Советлар замонида энг кўп ёйилган иллатлардан бири “хўп, хўп” хасталиги эди. Бу иллатдан донғимиз ҳамчиққани маълум. Яъни тўғри ё нотўғри, ҳақ ё ноҳақ топшириқ олсак, бас-ки юқоридан келган бўлса, оғзимиздан “хўп”дан бошқа сўз чиқмасди. Бундай ижрочилик демократияга зиддир. Демократия фикрлаш минбари. Ҳар қандай масалада иштирок этиш демакдир. Кўр-кўрона ижрочилик эса иқтидорни сақлаб қолиш учун қўлланадиган ҳар турли режимларга хос.
Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ижрочилик иллати йўқ бўлиш ўрнига илдизларини яна ҳам кенгроқ ёйди. Юқори лавозимларда ишлаган, мамлакат ва миллатнинг такдири, келажаги билан бевосита боғлиқ бўлган раҳбарлар, эскичасига айтганда номенклатура, ижрочиликни, мансабимни сақлаб қолишнинг бирдан бир йўли деб тушунмокда. Ана шунинг учун ҳам ижрочилик мансаб ва манфаат учун ўз виждон ҳамда хосиятини оёқ ости қилиш билан тенглашди.
Юқоридан келадиган топшириқ ғайриқонуний, қоидаларга зид, ҳатто инсонийлик чарчавасига сиғмайдиган бўлсада, мансаб ва манфаат учун кўзни чирт юмиб, кўр-кўрона ижро этиш ёппасига тус олди.Бу ҳолни кўр-кўрона деб баҳоламоқни ҳам ўйлаш керак.Чунки ижрочи ўз ҳатти-ҳаракатларини сезиб туради ва ҳатто яккама- якка суҳбатларда юрагини бўшатиб олиш учун буни эътироф этади.
Лекин унинг мансаб ва манфаат туйғулари ҳар нарсадан устун келгани учун кўр-кўрона дейилган ижрочилик қобиғига ўраниб олади. Ҳар бир мансабдор ўз истиқболи, келажаги, камолоти ва бадавлат яшаш манбаини ижрочиликда кўрмокда. Хасталик вақтида даволанмаса, олди олинмаса охири вой эканлигини билмаган одам йўқ. Хасталикка кўз юмиш жоҳилликдир.
Қонунларни ва ўз муносабат мантиғини четга суриб қўйиб, телефон дастасига “хўп, хўп” дея ҳар қандай топшириқни жирканмай бажариш, охир- оқибатда ижрочининг бошини ҳам кундага қўйишини бот-бот ёзгандик.
Узоққа бормайлик, 1993 йилнинг бошларида “Озодлик” радиосида эълон қилинган бир мақоламда шундай сатрлар бор эди: “Дўппи келтир деса, бош узиб келган раҳбарларнинг бир қанчаси ўз ижрочиликларининг қурбони бўлиб кетдилар. Биз йиқилганни тепмоқчи эмасмиз. Аммо нимага йиқилганини айтиш инсоний бурчимиздир. Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи раиси Мирзаолим Иброҳимов, Сурхондарёда ҳокимлик қилган Ҳаким Бердиев, илк мустақил газеталарни ёпиб ташлаган Убайдулла Абдураззоқов, Фарғона,Ўш, Паркент, Бўка воқеаларини “Бирлик” ҳаракатига тўнкаган ва уни айбдор қилиб кўрсатган президент маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмов, мухолифатга қарши ўт очган давлат котиби Раҳим Ражабов, Қашқадарёда Шовруқ Рўзимуродов, Мурод Жўраев каби халқ депутатлари бошига қора кунлар солган Алихон Отахонов, улуғ мужоҳид Боймирза Ҳайитни ватандан қувиб чиқарган президент маслаҳатчиси Бахтиёр Назаров ва бошкалар ижрочилик иллатининг қурбони бўлдилар.
Биз бу исмларни келтирар эканмиз, бошқаларга ҳам сабоқ бўлсин деган илинжда эдик. Бироқ бундан хулоса чиқариш ўрнига ижрочилик хасталигига яна ҳам маҳкамроқ ёпишиб олганлар ўз келажакларини кўра олмадилар. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаган шоир Эркин Самандаров Тошкент талабалар шаҳарчаси воқеаларидаги ҳақиқатни ўртага чиқарадиган кўрсатувларни таъқиқлаши баробарида баъзи газеталар фаолиятида озми-кўпми кўзга ташланиб турган демократия учқунларини бўғишда жонбозлик кўрсатди. Олган мукофоти эса ишдан ҳайдалиш бўлди.
Бошқа бир шоир Усмон Азим бўлса мухолифатни йўқ этиш учун топшириқ билан кўғирчоқ партия тузди. Дунё кўзини шамғалат қилиш учун бошланган бу ўйинда бош актёр ролини олишига қарамай охирида партиядан қувилди. Ўзбекистон Адлия вазири бўлиб ишлаган Муҳаммад Бобур Маликов қонунлар бузилишини қонуний дея асослаб турди. Бир қатор жамоа ташкилотларини рўйхатга олмади. Рўйхатга олинганларни эса бир топшириқ ижроси учун ёпиб ташлади. Буларнинг эвазига охирида Ватан хоини деб эълон қилинди.
Ижрочилик хасталигининг энг ёрқин намуналарини кўрсатганлардан бири Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев эди. Парламентда сўз эркинлигини бузган, ўндан зиёд миллатвакилини ғайриқонуний равишда чақириб олган, бир қанчасини эса қамоқхонага жўнатган, халқ ҳақида ўйлайдиган депутатларни таъқиб ва қувғинга солган Шавкат Йўлдошевнинг ҳам қисмати худди бошқаларникидек бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокими Пўлат Абдураҳмонов эса ўзига хос ижрочилик мактабини яратди. Юқоридан келган топшириқлар асосида ўнлаб инсонларни оилалари билан сургун этди. Уларнинг ҳеч қандай айблари йўқлигини у яхши биларди. Гарчи юқоридан шахснинг ўзини йўқотиш топшириғини олган бўлсада, орқасидан бирор- бир гап чиқиб қолмасин дея оила- аъзолари, қариндош-уруғларини ҳам қамоқларга тикди, қувғин этди. Ва бир кун келиб калтак ўз бошида синди. Бутун уринишлари, ҳаракатлари зое кетди ва Самарқанд тарихидаги энг самарасиз ҳоким деб эълон қилинди.
Қисқа даврда ўз ижрочиликларининг қурбонига айланганлар шу қадар кўпайиб кетдики, баъзиларининг исми-шарифларини санашнинг ўзи кўп нарсани ифода этади. Масалан,Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоров, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков, Президент маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, Бош вазир Мутал Ҳошимов ва бошқалар ана шулар жумласидандир. Бу инсонларнинг такдири бошқалар учун яна дарс бўлмади.
Дарс ва сабоқ ололмаслик ожизликдир. Буни Шавкат Ўразаев, Пўлат Нуъмонов, Сайфулло Сайдалиев ва шу кунларда ишдан олинган Жиззах, Сирдарё, Наманган вилоят ҳокимлари Алишер Тошкентбоев, Бургут Рафиғалиев ва бошқалар ҳам яхши биладилар. Аммо кеч. Иш ишдан, ғишт қолипдан кўчди. Улар энди ҳар қанча афсус чексалар ҳам ўрни тутмайди.
Аллоҳ кечирувчидир! Аллоҳ таолога буюк садоқатда бўлган халқимизнинг азоб-уқубатларга учратилган намоёндалари балки уларни кечирган бўлишлари мумкин, лекин уларнинг ўзлари ўзларини кечира олармиканлар?
Ижрочилик хасталиги ҳақида фикр юритишимизга ўтган ҳафта “Озодлик” радиосида турмуш уртоғи Шукрулла Мирсаидов ва ўғли Ҳасан Мирсаидовга, умуман оиласига ўтказилаётган тазйиқларни айтган Дилбар Мирсаидова она фарёдини тилга келтириш билан бирга ижрочилик кучайиб бораётганини айтгани сабаб бўлди. Бундай ижрочилик хасталари бирор хулоса чиқарадиларми йўқми бу номаълум. Аммо уларга дарс бўладиган яна бир воқеа бор. Бу эса тарихдан.
Яқинда муборак 660 йиллигини нишонлаганимиз бобокалонимиз Амир Темур ҳазратларининг ҳаётларига оид шундай ривоят бор: Амир Темур бир ҳофизнинг ашулаларини тинглаганида сел бўлиб оқар, муз бўлиб эрир экан. Кунларнинг бирида шу ҳофизнинг Амир Темурга қарши бир ашула айтганини ва бу ашула халқ орасида ёйилиб кетганини иддао қилган сарой аъёнлари унинг ўлими учун Амирдан фармон оладилар. Ҳофизни ушлаб келишга бораётган девонбеги санъаткорнинг гуноҳсиз эканлигини ва ҳасадгўйлар унга туҳмат қилишганини яхши билади. Аммо саройда туҳматни тасдиқлаганлар кўпчилик бўлгани учун унинг эътирози бефойда эди.
Шу боис у яширин йўл билан ҳофизни Бағдодга қочиради. Орадан йиллар ўтаркан, Амир Темур бу ҳофизнинг ашулаларини қўмсар ва фармонга имзо чекканидан пушаймон бўларди, аммо ўрни тутмасди. Амир Темур Бағдодни фатҳ этганда, унинг шарафига берилган зиёфатга бир ҳофизни олиб келишади. Сочлари, соқоллари оқарган ҳофизнинг кимлигини ташқи кўринишидан таниш мушкул эди. Аммо унинг дилларни ром этгувчи овози ўзгармаганди. Амир Темур унинг ашуласини тинглар экан кўзларидан ёш сизиб чикди. “Уҳ” деб юборди у. Сарой муттаҳамларининг ёлғонларига ишониб сен каби булбулнинг ўлимига фатво бергандим деди.
Амирнинг азоб чекаётганини кўрган Девонбеги бир қошиқ қонимдан кечинг, бу ўша ҳофиздир, униқочиргандим, дея ҳақиқатни ўртага солди. Бунга жавобан Амир Темур шоҳни шоҳ қиладиган унинг атрофидир деган эканлар. Бу бир ривоят, аммо қиссадан ҳисса шулки,бугунги кунда на Амир Темуримиз ва на девонбегимиз бор. Аммо халқимиз бир замонлар дунёга шундай инсонларни етиштириб берган экан, бундан кейин ҳам унинг орасидан ана шундайлар чиқишига шак-шубҳа йўқ. Шу нуқтаи назардан ижрочилик иллатининг умри фонийдир.Аммо бизнинг ижрочиларга бу сабоқ бўладими, йўқми билмайман. Сабоқ бўлса фойдаси ўзларига, кечаги салафлари каби ўз қисматларидан уялиб қолмайдилар.
Ижрочилик хасталигини фақат демократия йўқ этади. Демократия, сўз ва матбуот эркинлиги, инсон ҳақлари устивор бўлган жойда ижрочилик эмас фикр ишлайди. Шундай экан, бугун мансаб ва манфаат учун ҳар қандай жирканч ишдан тоймаётганлар демократия тарафига ўтсалар энг аввало ўзларини қутқариб қоладилар.
Ижрочилик эса, қулликдир. Қулнинг бошини кундага қўйишдан осон иш йўқ. Демак, танлов! Истаганингизни танланг.
20 ноябр 1997 йил
Жаҳонгир Муҳаммад,
“Ўзлигим” .
You must be logged in to post a comment.