Зеҳният чорраҳаларида

uztvitИнтернет…

САВОЛ: Интернетдан қандай фойдаланасиз ва интернетни суиистеъмол қилаётганлар ҳақида нима дея оласиз? (Отабек).

ЖАВОБ: Интернет… жуда катта эркинлик майдони.

Ҳаётда ҳамма нарсанинг меъёрини билган одам ўз мақсадларига эриша олади. Интернетни ҳам суиистеъмол қилмаслик керак.  Интернетга муккасидан кетган эмасман. Иш юзасидан ва қизиқиш юзасидан кириб тураман ва бу кўп вақт олмайди. Принцип сифатида чатлар ва меҳмонлар китобларида қатнашмайман. Ишим ва хавфсизлик ҳам бунга имкон бермайди. Қолаверса, у ердаги меҳнат сувга оқади, йўқ бўлиб кетади. Сарфлаган вақтингиз, чатнаган асабингиз қолади. Олтин бериб, ахлат олган бўласиз.

Интернетдан фойдаланиш умумий вақт билан ҳам боғлиқ. Икки жойда ишлайман. Ҳафтада камида 60 соатлик расмий ишим бор ва вазифамни бировларга юкламасдан бажарадиган одатим бўлгани учун деярли бўш вақт йўқ.  Уйда эса ижодий ишларга кўпроқ вақт ажратаман.  Филмлар кўриш, янги чиққан китобларни ўқиш ва оила юмушлари дегандай… вақт етмай қолади. Шу боис хабар оғирликли вебсаҳифаларга обуна бўлганман ва улар ҳар кунги янгилик, таҳлилларни электрон почтамга юборадилар. Бу веб саҳифалараро “югуриб” юрмаслик учун катта имконият.

Интернетдан бугун одамларнинг шахсиятига ҳужум, нафсониятга тегиш, ҳақорат, ғараз мақсадларда қўлланиш, дўстларнинг орасини бузиш, нифоқ сочиш, нафрат уйғотиш, фитна  учун фойдаланадиганлар ҳам  бор.  Жамият борки, унинг сариқ печаклари ҳам бор. Жамият борки, унинг андилари ҳам бор. Ундайлар  ҳатто ўзларининг ким эканликларини унутиб, ўзларини ҳам суиистеъмол қиладилар. Ўзини суиистеъмол қилган одамдан қандай қилиб интернетни суиистеъмол қилмасликни кутасиз?

Интернет ҳам маданият кўзгуси. Совет даврида одамларни сўкиш билан кун ўтказадиган казо-казо жойларда ишлаган ва ўта маданиятсиз бўлган бир кишини биламан. У  вебсаҳифаларнинг меҳмонлар китобларига кириб куракда турмайдиган сўкинишларни ёзади. Эски касбидан келиб чиқиб, бировларнинг номи, услубини ишлатиб ёзади. Аммо  уни аллақачон кўпчилик таниб олди. Аввалига унинг қопқонига тушганлар ҳам бугун уни билдилар. Ундан ҳазар қиладиган бўлишди. Лекин у “касбини” ташламади. Эшитишимча, бугун ҳам “вазифасини” бажариб юрган экан. Бу ҳам касаллик.

Қуш уясида кўрганини қилади. Одамларнинг илтимослари, панду насиҳатлари ва гапларини олмади.  “Ит бирлан хўтукка қанча қилма тарбият, ит бўлур эшак бўлур, бўлмаслар асло одамий!”  ёки “заҳар солмоқ эрур касби илоннинг” деган гаплар унга айтилгандек эди.

Бугун ўзбек тилидаги яхши вебсаҳифалар бармоқ билан санарли даражада. Бу жабҳада ёшларга ўзларини кўрсатишлари учун жуда катта майдон бор. Интернетга кириш имконияти бўлганларда мамлакатга, ватанга, миллатга, интернетга кираолмаётган минг-минглаб, миллионлаб  одамларга хизмат қилишни истаганларга бу чексиз ҳудуддир.

Лекин бир йилда бир марта бир ойга интернетсиз ҳам яшаб кўринг. Саломатлик учун қанчалик фойдаси борлигини ўзингиз айтасиз, кейин.

Жаҳонгир Маматов,

“Зеҳният жумбоғи”(2004) китобидан.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: