Ўзгармаган мавзулар

jm“Четда туриб бўйсунмаслик осон!”

САВОЛ: Бўйсунмаслик ҳаракати ҳақида гапирмоқдасизлар, албатта, четда туриб бўйсунмаслик осон, бу ерга келиб бўйсунмасликни бошлаб кўринглар-чи? (Йигитали).

ЖАВОБ: “Озодлик” радиосининг “Қурултой” дастурида (22-01-2005) мазкур масалани муҳокама этганимизда бўйсунмаслик ҳаракати демократия учун курашнинг энг оғир йўли эканлигини ва буни ташқаридан туриб амалга ошириб бўлмаслигини айтган эдим. Ўшанда қуйидаги омилга диққат тортгандим:

-асрлардир бизнинг халқимиз бўйсунишга ўргатиб келинган;

-одамларнинг бошига тери кийгизилиб, бу тери офтобда қуритилган ҳолда уларни манқуртлаштириш йўли билан бўйсундирилган;

-подшолар зулм тиғи, зиндон азоби билан бўйсунишга зўрлаганлар;

-муллалар гўр азоби билан қўрқитиб авомни ҳаётнинг барча қийинчиликларига, “Аллоҳнинг ердаги сояси” деганлари – подшоларга бўйсунишга ўргатганлар;

-ота-оналар тилни тийиш, чидам ва бардош билан яшаш, ўзидан каттанинг кўзига, айниқса, у раҳбар бўлса, тик қарамасликни айтавериб фарзандларини бўйсунишга ўргатганлар;

-зиёлилар “одоб-ахлоқ” дея аслида миллатни бўйсунишга чорлаганлар;

-бугун эса манқуртлаштиришнинг мафкуравий йўллари топилган ва яна халқ бўйсунишга ўргатилмоқда.

Яъни бўйсунишга ўргатилган халқни яна ҳам тобелаштириш “кашф этилган”.

Шундай пайтда бу халқнинг ичида турмай, четда туриб, уни бўйсунишга чорлаш деворга ашула айтишдек гап. Шунга қарамай  бу ҳаракатга ижобий назар билан қараяпман, дедим. Нега? Маълумки, зулмга асосланган режимларни ўзгартиришнинг кўп йўллари бор. Масалан:

1.Демократик сайлов орқали.

2.Истеъфо талаби билан.

3.Урушлар оқибатида.

4.Сарой тўнтариши натижасида.

5.Ҳарбий тўнтариш йўли билан.

6.Инқилоб қилиш туфайли.

7.Ҳокимиятнинг вакум ҳолатига тушиши боис ва ҳоказо.

Ниҳоят охиргиси:

-Бўйсунмаслик ҳаракати билан…

Демак, Ўзбекистонда олдинги еттита йўлнинг бирортаси учун шароит йўқ. Бу ҳам Каримовнинг устамонлиги. У ҳамма йўлларини бекитиб олган. Мухолифатнинг чораси қолмади. Нима қилсин? Тўнини елкасига ташлаб майдондан чиқиб кетсинми? Менимча, мухолифат орасида ҳамма ҳам бугун бўйсунмаслик йўли амалга ошмаслигини билади. Аммо бу курашнинг бир йўли сифатида Ўзбекистон учун жуда керак.

Биринчидан, асрлардир давом этиб келган бўйсуниш иллатини вужуддан юлиб отиш учун бу бир бошланишдир.

Иккинчидан, Каримовни ағдаришга улгурмаса ҳам ундан кейин бу режимни синдириш, умуман Шарққа хос бўлган зулм режими яна ўртага чиққанда халқ бўлиб унга қарши тура олиш учун бу бир ибтидо.

Учинчидан, бу – миллатга ўз норозилигини тинч йўллар билан ифода этишга умумий замин яратади. Яъни бутун миллат бир бўлиб, жипслашиб бир ишни қилишни ўргатади.

Лекин бўйсунмасликнинг ўзи нима? Афсуски, халқимиз ҳали бунинг ўзи нималигини билмайди. Уни амалга оширишнинг механизмлари қандай? Бизнинг шароитимиз назарда тутилган бундай механизмлар ҳали яратилмаган.

Демак, ишни ана шу нуқтадан бошлаш керак. Яъни бўйсунмаслик нима эканлигини ўргатиш ва бу ҳаракатнинг механизмларини тайёрлаш. Бу эса ташқарида ёки ичкарида бўлишга боғлиқ эмас. Бу ҳафсалага, жон койитишга боғлиқ.

5 Феврал, 2005 йил

https://jahonnoma.com/

%d bloggers like this: