12. Нусха
“Катта” хотинига арз қилди:
-Олдинлари ана у қизингни мақтардинг, шеър ёзади, ашула айтади, заргарлик қилади, кўйлак бичади, дипломат, Гарвардни битирган, бало-баттар… Энди бўлса, оёғи эгри, қаллоб, рекетчи, бечоранинг киссасидагини ҳам, қўлидагини ҳам урадиган, давлатнинг пулларини ўмарадиган, раҳмсиз, шавқатсиз, нечта одамни ўлдиртириб юборган, ўғри, муттаҳам деяпсан. Қайси бир гапингга ишонай?
Хотинининг “тили қичиб” турган эканми, бидирлаб қолди:
-Олдингисини ҳам одамлар айтишганди. Ман сизга етказгандим, холос. Ҳозир ҳам одамлар айтиб юрибди, видеоларини кўрдим, кўрган кўзим ўйилсин, ҳужжатларини кўрдим, виждонсиз, ўмарганда ҳам миллионлаб ўмарган, элга золимлик қилган, қонунларни бир пулга олмаган, ҳаммани фақат ўзи учун ишлатган, осмонга қочганни оёғидан, ерга кирганни бўйнидан осган, ғирт жаллодга айланган… Бош кўтаролмай қолдик-ку бу дунёда!
-Бундан чиқди қизинг қиз эмас, аблаҳнинг аблаҳи, шайтоннинг устози экан-да,- деган “Катта” бир зум ўйланиб қолди. Кейин:
-Хотин, ишқилиб ёшлигингда адашиб, бирортаси билан юриб қўймаганмидинг?-деди.
Хотинининг жаҳли чиқди ва:
-Тавба қилдим, қанақа одамсиз? Қандай қилиб манга бу гапни айтасиз? Ҳамма нарсадан қочсангиз ҳам шундан қочолмайсиз, қизингиз қуйиб қуйгандек ўзингизни нусхангиз-ку?-деди.
ЖМ.
Filed under: Оқсарой ҳангомалари | Tagged: оқсарой |
You must be logged in to post a comment.