Инсон ўз пойдеворида кучли бўлса, уни қандайдир сериаллар буза олмайди
САВОЛ׃ Яқинда сизнинг сериаллар ҳақидаги бир гапингизни ўқиб қолдим. Ҳақиқатдан ҳам китоб ўрнини сериаллар босмоқда ва бу давримизнинг фожиаси эмасми? (Дилбар).
ЖАВОБ׃ Тадқиқотларга кўра асрлар давомида жамиятларда камбағаллик кучайгани сари динлар кучайган. Буни барча динлар тарихида кузатишган. Чунки одамлар мададни ўша манбаъдан қидиришган. Ўзбекистонда ҳам камбағаллар кўпайиб кетди ва ҳукумат истаса-истамаса одамлар мадад нуқтасини қидиришмоқда. Мадад нуқтаси бу инсонни депрессиядан қутқарувчи кучдир.
Ўзбекистонда дин назоратда экан, сериаллар мадад кучига айланиши турган гап.
“У ҳолда сериаллар Ғарбда ҳам машҳурлиги ҳақидаги гап буни инкор этадику?” дейишингиз табиий. Ғарбда чуқур маъноли ва машҳур китоблар асосида, ижтимоий-сиёсий муаммоларга ечим қидирган сериаллар кўп. Улар кишига маънавий озуқа беради. Лекин айни пайтда маданият ва маънавиятни бузишга қаратилганлари ҳам тиқилиб ётибди. Лекин танлов бор. Мингтадан биттасини танлаб кўришингиз мумкин.
Билишимча, Ўзбекистонда туркларнинг “Аччиқ ёлғон”, “Кумуш”, “Ҳиноли қор”, “Алия”, “Ишкомли уй”, корейсларнинг “Қиш сонатаси”, “Ёз ифори”, “Кўнгил риштаси”, “Денгиз ҳукмдори”, “Жумонг”, жанубий Американинг “Морена Клара”, “Муҳаббат” қаҳваси”, “Ёлғон асираси”, “Камила” каби бармоқ билан санарли сериаллари намойиш этилди ва этилмоқда.
Бозорнинг авжини кўриб, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам ҳукуматнинг буйруғи билан сериаллар олишни бошлаб юборди. Лекин рақобатни енгишига ишониш қийин. Чунки режимга хизмат қилишга мажбур бўлишади ва халқ назаридан қолишади.
Хорижий сериалларнинг бир устунлик томони борки, улар бошқа дунё ҳақида ҳикоя қиладилар. Бу “жозиба” инсонларни ўзига тортиб туради.
Бундай сериалларнинг қисман зарари бўлиши мумкин. Аммо жамиятни буза оладиган кучи йўқ деб ўйлайман.
Эсингизда бўлса, бир пайтлар аксарият ҳинд киноларининг “асири” эди. Аммо бу “асир”лик бир неча одамни инобатга олмаганда, умум ўзбекни ҳиндга айлантирган эмас.
Бундан кейин сериаллар ўрнини сериаллар босаверади. Ўзбекистонда намойиш этилаётган маиший сериаллар ўрнига ижтимоий, сиёсий мавзулардагисига кўпроқ йўл очиш керак. Бу жамиятга зарар олиб келади, дейиш қўрқоқликдир. Агар инсон ва жамият ўз пойдеворида кучли бўлса, уни қандайдир сериаллар буза олмайди. Лекин надоматлар бўлсинки, пойдевор кундан кунга чўкмоқда. Ана шу ҳақда ўйлаш керак, сериаллар ҳақида эмас.
ЖМ.
Filed under: Savol-Javob |
Leave a Reply