Сиёсий сатира

askiyaОқсаройнинг сўз ўйинлари

14.Блоггўр

-Оқсоқол агар оқ фотиҳа берсангиз шу блогларни жиловлашни қонунлаштириб қўяр эдик,-деди маслаҳатчи “Катта”га.

-Қанақа блоклар ҳақида гапирясиз, ука? Биз бирорта блокка қўшилмаймиз, деб айтиб қўйганмиз. Сизни ақлли йигит деб юрсам, оғзингиздан чиққанини қулоғингиз эшитмайди, шекилли?!

Маслаҳатчи эсанкираб қолди. Кейин ўзини қўлга олиб:

-Блоклар ҳақида эмас, блоглар ҳақида оқ фотиҳа сўрагандим,-деди.

-Ука сиз мани ким деб ўйлаяпсиз? Саксонга кирсам ҳам ақлим жойида, қулоғим ҳам. Ҳали анча ишларни қиламан. Ишлашнинг ёмон жойи йўқ. Халққа яна ишлаб бераман, керак бўлса, ўлгунча ишлайман.

-Шуни кўролмайдиганлар бор-да. Интернет тармоғида вебсайтлар очиб олишган. Ўшани бугунги тил билан блог дейдиган бўлишди. Ёзганларни эса блоггер…

-Блоггер эмас, блоггўр…

Маслаҳатчи пиқ этиб кулди.

-Кулманг ука, боядан бери сизга айтаяпман, урғуни “к” ҳарфига эмас, “г” ҳарфига қўйинг деб. “Блог” демайсизми? Уларни блох ҳам деяверинг. Жа жонга тегишган. Ўзим буларни тийиб қўйларинг, деб айтгандим. Давлат сирлари интернетга чиқиб кетмоқда. Битта йўталсак – ўпка касал, икки йўталсак – ўпкаси узилди, қилиб ёзишмоқда. Бу нарса энди каллангизга урдими, ука?

-Шунга бир оқ фотиҳа берсангиз, қонунга боғлаб қўярдик, уларни.

-Уларни қонунга эмас, қозиққа боғлаб қўйиш керак аслида. Ипларини йўқотишди. Тезда қонунни қайта ёзинг. Ана у сенаторлар кўриб чиққани жуда бўш. Ландавурлар. Ҳаммасини алмаштирамиз. Лекин ука, сизга маслаҳат, билиб қўйинг, фотиҳанинг оқ ёки кўки бўлмайди. Иннан кейин фотиҳани бошқа одам ўқийди, биз эса фатво берамиз… Кўрдингизми, одамни чалкаштириб юбордингиз. Фармонни фатво деб юбордим.

-Оқсоқол, сизнинг фармонингиз фатвоингиз, фатвоингиз фармонингиздир, -деди маслаҳатчи сузилиб.

-Ҳмм..-деб жавоб қилди “Катта”.-Бу ҳам блоггер ва блоггўр дегандай гап бўлди!

ЖМ

%d bloggers like this: