ТАҚҚОС
Паққосдан кейин таққос дейдилар. Амриқо ажабтовур-сажабтовур мамлакат экан. Кеча машинада кетаётсак “хумкалла одамларга оид хабарлар”ни эшиттик. Дўстим пиқир-пиқир, шиқир-шиқир кула бошлади. “Инглиз тилини билмай ўл, дўстингни назарга илмай ўл”, дедим ўзимга ўзим. Мана энди ундан “Нимага кулдингиз, менга ҳам айтиб беринг”, деб сўрашим керак, унга ялинишим-салинишим керак. Балки у балони ҳам тушинмагандир? Менга ўзини кўрсатиш учунгина кулгандир? Уни сиртмоғида бўғмоқчи бўлдим. Энди саволга ютингандим, унинг ўзи гап бошлади.
Орегон деган жойда биттасини бошқаси уйга қамаб қўйибди. Бундан шубҳаланган қўшниси секин девордан тушиб, мўралаб-сўралаб пойлабди ва қамаб қўйилган одамни кўриб, ишонч ҳосил қилгач, полицияга “Айфон” урибди. Формадагилар “жи-жу” билан келиб, сўроқ-суруқдан кейин қўшнини ушлаб, кабинкага солиб, қамоққа олиб кетишибди ва унга девордан бировнинг ҳовлисига ўтганлик айбини қўйишибди, бепичоқ сўйишибди.
Тавба, нимаси кулгили? Буларнинг калласи қишламайди, шунинг учун ҳам ишламайди. Ўшалар қўшнисидан безор бўлиб, уни жазолаш учун шундай қилган бўлишса-чи? Стоп, стоп. Ман ҳам икки кунда америкалик бўлиб кетдимов? Унақамас, ўшалар ё миршабларга пора қистирган ёки ҳов тепадаги одамига телефон қилган. Бор гап шу. Мана буниси аммо ўзбекча бўлди. А, лаббай?
Дўстим лабим қийшаймагани, юзим тиршаймаганини кўриб бошқасини айта бошлади. Георгия деган жойда биттаси нақд 400 мингта тиш ковлагич ўғирлабди. Бунга ҳингиргина кулиб юбордим ва “Биздан бўлса керак” дедим. Ковлайдиган нарсанинг бозори кимда чаққон, табиийки бизда-да! Ҳар ҳолда у Ўзбекистонга сотаман деган бўлса керагу, лекин миршабларнинг кўзига илинибди. Ничево, тиш ковлайдиган қолиб, иш ковлайдиганлар ўртага чиқиб, бости-бости қилиб юборишади. Пул бўлса Музландияда, таниш бўлса Тузландияда ҳам олов ёқиш, полов топиш мумкин.
Эшак мунчоқ тож бўлмас, ит узуми ток бўлмас, деган гап бору лекин тиш ковлайдиган бизникиларнинг қўлидаги ковлайдиганнинг ёнида динозаврдан қил. Нега бизникини ҳам ўғирлаб кетишмайди-а? Аммо зўр иш бўлардида!
Қаранг, биттаси ичволиб такси деб полиция машинасига қўл кўтарибди, полиция ҳам эринмай машинасини тўхтатибди, ҳалиги одам ўзини гуппа машинанинг ичига ташлаб, “кеттув” дер экан. У нафақат маст, балки “ҳайдар”дан ҳам отган, текшириб кўришса, қидирувдаги жиноятчи экан. Демак, Амриқонинг полицияларига жа осон экан. Жиноятчилар ўзлари ўзларини тутиб беришаркан! Бизда бўлса беш шишани бўшатиб, эмаклаб-семаклаб қолган одам ҳам миршабни кўрса, майнасига уради, ходадек тик туради. Миршаб ўтиб кетиши билан эса гуппа йиқилади. Товуқнинг учгани томгача!
Шимолий Каролина деган штатда ўғриларнинг биттаси адашиб дўконнинг сигнализациясини босиб юборибди, тревога бўлибди. Бошқа биттаси полициянинг машинасини ўғирлаб қочаман, деса унинг ҳам сигнализацияси ишлаб кетибди. Худо ҳамма соҳадан амриқоликларга ёрдам берар экан-да? Бизда бўлса миршабнинг машинасини ўғирлайман деган одамнинг ўзи йўқ, бор бўлса ҳам сўзи йўқ.
А хўп, ўғирладинг, кейин нима қиласан? Отанг Алматов, тоғанг Матлюбов бўлса ҳам ишинг чатақ. Сани ғириллатиб чет элга чиқарворишади. Тепадаги доданинг қулоғига боришдан қўрқишади. Онангни кўрасан кейин манга ўхшаб. Мана ман ҳам хаёл сурибман, ночор юрибман, думба ёғини соғиниб, ўз ёғида доғиниб. Бу аблаҳлар думба емай, тўшакка кемай қўйганига минг йил бўлганмуш.
Кўрдингизми, менинг Амриқо таассуротларим вообше бошқача. Ҳали сизга кўп гапларни айтиб бераман. Қандай виза олдиму қандай кеп қолдим ва яна ва… ва… ва…
Аммочи, мана бунисига олти кетдим. Иккита америкалик кафега кириб у ерда ўзларининг Facebook саҳифаларини текшириб, кейин кафедаан бир қанча нарсани ўмариб кетишибди. Дарҳол улар ўзлари ишлаган ва ёпмай ҳам олмай кетган компютердан “из”ларини топиб, ғирра бориб, тирра ушлаб келишибди. Буни ярми биздан, ярми булардан. Бизда ҳам кафега кириб истаганча “воҳ…воҳ” сайтларни кўриб, кейин бир нарса ўмариб кетиш одат. Лекин миршабларнинг тополмаслиги ҳам одат. Чунки улар копютернинг қутисини кўрадилар, ичини кўролмайдилар.
Биттаси манга шипшитувди, “Борсанг Амриқони кўп мақтама, қайтиб келолмайсан” деб, мен қайтиб кетмоқчи. Қайтиб бориш ниятим ўлган эмас. Аммо бир нарсалар сўла бошлади, ўла бошлади.
Чаён чўққа тушганда ўз нишини ўзига тиқар, ўзини йиқар экан. Галварслар мени чаён деб юрмасин, ҳозир ўзини илонга ҳам, чаёнга ҳам тенглатиш модага айланган. Чунки шунақаларни ҳурмат қилиш бошланган, оғизлари ошланган. Шунинг учун айттим қўйдим-да!
Нофизий.
2012.
Номани оққа кўчирган: Жаҳонгир Маматов.
Filed under: Нофизийдан нома, Nofiziy |
Leave a Reply