
Bu surat 1990 yilning bahorida Namangandagi saylovoldi uchrashuvlaridan birida olingan. Minbarda Dadaxon Yoqubov (chapdan birinchi) va Jahongir Mamatov (chapdan uchinchi).
Жаҳонгир МАМАТОВ׃ Демократиянинг олтин қоидалари ва камчиликлари
2.Эркин сайловлар
Халқ бошқаруви у тузган партия ва ҳаракатлар орқали амалга ошади. Халқ бу брикмаларни, ундаги муносиб шахсларни жамиятни бошқариш учун вакил қилади. Ҳар кимга бу вакиллик учун ўз номзодини қўя олиш эркинлиги берилгани билан уни амалда жорий этиш муҳимдир. Шунинг учун ҳам сайловда қатнашадиган номзодларнинг ҳуқуқлари белгилаб чиқилади ва қонунчилик йўли билан муҳофаза қилинади. Лекин бу сиёсий маъракада халқнинг ўзи ҳам фаол иштирок этмаса, турли номзодлар турли сабаблар билан маъракаберун қилинишлари мумкин.
Агар сайлов ёшига етган ҳар бир шахс ўзининг овози ўчирилмаслигини билса, якка ҳолда ҳам ўзининг куч эканлигини ҳис қилса, табийки, бу имкониятни бой бермайди. Лекин шахснинг овозини ўлдириш жамиятда лоқайдликка олиб келади. Одамлар ҳамма нарсага қўл силтайдиган бўладилар, қорин тўйғазишдан бошқа нарса билан қизиқмай қўядилар. Бу ҳолда дастлаб сиёсат ўликлашади. Кейин бутун жамият депсиниб қолади. Бунинг мисолини Ўзбекистон, Туркманистон каби бир қатор мамлакатларда кўриш мумкин.
Демократик жамиятларда ҳар бир овоз кучдир. Бу фаолликни таъминлайди. Фаоллик бор жойда ҳаёт бор, ривожланиш бор, инсоннинг қадр-қиммати, қудрати бор. Шунинг учун ҳам демократик жамиятда ҳар бир овозни қозонишга ҳаракат қилинади.
Албатта, кимлардир овозларини осонгина сотишлари, кимлардир ёлғоннинг қули бўлиб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас.
Сайлов жараёнида, мақоламизнинг биринчи қисмида тўхталганимиз, матбуотнинг роли беқиёсдир. Матбуот халқни турли томонларга бошқариши мумкин. Шунинг учун ҳам аввало матбуотнинг ўзи эркин ва буйсунмас бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидламоқ керак.
Номзодларга бирдек минбар берилиши, уларнинг дастурлари бирдек тарғиб қилиниши қонунлар билан кафолатланишни биламиз. Лекин бунга риоя қилинмаган тақдирда чоралар кескин бўлавермайди. Ҳатто демократик ривожланган мамлакатларда ҳам сайлов ўтди дея суиистеъмоллар тезда унутилади. Бу аста-секин халқнинг ишончини емирадиган омилдир.
Дунёда демократик бошқарувнинг бир қанча кўриниши мавжуд. Президентлик, ярим президенлик, парламент бошқарувлари шулар жумласидан.
Президентлик бошқарувида давлат раҳбари тўғридан-тўғри халқ томонидан сайланади. Парламент бошқарувида эса президент(қирол, қиролича ва ҳоказо) иккинчи ролга тушади ва парламентдаги вакиллар уни сайлайдилар. Бундай бошқарувда ҳукуматни мазкур партиянинг лидери ҳисобланмиш Бош вазир бошқаради.
АҚШда сенатор ва конгрессменлар турли округлардан овоз тўплайдилар – сенаторлар олти йил ва конгрессменлар икки йилллик муддат учун. Президент эса аслида умумхалқ томонидан сайлансада, расмиятда унинг сайлангани ҳар штатдан тўпланадиган “очко” ва ҳар штатдан юбориладиган вакилларнинг мажлиси(Electoral college) орқали тасдиқланади.
Бу АҚШ каби штатларга бўлинган мамлакат учун бир томондан яхши. Сайловда барча штатларнинг ўз ўрни, ўз салмоғи сақлаб қолинади. Салбий томони ҳам бор. Гап шундаки, баъзан умумхалқ сайлаган номзод штатлардаги ўринлар ҳисобидан ютқазиши ҳам мумкин. 2000 йилда Буш ва Гор сайловида шундай бўлганди. Халқнинг 48,4 фойиз овозини олган Ал Горе қолиб, 47,9 фойиз овоз тўплган Жорж Буш Оқ уйга кирганди. Бу эса АҚШ каби йирик давлатда ҳам демократия мукаммал эмаслигини кўрсатади. Бироқ демократияларда ўз камчилигига барҳам бериб бориш қонунияти мавжуд, бошқача айтганда бу тузум қотиб қолган догма эмас, доим ривожланишда.
