Мулоҳаза

aravaЖАҲАННАМ ЙЎЛИ

Инсоннинг инсонга сажда қилиши, сиғиниши ҳам динимиз ҳамда бугунги ижтимоий қарашларимизга зиддир. Таассуфки, бунга қарамасдан «шахсга сиғиниш» иборасини бот-бот такрорлашга мажбур қолаяпмиз.

Қадри-қимматни, яъни ўзлигини билган инсон ўзи сингари бошқа бир одамга сиғиниб маънавий борлиғидан айрилмайди.Биз яшаган совет тузуми ва бугунги жамиятда шахсга сиғиниш йўқ, мансаб ва манфаатга сиғиниш бор. Аввал Ленин, кейин Сталин шахсига сиғинилди гўё. Кейинча, Хрушчев ўртага чиқиб шахсга сиғинишни қоралагани билан унинг ўзи ҳам бу гирдобнинг соҳибига айланди. Занжир Горбачевга қадар давом этди. Ўзбекистонда ҳам энг юқори мансабда ким ўтирган бўлса, албатта, унинг шахсига сиғинилди. Унинг ақлли ёки аҳмоқлиги, бу лавозимга тасодифан ёки турли фитналар билан келганлиги, бошқаларнинг қобилиятли ёки фаросатсизлиги фарқ этмасди.

Рашидов шахсга сиғинишнинг бобокалони, дея қораланган кунларда Сурхондарёнинг Боботоғ этакларида бир нуроний киши билан гаплашдим. Отахон «Болам, Рашидовда нима гуноҳ? Ҳамма гап сабил қолгур тахтда, мансабда. У ерга эшакни миндириб қўйишсин, унга ҳам сажда қиладиганлар топилади. Айниқса, сиз ижодкорлар унинг қулоқлари чиройли қимирлайди, ҳанграши мусиқавий, деб у ҳақда мақолалар, шеърлар, китоблар ёзасиз», деди. Ўшанда деҳкон бобонинг гапини газеталарга ёзганимда каминани Рашидовни ҳимоя қилишда айблашди.

Менинг дардим бошқа. Деҳкон бобо айтганидек, қўлида қалам тутганлар, яъни ҳамду-сано ўқувчилар кўзи кўр, қалби сўқир эмас. Паст-баландни яхши билишади. Тахтда ўтирганга ҳам ҳар тарафлама баҳо бериш кобилиятига эга.

«Биз яшаган эгасизлик тузуми узоқ йиллар одамларни қалб эрки, дил мустақиллигидан жудо қилди», – дейди Эркин Воҳидов «Фан» нашриёти томонидан 1993 йилда чоп этилган «Фитна санъати» номли мақолалар тўпламига ёзган ўнг сўзида. Шу китобнинг иккинчи жилдида Эркин Воҳидовнинг яна бир мақоласи бор: «Муҳитга сиғмаган юрак». Қобилият соҳиби Усмон Носир ҳақида. Мақоладан парча: «Бугун биз ҳамма нарсани фақат шахсга ва унга сиғинишга қўйсак, барча саволларга жавоб берган бўлмаймиз. Ўша шахсни давлат тепасига келтирган, ўша сиғинишни пайдо қилган куч нима?»

Дарвоқе, Эркин ака айтмоқчи бўлган куч нима? Тахтга талпиниш, мансаб ва манфаат ортидан қувиш туйғуси эмасми? Тахтга ўтирган зотга генералиссимус унвони берилишига бағишлаб ёзилган достон билан яна тахтда ўтирган кишига Амир Темур ордени берилиши сабабийла ҳамду-сано ўқишнинг бошқа қандай изоҳи бўлиши мумкин?!

Аммо шу ҳақиқат бор. Тахтдаги шахс ҳам ўзига эмас мансабига сиғинишаётганини яхши билади. Юқорида номи зикр этилган «Фитна санъати» китобининг 220 саҳифасида шундай сатрлар бор: «Усмон Носирнинг Сталинга бағишланган сатрлари ўта самимий. Ҳатто Гуржистон ССЖнинг 15-йиллиги муносабати билан Грузин халқи номидан ёзилиб, бир ярим миллиондан ортиқ одам имзо чеккан шеърий хатни ҳам русчадан ўзбекчага Усмон Носир таржима қилган эди». Биламизки, қотил Сталин буюк истеъдод Усмон Носирни аямади.

Ёки Эркин Воҳидов 1961 йилда В.И.Лениннинг ёшлигига бағишлаб ёзган «Буюк ҳаёт тонги» поэмасида Володянинг саодат курашчиси, совет тузуми эса «миллионларга бахт берган тузум» дея куйлади. «Нидо» достонида бу руҳни давом эттирди. 1967 йилда мазкур асарлари учун Эркин Воҳидов Ленин комсомоли мукофотини олди.

Лекин бир кун келиб «Ўзбегим» шеърини ёзганида бошига тўқмоқ тушди. Бундай ҳолат ҳар бир шоир, ҳар бир ёзувчининг таржимаи ҳолида мавжуд. Бироқ бугун ҳам бундан хулоса қилинмасдан анъана яшаётгани шуни яна бир карра исботлайдики, гап фақат кўкларга кўтариб мақталган шахсда эмас, гап бизнинг ўзимизда ҳам. Бир ижодкор ҳеч бўлмаганда ёзмай туриш имкониятига эга, гапирмай туриш имкониятига эга. Бу унинг ўзгага эмас, ўзига содиқлигини ифодалайди.

«Озодлик» радиосидаги давра суҳбатида ёш ижодкор дўстларимиз халқнинг шоир ва ёзувчиларига ишонмай қўйишганини, бундан кейин уларга эргашолмаслигини тилга келтиришди. Бу бир томондан фожеа бўлса, бошқа томондан яхши ҳамдир. Чунки кейинги 80 йил ичида халқимиз ижодкорлардан асосан шахсга сиғинишни, яъни мансабга қуллуқ қилишни, ўзликни оёқ ости этишни ўрганди. Бугун халқимиз уларнинг сўзига ишонмай бошлаган бўлса, демак ёруғ кунлар узоқ эмас.

Мустақилликни сақлаб қолиш, Ватанимизни дунёдаги тараққий этган давлатлар даврасига олиб чиқиш, халқимизга фаровонлик йўлини очишни шахсга сиғиниш, аниқроғи, мансаб ва манфаатга сиғиниш иллатидан қутулишдан бошлаш керак.

Ўзлигини англаган дар қолмайди, ўзлигини билган ўзгага сиғинмайди. Зотан банданинг бандага эмас, банданинг Оллоҳга сиғиниши озодлик, ҳуррият йўлидир. Энг улуғ тахт, энг улуғ мансаб Унинг ҳузуридадир. Оллоҳни ҳам унутиб, фоний тахт, фоний мансабда ўтирганларга, уларнинг воситасида манфаатга сиғиниш жаҳаннамга йўл солишдир.

Жаҳонгир Муҳаммад,
1996 йил.
“Ўзлигим” .

%d bloggers like this: