ТАРКИ ВАТАН
Тарки Ватан! Бу икки калима дунёдаги энг оғир сўзлардир. Али Қушчидан сўрасангиз кўксини ғижимлаб оғир юк ила бошини эгарди. Мирзо Бобурдан сўрасангиз нола ила фиғон этарди, Мир Алишерга юзлансангиз дардларни достон қиларди, балки?!
Тарки Ватан! Бу икки калима нафақат буюклар учун, балки Ватандан айро тушган энг оддий инсонлар учун ҳам фарёддир, дарддир, фиғондир. Бир фиғонки, бошқаларни англаши мушкул.
Тарки Ватан – санъатмас,
Йиллар умрингни ютар,
Тарки Ватан – жаннатмас,
Дўзах қаршингда кутар!
Бугун Америкада яшаётган Шуҳрат Мухторовга бир пайтлар отаси Шуҳрат қозон дея исм берган бўлса, ажабмас!! Йиллар ўтиб, Шуҳрат бир куни Янгийўлда, ўз қишлоғида шуҳрат қозонди. У таниқли кинорежиссёр, санъаткор билан танишганди. Ана шу воқеа унинг ҳаётини бошқа сўқмоқларга буриб юбориши хаёлининг сарҳадидан ҳам кечмасди. Бир куни машҳур кинорежиссёр унинг уйига америкалик меҳмони билан ташриф буюрди. Меҳмон 2-3 кун Янгийўлда қолди. Ўшанда 1995 йилнинг қиш кунлари эди. Йўлда уни ва меҳмонини миршаблар ва хавфсизлик хизмати ходимлари ушлаб кетишди.
Биз Шуҳрат билан Портланд шаҳрида учрашиб қолдик. У хузун билан ўз тарихини ҳикоя қилди.
– Кинорежиссёр сим қоққач, америкалик меҳмонни қўйиб юборишди. Аммо хавфсизлик хизматининг Янгийўл бўлими мутасаддиси мени ҳар кун сўроқ қиларди. Бу сўроқ гоҳида менинг уйимда, гоҳида эса унинг Янгийўлдаги пинҳона хонасида ва баъзан расмий идорада давом этарди. Мен ҳам умр йўлдошим ҳам консерваторияни тугатганмиз. Мусиқа оламидан бошқа оламни билмасдик. Шу боис бу сўроқлар ва таъқиблар бизни ҳамма нарсадан бездириб юборди.
Биз КГБ деган сўзни кўп эшитган ва бу сўз қаршисида доим дир-дир титроққа тушган инсонлар эдик. Бир кун келиб ана шу идоранинг таъқибига учрайман деб ўйламагандим.
Шуҳрат бир зум хаёлга ботгач яна ўз тарихини ҳикоя қилишда давом этди. Шундан кейин у Тарки Ватан айламоқни ихтиёр этибди. Аммо бу осон иш эмас. Ўша машҳур кинорежиссернинг йўл йўриғи билан Америкага келибди. Табиийки, Янгийўлга борган америкалик меҳмонни у сарҳади билан бу сарҳадида бошқа бошқа уммон тўлқинланиб турган ўлкада қидириб топиши, айниқса муҳожир учун осон эмас. Ўтган йиллар мобайнида у Нью-Йоркда, Чикагода, Аризонада, Калифорнияда, хуллас, қаерда бир бурда нон топса, ўша ерда яшади, ниҳоят расмий бошпана олди. Бугун Портландда бир мактабда қоровул бўлиб ишлаяпти.
– Биз, – деди у, – консерваторияни битирганимизда, халқимизга хизмат қиламиз, санъатимизни юксалтирамиз, деб ўйлагандик. Лекин орзу бошқа, ҳаёт бошқа экан.Ҳар кун газеталардан Ватан ҳақида хабар излайман, лекин тополмайман. Қачон Ўзбекистонда сиёсий тузум ўзгариб, демократия қарор топса, албатта қайтаман, – деди у. Ва сўнгра мухолифатда фаолият кўрсатмоқчиман. Бунинг учун нима қилишим керак? Қайси партияга, қайси ҳаракатга ва қандай қилиб аъзо бўлай?
Мен унинг бу саволига “анкета билан партияга аъзо бўлиш коммунистик режимнинг анъанаси эди. Ҳозир эса мухолифатдаман, деб эълон қилиш ва ўзини мухолифатда ҳисоблашнинг ўзи етарли бўлса керак” дейман. У жавобимни англамагандек термулиб қолади. Мен эса унга демократиянинг бош қоидаларидан бири Эркинликдир ва Ихтиёрийликдир демоқчи эдим. Чунки бировнинг маслаҳати билан бирор бир ташкилотга аъзо бўлиш ёки бирор бир ҳаракатга қўшилиш демократияга зиддир. Демократия инсонларнинг ўз йўлларини ўзлари белгилаш мактаби. Шундай экан, балки Шуҳрат Мухторов ҳам бир кун ўз йўлини белгилаб олар?!
Аммо гап шундаки, унинг муҳожиратдаги ҳаёти ўксикдир. Уй-жойи, егулиги бор. Икки фарзанди яхши билим олмокда. Ишлаб топганлари ўзларига етиб ортмокда. Аммо битта нарса етишмайди. У ҳам бўлса ВАТАН.
Тарки Ватан – зулмдир,
Томирингдан қон оқар,
Тарки Ватан – ўлимдир,
Тобутингда жон ёқар!
Ҳа, ҳар турли сабаб билан Ватандан айро тушмоқ мумкин. Аммо ҳар қандай сабаб ҳам инсонни, унинг тафаккури, руҳи ва қалб оламини Ватандан узиб ташлай олмайди.
Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” .
1998 йил.
You must be logged in to post a comment.