Дилдаги гаплар

jm1990_portretВАТАН ТОМИРИ

Инсон қаерда бўлмасин Ватан руҳини қалбида, Ватан орзусини тафаккурида ва Ватаннинг ўзини қон томирида ташийди. Бир неча минг километр олисларда, уммонлар нарёғида Американинг гуллару яшилликлар манзарасига боқар эканман, барибир хаёлим бошқа бир манзаранинг расмини чизади.

Чучмомо дардини айтади онамга.
Оймомо довдираб қайтади, хонамга
Менинг хаёлим сенда.
Оёғим остида йиғлайди,
Мунис қор,
Қоялар устида увлайди,
Бўзқурт зор,
Менинг хаёлим сенда.
Деворинг қўллари бўйнимда
Воҳ, илон.
Гўзалим ухлайди қўйнимда
Хўп, нолан.
Менинг хаёлим сенда.
Умримиз занжирбанд тузокда
Хор зотан.
Сен эса кўкдан-да узокда
Ёр – Ватан.
Менинг хаёлим сенда.

Ҳа, Ватан баъзан кўкдан-да узокда, чунки ўша кезда инсон ўз томирларини, ўз вужудида оқаётган қонни ҳис этмайди. Ҳамма ҳаммаси узокда туюлади. Бир пайтларнинг мужоҳиди – бугун Истанбулдаги ўзбеклар таккасида мангу уйқусини олаётган Усмонхўжанинг ўғлига васиятини шеърга айлантирганимда ҳам ана шундай ҳис мени чулғаганди.

Мен Ватанни олиб кетдим,
Юрагимга солиб кетдим,
Олисларда қолиб кетдим,
Сен қолма болам!

Ғурбат элда ғариб кездим,
Гоҳо сокин, гоҳо тездим,
Соғинч жанггоҳидан бездим,
Сен толма болам!

Истанбул дилга дур оро,
Табриз ҳам холи нигоро,
Устун Самарқанд, Бухоро,
Сен бўлма, болам!

Ол руҳимдин фарёдимни,
Даъводаги зурёдимни,
Туркистонга ёй додимни,
Сен сўлма, болам!

Дунё малак, чаккасида,
Турон замин маккасида,
Беватанлар таккасида,
Сен ўлма, болам!

Васиятлар ортидан васиятлар келгани билан на Туркистон мужоҳидлари ва на уларнинг фарзандлари Ватанга қайтмадилар. Бирилари учун Ватаннинг дарвозалари ватанкушандалар томонидан тақа-тақ ёпилган бўлса, бирилари учун Ватан ирмоқлари қуриб битганди. Улар Ватандаги ватандошларига боқароқ хуноб бўлардилар.

Бошингга дур ёғилар сепганида,
Оёғини ўпасан тепганида,
Изига гул экасан кетганида
Шоҳпараст қул!

Қил суғурса юмшоқ хамир бўласан,
Иш буюрса, золим амир бўласан,
Фитна туғса, тамал-замир бўласан,
Шоҳпараст қул!

Эт еса у, суягини чайнайсан,
Бир жилмайса, оловида қайнайсан,
Элни эзса, қўлида сен карнайсан,
Шоҳпараст қул!

Тош отганда, «тутинг нон» деб айтасан,
Зулм қилса «ёруғ он» деб айтасан,
Бош кесганда, «қутлуғ қон» деб айтасан,
Шоҳпараст қул!

Душман лозим бўлган кун, душманисан,
Юртга ҳисоб бераркан, пушмонисан,
Дўпписи тор келганда, қурбонисан,
Шоҳпараст қул!

Ҳа, не дариғки кўзлари очиқ бўлгани билан, у куп нарсани кўролмайди, балки кўрса ҳам кўрмасликка олади.

Ирмоқлар оқади
Юлдуз наҳрига
Дарёлар узанган
Осмон бағрига

Сен кўролмайсан!
Оғочнинг сочлари
Ўриб қўйилган
Япроқлар йиғлайди

Кўзи ўйилган
Сен кўролмайсан!
Менинг юрагимда
Тоғлар кўмилган

Қирмизи уммонда
Дунё чўмилган
Сен кўролмайсан!

Дақиқалар аскар мисоли қиличини яланғочлаб, орқама-орқа шаҳид тушаверади. Сатрлар эса битмоқ билмайди.

Кўзларингда қум жоним,
Жаннатингда яшайин,
Кўзларимга чум жоним,
Бу дунёни ошайин.

Сочларингга боғла-ю,
Тиканзорда судрагил,
Юрагимни доғла-ю,
Кўлларимда мудрагил.

Лаб деган моҳларинга,
Осмон бўлай нигорим,
Оҳ чексанг оҳларингга,
Достон бўлай нигорим.

Дол айла оёғингда,
Бошим қайроғинг бўлсин,
Хол айла ёноғингда,
Қоним байроғинг бўлсин.

Мен сукутни қўндириб,
Сени кутдим бўроним,
Соғинчларни сўндириб,
Уйғона қол, Туроним!

Ҳа, Турон ҳали уйқуда. Уни уйқудан уйғотишга менда не бор?

Қўлимда на қилич, на қалқон,
Остимда на дул-дул, на файтон,
Ортимда на аскар, на шайтон,
Исёнкор кўзим бор!

Йўлимда на йўлдош, на сирдош,
Элимда на умид, на бардош,
Шафакда на қуёш, на бир бош,
Исёнкор ўзим бор!

Орзуга на Чўлпон, на Заҳро,
Тутарга на олтин, на қаҳро,
Курашга на майдон, на саҳро,
Исёнкор рўзим бор!

Ёдлашга на қўшиқ, на достон,
Сўйлашга на замин, на осмон,
Тинглашга на марду, на мардон,
Исёнкор сўзим бор!

Шундай… Турон олис. Дардингни наволарга айтасан, ҳаволарга айтасан.

Турон олис
Тоғлар пойлар қорда босилиб,
Ният холис
Йўлга чикдим, тонгга осилиб,
Манзил узоқ
Оёғимда занжир дарёлар,
Хаёл тузоқ
Юрагимда санчар рўёлар,
Соғинч тошдир
Тегирмонда янчиб эзади
Кўзим ёшдир
Уммонида ҳижрон сузади
Саҳро даҳшат
Тикан бўлиб ичар қонимни
Дилда Машраб
Шеърга ўраб асрар жонимни
Ўрмон чиқар
Киприкларим етмаганидай
Дармон йиқар
Гўё аввал кетмаганидай
Бекинмоқ йўқ
Бўрон қилич каби елса ҳам
Чекинмоқ йўқ
Ажал ортдан қувиб келса ҳам!
Жоним Турон
Сени қучоғимга босайин
Сенга бу жон-
Танни дорларингга осайин!

Шеър қалби дард, соғинчу-ҳижрон, ҳасрату-армоннинг таржимонидир.

Жаҳонгир Муҳаммад,
1996 йил.
“Ўзлигим” китобидан

%d bloggers like this: