Яқин тарихдан сабоқлар

yakobinchilarОйдинлар диктатураси

Бундан уч йил муқаддам Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида халқ жабҳасига қарши исён бошлатган полковник Суръат Хусейнов Бокуга танк билан кириб келганди. Элчибей ҳукуматини йиқитишга муваффақ бўлган 34 ёшидаги бу йигит бир муддат Бош вазирлик вазифасини ҳам бажарди Кейин унинг исёни оқибати президент бўлган Ҳайдар Алиев Суръат Ҳусейновни ўзига қарши давлат тўнтариши тайёрлашда айблади ва ишдан олди. Ҳусейнов икки йилдир Руссияда яшаётганди. Яқинда қўлларига кишан солиниб Бокуга келтиришди. Бир пайтлар танк билан Бокуга келган бу йигитнинг бугунги кишанли тарзи 20 аср сўнггида иқтидорга келиш учун ҳамон эски йўлларга бош урилаётгани оқибатини кўрсатувчи мисолдир.

Ҳа, ўтмишдан сабоқ олмаслик ҳамма вақт фожеага етаклайди.

Қилич билан келган қилич билан кетади, деган гап “Ҳукмдор” китобидан чиқиб, қарийб мақолга айланди. Балки ўтмишнинг шарт-шароитлари қилич билан келишни тақозо этгандир. Аммо ХХ аср тугаб, ХХI асрга одим отилаётган шу кунларда бутун дунёда демократик йўлларгина охир оқибатда кутилган натижага олиб келмокда.

Дарвоқе, демократик жараёнда бутун халқ иштирок этади, демократик ташкилотлар фаолият кўрсатади. Қилич йўли танланганда эса масала бир тўда кишидан ташқарига чиқмайди. Бу ўз-ўзидан озчиликнинг кўпчиликка ҳукм этишини кўрсатади.

1789 йилда Франциядаги Доминикус тариқатига мансуб зиёлилар бир клуб тузишганди. Бу клуб тез орада сиёсий жамиятга айланди ва унга “якобинчилар” номи берилди. Франциядаги ихтилол пайтида якобинчилар етакчи ўрин тутдилар. Уларнинг мақсади халқнинг хоҳиш истагига қарамай қиролни ўлдириш ва жамиятга ўз қарашларини ҳукмрон қилиш эди. Бу тарихга “ойдинлар диктатураси” номи билан кирди.

Ўзимиздан бири “Бу халққа бахтни мажбур қилиб бериш керак. Мушук кирлаб кетган бўлса ҳам чўмилишни истамайди. Уни тозалаш учун мажбуран чўмилтирар экансиз, қўлларингизни тирнайди. Халқимиз истамасада, биз унинг бўйнидан бўғиб бахтиёр этамиз”, деганида менинг жавобим “якобинчи” калимаси бўлганди. У якобинчи калимасидан оғринганди.

Бугунга қадар дунёнинг бирор бир ерида якобинчиларнинг халққа манфаат сақлаганларини кўриш мумкин эмас. Якобинчилар худбин бўладилар. Тахтга ўтирган фалон кишининг ўрнида мен бўлсам, яхшироқ бўларди, деган тушунча билан яшайдилар. Кеча-кундуз хаёлларида тахт ва тахтда ўтирган кишини йўқотиш масаласи бўлади. Халқни эса унутадилар. Бу демократияни унутишдир. Эртага фавқулодда ҳокимиятга келган такдирларида ҳам ашаддий диктаторга айланадилар ва узоқ қололмайдилар. Чунки халқни мушук деб биладилар ва ўз дунё қарашларини унга мажбурлайдилар.

Гватемалада тахт учун кўтарилган қилич 36 йил қон тўкди. 140 минг инсоннинг ёстиғи қуриди. Оқибатда бу йўлдан воз кечилиб, демократик чорага бош урилди.

Хўш, Тожикистонда нима бўлди? Афғонистон толиблари ҳам замонавий якобинчилардир. Ўз қарашларини халққа мажбурламокдалар.

Гул етганда очилади дейишади. Аммо гулнинг очилишини қилич билан ёки қон билан кутиш, тезлаштириш ва гулни қучоққа босиш, туҳфа этиш учун эмас, балки қабр устига қўйиш учун етиштириш демаккдир.

Туркияда Нажмиддин Эрбакан 27 йилдан кейин ҳукуматга етган эди.

Америкада бугун иқтидорда бўлган Демократик партиянинг мужодала йўли ҳам оз бўлган эмас.

Бу билан биз ҳам кутиб ўтираверамиз деган хулоса чиқариш нотўғри. Аксинча, фикрларни ҳар турли машмашалару, ўзаро нифоқларга қаратилган кин, адоватдан тозалаб, демократик йўлларни қидириб топишга ва бу жараённи тезлатишга йўналтирмоқ керак. Ўшанда натижага тезроқ етиб келинади. Яъни, демократия йўли қилич йўлидан яқиндир.

Тарихга якобинчилар қандай кирган бўлсалар, Озарбайжондаги Суръат Ҳусейнов воқеаси ҳам тарихдан сабоқ чиқармаганлар саҳифасида ўз ўрнини топди. Зотан бу каби воқеалар ХХ асрнинг онда сонда учрайдиган нуқталари ўлароқ бугундан нарига ўтмайди.

ХХI аср ва келажак демократия йўлинигина танийди.

Демократик йўл билан келган ғалаба ҳам ҳалол, ҳам фойдали, ҳам боқий бўлади.

1996 йил.

Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” китобидан.

%d bloggers like this: