Мулоҳаза

savollarСАЛТАНАТ ЁЛҒОНИ

Салтанат тушунчаси тарихан ва бугун ҳам сарой маъносига эга. Салтанат дейилганда ҳамма вақт шоҳлар, подишоҳларнинг қасрлари, шайтанатга айлантирилган салтанат атрофидаги муҳит назарда тутилган. “Мулоқот” даргисининг шу йилги 1-сонида эълон қилинган “Саодат салтанати ва салтанат саодати” сарлавҳали бош мақола ҳам шу руҳнинг бир парчасидир. Не дариғ-ки Ўзбекистонда халқ азоб уқубат гирдобида экан салтанат атрофидагилар, яъни саройдагилар саодат қўйнидалар, улар саодат салтанатини яшамокдалар.

Азалдан сарой шоирлари ва тарихчилари ўз ёлғонлари, маддоҳона тўқималари, ялтироқ калималари билан салтанат саодатига шерик бўлиб келганлар, унинг дастурхонидан илик терганлар. Бу иликнинг ёғи уларнинг кўзларини бекитган ва халқнинг аҳволини кўра олмаганлар. Бу айниқса совет даврида кучайди ва бугун энг баланд нуқтасига чикди.

Агар, сиёсий, тарихий ва ижтимоий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, номи тилга олинган мақола уч жиддий хато устига қурилгандир.

Биринчи хато: Амир Темур ва Ислом Каримовни қиёслаш. Кимдир бу ерда ўша мақола муаллифининг яширин мақсади бор, у Амир Темурни қоралаш, ерга уриш, бадном этиш, халқнинг юрагидан унинг номини суғуриб олиб ташлаш учун шундай моҳирона услуб қўллаган дейиш ҳам мумкин. Лекин сарой шоирларида бу қадар ҳунар ҳеч қачон бўлмаган. Қолаверса, уларнинг қўрқоқликлари фикрларига зомин бўлган. Мустақил фикр соҳиби сарой шоири бўлиб қололмайди.

Амир Темур ўз тузукларида давлатчилик ҳақида 12 қоидани илгари суради. Жумладан, ўз фикрига эга олимларни, ойдинларни, уламоларни қўллаганини айтади Амир Темур. Ислом Каримов эса ўз фикрига соҳиб зиёлиларни қувғин этди, кимлари сургунда, кимлари эса зиндонлардадир. Амир Темур давлатининг

умуртқасини урдуда, яъни армияда деб билди. Ислом Каримов эса 700 кишилик Президент гвардияси билан ўзини қўриқлагани ҳолда, халқни ва Ватанимизни Россия аскарлари ихтиёрига ҳавола этди.

Хуллас, Ислом Каримовнинг фаолияти Амир Темур бўйсунган 12 қоиданинг барчасига зиддир. Шундай экан, Темур бобонинг руҳини чинқиратиш нафақат тарихга,ҳаққониятга хиёнатдан бошқа нарса эмас.

Иккинчи хато: Уйғониш, яъни ренесанс бир неча асрлик юксалишни таъмин этган илмий, ижтимоий тамалга берилган номдир. Дунёда ҳамон биринчи ренесанс масаласи тортишилмокда. Ғарбликлар юнон антик маданиятини 1-Ренесанс, деб атамокдалар. Бизнинг Беруний, Форобий, Ибн сино, Хоразмий каби ўнлаб мутафаккирларимизни эса араб олимлари, деб билишади. Ҳали бирор бир мустақил ўзбек олими Ғарб минбарига чиқиб бу хусусда иддаомизни ўртага қўйган эмас.

Темурийлар маданияти эса 70 йил қораланди. Ва беш йилдир мақталмокда. Олдингиси сингари бу давр ҳам ҳали Ўзбекистон тарихида мустақил равишда етарли тадқиқ этилмаган. Бугунги ўзбек олимлари Якубовский, Пугаченкова, Бартолд, Вамбери каби тарихчиларнинг маълум бир мақсадга йўналган асарларидан нарига ўтаолмаяптилар. Шундай экан, бугун Ўзбекистонда учинчи уйғониш, учинчи ренесанс ҳақида гапириш нафақат кулгили, балки йиғлаётган болани чўпчак айтиб овутишдек гап. Қолаверса, йўқ нарсани мавжуд ўтмиш билан қиёслаб, тарихий жараёнга унинг натижасига қараб баҳо бериш принципи қўпол тарзда бузилган.

Ва ниҳоят учинчи хато: Агар Ўзбекистонда мустақиллик ҳақида гап юритадиган бўлсак, уни Ислом Каримов билан боғлаш ҳақиқатнинг кўзини ўйишдир. Узоққа бормайлик, 1990 йил Олий Кенгашнинг 2-сессиясида биз Мустақиллик декларациясини қабул қилдик. Хориждан меҳмони келгани боис Ислом Каримов сессияга кеч келди. Камина мазкур сессия котибиятининг раиси эди. Каримов келиши билан Бош вазир Мирсаидов ҳузурида менга “Нега бу ҳужжатни қабул қилдингизлар? Бу орқадан пичоқ уришдир, бу хиёнатдир! Биз мустақил бўлиб қаерга кетамиз. На денгиз, на темир йўли ва на бошқа чиқиш йўлимиз бор. Москвадан ажралиш Ўзбекистонни йўқ этиш демакдир!” деди. Хонага депутатлар Эркин Воҳидов, Нурали Қобул ва Муҳаммад Солиҳ кириб келишганида даҳанаки жангимиз муштлашувга айланиб кетишига оз қолганди. Мен бу воқеалар тарихини “Сарой ўйинлари” номли кундаликларимда ва “Қувғин” номли воқеий романимда батафсил ёзганман.

Ҳозир эса сизга кичик бир ҳақиқатни айтмоқчиман. 1990 йил 20-июнда қабул қилинган мустақиллик декларацияси матбуотда ўша куни эълон қилинмади. Узоқ талабларимиздан кейин қисқартиришлар ва ўзгартиришлар билан чоп этилди. “Мустақиллик” калимаси “суверенитет” деб ўзгартирилди. “СССР қонунлари Ўзбекистонда ҳал қилувчи кучга эгадир”- сингари жумлалар қўшилди. Хуллас 176 миллат вакили имзолаган ва бутун парламент томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон мустақиллик декларацияси” Биринчи секретари Ислом Каримов бўлган Ўзбекистон КП томонидан тан олинмади. Компартия шошилинч тарзда 14-Пленумини чақириб, бу масалани муҳокама қилди. Олий кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов бўшангликда айбланди ва ишдан четлаштирилди. Камина ва бошқа бир қатор депутатларга қарши қувғин тадбирлари кўрила бошланди.

Мустақиллик истаганлар хоинга, мустақиллик душманлари эса қаҳрамонга айланди. Табиийки, тарих наздид эмас, балки сарой шоирлари наздида.

Шу ўринда энг буюк фожеани таъкидламоқчиман. Ўзбекистон мустақиллигини истаганлар қувғин этиларкан, уларнинг мустақиллик ҳақидаги қарашлари, Ўзбекистоннинг ҳур, демократик келажагини яратиш борасидаги орзу умидлари, истаган йўллари ҳам қувғин этилди. Ислом Каримов бошчилигидаги гурух эса авторитар, репрессив йўлни танлаб, халқни мустақиллик порлоқ ҳаёт келтиради деган тушунчадан узоқлаштирди. Халқ орасида мустақиллик салтанатдагиларга саодат, халққа эса оғир кунлар келтирди деган фикр уйғонишига олиб келди.

“Мулоқот” даргисидаги мақола ана шу фожеани бекитиш учун ўйлаб топилган навбатдаги ёлғондир ёки ёлғонга қурилган салтанатнинг ёлғон ҳикоясидир.

Жаҳонгир Муҳаммад,
14 май 1998 йил.
“Ўзлигим” китобидан

Advertisements
%d bloggers like this: