Майдон кўкка кўтарилган, бургут эса ерга йиқилган кун
-Нега кўз ёш тўкаяпсан?-деб сўради Бургут оқаётган ирмоқни кўрсатиб.
-Бу кўз ёши эмас, бу сенинг панжангдан оқаётган қон,-дея жавоб қилди Майдон.
Жаҳлдор Бургут Майдонни тортқилаб кўкка кўтарилди. Бирдан бўрон турди. Майдон айланиб кўкка кўтарилиб кетди, Бургут эса ерга қулади.
…Кеча телевизорни қарасам, АҚШнинг мухбирларию шарҳловчилари Украина ҳақида гапирарканлар “Майдон”, “Бургут” деган калималарни тинмай ишлатардилар. Таржима қилиб эмас, ўз ҳолида. Фақат “Майдон”ни “Майдан”, “Бургут”ни “Беркут” дейишмоқда. Сўз тилдан тилга, авлоддан авлодга ўзгаради. Ота-боболаримиз “Берқут” дейишган, биз “Бургут” деймиз.
Майдон форсий калима. Биз “чой”ни ўзбекча дегандек бу сўзни ҳам ўзбекча деймиз ва хато қилмаймиз. Чунки сўз тарихи, этимологияси билан бошқаларга оид бўлиши мумкин, аммо уни ишлатганлар унинг ҳокимидирлар. Демак, инглиз тили ҳам икки сўз ҳисобига бойиди. Аминманки, тез орада бу сўзлар инглизча луғатларга ҳам киритилади. АҚШда тилда ишлатилган янги сўзларни ҳар йилнинг охирида луғатларга киритиш анъанаси бор.
Майдон сўзига қайтсак, форсийда “дон” от ясовчи суффикс бўлиб макон ва тутмоқни ифодалайди. “Гулдон”, “шамдон”, “оташдон”, “бачадон” … каби.
Баъзилар “майдон”нинг ҳам келиб чиқиши “май” ва “дон”да дейишади. Қандайдир мантиқ бор. Май солинадиган идишнинг оғзи айлана бўлган. Тарихан майдонларни ҳам айлана тарзда иншо этишган. Лекин форсийда майдон калимасига кенг жой, иморат солинмаган замин маънолари берилган.
“Аз айвон ба майдон хиромид шоҳ”, дейди Фирдавсий.
“Ҳафти майдон” деган ибора ҳам бор. Қадим ахтаршунослар осмонни етти табақадан иборат деб унга “Ҳафти майдон” деб ном беришган. Демак, майдон осмоннинг қаватларидир.
Энди “осмон”нинг тарихига назар солсангиз унинг етти маъноси бор ва биттаси Олий олам, Худонинг ва малоикаларнинг макони демакдир.
Киевдаги майдон бугун шаҳидлар майдонига айланган. Қон, кўз ёшлари, дуолар ва гулларни ўз ичига олган майдон!
Бургут калимасининг эса уч маъноси бор. Қарчиғайсимонлар оиласига мансуб йиртқич овчи қуш. Асли бу қуш Америка томонларга оид. Бу бошқа масала.
Бу сўзнинг икинчи маъноси кўчма. Ёвуз ва йиртқич одамларга қиёсан бургут деймиз. Бу анча пассив. Чунки биз бу сўзни ижобий томонга, учинчи маъносига кўпроқ тортганмиз: жасур, қайтмас, эпчил… Украинлар ҳам шу маъносига таяниб махсус кучлари(ОМОН)га “Беркут” деб ном беришган. Лекин яхши билан ёмон ораси бир қадам. “Беркут” қон тўкиб иккинчи маъносига тортди: йиртқич, ёвуз…
Қизиқ, жуда кўп сўзларимизга ана шундай бир-бирига зид бўлган маъноларни юклаганмиз. Бу содиқлик билан хиёнат, дўстлик билан душманлик, яхшилик билан ёмонликнинг жуда яқин эканлигидан бўлса керак.
Дарвоқе, бургут сўзининг фазо илмига оид маъноси ҳам бор. Осмон экватори атрофидаги Делфин, Қавс ва Далв юлдуз туркумлари орасидаги бошқа бир тўда юлдузни ҳам “Бургут” деймиз.
Украинада “Беркут”лар юлдуз бўлиб қололмадилар, кўкка кўтарила олмадилар, аксинча ерга ғарқ бўлдилар…
Майдон эса ердан кўкка кўтарилди…
Нима бўлганда ҳам бу икки сўз дунёга шундай танилди. Энди унга бошқа маъно юклаш анчайин қийин. Дунёнинг фикри осонликча ўзгармайдиган фикрдир.
Жаҳонгир Муҳаммад
2014
Filed under: Тил | Tagged: Jahongir Mamatov, til |
Leave a Reply