Саволга жавоб

savollarМаддоҳизм

САВОЛ: Бугунга келиб маддоҳизм бу қадар илдиз отиб кетмаслиги учун Мустақилликдан кейин дарҳол қандай тадбирлар қилиш керак эди? (Ойсулув).

ЖАВОБ: 1991 йилнинг  ноябр ойида мамлакатнинг келажаги учун адабиёт соҳасида бир фармон эълон қилиш кераклигини ва бу борадаги таклифларимизни Каримовга айтдик. У дарҳол каминга бир лойиҳа тайёрлашни буюрди. Фармон лойиҳасини тайёрлаб, имзолаш учун олиб кирдим. У энди “тўполончи” депутатларни чақириб,  фикрларини сўраш кераклигини уқдирди.

Президент девонининг 6 қаватидаги мажлислар залига ўттизга яқин депутат чақирилди ва улар ҳам мамлакатнинг келажаги учун шундай одимлар отиш муҳимлигини таъкидладилар.

Эртасига эса маслаҳатчи Бахтиёр Назаров саройга ижодкорларни тўплаш билан шуғуллана бошлади. Каримовнинг улар билан учрашуви биздан сир сақланди. Учрашувда Каримов ижодкорларга катта ваъдалар берибди. Кейин эшитсак, мен тайёрлаган фармон лойиҳасини баъзи ижодкорларга кўрсатиб, “тўполончи” депутатлар шунақа талаб қилаяпти, лекин мен уларга ён босмайман, дебди.

Фармон лойиҳасида жумладан қуйидагилар ёзилган эди:

-Ўзбекистон мустақил давлат бўлгани боис собиқ Совет даврида адабиётчиларга берилган барча орден, медал ва имтиёзлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

-улар куйлаган, ижодларини бағишлаган режим қулагани ва бундан кейин шундай ҳол такрор юз бермаслиги боис уларнинг меҳнатлари зое кетгани, коммунистик партияни улуғлаб халқни чалғитиб келганлари очиқ эътироф этилсин;

-маддоҳлик билан шуғулланиб келган ижодкорлар фаолиятини очиқ таҳлил қилиб, ёшларга бундай йўлдан боришнинг оқибати тушунтириб берилсин, хатоларига иқрор бўлган ижодкорларга ҳурмат кўрсатилсин;

-адабиёт ҳукумат қўл остидан чиқарилсин ва ижодкорларнинг тўла мустақиллиги таъминланиши баробарида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун лойиҳаси ҳозирланиб, Олий Кенгаш муҳокамасига тақдим этилсин:

-Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси иккига бўлингани юзасидан қайта бирлаштириш учун қилинаётган босимлар тўхтатилсин, Уюшма котиблари ҳукумат номенклатурасидан чиқарилиб, ҳукуматнинг ижодкорларнинг фаолиятига аралашишдек тажрибадан воз кечгани қайд этилсин;

-ижодкор учун ҳукумат берадиган мансаб, орден медал эмас халқнинг эътирофи муҳимлигини англаш шароити вужудга келтирилсин:

-ижодкорлар орасидан баъзиларини танлаб мансаб, уй жой, орден ва медал бериш анъанаси қоралансин, уларнинг ҳаммасига бирдек қулайлик яратадиган  мустақил нашриётлар, журналлар, газеталар  базасини яратиш мақсадида ҳукуматнинг дастури ишлаб чиқилсин…

Ислом Каримов бу таклифларимизга кўринишда қўшилган ҳолда амалда аксини қилди, минг йиллар давомида одатга айланган саройга хизмат қилиш, маддоҳлик анъанасига чек қўйишдек шарафли, тарихий имкониятни бой берди. Аксинча бугунга қадар ҳам Совет тузумини куйлаган ижодкорларга орденлар, мукофотлар, имтиёзлар, мансаблар беришни канда қилмади.

Демак, Каримов учун Мустақиллик ва Совет тузуми орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Шу боис маддоҳизм бугун худди Совет давридагидек “гуллаб яшнамоқда”.

Жаҳонгир Маматов, “Оқсарой сирлари”-2004.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: