qilib ko’rsatish maqsadini ko’zladi. Prezident ham unga ishondi va uning bilan ko’p ish qilishga ulgurdi.

Qo’rqoqlik, haqiqatni ochiq aytolmaslik, xushomad va qullarcha ko’r-ko’rona ish bitirish har qanday kadrni oxir-oqibatda sharmanda qiladi. Kommunistik rejim davrida ildiz otgan va bugun yana ham kengroq quloch yoygan bir odat bor. Yurtga emas, rahbarga, eng birinchi rahbarga xizmat qilish. Adham Fozilbekov ana shu maktabga sodiq bo’lib qoldi. Hech qachon qoqilmayman, yiqilmayman, deb o’yladi.

O’zbekistondagi aksariyat kadrlar xuddi ana shunday fikrdalar va hatto yo’lda ekanliklarini tan olgilari kelmaydi. Yonlaridagi safdoshlarining takdiri ham ularga saboq bo’lmayotgani kishini ajablantiradi.

O’zbekiston Prezidenti maslahatchisi, olim Baxtiyor Nazarov g’ayriinsoniy harakatlarni ko’rib, bilib xalqni aldashga, Prezidentni sevishga undadi. Jon-jahdi bilan harakat qildi. Ammo ishdan quvildi.

Vazirlar mahkamasi raisi muovini, shoir Erkin Samandarov millatni yolg’on va aldovlarga ko’nikishga o’rgatish yo’lini yaratdi. O’zi shu yo’lning qurboni bo’ldi.

«O’zbekiston ovozi» muharriri Rasul Rahmonovdek Prezidentni maqtashga hissa qo’shgan odam yo’q. U ham vazifasidan kuzatib qo’yildi.

Bu o’yin viloyatlarda ham ayni ko’rinishda davom etmokda. Barcha viloyat hokimlari ham ana shu o’yinning tashkilotchisi, ijrochisi bo’la turib unga engildilar.

Eng achinarlisi bugun ham Prezident shu odamlarni chaqirib, mansab, vazifa bersa, ular yana xushomad, madhiyani boshlab yuboradilar va har qanday qabih, qonunsiz topshiriqlarni bajaraveradilar.

Imkoni topilgan joyda uni maqtaydilar va xushomadgo’ylik qiladilar.

Bu kadrlarni ayblamoqchi emasman. Ular shunday ham qiynokda. Vijdon azobi yondirmokda ularni.

Faqat ularning taqdiri boshqalarga dars bo’lmagani o’ylatadi kishini. Go’yo butun kadrlar Adham Fozilbekovga aylanib qolgandek. Balki Adham Fozilbekov barcha rahbarlarning ichiga singib ketganmi?  Bilmayman.

Xullas, Karimov diktaturani shundaylarning qo’li bilan mustahkamlab oldi.

32.KARIMOVNING KOMANDASI

Karimov demokratiya uchqunlarini o’ldirib, diktatura o’rnatgan dastlabki yillarda uning komandasida kimlar bor edi?

-Shavkat Yo’ldoshev, Oliy Kengash raisi

-Ismoil Jo’rabekov-Bosh vazir o’rinbosari

-Temur Alimov- Prezident maslahatchisi

-Bo’ritosh Mustafoyev, Bosh prokuror

-G’ulom Aliev-KGB(MXX) raisi

-Zokir Almatov-Ichki ishlar vaziri

-Bobur Malikov, Oliy Sud raisi, Adliya vaziri

-Anatoliy Efimov-O’zkompartiya MK ikkinchi kotibi

-Ubaydulla Abdurazzoqov-Tashqi Ishlar vaziri

-Rustam Shog’ulomov- Davlat Matbuot qo’mitasining raisi

-Erkin Hayitboev- O’zTeleradio qo’mitasining raisi

-Adham Fozilbekov- Toshkent shahar hokimi

-Sayfullo Saydaliev -Toshkent viloyat hokimi

-Po’lat Abdurahmonov-Samarqand viloyat hokimi

-Mavlon Umurzoqov, Prezident maslahatchisi

-Shoxobiddin Ziyomov- Prezident maslahatchisi

-Aziz Nosirov, Komsomol yoshlar rahbari.

-Jahongir Hamidov, O’zkompartiya ideologiya kotibi.

-Baxtiyor Nazarov- Prezident maslahatchisi

-Damir Yodgorov-Buxoro viloyat hokimi

-Shavkat O’razaev-Konstitutsiyaviy qo’mita raisi

-Jamol Kamol- Yozuvchilar soyuzining raisi

-Alisher Toshkentboev-Jizzax viloyat hokimi

-Burgut Rapig’aliev-Namangan viloyat hokimi

-Marks Jumaniyozov-Xorazm viloyat hokimi

-Baxtiyor Hamidov- Bosh vazir o’rinbosari

-Erkin Samandarov-Bosh vazir o’rinbosari

-Shavkat Mirziyoev- Oliy Kengash Sanoq komissiyasining raisi

-Erkin Xalilov-Oliy Kengash Huquq-tartibot qo’mitasining raisi

-Urayim Abdug’aniev-Bojxona rahbari va boshqlar.

33. XULOSA O’RNIDA

Siyosat ham san’at deyishadi. Aslida san’at ham siyosatdir. Siyosat san’at ekanligi sezilib qolganda, emirila boshlaydi. San’at ham siyosatligi bilindimi ”oyog’i sinadi”. San’atning go’zal bir bo’lagi – raqs, o’yin. Siyosatning harom bir bo’lagi – o’yin. Biri teatr, tomosha sahnasida, kichik davralarda hukm sursa, ikkinchisi  juda o’lkan sahnada – mamlakat, dunyo sahnasida “jilva” qiladi.

Bugun bizning yurtimiz sahnasida – ham siyosat, ham san’at sahnasida iftixorga aylangan hayosiz o’yinlar ko’payib ketdi.

O’zbekistonning yangi Konstitutsiyasi qabul qilingan sessiya arafasida mamlakatda terror boshlangan, diktatura quloch yozgandi. Muxolifat qatag’onga olingan, quvg’in, surgunlar boshlangandi. Sessiya ham ana shu ruh, ana shu kayfiyatda o’tdi. Bosh qonun deyarli muhokamasiz qabul qilindi. Shu kuni kechqurun prezident poytaxtning  “Navro’z” koshonasida millatvakillariga, saroy a’yonlariga ziyofat berdi.

Ziyofat oqshomi prezidentning ko’zlaridagi tahlika yo’qolmagandi. U shu kuni qandaydir noxush xabar olgani sezilib turardi. Sessiyaga kirishda deputatlarni lazerli maxsus uskunalar yordamida “bojxona”dan o’tkazishdi. Ayol deputatlardan birining sumkasidan temir kuldon chiqib qoldi. Yarim soat so’roq qilishdi. Biz kuldik: “Agar kuldon bilan kimningdir joniga  qasd qiladigan bo’lsa, demak yapon maktabida o’qigan”.

Ziyofat zalida mehmonlardan qo’riqchilar ko’proq edi. Sigaret chekmoq uchun joyimdan qo’zg’algandim, yigirmaga yaqin yigit men tomonga o’tdi. Yonimga Milliy Xavfsizlik xizmati qo’mitasining  raisi G’ulom Aliev keldi.

-G’ulom aka, “qo’ylar ham cho’chqa holiga” tushibdi-ku? – dedim ziyofat oldidan maxsus aravachalar ustida cho’chqaga o’xshab yotqizilgan, boshi va oyog’i kesilmasdan pishirilgan qo’ylarga sha’ma qilib.

-Bugun shod-hurramlik, shunaqa gaplarning o’rnimas, – dedi G’ulom Aliev. Sezdimki, suhbatimiz yozib olinmoqda. Chunki G’ulom aka bilan yon qo’shnimiz. Yakkama-yakka qolganda tuzumdan, prezidentdan noroziligini  gap orasiga qistirardi. Bu ham balki “lambada”dir?  Har holda, o’yinni samimiy o’ynardi.

Birdan Olmaxon Hayitovaning jarangdor ovozlari yangradi. O’rtaga Xorazm viloyati hokimi Marks Jumaniyozov chiqdi. U va Vazirlar Mahkamasi raisining muovini Erkin Samandarov O’zbekiston mustaqilligining bir yilligi tantanasida birga raqsga tushib, prezidentdan tashakkurnoma olishgandi. Marks Jumaniyozov qarsaklar og’ushida goh qosh uchirib, goh o’tirib-turib o’ynardi.

Odamlarning ko’zi prezidentda edi. U zaharli jilmayib turardi. Bu jilmayishni tashakkurnoma deb anglashdi, shekilli, birin  ketin-viloyat hokimlari raqsga tusha boshladilar.   Samarqand viloyat hokimi Po’lat Abdurahmonov raqsga usta emas ekan.  Deputat Oygul Mamatovaning jozibador o’yini bu qusrni yopib yubordi. Buxoro viloyat hokimi Damir Yodgorovning “badani”da bor ekan, ancha vaqt davra aylandi. Hatto, bir qo’li bilan qoshini yuqori ko’tarib, prezidentga qarab “hunar” ham ko’rsatdi.

Xullas, hokim raqqoslar musobaqasi prezidentning xijil ko’nglini yozdi.

Navbat millatning guli va aqli bo’lmish ijodkorlarga keldi. To’g’rirog’i, prezident so’zni avval Said Ahmadga, so’ng Odil Yoqubovga berdi.

Said Ahmad mikrofonni ikki qo’llab ushlagancha davraga bir nazar soldilarda yuraklarini ochdilar.

-Men ham mustaqillik uchun kurashganlardan biriman, – dedi u kishi. – Sovetlar imperiyasida mustaqillik haqida gapirish u yoqda tursin, hatto fikrlash ham qo’rqinchli edi. Lekin biz yuragimizdagi bu dardni asarlarimizga singdirdik. “Kelinlar qo’zg’oloni”ni yozarkanman, dilimda shu maqsad edi. Markaz zulmidan ozod bo’lish g’oyasi asarimning boshidan oxirigacha chekinmaydi. Bu asarda o’n besh mustamlaka jumhuriyatning dardi, tashvishlarrini berishga intildim. Bosh qahramonlarimning har biri bir jumhuriyatning obrazidir…

Davrada o’tirganlardan biri “O’zbekiston kim ekan?” deb shivirladi. “Sottixon bo’lsa kerak” degandim, yonimizdagilar kulib yuborishdi.  Said Ahmad esa hali so’zlarida davom etmoqda edilar.

-Muhtaram prezidentimiz Islom aka Karimov mustaqilligimizni e’lon qilgan pahlovon xalqimizning Alpomish o’g’li, umidlarimizning yorqin sho”lasidirlar. Mana, yana u kishining dadil va jasoratli odimlari bilan yurtimizning yangi Bosh qonuni qabul qilindi…

Said Axmad bisotidan terib – terib hamdu sano yog’dirgani prezidentni shod qildi. Ammo Odil Yoqubov yanada jozibali, yanada obrazli nutq irod etdi:

-O’zbekiston yarador, majruh bir ot, to’g’rirog’i toychoq edi. Rus mustamlakasi paytida ezilgan bu toychoqning ko’zlari yosh,  dardi og’ir edi.  Islom Abdug’aniyevich uning yoshlarini avaylab, yollarini tarab, silliqlab, yarasiga malham bosib parvarishladilar. Bu toychoq tezda kuch to’plab, parvozga shaylangan ot holiga keldi.  Bugun Islom aka sohibi davlat sifatida uni egarladilar. Dul-dul yuksak parvozlarga shaylandi. U o’z chavandoziga, chavandozi esa unga yarashib turibdi…

Balki vaqt o’tib adiblarimizni “O’shanda obrazli qilib, Karimov xalqning elkasiga minib oldi” deganlar topiladi va hech kim e’tiroz qilmaydi. Chunki “lambada” har qanday kishining sog’lom fikrlarini toptab, or-nomus ko’chasidan uzoqlashtiradi.

-Bugun Islom akaning mardligini ko’rolmayotganlar bor, – deya davom etdi O. Yoqubov. – Ular adashgan, kimdandir, nimadandir norozi kishilardir. Shu sabab, Siz Islom aka, undaylarga e’tibor ham bermang.  Xalq ularga allaqachon baho berib bo’lgan. Shunday deymizu, ammo ular asabni egovlab, katta ishlar va maqsadlar yo’lida to’siq  bo’lishgani ayanchlidir…

So’ng Ortiq Otajonov prezidentga “bir kapgir” maqtov yog’dirib, qo’shiq boshladi.

Davraga raislik qilayotgan Namangan viloyati hokimi, prezident iborasi bilan aytganda “oqsoqol” Burgutali Rapiqaliev ishorasi bilan o’rtaga yana hokimlar chiqdilar. Raqs tugagach, Karimov “ikki ulug’ adib” sharafiga qadah ko’tarishni buyurdi.

Stol ustidagi shishalar allaqachon bo’shab qolgani uchun ba’zi a’yonlar bo’sh qadahlarni ko’tarib, buyruqni bajardilar.

Vaqt kelib, ular ham o’zlarini oqlashlari uchun imkon bo’ladi. Ya’ni: “Biz o’shanda fikrlarga qo’shilmaganimiz uchun bo’sh qadahni ko’targandik”, deya. Ularni hozir ham ayblamoqchi emasmiz. Ular “lambada” asirlari.  Asir esa buyurilganni bajarishga mahkum. Asirlar sud qilinmaydilar.

Qo’shiq aytib turgan G’ulomjon Yoqubovga prezident  nimanidir ishora qildi. U kuy ohangini o’zgartirib, Karimovga Mustaqillik kuni yoqib qolgan nasihat – qo’shig’ini boshladi.  Shu payt uning yonida hofiz Sherali Jo’raev paydo bo’ldi.

Sherali Jo’raev haqida shu  kunlari turli mish-mishlar tarqalgandi. “Karimov uni televizordan, radiodan olib tashlabdi”. “U hajga borganda prezidentni Xudosiz debdi”. Bu gaplarda jon bor edi. Rostdan ham Karimov bir majlisda TV “katta”siga Sherali Jo’raevni ko’rsatmaslikni buyurgandi.

Hofiz  hamkorining qo’lidan torni olib: ”Men O’zbekiston gimnini yozganman, shuni ijro etaman”, dedi. Prezident boshini quyi solib, yonidagi maslahatchisi Mavlon Umrzoqovga nimadir dedi. Uning rangi oqadi. Har holda javob qildi. Nazarimda, u  “Sherali Jo’raev ro’yxatda yo’q edi”, deb qutuldi.

Qo’shiq tugagach, ”ob-havo” buzilaganini sezgan a’yonlar qarsak chalmadilar. Hofiz engil kuy chalib, o’tirganlarni raqsga “da’vat” etdi. Hamma jim.

Ko’p o’tmay bu “noxushlik”ni prezident unutdi va o’zi raqsga tushdi. Juvon deputatlar, hokimlar uni qurshab oldilar…

“Navro’z” koshonasidan qaytarkanmiz, ko’ngil xira, chunki Karimov “o’rmonga o’t qo’ygandi”. Yong’in yashin tezligida viloyatlarga, tumanlarga tarqalayotgandi.  O’rmon ichida ming-minglab  gunohsizlar azob o’tida qovrilayotgandilar.

Ko’ngilni ana shu yong’in yoqmoqda edi…

1992-2005 yillar.

Toshkent-Baku-Istanbul-Vashington.

Muallifdan: Ushbu memuar yozilish jarayonida, undan keyin ham yillar davomida saytlarimda turdi. Boshqa saytlarda ham qayta-qayta e’lon qilindi. Oshkoralik nuqtai nazaridan jamoatcilik tasdig’idan o’tdi. Shundan so’nggina kitob holida chop etildi.