Мустақиллик йиллари

1990 yil. O'zbekiston Oliy Kengashi majlisida.

1990 yil. O’zbekiston Oliy Kengashi majlisida.

Паркентда нима бўлганди?

Бундан саккиз йил муқаддам шу кунларда Тошкент вилоятининг Бўка туманида бошланган воқеалар март ойининг илк кунларига бориб Паркент туманида бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлганди. Миллий озодлик ҳаракатларини бўғиш учун этник можароларни келтириб чиқарган советларнинг иғво маркази бўлмиш КГБ Ўзбекистонда бир миллатнинг икки қавми бўлган ўзбеклар ва месхет туркларини бир-бирига душман қилмоқчи бўлди. Лекин мақсадига эриша олмади. Тарихнинг аччиқ сабоқлари ҳақида ўша пайтда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан тузилган Паркент комиссиясига аъзо бўлган камина ҳалига қадар бу воқеаларни унута олмайман.

Замонавий рус тарихчилари худди дунёга ўзбеклар месхет туркларини қирғинбарот қилмокдалар, дея шум ниятли хабарлар тарқатганларидек, ҳозир ҳам туркий халқларнинг орасига ихтилоф отиш учун бу воқеаларни ўз тегирмонларига кўра шарҳламокдалар. Жумладан, Макс Лурие ва Петр Студеникнинг “Изтироб алангаси” номли китобида ўзбеклар ва месхет турклари айри-айри миллат ва бир -бирига душман дея таърифланади. Ваҳоланки, том акси.

Паркентнинг Кумушкон дам олиш уйига келтирилган месхет турклари автобусларда олиб кетилар экан, ўзбек оналари ва нуронийлар орқадан кўз ёши тўкиб, тиззаларига уриб йиғлаб қолишганини ҳали тарих унутган эмас. Қолаверса, Бўка ва Паркент даҳшатлари бошланғичи сифатида кўрсатилган Фарғона воқеаларида ўлганларнинг рўйхатига назар солинса, бу уйдирма дарҳол равшанлашади. Фарғона воқеаларида ўша кездаги расмий маълумотларига кўра, 106 киши ўлганди.

Шундан 43 месхет турки, 12 озарбайжон, 35 ўзбек, 5 рус ва бир татар, бир тожик, бир бошқирд, бир армани, бир юнон, қолган олти нафари ҳам турли миллат ва халқларга мансуб.

Кўриниб турибдики, бу воқеаларда ҳеч қандай қутблашма йўқ, ҳўлу- қуруқ баравар ёнган.

Хўш, Бўка ва Паркентда нима бўлганди?

1990 йил март ойининг ўрталарида Бўкада турли миш-мишлар тарқала бошлади. 17-18 мартга келиб воқеалар авжига чикди. Бир нечта уйлар ёндириб юборилди. Ҳукумат дарҳол бу туманда ва унинг атрофида яшаган месхет туркларини автобусларга миндириб, тоғлар орасида оролча каби жойлашган Паркент туманидаги Кумушкон дам олиш уйига олиб кетди. Паркентликлар мажбурий меҳмонларга ёмон кўз билан қарамадилар, аксинча ўзлари емай-ичмай топганларини дам олиш уйига юбордилар. Аммо бу воқеалар ортида катта кучлар борлиги, фитнанинг муаллифлари кимлар эканлиги кўп ўтмай ўртага чикди.

Агар Ўзбекистон Олий Кенгашининг бу борада тузган комиссияси томонидан ҳозирланган ҳужжат, яъни биз имзо қўйган ҳисобот эълон қилинса, кимнинг ким эканлиги дарҳол ўртага чиқади. Қолаверса рус тарихчиларининг бу воқеаларни ўзларига монанд қилиб ёзишларига, фитна қўзғашларига чек қўйган бўламиз. Ҳа, биз яширсак, уларга қўл келади.

Паркентда қон тўкилишидан бир кун олдин оқшом пайти барча хўжаликларга қўнғироқ қилиниб тартиб интизомни сақлаш учун эрталаб Паркент марказига ёшлар юборилиши сўралди. Эрталаб ёшлар юк машиналарида марказга келтирилганда бу ерда БТРлар, зирҳли машиналар ва аскарларни кўришади. Бунинг устига марказга илк бор аскарлар ва зирҳли транспорт келганини кўрган атрофдагилар томошага тўпланишади.

Оломонни четлаштириш учун сой томонга сиқиштирадилар. Орқада сой гувиллаб оқмокда, олдинда эса миршаблар ва аскарлар. Резина калтаклар ҳавода учмокда. Табиийки, бундай шароитда асаблар таранглашди.

Аммо нима сабабдан халққа қарши ўқ отилгани ҳалига қадар савол. Ўшанда автоматдан отилган ўқлар Мирсоли Миртурсунов, Тожиқул Алматов ва бошка ўнлаб кишиларни йиқитди. Ҳатто шу куни жаноза пайтида бел боғлаб турганлар ўз қишлоқларида, ўз уйларида “нега тарқалмаяпсиз” деган баҳонада ўққа тутилди. Бу мисоллар шуни кўрсатадики, фитна ортидагилар халқни ғалаёнга келтирмокчи ва шу баҳонада миллий озодлик ҳаракатларини бўғиб ташламоқчи эдилар.

Кейинчалик совет КГБсининг сўнгги раҳбарлари ёзган китобларида буни эътироф этдилар. Нафақат Ўзбекистонда, балки Болтиқбўйи жумҳуриятларида, Кавказ ва Ўрта Осиёда миллий озодлик ҳаракатларини кучсизлаштириш учун барча тадбирлар ишга солинганди. Чунки КГБ бу ҳаракатлар Совет Иттифоқининг тагига сув қуйишини ҳис этарди. Бугун учун хулоса чиқариладиган бошқа нарса бор. У ҳам бўлса ҳалига қадар Ўзбекистонда бу воқеалар цензура дафтарига киритилгани, давлат сири сифатида сир сақланаётганидир.

Агар Ўзбекистон Олий Кенгашининг Паркент воқеалари юзасидан фаолият кўрсатган комиссиясининг уч томлик ҳужжатлар тўплами ва 58 саҳифалик хулосаси бугун ўртага чиқса, жуда кўп одамнинг пайтавасига қурт тушади.

Чунки бу воқеалар пайтида Москванинг югурдаги бўлган ўзимизнинг акахонларнинг аксарияти жуда тез мансабдан мансабга кўтарилди. Ўша кездаги капитанлар бугун генерал бўлдилар, ўша кездаги ижрочилар бугун мамлакатни бошқаришда сўз соҳибидирлар.

Биз 70 йил давомида сохта тарихни ўргандик. Аммо бугунга келиб ҳам ҳақиқий тарихдан хабарсиз қолмокдамиз.

Ўз тарихини билмаган миллат ўз келажагини ярата олмайди. Ўз тарихидан кўз юмган миллат ўз келажагидан кўз юмади.

1997 йил.

Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” китобидан.

%d bloggers like this: