-Бир пайтлар эрталаб ишга келсанг “Совет Ўзбекистони”, “Правда Востока”ни ўқисанг бўлди эди, бутун дунёдаги ва мамлакатдаги янгиликларни билиб олардинг. Ўшанда оз одам ёзарди, кўп одам ўқирди. Ҳозир Интернет чиқиб, ҳамма ёзадиган бўлиб қолди,-деб гап қотди “Катта” маслаҳатчига.
-Тўғри айтасиз, ўқийдиган қолмади, ҳамма ёзиш билан овора…
-Бугунги газетларни ўқийдиган қолдими?-киноя билан сўради “Катта”.
-Қолмади ҳисоб. Сизу бизни айтмаса, бошқа ўқийдиган йўқ. Замон ўзгариб кетди.
-Ҳмм.. мактабларда ўқийдиган борми?
-Мактаблар ҳам тугади, ҳисоб. Болаларнинг калласида китоб эмас, газета эмас, телефон.
-Чорак асрда ҳамма нарсанинг оёғи осмондан бўлибди. Бу катта инқилоб, яхши натижа. Энди ҳаммани телефон билан бошқаришга ўтиш керак.
-Ўтганмиз. Телефон даври бошланганига анча бўлди. Ҳамма сизнинг қаршингизда бошини эгган каби телефонга ҳам букилган.
Маслаҳатчининг бу гапи “Катта”га унча ёқмади:
-Гапни чаппа айтманг, бунақада ўзингизни ҳам оёғингиз осмондан бўлиб кетиши мумкин.
-Бир қошиқ қонимдан кечинг… Ҳамма телефон қаршисида эгилгани каби сизнинг қаршингизда ҳам букилган, демоқчи эдим.
-Бу бошқа гап. Ҳа.. нима ҳақда гаплашаётгандик?
-Интернетда ёзадиганлардан ҳам телефонда ёзадиганлар кўпайиб кетгани ҳақида.
-Сизлар-чи, ёзаясизларми?
-Ўқишга улгурмай қолаяпмиз…
-Ўқияпсизми, деб сўрамадим, ука, ёзаяпсизми, дедим, ёзинг, ҳаммасини ёзинг, тўхтамай ёзинг!
ЖМ.
Filed under: Оқсарой ҳангомалари | Tagged: оқсарой |
You must be logged in to post a comment.