Халқ вакиллари томонидан қонунлар мукаммаллаштирилиб борилар экан, жамиятдаги турли қатламларнинг манфаатлари бирдай ҳисобга олиниши лозим. Чунки қабилачилик, кланчилик, маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик, ҳатто ирқчилик, диний ва миллий мансублик ҳам эркин сайловларни бузиш учун фойдаланилиши мумкин.
Қонунларда бунинг олди олиниши шарт. Афсуски, ҳали демократияси ривожланган АҚШда ҳам бунинг олди олинмаган. Натижада бу қусур сайловларни маълум бир гуруҳлар томонидан “илдириб кетилиши” томон етакламоқда. Масалан, 2012 йилда ўтказилган президентлик сайловида қора танлиларнинг 93 фойиздан кўп қисми Обамага овоз бергани бунга бир мисол.
Айни пайтда испан жамоалари ҳам асосан Обамага овоз бердилар. Бу ҳол барча демократик мамлакатларда ҳам юз бериши мумкин. Шунинг учун демократиянинг мажор ва минор қоидалари қандай ишлашини тўғри йўлга қўйиш керак. Дейлик, сайловда бирор ирққа ёки миллий гуруҳга мансубларнинг бирлашиши натижасида қўлга киритилган ғолибликни қонуний тарзда бекор қилиш механизми ҳам бўлиши керак. Акс тақдирда битта гуруҳнинг устунлиги бутун жамиятни сайлов йўли билан “босиб олиши”га сабаб бўлади.
Шунингдек, парламентар жамиятларда битта партиянинг “Домий равишда кўпчилик овозини олмоқдаман” деб диктаторлик ўрнатиши ҳам юз бериши мумкин.
Демак, қонунларда бу ҳолнинг олдини олиш ҳам назарда тутилиши ва кичик партияларга ҳам ҳукуматни бошқариш имконини берадиган тартиблар ўрнатилиш керак.
Ҳар қанча яхши ишламасин узоқ йиллик бошқарувда коррупция илдиз отади. Буни фақат ҳукумат тепасига келадиган янги кучгина очиб ташлаши мумкин.
Масалан, Туркияда 2003 йилдан бери ҳукуматни битта партия бошқаради. Ҳамма жойда бу партия мақталади, Туркиянинг ривожланаётгани айтилади. Лекин статистика маълумотларига қаралса, турк халқининг асосий қисми камбағаллик чизиғидан пастда яшамоқда. “Бу партия 100 йил давомида кўпчилик овозни олса, шунча вақт ҳукумат тепасида тураверадими?” деган савол туғилади. Бугунги демократиянинг бундай саволга жавоби аниқ эмас.
Битта партия диктатураси ўрнатилар экан, жамиятнинг қолган қатламининг иштироки нима бўлади?
Демак, худди президентларга қўйилган муддат каби партияларга ҳам муддат қўйилиш каби турли вариантларни ўйлаш лозим. Демократия қачонки жамиятнинг барча қатламини тамсил этсагина демократиядир. Афсуски, бугунги дунёда буни кўриш ноёб ҳол.
Хуллас, жамиятнинг барча қатламларини ўз ичига олган эркин сайловлар бор жойда халқ бор. Сайловлар бўғилган жойда эса халқ ўзлигини йўқотиб, тўдага айланиб қолади. Шунинг учун ҳам эркин сайловлар демократиянинг юраги ҳисобланади.
(Давоми бор).
Бродяга17:30 Сиз демократик сайлов тўғрисида кўтарган масалангиз, Ўзбекистон мамлакати, ҳамда ХАЛҚИ учун тўғри келади деб ўйлайсизми? Ўзбекистон халқи менталитетини, Европа ва АҚШ мамлакатлари аҳолиси менталитетидан (ёки дунёқарашидан) ФАРҚИ борми ёки йўқми? Демократияни зўрлик билан ўрнатиш мумкинми? “Соф демократия” тушунчани маъносини изохлаб бера оласизми? Инсон ҳуқуқлари поймол этилди (хақиқий жиноятдан ташқари), демократия бўғилаяпти деган ибораларнинг (овозларни; қарашларни), тагида умуман бошқа МАҚСАД кўзланган бўлиши мумкинми? Ҳозирги ёшларнинг баъзиларида учраётган — ” Ақл ёшда эмас, бошда деган”– ибораларига ўзингизни шахсий фикрингизни айта оласизми? Каттага ҳурмат, кичикка иззат иборалари демократияга тўғри келадими?…..
Qiziqarli savollar. Rahmat. Kelgusida bu savollarga albatta javob qilaman.