САВОЛ: Америкадаги ўзбеклар ўзаро учрашиб турасизларми? (Маъруфжон).
ЖАВОБ: Интернет ҳақида ёзганимда бироз бўлсада вақт масаласига ҳам тўхталган эдим. Америкада одамлигимни йўқотмасдан яшайман деганларга бекорчи вақт, бўш вақт бўлмайди.
Бу ерда яшаш даражасини ўзингиз танлайсиз. Истасангиз ҳеч қаерда ишламасдан гадойлик билан ҳам кун кўриш мумкин. Ит ётиш, мирза туриш билан ҳам бу дунёдан ўтиб кетиш мумкин. Аммо ўз уй-жойингиз, қулай транспорт воситангиз, техник имкониятлардан фойдаланиш орзуингиз, ҳар йили дам олишга бориб келиш шароитингиз, Американи, дунёни томоша қилиш, болаларни яхши олийгоҳларда ўқитиш ниятингиз бўлса, тинмай ишлаш керак. Чунки буларнинг ҳаммаси пул ва жуда катта пул! Шунинг учун ҳам бу ерда “вақт–пул” деган иборани тез-тез ишлатадилар. Бу масаланинг бир томони.
Иккинчи томони эса, хўш учрашувлар нима беради? Қуруқ олди қочди гаплар, кейин орқаваротдан иғволар, бир-бирининг устидан бўҳтонлар уюштиришми? Бир-бири билан қучоқлашиб, бир-бирига қараб жилмайиб, бирга овқатланиб кейин бир-бирига душманлик қилишми? Табиийки буни сиёсат деб билгувчиларга масаланинг аҳамияти йўқ. Аммо нафсониятингиз ва ғурурингиз, ўз қарашингиз ва ўз йўлингиз бўлса бундай учрашувларга қўл силтайсиз.
Илк бор Американинг Орегон штатига келганман. Кейин Виржиния штатига кўчдик. Бу ерда ўзбеклар, айниқса Афғонистон ва Туркия орқали келган ўзбеклар кўп. Дастлаб бир ҳамкасбим билан Туркистонликлар жамиятини тузиш учун кўп югурдик. Жамиятнинг асосини қуриб бўлганимизда ҳар томондан таъна-дашномлар кела бошлади. Кимлардир бу жамиятни Каримов режимига хизмат қилдиришга киришди. Кимлардир жамиятнинг “қироли” бўлишни истади. Кимлардир бизни ўз манфаатини ўйлаб иш қилмоқда деб айблади. Яна кимлардир жамиятни ўзларининг диний мақсадлари йўлига бурмоқчи бўлишди. Қарасам бу жамиятнинг истиқболи йўқ. Ўзимни четга олдим. Орадан йилллар ўтди, аммо жамиятнинг асоси ўша ҳолича қолди.
Шундан бери бу ердаги ўзбеклар билан тўй ва ёки маъракаларда кўришмасак, унчалик алоқамиз йўқ.
Бевосита Ўзбекистондан келган ўзбеклар билан ҳам шундай. Учрашиб турамиз. Ҳозирга келиб ўзбеклар кўпайиб қолди. Ўзбекистон билан борди-келдилар бошланди. Бошқача айтганда ҳар кимнинг ўз давраси пайдо бўлмоқда. АҚШга илк келган ўзбеклар йиллар давомида “марғилонликлар”, “тошканликлар”, “бухороликлар”, “самарқандликлар”… каби гуруҳларга бўлиниб кетишган. Янги келганлар ҳам шу йўлдан кетадиганга ўхшайдилар. Камина бундай маҳаллийчиликни ёқтирмайман.
Ўзбекистондан келаётган одамлар кўп ва уларнинг айримлари учрашиб турамиз. Гоҳида уйда, гоҳида ташқарида бир пиёла чой устидаги суҳбатлар соатлардан кунларга уланади. Тежаган бўш вақтларни ана шундай учрашувларга сарфлаймиз. Қолаверса, атрофимизда бошқалар ҳам кўп. Улар билан учрашиб туриш ҳам қизиқарли ва мазмунли.
Хуллас, бугунги тезликда давом этса, бир куни Америка ўзбеклар учун ҳам ватан бўлади, ўзбекнинг ўзбек билан учрашиб туриши савол мавзусидан чиқади.
Қайси бир буюк одамнинг гапи бор, “қадам қўйганим озод тупроқ ватанимдир” деган. Ўзбеклар дунёга ёйилмоқда, тилагим, қадамлари озод тупроқларга етсин! Ўзлари билан ўзлари бўлиб қолишдек қобиқни енгиб чиқсинлар!
Жаҳонгир Маматов,
“Зеҳният жумбоғи” китобидан.
Filed under: Savol-Javob |
Leave a Reply