Саволингизга жавоб

savollar“Амири кор”га келмоқчи бўлсангиз

САВОЛ: Мен Америкага бормоқчиман, у ерда бирорта одам менга ёрдам бериши мумкин-ми?(Қобилжон).

ЖАВОБ: Бу “ёрдам” калимасининг Америкада ва Ўзбекистонда икки хил маъно ташиганини ҳисобга олиб, сизнинг қандай ёрдам сўрашингизга боғлиқ.

Ўзбекистонда бир телефон қилиб, ўқишга киритиб қўйиш, ётоқ билан таъминлаш, имтиҳонлардан ўтмаганда домласига таъсир қилдириш каби тушунчалар ҳам “ёрдам”га киради.

Америкада эса “ёрдам”  биров нон-сувсиз, оч қолса уни бир муддат озиқ-овқат билан таъминлаш, янги кўчиб келган одамга қўлланилган кийим-кечак, мебел, товоқ-қошиқ тўплаб бериш, машинаси бўлмаса манзилига олиб бориб қўйиш тушунчаларини ўз ичига олади.

Бу нарса  маданиятдан эмас, балки турмуш талабидан келиб чиқади.  Чунки бу ерда одамлар якка, мустақил шахс сифатида етишган ва муаммоларини тинмай ишлаб ўзлари ҳал этадилар. “24/7” деган машҳур ибора бор. Бу дегани ҳафтанинг етти суткасида ҳам тинмай ишлаш дегани. Самарқандлик тожик дўстларимиз ҳазиллашиб Американи  “Амири кор” дейишади.  Бу-ишнинг, меҳнатнинг амри, йўли билан яшаш.

Аммо Афғонистон, Туркия ва Ўзбекистондан келиб бу ерда яшаётганлар сизга ёрдам беришни истайдилар, лекин турмуш талаблари  ва бугунга қадар “ёрдам” берганларидан эшитган дашномлари уларнинг қўлларини “боғлаб” қўйган. Шу боис уларнинг ёрдамлари ҳам мен санаган даражада бўлади. Агар турмуш талабларидан беш-тўрт доллар орттирсалар турли мамлакатларда  қийин вазиятларда қолиб кетган қариндошлари, танишларига кўмаклашишга интиладилар.

Яқинда бир йигит келди. Интернетдан институт адресини топиб, ўқишга кирибди. Келса унга ётоқхона беришмабди. Бунинг устига “Ўқиш учун йилига фалон доллар берасан”, дейишибди. У ҳатто бу ерда овқатланиш учун қанча пул кетишини ёки транспорт харажатини ҳам назарга олмаган. Визаси бўйича ишлаши мумкин экан. Аммо турар жой олиши учун ижтимоий суғурта ҳужжати талаб қилишади. Бу ҳужжатни олишга камида 15 кун кутиши керак. Муаммолар  ичида қолди. Ҳам унинг жасурлигига ҳавасинг келади, ҳам унинг муаммолар билан юзма-юз қолганига раҳминг келади. Бир муддатдан кейин оёққа туриб олди, лекин у омадли экан, уни тасодифлар қутқазди.

Аммо бошқа одам ҳеч кимни танимаслиги ёки  ҳеч кимни топа олмаслиги  ва кўчада қолиши, ёмон йўлларга кириб кетиши ҳеч гап эмас. Шу боис келар экан, бу масалаларни ҳал этиб, кейин йўлга чиқиш керак.

Бу биринчидан, иккинчидан эса кўчадан келган тасодифий бир одамга  ҳамма ҳам эшик очавермайди. Кимдир уни жосус деб ўйлаши, яна кимдир бирор радикал диний гуруҳга аъзо деб  хаёл қилиши мумкин ва ҳоказо. Айниқса, бугун Америкада бу масалага жиддий эътибор берилади.

Қисқа муддатли виза билан келиб бу ерда қолиб кетадиганларга эса ҳозир ҳеч ким ёрдам бермайди. Улар ўз келажакларини хароб қиладилар. Чунки уларнинг иши қонунларга хилоф ҳаракат ва  бу ерда қонунни бузиш оғир оқибатларга олиб келади. Қонунни бузиб қўйган  бўлсангиз танишингиз ҳатто президент бўлса ҳам орага кира олмайди. Ана шунақа гаплар!

Яна ҳам кўпроқ нарса билишни истасангиз  “Ўзбеклар ва Ўзбеклар” китобимга назар солинг.

Жаҳонгир Маматов,

“Зеҳният жумбоғи” китобидан.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: