Диктаторлар орқага қадам отолмайдилар. Улар орқада чоҳ бор, ўлим бор деб тушунадилар. Улар ўз орқасидан қўрқадиган халқ.
Орқага одим отиш, хатони тан олиш учун уларда мардлик етишмайди. Чунки диктаторлар номард халқ. Уларнинг шакар томири зулмдир.
Қўрқмаган одамгина орқага қадам ташлай олади. Бошқаларнинг ҳақларини, қарашларини ҳурмат қилади. Лекин дунё тарихида қора силсиласи қолган диктатор халқи ҳурматни бир томонга – ўзигагина қараб оқадиган дарё деб билган.
Путин ҳам шу халқдан бири. У Осетияга кириб олди, Абхазияда қолди, Чеченистонда цирк қурди… Қиримдан чиқармади?
Чиқиши мумкин. Майдонда ўзидан кучли пайдо бўлса, тахтидан ажралса, ажал ёқасидан тутса…
Қийин-қийин Қирим татарларига қийин. Сталин деган жаллод уларни она ерларидан қувганди, Путин деган беномус уларнинг табаррук заминларига хўжайин бўлиб олди.
Энди нима бўлади? Путин “айб”ни Қримда сони йиллардир сунъий тарзда кўпайтирилган русларга ташлайди. Улар референдум қиладилар, Россияга қўшилишни талаб этадилар. Путин меҳрибонлик кўрсатган бўлиб чиқади. Гўё…
Бугун Нью Йоркнинг Бруклин деган минтақасида рус тилида гаплашадиганлар кўпайгандан кўпайган. Эртага улар АҚШдан шикоятчи бўлиб, Путинга қўшилишни истасалар у Манҳаттан устига байроғини тикадими?
Тошкентдаги руслар ўлдик-қолдик десалар Оқсаройда унинг байроғи ҳилпирайдими?
Диктаторлар девона халқ. Девонадан ақлли иш кутиш мумкинми? Девонани кўрганда тадбир оласиз.
Демак, диктаторларни кўрганда тадбиримизни олайликки, бошимизга байроғини тикмасин!
Жаҳонгир Муҳаммад.
На,urtoq Jahongir aka! Shunday buladi.Oqsaroyda Rus trikolori hilpiraydi.Biz uzbeklar bu kunlarni orziqib kutayapmiz…..