Хотира

abdurahim_hamidov_jmАбдураҳим Ҳамидов

2003 йилнинг ёз кунлари эди. Конгресс билан Оқ уй орасидаги кенгликда “Регистон майдони” пайдо бўлди. Бир томонда “Шердор”, унинг қаршисида “Улуғбек” ва ўртада “Тиллакори”… Албатта, бу Самарқанддаги Регистоннинг макети эди. Аммо баландлиги ва кенглиги ҳақиқий Регистоннинг ярмидан зиёдроқ.

Вашингтонда қўлбола ясалган “Регистон” ҳовлисида саҳна қилинган ва ўртада Жўрабек Набиев куйламоқда. “Фарғона тонг отгунча”ни тинглаб бўлишимиз билан созандалардан бири ўрнидан туриб׃

-Ассалому алайкум Жаҳонгир ака,-деб олдимга келди.-Худонинг қудратидан айланай, сизни қандай топаман деб ўйлаб тургандим, ўзингиз келиб қолдингиз.
Танимадим. Буни ўзи ҳам сезди, шекилли׃
-Соат Мусаев тоғам бўладилар, сизга салом айтиб юбордилар ва “ИАК” деган китобингиздан бир нусха истадилар. Элбек тоғамни ҳам танийсиз?
-Албатта, у киши билан бирга ишлаганмиз…
-Китобингизда тоғам ҳақларида ҳам ёзган экансиз, у киши ўқиб кўрмоқчилар.

Элбек ака инсон сифатида ажойиб одам, аммо баъзи фаолиятлари китобимда танқидга учраган. Соат ака билан эса, “Тошкент ҳақиқати” газетасида бирга ишлаганмиз. Жуда маданиятли ва ақлли журналист эди.

Хуллас, бу одам дуторчи Абдураҳим Ҳамидов экан. У АҚШнинг ”Смитсониан институти” ва халқаро Оғахон фонди биргаликда уюштирган “Ипак йўли фестивали”га келибди. Бу фестивалга шунчаки одамларни олиб келишмайди. Фавқулодда бир томони бор ва ўз соҳасининг дунёдаги билимдонлари диққатига тушган киши бўлиши керак.

Бироз гаплашиб, унинг мусиқа тарихи ва бугунги вазият ҳақидаги фикрлари соғломлиги, соҳасининг устаси эканлигини англаб оласиз.

Ўша кун кечқурун афғонистонлик ўзбеклардан бири меҳмонга чақирди. Борсак, Жўрабек Набиев ва Абдураҳим Ҳамидовни ҳам даъват этган экан. Бир неча соат суҳбат, мусиқа ва қўшиқ тинмади. Тошкентга кўчиб ўтган Жўрабек Набиевнинг ҳам дардлари дилига сиғмай турган экан. Унинг Ўзбекистон ва Тожикистон орасида сунъий равишда пайдо қилинган душманлик ҳақидаги фикрлари, айниқса, кишини ўйлантириб қўярди.

Эртасига уларнинг иккаласини “Америка овози”га даъват этиб, суҳбатлар ёзиб олдим. Кечқурун эса, меҳмондорчиликни бизнинг уйимизда давом эттирдик. Ана шу қисқа вақтда амин бўлдимки, Абдураҳим Ҳамидов сиёсий қарашлари ўзгачалигидан ташқари фавқулодда талантли дуторчи экан. У дуторнинг торларини шундай йиғлатадики, кўзингиз ёшларга ҳокимлик қилолмай қолади. Ўзбекистондан чиқиб кетганида беш ёшда бўлган эгиз фарзандларим ҳам бу одамнинг икки симдан симфония яратишини кўриб, анча вақт ҳаяжонланиб, фахрланиб юришди.

Бундай пайтда ўзбекдан шундай истеъдодли мусиқачилар чиққанига қувониб кетасиз.

Абдураҳим ака Тошкент Косерваториясида дарс бераётгани учун ҳам у билан бугунги санъат ва унинг муаммолари ҳақида истаган қадар гаплашиш мумкин эди.
Унга озгина ҳадя олгандик, кетар пайти қўлига берар эканман׃
-Ака, ҳақиқий санъаткор хор бўлди. Биз ҳадя ҳам олиб келолмадик ,-деди у.
-Сизнинг мусиқангиз буюк ҳадя, уни тингламоқ, ундан ҳузурланмоқнинг баҳоси борми? Сиз фарзандларимиз дилига мусиқани бир умрга муҳрладингиз,-дедим.

Ана шундай гаплар билан ўзбекчасига бир-биримизни овутиб хайрлашдик. Орадан икки йил ўтиб, бир кун телефоним жиринглаб қолди׃
-Мен Абдураҳимман…

У олти ойга виза олиб келгани ва ёш йигитлар билан бирга туриб қурилиш, ошхоналарда хизматкорлик қилганини айтди. Эртасига бориб, уни уйга олиб келдим. Унга вақтинчалик виза билан келиб, ноқонуний ишлар қилиш хавфли эканлигини тушунтирдим. Унинг бармоқлари бетон қўпориш эмас, танбур чертиши лозимлиги ҳақида гаплашдик. У йигитларга шунчаки ёрдам берганини ва аслида шаҳарларни томоша қилиш учун келганини айтди. Меҳмон қилиб, кузатиб қолдик. Кейинги йил эшитсам у яна келган ва Вашингтон, Балтимор, Нъю Йорк орасида юрган экан. Қидириб тополмадим.

2006 йилнинг Май ойи. Телефонимга “Бу қамоқдан, қабул қиласизми? деган овоз келди. Олсам, Абдураҳим ака׃
-Мен яна Америкага келгандим, бу сафар ҳукуматдагилар билан келишмай қолдик. Уларга қарши бир-икки қаттиқроқ гаплар айтгандим, қувғинга олишди, қочиб келдим, лекин аэропортда ушлашди ва депортация қиладиган жойга олиб келди. Агар жўнатиб юборса, Ўзбекистонда қамаб қўяди, саломатлигим яхши эмас, биласизку?-деди.

Ҳақиқатдан ҳам охирги кўрганимда у шимининг белини икки марта қатлаб олганди.
-Қисқа вақтда 20 килограммга озиб кетдим, қандим борга ўхшайди,-деди.

Адвока ттопиб, ҳукумат идораларига боғландик ва депортацияни тўхтатдик. Ҳукуматга кафолат хати ёзиб бердим. У қамоқдан чиқди. Телефонлашдик.

Кейин ишини суд кўрди. Бошқалардан ҳам хатлар олибди. Бошпана беришди.

Шундан кейин у Нью Йоркда ўз иши, ўз ташвишлари билан бўлиб кетди. Орамизда беш юз километрлик масофа. Кўп учрашолмадик.

Яқинда Абдураҳим ака 61 ёшида оламдан ўтди. Жуда хафа бўлдим. Ўзбекнинг яна бир истеъдодли фарзанди яхши кунларга етмай, оламни тарк этди. Лекин унинг доим кулиб турадиган юзи қалбларда ва суратларда абадийга қолди.

У фоний дунёда мукофотларини ололмади, илоҳим боқий дунёда Яратган эгамнинг мукофотларига сазовор бўлсин!

Яхши одам эди!

Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: